Shomirza Turdimov. Mezonlar mezoni.

022

Шомирза Турдимов 1957 йил 13 декабрда Самарқанд вилояти Қўшработ туманидаги Қўштамғали қишлоғида туғилган. 1979 йили Тошкент давлат университетининг филология факултетини тамомлаган. Ҳозирда Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтининг фолклор бўлимида ишлайди. Филология фанлари доктори.
2007 йили “Йўл бўлсин” филми сценарийси учун Ўзбекистон Давлат мукофотини олган.»Гўрўғли достони генезиси ва тадрижий босқичлари» (2011) китоби нашр этилган. «Этнос ва этос» китоби чиқиш арафасида.
Фольклорга оид 200 яқин илмий мақолалари Ўзбекистон ва чет-эл илмий нашрларида чоп этилган.

112
Узоқ ЖЎРАҚУЛОВ
МЕЗОНЛАР МЕЗОНИ
011

Ҳар бир миллат ҳаётининг тун ва куни, инқироз ва уйғониш паллалари бўлади. Ҳудуди фақат яратгангагина маълум бўлган бу жараён жамият наздида турли белги-ишоратлар, рамз-тимсоллар шаклида зуҳур этади. Буни эврилиш жараёни, тақдир қонунияти ёхуд мезон дейишади. Шомирза Турдимов ижод этган “Мезон” асари мана шундай улкан жараёнлар – МЕЗОНЛАР МЕЗОНИ ҳақида…

Жаҳон адабиётини узлуксизлик ва мунтазамликда кузатганлар яхши билишадики, борлиқ ва инсон руҳиятидаги ўзгаришлар энг аввал сўзда акс садо беради. Яъни бунда карвонбоши вазифасини асл сўз бажаради. У маълум макон ва замон майдонида илоҳий шаклу шамойил касб этгач, бир муносиб кимсани, сабр косаси лиммо-лим тўлган ижодкор бир кимсани танлайди. Унинг руҳияти, онг-шуурини буткул эгаллайди. Уни ҳақиқий Мажнунга айлантиради. Шу тариқа сўз воқеликка – бадиий асарга айланади…

Гарчи, эндиликда бу сўз ўзининг асл сеҳру тароватини, рангу тусини бир қадар йўқотган бўлса-да, улкан илоҳий воқеликдан бир улги, бир ишорат ўлароқ ўз ҳаётини бошлайди. Асл сўзни эндиликда жамият, миллат ва бадиият мезонлари билан ўлчай бошлайдилар. МЕЗОНда айтилганидек, эндиликда мезонлар ўзгаради, талқин талқинга халал беради, талқин талқинни бузади. Аммо на чора…

Журнал таҳририяти нашр этишга жазм қилган “Мезон” асарини ўқиган дастлабки ўқувчи машҳур “Лайли ва Мажнун” афсонасини эслайди. Сўнгра Хусрав Деҳлавий, Низомий Ганжавий, Абдураҳмон Жомий, Фузулий ва Алишер Навоийни ёдга олади. Тарихий фактларга кўра, шарқ дунёсида “Лайли ва Мажнун” афсонасига мурожаат қилмаган давр ва ижодкор шахснинг ўзи кам. Афсона ва ривоятларни истисно этганда ҳам, бу мавзуда ёзма адабиёт тарихида юз ўттизга яқин асар битилган. Жараён бугунга қадар шиддат-ла давом этмоқда ва унинг интиҳосию сабаби бизга маълум эмас.

Умумий қарашда Шомирза Турдимов “Мезон” дея номлаган асар марказида ҳам шу афсона туради. “Мезон”нинг дунёга келишини адабий-тарихий жараён қолипларига соладиган бўлсак, ажабтовур қонуниятни, яъни соф адабий мезонни англагандек бўламиз. Воқеан,адабий жараёндаги қолиплар ўрнини нисбий эркинлик олган барча даврларда мана шунга ўхшаш асарлар дунёга келганига, мезонлар синиб, шу синиқлар негизида янги мезонлар пайдо бўлганига тарих гувоҳ. Тарихан миллий адабиётимизда ҳам, жаҳон адабиётида ҳам сўз санъатидаги эврилишлар уч омил негизида рўй берган – фольклор, мумтоз ёзма адабиёт ва замонавий дунё адабиёти туташган нуқтада янги адабий воқелик юз кўрсатган.

“Мезон”да шарқ фольклорида мавжуд “Лайли ва Мажнун” афсонасини ҳам, машҳур “Хамса” достонлари гултожи “Лайли ва Мажнун”ни ҳам, борлиқ ва инсониятнинг азалу абад муаммоларини ҳам, қолаверса, бугунги замон нафасини ҳам туйиш мумкин. Ҳазрат Навоий талқин этганидек:

Лекин чу рақамға келди мазмун,
Афсона анга либоси мавзун…

Зотан, бу афсона замонлар ва одамлар ҳақидаги улкан тарихни ўзида ифодаловчи улкан рамз – энг катта мезондир.
Замондошимиз Шомирза Турдимов адабиёт ва ҳикмат денгизидан олган улгилари, билим ва тажрибаси, аллоҳ берган қалби, истеъдоди боис шундай катта мавзуга қўл урган экан, буни шубҳасиз қувончли ҳодиса, миллий адабиётимиздаги бир янгилик ўлароқ қабул қилмоқ инсофдандир.
Ўқувчи учун у қадар аҳамияти бўлмаса ҳам, адабиётшунос олимларимизни “Мезон” қандай жанрга мансуб деган масала қизиқтирмай қолмайди. Қолаверса, адабиёт назарияси ва адабий жараён мезони деган гаплар бор.
Табиатан ўта камтарин бўлган муаллиф эътирозларидан кўз юмиб айтишни хоҳлардимки, “Мезон”да роман ҳам, қисса ва ҳикоя ҳам, драма ва шеър ҳам бор. У асло маллиф камсуқумлик ила белгилаб қўйган киносценарийнинг ўзигина эмас. Мезон бевосита катта адабиётга дахлдор асар. Катта (ёки янги) адабиётга эса ҳар доим синкретиклик (турли жанрлар қоришиқлиги) хос бўлади. Шу билан бирга, бадиий асар структурасидаги бундай хос ўзгаришлар миллий эстетиканинг янги сифат эврилишига ўтаётганидан далолат беради.
“Мезон”нинг нашр этилиши ва ўқувчилар томонидан мутолаа қилиниши яхши гап. Агар асар ўзининг кинодаги асл эгаларини топиб, бадиий фильм сифатида намоён бўлса, янада яхши бўларди. Истагимиз шуки, “Мезон”нинг бахти очилсин.

013

Шомирза ТУРДИМОВ
МЕЗОН
Киноқисса

ЎНГСЎЗ

Эркин инсон, руҳий эркинлик деган тушунчаларнинг ўлчови, мезони ўта нозик. Қилдай оғиш эркни эрксизликка айлантиради. Дунё ҳакимлари, алломаю ижод аҳли бу тушунчанинг тимсолини турли қиёс, образлардан излайди.
Шарқда МАЖНУН шундай тимсол.
МАЖНУНнинг асл исми ҚАЙС.
Араб тилида ҚАЙС – улгу, мезон, тарози дегани. МАЖНУН ҚАЙСнинг сифати эди, ўзига эврилди. МАЖНУНнинг ЛАЙЛИга бўлган муҳаббати, севгисидан сўзловчи ҳикоят, нақл, достонлар мағзида эркин инсон ҳақидаги тушунчалар ўз изоҳини топади.
МАЖНУН сўзининг яна бир маъноси девона, дали демак. Сўфийлар: “Девоналик – озодлик, эркинликдир”, – дейишади. Омма ўз мезонига сиғмаганни девона атайди. Кўпчиликнинг ҳукми озчиликни таҳқирлайди. Омма ҳаммани измида тутишни хоҳлайди. Изнинг издан чиқишидан чўчийди.
Тазйиқлар шундан.
Аслида ҳар бир одамнинг кўнгил тубида бир МАЖНУН яшайди. Омма ана шу МАЖНУНларнинг эркин бўлишидан қўрқади. Омма МАЖНУНни таҳқирлаш эвазига ўз эрксизлигини яширади. МАЖНУНИнинг ниҳонлигидан, МАЖНУНнинг “олабўжи”лигидан ҳузурланади.
Эрк, озодлик юкини ҳамма бирдек кўтара олмайди. Омманинг МАЖНУНга яқин кела олмаслигининг бош сабаби ушбу нуқтада ойдинлашади. Шу жойдан омма ўлчовлари кучга киради.
МАЖНУНнинг ўлчовини эса МАЖНУНларгина англайди…

ҚАЙС – ЎЛЧОВ, МЕЗОН

Даҳраро тўймоқ ва ўлмоқдир басе,
Сиррини англаб етолмас бир касе.

Шайх Фаридиддин Аттор

Дарёнинг ёйилиб, сокин оқаётган жойи.
Қирғоқдаги азим дарахтнинг қуюқ сояси сувда аксланади.
Сув томон чўзилган улкан бир шохага ёғочдан ясалган каттакон тарози осилган. Тарозининг паллалари қамиш саватдан қилингани эътиборни тортади.
Озғин, соч-соқоли олинган йигит тиззасигача сув кечиб, қўлидаги сопол идиш (коса ҳамда кўзани ёдга солувчи)ни сувга ботириб, басма- басига тарозининг бир палласига қуяди. У сувни тўкиши баробарида тарозининг иккинчи палласига тепадан нимадир (тош, барг…) келиб тушади. Паллага қуйилган сув саватдан сизиб пастга оқади. Нарсалар тушаётган палла эса тобора оғирлашиб қуйига оғади.
Йигит жону жаҳонини унутиб сув қуяди, нарсалар эса тушаверади…
Ҳориб чарчаган йигит беҳол тарози палласига таянади.
У гавдасини паллага ташлайди…
Паллалар тенглашади… гоҳ паст, гоҳ баланд бўлиб чайқалади…

АЙРИЛИҚ

Тингла, найким не ҳикоят айлагай,
Айролиқлардан шикоят айлагай.

