Ashurali Jo’rayev. Donishmand

Ashampoo_Snap_2017.11.06_20h15m16s_009_.pngСаҳифа таниқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишланади

  Биз Шароф Рашидов даврининг фарзандларимиз. У киши республикамизга раҳбарлик қилган йилларда дунёга келдик, ўсиб-улғайдик, ўқидик, вояга етдик. Ўша тузум тақдиримизга ёзган яхши-ёмон кунларни кўрдик, оғир ва мураккаб кунларнинг азобларини тортдик, синовларидан ўтдик. Айни пайтда яхши, нурли, қувончли кунлардан ҳам баҳраманд бўлдик. Бандаси ўтган кунларга баҳо беришда шошма-шошарликка асло йўл қўймаслиги керак экан. Тарих ҳамма-ҳаммасини ўз ўрнига қўйганида бунга амин бўлади, киши.

ДОНИШМАНД
Ашурали ЖЎРАЕВ
09

23244020_1755882111120432_3366861188187050890_a.jpgБиз Шароф Рашидов даврининг фарзандларимиз. У киши республикамизга раҳбарлик қилган йилларда дунёга келдик, ўсиб-улғайдик, ўқидик, вояга етдик. Ўша тузум тақдиримизга ёзган яхши-ёмон кунларни кўрдик, оғир ва мураккаб кунларнинг азобларини тортдик, синовларидан ўтдик. Айни пайтда яхши, нурли, қувончли кунлардан ҳам баҳраманд бўлдик. Бандаси ўтган кунларга баҳо беришда шошма-шошарликка асло йўл қўймаслиги керак экан. Тарих ҳамма-ҳаммасини ўз ўрнига қўйганида бунга амин бўлади, киши.

Ҳақиқатдан ҳам тарих – адолат посбони… Вақт энг зўр даво…

Яхши эслайман: саккизинчи синфда ўқиётганимизда Зарафшон дарёсининг сувини тақсимлайдиган Зарафшон гидроузелининг очилиш маросимига биз, мактаб ўқувчиларини ҳам олиб боришган. Гидроузелни ўша пайтдаги Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидов очган. Биз, ўқувчилар Шароф акага яқин жойда турганмиз. Шу сабабли у кишининг нур ёғилиб, кулиб турган самимий чеҳраси ҳамон кўз олдимда. Кутилмаганда йиғилган одамлар орасидан бошига оқ рўмол ўраган бир нуроний момо қўлида конверт билан Шароф Рашидов томон кела бошлади. Шунда милиция ходимлари кампирни тўхтатди. Момо олдинга интилишга ҳаракат қиларди. Милиция кийимидаги баланд бўйли кишининг кўрсатмаси билан онахоннинг йўлини тўсишди. Ҳамманинг диққати унда эди. Кутилмаганда Шароф ака қўлларини чўзиб, «ўтказиб юборинглар» ишорасини қилдилар. Момога йўл беришди. Шароф ака фариштасифат момони бағирларига босиб кўришди ва у узатган конвертни олиб, ёнидаги одамга берди. Йиғилганлар чапак чалиб юборди. Бу Шароф акага қарсак орқали айтилган самимий эҳтиром ва раҳмат рамзи эди…

Шу-шу, Шароф Рашидовга меҳрим тушиб қолган. Давлат раҳбари, яъни эл отаси шу инсондай меҳрибон, самимий ва фидойи элпарвар бўлиши керак, деган хулосага келганман. Бу қатъий фикр қалбимда мустаҳкам ўрнашиб қолган. Чунки ўша момо оддий одамларнинг муштипар вакили эди. Унингдай хокисор одам учун бу воқеа катта бахт.

Қуйидаги воқеани эса, устозимиз – Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов айтиб берган эди.

