Umid Bekmuhammad. O’zbek matbuoti tarixidan lavhalar

Ashampoo_Snap_2017.06.14_16h13m12s_004_.png27 июн — матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни

  ”Тараққий” эҳтиёж, зарурат боис дунёга келганди.Шу боис ҳам қисқа фурсат ичида ҳақиқий маънода қўлма қўл бўлиб кетди.Айниқса, газетада думадаги депутатларнинг иш жараёнидаги сусткашлик, мадрасаларнинг қолоқлиги, замонавий таълим-тарбиядан узоқлашиб кетганлиги каби долзарб мавзуларда мақолалар берилиши чор мустамлакачиларини чўчитиб қўйди.

Умид Бекмуҳаммад
МАТБУОТ ТАРИХИДАН САҲИФАЛАР
03

ТЎРТ МАРТА СУДЛАНГАН » ТАРАҚҚИЙ»

37.pngБу нашр ўз фаолиятини атиги икки ойу бир ҳафта давом эттирган бўлса-да, шу вақт ичида зиёлилар эътиборини қозониб, ҳукумат ва ақидапараст уламолар, танқидни жини суймайдиган кишилар қувғинига учради.Натижада тўрт марта судга берилиб, мол-мулки мусодара этилди.У ўзбек матбуотига асос солган Исмоил Обидийнинг «Тараққий» газетаси эди…

Туркистонда дастлабки матбуот нашри чор Русияси босқинчиларининг рус тилида чоп этиладиган «Туркестанские ведомости» газетаси бўлиб, у 1870 йилнинг 28 апрелидан 1917 йилнинг 15 декабригача бўлган фаолияти даврида асосан мустамлакачилар сиёсати ва мафкурасини тарғиб қилган.Айнан ўзбек ва қирғиз тилларида чоп этилган «Туркистон вилоятининг газети» ҳам «Туркестанские ведомости» нинг ўзбекча нусхаси бўлиб, фарқи мустамлакачиларга хизмат қилаётган маҳаллий ижодкорлар томонидан тайёрланиб, нашр этилаётганида эди. Зеро, тарғибу ташвиқ ҳам мустамлакачилар мафкураси бўйича бўлиб, » ..ведомости»-дан ўзбекча чиқаётганлиги билан ажралиб турарди.

Чўлпон таъбири билан айтганда, «Туркистон вилоятининг газети» истило этилган генераллар тарафидан нашр этилган, руслиғнинг шавкат ва салтанатини кўҳна мадрасаларнинг тумтароқ тили ила осмонларга чиқарган бир газета эди».

Авлоний эса «…бу газета-Туркистон ўзбеклари учун биринчи газета бўлғони каби ерлик халқни разолат, сафолатга бошлағон тарихий бир қора гуруҳ газета..Бу маориф маданиятига душмон бўлғони ҳамда табиий эл орасиға бидъат, хурофот тарқатишқа бор кучи билан киришган ва бу йўлда бир қанча муваффақиятларга учрағон эди», дея жадидлар нуқтаи назаридан «Туркистон вилоятининг газети» га баҳо берганди.

Шундай вазиятда бор ҳақиқатни ёзадиган, миллий кайфиятни ифодалайдиган соф ўзбекча нашрга эҳтиёж туғилаётган эди.Зеро, бу пайтга келиб, Беҳбудий,Авлоний,Чўлпон, Сўфизода ва яна кўплаб қаламкашлар матбуот майдонида қад ростлаб турар, уларнинг «Туркистон вилояти газети» га ёзганлари миссионер Остроумов томонидан «қайчиланиб» чиқарилар, баъзи пайтларда эса чоп ҳам этилмасди.

Буларнинг барини кўриб, сезиб юрган ва ўзбек халқи қарашларини ифодалайдиган миллий газетага эҳтиёж туғилганини англаган Исмоил Обидий 1906 йил 27 июндан «Тараққий» номли миллий ўзбекча газетага асос солди. Газета Тошкентдаги В.Ильиннинг хусусий босмахонасида босилиб, Ўрта Осиёга тарқатилган.

Абдулла Авлонийнинг 1924 йил 24 июндаги “Туркистон” газетасида ёзган мақоласига кўра, “ газета муҳаррири Исмоил Обидийга Тараққий исми берилди.Ҳозиргача халқ Исмоил Обидийнинг исмини Тараққий деб юритадир.Бу газета элнинг энг суюб ўқийдурғон бир газетаси бўла олди.Бу газета ўша замон мусуслмон газеталари ичида энг сўли бўлиб, ҳукумат ва унинг маъмурлариға қарши ҳужум очди.Бу газета ерлик ёш ёзувчиларға саҳифасидан кенг ўрин берди.Истибдод ҳукуматининг фавқулодда сақлаш ( черезвичайний охран) қўли билан бу газета ўлдирилди.Халқ озиқсиз қолиб, узоқ вақт жимжитлик ҳукм сурди”.

Исмоил Обидий 1880 йилда туғилган бўлиб, ҳаёти давомида Шарқий Туркистон,Қозон,Москва,Тошкент шаҳарларида яшаган, татар, ўзбек, араб, форс, уйғур, рус тилларини биладиган ўз даврининг тараққийпарвар зиёлиларидан бўлган.Шунингдек, у нафақат журналист, балки меъмор ва рассом, таржимон ҳам эди.

«Тараққий»нинг гарчи 21 сони нашрдан чиққан бўлса-да, уларда Беҳбудий, Мунаввар Қори,Мулла Саид Аҳмад қизи Нозимахоним,Сўфизода, Шокир Мухторий,Баҳромбек Давлатбоев кабиларнинг миллий руҳдаги халқчил мақолалари чоп этилиб, ўқувчилар ҳурматини қозонди.Рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни ҳаққоний ёзгани, чоризм сиёсатини танқид қилгани, жадидларга қарши бўлган консерватизм қарашдаги қадимги уламолар қилмишларини шарманда қилгани сабабли ҳам газета тўрт марта судга берилиб, охири чор ҳукумати томонидан уни нашр этиш таъқиқлаб қўйилди.

Газетада босилган қуйидаги мақола ва хабарлардаги лавҳаларни кузатиб ҳам ўзингиз «Тараққий»нинг тутган йўлини билиб оласиз:

“..дунёға нима учун келгонини билмай илм ва маорифға асло рағбат қилмай жонидин ширин болаларини кўча бакўча кездуруб бечора маъсумни азиз умрини жаҳолат оташина ёндирувчи беаҳамият ва бедиёнат оталар ҳам орамизда оз эмасдур.Кўп диндошларимизни кўрармизки ўз фарзандларини асло мактабга бермай орқаларидан эргаштириб руслар эшигида ўзлари каби хизматчиликға ўргатуб дунё ва охиратни саодати ўлғон илм ва маорифдин маҳрум қилмоқдин ҳеч бир ибо қилмаслар….Ва бу жаҳолат хоҳишудирки, миллат фойдаси учун жонини қурбон қилмоққа лойиқ арслон каби йигитларимиз бутун миллатни ўйларидан чиқариб истеъдод ва ғайратларини чойхона ва пивохоналарға сарф этмакдадурлар” ( газетанинг 1-сонидаги Мунавварқорининг мақоласидан).

“..агар бизларнинг мактабларимиз бошқа миллат мактаблари каби бир низомга қўйилиб яхши муаллимлик вазифасини лавозимча адо қилурлик кишилардин муаллимлар тайин қилинса эди маъсум авлодларимиз руҳий ҳаётига, дунё ва охиратни саодатиға биринчи сабаб ўладурғон илм ва маорифдин бу даражада маҳрум ўлмагига сабаб ўлмас эдук..”( газетанинг 1-сонидаги мақоладан)
«..Мадрасаларнинг аҳволин кимлар ислоҳ қилурлар, уламолар, қозиларнинг сўзларидан ўтиб, бир иш қилолмасликлари учун бу жаноблардан ислоҳ умид қилмоқ тўқсон ёшлиқ бир қари ғажузадан фарзанд умид этмак қабилидандир» («Тараққий» нинг 9-сонидаги мақоладан).

«Бизни Тошкентда ичкулик ва пивохўрлик чунон шойи бўлдики, бош бекатларимиздан бошлаб, думахона улуғларигача чой ўрнига пиво истеъмол қилурлар.На уламоларимиздан, на ҳукуматларимиздан бир киши йуқки, йигитларимизни ичкулик ичмоқдин ман қилсалар.Давлат думасиға вакил сайламоқ учун аҳоли тарафдин кўзланган улуғ председателларимиз ичкулик ичиб, маст бўлиб, аҳоли орасида беибо кезмакдалар.Ажабо! Бунингдай фасод ахлоқ қандай ноинсофликдирки, аҳолига ваъз насиҳат қилиб, тазйиқ қайтармоқ ва қайтмоғонни уруб, сўкиб тазйиқ бермоқ вазифалари ўлғон ўғлимиз ўзларини обрўйини рус қизлари ила гостиниса золларида барбод этмакдалар.Аллоҳдан қўрқиб, халқдан уёлмаслар» (газетанинг 3-сонидаги мақоладан).

» Рус-япон уруши ва бунинг оқибатида жангга маблағ топмоқнинг энг осон йўли халққа турли солиқлар солиб, ундириб олиш, халқнинг оғир ва машаққатли меҳнати эвазига бунёдга келган озгина маблағни шу йўл билан ундан тортиб олиб, яна халқни дин ва имонга таауллуғи бор афсоналар билан баттар озғуриб, итоат қафасида тутадурлар».(3-сон, 1-бетидаги мақоладан).

“Тараққий”нинг шу тарзда жамиятни ислоҳ қилиш,муаммолар илдизини ахтаришга бўлган уринишлари жадидчилик ҳаракатининг Қримдаги асосчиси Исмоил Гаспиринскийга, татарларнинг Қозондаги буюк шоири Абдулла Тўқайга ҳам етиб ҳам борди.Қиримда яшаётган буюк маърифатпарвар “Таржимон” газетасининг 1906 йил 69 сонидаги мақоласида газетани ўқиб қувонганини “туркистонда бундай тараққийпарвар бир газетага кўпдан бери эҳтиёж бор эди” дея баҳолаганди.

Ҳа,”Тараққий” эҳтиёж, зарурат боис дунёга келганди.Шу боис ҳам қисқа фурсат ичида ҳақиқий маънода қўлма қўл бўлиб кетди.Айниқса, газетада думадаги депутатларнинг иш жараёнидаги сусткашлик, мадрасаларнинг қолоқлиги, замонавий таълим-тарбиядан узоқлашиб кетганлиги каби долзарб мавзуларда мақолалар берилиши чор мустамлакачиларини чўчитиб қўйди.

Баъзи муттасиблар ва “Туркистон вилоятининг газети” каби мустамлакачилар мафкурасини ифодаловчи мухбирлар “Тараққий” ни обрўсизлантириш йўлидан бордилар.Хусусан, газета муҳаррири Исмоил Обидий ҳақида, “муҳарирнинг асли исми маълум эмас, имзоси “Саййид Исмоил” эсада, ўзи “Саййид” бўлмаса керак”, деб қочириқлар қилди ва шу хилдаги ғийбатлар билан “Тараққий”ни тўхтатишга ҳаракат қилдилар.Тошкентдаги бундай вазият тўғрисида Исмоил Гаспиринский “Таржимон”нинг 1906 йил 117-сонида мақола ёзиб бу ҳолатни “Номаъқул сўзлар.Шаҳри Тошкандда 38 йилдан бери расмий “Туркистон газети” нашр қилинади.Муҳаррири зиёли ғўспўдин Остроумовдир.Зиёли бир одамнинг қўл остида бўлган газета бошқа муҳаррирлар ҳақида бозор ғийбатларига ўхшар нарсалар ёзмаслиги лозимдир.”Тараққий” муҳаррири саййидми,эмасми, муҳим эмас, ёзганлари муҳимроқ, шунга қараш керак ”, дея баҳо бериб ўтган, аҳвол яхшиланишига умид қилганди.Афсуски, бундай мутассибона қарашлар, мустамлакачиларнинг тазйиқи натижасида газета ёпилади. Зиё Саиднинг ёзишига кўра, » Тараққий” қора гуруҳ уламолари билан қаттиқ тортишиб, уларнинг халқ орасида обрўларини туширишга ҳаракат қилди.Ора-сира ҳукуматга ҳам тегиб турди.Мазкур «гуноҳлари» учун 20-номерига етганда, чор ҳукумати томонидан мусодара этилиб, муҳаррири қамоққа олинди»

Гарчи шундай булса-да,Исмоил Обидийнинг «Тараққий» газетаси биринчи ўзбек миллий матбуот нашри сифатида тарихда қолди.

