Tohir Malik. Bilim shamchiroqlari & Ozod inson haqida qo’shiq

Ashampoo_Snap_2016.12.14_23h32m53s_002_.png Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик таваллудининг 70 йиллиги олдидан.

   Шоир китоб ўқиб ўтирган экан. Бир жоҳил одам унга яқин келиб «нечун ёлғиз ўтирибсан?» деб сўрабди. Шунда шоир унга қараб: «Сен келишинг билан ёлғиз қолдим. Чунки китоб мутолаасидан тўхтадим», деган экан.

Тоҳир МАЛИК
БИЛИМ ШАМЧИРОҚЛАРИ
011

014Тоҳир Малик (Ҳобилов Тоҳир Абдумаликович) 1946 йил 27 декабрда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (2000). Ўзбек фантастикасининг асосчиларидан бири. Тошкент университетининг журналистика факултетини тамомлаган (1969). Биринчи йирик асари — «Ҳикмат афандининг ўлими» (1972). «Заҳарли ғубор» (1974), «Фалак» (1975), «Сомон йўли элчилари» (1978), «Чорраҳада крлган одамлар» (1982), «Бир кўча, бир кеча» (1983), «Алвидо, болалик» (1989), «Сўнгги ўқ» (1990), «Ов» (1995) каби илмий-фантастик, саргузашт қиссалари машхур.
«Шайтанат» романи (1-китоб, 1992; 2-китоб, 1995; 3-китоб, 1997; 4-китоб, 2000) ёзувчининг йирик асарларидандир. Асар асосида кўп церияли телефилм яратилган. «Жиноятнинг узун йўли» (2004) илмий-таҳлилий рисоласи, «Меҳмон туйғулар» (2003) номли хотира, ёднома, адабий мақолалар тўплами ҳам бор. Унинг «Амир Темур даври адабиёти» (1998), «Варахша», «Унвони инсон» (1999), «Соҳилсиз денгиз» (2000), «Зулмат салтанати» (2001), «Моштабиб» (2002) сценарийлари асосида ҳужжатли фильмлар ишланган.
Рус ёзувчиси Ф. М. Достоевскийнинг «Маъсума» қиссасини, шунингдек, жаҳон адабиёти намояндаларининг айрим асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

08

— Миллион долларсиз яшамоқ мумкинми?
— Мумкин.
— Юз, ўн, ҳатто бир долларинг бўлмаса-чи?
— Яшамоқ мумкин. Ризқни Тангри беради. Кишининг тирик юриши учун кунда бир кесим нон кифоя. Оғир кунларда одамлар шундай яшашган. Одам нима учун таомланади? Ўлиб қолмаслик, ҳаракатдан тўхтамаслик учун. Бунинг учун катта бойлик шарт эмас.
— Шон-шуҳратсиз яшамоқ мумкинми?
— Одамлар яшашяпти-ку? Нега мумкин эмас экан?
— Юқори мансабсиз-чи?
— Одамларнинг барчаси мансабдор эмас-ку?
— Амалинг бўлмаса, бойлигинг бўлмаса, шон-шуҳратинг бўлмаса, тўй-ҳашамларда сенга пойгакдан жой тегади.
— Демак, улар Одамни эмас, амал ва бойликни тўйга чорлашган экан. Пойгакда ўтиришдан афсус чекмаслик керак. Чунки ўша тўрдагилар ҳадемай пойгакка тушадилар.
— Хўш, бойликсиз, амалсиз, шуҳратсиз яшамоқ мумкин экан. Нимасиз яшамоқ мумкин эмас?
— Иймонсиз. Иймон билан яшаётган киши Аллоҳнинг ҳузурида энг бой, энг шуҳратли кишидир. Тангри ҳузуридаги дастурхон тўри ҳам иймон эгалариники бўлади. Дунёвий бойлик, мансаб, шуҳрат хиёнаткордирлар. Иймон бойлиги эса садоқатлидир. Бу дунёда ташвишли ёки қувончли кунларда ҳам ёлғиз қўймайди. У дунёда эса ўзингга кўшк бўлиб хизмат қилади.

08

Олимлар тош асри миллион ёки неча минг йил олдин ўтиб кетган дейишади. Лекин мен айрим одамларнинг тош қалбларига қараб, бу гапга ишонгим келмайди. Тош асри тугамаганга ўхшайди.
Бир киши ўзининг синглиси билан юз кўрмас даражада аразлашган экан. Узоқ йиллар давомида ака-сингил бегоналардай юришган. Вақти келиб, сингил қазо қилганида ака фотиҳага бормоқни ихтиёр этиб, ҳаракатини «ўликнинг ҳурматини қилиб қўйиш керак», деб изоҳлабди.
Ажаб, минг бор ажаб! Дуруст, ўликнинг ҳурмати бор экан. Тирикнинг ҳурмати-чи?

08

Ақлимиз ҳамиша биз билан бирга эмас, доимий равишда ҳукм ўтказмайди. Худди чекиш баҳонасида ташқарига чиққан кашанда сингари бизларни тарк этиб туради. Биз буни сезмаймиз ва айни шу дамда аҳмоқлик қилиб қўйиб, сўнг афсусланамиз.

