Mahfuza Imomova. She’rlar

011   Маҳфуза Имомованинг шеърлари сайтимизга шоир Сирожиддин Иброҳим томонидан тавсия қилинди. Шоиранинг ўзига хос изланишлари акс этган ижод намуналарини тақдим этмоқдамиз.

Маҳфуза ИМОМОВА
ШЕЪРЛАР
034

Маҳфуза Имомова Сурхондарё вилояти, Олтинсой туманида туғилган. Ҳиндистоннинг Бангалор университетида таҳсил олган. 2014 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси тавсияси билан “Ижод” фонди томонидан “Ёруғ йўл” номли илк шеърий тўплами чоп этилган. Ҳозирда Академнашр нашриётида ижодий ходим сифатида фаолият юритмоқда.

МАКТУБ

Супрада ун борми,
Қозончада ёғ,02
Ёмғирда ҳўл бўлиб қолдими ўтин?
Кичрайиб қолгандек бугун ҳаммаёқ.
Онажон, орадан шунча йил ўтиб
Мени ҳам соғиниб кетгандир, қишлоқ?
Елкамга кўнгилнинг юкини ортиб
Қиз бошим билан мен ҳамон сафарда.
Кўзим-ла чамалаб осмоннинг ортин
Оёғим тупроққа тўлар шаҳарда
Настарин гуллари тутар ёқамдан
Ҳар томон сочилиб кетар кўчалар
Қай бирин тугатай?
Айни шу дамда
Кечирган кунларим келиб ўч олар.
О, қандай ажойиб эди мен кўрган
Тушларим, ухламоқ осон баридан.
Уйғониб излайман дунёни биркам
Дадамнинг қолдирган чопонларидан.
Сиғмайман кенгликлар бўлмаса уйда
Ҳар битта ғуссангдан кетганман озиб.
Ёшим ҳам улғайиб бормоқда ўйдан.
Хавотир қалбимни турткилар ҳозир
Уйимиз совуқми…
Эшик олдидан
Укам бир чеккага олдими қорни?
Қалинроқ ўранинг,
Иситсин чидам,
Она, уйимизда муҳаббат борми?

***

Тақдирда ёзилган,
Қуш ҳам тарк этар
Ширин орзулар-ла қурган инини.
Шамоллар туш кўрар дарахт баргида
Деворлар сўзламас оғринганини.
Бир зумда чанг бўлиб қолар дераза,
Енгил қадамларим қумсайди гилам.
Сен яна қушларга ушоқ берасан
Яп-янги кўринган юрагинг билан,
Тўрвасин йўқотиб қўйган дарвешдай
Хаёлчан кезасан ишқ йўлакларин.
Йўлингдан чиқмайди бирор фаришта
Кир бўлиб кетади оқ кўйлакларинг,
Ёқангдан олади тушларинг ҳар тун
Тоғлар ҳам ўсади, емирилар, қулар.
Бошингда ҳар лаҳза айланар гардун
Кичкина гулдонда бахтлидир гуллар.
Атрофга қарайсан ҳамма ёқда куз,
Қушлар ҳам асрайди митти жонини.
Муҳаббат — сен томон қараб турган қиз
Силжита олмасдан жомадонини.

ҲИНД ОКEАНИДА

Ошиқма эй дил,
Ошиқма шамол
Рўпарамда улкан уммон турибди.
Сокин кемалардек сузмоқда хаёл
Очиқ чеҳра билан осмон турибди.
Мен эса соҳилда ёлғизман шу тоб
Тўлқинлар урилар пойимга келиб.
Нигоҳлар тўқнашар,
Мавжланар ҳар ёқ
Чиғаноқлар ётар қумда тўкилиб.
Руҳим сингиб борар
Тонгги насимда
Гўё сув юзида қалқмоқда таним.
Азим Ҳинд океанин ёнгинасида
Мен сени соғиниб кетдим,
Ватаним!..

