Xurshid Davron. Bibixonim qissasi yohud tugamagan doston (3)

022    — Икки четини қамиш босган бир йўлдан от чоптириб борармишман… – Амир Темур шу сўзни айтди-ю, кўзини юмди. Сўнг шу алфозда, гўё гапириб бераётганларини кўриб тургандек, сўзида давом этди: — Ногоҳ отим йўл четидаги қамишлар шитирилаб кетганидан қўрқиб, орқага тисланиб кетди-да, кишнаб юборди. Шошиб ўша шитирлаган қамиш томонга қарасам, қамишзор ичидан раҳматлик отам отда чиқиб келаётган эмишлар…

ХУРШИД ДАВРОН
БИБИХОНИМ ҚИССАСИ
ЁКИ ТУГАМАГАН ДОСТОН

011

23

033Кузнинг охири эди. Ҳаводан ёмғир ҳиди келарди. Осмонда қора булутлар қирқ қават бўлиб кетгандек…

Геннадий Валентинович Попов билан музей ҳовлисидаги ёғоч ўриндиқда суҳбатлашиб ўтирибмиз. Бибихоним ҳақида гап бошлашим билан чолнинг кўзидан ёш милдираб чиқди.
— Эҳ, мен уни кўрганман!.. – деди у. – Бу воқеа Мамат Солиҳович Бибихонимнинг мўмиёланган мурдасини Самарқанддан олиб келган кунларнинг бирида рўй берди.

Бир куни ишга келсам, музей олди одамларга тўлиб кетибди. Ҳамманинг оғзида битта сўз: “Бибихоним”. “Худди тирикдек эмиш!” деган шивир-шивир.

Бир амаллаб ичкарига кирдим. Кейин билсам, ўша куни кечаси Юсупов Тошкентдан Бибихонимнинг мўмиёланган мурдасини олиб келган экан. Бу хабар қандайдир англаб бўлмас тарзда нур тезлигида шаҳарга тарқалган эди. Музей олдидаги одамлар сони кун сайин кўпайиб бораверди.

Ўша пайтларда музей ходимлари тунги навбатчиликда туришарди. Тунги навбатчи – бу, кеча давомида музейнинг тўла хўжайини демак. Бибихоним Тошкентдан келтирилган куннинг эртаси менинг навбатчилигимга тўғри келди. Музей олдидаги одамлар бирин-кетин тарқалиб, ғала-ғовур кўча сукунатга чўмганда, Тошкентдан қайтгандан буён музейда ётиб юрган Юсупов ухлаб қолганига амин бўлгач, мен калитлар шодасини қўлимга олдим-да, Бибихоним тобути турган хона эшигини қўрқа-писа очдим. Ичкари кириб бир оз турдим, сўнгра қўлим билан деворни пайпаслаб чироқни ёқдим. Чироқ ярқ этиб ёнди-ю, шу заҳоти негадир “лип” ўчди. Ҳар бир хонада махсус жойда шам туришини билганим учун, гугурт чақиб шамни излаб топдим, сўнг уни ёндириб қўлимга олдим. Ғира-шира ёришган хона бурчагидаги Бибихоним ётган тобут-қутига қўрқа-писа яқинлашдим. Шамни кўргазма тахталаридан бирининг устига ўрнатиб, тобут устидаги матони секин кўтардим. Қўлларим титрарди.

Тобут ичида кичкинагина аёл жасади ётарди. Айниқса, оёқлари жуда кичик эди. “Ҳа, ўша пайтлардаям оёққа ёғоч ковуш кийдириб ўстирмай қўйиш хонлар орасида расм экан-да” – деб ўйладим ичимда. Тарихдан кичкина оёқ аёл гўзаллиги белгиларидан бири бўлганини эшитгандим.

Мен, Бибихоним хитойлик, деб эшитгандим. Аммо тобутдаги аёл хитойликка ўхшамасди. У мўғул ёки турк аёли эканлиги аниқ эди.

Мурда бошидаги оппоқ соч бир ҳовуч бўлиб турарди. Қўл ва оёқ бармоқларидаги тирноқлар бир оз ўсиб қолган эди. Аёл бош суягининг айрим жойларида сақланиб қолган тери ҳали ўз рангини йўқотмаган эди. Маликанинг эгнидаги кийимлар жуда чиройли эди. Кўзимни юмсам бу кийимларни аниқ кўраману, тил билан таърифлаб беролмайман.
Попов жим қолди. Папиросни тутатиб, чуқур-чуқр ичига тортди.

— Ҳа, айтгандек, унинг бир жимжилоғи йўқ эди. Ўнгинингми, чапинингми, ҳозир эсимда йўқ. Кейинчалик суриштириб кўрсам, бундан юз йилча бурун Бибихоним мақбарасига ўғри тушган экан. Менимча, ўғрини бирор нима чўчитиб юборган бўлса керак, у маликанинг бебаҳо узугини жимжилоғи билан юлиб қочган. Қолган тақинчоқларини эса бугунги талончилар ўғирлаган бўлишса керак.

Таниқли олим М. Е. Массоннинг “Самарқанддаги Ишратхона номи билан машҳур мақбара” мақоласида қуйидаги маълумотни ўқидим: “Ислом анъаналарига кўра, марҳум мурдаси ёнига буюмлар қўйиб дафн этилмайди. Бироқ мўғул анъаналари сақланиб қолган XV асрда темурийларга тегишли қабрларда ислом ақидаларидан четга чиқиш ҳоллари учрайди. Жумладан, Самарқанддаги Бибихоним мақбарасида кўмилган тоштобутдаги аёлнинг бир бармоғи бўлмагани маълум. Бу ҳол аёлнинг қўлида қимматбаҳо узук бўлгани ва қабрни очган талончи уни бармоқ билан узиб олган бўлса керак”.

Бу мақоладан яна шу нарса маълумки, Бибихоним қабри номаълум талончи томонидан, кейинчалик юқорида айтиб ўтилган 1941 йил очилганидан ташқари, 1927 йилдаям рус олимлари томонидан очилган экан. Бу очиш натижалари баён қилинган ҳужжатлар ҳозир қаерда чанг босиб ётган экан? Маликанинг қолган тақинчоқлари “Бу қолганиям ўғирланмасин” деган мақсадда ўша пайтда олинмаганмикан? Агар олинган бўлса, улар қаерда сақланмоқда? Миллий бойликларимиз бўлмиш бу ноёб санъат намуналарини кўриш бизга насиб қилармикан? Ёки улар ҳам, ҳозир ошкор бўлганидек, очлик йилларида чет эллардан сотиб олинган дону-дун эвазига тўланган бир қатор қимматбаҳо асарлар ва буюмлар қаторида бериб юборилганми? Қачон ва ким бу сирларни бизга очиб берар экан?

Попов билан хайрлашиб, кўчага чиқдим. Кўксимни нимадир аямай ғижимлар, фақат дала бепоёнлиги мени бу азобдан халос этадигандек туюлди – шаҳар чеккасигача автобусда етиб олдиму, дала кесиб қишлоққа пиёда кетдим.
Теграмда кеч куз палласи, узум ва анжир ғарқ ширага тўлган. Заминдан то фалакка қадар ҳаво куз меваларининг хуш исларига тўйинган. Ҳосили йиғиштирилган далалар ҳайдалиб шудгор қилинган, далага чиқарилган гўнг ва деярли ҳар куни фалакдан анқиб турган ёмғирнинг ажабтовур ҳиди таралади. Ҳаво салқин. Аммо чинакам совуқ ҳали йироқларда: қишлоқ чорбоғлрида бинафшалар, савсаргуллар осилиб ётибди, олачалпоқ наъматак буталарида қип-қизил мевалари товланади, чиннигуллар, ҳадемай қор остида қолиб қадди букилишини сезгандай аламли титрайди.

Кузда қош эрта қораяди, ғира-шира парда жуда тез қуюқлашиб, чор атроф бир зумда зулмат қўйнида қолади. Шом пайтлари ёмғир ток баргларини шитирлатиб ёға бошлайди. Япроқларини тўккан дарахтлар танаси ёмғирда чўмилаверганидан топ-тоза. Куз ёмғири кечаси билан ёғиб чиқди. Бундай пайтларда уйда, дераза ёнида ўтириб ташқарига тикилишнинг гашти бўлакча. Дераза ойналари юзида сизилиб оқаётган ёмғирга тикиларканман, олис ўтмиш ҳасрати юрагимда ғимирлаётганини туяман. Туяману, ёмғир шивирига қулоқ тутиб ўйлайман: “Ҳўв, шаҳарда, қадимий бозор яқинидаги мақбарада гўзал аёл қабри бор. Унинг дунёдан кўз юмганига олти асрдан кўпроқ вақт ўтди. Аммо ўша пайтдаям худди шундай ёмғир ёққан, одамлар дераза ойналарида сизилиб оқаётган ёмғирга мароқланиб боқишган. Бу ёмғир абадий, биз эса… аммо, шу ёмғир сабаб, неча минг йиллардан сўнг ҳам кимдир бизни эслаши мумкин…”

24

Ўша кеча Бибихоним тушимга кирди. Мен шам тутиб, қоп-қоронғи хонага кириб келганмишман. Бирдан шам шуъласида ғира-шира ёришган зулмат ичидан бир шарпа чиқиб кела бошлабди. У жуда гўзал, қордек оппоқ сочлари ўзига ярашган, эгнига зарбоф қабо кийган аёл эди. У тўхтаб менга тикилиб қолди.

Бирдан зулмат қочиб, ҳаммаёқ ёришиб кетди. Олисда мовий гумбазли шаҳар кўриниб турган эмиш. Мен бўлсам қор босган кенг бир далада ўша гўзал аёл билан юзма-юз турармишман. Унинг чап қўлидаги жимжилоқ ўрнидан оппоқ қорга қип-қизил қон томчилаётганмиш. Қон буғланиб қорни ўйиб бораётганмиш.

“Сен кимсан?” – деди оппоқ сочли аёл.
“Неварангман, эна!” – дедим.
“Совуққотяпман, болам, — деди оппоқ сочли аёл. – Мен жуда совуқ қотяпман… Совуқ қотяпман, болам”.

Яна бирдан зулмат чўкиб, кўз ўнгимда тобут ва унда ётган оппоқ сочли гўзал Малика пайдо бўлди. “Совуқ қотяпман, болам”, — деб шивирларди у тинмай. Тиши-тишига тегмай такиллар, дир-дир қалтирай бошланганди Самарқанд Маликаси. Тикилиб қараб, уни тоштобутда эмас, улкан муз бўлаги ичида ётганини кўрдим.

Уйғониб кетганимда кўксим зирқираб қақшарди. Гўё музтобутда ётган сочи оппоқ Маликанинг таънали нигоҳи келиб кўксимга санчилган ва жароҳатлагандек эди.

Туш кун бўйи қилган мулоҳазаларимнинг акси эди. Аслида Бибихоним эмас, мен совуққотган эдим бу дунёда. Бибихоним эмас, мен ўзим муз бўлаги ичида ётардим.

25

ЧАЛА ҚОЛГАН ДОСТОНДАН:

Мен шовқинга тўла бозордан
Ҳайрат тўлиб тану-жонимга,
Термиламан кўкка интилган
Улуғ хаёл – Бибихонимга.

Термиламан, топаман излаб –
Ҳув, хароба кўк гумбаз узра
Эртак қаддин тикламоқ истаб
Ўй суради мункайган уста.

У қовжироқ, титроқ қўлларин
Бўйсундириб иродасига,
Қулоқ солар нақшлар куйлаган
Муҳаббатнинг ҳикоясига.

Олисларда гувиллар боғлар
Учиб кетмоқ бўлгандек ердан,
Уста тубсиз самога боқар
Ва кўзлари қамашар нурдан.

Унга кўкдан тангри сўз қотар –
Сукут синар нақ шишасимон,
Хира кўзлар қаърига ботар
Гумбазнамо шаклда осмон.

Шунда ёниб шиддатдан қалби
Пастга – ерга ташлайди назар,
Унда оний дақиқа каби
Учиб ўтар баҳорлар, кузлар.

Билар: пастда шарафу-олқиш,
Билар: пастда қарилик – хаста.
Фисқу-фасод, ғийбату-ташвиш
Бари пастда, барчаси пастда.

Пастда бўғиқ суронга тўлиб
Оқиб ётар қадим кўчалар,
Пастда малла сочин силкитиб
Сўкинади маст ёрдамчилар.

Пастда тўплар кўкдан қулатган
Яраланган ғиштлар, нақшлар,
Пастда ҳақнинг сўзидан қайтиб,
Ёлғон айтиш, ёлғон тўқишлар…

Бунда эса гумбаз ва осмон
Бир-бирига қоришиб ётар,
Ботаётган қуёш осмоннинг
Ва гумбазнинг бағрига ботар.

Бунда дилда парвознинг ҳисси
Мудом уйғоқ…
Ё Раббим, наҳот?!
Кўкни қўмсар занжирлар қисиб,
Оддий қўлга айланган қанот…

26

Ҳижрий саккиз юз еттинчи йили жумадил-аввал ойининг йигирма тўртинчи куни, (мелодий 1404 йилнинг йигирма сакизинчи ноябрида) Амир Темур бир умрлик орзуси – Хитой мулкини забт этиш ниятида Самарқанддан чиқди.

Дастлаб Оқсулотга келиб бир ойча манзил қурди. Жумадил-охирнинг поёнида жаҳонгир қўшини яна йўлга отланди. Уч ҳафта давомида узоқ йўл босиб Ўтрорга етдилар. Амир Темур шаҳар қутволи Бердибек қўрғонига бориб қўнди. Сароймулкхоним ҳар галгидек эри билан бирга эди.

Амир Темур Ўтрорда бир ойдан кўпроқ турди. Соҳибқирон қаерда бўлса, салтанат тахти ўша ерга норасмий кўчарди. Улкан салтанатнинг ҳар бир бурчагида бўлиб турган воқеалару “Ҳеч ким эшитмайди” деб ўйлаб пичирлаб айтилган гапларгача тез орада бир қулоққа – Амир Темур қулоғига келиб етарди. Ҳиротдан – Шоҳруҳ мирзо, Ғазнадан – Пирмуҳаммад Жаҳонгир мирзо, Тошкентдан – Халил Султон мирзо, Озарбайжондан – Мироншоҳ мирзо, Яссидан – Султон Ҳусайн, салтанат маркази – жаннатмонанд Самарқанддан шаҳар қутволи Арғуншоҳ юборган чопарлар ва хуфиялар ҳар куни келиб, давлатнинг яхши-ёмон гапларидан уни огоҳ қилишар, ҳар бир тадбир учун маслаҳатлар сўрардилар.

Бердибек қасрида ҳар оқшом кенгаш бўлар, унда салтанат аҳволи, бўлажак юришга тайёргарлик масалалари қайта-қайта кўриларди. Бироқ, режа амалга ошмади. Ҳижрий саккиз юз еттинчи йил шаъбон ойининг бошида навкарларига яқинроқ бўлиб, тайёргарликни назорат қилиш мақсадида Амир Темур шаҳардан чиқиб қароргоҳда ўтов тикди. Гарчи қиш авжида бўлса ҳам у баҳор келишини интизорлик билан кутаётган навкарларига “Баҳор яқин, тезда қўзғаламиз!” деган туйғуни мустаҳкамламоқчи бўлди. Аммо, у ўтов тикиб чиққан кундан ҳафта ўтмай яна қор ёғди. Бир кун олдин шамол билан учиб келган ачқимтил ислардан кўпни кўрган кекса навкарлар сергак тортдилар: бу қордан дарак эди. Бир кун олдин Соҳибқироннинг бутун вужуди, айниқса, оловли йигитлигида кечган жангларнинг бирида шикастланган оёғи зирқираб оғриқ бошлади: бу ҳам қордан дарак эди.

Бу сафар қор уч кун тинмай ёғди. Олақуроқ бўлиб қолган дашт яна қалин қорга кўмилди. Қор тинган кундан бошлаб эса совуқ кучайди, қарғалар гала-гала бўлиб шаҳар томонга кўчди. Лашкар турган яланглик атрофидаги тепаликлар устида бўрилар галаси изғий бошлади. Уларнинг кўзларига қон тўлган, озғин этларидаги жунлар совуқнинг зўридан тиккайиб турарди. Бўрилар, одамлар, отлар ва туялар атрофида айланиб, ўлжа пойлаб писиб юрардилар. Навкарлар энди ўтинга ҳам, дарёдан сув олиб келиш учун ҳам якка-ёлғиз эмас, кўплашиб борадиган бўлдилар.

Сирдарё юзини муз қоплади, унинг ўркач-ўркач бўлиб югурган тўлқинлари тизгинланди. Аммо диққат қилган кишига муз остидан беором сувнинг осуда шилдир-шилдири эшитиларди. Совуқ кучайгандан кучайиб, тез орада музлаган дарё отлиқни бемалол кўтарадиган бўлди. “Бунақада эрта-индин муз тешиб, сув олишимиз ҳам мушкул бўлиб қолади-ку! – деб минғирлашарди сув ташишга буюрилган навкарлар.

Қор тинди-ю, осмон тиниқ тортди. Қуёш қор босган тепаликлар узра жаҳонгир ихлос қўйиб, Хўжа Аҳмад Яссавий мозори устига тиклатаётган мақбара гумбази монанд нилий фалакда худди сарғимтир доғ каби уфққа қараб силжиб борарди. Бу лимудайин сарғимтир доғ ерга тафт эмас, совуқ пуркарди. Чеки-чегараси кўринмаган Дашти Қипчоқ кенгликларининг ҳар бир қаричи мана шу совуқдан қотиб қолганди.

Хира сариқ доғ бўзариб турган осмонда оч бургутлар чарх уриб айланарди. Улар гоҳ тўсатдан ўқдай бўлиб пастга шўнғир ва панжаларида типирчилаган товушқон ёки очликдан сулайиб қолган тулкини чангаллаб яна шиддат билан юксакка кўтарилардилар. Худди мана шундай тўсатдан чанг солган хасталик АмирТемурни тўшакка ётқизди.

Воқеа бундай бўлди. Қор тинган кундан кўп вақт ўтмай, Амир Темурга қалмоқлар бош кўтардилар, деган хабарни етказдилар. Соҳибқирон бу гапни эшитгач, “Сафарга чиқилсин!” деб фармон берди. Аммо ҳузуридаги жангдан кўра, фароғатини ўйлаган айрим амирлар қалин қор ва қаттиқ совуқда йўл босиш мушкул, сафарни кечиктириш маъқул, деган маслаҳатни ўртага солдилар. Бу гаплар Соҳибқиронга ёқмади.

Шунинг учун ҳам маслаҳатгўй амирларга қасдма-қасд, қолаверса, қор ва совуқни писанд қилмаслигини кўрсатиш ва лашкар руҳини кўтариш мақсадида қароргоҳ ўртасида курси қўйиб, сартарошга сочини олдирди. Мана шу ўйланмай, қасдма-қасд қилинган иш сабаб бўлди-ю, кечга бориб Соҳибқироннинг кўзлари ёшланиб, овози бўғилиб қолди.

Иситмаси кўтарилиб, бир неча кун давомида унинг томоғидан бир тишлам нон, бир ҳўплам сув ҳам ўтмай қолди. Бу дард қаердан илашди, наҳотки Чину-Мочинни ололмай, она юртдан олисда, чўлу-биёбонда йўл йўқотиб, совуқда қотган гадодек ўлиб кетса? Наҳотки? Икки-уч кун ичида жуссаси кичрайиб қолган хаста чол заифлик ва алам оғушида оғир-оғир, қисқа-қисқа нафас оларкан, кўзларини зўрға очиб, кириб келган ҳар одамдан мадад кутгандек боқарди. Дард уни ҳамма билан тенглаштириб қўйганини ўзиям сезарди.

Ҳукмдорнинг қаттиқ бетобланиб қолгани ҳақидаги совуқ хабар ҳаммадан кўра неваралари билан Ўтрорда – Бердибек қасрида қолган Сароймулкхонимни гангитиб қўйган эди. Ахир, унинг бу дунёда суянадиган кишиси бўлса, ёлғиз шу эри эди. На ота-онаси, на оға-иниси, на қавм-қариндоши бор – шу эридан бошқа дардини эшитадиган ҳамдарди йўқ.

У шошилинч шаҳардан чиқиб, жаҳонгир қўналгоҳига отланди. Хаста соҳиби давлат ётган ўтовга отилиб кириб, ҳукмдорнинг бир гуруҳ беклару, бир неча хос табиб қуршовида кўрпа-ёстиқ қилиб чўзилиб ётганини кўрганда юраги қинидан отилиб чиқиб кетаёзди, кўзларидан тирқираб ёш оқди. Ичида худога ёлборди: “Ё Раббим, иноятингни аяма, мени ёлғиз қолдирма, унинг жонини олар бўлсанг, аввал меникини ол!” Ҳукмдор ёнига келиб чўккалади-ю, унинг ранги қочган юзига тикилди. Тикиларкан, эрининг кўзлари шукуҳсиз ва шуурсиз эканини кўриб қайғурди. Қайғураётган малика Соҳибқирон юзида совуқ ажал аломатларини очиқ-ошкор ҳис қилган эди.

“Ичимда олов ёқиб қўйишгандек… – деди бемор Сароймулкхоним билан якка-ёлғиз қолганда. – Аъзойи-баланимни ёндираяпти, бу олов!” Сароймулкхоним унинг пешонасига кафтини босаркан, манглайи муздай эканлигини сезиб, эрининг сўзидан ажабланарди.

Тўрт-беш кун ўтгач, Амир Темур “Хомшўрва қайнатиб беринглар”, — деб буюрди. Соҳибқирон болалигида онаси пишириб берадиган энг севган таомини эслаганди. Қачон шамолласа хомшўрва қайнатарди. Отаси – Амир Тарағай билан тўйиб-тўйиб ичишарди. Отасининг пешонасини тер босар, унинг ялт-юлт товланганини кўриб, бола вужудида меҳр жўшиб кетарди. Бироқ, отасига билинтирмасди – отаси бунақа нарсаларни ёқтирмасди. У отасини жуда қаттиқ яхши кўрарди, беш олти яшарлигида отаси то уйга қайтмагунча кўзини юммасди. Отасининг уйга кирганини кўарди-ю, ўша заҳот ухларди-қоларди. Отаси уни бирор марта чертмаган бўлса-да, қанчалик яхши кўрмасин, бари бир отасидан нима учундир ҳайиқиб турарди. Аммо унинг бу ҳайиқишидаям болалик меҳри жо бўлганини мана энди шу ёшга етиб, буям хасталик сабаб англади.

