To’lepbergen Qayipbergenov bilan suhbat & Yangiboy Qo’chqorov. To’lepbergen Qaipbergenovni eslab

097 май – атоқли адиб Тўлепберген Қаипбергенов таваллуд топган кун

Тоғнинг ёнида турсангиз,унинг виқори бутун бўй-басти билан кўзга ташланмайди. Ундан узоқлашсангиз, унинг оқ қорли чўққилари, улкан қоялари, гўзал арчазору дўланазорлари яққол кўзга ташланади. Тўлепберген оғанинг оламдан ўтганига ўн йил бўляпти. Вақт ўтган сари янада улуғ адиб эканини сезяпман.

УСТОЗ БИЛАН ҚАЙТА-ҚАЙТА БАҲСЛАШАР ЭДИК…
Тўлепберген Қаипбергенов ҳақида Янгибой Қўчқоров билан суҳбат


— Янгибой ака! Замонамизнинг забардаст адиби. Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси бўлган Тўлепберген Қаипбергеновга кўп йиллар ўринбосар, яқин ини, фикрдош бўлганингизни биламиз. Устоз таваллуд топган кунда кўнглингиздан нималар кечяпти?

03— Тоғнинг ёнида турсангиз, Даутбек, унинг виқори бутун бўй-басти билан кўзга ташланмайди. Ундан узоқлашсангиз, унинг оқ қорли чўққилари, улкан қоялари, гўзал арчазору дўланазорлари яққол кўзга ташланади. Тўлепберген оғанинг оламдан ўтганига ўн йил бўляпти. Вақт ўтган сари янада улуғ адиб эканини сезяпман. Саволингиздаги “фикрдош” сўзини “сирдош” сўзи билан алмаштирсангиз ҳам бўлади. Ер юзида умр сурган бирор одам ўз сирларини тўлиқ иккинчи одамга айтмайди. Тўлепберген оға ўз сирларининг ярмини мен билан ўртоқлашарди. Бугун тонгда уйғониб, ўндан ортиқ китобларини варақладим. Айримларига “Айналайин Янгибой иним” деб дастхат ёзган экан, кўзларимга ёш келди. Масалан, шахсан Сизнинг ўзингиз Тўлепберген оға билан бирга ўтирганимизда иккимиздан интервьюлар олгансиз. Айрим одамлар унинг ҳузурига киришга ҳайиқиб турарди. Бир марта Сиз чиқиб кетганингиздан кейин Тўлепберген оға ёш боладек йиғлаб юборган эди.

— Демак гап ўша Сиз айтган сирларга яқинлашиб келяпти. Атоқли адибнинг эҳтиросли одам бўлганини биламиз. Аммо у шахсан ўзига алоқадор гап бўлса, киприклари намланиши мумкин эмас эди. Шундайми?

— Шундай. Чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди. Шу боис бугун атоқли адиб билан боғлиқ бўлган ва келажагимизга фойдаси тегадиган айрим тафсилотларни очмоқчиман. Ўшанда мен ҳам дастлаб нега устознинг кўзлари шашқатор ёш бўлганини тушунмадим. У кўзларини дастрўмол билан артди-да, олдимга бир варақ қоғозни ирғитиб:

— Ўқи айналайин! – деди. – Мен арзимни кимга айтайин?

— Аввал ўқиб кўрай! – дедим. Ўқисам бу Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети юридика факультети бир гуруҳ талабаларининг компьютерда ёзилган рўйхати экан. Бошқа гуруҳларда қорақалпоғистонлик талабалар жуда кўп бўлгандир, лекин бу рўйхатдаги 25 бўлғуси юристдан 17 нафари Бухоро, 8 нафари Хоразм вилоятидан экан. Кимдир рўйхатни қалбакилаштириб берганми, у ёғи менга қоронғу. Лекин адиб куйиниб:

— Мен Шўртанбойдан Хўжайли педагогика билим юртига қатнаганимда оёғимда оддий чориқ ҳам йўқ эди. Бобомнинг эски чакмонини кийганман. Беш кунлаб нон кўрмаган вақтларим бўлган. Нега энди ҳозир дастурхон тўла нон, ҳамма нарса етарли бўлса, Маманбийнинг авлодларидан жуда бўлмаса бирови шу “группа”да ўқимайди? Савлатимиздан от, туя эмас, фил ҳам ҳуркади-ку. Қуруқ савлат, қуруқ уй кимга керак? “Маманбий афсонаси”да “бул туврали” (бу тўғрида) не деганимни биласанми?

— Биламан. Ўразан ботирнинг ички монологида “қуруқ уй очга овқат, ялонғочга кийим, ўлганга кафан бўлолмайди.” дегансиз. Бироқ бугунги тўқчилик айрим арзанда болаларни талтайтириб юборяпти-да. Қўлида бир эмас, икки “Нексия”нинг калити бор йигитлар “юрфак”ни писанд ҳам қилмайди! – дедим. Ўйланиб қолди адиб. Энди Сиз савол бермасданоқ бир маълумотни айтиб ўтай: атоқли адиб барча фарзандларини ўқимишли қилган. Адилбек “Правда” ва “Народное слово” газеталарида, Ташқи ишлар вазирлигида ишлади. Ерпўлат – республика прокурори ўринбосари, Нурлибой – давлат арбоби, Темирбек – ректор…

— Яширишнинг кераги йўқ: Сиз ҳақингизда оз бўлса ҳам сиртингиздан ижобий “ғийбат” қилиб турамиз. Баъзилар ўзингиздан сўрашга истиҳола қилади: қандай қилиб ҳам Тўлепберген оғага ўринбосар, ҳам қаҳрамон шоир Ибройим Юсуповга дастёр бўла олгансиз?

