Nabijon Boqiy. Anvar Posho himoyaga muhtojmi?

0_1bc463_879b4689_orig.png  Ушбу  мақола  “Жаҳон адабиёти” журналининг 1997 йил 4-, 5-, 6-сонларида  босилган рус тадқиқотчиси Игор Буничнинг “Партиянинг олтинлари” номли ҳужжатли асарида таниқли давлат арбоби Анвар пошо номи тилга олинган ўринга, энг аввало, таниқли халқаро фирибгар,  Германия давлати ёрдамида Россияда большевиклар инқилобини  молиялаштирган Александр Львович Парвус (аслида  Израиль Лазаревич Гельфанд) билан Анвар пошо муносабатига изоҳ бериб қўйиш мақсадида ёзилган. 

АНВАР ПОШО ҲИМОЯГА МУҲТОЖМИ?
Набижон Боқий
09

АВАНТЮРАДАН ҚУТУЛДИК, ЭНДИ УВЕРТЮРА ЭШИТАМИЗМИ?

“Жаҳон адабиёти” журналининг 1997 йил 4-, 5-, 6- сонларидарус тадқиқотчиси Игор БУНИЧнинг “Партиянинг олтинлари” номли ҳужжатли асари ҳурматли устозимиз Озод Шарафиддинов таржимасида босилиб чиқди. Бу асар тез орада китоб ҳолида нашр этилажагини ҳисобга олиб, унда шаҳиди шариф Анвар пошо номи қаламга олинган ўринга изоҳ бериб қўйишни лозим деб топдик. “Партиянинг олтинлари”да большевикларнинг эшагини суғориб, пулини олиб юрган Парвус (Александр Львович Парвус;  аслида  Израиль Лазаревич Гельфанд. ХДК изоҳи) номли халқаро фирибгар тўғрисида муаллиф куйиб-пишиб ҳикоя қилади.

Қуйида “Жаҳон адабиёти”дан олинган ПАРВУС ва АНВАР ПОШОга алоқадор кўчирма эътиборингизга ҳавола қилинади:

09“Парвус Лениннинг муаллими ва устози бўлган эди. Айни ана шу Парвус Ильич сиймосида ўзининг бениҳоя бойиб кетиш борасидаги беқиёс режаларини амалга оширишга қурби етадиган шахсни кўрган эди. Эътироф этиш керакки, гарчи Парвус 1905 йилда қандайдир қора ишлар билан шуғулланишга мажбур бўлса-да, аслида бундай ишларга асло тоби йўқ эди. Парвуснинг ҳақиқий фамилияси Гельфанд деб ҳисобланади, лекин сўнгги маълумотлар бунга шубҳа билан қарашга ундайди. Бунақа кўламдаги халқаро фирибгарларнинг ҳақиқий фамилиясини топиб олиш жуда қийин. У Лениндан уч ёш катта бўлган. 1867 йилда Минск губернясида Березино (Қайинзор) шаҳрида туғилади. Болалиги Одессада ўтган. 1885 йилда шу ерда гимназияни тугатган, кейин таҳсилни давом эттириш учун Олмонияга кетган. 1891 йилда Парвус иқтисод ва молия курси бўйича Базел дорилфунунини тугатади. Шундан сўнг бир неча йил давомида Олмония ва Швейцария банкларида хизмат қилади. Афтидан, марксча сафсатадан исталган иқтисодий жиноятни хаспўслашда фойдаланиш мумкинлигини биринчи бўлиб англаган кўринади. Россия тарихини, унинг хўжалиги ва молиявий аҳволини берилиб ўрганган. У рус жамиятининг ҳамма табақаларини ич-ичидан емирилиб ётган чуқур зиддиятга эътиборни қаратган ва агар бу жамият дворянлар ва зиёлилардан иборат омонат ҳимоя қатламидан маҳрум бўлиб қолса, жуда ночор ва ожиз бўлиб қолишини башорат қилган. Унинг бу каромати Ленинда жуда катта таассурот қолдирган…

Аммо доҳий Парвусни ҳаммадан кўра ёмон кўрарди, ундан нафратланарди, шундай бўлса ҳам, на матбуотда, на оғзаки унга тил теккизишга журъат қиларди. Аксинча, унинг гапларини эътибор билан тинглар экан, кўпинча: “Бўлмаган гап! Ўта бемаънилик! Лекин масалага диалектик нуқтаи назаридан қараладиган бўлса, марксчилик дегани айнан шунинг ўзи бўлади!” деб хитоб қиларди.

