Qo’chqor Norqobil. Rauf Parfi bilan suhbat (1992).

022
Мен шеър ёзиб юрадиган одам сифатида ўйлайдиган бўлсам, ўзбек шеърияти имо-ишора шеърияти эди. Бизнинг шеърлар турманинг ичида ёзиладиган шеър эди. Тўртта одам тушунади, қолганлар-чи… Латвиялик шоир дўстим Улдис сўрагандаям айтувдим, ўзбек шеърияти МИМ – имо-ишора деб. МИМ ўзимиздан олинган. Биласизми, 80-йилларнинг машҳур актёри бор эди, ҳамма нарсани имо-ишора билан тушунтирар эди… Марсель Mapco! Латвияда менинг 50-60 та учликларимни таржима қилишганди. Улдис ўзбекчадан латишчага ўгириб ўзбек шеърияти – МИМ, Рауф Парфи – Марсель Марсо деб ёзди.

087

Қўчқор Норқрбил
БИЗ ЎЛМАЙ ҚОЛГАН ХАЛҚМИЗ
Шоир Рауф Парфи билан суҳбат

Ўзбекнинг юрагини баландларга туғ қилиб кўтарган Рауф Парфидек инсон билан юзлашиш илинжида Ёзувчилар уюшмасига бордим. Шоир хонасида ниманидир ёзиб ўтирибди. Соч-соқоли оппоқ, юзидан улуғвор самимият ёғилади. Чақмоқдек шеърияти билан миллионлаб кўнгилларни ишғол қилган боладил инсоннинг қўлларини сиққим келди, нигоҳларига термулиб айтгим келди: Рауф Парфи, мен сизни зулумотли тунлар, ёмғирли кечалар кўчаларда кўп излаганман, намчил япроқларда нигоҳингизни кўрганман. Рауф Парфидек шеърият борлигидан таскин топганман.

Ёмғир ёғар… шиғалаб ёғар
Томчилар томчилар сочимга.
Ёмғир ёғар шиғалаб ёғар
Ҳам қайғумга, ҳам қувончимга.

Ёмғирларнинг тилини тушунса бўлади, япроқлар билан сирлашса бўлади, — худди Рауф Парфини тушунган каби.
Мен ўша кечаларда, ўша кўчаларда ҳис қилганман… гўзал… янаям гўзал шеър инсонни бу паст, қасдли дунёда қутқариб қолади…
Хуллас улуғ шоир билан кўп нарсалар тўғрисида сўзлашдик. Айтиш мумкин бўлмаган (ёзиш у ёқда турсин) гаплар ҳам бўлди. Мен бунчалик ўткир фикр одам билан суҳбатлашмовдим. Ишондим, Рауф Парфи олдинлаб кетган бу дунёнинг майда-чуйдаларидан, уни ҳеч нарса билан чалғитолмайсиз. Ватан ва халқ, эрк ва озодлик туйғулари илдизлаб бўлган одамнинг юраги нақадар залворли бўлади. Шундай қилиб шоир билан «айтса бўладиган» гапларнигина қоғозга туширдик.

— Болалигим кечган қишлоқда мени Турсунали дейишади. Исмимни ота-онам ирим қилиб қўйишган. Турғун, Ўлмас деган исмлар бор-ку. Авваллари жўралар Тошкентдан Рауф деб сўраб боришса, ҳеч ким билмасди. Энди-энди менинг исмим Рауф эканлигига қишлоқдошларим кўникишаяпти, — дейди шоир болалиги кечган юрт ва у ернинг одамлари ҳақида гапириб.

Мен шоирнинг кўпдан бери санъатга, шеъру қўшиққа муносабатини ўзидан эшитиш илинжида эдим. Рауф Парфи шеъриятида яширинган ботиний оҳанг, ички мукаммаллик ҳар бир шеърхонни сеҳру жодулайди, бутун борлиғинг эриб кетгандай бўлаверади, руҳингга мунгли ва жарангдор қўшиқ инади. Шу боиски шоирдан шеър ва чин қўшиқ ҳақида сўрадим.