08

Одамнинг эл орасидаги ўрни, мартабаси, обрў-эътиборини аввало қилган ишлари, сўнг эса атрофидагиларнинг мақтов ва олқишлари белгилайдими? Балки аксинчадир? Яъни, атрофидагиларнинг ёлғон-яшиқ олқишлари бирламчи, арзимас хизмати — эса иккиламчидир?

08

Бир киши билан танишадиган бўлсак, унинг қандай фазилатларга эга эканлиги билан қизиқамиз. Иллатлари ҳам назаримиздан четда қолмайди. Сўнг ақлу фаросатимизни тарозуга айлантириб, янги танишимизнинг фазилату иллатларини «тортиб» кўрамиз. Тарозунинг «фазилат» палласи оғирроқ келса, янги танишимиз билан янада яқинлашишга, дўстлашишга интиламиз. Тарозунинг «иллат» палласи босса, ундан нари қочишга уринамиз. Ўзимизга хос ажиб хусусият шундаки, «фазилат» ва «иллат» тушунчаларини ўз ақлимиз даражасидан чиқолмаган тарзда, ўз қаричимиз билан ўлчаймиз. «Комил инсонга хос фазилат» деган меъёрни эса унутамиз. Шу боис янги танишимизга хос фазилатдай кўринган одат комил инсонга ёт, иймонга зид бўлиб чиқиш эҳтимоли ҳам бор.

Бу борада янглишмаслик, янги танишни асл ҳолида танимоқлик учун ўзимизнинг қобиғимиздан чиқишимиз керак бўлади. Каллакесар одам чивинга ҳам озор бермайдиган кишининг бу мўъминлик фазилатини қадрлай олмайди, аксинча, «нодон» деб кулади. Бесабр одам сабрли кишининг қадрига етолмайди. Демак, уни зоҳиран билса-да, ботинан танимоғи мушкул.

08

«Мана шу қаср, шу автомашина, шу жавоҳиру ёқутлар меники», деб ўйлаймиз. Нодонлармиз биз. Ахир жонимиз узилиши билан булардан ажраймиз-ку? Булар бизларга асқотмайди-ку?

«Шу кўз, юрак, жигар… меники», деймиз. Зоҳиран тўғри — ҳаёт эканимизда бизники. Аслида — оқибатда эса, жон чиқиб сўнгги манзилимизга борганимизда эса улар ўз эгаларини топадилар. Бу аъзоларимизнинг асл эгалари — лаҳад қуртларидир.

У ҳолда чин ўзимизники бўлган, бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам ўзимизга садоқат билан ҳамроҳ бўлувчи, бошқаларга насиб этмовчи, фақат ўзимизга хизмат қилувчи бирон нимамиз борми? Бор! Бу — иймон.
08

Қўшиқчи «Бургутлар, мени самоларга олиб чиқинг!» деб нола қиляпти. Дуруст, самога-ку, бургут олиб чиқар. Осмонга чиққандан сўнг тушмоқ ҳам бор. Бургут олиб тушармикин? Одамлар айтмайдими: «Нодон, ўзинг учишни билмасанг нима қиласан учишни орзу этиб?»

08

Шоир китоб ўқиб ўтирган экан. Бир жоҳил одам унга яқин келиб «нечун ёлғиз ўтирибсан?» деб сўрабди. Шунда шоир унга қараб: «Сен келишинг билан ёлғиз қолдим. Чунки китоб мутолаасидан тўхтадим», деган экан.

08

Ривоят қилурларким, ТАҚДИРнинг бениҳоя тенгсиз гўзал, оқила қизи бор экан. Қарангки, бир вақтнинг ўзида АҚЛ, ДАВЛАТ ва УМИД деган йигитлардан совчилар келишибди. ТАҚДИР қизини чақириб «Куёв бўлмишни ўзинг танла, қайси бири сенга маъқул?» деб сўрабди. Доно қиз ўйлаб туриб жавобини бошлабди:
— АҚЛ инсондаги энг олийжаноб фазилатдир. АҚЛ ёрдамида дўстни душмандан, ҳушёрни эса девонадан фарқлаш мумкин. Лекин АҚЛнинг бир айби борки, кишини чалғитиб, хатарли йўлларга солиб қўймоғи ҳам мумкин. «Ақллилик балоси» деб бекорга айтмаслар.
— ДАВЛАТ ҳақида нима дейсан?
— ДАВЛАТ — ишбилармон ва ҳукмдордир. Давлатнинг итоатида кўп нарсалар бор. Бироқ, унда вафо йўқ. Агар ихтиёрни ўзимга берсангиз мен УМИДни танлагум. Чунки УМИД ҳар қандай ҳолатда ҳам инсондан ажралмайди, ҳар қандай ҳолатда ҳам вафолигидан чекинмай, энг яқин дўст бўлиб қолади, — деган экан оқила қиз.

08

Бир кар одамнинг ҳўкизи йўқолиб қолибди. Кўчада қидириб юриб, янада карроқ одамга дуч келибди. Иттифоқо бу одам эрталаб эшак топиб олган экан. Кар одам ҳўкизи йўқолганини айтиб, унинг шохлари-ю, думларининг таърифини келтирибди. Карроқ одам унга жавобан:
— Ҳа, тўғри, мен эшагингни топиб қўйганман, суюнчини бергину олиб кетавер, — дебди.

