Hech kimga suyanmay yuksalgan tog’… (Guljamol Asqarova ijodi haqida)

44Бугун  —  5  март  —  беназир шоира синглим Гулжамол Асқарованинг туғилган куни. Кутубхонамиз номидан чин юракдан қутлаб, узоқ умр ва баракали ижод тилаб қоламиз.

Гулжамол Асқарова – юрагига ўт кетган шоира. Ана шу ўт бутун оламини ёндиради ҳам, ёритади ҳам. Умуман, Гулжамол Асқарова билан 25 йиллик мулоқотим давомида амин бўлдимки, шоирни шоир қилган унинг дардидир.

ҲЕЧ КИМГА СУЯНМАЙ
ЮКСАЛГАН ТОҒ

Ситорабону Ҳошим қизи — Филология фанлари бўйича фалсафа доктори(ПҳД), Халқаро Нордик университети доценти


Онажон, мен бир кун осмон бўламан,
Сен ишон, руҳимда гуллайди боғлар.
Ахир, ҳавасимни келтирар мудом,
Ҳеч кимга суянмай юксалган тоғлар.

Гулжамол Асқарова

   Гулжамол Асқарованинг ижоди ҳақида кўп бора илмий мақола бошлаганман, аммо ҳеч бирини тугатолмаганман. Сабабини энди англагандекман. Мен шоирани бир тоғ каби олисдан кўрганман. Яқинлашиб келганим сари бу тоғнинг нақадар чўнг ва ҳайбатли эканини ҳис қилдим. Ахир тоғ остида туриб ундаги лолалар, дарахтлар ҳақида сўзлаб бўлмайди-ку. Шу сабаб бу адабий эссени ёзишда гапни тоғни олисдан кўрган вақтларимдан бошлашга қарор қилдим.

219-10 ёшларда бўлсам керак. Телевизорда Гулжамол Асқарова деган шоира қиз чиқиб шеър ўқиди, экран ёзувида “Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори” деб ёзилди. Ўша пайт болалик орзуларимнинг энг юксаги шу мукофотни олиш бўлганиданми, ёки шеъриятни яхши кўриб, бир нарсалар қоралаб юрганимданми Гулжамол Асқарова деган ном менинг ҳавас қиладиган инсонларим қаторига қўшилди.

“Рўшнолик” номли митти китобчасини топиб, бошдан оёқ ёдладим. Ёд олган шеърларимни онамга ўқиб берардим. Онам ўйланардилар: “Шу жимитдай жонига бу қадар улкан дарди бор экан,” дея…

Йиллар ўтиб, “Уйғотгувчи алла” тўпламини ҳам ўқий бошладим. Аввалги китобдаги дардлар улканлашганини ҳис қилдим. Ушбу китобнинг ўзиёқ шеъриятни қисмат деб биладиган, ҳаётининг, кўнглининг бор ёруғлик ва қоронғуликларини шеърга тўкадиган ёруғ бир дард эгаси адабиётга кириб келганини кўрсатди. Ҳақпараст, халқпараст бир шоирни айни шу китоб орқали кашф этдим:

Халқ демасман ўз халқимни ҳам,
Мени Ҳаққа олиб бормаса!

Жасур бир шоиранинг ўтли шеърияти билан танишдим ва унга мухлис бўлдим. Бу мухлислик шу қадарки, телевизорда чиқса, шеър ўқиса улгургунимча шеърларини ёзиб олиб, ёдлайдиган бўлдим. Эсимда, ойинайи жаҳонда шоира ушбу шеърини ўқиди:

Сочимдан тирноғим қадар севилдим,
Оловдан тупроғим қадар севилдим.
Бир ёруғ юз излаб дунёлар кездим,
Эй Худо, юзингдек юзни топмадим.

Ирфоний фикрлар кутилмаган ҳаётий ҳақиқатларга ўз ўрнини бўшатиб бераркан, ўқувчи бу сатрларнинг ростлигинин англайди:

Ишқни ўйин билган йигитни кўрдим,
Ишқ деб йиғламаган қизни топмадим.

Шеърнинг сўнгида муддао ойдинлашади: дўст хиёнати. Аммо ҳайратимга сабаб бўлгани дўстнинг хиёнатидан ҳам шу қадар ёруғ шеърий хулосалар олиш мумкинлиги эди:

Кеча юрагимга нурдек тўлган дўст,
Бугун қарғаларга ошно бўлган дўст.
Бағримни минг бора пайпаслаб кўрдим,
Негадир…негадир… Сизни топмадим.

Талабалик давримда шоиранинг “Эркалик имтиёзи» ва “Ошиқлар тумори» китоблари нашрдан чиқди. Шуни таъкидлашни истардимки, шоиранинг бу китоблари давр адабий дидининг ривожланишига катта ҳисса қўшган. Устозларимиз метафора, метонимия каби кўчимларга бадиий асардан мисол топиш топшириғини берганларида ушбу китоблардаги шеърларга мурожаат қилганмиз:

Она, қандай ўйин бошлаб қўйдим мен,
Қандай савдоларга бошимни бердим.
Қандай саҳроларда юргандим, она,
Қирқ йил товонимдан тиканлар тердим.

