Abdug’afur Rasulov. Tunda chaqnagan yulduz.

027

   Ойбекнинг «Қутулуғ қон» романи ҳақиқий миллий асардир. Асар матни семантик нуқталарга, семиологик маъно қатламларига эга. Муҳими шундаки, «Қутлуғ қон» Ойбек ижодининг марказини ташкил қилади. Ойбекнинг ёзувчи-олим сифатидаги маҳорати, борлиғи, қарашлари «Қутулуғ қон» ва «Навоий» романида ўзининг бус-бутун ифодасини топган.

77

Абдуғафур Расулов
ТУНДА ЧАҚНАГАН ЮЛДУЗ

   ХХ асрнинг 30-йилларида, айниқса, машъум оммавий қатағон пайтида юрак-бағри бутун ёзувчи, санъаткор, арбоб, олим, омилкор қолмади ҳисоби. Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Миртемир, Шайхзодани қамадилар. Уларни шунчалик хор-зор қилдиларки, инсон зоти бундай руҳий-маънавий азобларга тоб бериши амри маҳол эди. 1937 йилнинг 31 августидан 5 сентаябргача Ойбек учун дўзах азобидан қийин кунлар бўлди. Шу кунларда Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси пленумида ёзувчининг сиёсий фаолияти, ижтимоий-маънавий қиёфаси масаласи ўртага қўйилди. Ойбекни миллатчидан олиб миллатчига солишди, нари олиб бориб, бери олиб келишди. Ойбек ўзи билмаган, етти ухлаб тушига кирмаган «гуноҳларини» ўзгалар оғзидан эшитиб ҳангу манг бўлди. Бундай вазиятда инсон ўзини ҳимоя қилолмайди, туҳматларни бўйнига олишдан ўзга йўли қолмайди. Пленум қарори бўйича «Ойбек Ёзувчилар союзи аъзолигидан ўчирилди, Тил ва адабиёт институтидан ҳайдалди» («ЎзАС», 2005, 21 январь).
1937 йилнинг сентябридан Ойбек ўз ҳолига ташлаб қўйилди. Ишламаса бўлмайди: уч фарзанди, оиласи бор. Ойбек ўз тенгқурлари орасида интелектуал салоҳияти кучли олим эди. У фалсафа, эстетика, тарих, иқтисоддан ташқари жаҳон адабиёти намояндалари асарларини яхши биларди. Ойбек бошига иш тушган пайтда профессор Н.Ф.Дератанининг икки жилдлик «Антик адабиётдан хрестоматия» китоби машҳур эди. Хрестоматиянинг иккинчи китоби «Рим адабиёти»ни таржима қилиш имкониятини Ойбек ўзига қарата олди. Салкам 16 босма табоқли бу асар «Бизнинг эрадан илгари III-I асрлар адабиёти», «Рим адабиётининг классик даври» (милоддан аввалги I асрнинг охири, милоддан кейинги I асрнинг бошлари), «Императорлик даври адабиёти (милодий I-II асрлар)» бўлимларидан, «Шарҳлар» ва «Атоқли исмлар ва адабиётшунослик терминлари рўйхати»дан иборат эди. Хрестоматияни таржима қилиш Ойбек учун катта ижодий мактаб бўлди. Асарга Тит Плавт, Публий Теренций, Гай Катулл, Тит Лукреций, Марк Цицерон, Квинт Гораций, Марон Вергилий, Публий Овидий, Луций Сенека, Гай Петрони, Луций Апуллей, Албий Тибилл, Лукианларнинг трагедия, комедия, дидактик поэма, лиро-эпик достон, сатиралари киритилган эди. Ойбек хрестоматияни таржима қилишдан олдин Н.Ф.Дератанининг «Юнон адабиёти» (М.-Л., 1932), «Плавт театри» (М.;1933 йил) сингари асарларини ўқиб чиқди. «Рим адабиёти христоматияси» таржимаси Ойбекка зўр ижод мактаби бўлди: таржимон уч тур ва кўп жанрдаги асарларни бир йўла ўзбекчага ўгирди, шарҳ ва луғат мағзини чақди. Таржимон деярли барча асарлари охирига «баъзи ўзгаришлар билан» деган иборани қўшганки, таржимага ижодий ёндашганлиги сезилиб туради. Хрестоматияга киритилган асарлар муаллифлари ҳақида тазкирамонанд маълумот берилади. «Рим адабиёти хрестоматияси»да асарлардан парчаларнигина берилган. Хрестоматия, таржимон маҳоратини кўрсатиш мақсадида Луций Сенеканинг «Октавия» трагедиясидан кичик бир парчани келтиришни лойиқ топдик:

Октавия:
Энди золим мустабид мени юборар
Ғамли кўлкаларнинг зулмат юртига.
Нимага мен шўрлик беҳуда йиғлай?
Тақдир кимни лойиқ кўрган бўлса у
Элтсин ўлимга мени! Кўк тангриларини
Чақираман… Тўхтанг, тентак, кўк тангрилари
Сендан нафрат қилишади. Мен чақираман
Тартарни, ҳам жаҳаннамнинг ўч олар
Илоҳларин, шундай жазо ва ўлимга сазовор
Бўлган отам, сени-да чақираман.
Тайёрлангиз кемани, чодирни қуриб,
Узоқ Пандатария соҳилларига
Томон йўл солсин илдам кема ҳайдовчи*.

«Рим адабиёти» хрестоматиясининг сарварағига: «Китобнинг таржимасини ЎзССР Маориф Халқ Комиссарлиги тасдиқ этган» деган ёзув борки, у Ойбекка ўша йиллардаги муносабатдан дарак беради. Ойбек таржимасидаги бу хрестоматия нашр этилганига 68 йил бўлди. Ҳозир университет, институт филолог-талабалари жаҳон адабиётини ўрганадилар. Афсуски, ҳозиргача юнон, рим, миср, япон, хитой антик адабиётидан ўзек тилида дарслик, хрестоматиялар йўқ. 1965 йилда Москвада Н.Ф.Дератани, Н.А.Тимофеев тайёрлаган «Антик адабиётдан хрестоматия»нинг I-II жилдлари чоп этилган эди. Ойбек таржимасидаги «Рим адабиёти» хрестоматияси ўз қимматини сира йўқотгани йўқ. У ҳозир қайта нашр этилса, Ойбек илмий меросининг безаги бўлар эди.

