Habibulla Said G’ani. She’rlar.

051
Роппа-роса 12 кун аввал Ҳабибулла аканинг туғилган куни эди.Роппа-роса яна бир йилдан кейин  ака шоиримиз таваллудининг 70 йиллигини нишонлаймиз.Илоҳим,Яратган ўша хайрли кунларга етказсин.Яқин кунларда эса  шоира ва олима  синглимиз Гулбаҳор Саид Ғанининг Ҳабибулло ака ҳақидаги хотираларини сизга тақдим эта бошлаймиз. Юқорида эса  Ҳабибулла ака машҳур шоир Чархий билан  тушган суратни қўйдик.

 

051

051Ҳабибулло Саид Ғани 1944 йил 10 декабрда Қўқон шаҳрининг Шайхулислом гузарида китобхон оилада дунёга келди. Қўқон давлат педагогика институтининг рус тили ва адабиёти факултетини ҳамда Тошкент Халқ хўжалиги институтининг савдо экономикаси факултетини тугаллаган. Унинг “Менинг оппоқ далам” (1980), “Овознинг шакли” (1984), “Қўқон ушшоғи” (1986) китоблари чоп этилган.
Ҳабибулло Саид Ғани моҳир таржимон сифатида Абдураҳмон Жомий, Фоний, Самуил Маршак, Александр Файнберг, Борис Пастернак, Геворг Агаджанян, Расул Ҳамзатов, Евгений Евтушенко, Жак Превер, Николай Лукашов, Михаил Чарний, Илмер Назаровлар ижодидан талай шеърларни маҳорат ила ўзбек тилига ўгирган.

03
Ҳабибулло Саид Ғани
ШЕЪРЛАР
09

ОҚЛИК

Руҳим бугун оқликлардан топади таскин,
Кўнгил қўмсар қайнарбулоқ даламни.
Не учундир шаҳар ичра Ватаним ҳисси
Пахтазордек титратмайди дилимни.

Пахтазорда ҳар кимсага сиғади ҳаддим,
Пахтазордан менга равшан кўринар иқбол.
Кўзларимда яшилликнинг яшил ранг ҳиди,
Тушларимга кириб чиқар оппоқ бир хаёл.

Ойдин кеча, ойдек пахта қошида
Бир чол турар, умидлари билмаган тўзим.
Шу отахон жала урган пахтазорнинг бошида
Юм-юм йиғлаб турганини кўрганман ўзим…

Кўнглинг шунча бўш эдими, отахон?
Ғам билмасин пахтадайин оқ кўнглинг.
Йўл олганда олисларга каттакон карвон,
Ахир, оғир юкни танлаган ўзинг…

Мен бир нўноқ ғўр қаламкаш, қийналиб
Тўккунимча оқ қоғозга қатрани,
Пахтазорни деҳқон неча айланиб
Тоғ-тоғ қилиб уйиб қўйди пахтани.

Мен эса, бободеҳқон, мақтовингга тополмай қиёс,
Ўлтирибман ҳисларимга беролмай сайқал.
Бу тоғлар «оқ олтин» тоғлари эмас,
Метин бардошингга қўйилган ҳайкал…

Руҳим бугун оқликлардан топади таскин,
Кўнгил қўмсар қайнарбулоқ даламни.
Не учундир шаҳар ичра Ватаним ҳисси
Пахтазордек титратмайди дилимни.

1976.

БАДИҲА

Куй учиб юрибди хонамда титраб,
Адашиб қолгандек худди кабутар.
Ўзини отару ойнага қараб,
Ним қизил қонига шишани бўяр.
Бир ҳикмат айтару ерга қулайди,
«Орзулар ўлади, инсон ўлмайди».

Куй учиб юрибди боғларда мискин,
Бир ғунча бағрига кириб беркинар.
Келтирса шаббода гулларнинг исин,
Ғойибдан садо-ла товушлар келар.
Илтижо қилинглар, гул сўлмасайди:
«Орзулар ўлади, инсон ўлмайди».