— Бунинг аниқ сабаблари бор. Ёш пайтим, ўт-олов чоғим, К.Саликов биринчи котиб, Тельман Гдлян навбатма-навбат Нукус ва Урганчда ўтирганида Нукус университетининг маданият саройида:

Бир тепакал терговчи келди,
Тиқаётир турмага элни,
Боғламасдан ҳақ учун белни,
Паналарда ётмоқда кимлар,
Туронга тош отмоқда кимлар?

– деб шеър ўқиганман. У пайтлари ҳозиргидек кушандаларим йўқ эди. Гдлянга етказишганида қоронғу камерада қовурғамни синдирган бўларди. Унча қўрққаним ҳам йўқ: ўзингиз биласиз: икки марта сувга чўқиб кетганман, “ЯК-40”нинг ҳалокатидан омон қолдим. Бу ёғида Аллоҳнинг ўзи асрасин. Ўша шеърни ўқиганимда Тўлепберген оға қадрдоним, яна бир устозим, ҳозирги Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўрозбой Абдураҳмоновни ёнимга ўтқазиб қўйган. “кабинетимга олиб борасан!” деган. Мен қочиб кетганман. Мен кимману Ч.Айтматовнинг дўсти Т.Қаипбергенов ким? Орадан бир неча йиллар ўтгач, “Халқ сўзи”да ишлаганимда Аббосхон устоз (у мени “Правда Востока”га олиб ўтган) “Тўлепберген оға Нукусга чақиряпти! Боринг. Табаррук одам!” деди. У пайтлари Абдулла ака, оғаларим Муҳаммад Юсуф, Сирожиддин Саййидлар қўллаб, уюшмага ўтган эдим. Нукусга борсам, атоқли адиб йигирматача ёзувчини йиғиб қўйган экан:
— Ким Янгибой Қўчқоров Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари бўлсин, деганлар қўл кўтаринглар. Қўрқманглар, ойликни “Халқ сўзи” газетасидан олади! – деди. Ёзма буйруқни тайёрлаб, гербли муҳрни босиб, уч нусха олиб қўйган экан.

Ибройим оға билан орамизда ҳурмат пайдо бўлиши эса мен “Туркистон” газетасида мухбир чоғим у билан чиқарган суҳбатимдан бошланган. Суҳбатда шу қадар самимий гаплар яъни “совуқ кинотеатрларда ўтириб қизлар билан гаплашганда юрагимиз домна печидек ловуллаб турарди” деган сўзлар бор эди. У пайтлар Ибройим оға Қорақалпоғистон маънавият марказининг бошлиғи эди. Суҳбат чиққач, “Туркистон” газетасини столига қўйиб, беш-олти журналист оғаларимни чақириб, “Интервью бўлса, шундай бўлсин-да!” депти. Устоз оламдан ўтгач, ўзбек тилида икки китобини чиқардим: “Менинг йигит вақтим, сенинг қиз вақтинг”, “Сўфитўрғай саломи”. Яқинда чиққан “Танланган асарлари”нинг асосий “масаллиғи” менинг компьютеримда тайёрланган. Икковига ҳам Аллоҳ жаннатдан жой ато қилган бўлсин!

— Тўлепберген оғанинг улуғ ва ўжар устоз бўлганидан хабаримиз бор. Ўша сирлашган чоғларингиз, у киши баҳслар ниҳоясида бирор хулосага қулоқ осармиди?

— Икки масалада баҳслашсак, бирини маъқул кўрган, иккинчисини рад этган пайтлар бўлган. 1986 йили устоз СССР давлат мукофотини олди. Бу ноябрь ойи эди. Бориб табрикламоқчи бўлсам, Тошкентдан раҳматлик Азим Суюн “Бормай туринг. Бирга борамиз!” деб қўнғироқ қилди. Охири 1987 йилнинг февралида бордик. Билсангиз керак, 1980 йилдан бошлаб Тўлепберген оға ҳар кунини кундалигига ёзарди. Барча тафсилотлари билан!

— Ҳар бир кунни-я. Ўттиз йил бўладими?

— Ҳа, ўттиз йил бўлади. Ҳозир уйида сурғучланган 29 том кундалик бор. Сиз бунга ҳайрон бўляпсиз. Бир таниқли озарбайжон шоири 54 йил кундалик тутган. Тўлепберген оға вафотимдан 15 йил кейин очинглар, деб васият қилган. 2025 йили очилиши лозим. Лекин мен фарзандларига анча йилгача очманг, дедим. Улар шунга кўнишди.

— Нега?