***

Келдим,
Келмасидан тонг саболари
Қуёш найзаларин санчмасдан келдим.
Елкамда йўлларнинг иддаолари,
Йиллар истибдодин янчмасдан келдим.
Келдим,
ҳар япроққа сўйламай келдим,
Ҳаддимдан ўзгага бўйламай келдим.
На-да бир тадорик, на шубҳа гумон,
Ҳаттоки бир бора ўйламай келдим.
Мен шундай мард келдим,
сержуръат келдим,
Келмасам бўлмасди, келсам бўлмасди.
Кўзлар ҳам тўлар-ку, нечун тўлмас дил?
Мен шундай дард келдим, ложувард келдим.
Келдим,
остонангда турибман кутиб,
Шошма, эшикни тез очиб юборма.
О, донишманд зот,
Мўйсафид Ҳаёт —
Сен мени ҳавога сочиб юборма.
Ер қаттиқ, кўк баланд, умр сарсари,
Юракда кўз очсин бари шодликлар.
Гўзаллик, муҳаббат, бахтдан ташқари,
Сен мени айирма паришонликдан…
Келдим…

МУСОФИР

Кетасан, йўлларга томиб борар дил,
Кетасан, ҳеч ким-ла қилмай муроса.
Одамлар манзилга томон борадир,
Сен ҳамон ўтмишга томон борасан.
Елкангни узгудек оғир китоблар…
Юрагинг пичирлаб алланима дер.
Имласанг, юзларин беркитиб чорлар,
Ҳайдасанг, ортингдан келаверар шеър.
Уйинг тор, қишлоқ ҳам…
Сиғмайсан кўкка,
Сени қай орзулар қамраб боради?
Кимсасиз чўлларда,
Тоғлари улкан,
Йилларнинг шамоли ямлаб боради.
Дадилроқ қадам бос, умр сўнгида
Кўринсин ҳар битта одамнинг изи.
Бошингга қор тушса, дўл тушса чидаб
Манзилга етгайсан отамнинг қизи!

***

Опамга

Келма деб неча бор сендан ўтиндим,
О қайғу, мен энди бахтлаб кетарман.
Хотирам — қуршаган бир боғ ўтиндир
Уни йўл четига тахлаб кетарман.

Шафақ шуъласидай олланар юрак,
Шоҳ эди, қул каби ёлланар юрак,
Бир кунда неча бор қонланар юрак,
Ишқнинг оловида яхлаб кетарман.

Туйғулар тирикдир, туйғулар табиий,
Кўзимга инмаган уйқулар табиий,
Минг бора ҳайдалган мусофир каби
Кўнгул эшигидан хатлаб кетарман.

Гул қолиб, ҳас ташиб юрар одамлар
Жонимга қасдлашиб юрар одамлар
Шу қадар пастлашиб юрар одамлар
Аҳил турналардек пастлаб кетарман.

Товоним ўйилсин — Ҳаққа бормасам,
Шарқда туғилсаму, шарққа бормасам
Боримни ортмалаб халққа бормасам
Ғанимнинг ёнига дастлаб кетарман.

Опа, тиззангизга бошимни қўйсам,
Бир муддат сингиллик тотини туйсам,
Юрагим ташнадир, кўзларим тўйса,
Меҳрдан бир нафас ростлаб кетарман.

Дунёнинг отини билмадик нечун,
Наслини, зотини билмадик нечун,
Ҳали қараб туринг, бир кунмас бир кун,
Мунаввар дунёлар бошлаб кетарман.

КЎЗИМГА

Бу дунёнинг оёқлари лой,
Сочлари ҳам кетгандир тўзиб.
Сўнг излайсан осмондан бир жой
Тикилай деб бир умр, кўзим.
Илай дейсан кўйлакларимни
Дарахтларнинг телба торига.
Қулаб кетди не-не одамлар,
Қарайвериб кўп юқорига.
Занжир-занжир билагузуклар,
Боғлаш учун яралган қўлни.
Дилим, етар энди ҳузурлан,
Босиб ўтдик бирмунча йўлни.
Ўйлар бўлсам тағин ёдимга,
Ўшал ғариб Машраб келадир.
У ўлмаган! Дорнинг ёнига
Ҳуржунини ташлаб келадир.
Мен йиғлайман ожизларга хос
Сағир қумлар юзимни чайсин.
Тушларимга киради бехос,
Онам каби ҳазин Увайсий.
Бу дунёнинг ёқалари оқ
Офтобларда қорайган юзи.
Ахир сен ҳам оқликларга боқ
Ахир сен ҳам кулиб тур, кўзим..

