Shuhrat. She’rlar.

shuhrat

   Ўзбек адабиётининг таниқли намояндаларидан бири, шоир, ношир ва драматург Шуҳрат ҳам Иккинчи жаҳон урушида зобит сифатида иштирок этган. Адибнинг “Шинелли йиллар” (1947-1957) романи Иккинчи жаҳон уруши фронтларида орттирган катта ҳаётий тажрибаси асосида халқимизнинг жанговар ҳаёти, қаҳрамонлиги, ватанпарварлиги, қийинчиликларга бардошлилиги, келажакка умиди ҳақида ҳикоя қилади.

ШУҲРАТ
ШЕЪРЛАРИДАН НАМУНАЛАР

034

045    Шуҳрат (Алимов Ғулом Аминжонович) 1918 йил 19 апрелда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1986). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1978). Низомий номидаги Тошкент педагогика институти (1936—40)да ўқиган. 1940 йили ҳарбий хизматга чақирилган Шуҳрат Иккинчи жаҳон уруши жангларида офицер сифатида иштирок этади.
Дастлабки асари — «Мехрол» (эртак-достон, 1940). Кўплаб шеърий («Бизнинг кўча», 1947; «Ҳаёт нафаси», 1948; «Балладалар», 1958; «Сенинг севгинг», 1961; «Ишқингда ёниб», 1964; «Буюк муҳаббат», 1966; «Лирика», 1973; «Шайдо кўнгил», 1976; «Ҳали тун узоқ», 1984 ва бошқа) ва насрий («Оила», 1946; «Бир кеча фожиаси», 1976 ва бошқа) тўпламларини эълон қилган. «Мардлик афсонаси» (1959), «Гулдурсин» (1960), «Қувғинди» (1963) сингари достонлар ёзган. «Шинелли йиллар» (1958), «Олтин зангламас» (1965), «Жаннат қидирганлар» (1968) романлари ҳам бор. «Беш кунлик куёв» (1970), «Қўша қаринглар» (1971), «Она қизим» (1973) каби драмалар муаллифи. А. С. Пушкин, В. Шекспир, Т. Шевченко, Лопе де Вега каби ёзувчиларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. 1995 йил 20 июнда Тошкентда вафот этган. Вафотидан сўнг «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (2003).

034

СЕНИ СЕВДИМ

Сени севдим жону дил билан,
Сени севдим, бўлмадинг иқрор.
Сени севдим, ширин тил билан
Қиё боқиб ўтмадинг бир бор!

Йиллар ўтди, ўтда ёшлик ҳам,
Тинди қалбда жўшқин урган қон.
Қалбим титрар ҳамон эсласам,
Ҳамон бордир кўнглимда армон!

Сендан олдин умрим тугаса,
Сен борсанки, демак, тирикман.
Ҳеч ишонма у ўлди деса,
Ҳаётингга доим шерикман.

Йўлларингда чечак учраса,
Яшнаб турса, бил, ўша менман.
Боғларингда чаман барқ  ўрса,
Нур уфурса, бил, ўша менман.

Эрта баҳор келиб қалдирғоч
Салом деса, бил, ўша менман.
Баҳор қадаб бошингга гултож,
Еллар эсса, бил, ўша менмаи.

Чанқовингни қондирса булоқ
Бағрин очиб, бил, ўша менман.
Тунлар йўлинг ёритса чироқ
Шуъла сочиб, бил, ўша менман.

Кетолмайман ҳеч сендан йироқ,
Инонма сен менннг қабримга!
Аслида мен севган кунимоқ
Кўмилганман сенинг қалбингга!

1959

ТЎРТЛИКЛАР

Кўзингга айт, тушларимга кирмасин,
Изиингга айт, учрамасин йўлимда.
Синглингга айт, эшиингда турмасин,
Сен хабарсиз бўлгач менинг ҳолимдан.

* * *

Фарзандлар қалбида оталар қони,
Кошкийди қон билан ақли, имони,
Софлиги, виждони, дарди ҳам кўчса! —
Хотиржам бўларди аждодлар жони!

* * *

Дўст аччиқ гапирса қулоғингни тут,
Гар оғу тутса у индамасдан ют.
Ҳар аччиқ гапннииг лаззати болча,
Ҳар томчи оғуси малҳамдир ва қут.

* * *

Сон кулиб гапирдинг, мен солдим қулоқ,
Йиғлаган чоғинг ҳам кетмадим йироқ.
Чунки мен дўстингман, ялакат мағиз,
Сен агар мой бўлсанг, мен нурли чироқ.

* * *

Аччиқ чой ўрнида совуқ сув тутсанг,
Хотиржам кўнглимга шак тушмас зарра.
Лек нотинч кунингда мени унутсанг,
Бу оғир мен учун саноқсиз карра!

ОРЗУЛАР, ФИКРЛАР

Орзунинг бўлмайди сўнгги нуқтаси,
Фикрнинг мунтазам аниқ қирғоғи.
Тафаккур — орзунинг чин омухтаси,
Истиқбол мулкининг нурли чироғи.

Орзусиз ёзмайди фикрлар қанот,
Фикрсиз орзунинг қўл-оёғи шол.
Иккиси мисоли эгарланган от,
Уддалаб минолсанг, уфқларга сол!

Ҳей, ширин орзулар, теран фикрлар,
Қанчалар гўзалсиз, қанчалар улкан!
Ҳамиша уфқлар сизни чақирар,
Мисоли денгизда очилган елкан.

