Anvar Obidjon. Aytmishlari va fiqralar.

033
8 январ — Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон таваллуд топган кун.

    Анвар Обиджон ҳақида сўз айтиш осон иш эмас. Ижодкор ва шахс сифатида ҳам, оддий инсон сифатида ҳам у шу қадар серқирра сиймоки, агар тўрт хусусиятини айтсангиз, яна ўн хусусияти қолиб кетади. Мен эса, айниқса, ўз яқинларим, жигарларим ҳақида дурустроқ сўз топиб айтолмайдиган нўноқлардан бириман. Фақат ишонч билан айтишим мумкин бўлган гап шуки, Анвар ўзбек болалар адабиётининг йирик ижодкорларидан бири. (Миразиз Аъзамнинг «Болакайларнинг миннатсиз хизматкори» мақоласидан).

055

099
Анвар Обиджон 1947 йил 8 январда (ҳужжат бўйича 25 январда) Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги Полосон қишлоғида туғилган. Айтишларича, бу қишлоққа қадимда машҳур бўлган Болосоғун шаҳрига ҳавас қилиб ном берилган, бора-бора, кишилар тилида Полосонга айланиб кетган.
Ёш Анвар қишлоғидаги 13-мактабнинг еттинчи-саккизинчи синфларида ўқиб юрганида чекка маҳаллалар аҳолисига текин хизмат кўрсатувчи сайёр киночига шогирд тушиб, касб ўрганди, 9-синфда Фарғона шаҳридаги 11-мактабда кечки синфда таҳсил олди, сўнг яна Олтиариққа қайтиб, 1-мактабнинг кечки синфида ўқиш билан бирга, пахта тайёрлаш завод-пунктида тракторчилик қилди. Мактабни битиргач, тоғ орасига жойлашган қирғизовул “Рудник-кон”ида кон бурғиловчиси бўлиб ишлади, Полосон қишлоқ ижроқўми қошидаги кутубхонани бошқарди, Самарқанд Молия техникумини тугаллади, 1966–1969 йилларда ҳарбий хизматни ўтади.
Армиядан қайтиб, аввалига ўз қишлоғидаги колхозда пахтачилик бригадаси табелчи-ҳисобчиси, кейинчалик қўшни қишлоқдаги колхозда Граждан мудофааси штаби бошлиғи, клуб мудири бўлиб ишлади. Туман газетасига мухбирликка ўтгач, бошқатдан “Меҳнат дафтарчаси”очдириб, ҳаётининг кўпдан орзулаб юрган янги даврини топ-тоза саҳифадан бошлади.

Анвар Обиджон 1974 – 1979 йиллар давомида ҳозирги Тошкент Миллий университетининг журналистика факултетида сиртдан таълим олди. У 1969 йилда турмуш қуриб, 1970 йилда Баҳром, 1972 йилда Баҳодир, 1975 йилда Бобур, 1978 йилда Ботир, 1980 йилда Бунёд исмли фарзандлар кўрди. Мустақилликкача ҳукумат нишонлари, адабий мукофотлар билан тақдирланмаган, собиқ империянинг айрим республикаларида бўлганини ҳисобга олмаганда, чет эл сафарига чиқмаган.

Кўпқиррали адиб сифатида танилган Анвар Обиджон болалар учун ҳам, катталар учун ҳам қатор қиссалар, шеърлар, достонлар, ҳикоялар, пьесалар битган. Ҳозирга қадар ўттиздан ортиқ китоблари нашр этилди
Анвар Обиджоннинг драматургиядаги фаолияти болаларга аталган “Қўнғироқли ёлғончи” номли комедияси 1983 йилда Тошкент Ёш томошабинлар театрида саҳналаштирилганидан бошланди. Шундан эътиборан ушбу театрда ҳамда Фарғона, Қарши, Қўқон, Гулистон театрларида унинг “Паҳлавоннинг ўғирланиши”, “Топсанг – ҳай-ҳай” (“Қоринботир)”, Самозванец” (“Қўнғироқли ёлғончи”нинг русчаси), “Наврўз ва Бойчечак”, “Аламазон” каби пьесалари қўйилди. “O‘zbekfilm” киностудиясида бу адиб сценарийлари асосида “Тилсимой – ғаройиб қизалоқ”, “Даҳшатли Мешполвон” комедиялари кино тасмасига туширилган.
Анвар Обиджонга 1998 йилда “Ўзбекистон халқ шоири” унвони берилган.

