Yuxan Borgen. Yozuvchi bo’lmoq nima degani?

Ashampoo_Snap_2017.02.26_13h50m19s_002_.png   Ёзувчи бўлмоқ қалбингни одамларга ишониб очиб бермоқдир. Албатта, фикрларни баён қилиш билан боғлиқ ёзма фаолиятнинг бошқа шакллари ҳам бор. Улар истаган нарсага — илмга, техникага, ҳунарга, фалсафага, сиёсатга, динга тааллуқли бўлиши мумкин…

Юхан БОРГЕН
ЁЗУВЧИ БЎЛМОҚ НИМА ДЕГАНИ?
Озод Шарафиддинов таржимаси
09

0_a593b_defdefe6_XL.jpg  Юхан Борген (1902—1979) — XX асрдаги энг йирик норвег ёзувчиси. Унинг ижодида кичик жанрдаги асарлар алоҳида ўрин тутади. Ёзувчи маҳорати ҳам айнан новеллаларида ёрқин очилади. “Новеллани вулқоннинг отилиши ёхуд ижодкор “мен”и ўзидан-ўзи юзага чиқиши билан қиёслаш мумкин”, — деб ёзган эди у. Норвегия адабиёти тадқиқотчиси Вилли Далл таъбирича, Борген новеллаларининг бадиий асоси “баён этишнинг кучли, ёрқин таассуротлари, манзараларни бир қарашда қамраб олишдадир”. Ижодининг муайян босқичида модернизм эстетикаси таъсири остида «Мен», «Қизил туман» номли экспериментал романлар ёзган. Лекин кейинчалик реалистик услубга қайтган. «Йиллар ўтган сари китобхон сени кўпроқ тушунишини истаб қоларкансан», дейди адиб. Санъатнинг асосий вазифасини унинг коммуникативлигида кўради. «Ёзувчи бўлмоқ нима дегани?» мақоласи унинг ёшларга аталган «Воқелик сари қочиш» номли китобига ёзилган сўзбошидир.

09

Ёзувчи бўлмоқ қалбингни одамларга ишониб очиб бермоқдир. Албатта, фикрларни баён қилиш билан боғлиқ ёзма фаолиятнинг бошқа шакллари ҳам бор. Улар истаган нарсага — илмга, техникага, ҳунарга, фалсафага, сиёсатга, динга тааллуқли бўлиши мумкин. Буларнинг сўнгги учтаси масаласига келсак, биз баёндаги муайян тамойил ҳақида гапирмоғимиз мумкин. Шу тарзда ташвиқот, даъват майдонга келади. Худди шу тарзда баённинг ҳам қурама шакллари пайдо бўлади. Улар осонлик билан биз бадиий асар деб атайдиган нарсага ҳам айланиб кетиши мумкин. Бу тушунчаларни бир-биридан фарқлаш ҳаммавақт ҳам осон кўчавермайди. Бизнинг давримизда бизга ўхшаган бадиий адабиёт билан боғлиқ бўлган одамлар бу сўзни кўпда ёқтиравермаймиз. Сирасини айтганда, жуда баландпарвоз, дабдабали сўз-да! Ундан кўра кўпроқ биз «нафис адабиёт» демоқни маъқул кўрамиз. Лекин бу атамани ҳам муваффақиятли деб ҳисоблаш анча қийин.

Негаки, «нафис адабиёт» дегани биз ҳар нарсадан аввал интиладиган нарса эмас-да… Рост, кўп ҳолларда биз шу сўзни қўллаганда нимани назарда тутишимизни одамлар тушунишади. Хўш, биз бу сўз замирида нимани назарда тутамиз? Ҳамма нарсадан аввал бунда гап «қайта яратиш» устида боради. Бу эса хаёлот тушунчаси билан боғлиқ. Хўш, сирасини айтганда, хаёлот деганининг ўзи нима?

Кўпларга шундай туюладики, гўё бу тушунча бўм-бўш осмонларда парвоз қилиб юради. Бироқ бундай эмас, хаёлот ҳамиша тажрибага, кузатишга асосланади. Бундай дея қолайлик — хаёлот тажрибани илиб оладиган бир ускуна. У бизнинг фикрларимизни керакли томонларга йўналтириб туради. Биз авваллари бошимиздан кечган у ёки бу таассуротларимизнинг ролини ҳаммавақт ҳам етарли даражада кўз олдимизга келтира олмаймиз. (Ҳолбуки, ўтмишнинг айрим таассуротлари ҳамиша биз билан.)

