Umid Bekmuhammad. Bo’gizlab o’ldirilgan xon

Ashampoo_Snap_2017.08.09_17h15m43s_003_.png    Исфандиёрхон ҳовуз ёнида дастлаб Жунаидхоннинг ўғли Эшши, ҳамроҳи Оннагалди билан кўришиб, ҳол-аҳвол сўрашгач, учинчи меҳмон—Вакил оғага қўл узатди. Вакил оға эса негадир хон билан чап қўлида саломлашди. “Нима , ўнг қўлинг оғрияптими?” деб Исфандиёрхон унга қараши билан Вакил оға тўнининг ўнг енгидан пичоқ чиқардию…

Умид Бекмуҳаммад
БЎҒИЗЛАНГАН ХОН
09

   Умид Бекмуҳаммад (Бекимметов Умиджон Тожимуротович) 1975 йилда Хоразм вилоятининг Гурлан тумани Сахтиён қишлоғида туғилган.1997 йилда Урганч Давлат Университетининг тарих факультетини тугатган.”Олтин Мерос” жамғармаси, Маънавият ва маърифат маркази, “Орол-Каспий” илмий ишлаб чиқариш корхонаси, бир қатор матбуот нашрларида, Гурлан тумани ҳокимлигида, Урганч Давлат Университетида ишлаган. Ўзбекистон ва хориждаги 63 та газета-журналларда 700га яқин мақолалари, 30 та тарихий-публицистик китоби , “Пушкиннинг армонлари” роман-эссеси нашр қилинган.

09

PGzrRiDqAv8.jpgИсфандиёрхон ҳовуз ёнида дастлаб Жунаидхоннинг ўғли Эшши, ҳамроҳи Оннагалди билан кўришиб, ҳол-аҳвол сўрашгач, учинчи меҳмон—Вакил оғага қўл узатди. Вакил оға эса негадир хон билан чап қўлида саломлашди. “Нима , ўнг қўлинг оғрияптими?” деб Исфандиёрхон унга қараши билан Вакил оға тўнининг ўнг енгидан пичоқ чиқардию, Хива хонини бўғизлаб ташлади. Ҳовуз ичидаги сувга қип-қизил қон ёйилди…

Шу тариқа Хива хонлигидаи энг зиддиятли даврда яшаб ҳукмронлик қилган Исфандиёрхон 1918 йилнинг 1 октябрида шу тариқа фожиали вафот этган. Ўша даврдаги анъанага кўра, Ичан қаъладан ташқарида вафот этган киши, у хон бўлса ҳам, қаъла ичкарисида дафн этилмаган. Исфандиёр Дешон қаъладаги Нуриллабой саройида ўлдирилгани учун у ердаги “Хоразмшоҳлар масжиди” даги қабрга дафн қилинди. Ваҳоланки, марҳум ўзига Ичан Қаъладаги Паҳлавон Маҳмуд мақбарасидаги қорихонада қабр тайёрлатиб қўйганди.

Гарчи Исфандиёрхон ҳукмдорлик даври ( 1910-1918 йиллар)да зулм ҳаддан ташқари кучайиб, халқ бир неча бор қўзғолон кўтарган, ҳатто, 1916 йилдаги исёнда Жунаидхонга таслим бўлган бўлсада, уни ҳеч ким ўлдиришга ботинаолмаган.Ҳатто, ўша, қонли 1 октябрда ҳам Жунаидхоннинг ўғли Эшши отасининг Эрон тарафларга кетганидан фойдаланиб,Хивага келганича Оннагалди ва Вакил оға билан бирга Исфандиёрни бўғизлаганди. Негаки, Жунаидхон ўғлининг Хивага боришини таъқиқлаб қўйганди. Эшшининг Хивага кетганини эшитгач эса унинг изидан икки отлиқни юборади. Аммо улар тўхтамай от суриб, Хивага Бадиркентдан 45 чақирим йўл босиб келганида, Оннагалди ва Вакил оға хонни бўғизлаб, Эшши билан саройдан чиқиб кетганди.

Маишатда ҳаддидан ошган Исфандиёр ёвмудлардан ғоят қўрқсада, Жунаидхон “хонни ўлдириш гуноҳ, юрт подшоҳ билангина барқарордир.Оллоҳ унга ҳукмдорликни инъом қилган”, деб қўярди ёнидагилар Исфандиёрхонни ўлдиришни таклиф қилганларида.

…Москвадаги марказий давлат ҳарбий тарихий архив (ЦГВИА)да сақланаётган 400-рақамли ишда, Хива хони Ферузнинг 1888 йил 6 февралда Россия императорига йўллаган мактуби сақланади. Мактубда хон валиаҳдликка ўғли Муҳаммадёр тўрани кўрсатган. Бироқ Чор Россияси императори хонга эндигина 44 ёшга кирганлигини, яъни валиаҳд тайинлашга вақт ҳали борлигини эслатиб, илтимосни рад этган. Шунга қарамасдан, Феруз 1891 йил Муҳаммадёр тўранинг ёшлигидан касалманд эканлигини айтиб, валиаҳдликка Исфандиёрнинг номзоди маъқул эканини ёзади. Император эса негадир бу гал Ферузнинг илтимосини рад этолмайди…

616x510.jpg1905 йил 12 ноябрда эса император Николай 11 валиаҳд Исфандиёрга полковник ҳарбий унвонини, кейинчалик генерал майор унвониниям беради. 1909 йил сентябрь ва октябрида бўлса, Чор охранкаси айғоқчиси ўзини савдогар ниқобида кўрсатиб, халқ ва ҳукмдорлар тўғрисида маълумот тўплайди. Айғоқчи халқнинг аҳволи, уламолар ва жадидлар, солиқ ва иқтисодий аҳволни баён қилиб қолмай, валиаҳд ҳақида ҳам мавжуд фикрларни ўрганади. Унга кўра, Исфандиёр Туркия, Эрондаги сиёсий воқеаларни кузатиб, Хива хонлигидаям янги ислоҳатлар ўтказишни ўйлаб юрган, аммо мулла Рамазон исмли уламо таъсирида, ислоҳат ҳақидаги фикридан воз кечган. Айғоқчи Исфандиёр тўғрисида шундай хулосага келадики : “ У яхши ишчи одам бўлишига қарамасдан, халқ ичида унинг нуфузи оз,..фаҳшга мойил қиладурғон киши”.