* * *

Ойбек ёзувчилар союзидан чиқарилиб, Тил ва адабиёт институтидаги ишидан четланганда 33 ёшда — ишлаб, ўқиб-ўрганиб, ижод қилиб чарчамайдиган балоғат паллсида эди. У «Антик адабиётдан хрестоматия»нинг II жилдини таржима қилар экан, ўзбек халқининг миллат сифатида шаклланиши жараёнини ҳаққоний акс эттириб берадиган роман концепциясини онгида етилтираётган эди. Санъаткор қандай асар ёзмасин, барибир, шахсий ҳаётининг, оилавий муҳитнинг қайсидир томонларини акс эттиради. Катта эпик асарда ёзувчига таниш, унинг хотирасидан ўрин олган воқеалар, кишилар тасвирланади. «Қутлуғ қон» романида тасвирланган воқеалар ХХ асрнинг 10-йиллари ўртасида рўй беради. Ойбек у даврларни яхши эслайди. Аниқроғи, ХХ асрнинг 10-йиллари воқелиги, одамлари Ойбек ижодининг ўқ илдизидан бирини белгилайди. У «Бобом», «Болалик», «Бахтигул ва Соғиндиқ», «Улуғ йўл» асарларида шу даврни тасвирлайди. Демоқчимизки, Ойбек ижодини ўрганганда биографик методни зинҳор унутмаслик жоиз. Француз адиби, олим-мутафаккири Шарль Сёнт-Бёвнинг биографик методига кўра бадиий асарда ёзувчи биографиясига таалуқли кўп масалалар мавжуддир. Аввало, асар ғоясининг, концептуал асосининг пайдо бўлиши ёзувчи ҳаётидаги биронта масала билан боғланиб кетади. Иккинчидан, ёзувчи билибми, билмайми (ғайришуррий ҳолда юраги қаъридаги туйғуларни, хотирасига сингиб қолган шахсларни асарига кирита бошлайди. Учинчидан, асарнинг ёзилиши жараёнидаги ҳолатлар, манзаралар, ҳодисалар табиий ҳолда стуруктурага сингиб боради. Матёқуб Қўшжонов, Наим Каримов, Акрам Каттабеков тадқиқотларида, Зарифа Саидносирова хотира-китобида Ойбек асарларидаги биографик томонлар — ҳаёти, турмуши, кайфияти, танишлари, асарлари протиплари ҳақида қизиқарли воқеалар келтирган. Биз «Қутлуғ қон» асарининг ёзилиши жараёни билан боғлиқ биографик жиҳатларга эътибор қаратмоқчимиз. Бошқача айтсак, ёзувчилар союзи пленумидан (31.VIII-5. IХ.1937) кейинги воқеаларнинг Ойбек тақдири, «Қутлуғ қон» романи биографиясида қандай акс этганини кўрсатмоқчимиз. Образли айтганда, 1937 йилдаги машъум пленум навқирон Ойбекнинг ёруғ кунини қоп-қора тунга айлантирди. Ойбекдаги санъаткорлик, юксак истеъдод зимистон тунда чарақлаган юлдузни — «Қутлуғ қон» ни бунёд этди.
«Қутлуғ қон» романи 1938 йилда, қисқа муддатда битилганлиги айтилади. Роман ёзилган жой, фасл ҳақида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, драматург ва режиссёр Рихсивой Орифжонов («ЎзМЭн», 6-том, Т., 2003 йил, 566-бет) ҳикоя қилиб берган эди (Рихсивой ака асли Юнусободнинг Оқота мавзесидан бўлган): «Қишлоғимизда Ойбек домланинг дала боғи бўларди. Боғдаги кўркам шийпон ҳамон кўз ўнгимдан кетмайди. Ёз кечалари Ойбек шийпонида керосин чироқ алламаҳалгача ёқиқ турарди. Мен, 12 ёшли қишлоқ боласи Ойбек домла шийпонидаги чироққа тикилиб ётганимча уйқуга кетардим. У вақтларда электр, радио қаёқда дейсиз?! Ҳатто жинғироқли соат ҳам йўқ экан-да қишлоғимизда. Ойбек шийпонидаги чироқ ўчиши билан қишлоқ аҳли ғимирлаб қоларди: кексалар бомдод намозига тайёрланар, бозорчилар от, эшакни аравага қўша бошлар, яна кимлардир ўз юмушларига банд бўлардилар. Мен болалигимни эсласам, ёз фасли, Ойбек шийпонида пориллаб ёниб турган чироқ хаёлимга келаверади. Кундуз кунлари мол боқиб юрганимизда биронта овлоқ, салқин жойга кўрпача тўшаб китоб ўқиб ўтирган Ойбек домлани кўриб қолардик»..
Наим Каримов «Ойбек» китобида ёзади: «Адибнинг айтишича, у романни қисқа муддатда — саккиз-тўққиз ой мобайнида ёзиб тугатди. Бу 1938 йилнинг ёз ойлари эди.
Миркарим Осим худди шу даврни эслаб, ёзади: «Мен якшанба куни Ойбекни йўқлаш учун унинг Оқтепадаги (аслида Оқота) боғига бордим. Қўрғонча эшигини тақиллатган эдим, Зарифахоним чиқиб, мени ичкарига таклиф қилдилар.
-Ойбек шу ердами?
-Ҳа, шу ерда. Лекин ҳали уйқудан тургани йўқ.
-Ие, соат бир бўлди-ку. Кечаси иккида ётган бўлса ҳам, уйқуга тўйиши керак эди.
-У кўпинча соат уч-тўртгача шийпонда ўтириб ишлайди. Энди турадиган вақти бўлди, киринг ичкарига.-Зарифахоним айвондаги хонтахта устига дастурхон ёзиб, бир чойнак чой келтириб қўйдилар»… (93-94 бетлар).
Зарифа Саидносирова «Ойбегим менинг» (Т., «Шарқ», 1994) хотира-китобида 1934 йилда Тахтапул ва Юнусобод мавзелари ўртасидаги Оқота деган жойдан (ҳозирги Ғуломмаҳмуд Абдуллаев маҳалласи, аввалги «Ворошилов», «Карл Маркс» колхози идорасининг атрофи-А.Р) боғ ҳовли сотиб олганликлари, бу жой Ойбекка ниҳоятда маъқул бўлгани ҳақида ёзади. Муаллиф боғнинг кўринишини тиниқ тасвирлайди: «… боққа торгина боғ кўчадан кичкина бир эшикча орқали кириларди. Эшикдан бошланган якка йўлнинг ўнг томонида катта ҳовуз, атрофида қизил олма оғочлари терилган… Сўл томонида бир танобча келадиган бедазор… Ҳовуздан кейин-қўрғон:унда бир уй ва бир айвон бор. Қўрғон орқаси ва бедазордан бошлаб 18 ишком узум: чарос, қора кишмиш, даройи, соҳиби, ҳусайни, нимранг ва ҳоказо. Беда атрофида олма ва шафтоли оғочлари. Шафтоли май ойидан бошлаб пиша бошлайди. Навлари жуда кўп… 1934 йилдан 1939 йилнинг кузига қадар ҳар ёзни шу боғда ўтказдик» (154-бет).
