Husan Maqsud. She’rlar.

022    Ҳусан Мақсуд Бухоронинг Олот туманидан. У айни кунда Низомий номидаги Тошкент давлат педогогика университетининг ўзбек филологияси факультетида таҳсил олмоқда. Ҳусан Мақсуд буюк файласуф Муҳаммад Иқболнинг бир қанча шеърларини, ҳикматларини ўзбекчалаштирган.

Ҳусан Мақсуд
ШЕЪРЛАР
077

ТУН СУВРАТИ

Аллакимларнингдир қилиб ғийбатин,
Бақалар тинмасди, тинглар эди сой.
Номуси топталган қиздай бир четда,
Мум тишлаб ўтирар ҳомиладор ой…

2013

***

Муридмиз, шул сабаб пирни излаймиз,
Ортида тоғ бор, деб қирни излаймиз.
«Пул — қўлнинг кири», деб ваъз ўқиб баъзан,
Алҳазар, ўзимиз кирни излаймиз

2013

***

Кўзида ёш билан келди бир бола,
Онаси олдида бош эгиб турди.
Йиғидан тўхтолмай, инграган ҳолда,
Айтди, «Она, мени бир бола урди».

Кажрафтор дунёнинг ишлари қизиқ,
Ечилмас жумбоқлар ўйлаб топади.
Жазоланган одам ёшин оқизиб,
Кимнингдир олдига дарров чопади.

Одамнинг зарбини одам кўтарар,
Ҳар оғир дамда ҳам топилгай имкон.
Э, воҳ, ғазабланиб Худо урса гар,
Кимнинг паноҳига қочгайдир инсон?..

2013

ТУҒИЛГАН КУНИМДА

Умр — ёйдан учган ўққа ўхшайди,
Йигирма икки бор ёйни тортдим мен.
Гоҳида топганим йўққа ўхшади,
Гоҳида мўлжаллаб ойни отдим мен.

Катта нишонларни кўзлаб қўйгандим,
Лек «Умринг етмас» деб кимдир дўқ солди.
Ўзинг айт, қайгача етади сабрим,
Раббим, садоғимда қанча ўқ қолди?
2013

РАУФ ПАРФИНИНГ СЎНГИ СЎЗЛАРИ

Мен мудом Унга ишондим
Унгагина сиғиндим фақат…

Чунки… У — Сўз
Менинг ибтидойимдир
Интиҳойим ҳам Унда мужассам.

Бас! Шундай экан,
Менга Оппоқ Сўзлардан
Кафан бичиб
Қора тупроққа топширинглар.

Аллоҳ даргоҳида
Юзим ёруғ бўлсин
Ўша СЎЗлардан…

2011-йил

***

Дунёга қайтиб келурман,
фақат бошқа ўғил бўлиб.

Миртемир

Қабримнинг устида йиғла севгилим,
Тупроғим шўрлари ювилиб кетсин.
Тирик пайт боғларни кезмади кўнглим,
Ҳеч йўқ шу қабримда қизғалдоқ битсин.

Биламан, дунёнинг ишидан дўстим,
Гоҳ кўнглинг тўлмади, гоҳида тўлди.
Билсанг кўнглим камдир, дилда бор кўстим,
Сен ҳам бир бор ёдлаб йиғласанг бўлди…

…Фақат сен йиғлама, йиғлама она!
Қалбинг аламларга турса ҳам тўлиб.
Қайтаман сен яшаб турган дунёга
Фақат бошқа ўғил бўлиб…

2009

***

Шоирлар қишлоқда туғилиб, шаҳарда ўладилар.
(Француз халқ мақоли)

Ҳар кимга туғилган ери Каъбадай —
Қишлоқми, шаҳарми муқаддас унга.
Инсофли, виждонли инсон абадий,
Жонин фидо айлар она Ватанга.

Ҳар кимга берилгай илм-у амал, касб,
Халққа хизмат қилиб, шон берсам бўлди.
Майлига шоирлик этмасин насиб,
Фақат қишлоғимда жон берсам бўлди.
2009

ҲАЛИ ҲАМ ҲАЁТМАН…

Ҳали рўй бермади бирор ҳодиса,
Ҳали кўзларимда қаҳр, ғазаб йўқ.
Ҳали айтилмади «Худо хоҳласа»,
Ҳали узилмади камондан бир ўқ.