Жалолиддин Румий

Қуёш нурлари сув сиртида синиб мавжланади.
Қирғоқдаги қуюқ қамишзор сокин чайқалади. Қамишлар кўкка нола қилаётганга ўхшайди. Қамишлар шитирлашига най овози уланади.
Эҳромга ўхшаш чўққи пойида соч-соқоллари ўсиқ кекса дарвеш най чаляпти. Унинг юмуқ кўзлари, сокин тебранаётган гавдаси сархуш одамни ёдга солади. Най энди кесиб олинган кўм-кўк қамишдан ясалган, ҳатто қамишнинг қуйи қисмидаги бир неча барги шилиб олинмаган. Найнинг одатдаги ўлчамидан бирмунча узунлиги кўрар кўзга аниқ билинади. Дарвешнинг олдида сиртдан чилимни эслатувчи хийла катта сопол кўза турибди. Ўнг ёнбошида эса узун асо ётибди… Кўзанинг оғзидан енгил кўкиш тутун чўлғаниб кўкка ўрлайди. Куй авж нуқтасига етади ва дарвешни бешта дарвеш қуршаб олади. Қолган дарвешлар ҳам куй оҳангига мос тебранишади. Уларнинг ҳам ўнг ёнбошида асолари ерга узала ташлаб қўйилган.
Куй чалаётган дарвеш найни ўртада турган чилим-кўза бўйнидаги тешикка суқиб, ерда ётган асосини олиб кўзанинг ёнига хиёл қиялатиб ўринлатади. Чордана ўтирган ҳолатида чилим томон энгашиб чилимдан тортади. Сўнгра чилимни ўнг қўл томонда ўтирган шериги томонга буриб қаддини ростлаганича муқорабага кетади.
Дарвешлар асоларини чилим атрофига ҳар томондан қўйиб,навбат билан чилим тортишиб муқорабага киришади.
Чилим атрофига қўйилган асолар олти бурчак шаклини олади.
Дарё кенг ёйилиб оқувчи ўзан.
Шу ердан йўл ўтади. Лекин кўприк бузилган. Икки қирғоқда эски кўприкнинг қолдиқлари кўзга ташланади. Узоқдан дарё томон келаётган отлиқ кўринади. У от жиловини тортиб, қарама-қарши тарафга оёқларини узангига тираганича қад ростлаб қарайди. Рўпарадан келаётган суворийни кўради. Суворий ҳам отини тўхтатиб, узангига оёқ тираб, қад ростлаб, бу тарафга келаётган кишига тикилади. Отлиқлар ўз йўлларида юришда давом этади.
Шаршара салобат билан қуйилмоқда. Шаршарадан усти-боши ҳўл ҳолда чиққан дарвеш, қирғоқда, олдига оппоқ рўмол ёйиб соч- соқолини олаётган иккинчи дарвеш ёнига оҳиста ўтиради. У ҳам соч-соқолини қирқиб рўмолга сола бошлайди. Шаршара ичидан бошқа дарвешлар ҳам бирин-кетин чиқиб келишади. Улар ҳам шерикларига қўшилади.
Оппоқ рўмолни бир уюм соч-соқол тўлдириб турибди. Бир қўл келиб, рўмолни тугади.
Олти дарвеш давра қурганича бошларини қуйи солиб ибодат қилишмоқда, ўрталиқда оппоқ тугун. Дарвешлар бутун қувватини оппоқ тугунга йўналтиришаётгани уларнинг юз, қўл ишораларидан аниқ сезилади. Дарвешлар бирдан кўзларини очадилар. Тоғ томонда ўтирган дарвеш ўрнидан туриб, тугунни олади. У шаршара тубига бориб тугунни дарёга ташлайди. Шарқираб, кўпириб оқаётган сув елкасида тугун олмадай қалқиб оқа бошлайди. Тугун асов дарё измига ўтади.
Кенг ёйилиб оқаётган ўзаннинг икки қирғоғида икки от сув ичмоқда.
Суворийлар бир-бирини кўриб кўрмасликка олишади; дарё тўлқинида гоҳ кўриниб, гоҳ кўринмай келаётган оқ нарсани илғашади. Оқ нарса сув юзасида пайдо бўлган вақтда ўзидан ярқироқ нур таратади. Бу ҳолат диққатни олади ва суворийлар қизиқиш билан тикиладилар. Сув Оқ нарсани сув тубига тортиб, икки харсангтош орасидан олиб ўтади. Бу гал тугун сув юзасига ярми қизил, ярми оқ каттакон олма бўлиб сапчиб чиқади. Қирғоқдаги икки отлиқ бу сирли ҳолатдан сеҳрлангандай тек қоладилар.
Асов тўлқинлар олмани гир айлантириб суворийлар томон олиб кела бошлайди. Ҳар иккисида ҳам олмага эга бўлиш иштиёқи туғилади. Улар худди баҳслашган рақиблардек отларини ниқтаб, сув кечишади. Сув узангигача чиқади. Орадаги масофа тобора қисқаради. Шу пайт шиддат билан оқаётган сув олмани ўзан ўртасида тиғдек чиқиб турган тошга олиб келиб уради. Каттакон олма худди атайлаб кесилгандек икки оқ-қизил паллага ажралади. Сув паллаларни икки суворий томон оқизиб келади. Паллалар отлиқлар олдига етиб, тўхтаб гир айланади. Отлиқлар бу бир тақдир ишораси эканлигини англаб, ҳар бири ўз тегишлисини олиб, шеригининг бор йўқлигини билмагандек от жиловини орқага тортиб, келган йўлига қараб кета бошлайди.

Шаршара ёнида асолари ерга қадалган олти дарвеш турибди. Улар ўрнашган ер, орадаги масофа, тепадан – эҳром шаклидаги чўққидан қаралса, сирли олти бурч-ли шаклда эканлиги маълум бўлади. Дарвешлар бошларини қуйи солганича тин олиб турадилар ва бирдан асоларини қадалган жойида қолдириб турли томонга йўл олишади.

КЎЗА БОЗОРИДА

Бу дунё дегани қизиқли бозор.
Халқ қўшиғи

Эҳром шаклидаги чўққи пойига олти дарвеш қадаб кетган олти асо дарахтга эврилиб, барг чиқариб яшнаб турибди.
Қуйида икки томондан олма бўлакларини олган икки отлиқ биттадан кўзани опичлаб олганича дарахтларга яқинлашиб келмоқда. Кўзалардан бирининг оғзи оқ белбоғ, иккинчиси қизил дуррача билан боғланган. Суворийлар билан бирга икки чақалоқнинг аччиқ йиғиси ҳам яқинлашади. Суворийлар безовталанади. Кўзани у қўлидан бу қўлига олади, худди болани овутгандай ҳаракат қилишади. Лекин чақалоқларнинг овози тинмайди. Суворийлар отдан тушиб асо- дарахтлар ёнига яқинлашадилар. Йиғи овозига ғижжакнинг ноласи уланиб, куй аста-аста йиғини босиб кетади. Суворийлар кўзаларни дарахтлар орасига қўйиб, тиз чўкиб, бошларини қуйи солишади. Куй авж пардага ўтади. Кўзалар атрофини ёғдули оппоқ кумушранг тутун чулғайди. Кўзалар кумуш ёғду ичида кўздан бир зум йитади.
Суворийлар саждадан бош кўтариб, кўзаларини олиб изига қайтишади. Отлиқлар иккига ажралиб, хийла узоқлашгач, куйга чақалоқларнинг йиғиси уланади. Ажралиш масофаси ортгани сари йиғи тобора кучайиб, куй бутунлай тинади.

АЛИФ, ЛОМ, МИМ

Руҳий эркинлик жунун бадалига берилади.

Нақшинкор икки тавақали катта ёғоч эшик оҳиста очилади.
Ичкарида уламо кўринишли, узун соқолли киши ва озғиндан келган, кўзлари болаларча беғубор йигит юзма-юз ўтиришибди. Ўртадаги каттакон лавҳда хатчўп билан ажратилган китоб турибди. Китобнинг ўнг саҳифасига арабий алифбонинг куфий шакли катта- катта қилиб битилган: АЛИФ, БЕ, ТЕ, СЕ, ЖИМ … ЛОМ, МИМ … Чап саҳифадаги сидирға матн дона-дона ёзилган.
Устоз китобга фаромуш тикилиб ўтирган шогирдининг диққатини тортиш учун қироат билан буйруқ оҳангда сабоқни бошлади:
– Алиф!
Шогирднинг кўз ўнгида устознинг хаёлига ҳам келмаган ғаройиб ҳодисалар рўй бера бошлади. Китоб саҳифалари ўзидан ажиб бир кумушранг ёғду таратиб, нур ичидан мовий АЛИФ ҳарфи ажралиб балқиди. Шогирд саҳифа сатҳида товланаётган АЛИФ маромига мос тебраниб такрорлайди:
– Алиф!
Устоз:
– Бе!
Китобнинг нурли саҳифасида балқиётган АЛИФ ёнига мовий ЛОМ ҳарфи сузиб чиқади. Шогирднинг чеҳраси ёришиб, лаб, кўзларида ним табассум пайдо бўлиб, ўқийди:
– Лом!
Устоз шогирдининг жавобидан ажабланади, айтган ҳарфини такрорлайди:
– Бе, Бе!!!
Шогирд кўз узмай тикилаётган саҳифадаги АЛИФ ва ЛОМ ёнига алвон рангли МИМ ҳарфи қўшилади. У ўз-ўзига сўзлаётгандай айтади:
– Мим!
Устознинг жаҳли чиқади. Овозлари титраб, бақириб сабоқни такрорлайди:
– Бе! Бе! Бе!
Шогирддан садо чиқмайди. У китобга худди кўзгуга қарагандай ҳайрат билан тикилади, юз, кўзида тобора ортаётган ҳаяжони акс этади. Устоз бу ноўрин ҳолатдан ажабланади.
Шогирд китобга тикилар экан, ундан АЛИФнинг енгил кўтарилиб, қирғоғи қизғиш кўк қанотини ёйиб учаётган қушга эврилганини кузатар экан, бутун тану жони шу қушга боғлангандек, нигоҳи момиқдек саҳифадан ҳаволанаётган қушда қотганича оҳиста қад ростлайди. Китоб саҳифасидан АЛИФ қушнинг кумушга қорилган зарғалдоқранг шокила-шокила думи узилиб узилмай изидан ЛОМ қуш қанот чиқариб, думи шокила ёяди. Сўнг узун бўйин, тожли бош китобнинг нурли саҳифасидан ажралиб АЛИФ қуш ортидан юқорига парвоз этади. Шогирд қушлар парвозига монанд оёққа туради. АЛИФ, ЛОМ қушлар шогирд боши узра айланиб учади. Парвоз сафига қизғиш МИМ ҳам қушга эврилиб қўшилади. АЛИФ, ЛОМ, МИМ қушлар шогирд тегарасини айланар экан, бир тур қуш сувратига киришади. Устоз шогирдининг ўз-ўзидан қад ростлаб, шифтга аланглаб бир жойда айланиб қолганлигидан бутунлай лол қолади. Устознинг ҳайратини орттирган нарса шогирдининг бир қанча шериклари билан басма-басига рақс тушаётган раққосдек, хона бўйлаб гир айланаётгани, қўлларини ёйиб қуш бўлиб учаётгани, гоҳо тўхтаб, нигоҳи билан ниманидир кўкка кузатиб яна ён-атрофидан нимадир топиб, тушунарсиз ҳаракатлар қилаётгани эди. Чунки устоз шогирдига аён бўлаётган сир-синоатни кўрмасди, ҳатто сезмасди.
Устоз оёққа қалқиб: “Бу жинни, бу жинни!!!” дея тисланиб, хонадан ташқарига қочиб чиқади. Хонада шогирднинг ўзи қолади.
Чиндан йигитнинг қувончдан чақнаган кўзлари ва кўринаётган воқелик ҳайратга молик эди.
Қия очилган эшик ортидан ичкарига қараб турган киши (йигитнинг отаси) ва устоз хона ўртасида рақсга тушаётган йигитни зимдан кузатишади. Кишининг сабри тугайди. Ичкарига шиддат билан киради. Хонада шовқин-сурон бошланади. Эшик олдида воқеани кузатиб турган устоз ўзини беихтиёр четга олади, хиёл энгашиб яна яқин келади. Унинг эшитилаётган шовқинга уйғун хатти- ҳаракатлари, қўл булғаб, бошини сарак-сарак этиб, гоҳ олдин, гоҳо орқага кетиши бароборида хона ичида кечаётган олишувни тасаввур этса бўлади. Бирдан овозлар тинади. Устоз ичкарига киради. Эшик ёпилади.

