Ҳар қанча замон ўтмасин, жамият ва давлат тараққиётида ҳар қандай янгиланишлар юз бермасин, инсон табиати муҳаббат ва ишқ меҳварида қолаверади. У ернинг тортиш кучидай, оҳанрабодай ҳамиша ва ҳар қандай шароитда юракларни ўзига тортаверади. Муҳаббатни туйган юракгина ҳаётнинг асл маъносини англайди. Муҳаббатдан тўлқинланган дил инсонни буюк жасоратларга ва кашфиётларга даъват этади (Хуршид Даврон. Ҳаёт гули. «Муҳаббатнома» тўпламига ёзилган сўзбошидан).
Хуршид Даврон
МУҲАББАТ ШЕЪРЛАРИ
ВИДО
Мен сендан кетмоқ истайман,
Ёмғирдек эмас, —
Ёмғир яна қайтиб келади.
Шамолдек эмас, —
Шамол яна қайтиб елади
Мен сендан кетмоқ истайман
Муҳаббат каби…
АФСУН
Хоҳ кеча, хоҳ кундуз этма мунтазир,
Лабимда иситгин киприкларингни.
Мени севгин.
Бўғзимни гулларнинг куйига тўлдир,
Қушларга уя қил менинг бўғзимни,
Мени севгин.
Қўлларинг чирмашсин бамисли сеҳр,
Эркалаб-эркалаб ўлдиргин мени,
Мени севгин.
Сокин тушларингга сен мени яшир,
Ҳеч кимга ҳеч қачон бермагин мени,
Мени севгин.
* * *
Мен сени кўрганман фақат бир марта,
Ёнимдан ўтгансан хушбуй ва кўркам.
Бу байрам бўлганди олис йил мартда,
Дарахтга гулларин осарди кўклам.
Энди ҳар йили мен сени кўраман,
Ёнимдан ўтасан ҳар йили мартда.
Изингдан термилиб узоқ тураман,
…Мен сени кўрганман фақат бир марта.
* * *
Уни ташлаб кетди хотини
Ишдаям,
Кўчадаям
Дўстлари кулишар унинг устидан.
Онаси
Тонгдан шомгача
Хотинини қарғар.
Отаси бўлса ўғлини сўкади
“Лапашанг” деб,
“Бузоқ” деб.
У бўлса шунча сўзлар ичидан
Хотинининг сўзларини излаб яшайди.
Баъзан ярим тунда
Ёстиқда қолган
Сочларнинг исига шивирлар:
“Сени яхши кўраман”.
* * *
Унутайин дегандим сени,
унутолмай қийналдим сени.
Шеърларимга очдим сирларим,
кетолмади дилдан сирларим.
Мен қушларга айтдим уларни,
қушлар севиб қолди гулларни
Мен гулларга айтдим сирларим,
сени ёдга солди ислари.
Учаётган булутга айтдим,
ёмғир бўлиб қошимга қайтди.
Остонамга келиб майсалар
исминг айтиб шивирладилар.
Унутайин дегандим сени,
унутолмай қийналдим сени.
* * *
Мен сени ҳеч қачон кўрмайман энди,
энди кўзларимда акс этмас юзинг.
Юрагим томирин титратмас сўзинг,
мен сени ҳеч қачон кўрмайман энди.
Энди баҳор – баҳор,
куз ҳам энди куз,
сокин гўшаларда тўкилар хазон.
Тўкилган хазонлар ёшламайди кўз,
мен сени ҳеч қачон кўрмайман энди.
Ёмғир томчилари товланган, хушбўй
сочларинг кўксимга сочилар эди.
Энди бу – хотира,
энди булар – ўй,
мен сени ҳеч қачон кўрмайман энди.
Қоғозга қарайман,
тунга қарайман,
юлдузга қарайман, ойга қарайман,
барчасин жилваси мен учун тинди,
мен сени ҳеч қачон кўрмайман энди.
* * *
Деразанг рахида ёронгул ўсар…
Мен сени соғиндим…
Сени қўмсадим.