Ҳали сабр қилиб кутиб турибман
Соғинчнинг сарғайтар сониясинда.
Ҳавонинг заҳрини ютиб юрибман
Ҳаёт саҳфасининг ҳошиясинда.

Ҳали ҳам сиримни этмадим ошкор —
Кўрганим, билганим ичимда… тутқун.
Наҳот, ноҳақликнинг кўзига бир бор
Боқмадим ва ёки олмадим бир хун.

Ўз-ўзимга савол бермадим ҳали,
Нафсимни кишанлаб қилмадим сўроқ.
Кўзларимга тутун тўлган маҳали
Тумансиз йўлларга бошла, эй Ҳаллоқ.

Ҳали рўй бермади бирор ҳодиса,
Ҳали кўзларимда қаҳр, ғазаб йўқ.
Ҳаётман, ҳаётман… Худо хоҳласа,
Ўлим камонидан узгунича ўқ.

2011

***

Дейдиларки: фарзанд
оқлаши керак
ота-она олдидаги бурчини —
дунёга келтиргани учун,
берган ҳалол тузи учун,
улғайтиргани учун…

Мен ҳам оқлаяпман,
Оқлаяпман
фақат онам сочини…

2012

ЯХШИНИНГ ЁМОНГА ДЕГАНЛАРИ

Сен дунёни яхшилардек
Эзгуликка тўлдиролмайсан.
Яхшиларни ўлдирарсан, лек
Яхшиликни ўлдиролмайсан!
2010

ИЛТИЖО

Тонгда туриб Сенга айтдим муножот,
Ҳамду сано айтиб вужуд толмасин.
Дилда не ғам бўлса айлагин нажот
Ўзингдан ўзгага куним қолмасин.

Керакмас ўзганинг миннатли оши,
Керакмас гул унган мафтункор тоши,
Розиман уларнинг соғ бўлсин боши,
Ўзингдан ўзгага куним қолмасин.

Майлига ўзгалар етсин муродга,
Самони кезсинлар миниб ғиротга,
Дилимда нолам бор, зорман имдодга,
Ўзингдан ўзгага куним қолмасин.

Кўзимни равшан қил — нурдан айирма,
Қоматим тик тутай — қаддим қайирма,
Аллоҳ , не бўлса ҳам Ўзингдан қўйма,
Ўзингдан ўзгага куним қолмасин.
2009

УСТОЗ ШОИР ШУКРУЛЛО МОНОЛОГИ
(Ўзбекистон халқ шоири Шукруллонинг 90 йиллик юбилейида ўқилган шеър)

Ўтди кўп замонлар, ўтди давронлар,
Ўтди зил қисматнинг оғир кунлари.
Ўтдилар ош-нонни талаб қузғунлар
Пистирмада ётиб гоҳо тунлари.

Ёш эдим. Ҳаммаси аниқ эсимда:
Ким ўғри, ким каззоб, қайси бири ҳақ.
Сўйлолмасди миллат номидан бир зот
Битта зотни йўқлаб чиқолмасди ҳалқ.

Халққа тош отганга унвон бердилар,
Халққа дўст бўлганни дедилар ғаним.
Ҳамон қулоғимда шундай овозлар:
Воҳ отам, воҳ акам, вой-дод жон иним.

Ким қанча кафансиз кўмилганлар бор,
Бўзсувда қанчасин янграр оҳлари.
Ҳамон тушларимда намоён бўлар,
Уларнинг чинқирган тирик руҳлари.

О, юртнинг фидоий жигарбандлари —
Қодирию Фитрат, Усмону Чўлпон.
Балки улар юртин тузини оқлаб
Балки жони ила тўлаган ўлпон…

…Ўша эллигинчи йилларнинг ёди
Ҳали ҳам юракка солади титроқ.
Ўша замонанинг заққум заҳридан
Бугун пешонамда ажинлар кўпроқ…

Шукрки, Истиқлол насими эсди,
Шукрки, дардларга топилди дармон.
Шунча кулфатларни кўрса ҳам бошим,
Ёшимни тўқсонга чўзибди Раҳмон.