СУВ

Сувратдан сийрат келади.

Коса тутган хизматкор эшикка яқин бориб, хиёл энгашганча қулоғини эшикка босади. Унинг бу ҳаракатидан хона ичкарисида нима бўлаётганини овоздан аниқламоқчи эканлиги сезилади. Ичкаридан ҳеч бир садо чиқмайди. Хизматкор эшикни оҳиста очиб хонага мўралайди. Хона бурчагида мук тушиб, косадаги сувга термилиб ўтирган йигитни кўради. Йигит – Қайс унга эътибор қилмайди. Хизматкор эшикни оҳиста ёпади.
Йигит косани авайлаб ерга қўйиб, меҳр билан тикилади.
Косага сўзлайди:
– Лайли, Лайли!
Коса ўзидан нур таратади, тиниқлашиб, сувда чиройли қизнинг жонли тасвири намоён бўлади.
Йигит ҳаяжон билан хитоб қилади:
– Лайли!
Косадаги қиз ёнида йигит ҳам пайдо бўлади. Қиз йигитга ярим палла олма узатади. Йигит олмани олар экан, қўйнидан яна битта ярим палла олма чиқариб, икки паллани бир-бирига туташтиради, ҳовучида бир бутун олма пайдо бўлади.
Эшик шарақлаб очилади. Йигит аввалги ҳолатда ўтирибди.
Ичкарига ота ва хизматкор жаҳд билан киради.
Ота бурчакда косага тикилиб ўтирган йигитни кўрсатиб буюради:
– Ол косани, итга бер!
Хизматкор косани олмоқчи бўлиб интилади. Йигит косани бермайди. Ота жаҳд билан косани тортиб олиб, сўкинганича ташқарига йўналади.
– Итнинг боласи!
Йигит отанинг изидан эргашади. Ота косани эшик яқинида узала тушиб ётган ит томон итқитади. Ит косани ялай бошлайди. Йигит дунёси ютилаётгандай ўзини ит томон отади. Ота ит томон интилган ўғилни тутиб ортга силтаб ташлайди.
Теваракда ўйнаётган болалар текин томошага тўпланишади.
Ерга йиқилган йигит имраниб қўлларини ит томон чўзади:
– Лайли, Лайли…
Ота ғазаб билан нари кетади. Йигит эмгаклаб ит олдига боради. Ит ялаб тозалаб қўйган косани юз-кўзига суриб ингранади. Ит емак илинжида унга яқин келади. Йигит итни бағрига босиб, кўзларини юмганча тебраниб ўз-ўзига сўзлайди:
– Лайли! Лайли!
Текин томоша кўриб турган болалар кулишади. Улар итни опичиб турган Қайснинг атрофини айланиб, ирғишлаб, оламни бошларига кўтаришади.
Хизматкор катта таёқ билан болаларни қувлайди. Хизматкордан ҳайиқиб қочаётган болалар Қайсга масхараомуз қилиқлар қилиб, бир- бирига: “Вов-вов, Лайли!”, “Вов-вов, Лайли!”, деб узоқлашадилар.

ТОМОША

Қайс улки Арабда бебадалдур,
Ҳар фазлда эл аро масалдур…

Алишер Навоий

Кўчада болалар бир итни боғлаб, олдига синиқ идишда сув бериб,ҳар томондан турткилашяпти.
Болалар:
– Мажнун! Ич, ич!
Бошқа бола сув идишни итнинг олдидан тортиб олади:
– Лайли-ку! Ичма, Лайли!
Ит бўшалиб кетишга интилиб юлқинади, ип бўйнини баттар сиқади. Болалар итнинг чиранишидан завқланиб, уни ортиқ қийноққа солишади.
Бирдан ит ипни узиб, даврадан ситилиб чиқиб қочади. Болалар шовқин солиб итнинг изидан тошлар отиб қувлашади.
Ит катта девор тагидаги туйнукдан ўтиб, кўздан ғойиб бўлади.

Болалар девор ошиб туйнук олдида букланиб, тиззасига бошини қўйганича, ўй-хаёлларига ғарқ ўтирган Қайсни кўриб, унинг атрофида айланиб, “Мажнун”, “Мажнун”, “Мажнун”, дея қичқиришади.
Қайс безовталаниб, тобора ғужанак бўлиб олади. “Мажнун”, “Мажнун”, “Мажнун” дея бақиришлар “Лайли, Лайли, Лайли” бўлиб акс-садо беради. У бирдан “Лайли, Лайли, Лайли” дея ҳайқириб, ўрнидан сапчиб туради. Қўлларини озод кўтариб “Лайли, Лайли, Лайли” дея сакрайди. Бу кескин ҳаракатни кутмаган болалар қўрқиб ҳар томонга тумтарақай қочишади. Қайс темиртак топган қулдай “Лайли, Лайли, Лайли” деб, хурсанд ҳолда қўлларини қанотдек ёзиб гир айланади…

ЧЕГАРАНИНГ БУЗИЛИШИ

Қадам ташланади, ўлчанмайди, Ўлчаганлар қотилдир.

Ланг очиқ турган икки тавақали эшикдан ичкарига мўралаган хизматкор шошилинч изига қайтиб тўнғиллайди:
– Яна қочибди! Қочибди!!!
Қарама-қарши уйдан ғазабнок ота чиқиб келади.
– Одамларни йиғ! Топинг! Занжирбанд қилиб ташланг!
Одамлар тўпланиб ҳар томонга тарқалишади.

Дарё бўйи. Эски кўприк бузилган жой.
Мажнун қирғоқ ёқасида қарама-қарши томонга тикилиб турибди.
Нариги қирғоқда қўй боқиб юрган чўпон Мажнуннинг хатти-ҳаракатларини зимдан кузатади.
Чўпон Мажнуннинг дарёга тушиб, бу томон ўтишга чоғланганини кўриб, қўл булғаб қичқиради:
– Қайт! Ҳозироқ қайт!
Чўпон Мажнуннинг сув оралаб бехавотир, худди пахта устида бораётгандай, оёғи сувга ботиб-ботмай ўтиб келаётганини кўриб, бир зум лол қолади. Сўнг қўлидаги таёғини ташлаб, ортидан ит қувлаётгандай йўл бўйлаб чопиб кетади.

ОЛОВ

Иброҳим с.а.в. оловнинг ичига кирди.
Олов гулзорга айланди.
Бу сир ўзгалардан пинҳон қолди.

Мажнун дарёдан ўтиб атрофни зимдан кузатади. Ботаётган қуёшга узоқ тикилиб қолади. Қуёш икки ўркачли қир ортига чўкади.
Мажнун излаётгани қуёш билан кетгандек икки ўркачли қирни мўлжаллаб юради.

Икки ўркачли қир ортидаги сайҳон жой. Жулдур кийинган ушоққина чол елкасига ортмоқлаган бир боғ қамишни тоғдек тўпланган ўтинлар уюмига олиб келиб қўшади. Уюлган ўтинни кўрганлар, бу одам бир умр шу иш билан банд бўлганми, деб ўйлаши аниқ.
Чол қонталаш шафаққа тикилиб бир зум тин олади. Кўнглидан шу ўй кечади:
Хору хошокингни йиғдим бутпараст, Қақнусдек ўтга солдим ўтпараст. Хору бутинг, бору будинг совурдим, Ўтпарастига ҳавасдур, шул ҳавас.

Қақнусдай ўтин йиғдим, энди куйлаб ёниш навбати етганга ўхшайди, эй аллоҳим, кулимдан не чиқар экан?

Лайлининг ҳовлиси.
Дарвоза олдига одамлар йиғилган.
Чўпон ҳаяжонланиб сўзлайди:
– Сувдан юриб ўтди, жодугар экан, келяпти, бу ерга келяпти.

Лайлининг отаси тўпланганларга буюради:
– Топиб ушланг! Келган жойига ҳайданг!
Одамлар дарё томон чопиб кетишади.

Мажнун икки ўркачли қирдан ошиб тўхтайди. Чол уйган катта- кичик ўтинлар кўзига айқаш-уйқаш қаланган одам – тулуплар бўлиб кўринади.
Чол Мажнунга бир бор кўз қирини ташлаб, четроқда турган қуруқ қамиш боғларини олиб, ўтин уюмининг қирғоқларига зичлаб қўяди. Қўйнидан чақмоқ тош чиқариб қамишга ўт ёқади. Қуруқ қамиш ловуллаб аланга олади. Олов аста-аста ўтинларга чирмашади. Чол бир чеккада турган тўрвасидан сурнай чиқариб, оҳиста ўтиради. Кўзларини юмиб куй чалишга тутинади.
Аввалига гулхандан қуюқ қора тутун кўкка ўрлайди. Гўё гулханни қора шарпалар тарк этаётгандек. Сўнг олов ёли алвон, мовий ва тилла ранг тусланади.