Куй учиб юрибди хонамда яккаш,
Гўёки оқ сочи тўзғиган она.
Учиб берк қалбларга урар экан бош.
Ёдимга тушади ойнали хона…
Шунда мажруҳ оҳанг эзиб куйлайди,
«Орзулар ўлади, инсон ўлмайди».

Куй учиб юрибди қалбимда, ерда.
Унинг шиддатидан қалбим безиллар.
Куй титраб сўрайди: «Орзунг қаэрда?»
«Орзуни қўйсанг-чи»,-дейди баъзилар.
Ҳайқиргим келади: «Тўхтанг, бўлмайди.
Орзу ўлмасайди, инсон ўлмайди!»

1976.

АРАВАГА ҚЎШИЛГАН ХАШАКИ ОТ

Чавандозлар!
Ёдингиздами?
Зулукдек от эди Қорабайир,
Зулукдек!
Депсиниб қўйганида
Нурлар сачрар эди туёғидан
Чилангар қўлига
Қуйилган юлдузлар каби…
Тезликда шамол билан қилар эди рақобат.
Қорабайир армон эди кўпларга, чавандозлар!
Ёдингиздами?
Улоқ чопганида
Дўмбирага айланарди ер,
Ҳислар чапак уриб
Рақсга тушиб кетар эди юраклар,
Шодланиб гўзаллигидан.
Кишнаб юборганида,
Борлиқ улкан қўнғироғу-
Жаранги эди овози,
Инсонларни
Чорлагувчи байрамга.
Қорабайир армон эди кўпларга, чавандозлар!
Зулукдек от эди Қорабайир,
Шунчалар қароки
Узоқроқ тикилсангиз
Мовийлашиб кетар эди у
Орзудек.
Бир қиз севгисига умидвор йигит
Қорабайирни миниб борса қошига
Чил-чил синмас эди йигитлиги…
Қорабайир армон эди кўпларга, чавандозлар!
У шундек от эди
Ушалмаган орзусида,
Чавандозлар!

1976.

БEТХОВEН

Сени синаб кўрди яна табиат,
Энди эшитмассан навони ҳеч ҳам.
Кар қулоқларингга қулайди фақат
Титроқ юрагингдан тўкилган ғамлар.

Орган пардасини босасан шитоб,
Товушлар қуйилар айқаш ва уйқаш.
Қандайдир хонимлар қилади хитоб:
«Инқилоб!»
Сенинг-чи — қалбинг қонталаш.

Ўзингни отасан куйларга ёниб,
Ўзингни ўртайсан намунча ахир.
Муҳаббат рангларин куйлардан топиб,
Рангларда яшамоқ амри маҳолдир.

Севгилинг уқтирар ненидир тажанг,
Сенда-чи безовта, илоҳий юрак.
«Турмуш, тўй»,- деганин англадинг аранг,
Ҳайқирдинг: «Қонталаш оҳанглар керак!»

1977.

* * *

Қорайиб бормоқда дарахтлар,
Қайтмоқда тун билан чорасиз хатар.

Мен ўзим ўзимдан кетаман қўрқиб,
Кўринган жисмда исмингни ўқиб.

Ҳар ерда намоён кибор сувратинг,
Ёнингда соядек баджаҳл «итинг».

Унинг ҳар нарсага етади кучи,
Сен эса ҳеч қачон кетмадинг чўчиб…

Истасанг бошингдан сочар марварид,
Мен- чи, чиқарганман жаҳлинг бемаврид.

Ноёб матоҳларга сени ўрар у,
Мен учун дунёда сенсан кўрарим.