***

Бобом хотирасига

Бардоши кам қолди,
Эски дарахтнинг
Коваги кенгайиб борар ичидан.
Бир куни енгаман дерди у вақтни,
Яшарди отилган тошларга чидаб.
Ўшанда ёш эди,
Ҳам мағрур ниҳол
Шамолни арғимчоқ қилиб учарди.
Қушларни ёмғирда ивитарди гоҳ,
Новдаларин ёзиб кўкни қучарди.
Ўйларди қачондир парвоз қиламан
Оёғим кўтариб замин устидан
Шохларим булутга, ойга иламан…
Бироқ уни бироз ғафлат босди-да.
Бугун офтоб урган бошни кўтариб,
Анҳорга қўлини чўзолмас дарахт.
Одамлар танасин чопгани сари
Ҳаётдан кўзини узолмас дарахт.
“Ўлим ҳақ!” дер эди ўлмасдан бурун,
Ажал ҳеч жонзотни ўтмас нарилаб.
Бобом ҳам йиғлаган эди ўша тун…
Ўлимдан қўрқаркан ҳатто қарилар.
Бардоши қолмади,
Эски дарахтнинг…

***

Ҳаё сувратидан нигоҳ узатдим
Ўзимни қалбимдан узоқ кузатдим
Хатолар ясадим, хато тузатдим
Сен мени ўзингга топшир, Худойим.
Сукунат овози кетар дарбадар
Соғинчнинг жилғаси пойимга қадар
Ҳув ўша ёқлардан бергани хабар
Муфассал мактублар ошир Худойим.
Ҳамоҳанг куйларга шайдолик бергин
Мажнунлик юборгин, Лайлолик бергин
Бир ҳовуч ишқингга гадолик бергин
Қалбимга иймонни тошир Худойим.
Кузаклар ҳар ёнда сочар изтироб,
Қаршимда минг қучоқ очар изтироб,
О, ҳануз қаттиқроқ қучар изтироб
Сен мени бир четга яшир Худойим.
Гуллаган боғларга дудоғим тушсин
Ғанимга тоабад фироғим тушсин
Тўкилсам, тупроққа адоғим тушсин
Пастларга эгдирма бошим Худойим.

***

Сўзларинг оддийдир,
Сўзларинг фақир
Ўлиб ҳам кетмадинг шунча курашда
Ёнингда яшайди минг бирта рақиб
Бошига ипакдан рўмол ўрашган
Аёллар йиғлайди
Ёлғиз аёллар
Ёрсиз аёллар ҳам ғамдан ўлмаган.
Отасини қучиб ухлар хаёлан
Гўдаклар яшайди, катта бўлмаган
Тақдир деб қўйишар йўл йўқотса ҳам
Одамлар яшайди ишдан ортмаган
Одамлар яшайди уйин сотса ҳам
Ҳеч қачон Ватанин сотмаган.
Фақат қалб бор бунда,
Бир муҳожир қалб
Борини тортқилаб элга улашар.
Оҳ қалбим, сен Ҳаққа бораётган халқ –
Ўртаниб, ўртаниб, ўртаниб яшар.

ИЗҲОР

Беҳикмат яшамоқ дилга хос эмас,
Бемаврид келганни хушламасми вақт.
Сен каби ардоқлаб, эркалаб суймас
Ўзгача жисмимда ловуллаган шаҳд.
Агар узоқ кетсам ҳамиша ҳамдард–
Бағрингга талпиндим азизим, Пойтахт.

Боқсам кўзларингга кўзим қамашди,
Сенга бахт ярашди, тинчлик ярашди.
Қадрингни билмайин кимлар адашди,
Сен уларни ёмон йўлдан адаштир.
Қалбига ато эт илоҳий бир тафт,
Яхшига яхшини ёндаштир, Пойтахт.

Отамнинг кунига ярай олайин,
Онамнинг кунига ярай олайин…
Қишлоғимга қайтсам қаддимни тутиб,
Нозбўйлардан ҳолин сўрай олайин.
Қаршимда қучоғин очиб келса бахт
Мени яшашимга ишонтир, Пойтахт.

Сершовқин кўчалар, сокин хиёбон,
Ижара хонаму лиқ тўла жавон.
Менга баридан-да таниш, қадрдон
Йиғласам ёшимни нигоҳинг-ла арт,
Сочларимни силаб юпатгин, юпат.

Ахир мен ўзимни ахтариб келдим,
Кўп айтар сўзимни ахтариб келдим.
Диливайрон келдим, бир ғариб келдим,
Шу ҳазин руҳимни кўтармоғим шарт,
Очиқсам тузингга тўйдиргин, Пойтахт.

