Yozmaslikning iloji qolmaganida (Yozuvchi Abduqayum Yo’ldoshev bilan suhbat).

09
28 февраль — ёзувчи Абдуқаюм Йўлдошев туғилган кун

  Мен  учун ёзишнинг биринчи шарти – қаламга олинажак воқеа ўзимни ҳаяжонлантирган бўлиши шарт. Бусиз мумкин эмас (мен учун, ҳар қалай). Ҳаяжон қанчалик кучли ва самимий бўлса, асар ҳам шунчалик яхши чиқади (ёзиш азоби – бу энди бошқа масала). Воқеа фақат “калла”да эмас, юракда ҳам пишганида, сал лофи билан айтадиган бўлсак, ёзмасликнинг иложи қолмаганида столга ўтиришга ҳаракат қиламан. Ана шунда, Абдулла Қаҳҳор топиб айтганидек, қаҳрамонлар ўз айтар сўзларини қулоқларингиз тагида шивирлаб туради, воқеалар силсиласи эса шундоқина кўз олдингизда туради: уларни қоғозга туширишга улгурсангиз бас…

002
ЁЗМАСЛИКНИНГ ИЛОЖИ ҚОЛМАГАНИДА…
Ёзувчи Абдуқаюм Йўлдошев билан суҳбат
Суҳбатдош — Анвар Намозов

Абдуқаюм Йўлдошев – 1962 йил 28 февралда Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида туғилган. Ўрта мактабни Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида битирган. Тошкент политехника институтида ўқиган.  “Сирли олам”, “Ёшлик” журналлари, “Ҳуррият”, “Моҳият”, “XXI asr” газеталарида ишлаган. Айни пайтда “Адолат” газетасида хизмат қилади. 1993 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
“Сунбуланинг илк шанбаси”, “Тимсоҳнинг кўз ёшлари”, “Парвоз”, “Бир тун ва бир умр”, “Алвидо, гўзаллик”, “Банкир”, “Катта ўйин” сингари насрий китоблари чоп этилган. “Кичкина одамлар”, “Уқубат”, “Иқтидор”, “Нигоҳ”, “Қадамлар” бадиий фильмларининг, “Ҳаёт жилғалари”, “Синов”, “Одамлар орасида”, “Она дарё” сериалларининг сценарий муаллифи.  “Пуанкаре” ҳикояси асосида Ўзбек давлат драма театрида “Ҳаёт формуласи” номли спектакль саҳналаштирилган.

005

ГЎДАКЛИК, САМОЛЁТ, ҚАБРИСТОНДА ЎЛДИРИЛГАН ЧОЛ…

– Абдуқаюм ака, айтинг-чи, илк бадиий машқларингизни неча ёшдан ёза бошлагансиз? Умуман, болалигингиз қандай ўтган?

– Болалигим Мирзачўлнинг қоқ киндиги – Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида кечган. Оиламиз бу ерга 1968 йилнинг темирни ушласанг, қўлинг ёпишиб қоладиган қаҳратон қишида, чўлни ўзлаштирувчилар сафида кўчиб келган.
Ажабки, “19-“Андижон” совхози” деб аталадиган мазкур хўжаликда (афтидан, водийдан кўчиб келтирилганлар кўпчиликни ташкил этган, зеро, кейинги совхознинг номи “Фарғона” эди) икки қаватли бетон уйлар бор экан. Бир муддат иккинчи қаватда ўзимиз яшаб турдик, пастки қаватда мол-ҳол жон сақлади.
Бизнинг авлод болалиги… пахта ичида, ғўза эгатлари орасида ўтди. Сал суягимиз қотгач, нари борса, тўртинчи синфни битирганимиздан ярим пудлик кетмонни кўтариб, далага йўл олдик. Ишлаш керак эди. Иш кўп эди, одам эса оз.

Биз кўкламда далага чиқиб, тележка-тележка тошбақа терган авлодмиз. Шундай қилмасак, бу безабон жониворлар ғўзанинг илдизини кемириб кетаркан.
Биз саратоннинг қайноқ тафтида далада ишлаб, бир томчи сувга зор бўлган маҳалимиз устимиздан самолёт бурқситиб дори сепиб ўтганида “ёмғир ёғди”, дея қувонган авлодмиз.
Биз эрта куздан то қишнинг қировли-қорли кунларига қадар лабимиз гезариб далада пахта терган авлодмиз.
Аммо болалигимнинг ёруғ, ҳаяжонли, қувонч ва ҳайратларга бой дамлари ҳам кўп бўлди. Бундай мўъжизали, илоҳий дамларни менга китоблар ҳадя этди…

Айтиб ўтай, бобом Қўшработда “Йўлдош бахши” бўлиб танилган. У кишидан мерос қолган, қорни ўйилган дўмбира каттаотамнинг уйидаги пастаккина шифтда, болорлар орасида турганини кўрганман, бир-икки марта қўлимга ҳам олганман.
Хуллас, бахшиликдан озроқ ўтган отам ора-сира, ундаям узун қиш тунлари достонлардан билганларича ўқиб берар эдилар. “Чамбилбелнинг боласи-ёв..” дея бошланадиган салгина хирқироқ товушли хиргойини эшитсам бас, жойимда михланиб қолардим, вужудим қулоққа айланарди. “Сел бўлиб эшитиш…” деган таърифнинг маъносини ўшанда тушунганман.