БИРИНЧИ МАҲАЛЛИЙ МАТБААЧИ

caxlhkruvqsltwzfjhdp - копия.jpgБу инсоннинг қилган иши тараққийпарварлик, янгиликка интилувчанлик дегулик эди.Зеро, у Ўрта Осиёнинг маҳаллий кишиларидан етишиб чиққан биринчи матбаачи бўлган.Бироқ уни кимдир эъзозлаб, шарт- шароит яратиб берса, бошқа бир хон зиндонбанд қилиб, бўғизлатмоқчи бўлди.Яхшилар ёрдами билан зулматдан чиқиб, энди иш бошлаганида эса тахтга чиққан янги хон уни яна қамоққа олдирди.Кейинги замонлар ҳам осойишта кечмади.Қуйида ана шундай даврларда машаққатли ҳаёт кечирган Отажон Обдаловнинг ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қиламиз.

1876 йил, Хоразм.Маърифатпарвар хон Феруз девонларга тартиб берувчи ҳаттотлар ишини замонавийлаштириш ниятида Эрондан Иброҳим Султон деган матбаачини ишга таклиф этди.Шу тариқа катта пул эвазига қисқа муддатда иш ўргатилди.Кўҳна Аркда эса тошбосма қурилди.Ферузхон Петро Александровск(Тўрткўл)даги рус-тузем мактабини битириб, Пирнахосдаги «Кошило» ёнида ишлаб юрган Отажон Обдаловни матбаачига шогирдликка берди.Иш қизиб, устоз-шогирд матбаахонада айрим ҳужжатларни, 1876 йили эса илк бор Форобийнинг «Нисобус-сибиён» асарини чоп этишди.Шартнома муддати тугаб, Иброҳим Султон Эронга кетгач, бутун иш Отажонга қолди.У ўзига Муҳаммад Ёқуб,Худирган харрот, Худойберган муҳркон , Исмоил девонларни шогирд қилиб олди ва матбаахона фаолияти янада қизғин тус олди.

Натижада 1880 йили Навоийнинг «Хамса», 1882 йили «Чор девон», Огаҳийнинг «Таъвиз ул-ошиқин», Комилнинг «Девони Комил» каби асарлари тошбосмада чоп этилди.Шунингдек, Ферузхон саройидаги шоирларнинг девони ҳам Отажон Обдалов томонидан нашр қилинди.

Эътиборлиси шундаки, Ферузнинг ёзганлари бир неча жилд девон ҳолига келиб қолган бўлса-да, матбаахонасида ўз асарини чоп эттиришга шошилмади.Форобий,Навоий,Огаҳий асарлари тошбосмада нашр қилинганидан сўнггина 1897 йили ўз ғазалларини китоб ҳолида чоп қилдирди.

Хўш, халқ Отажон босма, дея атайдиган матбаачининг тошбосмаси қандай бўлган? 1908 йили Хивага келган рус шарқшуноси А.Самойлович бу ҳақда шундай деганди: » Феруз 1900 йили тошбосмани Кўҳна Аркдан Қибла Тозабоғга кўчирган экан.Тошбосма уч хонадан иборат.Биринчи хонада котиб нашр қилинмиш асардан тошбосма сиёҳи билан нусха кўчирган, иккинчи хонада варақма-варақ ёзувли тошга қўйиб босилган ва қуритилган варақлар учинчи хонага, яъни омборхонага ўтказилган.Янги ташкил этилганида, тошбосма фақат битта вараққа мўлжалланган бўлса,1900 йилларнинг бошига келиб, тош ҳажми катталаштирилиб, унга тўртта варақ жойлашадиган бўлган.Тошбосма дастгоҳи қўлда ишлатилган.Иш жараёнини бир уста бошлиқ уч киши бажаради.Бир киши тошбосма дастгоҳининг ғилдирагини айлантириб турган.Иккинчиси қоғозни алмаштирган, учинчиси эса алоҳида столда валикка бўёқ суртиб туради».

Шу тариқа иш юритилган матбаахонада 1910-1915 йилларгача қирқдан зиёд китоб чоп этилган.1910 йили маърифатпарвар Хива хони Феруз вафот этгач, ишлар ўлда-жўлда қолди.Ҳатто, Исфандиёрхон Отажон Обдоловни исёнкор шоир Аваз Ўтар ғазалларини тошбосмада чоп этгани учун зиндонбанд ҳам қилди.Гарчи у яхшилар ёрдами билан бўғизланишдан омон қолиб, озодликка чиқса-да матбаахона иши тўхтаб қолган эди.Тараққийпарвар Отажон босманинг жадидларга қўшилганини эшитган Саид Абдуллахон уни 1919 йили яна қамоққа олдирди.

1920 йил.Озодлик.Ҳибсдан чиққан олтмиш тўрт ёшли Отажон босма кексалигига қарамай, шижоат билан ишга киришди.Матбаахонада ишлар жонланиб, энди нафақат китоблар, 1920 йилнинг 8 мартидан «Инқилоб қуёши» газетаси, ҳатто,Хоразм республикасининг шойи, қоғоз пуллари ҳам босиб чиқарилди.1920-30 йилларда Хивадаги матбаахонада Хоразмнинг ўнгга яқин, Қорақалпоғистоннинг эса олтита газета, журналлари чоп қилинган.

1929 йили Отажон Обдалов замонавий полиграфия сирларини ўрганиш, тажриба орттириш ниятида Тошкент ва Москвага бориб, иш жараёнини ўзлаштириб қайтди.Ваҳоланки, бу пайтда у 73 ёшга кирганди.Ўзбекистон раҳбарияти унинг матбаачиликка қўшган ҳиссаси, фидойилигини эътиборга олиб, «Меҳнат қаҳрамони» унвони билан тақдирлади.Отажон Обдолов ҳаётининг олтмиш йилини матбаачиликка бағишлаб,Низомиддин Шамсиддинов, Содиқ Ҳалимов, Дурди Паноев, Оллаберган Раҳимов,Ота Мискинов,Бойжон Отажонов, Мадраҳим Сайдалиев, Қодир Абдуллаев сингари шогирдларни етиштирган.Оллаберган, Жаббборберган, Раҳмонқул исмли уч фарзандни вояга етказди.Афсуски, “катта террор” авж олган 1938 йил 10 февралда Отажон Обдалов ҳам отувга ҳукм қилинади. Бу пайтда у 82 ёшга кирган қария эди.

БЕШ МИЛЛИАРД СЎМГА АРЗИЙДИГАН ДУО

«Олтин олма, дуо ол—дуо олтин эмасми?» Бу нақлни эшитгансиз.Аммо чин дилдан эмас, шунчаки айтилган дуо-ю фотиҳадан кўра, букланиб, ғижимланган бўлса-да, қоғоз пул, ялтирамаса-да, сариқ чақа зарур бўлган замонлар эди ўшанда.Айниқса, миллат келажаги, таълим ва ёшлар учун қилинадиган саховат, бериладиган пул ҳар бир даврдаям энг савоб иш ҳисобланган.Афсуски, буни тушунадиган, англайдиганлар саноқли…

1920 йил сентябрда Бухоро амирлиги тугатилгач, ташкил қилинган Бухоро Халқ Республикаси раҳбарлари этиб жадидлар—илмли, маърифатли «Ёш бухороликлар» сайланди. Улар Файзулла Хўжаев, Фитрат, Усмонхўжа, Садриддин Айний, Абдулвоҳид Мунзим эдилар.Бу инсонлар амирлик давридаги қолоқлик, истибдод ва жаҳолатнинг авж олгани сабабини илмга, техникага эътибор қилинмаганликнинг оқибати билан изоҳлашарди.Шунинг учун ҳам улар дастлабки ишни иқтидорли ёшларни тараққий этган Германияга ўқишга юборишдан бошладилар. БХР бюджетидан айнан илмга интилганлар учун Германия банкларидан бирига пул ажратилди.

Бухороликлардан ибрат олган бошқа ҳудудлардаги маърифатпарварлар ҳам Тошкент, Хоразм ва водий вилоятларидан иқтидорли ёшларни танлаб олиб, уларни Германияга жўнатишга ҳаракат қилишди.Аммо маблағ масаласи…

Ана шундай вазиятда, Саидносирбой,Чўлпон,Мунаввар қори ва Абдулла Қодирийлар бир ташаббус билан чиқдилар.Унга кўра, 1921 йилда «Ўзбек билим ҳайъати» қошида «Кўмак» уюшмаси тузилди.Маърифатпарварлар замон оғир бўлса-да, маърифат учун саховат қиладиганлар топилар, деган эзгу ниятда ҳаракат бошлашди.

Ўша даврдаги вазиятни » Туркистон» газетасининг 1923 йил 27 январ сонидан билиб олишимиз мумкин.Хумсонлик тахаллуслик муаллиф «Сўнгги кўмакни кимлардан кутишимиз керак?» номли мақоласида шундай деб ёзган эди:

«Туркистондан четга бориб ўқиш учун 1921 йил бошларида «Ўзбек билим ҳайъати» томонидан студент Саидалихўжа бўлган ҳолда бир неча ўқувчиларнинг рўйхати олиниб, ҳукуматга топширилган эди.Бир неча муддат бунинг кетидан юриб, натижада ҳукуматимизнинг моддий кўмак бера олмаслиги билингач,бу масала ўз-ўзидан тўхтади.Лекин ўқигувчиларнинг орасида кўтарилган четга кетиб ўқиш ҳаваси эса бунинг билан битмади.Ўқигувчилардан қайси бир ўзига тўқлари ( гарчи борлиқ нарсаларини сотиб бўлса-да) яна четга кетмак орзусида бўлдилар.Буларнинг ўзаро ташаббусини кўрган «Билим ҳайъати» четда томошачи бўлиб тура олмади.Ва четга кетувчи студентларнинг ўзларидан бир комиссия тузиб,ўз аъзоси Саидалихўжани шул комиссияга бошлиқ этиб, «Кўмак» номи остида бир уюшма тузди.Уюшма кеча-ю кундуз ишлаб, бир кишини четга жўната олди».

Ҳа, ғоят оғир йиллар эди. Ҳукуматга ҳам қийин. Мададдан умидвор бўлишнинг фойдаси йўқ.Тўпланган пул эса атиги бир кишини ўқишга юборишга етди.Бораман, илм ўрганаман, дейдиганлар эса ҳаддан зиёд.Хўш, нима қилиш керак? Кимдан кўмак кутиш лозим?

Чўлпон,Қодирийлар эл орасида юриб, ташаббус билан чиқдилар: «Ёшлардан хайриянгизни аяманг!», «Илм учун саховат кўрсатинг!» Ташаббускорлар ўзларидаги маърифатпарварлик, илмга интилиш, ёшлар иқболини ўйлаганлари сабабли ибрат кўрсатишди.Қодирийдек меҳридарё,ҳожатбарор инсон ўз боғида етиштирган меваларни сотиб,»Кўмак»ка хайрия қилди. Чўлпон эса қийналиб юрганига қарамай, қалам ҳақларини тўплаб, кийим бош оламан, деб йиққан пулини ёшларга бағишлади.Бу борада улар менинг жияним, аммамнинг фарзанди бор, тўпланган халқ пулига Германияга ўша бориб ўқий қолсин, деб ҳаракат қилишмади.Миллат манфаати, ёшлар келажаги улар учун маҳаллийчилик, таниш-билишчиликдан устун эди

Бу инсонларнинг ташаббуси ва хайр-саховатидан бошқалар ҳам ибрат олишди.»Туркистон» газетасининг 1922 йил 18 декабр сонидаги хабарга кўра, Тошкентдаги бир гуруҳ маориф ва маданият арбоблари ўқишга борувчилар учун пул топширган.Улар орасида Саидносирбой Миржалолов(йигирма минг сўм), шоир Чўлпон( етти ярим минг сўм),Мунавар қори,Шокиржон Раҳимийлар бор эди.Бундан ташқари, Тошкент зиёлилари 2 декабрда адабий кеча уюштириб, ундан тушган етмиш беш минг сўмни ҳам Германияга юбордилар.