Сўзим-ла ҳар нега шаъма қилмасман,
Сендан зару зевар таъма қилмасман.
Мен ҳали бу ҳаёт нима билмасман,
Билганим кўнглимда битта бутун аҳд,
Умримни зиёга белагин, Пойтахт.

Истасанг, кўнглимни тўкиб бераман,
Ҳовлингга райҳонлар экиб бераман.
Сурхонча дўппилар тикиб бераман,
Сен ойдек тўлгину қуёш каби балқ,
Бошингни ҳар недан авайласин Ҳақ.

Беҳикмат яшамоқ бизга хос эмас,
Бемаврид келганни хушламасму вақт.
Мен каби пинҳона, телбавор севмас,
Ва яна меҳрингни этолмайди забт.
Турналар талпинган каби кўкка саф –
Бағрингга талпиндим ёлғизим, Пойтахт!..

МУНОЖОТ

Ё раб, қайда хато қилдим,
Ибодатда адашдимми?
Ҳар кимга бош эголмадим,
Итоатда адашдимми?

Дардлар бунча беордайин,
Фироқ нафис, озор майин.
Ёр келганда мен бормайин
Хижолатда адашдимми?

Дил оғринар, руҳим зада,
Ишқ – шартлашув, бахт бир ваъда.
Умид сўнар ҳар лаҳзада,
Саодатда адашдимми?

Мен ўйлаган ўйлар қани,
Бир сўзу ростгўйлар қани?
Болаликдан тинглаганим –
Ҳикоятда адашдимми?

Гарчи армон берар фириб,
Кўзларга ёш олган кириб.
Ё барини билмай туриб,
Ҳидоятда адашдимми?

Йўл оларман ўзим сари,
Нотинч кўнгул, сўзим сари.
Вафо билмас дунё зари,
Қаноатда адашдимми?

Тангрим, қайда хато қилдим,
Қалам, хатда адашдимми?
Қалбим ҳамон йиғлар сим-сим,
Муҳаббатда адашдимми?
Муҳаббатдан адашдимми?!

014Mahfuza Imomovaning sheʼrlari  shoir Sirojiddin Ibrohim tomonidan tavsiya qilindi. Shoiraning oʻziga xos izlanishlari aks etgan ijod namunalarini taqdim etmoqdamiz.

Mahfuza IMOMOVA
SHEʼRLAR
034

Mahfuza Imomova Surxondaryo viloyati, Oltinsoy tumanida tugʻilgan. Hindistonning Bangalor universitetida tahsil olgan. 2014 yilda Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi tavsiyasi bilan “Ijod” fondi tomonidan “Yorugʻ yoʻl” nomli ilk sheʼriy toʻplami chop etilgan. Hozirda Akademnashr nashriyotida ijodiy xodim sifatida faoliyat yuritmoqda.

MAKTUB

Suprada un bormi,
Qozonchada yogʻ,03
Yomgʻirda hoʻl boʻlib qoldimi oʻtin?
Kichrayib qolgandek bugun hammayoq.
Onajon, oradan shuncha yil oʻtib
Meni ham sogʻinib ketgandir, qishloq?
Yelkamga koʻngilning yukini ortib
Qiz boshim bilan men hamon safarda.
Koʻzim-la chamalab osmonning ortin
Oyogʻim tuproqqa toʻlar shaharda
Nastarin gullari tutar yoqamdan
Har tomon sochilib ketar koʻchalar
Qay birin tugatay?
Ayni shu damda
Kechirgan kunlarim kelib oʻch olar.
O, qanday ajoyib edi men koʻrgan
Tushlarim, uxlamoq oson baridan.
Uygʻonib izlayman dunyoni birkam
Dadamning qoldirgan choponlaridan.
Sigʻmayman kengliklar boʻlmasa uyda
Har bitta gʻussangdan ketganman ozib.
Yoshim ham ulgʻayib bormoqda oʻydan.
Xavotir qalbimni turtkilar hozir
Uyimiz sovuqmi…
Eshik oldidan
Ukam bir chekkaga oldimi qorni?
Qalinroq oʻraning,
Isitsin chidam,
Ona, uyimizda muhabbat bormi?