– «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида иш бошлаган кезларимда кутилмаганда Шароф аканинг бир шеърини газетада танқид қилиб юбордик. Роса тўполон бўлди. Ҳар куни беш-олтита тушунтириш хати ёзамиз. Дўстларимдан бири: Шароф Рашидов ҳузурига кириб, бўлган воқеани ўзингиз очиқ-ойдин тушунтиринг, у киши яхши инсон, деб қолди. Қабул сўраб Шароф аканинг ҳузурига кирдим. Кирдиму дабдурустдан:

– Шароф ака, каминани газетага Бош муҳаррир этиб тайинладингиз. Раҳмат сизга. Лекин ишни сизни танқид қилишдан бошлаб, жуда хижолатдаман, – дедим. У киши дарҳол сўради:

– Ҳеч кимни жазоламадингларми?

Бу саволдан сўнг айрим ходимларга «ҳайфсан» берганимизни айтолмадим.

– Ўзингиз ҳам ижодкорсиз. Тушунасизку, Одилжон! Асар ёзилгандан сўнг паст-баланд гаплар, танқидий фикрлар бўлишини жуда яхши биласиз. Бундан асло хафа эмасман. Энди бу масалага нуқта қўяйлик. Сиз менга таҳририят олдида турган масалалар, муаммолар ҳақида гапириб беринг. Мендан қандай ёрдам керак? – деб қолдилар Шароф ака.

Шунда у кишининг марҳамати билан таҳририят ходимларига иккита янги квартира ва каминага янги хизмат машинаси бериш учун тегишли вазирликларга телефон қилиб, масалаларни жойида ҳал этдилар.

Яна бир характерли воқеани ҳам Одил Ёқубовдан эшитганман. Шароф Рашидов 50 йиллигини нишонламаслик ҳақида махсус кўрсатма берган. Фақат Марказқўмнинг кичик залида бир гуруҳ зиёлилар вакиллари йиғилиб у кишини табриклаганлар. Вакиллар орасида кинематографчилар, театр ва санъат арбоблари, ёзувчилар бўлган. Ўша кезларда Эркин Воҳидовнинг «Ўзбегим» қасидаси ҳақида паст-баланд гап-сўзлар айтила бошлаган, Марказқўмга шоир устидан шикоят тушган эди. Табрикловчилар сафида Эркин Воҳидов ҳам бор эди. Залга Шароф Рашидов кириб келдилар. Йиғилганлар билан бир чеккадан қўл бериб, кўриша бошладилар. Эркин Воҳидов билан юзма-юз келганларида шоирнинг пешонасидан ўпиб: «Сиз ҳақиқий истеъдодли шоирсиз, ўз номингиз билан Эркинсиз. Шундай ёзаверинг!» дедилар. Чунки ўша даврада Эркин Воҳидов устидан бўлмағур гапларни тарқатиб юрган айрим «ичи қора» кимсаларнинг маслаҳатгўйлари ҳам бор эди. Шароф аканинг Эркин Воҳидовга кўрсатган меҳр тўла муносабати ҳасадгўйларга аниқ ва лўнда жавоби эди. Шу билан «Ўзбегим» ҳақидаги гап-сўзларга чек қўйилди.

Бундай кўнгилсиз воқеа атоқли шоир Абдулла Ориповнинг «Жаннатга йўл» драмаси билан ҳам содир бўлган. Драма «Муштум» журналида эълон қилингандан сўнг, асардан «сиёсий хато» топган бир гуруҳ кўрольмас кимсалар драманинг ҳажмидан катта шикоят хати ёзганлар. Хат Шароф Рашидовгача етиб борган.

Ўша кезларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг навбатдаги қурултойи бўлган. Узоқ йиллар уюшмага раислик қилган Комил Яшинга истеъфо берилиб, у кишининг ўрнига Сарвар Азимов сайланган.

