Abdurauf Fitrat. Ilmiy asarlar & Ibrohim G’afurov. Fitrat va millat tanqidi

Ashampoo_Snap_2017.08.05_16h22m25s_003_.png    Онгнинг очилиши миллатнинг аҳволига боғлиқ. Миллатнинг аҳволини қанчалар англаганига, қанчалар тўқнашганига, қанчалар буларни ҳис килганига боғлиқ. Фитратнинг онги очилди деганда, унинг миллат аҳволига онги очилганини назарда тутмок керак. Миллатнинг аҳволига очилган онг ўз даражасига кўра жуда кучли йўналган онгдир.

ФИТРАТ ВА МИЛЛАТ ТАНҚИДИ
Иброҳим ҒАФУРОВ
09

Тун яримдан анча оғди. Мезон ойининг осмони 6улутсиз, тиниқ. Оёқ томонимда жанубга оғиб чиққан ой мовий юлдуз парпар ёнади. Уйқим ўчган, у билан анчагача суҳбатлашаман. У кечмишнинг кўп воқеаларига гувоҳ. Лекин сир сақлайди. Менинг уйқусиз сўроқларимга жавоб бермайди. У нима деб жавоб берган бўларди деб ўйлайман. Масалан, миллат болаларининг миллат аҳволига кўзлари очилиши қандай рўй беради? Қачон рўй беради? Фитрат ва Фитратга ўхшаганларнинг миллат ҳолидан бу қадар озурдадил бўлишларига сабаб нима? Юлдузнинг пирпираган ингичка ҳаворанг нур толалари кўзимга ўткир қадалади. Юлдузлар мен қанчалар ёлвормай сўйламайдилар. Бир жойда бир зум ҳам тўхтамайдилар. Менинг мовий юлдузим бўғотга илинди, бир он кўз ёшидек ярқираб турди, сўнг том бошига ўтиб кетди. Осмон гўё зерикарли бўлиб қолди. Майда-майда сонсиз юлдузлар шиғалаб қарайдилар, лекин уларнинг шуълалари менга етиб келмайди. Кўзимга файз бермайди. Том ўтгани билан юлдуз йўқолмайди. Мен ўрнимдан туриб қарайман. У ҳақиқатан ҳам том бошида ярқираб турибди. Мен жойимга қайтаман. Юлдуз яна ғойиб бўлади. Менга кўринмагани билан юлдуз йўқ бўлди дегани эмас, деб ўйлайман. Биз, одамлар, кўпинча кўзимизга кўринмаса, йўқ экан деб ўйлаймиз. Ҳолбуки, у бор. Фақат шу тобда бизга кўринмай турибди.

007Фитрат ва Фитрат замондошларининг миллат ҳақида қайғуришлари, аламли ва аччиқ ўй суришлари, кескин танқидлари аср бошларида қадим Турон осмонида ўша пар-пар кўк юлдуздай ёнган эди. Кейин бу юлдузни кўзларимиз илғамай қўйди. Кўзимизни чирт юмиб у йўқ дедик. Кўздан йироқ — кўнгилдан йироқ бўлди. Аммо кўк юлдуз Турон осмонини қоплаган булутлар ортида порлар, чорлар, йўлдош бўл деб чақирарди.

Йигирманчи йил аввалида қора булутлар остида шўнғиб-шўнғиб сузаётган бу улуғ юлдузга икки буюк Турон шоирининг кўзи тушган эди.

1919 йил май ойида Фитрат ёзди:

Гўзал юлдуз, еримизнит энг қадрли тувғони!
Нега биздан қочиб мунча узоқларга тушибсен?
Тувғонингга нечун сира гапирмасдан турибсен?
Сўйла юлдуз, ҳолинг надир? Нечук топдинг дунёни?
Бизнинг ерда бўлиб турган тубанликлар, хўрликлар
Сўйла юлдуз, сенинг доҳий қучоғингда бўлурми?

Ердаги одамлар Миррихдан жанговарлик белгиларини излашади. Фитратнинг бошқа бирон юлдузга эмас, айнан Миррихга мурожаат қилаётганида ўзига хос маъно товланишлари зуҳурланади. Фитрат юлдузга эмас, ер юзида жуда кўп нарсаларни ўзгартиришга, адолат ўрнатишга қодир алп ўғлонга қарата сўйлаётгандек ҳам бўлади. Жанговарлик, адолатпешалик юлдузига жанговар, мард, ўта одил сўзларни айтишга журъат этади. Унинг журъати фарёд каби. Ҳа, фарёд каби тингланади.

Фитрат жанговарлик юлдузи билан таъбир ўринли бўлса, ўткир мунозара олиб боради. Унга устма-уст кескин, ҳаддан ортиқ аламли саволлар беради. Саволларнинг юки жуда оғир, улар мунозарага ўта фожиона тус берадилар. Саволларда миллатни фожиага олиб келган ҳоллар чўнг аксланади.

Борми сенда ўксуз, йўқсилнинг қонин
Гурунглашиб — чоғир каби ичганлар?

Борми сенда бутпун дунё тузугин
Ўз қопчиғин тўлдиргани бузганлар?

Борми сенда бир ўлкани ёндириб,
Ўз қозонин қайнатгучи ҳоқонлар?

Фитрат бу саволларига Миррихдан жавоб ололмайди. Жавоб саволларнинг ўз ичига яширинган эди. Бирор миллат тарихда харобликка учраган бўлса, бунинг ўз ички ва ташқи сабаблари бўлади. Ички ва ташқи сабабларнинг залворини солиштирсангиз, албатта, ҳар қандай ҳолда хам, ички сабаблар устунлик қилганини кўрасиз, кузатасиз. Ташқи сабаблар ички сабабларга чамбарчас боғланган. Душман ички сабабларни жуда яхши ўрганиб, ўз ғалабасига тўла ишонч ҳосил килгачгина боскинчиликка журъат этади. Ички сабабларингиз бўлмаса, билингки, душман сизни хеч качон енголмасди.

Фитратнинг онги жуда эрта кўз очди. Онгнинг очилиши миллатнинг аҳволига боғлиқ. Миллатнинг аҳволини қанчалар англаганига, қанчалар тўқнашганига, қанчалар буларни ҳис килганига боғлиқ. Фитратнинг онги очилди деганда, унинг миллат аҳволига онги очилганини назарда тутмок керак. Миллатнинг аҳволига очилган онг ўз даражасига кўра жуда кучли йўналган онгдир. Бу гапларни Фитрат ўн тўққизинчи йилда айтяпти. Лекин бу гапларни у 909-йилда ҳам айтган. Ўшанда у юраги ва онгини ўртаган фикрларни айтиш учун фаранг ва бухоролик мударрис мунозарасини ўйлаб топган эди. У мунозара билан Миррих мунозараси ўртасида ўн йил ўтган. Мунозара руҳи ва мавзуси ўзгармаган, лекин кучайган, ижтимоий жиҳатдан янада шиддатли тусга кирган. 909-йилдаги мунозарага хали бирмунча батафсил тўхталиб ўтамиз. Лекин унгача эътиборли бир адабий фактни яна қайд қилиб ўтсак, ортиқча бўлмас. Бир томондан даврнинг ўзи қаттик мунозарага чорларди. Мустамлака бўлган ўлкалар қуллик ва қарамликдан қутулиш имконига эга бўлган эдилар. Асрнинг биринчи чорагида кетма-кет бўлиб турган ғалаёнлар ва инқилоблар одамлардагина эмас, кўпгина халкларда хурлик иштиёқини уйғотган ва бу иштиёқ йил ўтган сайин тобора жўш урарди. Бухородан жўшган овозга водийдан бошқа бир жўшқин ва ниҳоятда ўктам овоз жўр бўлди. Чўлпоннинг 1920 йил августда ёзилган «Ёруғ юлдузга» деган шеърини эслатмоқчиман. Фитратнинг ҳам, Чўлпоннинг ҳам юлдузга мурожаат қилган шеърлари «Ўзбек ёш уюирлари» мажмуасида босилган.

Чўлпон ёзади:

Гўзал юлдуз, нурли юлдуз, тез сўзла
Оталарнинг тарихдаги хатосин.
Шул хатодан осуфланиб, ёвларнинг
Эл кўксида сурган ишрат сафосин…

02Чўлпон Фитратга бу ерда очиқ пайравлик қилади, унинг овозига очиқ онгли жўр бўлиб чиқади. Худди Фитрат каби юлдузга «гўзал юлдуз» деб мурожаат этади, «сўзла юлдуз», деб Фитратнинг даъватини такрорлайди. Фитрат сингари юлдузга кетма-кет шиддатли саволлар ташлайди. Ёруғ юлдуздан мадад ўтинади.

