«Muhabbatnoma». To’plam. Muhabbat haqida eng sara she’rlar.

09Муҳаббатнома. Муҳаббат ҳақида энг сара шеърлар. Сўзбоши муаллифи — Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон. Тўпловчи — Алишер Шойимов. — Тошкент: Akademnashr,2014. — 216 бет./ Muhabbatnoma. Muhabbat haqida eng sara she’rlar. So’zboshi muallifi — O’zbekiston xalq shoiri Xurshid Davron. To’plovchi — Alisher Shoyimov. — Toshkent: Akademnashr,2014. — 216 bet.

      Қўлингиздаги китоб ўтган аср муқаддимасида Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон нафаси билан жонланиб, шакллана бошлаган ва бугун тараққиёт палласига кирган янги давр шеъриятига таалуқли ўзбек шоирларининг муҳаббатга бағишланган шеърларидан тузилган. (Китоб мундарижаси билан саҳифанинг пастки қисмида танишинг)

Хуршид Даврон
ҲАЁТ ГУЛИ
Тўпламга ёзилган сўзбоши
02

Инсоният пайдо бўлганидан буён кечган асрлар давомида муҳаббатни шарафлаб саноғи йўқ сатрлар ёзилган, достонлар куйланган. Шарқу Ғарбнинг буюк шоирлари деб тан олинган Тирикурал, Бхартрихари, Ли Бо, Ду Фу, Имрул-Қайс, Абу Нувос, Абулаъло ал-Мааррий,Сайгё, Басё, Алишер Навоий, Фузулий, Ҳофиз, Саъдий, Мирзо Бобур, Петрарка, Данте, Пушкин, Байрон, Шекспир, Ҳёте қолдирган мерос то ҳозиргача муҳаббат нурини сочади. Зеро,Қутб Хоразмий “Хусрав ва Ширин” достонида ёзганидек:

…Ишқ бирла тирик ушбу олам,
Агар ишқ бўлмаса, бўлмас эрди одам.

Инсоннинг ўзи Муҳаббатдан вужудга келди. Одам Ато танасига кирган жон – Илоҳий нур эди, бу нур муҳаббат билан йўғрилган эди. Яратган Одам Атодан Момо Ҳавони яратди ва ҳаёт абадияти учун уларга Аллоҳни севиш баробарида бир-бирларини севиш буюрилди. Айни шу амри олийда илоҳий ишқ инсоний муҳаббатсиз бўлмаслиги ҳикмати мавжуд эди.

Яратган инсоннинг ҳаёт мақсадини ҳам Муҳаббат деб белгилади. Нодирабегим эътироф этганидек “Муҳаббатсиз киши одам эмасдур,Гар одамсен, муҳаббат ихтиёр эт”. Демак, Инсон учун дунёда муҳаббатдан олий саодат йўқ, унинг юрагидаги энг гўзал ҳиссиётлар муҳаббат ва ишқдан туғилади. Ишқ ҳаёт гулидир. Бу гул ошиқнинг шодмон ва қайғули қўзёшлари билан суғорилган, унинг ғамгин қувончи билан бўй чўзган.

Банибашар ҳаётининг солномаси бўлмиш адабиёт ва санъат тарихи ҳам, айни шу сабабдан Инсоннинг Муҳаббатга талпиниши – Гўзаллик ва Комилликка интилиш тарихи бўлиб келганини, Гўзаллик ва Комилликка куч ва маъно берган манба эса фақат Ишқ-Муҳаббат эканини ёрқин намоён этади. Ибтидодан то шу кунгача ёзилган барча буюк асарлар, аввалан Шарқу Ғарбнинг буюк шоирлари деб тан олинган ижодкорлар шеърияти фақат ва фақат ана шу бетимсол нур манбаидан илҳом олган.