… Исфандиёрхон 1910 йил августда хонлик тахтига ўтиргач, юртда ободончилик ишларини бошлаган, бош вазир, қайнотаси Исломхўжанинг ислоҳат дастурини қўллаб, Хивада почта, телеграф, Оврўпа шифохонасини бунёд эттирган, солиқларни камайтирган эди. Аммо, 1913 йил Исломхўжа вафотидан сўнг унинг ёнидан ғийбатчию, ҳасадгўй, бойликка ружу қўйган гуруҳбоз арбоблар жой олди.

Матвафо карвонбоши, Ашур маҳрам, Шайхназарбойлар Исфандиёрхоннинг тахти теварагидан лаганбардорлик билан амаллар олиб, ҳукмдорга маишат қилиш учун турли йўллар ўйлаб топар, ҳатто, хонликдаги энг чиройли қизларни ҳарамга совға сифатида олиб келишарди. Шу тарзда улар Исфандиёрхоннинг ишратбозлигидан фойдаланиб, ўзларининг нафси йўлида халққа зулм ўтказиб, беҳисоб бойлик тўплаганди.

Хонлик Русия мустамлакаси бўлгани учун, мустамлакачилар ҳам ҳар йили етиштирган маҳсулотларни ташиб кетарди. Матвафо карвонбоши ва Ашур маҳрамлар эса рус савдо-саноатчилари билан келишиб, хонликнинг бутун иқтисодиётини ўз қўлларига олган эди.

Исфандиёрхоннинг 1911 йил Петербург ва Кавказга, 1914 йил Москва ҳамда Русиянинг бошқа шаҳарларига, 1915 йилнинг декабрида сафар қилганларида Матвафо ва Ашур маҳрам рус амалдорлари билан музокара олиш билан бирга, хонга рус ва фаранг аёлларини ишрат қилиш учун топиб беришганди.

1915 йил декабридаги Исфандиёрхоннинг Петербургга сафаридан сўнг, халқ ўртасида “хон касал орттириб келибди” деган миш-миш тарқалади. Қолаверса, 1916 йил январида Ашур маҳрамнинг Хотира ва Ўғил маҳрам исмли хизматкор аёллари, хонликдаги ёш , чиройли қизларни ҳарамга келтиришга уринишади. Ўшанда эрта индин тўйи бўладиган Хўжайли ва Гурланлик қизларнинг мажбуран ҳарамга келтирилиши, халқни қўзғолонга чорлади. Яхшиям, хоннинг бахтига Тошкентдан генерал Галкин бошчилик гарнизон келиб, Исфандиёрхон тузумини, ҳаётини сақлаб қолди.

Ўша даврда бойликка муккасидан кетган амалдорлар, умуман хонга қарши мухолифат ҳам юзага келган, улар ўзларини “Ёш хиваликлар” деб аташарди. Полвонниёзҳожи Юсупов бошчилигидаги жадидлар Исфандиёрхонга нисбатан қарши ҳаракатлар олиб борган, бу борадаги кучларни бирлаштиришга уринган шахслардан эди. Полёзҳожи Юсупов ўз хотираларида шу боис Исфандиёрхоннинг золимлиги, ҳатто Кавказнинг хушманзара жойларида қачон, кимлар билан базм қилганлиги, уларга брилиант, сирға, пул берганлигигача ёзган. Хотираларининг бир боби бўлса, “Исфандиёрхоннинг тараққийпарвар, ҳурриятпарвар кучларга қарши сиёсати” деб номланган.

Хўш, Исфандиёрхон ростдан ҳам Чор ҳукумати айғоқчиси ва Полёзҳожи ёзганидек, фақат фаҳш билан машғул, золим хон бўлганми?

Аслида Лаффасий, Баёний каби муаррихлар ёзишига кўра, Исфандиёр ёшлигидан ювош, ғоят иқтидорли бўлиб, “Фаррух” тахаллуси билан шеърлар битар, Шарқ мамлакатлари ҳамда Россияни кезган савдогар, қилич ясовчи, соат тузатувчи уста бўлган. Ҳатто, рус тили, дунё жуғрофиясини мукаммал билганидан Россия жуғрофия жамиятининг аъзоси ҳам эди.У қайнотаси билан 10 банддан иборат ислоҳат дастури тузиб, давр янгиликлари ва замонавий бўлган иншоаатлар ҳам барпо этдиради. Ҳаттоки, отаси Феруз касаллигига қарамай, ёнидагилар рус врачларига кўрсатайлик, шифо топасиз, деганларида, рекцион руҳонийлар ва табиблар ғазабидан қўрқиб, таклифни рад этганди. Исфандиёрхон эса Хивада махсус рус шифокорлари ишлайдиган замонавий шифохона барпо қилдиради. Афсуски, Исфандиёрхоннинг бу ишлари, 1913 йил 9 августида қайнотаси, бош вазир Исломхўжанинг сирли ўлимидан кейин тўхтаб қолади.

Негаки, Исфандиёрхон ён-атрофидан ислоҳатчилар эмас, Матвафо Баққолов-карвонбоши, Ашур маҳрам каби фитнакор, золим амалдорлар жой олганини юқорида таъкидлагандик.Улар хоннинг ювош, кўнгли бўшлигидан фойдаланиб, унга ўз таъсирини ўтказа бошладилар.

