Shodmonqul Salom. Mijmardagi cho’g’.

035
    Бугунги ёшларнинг китоб ўқимаётгани ҳақдаги ёзғиришлар ўрнига эҳтимол, замонавий тарзда интернет ресурсларидан фойдаланиш керакдир. Ёмоннинг ёнида яхшининг жой олмоғи, азалий курашнинг тезликка ҳамоҳанг шаклда истеъмолга киритилиши фақатгина бизнинг фойдамизга ишлайди. Ёшларнинг талпинаётган томонидан китоб чиқса ва бу унинг истакларига мос бўлса, мақсадга мувофиқ бўлади. Ботқоқда гул унганидек, компьютер экранига термулган нигоҳлар ана шу техника бағридан илиқ нур, ҳаёт топмоғи ҳам мумкин-ку. Шу ўринда миллийни севимли қилиш, тимсолга айлантира олиш бутун зиёлилар аҳлидан катта фидоийликни кутаётганини ҳис этмоқ лозимдир (Шодмонқул Саломнинг «Думалаётган тош»  мақоласидан).

032
МИЖМАРДАГИ ЧЎҒ
Шодмонқул Салом мутолаа қилади

ВАҚТДАН ҒОЛИБ ҚАДРИЯТ
Алпомиш. Ўзбек халқ қаҳрамонлик эпоси. Тошкент, “Шарқ”, 2010.
09

02Инсоннинг бировга айтмоққа чоғланиб – айтолмаган, бир ўзию ёлғиз Яратганга аён бўлган, дил тубидан ёмғирга айланолмаган булут мисол ҳимиллаб-қалқиб келган нидолари бирники мингга, мингники туманга дўниб, улуғ достонларга жам бўлади. Ернинг олтин қозиқлари – қадим ва абадий тоғлар она табиат мувозанати учун нақадар зарур бўлса, эпослар ҳам худди шундай – халқ қалбида муқим ўрнига эга.

“Алпомиш” менинг шууримга алла билан бир замонда кирган десам, муболаға бўлмас. Дўмбира тори янглиғ дириллаб турган серсиноат кўнгил – кечалари бадар кетган Ҳакимбекни ёдлаб ўкирган қора нордай, тонглари оқ ўтовдан чиқиб келган Ойбарчин чеҳрасидай беғубор болалик бор эди. “Алпомиш” шундай тансиқ кунларнинг эгаси, йўлдоши, дилдоши эди. Ўшанда достон қаҳрамонлари аллақайси Асқартоғу Бойсунтоғ тарафларда яшаб юрганига ишончим бутун эди. Унинг достон эканини, бахшию оқинлар куйлаган “халқ оғзаки ижоди” эканини билганимдан кейин эса, бу алп достондан руҳимда нурли бир тафт қолди. Бу англам берган энг катта қаноат кейинчалик руҳу танимга Адабиёт бўлиб томир ёйди.

Кўнгилни сеҳрлаб қўювчи табиий нақл мароми, ориятни тобловчи ғуссаси ўзин­гизникидек маҳрам бу достоннинг энг катта фазилати юракларда ўсажак ғурурга куч берганидир. Достондаги инсоний кечмишлар бугунги тезоқар замоннинг шошқалоқ мезонлари билан яшаётган қалбларга собит таскин беради. Анъанавий якун ҳам, мазмуннинг “сайёрлик” хусусияти ҳам достоннинг ўзбекона, туркона руҳига зиён етказмайди. Аксинча, адабиётнинг асос бурчи бўлган қиёслаш имкони ва жуғрофиясини кенгайтиради.