***

Taqdirda yozilgan,
Qush ham tark etar
Shirin orzular-la qurgan inini.
Shamollar tush koʻrar daraxt bargida
Devorlar soʻzlamas ogʻringanini.
Bir zumda chang boʻlib qolar deraza,
Yengil qadamlarim qumsaydi gilam.
Sen yana qushlarga ushoq berasan
Yap-yangi koʻringan yuraging bilan,
Toʻrvasin yoʻqotib qoʻygan darveshday
Xayolchan kezasan ishq yoʻlaklarin.
Yoʻlingdan chiqmaydi biror farishta
Kir boʻlib ketadi oq koʻylaklaring,
Yoqangdan oladi tushlaring har tun
Togʻlar ham oʻsadi, yemirilar, qular.
Boshingda har lahza aylanar gardun
Kichkina guldonda baxtlidir gullar.
Atrofga qaraysan hamma yoqda kuz,
Qushlar ham asraydi mitti jonini.
Muhabbat — sen tomon qarab turgan qiz
Siljita olmasdan jomadonini.

HIND OKEANIDA

Oshiqma ey dil,
Oshiqma shamol
Roʻparamda ulkan ummon turibdi.
Sokin kemalardek suzmoqda xayol
Ochiq chehra bilan osmon turibdi.
Men esa sohilda yolgʻizman shu tob
Toʻlqinlar urilar poyimga kelib.
Nigohlar toʻqnashar,
Mavjlanar har yoq
Chigʻanoqlar yotar qumda toʻkilib.
Ruhim singib borar
Tonggi nasimda
Goʻyo suv yuzida qalqmoqda tanim.
Azim Hind okeanin yonginasida
Men seni sogʻinib ketdim,
Vatanim!..

***

Keldim,
Kelmasidan tong sabolari
Quyosh nayzalarin sanchmasdan keldim.
Yelkamda yoʻllarning iddaolari,
Yillar istibdodin yanchmasdan keldim.
Keldim,
har yaproqqa soʻylamay keldim,
Haddimdan oʻzgaga boʻylamay keldim.
Na-da bir tadorik, na shubha gumon,
Hattoki bir bora oʻylamay keldim.
Men shunday mard keldim,
serjurʼat keldim,
Kelmasam boʻlmasdi, kelsam boʻlmasdi.
Koʻzlar ham toʻlar-ku, nechun toʻlmas dil?
Men shunday dard keldim, lojuvard keldim.
Keldim,
ostonangda turibman kutib,
Shoshma, eshikni tez ochib yuborma.
O, donishmand zot,
Moʻysafid Hayot —
Sen meni havoga sochib yuborma.
Yer qattiq, koʻk baland, umr sarsari,
Yurakda koʻz ochsin bari shodliklar.
Goʻzallik, muhabbat, baxtdan tashqari,
Sen meni ayirma parishonlikdan…
Keldim…

MUSOFIR

Ketasan, yoʻllarga tomib borar dil,
Ketasan, hech kim-la qilmay murosa.
Odamlar manzilga tomon boradir,
Sen hamon oʻtmishga tomon borasan.
Yelkangni uzgudek ogʻir kitoblar…
Yuraging pichirlab allanima der.
Imlasang, yuzlarin berkitib chorlar,
Haydasang, ortingdan kelaverar sheʼr.
Uying tor, qishloq ham…
Sigʻmaysan koʻkka,
Seni qay orzular qamrab boradi?
Kimsasiz choʻllarda,
Togʻlari ulkan,
Yillarning shamoli yamlab boradi.
Dadilroq qadam bos, umr soʻngida
Koʻrinsin har bitta odamning izi.
Boshingga qor tushsa, doʻl tushsa chidab
Manzilga yetgaysan otamning qizi!

***

Opamga

Kelma deb necha bor sendan oʻtindim,
O qaygʻu, men endi baxtlab ketarman.
Xotiram — qurshagan bir bogʻ oʻtindir
Uni yoʻl chetiga taxlab ketarman.

Shafaq shuʼlasiday ollanar yurak,
Shoh edi, qul kabi yollanar yurak,
Bir kunda necha bor qonlanar yurak,
Ishqning olovida yaxlab ketarman.

Tuygʻular tirikdir, tuygʻular tabiiy,
Koʻzimga inmagan uyqular tabiiy,
Ming bora haydalgan musofir kabi
Koʻngul eshigidan xatlab ketarman.