Кар одам эса яна ҳўкизининг таърифини қилаверибди. Шу ҳолда гап талашиб туришганда эшагига бир жувонни мингаштириб олган оқсоқол кўринибди. Қарангки, оқсоқол улардан-да карроқ экан. Йўлни тўсиб, бири ҳўкиз, бири эшак ҳақида тинмай гапираётган одамларга қараб: «Хотинни олиб қўйишмоқчи шекилли», деб ўйлаб:
— Яқинда хотиним ўлди. Бу жувон бегона эмас, хотинимнинг чўриси эди, — дебди.

Хуллас, уччови уч хил гапириб, баҳслашиб, ҳақиқат истаб қозига келибдилар. Худонинг қудратини қаранг-ки, қози улардан баттар кар экан. Рамазон ойи яқинлашиб қолган, агар янги Ой кўринса, ноғоралар чалиниб, элга маълум қилиниши керак экан. Қози уларнинг тинмай, бир-бирларига гап бермаётганларидан «Ҳа, улар янги Ой чиққанини кўришибди-да», деган қарорга келиб, хизматкорларига буюрибди:
— Ҳой, ноғораларни чалинглар, эртага саҳардан рўза!

Қиссадан ҳисса: бир-биримизнинг гапларимизга тушунишни истамай юрганимизда ўша одамларга ўхшаб қолмаймизми?

08

Бўстонлиқда бир чинор кўрдим: одамлар унинг яқинида гулхан ёқавериб, оқибатда дарахтнинг баданини ўйиб юборишибди. Узоқдан қаралса, дарахт тили суғуриб олинган одамга ўхшайди. Бизнинг тарихимиз ҳам шунақа…

08

Қадрдонимизникига фотиҳага бориб эдик. Дуодан сўнг марҳумнинг фазилатларини эслаб ўтирганимизда соқоли оқарган, эгнига қимматбаҳо чакмон кийган киши келдилар. Ташқи кўринишларидан умрлари илм олмоқлик билан ўтаётган уламога ўхшардилар. Шу боис ёнимиздаги қори «ўзлари ўқисинлар», деган маънода у кишига имладилар. «Аъузу…» бошланиши биланоқ бизларнинг ҳайратимиз ҳам бошланди. Биз уламо деб ўйлаган киши калималарни шу қадар ямлаб, ғажиб ўқир эдиларки, айтаётганларини ўзлари англамасалар бошқаларнинг тушунмоқлари мумкин эмасди. Асли талаффузлари шунақароқдир, десак, тиловатдан сўнг бинойи гаплашиб ўтирдилар.

Маълум бўлдики, бу киши умрларини илм билан, ибодат билан эмас, бошқа юмушлар билан ўтказиб, шу ёшга етганларида ибодатга жазм қилибдилар. (Шунисига ҳам шукур!) Қуръон оятларини ёд олмоқликни тиллари қотиб бўлганидан сўнг бошлабдилар. Ўз фикрларича, исломий ҳисобланган уст-бошни маромига етказибдилар. Таъбир жоизким, уст-ялтироқ, ич-қалтироқ. Агар уст-бошни яхшилашга қаратилган интилиш Қуръон оятларини ёд олмоққа қаратилгандами эди…

08

Ҳаёт — бешик ва тобут орасидаги тор бир йўл ва йўлчиликдир. Дунё ҳаёти сўнгсизлик ичида бир совун кўпиги кабидир. «Инсонлар идрок қилган ҳаёт нимадан иборатдир?» деган саволга ернинг заҳи ва қабр тошларининг қаттиқлиги энг тўғри жавоб бўлур эди. Шундай экан, нафсоний орзулар ва вужуд йўлида ўтган умрнинг маъноси нима ҳам бўлур эди?

08

Баъзан эшитиб қоламиз: «Болаларнинг онгини дин билан заҳарламанг». Англамоқ шартким, боланинг онги дин ҳикматидан бебаҳра бўлган ҳолатдагина заҳарланади.

08

Донишманд шайхнинг ҳузурига бир мўйсафид келиб: «Шайх ҳазратлари, энди мен қариб қолдим, кун ўтказишим ҳам машаққатга айланяпти. Менга панд-насиҳат қилинг, шояд Аллоҳ ишларимни яхши йўлга бошласа», — дебди.

Шунда шайх мўйсафидга хитобан дебдики:
— Биродарим, агар сен эсда тутувчи бўлсанг ҳам, хотиранг юқори мақомда бўлса ҳам икки нарсани эсдан чиқаргин: аввали — халқ учун қилган яхшилигингни, кейини — бировнинг сенга қилган ёмонлигини.
— Мардлик ва одамийлик ҳақида ҳам сўз айтинг.
— Миннат юкига бардош бермоқлик — одамийлик нишонасидир. Қўлидан келадиган ишни ўзгадан дариғ тутмаслик эса мардликдир.
— Ҳамиша мўъмин ва мусулмон бўлиб юрмоқлик ҳақида ҳам айтинг, шайхим.
— Кишининг айбини қидирмаслик — мусулмонликдандир. Ўмон сўзларни айтмаслик мўъминликдандир, — деб шайх насиҳатига якун ясаган экан.