Мендан бахши чиқмади, аммо болалигимдан китобга ўзгача меҳр қўйдим. Бахтимга хўжалигимизда ўзим ўқиётган мактабникидан ташқари, яна иккита кутубхона бор эди: адашмасам, қишлоқ фуқаролар йиғининики ва ишчилар қўмитасиники. Уларнинг ҳаммасига аъзо бўлдим. Уйга тўр сеткада даста-даста китоб кўтариб келадиган бўлдим. “Гўрўғли”, “Алпомиш”, “Гаргантюа ва Пантрагрюэль”, “Дон Кихот”, “Ўн беш ёшли капитан”, “Жаҳонгир”…

Бу бир сеҳрли олам эди…
Нечукдир ёзиш ҳаваси пайдо бўлди. Имкон даражасида одамларни кузата бошладим, уларнинг гап-сўзларига диққат билан қулоқ соладиган бўлдим. Бир ёз ўзимдан уч-тўрт ёш катта Абдусамад исмли тоғам билан “Уч зоғора нон” деган ҳикоя ёзишга ўтирдик. Далада. Икковлон шоша-пиша тушлик қиламиз-да, шийпондан чиқиб, дарахт соясига чопамиз. Кейин бирин-кетин ўн икки варақли дафтарларни тўлдириб ёзаверамиз, ёзаверамиз. Асли ҳаётда рўй берган воқеа оддийгина эди: уруш йиллари, қишлоғимиздан касал акаси учун белига учта зоғора нон боғлаб чиққан чолни қабристонда ўлдириб кетишган. Ўн икки варақли дафтарлар тугаб, “обший тетрад”га ўтдик ҳамки, сўзбозлигимиз тугай демасди…

Кейин эса, барча бошловчи ҳаваскорлар каби, шеърлар ёза бошладим. Улар туман, вилоят газеталарида чоп этилди. “Мана бўлмаса” дедиму, “Термирсаид” номли фантастик қисса ёзиб ташладим. Почта орқали, ҳеч нарсага умид қилмай юборгандим, “Гулхан” журналининг 1979 йил 1-2-сонларида бош муҳаррир Худойберди Тўхтабоевнинг “Оқ йўл”и билан чоп этилиб қолди. Ўшанда 10-синфда ўқирдим. Мактабга хатлар қоплаб кела бошлади…

– Демак, сиз ўсган оилада ижодий муҳит бўлган.

– Отам ҳақида юқорида бироз гапириб ўтдим. У киши меҳнаткаш, бир умр даладан бери келмаган ҳақиқий деҳқон эдилар. “Оқ фотиҳа” номли ҳикоямда ўғлини далага юбормай, китоб ўқишига рағбат билдирган ота образи орқали у кишини тасвирлашга уринганман. Яна бир ёдимда қолган ҳолат, отам шифохонада ётганларида акаларим кўргани боришса, “Тун бўйи Абдуқаюм билан гаплашиб чиқдим”, дебдилар. Акаларим ҳайрон бўлишибди (у пайтлари мен институтни битириб, Тошкентда, заводда ишлардим). Шунда отам “Ёшлик” журналида суратим билан чиққан ҳикояларимни кўрсатибдилар…

Онам… энг яхши она эдилар! Ўғиллар ичида кенжатой бўлганим учунми, мени бошқача яхши кўрардилар. Ҳеч қандай мусиқий салоҳиятим бўлмаса-да, мактабда ўзимча рубоб тўгарагига қатнай бошлаганимда, ҳар қанча қўл учида кун кўраётган бўлмайлик, онам “жўралари орасида ўксимасин”, дея менга рубоб сотиб олиб бергандилар…

Ўнинчи синфда ўқиётганимда бўлса керак, адашмасам, “Фан” нашриётига хат ёзиб, “Ўзбек адабиёти тарихи” китобининг тўрт жилдлигини почта орқали олганимда (китоб тарқатишнинг шунақа усули бўларди), бир оғиз ҳам норозилик билдирмаган онам ўша пайтлар учун анча катта бўлган ўн икки сўмни топиб бергандилар…
Иккаловлари ҳам саксондан ошиб, тўқсонни қоралаб, невара-чеварали, пиру бадавлат бўлиб бу дунёни тарк этишган бўлсалар-да, назаримда, жуда-жуда кам яшашгандек… Афсуски, ўша, самолётда сепилган заҳарлар таъсир кўрсатдими, касалмандроқ бўлиб қолган бир синглим қирқ беш ёшида вафот этди.
Илоё, уларнинг жойлари жаннатда бўлсин!
Уч акам бор, улар менинг шаҳарда эмин-эркин ўқишимга имкон яратиб беришди. Ҳалига довур қишлоқдаги бирон тўй-маъракага боролмай қолсам, акаларим менга қалқон бўлиб туришади: “Давлатнинг ишидаги одам у…” Меҳрибон синглим бор.

003
Устоз адиб Эркин Аъзам билан

005

АВВАЛ ДЕКАН, КЕЙИН РЕКТОР… СЎНГ ТУРҚИ СОВУҚ ДОМЛА

– Тошкент политехника институтига қандай кириб қолгансиз? Ўша дипломга муносиб равишда заводдан ташқари бошқа даргоҳда ҳам ишладингизми кейин?

– Ўнинчи синфда ўқиб юрган чоғларим “Гулхан” журналида илк фантастик қиссам чоп этилганини айтиб ўтдим. Туман, вилоят газеталарида ҳам шеър-ҳикояларим, ора-сира мақолаларим пайдар-пай босилиб турарди. Университетнинг журналистика факультетига боришим аниқ ва равшан эди.
Шундай қилдим ҳам. Аммо мен журналистикада бор-йўғи… икки соат ўқидим.

Ёдингизда бўлса, у пайтлари ўқишга кириш учун тўртта имтиҳон топшириларди, кейин мандат бўларди: талабалар вилоятлар бўйича белгиланган миқдорда танлаб олинарди. Хуллас, имтиҳонларни топширдим. Мандат маҳали фамилиямни ўқишди. Ичкарига отилиб кирдим. Дунёда мендан бахтиёр одам йўқ, денг…
Катта аудиторияга бўлғуси журналистлар йиғилдик. Адашмасам, аввал декан, кейин ректор, сўнг бошқалар бизни қутлашди. Ишқилиб, икки соат шу алфозда ўтди. Ниҳоят бизни табриклаш маросими тугаб, энди ўрнимиздан тураётган маҳалимиз бир турқи совуқроқ домла ўртага чиқди ва учта фамилияни ўқиб, “Шулар қолсин”, деди. Икки йигит, бир қиз аудиторияда қолдик. Шунда турқи совуқ домла: “Сенлар ўқишга ўтмагансанлар, бориб ҳужжатларингни олишларинг мумкин” дедию, ёв қувгандай кетди-қолди.
Қандай аҳволга тушганимни тасаввур этаётгандирсиз…

Мен, кеча қишлоқдан “Журналистикада фақат энг ҳалол одамлар ишлайди”, деб ишониб келган ғўр йигитча бирон жойга шикоят билан борармидим? Асло! Йўловчилардан кўз ёшларимни яширганча ижарада турган уйга қайтдим. Эртаси куни ҳужжатларимни олай, деб борсам, беришмайди, “Сен ўтгансан”, дейишади, факультетга кирсам “Ўтмагансан”, дейишади. Ишқилиб, бир ҳафталарда амаллаб ҳужжатларимни олдиму, қишлоғимга қайтдим.
Туман газетасига ишга кирдим. Газета ҳафтасига уч марта, пахта йиғим-терими пайти эса ҳар куни беш минг нусхадан чиқарди.