— Бугунги шеър нега қўшиқ бўлмайди, деган гап табиий. Бунга ҳозирги ҳофизларимиз тайёр эмас… яъни улар янги шеъриятни чуқур ҳис қилмайдилар. Сарбаст шеърни дутор билан айтиш учун куч керак. Ҳофизлар эса матнни тўғри англай олишолмайди. Биз улардан катта куч истаймиз… яна бошқа давлатлардаги ҳофизлар — турк, инглиз, фаранг ҳофизлари сўзни етказиш, унинг таъсир кучини оширишга, тингловчига ботиний маънони англатишга ҳаракат қиладилар. Сўзни тушуниш керак. Биз икки юз йилдан кейинги шеъриятни шартли равишда янги шеър деб олишимиз мумкин. Ҳозирги гапираётган тилимизда ёзилаётган шеър аруз ҳам эмас, бармоқ ҳам эмас. Ҳозирга тилимиз янги тил — туркча ҳам эмас, ўзбекча ҳам эмас, янги шева.
Бугунги кунга келиб Асл туркча тилимиз йўқолди. XX аср бошида Ажзий умумтурк тилида ёзишга ҳаракат қилган. Бу масала 1806 йилда қўйилган. Мана орадан шунча йил ўтиб, шу ҳақда гапириб ўтирибмиз. Ўша пайтда Исмоил Ғаспирали тилимиздан, динимиздан ажралиб қолдик, деб тўполон қилган. Биз асримизнинг сўнгида тил ва дин учун кўтарилаяпмиз. Шу маънода бугунги ҳофизларимизнинг сўзни англамаслигини тушунишимиз керак. Бу ҳол табиий-да… Уларда овоз бор, қўшиқ айтгиси келади, лекин маъносини етказиш қизиқтирмайди.

— Рауф ака, бугунги ўзбек шеърияти анча илгарилаб кетган. У турли йўналишларни мужассамлаштираяпти. Шу маънода ҳозирги ўзбек шеърияти ҳақида фикрингизни билмоқчи эдим.

— Қаранг, қўлингизда бир нарса бор. (Шоир қўлини ҳовуч қилиб кўрсатади.) Ҳозир учиб кетиши ке¬рак. Уни авайлаш зарур. Шунинг учун қўлингиздаги… қушчага бутун борлигингиз билан бериласиз. Ватан туйғуси ҳам шундай бўлиб қолди. Туркий халқлар шеърияти ичида ўзбек поэзиясининг юксалиши ҳам шу ҳодиса билан боглиқ. Чунки у йўқотаяпти. Йўқотиш жараёнидаги оғриқли товушлар бугунги шеърият. Учиб кетаётган нарса — бу бугунги шеърият. У эрта бошқа бировники бўлиши мумкин. У эртага сизники бўлмаслиги мумкин. Бу туйғу бошқа халқларда йўқ.
1980 йил Болтиқбўйига бордик. У ерда мен талай дўстлар орттирдим. Ҳаммаси зўр шоирлар, олов шоирлар. Ватан тушунчасини кўзларининг қароқларида, юракларида, тилакларида асрайдилар. Мен Латвиянинг Булдири деган жойида гўёки тўрт ой қолиб кетдим. Ўша ерда менга 4 хонали уй ажратиб беришди. Улар бизнинг Ўрта Осиё халқларига жуда жиддий эътибор билан қарашади. Сафар чоғида мен Чўлпоннинг шеърларини ўрисчага ўгиравердим, улар ўз она тилларига таржима қилиб деярли ҳамма матбуот саҳифаларида эълон қилишди. Ўша пайтлар Чўлпон ижодига Болтиқбўйи халқларида улкан қизиқиш уйғонди. Ҳатто ўзбек адабиёти бўйича 48 марта маъруза қилдим. Улар менга тўлиқ шарт-шароит яратиб беришди. Мен Болтиқбўйи мамлакатлари матбуотида чоп этилган таржималарим эвазига кун кечирдим. У ерда яхши тўлашади. Мени ҳайратга солган нарса шуки, Булдирида яшаб турган шоирона уйда ҳар туни ухлашим олдидан тўшагим устида битта китоб пайдо бўлиб қолади. Қанақа денг. Давр таъқиқлаган китоб. Тонггача ўқиб тугатаман. Эртасига яна битта китоб қўйишади. У ҳам таъқиқланган. Хуллас, ҳар куни шу аҳвол… Ким қўйяпти, билмайман. Ўшанда Солженитсиннинг эълон қилинмаган асарларини ўқиб чиқдим. Сотсреализм яратилиши ҳақидаги ўрисча китоблар менга қаттиқ таъсир қилди. Биласизми, ўшандаёқ Болтиқбўйи халқлари кўнглида мустабид тузумга қарши ғалаён илдиз отиб бўлганди. Мамлакатда олов тафти уфурар эди. Мен ўшандаёқ англаб етдим, гарчанд элнинг шоири бўлсам-да, улар менга тўлиқ ишонишмасди. Шу сабаб китобларини сездирмай тўшагимга ташлаб кетишарди — шу ўқисин, кўзи очилсин, дейишган-да. Агар мен уларни сотмоқчи бўлсам-да, ҳеч кимни сотолмасдим. Очиғи, бироз ўкиндим. Негаки, латвиялик жўраларим менга ишонишмас эдилар. Чунки зулумот қўйнида ухлаётган юртнинг шоирига уларнинг шубҳа билан қарашлари табиий эди-да. Болтиқбўйида яшаётган энг яқин шоир жўраларим Улдис Берзинш, Янис Болтвилкс, эстон шоири Ян Каплински… Уям менга ўхшаб сочлари оппоқ, бўйи баланд, подшога ўхшайди. Шеърлариям бошқача-да, ўзига ўхшаб гўзал.