— Чунки устоз билан энг кўп тортишган менман-да! (ҳазил). Хуллас, ўша сафар устоз Азим Суюнга қараб, “Сен фалончи йил, фалончи санада уйга келдинг. Ёмғир ёғиб турган эди. Ёнингда фалончи бор эди. Тўрт қадаҳ шароб ичдинг. “Булут булутни тебратар” деб шеър ўқидинг. Эсингдами? – деди.
— Эсимда, устоз, эсимда! – деди Азим ака ва шеърни қайта ўқиди.
— Шеър сеникими?
— Меники десам ҳам бўлади!
— Ундай бўлса, тур, ўрнингдан!
Ташқарига чиқиб, машинага ўтирдик-да, уюшмага (у пайтлари ёзувчилар уюшмаси “Нукус” меҳмонхонасининг шарқи ва ўлкашунослик музейининг ғарбида эди) бордик. Тўлепберген оға сейфни очди.
— Давлат мукофотидан бизларга оз-оздан берасизми? – дедим ҳазиллашиб.
— Йўқ! Бир тийинигача “Дўстлик” монументига сарфлайман! – деди. Кейин Азим акага бир асарнинг машинкаланган қўлёзмасини кўрсатди. Асарда ўша шеър бор эди. Раис устоз “Плагиатми, йўқми?” деди. Индамадик. Орадан йиллар ўтди. Мен энди ўринбосарман, устоз билан новвотли чой ичаман. Бир гал Халқ шоири Тўра Сулаймоннинг китобини кўтариб бордим. Ўша шеърни кўрсатдим. “Бу ҳеч қандай Азим Суюннинг ҳам, Тўра Сулаймоннинг ҳам шеъри эмас. Халқники!” дедим. Устоз ўн минутча индамай ўтирди. Сергей Михалков билан тушган суратига термилди. Кейин:
— Сен бир “клей” экансан. Қўймадинг, бола, қўймадинг. Ўша сейфдан олганим Ибройимнинг драмаси эди. Кеча Нажиметдин келди. Ундан олдинги куни Ҳакимбой келди. Бугун сен келдинг. Бораман, Ибройимнинг ёнига! – деб овозини кўтарди. – Москвадан, биринчи съезднинг стенограммасидан не кўчириб олдинг? Хабари келди!
Анча вақтгача индамай ўтирдим. Сукут гали менга келган эди. Охири бўлмади. Папкамдан СССР ёзувчиларининг биринчи съездида Қорақалпоғистон ёзувчилар уюшмаси раиси А.Бегимов сўзлаган нутқини бердим. Ўқиб жим қолди. Кимсан Максим Горький, Луи Арагон, Рафаэль Альберти, қолаверса, Андрей Ждановнинг ёнида сўзга чиқиш осонми? Асан оға бечора кун тартиби қолиб драматург Абдурахман Ўтепов шахсини таърифлашга ўтиб кетган. Қиссадан ҳисса тез орада Тўлепберген оға кампирини олиб Ибройим оғанинг уйига борди. Икки тенгдош, икки қадрдон бир-бирини бағрига босди. Ибройим оға вафот этганда Тўлепберген оға йиғлаб-йишлаб “Менинг сендан яқиним йўқ эди!” , дегани эсингиздами?

— Эсимда. Нутқ масаласини яхши эсга солдингиз: Тўлепберген оға нафақат “Қорақалпоқ достони”, “Қорақалпоқ қизи”, “Қорақалпоқнома” романлари, балки СССР халқ депутатларининг биринчи съездида Кремль саройи қандилларини титратган нутқи билан ҳам жаҳонга танилгани тўғрими?

— Тўппа-тўғри. Съездда Ч.Айтматов, А.Адамович, В.Белов, О.Ёқубов ва бошқа ўттиздан ортиқ атоқли адиблар иштирок этишди. Лекин Тўлепберген оға ҳаммадан аввал, ҳатто Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси биринчи котиби Р.Нишоновдан ҳам аввал сўзга чиқди. Келгуси авлод билиб қўйсинки, ўша съездда СССР Олий Совети аъзолигига яширин сайлов ўтказилганида жаноб Р.Нишоновга қарши 289 делегат, Қорақалпоғистон вилоят партия қўмитаси биринчи котиби, шоир К.Саликовга қарши 266 делегат овоз берган эди. Съезд тўғридан-тўғри трансляция қилинарди. Биз мухбирларга бошдан-оёқ кўриш топширилган эди. Бу – биринчидан. Иккинчидан, хориж ОАВ нутқнинг асосий мазмунини ўша куниёқ жаҳонга таратди. Учинчидан, улуғ олим, академик А.Сахаров “Знамя” журналининг бир неча кундан кейин чиққан сонида қорақалпоқ адибининг чиқишига катта баҳо берди. Тўлепберген оға жаноб М.Горбачевнинг юзига, кўзига қараб: “Нега Сиз маърузангизда Орол муаммосини хаспўшлаб ўтдингиз? Иккинчидан, бизнинг ҳаммаёқ қордек туз босиб ётган жабрдийда Оролбўйи заминига товонингиз тегадими, йўқми?” деди. Учинчи эътирози “Бизнинг пахтамизни эмас, фуқароларимиз сиҳатини пуллаяпсиз!” деди. Михаил Сергеевичнинг юзида қон қолмади. Бунинг устига тошкентлик такси ҳайдовчиси Ю.Акбаров Бош котибга “Неча кундан буён нега делегатларни жиққамушт уриштириб томоша қиляпсиз? Агар халққа нафи бор гап гаплашмасак, менга рухсат беринг. Тошкентда мени мижозларим кутяпти!” деди. Хулласи калом бироздан сўнг жаноб Горбачевга депутат Сажа Умалатова айтган қалампирдан юз баробар аччиқ гапларнинг бир учини Тўлепберген оға айта олган эди.

— Бир машҳур рус адиби “Ҳаёт Нева проспектидек теп-текис бўлмайди!” деган экан. Атоқли адиб фаолиятида баланд-пастликлар бўлганми?