Тасодифни қаранг, бўлғуси журналистлар бизнинг туманга пахта теришга келиб қолишди. Мен туман газетасининг оддий мухбири сифатида, дилимда юксак эҳтиром ва ҳаваслар билан улар ёнига бордим. Шундай факультететда ўқишдек бахтга мушараф бўлган йигит-қизлар билан яқиндан танишишга ҳаракат қилдим; уларнинг дунёқарашлари, орзу-ҳаваслари, кимларни ўқиганликлари, ижодга муносабатлари билан қизиқдим. Афсуски, бу танишишлар, юмшоқроқ айтганда, ҳафсаламни пир қилди, холос…

Устига-устак, бир йилга яқин ишлаб, туман газетасида, мен аввалдан соясига салом бериб юрган айрим ижодкорларнинг аслида қандай одам эканликларини тушунгандай бўлдим-у… ўзимча “бир нарса ёзиш учун журналист ё филолог дипломи шарт эмасга ўхшайди”, деган хулосага келдим. Ким билади, балки талабни каттароқ қўйиб юборгандирман…

Ҳар не бўлганда ҳам, ўзи азалдан аниқ фанларни яхши кўрардим. Шу сабабли бўлса керак, кейинги йили ҳужжатларимни политехника иснтитутига топширдим…
Назаримда, тўғри йўл тутдим. Бахтимга талабалик йилларимда рус тилида жуда кўп ўқиш, Шукшин, Чехов, Толстой туғилиб ўсган жойларни зиёрат қилиш имконияти туғилди.

Институтни битирганимдан кейин эса йўлланма билан механика заводига ишга келдим ва беш йил ҳалол ишлаб бердим. Мақтаниб қўядиган бўлсам, оддий технологликдан цех бошлиғи, бош металлург даражасигача эришдим. Тўқсонинчи йилларнинг бошларида журналга ишга таклиф қилиб қолишди. Шу…

– Ҳар қандай ижодкор илк китобини жуда яхши эслайди. Биринчи китобингиз қачон, қай тариқа яратилган ва чиққан?

– Биз у-бу нарсалар ёзиб юрган маҳаллари китоб чиқариш жуда-жуда қийин эди. Ўзиям қўлёзмангиз минг чиғириқдан ўтар, баъзан бу чиғириқлар ичида изсиз йўқолиб ҳам кетарди. Шу сабаблими, анча пайтгача ёзганларимни бирон нашриётга оборишга журъат этолмай юрдим.

Ўша пайтлари Ёзувчилар уюшмаси қошида фантаст ёзувчилар тўгараги бўларди. Шу тўгаракка бориб турардим, ахир, фантастик ҳикоялар ёзардим-да. Раҳбаримиз Ҳожиакабар ака Шайховга машқларим маъқул бўлиб қолган экан, китобга тавсия қилишди. Обориб топширдим. Куттира-куттира, ниҳоят 90-йили икки муаллифни битта қилиб, ўттиз минг нусхада чоп этишди. Китобнинг номи ҳам иккита эди: “Қаро кўзум. Шайх ур-раис”. Иккинчиси меники.

Билмадим, балки ўша пайтлари Москвадаги бир тўпламда ҳикоям чиққани учунми, ё “шерикли ош” бўлгани учунми, ишқилиб, биринчи китобим мени у қадар қувонтирмади.

УЗУН-УЗУН ЖУМЛАЛАР… УСЛУБМИ?

– Сизнинг ижод қилиш услубингиз қандай? Воқеа, сюжетларни ўйлаб, каллада пишитиб, “материал” йиғиб, кейин ёзасизми ёки қўлга қалам ушлаб ёза бошлаганингизда ўзи қуйилиб келаверадими?

– Дарахтдан бир япроқ бесабаб узилмайдиган бу рубъи маскунда йўқдан бор бўлмайди. Ҳеч нарса, ҳеч қачон ўз-ўзидан қуйилиб келмайди. Ҳаммасининг сабаби, асоси бор.
Менинг ёзиш услубим бошқаларникига тўғри келмас ҳам. Боз устига, бу жараён ҳаммада ҳар хил кечиши табиий. Хуллас, камина учун ёзишнинг биринчи шарти – қаламга олинажак воқеа ўзимни ҳаяжонлантирган бўлиши шарт. Бусиз мумкин эмас (мен учун, ҳар қалай). Ҳаяжон қанчалик кучли ва самимий бўлса, асар ҳам шунчалик яхши чиқади (ёзиш азоби – бу энди бошқа масала). Воқеа фақат “калла”да эмас, юракда ҳам пишганида, сал лофи билан айтадиган бўлсак, ёзмасликнинг иложи қолмаганида столга ўтиришга ҳаракат қиламан. Ана шунда, Абдулла Қаҳҳор топиб айтганидек, қаҳрамонлар ўз айтар сўзларини қулоқларингиз тагида шивирлаб туради, воқеалар силсиласи эса шундоқина кўз олдингизда туради: уларни қоғозга туширишга улгурсангиз бас…

– Шу ўринда бир ҳазиломуз савол: нуқтани хушламайсизми, дейман, нуқул вергул ва нуқтали вергул, сўнг жумла устига жумла… Сатрбошилар ҳам, жумлалар ҳам жуда узун. Ёки бу ҳам ўзига хос услубми?

– Саволингиз жиддийга ўхшаб туйилди. Бу ҳаммада ҳар хил кечса керак, аммо мен ёзаётганимда асаримнинг ички оҳангидан чиқиб кетмасликка ҳаракат қиламан. Қалам мана шу оҳанг таъсирида юради… Билмадим, балки жумла қанча қисқа бўлса, гапнинг эгасини йўқотиб қўйиш шунчалар осонлиги сабабли ҳам шундай йўл тутарман. Эгаси йўқ гап эса асарнинг оҳорини туширади, ўқувчини чалғитади…

– Сиз ҳамиша ижод оғушидасиз. Ё адабиёт, ё кино, яқиндан бошлаб драматургия ҳам. Бунинг устига газетада ишлайсиз. Қандай улгурасиз?