Зарифа Саидносирова боғни таърифлаб яна ёзади: «Ойбек Чимёнда ишлаётган кезларда, унинг дадаси билан маслаҳатлашиб, қўрғондаги уй ва айвон устига катта шийпон қурдирдик… Шийпон жуда кўркам. Боғ томондаги дарахт навдалари шийпонга шундоққина тўкилиб туради. Улар гуллаганда, мевалари пишганда эса кўркини кўриб, кўзингиз тўймайди. Айниқса, кечалари, ойдиндаги манзаранинг гўзаллиги кўнгилларимизни ором ва нашъа билан тўлдиради (155, 156-бетлар).
«Қутлуғ қон» романини ўқий бошлаганимиз ҳамон Ойбек суйган боғ тасвирини кўрамиз: Мирзакаримбой «боғнинг ташқарига қаратилган кичкина эшигига кирди. Йўлчининг кўзига «жаннатдай» катта боғ манзараси очилди, томоша қилиб, кекса тоғанинг орқасидан юраверди. Орасидан Қўқон арава бемалол юрадиган кенг, узун ишкомлар икки танобдан мўлроқ ерни ишғол этган. Кўм-кўк ток барглари эрталабки қуёшда жилваланади. Боғнинг тўрт томонини ўраган баланд, янги пахса девор бўйлаб шафтолилар ўсади… (Ойбек.асарлар. 10 томлик.3-том, 21-бет.). Ойбек ўз боғидаги бедазорни ҳам унутмаган: «Улар пича юриб, тўрт-беш таноб жойни ишғол этган бедазорга чиқишди.
-Мана бедам! — қўлини белига тираб, кўзи билан узоққа ишорат қилиб деди Ёрмат.- Ҳафсалангиз бўлса, беданани шунда тутинг-да.
-Йўнғичқа сизникими? Ёш экан ҳали, жуда бақувват ўсибди.- Ёрматга қараб деди Йўлчи» (16-бет).
Зарифахоним тарихини чизган, Ойбекка жуда ёққан шийпон кўринмаяптими,» дейсизми? Мана ўша машҳур шийпон: «Ёз кечаси қисқа. Йўлчи бир чимдим ухлаб бегона жойга ўрганмаганиданми, кўзини очаркан, тонг отган эди. Ҳаво салқин ва тоза. Унда-мунда қушлар сайрайди. Йўлчи ўрнидан турди, ариқда юз-қўлини ювиб, ташқари саҳнида бир оз кезди. Меҳмонлар шийпонда шоҳи, адрас кўрпаларда, бошларини оппоқ ва юмшоқ ёстиқларга кўмиб ухлайдилар… Майин тонг шабадаси ранг-баранг гулларни секин тебратиб, атирларини ҳар ёққа сочади» (18-бет).
«Қутлуғ қон» романидаги структура тизимини мукаммал ўрнганган мутахассис асардаги биринчи семиотик марказ Мирзакаримбой боғи тасвири эканини англаб етади. Ойбек боғни тиниқ, аниқ, ишонч билан тасвирлайдики, шу жойни билмаган, кўрмаган одамда бунчалик тиниқ, қатъий матн сира пайдо бўлмас эди. Илк семиотик марказнинг бошланиш қисми, табиийки, романнинг илк саҳифалари, Йўлчининг «Тўпқайрағоч»га кириб, Жаббор кўса чойонасида чой ичиши, атрофни синчиковлик билан кузатишидир. Ҳар қандай катта асарнинг бошланиши, иложи борича, китобхонга кўп «вазифа бериш»ни тақозо қилади. «Қутлуғ қон» романи саратоннинг сариқ кунида («ҳамма ёқни олов сели тўлдирган», «ҳаво алла қандай оқ аланга билан ёнгандай», «куйиб ётган билқ-билқ юмшоқ тупроқ») «иссиқда, совуқда обдон пишган», «баданидан куч ёғилиб турган» Йўлчининг чойхонага кириб келиши, «чувак юзли, эти суягига ёпишган, жиккак… ғирт кўса» самоварчининг дийдиёларига эътибор қаратиши, «куннинг даҳшатли ёнувига қарамай, қалин, қора жун ўралган бир қозоқнинг… минут сайин… самоварчига… «Шилимни узат!» дея буйруқ бериши сингарилар билан бошланади.
Самоварчи Йўлчига қарата:
-Роса мучанг бор экан, иним. Баданингдан куч ёғилиб турибди-я. Қаерликсан, сайрамликми?- дейди. Шу заҳоти у бирдан шанғиллаб қолади: «Ҳой аравакаш бола, отингни торт, нақ тезагини дўпингга солиб бераман!»…
Деворга суянган лоқайд қозоқ, «… сайрамликмисан?-дея сўрашиши, «тезакни дўппига солиб бериш» пўписаси-биографик метод нуқтаи назаридан аҳамиятли. Воқеа Тошкентнинг шимол тарафида, қозоқларга яқин жойда, қишлоқда (от, эшаклар тезаги) рўй бераяпти. Романдаги воқеалар ёзувчи Ойбек ёзда дам оладиган, яшайдиган Оқота қишлоғи атрофида кечяпти. Кўринадики, романнинг бошланиши биографик, топонимик, этник маълумотларга бой. Бадиий асарнинг ҳар томонлама сержизоба, маълумотларга бой, деталларга сероб бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Қизиғи шундаки, орадан 15-20 кун ўтиб Йўлчи яна гузарга-ўша таниш икки чойхона, қассоб дўкони, боққол дўконига чиқади. Энди гузарни ҳам, ён-атрофни ҳам Йўлчи бошқача кузатади. Бу гал унинг диққатини боққол билан ижара аравасининг гупчаги сингани боис қовунини шаҳарга етказа олмаган деҳқон орасидаги савдо муносабати жалб қилади. Қизиқки, бу гал Йўлчи на Жаббор кўсага, на чойхонадаги кишиларга эътибор беради. Уни жиддийроқ муаммолар комига торта бошлайди.