Қўрқаман! Ёйилиб кетмоқда суврат.
Сен ёмғир ортида йиғлаган ҳайрат…

1979

ПАХТАМИЗ

Пахтани «Оқ олтин» десалар
Ғашим келади.
Олтин маъдан-да,
Рангли бўлганида ҳам,
Пахта танамизнинг
Олий аъзоси.
Пахта- менинг жигарим,
Пахта- сенинг жигаринг,
Пахта- унинг жигари,
Пахта- бизнинг жигаримиз.
Энг яқин кишисини
«Жигарим» ,- дейди халқимиз.
Энг яқин кишиси ўлса
«Вой жигарим»,- дейди халқимиз,
«Эзилиб кетди жигарим»,- дейди халқимиз…

1979

ҚЎҚОН УШШОҒИ

Беисм насимлар маскани юртим,
Кўзимдаги ёшдек беғубор Ватан.
Агар сендан айро бирор кун юрдим,
Жисмим жонсиз қолиб ўлаётган тан.

Сенинг осмонинг ҳам шеърият қадар,
Тупроғингда гуллаб ётган шеър дедим.
Сен- ла яшайвердим билмасдан кадар,
Яшайвердим ва лек соғинавердим…

Бу соғинч макони дилгир дилимда,
Нигоҳимда эрур муҳаббат рамзи.
Сени куйлайвердим она тилимда,
Сен рост ҳисларимдан туғилган назмим.

Тикилиб қарарга юрак бетламас,
Оғир ботмасин-да дейман нигоҳим.
Гоҳ оҳим сабоси измимга кирмас,
Мунаввар сийратинг сийпалаб гоҳи.

Сен менинг оламда топганим, борим.
Мунис хислатларинг ўзимгадир тан.
Сен менинг беқиёс маҳбубам, ёрим,
Сен менинг нигорон боламсан, Ватан!

1980

ҚИШЛОҚҚА БАҲОРНИНГ КEЛГАНИ

Бир сиқим тупроқни ҳидлаган кўйи
Ўзи билан суҳбат қурарди ота:
— Қиш чўзилдими дейманов шу йили,
Ҳозир нақ бодомлар гулларди, аттанг…
Совуқ уриб кетди ҳусайниларни,
Қайин анорлар ҳам бўлгандир нобуд.
Шу баттол кўнмовди кўмайлик десам,
Уволи ёмон-да,- кетади нолиб.
Томорқага кирар безовта, ўйчан,
Қайтар дарахтларни силаб- сийпалаб.
Оғилда қўйлари кемтийди пичан,
Говмиши паришон турар туз ялаб.
Кампирига қилган бўлар пўписа:
— Хол, бу кеч эшикни очиб қўй бироз.
Мабодо, қалдирғочлар қайтиб келса,
Паноҳсиз қолмасин, кечалар аёз…
Жунжикиб киради совуқ тўшакка,
Алламаҳалгача пичирлар лаби.
Тирқ этса қарайди қия эшикка,
Тўйдан кенжа ўғлин кутгани каби.
Азонга яқинми, кўзи илиниб
Туш кўрар: гулламиш беҳилар, анор.
Ҳар қалай отани омонат билиб,
Аввал шу қишлоқда юз очмиш баҳор.

1981

ҚИШЛОҚ ЙЎЛИДА

Ҳаво дим.
Қишлоқи аёл борар
Жим.
Сўл қўлида гўдаги
Ғашланар.
Ўнг ёнида катта ўғли,
Қўлида нон
Тамшанар.
Бозорга келаётир,
Кундир пиртак.
Пешонасидан оққан терни
Пуфлаб қўяр.
Шўрттак!
Хаёлини банд этган бир савдо:
« Робига келган совчилар
Фалон жойдан,
Илоё…»
Рўмолининг бир четига тугилган
Қурт пули.
Астарликлар олмоқчийди чайқовдан
Ҳар турли…
Пахтанинг мукофотига тўй қилсин бирам!
Билинмасин отасининг йўқлиги
Ҳеч ҳам…
Ҳаво дим.
Қишлоқи аёл борар
Жим.
Ўйларига ўзга нарса солмас
Кўланка.
Гўё Фаластинда,
Салвадорда
Ўлмагандек
Гўдаклар.
Чили қайда,
Қайда Ливан
У билмас.
Эшитгандир бу номларни