– Инсон “ҳамиша ижод оғушида” бўлолмас-ов. Ора-сира сал нафасни ростлаб, орт-орқага қараш, битикларингни холисона баҳолаш, устозлар асарлари билан муқояса этиш лозим бўлиб туради… Устига-устак, мен ўзимни дангасароқ одам деб ҳисоблайман. Кўп қимматли вақтим бекорчи ишларга кетиб қолади. Кино билан театрга келсак, уларнинг асосида албатта ва албатта бадиий асар ётади. Шу сабабли уларга мурожаат этишим табиий бўлса керак. Яна бир гапни айтиб ўтишим мумкин: болалигимдан кино жиннисиман (бу ҳақда “Сеҳрли кинолар, сирли кинолар” деб аталган каттагина эссе ёзганман, “Ёшлик”да чиққанди, балки кўзингиз тушгандир). Менда актёрлик истеъдоди йўқ, шу сабабли қўлимдан фақат сценарий ёзиш келишини билардим, шунга интилардим. Шукр, шу орзумга эришдим.

001
Шоир Муҳаммад Юсуф билан бирга ишлаганмиз

005

“ПУАНКАРЕ”… УЧТА МУАЛЛИФ?

– “Жаҳон адабиёти” журналида чоп этилган “Пуанкаре” номли ҳикоянгиз шов-шувга айланди. У адабий жамоатчиликда юксак эътироф этилди, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”да бир саҳифа мақола чоп қилинди. Кўп ўтмай, “Пуанкаре” саҳналаштирилди. Унинг киноталқини ҳақида ҳам гап чиқди. Очиғи, ижодкорни сархуш қиладиган муваффақият бу. Қисқа фурсат ичида ўзбек адабиёти хазинасидан жой олган ушбу асарингиз қай тарзда яратилганини билмоқчи эдик.

– Институтда беш йил математика ўқиганман: олий математикадан эҳтимоллик назариясига қадар. Шу сабабли бу мавзу анча-мунча менга таниш эди.
Барибир 2006 йили ленинградлик 41 яшар Перельман дунёни ҳайратда қолдириб, ечими учун ҳар бирига бир миллион доллардан ваъда қилинган учинчи минг йилликнинг етти масаласидан бирини, яъни Пуанкаре гипотезасини ечганида мени “Нимага шу масалани менга дарс берган ўқитувчиларимдан биронтаси ечмади? Нега улар истеъдодли устоздан даҳо олимга айланиша олмади? Даҳоликнинг йўли шунчалар мураккабми? Ким босиб ўта олади бу йўлни?” деган саволлар қийнай бошлади.

Дунёнинг тирик даҳолари орасида тўққизинчи ўринда турган Григорий Перельман, умуман, Пуанкаре гипотезаси ҳақида бир неча мақола ёздим. “Одамлар орасида” деб номланган сериалимизга (режиссёр Шавкат Жунайдуллаев) гипотезани ечишга ҳаракат қилиб кўрган, аммо турмуш ташвишларига ўралашиб қолган олим образини қўшдим.
Аммо барибир нимадир етишмаётганди. Бу, шоир тили билан айтганда, “ёрилмаган яра” азоби дарди дунёйингизни қоронғи қилиб ташлайди; на ўтиришингизда ҳаловат бор, на туришингизда; баъзан шундоқ кўз олдингизда турган нарсага қўл чўзасиз, аммо у сароб бўлиб чиқади; юрагингизни ҳайбатли панжалари орасига олиб сиқадиган шафқатсиз саволлар эса босиб келаверади: “Нега бундай?.. Нега ундай эмас?.. Нега?.. Нима учун?.. Мен-чи?.. Ўзим-чи?..”

Анварбек, ижодкорсиз, бундай ҳолатларни бошингиздан ўтказгансиз, яхши биласиз, шу боис ортиқча сўзбозлик қилиб ўтирмай…
Хуллас, шундай изтиробли кунларнинг бирида телевидениега, суратга олишга чақириб қолишди. Фамилиядошим Қозоқбой ака билан бирга эканлигимизни эшитиб, бордим.
Бизни сув бўйига оборишди. Техникалар тайёр бўлгунга қадар устоз билан кўприк устида бироз суҳбатлашиб қолдик. Тасаввур қилинг: кун ёняпти, биз турган кўприк тагидан бир ариқ сув шарқираб оқяпти, иккала қирғоқдаги соя-салқин жойларда дам олувчилар… Разм солиб қарасак, уларнинг аксарияти рус, корейс миллатига мансуб эркак-аёллар. Қозоқбой ака олимларга хос зукколик билан бунинг сабабини изоҳлади: “Агар ўзимизнинг аёлларни олиб келсангиз, боғлаб қўйсангиз ҳам туришмайди. Ахир уларнинг бошида бир олам ташвиш: тўй, маърака, чарлар…”

Шунда мен, дейлик, эри бир амаллаб дам олиш уйига олиб келган ва, ҳаттоки кетиб қолмасин, дам олсин, деган ўйда боғлаб қўйган аёлнинг қалин-қалин арқонларни жон-жаҳди билан, тишларини ишга солиб ечиб-узаётганини тасаввур этдиму, кулиб юбордим. Аммо…
Қозоқбой аканинг қолган гапларни эшитмадим.