Ҳар иккала улуғ шоирнинг шеърни «гўзал юлдуз» деган сўз ва таъриф билан бошлашлари тасодифиймикин? Оддийгина бадиий усулмикин? Чўлпон истаса, бошқача сифат топарди-ку. Лекин нега у Фитратнинг тавсифини айнан қайтараяпти, шеърини шу таъриф билан бошлаяпти?

Бизнингча, бу юлдуз — юлдуздан ҳам ортиқ — у — аъмол, у — саодат. Аъмол ва саодат рамзи. Миллатнинг жуда олис ва жуда юксакда порлаган келажак саодати. Аъмол ва саодатга — яна улар миллат аъмоли ва саодати бўлса, «гўзал» деган сўздан ҳам ортиқ, аниқ, равшан таъриф бўлиши мумкинми! У шоир ҳам, бу шоир ҳам ўз идеалига мурожаат этади. Миллат бошига унинг саодатли юлдузини чорлаб келтиради. Шоир наздида ерларда дардларни тинглагувчилар қолмагач, дардкаш ва дўст, ҳамкор кўклардан изланади. Худди шундай ажойиб жўровозликни биз яна бошқа кўпгина ҳолларда ва хусусан, Фитратнинг «Беҳбудийнинг сағанасин изладим» шеъри билан Чўлпоннинг «Маҳмудхўжа Беҳбудий хотираси» шеърида ҳам кузатамиз:

Фитрат ёзади:

Ўз йўқотқонин излади, сўрди.
Бир дарак топмагач, бирдан бир тикилди,
Бор кучин тўплади,
Золимнинг тахтини титраткан
бир товуш қичқирди:
Отамнинг қабрини қаерга яширдинг,
Бот сўйла…?!

Чўлпон ёзади:

Амалимнинг юлдузи-ким, кўз тикди
Қора, жирканч… ўлим кони ерларга.
Савол бердим:
«Йўқотгоним қайда?» деб
Ўзимни ҳам ютмоқ бўлган эрларга…

Кўряпсизми, бояги гўзал юлдузнинг таърифи мана бу ерда чикди. Чўлпон уни «амалимнинг юлдузи» деб атайди. Биз эса аъмол юлдузи деб олган эдик. Аъмол ва амал юлдузи — қанчалар теран ифодалар! Қанчалар Фитрат ва Чўлпонга хос! Шеърлардаги излаш мотивига эътибор бердингизми? Фитратнинг «Ўз йўкотконин излади» ибораси билан, Чўлпоннинг «Йўқотғоним қайда?» — деган изтиробли саволи нега жўр чикаётганини англадингизми? Улар албатта, шунчалар йирик талантлари бўлгани холда бошкача сўйлашлари хам мумкин эди. Лекин 6у ўринда эътиқоднинг тили бир ва эътиқод шеърда хам бир турли ифодаларни танлайди. Фитрат ва Чўлпон фақат юлдузларгагина эмас, ўз ижодларида денгизлар, шамоллар, баҳорлар ва хаёлларга хам дам-бадам мурожаат қиладилар. Бунда хам бир-бирларига ажиб бир тарзда ижодий жўр бўладилар. Буларнинг бари улар онгли тарзда шу усулни танлаганликларини, асарлари билан бир-бирларига мададкор бўлганликларини, сафдошлик туйғусини яратганликларини кўрсатади. Ижодий, эътиқодий сафдошлик улар учун бениҳоя мухим ва принқипиал аҳамият касб этади.

Чўлпон Беҳбудийга бағишланган шеърида яна бир карра юлдуз образига тўхталади:

Шунинг учун юлдуз каби ярқираб,
Элда қолғон исминг билан тураман —

44Шу тариқа «юлдуз» тимсоли уч буюк шахсни бирлаштиради. Фитрат ва Чўлпон юлдуз деганда Беҳбудийни ҳам назарда тутганлар. Миллат ва унинг озодлиги, маърифати, келажаги учун жон фидо қилган буюк инсон икки шоир назарида албатта, юлдуз билан тенг бўлган, халқ йўлини қоронғу тунларда юлдуз каби ёритган… назаримда, бу ажойиб адабиёт ёдгорликларининг яратилишида эътиборли бир воқеа тарих бўлган кўринади. Лекин билмадим, у тарихнинг излари ўчиб кетганми? Ё ҳали зулматлардан бир толим зиё ҳам келиб қоларми бу воқеаларни ёритгудек?

Умуман, жўровоз бўлиб кўйлаш фақат Фитрат ва Чўлпонгагина хос бўлиб қолмай, эътиқод қудратидан туғиладиган бу ҳодисани биз Авлоний ва Тавалло, Сиддиқий ва Сидқий, Сўфизода ва Ҳамза, Ибрат, Мискин, Камий каби қатор ўша давр шоирлари амалиётида ҳам кузатамиз. Улар учун миллатнинг аҳволи улуғ бир мушоира ва мунозара учун мавзу бўлган эди.

Равнақни кўзлаган миллий танқид руҳи шулар ижодида росмана ҳаракат тусини олди ва кучланди.

Фитрат аср бошларидаги Бухоро аҳволини ва Бухоро воситасида бутун Туркистон ва бутун миллатнинг аҳволини хорижлик уламо шахснинг нигоҳи билан кузатди, бу аҳвол ва бу ишларга унинг ақли билан баҳо берди. Ҳинд сайёҳи ва фаранг уламоси гарчи Бухорога ёт одамлар, лекин унга дўст одамлар: уларнинг ҳар бир сўзлари, ҳаракатларида шу муқаддас юртни севишлари, уни эъзозлашлари, унинг буюк тарихи ва меросий қадриятларини бениҳоя юксак англашлари сезилиб туради. Улар миллат ва унинг аср бошидаги аҳвол-руҳияси ҳақида ўзларини бироз четга тортиб туриб фикрлагандай бўладилар. Шу четга тортиб туриб фикрлашларида ёрқин бир холисликлари кўзга ташланади. Холис одамда мухаббат ёки нафрат бўлмайди. Аммо фаранг сайёҳининг ҳам, ҳинд сайёхининг ҳам холислиги замирида улкан, теран, самимий муҳаббат ва дард кўлкаланиб ётгани аниқ билиниб туради.

Фитрат нега ўз илк мунозаравий асарларига бошқа мамлакатлар одамларини қатнашчи — қаҳрамон қилиб олди? Бухоро ва миллат ишларини чет, холис одамнинг фикр-қараши орқали баҳолаш ва улар тўғрисида холис хулоса чиқаришни кўзлагандир. Чеккадан келган одам мабодо у назар соҳиби бўлса, албатта ҳамма нарсаларни барча ўткир қирралари билан кўради ва бу ишларни жаҳон маърифати нуқтаи назаридан баҳолайди. Албатта, Фитрат буни ҳам назарда тутган. Шу билан бирга у бошқа жуда муҳим бир нарсани ҳам кўзлаган: Бухоро воситасида бутун Туркистон ишларини у европача адабий-бадиий таҳлилдан ўтказишни мўлжаллаган. Бинобарин, «Ҳинд сайёҳи» ҳам «Мунозара» ҳам Турон заминида, ўзбек адабиётида европача таҳлил усули қўлланган, аналитик фикрнинг қудратли тўлқинлари илк намоён этилган асарлардир. Бу асарларни ўқишга муяссар бўлган  одам албатта аввало, Европа сайёҳларининг Шарқ ҳақидаги асарларини ва қолаверса, Стендал ва Гейне каби даҳо адибларнинг саёҳатномаларини дарров хотирасига келтиради. Мен хусусан, айниқса, Стендалнинг Франция бўйлаб саёҳатлари ҳақида ёзган гўзал китобини «Ҳинд сайёҳи» муносабати билан эсладим ва улар ўртасида — қарашларда, баҳолашларда, мамлакатга яхшилик ва бахт соғинишларда, тараққиёт йўлларини излашларда ажиб бир ўхшашликлар кўрдим. Мен бу ерда Фитратни буюк француз романнависи билан тенгламоқчи эмасман. Мен факат уларнинг миллат ғамида, тарақкиётни соғиниб қайғуришлари, ватанпарварлик кайфиятлари, танқид ўтининг кучлилиги бир мақомда эканлигини ва миллатпарварлик ҳар қандай мамлакатда хам бир хил мавқе ва кўринишларга эга эканлигини андак бўлса-да таъкидлаб ўтмоқчиман, холос.