Банддаги ўйин, саҳро, тикан каби истиоралар ҳаёт, машаққат, тажриба эканлигини илмий жиҳатдан таҳлил қиларканман, бу шеърдаги баланд руҳдан завқланардим:

Ҳаёт эгиб борар мағрур бошимни,
Боқсам, юрагимда мислсиз доғлар.
Аммо ҳавасимни келтирар мудом,
Ҳеч кимга суянмай юксалган тоғлар…

Бу сатрлар муаллифнинг ҳаётий маслагини, тўғри ва одиллигини, энг муҳими, фақатгина ўзига суяна оладиган даражадаги ёлғизлигини ифодалайди. Беихтиёр кўзга ёш келади…

Юқорида Гулжамол опанинг шеърлари давр адабий дидига ижобий таъсир кўрсатганини таъкидладик. Яна бир жиҳат бор: бу шеърлар ўша даврда кўпгина севишганларнинг мадҳияси ҳам бўлган. Биз умримизнинг баҳорида опанинг шеърларини севган инсонимизга ўқиб ёки ёзиб берган авлодмиз. Биз ошкора севги изҳор қилмаганмиз, аммо “Ошиқлар тумори”ни, “Эркалик имтиёзи”ни ўқирканмиз, унинг айрим сатрларининг остига чизган, сатрлар рўпарасига ундов(!) белгисини қўйган ва бу китобни севимлиларимизга ўқишга бериб турган авлодмиз! Опанинг шеърлари орқали ўз ҳис-туйғуларимизни изҳор қилган авлодмиз. Шеър дафтаримизга опанинг шеърларидан кўчириб ёзиб, атрофига юраклар расмини чизган авлодмиз:

Қўлларингни қўлимга бер, меҳрим ўтсин,
Кўзларингни кўзимга бер, сеҳрим ўтсин.
Қаттиқроқ сев, бор борлиғим ишқдир маним,
Пойимга чўк, пойим тилло кўшкдир маним!

каби сатрларни мушоираларда айтиб, давраларни ҳам, кўнгилларни ҳам ёндирган авлодмиз. Шу сабабли курсдош дугоналаримиз ичида бир ажойиб ҳазил-у чин аралаш гап бор: “Гулжамол Асқарованинг шеърларини ўқиб бериб турмуш ўртоғимизни севдирганмиз”, деб кулиб эслашади. Адабиётнинг вазифаси инсонларни эзгуликка чорлаш, уларнинг яхши ҳаёт кечиришига, инсондек яшашига ёрдам беришдан иборатлиги назарий манбаларда кўп таъкидланади. Шоира Гулжамол Асқарованинг шеърлари шу маънода ўз ижтимоий вазифасини ҳам адо этиб келмоқда.

Жуда машҳур бир ибора бор: Аллоҳ ушалмайдиган нарсаларни хаёл қилдирмас, дейишади. Ҳақиқатан ҳам шундай экан. Мен 20 йил давомида мухлис бўлганим, шеърларини яхши кунимда ҳам, ёмон кунимда ҳам ёддан айтганим, хаёлан бир неча марта суҳбат қилган шоирам билан 2020-йил пандемия вақтида кўришдим. Энди ўша пайтдаги ҳаяжонни таърифлаб беролмайман. Самарқандга хизмат сафари билан борган Гулжамол опа уйимизга бордилар, оилам билан танишдилар. Ахир, бу менинг 20 йиллик орзуйим эди: шу шоира билан бир суҳбатлашсам деган орзу эди. Мен гул орзу қилгандим, Тангрим гулзор ҳозирлаган экан!

2024-йилда “Ватан манзумаси»  тадбири сабаб Гулжамол опа билан бирга вилоятларда бўлдик. Шу сафарлар давомида кўпгина шеърларининг туғилиш жараёнига гувоҳ бўлдим: бу ижодкор лабораторияси билан қизиқадиган мен каби адабиётшунос учун улкан мактаб бўлди, албатта.

Яна бир жиҳат. Гарчи шоира ёвқур, исёнкор шеърият соҳиби бўлса-да ҳаётда инсонлар билан муомала-муносабатда бир қадар босиқ, тушунувчан эканлигини англадим ва ўзим ҳам бу хислатни ўрганишга ҳаракат қилдим. “Ватан манзумаси»да катта-катта устоз санъаткорларга самолётга, биз каби ёшларга эса поездга чипта олинарди. Гулжамол опага “Сиз самолётга чиқинг”, десак, “Ёшлар билан бўлиш қизиқроқ”, деб ҳазиллашардилар. Эҳтимолки, рост эди бу сўзлар.