Азиз ўғилларим, азиз қизларим,
Бўйрадай ўтирманг, дарёдай тошинг!
Мен кўрган кунларни кўрмангиз илло
Сиз ҳам Шукруллодай тўқсондан ошинг.

2011

ТУГАМАГАН САТРЛАР

1
Умидларим соясида
Дам оламан
Жазима пайт…

2
Хира бўлган дил ойнамни
Ювмоқдаман
Кўзёшим билан…

3
Армонларим шудгорига
Келар ҳар тонг
Қора қарғалар…

4
Чўлда қибласини тополмаётган
Номозхон каби
Адашиб юрибман
Кўнглим даштида…

5
Уйи ёнган одамдай
Кўчиб ўтдим
Вужуддан Руҳга

2012

***

Кел кўзингга яширгин мени,
Киприкларинг остида яшай.
Ватан бўлсин кўзларинг сенинг,
Ашкинг бўлиб, чашмингда тошай.

Сочларингга ўраб ол, жоним,
Сунбулларни, айтгин, нетайин?
Қаҳратон пайт, кокилларингни
Макон айлаб, қишлаб кетайин.

Нафас олсанг, руҳингга сингиб,
Сўзларингдай бўғзингда турсам.
Вужудингда, томирларингда
Қонинг бўлиб, кўпириб турсам.

Қудрат ато этса табиат,
Кимса етмас бахтларга етсам.
Ҳамдлар айтиб, суюнчи сўраб,
Худойимга мактублар битсам.

Дил эшигинг очиб қўй, кирай,
Унда яшай, кўнгил, илтимос.
Ўлсам фақат, қалбингда ўлай,
Юрагингга кўмгил, илтимос.

2012

***

З.га

Заминни қоплади оловранг хазон,
Аста туша бошлар вужудга титроқ.
Ростин айт, қайдасан? Бормисан омон?
Нега индамайсан? Жим турма узоқ.
Илинжим: кўзингга термулиб яшаш,
Гуноҳ бўлмайдику севиш, севилиш.
Орзуим: ҳар шомда руҳингга сингиб
Руҳингда ҳар саҳар қайта туғилиш

2012

* * *

Ҳаётингга кирдим беҳуда,
Дард ва ҳижрон топиб олганим.
Алам қилар сен учун жуда
Сени яхши кўриб қолганим.

Дунё эски… Ўзгармас олам,
Бекор ундан кўнгил совуши —
Лек менга ҳам қилгайдир алам
Ўзгасини қаттиқ севишинг.

2012

МУВАШШАҲ

Сабр
Аллоҳга
Борар
Роҳдир…

2012

***

Кўзларингнинг кенгликларида,
Қалбим учар мисоли бир қуш.
Кўзларингнинг кенгликларида,
Тунаб қолиб, кўрадирман туш.

Кўзларингнинг кенгликларида,
Дарбадардир руҳим карвони.
Сенинг кўнглинг нурга тўлиқдир,
Мен томонда ҳижрон давронида.

Сени севдим — қилдим мен гуноҳ,
Амал қил ҳукм тенгликларига —
Сургун қилгин мени умрбод,
Кўзларингнинг кенгликларига.

2012

ҒАНИМЛАРИМГА

Майли, ўнг қўлимни қиймалаб ташланг,
Майли, ўнг ёнимга найзани уринг.
Розиман, майлига, ўнг кўзим ёшланг,
Фақат чап ёнимдан узоқроқ юринг

.2010

АНГЛАШИЛМОВЧИЛИК

Балки мен тушунтира олмагандирман,
Ёки ўзинг англолмагандирсан сўзимни…
Ахир… мен «ЯШАШ»
деб бақиргандим!

Наҳот сенга «ЎЛИМ» деган
қичқириқ эшитилган бўлса,
Ҳаёт?!