— Бўлган. Нафақат Ёзувчилар уюшмаси доираси, балки мамлакат миқёсида озгина гап-сўз бўлгани Москвага бориб, халқаро М.Шолохов мукофотини олиши билан боғлиқ. Бунга тайёргарлик кўрилаётганида ўринбосар сифатида Тўлепберген оғага “Абдулла акага айтинг, у давлатимиз раҳбари Ислом Каримовга етказади. Ҳамма хурсанд бўлади. Сих ҳам куймайди, кабоб ҳам!” дедим. Устоз хиёл тутақиб кетди. Ундай чоғлари чойнак ё пиёлани ушлаб “Бу гонорарга келган. Синдирманг!” деб кулдирардим. Бу гал совумади. “Сен энди кабобни Улмамбет билан ейсан. Абдулла олдин ўрнимга курсдоши Камол Мамбетовни қўймоқчи эди. Энди Улмамбетни танлабди. Бу ёқда Шароф уюшмага ўтмоқчи. Нега ўтади? Раис бўлмоқчи?” деди. Буларнинг барчаси кўча гапи экани, Улмамбет оға ҳоким, Олий Мажлис депутати, Шароф оға вазир, Сизнинг лавозимингизга муҳтож эмас!” деб зўрға тинчитдим. Барибир Москвага ҳеч кимга айтмасдан кетди. Келганидан кейин Абдулла ака билан иккови бир-бирига озгина нордон гаплар айтишди. Икковига Тахтапулдаги чойхонада товуқ кабоб олиб бериб яраштирдим. Гап очилди: Абдулла ака билан орамизда анча сирлар бор. Айтилиши мумкин бўлганларидан бири: Абдулла ака республика маънавият марказидан жиғибийрон бўлиб келди. “Ҳақиқий қозоқ аёли бешбармоқ пиширадиган жойни биласанми?” деди. “Биламан!”. Бориб чой ичдик. Ҳеч ўзини боса олмайди. Охири “Ошиқ Аёз устозингни қутқара олмадим!” деди. “Нима гап бўлди?” десам, “Маънавият марказида аттестация бўлди. Саккиз ҳайъат аъзоси Ибройим оғага қарши овоз берди. Бир менинг овозим нима бўларди. Ишдан бўшади. Бош вазир ўринбосари фалончига “Сизларнинг бир вагонингизни йиғса, битта Ибройим бўлолмайсанлар-ку, десам, аттестация комиссияси аъзолари шундай ҳукм чиқарса, мен нима қилай деди?” дейди-я. Оқсоқолни юпатиб қўйдим! Маъқулми” деди Абдулла ака. “Қачон Сизга маъқул демаганман?”. Кулиб юборган эди у. Айтгунча Абдулла ака жуда маърифатли оиладан. Ориф бобо авлодларидан қанча олим борлигини биласизми?
— Йўқ!

— Буниси энди сир эмас: икки фан доктори(бири сенатор) ва беш фан номзоди. Ҳатто қизи Рухсора филология фанлари номзоди. Ориф бобонинг невараси Убайдулла Орипов Қаршидаги ижод мактабининг директори. Гап Тўлепберген оға ҳақида эди. У кўпгина ўзбек адиблари билан дўст эди. Ўзидан кейинги авлод ичида Халқ шоири Усмон Азимни туғишган иним дер эди. Ошини ошаб, ёшини яшаб, умри ниҳояга яқинлашганда Усмон ака Тошкентдан Нукусга учиб келди. Аэропортда акамга қараганимда у ҳаммасини сезди. “Яхши ният қилайлик, Янгибой. Миртемир аканинг бир одатини эшитганмисиз?” деди. “Тушундим!” дедим. Ва ҳайдовчига “Аввал Жумагул Сейитова кўчасига, кейин Элликқалъага ҳайданг!” дедим. Тўлепберген оғанинг уйи рўпарасида Миртемир ака Ойбек домланинг уйи олдидан машинада ўтганида қилганидек Усмон ака қўлини кўксига қўйиб:
— Ассалому алайкум, Тўлепберген оға! Менинг уруғдошингиз Усмон бўламан! Соғ бўлинг, мен ўзимнинг номимдаги саҳрога, Аёзқалъага кетдим! – деди. (Аёзқалъа ёнидаги гўзал адирни Усмон акага тортиқ қилганмиз. Бизда ҳар тепага бировнинг исмини бериш одати бор. Супали яйловида бир марта борганимизда Тўлепберген оғага, Ибройим оғага “тепа” берганмиз. Бир чиройли тепага борганимизда Жўқорғи Кенгес Раиси, раҳматлик Тимур оға Камолов “Икки кундан бери Сизларга ўтовда хизматда шу Жангабойга ҳам бир тепани берайлик!” деди. Хурсанд бўлдим!)
Эртасига Нукусдан “Тўлепберген оға йўқлаяпти!” деб қўнғироқ қилишди. Аввалги уйи эмас, аэропортдан чап томондаги уйида эди. Уч киши кирдик. Нурлибой билан тўрт кишимиз. Ёнимдаги одамларнинг исмини бошқача айтди. Адаштирди. Мени бетоб бўлганидан буён нечанчи марта аниқ айтяпти. Нурлибой чиқиб кетди. Чап қўлининг уч бармоғини кўрсатиб, уч гапим бор деди. Ён дафтарчамни олсам, бош чайқади. Уч гапини айтди. Мен уларни амалга оширдим. Лекин нималигини бир мен биламан, бир Яратганнинг ўзи билади. “Бисмиллаҳир роҳмаанир роҳийм. Алҳамдулиллаҳи роббил ъааламийн. Ар-роҳмаанир роҳийм. Маалики явмиддийн. Иййаака наъбуду иййаака настаъийн. Иҳдинас-сироотол мустақийм. Сироотол-лазийна анъамта ъалайҳим ғайрил мағзууби ъалайҳим валаззоллийн…!

Журналист Даут АБИБУЛЛАЕВ суҳбатлашди

7 MAY – ATOQLI ADIB TO’LEPBERGEN QAIPBERGENOV TAVALLUD TOPGAN KUN

Tog’ning yonida tursangiz,uning viqori butun bo’y-basti bilan ko’zga tashlanmaydi. Undan uzoqlashsangiz, uning oq qorli cho’qqilari, ulkan qoyalari, go’zal archazoru do’lanazorlari yaqqol ko’zga tashlanadi. To’lepbergen og’aning olamdan o’tganiga o’n yil bo’lyapti. Vaqt o’tgan sari yanada ulug’ adib ekanini sezyapman.