Илк шеър муҳаббатдан туғилган. Асл шоирнинг сайқалтароши ҳам, энг аввало, муҳаббатдир. Фақат муҳаббатгина инсонни ижодкорга айлантиради. Фақат муҳаббатгина инсон ҳаётини маъно ва мазмун билан бойита олади. Муҳаббат инсонийлигимиз кўзгусидир. Ҳазрат Навоий насиҳат қилганларидек:

Бўлмаса ишқ,икки жаҳон бўлмасун,
Икки жаҳон демаки,жон бўлмасун.

Шеърият илк кунларидан инсон юрагининг кундалик дафтари, муҳаббат ва ҳасрат саҳнаси бўлиб келган. Бу саҳнада Муҳаббатга эришиш йўлида инсон табиатидаги бор оқу қоралик, яхшилигу ёмонлик, юксаклигу тубанлик муҳораба қилади. Охир-оқибат бобо шоиримиз таъкид этганидек “ҳам тили, ҳам кўзию ҳам кўнгли пок” ошиқ муҳаббати ғолиб келади. Ҳатто, ёвузлик туфайли юз берган Ширин, Жулъетта ва Кумуш ўлимида ҳам муҳаббатнинг мағлубиятини эмас, унинг енгилмас қудратини кўрамиз.

Ишқ-муҳаббат мавзуи асрлар мобайнида ўзбек шеъриятида ҳам етакчи ва илҳомбахш мавзу бўлиб келган. Ҳали қоғозга эмас, тошга битилган туркий битикларимизда, беқиёс “Девонул луғатит-турк”да ишққа бағишланган сонсиз сатрлар мавжуд ва орадан минг йиллар ўтганига қарамай улар юракларимизни ҳали-ҳануз ҳаяжонга солади. Зеро, муҳаббатнинг ёши йўқдир, у боқий ва ўлмасдир.

Муҳаббат бор жойда,энг аввало, сир бор, дарду ғам бор. Изтиробсиз ва сирсиз ишқ бирон бир ёзувсиз китобга ўхшайди. Фақат муҳаббатгина қайғу ва азобни фараҳбахш этади. Муҳаббат энг эзгу ва энг ёруғ азобдир! Буюк бобомиз хитоб этганларидек:” Эрур кўнгулда сафо ишқ тоза доғи била,. Нечунки кўзда ёруғлиқ эрур қароғи била…”

Бундан салкам бир аср аввал Абдурауф Фитрат ишқ ва шоир ҳақида шундай ёзган эди:

Биласанми,шоир ишқнинг энг нозли,
Эрка,инжиқ ёвдусидур, туролмас –
Маъшуқидан кўрмагунча кулушли,
Марҳаматли, чин сезгули бир кўмак,
Мана шудир унинг учун бор тилак.
…Шоир
Ишқ боғининг тентак сингирли, ёнғон
Булбулидур, башарият дунёсин
Кичик, нозли қаноти узра қўяр;
Кўклар сари юксалтгани тирпинар.

Фитрат бу сатрларни муҳаббат мавзуини эски замон асорати деб билган “янги замон” мафкурачиларига, “ўзбек шоирларининг ишқий шеърларида нола кўп” деб айтилган ғаразли иддаоларга қарата ёзган эди. “Янги замон”нинг чарм камзулли воизлари, коммунистик ғоя маддоҳлари муҳаббатни жамиятга эмас, фақат инсоннинг шахсий истакларига хизмат қилувчи оҳу воҳлар, бутун мумтоз адабиёт ана шу оҳу воҳдан иборат деб даъво қилар, муҳаббатни “буюк ғоялардан чалғитувчи тушкунлик сабабчиси сифатида рад этиб, “Алишер Навоийларни буюк истиқбол сари йўл олган кемамиздан денгизга улоқтиришимиз керак” деб аъюҳаннос солар эди.