Бахтлилар бахтсизликни, бахтсизлар эса беадоқ ғамини кўради бу достонда. Тинчлик бермаётган саволларингиз жавобини дўмбиранинг қай бир авжида топасиз. Зеро, ҳар саволнинг жавоби ўзидадир. Ҳар ким ўз ҳасратини кўражак бу достон бахши боболар бир қулоч қув ёғочга қўзичоқ ичагидан тор тортиб, дўмбира ясаб юрган даврларда янаям ҳайбатли, бепоён эди. Аслан, куйланганида ва тингланганида батамом шуурга ўрлаб кетадиган бу достон халқ маиший-ижтимоий ҳаётининг ажаб бир тарзи ўлароқ бино бўлган. Оғиздан оғизга ўтиб, қуймақулоқ бахшиларнинг улкан ҳиммати ўлароқ, Ҳакимбекка йўл бермаган Оқсув дарёдай тошдан тошга урилиб, пишиб бизгача етиб келган. Достон воқелиги бошдан-оёқ орият, инсоний эзгу тутумларнинг улуғ шажарасидан яралган. Шу асосда шакл топган, ўзанини белгилаган.

Халқнинг асрлардан асрларга ўтиб келган улуғвор қарашлари, моддий-маънавий ёдгорликлари унинг тарихий илдизи нақадар теранлигидан далолат беради. Бу илдиз сув ичган дарёлар ҳам шу халқ қалбидан ибтидо олади. Достоннинг қутлуғ инсоний туйғулар тарбиясига дахлдор мазмун силсиласида унинг ўқ томири – бугун ҳам ўз мавқеини йўқотмаган рамзлардир. Бу рамзлар табиий йўсинда ёки бирон бир жонзоту манзил шамойилида достонга жо бўлади, унинг бадииятини бойитади. Миллатнинг этник хусусиятлари асар ҳаққониятини қанчалик мустаҳкамласа, аждодларимиз топинган, азиз билган табулар ушбу тамойилни янада кучайтиради. Адоқсиз дашт манзаралари, кўчманчи чорвадор халқ турмуш тарзи, айтажак ўланларию кундалик муомаладаги сўз ва ибораларининг ҳар бири эпос бадиий-тарихий қимматини оширади.

“Алпомиш”, менинг назаримда, бадиияти жиҳатдан ўзга халқ достонларидан етукроқдек. Достонда етти йил ном-нишонсиз кетган Алпомишнинг юртга қайтаётганидан ҳид олиб, бўзлаб чопган Кўкалча туянинг тасвири бор. Жониворнинг нега безовта бўлаётганини англамаган Бойбўри унга қарата:

Ойлар тувар – шуълалар урар юзима,
Дунё қаро кўринмоқда кўзима.
Тарлон ўтган даштлар ётар анграйиб,
Эганг бордай олчанглайсан, бесойиб,

– дея нола чекади. Айни шу шеърий парчадаги “эганг бордай олчанглайсан” иборасининг ўзида қанча ҳасрат, иддао, илтижо жам! Олчанглайсан дегани – шевада худди бошингда эганг бордек, кам-кўстинг йўқдек беғам, беташвиш марсинасан, бодиланасан маъносидаги сўздир. Етим қолган бўталоқни ҳам Ҳакимбекнинг онаси эмизиб катта қилган эди, дейилади достонда. Шу сабаб ҳам туянинг номи – Кўколча. Кўкалдош, кўкракдош, эмакдош деган каби.

Ёки чоҳда ётган Ҳакимбекнинг Бойчиборга:

Одамзодларда-я мен ғариб,
Ҳайвонзодларда-я сен ғариб,

– дегандек ўкинч-аламли, айни чоқда, умидвор фарёдлари, мурожаатлари ҳам борки, бу сатрлар замиридаги кечинмалар теран ва ўзига тортарли бадииятга эгадир.

Қултой чолнинг Ёдгорбекка “Сен отангдан, мен боламдан айрилдим” сингари юракнинг туб-қаъридан чиққан ғуссаваш нидоси нақадар табиий ва эзгин!

Алп боласи алп бўлиши, алплик отадан, қалб онадан ўтиши, боқий инсоний бурч ва амаллар бизгача кўп йўл юриб, дарёдай тошиб, ҳикматлари етилиб, замонлар маҳв этолмас қадриятга айланиши учун “Алпомиш”дайин достон ва уни яратган халқ “ўн олти минг уйли Қўнғиротдай” омон бўлмоғи даркор.