Японлардан икки миллион фунт-стерлинг пул олгач, Парвус фурсатдан фойдаланиб, 1905 йил инқилобининг доҳийси ва раҳбари бўлиб олади… 1905 йил 9 январ халқ намойишининг уюштирилиши-чи! Ўшанда Парвуснинг жангарилари Александр боғидаги дарахтларга чиқиб олиб, у ердан Қишки саройни ҳимоя қилаётган аскарларга ўқ узишган ва шу билан машҳур Қонли якшанбани бошлаб беришганди…

Қамоққа олинган ва бадарға қилинган Парвус Сибирга олиб кетилаётганида соқчилар қўлидан қочиб… Туркияда пайдо бўлиб қолади. Бу ерда у Генч турклар ҳукуматининг иқтисодий ва молия масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлиб олганди. Бу мансабда бир неча миллион ишлаб олгач, халқаро банклар ва картелларнинг жаҳонга машҳур намояндалари билан алоқалар ўрнатган Парвус ўзининг асосий режасини – Россияни хароб қилишни бир лаҳза ҳам эсидан чиқаргани йўқ. Эсидан чиқаргани йўғ-у, лекин қайнаб-тошган иқтисодий фаолиятидан ҳам чалғимади. Парвус вайрон бўлаётган Усмонли империясини иқтисодий ҳалокатдан сақлаб қолганди. Албатта, бу ишларни қилар экан, Парвус ўзини асло унутгани йўқ.

Сараевода янграган ўқ овози Парвус учун жанговар чақириқдай бўлди. У бир лаҳза Туркия Олмония тарафида туриб урушга қўшилса, бу Россия учун нима билан тугашини чамалаб, ҳисоблаб чиқди. У эҳтиросли нотиқ ҳарорати билан ҳаракат қилувчи, лекин унча олисни кўролмайдиган Анвар пошога ва унинг “Генч турклари”га Туркия фақат Олмония томонида туриб урушмоғи кераклигини уқтира бошлади. Фақат шундагина Туркияда улуғ империя қайта тикланади, шундай қилингандагина Туркия ўз тарихининг сўнгги йигирма йили мобайнида бошидан кечирган беҳисоб мағлубиятлар ва қўпол ҳақоратлар, камситишлар доғини ювиб ташлай олади. У қаҳва ичиб, сигара чекиб ўтириб Олмониянинг Туркиядаги элчиси фон Вангейн билан суҳбатлашади ва олис Истанбулдан Олмонияга телеграмма жўнатади. Унинг оқибатида Ўрта Ер денгизидаги кемаларини Шимолий денгизга жўнатишни режалаштириб турган адмирал Сушон “Гебен” линкорини орқага қайтариб, Дарданелл бўғозига жўнатади. Парвус махфий шайинларни ҳаракатга келтиради, натижада Туркияга ғалла, темир, дастгоҳлар ва ўқ-дорилар кела бошлайди. Юкларнинг бир қисми эса йўл-йўлакай Булғорияга туширилади. Парвус асло амалга ошириб бўлмайдиган ишни бажаради – асрлар мобайнида бир-бирига ашаддий душман бўлиб келган икки мамлакат – Туркия билан Булғория ҳар қандай славянпарастлик, исломпарастлик ғовларини емириб, Россияга қарши урушга қўшилади. Парвуснинг қалин дўсти, Туркиянинг ҳарбий вазири ва ҳарбий ҳукуматнинг бошлиғи Анвар пошо бекорга мўйловини кайзерникига ўхшатиб қўйди, дейсизми! У ҳатто Коминтернга аъзо бўлиб киради ва 1922 йилда Шарқий Бухорода қонли жанглардан бирида шаҳид бўлади.

Аммо, бу ҳали холва эди. Россияга жанубдан қилинадиган ҳужумни таъминлаган Парвус ҳеч кутилмаганда бриллиант тугмалари ва тилла узукларининг жилваси билан қашшоқ рус мужикларининг кўзларини қамаштириб, “социла-демократлар” орасида пайдо бўлади”.
Кўчирма тамом.

Маълумки, Шарқий Бухоро ҳудудида рўй берган миллий мужодала Шўро тарихчилари томонидан “босмачилик ҳаракати” деб баҳоланади. Халқ ҳарактига раҳнамолик қилган зотнинг иймон-эътиқод йўидаги кураши эса “Анвар пошо авантюраси” номи билан сохта “Тарих” дарсликларидан ўрин олади. Вақтли матбуот саҳифаларида ҳам шўравий ташвиқотчилар ўйлаб топган атама 70 йил давомида (яъни, 1921 йилдан то Шўро иттифоқи парчаланиб кетган 1991 йилга қадар) муттасил такрорланди.

“Авантюра”, аслида, французча сўз бўлиб, “тасодифий зафар қозонишга мўлжалланган қалтис ҳаракат, шубҳали чора-тадбир, имкониятларни назар-писанд қилмаслик ва охир-оқибат муқаррар мағлубият билан якунланадиган уриниш” деган маънони англатади. Ўзбекчасига лўнда қилиб айтилса, авантюрист – таваккалчи демакдир. Бу ьлифадаги шахсларга холис нуқтаи назардан қаралса, деярли салбий маъно англашилмайди. Зеро, ўйчининг ўйи битгунча таваккалчининг иши битади. Хўш, бунинг нимаси ёмон? Унчалик ёмон эмас-у, бироқ шўро тарихчилари томонидан истеъмолга киритиб юборилган “авантюра” ёки “авантюрист” атамаси билан бизнинг мусулмон халқимиз тушунадиган “таваккал” ёки “таваккалчи” ўртасида ер билан осмонча фарқ бор.