Мажнун йўқотган қуёшининг тафтини ловуллаб ёнаётган гулхандан топгандай олов атрофида қувнаб айланмоқда. Оловнинг ҳар бир ёлидан Лайлининг жамоли жилваланиб уни ўзига бутунлай ром айлайди.
Мажнун олов – Лайли билан телбаларча рақсга тушади.

Қуёш найза бўйи кўтарилган.
Кеча ёнган гулхан ўрнида қизил, оқ, сариқ гуллардан чиқаётган қуёш тимсолини ифодаловчи улкан нақш турибди. Ушбу гулбезак ўртасида Мажнун ухлаб ётибди.

Лайли хонадонининг хизматкорлари икки ўркачли қирнинг тепасига чиқиб тўхташади.
Хизматкорлар билан келган чўпон гуллар орасида ётган Мажнунни кўриб ҳайрат билан тикилади.
Чўпон (шерикларига):
– Қаранг У! У! Гулларни қаранг!
Шериклар ажабланишади. Улар қуйида – кенг сайҳонликда доира шаклидаги каттагина куйган ер ва қалин кул ўртасида узала тушиб ётган Мажнуннигина кўришади. Гулзор улардан пинҳон қолади.
Келганлардан бири:
– Гулми? Кул-ку!
Бошқаси:
– Жим! Қочиб кетмасин!
Чўпон кўзларини очиб юмади. Кўз ўнгида манзара ўзгаради, у ҳам гулзор ўрнида кулни кўради, хижолат бўлади.
Шерикларидан бири (чўпонга):
– Сенга жин тегибди, кулни гул дейсан. Сув устида одам юрди дейсан. Ўзингни ўқитиб ол!
Чўпон қизаради, бир сўз демайди.
Арқон, таёқлар билан қуролланган кишилар сайҳонликка тушиб,кул теграсини ўраб олишади. Улардан бири оҳиста кулни оралайди.
Гулханнинг устигина бир энлик кул билан қопланган, ости эса қип-қизил чўғ эди. Кишининг оёғи куйиб, додлаб чопиб чиқади.
Келганлар таёқлари билан кулни титиб, ҳамма жой чўғ эканлигига амин бў-лишади. Мажнуннинг чўғ устида бемалол, ҳеч нарсани сезмай ухлаб ётганига ҳай-рат-лари ортади.
Келганларнинг бошлиғи:
– Тирикми ўзи? Уйғотинглар!
Ҳар томондан шовқин янграйди.
Мажнун қад ростлайди. Қуёшга қарайди. Одамларга эътибор қилмайди. Чўғ кечиб, кул доирасидан ташқари чиқади. Чўғдан чиқишини кутиб турган кишилар ҳар томондан ташланиб, оёқ-қўлини танғиб боғлашади ва дарё томон судраклаб кетишади.

Мажнун хонадонининг хизматкорлари дарё қирғоғида туришибди. Қарама-қарши томонда Мажнунни судраб келаётган кишилар кўринади.
Хизматкорлар орасида турган суворий отини қамчилаб дарёга тушади. Сув узангисидан ошиб кўмай деганда от нариги қирғоқ томон суза бошлайди.

Мажнунни тутқун этган кишилар уни дарё қирғоғига олиб боришади.
Хизматкорлар бошлиғи:
– Ўтда куймас экан, сувга чўкмайди деганмидинг?
Чўпон юзини гуноҳкорона четга буради.
Бошлиқ буюради:
– Ташланг дарёга!
Мажнунни оёқ-эгнидан олиб сувга отишади.
Мажнун тошдек сув тубига чўкиб кетади. Бу ҳолни кўрган суворий отини ниқтайди. Лайли хонадони хизматкорлари:
– Чўкди! Чўкди!
Чўпон оҳиста четга чиқади, чўк тушиб мункиб-мункиб йиғлайди.
Буралиб оқаётган дарё Мажнун гавдасини бир зум юзага олиб чиқади. Отлиқ шошилинч интилиб унинг кўйлагидан тутишга улгуради. Отлиқ кўпкарига кирган чавандоздай чапдастлик билан икки қўллаб Мажнунни сувдан суғуриб, улоқдай олдига ўнгаради. Сўнг от жиловини ортга буриб изига қайтади.
Дарёнинг икки қирғоғида турган оломон шовқин кўтаради.

ТУПРОҚ

Буюрди, бўйсунди, мўмин бўлди.

Мажнун отасининг ҳовли-жойи куйиб култепага айланган. Йўл четида икки тобут қўйилган. Бирига қизил, иккинчисига оқ мато ёпилган. Жаноза аҳли юзларига фотиҳа тортади. Сафдан чиққан киши култепа ёнида чўнқайиб ўтирганича ҳовучида кул совуриш билан машғул Мажнунни турғизмоқчи бўлади.
– Тур энди, қаторга ўт! – дейди киши.
Мажнун ҳеч нарсани англамайди. Янада берилиб кул совуришда давом этади.
Сафдагилардан бири (ҳалиги кишига):
– Қўй бу телбани. Бир ҳовуч тупроғи ота-онасига буюрмаган экан.
Тобутлар йўлга тушади.

Мажнун култепа ёнида қолади.

Мажнуннинг кафтида каттагина қумсоат турибди. Қумсоатнинг юқори қисмидан қуйилаётган қум пастки қисмга тўкилар экан, аста- аста Лайли сувратига киради. Мажнун қумсоатнинг Лайли сувратли қисмини тепага кўтаради. Суврат эриб пастга кул бўлиб тўкилади. Мажнун кул паллани тепага олади. Кул пастга тушиб энди Мажнун қиёфасига киради. Мажнунни бу ғаройиб манзаранинг сеҳри ўзига бутунлай боғлайди. У қумсоатнинг оқиш маромига сингиб кетади.

Қабристон. Тонг.
Янги пайдо бўлган икки қабр ўртасида Мажнун ухлаб ётибди.

Усти-боши тупроқ, бошини белбоғ билан боғлаб олган киши Мажнунни уйғотмоқда.
– Тур эй, девона. Бу не ётиш?
Мажнун бошқа ёнбошига ағдарилиб олади. Киши уни силкилаб қад ростлашга мажбур этади.
– Оч кўзингни!
– Кимсан?
– Уруғман. Ўзинг нима қиляпсан?
– Лайли чақирди.
– Унибсан!
Киши қуйида тупроқ юклаб қўйилган арава томон кетади. У эшагининг нўхтасидан тортиб йўлга тушади. Мажнун оҳиста ўрнидан туриб киши изидан боради.

Кулолнинг устахонаси.
Киши – кулол дастгоҳини айлантириб кўза ясамоқда. Қаршисида ўтирган Мажнунга эътибор ҳам қилмайди.
Мажнун лойнинг дастгоҳ чархида айланиб, кулол қўлида кўзага айланаётганини киприк қоқмай кузатади.
Кулол қўлида шакл олаётган лой Мажнунга Лайли бўлиб кўринади.
Дастгоҳ, кулол кўздан йўқолиб, рўпарасида Лайли қад ростлайди.

Мажнун сеҳрлангандай Лайли ҳаракатларига боғланади.
Лайли одам бўйи келадиган кўза ичидан хиёл кичикроғини, унинг ичидан яна бошқасини, шундай қилиб, кўзадан ўнлаб кўзачаларни олиб Мажнун теграсини ўрайди. Сўнг енгил бир ҳаракат билан уларни бир уюм тупроққа айлантириб, Мажнуннинг бошидан қуяди. Мажнун боши узра қуйилаётган тупроққа худди сувда ювинаётгандай чўмилади. Кўзларини юмиб, ҳовучини олдинга чўзади. Лайли тўкаётган тупроққа томчи-томчи сув сингишиб, ҳовучидаги тупроқ лой бўлади. Мажнун лойни хамирдай ийлашга тушади… Лой кўзага, кўзалар тупроққа, тупроқ лойга, лой кўзага эврилади.
Мажнун бирдан сергак тортиб, кўзларини очиб қўлларига қарайди. Бўм-бўш ҳовучини кўради. Хаёлот оламидан устахонага қайтиб, қаршисида кўза узатиб турган кулолга қарайди. Мажнун кўзани бағрига босганча ташқарига йўл олади.

ҲАВО

Ақл – қўриқчи.

Кўм-кўк осмонда қандайдир қуш давра солиб айланади. У бургутми, лочинми аниқ айтиш қийин. Қуш ердан ўлжа излаяптими, кўкка кўтарилмоқчими, унча сезилмайди. Ҳавода салобат билан оҳиста сузиши диққатни тортади.
Бийдек даштда кўза қучоқлаб, шиддат билан кетаётган Мажнунга гоҳ-гоҳ қушнинг сояси тушиб қолади. Мажнун эътибор бермайди, бирдан тўхтайди-да, кўзларини юмиб, ҳавони тўйиб-тўйиб симиради. Шу ҳолатида бир неча муддат қотиб туради. Сўнг кўзасини боши узра озод кўтариб, худди сувга тўлдириб олаётгандай ҳаракатлар қилади. Кўзани пешонасига тўғрилаб, сувни тўкаётгандай оҳиста тўнтаради.

Узоқдан, юзини қора мато билан танғиб олган суворийлар тўдаси шамолдай елиб, Мажнун томон келишади. Улар кимсасиз даштда бўм-бўш кўзани боши узра айлантириб, ундан “тўкилаётган” ҳавода чўмилаётган, ўз қилиғидан ҳузур топиб маст бўлаётган Мажнун ёнига
етиб, уни ўраб олишади. Мажнун уларни кўрмайди. Ўз завқида кўзадаги ҳавони устидан қуйиб, кўзларини юмганча ҳавони симириб гир айланади.