Яъни, хон Чор Россияси мустамлакачилари, “Ёш хиваликлар”, туркман ёвмудлари ва фитнакор амалдорлар қуршовида қолади. Уларнинг бирлари мустамлакачи бўлиб, етиштирилган бор нарсани Россияга ташир, “Ёш хиваликлар” эса худди Туркия, Эрондагидек сиёсий ислоҳат ўтказишни истаб, мустамлака ўлка ҳукмдорига мухолифатда бўлар, ёвмудлар эса солиқлар кўплиги, мустамлакачи ва итоаткорларнинг талончилиги учун исён кўтарар, фитнакор амалдорлар бўлса, фақат иғво билан ўз амалларини сақлашни ўйлаб, бойиш билан машғул эди.

Исфандиёрхон бўлса, Чоризмнинг итоаткори эди. Аммо охранка айғоқчиси ёзганидек, “Хоннинг Русияга ҳаводор бўлиши мумкин эмас.Чунки, Хиванинг Русия қўлига кирган вақтларида кўрган азоб ва жафолари ҳали битгани ва унитилгани йўқ эди”. Бироқ Исфандиёр ана шу итоаткорлиги эвазига, олдинги даврлардагидек, оға –ини, ота-болалар ўртасидаги сарой тўнтаришларидан қутулган, умри охиригача тахтда ўтириши мумкин эди. 20-30 чоғли “Ёш хиваликлар” фақат пойтахт Хивадагина бўлиб, савдогар, муллаларнинг бутун халқ олдидаям таъсири оз бўлиб, улар ёвмудлар билан бирлашиб мустамлакачиларга ғазовот эълон қилишга ожиз эдилар. “Ёш хиваликлар” худди Туркия, Эрондаги сингари давлатни монархия асосида эмас, сайлов йўли билан сайланган “Идораи Маршрутия” орқали бошқаришни, ўзларининг ҳам давлат бошқарувида иштирок қилишларини истардилар. Аммо мустамлака ҳолатида туриб, Исфандиёр “Ёш хиваликлар” талабини бажара олмас, қолаверса, тахтдан ажралишни ҳам истамасди. Шу боис хонни “Ёш хиваликлар” ёмонотлиқ қилар, хон бўлса, уларни қувғин қилиб, молу мулкини мусодара қилганди. Яъни, Исфандиёр қайнотаси ўлимидан сўнг фақат сарой амалдорларигагина таяниб қолганди. Саройда бўлса Матвафо Баққоловнинг таъсири катта эди. 1899 йилдан хон саройида таржимонлик қилган В.Н. Корнилов у ҳақда “Матвафо ниҳоятда юлғич бўлиб, оғир солиқлар билан халққа зулмини ўтказади. Халқ уни жуда ёмон кўради. У ёвмудларга яширинча иғво қилиб, уларни талончиликка гиж-гижларди. У жуда уддабурон бўлиб, ҳар қандай йўллар билан бўлса ҳам хон саройида биринчи лавозимни эгаллаш учун ҳаракат қиларди”.

Исфандиёрхон саройида эса яна Абдураҳмон, Шариф Баққоловлар, Ашур ва Рўзмат Маҳрам, Шайхназарбой, Ҳусайинбек каби иғво ва фитна усталари бўлиб, улар Исломхўжа тириклигида хонга таъсирини ўтказа олмас, унинг ўлимидан сўнг эса қудратли кучга айланиб, ҳатто бир-бирини иғво қилиб, тобора хонни сиқувга олгандилар. Улар хоннинг ишратга ўчлигидан фойдаланиб, халқни солиқлар баҳонасида талаб, бойирдилар.

Бу вақтга келиб зулмнинг ҳаддидан ошгани туфайли Исфандиёрхон ҳақида халқ ўртасида қўшиқлар ҳам тўқиладики, Хивалик машҳур халфа (аёл қўшиқчиларни Хоразмда шундай аташаган—У.Б.) Хонимжон Сайдамат қизи ва бошқалар томонидан куйланган қуйидаги маҳзун ашулалар ўша даврнинг қийинчиликларини ифодалаб ҳам беради:

“ Исфандиёр хон бўлди,
Бағримиз қора қон бўлди
Еганимиз чигинли нон бўлди
Ўлар бўлдик золим хонлар дастидан…”

Ёки: “ Исфандиёр қон оқизди ариқдан,
Қутилмадик доғдағали солиқдан,
Иложини топса агар инсофсиз,
Божу хирож олар сувда балиқдан…”

Ёхуд: “ Қизлар хароб бўлди хоннинг қўлиннан,
Маҳрам чиқар гўзалларнинг йўлиннан,
На Ойхонум, на Гулсанам кун кўрди,
Зор йиғлашиб, ўлди золим зулминнан…”

Шунингдек: Исфандиёр хонимиз,
Азоб чекар жонимиз.
Фуқаронинг қорни оч,
Хон уйида нонимиз.

Ёпнинг суви лойланар,
Хон отлиси айланар.
Аста гапир жон қизим,
Алинггга қулф бойланар.

Исфандиёр хон бўлди,
Бағримиз қора қон бўлди.
Азроилдан кам эмас
Олажаги жон бўлди.
Ёки:
Эшитинглар янги чиққан ҳикоя,
Умринг йиғлаб ўтгай, бевафо золим!
Бу сўзим асло эмас ривоят,
Умринг йиғлаб ўтгай, бевафо золим!

Қўлинг чўлоқ бўлғай, кўзинг кўр бўлгай
Азиз умринг охирида хор бўлгай
Ҳазрат Али-Шоҳимардон пир ургай,
Умринг йиғлаб ўтгай, бевафо золим!