Европача адабий-бадиий таҳлил усули Фитратга бутун Туркистон воқелигини очиқ-ошкора, бўямай, бўрттирмай, сохта ватанпарварликка берилмай кўрсатиб ўтиш имконини яратади.

Тарихий манбалардан маълумки, аср бошларига келиб, миллатнинг ижтимоий ва маиший ҳаётида таназзул ва турғунлик сўнг нуқтасига етган эди.

Турғунлик ва таназзулнинг ички ва ташки сабаблари кўп ва мураккаб. Лекин ташқи сабаблардан кўра ҳам ички сабаблар жиддийроқ.

Ички асосий сабаблардан бири — миллий бехабарлик эди. Халқнинг кўпчилик қисми дунё ишларидан, бошқа мамлакатлар ва халқларнинг ҳаёти, турмуш даражасидан, ўз ҳақ-ҳуқукларидан, улар учун курашдан хабардор эмас эди.

Рост, Туронда темир йўллар қурилган, мустамлакачилик руҳидаги газеталар ва Туркистон тўпламлари вақти-бевақт чиқиб турар, чеккалардан хам ислоҳ руҳидаги газета-журналлар келиб турар, бирок, халқ уларни билмас, ўқимас, энг ёмони, билишни истамас эди.

Миллат иши учун ҳамиша куйган, қайғурган ва доим маърифатпарварлик ғоялари билан юрган Мунаввар Қори Абдурашид ўғли 1906 йилдаёқ «Тараққий» газетасида чиққан «Бизни жаҳолат — жаҳли мураккаб» деган аччиқ мақоласида ана шундай умумий хабарсизлик ҳақида ёзиб, қадим «Қобуснома» донолигига жўр бўлиб, алам  билан: «… билмаслар, билмаганларини ҳам билмаслар», деб ёзган эди.

Европа тараққиётига жуда шиддатли тус берган ва жаҳонда мустамлакачиликнинг янги урчуғини ясаб берган порох (борут) ҳали Турон халқлари ва уламолари онгида ўзгариш ясаб улгурмаган эди. Европада Шарқдан олиб кетилган порох оламни ағдар-тўнтар қилиб ташлаган, у Туронга биқинибгина кириб келган бўлса- да, лекин моҳиятини англаб етилмаган, ундан фақат босқинчилар усталик билан фойдаланар, ундан фойдаланолмаганларни ўзларига тобе этар, Аллоҳ томонидан шу халқнинг умргузарлиги учун ажратилган бойликларни талаб кетардилар.

Тарихнинг ва тараққиётнинг яна бир аламли ўйинларини қарангким, ўн еттинчи асрдан эътиборан Европа порохни қанчалар орқада қолган халқлар бошларида ўйнатган бўлса, XX асрнинг ярмига келиб Европа ва ундан сўнг Америка атомни кашф этиб, ядро вахималари билан ер юзини титратиб келадилар. Билмадик-ки, келаётган асрларда одамларни қирғин ва қарам қиладиган яна нималар ихтиро қилиб топилар экан.

Мен хабарсизликни мутлақ фожиа деб атамоқчи бўламан. Бу бир янги топилган гап эмас.

Лекин кун тартибидан тушган ҳам эмас. Хабарсизлик… «Мунозара»да фаранг олими Бухоронинг энг илғор кишиси, яъни аҳволдан хабардор бўлиши керак бўлган кишидан «Бухоронинг аҳоли нуфуси қанча?» — деб сўраса, уламомиз нима дейди денг: «Биродар! Мен бир ишлик одам эдим. Бухоро кўчаларида юриб, одамларнинг ададини санаганим йўқ…»

Яъни у ўз юртининг қанча халқи борлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган, бу билан мутлақо қизиқиб ҳам кўрмаган, эҳтимол буни ҳатто хаёлига хам келтирмаган… Унинг гапидаги зарда оҳангини сезяпсизми? Бу — ҳамма билмасларга хос бўлган зарда! Ҳамма билмаслар билмаслигини яширадиган ибтидоий парда. Унда яна «Бухоро уламоси» деган сохта ғурур ҳам бор. Зарданинг бир чеккаси шу ғурурдан. Иккинчи чеккаси бу ғурурни қандай бўлмасин сақлаш керак: шунинг учун у болаларча: «Мен иш билан банд эдим», дейди. Лекин қандай иш билан? У иш билан банд бўлса, Бухорода қанча аҳоли яшашлигини билмаслиги, бу билан қизиқмаслиги керакми?

Фаранг яна сўрайди: «Сизлар, Бухоро уламоси, хўб арабийдон эмишсиз…» Лекин тез орада мударрис қалтираб қолади. У йигирма етти йил арабча ўқиб, «арабийдон» бўлган эса-да, лекин фаранг билан икки оғиз араб тилида сўзлашолмайди. Фаранг эса арабчани уч йил ўқиб мукаммал ўрганиб олган. Фаранг билан мулоқотда мударрис ҳар бир нуктада ўз хабарсизлигини кўрсатади. У ҳар ҳолда мударрис, ўз мамлакатининг зиёли одами, фарангдан «Бу оғир дардларга чора нима?» деб сўрайди. Фаранг одамларга тез манфаат етказадиган ва ажойиб натижалари тезда-тезда юзага чиқадиган миллий мактаблар очиш зарурлигини айтади. Мударрисимиз эса янги миллий мактаблардан ўтдан қўрққандек қўрқади. Фарангнинг янги мактаблар, янги таҳсил усуллари, ислоҳпарварлик ҳақидаги фикрларини Бухоро ҳаётига тўппа-тўғри диверсия деб қабул қилади.

Хабарсизлик ўзи бундай қараса, беозоргина, турмуш кечириш, нон ейишга ҳеч бир халал бермайдиган бир нарса бўлиб туюлади. Кўплар буни шундай деб ҳам тушунадилар. Лекин аслида-чи?

Аслида хабарсизликдан:

Халқнинг ҳаётга қизиқиш доирасининг мутлақо торайиб кетганлиги — ҳаётдан кузатилган ва кузатиладиган манфаатларнинг йўқ даражага ёхуд ўта жайдари бир ҳолга тушиб қолганлиги — халқ ўзини халқ деб ҳис қилмай қўйганлиги — қавм даражасида ўралашиб яшашга кўникканлиги йирик маданий қатламлар тахлаган, ўз ичидан даҳо олимларни ва адибларни етиштирган, чинакам улуғ тарих ва давлатчилик анъаналарини яратган халқ — ўз ўтмишидан фахрланишни унутганлиги — халқнинг нуфуси унчалик катта бўлмаса-да, лекин бир ўзига бирваракай учта хонлик вужудга келтирганлиги —бу хонликлар ўртасида низолар ҳеч тўхтамаслиги —булар ҳаммаси хабарсизлик оқибатларидир.

Хабарсизлик шуларга кўра таназзул ва турғунликнинг онасидир.

Фитратнинг ҳар иккала мунозара асаридан шундай хулоса келиб чиқади. Фитрат икки хорижий мусофир воситасида хабарсизликнинг даҳшатли картиналари билан оламни таништиради.

Бизга қолса, хабарсизлик халқнинг бутун куч-қувватини ўлик ҳолга келтирган, унинг ихтиро, кашфиёт қувваларини сўндирган, ҳаракат майдонини энг кичик нуқтагача торайтириб келган ашаддий оғир ижтимоий ҳодисалардан биридир.

Хабарсизлик қуртлари миллат дарахтининг ғоятда мустахкам танасини ичдан емириб, чиритиб, уни ҳаёт иморатини қуришга яроқсиз ҳолга келтирган иллат эди.

Кейинги уч юз йил мобайнида Туронда кашфиётчилик ва ихтирочилик руҳининг сўнганлиги, ҳеч бир нарсада улар юзага чиқмаганлигини нима билан изоҳласа бўлади?

Фитрат бу икки асарида худди ана шу хабарсизлик фожиаларини ҳар гомонлама — барчасини ҳаёт реалликлари асосида кескин таҳлил қилади.

Турон маданияти ўн еттинчи асрдан кейин кетма-кет таназзуллар ичида қолиб, халқ ижтимоий-маданий, салоҳий жиҳатдан болалик холатига тушиб қолган эди.

Маданий, ижтимоий, иқтисодий болалик даври барча миллатлар, барча халқлар ва мамлакатларда бўлиб ўтган. Уни бошдан кечирмаган халқлар йўқ. Туронда ҳам у қарийб уч юз йил давом этди.