Ўйлайман: О кошки ўша ёронгул
Каби ёнгинагда мен ҳам ўссайдим.
Сенинг қўлларингдан сув ичиб тонгда,
Гуркираб ўссайдим қувончдан сархуш,
О кошки булутсиз тиниқ осмонда
Учган қуш бўлсайдим…
Оддийгина қуш…
Деразанг олдидан кетмасдим йироқ,
Сайрардим – бахт майин тўйиб тотардим.
О кошки бўлсайдим оддий бир япроқ,
Сен ўтар йўл узра тушиб ётардим.
Не қилай одамман…
Балки шу сабаб
Қичқирсам етмайди сенга бу товуш.
Ёронгул ўсади…
Япроқ сарғаяр…
Булутсиз осмонда учиб борар қуш…
БИР ҚЎШИҚ
Борар эдим тунги кўчадан
Сармаст бўлиб аламу мунгдан,
Қўшиқ оқиб чиқди кечадан:
“Мен сени унутганман”.
Тўхтаб қолдим,
Эгилди бошим,
Чиқди кўздан тирқираб ёшим.
Такрорладим шивирлаб мен ҳам:
“Мен сени унутганман”.
* * *
Биласанми, туш кўрдим сени,
Эсда қолди кўзларинг фақат.
Кўрсатмоқчи бўлиб кўзингни
Олиб кетди йўллар бешафқат.
Сени топдим. Лабингда титроқ,
Шивирладинг: “Тинчимни буздинг…”
Ўртамизда қийналди чироқ,
Уйқусираб йиғлади қизинг.
Сен бўшлиққа тикиб кўзингни
Шивирладинг оҳиста, карахт:
“Биласанми, туш кўрдим сени,
Эсда қолди кўзларинг фақат”
* * *
Бу дунёда орзу қилиш соатлари бор,
Айниқса, тунда, юлдузлар остида,
Яшилгина сайҳонликда, ўтлар устида
Ҳайратни қучоқлаб ётганда.
Бу дунёда азобланиш соатлари бор,
Айниқса, тунда, юлдузлар остида,
Яшилгина сайҳонликда, ўтлар устида
Ҳасратни қучоқлаб ётганда.
Бу дунёда севиш, севилиш соатлари бор,
Айниқса, тунда, юлдузлар остида,
Яшилгина сайҳонликда, ўтлар устида
Хаёлни қучоқлаб ётганда,
Ҳаётни қучоқлаб ётганда,
Аёлни қучоқлаб ётганда.
ҚИЗ ВА ШАМОЛ ҲАҚИДА ЭРТАК
Дарддай узун-узун кўчани
Оёқларинг саси ўпади.
Ухлаб қолган ойдин кечани
Уйғотади сочларинг ҳиди.
Узоқлардан сенга изма-из
Шамол секин сирғалиб келар,
Ёлворади у сенга унсиз,
Ёлворади тунги майсалар.
Кўзларингга ой боқар қониб,
Кўзларинг ой нуридай тоза.
Мана келдинг. Бўғилиб, ёниб
Сени ютар кўҳна дарвоза.
Шамол эса кўчада қолар,
Қилт этмайди, қанотлари тинч.
Парча-парча бўлиб синади,
У кўтариб югурган севинч
Ва лабдаги бўса ҳидидан
Маст бўлганча чайқалиб беҳол,
Қайрағочга кўксини босиб,
Тўлиб-тўлиб йиғлайди шамол.
* * *
Тўсатдан уйғонар ярим тунда у…
Уйғонар кўзда ёш, болишлари нам.
Жимирлаб туради кўксида қайғу,
Бу қайғу кимгадир тутади мотам.
Йиғи тиқилади бўғзига тошдек,
Бўм-бўш хоналарни кезар бирма-бир
Хира кўзидаги бир томчи ёшдек
Милтиллаган шамни ушлаган кампир.
Йиғи ташлаб кетмас унинг бўғзини,
У йиғлар, титрайди озғин қўллари.