Ана шундай инсонийликни рад этган сиёсат оқибатида ўнлаб буюк шоирлар ижоди қатағон этилди, асарлари ўнйилликлар давомида нашр этилмади. Аммо,ўзбек китобхонининг қалб ошёнида уларнинг ўлмас сатрлари жаранглаб турди, уларнинг муҳаббатга бағишланган шеърлари коммунистик бидъат замонида инсонийлик,гўзаллик ва комилликдан сабоқ беришдан тўхтамади.Бу ҳам муҳаббатнинг буюк кучидан нишона эди.

Қўлингиздаги китоб ўтган аср муқаддимасида Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон нафаси билан жонланиб, шакллана бошлаган, кейинчалик Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Усмон Носир,Миртемир, Мақсуд Шайхзода,Зулфия,Асқад Мухтор қаламидан куч олган, Эркин Воҳидов, Жамол Камол,Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Омон Матжон, Ҳалима Худойбердиева илҳомидан юксалган, Усмон Азим, Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Раҳмон, Йўлдош Эшбек, Қутлибека, Муҳаммад Юсуф салоҳияти билан мустаҳкамланган, Мирза Кенжабек, Сирожиддин Саййид, Асқар Маҳкам, Абдували Қутбиддин, Эшқобил Шукур, Ҳалима Аҳмедова, Фахриёр, Зебо Мирзо, Салим Ашур ижоди билан бойиган, Иқбол Мирзо, Гулжамол Асқарова, Ойдиннисо, Беҳзод Фазлиддин нафасидан ёшарган ва бугун тараққиёт палласига кирган янги давр шеъриятига таалуқли ўзбек шоирларининг муҳаббатга бағишланган шеърларидан тузилган. Тўпламни варақлар эканман, Чўлпоннинг аламли ва ҳассос туйғулари, Ойбекнинг завқли ва инжа ўйлари, Усмон Носирнинг тиниқ эҳтироси, Миртемирнинг ҳайратли ялласи, Абдулла Ориповнинг маҳзун ҳикмати, Рауф Парфининг оғриқли қувончи акс этган ва шоҳбайтлардан иборат шеърлари умумжаҳон муҳаббат шеъриятининг олтин хазинасига дахлдорлигини, муҳаббат мавзуи ўзбек шеъриятининг энг инсоний ва энг эзгу саҳифалари бўлиб келганини ва шундай бўлиб қолажагини англадим.

Ҳар қанча замон ўтмасин, жамият ва давлат табиатида ҳар қандай янгиланишлар юз бермасин, инсон табиати муҳаббат ва ишқ меҳварида қолаверади. У ернинг тортиш кучидай, оҳанрабодай ҳамиша ва ҳар қандай шароитда юракларни ўзига тортаверади. Муҳаббатни туйган юракгина ҳаётнинг асл маъносини англайди. Муҳаббатдан тўлқинланган дил инсонни буюк жасоратларга ва кашфиётларга даъват этади.

Сиз қўлингизга олган тўпламдаги ҳар бир шеър ҳаётингиз давомида сизнинг ва сиздан кейин фарзандларингизнинг умр ҳамроҳи бўлиб қолишини тилайман.

 