Биласиз, “туртки” деган тушунча бор. Гўё ҳамма нарса тайёр, ҳаммаси етарлидай, воқеанинг бошини ҳам, ўртасини ҳам, финалини ҳам биласиз, тасаввур қиласиз, қаҳрамонларингиз кўз олдингизда, аммо асар барибир ёзилмайди, нимадир етишмайди, мабодо ўзингизни мажбурлаб қоғоз қораласангиз, битигингиз сохта чиқаверади, қаҳрамонларингиз шарпага ўхшаб қолади… Мана шунда сўнгги туртки кутилмаганда, ўз-ўзидан келиб қолса, бахтингиз, акс ҳолда эса, юраверасиз…

Қозоқбой аканинг гаплари мана шу вазифани ўтади: онг-шуурда, қалбда нимадир “ярқ” этди, зулмат бир сонияга ёришиб кетди. Ва мен ҳаммасини кўрдим…
Бунақа пайтлари одам ҳовлиқиб, ҳаяжонланиб қолади. Мен шошардим. Камера қаршисида нималарнидир гапирган бўлдим-да, уйга учиб келдиму, столга ўтирдим. Беш-олти кун ишга ҳам бормасдан, ҳикояни ёзиб ташладим (дарвоқе, “Катта ўйин”да ҳам шунга ўхшаш ҳолат содир бўлган, бироқ у энди алоҳида мавзу)…
Асарни битириб, катта иш қилиб қўйган одамдай гердайиб юрган кунларим уни бир-икки ноширларга ўқитиб кўрдим. Фикрлар ҳар хил бўлди. Бири семириб кетган, кескин қисқартириш керак, деди; бошқаси финални бутунлай қайта ёзиб чиқишни маслаҳат берди; учинчиси бош қисмини умуман олиб ташлашни; тўртинчиси “субъектив факторнинг объектив кульминацияга дегарадацион таъсири”ни писанда қилди…
Бу аҳволда чоп этишга берсам, асар майиб-мажруҳ ҳолида, айтайлик, бош қисми қисқартирилган, ўртаси ихчамлаштирилган, якуний қисми эса олиб ташланган ҳолда чиқиши аниқ эди. Кайфиятим тушиб кетди.
Аммо… Худо бор!

Шундай руҳсиз кунларимнинг бирида “Жаҳон адабиёти” журналига бош муҳаррир бўлиб келган Шуҳрат ака (Ризаев) билан тасодифан кўришиб қолдим. Гап орасида, “Ижодлар қалай бўляпти, бизга нимангиз бор?” деган анъанавий саволга жавобан “Пуанкаре” деган нарса ёзганимни айтдим. Шуҳрат ака дангалчи одам, тўғрисини айтиб қўяқолди: “Бизнинг журнал специфик. Ўзбек ёзувчиларининг бадиий асарларини эълон қилмаслик принципида қатъий турибмиз. Аммо Пуанкаре, Перельман ҳақида мақолангиз бўлса, олиб келинг”. Сўнг, кайфиятим тушиб кетганини сезди шекилли, бош муҳаррир: “Майли, ҳикоянгизни ташлаб кетинг, вақтим бўлганда ўқийман, фақат шошилтирмайсиз”, деди. Эртаси куни келиб, яна ҳеч нарсага умид қилмаган ҳолда ҳикояни ташлаб кетдим.

Бу эрталабки гап. Шу куни тунда, соат ўн бирдан ошганда телефонда кимдир чақираётганини айтишди. “Ярим кечаси ким бўлди?” дегандай энсам қотиб бориб гўшакни кўтардим. У тарафдан, на салом бор, на алик, кимдир қироат билан: “Вақт таъсирини ўтказмайдиган нарсанинг ўзи қолмапти. Ҳатто асл мол ҳам унинг қошида ожиз экан”, деса бўладими? Жумланинг танишлигига ҳам эътибор бериб ўтирмасдан (ҳикоя шундай бошланади), жаҳл билан “Кимсиз?” деб сўрадим. Жавоб қисқа бўлди: “Шуҳрат акангизман. “Пуанкаре”га биз харидормиз. Битта ҳарфини ҳам ўзгартирмасдан босамиз…”
Шу кеча ухламай чиқдим…
Кўриб турибсиз, “Пуанкаре”га камина қанчалик муаллиф бўлсам, Қозоқбой ака билан Шуҳрат ака ҳам шунчалик муаллиф.

– “Пуанкаре”ни ўқиб, ҳавас қилибми, айрим ёш ижодкорлар: “Ёзувчи дегани аввал математикани ўрганиши керакмикан?” деб қолишди. Бу очиқ эътироф. Беконнинг фикри бежиз эмас-да!

– Йўқ, йўқ, менинг назаримда, ёзувчи дегани аввал ҳаётни ўрганиши лозим. Зеро, ҳаёт математикадан милён-милён баробар мураккаб ва чигал. Ҳикояда эса математика айтилмоқчи бўлган фикрга, ҳаёт ҳақиқати қўшилган кўнгил дардларига восита, холос. Яъни қаҳрамон математик ўрнига санъаткор, шифокор, деҳқон, ёзувчи… ҳам бўлиши мумкин эди ва бу билан моҳият ўзгариб қолмасди.

– “Пуанкаре” рус тилига ҳам ўгирилганди. Таржиманинг тақдири нима бўлди?

– Дарҳақиқат, ҳикоя рус тилида журналда босилиб чиқди. Умуман олганда, энди асар менинг аралашувимсиз, ўз қисмати билан яшамоқда. Ёқимли томонига келсак, яқинда театрлардан бирида ишлайдиган рус ижодкори ҳикояни ўқиган экан, маъқул бўлибди. Ҳамкорликда бир нима яратишни таклиф қилиб қолди. Ишлаяпмиз…

БИЗНЕС, НАШРИЁТ ДИРЕКТОРИ ВА БОЗОР АДАБИЁТИ

– Кўпгина асарларингизда бизнес мавзуси етакчи ўрин тутади. Бизнесга қизиққан кўринасиз. Шуғулланиб кўрганмисиз? Ёки асарларингиздаги бизнес ҳам математикани ўрганганингиз билан боғлиқми?

– Яқиндан билмаган-ўрганмаган нарсангизни эгаллаш дастлаб жуда осон ва ўнғай кўринаверади. Тўқсонинчи йилларнинг бошларида, бозор иқтисодиётига энди-энди ўтила бошланган пайтларида кўпчилик учун тадбиркорлик, бизнес мана шундай ўта жўн иш бўлиб туйилганди. Натижада билиб-билмай бу соҳага ўзини урганлар кўпайиб кетди. Улардан қанчаси ўнгланмайдиган бўлиб синди, қанчасининг эса топганидан йўқотгани кўпроқ бўлди… Ўзим заводда иқтисодчи ҳам бўлганман, шу сабабли ҳисоб-китобни бироз биламан. Бир журналист дўстим билан тўқсонинчи йилларнинг ўрталарида МЧЖ (масъулияти чекланган жамият) очиб, бироз фаолият юритиб кўрдик. Қимматбаҳо қоғозлар, жумладан, вексел операциялари, қўшни давлатга пиёз ортиш ташвишлари бошимиздан ўтган (уларнинг бир қисми “Катта ўйин” қиссасида, қатор ҳикояларда ҳам тасвирланган). Бироқ бизнес фийдойиликни талаб этади, уни қўл учида, ишдан бўш вақтларида бажариб бўлмайди. Шунинг учун, иккаласидан бирини танлашга мажбур бўлганимизда, биз қаламга қайта қолдик.