USTOZ BILAN QAYTA-QAYTA BAHSLAShAR EDIK…
To’lepbergen Qaipbergenov haqida Yangiboy Qo’chqorov bilan suhbat


— Yangiboy aka! Zamonamizning zabardast adibi. Qoraqalpog’iston Yozuvchilar uyushmasi raisi bo’lgan To’lepbergen Qaipbergenovga ko’p yillar o’rinbosar, yaqin ini, fikrdosh bo’lganingizni bilamiz. Ustoz tavallud topgan kunda ko’nglingizdan nimalar kechyapti?

011— Tog’ning yonida tursangiz, Dautbek, uning viqori butun bo’y-basti bilan ko’zga tashlanmaydi. Undan uzoqlashsangiz, uning oq qorli cho’qqilari, ulkan qoyalari, go’zal archazoru do’lanazorlari yaqqol ko’zga tashlanadi. To’lepbergen og’aning olamdan o’tganiga o’n yil bo’lyapti. Vaqt o’tgan sari yanada ulug’ adib ekanini sezyapman. Savolingizdagi “fikrdosh” so’zini “sirdosh” so’zi bilan almashtirsangiz ham bo’ladi. Yer yuzida umr surgan biror odam o’z sirlarini to’liq ikkinchi odamga aytmaydi. To’lepbergen og’a o’z sirlarining yarmini men bilan o’rtoqlashardi. Bugun tongda uyg’onib, o’ndan ortiq kitoblarini varaqladim. Ayrimlariga “Aynalayin Yangiboy inim” deb dastxat yozgan ekan, ko’zlarimga yosh keldi. Masalan, shaxsan Sizning o’zingiz To’lepbergen og’a bilan birga o’tirganimizda ikkimizdan intervьyular olgansiz. Ayrim odamlar uning huzuriga kirishga hayiqib turardi. Bir marta Siz chiqib ketganingizdan keyin To’lepbergen og’a yosh boladek yig’lab yuborgan edi.

— Demak gap o’sha Siz aytgan sirlarga yaqinlashib kelyapti. Atoqli adibning ehtirosli odam bo’lganini bilamiz. Ammo u shaxsan o’ziga aloqador gap bo’lsa, kipriklari namlanishi mumkin emas edi. Shundaymi?

— Shunday. Chumchuqdan qo’rqqan tariq ekmaydi. Shu bois bugun atoqli adib bilan bog’liq bo’lgan va kelajagimizga foydasi tegadigan ayrim tafsilotlarni ochmoqchiman. O’shanda men ham dastlab nega ustozning ko’zlari shashqator yosh bo’lganini tushunmadim. U ko’zlarini dastro’mol bilan artdi-da, oldimga bir varaq qog’ozni irg’itib:

— O’qi aynalayin! – dedi. – Men arzimni kimga aytayin?

— Avval o’qib ko’ray! – dedim. O’qisam bu Berdaq nomidagi Qoraqalpoq davlat universiteti yuridika fakulьteti bir guruh talabalarining kompьyuterda yozilgan ro’yxati ekan. Boshqa guruhlarda qoraqalpog’istonlik talabalar juda ko’p bo’lgandir, lekin bu ro’yxatdagi 25 bo’lg’usi yuristdan 17 nafari Buxoro, 8 nafari Xorazm viloyatidan ekan. Kimdir ro’yxatni qalbakilashtirib berganmi, u yog’i menga qorong’u. Lekin adib kuyinib:

— Men Sho’rtanboydan Xo’jayli pedagogika bilim yurtiga qatnaganimda oyog’imda oddiy choriq ham yo’q edi. Bobomning eski chakmonini kiyganman. Besh kunlab non ko’rmagan vaqtlarim bo’lgan. Nega endi hozir dasturxon to’la non, hamma narsa yetarli bo’lsa, Mamanbiyning avlodlaridan juda bo’lmasa birovi shu “gruppa”da o’qimaydi? Savlatimizdan ot, tuya emas, fil ham hurkadi-ku. Quruq savlat, quruq uy kimga kerak? “Mamanbiy afsonasi”da “bul tuvrali” (bu to’g’rida) ne deganimni bilasanmi?

— Bilaman. O’razan botirning ichki monologida “quruq uy ochga ovqat, yalong’ochga kiyim, o’lganga kafan bo’lolmaydi.” degansiz. Biroq bugungi to’qchilik ayrim arzanda bolalarni taltaytirib yuboryapti-da. Qo’lida bir emas, ikki “Neksiya”ning kaliti bor yigitlar “yurfak”ni pisand ham qilmaydi! – dedim. O’ylanib qoldi adib. Endi Siz savol bermasdanoq bir ma’lumotni aytib o’tay: atoqli adib barcha farzandlarini o’qimishli qilgan. Adilbek “Pravda” va “Narodnoye slovo” gazetalarida, Tashqi ishlar vazirligida ishladi. Yerpo’lat – respublika prokurori o’rinbosari, Nurliboy – davlat arbobi, Temirbek – rektor…

— Yashirishning keragi yo’q: Siz haqingizda oz bo’lsa ham sirtingizdan ijobiy “g’iybat” qilib turamiz. Ba’zilar o’zingizdan so’rashga istihola qiladi: qanday qilib ham To’lepbergen og’aga o’rinbosar, ham qahramon shoir Ibroyim Yusupovga dastyor bo’la olgansiz?

— Buning aniq sabablari bor. Yosh paytim, o’t-olov chog’im, K.Salikov birinchi kotib, Telьman Gdlyan navbatma-navbat Nukus va Urganchda o’tirganida Nukus universitetining madaniyat saroyida:

Bir tepakal tergovchi keldi,
Tiqayotir turmaga elni,
Bog’lamasdan haq uchun belni,
Panalarda yotmoqda kimlar,
Turonga tosh otmoqda kimlar?