“БЎЛМАСАЙДИ БУ ДУНЁДА БАРИ ЎТКИНЧИ…”
Панчатантра ёхуд беш муқаддас китоб. Тошкент, “Янги аср авлоди”, 2013.
09

03  Ҳинд халқининг муҳташам бадиий-фалсафий обидалари – “Маҳобҳорат”у Рамаяна” эпослари қаторида Шарқ адабиёти анъаналарига хос панднома руҳидаги “Панчатантра ёхуд беш муқаддас китоб” асари ҳам эллар аро машҳурдир. Ўзбек китобхони бу дурдонани атоқли мутаржим Иброҳим Ғафуров таржимасида тўлиқ ҳолда ўқишга муяссар бўлди.

Ушбу нашрдан беш китобда (“Дўстларнинг жудо бўлиши”, “Дўст орттириш”, “Қарғалар ва бойқушлар ҳақида”, “Насибани йўқотиш”, “Нодон қилиқлар”) жам бўлган 78 ибратли ҳикоят ва улуғ ҳинд фарзанди Жавоҳарлаъл Нерунинг “Ҳиндистоннинг кашф этилиши” асаридан парча ўрин олган. Аслида, китобнинг фазилати бу саноқ билан англашилмайди. Негаки, “Панчатантра” дуру жавоҳирлар яширинган мўътабар бир хазина бўлиб майдонга келган. Минг йилларки, ҳаёт тажрибасига таяниб яшаётган Одам авлодининг ҳақиқат ва адолатни излаш асносида топган ёмби хулосалари мазкур ҳикоятларда ўз аксини топган, десак хато бўлмас. Ҳикоятга илова – хулоса тарзида келтирилган шеърий парчаларнинг бетимсол илҳому туғёнли фикрлар-ла омухталашган ажиб тарзи борки, сатрларининг ҳар бири замон шоирларига битта шеър бўлгулик салмоққа эга.

Аблаҳларни кўтарар шоҳлар,
Шармандани танлар хотинлар.
Нокас, зиқна бой бўлар тайин,
Ёмғир қуяр денгиз устига…

Бу сингари бандларнинг ҳар бирида ҳаётий ҳақиқат, доно хулосалар мавжуд. “Панчатантра” тайин бир муаллиф қаламидан чиққан ёки маълум бир даврда пайдо бўлган асар эмас, эҳтимол, унинг беқиёс халқчиллиги ва умуминсонийлиги ҳам шундандир. Башариятнинг кўп асрлик тўхтамлари турли ҳайвонлар (маймун, ҳўкиз, шоғол, сичқон, қушлар) рамзига сингдирилиб, ҳам эртак, ҳам афсона, ҳам ҳикоят ўлароқ теран ва таг маъноли моҳият касб этганки, “Панчатантра”, таъбир жоиз бўлса, китобхон танламайди.

Хилватда ибодат қилувчи Девашарман исмли кекса роҳиб келган эҳсону назрларни йиғар ва бисотини ҳеч кимга ишонмай доим қўйнида сақларди. Ўғри Ашадхабхути шу пулларга кўз тикди ва пирнинг ишончига кириб, унга шогирд тушди. Олис сафарга чиққан роҳиб дарёдан ўтишда либосини ечиб, буталар ортига ёзилгани кетди. Шунда ўғри бад ниятини амалга оширди – пулни олдию жуфтакни ростлади. Дод-вой бефойдалигини билган пир сафардан кўнгли совиб, ўзга манзилга йўл олди. Бировнинг уйида бир кеча паноҳ топди. Уй соҳибининг аёли енгилтак, бузуқ хотин эди. Аёл жазмани ёнига отланаркан, пирни меҳмон қилгани шароб кўтариб келаётган маст эрига дуч келиб, йўлдан қайтди. Хотинидан гумонсираб юрган эркак мастлик таъсирида уни уриб, дарахтга боғлаб ташлади-да, ўзи уйқуга кетди. Қўшни сартарошнинг қўшмачи хотини аёлни жазмани кутаётганини айтиб, эринг қаттиқ уйқуда, сен бориб келгунча мен ўрнингга боғланиб тураман, деди. Икки хотин ўрин алмашди. Аёл учрашувга йўл олди. Бир вақт эр уйғониб, қоронғида қўшни хотинни танимай, “Энди ножўя йўлга юрмасанг, гуноҳингдан ўтаман”, дея бир неча бор такрорлади. Оғиз очса таниб қолишидан қўрққан қўшни аёл эса жим тураверди. Буни ўзича тушунган эрнинг жаҳли чиқиб, хотиннинг бурнини кесиб ташлади ва тағин уйқуга кетди. Бу орада гуноҳкор аёл қайтиб келди ва дугонасини арқондан бўшатиб, ўзи унинг ўрнига банди бўлди. Бурни кесилган қўшмачи эса нима қиларини билмай уйига жўнади. Унинг эри сарой сартароши эди, уйга кеч қайтарди. Бу гал тонг чоғи шошилиб келдию остонада туриб хотинидан янги устарани олиб беришини сўради. Хотин устарани ғилофга солмай узоқдан ирғитди. Бундан жаҳлланган эр қайтиб устарани унга отди. Айни шуни кутиб турган аёл фарёд кўтариб кўчага отилди. Хотинининг бурнини кесганликда айблаб, миршаб­лар сартарошни қозига олиб борди. Қози уни ўлимга ҳукм қилган чоқда роҳиб Девашарман келиб, бор гапни айтиб берди. Сартарош бир ўлимдан қолди. Бу машмашаларни ўз кўзи билан кўрган роҳиб йўқотган хазинаси арзимас нарса эканига имон келтириб, манзилига равона бўлди.