011

Анвар Обиджон
АЙТМИШЛАРИ ВА ФИҚРАЛАР
Эълон қилинган адиб суҳбатлари асосида «Хуршид Даврон кутубхонаси» саҳифаси томонидан тайёрланди.

021    Ижодкор бўлишимга сабаб нима? Бу ҳақда жуда кўп ўйлайман-у, қатъийроқ хулосага келолмайман. Эртак тинглашни ҳаддан зиёд яхши кўрганим десам, эртакни ёқтирмайдиган боланинг ўзи йўқ. Бадиий китоб ўқишга муккамдан кетганим десам, мендан ўн чандон “китобхўр” мактабдошларим ҳам бор эди…
Фақат бир нарса ёдимда яхши сақланиб қолган: дадам билан шаҳарга борганимда, киоскада турган чиройли ўзбекча журналга кўзим тушди, уни сотиб олдик. Бу янги пайдо бўлган “Ғунча” журналининг дастлабки сонларидан бири экан. Ундаги айрим шеърлар кўзимга жудаям оддий кўринди-ю, кўнглимда ўз-ўзидан “мен ҳозироқ бундан яхши ёза оламан”, деган фикр уйғонди. Кейин, илгаригидек онда-сонда ёзмай, журналга кунига, кун оралаб шеърлар жўната бошладим. Олтинчи синфдалигимда “Ғунча” ходими Миразиз Аъзамнинг кичик таҳрири билан, ниҳоят, шеърим биринчи марта эълон қилинди. Шундан бери “шоирман” деб ёзиб келяпман.
Лекин, бу гапим билан, ижодкор бўлишимга журналда босилган бўш шеърлар сабабчи, демоқчи эмасман.

021    Шахсий китобим сифатида хотирамда қолган биринчи китоб – “Алифбе”.

021   Болалигимда кўпроқ эртак ва халқ достонларини ўқирдим. Гўрўғли, Алпомиш, Авазхон, Барчин, Зуклхумор, Қиличботир образлари бир умр ёдимда қолди. Кейинроқ улар сафига Буратино, Робинзон Крузо, Геклберри Фин қўшилди. Бундан ташқари, классик шоирларимиз ғазалларини тушуниб-тушунмай, ҳадеб титкилайверардим. Машрабнинг баъзи ғазалларига 6 – 7 синфда ўқиб юрган пайтларимда “мухаммаслар” ҳам битганман.

021 Ҳозирги болаларда ярқ этиб кўзга ташланадиган яхши хислат – оғзидагини олдириб қўядиган, ландавур бўлмасликка интилиш. Ёмони эса… улар кўпинча тараққиёт сеҳргарликлари ортидан чопқиллашга берилиб кетиб, ҳақиқий мўъжиза – табиат ва ундаги жонзотларга бефарқ бўлиб қолишмаяптимикан?

021  У ёки бу халқнинг оғзаки ижоди нечоғли ранг-баранг, нечоғли теранлигига қараб, ўша халқнинг ўтмиш маданияти қанчалар юксак бўлганини билиб олиш мумкин. Ўзбеклар бу борада дунёдаги энг бой халқлардан бири экани билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

021 Замонавий эртаклар ўтмишимизнинг покдил куйчиси, бугуни- мизнинг куюнчак хизматкори, келажагимизнинг чапани фолчиси бўла олмоғи лозим. Бунга қурби етмаса, у эртак эмас.

021  Ҳақиқий инсон, аввало, ўз юртининг камситилишига йўл қўймай- ди, юртдошларига қўриқчи бўлишга тиришади.
-“Келажак бугундан бошланади” деган гапга энг содда мисол шу: фарзандим бугун ўзбекча гапиряпти, демак Ўзбекистон мендан кейин ҳам тураверади.

021   Чин маънодаги китобхонлик инсоннинг ўз қадр-қимматини тў- лароқ англаб етишга бўлган интилишидир.
Мутафаккир шоир Пушкиннинг мен учун ҳикматга айланган икки шеърий сатри бор:
Лоқайд қабул этавер мадҳу туҳмат барисин,
Аҳмоқ билан эса ўчакишма ҳеч.

021   Алдагани бола яхши, деб айтилган маталнинг таг-замирида “болани ҳар қандай аҳмоқ ҳам алдай олади”, деган маъно ётади. Одатда, болалар жуда кўп савол беришади. Уларнинг саволига тўғри жавоб қайтариш учун катталар маълум даражада ақлли бўлишлари керак.