Ижод жараёни юрилмаган йўл бўйлаб боришга, аниқроғи тунда автоуловни бошқариб бораётган ҳайдовчи юмушига ўхшайди. Ёзувчи асари ғоясини, қаҳрамонлари тақдирини билади. Лекин уйдаги гап кўчадагига тўғри келмайди дейилганидек, йўл-йўлакай бир қанча масалаларни ҳал қилиб боришга тўғри келади. Ёзувчи ўзи истамаган ҳолда янги персонажларни киритишга, айрим ҳолатларини беришга, янги веқаларини тасвирлашга мажбур бўлади. «Қутлуғ қон»даги бир персонаж, масалан, Йўлчининг иниси Қурбон бойда корандалик қилаётганини айтади. Суҳбатларнинг бирида Унсин тасодифан Эргаш акасини эслаб қолади. «Улуғ йўл» романида эса Йўлчининг иниси Элмурод номи билан китобхонга таништирилади. Гап, албатта, персонажларнинг номида эмас, асар сюжетидаги ўрнида, бош ғояни ёритишдаги вазифасида. Лекин моҳир санъаткор ҳар бир деталга, ҳар бир ҳолатга эътибор қаратади. Зарифа Саидносированинг «Ойбегим менинг» китобида ғалати бир ҳолат бор. Ойбек «Қутлуғ қон»ни ёзиш жараёнида Йўлчининг синглисини қандай ном билан атаса маъқул бўлишини Зарифахонимдан сўраб қолибди:

Тун яримлаган
Шоир «Қутлуғ қон»
Романидан бош
Кўтармас бир он.
— Қўлимда китоб
Атом ҳикмати,
Тафаккуримда
Дунё қисмати.
Бир исмни топ,
Ёқимли ёш қиз-
Йўлчи синглиси
Кўзлари юлдуз.
-Заҳро ё Чўлпон
Ё Олтинбиби?
— кам учрар Унсин —
Бу энг яхшиси!

«Қутлуғ қон»га Унсин образи шундай кириб келди. (166-бет). Бадиий асар яратаётган ёзувчи табиатни тасвирлайдими, ҳолатларни кўрсатадими, диалогларни берадими, қаҳрамону персонажларга ном қўядими, эмин-эркин ҳаракат қилади. Лекин структура тизими, матндаги ҳар бир ифода, ишора ўз мантиқи, мазмунига эга бўлиши керак. Бошқача айтганда, асарга биографик ёндашилинадими, синчиклаб таҳлил қилинадими, у бошқа тилларга ўгириладими, матндаги ҳар бир белги ўз мазмунига эга бўлиши шарт. «Қутлуғ қон»да темирчи Қоратой, унинг ўғли Холтой, маҳсидўз Шокир ота, унинг дардманд ўғли Тоҳиржон образи берилган. Эътибор берсангиз, Мирзакаримбой Йўлчининг маслакдошлари ҳақида титраб-қақшаб дейди:
— Унинг бир муттаҳам темирчи дўсти бор. Шокир эзма деган бир отаси бор. Улар қутқарсин… (277-бет).
Қаранг, Қоратойдаги дадиллик, ҳеч нарсадан тоймаслик Мирзакаримбойга муттаҳамлик бўлиб кўринган. Шокир отадаги бурро-бурро гапириш бойга эзмалик бўлиб туюлган.
Хуллас бадиий асардаги биографик ҳолатлар, воқеа-ҳодисаларни ёритгандаги ўзига хосликлар структура тизимида ўз ўрнини топади, семиотик нуқта сифатида аҳамият касб этади.
…Буюк санъаткор шахсий фожиаларини асар руҳига, матннинг чийратма арқоғига чувалаштирмайди. Бу фазилат «Қутлуғ қон» матнида аниқ сара қисса, романлардаги воқеа-ҳодисалардан, характерлардан таъсирланганини яширмайди. Гуландом образида Зеби («Кеча ва кундуз»), Нетай («Нетай»), Холисхондан («Парнжи сирларидан бир лавҳа»), Гулнорда Кумушдан («Ўткан кунлар»), Лутфиниссода Ўзбек ойимдан («Ўткан кунлар»), Мирзакаримбойда Юсуфбек ҳожидан («Ўткан кунлар»), Солиҳ Махдумдан («Меҳробдан чаён»), Нурида Хушрўйдан («Ўткан кунлар») ўткан аллақандай аломатлар сезилиб туради. Ёрмат ва унинг оиласи тарихининг баъзи томонлари Раззоқ сўфи оиласи («Кеча ва кундуз») тақдирини ёдга туширади.
«Қутлуғ қон» романида «Ўткан кунлар», «Кеча ва кундуз», «Шум бола», «Нетай» сингари асарлардаги ҳолатларни ёдга туширадиган ўринлар бор. «Гулнор катта ариққа яқинлашганда, бирдан тўхтади: ариқ ёқасида Йўлчи юз-қўлини артиб турарди… Гулнорнинг юраги кучли тўлқинланди, бутун гавдасини тотли титроқ босди» (Ойбек. Асарлар. 10 томлик. 3-том, 163-бет). Китобхон ёдига Отабек ва Кумушнинг ариқ бўйидаги илк учрашуви тушади.
«Қутлуғ қон» романидаги характерларнинг айрим томонлари ўзга асарлардаги қаҳрамонларникига ўхшаб кетиши, асарда таниш ҳолат-вазиятларга дуч келиб қолиниши Ойбек асарининг бетакрор, ўзига хослигига зинҳор соя солмайди. «Қутлуғ қон»нинг матни ўзигагина хос таркибий тизимга, пишиқ-пухта тўқимага эга. Асар матнида синиқ, сўниқ, ожиз халқалар деярли учрамайди. Матннинг пишиқ-пухталиги, мусти мустаҳкамлиги асар концепциясига боғлиқ. Ойбекнинг «Қутлуғ қон» романи концепцияси ниҳоятда теран, пухта. Ёзувчи ўзбекнинг ХХ аср бошларидаги ижтимоий-иқтисодий-сиёсий даражасини, руҳий-маънавий ҳолатини, миллий ўзига хослигини ниҳоятда аниқ, тиниқ конкрет тасвирлаган.