0d59c375323618d3cd629ac4f1e2bf29.jpg“Авантюра” – меҳнаткашлар манфаатига хиёнат, инқилобга хиёнат, империячиларнинг ноғорасига ўйнаш дегани бўлади. Агар шўравийлар босқинчиликни, “босмачилик”ни ИНҚИЛОБ деб билса, тўғри, Анвар пошо бундай инқилобга тупуради. Лекин айнан меҳнаткашлар манфаатини қўлда қурол билан ҳимоя қилади. Қолаверса, империячилар деганда шўравийлар Англияни назарда тутса, Шарқий Бухродаги миллий мужодала вақтида (1921-1931 йиллар) Буюк Британия фақат томошабин бўлиб туради, холос. Том маънода шўравийларнинг ноғорасига ўйнаган Комил Яшин НКВД-КГБ буюртмаси бўйича ёзган “Йўлчи юлдуз”, “Инқилоб тонги” каби саҳна асарларида бўрттириб тасвирланган инглиз жосусларини ҳисобга олмаганда Буюк Британия ҳукумати миллий мужодала даврида ҳам большевиклар Россиясига нисбатан “иттифоқ” шартномасига содиқ қолади. Мабодо “иттифоқ” шартномаси бекор қилинса, саркаш Россия аскарлари Ҳинд океанига бориб этикларини ювишлари мумкинлиги Буюк Британия ҳукуматини мудом ваҳимага солар эди.

Хуллас, 70 йилдан сўнг биз “Анвар пошо авантюраси” деган қўрқитмачоқ сўз бирикмасидан расман халос бўлдик. Бироқ, энди ёмғирдан қочиб қорга тутилмасак гўргайди! Энди увертюра бошланади, шекилли.

Опера, балет, кинофильм каби саҳна асарларининг мусиқали муқаддимаси – увертюра, дейилади.

Хўш, Анвар пошо ростдан ҳам Парвус деган халқаро фирибгар қўлида қўғирчоқ бўлганми?

“Партиянинг олтинлари”да санаб ўтилган далил-дастакларни мантиқ чиғириғидан ўтказиб кўрайлик. Китоб муаллифи И. Бунич Россиянинг бошига тушган барча мусибатларга гўё фирибгар Парвусни айбдор этиб кўрсатмоқчи бўлади. Жоҳилиятга ботиб кетган мамлакатни, алданган ва адашган фуқароларнинг қилмишларини хаспўшлаш учун бир нималар ўйлаб топиб, унга одамларни ишонтириш керак-ку! Мана, Парвус “жиноятномаси” бу томонга айлантирилиб, унга ижтимоий мазмун чопони кийдирилади-да: “Анвар пошо ҳам унга шерик бўлган!” деб битта ўқ билан икки қуённи отмоқчи бўлади.

Аслида, Парвус жар ёқасига келиб қолган Россия жамияти заминида пайдо бўлган, чуқур илдиз отган ўсмадир. Россияда туғилиб, униб-ўсган халқаро фирибгарнинг бизга алоқаси йўқ. Аммо…

Игорь Буничнинг тахминига кўра, “японлардан икки миллион футн-стерлинг пул олгач, Парвус фурсатдан фойдаланиб, 1905 йил инқилобининг доҳийси ва раҳбари бўлиб олди… 1905 йил 9 январдаги халқ намойишининг уюштирилиши-чи? Ўшанда Парвуснинг жангарилари Александр боғидаги дарахтларга чиқиб олиб, у ердан Қишеи саройни ҳимоя қилаётган аскарларга ўқ узишган ва шу иблан машҳур Қонли якшанбани бошлаб беришганди”.

Аслида ҳам шундай бўлганми? Ахир, рус халқининг руҳини кўтариш учун ва шу йўсинда ижтимоий инқироздан қутилиб кетиш ниятида “оқ подшо” “кичкинагина ғолибона уруш” тарафдори бўлмаганми? Аксига олиб, 1904 йилдаёқ Узоқ Шарқдаги “енгилмас қўрғон” – Порт Артур бой берилади, ҳарбий флот ҳам японларнинг қўлига ўтиб кетади. Чор Россиясининг шармандали мағлубияти жамиятдаги ижтимоий таназзулни янада чуқурлаштириб юборади. “Дунёдаги энг маданиятсиз, энг қолоқ халқ ўзининг ижтимоий муаммоларини инқилоб – қон тўкиш йўли билан ҳал қилади”, деган эди буюк файласуф.

Хўш, руслар ХХ аср бошларида ўзларининг ижтимоий муаммоларини инқилоб йўли билан ҳал этишга жиддий уринган бўлса, бунинг нимаси ажабланарли экан? Қолаверса, 1905 йилдаги Қонли якшанбанинг асосий “ижодкори” поп Гапон (ўша қонли воқеаларга гувоҳ бўлган йўқсуллар ёзувчиси Максим Горкийнинг ҳаққоний хотиралари наҳотки дарров ёдимиздан кўтарилиб кетган бўлса!) эмасмиди?! Тарих қарияпти, шекилли. Хотиранинг мазаси қочган кўринади. Яхши эмас, охири ёмон бўлиши мумкин. Руҳшуносга ёки фолбинга учрашиш керак. Ёки хотирани мустаҳкамлайдиган мева-чевалардан кўпроқ истеъмол қилиб туриш лозим. Жин урсин, ширин-шакар мева етказиб берадиган “пахта қуллари” ҳам қўлдан чиқиб кетди. Юнонистондан, Эрондан келтирилаётган ёнғоқлар шаклан ёнғоққа ўхшаса ҳам, лекин мазмунан “социалистик” эмас. Кулманг, мен гап нима ҳақида кетаётганини унутганим йўқ. Устига устак, бизда ёнғоқ сероб – деҳқончилик, кузакда ер билан битта бўлиб тўкилиб ётади, ҳузурини қарғалар кўради.