Хомшўрвани қайноқ ичишни ёқтирган ҳукмдор хўриллатиб хўплар экан, қорнида йиғилаётган иссиқлик аста-секин оёқларига, кифтига, совуққотган оёқ бармоқларига тарқар ва томирларидаги илиган қон ҳам бир оз сокинлашгандек бўларди. Самарқанд нони бурдаланиб солинган шўрвани ҳар хўплаганда, у ботиний роҳат билан “Ўҳ-ўҳ” деб қўярди. У шўрвадан кейин эрта туриб кетсам ажабмас, деган ўйда маҳкам ўраниб ётди. Аммо ярим тунга бориб, яна иситмаси кўтарилиб, аъзойи бадани қизий бошлади. Ўн кунларча вақт ўтиб ҳукмдорни ёқиб-ёндирган, азоб берган дардга яна бир бошқа дард қўшилди. Бироқ, ҳукмдор унинг нима эканлигини аввалига англай олмади. Англагач эса кун давомида ҳеч ким билан гаплашмай ўйга ботди. Бу қўшилган дард: “Мабодо Тангрининг иродаси амалга ошса, мендан кейин салтанат тахтини ким эгаллаши мумкин?” – деган сўроқ оғриғи эди. У бу сўроққа жавобни фақат ҳозир эмас, балки бундан олдин ҳам ўйлаганди. Аммо аввал ўйлагани режа бўлса, бу гал у қарор қабул қилиши шарт эди. У ўзича бир қарорга келиб, кўнглига тугиб қўйди.

Амир Темур қатъий қарорга келган кундан ҳаял ўтмай, бир кеча ғалати воқеа содир бўлди. Соҳибқирон тўшаги ёнида кўрпача ёнбошлаб ётган ва бир неча кунлик уйқусизликдан толиққан Сароймулкхоним кўзи юмилганини сезмай қолди. Алламаҳал бир нимани сезгандек сесканиб уйғониб кетган Малика Соҳибқирон тўшагига кўз ташлади-ю, қўрқиб кетди. Тўшак бўм-бўш эди. У шошилиб ташқарига отилди. Эшик олдида турган посбон малика важоҳатини кўриб, анграйиб қолди.
— Соҳибқирон қани? – деди малика қалт-қалт титраб.

Посбон найзаси учи билан қароргоҳни ўраб турган тепалар томонни кўрсатгач, Сароймулкхоним ҳапқириб ўша ёққа қараб кетди. У қароргоҳ четига етгач, олисда бошқаларига қараганда бир оз юксак тепа устида турган одам шарпасига кўзи тушди. Маликанинг ўрганган кўзи шарпа Соҳибқирон эканини осонгина илғади. Сароймулкхоним тепага ҳарсиллаб ўрлаб бораркан, бу воқеани қандай изоҳлашни билмай гаранг эди.

Амир Темур тепа устида турганча мағриб ёққа тикиларди. Зулмат қучган фалакда юлдузлар чарақлаб турар, ой эса Соҳибқирон тикилган тараф уфқига оғиб қолган эди.
— Ҳазратим, нечун бундоқ қилдингиз? Шундоқ суст аҳволда совуққа чиқишингиз боиси не? – деди Малика ҳаяжонини яширолмай.

— Қўрқиб кетдингизми, Биби? – деб сўроққа сўроқ билан жавоб қайтарди Амир Темур.
— Қўрқмай бўларми, ҳазратим?

— Мани бир лаҳзага йўқотиб қўрқсангиз, бу ёғи не бўлур?
— Бу ёғи деганингиз не, ҳазратим. Мани бунча қўрқитманг…

— Қўрқманг, Биби, қўрқманг… – Турон султони шундай деб жим қолди. Сўнг ғалати овозда шивирлади: — Мен туғилган, сизни топган ерим ўша томонларда… – у мағриб томони кўрсатди.
— Ҳазратим, нечун бундоқ қилдингиз7 Бўлди, бўлди, кетдик… – дели Малика эрига талаб оҳангида гапираётганидан ўзини ғалати сезиб.

Амир Темур индамади. Сўнг “маъқул» дегандек, бош ирғади-да, мадорсиз ҳолда базўр одим ташлаб тепадан туша бошлади.

Улар ўтовга қайтиб кирганларида, ёруғ тушиб, малика эрининг аҳволини кўрди-ю, йиғлаб юборди. Совуқдан қайтиб кирган Соҳибқирон юзида дона-дона тер томчилари ялтираб турарди.
— Нечун… нечун бу аҳволда совуққа чиқдингиз, ҳазратим?

— Туш кўрдим, Биби, ғалати туш.
— Сизни тўшакдан турғизган не туш экан?

— Икки четини қамиш босган бир йўлдан от чоптириб борармишман… – Амир Темур шу сўзни айтди-ю, кўзини юмди. Сўнг шу алфозда, гўё гапириб бераётганларини кўриб тургандек, сўзида давом этди: — Ногоҳ отим йўл четидаги қамишлар шитирилаб кетганидан қўрқиб, орқага тисланиб кетди-да, кишнаб юборди. Шошиб ўша шитирлаган қамиш томонга қарасам, қамишзор ичидан раҳматлик отам отда чиқиб келаётган эмишлар… Англадингизми, Бибим, раҳматлик падари бузрукворим. Ҳайратга тушганимдан отимнинг жиловини ўзимга маҳкам тортдим-да, ирғиб отдан тушдим. Сўнг отам истиқболига қараб югурдим. Энди етай дегандим, отам худди мени кўрмагандек, ёнимдан от суриб ўтдилар-да, эгардан тушмай, отимнинг эгар-жабдуғини бўшатиб, ечиб олдилар. Сўнг… сўнг тағин олдимдан от чоптириб ўтиб, қамишзорга кириб кўздан ғойиб бўлдилар… Мен ортларидан роса чопдим. Югуравериб, аъзои-баданим қизиб кетди, терга ғарқ бўлди, юзу-қўлимни қамиш тилиб, ачиша бошлади… Мундоқ уйғонсам, баданим ўт бўлиб, тердан ҳўл бўлган тўшакда ётибман. Қандоқ ўрнимдан турдим, қандоқ ташқарига чиқдим – билмайман…

— Падари бузрукворингизни туш кўрган бўлсангиз не бўлибди? – деди эрини ҳикоясини эшитиб, кўнгли алағда бўлган Сароймулкхоним гапни чалғитиб.
— Бу бехосият туш, Биби, падари бузрукворим отимнинг эгар-жабдуғини олиб кетдилар. Англадингизми, не ишора бу?

Сароймулкхоним индамади.
— Паймонам тўлганига ишора бу, — деб ўз сўроғига ўзи жавоб берди Амир Темур.

Жаҳоннинг ярмини забт этиб, ярмини қўрқувга солган жаҳонгир қайтиб ўрнидан туролмаслигини пайқагач, тақдирга тан бериб, энг содиқ амирларни ҳузурига чорлади ва гапни чўзиб ўтирмай, ўзидан кейин Пирмуҳаммад Жаҳонгир салтанат эгаси бўлиши ҳақидаги сўнгги амрини эълон қилди. Амирларига қанчалик ишонмасин, бу сўнгги ҳукмини бажаришларини талаб қилиб уларни онт ичирди. Амир Темур Кўрагон саккиз юз еттинчи йил шаъбон ойининг ўн еттинчисида – 1405 йилнинг 18 февралида етмиш ёшида оламдан ўтди. Ўлими олдидан ўзини билмай ётган Соҳибқирон бир дам кўзини очди-ю, ўтов тепасидаги туйнукдан қоп-қорайиб ётган фалакка тикилар экан:

— Бу не синоатдур? – деб пичиларди-да, жони узилди. Жаҳонгирнинг кўзлари очиқ қолганини кўриб, унинг қабоғини оҳиста босган хос табиб мавлоно Фазлуллоҳ Табризий қўрқиб кетди – Соҳибқирон кўзларидан сизиб чиққан ёш бармоқ куйдургудек иссиқ эди. Эрининг совиб бораётган товонини ушлаб олган Сароймулкхоним сиқтаб-сиқтаб бўзлар экан, этагини тутиб, момосини қандай овутишни билмай гангиб қолган суюкли набираси Муҳаммад Тарағайни – Улуғбек мирзони пайқамасди.

Сароймулкхоним ва амирлар фожиани қанчалик яширмасинлар, Амир Темур ўлими ҳақидаги шумхабар тез орада ошкор бўлди. Зеро, ота ва боболари удумини қаттиқ тутган ўғилу-невараларнинг ҳам кўчма саройда ўз хуфиялари бор эди. Қолаверса, айрим амирлар дунёдан кўз юмиши билан қўрқинчли бўлмай қолган Соҳибқироннинг васиятига хилоф равишда салтанат тахтида ўзларига мойил шаҳзодани кўрмоқни истардилар.

Биринчи бўлиб, Ҳиротда Шоҳруҳ мирзо ўз номини ҳутбага қўшдирди ва ўз номидан пул зарб қилдира бошлади. Яссидан Ҳусайн мирзо, Тошкентдан Халил Султон мирзо ўзларига содиқ навкарлар билан дорулсалтанатга қараб от қўйдилар.

Амир Хўжа Юсуф бошчилигида Амир Темур жасадини олиб йўлга чиққан махфий карвон Ўтрорни тарк этиб, минг таҳликаю-ғавғо билан Самарқанд остонасига етди. Етишга етди-ю, пойтахтнинг Чорраҳа дарвозаси олдида туриб қолди. Самарқанд қалъаси қутволи Амир Арғуншоҳ “Шаҳарга фақат Соҳибқирон тобутини киритаман”, — деб қатъий туриб олди. Ташқарида турганлар у аллақачон Мироншоҳ ўғли Халил Султон мирзо билан тил бириктириб, дорулсалтанатни ёлғиз унга топширадиган бўлганидан бехабар эдилар. Охири Амир Хўжа Юсуф қутволнинг талабига кўнди ва Амир Темурнинг жасади шаъбон ойининг йигирма иккисида – 23 февраль куни марҳум шаҳзода Муҳаммад Султон даҳмасига дафн этилди.

Орадан бир неча кун ўтгач, катта кўч – маликалар ва шаҳзодалар карвони ҳам Самарқандга етди. Арғуншоҳ бу гал ҳам қўшинни киритмаслигини ва ёлғиз маликалар ва норасида шаҳзодалар: Муҳаммад Султон мирзо ўғли бўлмиш Саид Ваққосни, Умаршайх инилари – Ижил ва Суюргатмишни шаҳарга киритишга рози эканлигини айтди.

Шоҳруҳ мирзо фарзандлари бўлмиш Иброҳим Султон мирзо билан Улуғбек мирзони киритишга эса кўнмади. Бу икки амирзода суюкли момолари ва мураббийлари Сароймулкхоним билан йиғлаб хайрлашдилар ва Бухоро томонга кетишга мажбур бўлдилар.

Шаҳарга кирган маликалар ва шаҳзодалар тўғри Соҳибқирон жасади қўйилган даҳма устига бориб уввос солдилар. Кекса Сароймулкхоним бошқалар қатори оқариб кетган сочларини ёйиб, юзларини тилиб йиғлар, тупроқ олиб бошидан сочарди. Йиғичилар уввоси оламни тутгандек эди…

Бу аччиқ айрилиқдан роппа-роса ўн уч кун ўтгач, ҳижрий саккиз юз еттинчи йил Рамазон ойининг ўн олтинчисида, милодий 1405 йилнинг 18 мартида Самарқанд тахтига Мироншоҳнинг ўғли – Халил Султон ўтирди. Халил султон ҳам кўпчилик амирзодалар қатори Сароймулкхоним тарбиясини олган эди. Ҳатто бир марта ножўя қилмиши учун бобоси ғазабига учраганида мана шу момоси унинг жонига оро кирган эди. Ўрни келгани сабаб бу ғаройиб воқеани сўйлаб беришдан ўзимни тийиб туролмайман.

Амир Темурнинг невараси Халил Султонга меҳри қаттиқ эди. Ҳиндистон юришни давридаги жангларнинг бирида рўй берган воқеа юз биринчи йил Рабиуссоний ойининг еттинчи куни – ҳижрий 1398 йилнинг 18 ноябрида Деҳли ҳукмдори Султон Маҳмудхон билан бўлган эди. Жанг бошланиши билан Самарқанд қўшини орасида таҳлика бошланди. Чунки улар умрларида биринчи марта кўриб турган жангчи филлар галаси устларига бостириб келаётганини кўриб қўрқиб кетган эдилар. Филлар оёқлари остида қолган баронғор жангчилари кўтарган фарёдни эшитган орқадагилар қочишга тушдилар. Ҳатто кўпни кўрган саркардалар нима қилишни билмай қолганларини кўрган Амир Темурниям ваҳима босди. Аммо, бирдан у жангчи ҳинд филларнинг орқага қочаётганини, қочгандаям Султон Маҳмудхон асркарларини топтаб қочаётганини кўриб қувонганидан ирғиб отига минди. Душман маҳв этилиб, жанг тўхтагач маълум бўлдики, аянчли мағлубиятдан уларни Халил Султон қутқариб қолган экан. Тадбиркор невара қўшин лаш-луши, заҳираси ортилган туяю-хачирларни бир жойга тўплаб, ҳар бирининг устига хас-хашакни боғлатиб, уларга ўт қўйиб олдинга ҳайдатди. Олов чангалида қолган жониворлар жон ваҳмида жангчи филлар қаршисида югурдилар. Жонли оловни кўриб, даҳшатга тушган филлар орқаларига қочадилар.Шу воқеа сабаб жаҳонгирнинг Халил Султонга бўлган меҳр- муҳаббати ошиб, уни тахти вориси қилишниям ўйлайди. Бироқ кейинроқ яна бир ғаройиб воқеа юз беради-ю, Жаҳонгирнинг меҳри қаҳрга айланади. Халил Султон бобосининг жияни амирзода Алининг қизига уйлантирилган эди. Шунга қарамай, ёш шаҳзода Соҳибқирон амирларидан бўлмиш Хожи Сайфуддиннинг чўриси Шодимулкни севиб қолган ва уни хожасидан тортиб олиб, бобосидан пинҳон никоҳ ўқитганди. Халил Султондек амирзоданинг чўри қизга уйланиши, Амир Темурнинг қаҳрини келтиради. У шаҳзодани тутиб, қамаб қўйишларини буюради. Аммо бобоси амридан воқиф бўлган Халил Султон Сароймулкхонимга одам юборади ва ўзини бобоси қаҳридан қутқариб қолишни ўтинади. Сароймулкхоним қулай пайт топиб, эрининг кўнглига қўл солади ҳамда амир Шоҳмалик ва Шайх Нуриддин ёрдамида эрка шаҳзодани жазодан қутқариб қолади. Бироқ, Амир Темур Халил Султонни тахт вориси қилиш режасидан воз кечади.

Давлатшоҳ Самарқандий “Тазкират уш-шуаро” асарида “хушсурат, яхши хулқли, карамли, хуштаъб эди”, — деб таърифлаган Халил Султон Самарқанд тахтига ўтиргач, салтанатнинг бошқарув ишларини қўлида маҳкам тутолмади, кетма-кет хатоликларга йўл қўйди. Ҳатто ўйламай-нетмай, маъшуқаси Шодимулкнинг сўзига кириб бобосининг катта хотинлари – мураббияси бўлмиш Сароймулкхоним билан Туман оғани мажбуран эрга бериб юборди.

Агар биз юқорида Сароймулкхоним ҳижрий 742-743 йилларда, милодий 1342 йилда туғилган деб тахмин қилган бўлсак, бетайин ва шоиртабиат невара томонидан эрга узатилган йили Малика олтмиш беш ёшлар атрофида бўлган. Фасиҳ Аҳмад Хавофий малика Туман оға Халил Султон буйруғи билан Шайх Нуриддинга эрга берилганини маълум қилади. Бироқ, Сароймулкхоним кимга узатилгани ва унинг кейинги тақдири биз учун қоронғи бўлиб қолмоқда…

Аммо Бахмал қишлоқларида Бибихонимнинг сўнгги кунлари ҳақида ҳикоя қилувчи ғалати афсона мавжуд.

Эмишким, Бибихоним ёшлик чоғларида ўз тақдирини билиш мақсадида фол очирибди. Фолчи Қозонхоннинг эрка ва соҳибжамол қизининг кафтига узоқ тикилибди-ю, ғамгин шивирлабди:
— Сен келажакда Турон маликаси бўласан, аммо… аммо фарзандсиз ўтасан. Ўлиминг қорақурт чақиши туфайли юз беради. Қорақуртдан эҳтиёт бўл!

Бибихоним бу башоратни эшитиб қайғурибди. Аммо ёш эмасми, тезда унутибди. Йиллар ўтиб, фолчи айтганидек, у Турон маликаси – Амир Темурнинг садоқатли ёри бўлибди. У Амир Темур билан қарийиб қирқ йил бирга умр кечирибди, аммо фарзанд кўрмабди. Фарзандлари бўлмаса-да, Амир Темур ўз рафиқасини жони-дилидан суяр, бошқа хотинларидан туғилган фарзандларини, кейинчалик набираларини тарбиялашни ёлғиз унга ишонар экан.

Амир Темур вафот этгач, Бибихоним ҳам ўлими яқинлиги ҳақида ўйлабди ва ёшлигида эшитган башорати – ўлими қорақурт чақиши туфайли юз бериши эсига тушибди. Сўнг, тоғларда қорақурт бўлмайди деган ақидаги амал қилиб, канизакларини олиб Бахмал тоғлари томон жўнабди. Етиб келгач, ям-яшил арчазорлар қуршаган бир ялангликда чодир тикиб яшай бошлабди. Сўнг ажиб бир кўшк тиклатибди. Бу кўшкнинг қолдиқларининг ўрни ҳалиям бор, дейишади.

Гарчи қорақуртдан қочиб келган бўлса-да, Бибихоним тақдиридан қочиб қутулолмабди. Кунлардан бир кун пастдан – водийдан олиб келинган узумни тановвул қилиб турганида, узумнинг ғуж доналари орасида бекиниб олган қорақурт маликанинг бурнига кириб чақибди. Неваралари келиб, унинг жасадини Самарқандга олиб кетишибди…

Бу бир афсона, аммо, юқорида битганимиздек, афсона ҳақиқат синиқлари эканини унутмайлик…

Ҳарҳолда Бибихонимнинг ҳашаматли мақбарада дафн қилиниши, ҳатто жасади мўмиёланиши маликанинг қолган умриям саодатли ўтганидан далолат беради. Йиллар ўтиб, ўқилмасдан ётган, сарғайган қўлёзмаларнинг бирида унинг биз учун пинҳон сўнгги кунлари ҳақида батафсил маълумотлар чиқиб қолар ва биз эшитмаган ғаройиб ҳикояларни болаларимиз эшитар, эшитиб бизнинг чала ишларимизни поёнига етказар…

27

БИБИХОНИМ ҲАҚИДА ТЎРТИНЧИ АФСОНА. Қозонхон бобоси Чингизхон каби шоҳона қасрда ўтириб, базму-жамшид қилишдан, от миниб овга ёки душман устига бостириб бориб, қилич чопишни маъқул кўраркан. Аммо суюкли хотини унга қиз туғиб берган кундан бошлаб, у бу одатларини ташлаб, кеча-кундуз қизалоғи билан овунишни, у билан машғул бўлишни ҳамма нарсадан устун қўядиган бўлибди. У келажакда қизим бир сарой мулки бўлсин, деб фарзандимга Сароймулкхоним деб исм қўйибди.

05 Вақт Қозонхон навқирон чоғида йўлбарсга қарата узган камон ўқидек тез учиб, Сароймулкхоним ўн олтига тўлибди. Ёш хончанинг ҳусни-жамолини кўрганинг ҳуши бошидан учиб, тили калимага келмай қоларкан. Ўша давр шоирларидан бири: Агар унинг ҳусн-жамолини сўз ила тасвирламоқчи бўлсак, ожизлик қилиб, гуноҳга ботиш мумкин, зеро қизнинг латофатини таърифлашга қодир сўзлар дунёда йўқдир”, — деб айтган экан. Ўн олти яшар соҳибжамол мағрур эди, ўзига-ўзи мафтун эди. Оёқларидаги кумуш ҳалқаларни жаранглатиб, сарой боғида ўйнаб юрар, не-не юраклар бу кумуш ҳалқачалар товушини эшитиб, ҳушидан айриларкан. Қозонхон суюкли қизининг бўй етганиникўриб, Шому-Ироқ, Чину-Мочин, Дашти Қипчоғу Сақлаб, Хуросону-Ҳиндистон томонларга карвонлар йўллаб, энг ноёб дуру-гавҳарлар, қимматбаҳо тақинчоқлар, хос либослар келтиришга амр этибди.

Карвонлар айтилган буюмларни олиб келиши билан, у яна Миср ва Форс, Рум ва Юнон томонларга карвонлар жўнатиб, яна янги тақинчоқлар ва либослар олиб келишга буюрар экан. Зарбоф каболар, заррин пешонабоғлар, ипак камзуллар, дур қадалган камарбандлар, садаф билан безатилган тилла ковушчалар, бахмал, белбурма кўйлаклар билан келган карвонлар тўппа-тўғри Қозонхон қасри дарвозаси олдига келиб тўхтар экан.

Дунёнинг тўрт томонидан чиққан савдо карвонлари ошиқиб-тошиқиб, Қозонхон манзилига келишарди. Генуяликлар ва ўрислар, қора белбоғ боғлаган арманилар, пешоналарига хол қўндирган ҳиндлар, белларига чилвир боғлаган жуҳудлар Қозонхон қасрига биринчи бўлиб кириш учун елиб-югуришар, ўзаро ёқа бўғиб жанжаллашишар, аммо Қозонхон деярли ҳамма молларни сотиб олаётганини кўриб, яна ҳамдард ва ҳамжамият бўлишарди.

Сароймулкхоним ўн олти ёшга тўлган куни хон қизига муносиб куёв излай бошлабди. Шу мақсадда қирқ бир мамлакатга чопар юбориб, шаҳзодаларни ҳузурига чорлабди. Аммо келган шаҳзодаларнинг бирини қизи ёқтирмас, бошқасини ўзи ётирмай, ҳаммасини рад жавоб билан, ноумид қайтарибди.

Кунларнинг бирида, жасурлиги ва донолиги билан машҳур Амир Темур унинг саройига кириб келибди. Бу ташрифдан хон беҳад қувониб кетибди. У қизига баҳоси бир шаҳар хирожига тенг шоҳона либослар кийдириб, бир вилоят хирожига тенг тақинчоқларни тақдириб, Амир Темур олдига олиб чиқибди. Амир Темур қизга қараб “йўқ” дегандек бош чайқабди. Қозонхон “Амирга қизим ёқмади”, — деб ўйлаб, хафа бўлибди. Лекин умид узмабди. Қизини мамлакатнинг бир йиллик хирожига тенг келадиган, ҳали кўз кўрмаган либосу зар-зеварга ўраб, яна навқирон Амирга рўпара қилибди. Амир Темур яна “йўқ” дегандек бош чайқабди.