Хабарсизлик ва болалик… мен ижтимоий болаликни назарда тутяпман. Улар бир-бирларига жуда яқин ва доим бир-бирларини етаклаб юрадилар. Хабарсизлик ва болаликнинг ўз психологияси мавжуд.

Фитратнинг мунозараларида ижтимоий болалик касалига чалинишнинг белгилари, зуҳур ҳолатлари жуда кучли намоён этилган…

Фитрат миллат фикри ва қарашларининг маълум бир нуқталар ва маълум бир чегаралар ичида тўхтаб, қотиб қолганига алоҳида эътибор беради. Ҳинд сайёҳи ҳам, фаранг ҳам Бухоро уламоларини ҳақиқатни англамоқ учун бахсга тортадилар. Лекин баҳс ўша фикр қотган нуқтага тақалиб, дархол тўхтайди. Муллалар зардаланадилар, аччиқланадилар, сўкинадилар: буларнинг бари фарангнинг ёки ҳинд сайёҳининг илгари сураётган фикрлари, сўраётганларига жўяли бир жавоб топилмаслиги, далилларнинг — ишончли далилларнинг уламолар қўлида йўқлиги билан изоҳланади. «Мунозара»да мударрис янги усулдаги мактаблар ярамайди, чунки улар болаларни кофир қилади, деб шу фикрида қимирламай туради. Фаранг олими ёлвориб сўрайди-ки, ахир, тақсир, нега, тушунтириб беринг? Ниҳоят мударрис узоқ пайсалга солгач, болалар бу янги мактабларда курсиларда ўтирадилар, шунинг учун кофир бўладилар, дейди: «Курсида ўлтурмак овруполиларнинг ишидир. Шунинг учун болаларимиз агар курсида ўлтурсалар, кофир бўлурлар». Янги усулдаги мактабларга қарши бухоролик мударриснинг далили шундай. Болалик ҳолатига тушиб қолган одамнинг далили. Бу ҳинд сайёҳининг ҳовуз борасидаги мулла билан савол-жавобини эслатади. Ҳинд сайёҳи: ҳовузнинг сувидан ичиб бўлмайди, чунки у одам чайиндилари, ювиндилар, турли ифлосликлар билан булғанган, деса, бухоролик мулла: бу гапдан мақсадингиз нима? Сув ичманглар демоқчимисиз? — деб ўдағайлайди. Лекин мағзавалар билан тўлиб-тошган сувни ичиш кони зиён эканлигини хаёлига ҳам келтирмайди. Бу ҳақда мулла бўла туриб ўйлаб ҳам кўрмаган, барча бола хаёлли кишилар каби: сув етти думаласа, тоза бўлади, деб ишонади.

Лекин ҳинд сайёҳи бундай муллаларгагина эмас, Бухоро заминида разолатлардан ичи ўт бўлиб ёнаётган, «доно, ҳамиятли, зукко, мутафаккир ёшлар» ҳам етишиб чиқаётганига эътибор беради. Шундай юраги шаъм ёшлардан бири билан дўстлашади, унинг кўмагида миллат ҳаёти ичига чуқурроқ киради.

Ҳинд сайёҳи ўзини мушоҳада этувчи, танқид қилувчи, таҳлил этувчигина эмас, балки яхшигина ислоҳотчи сифатида ҳам намоён этади. У турли чиркинликларни танқид қилибгина қолмай, уларни ислоҳ қилиш йўлларини ҳам кўрсатади. Унинг кўрсатган йўлларига ҳар доим ҳам қўшилиб бўлмаса-да, лекин ўз даври учун улар ҳар қалай анча илғор эди. Чиркинликлардан, асрий разолатлардан қутулиш имконини очарди. Ҳинд сайёҳи миллатнинг ислоҳи учун уч нарса зарур деб билади: «бир жоҳил миллатнинг олим бўлиши учун уч нарса зарурдир: пул, мадраса, саъю амал…»  У «Бухорода бу уч нарса ҳам мавжуд. Уларни тузатиш осон. Тўла  ишонч билан айтаман-ки, бир одил, тўғри фикрловчи амир ва тадбиркор, Худодан қўрқадиган вазир бўлса, бу ишларнинг барчасини ислоҳ этса бўлади», деган ишонч билдиради.

Миллатлар ва мамлакатлар такдирида маърифатли, миллатпарвар подшоҳларнинг хизматлари албатта бекиёс аҳамиятга эга. Лекин ҳинд мутафаккири Бухоро ва Турон шароитида бундай одил, илмпеша, марҳаматли ва тараққийпарвар подшоҳни қаердан олишни айтмайди. Йўл бор. Аммо йўлдан юрувчи йўқ. Йўл бор. Аммо йўлдан бошловчи йўқ. Боши берк кўчага кирган кишилар. Уларнинг кайфиятлари. Қарашлари. Боши берк кўчага кириб қолган халқ ва мамлакат аввал орқага қайтиши ва шу берк кўчадан чиқиши керак. Лекин бунга миллатнинг чамаси, ўша пайтда мажоли қолмаган эди. Шунинг учун миллатнинг халоскор ёшларидан бири фарёд солиб айтади:

— «Сиз бу миллат ҳақида қанчалик илиқ фикр айтманг, мен бари бир уларни ёмон кўраман. Сиз бу миллатга қанчалик умид билан боқсангиз, мен шунчаки умидсизланаман. Бу шундай миллатки, ҳақини ғорат этсалар, ўзи ана шу яғмогарлар оёғига бош қўйишни фазилат деб билади. Фано қудуғига бошлари билан ботиб турсаларда, ўзларининг халоскорларини кофир деб атайдилар. Улардан нимани умид қилиш мумкин, қайси келажакни орзу этиш жоиз?!».

Аччиқ алам, изтироб билан тўла бу сўзларда миллат мазлумлигининг даражаси акс этади. Бу сўзлардан миллат ўз-ўзини ва ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қодир бўлмай қолганлиги ҳам англашилади. Булар ҳам болаликка тушиш, болаликка қайтишнинг жиддий фожиали белгиларидандир. Лекин ҳинд сайёҳи бундай оғир тушкунлик кайфиятлари миллатнинг бошига оғир талафотлар келтириши мумкинлигидан огоҳлантиради. У тушкунликка қарши саботни қурол қилиш зарурлигини уқтиради. «Бир одамнинг саботи буюк бир миллатни ислоҳ этишга қодир. Ислоҳ этувчилар тоифаси учун саботдан бўлак асл курол йўқ», дейди донишманд сайёҳ.

Сабот ҳақидаги бу сўзлар ўша пайтда ёшлар тарбиясида жуда катта аҳамиятга эга эди. Ҳозир ҳам унинг аҳамияти заррача пасайган эмас. Шуниси диққатга сазоворки, миллатнинг тараққиёти учун бел боғлаган кишиларнинг хаммалари Беҳбудийдан тортиб Фитратгача, Авлонийдан тортиб Таваллогача, Мунаввар Қоридан тортиб Чўлпонгача сабот тариқини тутдилар. Чин маънода саботни ўз ижтимоий курашларида қурол қилиб олдилар. Яна диққатга сазовор томони шундаки, улар бу саботдан охирги дамгача айрилмадилар.

Фитрат ва Чўлпон каби ижтимоий тараққийпарварлар миллатнинг моҳиятини англашга, унинг психологияси ва характери ичига киришга ва шу йўл билан уни чиритаётган, фаолиятдан, ихтирочилик ва ислоҳчиликдан маҳрум қолдираётган хусусиятларни юзага тортиб чиқаришга киришдилар. Бу ўз даври учун жуда катта аҳамиятга эга иш эди. Уларгача ҳеч ким миллатнинг психологияси ва характери ичига теран ижтимоий мақсадларни кўзлаган ҳолда киришни хаёлига келтирмаган эди. Улар шу тариқа миллатнинг асил табиатига хос бўлмаган фақат зулм ва зулмат ичида, зўравонликлар остида узоқ муддатларда орттирилган кайфиятлар ва ўрганиш-одатларни фаҳмлаб етдилар ва шунинг учун уларни қаттиқ танқид остига олдилар.

Миллат зулм остида орттирган кайфиятлардан бири: хамиятсизлик, иккинчиси: ғайратсизлик эди.

Ижтимоий тараққиёт учун курашга бел боғлаганлар шу икки нарсага қарши ва шу икки нарсадан ҳосил бўлган бошқа илмсизлик, жаҳолат, қизиқишларнинг ўлиши каби хусусиятларга бир ёқадан бош чиқариб жанг олиб бордилар.