“Партиянинг олтинлари”дан каттароқ кўчирма олганимиз бежиз эмас. Аслида, бизни қизиқтирган моҳиятга энди яқинлашяпмиз.

Инқилобий қилмишлари учун Сибирга сургун қилинган Парвус “сеҳрли қалпоқчаси”ни киядию бирдан Туркияда пайдо бўлиб қолади. Эҳтимол, хабарингиз бордир, биринчи Рус инқилоби 1907 йилда қонга ботирилади; инқилоб назариётчилари чет элларга жуфтакни ростлайди, амалиётчи лақмалари эса дорга осилади, судсиз-сўроқсиз отиб ўлдирилади. Қип-қизил иванлар эса Россиянинг совуқ ўлкаларига умрбод сургун қилинади; кўплари навбатдаги инқилобгача ўзлари ўлиб кетади ёки яримжон бўлиб қолади.

Парвус суд ҳукми билан Сибирга сургун қилинибдими, демак, у инқилобнинг чўққиси бўлган Қонли якшанбанинг “доҳийси” ҳам, “раҳбари” ҳам эмасди. Қонли якшанбани сиёсий жандарм бошлиғининг буюртмаси бўйича провакатор-иғвогар поп Гапон уюштиради. Ҳукуматнинг махсус хизмат идораси, жинояткор-пулдорлар ҳамкорликда Романовлар сулоласини сақлаб қолиш учун ёлланма иғвогар-ижрочиларга пинҳона мурожаат этади: “Ёрдам беринглар! Сизларга Швейцария банкларида ҳисоб рақами очиб миллион фунт-стерлинг ўтказиб берамиз ҳар бирингизга”, дейилади. Бундан кўзланган мақсад шундан иборат эдики, сабр косаси тўлган халқнинг муросасиз қатлами ва уларнинг етакчилари жисман маҳв этилса, оломон ибодатхоналарда: “Худойим, подшоҳ отамизни ўз паноҳингда асрагин!” деб шам ёқиб, чўқиниб юраверади. Қисқаси, шу тариқа жамиятнинг ижтимоий бўҳрондан олиб чиқиб кетиш асослари яратилади. Назарияни амалга оширадиган раҳбар ва раҳнамо керак эди. Одатда, оғирнинг устидан, енгилнинг остидан ўтиб юрадиган, енгил-елпи ҳаёт кечиришга кўникиб қолган нусхалар иғвогарликни касб қилиб олади. Бу жиҳатидан қаралса, Парвус иғвогарликка мутлақо ярамасди. У молия ва иқтисод курси бўйича Базел дорилфунунида таҳсил кўрган. Ишдан қочмайди, фақат ўзинг учун ўл, етим! Бошқалар учун узатиб ўтирган оёғини йиғиб олишни ҳам истамайди.

Сабр косаси тўлган халқни фақат таниқли шахс бошқара олади.

Парвус ҳам инқилобчилар раҳбари бўлиб олган Ленин билан тил топишади. 1905 йил воқеаларида қатнашганми-йўқми, бир нарса дейиш қийин. Чунки банк-молия тизимида фаолият кўрсатадиган йирик мутахассислар тўс-тўполонлардан узоқ юради. Йўқсул-ялангоёқлар эса жанжални ўзлари излаб юради.

Анвар пошо бизнинг ҳимоямизга муҳтож бўлмаса керак. Шундай бўлса-да, Туркистон тупроғини босқинчилардан озод кўриш учун жонини фидо қилган зот тўғрисида ёлғон гапларга дуч келиб қолсак, миқ этмай ўтиб кетсак ҳам инсофдан бўлмас, ахир.

4 август куни Анвар пошонинг Шарқий Бухоронинг Болжувон депарасидаги Чегим тоғли қишлоғида шаҳид бўлганига 95 йил тўлади. 1922 йилда 4 август Қурбон ҳайитининг биринчи куни эди.

Манба: “Республика” газетаси, 1999 йил, 8-15 январ сонлари

Slayt1.JPGUshbu maqola “Jahon adabiyoti” jurnalining 1997 yil 4-, 5-, 6- sonlarida bosilgan rus tadqiqotchisi Igor Bunichning “Partiyaning oltinlari” nomli hujjatli asarida taniqli davlat arbobi Anvar posho nomi tilga olingan o‘ringa, eng avvalo, taniqli xalqaro firibgar, Germaniya davlati yordamida Rossiyada bolsheviklar inqilobini moliyalashtirganAleksandr Lvovich Parvus (aslida Izrail Lazarevich Gelfand) bilan Anvar posho munosabatiga izoh berib qo‘yish maqsadida yozilgan. 