Тамом эсанкираб қолган Қозонхон хизматкорларига бор тақинчоқларни шу ернинг ўзига олиб келишни буюрибди, ўзи бўлса қизи таққан тақинчоқларни юлиб ола бошлабди. Сароймулкхоним бирпасда оддий оқ кўйлаги билангина қолибди. Шунда Амир Темур “маъқул!” дегандек мамнун бош ирғабди. Қозонхон эса ҳайрон эмиш. Шунда Самарқанднинг навқирон амири енгил бир таъзим қилибди-да.
— Хон, гўзалликка тақинчоқлар ярашмайди! – дебди.

Бу сўзлар маъносини англаган оқила қиз бошини кўтариб биринчи бор Амир Темурга қарабди. Икки кўз суҳбати бошланибди.

Қизнинг кўзи дебди: “Мен шу эркакни бир кўришда севиб қолдим. У қаерга борса, мен ҳам бирга кетаман. У кимни суйса, уни суяман, кимни ёмон кўрса, шуни ёмон кўраман. У мени қиличи билан ҳимоя этса, мен уни муҳаббатим билан асрайман”.

Йигитнинг кўзи дебди: “Сен саҳро гулидек дилрабосан, ойжамол. Баҳор ёмғирлари ювган гул япроғидек юзларингда зарра доғ йўқ, оёқларингдаги кумуш ҳалқачалар товушини юрагим қўшиғига жўровоз қилай, ойжамол. Кўзларинг тубида жимирлаб турган чўғни оловга айлантирай, ойжамол. Сени тулпоримга миндириб олиб кетай, ойжамол”.

Қизнинг кўзи дебди: “Сенинг тулпоринг – учқур, қиличинг – кескир, қалқоннинг – ўқ ўтмас, юрагинг – очиқ, аммо отингни муҳаббатим қувиб етгай, қиличинг сенга боғланган кўнглим ипларини қирқолмас, ишқим ўқи совутингни тешиб ўтгай, юрагингга кирай, бегим. Унда неча баҳорлар садоси бўлса, меники бўлсин, неча қишларнинг совуғи бўлса, уларни иситай, неча кузларнинг ҳасрати бўлса, кўнглимга олай, неча ёзларнинг ташналиги бўлса, кўзёшларимни ичирай… Мени бу ердан олиб кет, бегим. Мен учун каломинг болдай ширин бўлсин, қўлингдаги тафт кўксимдаги қўрқувни эритсин, ҳадикни қувсин”.

Йигитнинг кўзи дебди: “Сен саҳро ўртасидаги гулзорсан, ойжамол. Шу гулзор тиканлари меники. Кўзларинг бир жуфт чаросдек, лабларинг гул баргидек, қоматинг шамшоддек… Каломинг – тотли, рафторинг – латофатли. Оловлар ичида яшаган бир йигитман, бўронлар қўйнида адашган йўлчиман, дунёлар ичида яшаган митти зарраман. Энди сен ол бўл, бўрон бўл, дунё бўл, ойжамол”.

Қизнинг кўзи дебди: “Сенинг товушингни эшитиб дунёга келгандайман. Сен ёқиб қўйган чироқни кўриб йўл топгандайман. Сен айтган сўзни излаб юргандайман… Товушингни эшитиб келдим, энди қандай кетай. Сен ёққан чироқни топдим, энди қайга кетай. Сен айтган сўзни эшитдим, сени қандоқ унутай, бегим?”

Амир Темур овоз чиқариб:
— Хон, гўзалликка тақинчоқлар ярашмайди! – дебди…

Кўзлар гаплашганда, сўзлар ожиз қоладилар.

Кўзлар гаплашганда, муҳаббат тилмочлик қилади.

Кўзлар гаплашганда, дунёни сукунат босади.

Дил денгиз бўлса, кўз шу денгизнинг сувини ёруғ дунёга инъом этаётган чашмадир.

Кўзлар сўзлашганда, улар дилларни ҳам осмонга кўтариб учадилар: ердаги дашт ёвшанлари ислари ҳам, қасрга кириш учун навбат талашаётган савдогарларнинг жанжал-сурони ҳам, қаср ортидаги яйловда бир-бири билан ўйнашаётган арғумоқларнинг сармаст кишнашлари ҳам, Қозонхоннинг ҳайрон назари ҳам уларга бегона эди.
Кўзни юмгил, кўзга айлансин кўнгил…

28

Бибихоним воқеасидан кейин Мамат Солиҳович Юсупов Самарқанд музейида узоқ ишламади. Оз вақт ўтмай, уни бошқа шаҳардаги музейларнинг бирига жўнатишди. У ўша ерда музей директори бўлиб келгани шарафига хизматдошлари уюштирган ошдан кейин уйга қайтиб келиб, ярим кечада ҳушини йўқотди ва тонгга яқин жон берди. Жон беришдан олдин ўзига келиб: “Мени олиб кетиш учун Бибихонимнинг ўзи келди”. У: “Қўрқма, ҳаммаси яхши бўлади, деб айтди, мени унга ишонаман. Хотиржам бўлинглар, ҳаммаси яхши бўлади. Бибихоним алдамайди. У мени Самарқандга олиб кетади. Самарқандга қайтаман… Ҳозир эса мени ёлғиз қолдиринглар, уйқум келяпти”, — деб пичирлабди…

У қанча ётганини билмадим. Кимдир отини атаб чақиргани учун уйғониб кетди. Кўзларини очганда, деразалардан ёрқин ой шуълалари ловиллаб оқиб кираётган кенг хонада ётганини кўрди. Кимдир бетиним чақирарди. Эгнида оппоқ уст-бош, эшикни очиб, ташқарига чиқди. Ҳовли саҳнидаги юксак дарахтларнинг қалин япроқлари оралаб ерга тўкилаётган ой тангаларига боқар экан, кимдир яна уни оғиста чақирди. У дарахтлар остидаги қуюқ зулматга тикилиб, қоронғиликда қўлларига найза ушлаб олган икки қора шарпани кўрди. Ҳайрон қолиб сўради.

— Кимсанлар?
— Биз сени олиб кетишга келдик.

У бугун уни ошга таклиф қилиб келган икки музей ходими овозини таниди.

— Нима дейсанлар?
— Биз сени қатл майдонига олиб боришимиз керак. Тепадан шундай буйруқ тушган. Олдимизга туш.

У ҳовли саҳнига тушди. Бошини кўтариб, кимдандир кўмак тилагандек, кўкка боқди. Фалак қоп-қора эди, юлдузлар йўқ эди. Фақат жуда катта ой чарақлаб турарди.

Икки шарпани зулматга чулғаб турган ҳовли саҳнидаги дарахтлар ҳорғин эди. Шунинг учун ўзини қатл майдонига олиб бориш учун келган икки шарпага эриниб тикилди. Зулматдан учиб келаётган кўршапалак қўллари билан юзини тўсди.
— Кечикяпмиз, тезроқ олдимизга туш.
— Кетдикми?
— Кетдик!

У олдинда, найза кўтариб олган икки шарпа – музей ходимлари орқада – йўлга тушдилар. Улардан олдинда оппоқ сочлари елкасига ёйилган, кўзёшлари оловли учқун каби чўғланиб оқиб тушаётган бир аёл борарди. Йўл устига тўкилаётган кўзёш томчилари чарақлаб, унинг йўлини ёритиб турар, у ўтиши билан ўчиб қоларди.

— Бу аёл ким? – деб сўради у.
— Кимни айтяпсан? Ҳеч қанақа аёл йўқ-ку! – деб минғирлади икки шарпа.

— Анави аёлни айтяпман.
— Ҳеч қанақа аёлни кўрмаяпмиз. Бизни чалғитиб қочмоқчи бўлаётган бўлсанг, хато қиласан. Қочиб қутулолмайсан биздан.

— Мен қочмоқчи эмасман. Фақат ана шу аёл кимлигини билмоқчиман, холос.
— Ҳеч қанақа аёл йўқ, бу ерда. Тезроқ юр, сенитонг отмай қатл этиб улгуришимиз керак.

Улар бегона шаҳардан чиқдилар-да, Афросиёб оралаб кета бошладилар. “Бу ерга қандай келиб қолдик? – дея ўйлади у. – Ахир, биз бошқа шаҳарда эдик-ку?!”
— Қандай қилиб Афросиёбга келиб қолдик?
— Яна қанақа Афросиёб? – ҳайрон қолишди найза кўтарган шарпалар.

Афросиёбнинг қадимий йўлини чангитиб, улар ҳорғин қадам ташлаб борардилар. Юсупов бирдан адир тепасида ўзига тикилиб турган болакайни кўрди.

— Оға, сизни қаёққа олиб кетишяпти? – деб сўради бола.
— Қатл майдонига. Мени ўлдирмоқчилар…

— Ўлим йўқ, ўлдириш бор, — деди у.
— Ким билан гаплашяпсан, ҳеч ким йўқ-ку?! – деб шовқин кўтаришди икки шарпа безовталаниб.

У индамади. Орқага ўгирилиб, болага “хайр” дегандек қўл силтади. Бола эса оппоқ кўйлак кийиб олган одамни қатл майдонига олиб бораётган икки шарпани таниб қўрқиб кетди. Улар ўша жомеъ масжиди ва кутубхонани ёндириб, мароқланиб томоша қилаётган, кўзларида қаҳр ва совуқ бўшлиқ ҳукмрон, ёндирилган китоблар ва шаҳарлар кули тирноқлари остини қорайтирган, пиширмай еган гўшт қони, қасмоқ боғлаган лаблари маҳкам қисилган тўдадан эдилар.

Тоғлар усти қизара бошлаганини кўриб, икки шарпа уни найзалари билан туртиб, тезроқ юришга ундай бошладилар. У яна осмонга боқди – ойнинг шуури унинг чарчоқ юзини ёритди – бу юзда хотиржамлик ҳукмрон эди.

Узоқдан гулхан ёниб турган майдон кўзга ташланди. “Қатл майдони”, деб ўйлади у. Майдонга етганда кўзларидан қаҳр ва совуқ сачраб турган, қасмоқ боғлаган лабларида истеҳзо қотиб қолган, бутун вужудидан ёндирилган китоблар ва шаҳарлар тутуни ҳиди анқиб турган баджаҳл одамлар тўдаси уни бир зумда ўраб олди. У гулхан шуъласи ёритиб турган қатл майдони тўрида – юксак шоҳсупадаги тахтда ўтирган одамни таниди. Тахт тепасида Сталин сурати осиғлиғ эди. Кўксида қонли панжалар изи босилган Сталин “Сени ўзим топиб оламан деб айтувдим-ку!” – дегандек мийиғида кулиб турарди.

“Мана, сиёсий кўрлик учун жавоб берадиган пайтинг келди!” – деди тахтда ўтирган одам.
“Энди жавоб берасан!” – деди Сталин. – Мана, энди аҳволингни кўрамиз…”

Тахтда ўтирган одам ҳам, суратдаги доҳий ҳам қоп-қора либос кийган жаллодни кўриши билан ўлимга маҳкум этилганларнинг барчаси уларнинг пойига тиз чўкиб шафқат тилаганларига кўп марта гувоҳ бўлган эдилар. Токи дунёда қўрқув бор экан, токи дилларда таҳлика ҳукмрон экан, улар ҳеч ким тахтда ўтириш ва суратлари ҳар бир уй тўрида осилиб туриши шарафидан маҳрум қилолмаслигини яхши билардилар.

Юсупов эса қора кийинган жаллодни эмас, оппоқ сочлари елкасига тўкилиб ётган, ҳали ҳусни сўнмаган кекса аёлни кўриб қотиб қолганди. Аёлнинг ўзига қараб маъюс жилмайганини кўриб, онасини эслади ва юраги орзиқиб кетди. Унинг юзида ҳам сезилар-сезилмас табассум пайдо бўлди.

Шу пайт орқада турган икки шарпа найзалари билан уни олдинга – жаллод қошига итариб юборадилар. У жаллод томон ҳорғин қадам ташлаб борар экан, ўзини қуршаган оломондан димоғига урилаётган тезак, қон ва тер ҳидларидан қутулиш учун яна осмонга кўз тикди. Юксакдаги тилларанг ҳилолга, боя кўринмаган, энди эса олмадек-олмадек бўлиб, чарақлаб турган юлдузлардан кўзларини узмади. У кундага урилиб кетди-ю, кўзини кўкдан узиб ерга тикди – ўша заҳот кўзларини тўлдириб турган ёшлар шамол учирган гулхан чўғларидек ерга, туз сепиб қўйилган кундага тўкилиб тушди. Кунда аланга олиб, ёна бошлади. Буни кўриб, қасмоқ боғлаган лаблардан тупук сачради. Бирпасда кундани тупук босиб, олов ўчди. Аммо ерга тўкилган кўзёш томчиларидан атроф ёришгандай бўлди. У атрофига аланглаб қаради. Бирдан қатл майдони музей ҳовлисида эканини пайқаб қолди. Музей эшиги олдида оломон ғужғон турарди.

Оломон нималардир деб бақира бошлади. У бу бақирган одамларни танигандек бўлар, аммо улар кимлигини эслай олмасди. Шу пайт ўзига яқинлашиб келаётган беш-олти милиционерни кўрди. Милиционерлар бошларида қора дубулғалар кийиб олишган эди. Уларнинг бири – шаҳар милицияси бошлиғи эканини кўриб, уни ваҳима босди. Наҳотки, уни қатл этмай олиб кетишса? Наҳотки, ўлимдан даҳшатлироқ қийноқни ўйлаб топишган бўлса? ! Наҳотки, ўлимдан ҳам оғироғғи тирикликдаги бечоралик эканлигини улар англаган бўлса?!

“Бибихоним қаерда?” – деб сўради шаҳар милицияси бошлиғи. Аммо ўзи ойболта кўтариб келаётган жаллодни кўриб, саволига жавоб кутмай жуфтагини ростлади. У билан келган бошқа милионерлар ҳам қочиб қолишди.

Юсупов кутилмаганда қизчасини кўрди. Қизалоқ, музей дарвозаси олдидаги оломон ичидан унга маҳзун-маҳзун тикилиб, кўзлари жавдираб турарди. Юсуповнинг юраги орзиқиб кетди. Қизчасининг жавдираган кўзлари унга яқинлашиб келарди. Бу кўзларда қалқиб турган қайноқ кўзёш томчилари унинг кўксига сачраб тўкилгандек бўлди. Кўкси жизиллаб қуйди, бўғзига тош тиқилди. Аламдан кўзини юмди. Юмди-ю, очди. Жавдираган ёшли кўзлар йўқ эди. У қоматини тиклади – кўкси Афросиёб далаларининг сарин ҳаволари билан тўлгандек бўлди. У тезак ва тер ҳиди анқиб турган тўда орқасида ёниб турган кутубхона томонда бир бола гулхан ичидан ярми куйган китобни юлқиб олиб, қўйнига яширганини кўрди. Болани сезмасликлари учун томошаталаб тўданинг диққатини тортиш мақсадида бошини жаллод кундасига қўйди. Дам ўтмай ойболтанинг ҳавони шувиллаб кесиб тушаётганини сезиб, кўзини юмди. Аммо боши кесилганини ҳис қилмади. Юрагидаги оғриқни енгадиган қийноқ бу дунёда йўқ эди.

Танасидан айрилган билан унинг кўзлари очиқ қолган, бу очиқ кўзлар чароғон осмонни томоша қиларди…

Тип-тиниқ осмон уни аллалай бошлаганини сезмай қолди. Анча вақтдан кейин кимдир унга тикилиб турганини сезиб кўзини очди. У Афросиёбдаги ям-яшил далада ётарди, ёнида эса ўша оппоқ сочлари елкаларига тўкилиб тушган, ҳусни ҳали ўчмаган кекса аёлни кўрди. Кўзини осмонда пар-пар ёнаётган қуёш нури қамаштиргани учун, кафтлари билан қуёшни тўсиб сўради:

— Кимсиз, эна?
— Бибихонимман. Сен мени Самарқандга олиб келган эдинг. Энди эса мен сени олиб кетишга келдим. Ниҳоят, бу баттол дунёдан қутулдинг.

— Қаерга кетамиз, эна?
— Самарқандга, иним, Самарқандга!..

— Самарқанд сиз айтган қаттол дунёда эмасми, ахир?
— Йўқ, қаттол дунёдаги Самарқандда бизларни унутган одамлар яшайди. Бугундан бошлаб сениям унутишади. Биз эса ҳамма нарса ёдида сақлаган одамлар яшайдиган Самарқандга кетамиз.

Улар йўлга тушдилар. Бир миқдор вақтдан кейин, қадимий йўл пичоқдек кесиб ўтган адирга яқинлашганларида қўлтиғига китоб бекитган болакай адир тепасидан югуриб тушиб уларга қўшилди. Аёл болани кўриб қувониб кетди. Болани кўриб, унинг ҳам кўнгли равшанлашди.

Улар олисда мовий гумбазлари юксалиб турган шаҳар томонга қараб кетдилар. Саодатманд шаҳар устидаги осмонда заррача доғ йўқ эди. Самарқанд сари одимлаётган уч йўлчининг йўлига бир томондан ойнинг кумуш шуълалари, бир томондан қуёшнинг тилларанг ёғдулари тўшалиб ётарди. Юксак деворлар ўраб турган шаҳар томондан отларнинг кишнаши, болаларнинг шодмон қийқириғи, кўнгилларни сармаст этадиган қадимий куй садолари етиб келарди. У кўкка юксалиб турган навқирон Бибихоним мадрасасини, Қутби чаҳордаҳўм мақбарасини кўриб, ҳайратдан қотиб қолди. Ногоҳ қаршисига югуриб келаётган онасига кўзи тушди. Ҳаяжондан нафаси қисилди. Нимадир деб пичирламоқчи бўоди, аммо тили айланмади. Бибихоним ташвишланиб, ўзига қараганини пайқаб, тинчлантириш учун жилмайди. Жилмайишга уринди…

Юсуповнинг хотини чақиртирган доктор етиб келганида, беморнинг ўлим тамғаси босилган юзида заҳар билан олишган табассум ҳали совиб улгурмаган, умр бўйи орзиқиб кутган нарсасини кўрганидан бахт акс этиб турган кўзлари очиқ қолган эди. Доктор қўлини оҳиста чўзиб, Юсуповнинг кўзларини бекитди. Ҳозиргина дунёни тарк этган инсон кўзларида қалқиб турган қайноқ ёш томчиси, унинг бармоқларини куйдириб юборгудек бўлди.

“Уни заҳарлаб ўлдиришган!” – деди рад қилиб бўлмайдиган қатъий оҳангда Юсупов ҳақидаги суҳбатимиз якунида Попов. Унинг айтишича, Мамат Солиҳович Юсупов раҳбар бўлиб борган шаҳар музейида жуда кўп қимматбаҳо буюмлар ўғирлаб кетилган. Ўғирлик бир неча йиллар давом этган. Юсуповнинг синчковлигидан яхши хабардор бўлган, у албатта музейдаги ҳар бир қоғозни кўздан ўтказишни билган музейнинг айрим хизматчилари қилмишлари фош бўлишидан қўрқиб, уни заҳарлаб ўлдиришган.

“Ўша шаҳарда Юсуповнинг қизи яшайди”, — деди Попов мен билан ҳайрлашаётганда. Мен ичимда албатта Юсуповнинг қизи билан учрашаман, деб қўйдим. Мана ўн икки йилки, ўша ниятим амалга ошса…
Неча марта ўша шаҳарга бордим. Аммо ҳар гал бирор баҳона билан бу учрашув орқага сурилар, баъзан эса эсимгаям тушмасди. “Сокинахоним тирикмикан?” – дейман баъзан Юсупов ёдимга тушса. Унинг қизи омонмикан? – дейман у яшаган шаҳар номи тилга олинса…

29

Бибихоним мақбарасида замонлар чанги қўнган қабртошга тикилиб ўтирибман. Унга – шу тош остида ётган аёлга юрагимдаги ҳасратларимни айтгим келар, аммо бу бефойда эканини англаб азоб чекардим. Тош остида тупроққа айланган вужудга эмас, ҳасратларимни тирик одамларга айтишим зарурлигини англаганимдан азоб чекардим.

Менинг бу ҳасратларимни тушунадиган тирик одам бормикан?

Тош остида тупроққа айланган вужуд эса на муҳаббатдан, на нафратдан хабардор. Ҳасратини айтганим билан, у на бахтиёр, на бахтсиз бўлиши мумкин. Унинг мўмиёланган мурдасини қайта кўмганлари учун қайғурмайман. Ҳаммаям охир-оқибатда шу тупроққа топширилиши керак. Аммо менга бу қайта кўмиш маросими яширин ва ғайриинсоний тарзда бўлгани алам қилади.

Самарқанд Маликаси учун унинг қандай кўмилгани бари бир. У бундан бехабар, на ғам чекар ва на қувонар… лекин мен – тирик одам учун шаҳрим маликасининг бундай тақдири таҳқирдир.

Аммо мен буни англаган ҳолда, асрлар қаритган қабртошга тикилиб шивирлайман:
— Ёрдамингни аяма, Бибим. Менга дунёни эмас, дилимни ва элимни англашга кўмак бер. Бир пайтлар суюкли неваранг Муҳаммад Тарағайга айтган сўзларингни менга айт, Бибим…

30

ЧАЛА ҚОЛГАН ДОСТОНДАН

Бола ҳар кун эзгу маконга,
Бибихоним қошига келар –
Гоҳ сарҳадсиз нилий осмонга
Гоҳ гумбазга узоқ тикилар.

Офтоб акси тушиб нақшларга
Бўғилади бақироқ бозор.
Сукут чўкар улкан шаҳарга
Борлиқ тинар мисоли мозор.

Бу сукунат болага ёқар
Ва сукутни тинглаган сари
Сезар: тунга сингиб боради
Қора тортган тутнинг шозлари.

Қадим масжид ичига кирар,
Сўнг тепага боқар бахтиёр.
Ташқарида янграган саслар
Янграр бунда жомдек улуғвор.

Ташқаридан ҳар бир товушни
Ютар бунда уч эшик – қулоқ.
Ютади-ю, дарахтнинг, қушнинг
Қўшиғини такрорлар узоқ…

“Мен тепага чиқишим керак!” –
Деган бир ўй чулғаб олган он,
Бежо тепар кўксида юрак,
Гупуради соғинишдан қон.

Илк қувончи, илк қўшиқлари
Ва илк ғаму-қайғуси билан
Юксакдаги кўк гумбаз сари
Кўтарилар бола хаёлан…

Мана, осмон елкангга тегар,
Мана, қолди пастликда шаҳар.
Ана, ғарбда қуёш ҳам чўкар,
Ана, шарқда кўринар саҳар.