Ҳикоятда бундай сатрлар бор:

Беғамлик – хотинларни, айрилиқ – ишқ ўтини,
Ишончсизлик – дўстликни
Ҳалок қилар, дарвешни – чоп-чоп, болани – шўхлик,
Коҳинларни – ялқовлик,
Тўқчиликни – исрофгарлик, ориятни – ёвузлик,
Омадни – омадсизлик,
Шоҳни – бемаъни кенгаш, хонадонни – бебошлик,
Экинзорни – танбаллик…

“Панчатантра”даги бўлимларнинг ҳар бири мустақил асар бўлиш баробарида ўзаро узвий боғланган яхлит фалсафий силсиладир. Ҳикоятлар ҳам худди шундай.

Ҳинд фалсафаси, ахлоқий таълимотларию гўзал анъаналарини қамраган “Панчатантра”, айни чоқда, умумбашарий қадриятларни ардоқловчи, улар асосини ташкил этувчи олампарвар ва одампарвар ғоялар билан суғорилган.

Китобхон мутолаа чоғи ровийнинг улуғвор, вазмин овозини эшитиб туради ва унга ҳеч иккиланмай, ишонч билан эргашади. Баногоҳ бойқуш ва сичқон баҳсига қулоқ берган киши саҳифадан саҳифага фикр ва моҳиятга тўлиб ўтаверади. Асар ўқувчини мураккаб ҳаётий хулоса ва ечимларга етаклайди. Инсон ҳаётининг барча чигаллик­лари, яшаш санъатининг турли қирралари ушбу мумтоз обидада мужассамдир.

Хулоса ўрнида беш китобнинг асл моҳиятини англатадиган, инсоният ўтар умрда топишга интилган-у, аммо тополмаган маънолар яширин қуйидаги сатрларни келтирмоқни жоиз билдик:

Бўлмасайди қарилик, ўлим, туғилиш,
Бўлмасайди айрилиқнинг аччиқ алами,
Бўлмасайди бу дунёда бари ўткинчи,
Бахтсиз бўлмас эди чунон одамлар.

МУБТАЛО ЮРАКЛАР, МУҲТОЖ ТУЙҒУЛАР…
Фёдор Д о с т о е в с к и й. Телба. Тошкент, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1981.
09

04  Ушбу асар ҳақида ўйлаганимда, айтадиганларим жуда кўп ва маънилидек туюлади, аммо қоғозга юзланганда, Мишкин хаёлотидай чувалган бир чалкашлик устун келади…

“Телба” – секин таъсир этувчи “оғу“. Руҳни уйғотгувчи, ҳаловатни қувиб, чин оромга элтгувчи, жонни сиқувга олиб, фикратни ёлғондан тозаловчи малҳаммонанд оғу. Достоевский барча асарини (ҳаммасини ўқиёлганим йўқ) тиши лўқиллаб оғриб турганда ёзганга ўхшайди. Унинг адабий фуқаролари – руҳ одамлари, кўнгли безовта, мубтало одамлар. “Туйғулар алданмайди, андармон қилинади”, дегувчи бу адиб қаҳрамонлари диологларда “сузиб“, саҳифани бекорга банд этмайди, мудом фикр айтади.