ANVAR POSHO HIMOYAGA MUHTOJMI?
Nabijon Boqiy
09

AVANTYURADAN QUTULDIK, ENDI UVЕRTYURA ESHITAMIZMI?

“Jahon adabiyoti” jurnalining 1997 yil 4-, 5-, 6- sonlaridarus tadqiqotchisi Igor BUNICHning “Partiyaning oltinlari” nomli hujjatli asari hurmatli ustozimiz Ozod Sharafiddinov tarjimasida bosilib chiqdi. Bu asar tez orada kitob holida nashr etilajagini hisobga olib, unda shahidi sharif Anvar posho nomi qalamga olingan o‘ringa izoh berib qo‘yishni lozim deb topdik. “Partiyaning oltinlari”da bolsheviklarning eshagini sug‘orib, pulini olib yurgan Parvus (Aleksandr Lvovich Parvus; aslida Izrail Lazarevich Gelfand. XDK izohi) nomli xalqaro firibgar to‘g‘risida muallif kuyib-pishib hikoya qiladi.

Quyida “Jahon adabiyoti”dan olingan PARVUS va ANVAR POSHOga aloqador ko‘chirma e’tiboringizga havola qilinadi:

“Parvus Leninning muallimi va ustozi bo‘lgan edi. Ayni ana shu Parvus Ilich siymosida o‘zining benihoya boyib ketish borasidagi beqiyos rejalarini amalga oshirishga qurbi yetadigan shaxsni ko‘rgan edi. E’tirof etish kerakki, garchi Parvus 1905 yilda qandaydir qora ishlar bilan shug‘ullanishga majbur bo‘lsa-da, aslida bunday ishlarga aslo tobi yo‘q edi. Parvusning haqiqiy familiyasi Gelfand deb hisoblanadi, lekin so‘nggi ma’lumotlar bunga shubha bilan qarashga undaydi. Bunaqa ko‘lamdagi xalqaro firibgarlarning haqiqiy familiyasini topib olish juda qiyin. U Lenindan uch yosh katta bo‘lgan. 1867 yilda Minsk gubernyasida Berezino (Qayinzor) shahrida tug‘iladi. Bolaligi Odessada o‘tgan. 1885 yilda shu yerda gimnaziyani tugatgan, keyin tahsilni davom ettirish uchun Olmoniyaga ketgan. 1891 yilda Parvus iqtisod va moliya kursi bo‘yicha Bazel dorilfununini tugatadi. Shundan so‘ng bir necha yil davomida Olmoniya va Shveysariya banklarida xizmat qiladi. Aftidan, markscha safsatadan istalgan iqtisodiy jinoyatni xaspo‘slashda foydalanish mumkinligini birinchi bo‘lib anglagan ko‘rinadi. Rossiya tarixini, uning xo‘jaligi va moliyaviy ahvolini berilib o‘rgangan. U rus jamiyatining hamma tabaqalarini ich-ichidan yemirilib yotgan chuqur ziddiyatga e’tiborni qaratgan va agar bu jamiyat dvoryanlar va ziyolilardan iborat omonat himoya qatlamidan mahrum bo‘lib qolsa, juda nochor va ojiz bo‘lib qolishini bashorat qilgan. Uning bu karomati Leninda juda katta taassurot qoldirgan…

Ammo dohiy Parvusni hammadan ko‘ra yomon ko‘rardi, undan nafratlanardi, shunday bo‘lsa ham, na matbuotda, na og‘zaki unga til tekkizishga jur’at qilardi. Aksincha, uning gaplarini e’tibor bilan tinglar ekan, ko‘pincha: “Bo‘lmagan gap! O‘ta bema’nilik! Lekin masalaga dialektik nuqtai nazaridan qaraladigan bo‘lsa, markschilik degani aynan shuning o‘zi bo‘ladi!” deb xitob qilardi.

Yaponlardan ikki million funt-sterling pul olgach, Parvus fursatdan foydalanib, 1905 yil inqilobining dohiysi va rahbari bo‘lib oladi… 1905 yil 9 yanvar xalq namoyishining uyushtirilishi-chi! O‘shanda Parvusning jangarilari Aleksandr bog‘idagi daraxtlarga chiqib olib, u yerdan Qishki saroyni himoya qilayotgan askarlarga o‘q uzishgan va shu bilan mashhur Qonli yakshanbani boshlab berishgandi…

fe7b00fa-3d0e-4dc1-9686-8b7a94b9e27a__gelfand2.jpgQamoqqa olingan va badarg‘a qilingan Parvus Sibirga olib ketilayotganida soqchilar qo‘lidan qochib… Turkiyada paydo bo‘lib qoladi. Bu yerda u Gench turklar hukumatining iqtisodiy va moliya masalalari bo‘yicha maslahatchisi bo‘lib olgandi. Bu mansabda bir necha million ishlab olgach, xalqaro banklar va kartellarning jahonga mashhur namoyandalari bilan aloqalar o‘rnatgan Parvus o‘zining asosiy rejasini – Rossiyani xarob qilishni bir lahza ham esidan chiqargani yo‘q. Esidan chiqargani yo‘g‘-u, lekin qaynab-toshgan iqtisodiy faoliyatidan ham chalg‘imadi. Parvus vayron bo‘layotgan Usmonli imperiyasini iqtisodiy halokatdan saqlab qolgandi. Albatta, bu ishlarni qilar ekan, Parvus o‘zini aslo unutgani yo‘q.