2

Балким,
Элас- элас.
Ўйлайсизки
Қишлоқи аёлнинг
Дунёси тор.
Шундай бўлса- бўлсин,
Аммо ким гуноҳкор?!
Сиғмайман осмонга, ерга,
Ҳаво дим.
Аёл, гўдак, бола
Олислаб кетди
Жим.
Сўл қўлида гўдаги
Ғашланар.
Шаҳар томон
Шу аёлнинг
Ташвишлари
Ташланар…

1981

* * *

Ётар остонамда танҳо заъфар барг,
Шамолнинг оҳидан тўкилган парча.
Бу- ғамгин кузакдан энг сўнгги дарак,
Энг сўнгги ноладир яшаб чарчаган.

Сен нечун алвидо демасдан, гулим,
Пинҳон юборибсан мажозий япроқ?
Хазон- қовжираган тилсиз мактубинг,
Исмсиз тилагингдан тўкилган фироқ.

Мен ҳам дардларимни баайни баҳор
Тўкиб ташлагандим минглаб дарахтга,
Менинг кўз ўнгимда сарғарди ночор
Яшил япроқлари сиғиниб бахтга.

Хушбахт куйлай олмас рангин қушчалар,
Хушбахт куйлай олмас оғочлар бу кун.
Мени сендан тўсиб қўймиш шунчалар
Ёнган хазонлардан сирқиган тутун.

1981

ҚИРҚ САККИЗ СОАТ ТЎХТОВСИЗ ЁМҒИР
ВА Ё АЙРИЛИШ ҚАСИДАСИ

Биз ажрашдик. Сен эса кулдинг.
Кулиб ёмғирларга тутдинг юзингни.
Ҳамма нарса тамом, дардсиз унутдинг
Мени, ёмғирни ва ўзингни.
Таъналар отмадик, жим қолдик бир дам,
Айбимга ишондим- гуноҳкор ўзим.
Шамсиянг тутиб ол, қарагин, эркам,
Ёмғирдан ҳўл бўлиб кетибди кўзинг!
Тинмоқ нелигини билмайди ёмғир,
Сен эса, қувончим, шошмагил бир пас.
Ёмғирда ажрамоқ нақадар оғир,
Сўнг эса, майлига, кетабергил, бас.
Ёмғир ҳам тинади, чиқади қуёш,
Қушчалар куйлайди яна бепарво.
Майсалар силкиниб кўтаради бош,
Фақат сен бўлмайсан ёнимда аммо.
Менга насиб этмас энди висолинг,
Сени чорламоққа очолмасман лаб.
Худди сўз ўрганган соқов мисоли
Номингни ҳар ерда юрурман ёдлаб.
Сен эса кезгайсан атир уфурган
Хазонсиз боғларда бахтингдан яшнаб.
Мен
уйқусизликнинг уфқларига
Сувратинг чизарман тунлари қақшаб.
Гўзалим!
Ҳозирча маъюс жилмайиб
Қаршимда турибсан, шовуллар само.
Юрагим қушчадир, қаноти майиб,
Сенга толпинади, етолмас аммо.

Биз ажрашдик. Сен эса кулдинг,
Кулиб ёмғирларга тутдинг юзингни.
Ҳамма нарса тамом, дардсиз унутдинг
Мени, ёмғирни ва ўзингни…