2012

МУНОЖОТ

Гоҳо кўзларимни намлаб бер менга,
Ғам ва қувончни ҳам камлаб бер менга.
Аллоҳим, олдингга бутун борайин —
Зарра-заррамгача жамлаб бер менга.

2012

004

Husan Maqsud
SHE’RLAR
077

Husan Maqsud Buxoroning Olot tumanidan. U ayni kunda Nizomiy nomidagi Toshkent davlat pedogogika universitetining o’zbek filologiyasi fakul`tetida tahsil olmoqda. Husan Maqsud buyuk faylasuf Muhammad Iqbolning bir qancha she’rlarini, hikmatlarini o’zbekchalashtirgan.

077

TUN SUVRATI

083

Allakimlarningdir qilib g’iybatin,
Baqalar tinmasdi, tinglar edi soy.
Nomusi toptalgan qizday bir chetda,
Mum tishlab o’tirar homilador oy…

2013

***

Muridmiz, shul sabab pirni izlaymiz,
Ortida tog’ bor, deb qirni izlaymiz.
«Pul — qo’lning kiri», deb va’z o’qib ba’zan,
Alhazar, o’zimiz kirni izlaymiz

2013

***

Ko’zida yosh bilan keldi bir bola,
Onasi oldida bosh egib turdi.
Yig’idan to’xtolmay, ingragan holda,
Aytdi, «Ona, meni bir bola urdi».

Kajraftor dunyoning ishlari qiziq,
Yechilmas jumboqlar o’ylab topadi.
Jazolangan odam yoshin oqizib,
Kimningdir oldiga darrov chopadi.

Odamning zarbini odam ko’tarar,
Har og’ir damda ham topilgay imkon.
E, voh, g’azablanib Xudo ursa gar,
Kimning panohiga qochgaydir inson?..

2013

TUG’ILGAN KUNIMDA

Umr — yoydan uchgan o’qqa o’xshaydi,
Yigirma ikki bor yoyni tortdim men.
Gohida topganim yo’qqa o’xshadi,
Gohida mo’ljallab oyni otdim men.

Katta nishonlarni ko’zlab qo’ygandim,
Lek «Umring yetmas» deb kimdir do’q soldi.
O’zing ayt, qaygacha yetadi sabrim,
Rabbim, sadog’imda qancha o’q qoldi?
2013

RAUF PARFINING SO’NGI SO’ZLARI

Men mudom Unga ishondim
Ungagina sig’indim faqat…

Chunki… U — So’z
Mening ibtidoyimdir
Intihoyim ham Unda mujassam.

Bas! Shunday ekan,
Menga Oppoq So’zlardan
Kafan bichib
Qora tuproqqa topshiringlar.

Alloh dargohida
Yuzim yorug’ bo’lsin
O’sha SO’Zlardan…

2011-yil

***

Dunyoga qaytib kelurman,
faqat boshqa o’g’il bo’lib.

Mirtemir

Qabrimning ustida yig’la sevgilim,
Tuprog’im sho’rlari yuvilib ketsin.
Tirik payt bog’larni kezmadi ko’nglim,
Hech yo’q shu qabrimda qizg’aldoq bitsin.

Bilaman, dunyoning ishidan do’stim,
Goh ko’ngling to’lmadi, gohida to’ldi.
Bilsang ko’nglim kamdir, dilda bor ko’stim,
Sen ham bir bor yodlab yig’lasang bo’ldi…

…Faqat sen yig’lama, yig’lama ona!
Qalbing alamlarga tursa ham to’lib.
Qaytaman sen yashab turgan dunyoga
Faqat boshqa o’g’il bo’lib…

2009

***

Shoirlar qishloqda tug’ilib, shaharda o’ladilar.
(Frantsuz xalq maqoli)

Har kimga tug’ilgan yeri Ka’baday —
Qishloqmi, shaharmi muqaddas unga.
Insofli, vijdonli inson abadiy,
Jonin fido aylar ona Vatanga.

Har kimga berilgay ilm-u amal, kasb,
Xalqqa xizmat qilib, shon bersam bo’ldi.
Mayliga shoirlik etmasin nasib,
Faqat qishlog’imda jon bersam bo’ldi.
2009

HALI HAM HAYOTMAN…

Hali ro’y bermadi biror hodisa,
Hali ko’zlarimda qahr, g’azab yo’q.
Hali aytilmadi «Xudo xohlasa»,
Hali uzilmadi kamondan bir o’q.