– Рауф ака, кўпгина шеърларингизда ўкинч, очиғи видо бор. Шуни…

– Ҳаётингиз билан боғлиқ демоқчисиз-да. Аввало, ҳар бир шоир юраги зардобларини тўкади шеърига.
Шеърларимдаги видо ҳақида айтадиган бўлсам, шеър ҳар бир шоирнинг охирги хати. Эртага у ўлади. Ўлаётиб, шоир ёлғон гапирмайди, шоир шунинг учун ҳам рост гапириши керак. Шоир ҳар куни ўлади. Мен эшитганман, ҳар қандай жиноятчи ўлим олдидан ёлғон гапирмас экан. Шоир, дейлик, ўз-ўзини ўлдиряпти, қандай қилиб ёлғон гапирсин. Мадомики, ёзяптими, демак у охирги шеър бўлиб қолиши керак.

– Суҳбат,Худо хоҳласа, аёллар журналида чоп этилади. Шу муносабат билан ўзбек аёли ҳаёти ҳақида фикрлашсак…

– Аёл – она, момо, у муқаддас, у буюк, ҳаммамиздан юксак. Бугун биз буларни ҳар хил ишга жойладик. Ойлик оладиган, тирикчилик қиладиган одамлар қаторига киритиб қўйдик. Бизнинг фожеамиз – аёлларни исломий йўлда сақлаб қололмадик, асрай олмадик. Аёл киши тарихидан узилди, исломий йўл йўқ эди-да, бузилган эди-да. Биз аёлларимизни (у бир муддат жим қотади… бошини эгади… охир чекаётган папиросини кулдонга эзғилайди… ҳориган. Шоир анча ҳориган) бузуқ йўлга олиб кирдик. Аёл ўз-ўзини ҳамма инсон қатори ҳис қила бошлади. Мумкин эмас бу. Ҳамма инсон қатори эмасдилар улар. Биз аёлларимизни камситдик, ер билан яксон қилдик. Натижада эркак кишининг ҳаётига аёл киши аралашди.
Эркаклар бажарадиган ишни ёллар қила бошлашди. У эса аёл кишини бузди, эркаклаштирди. Орада келишмовчиликлар пайдо бўлди. Сўнгги 200 йил ичида биз тўғри маънодаги аёл сиймосидан узоқлашдик. Аёлга аёл сифатида эмас, одам сифатида қарайдиган бўлдик. Одам эмасди булар, фаришта эди, гўзал инсонлар эди. Бу оиланинг бузилишига олиб келди. Шарқ одами учун энг оғир гуноҳ оиланинг парокандa бўлиши. Шарқ одами ҳеч қачон ўз-ўзини кечирмайди. Наҳотки, дейди у, оиламни тутиб қололмадим, дейди. Оилани тутиб қолиш эса мумкин эмас бу жамиятда. Бу муҳитда оилани соф, тоза сақлаб қолиш мумкин эмас. Оила учун мўлжалланмаган жамиятда яшаяпмиз.

(Шоир ҳазин нигоҳларини яна ерга тикади… мунғайиб… билинар-билинмас уф тортади).

– Оилавий жанжалларнинг урчиши, катта-катта давлатлариинг емирилишига, тур тўзғишига сабаб бўлган. Буни жамият равнақига ўта ёмон, салбий таъсири бор. Миллатнииг, халқнинг тақдирига хавф солади бу.
Бунинг мутлақо сиёсий томони бор. Шунга мўлжалланган-да жамият ўзи.

– Ёзувчилар уюшмаси иккига бўлинди. Бугун ҳар кимнинг фикри ҳар хил. Сиз уюшманинг бўлиниб кетганига қандай қарайсиз?