Эсимни танибман, мен сизга шайдо,
Сиз менинг улфатим, мулким, хазинам,
Сиз учун умрлар бўлади фидо,
Ёшликдай севаман сизни ҳозир ҳам!!!

* * *

Илҳомнинг йўллари узундан-узун…
Гоҳ қоя ортидан келади толиб.
Гоҳ денгиз қаърига тик уриб ўзин,
Тўфон-ла чиқади ҳайқириқ солиб.

Баъзида кўкларда чақмокдек елиб,
Уфқдан уфққа урар нурли бош.
Баъзида мушукдек судралиб келиб,
Тиззангга қўяди бошини ювош.

Бу бори илҳомдир. Тизгинсиз илҳом,
Гоҳида номи бор, гоҳида беном.
Баъзиси қоғозга тушади аста,
Баъзиси юради ҳамон ҳавасда!

О, ўжар, бефурсат, беқолип илҳом.
Бари бир сен ўзинг шароб тўла жом!

МЕРОС

Ўғилларим Фикрат, Хондамир, Бобур ва қизим Зебога

Мен сени ўстирдим силаб-сийпалаб,
Едирдим, ичирдим, тоза кийдирдим.
Терласанг, манглайдан теринг сидирдим,
Қоқилсанг, тургиздим кўнглингга қараб.

Тақдирдан шикоят қилмадим сенга,
Сенга ҳам шу йўлни маслаҳат бердим.
Адашсанг, ҳақ йўлин кўрсатиб турдим,
Покликдан нур қуйдим мурғак кўксингга.

Шукурки, камлигим йўкдир бошқадан,
Бировга тикмадим ҳасад кўзини.
Иккита қилмадим устоз сўзини,
Дўстларим сафидан узмадим қадам.

Сочларим оқарди, йўлим қисқарди,
Баъзи бир тишларим ўзимникимас.
Дўстлар ҳам камайди, энди бут эмас,
Киприкда, қошимда йўлларнинг гарди.

Гоҳ дилим ўйнайди, гоҳ босим баланд,
Гоҳ бошим айланиб, тўхтаб қоламан.
Энтикиб-энтикиб нафас оламан,
Даҳшатли ўйларга фикрим бўлиб банд.

Шунда ҳам ўлимдан қўрқмайман, ўғлим,
Ўлимдан қўрқмоқлик — номарднинг иши.
Рост айтсам, ниятим чала қолиши
Бағримни қилади тилим ва тилим!

Қулоқ сол, эй ўғлим, вақтики етиб,
Мен ёруғ дунёдан кўзимни юмсам,
Демакки, ижоддан тўхтасам, тинсам,
Уйма-уй изғима зўр мерос кутиб.

На бордир мол-мулким, на мўмай пулим,
Дўстларим ясайди умримга якун.
Сен учун меросим — пок умрим, лекин
Ундан ҳам азизи — ўз она тилим!!!

УМИД

Мен биламан: у энди келмас,
Мен биламан: у бўлган қурбон!
Мен биламан: кутмоқ энди бас,
Мен биламан: қийналади жон.

Лекин кутмай иложим ҳам йўқ,
Умид билан умр югурик.
Қалбим дейди: унга тенгмас ўқ,
Қалбим дейди: у одам тирик.

Ишонаман бари бир ҳамон,
Кириб келар саломат, омон.
Умид билан тирикман ўзим,
Йўлларида ҳамиша кўзим.

ЯХШИЛИК

Ўз умрингда битта юлдуз ёқ,
Бир юлдузки, нурли ва порлоқ.
Ҳеч бўлмаса битта чироқ ёқ,
Қоронғилик силжисин йироқ!

Ўз умрингда битта ариқ оч,
Шояд топса бир ниҳол ривож!
Ҳеч бўлмаса, эй бахти сулув,
Гулларга қуй бирон коса сув!

Ўз умрингда битта кўчат эк,
Яшнаб турсин кулган бахтингдек.
Ўз умрингда оч битта қалам,
«Тинчлик» сўзин ёзсин бу олам!..

…Гар яхшилик келмас қўлингдан,
Яхши ният қилгил дилингдан!

ТОМЧИГА ҚУЛОҚ СОЛ

Томчига қулоқ сол, нима дейди у,
У ахир янги бир ҳавасу туйғу,
У тарнов учидан томади бир-бир,
Баҳорнинг нафаси қилибди таъсир.

Баҳорни етаклаб келмоқда ўзи,
Нур билан тўладир минг битта кўзи.
Сен унинг куйига қулоқ тут, қулоқ,
Қиш кетиб боради, оёғи чўлоқ!

ШОГИРДГА

Мен орзу қилгану етолмай қолган
Орзунинг боғида мен сени кўрсам.
Юз бора интилиб ўтолмай қолган
Энг баланд чўққида мен сени кўрсам.
Мен тошиб айтолмай қолган
Сўзларим тилингда турса жаранглаб…

ИККИЛИКЛАР

Тун

Юлдуз порлаб ёнса деб зора,
Юзларига тортади қора!

Ой

Ой — Қуёшнинг ўгай фарзанди,
Шу сабабдан совуқ ва банди.

Умр йўли

Эгри-бугри тортилган чизиқ,
Ким тўғрилаб олади?! Қизиқ!

Ваҳима

Арслон мағрур ўкирган чоғи
Чалишади отнинг оёғи.