Хуллас, ўша учрашувлару суҳбатлар давомида Гулжамол Асқарованинг инсоний жиҳатлари очила борди.  “Ватан манзумаси”даги сафарлар давомида Гулжамол опани инсон сифатида ҳам кашф қилдим ва бу сафардан иккимиз ҳам жуда яқинлашган ҳолда қайтдик. Дўстлик ҳам севги каби бир ҳисдир. Севгини ҳам режалаштира олмаганингиз каби дўстликда ҳам “мен фалончи билан дўст бўламан”, деб режа қилолмас экансиз. Гулжамол опа билан муносабатимиз баайни шундай бўлди. Бир маҳаллар мен мафтун бўлган, мен мухлис бўлган қаламдан менга аталган сатрлар ҳам тўкила бошлади. Қаттиқ бетоб бўлганим сабаб хотира билан боғлиқ айрим муаммоларга учрадим. Шунда Гулжамол опам жон куйдириб, қайси шифокорга боришим, нима қилишим кераклиги ҳақида кўрсатмалар берди. Ва қуйидаги дилбар шеърини менга атади:

УНУТМАЙМИЗ
Ситорага

Қирқ йилдирки ошиқлар айтар:
“Унутмайман, Худога қасам”.
Тунлар менга шивирлайверар:
“Худо урсин, агар унутсам”.

Аммо, чархнинг иши тескари,
Унутилар шеърлар, қўшиқлар.
Унутганни Худо урганин,
Унутдилар жами ошиқлар…

Гуллар қуёш тафтин унутди,
Хотирлардан ўчди эртаклар.
Жондан ортиқ севган аёлин,
Эсига ҳам олмас эркаклар…

Аёлмиз, лек биз ҳам унутдик,
Дил қаърига кўмдик тунларни.
Ва унутиб, хунин тўлатдик,
Қадримиз ер бўлган кунларни…

Унутилди, оташин нутқлар,
Шамол эсди, тупроқлар кўчди.
Ноибларнинг пуч ваъдалари,
Минбарларнинг ёдидан ўчди.

Минг йилларки, унутилган ел,
Бир оёққа турмас қалқиниб.
Қасамини унутди хонлар,
Унутдилар шоҳлар халқини…

Дединг: “ опа, хотирим ўчди,
Эслолмаяпман, шуурим бечўғ.
Отам-онам, боламни, яна,
Опа, сизни унутганим йўқ!»

… Унутилган дунёларимни
Қуёш каби ёритди бу сўз.
Раҳмат сенга, эй оппоқ ёғду,
Раҳмат сенга, эй феруза кўз.

Унутмаймиз қиёматда ҳам,
Унутилмас меҳр – беғубор.
Хотиринг жам бўлсин, илоё,
Унутишни унутиб юбор!

Бу шеър – бетоб инсонга ёзилган кўнгил сўраш номаси аслида. Аммо шу кўнгил сўрашда ҳам қанча дард мужассам: эркак ва аёлнинг ишқ ва садоқатда ҳар доим ҳам тенг бўлавермаслиги, жамиятда ваъдаларнинг бемалол унутилаётгани фонида бир кўнгилнинг бошқа бир дил эгасини айни хотира билан боғлиқ касаллик даврида ҳам унутмагани бадиий умумлашмани ҳосил қилган. Шу сабаб бу шеър шунчаки кўнгил сўраш эмас, инсон хотирасининг азизлигини ифодаловчи сатрлар жамланмасидир.

2024-йилда шоиранинг “Таслим” китоби чиқди. “Таслим” – азалий қазо ва қадарга бўлган таслимиятнинг бадиий кўриниши. Унда таслимият остидаги исёнларни кўрамиз. “Ўзимникимас” шеъри шундай якунланади:

…шундан кейин …мен кўп чорладим,
Жим кечирдим келмаганларни.
Ва…Худога топшириб қўйдим,
Ўзимники бўлмаганларни!!!

Худога топширганларгина таслимиятда бўлади, чунки У Зотнинг адлига ишонган одам хотиржамдир. Шоира кундалик гаплардан шеър ярата олиш маҳорати билан ўзига хослигини намоён қилади. “Таслим” китобида биз шахсий ҳиссий шеърларни ҳам, ижтимоий аҳамияти катта бўлган шеърларни ҳам ўқиймиз. Шоиранинг “Шоир ва “шоир”ларга” деб номланган шеъри “Бугунги кунда шеъриятнинг вазифаси нима? Шоир ўзи ким?” деган сўровларга жавоб ўлароқ ёзилган.