Безовта отлар бирдан ювош тортиб бошларини қуйи солишади. Улар суворийларнинг буйруғига, жаҳд билан жиловни тортишига бўй беришмайди.
Қароқчилар бошлиғи:
– Тўхта, эй девона!
Мажнун ҳушига келиб ўзини қуршаб турган суворийларни илғайди.
Отлар сергак тортиб безовта бўлишади.
Бошлиқ (шерикларига айёрона тикилиб, масхараомуз):
– Кўзангда нима бор?
Мажнун:
– Лайли.
Қароқчилар кулишади.
Бошлиқ:
– Кўзанг бўм-бўш-ку.
Мажнун:
– Сен мен бўлиб қара.
Бошлиқ:
– Ўз кўзим билан кўриб келяпман, Лайлинг бозорда-ку, булар ҳам кўрди, тўғрими?
Бошқалар:
– Кўрдик.
– Қул бозорда. Ҳа-ҳо-ҳо!
Суворийлар от чоптириб, бир зумда кўздан ғойиб бўлишади.

БОЗОР

Бир булоқ бекилса, ўзгаси кўз очади.

Қул бозори. Турли ёшдаги тўп-тўп эркагу аёл, болаю қизларни савдогару даллоллар харидорларга мақтаб кўз-кўз қилишмоқда.
Харидорлар қулларни айлантириб бўй-бастларига қарашади, оғизларини очиб, тишларини кўришади. Савдо қилишади.

Мажнун ўзга оламга кириб қолгандай жавдираб атрофга тикилади. Оломон орасидан кимнидир безовта ахтараётган одамдек гоҳ у ёнга, гоҳ бу ёнга кескин бурилиб қарайди. Бошқалар унинг бор- йўқлигига эътибор қилишмайди. Мажнун бўғзига ип боғлаб, белига танғиб олган кўзасини оҳиста силайди. Кўзадан садо чиқмайди.

Мажнуннинг диққатини қарама-қарши тарафдан шовқин солиб келаётган аёл ўзига тортади. Аёл бўйни аралаш қўлларига темир занжир осиб олган, кийимлари ола-чипор, сочлари тўзғиган кўринади. Бир қарасанг сочлари турмакланиб, усти-боши ўзгариб, танноз яллачилардек тус олади, занжирлари пул тўла ҳамёнлар шодасига эврилади. Яна турланиб асл ҳолига қайтади. Аёл гоҳ югургилаб бориб кимнингдир олдида тўхтайди. Гоҳ ўрталиқда тик қотиб, қичқириб гапиради. Бир кулиб, бир йиғлайди. Сўзи қўшиққа, қўшиғи сўзга алмашади. Одамлар бу ҳолатига кўникиб қолишганми, қайрилиб ҳам қарашмайди. Гўёки бу аёл йўқдек, уни фақат Мажнунгина кўраётгандек туюлади.
Аёл ёшгина чўрини харидорга кўз-кўз қилаётган савдогар олдида тўхтаб сўзлайди:
– Сот, отанг бозор, онанг бозор!
Аёл олувчига юз буриб давом этади:
– Ол, онанг бозор, отанг бозор.
Савдолашаётган кимсалар уни эшитишмайди. Аёл сўзланиб йўлида давом этади:

Лайлининг томига чиқсам, ғозлари ғавғо қилур,
Бу бозор, қизиқ бозор, Лайлисини савдо қилур…

Мажнун аёлдан Лайли номини эшитиб, югуриб келади.
Аёл Мажнунга зимдан тикилади:
– Сен Лайлининг мажнунисан, мен бозорнинг. Хон билан хон, қул билан қул, мажнун билан мажнун савдолашади. Нима оласан?
– Лайлини оламан.
– Лайлини кўрганмисан ўзи?
– Ўтда кўрдим, сувда кўрдим, ерда кўрдим, кўкда кўрдим, ёмғирнинг томчисида, аёзнинг қамчисида, тун билан кун жангида, шафақнинг рангида, лаҳзанинг ҳаддида, ҳар зарранинг чангида кўрдим!
Мажнуннинг кўзларига ўзгача меҳр билан тикилиб қолган аёл оппоқ либосли фаришта сувратида намоён бўлади.
– Мен Лайлини сенда кўряпман. Бу бозордан сенинг Лайлинг кетган.
Мажнуннинг хаёли қочади.
У “Лайли, Лайли, Лайли!” дея ҳайқириб, кўзини очади. Ўзини бўм-бўш бозор ичида кўради. Ундан беш-ўн одим нарида бозоржойни супураётган киши бу ҳайқириқдан чўчиб бошини кўтаради. Мажнуннинг нима деганини англамай лол тикилади.
Мажнун саволининг давомини сўрайди:
– Қани?
Киши бозор аҳлини суриштираяпти деган хаёлга бориб жавоб қилади:
– Масжидга кетишди.
Мажнун ўзига-ўзи такрорлайди:
– Лайли масжидда, Лайли масжидда, Лайли масжидда!!!

ЛАЙЛИ  МАСЖИДДА

Интизорлик бирла кутгил ҳар маҳал,
Оқибат бағрингга келгайдир гуҳар.

Шайх Фаридиддин Аттор

Мажнун масжид ҳовлисига кириб боради. Кенг очиб қўйилган икки тавақали маҳобатли эшик олдини тўлдириб турган сон-саноқсиз пойабзалларни бир зум томоша қилиб туради. Янги-эски, қиммат- арзон, катта-кичик, бори тизилиб турибди. Мажнун беихтиёр оёқларига қарайди. Ялангоёқ юраверганидан қорайиб, товонлари ёрилиб, чанг бўлиб кетган оёқларини бир-бирига ишқайди. Сўнгра ўзида журъат топиб масжид эшигидан ичкарига киради.
Мажнун улкан масжид ичида қатор тизилган турли рангли пардалар сафини кўради. У бир зум нима қиларини билмай тараддудланади. Шу пайт пардалар қаторасига ерга йиқила бошлайди ва кўзи қарама-қарши тарафдаги очиқ эшик ва унинг тепасидаги ёзувга тушади. Ёзувни ўқиш баробарида Лайлининг овозини эшитади.
Лайлининг овози:
– Мен у эшикдан кириб, бунисидан чиқдим.
Мажнун Лайлининг изини топгандек, “Лайли, Лайли, Лайли!” дея очиқ эшикдан ташқарига чопиб чиқади.

ЛАЙЛИМАЖНУНЧИЛАР

Мезонлар мезонни бузади.

Лайли отасининг қароргоҳи. Бутун қавм йиғилган.
Лайлининг отаси қавмига мурожаат қилади:
– Мажнундан қизимни, қавмимни ким асрайди. Масжидга бориб, жума намозини “Лайли, Лайли” деб бўкириб бузибди. Эл оралаб юролмай қолдим. Энди нима қил дейсиз?
Даврадагилардан бири:
– Ўлдириш керак.
Ёши улуғ киши:
– Девонанинг қотили ҳақ! Қавмидан ўч олинг.
Ҳовлиқма киши:
– Қирамиз, яйловларини оламиз, молу мулки ўлжа!..
Лайлининг отаси буюради:
– Қўшинни тўпланг!

Мажнун булоқ бўйида ўтирибди. Беш-олтитача каклик сувлаш учун булоқ томон учиб келади. Какликлар чўчиб узоқроққа бориб қўнади.

Мажун ўз-ўзига айтади:
– Агар шу какликлар ёнимга тушса, мен Лайлини топаман.
Какликлар булоқ бўйида шериклари тургандай бир-бир учиб келишади, бемалол сув ичиб, Мажнун атрофида айланиб юришади.
Дарахтлар ортидан кийик мўралайди. Кийик ҳам ҳуркиб тўхтаб қолади.
Мажнун кўнглидан кечиради:
– Шу кийик қўлимдан ўт еса, Лайли мени излаяпти.
Кийик дарахт ортидан чиқиб, Мажнун қўлидаги ўтни ейишга тутинади.
Мажнун кийикни эркалайди, бўйнидан қучиб сўйланади.
– Лайли мени излаяпти.
Мажнун йўлга тушади.
Сайҳонликдан шамол катта-кичик қасмоқ (енгил юмалоқ шаклдаги ўсимлик – пишиб етилгач шамол уни коптокдек юмалатиб, жарлигу чуқурларга элтиб ташлайди)ларни тинимсиз юмалатиб ўтмоқда.
Мажнун уларга эътиборсиз кетиб боради.

Кенг майдон. Бир хил кийиниб, юзларига бир хил ниқоб тақиб олган икки тўп оломон юзма-юз турибди, ҳар бирининг қўлида биттадан турли шаклдаги идиш бор. Олдинги сафда ёғоч от миниб олган ўн чоғли масхарабоз “суворий” ажралиб кўринади.
Биринчи тўп жўр бўлиб қичқиради:
– Лайли, Лайли, Лайли!!!
Иккинчи тўп жавоб қайтаради:
– Мажнун, Мажнун, Мажнун!!!
Тўплар олдидаги ёғоч отлилар идишларни бағирларига босиб, рақиблари томон от солишиб, майдон ўртасида аралашиб кетишади. Бир хил кийим, ўхшаш ниқобда бўлганликлари боис кимнинг кимлигини ўзлари ҳам ажратолмай қолишади. Идишлардаги қора, қизил, сариқ суюқликларни бир-бирларига сепа бошлашгач, манзара бутунлай англанмас ҳолатга келади. Ғаройиб жангни кузатиб турган сафдагилар ҳам “Лайлимажнун” деган чақириқларини буткул унутиб, “ким, ким?” дея ўзаро тортиша бошлашади. Идишларидаги
суюқликларни бир-бирлари устидан қуйишади.

Майдон ёнидаги тепаликда Мажнун кўринади.
Мажнун бу талотўпни тепаликдан кузатиб турар экан, тугилган мушти билан кўксига қайта-қайта урганича, пичирлаб такрорлайди:
– Даъво ёлғондир! Даъво ёлғондир! Даъво ёлғондир!

Оломон ҳолдан тойиб иккига ажралади. Сафлар қайта тузилади.
Бир томон: “Лайли, Лайли!” деб, иккинчи тараф “Мажнун,Мажнун” дея, ҳайқириб келган жойларига қайтишади.
Мажнун оломоннинг ўртасида қандай ўтирган бўлса шундай ҳолатда қолади. Икки саф ҳам уни ҳайқириқлар билан кўмиб, бор- йўқлигига ҳам қарамай, кўрмай ўтиб кетишади.