КИТОБ МУНДАРИЖАСИ
011

Абдурауф Фитрат
Абдулҳамид Чўлпон
Ғафур Ғулом
Ойбек
Уйғун
Мақсуд Шайхзода
Ҳамид Олимжон
Миртемир
Усмон Носир
Зулфия
Шуҳрат
Асқад Мухтор
Рамз Бобожон
Шукрулло
Саида Зуннунова
Жуманиёз Жабборов
Ҳусниддин Шарипов
Нормурод Нарзуллаев
Тўра Сулаймон
Эркин Воҳидов
Маъруф Жалил
Миразиз Аъзам
Гулчеҳра Жўраева
Жамол Камол
Абдулла Орипов
Машраб Бобоев
Ойдин Ҳожиева
Муҳаммад Али
Омон Матжон
Рауф Парфи
Асқар Қосимов
Сулаймон Раҳмон
Ҳалима Худойбердиева
Тилак Жўра
Азим Суюн
Матназар Абдулҳаким
Ўткир Раҳмат
Муҳаммад Раҳмон
Усмон Азим
Шавкат Раҳмон
Йўлдош Эшбек
Икром Отамурод
Шукур Қурбон
Хуршид Даврон
Қутлибека Раҳимбоева
Маҳмуд Тоир
Тоҳир Қаҳҳор
Муҳаммад Юсуф
Назар Шукур
Мирзо Кенжабек
Фарида Афрўз
Чори Аваз
Сирожиддин Саййид
Яҳё Тоға
Ўроз Ҳайдар
Асқар Маҳкам
Фароғат Камолова
Абдували Қутбиддин
Абдул Жалил
Ҳалима Аҳмедова
Аъзам Ўктам
Эшқобил Шукур
Азиз Саид
Баҳром Рўзимуҳаммад
Амир Худойберди
Карим Баҳриев
Фахриёр
Рустам Мусурмон
Ғулом Мирзо
Зебо Мирзаева
Салим Ашур
Минҳожиддин Мирзо
Иқбол Мирзо
Улуғбек Ҳамдам
Фарҳод Арзиев
Нодир Жонузоқ
Гулжамол Асқарова
Ойдиннисо
Шодмонқул Салом
Беҳзод Фазлиддин

033

Xurshid Davron
HAYOT GULI
Tо’plamga yozilgan so’zboshi
02

Insoniyat paydo bo’lganidan buyon kechgan asrlar davomida muhabbatni sharaflab sanog’i yo’q satrlar yozilgan, dostonlar kuylangan. Sharqu G’arbning buyuk shoirlari deb tan olingan Tirikural, Bxartrixari, Li Bo, Du Fu, Imrul-Qays, Abu Nuvos, Abula’lo al-Maarriy,Saygyo, Basyo, Alisher Navoiy, Fuzuliy, Hofiz, Sa’diy, Mirzo Bobur, Petrarka, Dante, Pushkin, Bayron, Shekspir, Hyote qoldirgan meros to hozirgacha muhabbat nurini sochadi. Zero,Qutb Xorazmiy “Xusrav va Shirin” dostonida yozganidek:

…Ishq birla tirik ushbu olam,
Agar ishq bo’lmasa, bo’lmas erdi odam.

Insonning o’zi Muhabbatdan vujudga keldi. Odam Ato tanasiga kirgan jon – Ilohiy nur edi, bu nur muhabbat bilan yo’g’rilgan edi. Yaratgan Odam Atodan Momo Havoni yaratdi va hayot abadiyati uchun ularga Allohni sevish barobarida bir-birlarini sevish buyurildi. Ayni shu amri oliyda ilohiy ishq insoniy muhabbatsiz bo’lmasligi hikmati mavjud edi.

Yaratgan insonning hayot maqsadini ham Muhabbat deb belgiladi. Nodirabegim e’tirof etganidek “Muhabbatsiz kishi odam emasdur,Gar odamsen, muhabbat ixtiyor et”. Demak, Inson uchun dunyoda muhabbatdan oliy saodat yo’q, uning yuragidagi eng go’zal hissiyotlar muhabbat va ishqdan tug’iladi. Ishq hayot gulidir. Bu gul oshiqning shodmon va qayg’uli qo’zyoshlari bilan sug’orilgan, uning g’amgin quvonchi bilan bo’y cho’zgan.

Banibashar hayotining solnomasi bo’lmish adabiyot va san’at tarixi ham, ayni shu sababdan Insonning Muhabbatga talpinishi – Go’zallik va Komillikka intilish tarixi bo’lib kelganini, Go’zallik va Komillikka kuch va ma’no bergan manba esa faqat Ishq-Muhabbat ekanini yorqin namoyon etadi. Ibtidodan to shu kungacha yozilgan barcha buyuk asarlar, avvalan Sharqu G’arbning buyuk shoirlari deb tan olingan ijodkorlar she’riyati faqat va faqat ana shu betimsol nur manbaidan ilhom olgan.