1981

ЧОРКEСАРЛИК МEРГАН

Чоркесар тоғларининг
Тошидан каклиги кўп.
Чоркесарлик Қурбон отани
Биров Қурбон мерган деса,
Биров ғалати мерган дегувчи эди.
Биз болалар,
Қурбон отанинг
Нега “ мерган” ном олганлигини
Билмай ҳалак эди жонимиз.
Чунки биз
Ҳеч қачон кўрган эмасмиз,
Қурбон отанинг овдан қайтишини,
На парранда билан,
На дарранда билан…
Қурбон отанинг овдан қайтиши
Бир кулги бўлиб олар эди
Гузарда чойхўрлик қиладиган
Тенгқурларига…
Бир куни,
Энди оқшом тушаётган пайт,
Қурбон ота
Ҳар сафаргидек
Овдан қайтаётганида,
Дўсти Аширмат писмиқ бува:
«Мерган бўлса шундоқ бўлса !» – деб эди,
Кўтарилган кулгудан
Гурр учиб кетди
Сада қайрағочнинг сайроқи қушлари.
Қурбон отанинг
Негадир бу гал
Жаҳлдан чақнаб кўзи,
Елкасидан шартта милтиқни олди-да:
— От осмонга дўппингни,
Қизиталоқ! – деди.
Аширмат писмиқ буванинг
Ҳавода учиб кетаётган
Чуст дўпписи
Гумбурлаган товушданми,
Бир сесканиб,

2

Тупроққа қулаб тушди.
Биз болалар
Югуриб борганимизда,
Илма-тешик бўлиб ётар эди
Аширмат писмиқ буванинг
Чуст дўпписи!

1982

* * *

Қўқонда шамоллар яна бошланди.
Оромли боғларнинг тинчини бузиб.
Қўл етмас уфқдан нигоҳ ташладинг,
Хазонлар сингари қолурман тўзиб.
Мен билдим, ёлғизим, сенсиз табиат
Абадий кузлардир, абадий шомлар.
Мен билдим, ёлғизим, надир муҳаббат
Қўқонга ёприлиб келгач шамоллар.
Шунда сенсиз қолиб яшаган куним
Ғам бўлиб, дард бўлиб кўзимга кўчди.
Гулларнинг ичидан танлаган гулим
Кўкдаги юлдуздек бағримдан учди.
Қўй энди. Истасанг, тавбалар қилай,
Пойингга қулайин хазонлар бўлиб.
Шамолдек бир келиб кетсанг ҳам майли.
Шамолдек бир келиб қола қол, гулим…

1982.

КУЗНИНГ БИРИНЧИ КУНЛАРИ

Қийин бўлди иккимизга ҳам,
Қийин бўлди кўҳна оламга.
Сен кетурсан, кўзларингда ғам,
Мен қолурман кўмилиб ғамга.
Сен кетурсан, эмассан мағрур.
Сенга ҳоким асов қайсарлик.
Мен-чи, бунда турсам-да мағлуб
Отилмасман дод деб сен сари !
Кунлар келар, балким, дафъатан
Хотирамни солиб жунбушга,
Ўйларимни айлаб беватан
Чиқиб ҳам кетарсан турмушга.
Кунлар келар, балким сесканиб
Уйғонурсан даҳшатли тушдан.
Паришон рўмолинг сирғолиб
Оёғингга урарми кишан…
Кўз ёшингга ғарқ бўлар журъат,
Сўна бошлар ялт этган юлдуз.
Мени қийнар бугун табиат,
Юрагимда йиғламокда куз.

1982.

НИКОЛАЙ МУАЛЛИМ

Журналист ва шоир Н.А. Лукашовга

Олмос қишлоқда
Николай муаллимни
Танимаган кимса йўқ.
Минг тўққиз юз қирқ бирнинг
Айни мезонида
Ризвон кампирнинг ҳовлиси тўла одам.
Биров ош олиб келди,
Биров қатлама.
Николай муаллимни урушга кузатиш
Тўй бўлиб кетди чоғи,
Минг тўққиз юз қирқ бирнинг
Айни мезонида.
Ризвон кампир бир кулиб,
Бир йиғлаб, нон кўтариб келди
Николай муаллимнинг қошига:
— Болам, шу нонни бир тишлаб бер,
Қайтганингда ейсан қолганини,- дер,
Унсиз йиғлаб
Минг тўққиз юз қирқ бирнинг
Айни мезонида.
Мараканинг сўнггида
Қишлоқнинг мўйсафиди
Қуръон ўқиди узоқ…
Ҳамма жим.
Сўнг
Ҳамма қатори,
Николай муаллим ҳам
Дуога очди қўлини.
Ташвишли юзларга тортилди фотиҳа…
…Ниҳоят йил
Минг тўққиз юз қирқ беш бўлди.
Айни мезонда
Чошгоҳ пайти,
Қишлоғига кириб келди
Ғалаба билан
Николай муаллим.