Шоира ижодкор аҳлини жоннинг дояси сифатида тасвирлар экан, улуғ бир илоҳий нур уларга юққанини таъкидлайди, аммо гуруч курмаксиз эмас:

Борлиқнинг энг оригинал ва илоҳий ғояси,
Руҳдан ҳаёт қўшиғин туғдирган жон дояси,
Бировига қарасанг, тоғларга соя ташлар,
Бировига қарасанг, гугуртчўпнинг сояси…

Бу сатрларни ўқиб, Сайфи Саройининг

Жаҳон шоирлари, эй гулшани боғ,
Бири булбулдурур сўзда, бири зоғ…

деган сатрларини эслаймиз. Шеърда бандасига ёқиш учун эмас, Худога кўнгил очмоқ  учун ижод қилиш лозимлиги, шоир деган номнинг шаън-шавкати ҳозиргидан анча баланд бўлиши кераклиги, шоирларни менсимайдиган, оёқ учида кўрсатадиган жамиятнинг пайдо бўлишига ҳам асли шоирларнинг ўзи айбдор эканлиги бадиий сўз воситасида ифодаланган.

Шоиранинг шеърларини ўқиган одам бу сатрлар орасида йиғлаб юрган руҳни кўради. Меҳрманд бир руҳ. Иброҳим Ғафуров Гулжамол Асқарова ҳақида “Гулжамол – меҳрманд қиз”, деб ёзган эди. Шоиранинг шеърларидаги меҳрманд қиз образи ҳамон яшамоқда:

Мен меҳрманд, телба гўдакдек,
Кўз ёшимга ёмон тойрилдим.
Яхши эди сени топганим.
Яхши бўлди, сендан айрилдим…

дея “Уйғотувчи алла”да ёзган шоиранинг меҳрмандлик ҳақида айрим иқрорлари “Таслим”да хулосаланади:

Меҳрмандлигим шу бўлса керак,
тобора устозларим меҳрини
дўстимдан излаяпман.

Шу ўринда шоира шеъриятида шаклий изланишларга тўхталмоқ жоиз. Муаллифнинг бармоқдаги шеърларида донишмандлик, хулосалар мавжуд бўлса, сарбастда ёзилган шеърларида руҳий туғён, исён, жавобсиз саволлар борлиги сезилади:

… Ўзимча,
аллақачонлар севганларим ёдидан ўчганимни,
Энди аввалгидек севилмаслигимни,
Ҳеч қачон ҳеч кимга суяна олмаганимни,
Ва ўз тақдиримни яшамаётганимни,
Аслида тақдирим йўқ эканини,
Ёлғизлик ҳаммасидан яхшилигини,
Ҳамма-ҳаммасини яширмоқчи бўламан.
Бахтли аёллар рақсга тушолмайдилар, ишонинг!
Мени тўйингизга айтинг,
Рақсга тушиб бераман.

Бу шеърни бир севимли актрисамиз ниҳоятда ҳассослик билан ижро қилганки, ижронинг ўзиёқ инсонни титратади. Бу ижрога сабаб бўлган сўзлар, бу сўзларга сабаб бўлган дард ҳақида ўйлаб кетасан беихтиёр… Хулосадаги оғриқни кўринг: Бахтли аёллар рақсга тушолмайдилар… Шу каби руҳий пўртаналарнинг ҳадди аълоси сарбаст шеър сифатида қуйилади. Аммо бармоқда ҳам шоиранинг ички исёнлари, оғриқлари ифодаланганки, уларни ўқиб, дарднинг шакли турличалигини туйиш мумкин.

Бир умрида бир гуллашга зориққан дарахтдекман,
Баҳорини кутавериб зериккан дарахтдекман…

Дарахт образига шеъриятда кўп мурожаат қилинади, аммо зориққан дарахт, зериккан дарахт истиоралари янгилик.

Ичимда йўлбарс эмас, оҳу яшар аслида,
Азалдан менинг наслим оҳуларнинг наслидан,
Оҳуни оғулашди муҳаббатим фаслида,
Овчим кўп номард келди, бўзлаб-бўзлаб юрибман.

Йўлбарс, оҳу, овчи каби кўчимлар шеър қатидаги дард залварини янада оширган. Шеър – айтмай туриб айтиш санъати, деган эди бир олим. Юқоридаги сатрларда айтмай туриб айтиш санъатининг мисолини кўриш мумкин.

Шоиранинг шеърларини ҳар гал ўқиганимда Шодмонқул Саломнинг ушбу сатрларини еслайман:

Шоир қанотига ўт кетган қушдир,
Унга дон кўрсатманг, беринг осмонни.

То ёниб бўлгунча ёришсин олам,
Токи куйдирмасин куйган жаҳонни.

Гулжамол Асқарова – юрагига ўт кетган шоира. Ана шу ўт бутун оламини ёндиради ҳам, ёритади ҳам. Умуман, Гулжамол Асқарова билан 25 йиллик мулоқотим давомида амин бўлдимки, шоирни шоир қилган унинг дардидир. Дардидан ор қилган инсон шоир бўлолмас, дардини боласи каби бағрига босган одам тоғ каби юксалади. Ҳеч кимга суянмай юксалган тоғ бўла олади.

Bugun benazir shoira singlim Guljamol Asqarovaning tugʻilgan kuni. Kutubxonamiz nomidan chin yurakdan qutlab, uzoq umr va barakali ijod tilab qolamiz.