Кўпгина ҳамкасбларимиз яхши эслайдиларки, ўша қурултойда Абдулла Орипов «Маломат тошлари» деб номланган янги шеърини ўқиб берганди. Шеър тугагач, зални олқишлар босиб кетган эди. Қурултойда иштирок этаётган Шароф Рашидов ўрнидан туриб, қарсаклар садоси остида қолган шоир томон юрди. Абдулла ака ҳам дарҳол у кишига пешвоз чиқди. Шароф ака ўшанда ардоқли шоиримизни қайта-қайта бағрига босиб, қўлларини сиқиб пешонасидан ўпиб қўйди. Бу ҳам истеъдодли шоирга чексиз эҳтиром ва айни пайтда иғво хати ёзган ғаламисларга берган жавоби эди.

Бундай мисолларни Шароф Рашидов ҳаёти ва фаолиятидан кўплаб келтириш мумкин. Бундай эзгу ишларни фақат донишманд раҳбар, адабиётнинг келажагини ўйлаган фидойи, бағрикенг инсонгина амалга ошириши мумкин эди.

Шароф Рашидов халқпарвар раҳбар бўлиш билан бирга, етук ёзувчи ҳам эди. У кишининг қаламига мансуб «ўолиблар», «Бўрондан кучли», «Қудратли тўлқин», «Кашмир қўшиғи», «Дил амри» сингари асарлари қўлма-қўл ўқилганига гувоҳмиз. Ўзимиз ҳам бу ажойиб асарларни маза қилиб ўқиганмиз. Ўша замон руҳини ёрқин очиб беришда бу асарларнинг аҳамияти катта бўлган. Ўша асарларни замон акси сифатида бугун ҳам чоп этса бўлади, деб ўйлайман…

Ўзбекистон Республикасининг шўро даврида энг узоқ ишлаган раҳбари Шароф Рашидовнинг вафоти халқимизни чуқур қайғуга солганди. Ўша кезлар Марказнинг топшириғи билан «пахта иши» туфайли текшир-текшир авжига олган алғов-далғов давр эди.

Шароф Рашидовнинг ҳам пок номига қора чапламоқчи бўлдилар, у кишини бадном қилишга уриндилар. Лекин қандай таҳдидлар, қўрқитишлар, таъқиблар бўлмасин, бу табаррук номни халқимиз қалбида гавҳарни асрагандай асради.

Ўзбекистон Қаҳрамони, таниқли олим Озод Шарафиддинов чин дилдан куюниб ёзганидек: «Ўзбекнинг яқин ўтмишдаги атоқли арбобига нисбатан жуда катта адолатсизликка йўл қўйилди. Бундай муносабат ўзбек халқининг шаънига ҳам ярашмайдиган бир иш эди. Энг ёмони шу бўлдики, зални тўлдириб ўтирган одамларнинг ҳаммаси Шароф Рашидовни кўрган, шахсан танийдиган, унинг яхшиликларидан баҳраманд бўлган, ҳаётлигида унинг соясига кўрпача ёзиб юрган одамлар эди. Рашидов шаънига ёғдирилган бўҳтонларни кимлар ачиниш ва таассуф туйғуси билан, кимлар лоқайдлик билан, лекин ҳаммалари қўйдай ёввошлик билан индамай ўтириб эшитишди ва қарсаклар билан қўллаб-қувватлашди ҳам. Залдагилардан биронта одам ўрнидан туриб, марҳумнинг ҳимоясига бир оғиз ҳам гап айтишга журъат қилолмади».

Айтишларича, машҳур авар шоири, ўзбек халқининг яқин дўсти ва биродари Расул Ҳамзатов билан журналист Анвар Жўрабоев суҳбат қурмоқчи бўлиб, розилигини олиш учун у кишига қўнғироқ қилса, «Йўқ, ўзбеклар билан суҳбат қилмайман. Сизлар улуғ инсон, машҳур ёзувчи ва давлат арбоби Шароф Рашидовни бадном қилдинглар», – деб трубкани қўйган экан.