021   Ёзганларини катталарга манзур қилолмаган ижодкор назардан қолади холос. Болаларга тутуруқсиз асар тутқазган адиб эса бутун бир адабиётни бадном қилади. Шу боис адабиётнинг келажаги олдида маънавий жавобгар эканини қалбининг туб-тубигача ҳис қилиб етмаган, болаларни қуруқ дабдаба ва мўмай қалам ҳақи учун “севган” қаламкаш кичкинтойлар учун ёзишдан ўзини тиймоғи керак…

021   Энг муҳими – ҳақиқатга таяниб, болаларни тўғри тарбиялашни кўзлаб ёзиш керак. Буни қандай уддалашни эса ҳар қайси ижодкорнинг ўзига қўйиб берган маъқул. Масалан, истеъдодли футболчи, моҳир теннисчи ва шербилак штангачига баландликка сакраш бўйича машҳур мутахассиснинг нуқтаи назаридан келиб чиқиб талаб қўйилса, спорт бундан фақат зарар кўрган бўларди.

021   Асарда фантазия, ривоятчилик, латифабозлик қанчалар кенг ўрин тутмасин, улар тўлиғича адиб ўртага ташлаган реал ҳаёт муаммоларини ҳал этишга хизмат қилиши даркор. Фантазиядан кўпроқ ҳангомабозлик учун фойдаланган ижодкор хато қилади.

021   Қуш инида, бола уйида кўрганини қилади. Болалар китоб мутолаасидан узоқлашиб бораётган экан, бу биринчи галда, оилаларда китобхон ота-оналар танқислашаётганидан далолат беради. Бунга биргина китоблар нархи қимматлашгани эмас, китоб савдоси тизимининг фаолияти сусайгани, қишлоқлар тугул, бир қатор туман марказларида ҳам китоб дўконлари йўқолиб кетгани катта сабабчидир.
Аслида, одамлар қаторида тирик юришимиз учун нон қанчалик зарур бўлса, одам деган номни оқлаб яшашимизда китобнинг аҳамияти шунчалар муҳимдир. Ер юзида чумолилардек тез урчиб бораётган инсоният, агар фан ва техника тараққиётига таянмаганида, аллақачон очликдан қирилиб кетган бўлиши мумкинлиги, неъматлар мўл-кўл- чилиги замирида борлиқ илму билимлар қулфининг қоғоз калити ҳисобланмиш китоб ётганлигини болалар мурғакликданоқ англаб етишларига эришмоғимиз керак. Японларга ўхшаб, фар-зандларимизни ҳали тили чиқиб улгурмасданоқ расмли китобларни варақлашга ўргатолсак, юртимизнинг эртанги кунидан ташвиш тортишимизга ўрин қолмайди.

Олманинг ўзини еб роҳатланмаган бола олманинг шарбатига бирон-бир ачқимтир дори эмасмикин деб безиллаб қараши турган гап. Ота-онаси, боғча опаси ўқиб берган ёки ўзи таталаб ўқиган бадиий асарлардан ҳузурланган болада китобга нисбатан меҳр, ҳурмат, энг муҳими – мутолаага қунт кўникмаси ҳосил бўлади, дарсликларга ҳам ўшандай қизғин иштиёқ билан ёндошади. Бадиий кито – ўзинг ёқтирган таом, дарслик – биров узатган овқат. Кейингисини суйиб ейиш-емаслигинг пазанда дидингни нечоғли яхши билишига боғлиқ.

021   Янги имлога ўтганимизни эътиборга олган ҳолда, энг аввало, жойлардаги барча кутубхоналарни лотин ҳарфида босилган китоблар билан тўлдиришимиз зарур. Турли хайрия тадбирлари ўтказиб келаётган саҳоватли пулдор кимсалар мактабларга, лицей ва коллежларга, боғчаларга китоб совға қилишни, иқтидорли болаларни оталиққа олишни кўпроқ одатга айлантирсалар, айни муддао бўларди. Бундай зотлар ҳатто қишлоқларига ўз ҳисобларидан кутубхона қуриб, унга китоблар олиб бериб, кутубхонасига маош тўлаб борсалар, юрт тараққиёти йўлида катта хизмат қилганлар қаторида номлари доим эъзозланмасмиди?