08

Агар сиз билимдон бўлсангиз, биродарларингизга ҳам беринг, токи ундан шамчироқларини ёндириб олишсин.

08>

Илмнинг юзасида сузиб юрувчи одам жаҳолатни теранлик деб, ёввойиликни забардастлик, мавҳумликни ниҳоясизлик, бемаъниликни эса ўта таъсирчанлик деб қабул қилади.

08

Одам боласининг энг жиддий эҳтиёжи — ҳақиқатни билиш эҳтиёжидир. Минг хил йўл билан янглишиш мумкин, ҳақиқатга эса фақат битта йўл олиб боради. Ҳақиқатни юрак-юракдан севиш — уни топишнинг асосий шартларидан биридир. Исботланиши қийин ҳақиқатларни кўпчилик овознинг эътироф этмоғи узил-кесил далил бўла олмайди, чунки бундай ҳақиқатларга кўпчиликдан кўра айрим одамларгина дуч келадилар. Тажриба синовига чидаган нарса — ҳақиқат бўла олиши мумкин.

08

Фан — қайиққа ҳам, кемага ҳам баб-баравар очиқ денгиз кабидир. Биров унда олтин ёмби ташиса, бошқаси қармоқ ташлаб балиқ овлайди. Фаннинг ибтидоси — ақл, ақлнинг ибтидоси эса сабр-тоқатдир. Улуғ ишлар учун толмас сабот керак. Кишини қобилияти учун эмас, балки ўша қобилиятидан қандай фойдалана олишни билишига қараб қадрлашади. Қобилият ўз-ўзича шуурсиздир, у ишга солинган тақдирдагина жилоланади.

08

Баъзилар муҳаббат ёш танламайди, дейишади. Тўғридир бу балки. Аммо Қобус ўғлига мурожаат этиб: «Ёшинг қайтганда севма», деган экан. Яна бир доно одам «одам қирқ ёшга қадар севмадими, ундан кейин ҳам севмай қўя қолгани маъқул», деган экан. Чунки кексаликдаги муҳаббат — фазилат эмас, балки иллатга айланаркан. Кексайган одамнинг ёшлик ўтида ёна олмаслиги ойдек равшан ҳақиқатдир. Шундай экан, «ошиқ қария — табиатдаги энг катта мажруҳликдир», дегувчи мутлақо ҳақдир! Эски саноч шаробга бас келолмагани каби кекса юрак ёшлик туйғуларига бардош беролмайди. Уйланмоқчи бўлган қариянинг бирдан-бир муддаоси — унга энага керак. Ёш хотин орзусидагиларга шайх Саъдийнинг сўзларини эслатмоқ жоиз: «Ёш хотиннинг биқинида чол ётганидан кўра, шу биқинга камон ўқи ботгани афзалроқ…».

08

Ажриқдан сўрабдилар:
— Нега қишда ҳам кўкариб чиқмайсан?
— Сўрама, биродар, — дебди ажриқ хўрсиниб, — Кўкламда кўкариб чиқиб қандай ҳурмат кўрибманки, қишда ҳам кўкарсам?

08

Чўкаётган одам нола қилиб, қичқирибди:
— Эй Худойим, мени қутқар!
Ёнидаги дўсти дебди-ки;
— Қўлларингни ишга сол, шунда Худо сени қутқаради.

08

Дунё сармоясини охират сармоясига олиб борувчи восита сифатида кўрмас эканмиз, бу дунёдаги амалларимиз шайтонларга ем бўлишда давом этаверади. Натижа эса ғам-алам ва алданишдан иборатдир. Исроф тентаклиги ва марҳамат йўқсиллиги бу дунёнинг бош балосидир, охиратда эса азоб сармоясидир. Ўтган кунларимизнинг моҳиятини ўзгартириб бўлмайди. Келажагимизнинг моҳияти эса шубҳалидир. Он бу ондир. Бу онимизнинг кўнгил ва пешона терларини ҳаёт тупроғига эка олсак, инша Аллоҳ, охиратимиз ёруғ бўлғувсидир.

08

Оғзида биронта тиши йўқ қария билан ўспирин биргаликда овқатланиб ўтиришарди. Иккови бараварига йиғлаб юборишди.
— Нега йиғлаяпсиз? — деб сўрашди қариядан.
— Оғзимда тишим йўқ, то мен ямлагунча, бу йигитча овқатни паққос тушириб, мен оч қоляпман.
— Сен нега йиғлаяпсан? — деб сўрашди ўспириндан.
— Мен овқатни чайнагунимча бу чол чайнамай ютиб, овқатнинг баракаси учиб кетди, оч қоладиганга ўхшайман, — деган экан ўспирин.