Билмадинг ёзим билан қишимни,
Оқиздинг кўзимдан қонли ёшимни.
Энди топдинг тенгинг билан душингни,
Умринг йиғлаб ўтгай бевафо золим!

Ёвмудларнинг куч бергайлар қўлига,
Сира боқма, соғи билан сўлига.
Етти туя занжир солғай бўйнига,
Умринг йиғлаб ўтгай бевафо золим!

Хуллас, бу қўшиқларни фақат Исфандиёрхонга эмас, унинг атрофидаги гуруҳбозларга, фожиали даврга халқнинг берган баҳоси деб атамоқ керак…

1916 йилги қўзғолон ҳам, ёвмудларнинг исёни ҳам айнан Исфандиёрнинг давлат ишларини фитнакор амалдорлар жиловига олганларидан келиб чиққанди.Ҳатто, 1917 йил февралида Петербургда подшо тахтдан ағдарилгач, мустамлакачиларнинг таъсири хонликда камаяди. Апрель, май ойларида эса “Ёш хиваликлар” Хоразмда хонни “Идораи маршрутия” орқали давлатни бошқаришга кўндириб, манифестга қўл ҳам қўйдиргандилар. Фитнакор амалдорлар эса хонга таъсир ўтказиб, “Ёш хиваликлар” ни қувғин қилади. Аслида Исфандиёрхоннинг фожиаси қайнотасининг 1913 йилдаги ўлимидан сўнг бошланган бўлса, авж нуқтаси “Ёш хиваликлар” ни қувғин қилгач бошланиб, унинг ўлимига олиб келди.

Айниқса, “Ёш хиваликлар”дан Тошкентда муҳожирликда қочиб юрган Полёзҳожи Юсупов ва Назир Шоликоровларнинг оилаларига Исфандиёрхон томонидан зиён етказилиши, уларни хонга нисбатан суиқасд олиб боришига етаклади. Суиқасд ёвмудлар томонидан амалга оширилди.

Яъни, Полёзҳожи қўлида сақланаётган Исфандиёрхон муҳри босилган хатдан хон муҳрини қайтадан ишлатиб олишади. Кейин Исфандиёр номидан Жунаидхонни Хива халқига азоб беришда айблаб Русияга хат тайёрлашади. Хатда яна Жунаидхонга қарши биргаликда курашиш учун Русиядан 10 минг аскар сўралади. Хат охирида Исфандиёрхоннинг номидан ўзлари тайёрлаган хатни Жунаидхонга юбориб, “Биз Исфандиёрнинг ёзган хатини қўлга киритдик” дея ҳийла ишлатишади.

Тошкент почтасининг муҳри босилган хатни Юсуп Девонов Бадиркентга, Жунаидхонга олиб бориб беради. Гарчи нохуш хатдан Жунаидхоннинг жаҳли чиқса-да, у ўғли Эшшининг Исфандиёрни ўлдириш ҳақидаги таклифига рози бўлмайди.

Маълумки, бу вақтда Чор Русиясининг Хивадаги гарнизони 1917 йил февраль ва октябрь тўнтаришларидан сўнг олиб кетилган, Исфандиёр амалда ҳукмдор бўлсада, давлат жилови амалда Жунаидхон қўлида бўлиб, пойтахт Хивани хон навкарлари қўриқларди.Табийки, шундай вазиятда Эшши доимо Хивага, ҳатто хон саройига бориб бемалол юраверган. Бундай қулай шароитда Эшши “Ёш хиваликлар” нинг хатидан сўнг отаси Жунаиднинг Эрон томонларга кетганидан фойдаланиб, у Исфандиёрни ўлдириш режасини амалга оширади.

1918 йил октябрида Эшши, Оннагалди ва Вакил оға исмли ёвмудлар Исфандиёр қабулига киришади. Вакил оғанинг отаси Дурди Вакилни 1916 йил генерал Галкин халқ исёнини бостирганда, Исфандиёр генералга айтиб отдириб юборганди. Исфандиёрхондан ўч олиш мақсади бўлган Вакил оға хоннинг қотили бўлган. Эшши, Оннагалди хон билан ўнг қўлида кўришгач, энг охирида Вакил оға сўл қўли билан кўришади. Исфандиёр унга: “ Сен нима учун сўл қўлинг билан кўришдинг?”-деб айтиши билан Вакил оға ўнг қўлидаги катта пичоқни чиқариб, Исфандиёрни бўғизлайди. Хон ёнидаги тўппончасини ҳам олишга улуролмай қолади.

Гарчи қотил Вакил оға бўлса-да, Исфандиёрнинг фожиали якун топган ҳаётига у яшаган давр айбдор эди. Агарки, у Исломхўжа билан ислоҳатларини давом қилдирган, қиличу соатсозликни давом этдириб, шеърлар ёзиш, жуғрофия билан янада мукаммал шуғулланганида, отаси Феруз каби узоқроқ ҳукмронлик қиларди. Аммо унинг кўнгли бўшлиги, ишратга мойиллигидан фойдаланган фитнача амалдорлар,Чор Русияси ва жандарменрияси уни “Ёш хиваликлар” ҳамда ёвмудларга доимо қарши қўйиб келди. Натижада Исфандиёрхоннинг умри Вакил оға қўлида фожиали якун топди.

fb92a1b279f84a2159921914af3942c656731d193340939.jpg  Isfandiyorxon  hovuz yonida dastlab Junaidxonning o‘g‘li Eshshi, hamrohi Onnagaldi bilan  ko‘rishib, hol-ahvol so‘rashgach, uchinchi mehmon—Vakil og‘aga qo‘l uzatdi.  Vakil og‘a esa negadir xon bilan chap qo‘lida salomlashdi. “Nima , o‘ng  qo‘ling og‘riyaptimi?” deb Isfandiyorxon unga qarashi bilan Vakil og‘a  to‘nining o‘ng yengidan pichoq chiqardiyu…