У умрида ҳали ҳеч қачон
Чиққан эмас бундай юксакка,
Шунинг учун оловланар қон
Ва юраги сиғмас кўкракка.

Ҳали унинг кўксида тирик
Эртаклари олмоқда нафас.
Кўзларини асраган киприк
Ёшни билмас, қайғуни билмас.

Ҳали унинг қўшиқларига
Ситилмаган ғамгин садолар,
Ҳали унинг қўшиқларига
Жўр бўлмаган ёлғон наволар.

Бироқ, соқов, гунг бўлган бола
Тўлдиргандек ерни овозга,
Кўзлари кўр ва хаста бола
Чизганидек нурни қоғозга.

Оёқлари шол бўлган бола
Учган каби қушдай осмонда
Ва санашни билмаган бола
Санагандек юлдузни тунда.

Бу бола ҳам ҳар куни такрор
Орзусини кўради аён.
Кўтарилиб борармиш тонгда
Бибихоним гумбази томон…

31

Бугун бу ёруғ дунёда бор-йўғи икки кунгина яшаган гўдакни тупроққа топшириб қайтдик…

Унинг онаси боласи дунёдан кўз юмганидан бехабар ўлим билан олишиб ётарди. Гўдакнинг отаси – ҳали турмушнинг аччиқ-чучугини тотмаган, бошига илк марта тушган бу ноаён ва нотаниш, бешафқат ва қаттол зарбадан гарангсираб қолган ёшгина йигит болани кўмишга борган мендан ва шеригимдан бу фалокат сири ва сабабини изоҳлаб беришимизни сўрагандек мўлтираб боқарди. Шеригим – кўпни кўрган одам: “Ҳечқиси йўқ, дўстим, ҳали умр олдингизда, болаларингиз белингизда. Бир ярим килолик этни деб ўзингизни қийнайверманг”, — деб тасаллим-таскин берар, аммо бу таскин, бола отасининг билмадим, менинг юрак-бағримни ўйиб борарди.

Фоний дунё азобу-уқубатини, қувончу-шодлигини кўрмай кўз юмган гўдак ўлими – аросат давримизнинг ҳайбатли ва чигал жумбоқлари, даҳшатли фожиалари олдида ҳеч нима эмасдек туюларди. Аммо дунёда яшаш, имон ва виждон олдидаги масъулият ҳамиша энг оддий жумбоқлар ва воқеалар олдида ожиз қолмаганми? Бу ожизлик инсон қисматининг асосий мезони эмасми?

Гўдак ўлимининг Бибихоним билан қандай боғлиқ ери бор экан, деб ўзингизни қийнаманг. Барибир ўйлаб тополмайсиз. Аммо мен Бибихоним ҳақидаги ушбу тарихий бадиани ёзаётган пайтимда юз берган ҳар қандай воқеа, онгимда ғимирлаган ҳар қандай фикр, брагимда уйғонган ҳар қандай ҳис-туйғу Самарқанд Маликасига боғлиқ, деб биламан.

Боболаримиз: “Ўлим ҳақ!” – деганлар. Бунга шак келтирмайман. Бироқ ҳар қандай ўлим ҳам ҳақ бўлмаслигини ҳам биламан. Ана шу алғов-далғов даврнинг занглаган пичоқлари асаб қилларини тинмай арралаётганини, заҳар билан тўйинган ҳавонинг бизни бўғаётганини, мева-чева тугул, ҳатто она сути таркибида пайдо бўлган заҳри қотилнинг гўдаклар умрига завол бўлаётганини кўриб-билиб туриб “Ўлим ҳақ!” – дейишимиз гуноҳ эмасми?!

Бибихоним ҳақида ёзиш шартми? – “Темур билан бир тўшакда ётган бўлса, ётгандир-да, шунинг учун ҳам у ҳақда ёзиш керакми?” – деди бир дўстим. Бу дўстим чўрткесарлиги ва мақсади учун курашдан қўрқмаслиги, шунинг учун ҳам бир оз худбинлиги билан ажралиб турарди. Мен унга ҳеч нима демадим. Дўстимнинг қатъият ва кибр тўла кўзларига қараб туриб, ҳар қандай даъвом барибир унинг ишончидан қайтаролмаслигини англаганим учун унга ҳеч нима демадим.

Бибихоним ҳақида – Амир Темур билан бир тўшакда ётган гўзал аёл ҳақида унинг мўмиёланган жасадининг қисмати ҳақида ёзиш шартми? Бу кимга керак? Бу нимага хизмат қилади?

Халқимизнинг ўтмиши, у қанчалар фожиали ва даҳшатли бўлмасин, барибир биз учун муқаддас бўлиб қолаверади. Қолаверса, бу ўтмиш фақат фожиалар ва қора кунлардан иборат эмас. Кечмиш, фақат буюк ихтиролар ва оламшумул кашфиётлар, қонли савашлар ва улуғ қўзғолонлардангина иборат эмас. У шунинг билан бирга, ҳеч нима рўй бермагандек туюлган бўлса-да, тарих қатламларига сингиб, суғуриб олинса, бутун иморат тўкилиб тушадиган оддий ғиштларга ўхшаш оддий кунлардан ҳам иборатдир. Амир Темур билан бир тўшакда ётган Сароймулкхоним, “паст зот”дан бўлган Жалолиддин Мангуберди қошида иззат-икром билан яшашдан кўра, Чингизхон қозонининг ювиндисини афзал кўрган Турконхотун, беш кунлик дунё ҳой-ҳаваси деб отасининг ўлимига ризолик берган Абдуллатиф, душманга қарши исён кўтарган Бобон ботирни Чор ҳукумати аскарларига тутиб берган Саидхон Каримхоновлардан ҳам иборатдир. Тарих фақат буюк шахсларнинг донишмандлиги ва жасорати эмас, ожиз кимсаларнинг қўрқоқлиги, нодонларнинг сурбетлиги, айёрларнинг фирибгарлиги, соддаларнинг алданишлари ҳамдир.

“Клеопатранинг бурни бир оз бўлса-да, қийшиқ бўлганда, инсоният тарихи бутунлай бошқа йўлдан кетиши мумкин эди”, деган эди Паскаль. Шундай экан, темурий подшоҳзодалар тарбияси ишониб топширилгани Бибихонимнинг Темур тузган буюк салтанатда тутган ўрни ҳақидаги далолат эмасми? Шу далолат туфайли биз маликанинг салтанат измига, демак, тарихимиз измига кўрсатган таъсири ҳақида ёзмасак адолатдан бўладими?

Тўғри, Клеопатра бурнининг тарихга таъсири ҳақида Паскаль фикрига ғайрича мулоҳаза ҳам бор. Буюк япон адиби Рюноскэ Акутагава бу ҳақда шундай ёзади: “Клеопатранинг бурни сал қийшиқ бўлган тақдирда ҳам, Антоний буни сезмаслиги истисно эмас. Кўрган-билган тақдирда ҳам бу иллат ўрнини боса оладиган фазилат топган бўларди. Бутун жаҳонни остин-устун қилиб ҳам севгилимиздан фазилатлироқ аёлни топа олмаймиз. Биз ўз севгилимизни кўриб маҳлиё бўлганимиздек, Антоний ҳам Клеопатранинг кўзлари ёки дудоқларидан иллатни бутунлай ёпиб юбора оладиган фазилат топган бўларди. Бунинг устига “Қалбчи, қалб!” дейишимиз ҳам мумкин. Аслида маҳбубамиз барча даврларда энг юксак қалб эгаси бўлиши табиий. Либоси, бойлиги ва жамиятда тутган ўрни ҳам унинг фазилатлари ҳисобига ўтади. Ҳатто шундай ҳодисалар бўлганки, уни қачондир, қайсидир машҳур киши севгани ҳақидаги миш-мишлар ҳам фазилат саналган.

Клеопатра дабдабаю, сир-асрорга ўранган сўнгги Миср маликаси эди. У бошида қимматбаҳо тож, қўлида нилуфар ёхуд бошқа бирон гул тутиб, дунёни муаттар ифорларга тўлдириб мағрурона ўтирганда, наҳотки бирон-бир кимса, айниқса, Антоний унинг бурнининг ҳиёлгина қийшиқлигини сезса?

Бундай ўз-ўзини алдаш фақат муҳаббатгагина хос эмас. Биз айрим ҳоллардагина дунёни ўзимиз суйган рангин бўёқларга бўяймиз. Масалан, тиш дўхтирнинг эшигидаги лавҳани олайлик. Тишимиз оғриғини бир лаҳза бўлса-да, унутиш учун бу лавҳани кўз олдимизга келтиришга қанча уринмайлик, қанча истамайлик, барибир кўролмаслигимиз тайин. Албатта, тишимиз оғриғининг дунё тарихига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Аммо бундай ўз-ўзини алдашга халқ кайфиятини билмоқни истайдиган сиёсатдонлар ҳам, ғанимлар вазиятини билишни суйган ҳарбийлар ҳам, молиявий аҳволни билишни хоҳлаган корчалонлар ҳам мойил. Ақл ва фаросат эса бу ҳолга тузатиш киритиб боришини рад этолмайман. Шу билан бирга, барча инсоний ишларини бошқариб тургувчи “тасодиф” борлигини ҳам тан оламан. Балки ҳақиқатан ўз-ўзини алдаш тарихни бошқариб борадиган абадий кучдир.

Қисқаси, икки минг йиллик инсоният тарихи ўз қаърида “йилт” этиб ўтган Клеопатранинг бурни қандайлигига боғлиқ бўлмаган. У кўпроқ бизнинг тайёр аҳмоқлигимизга боғлиқ. Кулгули, бироқ буюк аҳмоқлигимизга боғлиқ”.
Клеопатра бурнининг тарихга таъсири ҳақидаги ғайри бу мулоҳазадан ҳам “Бибихоним ҳақида ёзиш шартми?” деган аволга жавоб топиш мумкин деб ўйлайман.

Бир неча йиллар ўтади, бугун биз тупроққа топширган гўдак ҳам ўтмишнинг бир бўлагига айланади. Шундай бўлмайди, деганлар, хато қиладилар. Шундай экан, энг оддий нарса, масалан, Клеопатра бурни, Бибихоним жасадининг бир жимжилоғи йўқлигиям, тарихга бўлган муносабатимиздан белгилаши мумкин. Ўтмиш билан бугун бир-бирига тугиб боғланган ип эмас, улар узлуксиздир. Ўтмишда қилинган ҳар қандай гуноҳ нафақат ўша олис гуноҳкорларнинг, шу билан бирга бизнинг ҳам бўйнимизда. Ўтмишда қилинган ҳар бир эзгу иш учун келажак кишиларнинг ҳам юзи ёруғ бўлажак. Ўтмиш билан бугунги боғлаб турган нарса ёлғиз келажакдир.

Бу дунёда энг саодатманд лаҳзалардан бири ниҳол ўтказмоқдир. Ичи қора одам дарахт ўтказмайди. Дарахт эккан одам уни фақат ўзи учун эмас, туғилган ва туғилажак фарзандлари, неваралари учун ўтқазади. Тарих эса боболар боғидир. Йиллар, асрлар ўтиб бу боғда бир дарахт етишмаслиги билиниб қолади. Бу бугун биз тупроққа берган бола ўтказа олмаган дарахт бўлиши мумкин…

32

Самарқанд шаҳри яқинида Мингтут деб аталадиган ер бор. Бибихоним билан боғлиқ афсоналарнинг бирини шу Мингтут билан боғлашади.

Эмишким, Самарқанд яқинидаги қишлоқлардан бирида бир чол бўлган. Қариб-қартайган чол бефарзанд экан. Шунинг учун ҳам у пешонасидан қора ёзуққа чора тополмагандан кейин: “Мендан бир мерос қолсин”, — деб тут кўчати экиб, катта боғ бунёд қилибди.

Аммо чолнинг бу боғига кўз тиккан қишлоқ бойларидан бирининг туҳматига ишониб, Амир Темур боғбон чолни ўлимга буюрибди. Бундан хабар топган Бибихоним Боғи Дилкушода дам олаётган Соҳибқирон ҳузурига бориб:

— Давлатпаноҳ, боғбон чолнинг қонидан кечишингизни сўраб келдим, — деди.
— Нечун? – деб сўрабди Амир Темур. У суюкли хотинининг ҳеч бир сўзи бекор айтилмаслигига кўникани учун Малика илтимосининг сабабини билмоқчи бўлибди.

— Боғбон чолнинг минта фарзанди бор экан, агар сиз уни қатл этсангиз, ул бегуноҳларнинг ҳам нобуд бўлишига сабабчи бўласиз, — деб жавоб берибди доно Малика.

Амир Темур ҳайрон қолибди. У ҳали бу дунёда минг фарзанд кўрган одам борлигини эшитмаган экан. Шунинг учун ҳам, Бибихонимга “Ўйлаб гапираяпсизми, маликам?” дегандек истеҳзоли назар ташлабди. Буни сезган малика Соҳибқиронга таъзим қилиб, шундай дебди:

— Агар давлатпаноҳ истасалар, мен ул фарзандларни сизнинг муборак назарингизга кўрсатай.

Амир Темур ўзини ҳайрон қолдирган жумбоқ сирини тезроқ билиш мақсадида тахтиравон келишини кутиб ўтирмай, севимли чипор отига минибди. Оппоқ отига минган Бибихоним йўл бошлабди.

Дарахтлар сояси ошмай, улар боғбон чол яшаган қишлоққа етиб келибдилар. Бибихоним қишлоқ чеккасида яшаб турган тутзорни кўрсатибди.
— Мана, мен айтган боғбон чолнинг фарзандлари. Мингта тутнинг ҳар бири чол учун фарзанддай бўлиб қолган. Агар уни қатл қилсангиз, бу фарзандлар ҳам нобуд бўладилар.

Амир Темур яна бир марта суюкли хотинининг фаросати ва оқилалигига таҳсин ўқиб, навкарларнинг бирини Самарқандга жўнатиб, боғбон чолни зиндондан озод қилиб, қишлоғига қайтаришни буюрибди…

Биз – ўша боғбон чол, оқила малика ва жангари жаҳонгирнинг бугунги зурриёдлари не-не қадимий боғларни, не-не илм-маърифат чаманларини пайҳон қилдик, боболар эккан дарахтлар илдизига болта урдик. Бу фожиаларнинг барчаси, ўйлашимча, юракларимиз боболар кечмиши ва улардан мерос қолган муқаддас ўгитлардан узилгани оқибатида содир бўлди ва бўлаётир.

Биз ҳам дарахтлармиз, илдизимиз эса ўша боболаримиз кечмишида. Илдизларимиз нақадар чуқур ва бақувват бўлса, баттол даврнинг қора бўронлари-ю, нотанти ҳукмдорлари зулми бизни ҳеч қачон енголмаслигини англагин, дўстим…

33

Кўҳак томондан эсаётган салқин шамол Конигил боғларнинг атир исини олиб келиб уйғоқ дилларни безовта қилар, бу дунёнинг оний эканини эсга солиб ожиз кимсаларга азоб берарди.

Бўстонсарой айвонида ухлаб ётган неваралари боши устида ухламай тонг орттиришга кўникиб қолган Бибихоним алла айтарди.

У, мана неча йилдирким, соҳибқироннинг хотинларидан туғилган ўғилларни ўзи бош бўлиб улғайтиргач, энди уларнинг болаларини – жаҳонгир невараларини тарбиялаб келмоқда.

У Амир Темурга текканида йигирма етти ёшда эди. Олдинги эри – Амир Ҳусайндан ҳам, ундан сўнг уни никоҳига олган Соҳибқирондан ҳам фарзанд кўрмади. Фарзандсизликдан ортиқ алам бормикан бу жаҳонда? Кўп бефарзанд аёллар ўз қора қисматлари туфайли болаларни – улар бошқалардан туғилгани учун ёмон кўриб қолишади. Бироқ, Бибихоним фарзандсизлик туфайли болаларга янада қаттиқроқ меҳр қўйди. Шу меҳр туфайли ҳатто умрида бола кўрмаган вужуди уйғониб, кўкрагидан сут келган пайт ҳам бўлди. Шу меҳр туфайли унинг аллаларини эшитиб улғайган темурий амирзодалар уни оналаридек суюб, иззат-икром қилардилар.

Неваралари ичида энг зийраги бўлмиш Муҳаммад Тарағай ухламай осмондаги юлдузларга тикилиб ётганини кўрган момо жилмайди. “Бу бола намунча юлдузларга тикилишни яхши кўрмаса!” – деб ўйлади.
— Ухланг, Улуғбек, — дея шивирлади Бибихоним бошқа невараларини уйғотиб юбормаслик учун. Исми Муҳаммад Тарағай бўлса ҳам, бобоси ва момосининг унга бўлган меҳри зиёдлигини, айниқса зеҳни жуда ўткирлигини кўрган сарой аҳли мурғак мирзога Улуғбек деб ном қўйган. Амир Темур ҳам, Бибихоним ҳам шу исм билан чақиришга ўрганиб қолгандилар.

— Моможон, юлдузлардаям одам яшайдими? – деб сўради Улуғбек бибисининг сўзини эшитмагандек.
— Билмайман, болам, билмайман. Тангрининг ўзи билмаса, бандаси билмайди.

Бибихоним невараси ёнбошида ётган “Зижи жадиди Элхоний” китобини кўриб, унинг шу ёшда бундай мураккаб китобни ўқиётганидан ташвишланиб сўради.

— Улуғбекжон, бу китобни ўқиган билан уқармикансиз?
— Йўқ, бибижон, ўқиғон билан англамоғим бисёр мушкул бўлмоқда, — деб очиғини айтди Улуғбек.

— Улғайсангиз, албатта, бундан мушкул китобларни уқарсиз, болам.
— Улғайсам, ўзим бир расад тиклаб юлдузларда одам яшайдими, йўқми, албат билиб олурман. Уларнинг сирини очгувчи мана шундай бир китоб тузурман.

Кекса Малика шу ёшида улкан мақсадлар билан яшаётган неварасига меҳр билан боқар экан, унга узоқ умр тилаб, ичида дуолар ўқиди. “Аммо, бу замон қилич чопқилаганники”, деб ўйлади у алам билан. Унинг бутун умри тинмай жангу-жадал қилган жаҳонгир эрининг ёнида ўтди. Кўп марта лахталаб қонлар оққанини, сонсиз шаҳарлар вайрон қилинганини кўрди, неча марта қиличлар зўр келиб, китоблар ёнганига гувоҳ бўлди. Аммо ҳамма ерда баджаҳл эри қалам ва санъат эгаларига меҳр-шафқат кўрсатганини ҳам кўрди.

Бибихоним “Кечмишинг оғир бўлғай!” деган назарда неварасига термилди. Улуғ Соҳибқирон қалам ва санъат аҳлига қанчалик марҳамат қилмасин, барибир ўзининг ўғиллари ва невараларига энг аввал қилич ва жасорат эгалари бўлмоғини талаб қиларди. Аммо тақдири азал ҳамиша ўз йўриғини ўтказган, ҳатто жаҳонгирлик даъвосида юрган банданинг талаби ҳам уни ўзгартиролмасди. Самарқанд етти иқлимдан йиғилган санъат ва адабиёт аҳли туфайли пойтахт ҳавосида шеър ва мусиқа нафаси ҳукмрон эди. Шу сабабдан улуғ жаҳонгир амирзодалар юрагида қатъият ва бешафқатлик ҳукмрон бўлишини қанчалар истамасин, тақдир сўз ва соз туйғуларини бу юракларга жойлаб, уларнинг қўлига ҳам қилич, ҳам қалам тутқазарди. Амир Темур ўғли Шоҳруҳ мирзо, кейинчалик невараларидан Султон Искандар, Халил Султон, Абубакр мирзо ғазал битишини эшитиб жаҳл қилган, кейин улар нафақат қаламни, қиличниям зўр тутишини кўргач, тинчланган, ўзини босиб уларни тергашдан ўзини тийганди. Кекса малика жаҳонгир ўзи ғазал битмаса-да, ғазал тинглашни яхши кўришини биларди.

Бибихоним ҳаёл дастидан қутулиб, яна неварасига қаради. Муҳаммад Тарағай ухлаб қолганди. Бироқ, уйқудаям уни ҳали англанмаган сирлар безовта қилаётгани юзидан билиниб турарди. Момонинг юраги “жиз” этиб ачишди. Дам ўтмай жуда паст, деярли шивирлаб айтилган алла Кўҳак шамоллари тунги Конигил боғларидан олиб келаётган гул иси билан қўшилиб оқа бошлади.

Эсласанг, эсламасанг, алла,
Юксалиб ўс, шодмон, алла.
Юрт писанд этса сени, алла,
Қайғудан озодман, алла.

Ўзинг гулзор боғимсан, алла,
Суянганим тоғимсан, алла.
Қоронғи кечаларда, алла
Ёндирган чироғимсан, алла.

Кўкда юлдузинг ёнар, алла,
Тикилиб кўзинг қонар, алла.
Юлдуз сирин билмоқ осон, алла,
Англа, дил ҳам сирли осмон, алла.

34

Олис болалик пайтлари тоғдек бўлиб, туюлган тепа ҳозир йўқ. Уни текислаб ташлашган. Бир пайтлар кафтида тутиб, дунёни танитган болаларнинг ўзи унинг тупроғини полизларига ташиб кетишди. Аммо, у ҳозир бўлгандаям, Самарқанд минораларини, олис тоғларни кўришга орзуманд бола унинг тепасига чиқиб қанча боқмасин, у юксак минораларни ва мовий тоғларни кўролмайди. Бу орада қад тиклаган кўп қаватли бинолар, сонсиз завод мўрилари бола нигоҳини эртакдан тўсиб туради.

Бундан ўн икки йил аввал мен яшаган Анҳор ёқасидаги яшил боғ ҳам йўқ. Уни ҳам текислаб, ўрнида бир-бирига ўхшаш темир-бетон қутиларни териб чиқишган. Бу қутиларда яшайдиган болалар энди гулларга бегона, дарахтларга ёт, юлдузлардан йироқ. Уларнинг кўзида не мунг, на ҳайрат бор – бу кўзларда бефарқлик ва музлаб ётган бўшлиқ ҳукмрон. Бу қутиларда алла янграмайди, баъзан хаста гўдак устида айтилган алла ҳам фақат кекса одамларнинг уйқусини қочириб, уларни безовта қилади:

Хайр, алла…
Хайр, яшил боғим…
Хайр, болаликтепа…
Хайр, Мамат оға…
Хайр, Биби…
Ушбу ёзуқларимни сизларнинг руҳи покингизга бағишлайман…

1990

033

XURSHID DAVRON
BIBIXONIM QISSASI
YOKI TUGAMAGAN DOSTON

011

23

033Кuzning oxiri edi. Havodan yomg’ir hidi kelardi. Osmonda qora bulutlar qirq qavat bo’lib ketgandek…

Gennadiy Valentinovich Popov bilan muzey hovlisidagi yog’och o’rindiqda suhbatlashib o’tiribmiz. Bibixonim haqida gap boshlashim bilan cholning ko’zidan yosh mildirab chiqdi.
— Eh, men uni ko’rganman!.. – dedi u. – Bu voqea Mamat Solihovich Bibixonimning mo’miyolangan murdasini Samarqanddan olib kelgan kunlarning birida ro’y berdi.