Мажнун тепаликдан тушиб келади.
Майдонда йиртиқ ниқоблар, синган сопол идишлар қора, қизил,сариқ бўёқларга қоришиб ётибди.
Мажнун йиртиқ ниқобларга қарайди. Энгашиб сопол парчаларини қўлига олиб айлантириб тикилади. Тупроқни лой этган қора, қизил, сариқ рангга бармоқларини ботириб томоша қилади. Қўли беихтёр яланғоч кўксига тегади. Қўлини кўкси бўйлаб пастга суради. Баданида беш бармоқдаги қора, қизил, сариқ рангдан из ҳосил бўлади. Кўкракдан киндиккача келган қора, қизил, сариқ излар ярадай бўртиб қон оқа бошлайди. Мажнунни ҳаяжон чулғайди. У икки қўлини рангли лойга булғаб боши, юзи, бутун баданига чаплайди, чаплайверади. Ич-ичидан бир ёввойи ўкирик келади. У қорли, қора совуқли тунда, ойга қараб увлаган бўридай, чўк тушганича, қўлларини боши узра кўтариб, ув тортади.
Бу фарёд еру кўкни ларзага солади.

Осмонда симобий булутлар гирдоби айланади, бир улкан кўз айёрона боқиб туради, гўёки Қазо ердаги манзарани кузатар экан, оғзини енги билан беркитиб кулади.
Мажнун алам билан Қазога мурожаат қилади:
– Эй, Қазо! Кул, кул! Мен: “Ғавғойи жунунға мубталомен,

Боштин-оёғимғача хатомен1.
Мажнун белига боғланган кўзасини олиб уни қора, қизил, сариқ ранг қоришган лой билан тўлдиради. Кўзани опичиб бағрига босади.

ХИЗР СУВИ

…Не матоҳманки, ҳеч харидорим йўқ.
Хожа Баҳоуддин Нақшбанд

Қуриган кекса дарахт мункайган қарияни ёдга солади. Одам қўли етадиган айри шохида каттагина қуш уяси турибди. Уяда уч дона оппоқ тухум бор. Дарахт тубида Мажнунга бир томчи сувдай ўхшаш ўспирин ўтирибди. Фарқи, унинг кўзлари совуқ чақнайди, сочлари силлиқ таралган, бадани тоза, юзи, қарашларида изтиробдан нишона йўқ. Дарахт тубида ўтирган “Мажнун” ўзи томон яқинлаб келаётган асл Мажнунга киприк қоқмай тикилади. Ҳақиқий Мажнун боя жанг майдонидан қандай чиққан бўлса, шу ҳолда келган. Унинг юзи, бутун бадани қора, қизил, сариқ лойга беланган. Қўлида лой тўлатилган кўза.
Дарахт тубида ўтирган сохта Мажнун ўрнидан туриб, кўза тутган Мажнун ёнига боради, худди кутилмаган мўъжиза устидан чиққандай ажабланиб, атрофини айланиб синчил тикилади.
Сохта мажнун:
– Сен менми?
Ҳақиқий Мажнун нима жавоб қайтаришини билмайди.
Сохта мажнун:
– Лайли, Лайли деб элга мени сен масхара қиляпсанми?
Мажнун:
– Кимсан?
Сохта мажнун:
– Мен Қайсман? Ўзинг кимсан? Билмасанг айтай! Сен ота-онамнинг қотилисан! Лайли керакми? Мана ол!
Сохта Мажнун шиддат билан дарахтдаги қуш уясидан битта тухумни олиб оёқлари остига ташлайди. Тухум ерга тегиб-тегмай ёрилиб, ундан “Лайли” чиқиб келади.
Сохта Мажнун “Лайли”нинг билагидан тутиб, бағрига тортади. “Лайли” нозланиб сохта Мажнун кўксига бош қўяди. Сохта Мажнун “Лайли”нинг сочи, юзи, кўзлари узра қўл югуртириб:
– Шу кўз, юз, бадан керакми? Сенга бердим!
У “Лайли”ни Мажнун томон итаради. “Лайли” қучоқ очиб
Мажнунга интилади.
Кўзларида ўт порлаган Мажнун қўлидаги кўзани сохта Мажнун томон жаҳд билан отади:
– Йўқол, малъун!
Кўза тўғри сохта Мажнун томон учиб боради. Кўза етар-етмас у лов этиб оловга айланади, кўздан ғойиб бўлади. У билан бирга “Лайли ” ҳам изсиз йўқолади.
Кўза дарахтга тегиб чил-чил синади. Кўзадаги лой дарахт танасига сингиб, қуруқ оғоч танасида сув юриб, кўм-кўк барглар чиқаради.
Мажнун дарахтга яқин келиб қуш уясига қарайди. Уяда учта темир қанот боғлаган палапонларни кўради.
Мажнун палапонларни бир-бир қўлга олиб, силаб-сийпаб осмонга учиради. Қушчалар дарахт тепасида гир айланишади.
Мажнуннинг баданидаги кирлар йўқолиб асл ҳолига келади. У қушчалар ва чексиз осмонга тикилади.

ХАБАР

Андоқки тилар муяссар айла,
Оламни анга мусаххар айла.

Алишер Навоий

Эҳром шаклидаги чўққи пойидаги майдон. Бир замонлар олти дарвеш қадаб кетган олти асо йўғон, чайир дарахтларга айланган. Баргларидан кўра шох-шаббаларига илинган ҳар хил рангдаги латта- иплар кўпроқ. Қуйироқда супалар қурилиб, гиламлар солинган. Ҳар бир супа ёнида ўчоқлар қозони билан турибди.

Эндиликда бу ер катта зиёратгоҳга айланган.
Чўлда Мажнунга дуч келган қароқчилар оддий кийимларда шу ерга келишган.
Қароқчиларнинг иккитаси сўйилган қўчқор гўштини нимталаш билан овора, бири сув тўлдирилган қозонга олов ёқмоқда, бошқаси чой қайнатишга тушган.
Оппоқ кўйлак, шалвар кийиб ялангбош, ялангоёқ бўлиб олган қўрбошининг оёқларига темир кишан солинган. Қўрбоши кишанларни шалдиратиб олти дарахт ёнига келади. Оралиқ тўрт-беш одим қолганда чўк тушганча, қўлларини кўкка чўзиб илтижо қилади:
– Эй худо! Бир тирноққа зорман! Гуноҳкорман! Ёлбораман!
Менгаям бир фарзанд бер!
Хийла орқада турган тўрт шеригидан бири ёнидагиларга ишорат қилиб, тиз чўкиб, қўлларини осмонга узатади. Шериклар ҳам унга эргашади.
– Шу олти авлиё ҳурмати, фарзанд сўраб топганлар ҳаққи, бир ўғил бер! Қулинг бўлай! Қолган умримда хизматингни қилай! Бер, художон!
Қўрбоши бошини саждага қўяди, елкалари титрайди. Ортда турганлар ҳам саждага кетишади.
Қўрбоши, кўзларида ёш, бошини саждадан кўтариб, қаршисида ўзига тикилиб турган Мажнунни кўриб довдирайди. Илтижосини эшитиб кўкдан элчиси тушгандай, Мажнун томон эмгаклаб интилади.
Орқадаги шериклар қўрбоши оёғидан ечилиб, тўпиқдан сирғалиб тушган занжир товушини эшитиб бошларини кўтаришади. Беихтиёр улар ҳам эмгаклаб кела бошлайдилар. Қўрбоши Мажнуннинг оёқларини қучиб, бош уриб ёлборишга тушади.
– Хизр бобо, Хизр бобо! Ассалом алайкум, Хизр бобо!
Қолганлар ҳам жўр бўлади:
– Хизр бобо, Хизр бобо, Хизр бобо!
Мажнун кўзларини юмганича жим қолади. Бирдан тилга киради.
– Тур!
Қўрбоши бошини кўтариб Мажнунга тикилади. Кўзлари юмулганча қотиб турган Мажнун нима деганини англолмай бир зум ҳайрон қолади.

Орқадан келган шериклардан бири сўз қотади:
– Хожам, кишан ечилди. Қаранг, “Туринглар! Боринглар” деяпти.
Қўрбоши ортига ўгирилиб, ечилган кишанларни кўради, кўзларидан ёш қуйилади. Бу ҳолат шерикларига ҳам юқади. Уларнинг ҳам кўзларидан ёш оқади. Қўрбоши қандай келган бўлса, шундай тисланиб, Мажнун ёнидан узоқлашади.
Мажнун кўзлари юмуқ ҳолда ўз-ўзига гапиради:
– Лайли тур деди. Шунда тур деди. Лайли келади.
Қолганлар унинг бу сўзларини эшитмайди.

МАЖНУН – ДАРАХТ

Ким, умрларида ишқи қотил,
Қилмай нафасе аларни хушди.

Алишер Навоий

Шинам хона.
Лайли чой узатаётган канизагидан сўрайди:
– Отам оқсоқоллар билан кенгашдими?
Канизак жавоб беради:
– Эрта тунда Мажнун дарахтни йўқ қилмоқчи.
– Мажнун тош бўлиб, бошига лайлак уя қўйгани ростмикан?
– Ўзим кўрдим, Қора қароқчи фарзанд сўраб борганида, зиёратгоҳда пайдо бўлибди. Тур, сенга ўғил бердим – дебди. Кейин шу ерда тошга айланибди. Қора қароқчи ўғилли бўлди, деб ҳамма Мажнун дарахтни зиёрат қилиб ётибди. Бир томон бозор бўлиб кетган, тўғриям-ўғриям шунда. Ҳамма отангизни ёзғирмоқда, шунга отан-гиз Мажнун дарахтни йўқ қилмоқчи.
– Мени деб бир одам тош бўлса, шундай турсам бўлмас,тадбирини топамиз. Отамдан илгари улгуриш керак.

ҒОР

Чун руҳ ила руҳ топди пайванд…
Алишер Навоий

Оқшом дара тубидаги ғор олдига уч отлиқ келиб тўхтайди.
Улардан бири отдан тушиб, шошилинч ғорга кириб кетади.