«Қутлуғ қон» — янги ўзбек адабиётидаги ҳақиқий реалистик асар намунаси. Асар концепцияси қанчалик теран, тиниқ, ҳаққоний бўлса, у ўз-ўзидан ўзга асарлардаги концепцияни ўз ўзанига буриб юбора олади. Ойбек 1915-16 йиллардаги Тошкент, тошкентлилар ҳаётини тасвирлаган. Бу йилларда миллий буржуазия жадал ривожланаётган, савдо-сотиқ авж олаётган, йирик бойлар бош кўтариб, майда-чуйда савдогарлар «синаётган», камбағаллар, ночорлар кўпаяётган эди. «Қутлуғ қон»да қаҳрамонлар, воқеа-ҳодисалар кўп. Уларни ўша пайтда аниқ ўлчайдиган бир тарозу-пул мавжуд эди. Бойларни пишқиртирган, бойвуччаларни қутиртирган, қашшоқу йўқсинларни зир қақшатган куч — пул эди. Пул ошкора ва пинҳона жиноятчиларни, ношаърий битимларни мунофиқликни авж олдирди. Пул ҳокими мутлоқ бўлган жойда инсон қадри арзонлашар, ғурур оёқ ости қилинар экан. «Қутлуғ қон» романида пул муаммолари, ҳисоб-китоблар кўп ўрин эгалайди. Бир қанча мисоллар келтирамиз. Қирғиз Ўрознинг бир йиллик меҳнатига бой саккиз сўм тўлайди (46-бет). Деҳқон бир арава, сараланган қовунни тўрт ярим сўмга сотади (37-бет). Ёрмат Мирзакаримбойда салкам 20 йил ишлаб 143 сўмгина жамғарипти (299-бет). Йўлчи бой хонадонида 20 ой ишлаб 40 сўмга яқин пул олипти (253-бет). Йўлчи тонгдан шомгача ҳаммолллик қилиб бир сўму 70 тийин топибди (261-бет). Шоқосимнинг хотини вафот этганда этак тутиб аранг беш сўм йиғишипти. Шундан 2 сўми гўрковга, 2 сўми домла-имомга, бир сўми ғассолга (49-бет). Бойлар пулни сарфламайдилар, сочадилар. Салибойвачча Гулнорни гумдон қилиш учун Тантига 5000, Олимхон эллик бошига минг сўм беради. Пул сарфлашда бойвуччалар бойлардан қолишмайдилар. Мана, Қўқон араваларда келин — Нурини куёвникига олиб боришяпти. Одатга биноан, йигитлар келин минган арава йўлини тўсадилар. Лутфинисо йўл тўсганларга биринчи бор беш сўм, икки дўппи, иккинчи бор ўн сўм икки дўппи узатади (99-бет). Мирзакаримбой, Нажмиддин, Тантининг отаси пишиқнинг пишиғи бўлишган. Мирзакаримбой Йўлчига 9 сўм бераркан, роса насиҳатбозлик қилади. У Сайрамдаги дўконининг иш юритувчиси Муҳаммад Расулни тергайвериб қонига ташна қилади. Нури алвасти фолбинга ўн сўм беради (198-бет). «Ойна» журнали 10 сўм ҳадя қилган Ҳакимбойвачча Мирзакаримбой ўғлига журнал саҳифасида миннатдорчилик билдиради (71-бет). Капитализмнинг қатъий бир қонуни бор: биров бойиб боради, биров «синади». «Қутлуғ қон»да «синган» ота — Гуландом оиласининг фожиаси кишини титратади (148-154 бетлар). Йигирма бир ёшли йигитча қарзга ботгач, «Қурбақаобод»даги жаннатдай боғини 800 сўмга хатлаб беради (284-бет).
Хуллас, «Қутлуғ қон»да ўзбек халқи ҳаётидаги муҳим бир жараён тўлалиги, теранлиги билан акс эттириб берилган. Асарнинг бош қаҳрамони Йўлчи Хўжакентдан Тошкентга меҳнат қилиш, пул топиш учун келади. Роман матнидаги илк семантик нуқталардан бири бундай ифодаланган: «Қишлоқда кўп одамларнинг юмушини қилдим, майли, бу ерда ҳам ишлай. Яхши ишласам, албатта, чакки бўлмайди. Негаки, булар қариндошларим, ҳаммадан юлсалар ҳам мендан юлмаслар… гап яхши ишлашда…» (17-бет). Йўлчи асосан Мирзакаримбой хонадонида, бойнинг қариндош-уруғлариникида ишлади. Тил учида бўлса-да, Салим, Ҳаким Йўлчини «жиян, жиян»лаб туради, Нури гоҳо қишлоқдаги аммасининг ҳолидан гап очади. Йўлчи бойни «тоға», бойваччаларни «ака», «почча» бойвуччаларни «опоқи», «янга», «опа» деб пул йиғиши мумкин эди. Романдаги энг нозик томон шундаки, Ойбек Йўлчи орқали ўзбекнинг ор-номуси, ҳаллолиги, ғурурини кўрсатиб бермоқчи. Бошқача айтганда, инсон қадр-қиммати энг арзон бўлган бир даврда Йўлчи ғурур, қадр-қимматни бой бермади. Романда Йўлчи ва Ёрмат ҳамиша бақамти тасвирланади. Ёрмат ўрта ёшдан ошган, рўзғорли, киришимли, серғайрат, сўзамол одам. Лекин бой хонадонидагилар Ёрматни одам ўрнида кўрмайдилар. Ёрмат хизматкор, мардикорларнинг бевосита бошлиғи. Аммо на Ўроз, на Алиохун на тошкентли мардикор Ёрматни заррача ҳурмат қилмайди. Нега? Ёрмат қадр-қиматини, инсоний ғурурини бой бериб қўйган одам. Мирзакаримбой илк бор Йўлчига синчиклаб назар солар экан «бутун сиймосида катта жасорат ва ғурур сезди» (14-бет). Обдон чиниққан бу йигитдаги «жасорат ва ғурур» одам танийдиган Мирзакаримбойга ёқмади. Аслини олганда, Йўлчининг бош қаҳрамонлиги, халқ намояндаси эканлиги ўша жасорат ва ғурурда акс этган. Йўлчидаги ҳалоллик, меҳнатсеварлик, поклик-тарбия, ахлоқ самараси. Бу белгиларни, билимдонликни тарбиялаш мумкин. Аммо ғурур ва жасорат Йўлчи характерининг бетакрор ўзигагина хос томони. Мана шу белгилар Йўлчига бахт ҳам, бебахтлик ҳам келтиради. Англашимча, Йўлчи ва Мирзакирмбой хонадонидаги муносабат, муҳит ўзига хос макет, атайин яратилган ҳолат. Яъни ўзбек халқи 130 йилдан мўлроқ муддатда чор ва қизил империя инон-ихтиёрида бўлди. Ўзбек мустамлакачиликнинг кўз кўриб, қулоқ эшитмаган азоб, қийноқ, хўрлик, қатағонларини бошидан кечирганда ҳам ғурурини, жасоратни бой бермади. Мустақиллик йилларида ўзбек ғурури, жасорати, топқиру билағонлиги боис жаҳон халқлари қаторида ўзининг муносиб ўрнини эгаллай бошлади. Ўйлаб кўрилса, «Қутлуғ қон»да тасвирланган ғурур, жасорат, қадр-қиммат сингари миллий қадриятларни юксак тутиш янги авлод ёзувчилари ижодида изчил давом эттирилмоқда.