– deb she’r o’qiganman. U paytlari hozirgidek kushandalarim yo’q edi. Gdlyanga yetkazishganida qorong’u kamerada qovurg’amni sindirgan bo’lardi. Uncha qo’rqqanim ham yo’q: o’zingiz bilasiz: ikki marta suvga cho’qib ketganman, “YaK-40”ning halokatidan omon qoldim. Bu yog’ida Allohning o’zi asrasin. O’sha she’rni o’qiganimda To’lepbergen og’a qadrdonim, yana bir ustozim, hozirgi O’zbekiston xalq yozuvchisi O’rozboy Abdurahmonovni yonimga o’tqazib qo’ygan. “kabinetimga olib borasan!” degan. Men qochib ketganman. Men kimmanu Ch.Aytmatovning do’sti T.Qaipbergenov kim? Oradan bir necha yillar o’tgach, “Xalq so’zi”da ishlaganimda Abbosxon ustoz (u meni “Pravda Vostoka”ga olib o’tgan) “To’lepbergen og’a Nukusga chaqiryapti! Boring. Tabarruk odam!” dedi. U paytlari Abdulla aka, og’alarim Muhammad Yusuf, Sirojiddin Sayyidlar qo’llab, uyushmaga o’tgan edim. Nukusga borsam, atoqli adib yigirmatacha yozuvchini yig’ib qo’ygan ekan:
— Kim Yangiboy Qo’chqorov Qoraqalpog’iston Yozuvchilar uyushmasi raisining o’rinbosari bo’lsin, deganlar qo’l ko’taringlar. Qo’rqmanglar, oylikni “Xalq so’zi” gazetasidan oladi! – dedi. Yozma buyruqni tayyorlab, gerbli muhrni bosib, uch nusxa olib qo’ygan ekan.

Ibroyim og’a bilan oramizda hurmat paydo bo’lishi esa men “Turkiston” gazetasida muxbir chog’im u bilan chiqargan suhbatimdan boshlangan. Suhbatda shu qadar samimiy gaplar ya’ni “sovuq kinoteatrlarda o’tirib qizlar bilan gaplashganda yuragimiz domna pechidek lovullab turardi” degan so’zlar bor edi. U paytlar Ibroyim og’a Qoraqalpog’iston ma’naviyat markazining boshlig’i edi. Suhbat chiqqach, “Turkiston” gazetasini stoliga qo’yib, besh-olti jurnalist og’alarimni chaqirib, “Intervьyu bo’lsa, shunday bo’lsin-da!” depti. Ustoz olamdan o’tgach, o’zbek tilida ikki kitobini chiqardim: “Mening yigit vaqtim, sening qiz vaqting”, “So’fito’rg’ay salomi”. Yaqinda chiqqan “Tanlangan asarlari”ning asosiy “masallig’i” mening kompьyuterimda tayyorlangan. Ikkoviga ham Alloh jannatdan joy ato qilgan bo’lsin!

— To’lepbergen og’aning ulug’ va o’jar ustoz bo’lganidan xabarimiz bor. O’sha sirlashgan chog’laringiz, u kishi bahslar nihoyasida biror xulosaga quloq osarmidi?

— Ikki masalada bahslashsak, birini ma’qul ko’rgan, ikkinchisini rad etgan paytlar bo’lgan. 1986 yili ustoz SSSR davlat mukofotini oldi. Bu noyabrь oyi edi. Borib tabriklamoqchi bo’lsam, Toshkentdan rahmatlik Azim Suyun “Bormay turing. Birga boramiz!” deb qo’ng’iroq qildi. Oxiri 1987 yilning fevralida bordik. Bilsangiz kerak, 1980 yildan boshlab To’lepbergen og’a har kunini kundaligiga yozardi. Barcha tafsilotlari bilan!

— Har bir kunni-ya. O’ttiz yil bo’ladimi?

— Ha, o’ttiz yil bo’ladi. Hozir uyida surg’uchlangan 29 tom kundalik bor. Siz bunga hayron bo’lyapsiz. Bir taniqli ozarbayjon shoiri 54 yil kundalik tutgan. To’lepbergen og’a vafotimdan 15 yil keyin ochinglar, deb vasiyat qilgan. 2025 yili ochilishi lozim. Lekin men farzandlariga ancha yilgacha ochmang, dedim. Ular shunga ko’nishdi.

— Nega?