Hali sabr qilib kutib turibman
Sog’inchning sarg’aytar soniyasinda.
Havoning zahrini yutib yuribman
Hayot sahfasining hoshiyasinda.

Hali ham sirimni etmadim oshkor —
Ko’rganim, bilganim ichimda… tutqun.
Nahot, nohaqlikning ko’ziga bir bor
Boqmadim va yoki olmadim bir xun.

O’z-o’zimga savol bermadim hali,
Nafsimni kishanlab qilmadim so’roq.
Ko’zlarimga tutun to’lgan mahali
Tumansiz yo’llarga boshla, ey Halloq.

Hali ro’y bermadi biror hodisa,
Hali ko’zlarimda qahr, g’azab yo’q.
Hayotman, hayotman… Xudo xohlasa,
O’lim kamonidan uzgunicha o’q.

2011

***

Deydilarki: farzand
oqlashi kerak
ota-ona oldidagi burchini —
dunyoga keltirgani uchun,
bergan halol tuzi uchun,
ulg’aytirgani uchun…

Men ham oqlayapman,
Oqlayapman
faqat onam sochini…

2012

YAXSHINING YOMONGA DEGANLARI

Sen dunyoni yaxshilardek
Ezgulikka to’ldirolmaysan.
Yaxshilarni o’ldirarsan, lek
Yaxshilikni o’ldirolmaysan!
2010

ILTIJO

Tongda turib Senga aytdim munojot,
Hamdu sano aytib vujud tolmasin.
Dilda ne g’am bo’lsa aylagin najot
O’zingdan o’zgaga kunim qolmasin.

Kerakmas o’zganing minnatli oshi,
Kerakmas gul ungan maftunkor toshi,
Roziman ularning sog’ bo’lsin boshi,
O’zingdan o’zgaga kunim qolmasin.

Mayliga o’zgalar yetsin murodga,
Samoni kezsinlar minib g’irotga,
Dilimda nolam bor, zorman imdodga,
O’zingdan o’zgaga kunim qolmasin.

Ko’zimni ravshan qil — nurdan ayirma,
Qomatim tik tutay — qaddim qayirma,
Alloh , ne bo’lsa ham O’zingdan qo’yma,
O’zingdan o’zgaga kunim qolmasin.
2009

USTOZ SHOIR SHUKRULLO MONOLOGI
(O’zbekiston xalq shoiri Shukrulloning 90 yillik yubileyida o’qilgan she’r)

O’tdi ko’p zamonlar, o’tdi davronlar,
O’tdi zil qismatning og’ir kunlari.
O’tdilar osh-nonni talab quzg’unlar
Pistirmada yotib goho tunlari.

Yosh edim. Hammasi aniq esimda:
Kim o’g’ri, kim kazzob, qaysi biri haq.
So’ylolmasdi millat nomidan bir zot
Bitta zotni yo’qlab chiqolmasdi halq.

Xalqqa tosh otganga unvon berdilar,
Xalqqa do’st bo’lganni dedilar g’anim.
Hamon qulog’imda shunday ovozlar:
Voh otam, voh akam, voy-dod jon inim.

Kim qancha kafansiz ko’milganlar bor,
Bo’zsuvda qanchasin yangrar ohlari.
Hamon tushlarimda namoyon bo’lar,
Ularning chinqirgan tirik ruhlari.

O, yurtning fidoiy jigarbandlari —
Qodiriyu Fitrat, Usmonu Cho’lpon.
Balki ular yurtin tuzini oqlab
Balki joni ila to’lagan o’lpon…

…O’sha elliginchi yillarning yodi
Hali ham yurakka soladi titroq.
O’sha zamonaning zaqqum zahridan
Bugun peshonamda ajinlar ko’proq…

Shukrki, Istiqlol nasimi esdi,
Shukrki, dardlarga topildi darmon.
Shuncha kulfatlarni ko’rsa ham boshim,
Yoshimni to’qsonga cho’zibdi Rahmon.