Йўлчидаги ақллилик унинг ғурур, жасоратини нурлантиради, маъно-мазмун билан бойитади. Йўлчи характеридаги саҳийлик, бағри кенглик тасвирига алоҳида ўрин берилади. Йўлчи тоғаси хонадонига эндигина келганида кичик бойвачча Рафиққа най ясаб беради, ёш бола билан мириқиб суҳбатлашади. Йўлчи вақти-вақти билан камбағал деҳқонларга, ҳунармандларга қўлидан келганича яхшилик қилади, саховат кўрсатади. Шокир ота, бедаво дардга мубтало бўлган Тоҳирга, гадойчилик қилишгача борган Шоқосимга, Ўрозга, бойлар қўлидаги қўғирчоққа айланган баччага, нонвой Саодат кампирга, темирчи Қоратойга қўлидан келган яхшилигини қилади.
Йўлчи характерининг моҳиятинни севги, Гулнорга бўлган оташин муҳаббат белгилайди. Жаҳон адабиётида Лайли ва Мажнун, Узро ва Вомиқ, Ромео ва Жульетта, Тристан ва Изольда сингари ошиқ-маъшуқлар тимсоли бор. Йўлчи ва Гулнор севгиси Кумуш ва Отабек, Раъно ва Анвар, Зайнаб ва Омон, Алишер ва Гули севгисидай ўта жўшқин, нурли тасвирланмагандир. Лекин Йўлчи Гулнорсиз ҳаётини тасаввур қилмайди. Севги Гулнорни ҳам ўзгартирди: у ўз қадрини биладиган, севгиси учун курашадиган даражага етди.
Роман матнида Гулнорни ўқувчига яқиндан таништиришдаги ҳолат-семантик нуқта диққатни ўзига жалб қилади: «эшикни оҳиста очиб, танчага солиш учун қўлида бир ҳокандоз тўла лаққа чўғ билан ёш қиз кирди. Бу — Ёрматнинг қизи Гулнор эди. Нафис, нозик, маъсум бир қиз… Бўйи ёшига қараганда баландроқ, лекин бутун гавдага мутаносиб. Болаларча кулимсираган ва юқоридан пастга томон майин ингичкалашган оқ, тиниқ юзи, қалам билан чизилгандай ингичка, маънодор қошлари, узун, қуюқ киприклар орасида ёнган йирик қора кўзлари бор эди. Бу кўзларда туйғунлик, олижаноблик, кўнгилнинг баҳорий тозалиги, илиқлиги ва қандайдир паришон хаёлчанлик жилваланар эди» (95-бет). Ойбек Гулнор портретини рассомдай чизган, шоирдай тасвирлаган. Дарвоқе, Ойбек «Қутлуғ қон» яратилгунча шоир, достоннавис сифатида танилган эди. Янада аниқроқ айтсак, Ойбек «Қутлуғ қон»нинг руҳ руҳига лирик шеърларини, поэмаларидаги қаҳрамонлари характерини сингдириб юборган. Ижодий бисотидан ҳамиша унумли фойдаланиб туриш Ойбек услубининг муҳим хусусиятларидан. «Қутлуғ қон» матни арқоғига «Ўч», «Темирчи Жўра», «Бахтигул ва Соғиндиқ», «Дилбар — давр қизи» достонларидаги қаҳрамонлар, ҳолатлар моҳирона сингдириб юборилганлиги ўзбек адабиётшунослигида ёзилган. Чунончи, Йўлчида Холхўжадан («Ўч»), Ўрозда Суюндиқдан («Бахтигул ва Суюндиқ») Қоратойда Жўрадан («Темирчи Жўра»), Гулнорда Лаълихондан («Ўч»), Бахтигулдан («Бахтигул ва Суюндиқ»), Дилбардан («Дилбар — давр қизи»), Салимбойвачча, Ҳакимбойваччада Ҳошимбойваччадан («Ўч»), Султонбекда «Бахтигул ва Соғиндиқ»даги тошкентли қўйчивон бойдан ўтган ҳолат, хусусиятлар кўзга аниқ ташланади.
Матнга матнни сингдириб, едириб юборишдан мушкул иш йўқ. Ҳар бир асар-матн ўз руҳига, маромига, оҳангига, таркиб тизимига эга. Тайёр матнни яратилаётган янги матнга сингдириш учун ҳам оҳанг, ҳам руҳ, ҳам маромни мосламоқ, янгитдан бичмоқ, тузмоқ лозим. Акс ҳолда, эски матн янги матндаги ямоқ сингари кўзга хунук кўринади. Ойбек услубида матнларни мослаш, ростлаш, қовуштириш уқуви кучли эди. У «Навоий» романини яратишда «Навоий» достони, улуғ шоир ҳақидаги шеърлардан унумли фойдаланган. «Олтин водийдан шабадалар» романи руҳига «Қизлар», «Раиса» достонлари моҳияти сингдириб юборилган. Энг синчиков матншунос ҳам Ойбек услубидаги матнга матнни сингидриш маҳоратидаги юзакилик, сакталикни сезмайди.
Йўлчи характеридаги ғурур, жасорат севги туйғуси туфайли аниқ, тўлиқ намоён бўлди. Бош қаҳрамон Гулнор туфайли ўтга ҳам, сувга ҳам кирди. У Қора Аҳмад билан муштлашди. Севгилиси туфайли Парпихўжанинг ҳайвон ҳам турмайдиган оғилхонасида тунади, Олимхон элликбоши,бой тоғаси билан тўқнашди хавфли одам сифатида чор амалдорлари диққатини жалб этди.
«Қутлуғ қон» матнида Йўлчининг қамалиши, инқилобчи Петров билан учрашиши, дўстлашиши, авахтадан бир ҳолатда қочиб келгач, Тахтапулдаги хароб ҳовлига жойлашганлиги, анҳор сувида баданларини совун билан ишқалаб-ишқалаб ювганлиги тасвирланадики, китобхонда ишончсизлик пайдо бўлади. Йўлчи қамоқхонадан қочгач, Қоратой, Шокир ота билан учрашади. Петровдан эшитган гапларини оқизмай-томизмай дўстларига завқланиб сўзлайди. Мана шу ўринда қизиқ бир ҳолат бор. Йўлчи мастеравойлар, иш ташлашлар, буржуйларга қарши кураш ҳақида куйиб-пишиб гапиради:
-Шу нарса аниқки, ишчилар урушга ҳам қарши, Николайга ҳам қарши, буржуйларга ҳам қарши экан.
-Буржуйлар дедингми? У нима тағин?- деди Шокир ота.
-Ўрислар бойларни буржуй дер экан,- деди Йўлчи.