021  Биринчидан, ҳеч қандай компютер боланинг қўлидаги китобнинг ўрнини босолмайди. Иккинчидан, компютер ҳамма ерда ҳам оммалашган эмас (ҳозирча). Учинчидан, ёш болалар компютер сирларини тезда ўзлаштириб олишлари қийин. Қолаверса, қор кам жойда чанғичиликни ривожлантиришга уриниш самарасиз бўл-ганидек, китоблар нашри кўнгилдагидек тараққий этмаган муҳитда электрон китобхонлик ҳақида қайғуриш ҳам бефойдадир.

021   Кулгили асарлар болалар адабиёти боғининг атиргулидир. Болалар кулгига жуда ўч халқ. Уларни ёмон ишлар, бўлмағур одатлар устидан кулдириш – тарбиянинг энг самарали усулларидан бири. Кичкинтойларга аталган китобларнинг жаҳонда кўпроқ ва тезроқ оммалашганлари айнан кулгили асарлардир. Умуман олганда эса, адабиётда жанр ҳал қилувчи аҳамият касб этмайди, асосийси – асарнинг савиясидир.

021  Жаҳон адабиётидаги ўта машҳур асарларнинг катта қисми ўзбекчага таржима қилиб бўлинган. Лекин, уларнинг бари ҳам болалар тушунчасига мос тилда ўгирилган деб айтолмаймиз. Дунё болаларига аллақачон севимли бўлиб кетган Жеймс Крюс, Эрих Кастнер, Доктор Сиюз, Жон Чиарди кабиларнинг кўпгина асарларини ҳали фарзандларимизга ўзбекчада тақдим этиб улгурмаганимиз афсусланарли ҳолдир.

021  Беш нафар фарзандимнинг энг кенжаси ҳам ўсмирлик ёшига етган даврларда оилада “болалар тили”, “болалар феъли” бирдан танқисланиб, миттивойлар учун деярли ёзолмай қолдим. Уйда бирин-кетин неваралар пайдо бўлгани сари, яна аста-секин ўзимга кела бошладим. Бироқ, олдинги шаштимга қайтолганим йўқ.

021  Широқ, Тўмарис, Аҳмад Фарғоний каби буюк аждодларимиз, юртимиз тарихи ҳақида болаларбоп кичик асарлар, ҳажвий қисса, қувноқ ҳикоялар туркуми битиш, ўсмирлар учун шарҳли “Содда имло луғати” яратиш янглиғ ниятларим бор.

021  Адибликни “касб” деб бўлмайди. Касб-ҳунар эгалари бу соҳага қизиқувчанлиги туфайлигина эмас, тирикчилик тақазоси билан ҳам кириб келишлари мумкин. Адиб эса қўлига қалам олган чоғда “тирикчилик” деган гапни умуман хаёлига кеклтирмайди, уларнинг кўплари бошқа соҳаларда ишлаб юриб, бошқа бир юмуш орқали рўзғор тебратиб, адабиёт майдонига аста-секин кириб келишади. Касб эгаларини аниқ бир мақсадда қазилган каналларга, ижодкорларни табиий равишда пайдо бўлган сойларга ўхшатиш мумкин.

021 Адибнинг вазифасига келсак, кўнглидагини ўзгаларга изҳор қилишда ўта холис ва ҳалол бўлиш, қаламини ўзи ёқтирмаган кишилар ёки тоифаларга қарши қуролга айлантириб олмаслик, атрофдаги одамларга биринчи навбатда юртдош, миллатдош сифатида меҳр билан қарашга ўрганиш, феъл-атвори қуюшқондан чиққанларни яхшиликча тўғри йўлга етаклашга уринишдир. Халқнинг тарихи, кўҳна маданияти, тили, гўзал урф-одатлари кабиларни асраш ва бойитишга кўпроқ ҳисса қўшиш, маънавияту қадриятларимизнинг заррача ҳам завол топмаслиги учун курашиш адибнинг оддий ҳаёт тарзидир.