Меҳр

Муҳаббатга доим зор кўнгил,
Келишидан кетиши енгил.

Ҳасадгўй

Сойда ўсган аччиқ бир алаф,
Меҳрибонлик қилади талаб.

МАРДЛИК АФСОНАСИ

Узоқ-узоқ ўтмишлар тарихин титсам,
Массагетлар шонидан бир қисса битсам,
Афсона деб, китобхон қўлимни тутма!
Шонли узоқ ўтмишдан кўзинг беркитма!
Ахир қанча чуқурдан қайнаса булоқ,
Суви шунча пок бўлур, шунча тотлироқ!
Кўҳна тарих бу кунга гар бўлса ибрат,
Уни эслаб турмоқлик керакдир, албат.
Афсонага ўхшайди қиссанинг ўзи,
Аммо унда мавжуддир ҳақиқат изи.
Ҳақиқатдан туғилар баъзан афсона!
Улуш қўшса не ажаб эртакчи она.
Бахши унга боғласа қанот ва қуйруқ,
Қалби бергач кўксидан шундай бир буйруқ.
Тарихимиз кўп улкан, кекса беқиёс,
Ҳар йили юз достонга бўлур бир асос!
Амудан сув ичганмиз чўлда мол боқиб,
Боботоғда юрганмиз лолалар тақиб.
Баъзан душман келарди томоғин қоқиб,
Жанг қилганмиз қирларда, тунда ўт ёқиб.
Бир кун юртга от солди босқинчи Эрон,
Кайхусравнинг нияти: Ер-сув, мулк, қирон.
— Бош эг! — деди элларга.
— Мен яшай мағрур,
Мен ўтганда қўлингни қовуштириб тур!
Менга бўшат уйингнинг юмшоқ тўрини!
Менга бўшат ёз чоғи салқин сўрини!
Кабоб яса қўзининг барра гўштидан!
Хазинамга солиқ йиғ боғ, қир, даштидан!
Ҳарамимга тўплансин там-там гўзаллар!
Шавкатимга тўқилсин достон, ғазаллар!
… Найранг билан Амудан ўтди от солиб,
Байроғида шум ажал, эрксизлик олиб.
Тинч бир ўлка оромин йўқотди шунда,
Ҳатто гўдак кўксига ўқ отди шунда!..
Элу юртни қоплади мотам либоси,
Қон йиғлади ҳаттоки кўлида ғози.
Қон йиғлади эл, элат, уруғ ва аймоқ,
Қон йиғлади дала-туз, саҳро, қир ва боғ.
Қон йиғлади бешикда тилсиз нораста,
Қон йиғлади чол-кампир, диллари хаста.
Қон йиғлади боғда гул, қирда чечаклар.
Қон йиғлади номус деб, қиз, келинчаклар.
Қон йиғлади қўзи-қўй тақир ўтлоқда.
Қон йиғлади: — Сув! Сув! — деб деҳқон қирғоқда.
Шунда чиқди отилиб она Тўмарис,
— Ўлим ёвга! — деди у, букмаймиз ҳеч тиз!
Бизни саҳро бургути, лочини дерлар,
Бизга азиз, муқаддас бу она ерлар.
Душман оти нағалин
Изи тушмасин.
Боғимиздан бирор қуш бевақт учмасин.
Уят бизга душманга бош эгиб яшаш!
Боқинг, душман мол-мулкни қилур хомталаш!
Ўчоқдаги оловим,
Сўнмасин десанг,
Ариқларда сувларим тинмасин десанг,
Гулларимнинг шохлари синмасин десанг,
Бола-чақам қон йиғлаб қолмасин десанг,
Қўлларимга ёв занжир солмасин десанг,
Она юртим дахлсиз, муқаддас десанг;
Тўлди сабр косаси, етар, бас десанг;
Десанг она элимнинг азиз тупроғи,
Десанг бевақт сўлмасин, ҳатто япроғи,
Сариқ хазон бўлмасин ёрим жамоли,
Қон ҳидига тўлмасин баҳор шамоли;
Булут ичра толмасин ёрқин қуёшим;
Ўт ичида ёнмасин қир, дала-тошим;
Бўғзимда қолмасин эрк тўла куйим;
Айламасин азага базмим ва тўйим.
Оёқ ости бўлмасин аждодим гўри;
Подам ичра оралаб юрмасин бўри;
Ўтирмасин ёв чиқиб уйим тўрига,
Сув сепмасин тандирда қолган қўрига,
Букилмасин элликка етмасдан белим;
Кесилмасин оғзимда бу бийрон тилим;
Ўйилмасин кўзларим кўрсин жаҳонни,
Қуллуқ учун тутмайман, танда бу жонни
Десанг, халқим, бош кўтар, тур, оёққа тур!
Душман келур бостириб қаршисига юр!
Омочинг қўй, қўлингга қилич, яроғ ол!
Агар қилич топмасанг, болта, ўроғ ол!
Неки бўлса ол қўлга, лекин қурол ол!