-Ия, ўрислар бойни купас дерди шекилли,- чол кўзини тикди Йўлчига (310-311 бетлар)
Чолнинг битта луқмаси Йўлчининг жўшиб-тошишларини зумда сўндирди қўйди. Чиндан ҳам, ўзбеклар асосан олди-сотти билан шуғулланар, купец — олиб сотарлар билан алоқа қалардилар. Жаҳон уруши, унинг иқтисодга салбий таъсири ҳақида гап бўлардию, одамлар бу масалалар ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўрмасдилар. «Қутлуғ қон» матнидаги инқилобчи Петров образи ўта юзаки эканлиги сезилиб қолади. Изчил реалист, ҳаётий воқеаларни моҳирона тасвирлайдиган Ойбек Петровни тасвирлашда «ёрқин», «улуғ», «алангали», «олмосдай ўткир» «қуёшдай порлоқ» сингари сифатлашни ишлатишдан, Йўлчининг ундай қиламан, бундай юраман сингари хом хаёлларини тасвирлашдан нарига ўтолмайди (302-бет). Энди-энди маълум бўляптики, 1915-1916 йилларда коммунистларнинг хатти-ҳаракатлари ўта мўрт бўлган. Фирқа раҳбарлари асосан, гапдонлик, маслакбозлик билан шуғулланган эканлар.
«Қутлуғ қон» матнини ўрганиш шуни исботладики, асарда тасвирланган ижтимоий муҳит ҳаммани — бойни ҳам, камбағални ҳам ҳаракат қилишга, савдо-сотиқ муносабатларига берилишига ундади. Ўша пайтда Жондор бой, Жамолбой, Султонбек сингари пулдор, тадбиркорлар бирдан кўзга ташландилар. Мирзакарим, Нажимиддин сингари қўрли-қутли одамларнинг фарзандлари капитал орттиришга интилдилар. Мирзакарим, Нажмиддин, Алихўжа сингарилар камбағалнинг кучидан унумли фойдаландилар. Айниқса, Мирзакаримбойнинг ўз қарол, мардикор, иш юритувчилари билан қаттиқ муносабатда бўлиши мантиқан исботланган. Замон зайли шундай эдики, камбағал ҳам савдо муносабатларига аралашарди. Шокир ота, масалан, мулла Икром билан 5 жуфт бачкана махси хусусида талашиб тортишади.
Қоратой ҳам ўғли Холтой билан эртаю кеч тер тўкади. Табиийки, у ҳам ўз маҳсулотини қимматроқ пуллашга интилади. Ёдингизда бўлса, деҳқоннинг бир арава қовунини тўрт ярим сўмга сотиб олувчи ҳам ўз манфаати учун курашаркан. Демак, қовун харид қилган баққол ҳам ҳақ эди.
«Қутлуғ қон» романи матни Салимбойвачча, Абдушукур, Олимхон элликбоши, Шокир ота образларини янгича талқин этишни тақазо этмоқда. «Қутлуғ қон» неча бор талқин қилинган бўлса, ҳамиша Салим образи салбий куч сифатида баҳоланган. Чиндан ҳам, Салимнинг ресторанма-ресторан юриши, Гулнорнинг қотили эканлиги бу типни оқлашга изн бермайди. Лекин Салимбойвачча чиндан ҳам ўйловсиз, таралла бедод одамми? Салим кўпинча Абдушукур билан бирга юради, бирга бўлади, маишатга боради. Абдушукур, нима десак, лекин илмли, фикр-мулоҳазали, қонунни биладиган одам эди. Салимбойваччага Абдушукурдан закўнчилик юққан. Мирзакаримбойнинг Гулнорга уйланишидан куйиб-ёнган одам асосан Салим бўлди. Гулнор ёш, гўзал, табиийки, фарзанд кўради. Гулнорнинг ҳар бир фарзанди бойликка меросхўр. Яъни Салим Гулнорда меросхўр яратувчи кучнигина кўриб куйинади. У меросхўрлар йўлини тўсиш учунгина аҳмоқона йўлни — Гулнорни заҳарлашни ўйлаб топади. Салимнинг «ярқ» этиб кўзга ташланиши боғини сотаётган йигит билан куёви Фазлиддин орасидаги баҳсга воситачилик қилишида кўринади. Фазлиддин пулни бериш билан боғ эгасини қувмоқчи бўлади. Боғ эгаси бир йил давомида экин, мевадан фойдаланиши мумкинлигини айтади. Шунда Салим тажрибали ҳуқуқшуносдай ажрим чиқаради: «-Йўқ, Фазлиддин,- билимдон бўлиб гапирди Салимбойвачча,- бу йилги экин бу йигитчаники бўлади. жўхори, сабзи, тағин қанақа экин бор? Ҳа, шуларнинг бари бу кишиники, дарахтлардаги мевалар-чи? Ҳаммаси сизники бўлади, Фазлиддин. Агар мурувват қилсангиз, жила бўлмаса, бу йилча меваларни қоқ бўласизлар-да» (288-289-бетлар).
Салимбойвачча Искебилга жўнай туриб, бундан кейин Петербургга, сўнг загранийга кетмоқчилигини айтади. Жадидлардаги олам кўриш, одам билиш тушунчаси Салимга ёт эмас. Лекин у қотиллиги учун ҳали жавоб бериши керак.
«Қутлуғ қон»да Абдушукур тўғри гапларни айтади, бойни ҳам, камбағални ҳам маърифатга даъват этади. Лекин Абдушукур ғурурсиз, билими, маслагига амал қилмайдиган одам. Бойлар Абдушукур гапларини тинглайдилар, уларда маъно-мағиз борлигини ҳис қиладилар, лекин Абдушукурни ғурурсиз, ёпишқоқ одам сифатида ҳурмат қилмайдилар. Асар матнида шундай семиотик нуқта борки, биринчидан у ўзбекларга тан берган келгиндилар эътирофи сифатида намоён бўлади, иккинчидан, бу суҳбатни ресторанда маишат қилиб ўтирган Салим, Жамолбой эмас, Абдишукур эшитади, қўшни столдагилар суҳбати мағзини чақади: «Ҳозир унинг қулоғи қўшни стулда, икки руснинг мукалимасида: улардан бири кексароқ одам, у ё чиновник, ё катта савдогар ёки айни замонда ҳар иккиси… Иккинчиси ўрта яшар, кўзойнакли ва кийимига ғоят зеб берган одам…
— «Сарт»лар ирқ жиҳатидан, албатта паст, — тарелкадаги гўштни пичоқ билан кесатуриб гапирди чиновник,- улар маданиятга мутлақо қобилиятли ўсган. Улар гулни севадилар. Кийимлари чиркин бўлса ҳам қулоқларига гул қистириб юрадилар. Ашулани, ўйинни жуда ёқтирадилар…» (87-88-бетлар).
1938 йилда — сталинча қатли омлар чирсиллаб турган бир пайтда жадидлар ҳақида бундан орттириб ёзиш зинҳор мумкин эмас эди. Ойбек жадид образини яратишда ўта тўғри йўл тутган. Жадиднинг Йўлчига айтган гапларида ҳам маъно кўп, аммо Йўлчи бу бетайин одамнинг гапларига эътибор бермайди.