Ўша даврда бўлган бундай аянчли воқеа-ҳодисаларга кўп гувоҳ бўлганмиз. Бу улуғ зотни қабридан чиқариб бошқа жойга дафн этганларини ҳам кўрганмиз. Фақат томошабин бўлганмиз. Қўлимиздан ҳеч нарса келмаган. Бу ярамас одатларга ҳамон қонимизда «барқ уриб» келаётган уруғ-аймоқчилик, маҳаллийчилик, кўрольмаслик иллатлари, асосийси қўрқоқлигимиз сабаб бўлган. Шу боис ўз фарзандимизнинг пок шаънини, ғурурини асрай олмадик, дадил туриб ҳимоя қилолмадик. Шундай пайтда шоирнинг ўтли мисралари тилга келаверади: «Қачон халқ бўласан, эй, сен оломон?..»

У киши она халқини жуда севарди, оддий одамлар билан тез-тез кўришмаса уларни соғиниб қоларди. Шу боис Шароф Рашидов халққа суяниб, ундан мадад олиб ишлади. Халқ билан мулоқот унинг жон-дили эди. Ҳаёт ҳикматларини халқдан ўрганарди, халқдан куч-қувват, ғайрат-шижоат оларди. Айниқса, кўпни кўрган, катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган оқсоқоллар билан маслаҳатлашиш, улар билан бўлажак ишлари ҳақида фикр алмашишни ҳеч қачон канда қилмасди. Унинг қулоғи халқ юрагида эди.

Шароф Рашидовнинг беминнат ва толмас мададкори оддий халқ эди.

У киши нимаики қурган бўлса, бунёд этган бўлса, обод қилган бўлса, Ўзбекистон ва ўзбек халқи учун қилди. Ҳаёти ва умрини шу Ватан ва халқига беминнат бағишлади. Ҳатто жонини ҳам аямади.

Шароф Рашидов раҳбарлик қилган даврда Ўзбекистон ривожланишдан, тараққиётдан бир лаҳза тўхтаган эмас. Ҳамиша олдинги сафларда бўлган.

У киши СССР деган девнинг катта қозонидан халқимиз насибасини ажратиб ола билди. Баъзан ортиғи билан…

Шароф Рашидов яшаган, ишлаган, айниқса, Биринчи раҳбар сифатидаги қизғин фаолият юритган йиллар ва ўша даврда рўй берган кескин зиддиятлар, турфа сиёсий ўйинлар изтироблар ҳақида ёрқин мисоллар билан ёзилган таниқли тарихчи олим Шуҳрат Эргашевнинг «Эрк истар кўнгил» («Ўзбекистон» НМИУ, 2017 йил) китоби бу улуғ инсон таваллудининг 100 йиллигига муносиб совға бўлди.

Китоб шундай ҳаётбахш сўзлар билан якунланган:

«Дарҳақиқат, ҳаммасини ўз ўрнига қўювчи олий ҳакам бу – вақт. Шу вақт масофасидан ортга боқиб, бугун, Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги арафасида инсоф ва адолат билан айтиш мумкинки, Шароф Рашидов ўз халқига, замонасига, ўзи ишонган ғояларга ҳалол хизмат қилган, ўз умрини ҳалол ва покиза яшаб ўтган ўзбек халқининг ХХ асрдаги улуғ фарзандларидан бири эди».

Бу бир буюк донишманд, улуғ инсон, доно раҳбар, фидойи халқпарвар ва беназир ёзувчига берилган юксак баҳо. Худо берган инсонгина шундай мартабаларга ва боқий бахтга муяссар бўлади.

Бугун мустақил Ўзбекистонда бўлаётган улкан ўзгаришларда, кенг кўламли тараққиёт жараёнида Шароф Рашидовнинг руҳлари ҳам мададкор бўлаётир. Бунга асло шубҳа йўқ.

image.jpg Biz Sharof Rashidov davrining farzandlarimiz. U kishi respublikamizga rahbarlik qilgan yillarda dunyoga keldik, o‘sib-ulg‘aydik, o‘qidik, voyaga yetdik. O‘sha tuzum taqdirimizga yozgan yaxshi-yomon kunlarni ko‘rdik, og‘ir va murakkab kunlarning azoblarini tortdik, sinovlaridan o‘tdik. Ayni paytda yaxshi, nurli, quvonchli kunlardan ham bahramand bo‘ldik. Bandasi o‘tgan kunlarga baho berishda shoshma-shosharlikka aslo yo‘l qo‘ymasligi kerak ekan. Tarix hamma-hammasini o‘z o‘rniga qo‘yganida bunga amin bo‘ladi, kishi.