– Тўғрисини айтишим керак. Бизнинг битта халқимиз, битта адабиётимиз бор. Ёзувчилар уюшмаси бўладими, Адиблар Иттифоқи бўладими битта халқ ва битта адабиётга хизмат қилиш керак. Ёзувчиларнинг бўлинишини табиий ҳол деб қарамайман. Бу бўлиниш тепасида катта кучлар туради. Бу бўлиниш ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Бўлиб ташлайдиган кучларнинг хизмати бу. Уларнинг ичида бизнинг яхши, қобилиятли шоирларимиз, ёзувчиларимиз бор. Бўлинишдан халққа ҳеч қандай манфаат йўқ, балки у бўлиб ташлайдиган кучларнинг манфаати йўлида қилингандир. Ҳар қандай бўлиниш ҳам халқимиз учун фойдасиздир. Бундай шармандали ишлардан босқинчиларимиз қандай фойдалангани ҳаммамизга маълум-ку. Агар Ёзувчилар уюшмаси бўлинмаса, халққа фикр берарди. Шу мақсадга эришилдики, Ёзувчилар уюшмасининг ҳам Адиблар Иттифоқининг ҳам юзи қолмади. Бу ишнинг тепасида турган, боя айтганим, истеъдодли корчалонлар бир кун келиб иложимиз йўқ эди – у эди-бу эди дейишлари муқаррар. Лекин ишни пачавасини чиқарган ўшалар… Ким билади яна Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси деган жой яхлит бир юзли жойга айланадими ёки йўқми! Мен Ёзувчилар уюшмасини ўз юзига эга бўлишини истайман…

– Туркия сафарингиз ҳақида икки оғиз…

– Мен Туркияда бир нарсага амин бўлдимки, инсон ҳамиша ўз диндошлари, миллатдошлари, қондошлари қадрини улуғлаши керак. Туркияда исломий тижорат деган тушунча бор. Бунинг маъноси шуки, қиймати баланд маҳсулотлар харидорнинг ижтимоий аҳволига қараб нархланади. Дейлик сиз камбағал бўлсангиз арзон, ўзингизга тўқ яшасангиз бир мунча баланд нархда сотилади.

– Рауф ака, Сизнинг бугунги ўзбек прозасига қарашларингиз қизиқтиради мени.

– Кейинги пайтларда прозаик асарларни ўқимаяпман. Вақт тополмаяпманми ёки… Менимча мутолаа қилаётган асаринг сенга аллақандай синоатли туюлса яхши бўлади. Йўқса китобнинг бошиданоқ нима ҳақидалигини билиб оласан. Бир гап айтайин. Кейинги вақтда публисистика деворни олиб қўйди, ҳамма нарса кўриниб қолди.
Йўқ, прозани унча ўқимаяпман. Шунингдек, бизнинг филмларимиз ҳам юксак даражада Ватан ва эрк туйғусини баланд кўрсата олмади, алдади. Босмачи, босқинчи деди, таловчи жаллод деди, аслида эса жаллодлар бошқалар эди. Сиз туғилмаган бўлишингиз ҳам мумкин. Анча олдин кўрганман. Бир кинода ypyшга киришдан олдин Ё Оллоҳ деб бақириб қўлидан қон чиқазишади (шоир сўл қўлини қилич янглиғ кўтариб кесиш ишорасини қилади) сўнгра Ватан босқинчиларига, кофирларга қарата жангга кирадилар. Ана шундай, Ватан учун бўлаётган жанг жудаям даҳшатли кечган. Бизда Ватан туйғуси емирилиб кетди-да. Ҳозир Ватанни қайта англашмоқда. Бизнинг бугун илғор фикрлайдиган имони бут, санъаткорлар, киночилар, кучли-кучли шоирларимиз бўлиши керак, менмас, мен ҳеч нарса қилолмаслигимни англадим, лекин эндиги ёш шоирларимиз зўр бўлиши керак. Абдулла Орифданам зўр бўлишлари керак улар.

– Рауф ака, мен Рауф Парфини ўзбек шеъриятида ўзига хос йўл топган, қоронғиликларда кўнгил билан чароғонлик излаган, ҳазин оҳанг, қуйма, жилвагар мисралар тафтида мухлислари юрагини иситган шоир деб тушунаман. Нафақат мен, ҳамма. Шеър ҳақида бирор нарса денг.