Guljamol Asqarova – yuragiga oʻt ketgan shoira. Ana shu oʻt butun olamini yondiradi ham, yoritadi ham. Umuman, Guljamol Asqarova bilan 25 yillik muloqotim davomida amin boʻldimki, shoirni shoir qilgan uning dardidir.

HECH KIMGA SUYANMAY
YUKSALGAN TOG‘

Sitorabonu Hoshim qizi  —  Filologiya fanlari bo‘yicha falsafa doktori(PhD),  Xalqaro Nordik universiteti dotsenti


Onajon, men bir kun osmon bo‘laman,
Sen ishon, ruhimda gullaydi bog‘lar.
Axir, havasimni keltirar mudom,
Hech kimga suyanmay yuksalgan tog‘lar.

Guljamol Asqarova

Guljamol Asqarovaning ijodi haqida koʻp bora ilmiy maqola boshlaganman, ammo hech birini tugatolmaganman. Sababini endi anglagandekman. Men shoirani bir togʻ kabi olisdan koʻrganman. Yaqinlashib kelganim sari bu togʻning naqadar choʻng va haybatli ekanini his qildim. Axir togʻ ostida turib undagi lolalar, daraxtlar haqida soʻzlab boʻlmaydi-ku. Shu sabab bu adabiy esseni yozishda gapni togʻni olisdan koʻrgan vaqtlarimdan boshlashga qaror qildim.

9-10 yoshlarda boʻlsam kerak. Televizorda Guljamol Asqarova degan shoira qiz chiqib she’r oʻqidi, ekran yozuvida “Zulfiya nomidagi Davlat mukofoti sovrindori” deb yozildi. Oʻsha payt bolalik orzularimning eng yuksagi shu mukofotni olish boʻlganidanmi, yoki she’riyatni yaxshi koʻrib, bir narsalar qoralab yurganimdanmi Guljamol Asqarova degan nom mening havas qiladigan insonlarim qatoriga qoʻshildi.

“Roʻshnolik” nomli mitti kitobchasini topib, boshdan oyoq yodladim. Yod olgan she’rlarimni onamga oʻqib berardim. Onam oʻylanardilar: “Shu jimitday joniga bu qadar ulkan dardi bor ekan,” deya…

Yillar oʻtib, “Uygʻotguvchi alla” toʻplamini ham oʻqiy boshladim. Avvalgi kitobdagi dardlar ulkanlashganini his qildim. Ushbu kitobning oʻziyoq she’riyatni qismat deb biladigan, hayotining, koʻnglining bor yorugʻlik va qorongʻuliklarini she’rga toʻkadigan yorugʻ bir dard egasi adabiyotga kirib kelganini koʻrsatdi. Haqparast, xalqparast bir shoirni ayni shu kitob orqali kashf etdim:

Xalq demasman oʻz xalqimni ham,
Meni Haqqa olib bormasa!

Jasur bir shoiraning oʻtli she’riyati bilan tanishdim va unga muxlis boʻldim. Bu muxlislik shu qadarki, televizorda chiqsa, she’r oʻqisa ulgurgunimcha she’rlarini yozib olib, yodlaydigan boʻldim. Esimda, oyinayi jahonda shoira ushbu she’rini oʻqidi:

Sochimdan tirnogʻim qadar sevildim,
Olovdan tuprogʻim qadar sevildim.
Bir yorugʻ yuz izlab dunyolar kezdim,
Ey Xudo, yuzingdek yuzni topmadim.

Irfoniy fikrlar kutilmagan hayotiy haqiqatlarga oʻz oʻrnini boʻshatib berarkan, oʻquvchi bu satrlarning rostliginin anglaydi:

Ishqni oʻyin bilgan yigitni koʻrdim,
Ishq deb yigʻlamagan qizni topmadim.

She’rning soʻngida muddao oydinlashadi: doʻst xiyonati. Ammo hayratimga sabab boʻlgani doʻstning xiyonatidan ham shu qadar yorugʻ she’riy xulosalar olish mumkinligi edi:

Kecha yuragimga nurdek toʻlgan doʻst,
Bugun qargʻalarga oshno boʻlgan doʻst.
Bagʻrimni ming bora paypaslab koʻrdim,
Negadir…negadir… Sizni topmadim.

Talabalik davrimda shoiraning “Erkalik imtiyozi» va “Oshiqlar tumori» kitoblari nashrdan chiqdi. Shuni ta’kidlashni istardimki, shoiraning bu kitoblari davr adabiy didining rivojlanishiga katta hissa qoʻshgan. Ustozlarimiz metafora, metonimiya kabi koʻchimlarga badiiy asardan misol topish topshirigʻini berganlarida ushbu kitoblardagi she’rlarga murojaat qilganmiz:

Ona, qanday oʻyin boshlab qoʻydim men,
Qanday savdolarga boshimni berdim.
Qanday sahrolarda yurgandim, ona,
Qirq yil tovonimdan tikanlar terdim.