Буларнинг барига сабабчи бўлиб юқорида айтиб ўтганимиздек, хабарсизлик касали ётарди. Европа хабарсизликка қарши қудратли қуролларни аллақачон топган — шунинг учун тез ўсиш-ўзгариш, фаровонлик тониш йўлига чиқиб олган эди.

Юқорида донишманд сайёҳнинг маърифатли ва ғайратли амир бўлса, барча ислоҳлар юзага чиқади, деган фикри билан танишган эдик. Лекин Европа бир қуролни ўйлаб топди-ки, у ҳар қандай маърифатли амирдан ҳам қудратлироқ ва таъсирчанроқ бўлиб чиқди. Мен газетани назарда тутяпман. Туронда ёппасига хабарсизликка қарши жангни энг муваффақиятли суратда олиб борган нарса ростдан хам газета, босма китоб ва журналлар бўлди. Тараққийпарварларимиз газета миллатнинг қиёфасини шакллантирадиган тенгсиз мураббий эканлигини тез англаб етдилар. Аср бошларида Туронда саводхон одамлар ўртасида газегага қизиқиш беҳад ажиб тус олди. Улар газетани миллатни чин ислоҳ этишга қодир куч деб тушуниб етдилар. Шунинг учун хам миллатпарварлик ғояларининг кучайиши, ёйилиши асосан, газеталар билан ва айниқса, олтинчи йилда чиққан икки «Тараққий» газетаси билан чамбарчас боғлиқдир.

«Тараққий»ни варақласак, Фитрат ўнинчи йиллар арафасида ва ундан кейин илгари сурган ғоялар ва олиб борган танқид — миллатни танқид — асосан илк бора шу «Тараккий» сахифаларида, олтинчи йилда майдонга ташланганлигини кузатамиз.

«Тараққий»нинг кудратими ёки замоннинг сирли бир кучлари чорладими, аср бошларидан эътиборан энг яхши ўзбек зиёлиларининг хаммалари сафарга отландилар. Исхоқхонни оласизми, Сўфизодани оласизми, Фитратни оласизми, Беҳбудийни оласизми, ҳамма-ҳаммалари дунё мамлакатларини кўришга, ахволни билишга, йўл-йўриқ ўрганишга отландилар. Ўз миллатини ўзга миллатлар билан қиёслай ва орадаги фаркларни англай, фахмлай бошладилар. Чоралар изладилар.

637_html_6621027a.pngБу жиҳатдан Иван Гейер муҳаррирлигида чиққан «Тараққий (Ўрта Осиёнинг умргузарлиги газети)»нинг 1906 йил феврал, 8-сонидан эътиборан босилган Мунаввар Қорининг «Никоҳ тўғрисида» деган мақоласи катта қизиқиш уйғотади. Мунаввар Қори унда чамаси Туронда илк маротаба маиший бир мавзу баҳонасида жиддий ижтимоий масалаларни кўтариб чиқади. Миллатнинг ижтимоий ҳаёти манзараларини чизади. Энг муҳими, миллат ва мамлакат таназзулининг тарихий сабабларини кидиради. У чунончи шундай сўзларни ёзади:

«Аммо бул замондин юз йилдин зиёдароқ муқаддам замондин бошлаб, оҳиста-оҳиста миллат деворининг ҳар тарафиға рахналар пайдо бўлди. Мунга сабаб уламо ва уламоларимизни ўз нафсларини риоясида харакат қилмоқлари бўлди. Подшох ва хонларимиз бўлса, миллатға килғон хизматлари танҳо хотун олмоқ ва кучук уриштирмоқ-у бағайрат ва ҳаққоният диндор кишиларни бадарға қилмок ва тутуб ўлдирмоқ бўлди. Миллат нима ва шариат нима — билмадилар ва карамадилар. Шунинг учун миллат деворининг рахналари тобора зиёда бўлди. Бўзахўрлик, киморбозлик, бачавозлик, базм килмоқ ва яллачи ўйнатмоқ, эркакни хотун қилмок ва хотунни эркак қилмоқ, зино қилмоқ, шикоят қилмоқ ва бир-бирларини ҳақорат қилмоқ, хусусан, оғизга ҳақорат қилмоқким, куфри сариҳдир ва шуларға ўхшаш ҳаром амаллар ўрталарида чунон шойиъ бўлди-ки, ҳаромлиғи ҳеч кимнинг дилидан хутур қилмади.

Бу ишларни алҳол, бизларни ота-бобомиз расмларидур, деб истеъмол қилмакдадурлар…»

Мунаввар Қори «Никоҳ тўғрисида» деб жуда беозор сарлавҳа қўяди-ю, шу сарлавҳа остида миллат залолати ва таназзулининг туб сабабларини ахтаради. У мақола давомида фахрланиш ҳақида ҳам тўхталади. Лекин фахрланишда хам фахрланиш бор экан. «Ота-бобомиз расмлари…» дейиш қанчалар яхши! Лекин расмлар деганда ўта жайдари ва жўн нарсаларни англаш ва улардан ифтихор қилиб, оғизнинг сувини чиқариб мақтаниш ҳам бир чеккаси миллий таназзулнинг, тубанлашувнинг кўринишларидан эди. Бу ҳакда Мунаввар Қори яна шундай ёзади:

«Ҳаттоки баъзи мўйсафидларимиз бизлар йигитлик вақтимизда мундай ишларни қилур эрдук ва мундай базмларни қилур эрдук, бизларни бачаларимиз мундай ўйунчи эрди, қани ул бачалар, замона фосид бўлди, йигитлар хотун бўлди деб, ўткан замонларға фахр ва бу замонларға афсус ва надомат қилурлар…»

Мунаввар Қори 6у нохуш психологик кайфиятларни — таназзул кайфиятларини — олтинчи йилда қаламга олган бўлса, орадан беш-олти йил ўтиб, Фитратнинг ҳинд сайёҳи Бухоро кўчаларида дастлаб дуч келган бир манзара ҳақида шундай ҳикоя қилган эди:

«Беш-олти қадам юрганимни биламан, нимани кўрдим денг? Ҳайҳот! Бу шарофатли жаннатнинг ёнида жаҳаннам дарвозалари очилибдир. Бу муқаддас мозорнинг ёнида Лут қавмининг разолати пайдо бўлибдир! Одамлар чойхоналарнинг ўртасида беш кишилик-ўн кишилик давра тузиб, давранинг ўртасида биттадан ёш ўғил болани ўтирғизишган. У масъумлик ва уятчанлик билан икки-уч ёдлаган байтини айтиб берар эди. Атрофдагиларнинг ҳар бири, худди шайтондек, унинг атрофини ўраб олишган, ўзларининг шаҳват тўла нигоҳларини бечорага қадаган эдилар. Ушбу ваҳимали ва куфрли томошадан бутун вужудимни титроқ босди…»

Бундай ҳоллар миллат ўз кучини қаерга ва қандай сарфлашни билмаганда, хақиқий ижтимоий-ҳаётий қизиқиш ва инсоний баланд даражали манфаатларини йўқотиб қўйганда рўй беради. Ҳар қандай миллат шу холга тушиши мумкин: агар у туб хаётий, инсоний мақсадларини бой берса, йитирса… Бой бермоқнинг оқибати эса ғоятда оғирдир. Мунаввар Қори бундан шундай хулоса чиқаради: «…охирулумр, бу афъол қабиҳаларимизни сабабидан мулк-мамлакатимиз тағйир-у табдил бўлуб, асир- у, хор-у, залил бўлдук…»

Миллат манзараларини чизишда миллатпарвар адиблар бир-бирларига ҳамиша жўр бўладилар, бир-бирларининг мотивларини давом эттирадилар, маълум бир жиҳатларини мухим тафсилотлар билан тўлдирадилар. Мунаввар Қори ва Фитратга нисбатан бирмунча ёш Чўлпон 14-йилда «Баҳор авваллари» деб номланган бадиасида миллат аҳволи рухиясига қуйидаги чизгиларни қўшади: Чўлпон қаҳрли қишдан сақланиш учун қора меҳмонхоналарда ўт ёқиб, беҳуда гаплар билан вақтини ўтказган деҳқон далага чиқиш палласи етганидан суюнганлигини изҳор қилиб, сўнг бой меҳмонхоналар тасвирига ўтади: «Қишда зийнатлик меҳмонхоналарда қалин кўрпачалар устида, катта ўчоқлар олдида чиройлик-чиройлик болаларга каклик кабобларни қилдуруб, ўзларининг кўнгиллари тортган дўстларини чақируб, ҳалиги ширин кабоблардан еб қиш ичи семириб чиқғон бойларимиз ҳам ёздаги срўкка пул истаб банкага қараб югурадилар.