Шивирлар, аччиқ ёш босиб кўзини:
“Наҳотки, наҳотки туш бўлса бари…”
* * *
Нега сизга “Севаман!” десам,
Қизарасиз, жаҳл қиласиз,
Хафа бўлсам, “Кетаман!” десам,
Нега ортдан хандон куласиз?!
Мен ўттиз беш ёшда бўлсам… Сиз
Йигирмада – Айтинг, мен нетай?
Қайтай десам, сиз ишонмайсиз,
Кетай десам, қаерга кетай?!
Сиз китобга эгилган маҳал
Сочингизни ҳидлайман пинҳон –
Сезиб-билиб турасиз, ҳар гал
Кўзларимга боқасиз хандон.
Узун тунлар осмонга дилгир
Боқиб хаёл сураман: “Уям
Балки кўкка боқиб тургандир” —
Деб ўйлайман, чекаман алам.
Юлдуз порлар, кечган кундузнинг
Ҳасратларин эслатиб бир-бир —
Балки мен ва ўша юлдузнинг
Ораси ўн беш йиллик йўлдир.
Сизга эса қўлларим чўзсам
Етаману ета олмайман,
“Хайр” деган бир сўзни айтиб,
Бир умрга кета олмайман.
Балки шундан эгилиб баъзан
Сочингизни ҳидласам пинҳон,
Сезиб-билиб туриб ҳам менинг
Кўзларимга боқасиз хандон.
* * *
Ҳей, менинг кўзимни дунёдан
Тўсган қиз, айтингиз, ишқ надир?!
Юрагим бамисли нурафшон —
Тўлин ой бекинган шишадир!
Ишқ — маним кўксимни ханжарсиз
Тилгану қонимни ичган гул.
Ишқ — менинг юрагим боғида
Гул узра сайраган маст булбул.
Ҳей, менинг қонимни ўзимга
Ичирган, гуноҳга ботган қиз,
Сиз нега боқмайсиз кўзимга,
Хайр, десам, нега ғам чекасиз?!
Тунлари соғинчдан тилинган
Юракка белайсиз тонгимни,
Ўпасиз дилимдан тилимга
Неча бор талпинган жонимни.
Ҳей, тунлар тушимга қоришган,
Тонглари бамисли гулатир,
Бинафша исми хўб ярашган,
Айёр қиз, айтингиз, ишқ надир?!
* * *
Кўнглим ботиб, исминг билмоқчи бўлиб
Гулга эгилганда – капалак учди –
Ўша капалакнинг қанотларида
Сенинг исминг ёзиғли эди.
Кўнглим ботиб, кўзинг кўрмоқчи бўлиб
Гулга эгилгандим – қуриди шабнам.
Биллурдек шабнамда балқиб турарди
Мен кўрмоқчи бўлган кўзларинг.
Шунда мен ўзингни кўрмоқчи бўлиб
Отландим – сафарим кўп йироқ эди.
Исминг дукилларди менинг кўксимда,
Кўзларинг чорлаган шамчироқ эди…
ГУЛ ҲАҚИДА ҚЎШИҚ
Биласизми,баъзан тунлари
Соғинаман сизни жудаям…
Истайман шу маҳал:
Тун каби
Сизни маҳкам бағримга боссам.
Истайман мен:
томчи ёш бўлиб
Юзингиздан ўтсам сирғалиб.
Рашк қиламан сизни: қанчалар
Чиройингиз очар сирғалар.
Шамол сочган сочларингизнинг
Оловида кетсайдим куйиб.
Кечалари босиб бағримга,
Умр қисқа эканин туйиб —
Дали,телба бўлгим келади
Ишқингиздан,ҳасратингиздан
Ва соғинчдан ўлгим келади
Кўзим узмай суратингиздан.
Бола бўлиб қолсаму сизни,
Йиғлай дейман,маҳкам қучоқлаб,
Ўлгим,
ўлгим,
ўлгим келади
Ўз-ўзимни тиғлаб,пичоқлаб.
Қонимдан-да бир гул ундириб
/Баҳорнингмас,бўлсин кузники/
Шивирлагим келади аста:
«Олинг,олинг…
Бу гул сизники!..»