Sarayevoda yangragan o‘q ovozi Parvus uchun jangovar chaqiriqday bo‘ldi. U bir lahza Turkiya Olmoniya tarafida turib urushga qo‘shilsa, bu Rossiya uchun nima bilan tugashini chamalab, hisoblab chiqdi. U ehtirosli notiq harorati bilan harakat qiluvchi, lekin uncha olisni ko‘rolmaydigan Anvar poshoga va uning “Gench turklari”ga Turkiya faqat Olmoniya tomonida turib urushmog‘i kerakligini uqtira boshladi. Faqat shundagina Turkiyada ulug‘ imperiya qayta tiklanadi, shunday qilingandagina Turkiya o‘z tarixining so‘nggi yigirma yili mobaynida boshidan kechirgan behisob mag‘lubiyatlar va qo‘pol haqoratlar, kamsitishlar dog‘ini yuvib tashlay oladi. U qahva ichib, sigara chekib o‘tirib Olmoniyaning Turkiyadagi elchisi fon Vangeyn bilan suhbatlashadi va olis Istanbuldan Olmoniyaga telegramma jo‘natadi. Uning oqibatida O‘rta Yer dengizidagi kemalarini Shimoliy dengizga jo‘natishni rejalashtirib turgan admiral Sushon “Geben” linkorini orqaga qaytarib, Dardanell bo‘g‘oziga jo‘natadi. Parvus maxfiy shayinlarni harakatga keltiradi, natijada Turkiyaga g‘alla, temir, dastgohlar va o‘q-dorilar kela boshlaydi. Yuklarning bir qismi esa yo‘l-yo‘lakay Bulg‘oriyaga tushiriladi. Parvus aslo amalga oshirib bo‘lmaydigan ishni bajaradi – asrlar mobaynida bir-biriga ashaddiy dushman bo‘lib kelgan ikki mamlakat – Turkiya bilan Bulg‘oriya har qanday slavyanparastlik, islomparastlik g‘ovlarini yemirib, Rossiyaga qarshi urushga qo‘shiladi. Parvusning qalin do‘sti, Turkiyaning harbiy vaziri va harbiy hukumatning boshlig‘i Anvar posho bekorga mo‘ylovini kayzernikiga o‘xshatib qo‘ydi, deysizmi! U hatto Kominternga a’zo bo‘lib kiradi va 1922 yilda Sharqiy Buxoroda qonli janglardan birida shahid bo‘ladi.

Ammo, bu hali xolva edi. Rossiyaga janubdan qilinadigan hujumni ta’minlagan Parvus hech kutilmaganda brilliant tugmalari va tilla uzuklarining jilvasi bilan qashshoq rus mujiklarining ko‘zlarini qamashtirib, “sotsila-demokratlar” orasida paydo bo‘ladi”.
Ko‘chirma tamom.

Ma’lumki, Sharqiy Buxoro hududida ro‘y bergan milliy mujodala Sho‘ro tarixchilari tomonidan “bosmachilik harakati” deb baholanadi. Xalq haraktiga rahnamolik qilgan zotning iymon-e’tiqod yo‘idagi kurashi esa “Anvar posho avantyurasi” nomi bilan soxta “Tarix” darsliklaridan o‘rin oladi. Vaqtli matbuot sahifalarida ham sho‘raviy tashviqotchilar o‘ylab topgan atama 70 yil davomida (ya’ni, 1921 yildan to Sho‘ro ittifoqi parchalanib ketgan 1991 yilga qadar) muttasil takrorlandi.

“Avantyura”, aslida, fransuzcha so‘z bo‘lib, “tasodifiy zafar qozonishga mo‘ljallangan qaltis harakat, shubhali chora-tadbir, imkoniyatlarni nazar-pisand qilmaslik va oxir-oqibat muqarrar mag‘lubiyat bilan yakunlanadigan urinish” degan ma’noni anglatadi. O‘zbekchasiga lo‘nda qilib aytilsa, avantyurist – tavakkalchi demakdir. Bu lifadagi shaxslarga xolis nuqtai nazardan qaralsa, deyarli salbiy ma’no anglashilmaydi. Zero, o‘ychining o‘yi bitguncha tavakkalchining ishi bitadi. Xo‘sh, buning nimasi yomon? Unchalik yomon emas-u, biroq sho‘ro tarixchilari tomonidan iste’molga kiritib yuborilgan “avantyura” yoki “avantyurist” atamasi bilan bizning musulmon xalqimiz tushunadigan “tavakkal” yoki “tavakkalchi” o‘rtasida yer bilan osmoncha farq bor.