021   Аввало, адабиётнинг олдига вазифа қўйишда узоқ муддатни назарда тутиб иш кўрган маъқул. Бир-биридан улкан ютуқларимиз ҳад-ҳисобсиз, аммо муаммоларимиз, дардларимиз ҳам анчагина. Ҳар бир адиб теваракдаги воқеаларга ўз кўзи билан қарайди, муаммоларни ўзича таҳлил қилади, ечимини ўз билими ва тушунчаси даражасида қидира бошлайди. Ўйлайверади, таҳлил қилаверади, лекин ички бир овоз: “Энди ёз!” – деб буйруқ бермагунча, қўлга қалам ололмайди. Айтмоқчиманки, адабиётнинг олдига эл-юрт манфаатига қаратилган вазифаларни қўйиб туриш фойдадан ҳоли эмас, фақат адибни шошилтирмаслик лозим. Адиб юртидаги жараённи, лоақал, ўзини қизиқтирган томонларини синчиклаб кузатиб боради, хулосалар чиқаради, бир тўхтамга келади, шундан кейин “тўлғоқ” бошланади. Агар ижодкор шошиб иш кўрса, асар тўққиз ойда эмас, етти ойда туғилган боладек нимжонроқ бўлиб қолиши ҳеч гапмас…

021   Асарнинг даражаси эса ёзувчининг, шоирнинг маҳоратига боғлиқ. Маҳорат бирламчидир.

021   Фақат уйда ёзишга ўрганганман. Ёзганда ҳам, ўзим кўниккан, атрофимда китоб-питоблардан бўлак нарса бўлмаган, фикримни бошқа томонга тортмайдиган безаксиз хонада, болаликдан ўрганиб қолганимдек, тўшакка ётиб олиб ёзаман. Стол-стулда ўтирсам, ўзимни расмий кимсадек ҳис этаман-у, илҳомим қочади. Тошкентга келганимга чорак асрдан ошаётган бўлса, курорт ва санаторийларга бориш у ёқда турсин, ҳатто ёзувчилар боғига бериладиган текин йўлланмалардан ҳам бирон марта фойдаланган эмасман, ўрнимга менинг номимдан бошқа танишларим бориб, тинчгина ижод қилиб келишарди.

021  Бешта фарзандим бор. Уларнинг бари мен учун суюкли, бирдек яхши кўраман. Фарзандларимга “буниси донороқ”, “буниси ботир”, “анавиниси ёқимтой, қувноқ” деганга ўхшаш гаплар билан фақат четдаги кишиларгина холис баҳо беришлари мумкин. Агар қулайроғи ҳақида тўхталсак, болалар шеърияти йўриғимга осонроқ юрадиган фарзандимга ўхшаб кетади.

(Фарзанд тарбиялашда) алоҳида тарбиявий услубим йўқ, улар билан кам гаплашаман, ишига, ўқишига кам аралашаман. Аммо уларнинг рўзғордаги эркакча ишларни билишлари, жисмоний чиниқишлари, майдароқ бўлсаям бирорта касб-ҳунар ўрганиб қўйишларига алоҳида эътибор билан қарайман. Биринчи бўлиб бировга ёмонлик қилмаслик, кучсизларни ранжитмаслик кераклигини кўп уқтираман.
Баъзан калтаклаганман. Лекин бу жуда нафратланарли усул.

021 Дидим, қизиқиш доирам, тушуниш даражамдан келиб чиқиб, энг суюкли адибларимнинг ҳам баъзи асарларини ёқтираман, айримларини кўнглимга сингдиролмайман. Юксак маҳорат билан, юрак-юракдан чиқариб ёзилган асарларнинг ўзимбопларига мухлисман. Ҳатто адабиётга эндигина кириб келаётган ёшларнинг чиройли нарсаларини ўқиб қолсам, қаттиқ ҳавасим келади, қанийди шуни мен ёзган бўлсам, дея энтикиб кетаман.

021   Навоий мактаби, Тагор мактаби, Толстой мактаби, Қодирий мактаби деганга ўхшаш гаплар юради. Булар катта мактаблар. Агар адибга худо етарли истеъдод берган бўлса, ўзи алоҳида мактаб яратолмаган тақдирда ҳам, бирон-бир катта мактаб ичида, ҳеч бўл- маса, кичкина мактабчасини ярата олади, ундан ўрганувчилар, унга эргашувчилар пайдо бўлади. Воқеалар баёнида, фикрлар ифодасида, қаҳрамонлар яратишдаги ўта ўзига хослик, тилдан фойдаланиш маҳорати мактаб ёки мактабча яратилишига асос бўлади, бошқа қаламкашларни ўзига эргаштиради. Энг зўр адиб ҳам олдин кимгадир эргашади, сўнг ҳатто мактаб яратишга эришиши мумкин. Кимларгадир эргашиш босқичидан ўтиб, кимларнидир эргаштириш даражасига етиш етиш ҳамма қаламкашга ҳам насиб қилавермайди.