Анвар Намозов тайёрлаган

3_o.jpgTohir MALIK
BILIM SHAMCHIROQLARI
011

08.jpgTohir Malik (Hobilov Tohir Abdumalikovich) 1946 yil 27 dekabrda Toshkent shahrida tug’ilgan. O’zbekiston xalq yozuvchisi (2000). O’zbek fantastikasining asoschilaridan biri. Toshkent universitetining jurnalistika fakultetini tamomlagan (1969). Birinchi yirik asari — «Hikmat afandining o’limi» (1972). «Zaharli g’ubor» (1974), «Falak» (1975), «Somon yo’li elchilari» (1978), «Chorrahada krlgan odamlar» (1982), «Bir ko’cha, bir kecha» (1983), «Alvido, bolalik» (1989), «So’nggi o’q» (1990), «Ov» (1995) kabi ilmiy-fantastik, sarguzasht qissalari mashxur.
«Shaytanat» romani (1-kitob, 1992; 2-kitob, 1995; 3-kitob, 1997; 4-kitob, 2000) yozuvchining yirik asarlaridandir. Asar asosida ko’p seriyali telefilm yaratilgan. «Jinoyatning uzun yo’li» (2004) ilmiy-tahliliy risolasi, «Mehmon tuyg’ular» (2003) nomli xotira, yodnoma, adabiy maqolalar to’plami ham bor. Uning «Amir Temur davri adabiyoti» (1998), «Varaxsha», «Unvoni inson» (1999), «Sohilsiz dengiz» (2000), «Zulmat saltanati» (2001), «Moshtabib» (2002) stsenariylari asosida hujjatli fil`mlar ishlangan.
Rus yozuvchisi F. M. Dostoevskiyning «Ma’suma» qissasini, shuningdek, jahon adabiyoti namoyandalarining ayrim asarlarini o’zbek tiliga tarjima qilgan.

08

— Million dollarsiz yashamoq mumkinmi?
— Mumkin.
— Yuz, o’n, hatto bir dollaring bo’lmasa-chi?
— Yashamoq mumkin. Rizqni Tangri beradi. Kishining tirik yurishi uchun kunda bir kesim non kifoya. Og’ir kunlarda odamlar shunday
yashashgan. Odam nima uchun taomlanadi? O’lib qolmaslik, harakatdan to’xtamaslik uchun. Buning uchun katta boylik shart emas.

— Shon-shuhratsiz yashamoq mumkinmi?
— Odamlar yashashyapti-ku? Nega mumkin emas ekan?
— Yuqori mansabsiz-chi?
— Odamlarning barchasi mansabdor emas-ku?
— Amaling bo’lmasa, boyliging bo’lmasa, shon-shuhrating bo’lmasa, to’y-hashamlarda senga poygakdan joy tegadi.
— Demak, ular Odamni emas, amal va boylikni to’yga chorlashgan ekan. Poygakda o’tirishdan afsus chekmaslik kerak. Chunki o’sha
to’rdagilar hademay poygakka tushadilar.

— Xo’sh, boyliksiz, amalsiz, shuhratsiz yashamoq mumkin ekan. Nimasiz yashamoq mumkin emas?
— Iymonsiz. Iymon bilan yashayotgan kishi Allohning huzurida eng boy, eng shuhratli kishidir. Tangri huzuridagi dasturxon to’ri ham iymon egalariniki bo’ladi. Dunyoviy boylik, mansab, shuhrat xiyonatkordirlar. Iymon boyligi esa sadoqatlidir. Bu dunyoda tashvishli yoki quvonchli kunlarda ham yolg’iz qo’ymaydi. U dunyoda esa o’zingga ko’shk bo’lib xizmat qiladi.

08

Olimlar tosh asri million yoki necha ming yil oldin o’tib ketgan deyishadi. Lekin men ayrim odamlarning tosh qalblariga qarab, bu gapga ishongim kelmaydi. Tosh asri tugamaganga o’xshaydi.
Bir kishi o’zining singlisi bilan yuz ko’rmas darajada arazlashgan ekan. Uzoq yillar davomida aka-singil begonalarday yurishgan. Vaqti kelib, singil qazo qilganida aka fotihaga bormoqni ixtiyor etib, harakatini «o’likning hurmatini qilib qo’yish kerak», deb izohlabdi.
Ajab, ming bor ajab! Durust, o’likning hurmati bor ekan. Tirikning hurmati-chi?

08

Aqlimiz hamisha biz bilan birga emas, doimiy ravishda hukm o’tkazmaydi. Xuddi chekish bahonasida
tashqariga chiqqan kashanda singari bizlarni tark etib turadi. Biz buni sezmaymiz va ayni shu damda ahmoqlik qilib qo’yib, so’ng afsuslanamiz.

08

Odamning el orasidagi o’rni, martabasi, obro’-e’tiborini avvalo qilgan ishlari, so’ng esa atrofidagilarning maqtov va olqishlari belgilaydimi? Balki aksinchadir? Ya’ni, atrofidagilarning yolg’on-yashiq olqishlari birlamchi, arzimas xizmati — esa ikkilamchidir?