Banddagi oʻyin, sahro, tikan kabi istioralar hayot, mashaqqat, tajriba ekanligini ilmiy jihatdan tahlil qilarkanman, bu she’rdagi baland ruhdan zavqlanardim:

Hayot egib borar magʻrur boshimni,
Boqsam, yuragimda mislsiz dogʻlar.
Ammo havasimni keltirar mudom,
Hech kimga suyanmay yuksalgan togʻlar…

Bu satrlar muallifning hayotiy maslagini, toʻgʻri va odilligini, eng muhimi, faqatgina oʻziga suyana oladigan darajadagi yolgʻizligini ifodalaydi. Beixtiyor koʻzga yosh keladi…

Yuqorida Guljamol opaning she’rlari davr adabiy didiga ijobiy ta’sir koʻrsatganini ta’kidladik. Yana bir jihat bor: bu she’rlar oʻsha davrda koʻpgina sevishganlarning madhiyasi ham boʻlgan. Biz umrimizning bahorida opaning she’rlarini sevgan insonimizga oʻqib yoki yozib bergan avlodmiz. Biz oshkora sevgi izhor qilmaganmiz, ammo “Oshiqlar tumori”ni, “Erkalik imtiyozi”ni oʻqirkanmiz, uning ayrim satrlarining ostiga chizgan, satrlar roʻparasiga undov(!) belgisini qoʻygan va bu kitobni sevimlilarimizga oʻqishga berib turgan avlodmiz! Opaning she’rlari orqali oʻz his-tuygʻularimizni izhor qilgan avlodmiz. She’r daftarimizga opaning she’rlaridan koʻchirib yozib, atrofiga yuraklar rasmini chizgan avlodmiz:

Qoʻllaringni qoʻlimga ber, mehrim oʻtsin,
Koʻzlaringni koʻzimga ber, sehrim oʻtsin.
Qattiqroq sev, bor borligʻim ishqdir manim,
Poyimga choʻk, poyim tillo koʻshkdir manim!

kabi satrlarni mushoiralarda aytib, davralarni ham, koʻngillarni ham yondirgan avlodmiz. Shu sababli kursdosh dugonalarimiz ichida bir ajoyib hazil-u chin aralash gap bor: “Guljamol Asqarovaning she’rlarini oʻqib berib turmush oʻrtogʻimizni sevdirganmiz”, deb kulib eslashadi. Adabiyotning vazifasi insonlarni ezgulikka chorlash, ularning yaxshi hayot kechirishiga, insondek yashashiga yordam berishdan iboratligi nazariy manbalarda koʻp ta’kidlanadi. Shoira Guljamol Asqarovaning she’rlari shu ma’noda oʻz ijtimoiy vazifasini ham ado etib kelmoqda.

Juda mashhur bir ibora bor: Alloh ushalmaydigan narsalarni xayol qildirmas, deyishadi. Haqiqatan ham shunday ekan. Men 20 yil davomida muxlis boʻlganim, she’rlarini yaxshi kunimda ham, yomon kunimda ham yoddan aytganim, xayolan bir necha marta suhbat qilgan shoiram bilan 2020-yil pandemiya vaqtida koʻrishdim. Endi oʻsha paytdagi hayajonni ta’riflab berolmayman. Samarqandga xizmat safari bilan borgan Guljamol opa uyimizga bordilar, oilam bilan tanishdilar. Axir, bu mening 20 yillik orzuyim edi: shu shoira bilan bir suhbatlashsam degan orzu edi. Men gul orzu qilgandim, Tangrim gulzor hozirlagan ekan!

2024-yilda “Vatan manzumasi» tadbiri sabab Guljamol opa bilan birga viloyatlarda boʻldik. Shu safarlar davomida koʻpgina she’rlarining tugʻilish jarayoniga guvoh boʻldim: bu ijodkor laboratoriyasi bilan qiziqadigan men kabi adabiyotshunos uchun ulkan maktab boʻldi, albatta.

Yana bir jihat. Garchi shoira yovqur, isyonkor she’riyat sohibi boʻlsa-da hayotda insonlar bilan muomala-munosabatda bir qadar bosiq, tushunuvchan ekanligini angladim va oʻzim ham bu xislatni oʻrganishga harakat qildim. “Vatan manzumasi»da katta-katta ustoz san’atkorlarga samolyotga, biz kabi yoshlarga esa poezdga chipta olinardi. Guljamol opaga “Siz samolyotga chiqing”, desak, “Yoshlar bilan boʻlish qiziqroq”, deb hazillashardilar. Ehtimolki, rost edi bu soʻzlar.