Umid Bekmuhammad
BO‘G‘IZLANGAN XON
09

Umid Bekmuhammad (Bekimmetov Umidjon Tojimurotovich) 1975 yilda Xorazm viloyatining Gurlan tumani Saxtiyon qishlog‘ida tug‘ilgan.1997 yilda Urganch Davlat Universitetining tarix fakultetini tugatgan.”Oltin Meros” jamg‘armasi, Ma’naviyat va ma’rifat markazi, “Orol-Kaspiy” ilmiy ishlab chiqarish korxonasi, bir qator matbuot nashrlarida, Gurlan tumani hokimligida, Urganch Davlat Universitetida ishlagan. O‘zbekiston va xorijdagi 63 ta gazeta-jurnallarda 700ga yaqin maqolalari, 30 ta tarixiy-publitsistik kitobi , “Pushkinning armonlari” roman-essesi nashr qilingan.

09

95f3812395f4.jpgIsfandiyorxon hovuz yonida dastlab Junaidxonning o‘g‘li Eshshi, hamrohi Onnagaldi bilan ko‘rishib, hol-ahvol so‘rashgach, uchinchi mehmon—Vakil og‘aga qo‘l uzatdi. Vakil og‘a esa negadir xon bilan chap qo‘lida salomlashdi. “Nima , o‘ng qo‘ling og‘riyaptimi?” deb Isfandiyorxon unga qarashi bilan Vakil og‘a to‘nining o‘ng yengidan pichoq chiqardiyu, Xiva xonini bo‘g‘izlab tashladi. Hovuz ichidagi suvga qip-qizil qon yoyildi…

Shu tariqa Xiva xonligidai eng ziddiyatli davrda yashab hukmronlik qilgan Isfandiyorxon 1918 yilning 1 oktyabrida shu tariqa fojiali vafot etgan. O‘sha davrdagi an’anaga ko‘ra, Ichan qa’ladan tashqarida vafot etgan kishi, u xon bo‘lsa ham, qa’la ichkarisida dafn etilmagan. Isfandiyor Deshon qa’ladagi Nurillaboy saroyida o‘ldirilgani uchun u yerdagi “Xorazmshohlar masjidi” dagi qabrga dafn qilindi. Vaholanki, marhum o‘ziga Ichan Qa’ladagi Pahlavon Mahmud maqbarasidagi qorixonada qabr tayyorlatib qo‘ygandi.

Garchi Isfandiyorxon hukmdorlik davri ( 1910-1918 yillar)da zulm haddan tashqari kuchayib, xalq bir necha bor qo‘zg‘olon ko‘targan, hatto, 1916 yildagi isyonda Junaidxonga taslim bo‘lgan bo‘lsada, uni hech kim o‘ldirishga botinaolmagan.Hatto, o‘sha, qonli 1 oktyabrda ham Junaidxonning o‘g‘li Eshshi otasining Eron taraflarga ketganidan foydalanib,Xivaga kelganicha Onnagaldi va Vakil og‘a bilan birga Isfandiyorni bo‘g‘izlagandi. Negaki, Junaidxon o‘g‘lining Xivaga borishini ta’qiqlab qo‘ygandi. Eshshining Xivaga ketganini eshitgach esa uning izidan ikki otliqni yuboradi. Ammo ular to‘xtamay ot surib, Xivaga Badirkentdan 45 chaqirim yo‘l bosib kelganida, Onnagaldi va Vakil og‘a xonni bo‘g‘izlab, Eshshi bilan saroydan chiqib ketgandi.

Maishatda haddidan oshgan Isfandiyor yovmudlardan g‘oyat qo‘rqsada, Junaidxon “xonni o‘ldirish gunoh, yurt podshoh bilangina barqarordir.Olloh unga hukmdorlikni in’om qilgan”, deb qo‘yardi yonidagilar Isfandiyorxonni o‘ldirishni taklif qilganlarida.

…Moskvadagi markaziy davlat harbiy tarixiy arxiv (SGVIA)da saqlanayotgan 400-raqamli ishda, Xiva xoni Feruzning 1888 yil 6 fevralda Rossiya imperatoriga yo‘llagan maktubi saqlanadi. Maktubda xon valiahdlikka o‘g‘li Muhammadyor to‘rani ko‘rsatgan. Biroq Chor Rossiyasi imperatori xonga endigina 44 yoshga kirganligini, ya’ni valiahd tayinlashga vaqt hali borligini eslatib, iltimosni rad etgan. Shunga qaramasdan, Feruz 1891 yil Muhammadyor to‘raning yoshligidan kasalmand ekanligini aytib, valiahdlikka Isfandiyorning nomzodi ma’qul ekanini yozadi. Imperator esa negadir bu gal Feruzning iltimosini rad etolmaydi…

1905 yil 12 noyabrda esa imperator Nikolay 11 valiahd Isfandiyorga polkovnik harbiy unvonini, keyinchalik general mayor unvoniniyam beradi. 1909 yil sentyabr va oktyabrida bo‘lsa, Chor oxrankasi ayg‘oqchisi o‘zini savdogar niqobida ko‘rsatib, xalq va hukmdorlar to‘g‘risida ma’lumot to‘playdi. Ayg‘oqchi xalqning ahvoli, ulamolar va jadidlar, soliq va iqtisodiy ahvolni bayon qilib qolmay, valiahd haqida ham mavjud fikrlarni o‘rganadi. Unga ko‘ra, Isfandiyor Turkiya, Erondagi siyosiy voqealarni kuzatib, Xiva xonligidayam yangi islohatlar o‘tkazishni o‘ylab yurgan, ammo mulla Ramazon ismli ulamo ta’sirida, islohat haqidagi fikridan voz kechgan. Ayg‘oqchi Isfandiyor to‘g‘risida shunday xulosaga keladiki : “ U yaxshi ishchi odam bo‘lishiga qaramasdan, xalq ichida uning nufuzi oz,..fahshga moyil qiladurg‘on kishi”.