Назаримда менга шундай туюладики, кўпчилик одам мактабга биринчи бор қадам қўйган кунини ёхуд сузишни ўрганиб олган кунини яхши эслаб қолади. Бундан ташқари, биринчи муҳаббат ҳам хотирада қолади. Бироқ ҳатто ана шу ўта муҳим воқеаларга нисбатан ҳам биз уларнинг ҳамма тафсилотларини тўлалигича эслаб қолганмиз, деб айта олмаймиз. Мактабга борган биринчи кунимдан ҳаммадан аввал эсимда қолган нарса ўша кезларда кўтариб юрган жилдимнинг ҳиди. Бу жилддан оғилнинг ёки отхонанинг ҳиди келарди. Жилдим теридан тикилган бўлиб, афтидан, отхона ҳиди шу теридан таралган бўлса керак. Шунинг учун от ҳиди мактабга қадам қўйган биринчи куним билан боғлиқ равишда умрбод хотирамда ўрнашиб қолган. Кўз ўнгимда синфхонамиз аниқ-таниқ намоён бўлади, хотирамда овозлар, одамларнинг афт-башаралари, Рейдар деган ўртоғимнинг қулоғи гавдаланади. Рейдарнинг номини эслашим билан хотирамга бошқа исмлар, бошқа овозлар, бошқа афт-башаралар келади. Менинг бутун вужудимни хотиралар қуюни қамраб олади. Жуғрофия дарслигининг кўк муқоваси эсимга тушади ва шу вақтнинг ўзида Кнут деган боланинг Кристиан деган бола билан муштлашганини эслаб кетаман. Менга Кнут кўпроқ маъқул эди, шунинг учун мен унинг тарафида эдим. Менинг хотираларимда ҳам Кнут ғолиб бўлиб қолган.

Эндиликда мен адиб бўлдим. Бунинг боиси шундаки, мен отнинг ҳидини эслаб қолганман. Аминманки, ҳамма ҳам шунга ўхшаш воқеани бошидан кечирган. Ҳар битта одам — шоир, шу маънодаки, алланечук хотиралар баҳонасида унда турли фикрлар туғилади. Бу фикрлар янги фикрларга туртки беради, улар эса хаёлот оламини уйғотади.

Баъзи ҳолларда биз жуда яхши англаб турамиз — бизнинг хотираларимиз хаёлот оламининг ғаройиб ўйинлари билан боғланиб кетган. Баъзан бизнинг хотираларимиз онгимизда турган-битгани ҳақиқатдай гавдаланади, баъзан эса улар тўқима сифатида намоён бўлади. Аммо агар ана шу «ёлғон», ана шу «тўқима» шундай бир шаклга кирсаки ва бу шакл уларга ҳам биз ҳақиқат деб атаган нарсага хос бўлган тугаллик бахш этса, унда улар ҳам биз бадиий адабиёт деб атайдиган нарсага айланиши мумкин. Бу ўринда энди мен боягина «ёлғон» деб атаган нарсамга ҳурмат билан муносабатда бўламан, чунки у менинг асаримга асос бўлиб хизмат қилган қуруқ-яланғоч ҳақиқатдан кўра чинроқ бўлиши мумкин…