DONISHMAND
Ashurali JO‘RAYEV
09

1509705462_1446802216_0_7.jpgBiz Sharof Rashidov davrining farzandlarimiz. U kishi respublikamizga rahbarlik qilgan yillarda dunyoga keldik, o‘sib-ulg‘aydik, o‘qidik, voyaga yetdik. O‘sha tuzum taqdirimizga yozgan yaxshi-yomon kunlarni ko‘rdik, og‘ir va murakkab kunlarning azoblarini tortdik, sinovlaridan o‘tdik. Ayni paytda yaxshi, nurli, quvonchli kunlardan ham bahramand bo‘ldik. Bandasi o‘tgan kunlarga baho berishda shoshma-shosharlikka aslo yo‘l qo‘ymasligi kerak ekan. Tarix hamma-hammasini o‘z o‘rniga qo‘yganida bunga amin bo‘ladi, kishi.

Haqiqatdan ham tarix – adolat posboni… Vaqt eng zo‘r davo…

Yaxshi eslayman: sakkizinchi sinfda o‘qiyotganimizda Zarafshon daryosining suvini taqsimlaydigan Zarafshon gidrouzelining ochilish marosimiga biz, maktab o‘quvchilarini ham olib borishgan. Gidrouzelni o‘sha paytdagi O‘zbekiston rahbari Sharof Rashidov ochgan. Biz, o‘quvchilar Sharof akaga yaqin joyda turganmiz. Shu sababli u kishining nur yog‘ilib, kulib turgan samimiy chehrasi hamon ko‘z oldimda. Kutilmaganda yig‘ilgan odamlar orasidan boshiga oq ro‘mol o‘ragan bir nuroniy momo qo‘lida konvert bilan Sharof Rashidov tomon kela boshladi. Shunda militsiya xodimlari kampirni to‘xtatdi. Momo oldinga intilishga harakat qilardi. Militsiya kiyimidagi baland bo‘yli kishining ko‘rsatmasi bilan onaxonning yo‘lini to‘sishdi. Hammaning diqqati unda edi. Kutilmaganda Sharof aka qo‘llarini cho‘zib, “o‘tkazib yuboringlar” ishorasini qildilar. Momoga yo‘l berishdi. Sharof aka farishtasifat momoni bag‘irlariga bosib ko‘rishdi va u uzatgan konvertni olib, yonidagi odamga berdi. Yig‘ilganlar chapak chalib yubordi. Bu Sharof akaga qarsak orqali aytilgan samimiy ehtirom va rahmat ramzi edi…

Shu-shu, Sharof Rashidovga mehrim tushib qolgan. Davlat rahbari, ya’ni el otasi shu insonday mehribon, samimiy va fidoyi elparvar bo‘lishi kerak, degan xulosaga kelganman. Bu qat’iy fikr qalbimda mustahkam o‘rnashib qolgan. Chunki o‘sha momo oddiy odamlarning mushtipar vakili edi. Uningday xokisor odam uchun bu voqea katta baxt.

Quyidagi voqeani esa, ustozimiz – O‘zbekiston xalq yozuvchisi Odil Yoqubov aytib bergan edi.

– “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasida ish boshlagan kezlarimda kutilmaganda Sharof akaning bir she’rini gazetada tanqid qilib yubordik. Rosa to‘polon bo‘ldi. Har kuni besh-oltita tushuntirish xati yozamiz. Do‘stlarimdan biri: Sharof Rashidov huzuriga kirib, bo‘lgan voqeani o‘zingiz ochiq-oydin tushuntiring, u kishi yaxshi inson, deb qoldi. Qabul so‘rab Sharof akaning huzuriga kirdim. Kirdimu dabdurustdan:

– Sharof aka, kaminani gazetaga Bosh muharrir etib tayinladingiz. Rahmat sizga. Lekin ishni sizni tanqid qilishdan boshlab, juda xijolatdaman, – dedim. U kishi darhol so‘radi:

– Hech kimni jazolamadinglarmi?