Шеър:
Миллат ғами ҳам қарз ғами эсга тушарми
Кўрпа қалин, пишса кабоб, бўлса жавонлар…»

Бу ҳам миллат ҳаётидан бир манзара ва Фитрат ҳамда Мунаввар Қори чизган манзараларга ҳамоҳанг, уларни жуда муҳим жиҳатдан тўлдиради. Бойлар ва қора меҳмонхоналарда ўт ёқиб беҳуда гаплар билан қиш чиқарган деҳқонлар ўртасида маиший декорацияларда фарқлар бўлса-да, лекин бир миллатга тегишли ҳодиса сифатида умумий жиҳатлари ҳам мавжуд. Ҳамма гап шундаки, бойлар ҳам, деҳқонлар ҳам қимматли вақтни тўла- тўкис бой беряптилар. Демак, бир чеккаси қимматли ҳаётни бой беряптилар. Бирлари қора тутун босган уйларда, иккинчилари каклик кабоблар жазиллаши устида. Қиш чоғлари иш тўхтарди. Одамлар фаслга қараб ишлардилар. Фаровонлик хам шунга яраша эди. Фаслга қараб ишлаш умрни чала-ярим ўтказиш учунгина кифоя қиларди. Нега узоқ қиш бекор ўтиришимиз керак? — деган оддий савол безовта қилмасди. Чўлпон миллий ҳаётга доир бу ношойиста манзараларни шундай якунлайди: «Мударрисларимиз қишда тушган тўн, чойларни ҳисобламоқда, шаҳарлардаги қоп-қора самўварлар очилуб, хушёқмас халқ самўварларга йиғилмакдадурлар.

Шеър:
Ичинг чой, ўтирунг беҳуда гийбат сотиб, эй халқ,
Келур қиш бир вақт, қолмас сизга бу давр-у давронлар.

Қандайдир фавқулодда осуда ва ўта ялқов манзаралар! Чўлпон бу такасалтангликлардан фарёд кўтаради. Ҳар бир сўзининг орасида: ахир шундай ҳам яшаб бўладими, биродарлар?! — деб изтиробланиб сўраётганга ўхшайди. Фаслга қараб яшаш ҳам ночорликдан! Миллий қизиқишларнинг ҳаддан ортиқ камайиб кетганидан! Юқоридаги Чўлпон парчасида «ҳушёқмас халқ» деган иборага эътибор бердингизми?

Чўлпон ҳам, Фитрат ҳам, Мунаввар Қори ҳам, Беҳбудий ҳам ўз халқини беҳад севадилар, унга, унинг равнақига жонларини фидо қилишга ҳар қачон тайёр турадилар. Шу билан бирга, тўғрироғи, шунинг баробарида халқнинг оёғи иллатларга чирмашиб ётишига тоқат қилолмайдилар. Бу аёвсиз иллат занжирларини фақат ўткир қурол билангина даф қилиш мумкинлигига ақллари етади. Шунинг учун танқидларида — миллий танқидларида шафқатсиз сўзларни айтишдан чўчиб ўтирмайдилар. Табибнинг кўнгли бўш бўлса, касал оёққа турмаслигини яхши ҳис қиладилар. Халқнинг умумхос психологиясидаги иллатни ёш Чўлпон «хушёқмаслик» деб белгилайди. Чор-ночор турмуш кечираётган халқ қандай бўлсин ахир: хушёқмас бўлади-да! Фитратнинг мунозараларидан кўрдик-ки, мулла ва саводхон уламолар аксар халқ учун қилинадиган барча яхшилик ва ислоҳий ҳодисаларни куфр деб эълон қиладилар ёки жуда шафқатлари келганда, бу яхшиликларга халқнинг нафратини уйғотишга ҳаракат этадилар. Халқнинг тарихий бир даврдаги ҳолатини англатиб турадиган бу таърифга Чўлпон тасодифан келган эмас. Илгарироқ ўқишга кетаётган Муқаммадёр тўлқинланиб, хаёлан ватандошларга шундай хитоб қилган эди: «Эй, ватандошларим! Қачонғача 6у ғафлат? Нимага бунча хушёқмассизлар. Ахир, сизлар ҳам одам-ку! Одамлардек ҳаракат қилингизлар… Уйқудан кўз очинглар! Илм, маърифат ва ҳунар изланглар! Вақт етди, балки ўтди!»

Фитратнинг «Ҳинд сайёҳи қиссаси»да донишманд сайёҳ Қаршида алоча тўқувчи моҳир устадан, Оврўпода ўз ишларининг ўн-йигирма, ҳаттоки юз-икки юз йил кейинги ривожини кўзда тутадилар, сиз ҳам ҳунарингизнинг келгуси такдирини ҳеч ўйлайсизми? — деб сўрайди. Шунда уста: «Ҳозир ишимиз яхши, ўн йилдан кейин ким тириг-у ким ўлик», деб жавоб беради. Хушёқмасликнинг моҳиятини англаяпсизми? Агар у миллатнинг ҳатто энг илғор намояндалари — моҳир ҳунарманд усталар психологиясига ҳам сингиб кетмаганда, Чўлпон ҳам, Фитрат ҳам унга алоҳида эътибор бериб ўтирмас эдилар. Хушёқмаслик унча оғир касаллик эмасдай кўринади. Лекин мохиятан олиб қаранг-чи! Хушёқмаслар охир-оқибатда келажакларини йўқотиб қўядилар. Уларнинг нонларини бошқалар ейди, бойликларини бошқалар ўзлаштиради, ерларини бошқалар экади, курсиларида бошқалар ўтиради, уйларини бошқалар эгаллайди. Хушёқмасларни ҳаётдан тобора нари суриб чиқаверадилар. Неъматлардан маҳрум этадилар. Сўфизода бир шеърида азбаройи куйиб кетганидан айтган эди:

Мусулмонлиғ агар шул бўлса, мўъминлар, парангланглар.

«Паранглашиш» — бу ўринда образ. Бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтишнинг белгиси. «Паранглашиш» — ҳаётни бошдан охир илм-маърифат деб тушуниш ва шунга кўра ҳаракатланишдир. Фитрат, Чўлпон, Мунаввар Қори тасвирлаган ҳаётда одамлар ўзларини гўё бошқа, шундан бошқа ҳаёт йўқдай тутадилар. Улар бошқа ҳаётлар ҳам борлигини тасаввурга ҳам келтирмайдилар. Бошқа — нисбатан юксак даражали ҳаёт борлиги англанмаган эди. Одамларда бу тушунча ёришмаган эди.

Интилишлар сўнган эди.

Фитрат, Мунаввар Кори, Чўлпоннинг миллий танқиди миллий сўнган интилишларнинг чироғини қайтадан ёқиш мақсадини ўз олдига қўйди. Улар ўз аччиқ ва аламли миллий танқидлари воситасида халқнинг дид-фаросатини қайтадан бино қилишни кўзладилар. Миллатга қарата айтилган «Парангланглар!» нидосини улар том маънода тушундилар ва том маънода шунга томон қадам ташладилар.

Уламо, қози, мулла, уста… — булар ўша даврда миллат шонасининг устунлари эдилар. Лекин устунлар умумий эътиборсизлик, хушёқмаслик натижасида ё қийшайиб, ё чириб миллатнинг муқаддас уйини кўтариб туришдан ожизланган эдилар.

Фалсафа ва психологияда англанган зарурат деган кўпқиррали тушунча бор.

Миллатнинг тараққиёти фақат малака, ранг-баранг салоҳиятлар, юксак иқтидорли интилишлар, кашфиётчилик, ихтиролар руҳи билан яшаш орқали юзага чиқади. Буларни ҳар қандай миллат — унинг ёшу кичиги, давлатманд-у ўртахоли англаб етиши — англанган заруратга — ўз кундалик ҳаётининг таомилига айлантириши — ўз келажагини таъмин этиш билан баробардир.

Яна бир муҳим хулоса шуки, буларни англаб етиб, ўз турмушининг заруратига айлантиролган миллат камбағал бўлмайди. Унинг камбағали бошқаларнинг энг бойига тенг бўлади.

Муқаддас ваҳий китоб хабар беради: бизнинг амалларимиз бизга бир умр ҳамроҳ бўлади. Дилимиз нимани касб этган бўлса, ўша бизники.