— Chunki ustoz bilan eng ko’p tortishgan menman-da! (hazil). Xullas, o’sha safar ustoz Azim Suyunga qarab, “Sen falonchi yil, falonchi sanada uyga kelding. Yomg’ir yog’ib turgan edi. Yoningda falonchi bor edi. To’rt qadah sharob ichding. “Bulut bulutni tebratar” deb she’r o’qiding. Esingdami? – dedi.
— Esimda, ustoz, esimda! – dedi Azim aka va she’rni qayta o’qidi.
— She’r senikimi?
— Meniki desam ham bo’ladi!
— Unday bo’lsa, tur, o’rningdan!
Tashqariga chiqib, mashinaga o’tirdik-da, uyushmaga (u paytlari yozuvchilar uyushmasi “Nukus” mehmonxonasining sharqi va o’lkashunoslik muzeyining g’arbida edi) bordik. To’lepbergen og’a seyfni ochdi.
— Davlat mukofotidan bizlarga oz-ozdan berasizmi? – dedim hazillashib.
— Yo’q! Bir tiyinigacha “Do’stlik” monumentiga sarflayman! – dedi. Keyin Azim akaga bir asarning mashinkalangan qo’lyozmasini ko’rsatdi. Asarda o’sha she’r bor edi. Rais ustoz “Plagiatmi, yo’qmi?” dedi. Indamadik. Oradan yillar o’tdi. Men endi o’rinbosarman, ustoz bilan novvotli choy ichaman. Bir gal Xalq shoiri To’ra Sulaymonning kitobini ko’tarib bordim. O’sha she’rni ko’rsatdim. “Bu hech qanday Azim Suyunning ham, To’ra Sulaymonning ham she’ri emas. Xalqniki!” dedim. Ustoz o’n minutcha indamay o’tirdi. Sergey Mixalkov bilan tushgan suratiga termildi. Keyin:
— Sen bir “kley” ekansan. Qo’ymading, bola, qo’ymading. O’sha seyfdan olganim Ibroyimning dramasi edi. Kecha Najimetdin keldi. Undan oldingi kuni Hakimboy keldi. Bugun sen kelding. Boraman, Ibroyimning yoniga! – deb ovozini ko’tardi. – Moskvadan, birinchi s’ezdning stenogrammasidan ne ko’chirib olding? Xabari keldi!
Ancha vaqtgacha indamay o’tirdim. Sukut gali menga kelgan edi. Oxiri bo’lmadi. Papkamdan SSSR yozuvchilarining birinchi s’ezdida Qoraqalpog’iston yozuvchilar uyushmasi raisi A.Begimov so’zlagan nutqini berdim. O’qib jim qoldi. Kimsan Maksim Gorьkiy, Lui Aragon, Rafaelь Alьberti, qolaversa, Andrey Jdanovning yonida so’zga chiqish osonmi? Asan og’a bechora kun tartibi qolib dramaturg Abduraxman O’tepov shaxsini ta’riflashga o’tib ketgan. Qissadan hissa tez orada To’lepbergen og’a kampirini olib Ibroyim og’aning uyiga bordi. Ikki tengdosh, ikki qadrdon bir-birini bag’riga bosdi. Ibroyim og’a vafot etganda To’lepbergen og’a yig’lab-yishlab “Mening sendan yaqinim yo’q edi!” , degani esingizdami?

— Esimda. Nutq masalasini yaxshi esga soldingiz: To’lepbergen og’a nafaqat “Qoraqalpoq dostoni”, “Qoraqalpoq qizi”, “Qoraqalpoqnoma” romanlari, balki SSSR xalq deputatlarining birinchi s’ezdida Kremlь saroyi qandillarini titratgan nutqi bilan ham jahonga tanilgani to’g’rimi?

— To’ppa-to’g’ri. S’ezdda Ch.Aytmatov, A.Adamovich, V.Belov, O.Yoqubov va boshqa o’ttizdan ortiq atoqli adiblar ishtirok etishdi. Lekin To’lepbergen og’a hammadan avval, hatto O’zbekiston Kompartiyasi Markaziy Qo’mitasi birinchi kotibi R.Nishonovdan ham avval so’zga chiqdi. Kelgusi avlod bilib qo’ysinki, o’sha s’ezdda SSSR Oliy Soveti a’zoligiga yashirin saylov o’tkazilganida janob R.Nishonovga qarshi 289 delegat, Qoraqalpog’iston viloyat partiya qo’mitasi birinchi kotibi, shoir K.Salikovga qarshi 266 delegat ovoz bergan edi. S’ezd to’g’ridan-to’g’ri translyatsiya qilinardi. Biz muxbirlarga boshdan-oyoq ko’rish topshirilgan edi. Bu – birinchidan. Ikkinchidan, xorij OAV nutqning asosiy mazmunini o’sha kuniyoq jahonga taratdi. Uchinchidan, ulug’ olim, akademik A.Saxarov “Znamya” jurnalining bir necha kundan keyin chiqqan sonida qoraqalpoq adibining chiqishiga katta baho berdi. To’lepbergen og’a janob M.Gorbachevning yuziga, ko’ziga qarab: “Nega Siz ma’ruzangizda Orol muammosini xaspo’shlab o’tdingiz? Ikkinchidan, bizning hammayoq qordek tuz bosib yotgan jabrdiyda Orolbo’yi zaminiga tovoningiz tegadimi, yo’qmi?” dedi. Uchinchi e’tirozi “Bizning paxtamizni emas, fuqarolarimiz sihatini pullayapsiz!” dedi. Mixail Sergeyevichning yuzida qon qolmadi. Buning ustiga toshkentlik taksi haydovchisi Yu.Akbarov Bosh kotibga “Necha kundan buyon nega delegatlarni jiqqamusht urishtirib tomosha qilyapsiz? Agar xalqqa nafi bor gap gaplashmasak, menga ruxsat bering. Toshkentda meni mijozlarim kutyapti!” dedi. Xullasi kalom birozdan so’ng janob Gorbachevga deputat Saja Umalatova aytgan qalampirdan yuz barobar achchiq gaplarning bir uchini To’lepbergen og’a ayta olgan edi.

— Bir mashhur rus adibi “Hayot Neva prospektidek tep-tekis bo’lmaydi!” degan ekan. Atoqli adib faoliyatida baland-pastliklar bo’lganmi?