Ilk she’r muhabbatdan tug’ilgan. Asl shoirning sayqaltaroshi ham, eng avvalo, muhabbatdir. Faqat muhabbatgina insonni ijodkorga aylantiradi. Faqat muhabbatgina inson hayotini ma’no va mazmun bilan boyita oladi. Muhabbat insoniyligimiz ko’zgusidir. Hazrat Navoiy nasihat qilganlaridek:

Bo’lmasa ishq,ikki jahon bo’lmasun,
Ikki jahon demaki,jon bo’lmasun.

She’riyat ilk kunlaridan inson yuragining kundalik daftari, muhabbat va hasrat sahnasi bo’lib kelgan. Bu sahnada Muhabbatga erishish yo’lida inson tabiatidagi bor oqu qoralik, yaxshiligu yomonlik, yuksakligu tubanlik muhoraba qiladi. Oxir-oqibat bobo shoirimiz ta’kid etganidek “ham tili, ham ko’ziyu ham ko’ngli pok” oshiq muhabbati g’olib keladi. Hatto, yovuzlik tufayli yuz bergan Shirin, Jul’etta va Kumush o’limida ham muhabbatning mag’lubiyatini emas, uning yengilmas qudratini ko’ramiz.

Ishq-muhabbat mavzui asrlar mobaynida o’zbek she’riyatida ham yetakchi va ilhombaxsh mavzu bo’lib kelgan. Hali qog’ozga emas, toshga bitilgan turkiy bitiklarimizda, beqiyos “Devonul lug’atit-turk”da ishqqa bag’ishlangan sonsiz satrlar mavjud va oradan ming yillar o’tganiga qaramay ular yuraklarimizni hali-hanuz hayajonga soladi. Zero, muhabbatning yoshi yo’qdir, u boqiy va o’lmasdir.

Muhabbat bor joyda,eng avvalo, sir bor, dardu g’am bor. Iztirobsiz va sirsiz ishq biron bir yozuvsiz kitobga o’xshaydi. Faqat muhabbatgina qayg’u va azobni farahbaxsh etadi. Muhabbat eng ezgu va eng yorug’ azobdir! Buyuk bobomiz xitob etganlaridek:” Erur ko’ngulda  safo ishq toza dog’i bila,. Nechunki ko’zda yorug’liq erur qarog’i bila…”

Bundan salkam bir asr avval Abdurauf Fitrat ishq va shoir haqida shunday yozgan edi:

Bilasanmi,shoir ishqning eng nozli,
Erka,injiq yovdusidur, turolmas –
Ma’shuqidan ko’rmaguncha kulushli,
Marhamatli, chin sezguli bir ko’mak,
Mana shudir uning uchun bor tilak.
…Shoir
Ishq bog’ining tentak singirli, yong’on
Bulbulidur, bashariyat dunyosin
Kichik, nozli qanoti uzra qo’yar;
Ko’klar sari yuksaltgani tirpinar.

Fitrat bu satrlarni muhabbat mavzuini eski zamon asorati deb bilgan “yangi zamon” mafkurachilariga, “o’zbek shoirlarining ishqiy she’rlarida nola ko’p” deb aytilgan g’arazli iddaolarga qarata yozgan edi. “Yangi zamon”ning charm kamzulli voizlari, kommunistik g’oya maddohlari muhabbatni jamiyatga emas, faqat insonning shaxsiy istaklariga xizmat qiluvchi ohu vohlar, butun mumtoz adabiyot ana shu ohu vohdan iborat deb da’vo qilar, muhabbatni “buyuk g’oyalardan chalg’ituvchi tushkunlik sababchisi sifatida rad etib, “Alisher Navoiylarni buyuk istiqbol sari yo’l olgan kemamizdan dengizga uloqtirishimiz kerak” deb a’yuhannos solar edi.