Bu savoldan so‘ng ayrim xodimlarga “hayfsan” berganimizni aytolmadim.

– O‘zingiz ham ijodkorsiz. Tushunasiz-ku, Odiljon! Asar yozilgandan so‘ng past-baland gaplar, tanqidiy fikrlar bo‘lishini juda yaxshi bilasiz. Bundan aslo xafa emasman. Endi bu masalaga nuqta qo‘yaylik. Siz menga tahririyat oldida turgan masalalar, muammolar haqida gapirib bering. Mendan qanday yordam kerak? – deb qoldilar Sharof aka.

Shunda u kishining marhamati bilan tahririyat xodimlariga ikkita yangi kvartira va kaminaga yangi xizmat mashinasi berish uchun tegishli vazirliklarga telefon qilib, masalalarni joyida hal etdilar.

Yana bir xarakterli voqeani ham Odil Yoqubovdan eshitganman. Sharof Rashidov 50 yilligini nishonlamaslik haqida maxsus ko‘rsatma bergan. Faqat Markazqo‘mning kichik zalida bir guruh ziyolilar vakillari yig‘ilib u kishini tabriklaganlar. Vakillar orasida kinematografchilar, teatr va san’at arboblari, yozuvchilar bo‘lgan. O‘sha kezlarda Erkin Vohidovning “O‘zbegim” qasidasi haqida past-baland gap-so‘zlar aytila boshlagan, Markazqo‘mga shoir ustidan shikoyat tushgan edi. Tabriklovchilar safida Erkin Vohidov ham bor edi. Zalga Sharof Rashidov kirib keldilar. Yig‘ilganlar bilan bir chekkadan qo‘l berib, ko‘risha boshladilar. Erkin Vohidov bilan yuzma-yuz kelganlarida shoirning peshonasidan o‘pib: “Siz haqiqiy iste’dodli shoirsiz, o‘z nomingiz bilan Erkinsiz. Shunday yozavering!” dedilar. Chunki o‘sha davrada Erkin Vohidov ustidan bo‘lmag‘ur gaplarni tarqatib yurgan ayrim “ichi qora” kimsalarning maslahatgo‘ylari ham bor edi. Sharof akaning Erkin Vohidovga ko‘rsatgan mehr to‘la munosabati hasadgo‘ylarga aniq va lo‘nda javobi edi. Shu bilan “O‘zbegim” haqidagi gap-so‘zlarga chek qo‘yildi.

Bunday ko‘ngilsiz voqea atoqli shoir Abdulla Oripovning “Jannatga yo‘l” dramasi bilan ham sodir bo‘lgan. Drama “Mushtum” jurnalida e’lon qilingandan so‘ng, asardan “siyosiy xato” topgan bir guruh ko‘rolmas kimsalar dramaning hajmidan katta shikoyat xati yozganlar. Xat Sharof Rashidovgacha yetib borgan.

O‘sha kezlarda O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasining navbatdagi qurultoyi bo‘lgan. Uzoq yillar uyushmaga raislik qilgan Komil Yashinga iste’fo berilib, u kishining o‘rniga Sarvar Azimov saylangan.

Ko‘pgina hamkasblarimiz yaxshi eslaydilarki, o‘sha qurultoyda Abdulla Oripov “Malomat toshlari” deb nomlangan yangi she’rini o‘qib bergandi. She’r tugagach, zalni olqishlar bosib ketgan edi. Qurultoyda ishtirok etayotgan Sharof Rashidov o‘rnidan turib, qarsaklar sadosi ostida qolgan shoir tomon yurdi. Abdulla aka ham darhol u kishiga peshvoz chiqdi. Sharof aka o‘shanda ardoqli shoirimizni qayta-qayta bag‘riga bosib, qo‘llarini siqib peshonasidan o‘pib qo‘ydi. Bu ham iste’dodli shoirga cheksiz ehtirom va ayni paytda ig‘vo xati yozgan g‘alamislarga bergan javobi edi.