Gul qolib, has tashib yurar odamlar
Jonimga qasdlashib yurar odamlar
Shu qadar pastlashib yurar odamlar
Ahil turnalardek pastlab ketarman.

Tovonim oʻyilsin — Haqqa bormasam,
Sharqda tugʻilsamu, sharqqa bormasam
Borimni ortmalab xalqqa bormasam
Gʻanimning yoniga dastlab ketarman.

Opa, tizzangizga boshimni qoʻysam,
Bir muddat singillik totini tuysam,
Yuragim tashnadir, koʻzlarim toʻysa,
Mehrdan bir nafas rostlab ketarman.

Dunyoning otini bilmadik nechun,
Naslini, zotini bilmadik nechun,
Hali qarab turing, bir kunmas bir kun,
Munavvar dunyolar boshlab ketarman.

KOʻZIMGA

Bu dunyoning oyoqlari loy,
Sochlari ham ketgandir toʻzib.
Soʻng izlaysan osmondan bir joy
Tikilay deb bir umr, koʻzim.
Ilay deysan koʻylaklarimni
Daraxtlarning telba toriga.
Qulab ketdi ne-ne odamlar,
Qarayverib koʻp yuqoriga.
Zanjir-zanjir bilaguzuklar,
Bogʻlash uchun yaralgan qoʻlni.
Dilim, yetar endi huzurlan,
Bosib oʻtdik birmuncha yoʻlni.
Oʻylar boʻlsam tagʻin yodimga,
Oʻshal gʻarib Mashrab keladir.
U oʻlmagan! Dorning yoniga
Hurjunini tashlab keladir.
Men yigʻlayman ojizlarga xos
Sagʻir qumlar yuzimni chaysin.
Tushlarimga kiradi bexos,
Onam kabi hazin Uvaysiy.
Bu dunyoning yoqalari oq
Oftoblarda qoraygan yuzi.
Axir sen ham oqliklarga boq
Axir sen ham kulib tur, koʻzim..

***

Bobom xotirasiga

Bardoshi kam qoldi,
Eski daraxtning
Kovagi kengayib borar ichidan.
Bir kuni yengaman derdi u vaqtni,
Yashardi otilgan toshlarga chidab.
Oʻshanda yosh edi,
Ham magʻrur nihol
Shamolni argʻimchoq qilib uchardi.
Qushlarni yomgʻirda ivitardi goh,
Novdalarin yozib koʻkni quchardi.
Oʻylardi qachondir parvoz qilaman
Oyogʻim koʻtarib zamin ustidan
Shoxlarim bulutga, oyga ilaman…
Biroq uni biroz gʻaflat bosdi-da.
Bugun oftob urgan boshni koʻtarib,
Anhorga qoʻlini choʻzolmas daraxt.
Odamlar tanasin chopgani sari
Hayotdan koʻzini uzolmas daraxt.
“Oʻlim haq!” der edi oʻlmasdan burun,
Ajal hech jonzotni oʻtmas narilab.
Bobom ham yigʻlagan edi oʻsha tun…
Oʻlimdan qoʻrqarkan hatto qarilar.
Bardoshi qolmadi,
Eski daraxtning…

***

Hayo suvratidan nigoh uzatdim
Oʻzimni qalbimdan uzoq kuzatdim
Xatolar yasadim, xato tuzatdim
Sen meni oʻzingga topshir, Xudoyim.
Sukunat ovozi ketar darbadar
Sogʻinchning jilgʻasi poyimga qadar
Huv oʻsha yoqlardan bergani xabar
Mufassal maktublar oshir Xudoyim.
Hamohang kuylarga shaydolik bergin
Majnunlik yuborgin, Laylolik bergin
Bir hovuch ishqingga gadolik bergin
Qalbimga iymonni toshir Xudoyim.
Kuzaklar har yonda sochar iztirob,
Qarshimda ming quchoq ochar iztirob,
O, hanuz qattiqroq quchar iztirob
Sen meni bir chetga yashir Xudoyim.
Gullagan bogʻlarga dudogʻim tushsin
Gʻanimga toabad firogʻim tushsin
Toʻkilsam, tuproqqa adogʻim tushsin
Pastlarga egdirma boshim Xudoyim.