Хоҳ каттасан, хоҳ кичик: хоҳ эр, хоҳ аёл!
Оёғингга этик кий, белингни боғла!
Она тупроқ тузини, вақт келди оқла!
Хоҳ отлисан, хоҳ яёв, анжоминг тузат!
Майдонга чиқ, майдонга, мардлигинг кўрсат!
«Хўп бўлади!»деди эл, турди оёққа,
Ҳатто чоллар таяниб ҳасса-таёққа!
Битта муштга айланди юрт, овул, қишлоқ,
Тўлиб кетди лашкарга қиру, сой, тошлоқ!
Кийим боши қурама, мақсад биттадир,
Бир оғиздан барчаси хитоб этадир:
— Сенсан юртнинг онаси, оналигинг қил,
Сенинг сўзинг биз учун амру фармон, бил!
Ўзинг бошла майдонга, бошла Тўмарис!
Қолсин биздан тарихда шонли порлоқ из!
Қўли боғлиқ яшашдан ўлим аълодир.
Босқинчи ёв ўлимга маҳкум балодир.
Ўзинг бошла мардона, бошла Тўмарис!
Ё ўлим, ё юртни шонга кўмамиз!
— Хўп! Мен рози! — деди у, — тингланг алқисса,
Менинг учун қонундир, элим не деса!
Бошлаб кетди лашкарни, остида тулпор.
Халқ ишончи қалбига яна куч тўплар!
Қилич, қалқон ярашар мағрур бастига,
Узун сочи олинган қалпоқ остига.
Баландпошна этиги хипча оёқда,
Олов кўзи дер эди: душман қаёқда!
Ишонч билан лашкарни бошлаб кетди у,
Неча қиру сойлардан ошиб ўтди у.
Жангга кирди мардона ифтихор билан,
Ишонч билан, ўч билан, матонат билан.
Ғазаб билан, зарб билан, зўр нафрат билан.
Минг-минглаб бош сапчадек узилиб қолди,
Минг-минглаб тана мажолсиз чўзилиб қолди.
Қонлар қонга қоришди, ўлик ўликка.
Отлар жангга кирарди пишқириб тикка.
Дуч келганни кесади ўроғу болта,
Узун қилар сўйиллар, қўл бўлса калта!
Мундоқ боқса Кайхусрав, қўшин ҳоли танг.
Хос аскарни тушириб ўзи қилди жанг.
Амин эди маҳорат, куч, бардошига.
Мард Тўмарис от қўйиб чиқди қошига.
Қиличбозлик бошланди — яккама-якка.
Ташланарди отлари арслондек тикка.
Қалқон тўсиб қоларди қилич зарбини,
Икки томон гаровга қўйган қалбини.
Қалбинмас, ҳаёти, эрк, иқболини.
Юрт номуси, шарафи, истиқболини!
Минг чиранди Кайхусрав, бўлмади бироқ,
Қочиб қолди қўшинин ташлаб тумтароқ!
Қувиб кетди мардона Ёвқур Тўмарис.
Қорасини йўқотмай борар изма-из.
Шиддатида бор эди йигит виқори,
Етиб бориб қиличин тутиб юқори,
Елкасига туширди боши аралаш.
Дея: ўзи бўлурми тинч элни талаш!
Отдан учиб Кайхусрав муккалаб кетди,
Қора қонга беланиб ёқасин тутди.
Титрар эди мақтанчоқ, чиранчоқ қалби,
Бир-бирига тегмасди пўрсилдоқ лаби.
Учиб кетган қўлидан тилла соп қилич,
Зарбоф тўнни деяди: — энди жондан кеч!
Шафқат ила боқарди Тўмарисга у.
Тилни ўнглаб ололмас ҳатто сўзга у.
Калта қилди сўзини Тўмарис эса:
«Ҳукм шудир — қаҳрамон халқим не деса!»
Бир оғиздан халқ деди: — душманга ўлим!
Халқ қалбида нафрати, қаҳри лиммо-лим!
Шарт узилди мурдорнинг боши танидан.
(Эсдаликка олинди қилич ёнидан.)
Бош думалаб ётарди эл оёғида,
Олтин сирға йилтиллаб сўл қулоғида!
Мард Тўмарис сўз олиб, деди: — Халойиқ!
Ёвга берган зарбингиз мақтовга лойиқ!
Дўстга бўлган меҳрча ёвга қаҳрингиз!
Энди бутун озоддир қишлоқ, шаҳрингиз!
(Сўнгра боқди думалаб ётган у бошга)
— Тирикликда тўймовдинг сира қон-ёшга,
Мана энди тўйиб ол, бошинг кўмиб ич,
Бу гал сенга керакмас қалқону қилич! —
Дея узуқ бошни у чуқурга отди.
Чуқурдаги қонга бош кўмилиб ботди!
Халқ олқишлаб қизини деди: — Ташаккур!
Ақлинг — дарё, меҳринг — кўл, ҳар бир сўзинг—дур!