Xullas, oʻsha uchrashuvlaru suhbatlar davomida Guljamol Asqarovaning insoniy jihatlari ochila bordi. “Vatan manzumasi”dagi safarlar davomida Guljamol opani inson sifatida ham kashf qildim va bu safardan ikkimiz ham juda yaqinlashgan holda qaytdik. Doʻstlik ham sevgi kabi bir hisdir. Sevgini ham rejalashtira olmaganingiz kabi doʻstlikda ham “men falonchi bilan doʻst boʻlaman”, deb reja qilolmas ekansiz. Guljamol opa bilan munosabatimiz baayni shunday boʻldi. Bir mahallar men maftun boʻlgan, men muxlis boʻlgan qalamdan menga atalgan satrlar ham toʻkila boshladi. Qattiq betob boʻlganim sabab xotira bilan bogʻliq ayrim muammolarga uchradim. Shunda Guljamol opam jon kuydirib, qaysi shifokorga borishim, nima qilishim kerakligi haqida koʻrsatmalar berdi. Va quyidagi dilbar she’rini menga atadi:

Samarqandlik Sitora singlim, “opa, betob bo‘ldim, xotiram o‘chdi, manzillarimni, odamlarni unutib qo‘yyapman. Lekin…” deb yozdi.
Shu yozishmamizdan yaralgan she’r.

UNUTMAYMIZ
Sitoraga

Qirq yildirki oshiqlar aytar:
“Unutmayman, Xudoga qasam”.
Tunlar menga shivirlayverar:
“Xudo ursin, agar unutsam”.

Ammo, charxning ishi teskari,
Unutilar she’rlar, qoʻshiqlar.
Unutganni Xudo urganin,
Unutdilar jami oshiqlar…

Gullar quyosh taftin unutdi,
Xotirlardan oʻchdi ertaklar.
Jondan ortiq sevgan ayolin,
Esiga ham olmas erkaklar…

Ayolmiz, lek biz ham unutdik,
Dil qa’riga koʻmdik tunlarni.
Va unutib, xunin toʻlatdik,
Qadrimiz yer boʻlgan kunlarni…

Unutildi, otashin nutqlar,
Shamol esdi, tuproqlar koʻchdi.
Noiblarning puch va’dalari,
Minbarlarning yodidan oʻchdi.

Ming yillarki, unutilgan yel,
Bir oyoqqa turmas qalqinib.
Qasamini unutdi xonlar,
Unutdilar shohlar xalqini…

Deding: “ opa, xotirim oʻchdi,
Eslolmayapman, shuurim bechoʻgʻ.
Otam-onam, bolamni, yana,
Opa, sizni unutganim yoʻq!»

… Unutilgan dunyolarimni
Quyosh kabi yoritdi bu soʻz.
Rahmat senga, ey oppoq yogʻdu,
Rahmat senga, ey feruza koʻz.

Unutmaymiz qiyomatda ham,
Unutilmas mehr – begʻubor.
Xotiring jam boʻlsin, iloyo,
Unutishni unutib yubor!

Bu she’r – betob insonga yozilgan koʻngil soʻrash nomasi aslida. Ammo shu koʻngil soʻrashda ham qancha dard mujassam: erkak va ayolning ishq va sadoqatda har doim ham teng boʻlavermasligi, jamiyatda va’dalarning bemalol unutilayotgani fonida bir koʻngilning boshqa bir dil egasini ayni xotira bilan bogʻliq kasallik davrida ham unutmagani badiiy umumlashmani hosil qilgan. Shu sabab bu she’r shunchaki koʻngil soʻrash emas, inson xotirasining azizligini ifodalovchi satrlar jamlanmasidir.

2024-yilda shoiraning “Taslim” kitobi chiqdi. “Taslim” – azaliy qazo va qadarga boʻlgan taslimiyatning badiiy koʻrinishi. Unda taslimiyat ostidagi isyonlarni koʻramiz. “Oʻzimnikimas” she’ri shunday yakunlanadi:

…shundan keyin …men koʻp chorladim,
Jim kechirdim kelmaganlarni.
Va…Xudoga topshirib qoʻydim,
Oʻzimniki boʻlmaganlarni!!!

Xudoga topshirganlargina taslimiyatda boʻladi, chunki U Zotning adliga ishongan odam xotirjamdir. Shoira kundalik gaplardan she’r yarata olish mahorati bilan oʻziga xosligini namoyon qiladi. “Taslim” kitobida biz shaxsiy hissiy she’rlarni ham, ijtimoiy ahamiyati katta boʻlgan she’rlarni ham oʻqiymiz. Shoiraning “Shoir va “shoir”larga” deb nomlangan she’ri “Bugungi kunda she’riyatning vazifasi nima? Shoir oʻzi kim?” degan soʻrovlarga javob oʻlaroq yozilgan.