Ғорнинг узун йўлагини ичкаридан тушаётган ёғду ғира-шира ёритиб турибди. Оппоқ деворларда аксланаётган нур юқори борган сари ёруғликни янада кучайтиради.
Отлиқ йўлак тубидаги деворлари оппоқ катта гумбазли хонага етади. Шифтда осилиб турган катта-кичик оқ туз сумалакларнинг баъзи бирларидан сув томчилайди.
Пешвоз чиққан канизак отлиқни таъзим билан кутиб олади. Отлиқ бошидаги бўрк, эгнидаги чопонни ечиб канизакка узатганида, унинг Лайли эканлиги маълум бўлади.
Лайли канизакдан шошилинч сўрайди:
– Ҳаммаси тайёрми?
Канизак:
– Айтганингиздай, созандалар ҳам кутиб туришибди.
Лайли навбатдаги хонага ўтади, канизак қўлидаги кийимларни қолдириб, изи-дан эргашади.
Бу хона хийла каттароқ, гумбази ҳам баланд, шифт ва девордаги оппоқ сумалак-лари ҳам ваҳимали туюлади.
Хона ўртасида Мажнун худди ҳайкалдай турибди. Унинг бошида лайлак қўйган ин ҳам бор. Лайли ҳайкал олдидаги хонтахта устида турли суюқликлар солинган сопол идишларни бир-бир назардан ўтказади. Ҳайкал теграсига доира шак-лида маълум масофа ташлаб териб, ёқиб чиқилган ўн икки шамга қарайди.
Кираверишда, деворга тиқилиб, ишорат кутиб ўтиришган созандалар – сурнайчи, ғижжакчи ва ноғорачи, нима сир содир бўлар экан дегандек, жим кузатиб туришибди.
Лайли канизагига бош ирғаб, бошлаш ишоратини беради.
Канизак олдиндан тайёрлаб қўйилган оппоқ пардани тортиб,кўрар кўздан созандаларни тўсади.
Парда тортилиши билан оҳиста куй таралади.

Лайли енгил ҳаракат билан Мажнун бошидаги қуш уясини олиб канизига узатади. Канизак уяни хонтахта тагига яширади, қаймоқни ёдга солувчи суюқлик турган идишни олиб Лайлига тутади. Лайли идишдаги суюқликни ҳовучлаб Мажнуннинг бошидан тўкади. Суюқлик тўкилар экан, куй оҳангига уйғун ҳаракатда уларни Мажнуннинг бутун борлиғига суртишга киришади. Суюқлик сингишгани сари тош тана ялтираб, ҳолати ўзгаради. Куй мароми тезлашади.
Лайлининг тепасида мовий рангли капалак пайдо бўлади. Капалак Лайли ва Мажнунтош атрофида гир айланиб учади. Лайли капалакни кўрмайди. Капалак одам бўйи ҳаволаб учади ва ундан яна бир капалак ажралиб чиқади. Жуфт капалак тепада доира ясаб айланар экан, улар ўз-ўзидан кўпайиб тепани капалаклар булутдай қоплайди.
Лайли жазавага тушиб, бутун дунёсини унутиб, идишлардаги суюқликларни Мажнун танасига бошдан-оёқ қуйиб, сингдириб, атрофида парвонадек айланиб, ўргилиб, опичиб, суйиб рақсга тушади. Куй тобора баландлаб, тезлашгандан тезлашади.
Тепада капалаклар ҳам куй шиддатига уйғун учишиб мовий гирдоб ҳосил қилишади.
Мажнуннинг тош танаси мумдай юмшаб нурланади. У кўзларини очади. Лайли кичкина шаффоф идишдаги мовий суюқликни Мажнуннинг оғзига қуяди.
Боядан бери тикилиб турган канизак Мажнуннинг кўзлари очилганини кўриб, ҳайратдан вой деб қичқиради. Қўлидаги идиш ерга тушиб чил-чил синади.
Овоз хона гумбазида акс-садо қайтариб ваҳимали таралади.
Созандалар жим қоладилар.
Тепада айланаётган мовий гирдоб тўхтаб яна капалаклар булути кўринади.
Лайли Мажнуннинг елкасидан тутиб силкилайди.
– Қайс! Қайс!
Мажнун ҳайрат билан атрофга қарайди. Унинг нигоҳида қандайдир норозилик, бегоналик кўринади.
Лайли Мажнунни қучади.
– Тирилдинг! Тирилтирдим!

Мажнун Лайлини ўзидан итариб, энди кўраётгандек сўрайди:
– Кимсан?
– Лайлингман.
– Лайлисан? Мен Лайлим ёнида эдим. Қани у?
Мажнун Лайлининг қўлларидан ситилиб чиқиб, ташқарига йўл олади. Лайли телбаларча унинг изидан интилади. Оёқ остида бетартиб ётган идишларга суриниб ерга йиқилади. Довдираб қолган канизак уни турғизишга уринади.
Тепадаги мовий капалаклар булути Лайли ва канизак устига қордек тўкилади.
Ғор олдида пойлоқчилик қилаётган икки хизматкор ғор ичидан чиққан фавқулодда ёруғликдан кўзлари қамашиб ҳайрон қарайди. Улар ғордан улкан ёлли, кўзлари чўғдек ёнган баҳайбат шерни етаклаб чиқиб келган Мажнунни кўриб ҳушидан кетишади.
Мажнун шерни ёлидан тутганича етаклаб, уларнинг ёнидан беэътибор ўтиб, пастликка йўл олади.

Шаршара ёнида Мажнун шер билан турибди. Шер бошини Мажнуннинг оёқларига суйкаб эркаланади. Мажнун шерни, пешонаси, ёлларини силаб, худди даст кўтариб олмоқчидай қучади. Шу ҳолатда тўхтаб шерга қаттиқ тикилади. Мажнун оғушидаги шер тобора кичрайиб, ҳовучида митти сичқонга айланади. Мажнун сичқонни чап қўл кафтида тутиб, ўнг қўли билан силаб сўзлайди.
– Ботинда ҳам биргасан, зоҳирда ҳам биргасан.
Мажнун кафтидаги сичқонни юзига яқин олиб келиб куф, дея дам уради. Сичқон лов этиб ёниб, ўрнида бир сиқим кул қолади.

Мажнун кулни шаршара қуйилаётган жойга сочиб юборади.
Кул кўпириб тошаётган сувга аралашиб, уни бир неча сония қорамтир тусга солади.
Янги қуйилган оқим сувни яна асл ҳолига қайтаради.

СУВДАГИ ИЗДА ИЗ БОР

Аллоҳнинг дўстлари худо эмаслар,
Ва локин худодан жудо эмаслар.

Дарё қирғоғидаги улкан дарахт салобат тўкиб турибди. Унинг бир шохи сувга эгилган. Бу шохга осилган ёғоч тарозининг паллалари олинган. Енгил шамол ёғоч шайин ва палла ипларини оҳиста ўйнайди.

Дарахтнинг бир томонига от, иккинчи ёнига ит занжирбанд қилинган. Тарозининг баркашдек мис паллалари от билан итнинг олдига ташлаб қўйилган. Отнинг палласида иликлар, итнинг палласида бир боғ беда турибди. От ўқраниб бедага, ит ғингшиб иликка интилади, етиша олмай қийналишади. От итга, ит отга ёв қарайди. От депсинади, туёқларидан чанг кўтарилади. Ит улийди, ер тирнаб орқа-олдига тупроқ сочади.

Дарахт ёнида Мажнун пайдо бўлади. У отнинг ёлларини бармоқлари билан тарайди. От бўйин эгиб жим туради. Мажнун иликли паллани кўтариб итнинг қаботига ўтади. Паллани итнинг олдига ағдаради. Ит бир катта иликни тишлаганча нари кетади. Мажнун бедани опичиб отнинг ёнига келади. От ўқраниб, қулунлик товуши билан кишнайди. Мажнун бедани отга бериб, паллаларни бир-бирига кийиштириб кўтарганича дарё томон юради.

Мажнун дарахтнинг сувга эгилган шохидаги ёғоч шайинни ечиб олади. Сўнг оҳиста сувга киради. Кийиштирилиб, битта қилинган паллаларни сув сиртига қўяди. Паллалар сувда худди қайиқдай қалқиб туради. Мажнун енгил ҳаракат билан палла – қайиқ устига чиқиб, шайинни эшкакдай эшиб, оқимга терс – тоғ томон илдам сузиб кетади.

Мажнуннинг қайиғи асов тўлқинларни кесиб борар экан, қарама- қарши қирғоқдаги қамишлар орасидан олти дарвеш чиқиб келади. Дарвешлар қирғоқ бўйлаб тизилган кўйи тобора узоқлашиб кетаётган
Мажнун изидан кузатиб қолишади.

СИРТЛОН
Ҳикоя

У кун қизиган пайт, тиқилинч автобусда уйига қайтди.
Бир томони рўзачилик, иссиқда йўл юриш оғир келдими, юзлари қизариб кетди.
Эшик очган қизи уни кўриб ажабланди:
– Ичдингизми?
Савол унга эриш туюлди. Кесатиб жавоб берди.
– Пиво!
– Вой, рўзангиз-чи?
– Ухлади.
– Ичганга ўхшаяпсиз.
– Ўзинг ўхшайсан.
У жаҳл билан ички уй томон юрар экан, ҳовли бурчагида ўзига ҳушёр тикилиб турган ити – Сиртлонга кўзи тушди. Сиртлон эгасини кўриб ўрнидан турди, сўнг керишиб уйчасига қайтиб кирди…