Дилимиз фаровонлик ва мунавварлик касб этишини қанчалар истаган эдилар миллатимиз тараққиёти ва равнақининг элчилари!

Фойдаланилган адабиётлар:

Фитрат. Хиндистонда бир фаранги ила бухороли бир мударриснинг бир неча масалалар хам усули жадида хусусида қилғон мунозараси. Туркистон кутубхонаси. Биринчи жилд. 1913 йил. Мутаржим: Хожи Муйин ибн Шукрулло Самаркандий.
Фитрат. Ҳинд сайёхининг қиссаси. «Шарк юлдузи» журнали, 1991 йил, 8-сон. Мутаржим: Хасан Кудратуллаев. Сўз: ЎзФА мухбир аъзоси Бахтиёр Назаров.
Фитрат. Шеърлар. «ЎзАС», 1987 йил 11 декабрь. Нашрга тайёрловчи: Наим Каримов.
Чўлпон. Асарлар III жилдлик. II жилд. Тошкент — 1993. Нашрга тайёрловчи: Дилмурод Куронов.
Сўфизода. Тароналар. Тошкент — 1968. Тўплаб нашрга тайёрловчи — Тўлқин Расулов.
Мунаввар Қори. Никох тўғрисида. Рисола. «Тараккий», 1906 йил, 8-сон.

05Мақола муаллифи: Иброҳим Ғафуров 1937 йил 27 декабрда Тошкентда ҳунарманд оиласида туғилди. 1956-1961 йилларда САГУ (ҳозирги ЎзМУ) нинг филология факултетида ўқиди. 1961-1982 йилларда Давлат бадиий адабиёт нашриётида кичик муҳаррир, таҳририят мудири, бош муҳаррир ўринбосари лавозимларида ишлади.
Иброҳим Ғафуров “Гўзалликнинг олмос қирралари” (1964) “Унитилмаган боғ” (1965), “Жозиба” (1970), “Ёнар сўз” (1973), “Ям-яшил дарахт” (1976), “Юрак -аланга” (1980). “Лириканинг юраги” (1982), “Шеърият — изланиш демак” (1984), “Ўттиз йил изҳори” (1987), “Тил эркинлиги” (1998) сингари адабий танқидий, бадиа китоблар муаллифи. У «Ҳаё — халоскор», «Мангу латофат» ва бошқа бир қатор бадиалари ва мансуралари жамланган китоблари билан эътибор қозонди.
Иброҳим Ғафуров жаҳон адабиётининг етук намояндалари: Доcтоевскийнинг “Жиноят ва Жазо”, “Телба”, “Қиморбоз” , Мопассаннинг “Азизим”, Ҳемингуэйнинг “Алвидо, қурол”, “Чол ва Денгиз”, Чингиз Айтматовнинг “Қиёмат”, “Чингизхонниг оқ булути” Жеймс Жойснинг «Улисс» каби асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
И. Ғофуров филология фанлари номзоди (1973), Ўзбекистон ёшлари мукофоти (1989) лауреати, “Дўстлик” ордени соҳиби (1995).

HolyBukhara_from_Molla_Nasreddin_Azerbaijanian.jpgOngning ochilishi millatning ahvoliga bog‘liq. Millatning ahvolini qanchalar anglaganiga, qanchalar to‘qnashganiga, qanchalar bularni his kilganiga bog‘liq. Fitratning ongi ochildi deganda, uning millat ahvoliga ongi ochilganini nazarda tutmok kerak. Millatning ahvoliga ochilgan ong o‘z darajasiga ko‘ra juda kuchli yo‘nalgan ongdir.

FITRAT VA MILLAT TANQIDI
Ibrohim G‘AFUROV
09

Tun yarimdan ancha og‘di. Mezon oyining osmoni 6ulutsiz, tiniq. Oyoq tomonimda janubga og‘ib chiqqan oy moviy yulduz parpar yonadi. Uyqim o‘chgan, u bilan anchagacha suhbatlashaman. U kechmishning ko‘p voqealariga guvoh. Lekin sir saqlaydi. Mening uyqusiz so‘roqlarimga javob bermaydi. U nima deb javob bergan bo‘lardi deb o‘ylayman. Masalan, millat bolalarining millat ahvoliga ko‘zlari ochilishi qanday ro‘y beradi? Qachon ro‘y beradi? Fitrat va Fitratga o‘xshaganlarning millat holidan bu qadar ozurdadil bo‘lishlariga sabab nima? Yulduzning pirpiragan ingichka havorang nur tolalari ko‘zimga o‘tkir qadaladi. Yulduzlar men qanchalar yolvormay so‘ylamaydilar. Bir joyda bir zum ham to‘xtamaydilar. Mening moviy yulduzim bo‘g‘otga ilindi, bir on ko‘z yoshidek yarqirab turdi, so‘ng tom boshiga o‘tib ketdi. Osmon go‘yo zerikarli bo‘lib qoldi. Mayda-mayda sonsiz yulduzlar shig‘alab qaraydilar, lekin ularning shu’lalari menga yetib kelmaydi. Ko‘zimga fayz bermaydi. Tom o‘tgani bilan yulduz yo‘qolmaydi. Men o‘rnimdan turib qarayman. U haqiqatan ham tom boshida yarqirab turibdi. Men joyimga qaytaman. Yulduz yana g‘oyib bo‘ladi. Menga ko‘rinmagani bilan yulduz yo‘q bo‘ldi degani emas, deb o‘ylayman. Biz, odamlar, ko‘pincha ko‘zimizga ko‘rinmasa, yo‘q ekan deb o‘ylaymiz. Holbuki, u bor. Faqat shu tobda bizga ko‘rinmay turibdi.

033Fitrat va Fitrat zamondoshlarining millat haqida qayg‘urishlari, alamli va achchiq o‘y surishlari, keskin tanqidlari asr boshlarida qadim Turon osmonida o‘sha par-par ko‘k yulduzday yongan edi. Keyin bu yulduzni ko‘zlarimiz ilg‘amay qo‘ydi. Ko‘zimizni chirt yumib u yo‘q dedik. Ko‘zdan yiroq — ko‘ngildan yiroq bo‘ldi. Ammo ko‘k yulduz Turon osmonini qoplagan bulutlar ortida porlar, chorlar, yo‘ldosh bo‘l deb chaqirardi.

Yigirmanchi yil avvalida qora bulutlar ostida sho‘ng‘ib-sho‘ng‘ib suzayotgan bu ulug‘ yulduzga ikki buyuk Turon shoirining ko‘zi tushgan edi.

1919 yil may oyida Fitrat yozdi:

Go‘zal yulduz, yerimiznit eng qadrli tuvg‘oni!
Nega bizdan qochib muncha uzoqlarga tushibsen?
Tuvg‘oningga nechun sira gapirmasdan turibsen?
So‘yla yulduz, holing nadir? Nechuk topding dunyoni?
Bizning yerda bo‘lib turgan tubanliklar, xo‘rliklar
So‘yla yulduz, sening dohiy quchog‘ingda bo‘lurmi?

Yerdagi odamlar Mirrixdan jangovarlik belgilarini izlashadi. Fitratning boshqa biron yulduzga emas, aynan Mirrixga murojaat qilayotganida o‘ziga xos ma’no tovlanishlari zuhurlanadi. Fitrat yulduzga emas, yer yuzida juda ko‘p narsalarni o‘zgartirishga, adolat o‘rnatishga qodir alp o‘g‘longa qarata so‘ylayotgandek ham bo‘ladi. Jangovarlik, adolatpeshalik yulduziga jangovar, mard, o‘ta odil so‘zlarni aytishga jur’at etadi. Uning jur’ati faryod kabi. Ha, faryod kabi tinglanadi.

Fitrat jangovarlik yulduzi bilan ta’bir o‘rinli bo‘lsa, o‘tkir munozara olib boradi. Unga ustma-ust keskin, haddan ortiq alamli savollar beradi. Savollarning yuki juda og‘ir, ular munozaraga o‘ta fojiona tus beradilar. Savollarda millatni fojiaga olib kelgan hollar cho‘ng akslanadi.

Bormi senda o‘ksuz, yo‘qsilning qonin
Gurunglashib — chog‘ir kabi ichganlar?

Bormi senda butpun dunyo tuzugin
O‘z qopchig‘in to‘ldirgani buzganlar?

Bormi senda bir o‘lkani yondirib,
O‘z qozonin qaynatguchi hoqonlar?