… Isfandiyorxon 1910 yil avgustda xonlik taxtiga o‘tirgach, yurtda obodonchilik ishlarini boshlagan, bosh vazir, qaynotasi Islomxo‘janing islohat dasturini qo‘llab, Xivada pochta, telegraf, Ovro‘pa shifoxonasini bunyod ettirgan, soliqlarni kamaytirgan edi. Ammo, 1913 yil Islomxo‘ja vafotidan so‘ng uning yonidan g‘iybatchiyu, hasadgo‘y, boylikka ruju qo‘ygan guruhboz arboblar joy oldi.

Matvafo karvonboshi, Ashur mahram, Shayxnazarboylar Isfandiyorxonning taxti tevaragidan laganbardorlik bilan amallar olib, hukmdorga maishat qilish uchun turli yo‘llar o‘ylab topar, hatto, xonlikdagi eng chiroyli qizlarni haramga sovg‘a sifatida olib kelishardi. Shu tarzda ular Isfandiyorxonning ishratbozligidan foydalanib, o‘zlarining nafsi yo‘lida xalqqa zulm o‘tkazib, behisob boylik to‘plagandi.

Xonlik Rusiya mustamlakasi bo‘lgani uchun, mustamlakachilar ham har yili yetishtirgan mahsulotlarni tashib ketardi. Matvafo karvonboshi va Ashur mahramlar esa rus savdo-sanoatchilari bilan kelishib, xonlikning butun iqtisodiyotini o‘z qo‘llariga olgan edi.

Isfandiyorxonning 1911 yil Peterburg va Kavkazga, 1914 yil Moskva hamda Rusiyaning boshqa shaharlariga, 1915 yilning dekabrida safar qilganlarida Matvafo va Ashur mahram rus amaldorlari bilan muzokara olish bilan birga, xonga rus va farang ayollarini ishrat qilish uchun topib berishgandi.

1915 yil dekabridagi Isfandiyorxonning Peterburgga safaridan so‘ng, xalq o‘rtasida “xon kasal orttirib kelibdi” degan mish-mish tarqaladi. Qolaversa, 1916 yil yanvarida Ashur mahramning Xotira va O‘g‘il mahram ismli xizmatkor ayollari, xonlikdagi yosh , chiroyli qizlarni haramga keltirishga urinishadi. O‘shanda erta indin to‘yi bo‘ladigan Xo‘jayli va Gurlanlik qizlarning majburan haramga keltirilishi, xalqni qo‘zg‘olonga chorladi. Yaxshiyam, xonning baxtiga Toshkentdan general Galkin boshchilik garnizon kelib, Isfandiyorxon tuzumini, hayotini saqlab qoldi.

O‘sha davrda boylikka mukkasidan ketgan amaldorlar, umuman xonga qarshi muxolifat ham yuzaga kelgan, ular o‘zlarini “Yosh xivaliklar” deb atashardi. Polvonniyozhoji Yusupov boshchiligidagi jadidlar Isfandiyorxonga nisbatan qarshi harakatlar olib borgan, bu boradagi kuchlarni birlashtirishga uringan shaxslardan edi. Polyozhoji Yusupov o‘z xotiralarida shu bois Isfandiyorxonning zolimligi, hatto Kavkazning xushmanzara joylarida qachon, kimlar bilan bazm qilganligi, ularga briliant, sirg‘a, pul berganligigacha yozgan. Xotiralarining bir bobi bo‘lsa, “Isfandiyorxonning taraqqiyparvar, hurriyatparvar kuchlarga qarshi siyosati” deb nomlangan.

Xo‘sh, Isfandiyorxon rostdan ham Chor hukumati ayg‘oqchisi va Polyozhoji yozganidek, faqat fahsh bilan mashg‘ul, zolim xon bo‘lganmi?

Aslida Laffasiy, Bayoniy kabi muarrixlar yozishiga ko‘ra, Isfandiyor yoshligidan yuvosh, g‘oyat iqtidorli bo‘lib, “Farrux” taxallusi bilan she’rlar bitar, Sharq mamlakatlari hamda Rossiyani kezgan savdogar, qilich yasovchi, soat tuzatuvchi usta bo‘lgan. Hatto, rus tili, dunyo jug‘rofiyasini mukammal bilganidan Rossiya jug‘rofiya jamiyatining a’zosi ham edi.U qaynotasi bilan 10 banddan iborat islohat dasturi tuzib, davr yangiliklari va zamonaviy bo‘lgan inshoaatlar ham barpo etdiradi. Hattoki, otasi Feruz kasalligiga qaramay, yonidagilar rus vrachlariga ko‘rsataylik, shifo topasiz, deganlarida, reksion ruhoniylar va tabiblar g‘azabidan qo‘rqib, taklifni rad etgandi. Isfandiyorxon esa Xivada maxsus rus shifokorlari ishlaydigan zamonaviy shifoxona barpo qildiradi. Afsuski, Isfandiyorxonning bu ishlari, 1913 yil 9 avgustida qaynotasi, bosh vazir Islomxo‘janing sirli o‘limidan keyin to‘xtab qoladi.

Negaki, Isfandiyorxon yon-atrofidan islohatchilar emas, Matvafo Baqqolov-karvonboshi, Ashur mahram kabi fitnakor, zolim amaldorlar joy olganini yuqorida ta’kidlagandik.Ular xonning yuvosh, ko‘ngli bo‘shligidan foydalanib, unga o‘z ta’sirini o‘tkaza boshladilar.