Мен юқорида айтдим — хаёлот самоларда парвоз қилиб юрадиган нарса эмас, балки синалган, бошдан кечирилган нарсалардан ўзининг илдизига эга бўлган нарсадир. Бу гапларнинг ҳаммаси тўғри, фақат биз ҳаммавақт ҳам ўз тасаввурларимизнинг моҳиятини чуқур англаб етмаймиз. Бунинг иккита сабаби бор. Бунинг бир сабаби шундаки, бизнинг таассуротларимиз энди туғилаётган пайтдаёқ сиқиб чиқарилган. Бу таассуротлар сиқилиб, бир чеккага сурилиб қолган, уларни унутиб юборишга ҳаракат қилинган. Бунинг ҳам ҳар хил сабаблари бўлган бўлиши мумкин. Биз улар тўғрисида тўхтаб ўтирмаймиз. Бошқа сабаб шундаки, содир бўлган воқеа ҳаётимизнинг жуда илк босқичида рўй берган бўлиши мумкин. (Бу илк босқич ҳатто ҳомилалик пайтига ҳам тўғри келар.) Бу эса одатдаги тушунчадагидек эслаб қолишга йўл бермайди. Менга қолса, «хотира» сўзини «эсдаликлар» сўзи билан алмаштирган бўлардим. Албатта, бу сўз эскичароқ жаранглайди, лекин аввалгисидан чинроқ. Шоирона ижод вақтида рўй берадиган нарса ҳозирги дақиқада хотиралар қатлами остида яшириниб ётган хотира парчаларидир. Буларнинг бари бир сония ва ҳатто бир сониянинг бўлаклари мобайнида рўй беради. Биз ҳаммамиз шунга ўхшаган кечинмаларни бошимиздан ўтказганмиз. Бу туйғу бутун вужудимизни кезиб чиқади-ю, кейин ғойиб бўлади. Баъзилар буни илҳом деб аташади. Ёмон сўз эмас. Сиз ёшлар ҳам вақти-вақти билан бунақа туйғуларни бошдан кечириб турасиз. Фақат бу тўғрида камдан-кам гапирасиз. Афтидан, Сизларга бу нарса булутлар узра сайрдай бўлиб кўринса керак. Лекин бу шунчаки булутлар узра саёҳат эмас. Бу ўринда мен Сизларга бир маслаҳат беришга журъат этаман — Сиз ўша кайфиятга берилинг, уни ўзингизда узоқроқ сақлаб қолишга тиришинг. Илҳом келганда саноқли секундлар мобайнида Сиз шоир бўлиб қоласиз. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг — агар шундай дақиқалар ҳаётингизда борган сари кўпроқ ва кўпроқ такрорланиб турса нима бўлади? Шоирнинг мақсадларидан бири — ана шундай лаҳзаларни муҳрлаб қолдириш ёхуд қайтадан яратишдир. Шунинг учун ҳам мен Сизларга «Уйғонинглар!» деб хитоб қиляпман. Биз «воқелик», деб атайдиган нарсадан бош олиб қочмоқ учунми? Йўқ, аксинча. Воқеликни ёрқин, чинакам манзараларда муҳрлаб қолдириш учун!

Албатта, ҳамманинг ҳам профессионал шоир бўлишга иқтидори етишавермайди. Бироқ биз илҳомли онлардан фойда чиқаза билмоғимиз даркор. Бу шунинг учун зарурки, бизнинг замонимизда мана-ман деб яққол кўриниб турувчи фойда билан бир неча муддат ўтгандан сўнг зиёнга айланиб қоладиган нарса ўртасидаги чегара қаердан ўтишини айтиб бериш осон эмас. (Мен, масалан, экологик таназзулни назарда тутяпман. Экологик таназзул нима эканини ҳаммангиз ҳам, табиийки, яхши биласиз. Билмасанглар, муаллимларингиздан сўранг. Муаллимларингизнинг ҳаммаси ҳам овсар эмас).

Агар Сиз ҳайрон бўлиб, мендан «Бу бадиий ижод деганингизнинг ўзи, аслида, нимага керак?» деб сўрасангиз, мен жавоб бераман: бадиий ижод одамзодни фаолроқ қилмоқ учун, унинг қобилиятлари, хаёлот кучини рағбатлантирмоқ учун ва шу билан унга ато этилган ҳаётни янада тўлақонли қилмоқ учун керак. Негаки, бадиий асар — ахборот дегани. Юқорида гапириб ўтганимдек, муаллиф қалбининг энг теран пучмоқларида ардоқлаб юрган бойлигини сизга ишониб очиб беради. Яна бир бора такрорлайман — энг ардоқли бойлигини! Сен бу асарни ўзинг хоҳлаган кўйларга солишинг мумкин, ундан юз ўгиришинг мумкин. Агар ҳаққим бор деб ҳисобласанг — унга тупуришинг мумкин. Ёки уни қабул қилишинг, жилла бўлмаса, бир дақиқага қабул қилишинг мумкин. Ана шунда бизнинг ўртамизда мубоҳаса бошланиб кетади. Биз — ёзувчилар эса, сирасини айтганда, айни шу мақсадга интиламиз.