— Bo’lgan. Nafaqat Yozuvchilar uyushmasi doirasi, balki mamlakat miqyosida ozgina gap-so’z bo’lgani Moskvaga borib, xalqaro M.Sholoxov mukofotini olishi bilan bog’liq. Bunga tayyorgarlik ko’rilayotganida o’rinbosar sifatida To’lepbergen og’aga “Abdulla akaga ayting, u davlatimiz rahbari Islom Karimovga yetkazadi. Hamma xursand bo’ladi. Six ham kuymaydi, kabob ham!” dedim. Ustoz xiyol tutaqib ketdi. Unday chog’lari choynak yo piyolani ushlab “Bu gonorarga kelgan. Sindirmang!” deb kuldirardim. Bu gal sovumadi. “Sen endi kabobni Ulmambet bilan yeysan. Abdulla oldin o’rnimga kursdoshi Kamol Mambetovni qo’ymoqchi edi. Endi Ulmambetni tanlabdi. Bu yoqda Sharof uyushmaga o’tmoqchi. Nega o’tadi? Rais bo’lmoqchi?” dedi. Bularning barchasi ko’cha gapi ekani, Ulmambet og’a hokim, Oliy Majlis deputati, Sharof og’a vazir, Sizning lavozimingizga muhtoj emas!” deb zo’rg’a tinchitdim. Baribir Moskvaga hech kimga aytmasdan ketdi. Kelganidan keyin Abdulla aka bilan ikkovi bir-biriga ozgina nordon gaplar aytishdi. Ikkoviga Taxtapuldagi choyxonada tovuq kabob olib berib yarashtirdim. Gap ochildi: Abdulla aka bilan oramizda ancha sirlar bor. Aytilishi mumkin bo’lganlaridan biri: Abdulla aka respublika ma’naviyat markazidan jig’ibiyron bo’lib keldi. “Haqiqiy qozoq ayoli beshbarmoq pishiradigan joyni bilasanmi?” dedi. “Bilaman!”. Borib choy ichdik. Hech o’zini bosa olmaydi. Oxiri “Oshiq Ayoz ustozingni qutqara olmadim!” dedi. “Nima gap bo’ldi?” desam, “Ma’naviyat markazida attestatsiya bo’ldi. Sakkiz hay’at a’zosi Ibroyim og’aga qarshi ovoz berdi. Bir mening ovozim nima bo’lardi. Ishdan bo’shadi. Bosh vazir o’rinbosari falonchiga “Sizlarning bir vagoningizni yig’sa, bitta Ibroyim bo’lolmaysanlar-ku, desam, attestatsiya komissiyasi a’zolari shunday hukm chiqarsa, men nima qilay dedi?” deydi-ya. Oqsoqolni yupatib qo’ydim! Ma’qulmi” dedi Abdulla aka. “Qachon Sizga ma’qul demaganman?”. Kulib yuborgan edi u. Aytguncha Abdulla aka juda ma’rifatli oiladan. Orif bobo avlodlaridan qancha olim borligini bilasizmi?
— Yo’q!

— Bunisi endi sir emas: ikki fan doktori(biri senator) va besh fan nomzodi. Hatto qizi Ruxsora filologiya fanlari nomzodi. Orif boboning nevarasi Ubaydulla Oripov Qarshidagi ijod maktabining direktori. Gap To’lepbergen og’a haqida edi. U ko’pgina o’zbek adiblari bilan do’st edi. O’zidan keyingi avlod ichida Xalq shoiri Usmon Azimni tug’ishgan inim der edi. Oshini oshab, yoshini yashab, umri nihoyaga yaqinlashganda Usmon aka Toshkentdan Nukusga uchib keldi. Aeroportda akamga qaraganimda u hammasini sezdi. “Yaxshi niyat qilaylik, Yangiboy. Mirtemir akaning bir odatini eshitganmisiz?” dedi. “Tushundim!” dedim. Va haydovchiga “Avval Jumagul Seyitova ko’chasiga, keyin Ellikqal’aga haydang!” dedim. To’lepbergen og’aning uyi ro’parasida Mirtemir aka Oybek domlaning uyi oldidan mashinada o’tganida qilganidek Usmon aka qo’lini ko’ksiga qo’yib:
— Assalomu alaykum, To’lepbergen og’a! Mening urug’doshingiz Usmon bo’laman! Sog’ bo’ling, men o’zimning nomimdagi sahroga, Ayozqal’aga ketdim! – dedi. (Ayozqal’a yonidagi go’zal adirni Usmon akaga tortiq qilganmiz. Bizda har tepaga birovning ismini berish odati bor. Supali yaylovida bir marta borganimizda To’lepbergen og’aga, Ibroyim og’aga “tepa” berganmiz. Bir chiroyli tepaga borganimizda Jo’qorg’i Kenges Raisi, rahmatlik Timur og’a Kamolov “Ikki kundan beri Sizlarga o’tovda xizmatda shu Jangaboyga ham bir tepani beraylik!” dedi. Xursand bo’ldim!)
Ertasiga Nukusdan “To’lepbergen og’a yo’qlayapti!” deb qo’ng’iroq qilishdi. Avvalgi uyi emas, aeroportdan chap tomondagi uyida edi. Uch kishi kirdik. Nurliboy bilan to’rt kishimiz. Yonimdagi odamlarning ismini boshqacha aytdi. Adashtirdi. Meni betob bo’lganidan buyon nechanchi marta aniq aytyapti. Nurliboy chiqib ketdi. Chap qo’lining uch barmog’ini ko’rsatib, uch gapim bor dedi. Yon daftarchamni olsam, bosh chayqadi. Uch gapini aytdi. Men ularni amalga oshirdim. Lekin nimaligini bir men bilaman, bir Yaratganning o’zi biladi. “Bismillahir rohmaanir rohiym. Alhamdulillahi robbil ‘aalamiyn. Ar-rohmaanir rohiym. Maaliki yavmiddiyn. Iyyaaka na’budu iyyaaka nasta’iyn. Ihdinas-sirootol mustaqiym. Sirootol-laziyna an’amta ‘alayhim g’ayril mag’zuubi ‘alayhim valazzolliyn…!

Jurnalist Daut ABIBULLAEV suhbatlashdi

07

(Tashriflar: umumiy 615, bugungi 1)

1 izoh

  1. Yangiboy ag’a ming yashang!Ijodizga omad! Olloh ko’nglingizga bersin!!!

Izoh qoldiring