ХАЙР ДЕМА,СЕВГИЛИМ
Бу дунёнинг армонлари кўп экан,
Кетар бўлсанг,томонлари кўп экан,
Чечагидан сомонлари кўп экан,
Хайр дема,хайр дема,севгилим.
Ярми қора,ярми оқдир дунёнинг,
Ярми саҳро,ярми боғдир дунёнинг,
Ярми висол,ярми доғдир дунёнинг,
Хайр дема,хайр дема,севгилим.
Сен истасанг гуллар рўйи жаҳоним,
Яна бўйин таратади райҳоним,
Чаманларга айланади сайхоним,
Хайр дема,хайр дема,севгилим.
Хайр десанг,бу дунёда нетаман,
Бошим олиб қаёнларга кетаман,
Сени излаб бўзлаб-бўзлаб ўтаман,
Хайр дема,хайр дема,севгилим.
МЕНИ ЁДГА ОЛУРМИСАН…
Деразангни чертганида ёмғиру шамол,
Мени ёдга олурмисан,эй гўзал аёл.
Узун тунлар қийнаганда чеки йўқ хаёл,
Мени ёдга олурмисан,эй ёлғиз аёл?!
Тўкилганда дардим каби баргу хазонлар,
Кўз олдингни тўсганида қора тўзонлар,
Соғинчингни яширолмай субҳи азонлар,
Мени ёдга олурмисан,эй гўзал аёл?!
Қизарганда шафтолининг оқ ғунчалари,
Боғчаларда сарғайганда куз чечаклари,
Куз шомлари,ёз тунлари, қиш кечалари,
Мени ёдга олурмисан,эй ёлғиз аёл?!
Деразангни чертганида ёмғиру шамол,
Оғушига олганида чеки йўқ хаёл,
Сочларингдан сирғаларкан қирмизи рўмол,
Мени ёдга олурмисан,эй ёлғиз аёл?!
Ёдларингга олурмисан сирли дамларни,
Ёдларингга олурмисан ширин ғамларни,
Ёқиб қўйиб тун қўйнида ғамгин шамларни,
Мени ёдга олурмисан,эй гўзал аёл?!
ТАБАССУМИНГ ЁДИМДА ҲАМОН…
Табассуминг ёдимда ҳамон,
Ёдимдадир хандон кўзларинг.
Кулгуларинг эслайман, бу он
Унутилган ёлғон сўзларинг.
Атиргулнинг баргидай қизил,
Алвон эди табассуминг ҳам —
Эй кўзлари хандон урган қиз,
Наҳон сендан қолди фақат ғам?!
Мен биламан,энг сўнгги палла
Жонсиз қолиб,сирғалса қўлим,
Сенинг…сенинг табассуминг-ла
Кўзларимга боқади ўлим.
МЕН СЕВАМАН…
— Мен севаман, — шивирлар аёл, —
кирларингни ювиб бераман,
дазмоллайман кўйлакларингни
сени қучган қўлларим билан.
Фақат бир кун ёнингда ётиб
жилмайганча шивирласам бас:
«Юрагимнинг остида кимдир
худди сендек олмоқда нафас…»
ДАРЁ ЙЎҚДИР СОЧИНГДАН БОШҚА…
Дарё йўқдир сочингдан бошқа,
Тўлқинида оқай десам.
Кўзингдан бошқа юлдуз йўқ,
Қарай десам,боқай десам.
Исмингдан бошқа бир сўз йўқ,
Айтай десам, тўяй десам.
Кўзингдан бошқа юлдуз йўқ,
Оловида куяй десам.
Меҳрингдан бошқа кундуз йўқ,
Суякларим тоблай десам.
Кўзингдан бошқа юлдуз йўқ,
Ўзга йўлдан кетай десам.
РЎМОЛ ЎРАБ КЎЧАГА ЧИҚДИ…
Рўмол ўраб кўчага чиқди,
Рўмолини ечди кўчада
Ва сочлари бирдан шовиллаб
Оқиб кетди елкаларидан.
Жуда гўзал аёл эди у!