Bir kuni ishga kelsam, muzey oldi odamlarga to’lib ketibdi. Hammaning og’zida bitta so’z: “Bibixonim”. “Xuddi tirikdek emish!” degan shivir-shivir.

Bir amallab ichkariga kirdim. Keyin bilsam, o’sha kuni kechasi Yusupov Toshkentdan Bibixonimning mo’miyolangan murdasini olib kelgan ekan. Bu xabar qandaydir anglab bo’lmas tarzda nur tezligida shaharga tarqalgan edi. Muzey oldidagi odamlar soni kun sayin ko’payib boraverdi.

O’sha paytlarda muzey xodimlari tungi navbatchilikda turishardi. Tungi navbatchi – bu, kecha davomida muzeyning to’la xo’jayini demak. Bibixonim Toshkentdan keltirilgan kunning ertasi mening navbatchiligimga to’g’ri keldi. Muzey oldidagi odamlar birin-ketin tarqalib,g’ala-g’ovur ko’cha sukunatga cho’mganda, Toshkentdan qaytgandan buyon muzeyda yotib yurgan Yusupov uxlab qolganiga amin bo’lgach, men kalitlar shodasini qo’limga oldim-da, Bibixonim tobuti turgan xona eshigini qo’rqa-pisa ochdim. Ichkari kirib bir oz turdim, so’ngra qo’lim bilan devorni paypaslab chiroqni yoqdim. Chiroq yarq etib yondi-yu, shu zahoti negadir “lip” o’chdi. Har bir xonada maxsus joyda sham turishini bilganim uchun, gugurt chaqib shamni izlab topdim, so’ng uni yondirib qo’limga oldim. G’ira-shira yorishgan xona burchagidagi Bibixonim yotgan tobut-qutiga qo’rqa-pisa yaqinlashdim. Shamni ko’rgazma taxtalaridan birining ustiga o’rnatib, tobut ustidagi matoni sekin ko’tardim. Qo’llarim titrardi.

Tobut ichida kichkinagina ayol jasadi yotardi. Ayniqsa, oyoqlari juda kichik edi. “Ha, o’sha paytlardayam oyoqqa yog’och kovush kiydirib o’stirmay qo’yish xonlar orasida rasm ekan-da” – deb o’yladim ichimda. Tarixdan kichkina oyoq ayol go’zalligi belgilaridan biri bo’lganini eshitgandim.

Men, Bibixonim xitoylik, deb eshitgandim. Ammo tobutdagi ayol xitoylikka o’xshamasdi. U mo’g’ul yoki turk ayoli ekanligi aniq edi.

Murda boshidagi oppoq soch bir hovuch bo’lib turardi. Qo’l va oyoq barmoqlaridagi tirnoqlar bir oz o’sib qolgan edi. Ayol bosh suyaginingayrim joylarida saqlanib qolgan teri hali o’z rangini yo’qotmagan edi. Malikaning egnidagi kiyimlar juda chiroyli edi. Ko’zimni yumsam bu kiyimlarni aniq ko’ramanu,til bilan ta’riflab berolmayman.
Popov jim qoldi. Papirosni tutatib, chuqur-chuqr ichiga tortdi.

— Ha, aytgandek, uning bir jimjilog’i yo’q edi. O’nginingmi, chapiningmi, hozir esimda yo’q. Keyinchalik surishtirib ko’rsam, bundan yuz yilcha burun Bibixonim maqbarasiga o’g’ri tushgan ekan. Menimcha, o’g’rini biror nima cho’chitib yuborgan bo’lsa kerak, u malikaning bebaho uzugini jimjilog’i bilan yulib qochgan. Qolgan taqinchoqlarini esa bugungi talonchilar o’g’irlagan bo’lishsa kerak.

Taniqli olim M. YE. Massonning “Samarqanddagi Ishratxona nomi bilan mashhur maqbara” maqolasida quyidagi ma’lumotni o’qidim:
“Islom an’analariga ko’ra, marhum murdasi yoniga buyumlar qo’yib dafn etilmaydi. Biroq mo’g’ul an’analari saqlanib qolgan XV asrda temuriylarga tegishli qabrlarda islom aqidalaridan chetga chiqish hollari uchraydi. Jumladan, Samarqanddagi Bibixonim maqbarasida ko’milgan toshtobutdagi ayolning bir barmog’i bo’lmagani ma’lum. Bu hol ayolning qo’lida qimmatbaho uzuk bo’lgani va qabrni ochgan talonchi uni barmoq bilan uzib olgan bo’lsa kerak”.

Bu maqoladan yana shu narsa ma’lumki, Bibixonim qabri noma’lum talonchi tomonidan, keyinchalik yuqorida aytib o’tilgan 1941 yil ochilganidan tashqari, 1927 yildayam rus olimlari tomonidan ochilgan ekan. Bu ochish natijalari bayon qilingan hujjatlar hozir qaerda chang bosib yotgan ekan? Malikaning qolgan taqinchoqlari “Bu qolganiyam o’g’irlanmasin” degan maqsadda o’sha paytda olinmaganmikan? Agar olingan bo’lsa, ular qaerda saqlanmoqda? Milliy boyliklarimiz bo’lmish bu noyob san’at namunalarini ko’rish bizga nasib qilarmikan? Yoki ular ham, hozir oshkor bo’lganidek, ochlik yillarida chet ellardan sotib olingan donu-dun evaziga to’langan bir qator qimmatbaho asarlar va buyumlar qatorida berib yuborilganmi? Qachon va kim bu sirlarni bizga ochib berar ekan?

Popov bilan xayrlashib, ko’chaga chiqdim. Ko’ksimni nimadir ayamay g’ijimlar, faqat dala bepoyonligi meni bu azobdan xalos etadigandek tuyuldi – shahar chekkasigacha avtobusda yetib oldimu, dala kesib qishloqqa piyoda ketdim.
Tegramda kech kuz pallasi, uzum va anjir g’arq shiraga to’lgan. Zamindan to falakka qadar havo kuz mevalarining xush islariga to’yingan. Hosili yig’ishtirilgan dalalar haydalib shudgor qilingan, dalaga chiqarilgan go’ng va deyarli har kuni falakdan anqib turgan yomg’irning ajabtovur hidi taraladi. Havo salqin. Ammo chinakam sovuq hali yiroqlarda: qishloq chorbog’lrida binafshalar, savsargullar osilib yotibdi, olachalpoq na’matak butalarida qip-qizil mevalari tovlanadi, chinnigullar, hademay qor ostida qolib qaddi bukilishini sezganday alamli titraydi.

Kuzda qosh erta qorayadi, g’ira-shira parda juda tez quyuqlashib, chor atrof bir zumda zulmat qo’ynida qoladi. Shom paytlari yomg’ir tok barglarini shitirlatib yog’a boshlaydi. Yaproqlarini to’kkan daraxtlar tanasi yomg’irda cho’milaverganidan top-toza. Kuz yomg’iri kechasi bilan yog’ib chiqdi. Bunday paytlarda uyda, deraza yonida o’tirib tashqariga tikilishning gashti bo’lakcha. Deraza oynalari yuzida sizilib oqayotgan yomg’irga tikilarkanman, olis o’tmish hasrati yuragimda g’imirlayotganini tuyaman. Tuyamanu, yomg’ir shiviriga quloq tutib o’ylayman: “Ho’v, shaharda, qadimiy bozor yaqinidagi maqbarada go’zal ayol qabri bor. Uning dunyodan ko’z yumganiga olti asrdan ko’proq vaqt o’tdi. Ammo o’sha paytdayam xuddi shunday yomg’ir yoqqan, odamlar deraza oynalarida sizilib oqayotgan yomg’irga maroqlanib boqishgan. Bu yomg’ir abadiy, biz esa… ammo, shu yomg’ir sabab, necha ming yillardan so’ng ham kimdir bizni eslashi mumkin…”

24

O’sha kecha Bibixonim tushimga kirdi. Men sham tutib, qop-qorong’i xonaga kirib kelganmishman. Birdan sham shu’lasida g’ira-shira yorishgan zulmat ichidan bir sharpa chiqib kela boshlabdi. U juda go’zal, qordek oppoq sochlari o’ziga yarashgan, egniga zarbof qabo kiygan ayol edi. U to’xtab menga tikilib qoldi.

Birdan zulmat qochib, hammayoq yorishib ketdi. Olisda moviy gumbazli shahar ko’rinib turgan emish. Men bo’lsam qor bosgan keng bir dalada o’sha go’zal ayol bilan yuzma-yuz turarmishman. Uning chap qo’lidagi jimjiloq o’rnidan oppoq qorga qip-qizil qon tomchilayotganmish. Qon bug’lanib qorni o’yib borayotganmish.

“Sen kimsan?” – dedi oppoq sochli ayol.
“Nevarangman, ena!” – dedim.
“Sovuqqotyapman, bolam, — dedi oppoq sochli ayol. – Men juda sovuq qotyapman… Sovuq qotyapman, bolam”.

Yana birdan zulmat cho’kib, ko’z o’ngimda tobut va unda yotgan oppoq sochli go’zal Malika paydo bo’ldi. “Sovuq qotyapman, bolam”, — deb shivirlardi u tinmay. Tishi-tishiga tegmay takillar, dir-dir qaltiray boshlangandi Samarqand Malikasi. Tikilib qarab, uni toshtobutda emas, ulkan muz bo’lagi ichida yotganini ko’rdim.

Uyg’onib ketganimda ko’ksim zirqirab qaqshardi. Go’yo muztobutda yotgan sochi oppoq Malikaning ta’nali nigohi kelib ko’ksimga sanchilgan va jarohatlagandek edi.

Tush kun bo’yi qilgan mulohazalarimning aksi edi. Aslida Bibixonim emas, men sovuqqotgan edim bu dunyoda. Bibixonim emas, men o’zim muz bo’lagi ichida yotardim.

25

CHALA QOLGAN DOSTONDAN:

Men shovqinga to’la bozordan
Hayrat to’lib tanu-jonimga,
Termilaman ko’kka intilgan
Ulug’ xayol – Bibixonimga.

Termilaman, topaman izlab –
Huv, xaroba ko’k gumbaz uzra
Ertak qaddin tiklamoq istab
O’y suradi munkaygan usta.

U qovjiroq, titroq qo’llarin
Bo’ysundirib irodasiga,
Quloq solar naqshlar kuylagan
Muhabbatning hikoyasiga.

Olislarda guvillar bog’lar
Uchib ketmoq bo’lgandek yerdan,
Usta tubsiz samoga boqar
Va ko’zlari qamashar nurdan.

Unga ko’kdan tangri so’z qotar –
Sukut sinar naq shishasimon,
Xira ko’zlar qa’riga botar
Gumbaznamo shaklda osmon.

Shunda yonib shiddatdan qalbi
Pastga – yerga tashlaydi nazar,
Unda oniy daqiqa kabi
Uchib o’tar bahorlar, kuzlar.

Bilar: pastda sharafu-olqish,
Bilar: pastda qarilik – xasta.
Fisqu-fasod, g’iybatu-tashvish
Bari pastda, barchasi pastda.

Pastda bo’g’iq suronga to’lib
Oqib yotar qadim ko’chalar,
Pastda malla sochin silkitib
So’kinadi mast yordamchilar.

Pastda to’plar ko’kdan qulatgan
Yaralangan g’ishtlar, naqshlar,
Pastda haqning so’zidan qaytib,
Yolg’on aytish, yolg’on to’qishlar…

Bunda esa gumbaz va osmon
Bir-biriga qorishib yotar,
Botayotgan quyosh osmonning
Va gumbazning bag’riga botar.

Bunda dilda parvozning hissi
Mudom uyg’oq…
YO Rabbim, nahot?!
Ko’kni qo’msar zanjirlar qisib,
Oddiy qo’lga aylangan qanot…

26

Hijriy sakkiz yuz yettinchi yili jumadil-avval oyining yigirma to’rtinchi kuni, (melodiy 1404 yilning yigirma sakizinchi noyabrida) Amir Temur bir umrlik orzusi – Xitoy mulkini zabt etish niyatida Samarqanddan chiqdi.
Dastlab Oqsulotga kelib bir oycha manzil qurdi. Jumadil-oxirning poyonida jahongir qo’shini yana yo’lga otlandi. Uch hafta davomida uzoq yo’l bosib O’trorga yetdilar. Amir Temur shahar qutvoli Berdibek qo’rg’oniga borib qo’ndi. Saroymulkxonim har galgidek eri bilan birga edi.

Amir Temur O’trorda bir oydan ko’proq turdi. Sohibqiron qaerda bo’lsa, saltanat taxti o’sha yerga norasmiy ko’chardi. Ulkan saltanatning har bir burchagida bo’lib turgan voqealaru “Hech kim eshitmaydi” deb o’ylab pichirlab aytilgan gaplargacha tez orada bir quloqqa – Amir Temur qulog’iga kelib yetardi. Hirotdan – Shohruh mirzo, G’aznadan – Pirmuhammad Jahongir mirzo, Toshkentdan – Xalil Sulton mirzo, Ozarbayjondan – Mironshoh mirzo, Yassidan – Sulton Husayn, saltanat markazi – jannatmonand Samarqanddan shahar qutvoli Arg’unshoh yuborgan choparlar va xufiyalar har kuni kelib, davlatning yaxshi-yomon gaplaridan uni ogoh qilishar, har bir tadbir uchun maslahatlar so’rardilar.

Berdibek qasrida har oqshom kengash bo’lar, unda saltanat ahvoli, bo’lajak yurishga tayyorgarlik masalalari qayta-qayta ko’rilardi. Biroq, reja amalga oshmadi. Hijriy sakkiz yuz yettinchi yil sha’bon oyining boshida navkarlariga yaqinroq bo’lib, tayyorgarlikni nazorat qilish maqsadida Amir Temur shahardan chiqib qarorgohda o’tov tikdi. Garchi qish avjida bo’lsa ham u bahor kelishini intizorlik bilan kutayotgan navkarlariga “Bahor yaqin, tezda qo’zg’alamiz!” degan tuyg’uni mustahkamlamoqchi bo’ldi. Ammo, u o’tov tikib chiqqan kundan hafta o’tmay yana qor yog’di. Bir kun oldin shamol bilan uchib kelgan achqimtil islardan ko’pni ko’rgan keksa navkarlar sergak tortdilar: bu qordan darak edi. Bir kun oldin Sohibqironning butun vujudi, ayniqsa, olovli yigitligida kechgan janglarning birida shikastlangan oyog’i zirqirab og’riq boshladi: bu ham qordan darak edi.

Bu safar qor uch kun tinmay yog’di. Olaquroq bo’lib qolgan dasht yana qalin qorga ko’mildi. Qor tingan kundan boshlab esa sovuq kuchaydi, qarg’alar gala-gala bo’lib shahar tomonga ko’chdi. Lashkar turgan yalanglik atrofidagi tepaliklar ustida bo’rilar galasi izg’iy boshladi. Ularning ko’zlariga qon to’lgan, ozg’in etlaridagi junlar sovuqning zo’ridan tikkayib turardi. Bo’rilar, odamlar, otlar va tuyalar atrofida aylanib, o’lja poylab pisib yurardilar. Navkarlar endi o’tinga ham, daryodan suv olib kelish uchun ham yakka-yolg’iz emas, ko’plashib boradigan bo’ldilar.

Sirdaryo yuzini muz qopladi, uning o’rkach-o’rkach bo’lib yugurgan to’lqinlari tizginlandi. Ammo diqqat qilgan kishiga muz ostidan beorom suvning osuda shildir-shildiri eshitilardi. Sovuq kuchaygandan kuchayib, tez orada muzlagan daryo otliqni bemalol ko’taradigan bo’ldi. “Bunaqada erta-indin muz teshib, suv olishimiz ham mushkul bo’lib qoladi-ku! – deb ming’irlashardi suv tashishga buyurilgan navkarlar.

Qor tindi-yu, osmon tiniq tortdi. Quyosh qor bosgan tepaliklar uzra jahongir ixlos qo’yib, Xo’ja Ahmad Yassaviy mozori ustiga tiklatayotgan maqbara gumbazi monand niliy falakda xuddi sarg’imtir dog’ kabi ufqqa qarab siljib borardi. Bu limudayin sarg’imtir dog’ yerga taft emas, sovuq purkardi. Cheki-chegarasi ko’rinmagan Dashti Qipchoq kengliklarining har bir qarichi mana shu sovuqdan qotib qolgandi.

Xira sariq dog’ bo’zarib turgan osmonda och burgutlar charx urib aylanardi. Ular goh to’satdan o’qday bo’lib pastga sho’ng’ir va panjalarida tipirchilagan tovushqon yoki ochlikdan sulayib qolgan tulkini changallab yana shiddat bilan yuksakka ko’tarilardilar. Xuddi mana shunday to’satdan chang solgan xastalik AmirTemurni to’shakka yotqizdi.

Voqea bunday bo’ldi. Qor tingan kundan ko’p vaqt o’tmay, Amir Temurga qalmoqlar bosh ko’tardilar, degan xabarni yetkazdilar. Sohibqiron bu gapni eshitgach, “Safarga chiqilsin!” deb farmon berdi. Ammo huzuridagi jangdan ko’ra, farog’atini o’ylagan ayrim amirlar qalin qor va qattiq sovuqda yo’l bosish mushkul, safarni kechiktirish ma’qul, degan maslahatni o’rtaga soldilar. Bu gaplar Sohibqironga yoqmadi.

Shuning uchun ham maslahatgo’y amirlarga qasdma-qasd, qolaversa, qor va sovuqni pisand qilmasligini ko’rsatish va lashkar ruhini ko’tarish maqsadida qarorgoh o’rtasida kursi qo’yib, sartaroshga sochini oldirdi. Mana shu o’ylanmay, qasdma-qasd qilingan ish sabab bo’ldi-yu, kechga borib Sohibqironning ko’zlari yoshlanib, ovozi bo’g’ilib qoldi.

Isitmasi ko’tarilib, bir necha kun davomida uning tomog’idan bir tishlam non, bir ho’plam suv ham o’tmay qoldi. Bu dard qaerdan ilashdi, nahotki Chinu-Mochinni ololmay, ona yurtdan olisda, cho’lu-biyobonda yo’l yo’qotib, sovuqda qotgan gadodek o’lib ketsa? Nahotki? Ikki-uch kun ichida jussasi kichrayib qolgan xasta chol zaiflik va alam og’ushida og’ir-og’ir, qisqa-qisqa nafas olarkan, ko’zlarini zo’rg’a ochib, kirib kelgan har odamdan madad kutgandek boqardi. Dard uni hamma bilan tenglashtirib qo’yganini o’ziyam sezardi.

Hukmdorning qattiq betoblanib qolgani haqidagi sovuq xabar hammadan ko’ra nevaralari bilan O’trorda – Berdibek qasrida qolgan Saroymulkxonimni gangitib qo’ygan edi. Axir, uning bu dunyoda suyanadigan kishisi bo’lsa, yolg’iz shu eri edi. Na ota-onasi, na og’a-inisi, na qavm-qarindoshi bor – shu eridan boshqa dardini eshitadigan hamdardi yo’q.
U shoshilinch shahardan chiqib, jahongir qo’nalgohiga otlandi. Xasta sohibi davlat yotgan o’tovga otilib kirib, hukmdorning bir guruh beklaru, bir necha xos tabib qurshovida ko’rpa-yostiq qilib cho’zilib yotganini ko’rganda yuragi qinidan otilib chiqib ketayozdi, ko’zlaridan tirqirab yosh oqdi. Ichida xudoga yolbordi: “YO Rabbim, inoyatingni ayama, meni yolg’iz qoldirma, uning jonini olar bo’lsang, avval menikini ol!” Hukmdor yoniga kelib cho’kkaladi-yu, uning rangi qochgan yuziga tikildi. Tikilarkan, erining ko’zlari shukuhsiz va shuursiz ekanini ko’rib qayg’urdi. Qayg’urayotgan malika Sohibqiron yuzida sovuq ajal alomatlarini ochiq-oshkor his qilgan edi.
“Ichimda olov yoqib qo’yishgandek… – dedi bemor Saroymulkxonim bilan yakka-yolg’iz qolganda. – A’zoyi-balanimni yondirayapti, bu olov!” Saroymulkxonim uning peshonasiga kaftini bosarkan, manglayi muzday ekanligini sezib, erining so’zidan ajablanardi.

To’rt-besh kun o’tgach, Amir Temur “Xomsho’rva qaynatib beringlar”, — deb buyurdi. Sohibqiron bolaligida onasi pishirib beradigan eng sevgan taomini eslagandi. Qachon shamollasa xomsho’rva qaynatardi. Otasi – Amir Tarag’ay bilan to’yib-to’yib ichishardi. Otasining peshonasini ter bosar, uning yalt-yult tovlanganini ko’rib, bola vujudida mehr jo’shib ketardi. Biroq, otasiga bilintirmasdi – otasi bunaqa narsalarni yoqtirmasdi. U otasini juda qattiq yaxshi ko’rardi, besh olti yasharligida otasi to uyga qaytmaguncha ko’zini yummasdi. Otasining uyga kirganini ko’ardi-yu, o’sha zahot uxlardi-qolardi. Otasi uni biror marta chertmagan bo’lsa-da, qanchalik yaxshi ko’rmasin, bari bir otasidan nima uchundir hayiqib turardi. Ammo uning bu hayiqishidayam bolalik mehri jo bo’lganini mana endi shu yoshga yetib, buyam xastalik sabab angladi.

Xomsho’rvani qaynoq ichishni yoqtirgan hukmdor xo’rillatib xo’plar ekan, qornida yig’ilayotgan issiqlik asta-sekin oyoqlariga, kiftiga, sovuqqotgan oyoq barmoqlariga tarqar va tomirlaridagi iligan qon ham bir oz sokinlashgandek bo’lardi. Samarqand noni burdalanib solingan sho’rvani har xo’plaganda, u botiniy rohat bilan “O’h-o’h” deb qo’yardi. U sho’rvadan keyin erta turib ketsam ajabmas, degan o’yda mahkam o’ranib yotdi. Ammo yarim tunga borib, yana isitmasi ko’tarilib, a’zoyi badani qiziy boshladi. O’n kunlarcha vaqt o’tib hukmdorni yoqib-yondirgan, azob bergan dardga yana bir boshqa dard qo’shildi. Biroq, hukmdor uning nima ekanligini avvaliga anglay olmadi. Anglagach esa kun davomida hech kim bilan gaplashmay o’yga botdi. Bu qo’shilgan dard: “Mabodo Tangrining irodasi amalga oshsa, mendan keyin saltanat taxtini kim egallashi mumkin?” – degan so’roq og’rig’i edi. U bu so’roqqa javobni faqat hozir emas, balki bundan oldin ham o’ylagandi. Ammo avval o’ylagani reja bo’lsa, bu gal u qaror qabul qilishi shart edi. U o’zicha bir qarorga kelib, ko’ngliga tugib qo’ydi.