Зиёлиларнинг бундай хайр-саховатини кўриб,оддий халқ «Кўмак»ка оз бўлсада, пул топшира бошлади.Афсуски, ўзига тўқ, бойлигини маишатга сарфлаётган баъзи кишилар бундай тадбирдан ўзларини четга олишарди. Ташаббускорларга,» шундан бошқа ташвишим йўқми?», » меним болам ўқирмиди?», дея жавоб бериб юборишарди.Бундай калтабинликка гувоҳ бўлган Абдулла Қодирий » Муштум» журналининг 1923 йил тўртинчи сонида «Кўмак» уюшмасига ионалар» номли ҳажвиясини эълон қилди. У шундай бошланади:

» Кейинги кунларда » Кўмак» уюшмасига берилган ионаларнинг ҳисоби жуда ҳам кўпайиб кетди.Тушган ионаларни уюшманинг битта кассаси эплай олмаганликдан иккинчи касса олмоққа мажбур бўлинди.Кейинги ойда иона берган сахийларнинг рўйхати мундайдур:

1.Валиҳожи—беш миллард сўмга арзийдиган дуо.
2.Ғулом шайх бойбачча—»Ўқишга кеткан йигитлар мулло бўлсунлар» деган яхши тилак (баҳо қўйиш комиссиясининг сўзига қараганда, бу иона ҳам беш миллиардга арзир экан).
3.Азим бойвачча, кўмирчи—саккиз пуд тошкўмир.
4.Тужжор ширкати—иккита сопол товоқ билан битта хурмача.
5.Камар ширкати—чорак қадоқ олма чойи.
6.Пойафзал бозоридаги дўконлар ўзаро—бир пой бачкана этик.
7.Чит бозорининг дўконларидан—бир газу уч чорак газлама.
8.Аттор оға-инилардан—икки қути упа.
9.Қассобликдан—беш дона ўпка.
10.Қандолатчилардан-уч истакан писташка билан бир қадоқ пашмак ва бошқалар.

Ушбулардан Берлин ўқугувчиларимизга юборилди:
Берлиндаги талабаларимиз ортуқча муҳтож бўлғонликларидан биринчи галда тўрт пут тошкўмир, иккита сопол товоқ, бир посилка дуо юборилди».

Қодирий-Жулқунбойнинг бу ҳажвияси ўлкада катта шов-шув бўлиб, баъзи дўкондор, савдогар,боғбонлар уялганидан «Кўмак»ка хайрия қила бошлашди.Аммо айрим мутаассиб мулла, маишатпараст кишилар,барибир саховатдан, илмга хайрия қилишдан четда қолаверди.

Шундай бўлса-да, маърифатпарварлар, халқнинг тушунган қисми саъйи-ҳаракати,Қодирий ҳажвиясининг таъсири сабабли «Кўмак» ка анчагина пул тўпланди. Бу маблағга эса Хайринисо Мажидхон қизи,Абдулвоҳид Исҳоқ, Абдулвоҳид Муродий,Солиҳ Муҳаммад, Азимбек Байрамжон, Тўлаган Мўмин, Султон Маматқул, Иброҳим Аҳмаджон, Темирбек Қозибек сингари илмга интилган ёшлар Германияга жўнаб кетдилар.

Ўша долғали , қийин замонларда ҳам ёшларнинг Германияда ўқишига, «Кўмак»ка пул тўпланишига Чўлпон, Саидносирбой, Мунаввар қори ва Абдулла Қодирий каби маърифатпарвар ажододларимиз сабабчи бўлишган.

ЖУЛҚУНБОЙ ВА БУЛОҚНИНГ ЖАСОРАТИ

0-abdul3.jpgБу мақола ўз даврида катта жасорат намунаси бўлди. Аммо унинг муаллифига жасорат қимматга тушиб, жабр кўрди ва қамоққа олинди.Шу билан бирга, матбуотнинг жиловланишигаям сабабчи бўлди…

Маълумки, Абдулла Қодирий—Жулқунбой нафақат буюк адиб, айни пайтда ўткир ҳажвчи, танқидчи журналист ҳам бўлган. Хусусан, «Муштум» журналининг 1926 йилги 27-сонида жамиятдаги салбий иллатларни фош этиб ёзган «Йиғинди гаплар» номли мақоласи ўша давр раҳбарларини анча чўчитиб қўйди.Мақолада Жулқунбойнинг республикадаги вазиятга муносабати, жумладан ,Й.Охунбобоев ва Акмал Икромовлар фикрига эътирозлари акс этган бўлиб, шундай жумлалар бор эди: «Мен сенга айтсам, ўзбекнинг ишчиси, деҳқони, маорифи, маданияти, иқтисоди, шалтой-балтойи, хуллас, барчаси ухлайди.Аммо ўчоқбошининг ҳоли-топғони олақарғалар бўлса, хўбам билган номаъқулчилигини қиляпти!..

…Кечаги кун газетда Охунбобоевдек битта саркорингдан ҳам феълим айниёзди…

…Ер ислоҳоти муносабати билан Ўзбекистонда бошқа ислоҳатлар ясалар эмиш, деб эшитдим.Дарҳақиқат, мамлакатда ислоҳотга муҳтож масалалар кўпдир.Масалан, катталарга ақл ва басират ислоҳоти, муҳарррирларга тил ва маъно, шоирларга илҳом ва услуб(маъно бўлмаса ҳам майли), ёшларга ахлоқ ва кийим, хотунларга жабр, зулм, домлаларға дин ва салла…»

Хуллас, Жулқунбойнинг шу сингари фикрлари шўро мафкуравий сиёсатбозларини чўчитиб юборди.Ушбу мақоласи учун эса Жулқунбой уч ойу ўн кун ҳибсда сақлаб турилди.

14-16 июн кунлари республика олий суди Жулқунбойни Жиноят кодексининг 73-моддаси асосида айблаб, икки йилга озодликдан маҳрум этди. Маҳбуснинг адабий муҳитда. Халқ орасида, хорижда катта обрў-эътиборга эгалиги, қолаверса. Айби етарлича исботланмаганлиги учун озод қилинди.

Бирлашган давлат сиёсий бошқарманинг Ўрта Осиёдаги мухтор ваколатхонаси ходимлари Жулқунбойнинг мақоласини шундай баҳолагандилар:

» Мақола Ўзбекистон компартияси ва ҳукуматини унинг айрим раҳбарлари сиймосида обрўсизлантиришга қаратилган.Айни пайтда мақолада коммунистик партия ва совет ҳукуматининг Ўзбекистонда олиб борган муҳим тадбирлари масхара ва танқид қилинган.Мақола муаллиф томонидан очиқдан очиқ аксилинқилобий мақсадда тайёрланган ва кенг тарқатилган».

Хуллас, » Йиғинди гаплар» мақоласи атрофидаги ваҳимаю шовшувлар эндигина тинчиб, сукунат бўлиб турган пайтда матбуотда худди юқоридаги каби яна бир » аксилинқилобий мақола» чоп этилади.

Булоқ тахаллусли,хоразмлик Маткарим Худойберганов исмли ёш журналист «Ер юзи» журналининг 1927 йил 26 сентябрь сонининг 5-саҳифасида «Хоразм ҳунармандлари» мақоласини нашр қилдиради.Муаллиф унда ҳунармандларнинг оғир ҳаётини ёритиб, ўз даврини хонлик пайти билан таққослаб, шундай ёзган эди:

» Хон замонида кустар ( ҳунарманд маъносида-У.Б.) касабаларнинг тепасида «Калонтар» турар эди. Калонтар хон томонидан тайин қилинганликдан тўра қаторида ҳисобланар эди. Инқилоб келди, лекин Хоразмни анча ўзгартира олмади. Калонтар ўрнига » вакиллар» сайланди. Касабалар касаба союзига айланди. Аммо икки юз йилдан бери ўрнашиб келган тартиб бурунғича қолди».

Муаллиф мақоласида ёзган » инқилоб келди, лекин ўзгариш бўлмади» деган хулосаси ҳам ўз даврида жасорат эди ва бундай фикрлар » аксилинқилобий » ҳисобланарди. Булоқ » воҳада битта ҳам завод йўқки. Кустарларни мукаммал ихтисосларга ўргатса, биттагина мактаб ёки курс йўқ.Фақат қўл ёки оёқ кучи билан Хоразм кустарлари ҳар қандай нарсаларни: кийим, уй рўзғор, овқат ашёларини ишлаб чиқарадурлар.Ота-боболари қандай ишлаган бўлса, шуларнинг авлоди ҳам » ота касби» дегандек. Неча юз йиллик эски аравани тортиб келмоқдалар», дея инқилобдан кейинги ҳаёт ҳақида хулоса чиқарганди.Яъни, муаллиф фикрича, «инқилоб келгани билан эски ҳаммом—эски тос».

Ушбу мақола чоп этилгач, шўро ҳарбий сиёсий маъмурияти муаллифни жазолаган билан бу хилдаги чиқишларни тўхтатиб бўлмаслигини англаб, энди матбуотни жиловлаш, маълум бир қолипга солишга қарор қилди. Шундай қилди ҳам.

1927 йил Самарқандда бўлиб ўтган Ўзкомпартиянинг 5-пленуми томонидан чиқарилган қарорда » матбуот бўлимига раҳбарлик ишини кучайтириш, хусусан, муҳаррирлар фаолиятини малакали ходимлар ҳисобига кенгайтириш чораларини кўриш топширилсин!Газеталарнинг тарбия-тарғибот ишларида борган сари катта роль ўйнаши, бироқ уларга пирқавий раҳбарликнинг етарли даражада бўлмаганлигини танқид қилиш билан баробар, матбуот шўъбасига ва маҳаллий пирқа ташкилотлари билан бирга деворий газеталарнинг ишларини яхши йўлга қўйиш, хусусан, уларни мумкин қадар кўпроқ коммунистлар таъсирига олиш тўғрисида бирмунча чоралар ишлаб чиқарилсин» , дейилади.( Пленум материаллари,Самарқанд, 1927 йил, 55 бет).

Орадан бир йил ўтиб, 1928 йилда нашр этилган Н.Қодировнинг «Ўзбекистон матбуотининг галдаги вазифалари» китобида ҳам матбуотни жиловлаш, хусусан, уни сиёсийлаштирилган ҳолда коммунистлар қолипига солиш бўйича вазифалар белгилаб олинган: » Матбуотимизнинг галдаги вазифалари: сиёсат бобида коммунистлар пирқасининг ва кенгашлар ҳукуматининг тутган йўл ва қоидаларини мустаҳкамлаш йқлида ҳеч чарчамасдан ишлаш, бу ишга кўмак бериш, ишчилар синфи билан деҳқонларнинг иттифоқини мустаҳкамлаш йўлида тўхтамасдан ишлаб, бу иттифоқнинг сусайиб қолишига ёхуд кесилишига ҳеч қачон йўл қўймаслик зарурдир.Ишчилар билан деҳқонлар ўртасидаги иттифоқнинг мустаҳкамланиши жуда муҳим сиёсий бир масаладир» дейилади Н.Қодировнинг юқорида қайд этилган китобининг 13-бетида.

Хуллас, катта қийинчилик ва бегуноҳ инсонлар қони эвазига бўй кўрсатаётган шўро ҳарбий сиёсий маъмурияти ўзбек матбуотини жиловлаш ва қолипига солишга 1927 йилдан қаътий киришган.Қолип эса шу қадар мустаҳкам эдики, уни кейинчалик Жулқунбой ва Булоқдек ҳеч бир журналист ёриб чиқолмади.

“БУЛОҚ” КИМ ЭДИ?

Жулқунбойнинг кимлиги бугун кўпчиликка маълум-Абдулла Қодирий.Хўш, унда Булоқ ким эди?

Мақола Хоразм ҳунармандлари ҳақида ёзилгани учун муаллифни ҳар ким ҳам хоразмлик деб ўйлаши табиий ва бу тўғри.

Кўп йиллар давомида Хоразм ТВ, вилоят газеталарида ишлаган Абдирим Отамуродов , “Олтин Мерос” халқаро жамғармаси вилоят бўлими раиси Комил Нуржонов ва Хоразмнинг бошқа кекса ижоду илм аҳлининг айтишича, Булоқ тахаллуси билан ижод қилган журналист-Маткарим Худойберганов бўлган.

Бу фикрни меҳнат фахрийси,хизмат кўрсатган маданият ходими Ойбиби Худойберганова ҳам тасдиқлаб, Маткарим Худойберганов акаси бўлганини айтиб, у киши билан боғлиқ кўпгина маълумотларни бизга бердилар.