021  Ҳажвия ёзишни Абдулла Қодирий ҳангомаларига тақлид қилишдан бошлаганман. Катталар шеъриятида Эркин Воҳидовдан, Сергей Есениндан кўп таъсирланганман. Менинг ёзганларим ҳам баъзиларга озми-кўп таъсир ўтказган экан, бундан фақат қувониш мумкин.

021  Абдулла Қодирийнинг ҳажвий асарлари менинг жон -дилим. Айниқса, “Калвак махзумнинг хотира дафтаридан” қиссасини ўн марталаб ўқиганман. Асарни бу қадар ёқтиришимнинг сабаби битта – у мислсиз маҳорат билан ёзилган. Айрим қаламкашларимизнинг ўз уқувсизликлари туфайли таниқли донишмандларни каллаварам қилиб тасвирлаш ҳоллари ҳам бўлган. Қодирий эса чалафаҳм одамни чала донишманд даражасига кўтара олган.

021   Асарни топшираман-у, ғойиб бўламан. Театр режиссёрлари саҳналаштириш жараёнида ёнларида ўтириб, баъзи ўзгартиришларни қилишга кўмаклашиб туришимни сўрашади. Кўпинча чап бераман. Кинорежиссёрлар, ҳеч бўлмаса, оммавий кўринишларда бир суратга тушиб қўйинг, эсдалик бўлади, деб ҳам кўришган, унамаганман. Ҳатто ёзган шеърларимни ифодалироқ қилиб ўқиб беришга эпим йўқ, артистликни ким қўйибди менга. Ҳар ким ўз ишини қилгани яхши.

021   Кўҳна Туркистонда катта юртлар, улкан шаҳарларга ҳавас қилиб ном қўйишлар кўп бўлган. Масалан, Фориш, Бағдод кабиларни олайлик. Болосоғун бир пайтлар Туркистоннинг бошкенти бўлган. Бизнинг қишлоғимиз пайдо бўлаётганида шу жойга ҳавас қилиб ном беришган экан, кейинчалик бузиброқ (Полосон деб) айтила бошлаган. Фалон сўздан келиб чиққан, деган бошқа тахминлар ҳам бор, аммо уларнинг бири арабча, бири форсча. Қишлоғимиздаги маҳаллаларнинг деярли барчаси Қапчуғай (Қопчиқ жой), Қувирбоши, Товоқчи, Қирчин, Кал- тўпи, Кармак (курмак босган ер) каби туркий номлар билан аталган бир пайтда қишлоқнинг бошқа тилда номланиши мантиққа зид.

021  Узоққа бормай, Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз”ини олайлик ёки Қодирийнинг “Ўткан кунлар”ини. Асосан, бахшиёна айтилган ишқий гаплар (дуппа-дуруст адибларимиз яқинларда ҳам “Ўткан кунлар”ни шунчаки эртакка ўхшаган нарса деб минбарлардан гапиришган) гўё. Лекин Чўлпон ва Қодирийнинг буюклиги, суюклиги шундаки, улар ҳам Навоийнинг беназир ғазалларидан кўра эртак ва достонларни тезроқ ҳазм қилишга кўникиб кетган “авом”, аслида, ўзбекнинг (бошқа кўп халқларда ҳам шу) аксар қисмини ташкил этишлигини жуда теран илғаб етганлар. Энг нозик фикрларни, ўта улкан ғояларни ўшалар севган “эртаклар”нинг ич-ичига сингдирибгина уларни “ўзимизникилар”га айлантириш мумкинлигини ҳайратланарли тарзда жуда эрта тушуниб олишган.

021    Ўзбек хом саримсоқ ейишни ёқтирмайди. Бунинг ягона йўли – саримсоқни у азал-азалдан яхши кўрадиган ошга қўшиб пишириб едириш. Аммо ошпаз зўр бўлиши шарт. Шавлага ўхшаб қолган ош ҳам, ундаги саримсоқ ҳам ҳеч кимга ҳузур бағишлолмайди. Айтмоқчиманки, асосий гап маҳоратда, “катта мавзу”ни бемаза қилиб ёзгандан кўра, “майда мавзу”ни “ўрмалатиб қўйиш” минг марта афзал – лоақал дидни, завқни, тилни “тарбиялайди”-ку. Қодирийчилар эса нафақат назокатни, улкан ватанпарварликни ҳам дилларга сингдиришган.