***

Эл тинчиди, ўлкада, ур-сур йўқолди,
Ёвдан фақат тупроқда қонли из қолди.
Тунда ёмғир, сел келиб, ювди уни ҳам,
Гўё қайта бошидан покланди олам!
Тутди омоч қулоғин эрксевар деҳқон.
Мард Тўмарис довруғин эл қилди достон.

shuhrat

O’zbek adabiyotining taniqli namoyandalaridan biri, shoir, noshir va dramaturg Shuhrat ham Ikkinchi jahon urushida zobit sifatida ishtirok etgan. Adibning “Shinelli yillar” (1947-1957) romani Ikkinchi jahon urushi frontlarida orttirgan katta hayotiy tajribasi asosida xalqimizning jangovar hayoti, qahramonligi, vatanparvarligi, qiyinchiliklarga bardoshliligi, kelajakka umidi haqida hikoya qiladi.

SHUHRAT
SHE’RLARIDAN NAMUNALAR

034

Shuhrat (Alimov G’ulom Aminjonovich) 1918 yil 19 aprelda Toshkent shahrida tug’ilgan. O’zbekiston xalq yozuvchisi (1986). O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan madaniyat xodimi (1978). Nizomiy nomidagi Toshkent pedagogika instituti (1936—40)da o’qigan. 1940 yili harbiy xizmatga chaqirilgan Shuhrat Ikkinchi jahon urushi janglarida ofitser sifatida ishtirok etadi.
Dastlabki asari — «Mexrol» (ertak-doston, 1940). Ko’plab she’riy («Bizning ko’cha», 1947; «Hayot nafasi», 1948; «Balladalar», 1958; «Sening sevging», 1961; «Ishqingda yonib», 1964; «Buyuk muhabbat», 1966; «Lirika», 1973; «Shaydo ko’ngil», 1976; «Hali tun uzoq», 1984 va boshqa) va nasriy («Oila», 1946; «Bir kecha fojiasi», 1976 va boshqa) to’plamlarini e’lon qilgan. «Mardlik afsonasi» (1959), «Guldursin» (1960), «Quvg’indi» (1963) singari dostonlar yozgan. «Shinelli yillar» (1958), «Oltin zanglamas» (1965), «Jannat qidirganlar» (1968) romanlari ham bor. «Besh kunlik kuyov» (1970), «Qo’sha qaringlar» (1971), «Ona qizim» (1973) kabi dramalar muallifi. A. S. Pushkin, V. Shekspir, T. Shevchenko, Lope de Vega kabi yozuvchilarning asarlarini o’zbek tiliga tarjima qilgan. 1995 yil 20 iyunda Toshkentda vafot etgan. Vafotidan so’ng «Buyuk xizmatlari uchun» ordeni bilan mukofotlangan (2003).

034

SENI SEVDIM

Seni sеvdim jonu dil bilan,
Seni sevdim, bo’lmading iqror.
Seni sevdim, shirin til bilan
Qiyo boqib o’tmading bir bor!

Yillar o’tdi, o’tda yoshlik ham,
Tindi qalbda jo’shqin urgan qon.
Qalbim titrar hamon eslasam,
Hamon bordir ko’nglimda armon!

Sendan oldin umrim tugasa,
Sen borsanki, demak, tirikman.
Hech ishonma u o’ldi desa,
Hayotingga doim sherikman.

Yo’llaringda chechak uchrasa,
Yashnab tursa, bil, o’sha menman.
Bog’laringda chaman barq o’rsa,
Nur ufursa, bil, o’sha menman.

Erta bahor kelib qaldirg’och
Salom desa, bil, o’sha menman.
Bahor qadab boshingga gultoj,
Yellar essa, bil, o’sha menmai.

Chanqovingni qondirsa buloq
Bag’rin ochib, bil, o’sha menman.
Tunlar yo’ling yoritsa chiroq
Shu’la sochib, bil, o’sha menman.

Ketolmayman hech sendan yiroq,
Inonma sen mennng qabrimga!
Aslida men sevgan kunimoq
Ko’milganman sening qalbingga!

1959

TO’RTLIKLAR

Ko’zingga ayt, tushlarimga kirmasin,
Iziingga ayt, uchramasin yo’limda.
Singlingga ayt, eshiingda turmasin,
Sen xabarsiz bo’lgach mening holimdan.

* * *

Farzandlar qalbida otalar qoni,
Koshkiydi qon bilan aqli, imoni,
Sofligi, vijdoni, dardi ham ko’chsa! —
Xotirjam bo’lardi ajdodlar joni!

* * *

Do’st achchiq gapirsa qulog’ingni tut,
Gar og’u tutsa u indamasdan yut.
Har achchiq gapnniig lazzati bolcha,
Har tomchi og’usi malhamdir va qut.

* * *

Son kulib gapirding, men soldim quloq,
Yig’lagan chog’ing ham ketmadim yiroq.
Chunki men do’stingman, yalakat mag’iz,
Sen agar moy bo’lsang, men nurli chiroq.

* * *

Achchiq choy o’rnida sovuq suv tutsang,
Xotirjam ko’nglimga shak tushmas zarra.
Lek notinch kuningda meni unutsang,
Bu og’ir men uchun sanoqsiz karra!

ORZULAR, FIKRLAR

Orzuning bo’lmaydi so’nggi nuqtasi,045
Fikrning muntazam aniq qirg’og’i.
Tafakkur — orzuning chin omuxtasi,
Istiqbol mulkining nurli chirog’i.

Orzusiz yozmaydi fikrlar qanot,
Fikrsiz orzuning qo’l-oyog’i shol.
Ikkisi misoli egarlangan ot,
Uddalab minolsang, ufqlarga sol!

Hey, shirin orzular, teran fikrlar,
Qanchalar go’zalsiz, qanchalar ulkan!
Hamisha ufqlar sizni chaqirar,
Misoli dengizda ochilgan yelkan.

Esimni tanibman, men sizga shaydo,
Siz mening ulfatim, mulkim, xazinam,
Siz uchun umrlar bo’ladi fido,
Yoshlikday sevaman sizni hozir ham!!!

* * *

Ilhomning yo’llari uzundan-uzun…
Goh qoya ortidan keladi tolib.
Goh dengiz qa’riga tik urib o’zin,
To’fon-la chiqadi hayqiriq solib.