– Мен шеър ёзиб юрадиган одам сифатида ўйлайдиган бўлсам, ўзбек шеърияти имо-ишора шеърияти эди. Бизнинг шеърлар турманинг ичида ёзиладиган шеър эди. Тўртта одам тушунади, қолганлар-чи… Латвиялик шоир дўстим Улдис сўрагандаям айтувдим, ўзбек шеърияти МИМ – имо-ишора деб. МИМ ўзимиздан олинган. Биласизми, 80-йилларнинг машҳур актёри бор эди, ҳамма нарсани имо-ишора билан тушунтирар эди… Марсель Mapco! Латвияда менинг 50-60 та учликларимни таржима қилишганди. Улдис ўзбекчадан латишчага ўгириб ўзбек шеърияти – МИМ, Рауф Парфи – Марсель Марсо деб ёзди. (Шоир яна кулади, болалардай кулади) Латвияда шеъриятимиз ҳақида икки соатлаб тинглашади, қизиқишади. Биз, биласизми, ўлмай қолган халқмиз-да, фавқулодда яшаётган халқмиз. Шунинг учун улар бизни севишади.

– «Фавқулодда тирик қолган халқ»нинг Шукур Холмирза, Абдулла Ориф, Рауф Парфи каби кўп ва озгина қадрига етишимиз керак ғанимат одамлари бор. Бугун биз уларни асрашимиз керакдай. Ҳар бирининг иссиқ-совуғидан хабар олиб туришимиз лозимдай. Кетгандан сўнг шонларга кўмишдан нима наф?!
(Шоир ўйга толади. Беихтиёр кўзойнагини тақади, ғамгин тикилади. Орадан жуда кўп вақт ўтгандай туюлади менга.)

— Миллатни англаган, дунёни тушунган одамни асрашимиз керак. Кўпгина тушунган одамларимиз ўлиб кетди-да, ўлиб кетди. Ўзгача фикрлайдиган одамлар зулм остига олинмаслиги керак энди. Халқимиз кўп нарсаларнинг фаҳмига етиши керак энди. Халқ фикрлашни ўрганганда эди кўп нарсани танирди. Армани, гуржи, латиш, эстон халқлари каби ҳеч бўлмаса озгина уйғониш нафасини туйганда эди… Бизда кўп нарсалар мумкин эмас. Шу фикрга жамият қарши бўлмаслиги керак. Кучли журналистларни эҳтиётлаш зарур.

— Рауф ака олдинлари анча йиллар ишламадингиз. Кўпчилик катта шоир ишламаса ҳам қалам ҳаққи эвазига яшайди дейишади. Ҳозир Ёзувчилар уюшмасидасиз. Охири ишлайман деган карорга келибсиз-да…

— Очиғи, уюшмада ишлаш ҳам жонга тегди. (Шоир тағин кулади) Ишламайман деб у ердагиларга айтдим… Бироқ Рауф Парфи ишдан ҳайдалди, деган гап чиқмасин дейишаётгандир… Келинг, жиддийроқ гаплашайлик — ҳозир ишламасангиз очдан ўласиз. Мен тирикчилик, кун ўтказиш учун ишга киргандим.

— Маошингиз қанча?

— Билмайман, беришади, индамай оламан. Бироқ шу заҳотиёқ тарқатиб чиқаман. У келади — бу келади. Чўнтагимда озгинаси қолади. Таниш-билишлар, қадрдонлар кўп. (Рауф Парфи қўлларини ёзиб, қучоғини очиб таъкидлайди).

— Тўпламларингиз ичида йирикроқ чоп этилгани «Сабр дарахти» мухлисларингиз юрагини забт этганига ўн йиллар бўлиб қолди. Бироқ китобда айрим хатолар бор. Ҳатто мисраси тушиб қолган шеърлар ҳам учрайди… «Юлдузлар чорлади мени ягона» сатри каби.

— «Сабр дарахти»да 56 та хато кетган. Бу қофия ёки мисра хатолари эмас, маънавий хатолар, фикр бузилган. Мен шу китобнинг номи сақланиб қолганига хурсандман. Очиғи, корректурасини ҳам ўқимаганман-да, энди пишиқ бўлишим керак. Китобни чет давлатларда ҳам олишар экан-да. Чет элларда илмий иш қилаётган кишиларга ҳой, бу хато кетган десам, нега хато дейди, ҳайрон қолади, хато-да дейман. Йўқ, энди насиб қилса чиқадиган китобларимга жиддий қарайман.

— Хорижда китобингиз чоп қилинаяпти деб эшитдим.

— Ҳа, Англияда, Эстонияда.

— Қайси ном билан?

— Номини билмадим.

— Самимий суҳбатингиз учун раҳмат. Сизга соғлик, омонлик тилайман.

Манба: “Саодат” журнали, 1992 йил, 12-сон

(Tashriflar: umumiy 129, bugungi 1)

Izoh qoldiring