Shoira ijodkor ahlini jonning doyasi sifatida tasvirlar ekan, ulugʻ bir ilohiy nur ularga yuqqanini ta’kidlaydi, ammo guruch kurmaksiz emas:

Borliqning eng original va ilohiy gʻoyasi,
Ruhdan hayot qoʻshigʻin tugʻdirgan jon doyasi,
Biroviga qarasang, togʻlarga soya tashlar,
Biroviga qarasang, gugurtchoʻpning soyasi…

Bu satrlarni oʻqib, Sayfi Saroyining

Jahon shoirlari, ey gulshani bogʻ,
Biri bulbuldurur soʻzda, biri zogʻ…

degan satrlarini eslaymiz. She’rda bandasiga yoqish uchun emas, Xudoga koʻngil ochmoq uchun ijod qilish lozimligi, shoir degan nomning sha’n-shavkati hozirgidan ancha baland boʻlishi kerakligi, shoirlarni mensimaydigan, oyoq uchida koʻrsatadigan jamiyatning paydo boʻlishiga ham asli shoirlarning oʻzi aybdor ekanligi badiiy soʻz vositasida ifodalangan.

Shoiraning she’rlarini oʻqigan odam bu satrlar orasida yigʻlab yurgan ruhni koʻradi. Mehrmand bir ruh. Ibrohim Gʻafurov Guljamol Asqarova haqida “Guljamol – mehrmand qiz”, deb yozgan edi. Shoiraning she’rlaridagi mehrmand qiz obrazi hamon yashamoqda:

Men mehrmand, telba goʻdakdek,
Koʻz yoshimga yomon toyrildim.
Yaxshi edi seni topganim.
Yaxshi boʻldi, sendan ayrildim…

deya “Uygʻotuvchi alla”da yozgan shoiraning mehrmandlik haqida ayrim iqrorlari “Taslim”da xulosalanadi:

Mehrmandligim shu boʻlsa kerak,
tobora ustozlarim mehrini
doʻstimdan izlayapman.

Shu oʻrinda shoira she’riyatida shakliy izlanishlarga toʻxtalmoq joiz. Muallifning barmoqdagi she’rlarida donishmandlik, xulosalar mavjud boʻlsa, sarbastda yozilgan she’rlarida ruhiy tugʻyon, isyon, javobsiz savollar borligi seziladi:

… Oʻzimcha,
allaqachonlar sevganlarim yodidan oʻchganimni,
Endi avvalgidek sevilmasligimni,
Hech qachon hech kimga suyana olmaganimni,
Va oʻz taqdirimni yashamayotganimni,
Aslida taqdirim yoʻq ekanini,
Yolgʻizlik hammasidan yaxshiligini,
Hamma-hammasini yashirmoqchi boʻlaman.
Baxtli ayollar raqsga tusholmaydilar, ishoning!
Meni toʻyingizga ayting,
Raqsga tushib beraman.

Bu she’rni bir sevimli aktrisamiz nihoyatda hassoslik bilan ijro qilganki, ijroning oʻziyoq insonni titratadi. Bu ijroga sabab boʻlgan soʻzlar, bu soʻzlarga sabab boʻlgan dard haqida oʻylab ketasan beixtiyor… Xulosadagi ogʻriqni koʻring: Baxtli ayollar raqsga tusholmaydilar… Shu kabi ruhiy poʻrtanalarning haddi a’losi sarbast she’r sifatida quyiladi. Ammo barmoqda ham shoiraning ichki isyonlari, ogʻriqlari ifodalanganki, ularni oʻqib, dardning shakli turlichaligini tuyish mumkin.

Bir umrida bir gullashga zoriqqan daraxtdekman,
Bahorini kutaverib zerikkan daraxtdekman…

Daraxt obraziga she’riyatda koʻp murojaat qilinadi, ammo zoriqqan daraxt, zerikkan daraxt istioralari yangilik.

Ichimda yoʻlbars emas, ohu yashar aslida,
Azaldan mening naslim ohularning naslidan,
Ohuni ogʻulashdi muhabbatim faslida,
Ovchim koʻp nomard keldi, boʻzlab-boʻzlab yuribman.

Yoʻlbars, ohu, ovchi kabi koʻchimlar she’r qatidagi dard zalvarini yanada oshirgan. She’r – aytmay turib aytish san’ati, degan edi bir olim. Yuqoridagi satrlarda aytmay turib aytish san’atining misolini koʻrish mumkin.

Shoiraning she’rlarini har gal oʻqiganimda Shodmonqul Salomning ushbu satrlarini yeslayman:

Shoir qanotiga oʻt ketgan qushdir,
Unga don koʻrsatmang, bering osmonni.
To yonib boʻlguncha yorishsin olam,
Toki kuydirmasin kuygan jahonni.

Guljamol Asqarova – yuragiga oʻt ketgan shoira. Ana shu oʻt butun olamini yondiradi ham, yoritadi ham. Umuman, Guljamol Asqarova bilan 25 yillik muloqotim davomida amin boʻldimki, shoirni shoir qilgan uning dardidir. Dardidan or qilgan inson shoir boʻlolmas, dardini bolasi kabi bagʻriga bosgan odam togʻ kabi yuksaladi. Hech kimga suyanmay yuksalgan togʻ boʻla oladi.

52

(Tashriflar: umumiy 11, bugungi 19)

Izoh qoldiring