1975

Сайтдаги Юхан Борген ҳикояларини ўқинг:
Юхан Борген. Денгиз бўйидаги уйча
Юхан Борген. Бахт

Ashampoo_Snap_2017.02.26_13h54m39s_003_.pngYuxan BORGЕN
YOZUVCHI BO‘LMOQ NIMA DЕGANI?
Ozod Sharafiddinov tarjimasi
09

   Yuxan Borgen (1902—1979) — XX asrdagi eng yirik norveg yozuvchisi. Uning ijodida kichik janrdagi asarlar alohida o‘rin tutadi. Yozuvchi mahorati ham aynan novellalarida yorqin ochiladi. “Novellani vulqonning otilishi yoxud ijodkor “men”i o‘zidan-o‘zi yuzaga chiqishi bilan qiyoslash mumkin”, — deb yozgan edi u. Norvegiya adabiyoti tadqiqotchisi Villi Dall ta’biricha, Borgen novellalarining badiiy asosi “bayon etishning kuchli, yorqin taassurotlari, manzaralarni bir qarashda qamrab olishdadir”. Ijodining muayyan bosqichida modernizm estetikasi ta’siri ostida «Men», «Qizil tuman» nomli eksperimental romanlar yozgan. Lekin keyinchalik realistik uslubga qaytgan. «Yillar o‘tgan sari kitobxon seni ko‘proq tushunishini istab qolarkansan», deydi adib. San’atning asosiy vazifasini uning kommunikativligida ko‘radi. «Yozuvchi bo‘lmoq nima degani?» maqolasi uning yoshlarga atalgan «Voqelik sari qochish» nomli kitobiga yozilgan so‘zboshidir.

09

2211b2220282ec96d3e752ddc78fb800.pngYozuvchi bo‘lmoq qalbingni odamlarga ishonib ochib bermoqdir. Albatta, fikrlarni bayon qilish bilan bog‘liq yozma faoliyatning boshqa shakllari ham bor. Ular istagan narsaga — ilmga, texnikaga, hunarga, falsafaga, siyosatga, dinga taalluqli bo‘lishi mumkin. Bularning so‘nggi uchtasi masalasiga kelsak, biz bayondagi muayyan tamoyil haqida gapirmog‘imiz mumkin. Shu tarzda tashviqot, da’vat maydonga keladi. Xuddi shu tarzda bayonning ham qurama shakllari paydo bo‘ladi. Ular osonlik bilan biz badiiy asar deb ataydigan narsaga ham aylanib ketishi mumkin. Bu tushunchalarni bir-biridan farqlash hammavaqt ham oson ko‘chavermaydi. Bizning davrimizda bizga o‘xshagan badiiy adabiyot bilan bog‘liq bo‘lgan odamlar bu so‘zni ko‘pda yoqtiravermaymiz. Sirasini aytganda, juda balandparvoz, dabdabali so‘z-da! Undan ko‘ra ko‘proq biz «nafis adabiyot» demoqni ma’qul ko‘ramiz. Lekin bu atamani ham muvaffaqiyatli deb hisoblash ancha qiyin.

Negaki, «nafis adabiyot» degani biz har narsadan avval intiladigan narsa emas-da… Rost, ko‘p hollarda biz shu so‘zni qo‘llaganda nimani nazarda tutishimizni odamlar tushunishadi. Xo‘sh, biz bu so‘z zamirida nimani nazarda tutamiz? Hamma narsadan avval bunda gap «qayta yaratish» ustida boradi. Bu esa xayolot tushunchasi bilan bog‘liq. Xo‘sh, sirasini aytganda, xayolot deganining o‘zi nima?

Ko‘plarga shunday tuyuladiki, go‘yo bu tushuncha bo‘m-bo‘sh osmonlarda parvoz qilib yuradi. Biroq bunday emas, xayolot hamisha tajribaga, kuzatishga asoslanadi. Bunday deya qolaylik — xayolot tajribani ilib oladigan bir uskuna. U bizning fikrlarimizni kerakli tomonlarga yo‘naltirib turadi. Biz avvallari boshimizdan kechgan u yoki bu taassurotlarimizning rolini hammavaqt ham yetarli darajada ko‘z oldimizga keltira olmaymiz. (Holbuki, o‘tmishning ayrim taassurotlari hamisha biz bilan.)