* * *

Қўлида қизил елим челак билан ариқ лабида турибди. Ариқнинг икки қирғоғи бетонланган. Сув тиниқ, бир қаричча пастда сокин кўринади, оқаётгани сезилмайди. Ариқ кичкина кўприкка тақалган, гўё сув шу кўприкдан чиқаётгандек. Кўприкнинг баландроқда жойлашгани шундай таассурот уйғотади. Кўприкдан машиналар бемалол ўтса бўлади, лекин икки четида белдовлари йўқ.
Аёлини кўприкнинг сув чиққан жойида кўрди. Аёл эрига хавотирли қарайди.
Кўприкдан юрса қулай эди, нимагадир ариқдан ҳатламоқчи бўлди. Ариқни чамалади. Кенглик бир одим. Ўтишга тараддуд кўрар экан, кўзи қарама-қарши томонда ўтирган икки бегона хотинга тушди. “Бозорчилар”, лип этиб хаёлидан ўтди. Ҳатлашга чоғланди, бирдан ўзини нохуш сезди. Оёғи, қўллари ўзига бўйсунмай сархуш бир кайфият туйди.
Аёли сергак тортди:
– Ҳой, бу нетади?!
Аёл бошқа сўз айтишга улгурмади.
Қадам олинган, оёқ ердан узилган эди. Гавда эгасига бўйсунмасди. Ҳуши ҳали ўзида, бор кучини йиғиб ариққа юзтубан йиқилмасликка интилди. Кўтарилган оёқ ариқнинг у қирғоғига ярим улашиб тушди, қадди эгилди. Қизил елим челак тутган қўл сувга ботди.
Узилган барг сокин, солланиб-солланиб ерга учиб тушгандек, аёлининг кўз ўнгида у ҳам оҳиста ариқ устига энгашиб букчайган ҳолатда тўхтади.
“Итнинг овқати, сувга кетди!” Қизил елим челакнинг сувга ботаётганини имконсиз кузатар экан, тортиб олишга мадори келмай хаёлидан шу фикрни ўткарди.
Қўллар унга бўйсунмасди. Гавдасини тўхтатиб қолишга куч топди холос.
Челакли қўл билагигача сувга кирди, сув юзига ёғ ҳалқаланиб ёйилди, тўрт-беш макарон ва ушоқлар қалқиб чиқди. “Суяклар оғир, тубда қолар”. Ҳеч бўлмаганда итига суяк борса ҳам майли, шунисига ҳам шукр қилади.
Аёл нимагадир: “Туринг!”, деган сўз айтди. Кутилмаган ҳолат таъсир қилдими, жойидан жилмади, ёрдам беришга шошмади.
У бу пайт кўприк устида қотиб турган аёлини, нарида текин томошабин бозорчи хотинларни бутунлай унутганди.
Итининг овқати оқиб кетса, нима қилади, “Итим оч, итим оч”, деган ўй асири эди, тамом..
Ичида қандайдир куч уйғонди. Сархушлик тарқалди. Танасига бўйсунмай осилиб турган қўллари, эгилиб, букилаётган оёқларига қайта жон кирди. Шошилинч қизил челакни сувдан шалоплатиб кўтарди. Челакни сувдан айириш баробарида қаддини ростлаб, нариги қирғоққа ўтди. Челакка қаради. Итнинг насибаси омон қолибди. Челакка кирган сувни тўкди, суягу сарқитларни чамалаб кўрди: “Лайчага етади”. Таскин топди.
Аёлининг қўлидан тутгани лайча хаёлини бўлди:
– Дадаси, ана улар итга овқат олганларни қамаяпти. Ташланг буни.
Аёлининг овозида кўҳна хавотир бор эди.
Узоқдан шошилинч келаётган икки кишини кўриб аёлининг рост гапирганига ишонди. Кишилар тўғри эру хотинни мўлжаллаб юришди.
“Челагимни олиб қўяди”. Кўнглида шубҳа уйғонди. “Бу айтдими?” Аёлига синчил тикилди, “итимни азал-абад ёмон кўрган, шу айтган”. Аёлининг юзу кўзидан шубҳасига тасдиқ ахтарди. Кўнглини юпатгувчи ҳеч нарса топмади.
Аёл эрининг қўлидан челакни олиб бекитмоқчи бўлди.
Эр челакни кишиларга беради, деган хаёлда, аёли қўлини итарди. Шубҳасига истаган тасдиғини олгандай бўлди. “Айб ундан ўтди, мен ҳақман, ҳақман, ҳақман…” деб такрорлаганича чопқиллаб, ўзи билмаган ҳолда бозорчи хотинлар томон ўтди. Бир қарашда улар кимлигини билиб бўлмасди. Хомуш тортиб ўйлади: “Бозорчининг бари бир гўр. Савдочи чорбозорчиларнинг на ирқи, на миллати, на жинси бўлади. Фойда тушса бўлди”. Хотинлар олдида итларнинг овқати уйиб қўйилганини кўриб, нажот топгандай бўлди. “Булар итга овқат сотади-ку”, қабилидаги ўй, челакни шуларга берсам, айбсиз қоламан, деган фикрни туғдирди. Челакни шошилинч бозорчи хотиннинг олдига қўйиб, йўлнинг у томонида қолдирган аёлига “уддаладимми” дегандай қаради. Имконсизлик одамни топқир этади. У бозорчи аёлни бир сўз демай ўзига эл қилиб, ҳамкорига айлантирганига ўзи қойил қолди. Аёлига ҳам буни кўрсатмоқчи эди. Аёлининг ариққа юз буриб турганидан, унинг санъатини сезмаганлигини англади. Аёлининг ёнига қайтди.
Текширувчилар тўғри уларнинг ёнига келишди. Буларда кийимдан бўлак нарса топмай изига қайтиб кетишди.
Негадир текширувчилар бозорчи хотинлар томон бормади, гўё улар бу ҳудудда йўқдай бееътибор ўтиб кетишди. Ҳайрон қолган жойики, текширувчи дегани кимдир итга деб бир нарса олиб келганини кўриб қолса, ур калтак, сур калтак қилади-ю, бутун бошли бозор очиб ўтирган хотинларни кўрмайди. Замонанинг зўрини кўринг. Булар очиқча ит еми сотади, униси бехабар.
Аёлига шу гапни айтмоқчи эди, ёнига бурилиб топмади. Аёли қачон кетган, хаёл олиб қочганда сезмай қолибди.
Нимагадир хавотир олмади. Ўй-хаёлини яна ити эгаллади.
Текширувчилар кўздан йитди. У бозорчи хотинлар ёнига бориб челагини олмоқчи бўлди. Челагини бўм-бўш кўриб кайфи учди. Бозорчи хотинларнинг хайрихоҳлиги уни тунаш экан-ку, деган ҳукмга келди.
У энди гапга оғиз жуфтлаётган эди, хотинлардан бири челакка ҳар хил эту суяклардан солиб қўлига тутди. Унинг гапи оғзида қолди.
Ўз-ўзидан кўнглида: “Ит эту суяк билан тирик, одамнинг этига, итидан яқин йўқ”, деган фикр уйғонди.

* * *
У итим ёлғиз очликдан силласи қуриб ўтиргандир, деб борди-ю, лол қолди.
Дунёда шунча оч ит борлигини кўриб ваҳимага тушди. У ер юзида одам кўп, деб ўйларди, кўрдики, оч ит кўп экан. Ҳар бир итлар борки, томдай-томдай. Занжирларини шарақлатиб, кўринганга ўзини ташлайди.
Сарҳадсиз ҳудудни эгаллаган бу итларни боқишнинг ўзи бўладими?.. У четдан сер солиб, лайчасини ахтарди. Лайча кўринмади. Кузатганлари хаёлини олди. Бир четда икки катта ит кучукчани ўртага олиб кетказгани қўймайди. Кучукча, қочсам, деб йўл ахтаради. Ўзини четга олса, катта итлар оёқлари билан босиб, кучукчани ерга қоғоздек ёпиштириб қўйишади. Ит оёғини олади, кучукча дам кирган коптокдек қад ростлаб кетмоқчи бўлади, бошқа ит бошидан босиб, ерга қапиштиради. Катталарга эрмак, кучукчага қисмат. Унинг кўзи катта бир қанжиққа тушди. Қанжиқ безовта, жонсарак ҳаллослаб чопқиллайди, орқасидан боласи туғилиб ерга тушмоқчи, типирчилайди. Изидан семиз, иркит бир чўчқа искаланиб эргашади. Кучукча туғилиб, тўғри чўчқанинг оғзига тушди. Чўчқа кучукчани тишлаганича, ўзини четга уриб, кўздан йитди.
У, лайчамни топмасам керак, деб хомуш тортди. Қайтмоқчи бўлди. Охирги бор итлар ҳудудига тикилди. Шунда узоқда мунғайиб ўтирган Олапари кўрингандек бўлди.
Олапар унга қарамас, кутмаган бўлса керак, бошини қуйи солганича тек турарди.
У Олапарнинг олдига ўтмоқчи бўлди. Бир-бирини, дуч келганини еб ётган қутурган итлар тўла бу ҳудудга қандай ўтишни билмади.
Бошқалар қандай ўтди экан, наҳотки шунча итнинг эгаларидан бирортаси келмаса, деб атрофга тикилди.
Ўзи билан оч итлар ҳудудини ажратиб турган саробдек ҳарир пардага яқин бориб, ниманидир аниқларман, деб ўйлади. Адашмаган экан. Пардага яқин ёндош йўлакка бир машина келиб тўхтади. Машинадан чиққан эркак ва аёлнинг икки қўнжи озиққа тўла эди. Улар авваллари ҳам кўп бор келиб-кетишган шекилли, пардага етиб, ҳеч иккиланмай қўл ушлашиб оч итлар ҳудудига “қийқириб” сакрашди… Парда ортига сингишди…
У исмсиз ваҳима ичида қолди. Титрай бошлади. Бутун бадани қизиб, юзлари лов-лов ёнди. Ҳароратидан қизил елим челак аввал бурушди, сўнг бужиб, эриб ерга оқиб тушди…

* * *Телефон жиринглади. У аввал рақамга қаради. Бир паст тикилиб, яшил тугмачани босди.
– Қандай бордингиз?
– Қил кўприкдан ўтгандай…
– Кетиб қолдингиз, бирдан, тинчликми?
– Қўрқдим.
– Қўрқоқ…
– Айбим бўйнимда…
– Қутулдим дейсиз-да.
– Итимга тутилмадим…
– Қанақа ит яна?
– Бўшаб-бўшалмаган ит.
Аёлининг гапи ташқаридан келиб, суҳбат узилди.
– Ким билан гаплашяпти, ана ити яна бўшалиб кетди, бойласа-чи.

* * *

У ҳовлига чиқди. Ити уясини олдида боғлангандай турарди.
– Жойида-ку?
Аёл дарвозанинг кираверишини супурар экан, жавоб қилди:
– Ҳозир мени кўриб уясига қайтди-да.
У итининг ёнига борди. Ит эгасининг оёқларига эркаланиб бошини қўйди. Итнинг бўйинбоғи занжирдан чиққан экан. У занжирни бўйинбоққа илмоқчи бўлиб тўхтади. Қаршисида аллақачон ўлиб кетган Олапар ётганини кўрди. У ҳайрат билан аёли томон ўгирилди. Айб устида қўлга тушган боладай довдиради. Аёли қўқимларни олар экан, қайрилмай гапирди:
– Боғласа боғласин-да, ўтирадими?..
У бу гапдан ҳушёр тортди. Ит томон бурилди. Не кўз билан кўрсинки, Олапар йўқ, малла Сиртлон кўзлари йилтираганча унинг оёқларига тумшуқ тираб тикилади.
У Сиртлоннинг бўйнига занжирни илди.
Сиртлон занжирни шилдиратиб нари кетди.

* * *

Ошхонадан қизининг овози эшитилди:
– Дада, оғиз очиш вақти келди…

Манба:«Шарқ юлдузи» журнали

011

(Tashriflar: umumiy 207, bugungi 1)

Izoh qoldiring