Настасия Филипповнанинг ўчи – Худо билан бандаси ўртасидаги ҳисоб-китобдай беаёв. Бунга ўзини ҳақдор санаган Настасия ҳар гал машмаша кўтарганида, энг аввал, ўзини мағлуб этади, ўзини азоб комига ташлайди. Бу аёл қалбида ўчга, қасосга тўлуғ, кўнгилни заҳарлайдиган, юракдан чиқиб кетмайдиган, кетолмайдиган бир ғусса борки – қўрққулик! Ҳар қанча азобланмасин, ўрни тўлмас бир бўшлиқ Настасиянинг руҳий ўпқонларига жо бўлган. Гўдаклигидаёқ топталган, эркак қавмидан совиган, қалбига қўшиб ҳусну камолини ҳам ана шу – бир дам ўчмас алам ўти қоплаган сулувнинг аҳволоти нақадар аянч ва шафеталаб! Буни унинг ўзи яхши англайди, англагани сари боз қоврилаверади.

Романнинг асосий қаҳрамони князь Мишкиннинг ҳоли ҳам шоён ғамнокдир. Бироқ сабий қалбини Швейцария боғларидаги шабнамдек покиза тутган бу инсоннинг қўлидан олибсотар Русиянинг кибор давраларида қора мундирини бодиларча силкитиш эмас, силга чалинган хазонранг Марияга меҳрибонлик қилиш – ИНСОННИ СЕВИШ келади, холос. Унинг Настасияга мафтунлиги нақадар рост бўлса, ўзи телба кўринувчи муҳитда танҳолиги ҳам шундай чиндир. Оқкўнгил генерал ойим, қони гупурган асл ўрис йигити Рогожин, телбавор ирод қилаётган Ипполит, бетайин, аммо ҳамиша ҳозиру нозир Лебедев, ёлғон гапиргани ва шароб ичгани сайин ўзидан ўтганини ўзи биладиган генерал Иволгин ва уларнинг аёзли Русияга юпун қайтган бахтиқаро князга қилган муомалалари – ҳаётнинг иддаолари, марҳаматларидирки, буларнинг барчаси “Телба” руҳини бойитади.

Романнинг охирроғида Настасия Филлипповна билан “ҳисоб-китоб” қилгани келган Аглаянинг дардли бир ҳолати сира кўз олдимдан кетмайди. “Ким – Аглаями? Нас­тасиями?” Бу савол ошкора айтилган ва унга жавоб кутилган лаҳза – асрга татигулик изтироб туғилган илоҳий дамдир. Саҳифанинг айни шу жойи – китобдаги ёмби. Қулоқни қоматга келтирувчи ғуссаваш садо уфуради бу саҳифадан. Князь Мишкиннинг бир дамлик иккиланиши ва Аглаянинг парча ўт бўлиб ёниши, Настасиянинг ҳушдан кетиш манзаралари… ва энг аламлиси, оҳудек ҳуркак Аглаянинг карахтлик йиллари… туганмас андуҳлари – шошиб ўқийсиз-у, аммо барибир “судралаверасиз”. “Кўзларининг остлари изтиробдан қорайган. Ёши ўтиб қолган бўлса-да, ёшлик оҳори кетмаган, бир қарагандаёқ нигоҳларидан ориятли, андишали, ўз қадр-қимматини яхши биладиган аёл” – Нина Александровна елкасига тақдир ортган зилдек юк – аёллик, оналик, одамлик ташвишларининг ўзи алоҳида бир тадқиқот. Унинг қиёфасида биз фақат рус аёлини эмас, умуман АЁЛ сиймосини кўрамиз.