Nazarimda menga shunday tuyuladiki, ko‘pchilik odam maktabga birinchi bor qadam qo‘ygan kunini yoxud suzishni o‘rganib olgan kunini yaxshi eslab qoladi. Bundan tashqari, birinchi muhabbat ham xotirada qoladi. Biroq hatto ana shu o‘ta muhim voqealarga nisbatan ham biz ularning hamma tafsilotlarini to‘laligicha eslab qolganmiz, deb ayta olmaymiz. Maktabga borgan birinchi kunimdan hammadan avval esimda qolgan narsa o‘sha kezlarda ko‘tarib yurgan jildimning hidi. Bu jilddan og‘ilning yoki otxonaning hidi kelardi. Jildim teridan tikilgan bo‘lib, aftidan, otxona hidi shu teridan taralgan bo‘lsa kerak. Shuning uchun ot hidi maktabga qadam qo‘ygan birinchi kunim bilan bog‘liq ravishda umrbod xotiramda o‘rnashib qolgan. Ko‘z o‘ngimda sinfxonamiz aniq-taniq namoyon bo‘ladi, xotiramda ovozlar, odamlarning aft-basharalari, Reydar degan o‘rtog‘imning qulog‘i gavdalanadi. Reydarning nomini eslashim bilan xotiramga boshqa ismlar, boshqa ovozlar, boshqa aft-basharalar keladi. Mening butun vujudimni xotiralar quyuni qamrab oladi. Jug‘rofiya darsligining ko‘k muqovasi esimga tushadi va shu vaqtning o‘zida Knut degan bolaning Kristian degan bola bilan mushtlashganini eslab ketaman. Menga Knut ko‘proq ma’qul edi, shuning uchun men uning tarafida edim. Mening xotiralarimda ham Knut g‘olib bo‘lib qolgan.

Endilikda men adib bo‘ldim. Buning boisi shundaki, men otning hidini eslab qolganman. Aminmanki, hamma ham shunga o‘xshash voqeani boshidan kechirgan. Har bitta odam — shoir, shu ma’nodaki, allanechuk xotiralar bahonasida unda turli fikrlar tug‘iladi. Bu fikrlar yangi fikrlarga turtki beradi, ular esa xayolot olamini uyg‘otadi.

Ba’zi hollarda biz juda yaxshi anglab turamiz — bizning xotiralarimiz xayolot olamining g‘aroyib o‘yinlari bilan bog‘lanib ketgan. Ba’zan bizning xotiralarimiz ongimizda turgan-bitgani haqiqatday gavdalanadi, ba’zan esa ular to‘qima sifatida namoyon bo‘ladi. Ammo agar ana shu «yolg‘on», ana shu «to‘qima» shunday bir shaklga kirsaki va bu shakl ularga ham biz haqiqat deb atagan narsaga xos bo‘lgan tugallik baxsh etsa, unda ular ham biz badiiy adabiyot deb ataydigan narsaga aylanishi mumkin. Bu o‘rinda endi men boyagina «yolg‘on» deb atagan narsamga hurmat bilan munosabatda bo‘laman, chunki u mening asarimga asos bo‘lib xizmat qilgan quruq-yalang‘och haqiqatdan ko‘ra chinroq bo‘lishi mumkin…