Bunday misollarni Sharof Rashidov hayoti va faoliyatidan ko‘plab keltirish mumkin. Bunday ezgu ishlarni faqat donishmand rahbar, adabiyotning kelajagini o‘ylagan fidoyi, bag‘rikeng insongina amalga oshirishi mumkin edi.

Sharof Rashidov xalqparvar rahbar bo‘lish bilan birga, yetuk yozuvchi ham edi. U kishining qalamiga mansub “o‘oliblar”, “Bo‘rondan kuchli”, “Qudratli to‘lqin”, “Kashmir qo‘shig‘i”, “Dil amri” singari asarlari qo‘lma-qo‘l o‘qilganiga guvohmiz. O‘zimiz ham bu ajoyib asarlarni maza qilib o‘qiganmiz. O‘sha zamon ruhini yorqin ochib berishda bu asarlarning ahamiyati katta bo‘lgan. O‘sha asarlarni zamon aksi sifatida bugun ham chop etsa bo‘ladi, deb o‘ylayman…

O‘zbekiston Respublikasining sho‘ro davrida eng uzoq ishlagan rahbari Sharof Rashidovning vafoti xalqimizni chuqur qayg‘uga solgandi. O‘sha kezlar Markazning topshirig‘i bilan “paxta ishi” tufayli tekshir-tekshir avjiga olgan alg‘ov-dalg‘ov davr edi.

Sharof Rashidovning ham pok nomiga qora chaplamoqchi bo‘ldilar, u kishini badnom qilishga urindilar. Lekin qanday tahdidlar, qo‘rqitishlar, ta’qiblar bo‘lmasin, bu tabarruk nomni xalqimiz qalbida gavharni asraganday asradi.

O‘zbekiston Qahramoni, taniqli olim Ozod Sharafiddinov chin dildan kuyunib yozganidek: “O‘zbekning yaqin o‘tmishdagi atoqli arbobiga nisbatan juda katta adolatsizlikka yo‘l qo‘yildi. Bunday munosabat o‘zbek xalqining sha’niga ham yarashmaydigan bir ish edi. Eng yomoni shu bo‘ldiki, zalni to‘ldirib o‘tirgan odamlarning hammasi Sharof Rashidovni ko‘rgan, shaxsan taniydigan, uning yaxshiliklaridan bahramand bo‘lgan, hayotligida uning soyasiga ko‘rpacha yozib yurgan odamlar edi. Rashidov sha’niga yog‘dirilgan bo‘htonlarni kimlar achinish va taassuf tuyg‘usi bilan, kimlar loqaydlik bilan, lekin hammalari qo‘yday yovvoshlik bilan indamay o‘tirib eshitishdi va qarsaklar bilan qo‘llab-quvvatlashdi ham. Zaldagilardan bironta odam o‘rnidan turib, marhumning himoyasiga bir og‘iz ham gap aytishga jur’at qilolmadi”.

Aytishlaricha, mashhur avar shoiri, o‘zbek xalqining yaqin do‘sti va birodari Rasul Hamzatov bilan jurnalist Anvar Jo‘raboev suhbat qurmoqchi bo‘lib, roziligini olish uchun u kishiga qo‘ng‘iroq qilsa, “Yo‘q, o‘zbeklar bilan suhbat qilmayman. Sizlar ulug‘ inson, mashhur yozuvchi va davlat arbobi Sharof Rashidovni badnom qildinglar”, – deb trubkani qo‘ygan ekan.