…Настасиянинг ўлими тасвири. Оқ шоҳи чойшабларнинг қай бир буржига қон йиғилиб, худди қордаги лоладек бўлиб турибди. Бироқ гул умрида кўргани разолат, хиёнат, алдов ва яна алдов бўлган Настасиянинг ҳасратли қўшиғи барибир муносиб якун топади.

Телба телба бўлиб қолаверади, бахтсизлар бахтиёр бўлиб кетмайди…

Мишкиндек тоза кўз билан оламга боққан адиб муддаоси – изтироб ва қувонч гирдибодидаги одам қалбининг нозик тебранишларини кашф этиш, кўрсатиш бўлса, эҳтимол. Услуб жиҳатидан бирмунча урфдан қолгандек туюлувчи Достоевский сатр­ларидан дурдек асл оғриқ ва севинч томиб тураркан, унинг ўқувчиси ҳамиша бор.

“КЎЗИМНИ ЯШНАТСА РУБОБИЙ РАНГЛАР…”
Шавкат Р а ҳ м о н. Абадият оралаб. Тошкент, “Mовароуннаҳр”, 2012.
09

04  Шеърнинг феъл-атворига ёвқурлик, жўмардлик, покизалик, некбинлик ва қай бир маънода сўфийлик хосдир. Изтиробли қўрқуви, эзгин умиди, бетама юпанчи ҳамишалик бўлган, ўзини ўзга – теградаги олам билан мунтазам ва ҳаққоний қиёсловчи, ҳайратли Юраккина англашга қодир, таассуротини тил ўгириб беришга ожиз илоҳий мувозанат сири Шеърга ўралган, Шеърда яширин.

Руҳият фаслларида шамолдек тез ўтиб кетмайдиган, баҳору кузаги ўз-ўзича қайталайдиган, бироқ ажиб бир мавсумлар ҳам борки, улар шоир шуурида неча марта юз очади – ҳеч кимга маълум эмас. Шу боисдан ҳам шеър умри инсон умрини тан олмайди! Шоирнинг ҳамишабаҳор туйғулар боғидаги Сўзи шуурнинг ноаён пучмоқларида нурланади, ранг олади, пишиб етилади. Шоирнинг шеърга кўчувида биз амал қиладиган қонуниятлар кучини йўқотган бўлади. Юрак қўрида тобланган Сўз оддийликка, бир хилликка бўй бермай, бадиий сўзга дўнади, шеър бўлиб тилга чиқади. Тилни куйдириб, оловланиб, ўзга юракларга йўл олади. Қаҳратон ёққан сандал қошида тафт элитиб, яшнаган баҳорни оқ қоғозга муҳрлаётган бармоқлар – тўрхалта кўтарган ёки таомга чўзилган оддий қўллар эмас. Шу сабаб ҳам шеър умри ҳайрат “тийғи” узра бир боргина содир бўлади, шоир ҳолатини мангуга зарб этади.

“Зулфиқор руҳ” билан 46 йил яшаган мардона шоир Шавкат Раҳмон йигирма беш асрлик шеърият хирмонига ўзининг мўъжаз, аммо залворли улушини қўша олди. Унинг шеъри нурли нуқталарда бино бўлиб, ақлни шоширувчи сир ва ижодий “очиқ юзли”лик билан юраклар мулкига айланди, “юқумли” бўлди. Унинг ёвқур руҳияти бизга шу шеърлар орқали таниш ва қадрдондир.

Шавкат Раҳмон шеъри – ички тартибот, қатъий интизом, аниқ симметрия асосида пишиқ қурилган, илдизи миллат илдизига туташган сўзларни, мийиғида жилва этган аччиқ истеҳзоларни, муросасиз, бешафқат айтимларни ўзига сиғдирган тирик Сўзлар шеъридир.

Шавкат Раҳмон шеъри – ранглар тўқнашувидан илҳом олиб камалак бичаётган хаёл париларининг сўзонлари, азим тоғлар хўрсиниқлари, шовурига Сулаймон девлари-да сано айтаётган улуғ ва мукаррам дарёларнинг ўзанлари, жасур нигоҳлару ўткир тиғларда орияти ярқираган вужуд ва руҳ курашидан барпо бўлган нидолар, гурролар шеъри.