08

Bir kishi bilan tanishadigan bo’lsak, uning qanday fazilatlarga ega ekanligi bilan qiziqamiz. Illatlari ham nazarimizdan chetda qolmaydi. So’ng aqlu farosatimizni tarozuga aylantirib, yangi tanishimizning fazilatu illatlarini «tortib» ko’ramiz. Tarozuning «fazilat» pallasi og’irroq kelsa, yangi tanishimiz bilan yanada yaqinlashishga, do’stlashishga intilamiz. Tarozuning «illat» pallasi bossa, undan nari qochishga urinamiz. O’zimizga xos ajib xususiyat shundaki, «fazilat» va «illat» tushunchalarini o’z aqlimiz darajasidan chiqolmagan tarzda, o’z qarichimiz bilan o’lchaymiz. «Komil insonga xos fazilat» degan me’yorni esa unutamiz. Shu bois yangi tanishimizga xos fazilatday ko’ringan odat komil insonga yot, iymonga zid bo’lib chiqish ehtimoli ham bor.

Bu borada yanglishmaslik, yangi tanishni asl holida tanimoqlik uchun o’zimizning qobig’imizdan chiqishimiz kerak bo’ladi. Kallakesar odam chivinga ham ozor bermaydigan kishining bu mo»minlik fazilatini qadrlay olmaydi, aksincha, «nodon» deb kuladi. Besabr odam sabrli kishining qadriga yetolmaydi. Demak, uni zohiran bilsa-da, botinan tanimog’i mushkul.

08

«Mana shu qasr, shu avtomashina, shu javohiru yoqutlar meniki», deb o’ylaymiz. Nodonlarmiz biz. Axir
jonimiz uzilishi bilan bulardan ajraymiz-ku? Bular bizlarga asqotmaydi-ku?

«Shu ko’z, yurak, jigar… meniki», deymiz. Zohiran to’g’ri — hayot ekanimizda bizniki. Aslida — oqibatda esa, jon chiqib so’nggi manzilimizga borganimizda esa ular o’z egalarini topadilar. Bu a’zolarimizning asl egalari — lahad qurtlaridir.

U holda chin o’zimizniki bo’lgan, bu dunyoda ham, u dunyoda ham o’zimizga sadoqat bilan hamroh bo’luvchi,
boshqalarga nasib etmovchi, faqat o’zimizga xizmat qiluvchi biron nimamiz bormi? Bor! Bu — iymon.

08

Qo’shiqchi «Burgutlar, meni samolarga olib chiqing!» deb nola qilyapti. Durust, samoga-ku, burgut olib chiqar. Osmonga chiqqandan so’ng tushmoq ham bor. Burgut olib tusharmikin? Odamlar aytmaydimi: «Nodon, o’zing uchishni bilmasang nima qilasan uchishni orzu etib?»

08

Shoir kitob o’qib o’tirgan ekan. Bir johil odam unga yaqin kelib «nechun yolg’iz o’tiribsan?» deb so’rabdi. Shunda shoir unga qarab: «Sen kelishing bilan yolg’iz qoldim. Chunki kitob mutolaasidan to’xtadim», degan ekan.

08

Rivoyat qilurlarkim, TAQDIRning benihoya tengsiz go’zal, oqila qizi bor ekan. Qarangki, bir vaqtning o’zida AQL, DAVLAT va UMID degan yigitlardan sovchilar kelishibdi. TAQDIR qizini chaqirib «Kuyov bo’lmishni o’zing tanla, qaysi biri senga ma’qul?» deb so’rabdi. Dono qiz o’ylab turib javobini boshlabdi:
— AQL insondagi eng oliyjanob fazilatdir. AQL yordamida do’stni dushmandan, hushyorni esa devonadan farqlash mumkin. Lekin AQLning bir aybi borki, kishini chalg’itib, xatarli yo’llarga solib qo’ymog’i ham mumkin. «Aqllilik balosi» deb bekorga aytmaslar.
— DAVLAT haqida nima deysan?
— DAVLAT — ishbilarmon va hukmdordir. Davlatning itoatida ko’p narsalar bor. Biroq, unda vafo yo’q. Agar ixtiyorni o’zimga bersangiz men UMIDni tanlagum. Chunki UMID har qanday holatda ham insondan ajralmaydi, har qanday holatda ham vafoligidan chekinmay, eng yaqin do’st bo’lib qoladi, — degan ekan oqila qiz.

08

Bir kar odamning ho’kizi yo’qolib qolibdi. Ko’chada qidirib yurib, yanada karroq odamga duch kelibdi. Ittifoqo bu odam ertalab eshak topib olgan ekan. Kar odam ho’kizi yo’qolganini aytib, uning shoxlari-yu, dumlarining ta’rifini keltiribdi. Karroq odam unga javoban:
— Ha, to’g’ri, men eshagingni topib qo’yganman, suyunchini berginu olib ketaver, — debdi.

Kar odam esa yana ho’kizining ta’rifini qilaveribdi. Shu holda gap talashib turishganda eshagiga bir juvonni mingashtirib olgan oqsoqol ko’rinibdi. Qarangki, oqsoqol ulardan-da karroq ekan. Yo’lni to’sib, biri ho’kiz, biri eshak haqida tinmay gapirayotgan odamlarga qarab: «Xotinni olib qo’yishmoqchi shekilli», deb o’ylab:
— Yaqinda xotinim o’ldi. Bu juvon begona emas, xotinimning cho’risi edi, — debdi.