enver_pasa_by_tulparturkartist-davu263.jpg“Avantyura” – mehnatkashlar manfaatiga xiyonat, inqilobga xiyonat, imperiyachilarning nog‘orasiga o‘ynash degani bo‘ladi. Agar sho‘raviylar bosqinchilikni, “bosmachilik”ni INQILOB deb bilsa, to‘g‘ri, Anvar posho bunday inqilobga tupuradi. Lekin aynan mehnatkashlar manfaatini qo‘lda qurol bilan himoya qiladi. Qolaversa, imperiyachilar deganda sho‘raviylar Angliyani nazarda tutsa, Sharqiy Buxrodagi milliy mujodala vaqtida (1921-1931 yillar) Buyuk Britaniya faqat tomoshabin bo‘lib turadi, xolos. Tom ma’noda sho‘raviylarning nog‘orasiga o‘ynagan Komil Yashin NKVD-KGB buyurtmasi bo‘yicha yozgan “Yo‘lchi yulduz”, “Inqilob tongi” kabi sahna asarlarida bo‘rttirib tasvirlangan ingliz josuslarini hisobga olmaganda Buyuk Britaniya hukumati milliy mujodala davrida ham bolsheviklar Rossiyasiga nisbatan “ittifoq” shartnomasiga sodiq qoladi. Mabodo “ittifoq” shartnomasi bekor qilinsa, sarkash Rossiya askarlari Hind okeaniga borib etiklarini yuvishlari mumkinligi Buyuk Britaniya hukumatini mudom vahimaga solar edi.

Xullas, 70 yildan so‘ng biz “Anvar posho avantyurasi” degan qo‘rqitmachoq so‘z birikmasidan rasman xalos bo‘ldik. Biroq, endi yomg‘irdan qochib qorga tutilmasak go‘rgaydi! Endi uvertyura boshlanadi, shekilli.

Opera, balet, kinofilm kabi sahna asarlarining musiqali muqaddimasi – uvertyura, deyiladi.

Xo‘sh, Anvar posho rostdan ham Parvus degan xalqaro firibgar qo‘lida qo‘g‘irchoq bo‘lganmi?

“Partiyaning oltinlari”da sanab o‘tilgan dalil-dastaklarni mantiq chig‘irig‘idan o‘tkazib ko‘raylik. Kitob muallifi I. Bunich Rossiyaning boshiga tushgan barcha musibatlarga go‘yo firibgar Parvusni aybdor etib ko‘rsatmoqchi bo‘ladi. Johiliyatga botib ketgan mamlakatni, aldangan va adashgan fuqarolarning qilmishlarini xaspo‘shlash uchun bir nimalar o‘ylab topib, unga odamlarni ishontirish kerak-ku! Mana, Parvus “jinoyatnomasi” bu tomonga aylantirilib, unga ijtimoiy mazmun choponi kiydiriladi-da: “Anvar posho ham unga sherik bo‘lgan!” deb bitta o‘q bilan ikki quyonni otmoqchi bo‘ladi.
Aslida, Parvus jar yoqasiga kelib qolgan Rossiya jamiyati zaminida paydo bo‘lgan, chuqur ildiz otgan o‘smadir. Rossiyada tug‘ilib, unib-o‘sgan xalqaro firibgarning bizga aloqasi yo‘q. Ammo…

Igor Bunichning taxminiga ko‘ra, “yaponlardan ikki million futn-sterling pul olgach, Parvus fursatdan foydalanib, 1905 yil inqilobining dohiysi va rahbari bo‘lib oldi… 1905 yil 9 yanvardagi xalq namoyishining uyushtirilishi-chi? O‘shanda Parvusning jangarilari Aleksandr bog‘idagi daraxtlarga chiqib olib, u yerdan Qishei saroyni himoya qilayotgan askarlarga o‘q uzishgan va shu iblan mashhur Qonli yakshanbani boshlab berishgandi”.

Aslida ham shunday bo‘lganmi? Axir, rus xalqining ruhini ko‘tarish uchun va shu yo‘sinda ijtimoiy inqirozdan qutilib ketish niyatida “oq podsho” “kichkinagina g‘olibona urush” tarafdori bo‘lmaganmi? Aksiga olib, 1904 yildayoq Uzoq Sharqdagi “yengilmas qo‘rg‘on” – Port Artur boy beriladi, harbiy flot ham yaponlarning qo‘liga o‘tib ketadi. Chor Rossiyasining sharmandali mag‘lubiyati jamiyatdagi ijtimoiy tanazzulni yanada chuqurlashtirib yuboradi. “Dunyodagi eng madaniyatsiz, eng qoloq xalq o‘zining ijtimoiy muammolarini inqilob – qon to‘kish yo‘li bilan hal qiladi”, degan edi buyuk faylasuf.
Xo‘sh, ruslar XX asr boshlarida o‘zlarining ijtimoiy muammolarini inqilob yo‘li bilan hal etishga jiddiy uringan bo‘lsa, buning nimasi ajablanarli ekan? Qolaversa, 1905 yildagi Qonli yakshanbaning asosiy “ijodkori” pop Gapon (o‘sha qonli voqealarga guvoh bo‘lgan yo‘qsullar yozuvchisi Maksim Gorkiyning haqqoniy xotiralari nahotki darrov yodimizdan ko‘tarilib ketgan bo‘lsa!) emasmidi?! Tarix qariyapti, shekilli. Xotiraning mazasi qochgan ko‘rinadi. Yaxshi emas, oxiri yomon bo‘lishi mumkin. Ruhshunosga yoki folbinga uchrashish kerak. Yoki xotirani mustahkamlaydigan meva-chevalardan ko‘proq iste’mol qilib turish lozim. Jin ursin, shirin-shakar meva yetkazib beradigan “paxta qullari” ham qo‘ldan chiqib ketdi. Yunonistondan, Erondan keltirilayotgan yong‘oqlar shaklan yong‘oqqa o‘xshasa ham, lekin mazmunan “sotsialistik” emas. Kulmang, men gap nima haqida ketayotganini unutganim yo‘q. Ustiga ustak, bizda yong‘oq serob – dehqonchilik, kuzakda yer bilan bitta bo‘lib to‘kilib yotadi, huzurini qarg‘alar ko‘radi.