Ризвон кампир,
Қўлида тош қотиб кетган
Нони билан,
Қаршисига чопди
Николай муаллимни.
Етар чоғи,
Мункиб кетибми,
Қулади
Николай муаллимнинг қўлига.
Николай муаллим
Ўзбекчалаб:
«Онажон!» – деб қичқириб юборди.
«Урушда ҳам ўзбекчани унутмабди,
Барака топгур»,- деб
Мамнун бўлиб қўйди халойиқ.
У эса тошдек қотиб кетган
Нонни тишлаб
Бир куларди,
Бир йиғларди.
Бир куларди,
Бир йиғларди.
Минг тўққиз юз қирқ бешнинг
Айни мезонида,
Олмос қишлоқнинг
Николай муаллими…

1983

ИТ ҲАҚИДА ДОСТОН

— Ғуломқодир, эшитдингми?
Гузарнинг олдида
Оқил аканинг кучугини
Машина босиб кетган эмиш.
— Яқинда домга кўчган Оқил аканими?
— Ҳа-да.
— Кучукни ташлаб кетишган экан-да?
— Хашаки эди…
— Биласанми?
Кўрганлар
Ўзини ташлади дейишяпти…

1983

АЗИЗ АБДУРАЗЗОҚҚА

Ер бугун азондан жигарранг, тарғил,
Баҳор қайтиб келди оламга бирдан.
Баҳор қайтиб келди бу ерга тағин,
Ўрмоннинг қушлари, гуллари билан.
Рақсга тушиб кетди дарахтлар бир-бир,
Куртаклар уйғониш навосин чалиб.
Чеккада бир дарахт турибди оғир,
Гўёки чорасиз дардга чалиниб.
Ҳайрат-ла боқмайди зангор оламга,
Нажот ҳам кутмайди, турибди карахт.
Ўхшайди омадсиз, синиқ одамга
Бевақт ўлаётган баҳорги дарахт !
Сен уни шошилиб кесма ўтинга,
Бир чимдим сабрни аяма, замон.
Балким, танасида умид ўлмаган,
Балким, юрагида бордир ҳаяжон.

1986

МУҲАББАТНОМА

Сени ўйлаб шеърлар ёзаман,
Улар жўндир, кўнглим тўлмайди.
Эшигимдан сен ҳали замон
Кириб келарсан деб ўйлайман.
Тикиламан. Қилт этмас эшик.
Мен йўқман. Мен энди нигорман.
Кўзларимни эшигим, эшит,
Табоқангда нақшин нигоҳман.
Очилиб кетасан ниҳоят,
Бормисан, эй сабо! Сен насим?!
Бўғзимда ёнмоқда бир оят :
« Сенмисан ? Сенмисан ? Сен-ми-сан ?»
Остона. Унда бир минор нур,
Ловуллаб турасан, не сирсан ?
Ё нурга эврилиб кетган ҳур,
Сенмисан ? Сенмисан ? Сен-ми-сан ?
Кўзимга оғочлар ҳам тошлар
Нур бўлиб санчилар ҳар замон.
Нурлардан кўзларим қамашар,
Қай тараф қарамай—мен ҳайрон.
Сен борсан маконда, туйдим мен,
Қўлимни узатсам, етарман.
Худойим, нурлардан куйдим мен,
Мен сени кўрмасам, нетарман ?
Гўё мен бир умр зиндонда
Нурга зор яшаган бандиман.
Ва эркка эришган замонда
Нурлардан кўр бўлган бандаман.
Сени ўйлаб шеърлар ёзаман,
Улар жўндир, кўнглим тўлмайди.
Эшигимдан сен ҳали замон
Кириб келарсан деб ўйлайман.