Ana shunday insoniylikni rad etgan siyosat oqibatida o’nlab buyuk shoirlar ijodi qatag’on etildi, asarlari o’nyilliklar davomida nashr etilmadi. Ammo,o’zbek kitobxonining qalb oshyonida ularning o’lmas satrlari jaranglab turdi, ularning muhabbatga bag’ishlangan she’rlari kommunistik bid’at zamonida insoniylik,go’zallik va komillikdan saboq berishdan to’xtamadi.Bu ham muhabbatning buyuk kuchidan nishona edi.

Qo’lingizdagi kitob o’tgan asr muqaddimasida Abdurauf Fitrat, Abdulhamid Cho’lpon nafasi bilan jonlanib, shakllana boshlagan, keyinchalik Oybek, G’afur G’ulom, Hamid Olimjon, Usmon Nosir,Mirtemir, Maqsud Shayxzoda,Zulfiya,Asqad Muxtor qalamidan kuch olgan, Erkin Vohidov, Jamol Kamol,Abdulla Oripov, Rauf Parfi, Omon Matjon, Halima Xudoyberdieva ilhomidan yuksalgan, Usmon Azim, Shavkat Rahmon, Muhammad Rahmon, Yo’ldosh Eshbek, Qutlibeka, Muhammad Yusuf salohiyati bilan mustahkamlangan, Mirza Kenjabek, Sirojiddin Sayyid, Asqar Mahkam, Abduvali Qutbiddin, Eshqobil Shukur, Halima Ahmedova, Faxriyor, Zebo Mirzo, Salim Ashur ijodi bilan boyigan, Iqbol Mirzo, Guljamol Asqarova, Oydinniso, Behzod Fazliddin nafasidan yoshargan va bugun taraqqiyot pallasiga kirgan yangi davr she’riyatiga taaluqli o’zbek shoirlarining muhabbatga bag’ishlangan she’rlaridan tuzilgan. To’plamni varaqlar ekanman, Cho’lponning alamli va hassos tuyg’ulari, Oybekning zavqli va inja o’ylari, Usmon Nosirning tiniq ehtirosi, Mirtemirning hayratli yallasi, Abdulla Oripovning mahzun hikmati, Rauf Parfining og’riqli quvonchi aks etgan va shohbaytlardan iborat she’rlari umumjahon muhabbat she’riyatining oltin xazinasiga daxldorligini, muhabbat mavzui o’zbek she’riyatining eng insoniy va eng ezgu sahifalari bo’lib kelganini va shunday bo’lib qolajagini angladim.

Har qancha zamon o’tmasin, jamiyat va davlat tabiatida har qanday yangilanishlar yuz bermasin, inson tabiati muhabbat va ishq mehvarida qolaveradi. U yerning tortish kuchiday, ohanraboday hamisha va har qanday sharoitda yuraklarni o’ziga tortaveradi. Muhabbatni tuygan yurakgina hayotning asl ma’nosini anglaydi. Muhabbatdan to’lqinlangan dil insonni buyuk jasoratlarga va kashfiyotlarga da’vat etadi.

Siz qo’lingizga olgan to’plamdagi har bir she’r hayotingiz davomida sizning va sizdan keyin farzandlaringizning umr hamrohi bo’lib qolishini tilayman.

  • Xurshid Davronning «Muhabbatnoma» to’plamiga kirgan  she’rlarini mana bu sahifda o’qishingiz mumkin.