Қаландардай эргашди ҳилол…
Har qancha zamon o’tmasin, jamiyat va davlat taraqqiyotida har qanday yangilanishlar yuz bermasin, inson tabiati muhabbat va ishq mehvarida qolaveradi. U yerning tortish kuchiday, ohanraboday hamisha va har qanday sharoitda yuraklarni o’ziga tortaveradi. Muhabbatni tuygan yurakgina hayotning asl ma’nosini anglaydi. Muhabbatdan to’lqinlangan dil insonni buyuk jasoratlarga va kashfiyotlarga da’vat etadi (Xurshid Davron. Hayot guli. «Muhabbatnoma» to’plamiga yozilgan so’zboshidan).
Xurshid Davron
MUHABBAT SHE’RLARI
VIDO
Men sendan ketmoq istayman,
Yomg’irdek emas, —
Yomg’ir yana qaytib keladi.
Shamoldek emas, —
Shamol yana qaytib yeladi
Men sendan ketmoq istayman
Muhabbat kabi…
AFSUN
Xoh kecha, xoh kunduz etma muntazir,
Labimda isitgin kipriklaringni.
Meni sevgin.
Bo’g’zimni gullarning kuyiga to’ldir,
Qushlarga uya qil mening bo’g’zimni,
Meni sevgin.
Qo’llaring chirmashsin bamisli sehr,
Erkalab-erkalab o’ldirgin meni,
Meni sevgin.
Sokin tushlaringga sen meni yashir,
Hech kimga hech qachon bermagin meni,
Meni sevgin.
* * *
Men seni ko’rganman faqat bir marta,
Yonimdan o’tgansan xushbuy va ko’rkam.
Bu bayram bo’lgandi olis yil martda,
Daraxtga gullarin osardi ko’klam.
Endi har yili men seni ko’raman,
Yonimdan o’tasan har yili martda.
Izingdan termilib uzoq turaman,
…Men seni ko’rganman faqat bir marta.
* * *
Uni tashlab ketdi xotini
Ishdayam,
Ko’chadayam
Do’stlari kulishar uning ustidan.
Onasi
Tongdan shomgacha
Xotinini qarg’ar.
Otasi bo’lsa o’g’lini so’kadi
“Lapashang” deb,
“Buzoq” deb.
U bo’lsa shuncha so’zlar ichidan
Xotinining so’zlarini izlab yashaydi.
Ba’zan yarim tunda
Yostiqda qolgan
Sochlarning isiga shivirlar:
“Seni yaxshi ko’raman”.
* * *
Unutayin degandim seni,
unutolmay qiynaldim seni.
She’rlarimga ochdim sirlarim,
ketolmadi dildan sirlarim.
Men qushlarga aytdim ularni,
qushlar sevib qoldi gullarni
Men gullarga aytdim sirlarim,
seni yodga soldi islari.
Uchayotgan bulutga aytdim,
yomg’ir bo’lib qoshimga qaytdi.
Ostonamga kelib maysalar
isming aytib shivirladilar.
Unutayin degandim seni,
unutolmay qiynaldim seni.
* * *
Men seni hech qachon ko’rmayman endi,
endi ko’zlarimda aks etmas yuzing.
Yuragim tomirin titratmas so’zing,
men seni hech qachon ko’rmayman endi.
Endi bahor – bahor,
kuz ham endi kuz,
sokin go’shalarda to’kilar xazon.
To’kilgan xazonlar yoshlamaydi ko’z,
men seni hech qachon ko’rmayman endi.
Yomg’ir tomchilari tovlangan, xushbo’y
sochlaring ko’ksimga sochilar edi.
Endi bu – xotira,
endi bular – o’y,
men seni hech qachon ko’rmayman endi.
Qog’ozga qarayman,
tunga qarayman,
yulduzga qarayman, oyga qarayman,
barchasin jilvasi men uchun tindi,
men seni hech qachon ko’rmayman endi.
* * *
Derazang raxida yorongul o’sar…
Men seni sog’indim…
Seni qo’msadim.