Ba’zida ko’klarda chaqmokdek yelib,
Ufqdan ufqqa urar nurli bosh.
Ba’zida mushukdek sudralib kelib,
Tizzangga qo’yadi boshini yuvosh.

Bu bori ilhomdir. Tizginsiz ilhom,
Gohida nomi bor, gohida benom.
Ba’zisi qog’ozga tushadi asta,
Ba’zisi yuradi hamon havasda!

O, o’jar, befursat, beqolip ilhom.
Bari bir sen o’zing sharob to’la jom!

MEROS

O’g’illarim Fikrat, Xondamir, Bobur va qizim Zeboga

Men seni o’stirdim silab-siypalab,
Yedirdim, ichirdim, toza kiydirdim.
Terlasang, manglaydan tering sidirdim,
Qoqilsang, turgizdim ko’nglingga qarab.

Taqdirdan shikoyat qilmadim senga,
Senga ham shu yo’lni maslahat berdim.
Adashsang, haq yo’lin ko’rsatib turdim,
Poklikdan nur quydim murg’ak ko’ksingga.

Shukurki, kamligim yo’kdir boshqadan,
Birovga tikmadim hasad ko’zini.
Ikkita qilmadim ustoz so’zini,
Do’stlarim safidan uzmadim qadam.

Sochlarim oqardi, yo’lim qisqardi,
Ba’zi bir tishlarim o’zimnikimas.
Do’stlar ham kamaydi, endi but emas,
Kiprikda, qoshimda yo’llarning gardi.

Goh dilim o’ynaydi, goh bosim baland,
Goh boshim aylanib, to’xtab qolaman.
Entikib-entikib nafas olaman,
Dahshatli o’ylarga fikrim bo’lib band.

Shunda ham o’limdan qo’rqmayman, o’g’lim,
O’limdan qo’rqmoqlik — nomardning ishi.
Rost aytsam, niyatim chala qolishi
Bag’rimni qiladi tilim va tilim!

Quloq sol, ey o’g’lim, vaqtiki yetib,
Men yorug’ dunyodan ko’zimni yumsam,
Demakki, ijoddan to’xtasam, tinsam,
Uyma-uy izg’ima zo’r meros kutib.

Na bordir mol-mulkim, na mo’may pulim,
Do’stlarim yasaydi umrimga yakun.
Sen uchun merosim — pok umrim, lekin
Undan ham azizi — o’z ona tilim!!!

UMID

Men bilaman: u endi kelmas,
Men bilaman: u bo’lgan qurbon!
Men bilaman: kutmoq endi bas,
Men bilaman: qiynaladi jon.

Lekin kutmay ilojim ham yo’q,
Umid bilan umr yugurik.
Qalbim deydi: unga tengmas o’q,
Qalbim deydi: u odam tirik.

Ishonaman bari bir hamon,
Kirib kelar salomat, omon.
Umid bilan tirikman o’zim,
Yo’llarida hamisha ko’zim.

YAXSHILIK

O’z umringda bitta yulduz yoq,
Bir yulduzki, nurli va porloq.
Hech bo’lmasa bitta chiroq yoq,
Qorong’ilik siljisin yiroq!

O’z umringda bitta ariq och,
Shoyad topsa bir nihol rivoj!
Hech bo’lmasa, ey baxti suluv,
Gullarga quy biron kosa suv!

O’z umringda bitta ko’chat ek,
Yashnab tursin kulgan baxtingdek.
O’z umringda och bitta qalam,
«Tinchlik» so’zin yozsin bu olam!..

…Gar yaxshilik kelmas qo’lingdan,
Yaxshi niyat qilgil dilingdan!

TOMCHIGA QULOQ SOL

Tomchiga quloq sol, nima deydi u,
U axir yangi bir havasu tuyg’u,
U tarnov uchidan tomadi bir-bir,
Bahorning nafasi qilibdi ta’sir.

Bahorni yetaklab kelmoqda o’zi,
Nur bilan to’ladir ming bitta ko’zi.
Sen uning kuyiga quloq tut, quloq,
Qish ketib boradi, oyog’i cho’loq!

SHOGIRDGA

Men orzu qilganu yetolmay qolgan
Orzuning bog’ida men seni ko’rsam.
Yuz bora intilib o’tolmay qolgan
Eng baland cho’qqida men seni ko’rsam.
Men toshib aytolmay qolgan
So’zlarim tilingda tursa jaranglab…

IKKILIKLAR

Tun

Yulduz porlab yonsa deb zora,
Yuzlariga tortadi qora!

Oy

Oy — Quyoshning o’gay farzandi,
Shu sababdan sovuq va bandi.

Umr yo’li

Egri-bugri tortilgan chiziq,
Kim to’g’rilab oladi?! Qiziq!

Vahima

Arslon mag’rur o’kirgan chog’i
Chalishadi otning oyog’i.

Mehr

Muhabbatga doim zor ko’ngil,
Kelishidan ketishi yengil.

Hasadgo’y

Soyda o’sgan achchiq bir alaf,
Mehribonlik qiladi talab.