Amir Temur qat’iy qarorga kelgan kundan hayal o’tmay, bir kecha g’alati voqea sodir bo’ldi. Sohibqiron to’shagi yonida ko’rpacha yonboshlab yotgan va bir necha kunlik uyqusizlikdan toliqqan Saroymulkxonim ko’zi yumilganini sezmay qoldi. Allamahal bir nimani sezgandek seskanib uyg’onib ketgan Malika Sohibqiron to’shagiga ko’z tashladi-yu, qo’rqib ketdi. To’shak bo’m-bo’sh edi. U shoshilib tashqariga otildi. Eshik oldida turgan posbon malika vajohatini ko’rib, angrayib qoldi.
— Sohibqiron qani? – dedi malika qalt-qalt titrab.

Posbon nayzasi uchi bilan qarorgohni o’rab turgan tepalar tomonni ko’rsatgach, Saroymulkxonim hapqirib o’sha yoqqa qarab ketdi. U qarorgoh chetiga yetgach, olisda boshqalariga qaraganda bir oz yuksak tepa ustida turgan odam sharpasiga ko’zi tushdi. Malikaning o’rgangan ko’zi sharpa Sohibqiron ekanini osongina ilg’adi. Saroymulkxonim tepaga harsillab o’rlab borarkan, bu voqeani qanday izohlashni bilmay garang edi.

Amir Temur tepa ustida turgancha mag’rib yoqqa tikilardi. Zulmat quchgan falakda yulduzlar charaqlab turar, oy esa Sohibqiron tikilgan taraf ufqiga og’ib qolgan edi.
— Hazratim, nechun bundoq qildingiz? Shundoq sust ahvolda sovuqqa chiqishingiz boisi ne? – dedi Malika hayajonini yashirolmay.
— Qo’rqib ketdingizmi, Bibi? – deb so’roqqa so’roq bilan javob qaytardi Amir Temur.
— Qo’rqmay bo’larmi, hazratim?
— Mani bir lahzaga yo’qotib qo’rqsangiz, bu yog’i ne bo’lur?
— Bu yog’i deganingiz ne, hazratim. Mani buncha qo’rqitmang…
— Qo’rqmang, Bibi, qo’rqmang… – Turon sultoni shunday deb jim qoldi. So’ng g’alati ovozda shivirladi: — Men tug’ilgan, sizni topgan yerim o’sha tomonlarda… – u mag’rib tomoni ko’rsatdi.
— Hazratim, nechun bundoq qildingiz7 Bo’ldi, bo’ldi, ketdik… – deli Malika eriga talab ohangida gapirayotganidan o’zini g’alati sezib.

Amir Temur indamadi. So’ng “ma’qul» degandek, bosh irg’adi-da, madorsiz holda bazo’r odim tashlab tepadan tusha boshladi.

Ular o’tovga qaytib kirganlarida, yorug’ tushib, malika erining ahvolini ko’rdi-yu, yig’lab yubordi. Sovuqdan qaytib kirgan Sohibqiron yuzida dona-dona ter tomchilari yaltirab turardi.
— Nechun… nechun bu ahvolda sovuqqa chiqdingiz, hazratim?
— Tush ko’rdim, Bibi, g’alati tush.
— Sizni to’shakdan turg’izgan ne tush ekan?

— Ikki chetini qamish bosgan bir yo’ldan ot choptirib borarmishman… – Amir Temur shu so’zni aytdi-yu, ko’zini yumdi. So’ng shu alfozda, go’yo gapirib berayotganlarini ko’rib turgandek, so’zida davom etdi: — Nogoh otim yo’l chetidagi qamishlar shitirilab ketganidan qo’rqib, orqaga tislanib ketdi-da, kishnab yubordi. Shoshib o’sha shitirlagan qamish tomonga qarasam, qamishzor ichidan rahmatlik otam otda chiqib kelayotgan emishlar… Angladingizmi, Bibim, rahmatlik padari buzrukvorim. Hayratga tushganimdan otimning jilovini o’zimga mahkam tortdim-da, irg’ib otdan tushdim. So’ng otam istiqboliga qarab yugurdim. Endi yetay degandim, otam xuddi meni ko’rmagandek, yonimdan ot surib o’tdilar-da, egardan tushmay, otimning egar-jabdug’ini bo’shatib, yechib oldilar. So’ng… so’ng tag’in oldimdan ot choptirib o’tib, qamishzorga kirib ko’zdan g’oyib bo’ldilar… Men ortlaridan rosa chopdim. Yuguraverib, a’zoi-badanim qizib ketdi, terga g’arq bo’ldi, yuzu-qo’limni qamish tilib, achisha boshladi… Mundoq uyg’onsam, badanim o’t bo’lib, terdan ho’l bo’lgan to’shakda yotibman. Qandoq o’rnimdan turdim, qandoq tashqariga chiqdim – bilmayman…
— Padari buzrukvoringizni tush ko’rgan bo’lsangiz ne bo’libdi? – dedi erini hikoyasini eshitib, ko’ngli alag’da bo’lgan Saroymulkxonim gapni chalg’itib.
— Bu bexosiyat tush, Bibi, padari buzrukvorim otimning egar-jabdug’ini olib ketdilar. Angladingizmi, ne ishora bu?

Saroymulkxonim indamadi.
— Paymonam to’lganiga ishora bu, — deb o’z so’rog’iga o’zi javob berdi Amir Temur.

Jahonning yarmini zabt etib, yarmini qo’rquvga solgan jahongir qaytib o’rnidan turolmasligini payqagach, taqdirga tan berib, eng sodiq amirlarni huzuriga chorladi va gapni cho’zib o’tirmay, o’zidan keyin Pirmuhammad Jahongir saltanat egasi bo’lishi haqidagi so’nggi amrini e’lon qildi. Amirlariga qanchalik ishonmasin, bu so’nggi hukmini bajarishlarini talab qilib ularni ont ichirdi. Amir Temur Ko’ragon sakkiz yuz yettinchi yil sha’bon oyining o’n yettinchisida – 1405 yilning 18 fevralida yetmish yoshida olamdan o’tdi. O’limi oldidan o’zini bilmay yotgan Sohibqiron bir dam ko’zini ochdi-yu, o’tov tepasidagi tuynukdan qop-qorayib yotgan falakka tikilar ekan:
— Bu ne sinoatdur? – deb pichilardi-da, joni uzildi. Jahongirning ko’zlari ochiq qolganini ko’rib, uning qabog’ini ohista bosgan xos tabib mavlono Fazlulloh Tabriziy qo’rqib ketdi – Sohibqiron ko’zlaridan sizib chiqqan yosh barmoq kuydurgudek issiq edi. Erining sovib borayotgan tovonini ushlab olgan Saroymulkxonim siqtab-siqtab bo’zlar ekan, etagini tutib, momosini qanday ovutishni bilmay gangib qolgan suyukli nabirasi Muhammad Tarag’ayni – Ulug’bek mirzoni payqamasdi.

Saroymulkxonim va amirlar fojiani qanchalik yashirmasinlar, Amir Temur o’limi haqidagi shumxabar tez orada oshkor bo’ldi. Zero, ota va bobolari udumini qattiq tutgan o’g’ilu-nevaralarning ham ko’chma saroyda o’z xufiyalari bor edi. Qolaversa, ayrim amirlar dunyodan ko’z yumishi bilan qo’rqinchli bo’lmay qolgan Sohibqironning vasiyatiga xilof ravishda saltanat taxtida o’zlariga moyil shahzodani ko’rmoqni istardilar.

Birinchi bo’lib, Hirotda Shohruh mirzo o’z nomini hutbaga qo’shdirdi va o’z nomidan pul zarb qildira boshladi. Yassidan Husayn mirzo, Toshkentdan Xalil Sulton mirzo o’zlariga sodiq navkarlar bilan dorulsaltanatga qarab ot qo’ydilar.

Amir Xo’ja Yusuf boshchiligida Amir Temur jasadini olib yo’lga chiqqan maxfiy karvon O’trorni tark etib, ming tahlikayu-g’avg’o bilan Samarqand ostonasiga yetdi. Yetishga yetdi-yu, poytaxtning Chorraha darvozasi oldida turib qoldi. Samarqand qal’asi qutvoli Amir Arg’unshoh “Shaharga faqat Sohibqiron tobutini kiritaman”, — deb qat’iy turib oldi. Tashqarida turganlar u allaqachon Mironshoh o’g’li Xalil Sulton mirzo bilan til biriktirib, dorulsaltanatni yolg’iz unga topshiradigan bo’lganidan bexabar edilar. Oxiri Amir Xo’ja Yusuf qutvolning talabiga ko’ndi va Amir Temurning jasadi sha’bon oyining yigirma ikkisida – 23 fevral` kuni marhum shahzoda Muhammad Sulton dahmasiga dafn etildi.

Oradan bir necha kun o’tgach, katta ko’ch – malikalar va shahzodalar karvoni ham Samarqandga yetdi. Arg’unshoh bu gal ham qo’shinni kiritmasligini va yolg’iz malikalar va norasida shahzodalar: Muhammad Sulton mirzo o’g’li bo’lmish Said Vaqqosni, Umarshayx inilari – Ijil va Suyurgatmishni shaharga kiritishga rozi ekanligini aytdi.
Shohruh mirzo farzandlari bo’lmish Ibrohim Sulton mirzo bilan Ulug’bek mirzoni kiritishga esa ko’nmadi. Bu ikki amirzoda suyukli momolari va murabbiylari Saroymulkxonim bilan yig’lab xayrlashdilar va Buxoro tomonga ketishga majbur bo’ldilar.

Shaharga kirgan malikalar va shahzodalar to’g’ri Sohibqiron jasadi qo’yilgan dahma ustiga borib uvvos soldilar. Keksa Saroymulkxonim boshqalar qatori oqarib ketgan sochlarini yoyib, yuzlarini tilib yig’lar, tuproq olib boshidan sochardi. Yig’ichilar uvvosi olamni tutgandek edi…

Bu achchiq ayriliqdan roppa-rosa o’n uch kun o’tgach, hijriy sakkiz yuz yettinchi yil Ramazon oyining o’n oltinchisida, milodiy 1405 yilning 18 martida Samarqand taxtiga Mironshohning o’g’li – Xalil Sulton o’tirdi. Xalil sulton ham ko’pchilik amirzodalar qatori Saroymulkxonim tarbiyasini olgan edi. Hatto bir marta nojo’ya qilmishi uchun bobosi g’azabiga uchraganida mana shu momosi uning joniga oro kirgan edi. O’rni kelgani sabab bu g’aroyib voqeani so’ylab berishdan o’zimni tiyib turolmayman.

Amir Temurning nevarasi Xalil Sultonga mehri qattiq edi. Hindiston yurishni davridagi janglarning birida ro’y bergan voqea yuz birinchi yil Rabiussoniy oyining yettinchi kuni – hijriy 1398 yilning 18 noyabrida Dehli hukmdori Sulton Mahmudxon bilan bo’lgan edi. Jang boshlanishi bilan Samarqand qo’shini orasida tahlika boshlandi. Chunki ular umrlarida birinchi marta ko’rib turgan jangchi fillar galasi ustlariga bostirib kelayotganini ko’rib qo’rqib ketgan edilar. Fillar oyoqlari ostida qolgan barong’or jangchilari ko’targan faryodni eshitgan orqadagilar qochishga tushdilar. Hatto ko’pni ko’rgan sarkardalar nima qilishni bilmay qolganlarini ko’rgan Amir Temurniyam vahima bosdi. Ammo, birdan u jangchi hind fillarning orqaga qochayotganini, qochgandayam Sulton Mahmudxon asrkarlarini toptab qochayotganini ko’rib quvonganidan irg’ib otiga mindi. Dushman mahv etilib, jang to’xtagach ma’lum bo’ldiki, ayanchli mag’lubiyatdan ularni Xalil Sulton qutqarib qolgan ekan. Tadbirkor nevara qo’shin lash-lushi, zahirasi ortilgan tuyayu-xachirlarni bir joyga to’plab, har birining ustiga xas-xashakni bog’latib, ularga o’t qo’yib oldinga haydatdi. Olov changalida qolgan jonivorlar jon vahmida jangchi fillar qarshisida yugurdilar. Jonli olovni ko’rib, dahshatga tushgan fillar orqalariga qochadilar. Shu voqea sabab jahongirning Xalil Sultonga bo‘lgan mehr-muhabbati oshib, uni taxti vorisi qilishniyam o‘ylaydi. Biroq keyinroq yana bir g‘aroyib voqea yuz beradi-yu, Jahongirning mehri qahrga aylanadi. Xalil Sulton bobosining jiyani amirzoda Alining qiziga uylantirilgan edi. Shunga qaramay, yosh shahzoda Sohibqiron amirlaridan bo’lmish Xoji Sayfuddinning cho’risi Shodimulkni sevib qolgan va uni xojasidan tortib olib, bobosidan pinhon nikoh o’qitgandi. Xalil Sultondek amirzodaning cho’ri qizga uylanishi, Amir Temurning qahrini keltiradi. U shahzodani tutib, qamab qo’yishlarini buyuradi. Ammo bobosi amridan voqif bo’lgan Xalil Sulton Saroymulkxonimga odam yuboradi va o’zini bobosi qahridan qutqarib qolishni o’tinadi. Saroymulkxonim qulay payt topib, erining ko’ngliga qo’l soladi hamda amir Shohmalik va Shayx Nuriddin yordamida erka shahzodani jazodan qutqarib qoladi. Biroq, Amir Temur Xalil Sultonni taxt vorisi qilish rejasidan voz kechadi.

Davlatshoh Samarqandiy “Tazkirat ush-shuaro” asarida “xushsurat, yaxshi xulqli, karamli, xushta’b edi”, — deb ta’riflagan Xalil Sulton Samarqand taxtiga o’tirgach, saltanatning boshqaruv ishlarini qo’lida mahkam tutolmadi, ketma-ket xatoliklarga yo’l qo’ydi. Hatto o’ylamay-netmay, ma’shuqasi Shodimulkning so’ziga kirib bobosining katta xotinlari – murabbiyasi bo’lmish Saroymulkxonim bilan Tuman og’ani majburan erga berib yubordi.

Agar biz yuqorida Saroymulkxonim hijriy 742-743 yillarda, milodiy 1342 yilda tug’ilgan deb taxmin qilgan bo’lsak, betayin va shoirtabiat nevara tomonidan erga uzatilgan yili Malika oltmish besh yoshlar atrofida bo’lgan. Fasih Ahmad Xavofiy malika Tuman og’a Xalil Sulton buyrug’i bilan Shayx Nuriddinga erga berilganini ma’lum qiladi. Biroq, Saroymulkxonim kimga uzatilgani va uning keyingi taqdiri biz uchun qorong’i bo’lib qolmoqda…
Ammo Baxmal qishloqlarida Bibixonimning so’nggi kunlari haqida hikoya qiluvchi g’alati afsona mavjud.
Emishkim, Bibixonim yoshlik chog’larida o’z taqdirini bilish maqsadida fol ochiribdi. Folchi Qozonxonning erka va sohibjamol qizining kaftiga uzoq tikilibdi-yu, g’amgin shivirlabdi:
— Sen kelajakda Turon malikasi bo’lasan, ammo… ammo farzandsiz o’tasan. O’liming qoraqurt chaqishi tufayli yuz beradi. Qoraqurtdan ehtiyot bo’l!
Bibixonim bu bashoratni eshitib qayg’uribdi. Ammo yosh emasmi, tezda unutibdi. Yillar o’tib, folchi aytganidek, u Turon malikasi – Amir Temurning sadoqatli yori bo’libdi. U Amir Temur bilan qariyib qirq yil birga umr kechiribdi, ammo farzand ko’rmabdi. Farzandlari bo’lmasa-da, Amir Temur o’z rafiqasini joni-dilidan suyar, boshqa xotinlaridan tug’ilgan farzandlarini, keyinchalik nabiralarini tarbiyalashni yolg’iz unga ishonar ekan.
Amir Temur vafot etgach, Bibixonim ham o’limi yaqinligi haqida o’ylabdi va yoshligida eshitgan bashorati – o’limi qoraqurt chaqishi tufayli yuz berishi esiga tushibdi. So’ng, tog’larda qoraqurt bo’lmaydi degan aqidagi amal qilib, kanizaklarini olib Baxmal tog’lari tomon jo’nabdi. Yetib kelgach, yam-yashil archazorlar qurshagan bir yalanglikda chodir tikib yashay boshlabdi. So’ng ajib bir ko’shk tiklatibdi. Bu ko’shkning qoldiqlarining o’rni haliyam bor, deyishadi.
Garchi qoraqurtdan qochib kelgan bo’lsa-da, Bibixonim taqdiridan qochib qutulolmabdi. Kunlardan bir kun pastdan – vodiydan olib kelingan uzumni tanovvul qilib turganida, uzumning g’uj donalari orasida bekinib olgan qoraqurt malikaning burniga kirib chaqibdi. Nevaralari kelib, uning jasadini Samarqandga olib ketishibdi…
Bu bir afsona, ammo, yuqorida bitganimizdek, afsona haqiqat siniqlari ekanini unutmaylik…

Harholda Bibixonimning hashamatli maqbarada dafn qilinishi, hatto jasadi mo’miyolanishi malikaning qolgan umriyam saodatli o’tganidan dalolat beradi. Yillar o’tib, o’qilmasdan yotgan, sarg’aygan qo’lyozmalarning birida uning biz uchun pinhon so’nggi kunlari haqida batafsil ma’lumotlar chiqib qolar va biz eshitmagan g’aroyib hikoyalarni bolalarimiz eshitar, eshitib bizning chala ishlarimizni poyoniga yetkazar…

27

BIBIXONIM HAQIDA TO’RTINCHI AFSONA. Qozonxon bobosi Chingizxon kabi shohona qasrda o’tirib, bazmu-jamshid qilishdan, ot minib ovga yoki dushman ustiga bostirib borib, qilich chopishni ma’qul ko’rarkan. Ammo suyukli xotini unga qiz tug’ib bergan kundan boshlab, u bu odatlarini tashlab, kecha-kunduz qizalog’i bilan ovunishni, u bilan mashg’ul bo’lishni hamma narsadan ustun qo’yadigan bo’libdi. U kelajakda qizim bir saroy mulki bo’lsin, deb farzandimga Saroymulkxonim deb ism qo’yibdi.

06 Vaqt Qozonxon navqiron chog’ida yo’lbarsga qarata uzgan kamon o’qidek tez uchib, Saroymulkxonim o’n oltiga to’libdi. Yosh xonchaning husni-jamolini ko’rganing hushi boshidan uchib, tili kalimaga kelmay qolarkan. O’sha davr shoirlaridan biri: Agar uning husn-jamolini so’z ila tasvirlamoqchi bo’lsak, ojizlik qilib, gunohga botish mumkin, zero qizning latofatini ta’riflashga qodir so’zlar dunyoda yo’qdir”, — deb aytgan ekan. O’n olti yashar sohibjamol mag’rur edi, o’ziga-o’zi maftun edi. Oyoqlaridagi kumush halqalarni jaranglatib, saroy bog’ida o’ynab yurar, ne-ne yuraklar bu kumush halqachalar tovushini eshitib,
hushidan ayrilarkan. Qozonxon suyukli qizining bo’y yetganiniko’rib, Shomu-Iroq, Chinu-Mochin, Dashti Qipchog’u Saqlab, Xurosonu-Hindiston tomonlarga karvonlar yo’llab, eng noyob duru-gavharlar, qimmatbaho taqinchoqlar, xos liboslar keltirishga amr etibdi.

Karvonlar aytilgan buyumlarni olib kelishi bilan, u yana Misr va Fors, Rum va Yunon tomonlarga karvonlar jo’natib, yana yangi taqinchoqlar va liboslar olib kelishga buyurar ekan. Zarbof kabolar, zarrin peshonabog’lar, ipak kamzullar, dur qadalgan kamarbandlar, sadaf bilan bezatilgan tilla kovushchalar, baxmal, belburma ko’ylaklar bilan kelgan karvonlar to’ppa-to’g’ri Qozonxon qasri darvozasi oldiga kelib to’xtar ekan.

Dunyoning to’rt tomonidan chiqqan savdo karvonlari oshiqib-toshiqib, Qozonxon manziliga kelishardi. Genuyaliklar va o’rislar, qora belbog’ bog’lagan armanilar, peshonalariga xol qo’ndirgan hindlar, bellariga chilvir bog’lagan juhudlar Qozonxon qasriga birinchi bo’lib kirish uchun yelib-yugurishar, o’zaro yoqa bo’g’ib janjallashishar, ammo Qozonxon deyarli hamma mollarni sotib olayotganini ko’rib, yana hamdard va hamjamiyat bo’lishardi.

Saroymulkxonim o’n olti yoshga to’lgan kuni xon qiziga munosib kuyov izlay boshlabdi. Shu maqsadda qirq bir mamlakatga chopar yuborib, shahzodalarni huzuriga chorlabdi. Ammo kelgan shahzodalarning birini qizi yoqtirmas, boshqasini o’zi yotirmay, hammasini rad javob bilan, noumid qaytaribdi.

Kunlarning birida, jasurligi va donoligi bilan mashhur Amir Temur uning saroyiga kirib kelibdi. Bu tashrifdan xon behad quvonib ketibdi. U qiziga bahosi bir shahar xirojiga teng shohona liboslar kiydirib, bir viloyat xirojiga teng taqinchoqlarni taqdirib, Amir Temur oldiga olib chiqibdi. Amir Temur qizga qarab “yo’q” degandek bosh chayqabdi. Qozonxon “Amirga qizim yoqmadi”, — deb o’ylab, xafa bo’libdi. Lekin umid uzmabdi. Qizini mamlakatning bir yillik xirojiga teng keladigan, hali ko’z ko’rmagan libosu zar-zevarga o’rab, yana navqiron Amirga ro’para qilibdi. Amir Temur yana “yo’q” degandek bosh chayqabdi.