O’ylayman: O koshki o’sha yorongul
Kabi yonginagda men ham o’ssaydim.
Sening qo’llaringdan suv ichib tongda,
Gurkirab o’ssaydim quvonchdan sarxush,
O koshki bulutsiz tiniq osmonda
Uchgan qush bo’lsaydim…
Oddiygina qush…
Derazang oldidan ketmasdim yiroq,
Sayrardim – baxt mayin to’yib totardim.
O koshki bo’lsaydim oddiy bir yaproq,
Sen o’tar yo’l uzra tushib yotardim.
Ne qilay odamman…
Balki shu sabab
Qichqirsam yetmaydi senga bu tovush.
Yorongul o’sadi…
Yaproq sarg’ayar…
Bulutsiz osmonda uchib borar qush…
BIR QO’SHIQ
Borar edim tungi ko’chadan
Sarmast bo’lib alamu mungdan,
Qo’shiq oqib chiqdi kechadan:
“Men seni unutganman”.
To’xtab qoldim,
Egildi boshim,
Chiqdi ko’zdan tirqirab yoshim.
Takrorladim shivirlab men ham:
“Men seni unutganman”.
* * *
Bilasanmi, tush ko’rdim seni,
Esda qoldi ko’zlaring faqat.
Ko’rsatmoqchi bo’lib ko’zingni
Olib ketdi yo’llar beshafqat.
Seni topdim. Labingda titroq,
Shivirlading: “Tinchimni buzding…”
O’rtamizda qiynaldi chiroq,
Uyqusirab yig’ladi qizing.
Sen bo’shliqqa tikib ko’zingni
Shivirlading ohista, karaxt:
“Bilasanmi, tush ko’rdim seni,
Esda qoldi ko’zlaring faqat”
* * *
Bu dunyoda orzu qilish soatlari bor,
Ayniqsa, tunda, yulduzlar ostida,
Yashilgina sayhonlikda, o’tlar ustida
Hayratni quchoqlab yotganda.
Bu dunyoda azoblanish soatlari bor,
Ayniqsa, tunda, yulduzlar ostida,
Yashilgina sayhonlikda, o’tlar ustida
Hasratni quchoqlab yotganda.
Bu dunyoda sevish, sevilish soatlari bor,
Ayniqsa, tunda, yulduzlar ostida,
Yashilgina sayhonlikda, o’tlar ustida
Xayolni quchoqlab yotganda,
Hayotni quchoqlab yotganda,
Ayolni quchoqlab yotganda.
QIZ VA SHAMOL HAQIDA ERTAK
Dardday uzun-uzun ko’chani
Oyoqlaring sasi o’padi.
Uxlab qolgan oydin kechani
Uyg’otadi sochlaring hidi.
Uzoqlardan senga izma-iz
Shamol sekin sirg’alib kelar,
Yolvoradi u senga unsiz,
Yolvoradi tungi maysalar.
Ko’zlaringga oy boqar qonib,
Ko’zlaring oy nuriday toza.
Mana kelding. Bo’g’ilib, yonib
Seni yutar ko’hna darvoza.
Shamol esa ko’chada qolar,
Qilt etmaydi, qanotlari tinch.
Parcha-parcha bo’lib sinadi,
U ko’tarib yugurgan sevinch
Va labdagi bo’sa hididan
Mast bo’lgancha chayqalib behol,
Qayrag’ochga ko’ksini bosib,
To’lib-to’lib yig’laydi shamol.
* * *
To’satdan uyg’onar yarim tunda u…
Uyg’onar ko’zda yosh, bolishlari nam.
Jimirlab turadi ko’ksida qayg’u,
Bu qayg’u kimgadir tutadi motam.
Yig’i tiqiladi bo’g’ziga toshdek,
Bo’m-bo’sh xonalarni kezar birma-bir
Xira ko’zidagi bir tomchi yoshdek
Miltillagan shamni ushlagan kampir.
Yig’i tashlab ketmas uning bo’g’zini,
U yig’lar, titraydi ozg’in qo’llari.