1991

МEҲРИБОНЛИК УЙИДА БАҲОР

Мен шоир бўлсайдим, ёзардим шундоқ:
—Онажоним ҳамда дадам яхшилар.
Атрофимга мунгли боқаман бироқ.
Улар қаэрдалар, айтинг, яхшилар?

Ҳамма болаларга ўхшайман мен ҳам,
Баъзида тўполон, баъзида маҳзун.
Негадир кундузи менга бир тутам,
Негадир кечалар мен учун узун…

Бошқадан фарқим ҳам бормикан пича.
Мен қушлар тилини биламан чандон.
Мен шамол тилини биламан жуда.
Улар гапиргани доим – онажон !

Мен тушлар кўраман бир хил ҳар саҳар:
Оппоқ либосдаги аёлмиш она.
Гўё қуш боламан, қўлчалари пар,
Онамга етолмай қиламан нола…

Кутганларим ҳар вақт беҳуда кетар,
Мен-чи ўйларимни ўйлайвераман.
Сиз келмасангиз ҳам, бас, садқаи сар,
Сиз келмасангиз ҳам яшайвераман.

Бирдан ланг очилиб кетади эшик,
Ҳапқириб кетаман. Тўкилар ифор.
Ложувард гуллардан кўтариб бешик
Қошимга онаммас, келади баҳор !

2004

КУЗГИ ДАРАХТГА

Табиат либоси кимсанми, янги.
Қайларга йўқолди зангори олам.
Ўрикнинг баргида ёнган бу рангни
Азал наққошими чизмакда ўктам.

Шошиб баргин тўкар анову дарахт,
Офтобда тоблайди мурғак новдасин.
Ахир, қиши билан ётади карахт,
Атрофида аччиқ изғирин саси.

Гўё ҳеч кимсага йўқдир кераги,
Ҳаттоки қушлар ҳам унутган уни.
Аммо сокингина урар юраги,
Билдирмай кутади ғалаён кунин.

Зангори шовқинлар тўлар атрофга,
Мағрур бош кўтарар майсалар шу он.
Фақат уйғонганлар етар офтобга,
Уйғонган дарахтга шараф ила шон!

2004

* * *

Ҳўқанди латифнинг кичик боғида
Сайилсиз ўтмаган бирор кун аввал.
Қўшиқ аскияга уланган чоғда
Одамга қўшилиб куларди гуллар.

Қорилар тўрида катта йиғиннинг,
Муғомбир юзларда ўйнар шуълалар.
Бироқ ким кўрибди бирор қорининг
Мағлуб кетганини тортишувлардан.

2005

ҒАЗАЛ

Азалдан йўқ экан асти адолат,
Адолат излаган касга маломат.

Боқиб сенга мудом ҳайратдадурмен,
Латофат бунчалар, раъноки қомат.

Юзингга боқдиму ҳайронда қолдим,
Малоҳатдан нечук жонимга офат?

Кўнгулнинг мулки султони ўзингсан,
Ки султон қилмагай давлатни ғорат.

Дуога лаб очдим, зикримда сенсан,
Тиларман ҳар қачон сенга саодат.

Тиканча йўқмикан олдингда қадрим,
Ҳабибга қайданам бунча адоват?

2006

БОДОМ ГУЛЛАДИ

Ҳовлимизда
Мен яхши кўрган бодом
Қийғос гуллади.
Шоша-пиша тугиб олди
Бодомчаларини.
Шамол қурғур
Нақ ярмини тўкиб юборди.
Аввалига бўлдим дарғазаб.
Сўнг
Донишманд каби
Қилдим мулоҳаза.
Бир ҳисобда
Тўкилгани яхши бўлди,
Энди уларни
Чақолмайди одамлар.

2007

06

(Tashriflar: umumiy 77, bugungi 1)

Izoh qoldiring