– Кейинги пайтда деярли ҳар йили китобларингиз нашр этилмоқда. Аммо ҳали чиқмаганлари, нашриётларда “навбат” кутиб ётган китобларингиз ҳам бор. Ана шу китоблар, яна қўлингиздаги асарларингиз борасида гапирсангиз.

– Бугунги кунда урчиб кетган айрим “ёзғувчи”лар олдида камина чоп эттирган китоблар жуда кам миқдорда бўлса керак. Дарҳақиқат, фақат “кейинги пайт”ларга келибгина китобларим нашр этиляпти. Ундан олдин, анча йиллар мобайнида бу иш билан шуғулланмадим ҳисоб. Икки йилча бўлиб қолди, иккита нашриётда иккита тўпламим чанг босиб ётибди. Юрагим эзилгани, уларга ўзим яхши кўрадиган машқларимни эринмай йиғиб чиққандим…
Яна бир сирни қулоғингизга айтиб қўйишим мумкин. Чоп этилганларига нисбатан, чоп этилмаган асарларим кўпроқ. Ҳикояларни санаб ўтирмаган тақдиримда ҳам, тап-тайёр тўрт-бешта қиссам, иккита романим (“Таянч нуқтаси” (“Касофат рақамлар”), “Банкир”нинг иккинчи китоби) қўлёзмаси тахи бузилмасдан турибди. Бунга беш юз саҳифадан ортиқ шиғирларимнию, тўрт-бешта достонимни қўшсам, нима дейсиз?..
Шу кунларда бир қиссам битиши арафасида. Болалар учун туркум ҳикояларни тугатдим, ўзиям, роса яйраб ёздим. Болалар дунёсида барибир беғуборлик бор-да.

– Агар ўзингиз бирорта нашриёт директори бўлганингизда нималар қилган бўлардингиз?

– Ў, агар иқтисод имкон берса, уч-тўртта ҳақиқий ёзувчини чақирардим-да, “Мана сизларга шартнома, мана сизларга уч йилга етарли пул, энди бориб, хоҳлаган жойда, ўзларинг хоҳлаган мавзуда роман ёзиб келасизлар. Хайр, уч йилдан кейин кўришгунча”, дердим. Сўнг, асарлар яхши чиқса, уларнинг тарғиботига яна шунча пул сарфлардим, инглиз тилида ҳам чоп эттирардим, уларнинг электрон вариантларини дунё бозорларига йўллардим. Нима қипти, соҳамиздаги инновация-да бу!.. Ишқилиб, дунё адабиётининг дурдона асарлари яратилган бўларди-да. Шукрки, бундай китоблар ёза оладиган ижодкорларимиз бор.
Иккинчи ишим эса нашриётга қўлёзмаларни муаллифларнинг исм-шарифларисиз ва дабдабали сўзбошиларсиз, “оқ йўл”ларсиз қабул қилиш бўларди. Мисол учун, фалон рақамли қўлёзма учта тақризчига берилади. Кейин, уларнинг фикрларига қараб, хулосага келинади…

– “Катта ўйин” номли китобингиз чоп этилишидан олдин “Мен бозор учун ёзмайман”, деган эдингиз. Бу гапни бозор учун ёзадиган ижодкорларнинг “ҳазм қилиши” қийин.

– Рамзий планкани тасаввур қилинг. Баландликка сакрашда ишлатиладиган. Ижодкор иложи борича ўша планкани баланд қўйиши, яъни ўзидан баланд сакрашга интилиши лозим, деб ўйлайман. Кейинги пайтлари “бозор адабиёти” намуналарини ўқиб қолсам, қўрқувга тушадиган бўлиб қолдим. Бу адабиёт худди ўша планкани ерга ташлаб қўйиб, устидан уёқдан-буёққа сакраётган устомонга ўхшайди. Наҳотки кимдир, кимлардир шуни адабиёт деб ёзаётган, бошқа бировлар эса чоп этаётган ва яна кимлардир ўқиётган бўлса?..

Бозор адабиёти ҳақидаги мулоҳазаларимни бир каттароқ мақолада билдириб ўтгандим. “Шарқ юлдузи”да чиқди.
Ўрни келиб қолди, қолди, бу борада ўзим жуда ҳурмат қилган ёзувчи Назар Эшонқулнинг изтироб билан битилган бир фикрини такрорлаб ўтай: “…адабиётга, эстетик нормаларга, этик тамойилларга зид бўлган, ота-боболаримиз бизни миллат, халқ қилиш учун мисқоллаб йиққан ва бизга шу йўллардан бошқасида юриш инсоният таназзули эканини қатъий қилиб белгилаб кетган қоидалардан воз кечилган, инсоннинг ҳайвоний қиёфасини акс эттирадиган, ҳирс, эҳтирос жараёнлари батафсил тасвирланаётган, демак, тарғиб қилинаётган олди-қочди, тижорат, фисқ-фасод чўпчакларни ҳам газеталаримиз, ҳам нашриётларимиз янги адабий воқелик сифатида эътироф этишяпти, бунақа асар ёзаётганлардан янги давр Де Садини яратишяпти”.
Менинг гапим нима бўлипти, “бозорчи”лар мана шу залворли, “тоши оғир” мулоҳазани “ҳазм қилиб” кўришсин-чи…

– Мўмай пул эвазига адабиётга хиёнат қиладиган, тутуриқсиз асарларни мақтайдиган, бундай роман, қиссалар учун сўзбошилар, мақолалар, тақризлар ёзиб берадиган машҳур ёзувчилар билан юзма-юз бўлгансиз. Вақти-соати келиб, адабиётимиз шундайлардан тозаланади, деб ўйлайсизми?