-Акам оиламизда тўнғич ўғил эдилар,-дея ҳикоясини бошладилар Урганчлик Ойбиби опа,-У киши кичкиналигидан журналистлик касбига ихлос қўйди. Вилоятдаги “Коммуна”, “Инқилоб” ва “Бўл тайёр” газеталарида ўзининг журналистлик фаолиятини бошлаган. Акам ватанимиз истиқлолини ўзининг очиқ кўнгиллиги, ҳалол, поклиги билан кутиб олди. У киши фарзандлари, невараларига, қўйингки, бутун замондошларига ҳавас билан боқар, истиқлол катта имкониятлар эканлигини айтиб, истибдод даврининг қийинчиликларини оғир хўрсиниш билан эслардилар.

Ҳа, Маткарим аканинг 1994 йилда чоп этилган “Ёдда қолган лаҳзалар” рисоласида шундай мисралар бор.

Саодат боғида боғбон кексаман,
Озод элда посбон кексаман.
Чаман бўлсин ер юзи сендек,
Истиқлолга қалқон кексаман.

Кўриб турганингиздек, Маткарим ота истиқлолга эришганимиздан ғоят қувонган. Зеро, истибдод даврида М.Худойберганов журналист сифатида ўша даврдаги салбий иллатлар, камчилик ва муаммоларни кўтариб чиқар, аниқроғи, истибдоднинг моҳияти, нақадар зулмкорлигини англаб етганди.

Иш юзасидан 20 аср бошлари, хусусан 1926-30 йилларга оид матбуот нашрлари билан танишганимда Булоқ тахаллуси билан чоп этилган кўплаб мақолаларга дуч келганман. “Ер юзи”, “Аланга”, “Инқилоб қуёши”, “Қизил Ўзбекистон” газеталаридаги мақолалари, фелеьтонлари орқали Булоқ Хоразмдаги кўплаб муаммолар, камчиликлар, салбий иллатларни танқид қилиб чиққан.

Хусусан, М.Худойберганов уруш йилларидан то 1956 йилгача “Қизил Ўзбекистон” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) газетасининг Хоразм вилояти бўйича мухбири бўлиб ишлаган пайтида, Чоржўй-Қўнғирот темир йўли қурилиши, ирригация-мелиорация, деҳқончилик ишларини яхшилаш, кема транспорти ишини намунали йўлга қўйиш билан боғлиқ муаммоларни дадил кўтариб чиққан.

Маткарим Худойберганов кейинчалик “Хоразм ҳақиқати” газетасида ишлади. Ўзбекистон радиосининг Хоразм вилоятидаги махсус мухбири, вилоят телеведенияси ва радиосида фаолият кўрсатган.

Булоқнинг фельетон, очерк, публицистик мақолалари, шеърларини тўплаб бир неча жилд китоб қилса бўлади. Умуман Устознинг меросини ўрганиб тадқиқот қилса арзигулик, хотирасини абадийлаштирса ярашгудек инсон, ҳаётида ҳам ёзганларидек дадил, шижоатли, қўрқмас киши эдилар,-дейди шогирди Абдрим Отамуродов.

ima 5.jpgДАСТЛАБКИ ДАВРИЙ НАШРЛАРИМИЗ

ГАЗЕТАЛАР:

1870 йил-Тошкентда рус тилида “Туркестанские ведомости” газетаси нашр этила бошланди.
1883 йил-“Туркистон вилоятининг газети”, Тошкент.
1905 йил-“Ўрта Осиёнинг умргизорлиги тараққий”, Тошкент.
1906 йил 27 июн-“Тараққий”, Тошкент, Муҳаррири Исмоил Обидий.
1906 йил сентябр-“Хуршид”, Тошкент, Мунаввар қори.
1907 йил-“Шуҳрат”, Тошкент. Абдулла Авлоний.
1907 йил-“Тужжор”, Тошкент. Мулла Ҳошим домла.
1908 йил-“Осиё”, Тошкент, Аҳмад Бектемиров.
1913 йил-“Самарқанд”, Самарқанд. Маҳмудхўжа Беҳбудий.
1914 йил-“Садои Туркистон”, тошкент.Убайдулла Асадуллахўжаев.
1914 йил-“Садои Фарғона”, Фарғона.Обид Маҳмудов.
1915 йил-“Тирик сўз”, Фарғона. Обид Маҳмудов.
1917 йил—“Нажот”, Тошкент. Мунаввар қори.
1917 йил-“Фарғона саҳифаси”, Наманган.Ҳусайн Макаев.
1917 йил-“Шўрои ислом”, Тошкент. А. Баттол.
1917 йил-“ Турон”, Тошкент. Абдулла Авлоний.
1917 йил-“Ҳуррият”, Самарқанд. Мардонқул Шоҳмуҳаммадзода.
1917 йил- “Кенгаш”, Тошкент. Аҳмад Закий Валидий.
1917 йил-“Эл байроғи”, Қўқон. Бўлот (Пўлат) Солиев.
1917 йил-“Турк эли”, Муҳаммадамин Афандизода.
1917 йил-“Фарғона нидоси”, Тошкент,Ҳусайн Макаев.
1917 йил-“Улуғ Туркистон”, Тошкент.Кабир Бакир.
1918 йил-“Турк сўзи”, Тошкент. Темурбек Худоёрхонов.
1918 йил-“Халқ дорулфунуни”, Тошкент, Мухтор Бакир.
1918 йил-“Иштирокиюн”, Тошкент, Ориф Клеблеев.
1920 йил-“Қизил Байроқ”, Тошкент, Умар Алимуҳаммедов.
1922 йил-“Туркистон”, Тошкент, Усмонхон.
1925 йил-“Қизил Ўзбекистон”, Тошкент, Усмонхон муҳаррир бўлган.

ЖУРНАЛЛАР:

1913 йил—“ Ойина”, Самарқанд, Муҳаррири Беҳбудий.
1914 йил—“ Ал ислоҳ”, Тошкент, Абдураҳмон Содиқ.
1917 йил—“Кенгаш”, Қўқон, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий.
1917 йил—“ Юрт”, Қўқон, Ашурали Зоҳирий.
1917 йил-“ Ҳуррият”, Қўқон , Маҳмудхўжа Ризоий.
1917 йил—“Чаён”, Қўқон, Халаф Тўлаков.
1918 йил—“Чўл чаён”, Қўқон, Иброҳим Тоҳирий.
1918 йил—“Ишчилар дунёси”, Тошкент.Мулла Ғози Юнус.
1918 йил—“Изҳорилҳақ”, Тошкент, Мулла Садриддинхўжа.
1918 йил—“ Маориф”, Тошкент, Содиқ Абдусатторов.
1919 йил—“Болалар йўлдоши”, Самарқанд, Ҳабир Абдуллаев.
1919 йил—“Шуълаи инқилоб”, Самарқанд,Саидризо Ализода.
1920 йил—“Таёқ”, Самарқанд, Ҳожи Муин.
1920 йил—“Тонг”, Бухоро, Фитрат.
1920 йил—“Қизил тикон”, Наманган, Ўғуз.
1920 йил—“Қизил йўл”, Тошкент, Аҳмад Донской.
1920 йил—“Касабачилик ҳаракати”, Тошкент, Муҳсин Шермуҳаммедов.
1921 йил—“Болалар дунёси”, Тошкент, Элбек.
1921 йил—“Дафъи эҳтиёж иттифоқининг мухбири”, Самарқанд, Мирсалимов.
1922 йил—“Инқилоб”, Тошкент, Назир Тўрақулов.
1922 йил—“Армуғон”, Тошкент, Саид Аҳмад.
1922 йил—“Ҳақиқат”, Тошкент, Олимқори Мусахон.
1923 йил—“Билим ўчоғи”, Тошкент, Усмонхон Эшонхўжаев.
1923 йил—“ Коммунистлар йўлдоши”, Тошкент, С.Асфандиёров.
1923 йил—“Муштум”, Тошкент, Ғози Юнус.
1923 йил—“Учқун”, Москва, Дарвеш.
1923 йил—“Учқун”, Бухоро, Саид Аҳрорий.
1923 йил—“Нашри маориф”, Бухоро, Ҳабир Абдуллаев.
1923 йил—“Байналмилал”, Тошкент, Ш.Абзанов.
1924 йил—“Машраб”, Тошкент, Ҳожи Муин.
1924 йил—“Ахборот”, Тошкент.
1925 йил—“Деҳқон”, Тошкент, И.М.Берошев.
1925 йил—“Ўзбекистон адлиясининг мухбири”, Тошкент, И.Крилцов.
1925 йил—“Тонг юлдузи”, Тошкент, Ойбек.
1925 йил—“Қишлоқ ўқитувчиси”, Тошкент, Шокирбеков.
1925 йил—“Коммунист”, Тошкент, Комилжон Алимов.
1925 йил—“Янги йўл”, Тошкент, Алимов.
1926 йил—“Меҳнат ҳафталиги”, Тошкент, Горбунов.
1926 йил—“Ер юзи”, Тошкент, Комилжон Алимов.
1927 йил—“Қишлоқ хўжалиги турмуши”, Тошкент, Ҳожибоев.

23 ТАХАЛЛУСЛИ ИЖОДКОР

“ Тахаллус” сўзи арабча бўлиб, халос бўлиш, қутулиш ва ўз номидан бошқа бир номга эгалик қилиш, деган маънони англатади…

Одатда ижодкор, илм аҳли ва баъзи бир сиёсатчилар ўз орзу-истакларини тахаллусда мужассам қилиб фаолият кўрсатадилар.

Тарихга мурожаат қиладиган бўлсак, Мир Алишер ҳазратларининг Навоий, Фоний, Муҳаммад Раҳимхон 2 нинг Феруз ва Комрон тахаллусига эга бўлганини, яъни бир ижодкорнинг иккита ном билан қалам тебратганидан огоҳ бўлиш мумкин.

Xyrshid.jpg20 асрда Ўзбекистонда матбуот ривож топгани боис, Абдулла Қодирий—Шоший, Алимов, Жулқунбой, Бойқуш,Думбулбой,Думбул жияни, Думбул девона, Элбой,Думбулбой ўғли, Жарқинбой,Жиян каби энг кўп тахаллусга эга бўлгани таъкидланиб келинарди.Бироқ ўша даврда яшаб ижод этган яна бир ўзбек адиби—Хуршид—Шамсиддин Шарафиддинов(1892-1960) 23 та тахаллус билан ижод қилиб, айнан тахаллус борасида адабиётда катта кўрсаткичга эришган.

Хуршид, асосан, ишқий шеърлар ҳамда Фирдавсий, Навоий достонлари сюжети асосида “Сиёвуш”, “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун” сингари саҳна асарлари, Тошкент аҳлининг хонлар зулмига қарши исёнини акс этдирган “Ойбону” мусиқали драмасини яратган.

Шамсиддин Шарафиддинов шу ва бошқа асарларига қуйидаги тахаллуслар билан муаллиф сифатида имзо чеккан: Хуршид, Шукрий, Доий, Шарафзода Тошкандий, Шарафзода, Тажанг, Ўжар, Чаён, Индамас, Инжиқ, Чаёнбой,Шоҳидий, Алои-Шоший, Шам-Шоший, Алои-Шукрий,Алойи-Тошкандий, Шукри-Тошкандий, Шамсиддин-Шараф,Дилхаста,Шукрий-Шараф, Фақир-Шамсиддин-Шараф, Ман, Фақир Шамс-Тошкандий.

126.jpg27 iyun — matbuot va ommaviy axborot vositalari kuni

”Taraqqiy” ehtiyoj, zarurat bois dunyoga kelgandi.Shu bois ham qisqa fursat ichida haqiqiy ma’noda qo‘lma qo‘l bo‘lib ketdi.Ayniqsa, gazetada dumadagi deputatlarning ish jarayonidagi sustkashlik, madrasalarning qoloqligi, zamonaviy ta’lim-tarbiyadan uzoqlashib ketganligi kabi dolzarb mavzularda maqolalar berilishi chor mustamlakachilarini cho‘chitib qo‘ydi.