Ya’ni, xon Chor Rossiyasi mustamlakachilari, “Yosh xivaliklar”, turkman yovmudlari va fitnakor amaldorlar qurshovida qoladi. Ularning birlari mustamlakachi bo‘lib, yetishtirilgan bor narsani Rossiyaga tashir, “Yosh xivaliklar” esa xuddi Turkiya, Erondagidek siyosiy islohat o‘tkazishni istab, mustamlaka o‘lka hukmdoriga muxolifatda bo‘lar, yovmudlar esa soliqlar ko‘pligi, mustamlakachi va itoatkorlarning talonchiligi uchun isyon ko‘tarar, fitnakor amaldorlar bo‘lsa, faqat ig‘vo bilan o‘z amallarini saqlashni o‘ylab, boyish bilan mashg‘ul edi.

1326633990_pereprava-turkestanskogo-otryada-cherez-amu-daryu-v-1873-godu.-1889.-holst-maslo.-178h322-sm.jpgIsfandiyorxon bo‘lsa, Chorizmning itoatkori edi. Ammo oxranka ayg‘oqchisi yozganidek, “Xonning Rusiyaga havodor bo‘lishi mumkin emas.Chunki, Xivaning Rusiya qo‘liga kirgan vaqtlarida ko‘rgan azob va jafolari hali bitgani va unitilgani yo‘q edi”. Biroq Isfandiyor ana shu itoatkorligi evaziga, oldingi davrlardagidek, og‘a –ini, ota-bolalar o‘rtasidagi saroy to‘ntarishlaridan qutulgan, umri oxirigacha taxtda o‘tirishi mumkin edi. 20-30 chog‘li “Yosh xivaliklar” faqat poytaxt Xivadagina bo‘lib, savdogar, mullalarning butun xalq oldidayam ta’siri oz bo‘lib, ular yovmudlar bilan birlashib mustamlakachilarga g‘azovot e’lon qilishga ojiz edilar. “Yosh xivaliklar” xuddi Turkiya, Erondagi singari davlatni monarxiya asosida emas, saylov yo‘li bilan saylangan “Idorai Marshrutiya” orqali boshqarishni, o‘zlarining ham davlat boshqaruvida ishtirok qilishlarini istardilar. Ammo mustamlaka holatida turib, Isfandiyor “Yosh xivaliklar” talabini bajara olmas, qolaversa, taxtdan ajralishni ham istamasdi. Shu bois xonni “Yosh xivaliklar” yomonotliq qilar, xon bo‘lsa, ularni quvg‘in qilib, molu mulkini musodara qilgandi. Ya’ni, Isfandiyor qaynotasi o‘limidan so‘ng faqat saroy amaldorlarigagina tayanib qolgandi. Saroyda bo‘lsa Matvafo Baqqolovning ta’siri katta edi. 1899 yildan xon saroyida tarjimonlik qilgan V.N. Kornilov u haqda “Matvafo nihoyatda yulg‘ich bo‘lib, og‘ir soliqlar bilan xalqqa zulmini o‘tkazadi. Xalq uni juda yomon ko‘radi. U yovmudlarga yashirincha ig‘vo qilib, ularni talonchilikka gij-gijlardi. U juda uddaburon bo‘lib, har qanday yo‘llar bilan bo‘lsa ham xon saroyida birinchi lavozimni egallash uchun harakat qilardi”.

Isfandiyorxon saroyida esa yana Abdurahmon, Sharif Baqqolovlar, Ashur va Ro‘zmat Mahram, Shayxnazarboy, Husayinbek kabi ig‘vo va fitna ustalari bo‘lib, ular Islomxo‘ja tirikligida xonga ta’sirini o‘tkaza olmas, uning o‘limidan so‘ng esa qudratli kuchga aylanib, hatto bir-birini ig‘vo qilib, tobora xonni siquvga olgandilar. Ular xonning ishratga o‘chligidan foydalanib, xalqni soliqlar bahonasida talab, boyirdilar.

Bu vaqtga kelib zulmning haddidan oshgani tufayli Isfandiyorxon haqida xalq o‘rtasida qo‘shiqlar ham to‘qiladiki, Xivalik mashhur xalfa (ayol qo‘shiqchilarni Xorazmda shunday atashagan—U.B.) Xonimjon Saydamat qizi va boshqalar tomonidan kuylangan quyidagi mahzun ashulalar o‘sha davrning qiyinchiliklarini ifodalab ham beradi:

“ Isfandiyor xon bo‘ldi,
Bag‘rimiz qora qon bo‘ldi
Yeganimiz chiginli non bo‘ldi
O‘lar bo‘ldik zolim xonlar dastidan…”

Yoki: “ Isfandiyor qon oqizdi ariqdan,
Qutilmadik dog‘dag‘ali soliqdan,
Ilojini topsa agar insofsiz,
Boju xiroj olar suvda baliqdan…”

Yoxud: “ Qizlar xarob bo‘ldi xonning qo‘linnan,
Mahram chiqar go‘zallarning yo‘linnan,
Na Oyxonum, na Gulsanam kun ko‘rdi,
Zor yig‘lashib, o‘ldi zolim zulminnan…”

Shuningdek: Isfandiyor xonimiz,
Azob chekar jonimiz.
Fuqaroning qorni och,
Xon uyida nonimiz.

Yopning suvi loylanar,
Xon otlisi aylanar.
Asta gapir jon qizim,
Alinggga qulf boylanar.

Isfandiyor xon bo‘ldi,
Bag‘rimiz qora qon bo‘ldi.
Azroildan kam emas
Olajagi jon bo‘ldi.
Yoki:
Eshitinglar yangi chiqqan hikoya,
Umring yig‘lab o‘tgay, bevafo zolim!
Bu so‘zim aslo emas rivoyat,
Umring yig‘lab o‘tgay, bevafo zolim!

Qo‘ling cho‘loq bo‘lg‘ay, ko‘zing ko‘r bo‘lgay
Aziz umring oxirida xor bo‘lgay
Hazrat Ali-Shohimardon pir urgay,
Umring yig‘lab o‘tgay, bevafo zolim!