Tamom esankirab qolgan Qozonxon xizmatkorlariga bor taqinchoqlarni shu yerning o’ziga olib kelishni buyuribdi, o’zi bo’lsa qizi taqqan taqinchoqlarni yulib ola boshlabdi. Saroymulkxonim birpasda oddiy oq ko’ylagi bilangina qolibdi. Shunda Amir Temur “ma’qul!” degandek mamnun bosh irg’abdi. Qozonxon esa hayron emish. Shunda Samarqandning navqiron amiri yengil bir ta’zim qilibdi-da.
— Xon, go’zallikka taqinchoqlar yarashmaydi! – debdi.

Bu so’zlar ma’nosini anglagan oqila qiz boshini ko’tarib birinchi bor Amir Temurga qarabdi. Ikki ko’z suhbati boshlanibdi.

Qizning ko’zi debdi: “Men shu erkakni bir ko’rishda sevib qoldim. U qaerga borsa, men ham birga ketaman. U kimni suysa, uni suyaman,
kimni yomon ko’rsa, shuni yomon ko’raman. U meni qilichi bilan himoya etsa, men uni muhabbatim bilan asrayman”.

Yigitning ko’zi debdi: “Sen sahro gulidek dilrabosan, oyjamol. Bahor yomg’irlari yuvgan gul yaprog’idek yuzlaringda zarra dog’ yo’q, oyoqlaringdagi kumush halqachalar tovushini yuragim qo’shig’iga jo’rovoz qilay, oyjamol. Ko’zlaring tubida jimirlab turgan cho’g’ni olovga aylantiray, oyjamol. Seni tulporimga mindirib olib ketay, oyjamol”.

Qizning ko’zi debdi: “Sening tulporing – uchqur, qiliching – keskir, qalqonning – o’q o’tmas, yuraging – ochiq, ammo otingni muhabbatim quvib yetgay, qiliching senga bog’langan ko’nglim iplarini qirqolmas, ishqim o’qi sovutingni teshib o’tgay, yuragingga kiray, begim. Unda necha bahorlar sadosi bo’lsa, meniki bo’lsin, necha qishlarning sovug’i bo’lsa, ularni isitay, necha kuzlarning hasrati bo’lsa, ko’nglimga olay, necha yozlarning tashnaligi bo’lsa, ko’zyoshlarimni ichiray… Meni bu yerdan olib ket, begim. Men uchun kaloming bolday shirin bo’lsin, qo’lingdagi taft ko’ksimdagi qo’rquvni eritsin, hadikni quvsin”.

Yigitning ko’zi debdi: “Sen sahro o’rtasidagi gulzorsan, oyjamol. Shu gulzor tikanlari meniki. Ko’zlaring bir juft charosdek, lablaring gul bargidek, qomating shamshoddek… Kaloming – totli, raftoring – latofatli. Olovlar ichida yashagan bir yigitman, bo’ronlar qo’ynida adashgan yo’lchiman, dunyolar ichida yashagan mitti zarraman. Endi sen ol bo’l, bo’ron bo’l, dunyo bo’l, oyjamol”.

Qizning ko’zi debdi: “Sening tovushingni eshitib dunyoga kelgandayman. Sen yoqib qo’ygan chiroqni ko’rib yo’l topgandayman. Sen aytgan so’zni izlab yurgandayman… Tovushingni eshitib keldim, endi qanday ketay. Sen yoqqan chiroqni topdim, endi qayga ketay. Sen aytgan so’zni eshitdim, seni qandoq unutay, begim?”

Amir Temur ovoz chiqarib:
— Xon, go’zallikka taqinchoqlar yarashmaydi! – debdi…

Ko’zlar gaplashganda, so’zlar ojiz qoladilar.
Ko’zlar gaplashganda, muhabbat tilmochlik qiladi.
Ko’zlar gaplashganda, dunyoni sukunat bosadi.
Dil dengiz bo’lsa, ko’z shu dengizning suvini yorug’ dunyoga in’om etayotgan chashmadir.
Ko’zlar so’zlashganda, ular dillarni ham osmonga ko’tarib uchadilar: yerdagi dasht yovshanlari islari ham, qasrga kirish uchun navbat talashayotgan savdogarlarning janjal-suroni ham, qasr ortidagi yaylovda bir-biri bilan o’ynashayotgan arg’umoqlarning sarmast kishnashlari ham, Qozonxonning hayron nazari ham ularga begona edi.
Ko’zni yumgil, ko’zga aylansin ko’ngil…

28

Bibixonim voqeasidan keyin Mamat Solihovich Yusupov Samarqand muzeyida uzoq ishlamadi. Oz vaqt o’tmay, uni boshqa shahardagi muzeylarning biriga jo’natishdi. U o’sha yerda muzey direktori bo’lib kelgani sharafiga xizmatdoshlari uyushtirgan oshdan keyin uyga qaytib kelib, yarim kechada hushini yo’qotdi va tongga yaqin jon berdi. Jon berishdan oldin o’ziga kelib: “Meni olib ketish uchun Bibixonimning o’zi keldi”. U: “Qo’rqma, hammasi yaxshi bo’ladi, deb aytdi, meni unga ishonaman. Xotirjam bo’linglar, hammasi yaxshi bo’ladi. Bibixonim aldamaydi. U meni Samarqandga olib ketadi. Samarqandga qaytaman… Hozir esa meni yolg’iz qoldiringlar, uyqum kelyapti”, — deb pichirlabdi…

U qancha yotganini bilmadim. Kimdir otini atab chaqirgani uchun uyg’onib ketdi. Ko’zlarini ochganda, derazalardan yorqin oy shu’lalari lovillab oqib kirayotgan keng xonada yotganini ko’rdi. Kimdir betinim chaqirardi. Egnida oppoq ust-bosh, eshikni ochib, tashqariga chiqdi. Hovli sahnidagi yuksak daraxtlarning qalin yaproqlari oralab yerga to’kilayotgan oy tangalariga boqar ekan, kimdir yana uni og’ista chaqirdi. U daraxtlar ostidagi quyuq zulmatga tikilib, qorong’ilikda qo’llariga nayza ushlab olgan ikki qora sharpani ko’rdi. Hayron qolib so’radi.
— Kimsanlar?
— Biz seni olib ketishga keldik.

U bugun uni oshga taklif qilib kelgan ikki muzey xodimi ovozini tanidi.
— Nima deysanlar?
— Biz seni qatl maydoniga olib borishimiz kerak. Tepadan shunday buyruq tushgan. Oldimizga tush.
U hovli sahniga tushdi. Boshini ko’tarib, kimdandir ko’mak tilagandek, ko’kka boqdi. Falak qop-qora edi, yulduzlar yo’q edi. Faqat juda katta oy charaqlab turardi.

Ikki sharpani zulmatga chulg’ab turgan hovli sahnidagi daraxtlar horg’in edi. Shuning uchun o’zini qatl maydoniga olib borish uchun kelgan ikki sharpaga erinib tikildi. Zulmatdan uchib kelayotgan ko’rshapalak qo’llari bilan yuzini to’sdi.
— Kechikyapmiz, tezroq oldimizga tush.
— Ketdikmi?
— Ketdik!

U oldinda, nayza ko’tarib olgan ikki sharpa – muzey xodimlari orqada – yo’lga tushdilar. Ulardan oldinda oppoq sochlari yelkasiga yoyilgan, ko’zyoshlari olovli uchqun kabi cho’g’lanib oqib tushayotgan bir ayol borardi. Yo’l ustiga to’kilayotgan ko’zyosh tomchilari charaqlab, uning yo’lini yoritib turar, u o’tishi bilan o’chib qolardi.
— Bu ayol kim? – deb so’radi u.
— Kimni aytyapsan? Hech qanaqa ayol yo’q-ku! – deb ming’irladi ikki sharpa.
— Anavi ayolni aytyapman.
— Hech qanaqa ayolni ko’rmayapmiz. Bizni chalg’itib qochmoqchi bo’layotgan bo’lsang, xato qilasan. Qochib qutulolmaysan bizdan.

— Men qochmoqchi emasman. Faqat ana shu ayol kimligini bilmoqchiman, xolos.
— Hech qanaqa ayol yo’q, bu yerda. Tezroq yur, senitong otmay qatl etib ulgurishimiz kerak.
Ular begona shahardan chiqdilar-da, Afrosiyob oralab keta boshladilar. “Bu yerga qanday kelib qoldik? – deya o’yladi u. – Axir, biz boshqa shaharda edik-ku?!”
— Qanday qilib Afrosiyobga kelib qoldik?
— Yana qanaqa Afrosiyob? – hayron qolishdi nayza ko’targan sharpalar.

Afrosiyobning qadimiy yo’lini changitib, ular horg’in qadam tashlab borardilar. Yusupov birdan adir tepasida o’ziga tikilib turgan bolakayni ko’rdi.
— Og’a, sizni qayoqqa olib ketishyapti? – deb so’radi bola.
— Qatl maydoniga. Meni o’ldirmoqchilar…
— O’lim yo’q, o’ldirish bor, — dedi u.
— Kim bilan gaplashyapsan, hech kim yo’q-ku?! – deb shovqin ko’tarishdi ikki sharpa bezovtalanib.

U indamadi. Orqaga o’girilib, bolaga “xayr” degandek qo’l siltadi. Bola esa oppoq ko’ylak kiyib olgan odamni qatl maydoniga olib borayotgan ikki sharpani tanib qo’rqib ketdi. Ular o’sha jome’ masjidi va kutubxonani yondirib, maroqlanib tomosha qilayotgan, ko’zlarida qahr va sovuq bo’shliq hukmron, yondirilgan kitoblar va shaharlar kuli tirnoqlari ostini qoraytirgan, pishirmay yegan go’sht qoni, qasmoq bog’lagan lablari mahkam qisilgan to’dadan edilar.

Tog’lar usti qizara boshlaganini ko’rib, ikki sharpa uni nayzalari bilan turtib, tezroq yurishga unday boshladilar. U yana osmonga boqdi – oyning shuuri uning charchoq yuzini yoritdi – bu yuzda xotirjamlik hukmron edi.
Uzoqdan gulxan yonib turgan maydon ko’zga tashlandi. “Qatl maydoni”, deb o’yladi u. Maydonga yetganda ko’zlaridan qahr va sovuq sachrab turgan, qasmoq bog’lagan lablarida istehzo qotib qolgan, butun vujudidan yondirilgan kitoblar va shaharlar tutuni hidi anqib turgan badjahl odamlar to’dasi uni bir zumda o’rab oldi. U gulxan shu’lasi yoritib turgan qatl maydoni to’rida – yuksak shohsupadagi taxtda o’tirgan odamni tanidi. Taxt tepasida Stalin surati osig’lig’ edi. Ko’ksida qonli panjalar izi bosilgan Stalin “Seni o’zim topib olaman deb aytuvdim-ku!” – degandek miyig’ida kulib turardi.

“Mana, siyosiy ko’rlik uchun javob beradigan payting keldi!” – dedi taxtda o’tirgan odam.
“Endi javob berasan!” – dedi Stalin. – Mana, endi ahvolingni ko’ramiz…”

Taxtda o’tirgan odam ham, suratdagi dohiy ham qop-qora libos kiygan jallodni ko’rishi bilan o’limga mahkum etilganlarning barchasi ularning poyiga tiz cho’kib shafqat tilaganlariga ko’p marta guvoh bo’lgan edilar. Toki dunyoda qo’rquv bor ekan, toki dillarda tahlika hukmron ekan, ular hech kim taxtda o’tirish va suratlari har bir uy to’rida osilib turishi sharafidan mahrum qilolmasligini yaxshi bilardilar.

Yusupov esa qora kiyingan jallodni emas, oppoq sochlari yelkasiga to’kilib yotgan, hali husni so’nmagan keksa ayolni ko’rib qotib qolgandi. Ayolning o’ziga qarab ma’yus jilmayganini ko’rib, onasini esladi va yuragi orziqib ketdi. Uning yuzida ham sezilar-sezilmas tabassum paydo bo’ldi.

Shu payt orqada turgan ikki sharpa nayzalari bilan uni oldinga – jallod qoshiga itarib yuboradilar. U jallod tomon horg’in qadam tashlab borar ekan, o’zini qurshagan olomondan dimog’iga urilayotgan tezak, qon va ter hidlaridan qutulish uchun yana osmonga ko’z tikdi. Yuksakdagi tillarang hilolga, boya ko’rinmagan, endi esa olmadek-olmadek bo’lib, charaqlab turgan yulduzlardan ko’zlarini uzmadi. U kundaga urilib ketdi-yu, ko’zini ko’kdan uzib yerga tikdi – o’sha zahot ko’zlarini to’ldirib turgan yoshlar shamol uchirgan gulxan cho’g’laridek yerga, tuz sepib qo’yilgan kundaga to’kilib tushdi. Kunda alanga olib, yona boshladi. Buni ko’rib, qasmoq bog’lagan lablardan tupuk sachradi. Birpasda kundani tupuk bosib, olov o’chdi. Ammo yerga to’kilgan ko’zyosh tomchilaridan atrof yorishganday bo’ldi. U atrofiga alanglab qaradi. Birdan qatl maydoni muzey hovlisida ekanini payqab qoldi. Muzey eshigi oldida olomon g’ujg’on turardi.

Olomon nimalardir deb baqira boshladi. U bu baqirgan odamlarni tanigandek bo’lar, ammo ular kimligini eslay olmasdi. Shu payt o’ziga yaqinlashib kelayotgan besh-olti militsionerni ko’rdi. Militsionerlar boshlarida qora dubulg’alar kiyib olishgan edi. Ularning biri – shahar militsiyasi boshlig’i ekanini ko’rib, uni vahima bosdi. Nahotki, uni qatl etmay olib ketishsa? Nahotki, o’limdan dahshatliroq qiynoqni o’ylab topishgan bo’lsa? ! Nahotki, o’limdan ham og’irog’g’i tiriklikdagi bechoralik ekanligini ular anglagan bo’lsa?!

“Bibixonim qaerda?” – deb so’radi shahar militsiyasi boshlig’i. Ammo o’zi oybolta ko’tarib kelayotgan jallodni ko’rib, savoliga javob kutmay juftagini rostladi. U bilan kelgan boshqa milionerlar ham qochib qolishdi.
Yusupov kutilmaganda qizchasini ko’rdi. Qizaloq, muzey darvozasi oldidagi olomon ichidan unga mahzun-mahzun tikilib, ko’zlari javdirab turardi. Yusupovning yuragi orziqib ketdi. Qizchasining javdiragan ko’zlari unga yaqinlashib kelardi. Bu ko’zlarda qalqib turgan qaynoq ko’zyosh tomchilari uning ko’ksiga sachrab to’kilgandek bo’ldi. Ko’ksi jizillab quydi, bo’g’ziga tosh tiqildi. Alamdan ko’zini yumdi. Yumdi-yu, ochdi. Javdiragan yoshli ko’zlar yo’q edi. U qomatini tikladi – ko’ksi Afrosiyob dalalarining sarin havolari bilan to’lgandek bo’ldi. U tezak va ter hidi anqib turgan to’da orqasida yonib turgan kutubxona tomonda bir bola gulxan ichidan yarmi kuygan kitobni yulqib olib, qo’yniga yashirganini ko’rdi. Bolani sezmasliklari uchun tomoshatalab to’daning diqqatini tortish maqsadida boshini jallod kundasiga qo’ydi. Dam o’tmay oyboltaning havoni shuvillab kesib tushayotganini sezib, ko’zini yumdi. Ammo boshi kesilganini his qilmadi. Yuragidagi og’riqni yengadigan qiynoq bu dunyoda yo’q edi.

Tanasidan ayrilgan bilan uning ko’zlari ochiq qolgan, bu ochiq ko’zlar charog’on osmonni tomosha qilardi…

Tip-tiniq osmon uni allalay boshlaganini sezmay qoldi. Ancha vaqtdan keyin kimdir unga tikilib turganini sezib ko’zini ochdi. U Afrosiyobdagi yam-yashil dalada yotardi, yonida esa o’sha oppoq sochlari yelkalariga to’kilib tushgan, husni hali o’chmagan keksa ayolni ko’rdi. Ko’zini osmonda par-par yonayotgan quyosh nuri qamashtirgani uchun, kaftlari bilan quyoshni to’sib so’radi:
— Kimsiz, ena?
— Bibixonimman. Sen meni Samarqandga olib kelgan eding. Endi esa men seni olib ketishga keldim. Nihoyat, bu battol dunyodan qutulding.
— Qaerga ketamiz, ena?
— Samarqandga, inim, Samarqandga!..
— Samarqand siz aytgan qattol dunyoda emasmi, axir?
— Yo’q, qattol dunyodagi Samarqandda bizlarni unutgan odamlar yashaydi. Bugundan boshlab seniyam unutishadi. Biz esa hamma narsa
yodida saqlagan odamlar yashaydigan Samarqandga ketamiz.

Ular yo’lga tushdilar. Bir miqdor vaqtdan keyin, qadimiy yo’l pichoqdek kesib o’tgan adirga yaqinlashganlarida qo’ltig’iga kitob bekitgan bolakay adir tepasidan yugurib tushib ularga qo’shildi. Ayol bolani ko’rib quvonib ketdi. Bolani ko’rib, uning ham ko’ngli ravshanlashdi.

Ular olisda moviy gumbazlari yuksalib turgan shahar tomonga qarab ketdilar. Saodatmand shahar ustidagi osmonda zarracha dog’ yo’q edi. Samarqand sari odimlayotgan uch yo’lchining yo’liga bir tomondan oyning kumush shu’lalari, bir tomondan quyoshning tillarang yog’dulari to’shalib yotardi. Yuksak devorlar o’rab turgan shahar tomondan otlarning kishnashi, bolalarning shodmon qiyqirig’i, ko’ngillarni sarmast etadigan qadimiy kuy sadolari yetib kelardi. U ko’kka yuksalib turgan navqiron Bibixonim madrasasini, Qutbi chahordaho’m maqbarasini ko’rib, hayratdan qotib qoldi. Nogoh qarshisiga yugurib kelayotgan onasiga ko’zi tushdi. Hayajondan nafasi qisildi. Nimadir deb pichirlamoqchi bo’odi, ammo tili aylanmadi. Bibixonim tashvishlanib, o’ziga qaraganini payqab, tinchlantirish uchun jilmaydi. Jilmayishga urindi…

Yusupovning xotini chaqirtirgan doktor yetib kelganida, bemorning o’lim tamg’asi bosilgan yuzida zahar bilan olishgan tabassum hali sovib ulgurmagan, umr bo’yi orziqib kutgan narsasini ko’rganidan baxt aks etib turgan ko’zlari ochiq qolgan edi. Doktor qo’lini ohista cho’zib, Yusupovning ko’zlarini bekitdi. Hozirgina dunyoni tark etgan inson ko’zlarida qalqib turgan qaynoq yosh tomchisi, uning barmoqlarini kuydirib yuborgudek bo’ldi.

“Uni zaharlab o’ldirishgan!” – dedi rad qilib bo’lmaydigan qat’iy ohangda Yusupov haqidagi suhbatimiz yakunida Popov. Uning aytishicha, Mamat Solihovich Yusupov rahbar bo’lib borgan shahar muzeyida juda ko’p qimmatbaho buyumlar o’g’irlab ketilgan. O’g’irlik bir necha yillar davom etgan. Yusupovning sinchkovligidan yaxshi xabardor bo’lgan, u albatta muzeydagi har bir qog’ozni ko’zdan o’tkazishni bilgan muzeyning ayrim xizmatchilari qilmishlari fosh bo’lishidan qo’rqib, uni zaharlab o’ldirishgan.

“O’sha shaharda Yusupovning qizi yashaydi”, — dedi Popov men bilan hayrlashayotganda. Men ichimda albatta Yusupovning qizi bilan uchrashaman, deb qo’ydim. Mana o’n ikki yilki, o’sha niyatim amalga oshsa…
Necha marta o’sha shaharga bordim. Ammo har gal biror bahona bilan bu uchrashuv orqaga surilar, ba’zan esa esimgayam tushmasdi. “Sokinaxonim tirikmikan?” – deyman ba’zan Yusupov yodimga tushsa. Uning qizi omonmikan? – deyman u yashagan shahar nomi tilga olinsa…

29

Bibixonim maqbarasida zamonlar changi qo’ngan qabrtoshga tikilib o’tiribman. Unga – shu tosh ostida yotgan ayolga yuragimdagi hasratlarimni aytgim kelar, ammo bu befoyda ekanini anglab azob chekardim. Tosh ostida tuproqqa aylangan vujudga emas, hasratlarimni tirik odamlarga aytishim zarurligini anglaganimdan azob chekardim.

Mening bu hasratlarimni tushunadigan tirik odam bormikan?

Tosh ostida tuproqqa aylangan vujud esa na muhabbatdan, na nafratdan xabardor. Hasratini aytganim bilan, u na baxtiyor, na baxtsiz bo’lishi mumkin. Uning mo’miyolangan murdasini qayta ko’mganlari uchun qayg’urmayman. Hammayam oxir-oqibatda shu tuproqqa topshirilishi kerak. Ammo menga bu qayta ko’mish marosimi yashirin va g’ayriinsoniy tarzda bo’lgani alam qiladi.

Samarqand Malikasi uchun uning qanday ko’milgani bari bir. U bundan bexabar, na g’am chekar va na quvonar… lekin men – tirik odam uchun shahrim malikasining bunday taqdiri tahqirdir.

Ammo men buni anglagan holda, asrlar qaritgan qabrtoshga tikilib shivirlayman:
— Yordamingni ayama, Bibim. Menga dunyoni emas, dilimni va elimni anglashga ko’mak ber. Bir paytlar suyukli nevarang Muhammad Tarag’ayga aytgan so’zlaringni menga ayt, Bibim…

30

CHALA QOLGAN DOSTONDAN

Bola har kun ezgu makonga,
Bibixonim qoshiga kelar –
Goh sarhadsiz niliy osmonga
Goh gumbazga uzoq tikilar.

Oftob aksi tushib naqshlarga
Bo’g’iladi baqiroq bozor.
Sukut cho’kar ulkan shaharga
Borliq tinar misoli mozor.

Bu sukunat bolaga yoqar
Va sukutni tinglagan sari
Sezar: tunga singib boradi
Qora tortgan tutning shozlari.

Qadim masjid ichiga kirar,
So’ng tepaga boqar baxtiyor.
Tashqarida yangragan saslar
Yangrar bunda jomdek ulug’vor.

Tashqaridan har bir tovushni
Yutar bunda uch eshik – quloq.
Yutadi-yu, daraxtning, qushning
Qo’shig’ini takrorlar uzoq…

“Men tepaga chiqishim kerak!” –
Degan bir o’y chulg’ab olgan on,
Bejo tepar ko’ksida yurak,
Gupuradi sog’inishdan qon.