Xullas, uchchovi uch xil gapirib, bahslashib, haqiqat istab qoziga kelibdilar. Xudoning qudratini qarang-ki, qozi ulardan battar kar ekan. Ramazon oyi yaqinlashib qolgan, agar yangi Oy ko’rinsa, nog’oralar chalinib, elga ma’lum qilinishi kerak ekan. Qozi ularning tinmay, bir-birlariga gap bermayotganlaridan «Ha, ular yangi Oy chiqqanini ko’rishibdi-da», degan qarorga kelib, xizmatkorlariga buyuribdi:
— Hoy, nog’oralarni chalinglar, ertaga sahardan ro’za!

Qissadan hissa: bir-birimizning gaplarimizga tushunishni istamay yurganimizda o’sha odamlarga o’xshab
qolmaymizmi?

08

Bo’stonliqda bir chinor ko’rdim: odamlar uning yaqinida gulxan yoqaverib, oqibatda daraxtning badanini o’yib yuborishibdi. Uzoqdan qaralsa, daraxt tili sug’urib olingan odamga o’xshaydi. Bizning tariximiz ham shunaqa…

08

Qadrdonimiznikiga fotihaga borib edik. Duodan so’ng marhumning fazilatlarini eslab o’tirganimizda soqoli oqargan, egniga qimmatbaho chakmon kiygan kishi keldilar. Tashqi ko’rinishlaridan umrlari ilm olmoqlik bilan o’tayotgan ulamoga o’xshardilar. Shu bois yonimizdagi qori «o’zlari o’qisinlar», degan ma’noda u kishiga imladilar. «A’uzu…» boshlanishi bilanoq bizlarning hayratimiz ham boshlandi. Biz ulamo deb o’ylagan kishi kalimalarni shu qadar yamlab, g’ajib o’qir edilarki, aytayotganlarini o’zlari anglamasalar boshqalarning tushunmoqlari mumkin emasdi. Asli talaffuzlari shunaqaroqdir, desak, tilovatdan so’ng binoyi gaplashib o’tirdilar.

Ma’lum bo’ldiki, bu kishi umrlarini ilm bilan, ibodat bilan emas, boshqa yumushlar bilan o’tkazib, shu yoshga yetganlarida ibodatga jazm qilibdilar. (Shunisiga ham shukur!) Qur’on oyatlarini yod olmoqlikni tillari qotib bo’lganidan so’ng boshlabdilar. O’z fikrlaricha, islomiy hisoblangan ust-boshni maromiga yetkazibdilar. Ta’bir joizkim, ust-yaltiroq, ich-qaltiroq. Agar ust-boshni yaxshilashga qaratilgan intilish Qur’on oyatlarini yod olmoqqa qaratilgandami edi…

08

Hayot — beshik va tobut orasidagi tor bir yo’l va yo’lchilikdir. Dunyo hayoti so’ngsizlik ichida bir sovun ko’pigi kabidir. «Insonlar idrok qilgan hayot nimadan iboratdir?» degan savolga yerning zahi va qabr toshlarining qattiqligi eng to’g’ri javob bo’lur edi. Shunday ekan, nafsoniy orzular va vujud yo’lida o’tgan umrning ma’nosi nima ham bo’lur edi?

08

Ba’zan eshitib qolamiz: «Bolalarning ongini din bilan zaharlamang». Anglamoq shartkim, bolaning ongi din hikmatidan bebahra bo’lgan holatdagina zaharlanadi.

08

Donishmand shayxning huzuriga bir mo’ysafid kelib: «Shayx hazratlari, endi men qarib qoldim, kun o’tkazishim ham mashaqqatga aylanyapti. Menga pand-nasihat qiling, shoyad Alloh ishlarimni yaxshi yo’lga boshlasa», — debdi.

Shunda shayx mo’ysafidga xitoban debdiki:
— Birodarim, agar sen esda tutuvchi bo’lsang ham, xotirang yuqori maqomda bo’lsa ham ikki narsani esdan chiqargin: avvali — xalq uchun qilgan yaxshiligingni, keyini — birovning senga qilgan yomonligini.
— Mardlik va odamiylik haqida ham so’z ayting.
— Minnat yukiga bardosh bermoqlik — odamiylik nishonasidir. Qo’lidan keladigan ishni o’zgadan darig’ tutmaslik esa mardlikdir.
— Hamisha mo»min va musulmon bo’lib yurmoqlik haqida ham ayting, shayxim.
— Kishining aybini qidirmaslik — musulmonlikdandir. O’mon so’zlarni aytmaslik mo»minlikdandir, — deb shayx nasihatiga yakun yasagan ekan.

08

Agar siz bilimdon bo’lsangiz, birodarlaringizga ham bering, toki undan shamchiroqlarini yondirib olishsin.

08>

Ilmning yuzasida suzib yuruvchi odam jaholatni teranlik deb, yovvoyilikni zabardastlik, mavhumlikni nihoyasizlik, bema’nilikni esa o’ta ta’sirchanlik deb qabul qiladi.