Bilmading yozim bilan qishimni,
Oqizding ko‘zimdan qonli yoshimni.
Endi topding tenging bilan dushingni,
Umring yig‘lab o‘tgay bevafo zolim!

Yovmudlarning kuch bergaylar qo‘liga,
Sira boqma, sog‘i bilan so‘liga.
Yetti tuya zanjir solg‘ay bo‘yniga,
Umring yig‘lab o‘tgay bevafo zolim!

Xullas, bu qo‘shiqlarni faqat Isfandiyorxonga emas, uning atrofidagi guruhbozlarga, fojiali davrga xalqning bergan bahosi deb atamoq kerak…

1916 yilgi qo‘zg‘olon ham, yovmudlarning isyoni ham aynan Isfandiyorning davlat ishlarini fitnakor amaldorlar jiloviga olganlaridan kelib chiqqandi.Hatto, 1917 yil fevralida Peterburgda podsho taxtdan ag‘darilgach, mustamlakachilarning ta’siri xonlikda kamayadi. Aprel, may oylarida esa “Yosh xivaliklar” Xorazmda xonni “Idorai marshrutiya” orqali davlatni boshqarishga ko‘ndirib, manifestga qo‘l ham qo‘ydirgandilar. Fitnakor amaldorlar esa xonga ta’sir o‘tkazib, “Yosh xivaliklar” ni quvg‘in qiladi. Aslida Isfandiyorxonning fojiasi qaynotasining 1913 yildagi o‘limidan so‘ng boshlangan bo‘lsa, avj nuqtasi “Yosh xivaliklar” ni quvg‘in qilgach boshlanib, uning o‘limiga olib keldi.

Ayniqsa, “Yosh xivaliklar”dan Toshkentda muhojirlikda qochib yurgan Polyozhoji Yusupov va Nazir Sholikorovlarning oilalariga Isfandiyorxon tomonidan ziyon yetkazilishi, ularni xonga nisbatan suiqasd olib borishiga yetakladi. Suiqasd yovmudlar tomonidan amalga oshirildi.

Ya’ni, Polyozhoji qo‘lida saqlanayotgan Isfandiyorxon muhri bosilgan xatdan xon muhrini qaytadan ishlatib olishadi. Keyin Isfandiyor nomidan Junaidxonni Xiva xalqiga azob berishda ayblab Rusiyaga xat tayyorlashadi. Xatda yana Junaidxonga qarshi birgalikda kurashish uchun Rusiyadan 10 ming askar so‘raladi. Xat oxirida Isfandiyorxonning nomidan o‘zlari tayyorlagan xatni Junaidxonga yuborib, “Biz Isfandiyorning yozgan xatini qo‘lga kiritdik” deya hiyla ishlatishadi.

Toshkent pochtasining muhri bosilgan xatni Yusup Devonov Badirkentga, Junaidxonga olib borib beradi. Garchi noxush xatdan Junaidxonning jahli chiqsa-da, u o‘g‘li Eshshining Isfandiyorni o‘ldirish haqidagi taklifiga rozi bo‘lmaydi.

Ma’lumki, bu vaqtda Chor Rusiyasining Xivadagi garnizoni 1917 yil fevral va oktyabr to‘ntarishlaridan so‘ng olib ketilgan, Isfandiyor amalda hukmdor bo‘lsada, davlat jilovi amalda Junaidxon qo‘lida bo‘lib, poytaxt Xivani xon navkarlari qo‘riqlardi.Tabiyki, shunday vaziyatda Eshshi doimo Xivaga, hatto xon saroyiga borib bemalol yuravergan. Bunday qulay sharoitda Eshshi “Yosh xivaliklar” ning xatidan so‘ng otasi Junaidning Eron tomonlarga ketganidan foydalanib, u Isfandiyorni o‘ldirish rejasini amalga oshiradi.

1918 yil oktyabrida Eshshi, Onnagaldi va Vakil og‘a ismli yovmudlar Isfandiyor qabuliga kirishadi. Vakil og‘aning otasi Durdi Vakilni 1916 yil general Galkin xalq isyonini bostirganda, Isfandiyor generalga aytib otdirib yuborgandi. Isfandiyorxondan o‘ch olish maqsadi bo‘lgan Vakil og‘a xonning qotili bo‘lgan. Eshshi, Onnagaldi xon bilan o‘ng qo‘lida ko‘rishgach, eng oxirida Vakil og‘a so‘l qo‘li bilan ko‘rishadi. Isfandiyor unga: “ Sen nima uchun so‘l qo‘ling bilan ko‘rishding?”-deb aytishi bilan Vakil og‘a o‘ng qo‘lidagi katta pichoqni chiqarib, Isfandiyorni bo‘g‘izlaydi. Xon yonidagi to‘pponchasini ham olishga ulurolmay qoladi.

Garchi qotil Vakil og‘a bo‘lsa-da, Isfandiyorning fojiali yakun topgan hayotiga u yashagan davr aybdor edi. Agarki, u Islomxo‘ja bilan islohatlarini davom qildirgan, qilichu soatsozlikni davom etdirib, she’rlar yozish, jug‘rofiya bilan yanada mukammal shug‘ullanganida, otasi Feruz kabi uzoqroq hukmronlik qilardi. Ammo uning ko‘ngli bo‘shligi, ishratga moyilligidan foydalangan fitnacha amaldorlar,Chor Rusiyasi va jandarmenriyasi uni “Yosh xivaliklar” hamda yovmudlarga doimo qarshi qo‘yib keldi. Natijada Isfandiyorxonning umri Vakil og‘a qo‘lida fojiali yakun topdi.

09

(Tashriflar: umumiy 560, bugungi 1)

Izoh qoldiring