O‘sha davrda bo‘lgan bunday ayanchli voqea-hodisalarga ko‘p guvoh bo‘lganmiz. Bu ulug‘ zotni qabridan chiqarib boshqa joyga dafn etganlarini ham ko‘rganmiz. Faqat tomoshabin bo‘lganmiz. Qo‘limizdan hech narsa kelmagan. Bu yaramas odatlarga hamon qonimizda “barq urib” kelayotgan urug‘-aymoqchilik, mahalliychilik, ko‘rolmaslik illatlari, asosiysi qo‘rqoqligimiz sabab bo‘lgan. Shu bois o‘z farzandimizning pok sha’nini, g‘ururini asray olmadik, dadil turib himoya qilolmadik. Shunday paytda shoirning o‘tli misralari tilga kelaveradi: “Qachon xalq bo‘lasan, ey, sen olomon?..”

U kishi ona xalqini juda sevardi, oddiy odamlar bilan tez-tez ko‘rishmasa ularni sog‘inib qolardi. Shu bois Sharof Rashidov xalqqa suyanib, undan madad olib ishladi. Xalq bilan muloqot uning jon-dili edi. Hayot hikmatlarini xalqdan o‘rganardi, xalqdan kuch-quvvat, g‘ayrat-shijoat olardi. Ayniqsa, ko‘pni ko‘rgan, katta hayot tajribasiga ega bo‘lgan oqsoqollar bilan maslahatlashish, ular bilan bo‘lajak ishlari haqida fikr almashishni hech qachon kanda qilmasdi. Uning qulog‘i xalq yuragida edi.

Sharof Rashidovning beminnat va tolmas madadkori oddiy xalq edi.

U kishi nimaiki qurgan bo‘lsa, bunyod etgan bo‘lsa, obod qilgan bo‘lsa, O‘zbekiston va o‘zbek xalqi uchun qildi. Hayoti va umrini shu Vatan va xalqiga beminnat bag‘ishladi. Hatto jonini ham ayamadi.

Sharof Rashidov rahbarlik qilgan davrda O‘zbekiston rivojlanishdan, taraqqiyotdan bir lahza to‘xtagan emas. Hamisha oldingi saflarda bo‘lgan.

U kishi SSSR degan devning katta qozonidan xalqimiz nasibasini ajratib ola bildi. Ba’zan ortig‘i bilan…

Sharof Rashidov yashagan, ishlagan, ayniqsa, Birinchi rahbar sifatidagi qizg‘in faoliyat yuritgan yillar va o‘sha davrda ro‘y bergan keskin ziddiyatlar, turfa siyosiy o‘yinlar iztiroblar haqida yorqin misollar bilan yozilgan taniqli tarixchi olim Shuhrat Ergashevning “Erk istar ko‘ngil” (“O‘zbekiston” NMIU, 2017 yil) kitobi bu ulug‘ inson tavalludining 100 yilligiga munosib sovg‘a bo‘ldi.

Kitob shunday hayotbaxsh so‘zlar bilan yakunlangan:

“Darhaqiqat, hammasini o‘z o‘rniga qo‘yuvchi oliy hakam bu – vaqt. Shu vaqt masofasidan ortga boqib, bugun, Sharof Rashidov tavalludining 100 yilligi arafasida insof va adolat bilan aytish mumkinki, Sharof Rashidov o‘z xalqiga, zamonasiga, o‘zi ishongan g‘oyalarga halol xizmat qilgan, o‘z umrini halol va pokiza yashab o‘tgan o‘zbek xalqining XX asrdagi ulug‘ farzandlaridan biri edi”.

Bu bir buyuk donishmand, ulug‘ inson, dono rahbar, fidoyi xalqparvar va benazir yozuvchiga berilgan yuksak baho. Xudo bergan insongina shunday martabalarga va boqiy baxtga muyassar bo‘ladi.

Bugun mustaqil O‘zbekistonda bo‘layotgan ulkan o‘zgarishlarda, keng ko‘lamli taraqqiyot jarayonida Sharof Rashidovning ruhlari ham madadkor bo‘layotir. Bunga aslo shubha yo‘q.

09

(Tashriflar: umumiy 287, bugungi 1)

Izoh qoldiring