08

Odam bolasining eng jiddiy ehtiyoji — haqiqatni bilish ehtiyojidir. Ming xil yo’l bilan yanglishish mumkin, haqiqatga esa faqat bitta yo’l olib boradi. Haqiqatni yurak-yurakdan sevish — uni topishning asosiy shartlaridan biridir. Isbotlanishi qiyin haqiqatlarni ko’pchilik ovozning e’tirof etmog’i uzil-kesil dalil bo’la olmaydi, chunki bunday haqiqatlarga ko’pchilikdan ko’ra ayrim odamlargina duch keladilar. Tajriba sinoviga chidagan narsa — haqiqat bo’la olishi mumkin.

08

Fan — qayiqqa ham, kemaga ham bab-baravar ochiq dengiz kabidir. Birov unda oltin yombi tashisa, boshqasi qarmoq tashlab baliq ovlaydi. Fanning ibtidosi — aql, aqlning ibtidosi esa sabr-toqatdir. Ulug’ ishlar uchun tolmas sabot kerak. Kishini qobiliyati uchun emas, balki o’sha qobiliyatidan qanday foydalana olishni bilishiga qarab qadrlashadi. Qobiliyat o’z-o’zicha shuursizdir, u ishga solingan taqdirdagina jilolanadi.

08

Ba’zilar muhabbat yosh tanlamaydi, deyishadi. To’g’ridir bu balki. Ammo Qobus o’g’liga murojaat etib:
«Yoshing qaytganda sevma», degan ekan. Yana bir dono odam «odam qirq yoshga qadar sevmadimi, undan keyin ham sevmay qo’ya qolgani ma’qul», degan ekan. Chunki
keksalikdagi muhabbat — fazilat emas, balki illatga aylanarkan. Keksaygan odamning yoshlik o’tida yona olmasligi oydek ravshan haqiqatdir. Shunday ekan, «oshiq qariya — tabiatdagi eng katta majruhlikdir», deguvchi mutlaqo haqdir! Eski sanoch sharobga bas kelolmagani kabi keksa yurak yoshlik tuyg’ulariga bardosh berolmaydi. Uylanmoqchi bo’lgan qariyaning birdan-bir muddaosi — unga enaga kerak. Yosh xotin orzusidagilarga shayx Sa’diyning so’zlarini eslatmoq joiz: «Yosh xotinning biqinida chol yotganidan ko’ra, shu biqinga kamon o’qi botgani afzalroq…».

08

Ajriqdan so’rabdilar:
— Nega qishda ham ko’karib chiqmaysan?
— So’rama, birodar, — debdi ajriq xo’rsinib, — Ko’klamda ko’karib chiqib qanday hurmat ko’ribmanki, qishda ham
ko’karsam?

08

Cho’kayotgan odam nola qilib, qichqiribdi:
— Ey Xudoyim, meni qutqar!
Yonidagi do’sti debdi-ki;
— Qo’llaringni ishga sol, shunda Xudo seni qutqaradi.

08

Dunyo sarmoyasini oxirat sarmoyasiga olib boruvchi vosita sifatida ko’rmas ekanmiz, bu dunyodagi amallarimiz shaytonlarga yem bo’lishda davom etaveradi. Natija esa g’am-alam va aldanishdan iboratdir. Isrof tentakligi va marhamat yo’qsilligi bu dunyoning bosh balosidir, oxiratda esa azob sarmoyasidir. O’tgan kunlarimizning mohiyatini o’zgartirib bo’lmaydi. Kelajagimizning mohiyati esa shubhalidir. On bu ondir. Bu onimizning ko’ngil va peshona terlarini hayot tuprog’iga eka olsak, insha Alloh, oxiratimiz yorug’ bo’lg’uvsidir.

08

Og’zida bironta tishi yo’q qariya bilan o’spirin birgalikda ovqatlanib o’tirishardi. Ikkovi baravariga
yig’lab yuborishdi.

— Nega yig’layapsiz? — deb so’rashdi qariyadan.
— Og’zimda tishim yo’q, to men yamlaguncha, bu yigitcha ovqatni paqqos tushirib, men och qolyapman.
— Sen nega yig’layapsan? — deb so’rashdi o’spirindan.
— Men ovqatni chaynagunimcha bu chol chaynamay yutib, ovqatning barakasi uchib ketdi, och qoladiganga o’xshayman, — degan ekan
o’spirin.

Anvar Namozov tayyorlagan

Tohir Malik. Ozod inson haqida qo’shiq. Ma’rifiy qissa by Khurshid Davron on Scribd

хдк

(Tashriflar: umumiy 3 199, bugungi 1)

5 izoh

  1. Ассалому алайкум. Хурматли ёзувчимиз Тохир Маликни ушбу китобларини мобил версиялари борми? Юклаб олишни имкони борми?

  2. Китобларни мобил версиясини олишни иложи борми? Ушбу дурдона асарларни укиш ва ундан бахраманд булиш истагидаман. Илтимос.

  3. Ассалому алайкум мен сизни ижо дингизни хурмат киламан.Сунги ук.Шайтанат.Иблис девори.Асар ларингизни укиганман насиб килган вактда сизга уз езганларимни курсатмокчи эдим. Фикрингизни билмокчи эдим Сизга соглик тилай ман.

Izoh qoldiring