MARDLIK AFSONASI

Uzoq-uzoq o‘tmishlar tarixin titsam,
Massagetlar shonidan bir qissa bitsam,
Afsona deb, kitobxon qo‘limni tutma!
Shonli uzoq o‘tmishdan ko‘zing berkitma!
Axir qancha chuqurdan qaynasa buloq,
Suvi shuncha pok bo‘lur, shuncha totliroq!
Ko‘hna tarix bu kunga gar bo‘lsa ibrat,
Uni eslab turmoqlik kerakdir, albat.
Afsonaga o‘xshaydi qissaning o‘zi,
Ammo unda mavjuddir haqiqat izi.
Haqiqatdan tug‘ilar ba’zan afsona!
Ulush qo‘shsa ne ajab ertakchi ona.
Baxshi unga bog‘lasa qanot va quyruq,
Qalbi bergach ko‘ksidan shunday bir buyruq.
Tariximiz ko‘p ulkan, keksa beqiyos,
Har yili yuz dostonga bo‘lur bir asos!
Amudan suv ichganmiz cho‘lda mol boqib,
Bobotog‘da yurganmiz lolalar taqib.
Ba’zan dushman kelardi tomog‘in qoqib,
Jang qilganmiz qirlarda, tunda o‘t yoqib.
Bir kun yurtga ot soldi bosqinchi Eron,
Kayxusravning niyati: Yer-suv, mulk, qiron.
— Bosh eg! — dedi ellarga.
— Men yashay mag‘rur,
Men o‘tganda qo‘lingni qovushtirib tur!
Menga bo‘shat uyingning yumshoq to‘rini!
Menga bo‘shat yoz chog‘i salqin so‘rini!
Kabob yasa qo‘zining barra go‘shtidan!
Xazinamga soliq yig‘ bog‘, qir, dashtidan!
Haramimga to‘plansin tam-tam go‘zallar!
Shavkatimga to‘qilsin doston, g‘azallar!
… Nayrang bilan Amudan o‘tdi ot solib,
Bayrog‘ida shum ajal, erksizlik olib.
Tinch bir o‘lka oromin yo‘qotdi shunda,
Hatto go‘dak ko‘ksiga o‘q otdi shunda!..
Elu yurtni qopladi motam libosi,
Qon yig‘ladi hattoki ko‘lida g‘ozi.
Qon yig‘ladi el, elat, urug‘ va aymoq,
Qon yig‘ladi dala-tuz, sahro, qir va bog‘.
Qon yig‘ladi beshikda tilsiz norasta,
Qon yig‘ladi chol-kampir, dillari xasta.
Qon yig‘ladi bog‘da gul, qirda chechaklar.
Qon yig‘ladi nomus deb, qiz, kelinchaklar.
Qon yig‘ladi qo‘zi-qo‘y taqir o‘tloqda.
Qon yig‘ladi: — Suv! Suv! — deb dehqon qirg‘oqda.
Shunda chiqdi otilib ona To‘maris,
— O‘lim yovga! — dedi u, bukmaymiz hech tiz!
Bizni sahro burguti, lochini derlar,
Bizga aziz, muqaddas bu ona yerlar.
Dushman oti nag‘alin
Izi tushmasin.
Bog‘imizdan biror qush bevaqt uchmasin.
Uyat bizga dushmanga bosh egib yashash!
Boqing, dushman mol-mulkni qilur xomtalash!
O‘choqdagi olovim,
So‘nmasin desang,
Ariqlarda suvlarim tinmasin desang,
Gullarimning shoxlari sinmasin desang,
Bola-chaqam qon yig‘lab qolmasin desang,
Qo‘llarimga yov zanjir solmasin desang,
Ona yurtim daxlsiz, muqaddas desang;
To‘ldi sabr kosasi, yetar, bas desang;
Desang ona elimning aziz tuprog‘i,
Desang bevaqt so‘lmasin, hatto yaprog‘i,
Sariq xazon bo‘lmasin yorim jamoli,
Qon hidiga to‘lmasin bahor shamoli;
Bulut ichra tolmasin yorqin quyoshim;
O‘t ichida yonmasin qir, dala-toshim;
Bo‘g‘zimda qolmasin erk to‘la kuyim;
Aylamasin azaga bazmim va to‘yim.
Oyoq osti bo‘lmasin ajdodim go‘ri;
Podam ichra oralab yurmasin bo‘ri;
O‘tirmasin yov chiqib uyim to‘riga,
Suv sepmasin tandirda qolgan qo‘riga,
Bukilmasin ellikka yetmasdan belim;
Kesilmasin og‘zimda bu biyron tilim;
O‘yilmasin ko‘zlarim ko‘rsin jahonni,
Qulluq uchun tutmayman, tanda bu jonni
Desang, xalqim, bosh ko‘tar, tur, oyoqqa tur!
Dushman kelur bostirib qarshisiga yur!
Omoching qo‘y, qo‘lingga qilich, yarog‘ ol!
Agar qilich topmasang, bolta, o‘rog‘ ol!
Neki bo‘lsa ol qo‘lga, lekin qurol ol!
Xoh kattasan, xoh kichik: xoh er, xoh ayol!
Oyog‘ingga etik kiy, belingni bog‘la!
Ona tuproq tuzini, vaqt keldi oqla!
Xoh otlisan, xoh yayov, anjoming tuzat!
Maydonga chiq, maydonga, mardliging ko‘rsat!
«Xo‘p bo‘ladi!»dedi el, turdi oyoqqa,
Hatto chollar tayanib hassa-tayoqqa!
Bitta mushtga aylandi yurt, ovul, qishloq,
To‘lib ketdi lashkarga qiru, soy, toshloq!
Kiyim boshi qurama, maqsad bittadir,