Shivirlar, achchiq yosh bosib ko’zini:
“Nahotki, nahotki tush bo’lsa bari…”
* * *
Nega sizga “Sevaman!” desam,
Qizarasiz, jahl qilasiz,
Xafa bo’lsam, “Ketaman!” desam,
Nega ortdan xandon kulasiz?!
Men o’ttiz besh yoshda bo’lsam… Siz
Yigirmada – Ayting, men netay?
Qaytay desam, siz ishonmaysiz,
Ketay desam, qaerga ketay?!
Siz kitobga egilgan mahal
Sochingizni hidlayman pinhon –
Sezib-bilib turasiz, har gal
Ko’zlarimga boqasiz xandon.
Uzun tunlar osmonga dilgir
Boqib xayol suraman: “Uyam
Balki ko’kka boqib turgandir” —
Deb o’ylayman, chekaman alam.
Yulduz porlar, kechgan kunduzning
Hasratlarin eslatib bir-bir —
Balki men va o’sha yulduzning
Orasi o’n besh yillik yo’ldir.
Sizga esa qo’llarim cho’zsam
Yetamanu yeta olmayman,
“Xayr” degan bir so’zni aytib,
Bir umrga keta olmayman.
Balki shundan egilib ba’zan
Sochingizni hidlasam pinhon,
Sezib-bilib turib ham mening
Ko’zlarimga boqasiz xandon.
* * *
Hey, mening ko’zimni dunyodan
To’sgan qiz, aytingiz, ishq nadir?!
Yuragim bamisli nurafshon —
To’lin oy bekingan shishadir!
Ishq — manim ko’ksimni xanjarsiz
Tilganu qonimni ichgan gul.
Ishq — mening yuragim bog’ida
Gul uzra sayragan mast bulbul.
Hey, mening qonimni o’zimga
Ichirgan, gunohga botgan qiz,
Siz nega boqmaysiz ko’zimga,
Xayr, desam, nega g’am chekasiz?!
Tunlari sog’inchdan tilingan
Yurakka belaysiz tongimni,
O’pasiz dilimdan tilimga
Necha bor talpingan jonimni.
Hey, tunlar tushimga qorishgan,
Tonglari bamisli gulatir,
Binafsha ismi xo’b yarashgan,
Ayyor qiz, aytingiz, ishq nadir?!
* * *
Ko’nglim botib, isming bilmoqchi bo’lib
Gulga egilganda – kapalak uchdi –
O’sha kapalakning qanotlarida
Sening isming yozig’li edi.
Ko’nglim botib, ko’zing ko’rmoqchi bo’lib
Gulga egilgandim – quridi shabnam.
Billurdek shabnamda balqib turardi
Men ko’rmoqchi bo’lgan ko’zlaring.
Shunda men o’zingni ko’rmoqchi bo’lib
Otlandim – safarim ko’p yiroq edi.
Isming dukillardi mening ko’ksimda,
Ko’zlaring chorlagan shamchiroq edi…
GUL HAQIDA QO’SHIQ
Bilasizmi,ba’zan tunlari
Sog’inaman sizni judayam…
Istayman shu mahal:
Tun kabi
Sizni mahkam bag’rimga bossam.
Istayman men:
tomchi yosh bo’lib
Yuzingizdan o’tsam sirg’alib.
Rashk qilaman sizni: qanchalar
Chiroyingiz ochar sirg’alar.
Shamol sochgan sochlaringizning
Olovida ketsaydim kuyib.
Kechalari bosib bag’rimga,
Umr qisqa ekanin tuyib —
Dali,telba bo’lgim keladi
Ishqingizdan,hasratingizdan
Va sog’inchdan o’lgim keladi
Ko’zim uzmay suratingizdan.
Bola bo’lib qolsamu sizni,
Yig’lay deyman,mahkam quchoqlab,
O’lgim,
o’lgim,
o’lgim keladi
O’z-o’zimni tig’lab,pichoqlab.
Qonimdan-da bir gul undirib
/Bahorningmas,bo’lsin kuzniki/
Shivirlagim keladi asta:
«Oling,oling…
Bu gul sizniki!..»