– Ўрис биродарларимизда яхши бир мақол бор: “Аввал муҳаббат, кейин… нафрат”. Биз ижодкорларни, айниқса қалам аҳлини салкам авлиё, миллат виждони деб ўсган, бунга чин дилдан ишонган авлодмиз. Балки шу боисдир, кейинги йиллар ичида имконим даражасида адабиёт аҳли орасида юрарканман, кўп қаламкашлар билан яқиндан танишганим, феъл-атворларини ўрганганим, инсоннинг асл кимлиги маълум бўладиган оний лаҳзаларда ёнма-ён турганимга хўб афсуслар едим, улар билан узоқдан қуюқ кўришиб, ҳурмат-иззатимни сақлаган ҳолда ўз йўлимдан кетавермаганимдан пушаймонлар чекдим. Аммо, шоир айтганидай, “нима ҳам қилардим, не иложим бор…”
Саволингизга келсак, адабиётимизнинг бундайлардан яқин орада тозаланишига ишонмайроқ турибман. Айниқса, бозор шароитида. Аммо камайишига умид қилиб қоламан. Бундайин умидсиз яшаб бўлмади…

ЎЗБЕК КИНОСИ: ҚЎШТИРНОҚ ИЧИДАГИ ҲАММУАЛЛИФ, ҚУСУРЛАР ВА ЮТУҚЛАР

– Кино ва телесериаллар борасида кўзга анча кўриниб қолдингиз. Мазкур соҳада кимларни яқин ҳамкорингиз деб биласиз? Яна бир савол: ўзбек киносидаги қайси қусурлар соҳанинг илгарилаб кетишига тўсқинлик қилмоқда? Гарчанд сизга унча тааллуқли бўлмаса-да, яна сўрамоқчи бўлганим: кинонинг мавқеини томошабиннинг кўплиги белгилайдими ёки нуфузли мукофотларми?

– Гарчанд ташқаридан шундай туйилса-да, агар кино олами сизни қучоқ очиб кутиб олади, деб ўйласангиз, қаттиқ янглишасиз. Бу соҳанинг ҳам шунақанги сув ости оқимларию, сув усти ўйинлари борки, баъзан ҳатто манаман деган ёзувчилар ҳам уларнинг олдида ип эшолмай қолишади.
Минг шукр айтсам арзийди, ўзи устозлардан ёлчиганман: мени кинога ўта ҳалол, покиза режиссёр, соҳанинг “сўнгги могикан”ларидан бири бўлган Ҳотам Файзиев адабиёт газетамизда уч йил ичида чиққан уч ҳикоям туфайли олиб кирди, эринмасдан кино сирларини ўргатди.

Кинодаги қусурларга келсак, назаримда, улар керагидан ортиқ. Энг катта қусур эса – яхши киносценарийларнинг тақчиллиги. Энг қизиғи, бунга киночиларнинг ўзлари айбдор. Ваҳоланки, сценарий ёзилдими, бу – фильм олинди, деган гап. Ҳолливудда сценарий икки йил ёзилади, фильм эса икки ойда олинади. Бизда тамомила тескариси. Умуман, аксарият режиссёрлар нимагадир сценарийни унчалик писанд қилишмайди, “Бадиий кенгашдан ўтса бас, кейин ўзим тўғрилаб оламан”, деб қўйишади.
Таассуфки, шу “тўғрилаш” жараёнида кўп ҳолларда сценарийнинг бориям йўқ қилинади. Емаган сомсага муаллиф пул тўлайди. Аммо айрим ҳолларда сиз пул тўлаган сомсани маза қилиб еяётганларни ҳам кўрасиз. Яъни фамилиянгиз ёнида ўроқда йўқ, машоқда йўқ “ҳаммуаллиф”лар пайдо бўлиб қолади.

Ўтган етти йилга яқин вақт мобайнида бу соҳани синчиклаб ўрганишга уриниш жараёнида бир нарсага ишонч ҳосил қилдимки, аксарият киночиларимиз ўттиз миллионли халқнинг номидан гапиришни хуш кўришларига қарамай, аслида ўзлари халқ ҳаётини, унинг муаммоларини билишмайди. Билганлари эса шу қадар юзаки ва бачканаки, эшитиб ғашинг келади. Яқинда бир сценарийда шўхроқ қиз образини ёзгандим. Бўлади-ку ҳаётда шунақалари ҳам. Аммо режиссёр оёқ тираб туриб олди: “Йўқ, бизнинг ўзбек қизларимиз йигитлар олдида уялинқираб, ердан кўз узмай туришлари керак!” Шунақа қилиб суратга олдиям.

Булар ҳали ҳолваси. Шу пайтга қадар беш-олтита сценарийим ўтган бўлса, қайтганлари бундан икки-уч баробар кўп. Аммо ўтганларниям баъзи ҳолларда инжиқ режиссёр беш-олти маротабалаб қайта ёзишга мажбур этади. Бир телесериал сценарийсини эса (компьтерда беш юз бетга яқин) тўрт маротаба қайта ишлашга тўғри келган…
Ўзбек киноси илгарилаб кетишини айтибсиз. Ким ҳам буни истамайди? Менимча, бунинг учун фақат давлатнинг кўмагига қараб ўтирмасдан, йирик-йирик ҳомийлар, меценатлар ёрдамида катта кўламли фильмлар суратга олиниши керак. Шунда одам томоша қилишга ҳам уяладиган бачкана “хонтахта” фильмлар ўз-ўзидан йўқ бўлади.
Шу маънода кинонинг мавқеини томошабин сони асло белгиламайди. Оммавийлик – мезон эмас.
Хабарингиз бордир, Эркин Аъзам сценарийси асосида Аюб Шаҳобиддинов суратга олган “Паризод” фильми Россиянинг Анапа шаҳрида ўтказилган “Киношок” танловида Гран-прини қўлга киритди. Худди шу фильм АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида ўтказилган кинофестивалда ҳам ғолиб чиқди, Парижда намойиш этилди. Бу бутун ўзбек халқининг, бутун ўзбек киносининг обрўйи эмасми? Бундан ғурурланмай, фахрланмай бўладими?

ЎЗ ШЕЪРИНИ ЁМОНЛАГАН… А.ЙЎЛДОШЕВ!

– Сиз, асосан, насрда ижод қиласиз. Шеъриятда ҳам қаламингиз зўр. Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг “Фақат у сен эмас” шеърингиз асосида қўшиқ қилгани тарихини айтиб берсангиз. Кўпчилик мазкур шеър ва қўшиқ тарихи ҳақида билмайди.