021   Мен ниҳоятда режасиз одамман. Мен орзу-ҳавас, жуда нари борса, яхши ниятга таяниб яшайман. Овчи эртага тўнғиз отишни режалаштиргани билан у борган тўқайга умуман тўнғиз ораламай турволиши мумкин.

021   Нима ёзгим келса ёзавераман. Бу яхшими, ёмонми, тўғрими ё нотўғ- рими, уёғини билмайман ҳам, билишни хоҳламайман ҳам. Буни изоҳлашни тақдир бошқа бир кимсанинг зиммасига юклаган бўлса, ажабмас.

021   Ҳар қандай ижоднинг замирида ишқ ётади. Ишқий юмушларни эса иложи борича ўтириб, айниқса, тик туриб бажармаган маъқул.

021 Соат тунги учлар эди. Бешариқлик бир танишимизнинг тўйидан Олтиариққа қайтиб келаётиб, йўлда машинамизнинг бензини тугаб қолди. Атроф дала. Машинадан тушиб, дала ёққа кетган йўл томонга диққат билан тикилдим. Узоқда милтиллаган чироқ кўринди. Иккита шеригимизни машинада қолдириб, шофёр иккаламиз ўша тарафдан нажот излаб кетдик. Омадимиз чопиб, қайсидир колхознинг гаражига бориб қолибмиз. Қоровул чол арзимизни эшитибоқ, мурувват кўрсата қолди. Шофёр ва қоровул қаторлашиб турган машиналар сари юришгандаю мен фурсатни бой бермай, ортга қайтдим. Шериклар билан бирга машинани гаражга итариб келганча қора терга ботдик. Бир пақир бензин олган шофёримиз бизни кутиб турарди. Чолга пул берсам, олмай, чой тутди: “Афандинамо йигитлар экансизлар”, деди. “Нега бундай дейсиз?” –деб таажжубландим. “Ўзинг ўйлаб кўр, болам, — деб хиёл жилмайиб қўйди у. – Зил-замбил машинани шунча жойга итариб келгандан кў- ра, бир пақир бензинни ўша ёққа кўтариб борақолсаларинг осонроқ бўлмасмиди?”
Ҳаётимда кулгили туюлган воқеаларнинг биттаси шу.

021  Ҳаётда қанча-қанча яхши инсонларни кўрдим, уларнинг холисона одамгарчилиги боис униб-ўсдим, озми-кўп обрў-эътибор топдим. Айримлар панд берган бўлса, буям ёзиқда бор экан. Муҳими – яхшилардан, яхшиликлардан куч олиб яшай олдим, яхши кунларни кўп кўрдим. Шуларни ёзмасам бўлмайди.

021   ТОШПЎЛАТ ТАЖАНГ АНКЕТАСИГА ЖАВОБЛАРДАН

1. Суқротнинг “Ўйлаб-нетиб ўтирмай шартта уйлан, хотининг яхши чиқса-ку – хўп-хўп, ёмон чиқса – файласуф бўласан”, деган гапини ёшларга изоҳлаб беролмайсизми?
— Суқрот бобонинг бу гапини “оламда хорлик кўрмайин десанг, уйланишдан олдин фалсафа билан қаттиқ шуғулланиб юравер”, деб тушунганлар кам бўлмайди.
2. Мабодо, тижорат билан шуғулланишингизга тўғри келиб қолса, нима билан савдо қилган бўлардингиз?
— Оддий гапни олиб, бадиийлаштириб сотиш билан кун кўриб келяпман-ку.
3. Винолардан бири “Жасорат” деб аталади. Бошқа шаробларга яна қандай номлар бериш мумкин? Нима учун?
— “Шоҳсанам” деб атаган маъқул. Чунки, винохўрлар “Ғариб”ликка энг ёрқин номзоддир.
4. Нега карнай нотага қараб чалинмайди?
— Нота – қонун, карнай – туғма қонунбузар.
5. Қандай яхшиликдан қандай ёмонлик яхши?
— Душманинг елкангга миниб мақташидан кўра, оёғингнинг тагида ётиб қарғаши яхшироқ.

Матбуотда эълон қилинган адиб суҳбатлари асосида «Хуршид Даврон кутубхонаси» саҳифаси томонидан тайёрланди.

(Tashriflar: umumiy 343, bugungi 1)

Izoh qoldiring