Umid Bekmuhammad
MATBUOT TARIXIDAN SAHIFALAR
03

TO‘RT MARTA SUDLANGAN “ TARAQQIY”

31-traur-2303.jpgBu nashr o‘z faoliyatini atigi ikki oyu bir hafta davom ettirgan bo‘lsa-da, shu vaqt ichida ziyolilar e’tiborini qozonib, hukumat va aqidaparast ulamolar, tanqidni jini suymaydigan kishilar quvg‘iniga uchradi.Natijada to‘rt marta sudga berilib, mol-mulki musodara etildi.U o‘zbek matbuotiga asos solgan Ismoil Obidiyning “Taraqqiy” gazetasi edi…

Turkistonda dastlabki matbuot nashri chor Rusiyasi bosqinchilarining rus tilida chop etiladigan “Turkestanskiye vedomosti” gazetasi bo‘lib, u 1870 yilning 28 aprelidan 1917 yilning 15 dekabrigacha bo‘lgan faoliyati davrida asosan mustamlakachilar siyosati va mafkurasini targ‘ib qilgan.Aynan o‘zbek va qirg‘iz tillarida chop etilgan “Turkiston viloyatining gazeti” ham “Turkestanskiye vedomosti” ning o‘zbekcha nusxasi bo‘lib, farqi mustamlakachilarga xizmat qilayotgan mahalliy ijodkorlar tomonidan tayyorlanib, nashr etilayotganida edi. Zero, targ‘ibu tashviq ham mustamlakachilar mafkurasi bo‘yicha bo‘lib, “ ..vedomosti”-dan o‘zbekcha chiqayotganligi bilan ajralib turardi.

Cho‘lpon ta’biri bilan aytganda, “Turkiston viloyatining gazeti” istilo etilgan generallar tarafidan nashr etilgan, ruslig‘ning shavkat va saltanatini ko‘hna madrasalarning tumtaroq tili ila osmonlarga chiqargan bir gazeta edi».

Avloniy esa “…bu gazeta-Turkiston o‘zbeklari uchun birinchi gazeta bo‘lg‘oni kabi yerlik xalqni razolat, safolatga boshlag‘on tarixiy bir qora guruh gazeta..Bu maorif madaniyatiga dushmon bo‘lg‘oni hamda tabiiy el orasig‘a bid’at, xurofot tarqatishqa bor kuchi bilan kirishgan va bu yo‘lda bir qancha muvaffaqiyatlarga uchrag‘on edi”, deya jadidlar nuqtai nazaridan “Turkiston viloyatining gazeti” ga baho bergandi.

Shunday vaziyatda bor haqiqatni yozadigan, milliy kayfiyatni ifodalaydigan sof o‘zbekcha nashrga ehtiyoj tug‘ilayotgan edi.Zero, bu paytga kelib, Behbudiy,Avloniy,Cho‘lpon, So‘fizoda va yana ko‘plab qalamkashlar matbuot maydonida qad rostlab turar, ularning “Turkiston viloyati gazeti” ga yozganlari missioner Ostroumov tomonidan “qaychilanib” chiqarilar, ba’zi paytlarda esa chop ham etilmasdi.

Bularning barini ko‘rib, sezib yurgan va o‘zbek xalqi qarashlarini ifodalaydigan milliy gazetaga ehtiyoj tug‘ilganini anglagan Ismoil Obidiy 1906 yil 27 iyundan “Taraqqiy” nomli milliy o‘zbekcha gazetaga asos soldi. Gazeta Toshkentdagi V.Ilinning xususiy bosmaxonasida bosilib, O‘rta Osiyoga tarqatilgan.

Abdulla Avloniyning 1924 yil 24 iyundagi “Turkiston” gazetasida yozgan maqolasiga ko‘ra, “ gazeta muharriri Ismoil Obidiyga Taraqqiy ismi berildi.Hozirgacha xalq Ismoil Obidiyning ismini Taraqqiy deb yuritadir.Bu gazeta elning eng suyub o‘qiydurg‘on bir gazetasi bo‘la oldi.Bu gazeta o‘sha zamon mususlmon gazetalari ichida eng so‘li bo‘lib, hukumat va uning ma’murlarig‘a qarshi hujum ochdi.Bu gazeta yerlik yosh yozuvchilarg‘a sahifasidan keng o‘rin berdi.Istibdod hukumatining favqulodda saqlash ( cherezvichayniy oxran) qo‘li bilan bu gazeta o‘ldirildi.Xalq oziqsiz qolib, uzoq vaqt jimjitlik hukm surdi”.

Ismoil Obidiy 1880 yilda tug‘ilgan bo‘lib, hayoti davomida Sharqiy Turkiston,Qozon,Moskva,Toshkent shaharlarida yashagan, tatar, o‘zbek, arab, fors, uyg‘ur, rus tillarini biladigan o‘z davrining taraqqiyparvar ziyolilaridan bo‘lgan.Shuningdek, u nafaqat jurnalist, balki me’mor va rassom, tarjimon ham edi.

“Taraqqiy”ning garchi 21 soni nashrdan chiqqan bo‘lsa-da, ularda Behbudiy, Munavvar Qori,Mulla Said Ahmad qizi Nozimaxonim,So‘fizoda, Shokir Muxtoriy,Bahrombek Davlatboyev kabilarning milliy ruhdagi xalqchil maqolalari chop etilib, o‘quvchilar hurmatini qozondi.Ro‘y berayotgan voqea-hodisalarni haqqoniy yozgani, chorizm siyosatini tanqid qilgani, jadidlarga qarshi bo‘lgan konservatizm qarashdagi qadimgi ulamolar qilmishlarini sharmanda qilgani sababli ham gazeta to‘rt marta sudga berilib, oxiri chor hukumati tomonidan uni nashr etish ta’qiqlab qo‘yildi.

Gazetada bosilgan quyidagi maqola va xabarlardagi lavhalarni kuzatib ham o‘zingiz “Taraqqiy”ning tutgan yo‘lini bilib olasiz:

“..dunyog‘a nima uchun kelgonini bilmay ilm va maorifg‘a aslo rag‘bat qilmay jonidin shirin bolalarini ko‘cha bako‘cha kezdurub bechora ma’sumni aziz umrini jaholat otashina yondiruvchi beahamiyat va bediyonat otalar ham oramizda oz emasdur.Ko‘p dindoshlarimizni ko‘rarmizki o‘z farzandlarini aslo maktabga bermay orqalaridan ergashtirib ruslar eshigida o‘zlari kabi xizmatchilikg‘a o‘rgatub dunyo va oxiratni saodati o‘lg‘on ilm va maorifdin mahrum qilmoqdin hech bir ibo qilmaslar….Va bu jaholat xohishudirki, millat foydasi uchun jonini qurbon qilmoqqa loyiq arslon kabi yigitlarimiz butun millatni o‘ylaridan chiqarib iste’dod va g‘ayratlarini choyxona va pivoxonalarg‘a sarf etmakdadurlar” ( gazetaning 1-sonidagi Munavvarqorining maqolasidan).

“..agar bizlarning maktablarimiz boshqa millat maktablari kabi bir nizomga qo‘yilib yaxshi muallimlik vazifasini lavozimcha ado qilurlik kishilardin muallimlar tayin qilinsa edi ma’sum avlodlarimiz ruhiy hayotiga, dunyo va oxiratni saodatig‘a birinchi sabab o‘ladurg‘on ilm va maorifdin bu darajada mahrum o‘lmagiga sabab o‘lmas eduk..”( gazetaning 1-sonidagi maqoladan)
“..Madrasalarning ahvolin kimlar isloh qilurlar, ulamolar, qozilarning so‘zlaridan o‘tib, bir ish qilolmasliklari uchun bu janoblardan isloh umid qilmoq to‘qson yoshliq bir qari g‘ajuzadan farzand umid etmak qabilidandir” (“Taraqqiy” ning 9-sonidagi maqoladan).

“Bizni Toshkentda ichkulik va pivoxo‘rlik chunon shoyi bo‘ldiki, bosh bekatlarimizdan boshlab, dumaxona ulug‘larigacha choy o‘rniga pivo iste’mol qilurlar.Na ulamolarimizdan, na hukumatlarimizdan bir kishi yuqki, yigitlarimizni ichkulik ichmoqdin man qilsalar.Davlat dumasig‘a vakil saylamoq uchun aholi tarafdin ko‘zlangan ulug‘ predsedatellarimiz ichkulik ichib, mast bo‘lib, aholi orasida beibo kezmakdalar.Ajabo! Buningday fasod axloq qanday noinsoflikdirki, aholiga va’z nasihat qilib, tazyiq qaytarmoq va qaytmog‘onni urub, so‘kib tazyiq bermoq vazifalari o‘lg‘on o‘g‘limiz o‘zlarini obro‘yini rus qizlari ila gostinisa zollarida barbod etmakdalar.Allohdan qo‘rqib, xalqdan uyolmaslar” (gazetaning 3-sonidagi maqoladan).

“ Rus-yapon urushi va buning oqibatida jangga mablag‘ topmoqning eng oson yo‘li xalqqa turli soliqlar solib, undirib olish, xalqning og‘ir va mashaqqatli mehnati evaziga bunyodga kelgan ozgina mablag‘ni shu yo‘l bilan undan tortib olib, yana xalqni din va imonga taaullug‘i bor afsonalar bilan battar ozg‘urib, itoat qafasida tutadurlar”.(3-son, 1-betidagi maqoladan).

“Taraqqiy”ning shu tarzda jamiyatni isloh qilish,muammolar ildizini axtarishga bo‘lgan urinishlari jadidchilik harakatining Qrimdagi asoschisi Ismoil Gaspirinskiyga, tatarlarning Qozondagi buyuk shoiri Abdulla To‘qayga ham yetib ham bordi.Qirimda yashayotgan buyuk ma’rifatparvar “Tarjimon” gazetasining 1906 yil 69 sonidagi maqolasida gazetani o‘qib quvonganini “turkistonda bunday taraqqiyparvar bir gazetaga ko‘pdan beri ehtiyoj bor edi” deya baholagandi.

Ha,”Taraqqiy” ehtiyoj, zarurat bois dunyoga kelgandi.Shu bois ham qisqa fursat ichida haqiqiy ma’noda qo‘lma qo‘l bo‘lib ketdi.Ayniqsa, gazetada dumadagi deputatlarning ish jarayonidagi sustkashlik, madrasalarning qoloqligi, zamonaviy ta’lim-tarbiyadan uzoqlashib ketganligi kabi dolzarb mavzularda maqolalar berilishi chor mustamlakachilarini cho‘chitib qo‘ydi.

Ba’zi muttasiblar va “Turkiston viloyatining gazeti” kabi mustamlakachilar mafkurasini ifodalovchi muxbirlar “Taraqqiy” ni obro‘sizlantirish yo‘lidan bordilar.Xususan, gazeta muharriri Ismoil Obidiy haqida, “muharirning asli ismi ma’lum emas, imzosi “Sayyid Ismoil” esada, o‘zi “Sayyid” bo‘lmasa kerak”, deb qochiriqlar qildi va shu xildagi g‘iybatlar bilan “Taraqqiy”ni to‘xtatishga harakat qildilar.Toshkentdagi bunday vaziyat to‘g‘risida Ismoil Gaspirinskiy “Tarjimon”ning 1906 yil 117-sonida maqola yozib bu holatni “Noma’qul so‘zlar.Shahri Toshkandda 38 yildan beri rasmiy “Turkiston gazeti” nashr qilinadi.Muharriri ziyoli g‘o‘spo‘din Ostroumovdir.Ziyoli bir odamning qo‘l ostida bo‘lgan gazeta boshqa muharrirlar haqida bozor g‘iybatlariga o‘xshar narsalar yozmasligi lozimdir.”Taraqqiy” muharriri sayyidmi,emasmi, muhim emas, yozganlari muhimroq, shunga qarash kerak ”, deya baho berib o‘tgan, ahvol yaxshilanishiga umid qilgandi.Afsuski, bunday mutassibona qarashlar, mustamlakachilarning tazyiqi natijasida gazeta yopiladi. Ziyo Saidning yozishiga ko‘ra, “ Taraqqiy” qora guruh ulamolari bilan qattiq tortishib, ularning xalq orasida obro‘larini tushirishga harakat qildi.Ora-sira hukumatga ham tegib turdi.Mazkur ”gunohlari“ uchun 20-nomeriga yetganda, chor hukumati tomonidan musodara etilib, muharriri qamoqqa olindi”

Garchi shunday bulsa-da,Ismoil Obidiyning “Taraqqiy” gazetasi birinchi o‘zbek milliy matbuot nashri sifatida tarixda qoldi.