Men yuqorida aytdim — xayolot samolarda parvoz qilib yuradigan narsa emas, balki sinalgan, boshdan kechirilgan narsalardan o‘zining ildiziga ega bo‘lgan narsadir. Bu gaplarning hammasi to‘g‘ri, faqat biz hammavaqt ham o‘z tasavvurlarimizning mohiyatini chuqur anglab yetmaymiz. Buning ikkita sababi bor. Buning bir sababi shundaki, bizning taassurotlarimiz endi tug‘ilayotgan paytdayoq siqib chiqarilgan. Bu taassurotlar siqilib, bir chekkaga surilib qolgan, ularni unutib yuborishga harakat qilingan. Buning ham har xil sabablari bo‘lgan bo‘lishi mumkin. Biz ular to‘g‘risida to‘xtab o‘tirmaymiz. Boshqa sabab shundaki, sodir bo‘lgan voqea hayotimizning juda ilk bosqichida ro‘y bergan bo‘lishi mumkin. (Bu ilk bosqich hatto homilalik paytiga ham to‘g‘ri kelar.) Bu esa odatdagi tushunchadagidek eslab qolishga yo‘l bermaydi. Menga qolsa, «xotira» so‘zini «esdaliklar» so‘zi bilan almashtirgan bo‘lardim. Albatta, bu so‘z eskicharoq jaranglaydi, lekin avvalgisidan chinroq. Shoirona ijod vaqtida ro‘y beradigan narsa hozirgi daqiqada xotiralar qatlami ostida yashirinib yotgan xotira parchalaridir. Bularning bari bir soniya va hatto bir soniyaning bo‘laklari mobaynida ro‘y beradi. Biz hammamiz shunga o‘xshagan kechinmalarni boshimizdan o‘tkazganmiz. Bu tuyg‘u butun vujudimizni kezib chiqadi-yu, keyin g‘oyib bo‘ladi. Ba’zilar buni ilhom deb atashadi. Yomon so‘z emas. Siz yoshlar ham vaqti-vaqti bilan bunaqa tuyg‘ularni boshdan kechirib turasiz. Faqat bu to‘g‘rida kamdan-kam gapirasiz. Aftidan, Sizlarga bu narsa bulutlar uzra sayrday bo‘lib ko‘rinsa kerak. Lekin bu shunchaki bulutlar uzra sayohat emas. Bu o‘rinda men Sizlarga bir maslahat berishga jur’at etaman — Siz o‘sha kayfiyatga beriling, uni o‘zingizda uzoqroq saqlab qolishga tirishing. Ilhom kelganda sanoqli sekundlar mobaynida Siz shoir bo‘lib qolasiz. Endi o‘zingiz o‘ylab ko‘ring — agar shunday daqiqalar hayotingizda borgan sari ko‘proq va ko‘proq takrorlanib tursa nima bo‘ladi? Shoirning maqsadlaridan biri — ana shunday lahzalarni muhrlab qoldirish yoxud qaytadan yaratishdir. Shuning uchun ham men Sizlarga «Uyg‘oninglar!» deb xitob qilyapman. Biz «voqelik», deb ataydigan narsadan bosh olib qochmoq uchunmi? Yo‘q, aksincha. Voqelikni yorqin, chinakam manzaralarda muhrlab qoldirish uchun!

Albatta, hammaning ham professional shoir bo‘lishga iqtidori yetishavermaydi. Biroq biz ilhomli onlardan foyda chiqaza bilmog‘imiz darkor. Bu shuning uchun zarurki, bizning zamonimizda mana-man deb yaqqol ko‘rinib turuvchi foyda bilan bir necha muddat o‘tgandan so‘ng ziyonga aylanib qoladigan narsa o‘rtasidagi chegara qayerdan o‘tishini aytib berish oson emas. (Men, masalan, ekologik tanazzulni nazarda tutyapman. Ekologik tanazzul nima ekanini hammangiz ham, tabiiyki, yaxshi bilasiz. Bilmasanglar, muallimlaringizdan so‘rang. Muallimlaringizning hammasi ham ovsar emas).

Agar Siz hayron bo‘lib, mendan «Bu badiiy ijod deganingizning o‘zi, aslida, nimaga kerak?» deb so‘rasangiz, men javob beraman: badiiy ijod odamzodni faolroq qilmoq uchun, uning qobiliyatlari, xayolot kuchini rag‘batlantirmoq uchun va shu bilan unga ato etilgan hayotni yanada to‘laqonli qilmoq uchun kerak. Negaki, badiiy asar — axborot degani. Yuqorida gapirib o‘tganimdek, muallif qalbining eng teran puchmoqlarida ardoqlab yurgan boyligini sizga ishonib ochib beradi. Yana bir bora takrorlayman — eng ardoqli boyligini! Sen bu asarni o‘zing xohlagan ko‘ylarga solishing mumkin, undan yuz o‘girishing mumkin. Agar haqqim bor deb hisoblasang — unga tupurishing mumkin. Yoki uni qabul qilishing, jilla bo‘lmasa, bir daqiqaga qabul qilishing mumkin. Ana shunda bizning o‘rtamizda mubohasa boshlanib ketadi. Biz — yozuvchilar esa, sirasini aytganda, ayni shu maqsadga intilamiz.

1975

Saytdagi Yuxan Borgen hikoyalarini o‘qing:
Yuxan Borgen. Dengiz bo‘yidagi uycha
Yuxan Borgen. Baxt

004

(Tashriflar: umumiy 333, bugungi 1)

Izoh qoldiring