Шавкат Раҳмон шеъри – тириклик ва тирикчилик тарҳу фарқи оша тийрак боқаётган нигоҳларга аталган, ҳақиқат ҳақида ёниб, мижмардаги чўғдай яллиғланиб турган эзгу, курашчан, юртпарвар, одамий қалблар шеъри.

“Шеър ўз ҳолича туғилишни истайди, сен эса унга кўмак бермоқчи бўласан”, дейди испан шоири Хуан Рамос Хименес. Шавкат Раҳмон шеъри – одатий, кўникилган наз­мий қолиплардан холи ва тилга андак малол ҳолатлари билан-да табиий туғилган, кенгликлардан келган эркинлик шеъри.

Оловранг баргларнинг салтанатида
Япроқдай қовжираб ёнганда бағрим,
Фазо жимлигидай куз талъатидан
Меҳрга айланди ҳаттоки қаҳрим.

Дилимда нола йўқ, чашмимда – жола,
Сокин ишқ оташи ёқар жисмимни.
Хаёлим шу қадар кетди ҳаволаб,
Ҳаттоки унутиб қўйдим исмимни.

Исмим нимайди, деб кундан сўрадим,
Порлаб сўйлаб кетди: энди исминг йўқ.
Шамол гулханлари кўкка ўрлади:
Биз каби руҳинг бор, аммо жисминг йўқ.

Руҳимни дунёга қўшиб ўстирдим,
Энди табиатнинг доно тошиман.
Қаландар шамол ҳам суйган дўстимдир,
Ҳар бир чумолининг қариндошиман.

Заминга санчилган бир терак каби
Ўйимда титрайди мозий – хотира.
Агарда қўзғалсам оғочлар сафи
Илдизин қўпориб келар ортимдан.

Оловранг баргларнинг жим даврасида
Нақадар юксалиб кетдим ўлимдан,
Бағрим куйиб кетди жозиб сасидан
Бахтиёр бўлганда само йўлида.

Оний жамолидан кўзим қамашди,
Лаҳзада қорайиб кетди қорликлар.
Йилдирим сингари ўткир қарашдан
Заминга қуладим бахтиёрликдан…

…Эй қиз, қуёш янглиғ ботарман энди,
Қуёшдай ёғдулар тўкарсан, эй қиз.
Эй қиз, тупроқ бўлиб ётарман энди,
Осмонда осмондай ўтарсан, эй қиз.

Шеърнинг номи – “Висолсиз ишқ”. Сарлавҳаданоқ ўқувчи кўникмасини қондирган англам – ҳижрон, айролиққа доир таассурот шеър матнида гўёки йўқ. Шу “йўқ”ликдан мангу ҳижронни туйдирадиган ва юракка ойдин неъмат улашадиган нур шеър руҳига жам бўлган. Кундуздай ёруғ, тонгдай тиниқ, самимий, бекин, айни чоқда, изтиробли видолар. Қофияга эниб келган қабариқ сўз равишлари янги ўқувчини излайди, унинг шеърий тафаккурини ўзга бир маъво остонасига элтади.

Инсон кўзлари ўн миллиондан зиёд рангни фарқлар экан. Шоир тафаккурида кесишажак ранглар, уларнинг ҳаёт–хаёл–туш кенгликларида ишғол этган майдони нақадар рангин! “Оний жамолидан кўзим қамашди”, “Қизиб кетар ер томирлари”, “Ётурман нарсалар аро нарсадай”, “Сувлар симоб каби ялтирар” ва ҳоказо… Шоирнинг руҳида айқашган ранглар тўзони шу зайл сўз шаклини олади, рамзларга айланади.

“Абадият оралаб” китобидан ўрин олган ҳар бир шеър такрор-такрор ўқиладиган, бироқ сири, сеҳри кетиб қолмайдиган адабий ҳодислардир. Улардан фақат завқ олмоқ лозим.

Манба: «Тафаккур» журнали, 2014 йил, № 1

044

(Tashriflar: umumiy 279, bugungi 1)

Izoh qoldiring