    KITOB MUNDARIJASI
    092

    Abdurauf Fitrat
    Abdulhamid Cho’lpon
    G’afur G’ulom
    Oybek
    Uyg’un
    Maqsud Shayxzoda
    Hamid Olimjon
    Mirtemir
    Usmon Nosir
    Zulfiya
    Shuhrat
    Asqad Muxtor
    Ramz Bobojon
    Shukrullo
    Saida Zunnunova
    Jumaniyoz Jabborov
    Husniddin Sharipov
    Normurod Narzullaev
    To’ra Sulaymon
    Erkin Vohidov
    Ma’ruf Jalil
    Miraziz A’zam
    Gulchehra Jo’raeva
    Jamol Kamol
    Abdulla Oripov
    Mashrab Boboev
    Oydin Hojieva
    Muhammad Ali
    Omon Matjon
    Rauf Parfi
    Asqar Qosimov
    Sulaymon Rahmon
    Halima Xudoyberdieva
    Tilak Jo’ra
    Azim Suyun
    Matnazar Abdulhakim
    O’tkir Rahmat
    Muhammad Rahmon
    Usmon Azim
    Shavkat Rahmon
    Yo’ldosh Eshbek
    Ikrom Otamurod
    Shukur Qurbon
    Xurshid Davron
    Qutlibeka Rahimboeva
    Mahmud Toir
    Tohir Qahhor
    Muhammad Yusuf
    Nazar Shukur
    Mirzo Kenjabek
    Farida Afro’z
    Chori Avaz
    Sirojiddin Sayyid
    Yahyo Tog’a
    O’roz Haydar
    Asqar Mahkam
    Farog’at Kamolova
    Abduvali Qutbiddin
    Abdul Jalil
    Halima Ahmedova
    A’zam O’ktam
    Eshqobil Shukur
    Aziz Said
    Bahrom Ro’zimuhammad
    Amir Xudoyberdi
    Karim Bahriev
    Faxriyor
    Rustam Musurmon
    G’ulom Mirzo
    Zebo Mirzaeva
    Salim Ashur
    Minhojiddin Mirzo
    Iqbol Mirzo
    Ulug’bek Hamdam
    Farhod Arziev
    Nodir Jonuzoq
    Guljamol Asqarova
    Oydinniso
    Shodmonqul Salom
    Behzod Fazliddin

    02
    КИТОБНИ ҚАЕРДА СОТИБ ОЛИШ МУМКИН?
    05

    Тошкент шаҳрида

    «Маънавият» дўкони, Тараққиёт кўчаси 2-берк кўча 2.
    «Китоб дурдонаси», Навоий кўчаси 30
    «Шарқ зиёкори» (Буюк Турон кўчаси 41),
    «Янги давр китоблари», Қатортол 60.
    Беруний кўча 12-уйдаги китоблар дўкони
    «Акмал Зиё», Уста Олим кўча 75-уй
    «Диёнатли ҳамкор», Навоий кўча … уй

    Тошкент вилоятида

    «Илм шуъласи» МЧЖ, Зангиота тумани Қуёшли маҳалласи (Солнечный)

    Бухоро вилоятида
    «Аслонобод» ХФ, Бухоро шаҳар С.Муродова кўчаси

    Фарғона водийсида

    «Шамс-офтоб», Андижон, Бобур шоҳкўча 40.
    «Маърифат зиё Бўстони», Андижон, Солиев кўчаси 17.
    «Китоб – билим манбаи», Андижон, Кўнчилик кўчаси 7.
    «Олтин саҳифа», Андижон, Ш.Рашидов кўча 16.
    «Сардоба» савдо мажмуи, Наманган шаҳри
    Қува шаҳар Аҳмад Яссавий кўчаси
    «Қўқон китоб-савдо» дўконлари
    «Марғилон китоб савдо», Марғилон шаҳар Мустақиллик кўчаси 380-уй
    «Маърифат тараққиёти», Фарғона шаҳар Қурбонжон додхоҳ кўчаси 2-уй.

    Жиззах вилоятида

    «Диёнатли ҳамкор», Жиззах шаҳар Иттифоқ маҳалласи 12/43

    Навоий вилоятида

    Навоий шаҳар Халқлар дўстлиги кўчаси 107-5.

    Самарқанд вилоятида

    «Рустамова Ф.» дўкони, Самарқанд шаҳар Почта кўчаси 15-уй

    хдк

(Tashriflar: umumiy 6 253, bugungi 1)

4 izoh

Izoh qoldiring