Aziz o’g’illarim, aziz qizlarim,
Bo’yraday o’tirmang, daryoday toshing!
Men ko’rgan kunlarni ko’rmangiz illo
Siz ham Shukrulloday to’qsondan oshing.

2011

TUGAMAGAN SATRLAR

1
Umidlarim soyasida
Dam olaman
Jazima payt…

2
Xira bo’lgan dil oynamni
Yuvmoqdaman
Ko’zyoshim bilan…

3
Armonlarim shudgoriga
Kelar har tong
Qora qarg’alar…

4
Cho’lda qiblasini topolmayotgan
Nomozxon kabi
Adashib yuribman
Ko’nglim dashtida…

5
Uyi yongan odamday
Ko’chib o’tdim
Vujuddan Ruhga

2012

***

Kel ko’zingga yashirgin meni,
Kipriklaring ostida yashay.
Vatan bo’lsin ko’zlaring sening,
Ashking bo’lib, chashmingda toshay.

Sochlaringga o’rab ol, jonim,
Sunbullarni, aytgin, netayin?
Qahraton payt, kokillaringni
Makon aylab, qishlab ketayin.

Nafas olsang, ruhingga singib,
So’zlaringday bo’g’zingda tursam.
Vujudingda, tomirlaringda
Qoning bo’lib, ko’pirib tursam.

Qudrat ato etsa tabiat,
Kimsa yetmas baxtlarga yetsam.
Hamdlar aytib, suyunchi so’rab,
Xudoyimga maktublar bitsam.

Dil eshiging ochib qo’y, kiray,
Unda yashay, ko’ngil, iltimos.
O’lsam faqat, qalbingda o’lay,
Yuragingga ko’mgil, iltimos.

2012

***

Z.ga

Zaminni qopladi olovrang xazon,
Asta tusha boshlar vujudga titroq.
Rostin ayt, qaydasan? Bormisan omon?
Nega indamaysan? Jim turma uzoq.
Ilinjim: ko’zingga termulib yashash,
Gunoh bo’lmaydiku sevish, sevilish.
Orzuim: har shomda ruhingga singib
Ruhingda har sahar qayta tug’ilish

2012

* * *

Hayotingga kirdim behuda,
Dard va hijron topib olganim.
Alam qilar sen uchun juda
Seni yaxshi ko’rib qolganim.

Dunyo eski… O’zgarmas olam,
Bekor undan ko’ngil sovushi —
Lek menga ham qilgaydir alam
O’zgasini qattiq sevishing.

2012

MUVASHSHAH

Sabr
Allohga
Borar
Rohdir…

2012

***

Ko’zlaringning kengliklarida,
Qalbim uchar misoli bir qush.
Ko’zlaringning kengliklarida,
Tunab qolib, ko’radirman tush.

Ko’zlaringning kengliklarida,
Darbadardir ruhim karvoni.
Sening ko’ngling nurga to’liqdir,
Men tomonda hijron davronida.

Seni sevdim — qildim men gunoh,
Amal qil hukm tengliklariga —
Surgun qilgin meni umrbod,
Ko’zlaringning kengliklariga.

2012

G’ANIMLARIMGA

Mayli, o’ng qo’limni qiymalab tashlang,
Mayli, o’ng yonimga nayzani uring.
Roziman, mayliga, o’ng ko’zim yoshlang,
Faqat chap yonimdan uzoqroq yuring

.2010

ANGLASHILMOVCHILIK

Balki men tushuntira olmagandirman,
Yoki o’zing anglolmagandirsan so’zimni…
Axir… men «YASHASH»
deb baqirgandim!

Nahot senga «O’LIM» degan
qichqiriq eshitilgan bo’lsa,
Hayot?!

2012

MUNOJOT

Goho ko’zlarimni namlab ber menga,
G’am va quvonchni ham kamlab ber menga.
Allohim, oldingga butun borayin —
Zarra-zarramgacha jamlab ber menga.

2012

хдк

(Tashriflar: umumiy 434, bugungi 1)

Izoh qoldiring