XAYR DEMA,SEVGILIM
Bu dunyoning armonlari ko’p ekan,
Ketar bo’lsang,tomonlari ko’p ekan,
Chechagidan somonlari ko’p ekan,
Xayr dema,xayr dema,sevgilim.
Yarmi qora,yarmi oqdir dunyoning,
Yarmi sahro,yarmi bog’dir dunyoning,
Yarmi visol,yarmi dog’dir dunyoning,
Xayr dema,xayr dema,sevgilim.
Sen istasang gullar ro’yi jahonim,
Yana bo’yin taratadi rayhonim,
Chamanlarga aylanadi sayxonim,
Xayr dema,xayr dema,sevgilim.
Xayr desang,bu dunyoda netaman,
Boshim olib qayonlarga ketaman,
Seni izlab bo’zlab-bo’zlab o’taman,
Xayr dema,xayr dema,sevgilim.
MENI YODGA OLURMISAN…
Derazangni chertganida yomg’iru shamol,
Meni yodga olurmisan,ey go’zal ayol.
Uzun tunlar qiynaganda cheki yo’q xayol,
Meni yodga olurmisan,ey yolg’iz ayol?!
To’kilganda dardim kabi bargu xazonlar,
Ko’z oldingni to’sganida qora to’zonlar,
Sog’inchingni yashirolmay subhi azonlar,
Meni yodga olurmisan,ey go’zal ayol?!
Qizarganda shaftolining oq g’unchalari,
Bog’chalarda sarg’ayganda kuz chechaklari,
Kuz shomlari,yoz tunlari, qish kechalari,
Meni yodga olurmisan,ey yolg’iz ayol?!
Derazangni chertganida yomg’iru shamol,
Og’ushiga olganida cheki yo’q xayol,
Sochlaringdan sirg’alarkan qirmizi ro’mol,
Meni yodga olurmisan,ey yolg’iz ayol?!
Yodlaringga olurmisan sirli damlarni,
Yodlaringga olurmisan shirin g’amlarni,
Yoqib qo’yib tun qo’ynida g’amgin shamlarni,
Meni yodga olurmisan,ey go’zal ayol?!
TABASSUMING YODIMDA HAMON…
Tabassuming yodimda hamon,
Yodimdadir xandon ko’zlaring.
Kulgularing eslayman, bu on
Unutilgan yolg’on so’zlaring.
Atirgulning bargiday qizil,
Alvon edi tabassuming ham —
Ey ko’zlari xandon urgan qiz,
Nahon sendan qoldi faqat g’am?!
Men bilaman,eng so’nggi palla
Jonsiz qolib,sirg’alsa qo’lim,
Sening…sening tabassuming-la
Ko’zlarimga boqadi o’lim.
MEN SEVAMAN…
— Men sevaman, — shivirlar ayol, —
kirlaringni yuvib beraman,
dazmollayman ko’ylaklaringni
seni quchgan qo’llarim bilan.
Faqat bir kun yoningda yotib
jilmaygancha shivirlasam bas:
«Yuragimning ostida kimdir
xuddi sendek olmoqda nafas…»
DARYO YO’QDIR SOCHINGDAN BOSHQA…
Daryo yo’qdir sochingdan boshqa,
To’lqinida oqay desam.
Ko’zingdan boshqa yulduz yo’q,
Qaray desam,boqay desam.
Ismingdan boshqa bir so’z yo’q,
Aytay desam, to’yay desam.
Ko’zingdan boshqa yulduz yo’q,
Olovida kuyay desam.
Mehringdan boshqa kunduz yo’q,
Suyaklarim toblay desam.
Ko’zingdan boshqa yulduz yo’q,
O’zga yo’ldan ketay desam.
RO’MOL O’RAB KO’CHAGA CHIQDI…
Ro’mol o’rab ko’chaga chiqdi,
Ro’molini yechdi ko’chada
Va sochlari birdan shovillab
Oqib ketdi yelkalaridan.
Juda go’zal ayol edi u!
Qalandarday ergashdi hilol…