“Partiyaning oltinlari”dan kattaroq ko‘chirma olganimiz bejiz emas. Aslida, bizni qiziqtirgan mohiyatga endi yaqinlashyapmiz.

Inqilobiy qilmishlari uchun Sibirga surgun qilingan Parvus “sehrli qalpoqchasi”ni kiyadiyu birdan Turkiyada paydo bo‘lib qoladi. Ehtimol, xabaringiz bordir, birinchi Rus inqilobi 1907 yilda qonga botiriladi; inqilob nazariyotchilari chet ellarga juftakni rostlaydi, amaliyotchi laqmalari esa dorga osiladi, sudsiz-so‘roqsiz otib o‘ldiriladi. Qip-qizil ivanlar esa Rossiyaning sovuq o‘lkalariga umrbod surgun qilinadi; ko‘plari navbatdagi inqilobgacha o‘zlari o‘lib ketadi yoki yarimjon bo‘lib qoladi.

Parvus sud hukmi bilan Sibirga surgun qilinibdimi, demak, u inqilobning cho‘qqisi bo‘lgan Qonli yakshanbaning “dohiysi” ham, “rahbari” ham emasdi. Qonli yakshanbani siyosiy jandarm boshlig‘ining buyurtmasi bo‘yicha provakator-ig‘vogar pop Gapon uyushtiradi. Hukumatning maxsus xizmat idorasi, jinoyatkor-puldorlar hamkorlikda Romanovlar sulolasini saqlab qolish uchun yollanma ig‘vogar-ijrochilarga pinhona murojaat etadi: “Yordam beringlar! Sizlarga Shveysariya banklarida hisob raqami ochib million funt-sterling o‘tkazib beramiz har biringizga”, deyiladi. Bundan ko‘zlangan maqsad shundan iborat ediki, sabr kosasi to‘lgan xalqning murosasiz qatlami va ularning yetakchilari jisman mahv etilsa, olomon ibodatxonalarda: “Xudoyim, podshoh otamizni o‘z panohingda asragin!” deb sham yoqib, cho‘qinib yuraveradi. Qisqasi, shu tariqa jamiyatning ijtimoiy bo‘hrondan olib chiqib ketish asoslari yaratiladi. Nazariyani amalga oshiradigan rahbar va rahnamo kerak edi. Odatda, og‘irning ustidan, yengilning ostidan o‘tib yuradigan, yengil-yelpi hayot kechirishga ko‘nikib qolgan nusxalar ig‘vogarlikni kasb qilib oladi. Bu jihatidan qaralsa, Parvus ig‘vogarlikka mutlaqo yaramasdi. U moliya va iqtisod kursi bo‘yicha Bazel dorilfununida tahsil ko‘rgan. Ishdan qochmaydi, faqat o‘zing uchun o‘l, yetim! Boshqalar uchun uzatib o‘tirgan oyog‘ini yig‘ib olishni ham istamaydi.

Sabr kosasi to‘lgan xalqni faqat taniqli shaxs boshqara oladi.

Parvus ham inqilobchilar rahbari bo‘lib olgan Lenin bilan til topishadi. 1905 yil voqealarida qatnashganmi-yo‘qmi, bir narsa deyish qiyin. Chunki bank-moliya tizimida faoliyat ko‘rsatadigan yirik mutaxassislar to‘s-to‘polonlardan uzoq yuradi. Yo‘qsul-yalangoyoqlar esa janjalni o‘zlari izlab yuradi.
Anvar posho bizning himoyamizga muhtoj bo‘lmasa kerak. Shunday bo‘lsa-da, Turkiston tuprog‘ini bosqinchilardan ozod ko‘rish uchun jonini fido qilgan zot to‘g‘risida yolg‘on gaplarga duch kelib qolsak, miq etmay o‘tib ketsak ham insofdan bo‘lmas, axir.

4 avgust kuni Anvar poshoning Sharqiy Buxoroning Boljuvon deparasidagi Chegim tog‘li qishlog‘ida shahid bo‘lganiga 95 yil to‘ladi. 1922 yilda 4 avgust Qurbon hayitining birinchi kuni edi.

Manba: “Respublika” gazetasi, 1999 yil, 8-15 yanvar sonlari

Sovyet Rusya Da Enver Paşa (Mustafa Çokay ın kaleminden Orta Asya ve Sovyet Rusya da Enver Paşa ve faaliyet… by Khurshid Davron on Scribd

09

(Tashriflar: umumiy 365, bugungi 1)

Izoh qoldiring