Bir og‘izdan barchasi xitob etadir:
— Sensan yurtning onasi, onaliging qil,
Sening so‘zing biz uchun amru farmon, bil!
O‘zing boshla maydonga, boshla To‘maris!
Qolsin bizdan tarixda shonli porloq iz!
Qo‘li bog‘liq yashashdan o‘lim a’lodir.
Bosqinchi yov o‘limga mahkum balodir.
O‘zing boshla mardona, boshla To‘maris!
Yo o‘lim, yo yurtni shonga ko‘mamiz!
— Xo‘p! Men rozi! — dedi u, — tinglang alqissa,
Mening uchun qonundir, elim ne desa!
Boshlab ketdi lashkarni, ostida tulpor.
Xalq ishonchi qalbiga yana kuch to‘plar!
Qilich, qalqon yarashar mag‘rur bastiga,
Uzun sochi olingan qalpoq ostiga.
Balandposhna etigi xipcha oyoqda,
Olov ko‘zi der edi: dushman qayoqda!
Ishonch bilan lashkarni boshlab ketdi u,
Necha qiru soylardan oshib o‘tdi u.
Jangga kirdi mardona iftixor bilan,
Ishonch bilan, o‘ch bilan, matonat bilan.
G‘azab bilan, zarb bilan, zo‘r nafrat bilan.
Ming-minglab bosh sapchadek uzilib qoldi,
Ming-minglab tana majolsiz cho‘zilib qoldi.
Qonlar qonga qorishdi, o‘lik o‘likka.
Otlar jangga kirardi pishqirib tikka.
Duch kelganni kesadi o‘rog‘u bolta,
Uzun qilar so‘yillar, qo‘l bo‘lsa kalta!
Mundoq boqsa Kayxusrav, qo‘shin holi tang.
Xos askarni tushirib o‘zi qildi jang.
Amin edi mahorat, kuch, bardoshiga.
Mard To‘maris ot qo‘yib chiqdi qoshiga.
Qilichbozlik boshlandi — yakkama-yakka.
Tashlanardi otlari arslondek tikka.
Qalqon to‘sib qolardi qilich zarbini,
Ikki tomon garovga qo‘ygan qalbini.
Qalbinmas, hayoti, erk, iqbolini.
Yurt nomusi, sharafi, istiqbolini!
Ming chirandi Kayxusrav, bo‘lmadi biroq,
Qochib qoldi qo‘shinin tashlab tumtaroq!
Quvib ketdi mardona Yovqur To‘maris.
Qorasini yo‘qotmay borar izma-iz.
Shiddatida bor edi yigit viqori,
Yetib borib qilichin tutib yuqori,
Yelkasiga tushirdi boshi aralash.
Deya: o‘zi bo‘lurmi tinch elni talash!
Otdan uchib Kayxusrav mukkalab ketdi,
Qora qonga belanib yoqasin tutdi.
Titrar edi maqtanchoq, chiranchoq qalbi,
Bir-biriga tegmasdi po‘rsildoq labi.
Uchib ketgan qo‘lidan tilla sop qilich,
Zarbof to‘nni deyadi: — endi jondan kech!
Shafqat ila boqardi To‘marisga u.
Tilni o‘nglab ololmas hatto so‘zga u.
Kalta qildi so‘zini To‘maris esa:
«Hukm shudir — qahramon xalqim ne desa!»
Bir og‘izdan xalq dedi: — dushmanga o‘lim!
Xalq qalbida nafrati, qahri limmo-lim!
Shart uzildi murdorning boshi tanidan.
(Esdalikka olindi qilich yonidan.)
Bosh dumalab yotardi el oyog‘ida,
Oltin sirg‘a yiltillab so‘l qulog‘ida!
Mard To‘maris so‘z olib, dedi: — Xaloyiq!
Yovga bergan zarbingiz maqtovga loyiq!
Do‘stga bo‘lgan mehrcha yovga qahringiz!
Endi butun ozoddir qishloq, shahringiz!
(So‘ngra boqdi dumalab yotgan u boshga)
— Tiriklikda to‘ymovding sira qon-yoshga,
Mana endi to‘yib ol, boshing ko‘mib ich,
Bu gal senga kerakmas qalqonu qilich! —
Deya uzuq boshni u chuqurga otdi.
Chuqurdagi qonga bosh ko‘milib botdi!
Xalq olqishlab qizini dedi: — Tashakkur!
Aqling — daryo, mehring — ko‘l, har bir so‘zing—dur!

***

El tinchidi, o‘lkada, ur-sur yo‘qoldi,
Yovdan faqat tuproqda qonli iz qoldi.
Tunda yomg‘ir, sel kelib, yuvdi uni ham,
Go‘yo qayta boshidan poklandi olam!
Tutdi omoch qulog‘in erksevar dehqon.
Mard To‘maris dovrug‘in el qildi doston.

055

(Tashriflar: umumiy 13 099, bugungi 1)

2 izoh

  1. Жокондани курганда номли шеърини тополмадим

  2. Шоир Шухратнинг «Сени севдим» шеьрини Улуг хофиз Шерали Жураев кушик килиб айтганлар.
    Шу кушикни хеч каердан тополмаяпман.
    Агар билганлар булса шу кушикни мен билан булишса ёки тармокка жойласа икки дунё саодатини тилаб дуо килиб утардим
    Хурмат билан Илхом Хамракулов
    Тел:+998915659410
    Email: ilhomhamrakulov866@gmail.com

Izoh qoldiring