BIRINCHI MAHALLIY MATBAACHI

Bu insonning qilgan ishi taraqqiyparvarlik, yangilikka intiluvchanlik degulik edi.Zero, u O‘rta Osiyoning mahalliy kishilaridan yetishib chiqqan birinchi matbaachi bo‘lgan.Biroq uni kimdir e’zozlab, shart- sharoit yaratib bersa, boshqa bir xon zindonband qilib, bo‘g‘izlatmoqchi bo‘ldi.Yaxshilar yordami bilan zulmatdan chiqib, endi ish boshlaganida esa taxtga chiqqan yangi xon uni yana qamoqqa oldirdi.Keyingi zamonlar ham osoyishta kechmadi.Quyida ana shunday davrlarda mashaqqatli hayot kechirgan Otajon Obdalovning hayot yo‘li haqida hikoya qilamiz.

1876 yil, Xorazm.Ma’rifatparvar xon Feruz devonlarga tartib beruvchi hattotlar ishini zamonaviylashtirish niyatida Erondan Ibrohim Sulton degan matbaachini ishga taklif etdi.Shu tariqa katta pul evaziga qisqa muddatda ish o‘rgatildi.Ko‘hna Arkda esa toshbosma qurildi.Feruzxon Petro Aleksandrovsk(To‘rtko‘l)dagi rus-tuzem maktabini bitirib, Pirnaxosdagi “Koshilo” yonida ishlab yurgan Otajon Obdalovni matbaachiga shogirdlikka berdi.Ish qizib, ustoz-shogird matbaaxonada ayrim hujjatlarni, 1876 yili esa ilk bor Forobiyning “Nisobus-sibiyon” asarini chop etishdi.Shartnoma muddati tugab, Ibrohim Sulton Eronga ketgach, butun ish Otajonga qoldi.U o‘ziga Muhammad Yoqub,Xudirgan xarrot, Xudoybergan muhrkon , Ismoil devonlarni shogird qilib oldi va matbaaxona faoliyati yanada qizg‘in tus oldi.

Natijada 1880 yili Navoiyning “Xamsa”, 1882 yili “Chor devon”, Ogahiyning “Ta’viz ul-oshiqin”, Komilning “Devoni Komil” kabi asarlari toshbosmada chop etildi.Shuningdek, Feruzxon saroyidagi shoirlarning devoni ham Otajon Obdalov tomonidan nashr qilindi.

E’tiborlisi shundaki, Feruzning yozganlari bir necha jild devon holiga kelib qolgan bo‘lsa-da, matbaaxonasida o‘z asarini chop ettirishga shoshilmadi.Forobiy,Navoiy,Ogahiy asarlari toshbosmada nashr qilinganidan so‘nggina 1897 yili o‘z g‘azallarini kitob holida chop qildirdi.

Xo‘sh, xalq Otajon bosma, deya ataydigan matbaachining toshbosmasi qanday bo‘lgan? 1908 yili Xivaga kelgan rus sharqshunosi A.Samoylovich bu haqda shunday degandi: “ Feruz 1900 yili toshbosmani Ko‘hna Arkdan Qibla Tozabog‘ga ko‘chirgan ekan.Toshbosma uch xonadan iborat.Birinchi xonada kotib nashr qilinmish asardan toshbosma siyohi bilan nusxa ko‘chirgan, ikkinchi xonada varaqma-varaq yozuvli toshga qo‘yib bosilgan va quritilgan varaqlar uchinchi xonaga, ya’ni omborxonaga o‘tkazilgan.Yangi tashkil etilganida, toshbosma faqat bitta varaqqa mo‘ljallangan bo‘lsa,1900 yillarning boshiga kelib, tosh hajmi kattalashtirilib, unga to‘rtta varaq joylashadigan bo‘lgan.Toshbosma dastgohi qo‘lda ishlatilgan.Ish jarayonini bir usta boshliq uch kishi bajaradi.Bir kishi toshbosma dastgohining g‘ildiragini aylantirib turgan.Ikkinchisi qog‘ozni almashtirgan, uchinchisi esa alohida stolda valikka bo‘yoq surtib turadi”.

Shu tariqa ish yuritilgan matbaaxonada 1910-1915 yillargacha qirqdan ziyod kitob chop etilgan.1910 yili ma’rifatparvar Xiva xoni Feruz vafot etgach, ishlar o‘lda-jo‘lda qoldi.Hatto, Isfandiyorxon Otajon Obdolovni isyonkor shoir Avaz O‘tar g‘azallarini toshbosmada chop etgani uchun zindonband ham qildi.Garchi u yaxshilar yordami bilan bo‘g‘izlanishdan omon qolib, ozodlikka chiqsa-da matbaaxona ishi to‘xtab qolgan edi.Taraqqiyparvar Otajon bosmaning jadidlarga qo‘shilganini eshitgan Said Abdullaxon uni 1919 yili yana qamoqqa oldirdi.

1920 yil.Ozodlik.Hibsdan chiqqan oltmish to‘rt yoshli Otajon bosma keksaligiga qaramay, shijoat bilan ishga kirishdi.Matbaaxonada ishlar jonlanib, endi nafaqat kitoblar, 1920 yilning 8 martidan “Inqilob quyoshi” gazetasi, hatto,Xorazm respublikasining shoyi, qog‘oz pullari ham bosib chiqarildi.1920-30 yillarda Xivadagi matbaaxonada Xorazmning o‘ngga yaqin, Qoraqalpog‘istonning esa oltita gazeta, jurnallari chop qilingan.

1929 yili Otajon Obdalov zamonaviy poligrafiya sirlarini o‘rganish, tajriba orttirish niyatida Toshkent va Moskvaga borib, ish jarayonini o‘zlashtirib qaytdi.Vaholanki, bu paytda u 73 yoshga kirgandi.O‘zbekiston rahbariyati uning matbaachilikka qo‘shgan hissasi, fidoyiligini e’tiborga olib, “Mehnat qahramoni” unvoni bilan taqdirladi.Otajon Obdolov hayotining oltmish yilini matbaachilikka bag‘ishlab,Nizomiddin Shamsiddinov, Sodiq Halimov, Durdi Panoyev, Ollabergan Rahimov,Ota Miskinov,Boyjon Otajonov, Madrahim Saydaliyev, Qodir Abdullayev singari shogirdlarni yetishtirgan.Ollabergan, Jabbborbergan, Rahmonqul ismli uch farzandni voyaga yetkazdi.Afsuski, “katta terror” avj olgan 1938 yil 10 fevralda Otajon Obdalov ham otuvga hukm qilinadi. Bu paytda u 82 yoshga kirgan qariya edi.

BЕSH MILLIARD SO‘MGA ARZIYDIGAN DUO

“Oltin olma, duo ol—duo oltin emasmi?” Bu naqlni eshitgansiz.Ammo chin dildan emas, shunchaki aytilgan duo-yu fotihadan ko‘ra, buklanib, g‘ijimlangan bo‘lsa-da, qog‘oz pul, yaltiramasa-da, sariq chaqa zarur bo‘lgan zamonlar edi o‘shanda.Ayniqsa, millat kelajagi, ta’lim va yoshlar uchun qilinadigan saxovat, beriladigan pul har bir davrdayam eng savob ish hisoblangan.Afsuski, buni tushunadigan, anglaydiganlar sanoqli…

1920 yil sentyabrda Buxoro amirligi tugatilgach, tashkil qilingan Buxoro Xalq Respublikasi rahbarlari etib jadidlar—ilmli, ma’rifatli “Yosh buxoroliklar” saylandi. Ular Fayzulla Xo‘jayev, Fitrat, Usmonxo‘ja, Sadriddin Ayniy, Abdulvohid Munzim edilar.Bu insonlar amirlik davridagi qoloqlik, istibdod va jaholatning avj olgani sababini ilmga, texnikaga e’tibor qilinmaganlikning oqibati bilan izohlashardi.Shuning uchun ham ular dastlabki ishni iqtidorli yoshlarni taraqqiy etgan Germaniyaga o‘qishga yuborishdan boshladilar. BXR byudjetidan aynan ilmga intilganlar uchun Germaniya banklaridan biriga pul ajratildi.

Buxoroliklardan ibrat olgan boshqa hududlardagi ma’rifatparvarlar ham Toshkent, Xorazm va vodiy viloyatlaridan iqtidorli yoshlarni tanlab olib, ularni Germaniyaga jo‘natishga harakat qilishdi.Ammo mablag‘ masalasi…

Ana shunday vaziyatda, Saidnosirboy,Cho‘lpon,Munavvar qori va Abdulla Qodiriylar bir tashabbus bilan chiqdilar.Unga ko‘ra, 1921 yilda “O‘zbek bilim hay’ati” qoshida “Ko‘mak” uyushmasi tuzildi.Ma’rifatparvarlar zamon og‘ir bo‘lsa-da, ma’rifat uchun saxovat qiladiganlar topilar, degan ezgu niyatda harakat boshlashdi.

O‘sha davrdagi vaziyatni “ Turkiston” gazetasining 1923 yil 27 yanvar sonidan bilib olishimiz mumkin.Xumsonlik taxalluslik muallif “So‘nggi ko‘makni kimlardan kutishimiz kerak?” nomli maqolasida shunday deb yozgan edi:

“Turkistondan chetga borib o‘qish uchun 1921 yil boshlarida ”O‘zbek bilim hay’ati“ tomonidan student Saidalixo‘ja bo‘lgan holda bir necha o‘quvchilarning ro‘yxati olinib, hukumatga topshirilgan edi.Bir necha muddat buning ketidan yurib, natijada hukumatimizning moddiy ko‘mak bera olmasligi bilingach,bu masala o‘z-o‘zidan to‘xtadi.Lekin o‘qiguvchilarning orasida ko‘tarilgan chetga ketib o‘qish havasi esa buning bilan bitmadi.O‘qiguvchilardan qaysi bir o‘ziga to‘qlari ( garchi borliq narsalarini sotib bo‘lsa-da) yana chetga ketmak orzusida bo‘ldilar.Bularning o‘zaro tashabbusini ko‘rgan ”Bilim hay’ati“ chetda tomoshachi bo‘lib tura olmadi.Va chetga ketuvchi studentlarning o‘zlaridan bir komissiya tuzib,o‘z a’zosi Saidalixo‘jani shul komissiyaga boshliq etib, ”Ko‘mak“ nomi ostida bir uyushma tuzdi.Uyushma kecha-yu kunduz ishlab, bir kishini chetga jo‘nata oldi”.

Ha, g‘oyat og‘ir yillar edi. Hukumatga ham qiyin. Madaddan umidvor bo‘lishning foydasi yo‘q.To‘plangan pul esa atigi bir kishini o‘qishga yuborishga yetdi.Boraman, ilm o‘rganaman, deydiganlar esa haddan ziyod.Xo‘sh, nima qilish kerak? Kimdan ko‘mak kutish lozim?

Cho‘lpon,Qodiriylar el orasida yurib, tashabbus bilan chiqdilar: “Yoshlardan xayriyangizni ayamang!”, “Ilm uchun saxovat ko‘rsating!” Tashabbuskorlar o‘zlaridagi ma’rifatparvarlik, ilmga intilish, yoshlar iqbolini o‘ylaganlari sababli ibrat ko‘rsatishdi.Qodiriydek mehridaryo,hojatbaror inson o‘z bog‘ida yetishtirgan mevalarni sotib,“Ko‘mak”ka xayriya qildi. Cho‘lpon esa qiynalib yurganiga qaramay, qalam haqlarini to‘plab, kiyim bosh olaman, deb yiqqan pulini yoshlarga bag‘ishladi.Bu borada ular mening jiyanim, ammamning farzandi bor, to‘plangan xalq puliga Germaniyaga o‘sha borib o‘qiy qolsin, deb harakat qilishmadi.Millat manfaati, yoshlar kelajagi ular uchun mahalliychilik, tanish-bilishchilikdan ustun edi

Bu insonlarning tashabbusi va xayr-saxovatidan boshqalar ham ibrat olishdi.“Turkiston” gazetasining 1922 yil 18 dekabr sonidagi xabarga ko‘ra, Toshkentdagi bir guruh maorif va madaniyat arboblari o‘qishga boruvchilar uchun pul topshirgan.Ular orasida Saidnosirboy Mirjalolov(yigirma ming so‘m), shoir Cho‘lpon( yetti yarim ming so‘m),Munavar qori,Shokirjon Rahimiylar bor edi.Bundan tashqari, Toshkent ziyolilari 2 dekabrda adabiy kecha uyushtirib, undan tushgan yetmish besh ming so‘mni ham Germaniyaga yubordilar.