***

Soʻzlaring oddiydir,
Soʻzlaring faqir
Oʻlib ham ketmading shuncha kurashda
Yoningda yashaydi ming birta raqib
Boshiga ipakdan roʻmol oʻrashgan
Ayollar yigʻlaydi
Yolgʻiz ayollar
Yorsiz ayollar ham gʻamdan oʻlmagan.
Otasini quchib uxlar xayolan
Goʻdaklar yashaydi, katta boʻlmagan
Taqdir deb qoʻyishar yoʻl yoʻqotsa ham
Odamlar yashaydi ishdan ortmagan
Odamlar yashaydi uyin sotsa ham
Hech qachon Vatanin sotmagan.
Faqat qalb bor bunda,
Bir muhojir qalb
Borini tortqilab elga ulashar.
Oh qalbim, sen Haqqa borayotgan xalq –
Oʻrtanib, oʻrtanib, oʻrtanib yashar.

IZHOR

Behikmat yashamoq dilga xos emas,
Bemavrid kelganni xushlamasmi vaqt.
Sen kabi ardoqlab, erkalab suymas
Oʻzgacha jismimda lovullagan shahd.
Agar uzoq ketsam hamisha hamdard–
Bagʻringga talpindim azizim, Poytaxt.

Boqsam koʻzlaringga koʻzim qamashdi,
Senga baxt yarashdi, tinchlik yarashdi.
Qadringni bilmayin kimlar adashdi,
Sen ularni yomon yoʻldan adashtir.
Qalbiga ato et ilohiy bir taft,
Yaxshiga yaxshini yondashtir, Poytaxt.

Otamning kuniga yaray olayin,
Onamning kuniga yaray olayin…
Qishlogʻimga qaytsam qaddimni tutib,
Nozboʻylardan holin soʻray olayin.
Qarshimda quchogʻin ochib kelsa baxt
Meni yashashimga ishontir, Poytaxt.

Sershovqin koʻchalar, sokin xiyobon,
Ijara xonamu liq toʻla javon.
Menga baridan-da tanish, qadrdon
Yigʻlasam yoshimni nigohing-la art,
Sochlarimni silab yupatgin, yupat.

Axir men oʻzimni axtarib keldim,
Koʻp aytar soʻzimni axtarib keldim.
Dilivayron keldim, bir gʻarib keldim,
Shu hazin ruhimni koʻtarmogʻim shart,
Ochiqsam tuzingga toʻydirgin, Poytaxt.

Soʻzim-la har nega shaʼma qilmasman,
Sendan zaru zevar taʼma qilmasman.
Men hali bu hayot nima bilmasman,
Bilganim koʻnglimda bitta butun ahd,
Umrimni ziyoga belagin, Poytaxt.

Istasang, koʻnglimni toʻkib beraman,
Hovlingga rayhonlar ekib beraman.
Surxoncha doʻppilar tikib beraman,
Sen oydek toʻlginu quyosh kabi balq,
Boshingni har nedan avaylasin Haq.

Behikmat yashamoq bizga xos emas,
Bemavrid kelganni xushlamasmu vaqt.
Men kabi pinhona, telbavor sevmas,
Va yana mehringni etolmaydi zabt.
Turnalar talpingan kabi koʻkka saf –
Bagʻringga talpindim yolgʻizim, Poytaxt!..

MUNOJOT

Yo rab, qayda xato qildim,
Ibodatda adashdimmi?
Har kimga bosh egolmadim,
Itoatda adashdimmi?

Dardlar buncha beordayin,
Firoq nafis, ozor mayin.
Yor kelganda men bormayin
Xijolatda adashdimmi?

Dil ogʻrinar, ruhim zada,
Ishq – shartlashuv, baxt bir vaʼda.
Umid soʻnar har lahzada,
Saodatda adashdimmi?

Men oʻylagan oʻylar qani,
Bir soʻzu rostgoʻylar qani?
Bolalikdan tinglaganim –
Hikoyatda adashdimmi?

Garchi armon berar firib,
Koʻzlarga yosh olgan kirib.
Yo barini bilmay turib,
Hidoyatda adashdimmi?

Yoʻl olarman oʻzim sari,
Notinch koʻngul, soʻzim sari.
Vafo bilmas dunyo zari,
Qanoatda adashdimmi?

Tangrim, qayda xato qildim,
Qalam, xatda adashdimmi?
Qalbim hamon yigʻlar sim-sim,
Muhabbatda adashdimmi?

Muhabbatdan adashdimmi?!

022

(Tashriflar: umumiy 555, bugungi 1)

Izoh qoldiring