– Охунжон Мадалиев ҳам бир шеъримни қўшиқ қилганди. “Бир куни келадир, шаҳзодангни кут…” деган.
“Сен эмас…” ҳақида эса кўп сўрашган. Сизга батафсилроқ айтиб бера қолай.
Тўқсонинчи йилларнинг бошларида бир шоир йигитнинг ишқ изтироблари ҳақида қисса ёздим. Биласиз, шоирлар таъсирчанроқ бўлишади. Хуллас, севгилиси қолиб, бошқасига уйланган қаҳрамоним ўтган муҳаббатини эслаб, азобда қолган чоғлари кўнглини қоғозга бўшатиши керак, деган ўйда шу шеърни ёздим. Шеър “Сирли олам” журналининг 1994 йил 1-сонида босилиб ҳам чиқди.
Шу билан эсимдан ҳам чиқиб кетган экан.

Бир куни ижодкор дўстимиз билан машинада Гулистонга кетаётгандик. Радиода Озодбекнинг янги қўшиғини бериб қолишди. Эшитсам, сўзлари таниш. Шунда дўстим афтини буриштирганча “Шуям қўшиқми?” деб қолди. Мен дарров жўр бўлдим: “Шуям шеърми? Қўлинг синсин шуни ёзмай!..” Ишқилиб, роса ёмонладик.

“Қўшиқ ижодкорларга ёқмайди, шекилли”, деган ўйга бордим. Бироқ уч-тўрт кундан кейин эшитиб кўрсам, яхши, дард билан айтилган. Шундаям муаллиф эканлигимни ҳеч кимга билдирмадим. Ниҳоят, ёдингиздадир, ўшанда сиз бошқараётган газетада “Муаллиф ким?” деган савол чиққач, бориб, чин дилдан айбимга иқрор бўлдим.

…Бир куни Фарғонага, суратга олишга бордик. Ўшанда таниқли актёрларимиздан бири шу қўшиқни ўз хонасида туни билан, қайта-қайта эшитиб чиққани ва… йиғлаганига гувоҳ бўлдим. Аммо юрак ютиб, “Шуни мен ёзганман, ака”, деёлмадим.

…Яна бир қизиқ воқеа. Зулфия шифохонага тушиб қолди. Палатада у билан ётган аёл шу қўшиқни эшитавераркан, эшитавераркан… Охири Зулфия “Сизга ёқадими шу?” деб сўрабди. “Шу қўшиқни ёзган шоирни кўрсам, бўғиб ўлдирардим! – дебди аёл. – Лекин, нима қилай, кун бўйи эшитсам ҳам тўймайман…” Зулфия шифохонадан чиқадиган куни сирни очди, мен бўйнимни эгиб турдим. Аммо аёл бўғиб ўлдирмади, қизариб-бўзариб ўзини оқлашга тушди… Кулишдик.

Яқинда архивимни кўрсам, анча-мунча қўшиқларим йиғилиб қолибди. Уларни китоб ҳолида чоп этсамми, деб қўяман. Зулфия ҳам ҳар замонда пишанг бериб туради: “Сизнинг асли ўзи шиғирларингиз тузук…”

– Дарвоқе, нега “шеър”ни ҳар доим “шиғир” дейсиз? Менга, масалан, сал истеҳзо билан айтилгандек туйилади…

– Балки бу менга ҳақиқий шеърга нисбатан “шиғир”лар кўпроқ учрагани учундир. Ахир бемаза қовуннинг уруғи кўп бўлади-да. Ўзимнинг кўп ёзиб қўйганларим ҳам ўзимга шеърга ўхшаб кўринмайди. Ундан кейин… “Мен шоирман!” деб кўкрагига ураётган бандани кўрсам, уялиб кетаман… Шунақаларга дуч келаверсангиз, тузсиз, туссиз битикларни ўқийверсангиз, охири муқаддас “шеър” сўзини тилга олишга ҳам истиҳола қилиб қоларкансиз…

007
Оила даврасида

005

ЗУЛФИЯ ҚУРОЛБОЙ ҚИЗИ ВА ФАРЗАНДЛАР…

– Таниқли адиба Зулфия Қуролбой қизи ҳам сермаҳсул ижодкор. Сиз унга умр йўлдоши бўлишдан ташқари устозмисиз, ҳамкасбми ёки рақобатчи ижодкор?

– Адабиёт бўйича, албатта, ҳамкасб. Фақат ортиқча истиҳола-андиша қилиб ўтирмасдан, ҳар бир янги асар ҳақидаги фикрларини бир-бирига очиқ айта оладиган ҳамкасблармиз.
“Рақобат” сўзи эса бизга ёт.
Биз 1988 йили Дўрмонда бўлиб ўтган ёш ижодкорларнинг семинарида танишиб қолганмиз. Иккаламиз ҳам наср йўналишида эдик. Кейин бир йилча Жиззахга қатнаб юрдим. Бирга шаҳар айланишни яхши кўрардик. Кейин тўйимиз бўлди…

– Фарзандларингиз билан ҳам таништирсангиз. Ота-онаси изидан бораётганлари ҳам борми?

– Тўрт фарзандлимиз. Катталарида адабий истеъдод бор. Уларнинг машқлари газета-журналларда эълон қилинган ҳам. Уч йилча бўлиб қолди, бир нашриёт қоп-қоп ваъдалар билан оиламиздаги ҳамма ижодкорларнинг асарларини тўплаб, китоб ҳолида чоп этмоқчи бўлди. Адашмасам, корректураси ҳам чиққанди. Шундан буён бирон хабар йўқ.
Ёзув-чизувнинг машаққатини кўриб катта бўлишгани учунми, билмадим, фарзандларимиз бошқа касбни танлашди. Ҳечқиси йўқ. Агар ҳақиқий истеъдод бўлса, бир куни ёриб чиқишади. Агар шунчаки ҳавас бўлса, бошқа касбни танлаб, янаям тўғри иш тутишгани аён бўлади…

– Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

«Хуршид Даврон кутубхонаси» саҳиифаси суҳбат учун Анвар Намозовга ўз миннатдорчилигини билдиради.

 

(Tashriflar: umumiy 394, bugungi 1)

Izoh qoldiring