Ziyolilarning bunday xayr-saxovatini ko‘rib,oddiy xalq “Ko‘mak”ka oz bo‘lsada, pul topshira boshladi.Afsuski, o‘ziga to‘q, boyligini maishatga sarflayotgan ba’zi kishilar bunday tadbirdan o‘zlarini chetga olishardi. Tashabbuskorlarga,“ shundan boshqa tashvishim yo‘qmi?”, “ menim bolam o‘qirmidi?”, deya javob berib yuborishardi.Bunday kaltabinlikka guvoh bo‘lgan Abdulla Qodiriy “ Mushtum” jurnalining 1923 yil to‘rtinchi sonida “Ko‘mak” uyushmasiga ionalar» nomli hajviyasini e’lon qildi. U shunday boshlanadi:

“ Keyingi kunlarda ” Ko‘mak» uyushmasiga berilgan ionalarning hisobi juda ham ko‘payib ketdi.Tushgan ionalarni uyushmaning bitta kassasi eplay olmaganlikdan ikkinchi kassa olmoqqa majbur bo‘lindi.Keyingi oyda iona bergan saxiylarning ro‘yxati mundaydur:

1.Valihoji—besh millard so‘mga arziydigan duo.
2.G‘ulom shayx boybachcha—“O‘qishga ketkan yigitlar mullo bo‘lsunlar” degan yaxshi tilak (baho qo‘yish komissiyasining so‘ziga qaraganda, bu iona ham besh milliardga arzir ekan).
3.Azim boyvachcha, ko‘mirchi—sakkiz pud toshko‘mir.
4.Tujjor shirkati—ikkita sopol tovoq bilan bitta xurmacha.
5.Kamar shirkati—chorak qadoq olma choyi.
6.Poyafzal bozoridagi do‘konlar o‘zaro—bir poy bachkana etik.
7.Chit bozorining do‘konlaridan—bir gazu uch chorak gazlama.
8.Attor og‘a-inilardan—ikki quti upa.
9.Qassoblikdan—besh dona o‘pka.
10.Qandolatchilardan-uch istakan pistashka bilan bir qadoq pashmak va boshqalar.

Ushbulardan Berlin o‘quguvchilarimizga yuborildi:
Berlindagi talabalarimiz ortuqcha muhtoj bo‘lg‘onliklaridan birinchi galda to‘rt put toshko‘mir, ikkita sopol tovoq, bir posilka duo yuborildi».

0-69.jpgQodiriy-Julqunboyning bu hajviyasi o‘lkada katta shov-shuv bo‘lib, ba’zi do‘kondor, savdogar,bog‘bonlar uyalganidan “Ko‘mak”ka xayriya qila boshlashdi.Ammo ayrim mutaassib mulla, maishatparast kishilar,baribir saxovatdan, ilmga xayriya qilishdan chetda qolaverdi.

Shunday bo‘lsa-da, ma’rifatparvarlar, xalqning tushungan qismi sa’yi-harakati,Qodiriy hajviyasining ta’siri sababli “Ko‘mak” ka anchagina pul to‘plandi. Bu mablag‘ga esa Xayriniso Majidxon qizi,Abdulvohid Is’hoq, Abdulvohid Murodiy,Solih Muhammad, Azimbek Bayramjon, To‘lagan Mo‘min, Sulton Mamatqul, Ibrohim Ahmadjon, Temirbek Qozibek singari ilmga intilgan yoshlar Germaniyaga jo‘nab ketdilar.

O‘sha dolg‘ali , qiyin zamonlarda ham yoshlarning Germaniyada o‘qishiga, “Ko‘mak”ka pul to‘planishiga Cho‘lpon, Saidnosirboy, Munavvar qori va Abdulla Qodiriy kabi ma’rifatparvar ajododlarimiz sababchi bo‘lishgan.

JULQUNBOY VA BULOQNING JASORATI

Bu maqola o‘z davrida katta jasorat namunasi bo‘ldi. Ammo uning muallifiga jasorat qimmatga tushib, jabr ko‘rdi va qamoqqa olindi.Shu bilan birga, matbuotning jilovlanishigayam sababchi bo‘ldi…

Ma’lumki, Abdulla Qodiriy—Julqunboy nafaqat buyuk adib, ayni paytda o‘tkir hajvchi, tanqidchi jurnalist ham bo‘lgan. Xususan, “Mushtum” jurnalining 1926 yilgi 27-sonida jamiyatdagi salbiy illatlarni fosh etib yozgan “Yig‘indi gaplar” nomli maqolasi o‘sha davr rahbarlarini ancha cho‘chitib qo‘ydi.Maqolada Julqunboyning respublikadagi vaziyatga munosabati, jumladan ,Y.Oxunboboyev va Akmal Ikromovlar fikriga e’tirozlari aks etgan bo‘lib, shunday jumlalar bor edi: «Men senga aytsam, o‘zbekning ishchisi, dehqoni, maorifi, madaniyati, iqtisodi, shaltoy-baltoyi, xullas, barchasi uxlaydi.Ammo o‘choqboshining holi-topg‘oni olaqarg‘alar bo‘lsa, xo‘bam bilgan noma’qulchiligini qilyapti!..

…Kechagi kun gazetda Oxunboboyevdek bitta sarkoringdan ham fe’lim ayniyozdi…

…Yer islohoti munosabati bilan O‘zbekistonda boshqa islohatlar yasalar emish, deb eshitdim.Darhaqiqat, mamlakatda islohotga muhtoj masalalar ko‘pdir.Masalan, kattalarga aql va basirat islohoti, muharrrirlarga til va ma’no, shoirlarga ilhom va uslub(ma’no bo‘lmasa ham mayli), yoshlarga axloq va kiyim, xotunlarga jabr, zulm, domlalarg‘a din va salla…»

Xullas, Julqunboyning shu singari fikrlari sho‘ro mafkuraviy siyosatbozlarini cho‘chitib yubordi.Ushbu maqolasi uchun esa Julqunboy uch oyu o‘n kun hibsda saqlab turildi.

14-16 iyun kunlari respublika oliy sudi Julqunboyni Jinoyat kodeksining 73-moddasi asosida ayblab, ikki yilga ozodlikdan mahrum etdi. Mahbusning adabiy muhitda. Xalq orasida, xorijda katta obro‘-e’tiborga egaligi, qolaversa. Aybi yetarlicha isbotlanmaganligi uchun ozod qilindi.

Birlashgan davlat siyosiy boshqarmaning O‘rta Osiyodagi muxtor vakolatxonasi xodimlari Julqunboyning maqolasini shunday baholagandilar:

“ Maqola O‘zbekiston kompartiyasi va hukumatini uning ayrim rahbarlari siymosida obro‘sizlantirishga qaratilgan.Ayni paytda maqolada kommunistik partiya va sovet hukumatining O‘zbekistonda olib borgan muhim tadbirlari masxara va tanqid qilingan.Maqola muallif tomonidan ochiqdan ochiq aksilinqilobiy maqsadda tayyorlangan va keng tarqatilgan”.

Xullas, “ Yig‘indi gaplar” maqolasi atrofidagi vahimayu shovshuvlar endigina tinchib, sukunat bo‘lib turgan paytda matbuotda xuddi yuqoridagi kabi yana bir “ aksilinqilobiy maqola” chop etiladi.

Buloq taxallusli,xorazmlik Matkarim Xudoyberganov ismli yosh jurnalist “Yer yuzi” jurnalining 1927 yil 26 sentyabr sonining 5-sahifasida “Xorazm hunarmandlari” maqolasini nashr qildiradi.Muallif unda hunarmandlarning og‘ir hayotini yoritib, o‘z davrini xonlik payti bilan taqqoslab, shunday yozgan edi:

“ Xon zamonida kustar ( hunarmand ma’nosida-U.B.) kasabalarning tepasida ”Kalontar“ turar edi. Kalontar xon tomonidan tayin qilinganlikdan to‘ra qatorida hisoblanar edi. Inqilob keldi, lekin Xorazmni ancha o‘zgartira olmadi. Kalontar o‘rniga ” vakillar“ saylandi. Kasabalar kasaba soyuziga aylandi. Ammo ikki yuz yildan beri o‘rnashib kelgan tartib burung‘icha qoldi”.

Muallif maqolasida yozgan “ inqilob keldi, lekin o‘zgarish bo‘lmadi” degan xulosasi ham o‘z davrida jasorat edi va bunday fikrlar “ aksilinqilobiy ” hisoblanardi. Buloq “ vohada bitta ham zavod yo‘qki. Kustarlarni mukammal ixtisoslarga o‘rgatsa, bittagina maktab yoki kurs yo‘q.Faqat qo‘l yoki oyoq kuchi bilan Xorazm kustarlari har qanday narsalarni: kiyim, uy ro‘zg‘or, ovqat ashyolarini ishlab chiqaradurlar.Ota-bobolari qanday ishlagan bo‘lsa, shularning avlodi ham ” ota kasbi“ degandek. Necha yuz yillik eski aravani tortib kelmoqdalar”, deya inqilobdan keyingi hayot haqida xulosa chiqargandi.Ya’ni, muallif fikricha, “inqilob kelgani bilan eski hammom—eski tos”.

Ushbu maqola chop etilgach, sho‘ro harbiy siyosiy ma’muriyati muallifni jazolagan bilan bu xildagi chiqishlarni to‘xtatib bo‘lmasligini anglab, endi matbuotni jilovlash, ma’lum bir qolipga solishga qaror qildi. Shunday qildi ham.

1927 yil Samarqandda bo‘lib o‘tgan O‘zkompartiyaning 5-plenumi tomonidan chiqarilgan qarorda “ matbuot bo‘limiga rahbarlik ishini kuchaytirish, xususan, muharrirlar faoliyatini malakali xodimlar hisobiga kengaytirish choralarini ko‘rish topshirilsin!Gazetalarning tarbiya-targ‘ibot ishlarida borgan sari katta rol o‘ynashi, biroq ularga pirqaviy rahbarlikning yetarli darajada bo‘lmaganligini tanqid qilish bilan barobar, matbuot sho‘’basiga va mahalliy pirqa tashkilotlari bilan birga devoriy gazetalarning ishlarini yaxshi yo‘lga qo‘yish, xususan, ularni mumkin qadar ko‘proq kommunistlar ta’siriga olish to‘g‘risida birmuncha choralar ishlab chiqarilsin” , deyiladi.( Plenum materiallari,Samarqand, 1927 yil, 55 bet).

Oradan bir yil o‘tib, 1928 yilda nashr etilgan N.Qodirovning “O‘zbekiston matbuotining galdagi vazifalari” kitobida ham matbuotni jilovlash, xususan, uni siyosiylashtirilgan holda kommunistlar qolipiga solish bo‘yicha vazifalar belgilab olingan: “ Matbuotimizning galdagi vazifalari: siyosat bobida kommunistlar pirqasining va kengashlar hukumatining tutgan yo‘l va qoidalarini mustahkamlash yqlida hech charchamasdan ishlash, bu ishga ko‘mak berish, ishchilar sinfi bilan dehqonlarning ittifoqini mustahkamlash yo‘lida to‘xtamasdan ishlab, bu ittifoqning susayib qolishiga yoxud kesilishiga hech qachon yo‘l qo‘ymaslik zarurdir.Ishchilar bilan dehqonlar o‘rtasidagi ittifoqning mustahkamlanishi juda muhim siyosiy bir masaladir” deyiladi N.Qodirovning yuqorida qayd etilgan kitobining 13-betida.

Xullas, katta qiyinchilik va begunoh insonlar qoni evaziga bo‘y ko‘rsatayotgan sho‘ro harbiy siyosiy ma’muriyati o‘zbek matbuotini jilovlash va qolipiga solishga 1927 yildan qa’tiy kirishgan.Qolip esa shu qadar mustahkam ediki, uni keyinchalik Julqunboy va Buloqdek hech bir jurnalist yorib chiqolmadi.

“BULOQ” KIM EDI?

Julqunboyning kimligi bugun ko‘pchilikka ma’lum-Abdulla Qodiriy.Xo‘sh, unda Buloq kim edi?

Maqola Xorazm hunarmandlari haqida yozilgani uchun muallifni har kim ham xorazmlik deb o‘ylashi tabiiy va bu to‘g‘ri.