«Қутлуғ қон» матни яна бир масалага эътиборни жалб қилишга ундайди. Ойбек қовун сотган деҳқон номини, ҳатто Мирисҳоқнинг отаси номини айтмайди-ю, эпизодик Рафиқ, Миробид, Шоқосимнинг гўдаги Шоазиз, ёш темирчи Холтой номини айтади. Нурининг тўйида шўхлик қилган, тўйдаги тартибни бузишга интилган болаларни нома-ном санайди. Бу ўринда Ойбек услубидаги яна бир хусусият кўзга ташланади. Ёзувчи «Қутлуғ қон»ни ёзишда шу пайтгача яратилган асарларидан фойдаланган бўлса, кейинги ижодида «Қутлуғ қон» даги айрим сюжет чизиқларини янги муҳит, янги шаротида давом эттирди. Мен бу ўринда «Улуғ йўл» романини, «Болалик» қиссасини назарда тутмоқдаман. «Қутлуғ қон»даги кўча болаларининг деярли ҳаммаси «Болалик» қиссасида қайта жонланади, янги ғоявий мақсадлар йўлида ҳаракат қиладилар. Бола бор жойда албатта чол, кампир образи ҳам бўлади. «Қутлуғ қон»даги Шокир ота, унинг кампири образи «Болалик» қиссасида, «Бобом» поэмасида аниқ чизилган. Ойбек Шокир ота образи орқали оғир меҳнатда, фарзанд доғида қадди дол бўлган инсоннигинамас, балки халқ тилини, мақол-маталларини, қўшиқларини мукаммал билувчи инсонни тасвирлаган. Шокир ота «сенағар», «ғувари», «купас», «повуркин» сингари сўзларни қўллайди. Шокир ота бола билан болача, катта билан катталарча, иш буюртмачиси мулла Икром билан яна бошқа тилда гаплашади. Ойбек «Қутулуғ қон»да «тойбарра», «коктилла» (1390, калхамак (62-бет), идилик (84-бет), укпа (90-бет) сингари сўзларни қўллайдики, булар тилимизда бўлган, қўлланган. Айниқса «укпа» истилоҳи ҳанузгача қўлланишга арзир экан.
«Қутулуғ қон»да Олимхон элликбоши характери муҳим аҳамият касб этади. Ойбек на губернатор, на шаҳар ҳокими, на ноиб тўралар образини чизади. Олимхон — оқ пошшонинг маҳаллий вакили: мардикорга олиш борми, бировни таъқиб қилишу кимни қора рўйхатга ёзиш борми-ҳаммаси шу одам қўлида. Олимхон фитнаю жиноий ишларни ҳам уюштиради. Салимбойвачча Олимхон ва Тантибойвачча қўли билан Гулнорни йўқ қилиб юборишга аҳд қилади. Бу қабиҳ юмуш учун элликбошига 1000 сўм қистиради. Олимхон невара-эварали Мирзакирбойнинг 16 ёшли қизчага уйланишида бош-қош бўлади. Олимхон гап ейди, аммо гап бермайди. Жиноятга ўзи қўл уради, лекин беайбларни қаматиб юборади. Хуллас, Олимхон одамларнинг ҳам ошини, ҳам бошини ейдиган имонсиз, худо урган одам. Юртни, элни Олимхондай муттаҳамга топшириб қўйган оқ подшо маъмурлари, бошқарув усули ҳақида узил-кесил хулоса чиқариш мумкин.
«Қутулуғ қон» матнида юки енгилроқ ўринлар бўлганидай «Гулнор ўз уйида ота-онаси тергови остида уч кун қамалганидан сўнг, Мирзакаримбойга узатилганига бир ойга яқин бўлди» (246-бет)га ўхшаш қат-қат ахборот, психологик ҳолат, драматик жараёнга тўлиқ ўринлар ҳам сероб. Матндаги вазмин жумла ҳарорати сўнмасидан Ойбек яна бир ибора қўллайди: «Йўлчи билан бир кеча ва кундуз бирга яшадиги у ҳужра …» (246-бет). «Яшадиги» сўзи матнни нурлантириб тураркан, Ойбек яна бир гўзал тасвирни қўшади: «у ерда Йўлчи билан кечирган соатлар умрининг энг масъуд, энг унитилмас, энг ёрқин дамлари, умр тунида порлаган нодир юлдузлар бўлди» (246-бет). Матннинг нафосати, пишиқлиги деганда мана шундай унитилмас нуқталар назарда тутилади.
Асар хотимасида қашшоқлик, ҳуқуқсизлик, қадрсизлик жонига теккан халқнинг мардикор олишдаги ноҳақликлар баҳонасида ғалаёни тасвирланади. Албатта, халқ қўзғолонини зинҳор уюшган инқилобий ҳаракат билан чалкаштириш тўғримас. Лекин халқ қўзғалони тасвирисиз ҳам роман мантиқий якунига етмаган бўлиб қоларди. Ойбек халқнинг денгиздай тошиши, селдай ёпирилиб келишини моҳирона тасвирлаган. Қаранг, ўйловсиз элликбошининг (Олимхоннинг эмас-А.Р.) бир хотинга қарата: «Йўқол, жалаб!» деб қичқириши қоқ-қуруқ шаббага учқун тушишидай бўлди. Шу ўринда матннинг пишиқ бир семиотик тугуни пайдо бўлади. «Одамлар бир лаҳзада сесканиб, бир-бирларига қарашади. Бирдан ўнларча мушт ҳавога кўтарилди. Элликбоши ва унинг шериклари калтак остида қолди» (320-бет). Мана шу ўринда Йўлчидаги ғурур, орият халқ руҳида ярқ этиб кўзга ташланади. Элликбошининг қўпол сўкишини ўзини қадрлаган, аёлини улуғлаган халқ кечириб кетиши мумкин эмас эди. «Қутлуғ қон» матни мана шундай авж пардада поёнига етади.
«Қутлуғ қон» матнида Петров сюжет чизиғи, Гулнорнинг Йўлчига ёзган хати сингарилар борки, улар асардаги ҳаётийлик, жўшқинликни, бироз бўлса-да, сусайтирган.
Ойбекнинг «Қутулуғ қон» романи ҳақиқий миллий асардир. Асар матни семантик нуқталарга, семиологик маъно қатламларига эга. Муҳими шундаки, «Қутлуғ қон» Ойбек ижодининг марказини ташкил қилади. Ойбекнинг ёзувчи-олим сифатидаги маҳорати, борлиғи, қарашлари «Қутулуғ қон» ва «Навоий» романида ўзининг бус-бутун ифодасини топган.

Манбаъ: «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси. 2005. 27 май

(Tashriflar: umumiy 321, bugungi 1)

Izoh qoldiring