Ilk quvonchi, ilk qo’shiqlari
Va ilk g’amu-qayg’usi bilan
Yuksakdagi ko’k gumbaz sari
Ko’tarilar bola xayolan…

Mana, osmon yelkangga tegar,
Mana, qoldi pastlikda shahar.
Ana, g’arbda quyosh ham cho’kar,
Ana, sharqda ko’rinar sahar.

U umrida hali hech qachon
Chiqqan emas bunday yuksakka,
Shuning uchun olovlanar qon
Va yuragi sig’mas ko’krakka.

Hali uning ko’ksida tirik
Ertaklari olmoqda nafas.
Ko’zlarini asragan kiprik
Yoshni bilmas, qayg’uni bilmas.

Hali uning qo’shiqlariga
Sitilmagan g’amgin sadolar,
Hali uning qo’shiqlariga
Jo’r bo’lmagan yolg’on navolar.

Biroq, soqov, gung bo’lgan bola
To’ldirgandek yerni ovozga,
Ko’zlari ko’r va xasta bola
Chizganidek nurni qog’ozga.

Oyoqlari shol bo’lgan bola
Uchgan kabi qushday osmonda
Va sanashni bilmagan bola
Sanagandek yulduzni tunda.

Bu bola ham har kuni takror
Orzusini ko’radi ayon.
Ko’tarilib borarmish tongda
Bibixonim gumbazi tomon…

31

Bugun bu yorug’ dunyoda bor-yo’g’i ikki kungina yashagan go’dakni tuproqqa topshiribqaytdik…

Uning onasi bolasi dunyodan ko’z yumganidan bexabar o’lim bilan olishib yotardi. Go’dakning otasi – hali turmushning achchiq-chuchugini totmagan, boshiga ilk marta tushgan bu noayon va notanish, beshafqat va qattol zarbadan garangsirab qolgan yoshgina yigit bolani ko’mishga borgan mendan va sherigimdan bu falokat siri va sababini izohlab berishimizni so’ragandek mo’ltirab boqardi. Sherigim – ko’pni ko’rgan odam: “Hechqisi yo’q, do’stim, hali umr oldingizda, bolalaringiz belingizda. Bir yarim kilolik etni deb o’zingizni qiynayvermang”, — deb tasallim-taskin berar, ammo bu taskin, bola otasining bilmadim, mening yurak-bag’rimni o’yib borardi.

Foniy dunyo azobu-uqubatini, quvonchu-shodligini ko’rmay ko’z yumgan go’dak o’limi – arosat davrimizning haybatli va chigal jumboqlari, dahshatli fojialari oldida hech nima emasdek tuyulardi. Ammo dunyoda yashash, imon va vijdon oldidagi mas’uliyat hamisha eng oddiy jumboqlar va voqealar oldida ojiz qolmaganmi? Bu ojizlik inson qismatining asosiy mezoni emasmi?

Go’dak o’limining Bibixonim bilan qanday bog’liq yeri bor ekan, deb o’zingizni qiynamang. Baribir o’ylab topolmaysiz. Ammo men Bibixonim haqidagi ushbu tarixiy badiani yozayotgan paytimda yuz bergan har qanday voqea, ongimda g’imirlagan har qanday fikr, bragimda uyg’ongan har qanday his-tuyg’u Samarqand Malikasiga bog’liq, deb bilaman.

Bobolarimiz: “O’lim haq!” – deganlar. Bunga shak keltirmayman. Biroq har qanday o’lim ham haq bo’lmasligini ham bilaman. Ana shu alg’ov-dalg’ov davrning zanglagan pichoqlari asab qillarini tinmay arralayotganini, zahar bilan to’yingan havoning bizni bo’g’ayotganini, meva-cheva tugul, hatto ona suti tarkibida paydo bo’lgan zahri qotilning go’daklar umriga zavol bo’layotganini ko’rib-bilib turib “O’lim haq!” – deyishimiz gunoh emasmi?!

Bibixonim haqida yozish shartmi? – “Temur bilan bir to’shakda yotgan bo’lsa, yotgandir-da, shuning uchun ham u haqda yozish kerakmi?” – dedi bir do’stim. Bu do’stim cho’rtkesarligi va maqsadi uchun kurashdan qo’rqmasligi, shuning uchun ham bir oz xudbinligi bilan ajralib turardi. Men unga hech nima demadim. Do’stimning qat’iyat va kibr to’la ko’zlariga qarab turib, har qanday da’vom baribir uning ishonchidan qaytarolmasligini anglaganim uchun unga hech nima demadim.

Bibixonim haqida – Amir Temur bilan bir to’shakda yotgan go’zal ayol haqida uning mo’miyolangan jasadining qismati haqida yozish shartmi? Bu kimga kerak? Bu nimaga xizmat qiladi?

Xalqimizning o’tmishi, u qanchalar fojiali va dahshatli bo’lmasin, baribir biz uchun muqaddas bo’lib qolaveradi. Qolaversa, bu o’tmish faqat fojialar va qora kunlardan iborat emas. Kechmish, faqat buyuk ixtirolar va olamshumul kashfiyotlar, qonli savashlar va ulug’ qo’zg’olonlardangina iborat emas. U shuning bilan birga, hech nima ro’y bermagandek tuyulgan bo’lsa-da, tarix qatlamlariga singib, sug’urib olinsa, butun imorat to’kilib tushadigan oddiy g’ishtlarga o’xshash oddiy kunlardan ham iboratdir. Amir Temur bilan bir to’shakda yotgan Saroymulkxonim, “past zot”dan bo’lgan Jaloliddin Manguberdi qoshida izzat-ikrom bilan yashashdan ko’ra, Chingizxon qozonining yuvindisini afzal ko’rgan Turkonxotun, besh kunlik dunyo hoy-havasi deb otasining o’limiga rizolik bergan Abdullatif, dushmanga qarshi isyon ko’targan Bobon botirni Chor hukumati askarlariga tutib bergan Saidxon Karimxonovlardan ham iboratdir. Tarix faqat buyuk shaxslarning donishmandligi va jasorati emas, ojiz kimsalarning qo’rqoqligi, nodonlarning surbetligi, ayyorlarning firibgarligi, soddalarning aldanishlari hamdir.

“Kleopatraning burni bir oz bo’lsa-da, qiyshiq bo’lganda, insoniyat tarixi butunlay boshqa yo’ldan ketishi mumkin edi”, degan edi Paskal. Shunday ekan, temuriy podshohzodalar tarbiyasi ishonib topshirilgani Bibixonimning Temur tuzgan buyuk saltanatda tutgan o’rni haqidagi dalolat emasmi? Shu dalolat tufayli biz malikaning saltanat izmiga, demak, tariximiz izmiga ko’rsatgan ta’siri haqida yozmasak adolatdan bo’ladimi?

To’g’ri, Kleopatra burnining tarixga ta’siri haqida Paskal` fikriga g’ayricha mulohaza ham bor. Buyuk yapon adibi Ryunoske Akutagava bu haqda shunday yozadi: “Kleopatraning burni sal qiyshiq bo’lgan taqdirda ham, Antoniy buni sezmasligi istisno emas. Ko’rgan-bilgan taqdirda ham bu illat o’rnini bosa oladigan fazilat topgan bo’lardi. Butun jahonni ostin-ustun qilib ham sevgilimizdan fazilatliroq ayolni topa olmaymiz. Biz o’z sevgilimizni ko’rib mahliyo bo’lganimizdek, Antoniy ham Kleopatraning ko’zlari yoki dudoqlaridan illatni butunlay yopib yubora oladigan fazilat topgan bo’lardi. Buning ustiga “Qalbchi, qalb!” deyishimiz ham mumkin. Aslida mahbubamiz barcha davrlarda eng yuksak qalb egasi bo’lishi tabiiy. Libosi, boyligi va jamiyatda tutgan o’rni ham uning fazilatlari hisobiga o’tadi. Hatto shunday hodisalar bo’lganki, uni qachondir, qaysidir mashhur kishi sevgani haqidagi mish-mishlar ham fazilat sanalgan.

Kleopatra dabdabayu, sir-asrorga o’rangan so’nggi Misr malikasi edi. U boshida qimmatbaho toj, qo’lida nilufar yoxud boshqa biron gul tutib, dunyoni muattar iforlarga to’ldirib mag’rurona o’tirganda, nahotki biron-bir kimsa, ayniqsa, Antoniy uning burnining hiyolgina qiyshiqligini sezsa?

Bunday o’z-o’zini aldash faqat muhabbatgagina xos emas. Biz ayrim hollardagina dunyoni o’zimiz suygan rangin bo’yoqlarga bo’yaymiz. Masalan, tish do’xtirning eshigidagi lavhani olaylik. Tishimiz og’rig’ini bir lahza bo’lsa-da, unutish uchun bu lavhani ko’z oldimizga keltirishga qancha urinmaylik, qancha istamaylik, baribir ko’rolmasligimiz tayin. Albatta, tishimiz og’rig’ining dunyo tarixiga hech qanday aloqasi yo’q. Ammo bunday o’z-o’zini aldashga xalq kayfiyatini bilmoqni istaydigan siyosatdonlar ham, g’animlar vaziyatini bilishni suygan harbiylar ham, moliyaviy ahvolni bilishni xohlagan korchalonlar ham moyil. Aql va farosat esa bu holga tuzatish kiritib borishini rad etolmayman. Shu bilan birga, barcha insoniy ishlarini boshqarib turguvchi “tasodif” borligini ham tan olaman. Balki haqiqatan o’z-o’zini aldash tarixni boshqarib boradigan abadiy kuchdir.

Qisqasi, ikki ming yillik insoniyat tarixi o’z qa’rida “yilt” etib o’tgan Kleopatraning burni qandayligiga bog’liq bo’lmagan. U ko’proq bizning tayyor ahmoqligimizga bog’liq. Kulguli, biroq buyuk ahmoqligimizga bog’liq”.
Kleopatra burnining tarixga ta’siri haqidagi g’ayri bu mulohazadan ham “Bibixonim haqida yozish shartmi?” degan avolga javob topish mumkin deb o’ylayman.

Bir necha yillar o’tadi, bugun biz tuproqqa topshirgan go’dak ham o’tmishning bir bo’lagiga aylanadi. Shunday bo’lmaydi, deganlar,
xato qiladilar. Shunday ekan, eng oddiy narsa, masalan, Kleopatra burni, Bibixonim jasadining bir jimjilog’i yo’qligiyam, tarixga bo’lgan munosabatimizdan belgilashi mumkin. O’tmish bilan bugun bir-biriga tugib bog’langan ip emas, ular uzluksizdir. O’tmishda qilingan har qanday gunoh nafaqat o’sha olis gunohkorlarning, shu bilan birga bizning ham bo’ynimizda. O’tmishda qilingan har bir ezgu ish uchun kelajak kishilarning ham yuzi yorug’ bo’lajak. O’tmish bilan bugungi bog’lab turgan narsa yolg’iz kelajakdir.

Bu dunyoda eng saodatmand lahzalardan biri nihol o’tkazmoqdir. Ichi qora odam daraxt o’tkazmaydi. Daraxt ekkan odam uni faqat o’zi uchun emas, tug’ilgan va tug’ilajak farzandlari, nevaralari uchun o’tqazadi. Tarix esa bobolar bog’idir. Yillar, asrlar o’tib bu bog’da bir daraxt yetishmasligi bilinib qoladi. Bu bugun biz tuproqqa bergan bola o’tkaza olmagan daraxt bo’lishi mumkin…

32

Samarqand shahri yaqinida Mingtut deb ataladigan yer bor. Bibixonim bilan bog’liq afsonalarning birini shu Mingtut bilan bog’lashadi.

Emishkim, Samarqand yaqinidagi qishloqlardan birida bir chol bo’lgan. Qarib-qartaygan chol befarzand ekan. Shuning uchun ham u peshonasidan qora yozuqqa chora topolmagandan keyin: “Mendan bir meros qolsin”, — deb tut ko’chati ekib, katta bog’ bunyod qilibdi.

Ammo cholning bu bog’iga ko’z tikkan qishloq boylaridan birining tuhmatiga ishonib, Amir Temur bog’bon cholni o’limga buyuribdi. Bundan xabar topgan Bibixonim Bog’i Dilkushoda dam olayotgan Sohibqiron huzuriga borib:
— Davlatpanoh, bog’bon cholning qonidan kechishingizni so’rab keldim, — dedi.
— Nechun? – deb so’rabdi Amir Temur. U suyukli xotinining hech bir so’zi bekor aytilmasligiga ko’nikani uchun Malika iltimosining sababini bilmoqchi bo’libdi.

— Bog’bon cholning minta farzandi bor ekan, agar siz uni qatl etsangiz, ul begunohlarning ham nobud bo’lishiga sababchi bo’lasiz, — deb javob beribdi dono Malika.

Amir Temur hayron qolibdi. U hali bu dunyoda ming farzand ko’rgan odam borligini eshitmagan ekan. Shuning uchun ham, Bibixonimga “O’ylab gapirayapsizmi, malikam?” degandek istehzoli nazar tashlabdi. Buni sezgan malika Sohibqironga ta’zim qilib, shunday debdi:
— Agar davlatpanoh istasalar, men ul farzandlarni sizning muborak nazaringizga ko’rsatay.

Amir Temur o’zini hayron qoldirgan jumboq sirini tezroq bilish maqsadida taxtiravon kelishini kutib o’tirmay, sevimli chipor otiga minibdi. Oppoq otiga mingan Bibixonim yo’l boshlabdi.

Daraxtlar soyasi oshmay, ular bog’bon chol yashagan qishloqqa yetib kelibdilar. Bibixonim qishloq chekkasida yashab turgan tutzorni ko’rsatibdi.
— Mana, men aytgan bog’bon cholning farzandlari. Mingta tutning har biri chol uchun farzandday bo’lib qolgan. Agar uni qatl qilsangiz, bu farzandlar ham nobud bo’ladilar.

Amir Temur yana bir marta suyukli xotinining farosati va oqilaligiga tahsin o’qib, navkarlarning birini Samarqandga jo’natib, bog’bon cholni zindondan ozod qilib, qishlog’iga qaytarishni buyuribdi…

Biz – o’sha bog’bon chol, oqila malika va jangari jahongirning bugungi zurriyodlari ne-ne qadimiy bog’larni, ne-ne ilm-ma’rifat chamanlarini payhon qildik, bobolar ekkan daraxtlar ildiziga bolta urdik. Bu fojialarning barchasi, o’ylashimcha, yuraklarimiz bobolar kechmishi va ulardan meros qolgan muqaddas o’gitlardan uzilgani oqibatida sodir bo’ldi va bo’layotir.

Biz ham daraxtlarmiz, ildizimiz esa o’sha bobolarimiz kechmishida. Ildizlarimiz naqadar chuqur va baquvvat bo’lsa, battol davrning qora bo’ronlari-yu, notanti hukmdorlari zulmi bizni hech qachon yengolmasligini anglagin, do’stim…

33

Ko’hak tomondan esayotgan salqin shamol Konigil bog’larning atir isini olib kelib uyg’oq dillarni bezovta qilar, bu dunyoning oniy ekanini esga solib ojiz kimsalarga azob berardi.

Bo’stonsaroy ayvonida uxlab yotgan nevaralari boshi ustida uxlamay tong orttirishga ko’nikib qolgan Bibixonim alla aytardi.

U, mana necha yildirkim, sohibqironning xotinlaridan tug’ilgan o’g’illarni o’zi bosh bo’lib ulg’aytirgach, endi ularning bolalarini – jahongir nevaralarini tarbiyalab kelmoqda.

U Amir Temurga tekkanida yigirma yetti yoshda edi. Oldingi eri – Amir Husayndan ham, undan so’ng uni nikohiga olgan Sohibqirondan ham farzand ko’rmadi. Farzandsizlikdan ortiq alam bormikan bu jahonda? Ko’p befarzand ayollar o’z qora qismatlari tufayli bolalarni – ular boshqalardan tug’ilgani uchun yomon ko’rib qolishadi. Biroq, Bibixonim farzandsizlik tufayli bolalarga yanada qattiqroq mehr qo’ydi. Shu mehr tufayli hatto umrida bola ko’rmagan vujudi uyg’onib, ko’kragidan sut kelgan payt ham bo’ldi. Shu mehr tufayli uning allalarini eshitib ulg’aygan temuriy amirzodalar uni onalaridek suyub, izzat-ikrom qilardilar.

Nevaralari ichida eng ziyragi bo’lmish Muhammad Tarag’ay uxlamay osmondagi yulduzlarga tikilib yotganini ko’rgan momo jilmaydi. “Bu bola namuncha yulduzlarga tikilishni yaxshi ko’rmasa!” – deb o’yladi.
— Uxlang, Ulug’bek, — deya shivirladi Bibixonim boshqa nevaralarini uyg’otib yubormaslik uchun. Ismi Muhammad Tarag’ay bo’lsa ham, bobosi va momosining unga bo’lgan mehri ziyodligini, ayniqsa zehni juda o’tkirligini ko’rgan saroy ahli murg’ak mirzoga Ulug’bek deb nom qo’ygan. Amir Temur ham, Bibixonim ham shu ism bilan chaqirishga o’rganib qolgandilar.

— Momojon, yulduzlardayam odam yashaydimi? – deb so’radi Ulug’bek bibisining so’zini eshitmagandek.
— Bilmayman, bolam, bilmayman. Tangrining o’zi bilmasa, bandasi bilmaydi.
Bibixonim nevarasi yonboshida yotgan “Ziji jadidi Elxoniy” kitobini ko’rib, uning shu yoshda bunday murakkab kitobni o’qiyotganidan tashvishlanib so’radi.

— Ulug’bekjon, bu kitobni o’qigan bilan uqarmikansiz?
— Yo’q, bibijon, o’qig’on bilan anglamog’im bisyor mushkul bo’lmoqda, — deb ochig’ini aytdi Ulug’bek.
— Ulg’aysangiz, albatta, bundan mushkul kitoblarni uqarsiz, bolam.
— Ulg’aysam, o’zim bir rasad tiklab yulduzlarda odam yashaydimi, yo’qmi, albat bilib olurman. Ularning sirini ochguvchi mana shunday
bir kitob tuzurman.

Keksa Malika shu yoshida ulkan maqsadlar bilan yashayotgan nevarasiga mehr bilan boqar ekan, unga uzoq umr tilab, ichida duolar o’qidi. “Ammo, bu zamon qilich chopqilaganniki”, deb o’yladi u alam bilan. Uning butun umri tinmay jangu-jadal qilgan jahongir erining yonida o’tdi. Ko’p marta laxtalab qonlar oqqanini, sonsiz shaharlar vayron qilinganini ko’rdi, necha marta qilichlar zo’r kelib, kitoblar yonganiga guvoh bo’ldi. Ammo hamma yerda badjahl eri qalam va san’at egalariga mehr-shafqat ko’rsatganini ham ko’rdi.

Bibixonim “Kechmishing og’ir bo’lg’ay!” degan nazarda nevarasiga termildi. Ulug’ Sohibqiron qalam va san’at ahliga qanchalik marhamat qilmasin, baribir o’zining o’g’illari va nevaralariga eng avval qilich va jasorat egalari bo’lmog’ini talab qilardi. Ammo taqdiri azal hamisha o’z yo’rig’ini o’tkazgan, hatto jahongirlik da’vosida yurgan bandaning talabi ham uni o’zgartirolmasdi. Samarqand yetti iqlimdan yig’ilgan san’at va adabiyot ahli tufayli poytaxt havosida she’r va musiqa nafasi hukmron edi. Shu sababdan ulug’ jahongir amirzodalar yuragida qat’iyat va beshafqatlik hukmron bo’lishini qanchalar istamasin, taqdir so’z va soz tuyg’ularini bu yuraklarga joylab, ularning qo’liga ham qilich, ham qalam tutqazardi. Amir Temur o’g’li Shohruh mirzo, keyinchalik nevaralaridan Sulton Iskandar, Xalil Sulton, Abubakr mirzo g’azal bitishini eshitib jahl qilgan, keyin ular nafaqat qalamni, qilichniyam zo’r tutishini ko’rgach, tinchlangan, o’zini bosib ularni tergashdan o’zini tiygandi. Keksa malika jahongir o’zi g’azal bitmasa-da, g’azal tinglashni yaxshi ko’rishini bilardi.

Bibixonim hayol dastidan qutulib, yana nevarasiga qaradi. Muhammad Tarag’ay uxlab qolgandi. Biroq, uyqudayam uni hali anglanmagan sirlar bezovta qilayotgani yuzidan bilinib turardi. Momoning yuragi “jiz” etib achishdi. Dam o’tmay juda past, deyarli shivirlab aytilgan alla Ko’hak shamollari tungi Konigil bog’laridan olib kelayotgan gul isi bilan qo’shilib oqa boshladi.

Eslasang, eslamasang, alla,
Yuksalib o’s, shodmon, alla.
Yurt pisand etsa seni, alla,
Qayg’udan ozodman, alla.

O’zing gulzor bog’imsan, alla,
Suyanganim tog’imsan, alla.
Qorong’i kechalarda, alla
Yondirgan chirog’imsan, alla.

Ko’kda yulduzing yonar, alla,
Tikilib ko’zing qonar, alla.
Yulduz sirin bilmoq oson, alla,
Angla, dil ham sirli osmon, alla.

34

Olis bolalik paytlari tog’dek bo’lib, tuyulgan tepa hozir yo’q. Uni tekislab tashlashgan. Bir paytlar kaftida tutib, dunyoni tanitgan bolalarning o’zi uning tuprog’ini polizlariga tashib ketishdi. Ammo, u hozir bo’lgandayam, Samarqand minoralarini, olis tog’larni ko’rishga orzumand bola uning tepasiga chiqib qancha boqmasin, u yuksak minoralarni va moviy tog’larni ko’rolmaydi. Bu orada qad tiklagan ko’p qavatli binolar, sonsiz zavod mo’rilari bola nigohini ertakdan to’sib turadi.

Bundan o’n ikki yil avval men yashagan Anhor yoqasidagi yashil bog’ ham yo’q. Uni ham tekislab, o’rnida bir-biriga o’xshash temir-beton qutilarni terib chiqishgan. Bu qutilarda yashaydigan bolalar endi gullarga begona, daraxtlarga yot, yulduzlardan yiroq. Ularning ko’zida ne mung, na hayrat bor – bu ko’zlarda befarqlik va muzlab yotgan bo’shliq hukmron. Bu qutilarda alla yangramaydi, ba’zan xasta go’dak ustida aytilgan alla ham faqat keksa odamlarning uyqusini qochirib, ularni bezovta qiladi:

Xayr, alla…
Xayr, yashil bog’im…
Xayr, bolaliktepa…
Xayr, Mamat og’a…
Xayr, Bibi…
Ushbu yozuqlarimni sizlarning ruhi pokingizga bag’ishlayman…

1990

033

(Tashriflar: umumiy 2 168, bugungi 1)

Izoh qoldiring