Ko‘p yillar davomida Xorazm TV, viloyat gazetalarida ishlagan Abdirim Otamurodov , “Oltin Meros” xalqaro jamg‘armasi viloyat bo‘limi raisi Komil Nurjonov va Xorazmning boshqa keksa ijodu ilm ahlining aytishicha, Buloq taxallusi bilan ijod qilgan jurnalist-Matkarim Xudoyberganov bo‘lgan.

Bu fikrni mehnat faxriysi,xizmat ko‘rsatgan madaniyat xodimi Oybibi Xudoyberganova ham tasdiqlab, Matkarim Xudoyberganov akasi bo‘lganini aytib, u kishi bilan bog‘liq ko‘pgina ma’lumotlarni bizga berdilar.

-Akam oilamizda to‘ng‘ich o‘g‘il edilar,-deya hikoyasini boshladilar Urganchlik Oybibi opa,-U kishi kichkinaligidan jurnalistlik kasbiga ixlos qo‘ydi. Viloyatdagi “Kommuna”, “Inqilob” va “Bo‘l tayyor” gazetalarida o‘zining jurnalistlik faoliyatini boshlagan. Akam vatanimiz istiqlolini o‘zining ochiq ko‘ngilligi, halol, pokligi bilan kutib oldi. U kishi farzandlari, nevaralariga, qo‘yingki, butun zamondoshlariga havas bilan boqar, istiqlol katta imkoniyatlar ekanligini aytib, istibdod davrining qiyinchiliklarini og‘ir xo‘rsinish bilan eslardilar.

Ha, Matkarim akaning 1994 yilda chop etilgan “Yodda qolgan lahzalar” risolasida shunday misralar bor.

Saodat bog‘ida bog‘bon keksaman,
Ozod elda posbon keksaman.
Chaman bo‘lsin yer yuzi sendek,
Istiqlolga qalqon keksaman.

Ko‘rib turganingizdek, Matkarim ota istiqlolga erishganimizdan g‘oyat quvongan. Zero, istibdod davrida M.Xudoyberganov jurnalist sifatida o‘sha davrdagi salbiy illatlar, kamchilik va muammolarni ko‘tarib chiqar, aniqrog‘i, istibdodning mohiyati, naqadar zulmkorligini anglab yetgandi.

Ish yuzasidan 20 asr boshlari, xususan 1926-30 yillarga oid matbuot nashrlari bilan tanishganimda Buloq taxallusi bilan chop etilgan ko‘plab maqolalarga duch kelganman. “Yer yuzi”, “Alanga”, “Inqilob quyoshi”, “Qizil O‘zbekiston” gazetalaridagi maqolalari, feletonlari orqali Buloq Xorazmdagi ko‘plab muammolar, kamchiliklar, salbiy illatlarni tanqid qilib chiqqan.

Xususan, M.Xudoyberganov urush yillaridan to 1956 yilgacha “Qizil O‘zbekiston” (hozirgi “O‘zbekiston ovozi”) gazetasining Xorazm viloyati bo‘yicha muxbiri bo‘lib ishlagan paytida, Chorjo‘y-Qo‘ng‘irot temir yo‘li qurilishi, irrigatsiya-melioratsiya, dehqonchilik ishlarini yaxshilash, kema transporti ishini namunali yo‘lga qo‘yish bilan bog‘liq muammolarni dadil ko‘tarib chiqqan.

Matkarim Xudoyberganov keyinchalik “Xorazm haqiqati” gazetasida ishladi. O‘zbekiston radiosining Xorazm viloyatidagi maxsus muxbiri, viloyat televedeniyasi va radiosida faoliyat ko‘rsatgan.

Buloqning felyeton, ocherk, publitsistik maqolalari, she’rlarini to‘plab bir necha jild kitob qilsa bo‘ladi. Umuman Ustozning merosini o‘rganib tadqiqot qilsa arzigulik, xotirasini abadiylashtirsa yarashgudek inson, hayotida ham yozganlaridek dadil, shijoatli, qo‘rqmas kishi edilar,-deydi shogirdi Abdrim Otamurodov.

ima 5.jpgDASTLABKI DAVRIY NASHRLARIMIZ

GAZЕTALAR:

1870 yil-Toshkentda rus tilida “Turkestanskiye vedomosti” gazetasi nashr etila boshlandi.
1883 yil-“Turkiston viloyatining gazeti”, Toshkent.
1905 yil-“O‘rta Osiyoning umrgizorligi taraqqiy”, Toshkent.
1906 yil 27 iyun-“Taraqqiy”, Toshkent, Muharriri Ismoil Obidiy.
1906 yil sentyabr-“Xurshid”, Toshkent, Munavvar qori.
1907 yil-“Shuhrat”, Toshkent. Abdulla Avloniy.
1907 yil-“Tujjor”, Toshkent. Mulla Hoshim domla.
1908 yil-“Osiyo”, Toshkent, Ahmad Bektemirov.
1913 yil-“Samarqand”, Samarqand. Mahmudxo‘ja Behbudiy.
1914 yil-“Sadoi Turkiston”, toshkent.Ubaydulla Asadullaxo‘jayev.
1914 yil-“Sadoi Farg‘ona”, Farg‘ona.Obid Mahmudov.
1915 yil-“Tirik so‘z”, Farg‘ona. Obid Mahmudov.
1917 yil—“Najot”, Toshkent. Munavvar qori.
1917 yil-“Farg‘ona sahifasi”, Namangan.Husayn Makayev.
1917 yil-“Sho‘roi islom”, Toshkent. A. Battol.
1917 yil-“ Turon”, Toshkent. Abdulla Avloniy.
1917 yil-“Hurriyat”, Samarqand. Mardonqul Shohmuhammadzoda.
1917 yil- “Kengash”, Toshkent. Ahmad Zakiy Validiy.
1917 yil-“El bayrog‘i”, Qo‘qon. Bo‘lot (Po‘lat) Soliyev.
1917 yil-“Turk eli”, Muhammadamin Afandizoda.
1917 yil-“Farg‘ona nidosi”, Toshkent,Husayn Makayev.
1917 yil-“Ulug‘ Turkiston”, Toshkent.Kabir Bakir.
1918 yil-“Turk so‘zi”, Toshkent. Temurbek Xudoyorxonov.
1918 yil-“Xalq dorulfununi”, Toshkent, Muxtor Bakir.
1918 yil-“Ishtirokiyun”, Toshkent, Orif Klebleyev.
1920 yil-“Qizil Bayroq”, Toshkent, Umar Alimuhammedov.
1922 yil-“Turkiston”, Toshkent, Usmonxon.
1925 yil-“Qizil O‘zbekiston”, Toshkent, Usmonxon muharrir bo‘lgan.

JURNALLAR:

1913 yil—“ Oyina”, Samarqand, Muharriri Behbudiy.
1914 yil—“ Al isloh”, Toshkent, Abdurahmon Sodiq.
1917 yil—“Kengash”, Qo‘qon, Hamza Hakimzoda Niyoziy.
1917 yil—“ Yurt”, Qo‘qon, Ashurali Zohiriy.
1917 yil-“ Hurriyat”, Qo‘qon , Mahmudxo‘ja Rizoiy.
1917 yil—“Chayon”, Qo‘qon, Xalaf To‘lakov.
1918 yil—“Cho‘l chayon”, Qo‘qon, Ibrohim Tohiriy.
1918 yil—“Ishchilar dunyosi”, Toshkent.Mulla G‘ozi Yunus.
1918 yil—“Izhorilhaq”, Toshkent, Mulla Sadriddinxo‘ja.
1918 yil—“ Maorif”, Toshkent, Sodiq Abdusattorov.
1919 yil—“Bolalar yo‘ldoshi”, Samarqand, Habir Abdullayev.
1919 yil—“Shu’lai inqilob”, Samarqand,Saidrizo Alizoda.
1920 yil—“Tayoq”, Samarqand, Hoji Muin.
1920 yil—“Tong”, Buxoro, Fitrat.
1920 yil—“Qizil tikon”, Namangan, O‘g‘uz.
1920 yil—“Qizil yo‘l”, Toshkent, Ahmad Donskoy.
1920 yil—“Kasabachilik harakati”, Toshkent, Muhsin Shermuhammedov.
1921 yil—“Bolalar dunyosi”, Toshkent, Elbek.
1921 yil—“Daf’i ehtiyoj ittifoqining muxbiri”, Samarqand, Mirsalimov.
1922 yil—“Inqilob”, Toshkent, Nazir To‘raqulov.
1922 yil—“Armug‘on”, Toshkent, Said Ahmad.
1922 yil—“Haqiqat”, Toshkent, Olimqori Musaxon.
1923 yil—“Bilim o‘chog‘i”, Toshkent, Usmonxon Eshonxo‘jayev.
1923 yil—“ Kommunistlar yo‘ldoshi”, Toshkent, S.Asfandiyorov.
1923 yil—“Mushtum”, Toshkent, G‘ozi Yunus.
1923 yil—“Uchqun”, Moskva, Darvesh.
1923 yil—“Uchqun”, Buxoro, Said Ahroriy.
1923 yil—“Nashri maorif”, Buxoro, Habir Abdullayev.
1923 yil—“Baynalmilal”, Toshkent, Sh.Abzanov.
1924 yil—“Mashrab”, Toshkent, Hoji Muin.
1924 yil—“Axborot”, Toshkent.
1925 yil—“Dehqon”, Toshkent, I.M.Beroshev.
1925 yil—“O‘zbekiston adliyasining muxbiri”, Toshkent, I.Krilsov.
1925 yil—“Tong yulduzi”, Toshkent, Oybek.
1925 yil—“Qishloq o‘qituvchisi”, Toshkent, Shokirbekov.
1925 yil—“Kommunist”, Toshkent, Komiljon Alimov.
1925 yil—“Yangi yo‘l”, Toshkent, Alimov.
1926 yil—“Mehnat haftaligi”, Toshkent, Gorbunov.
1926 yil—“Yer yuzi”, Toshkent, Komiljon Alimov.
1927 yil—“Qishloq xo‘jaligi turmushi”, Toshkent, Hojiboyev.

23 TAXALLUSLI IJODKOR

“ Taxallus” so‘zi arabcha bo‘lib, xalos bo‘lish, qutulish va o‘z nomidan boshqa bir nomga egalik qilish, degan ma’noni anglatadi…

Odatda ijodkor, ilm ahli va ba’zi bir siyosatchilar o‘z orzu-istaklarini taxallusda mujassam qilib faoliyat ko‘rsatadilar.

Tarixga murojaat qiladigan bo‘lsak, Mir Alisher hazratlarining Navoiy, Foniy, Muhammad Rahimxon 2 ning Feruz va Komron taxallusiga ega bo‘lganini, ya’ni bir ijodkorning ikkita nom bilan qalam tebratganidan ogoh bo‘lish mumkin.

20 asrda O‘zbekistonda matbuot rivoj topgani bois, Abdulla Qodiriy—Shoshiy, Alimov, Julqunboy, Boyqush,Dumbulboy,Dumbul jiyani, Dumbul devona, Elboy,Dumbulboy o‘g‘li, Jarqinboy,Jiyan kabi eng ko‘p taxallusga ega bo‘lgani ta’kidlanib kelinardi.Biroq o‘sha davrda yashab ijod etgan yana bir o‘zbek adibi—Xurshid—Shamsiddin Sharafiddinov(1892-1960) 23 ta taxallus bilan ijod qilib, aynan taxallus borasida adabiyotda katta ko‘rsatkichga erishgan.

DSCN5073(1).jpgXurshid, asosan, ishqiy she’rlar hamda Firdavsiy, Navoiy dostonlari syujeti asosida “Siyovush”, “Farhod va Shirin”, “Layli va Majnun” singari sahna asarlari, Toshkent ahlining xonlar zulmiga qarshi isyonini aks etdirgan “Oybonu” musiqali dramasini yaratgan.

Shamsiddin Sharafiddinov shu va boshqa asarlariga quyidagi taxalluslar bilan muallif sifatida imzo chekkan: Xurshid, Shukriy, Doiy, Sharafzoda Toshkandiy, Sharafzoda, Tajang, O‘jar, Chayon, Indamas, Injiq, Chayonboy,Shohidiy, Aloi-Shoshiy, Sham-Shoshiy, Aloi-Shukriy,Aloyi-Toshkandiy, Shukri-Toshkandiy, Shamsiddin-Sharaf,Dilxasta,Shukriy-Sharaf, Faqir-Shamsiddin-Sharaf, Man, Faqir Shams-Toshkandiy.

006

(Tashriflar: umumiy 1 965, bugungi 1)

Izoh qoldiring