Fitrat bu savollariga Mirrixdan javob ololmaydi. Javob savollarning o‘z ichiga yashiringan edi. Biror millat tarixda xaroblikka uchragan bo‘lsa, buning o‘z ichki va tashqi sabablari bo‘ladi. Ichki va tashqi sabablarning zalvorini solishtirsangiz, albatta, har qanday holda xam, ichki sabablar ustunlik qilganini ko‘rasiz, kuzatasiz. Tashqi sabablar ichki sabablarga chambarchas bog‘langan. Dushman ichki sabablarni juda yaxshi o‘rganib, o‘z g‘alabasiga to‘la ishonch hosil kilgachgina boskinchilikka jur’at etadi. Ichki sabablaringiz bo‘lmasa, bilingki, dushman sizni xech kachon yengolmasdi.

Fitratning ongi juda erta ko‘z ochdi. Ongning ochilishi millatning ahvoliga bog‘liq. Millatning ahvolini qanchalar anglaganiga, qanchalar to‘qnashganiga, qanchalar bularni his kilganiga bog‘liq. Fitratning ongi ochildi deganda, uning millat ahvoliga ongi ochilganini nazarda tutmok kerak. Millatning ahvoliga ochilgan ong o‘z darajasiga ko‘ra juda kuchli yo‘nalgan ongdir. Bu gaplarni Fitrat o‘n to‘qqizinchi yilda aytyapti. Lekin bu gaplarni u 909-yilda ham aytgan. O‘shanda u yuragi va ongini o‘rtagan fikrlarni aytish uchun farang va buxorolik mudarris munozarasini o‘ylab topgan edi. U munozara bilan Mirrix munozarasi o‘rtasida o‘n yil o‘tgan. Munozara ruhi va mavzusi o‘zgarmagan, lekin kuchaygan, ijtimoiy jihatdan yanada shiddatli tusga kirgan. 909-yildagi munozaraga xali birmuncha batafsil to‘xtalib o‘tamiz. Lekin ungacha e’tiborli bir adabiy faktni yana qayd qilib o‘tsak, ortiqcha bo‘lmas. Bir tomondan davrning o‘zi qattik munozaraga chorlardi. Mustamlaka bo‘lgan o‘lkalar qullik va qaramlikdan qutulish imkoniga ega bo‘lgan edilar. Asrning birinchi choragida ketma-ket bo‘lib turgan g‘alayonlar va inqiloblar odamlardagina emas, ko‘pgina xalklarda xurlik ishtiyoqini uyg‘otgan va bu ishtiyoq yil o‘tgan sayin tobora jo‘sh urardi. Buxorodan jo‘shgan ovozga vodiydan boshqa bir jo‘shqin va nihoyatda o‘ktam ovoz jo‘r bo‘ldi. Cho‘lponning 1920 yil avgustda yozilgan «Yorug‘ yulduzga» degan she’rini eslatmoqchiman. Fitratning ham, Cho‘lponning ham yulduzga murojaat qilgan she’rlari «O‘zbek yosh uyuirlari» majmuasida bosilgan.

Cho‘lpon yozadi:

Go‘zal yulduz, nurli yulduz, tez so‘zla
Otalarning tarixdagi xatosin.
Shul xatodan osuflanib, yovlarning
El ko‘ksida surgan ishrat safosin…

05Cho‘lpon Fitratga bu yerda ochiq payravlik qiladi, uning ovoziga ochiq ongli jo‘r bo‘lib chiqadi. Xuddi Fitrat kabi yulduzga «go‘zal yulduz» deb murojaat etadi, «so‘zla yulduz», deb Fitratning da’vatini takrorlaydi. Fitrat singari yulduzga ketma-ket shiddatli savollar tashlaydi. Yorug‘ yulduzdan madad o‘tinadi.

Har ikkala ulug‘ shoirning she’rni «go‘zal yulduz» degan so‘z va ta’rif bilan boshlashlari tasodifiymikin? Oddiygina badiiy usulmikin? Cho‘lpon istasa, boshqacha sifat topardi-ku. Lekin nega u Fitratning tavsifini aynan qaytarayapti, she’rini shu ta’rif bilan boshlayapti?

Bizningcha, bu yulduz — yulduzdan ham ortiq — u — a’mol, u — saodat. A’mol va saodat ramzi. Millatning juda olis va juda yuksakda porlagan kelajak saodati. A’mol va saodatga — yana ular millat a’moli va saodati bo‘lsa, «go‘zal» degan so‘zdan ham ortiq, aniq, ravshan ta’rif bo‘lishi mumkinmi! U shoir ham, bu shoir ham o‘z idealiga murojaat etadi. Millat boshiga uning saodatli yulduzini chorlab keltiradi. Shoir nazdida yerlarda dardlarni tinglaguvchilar qolmagach, dardkash va do‘st, hamkor ko‘klardan izlanadi. Xuddi shunday ajoyib jo‘rovozlikni biz yana boshqa ko‘pgina hollarda va xususan, Fitratning «Behbudiyning sag‘anasin izladim» she’ri bilan Cho‘lponning «Mahmudxo‘ja Behbudiy xotirasi» she’rida ham kuzatamiz:

Fitrat yozadi:

O‘z yo‘qotqonin izladi, so‘rdi.
Bir darak topmagach, birdan bir tikildi,
Bor kuchin to‘pladi,
Zolimning taxtini titratkan
bir tovush qichqirdi:
Otamning qabrini qayerga yashirding,
Bot so‘yla…?!

Cho‘lpon yozadi:

Amalimning yulduzi-kim, ko‘z tikdi
Qora, jirkanch… o‘lim koni yerlarga.
Savol berdim:
«Yo‘qotgonim qayda?» deb
O‘zimni ham yutmoq bo‘lgan erlarga…

Ko‘ryapsizmi, boyagi go‘zal yulduzning ta’rifi mana bu yerda chikdi. Cho‘lpon uni «amalimning yulduzi» deb ataydi. Biz esa a’mol yulduzi deb olgan edik. A’mol va amal yulduzi — qanchalar teran ifodalar! Qanchalar Fitrat va Cho‘lponga xos! She’rlardagi izlash motiviga e’tibor berdingizmi? Fitratning «O‘z yo‘kotkonin izladi» iborasi bilan, Cho‘lponning «Yo‘qotg‘onim qayda?» — degan iztirobli savoli nega jo‘r chikayotganini angladingizmi? Ular albatta, shunchalar yirik talantlari bo‘lgani xolda boshkacha so‘ylashlari xam mumkin edi. Lekin 6u o‘rinda e’tiqodning tili bir va e’tiqod she’rda xam bir turli ifodalarni tanlaydi. Fitrat va Cho‘lpon faqat yulduzlargagina emas, o‘z ijodlarida dengizlar, shamollar, bahorlar va xayollarga xam dam-badam murojaat qiladilar. Bunda xam bir-birlariga ajib bir tarzda ijodiy jo‘r bo‘ladilar. Bularning bari ular ongli tarzda shu usulni tanlaganliklarini, asarlari bilan bir-birlariga madadkor bo‘lganliklarini, safdoshlik tuyg‘usini yaratganliklarini ko‘rsatadi. Ijodiy, e’tiqodiy safdoshlik ular uchun benihoya muxim va prinqipial ahamiyat kasb etadi.

Cho‘lpon Behbudiyga bag‘ishlangan she’rida yana bir karra yulduz obraziga to‘xtaladi:

Shuning uchun yulduz kabi yarqirab,
Elda qolg‘on isming bilan turaman —

0_14bdcc_b5ac30fe_orig.pngShu tariqa «yulduz» timsoli uch buyuk shaxsni birlashtiradi. Fitrat va Cho‘lpon yulduz deganda Behbudiyni ham nazarda tutganlar. Millat va uning ozodligi, ma’rifati, kelajagi uchun jon fido qilgan buyuk inson ikki shoir nazarida albatta, yulduz bilan teng bo‘lgan, xalq yo‘lini qorong‘u tunlarda yulduz kabi yoritgan… nazarimda, bu ajoyib adabiyot yodgorliklarining yaratilishida e’tiborli bir voqea tarix bo‘lgan ko‘rinadi. Lekin bilmadim, u tarixning izlari o‘chib ketganmi? Yo hali zulmatlardan bir tolim ziyo ham kelib qolarmi bu voqealarni yoritgudek?

Umuman, jo‘rovoz bo‘lib ko‘ylash faqat Fitrat va Cho‘lpongagina xos bo‘lib qolmay, e’tiqod qudratidan tug‘iladigan bu hodisani biz Avloniy va Tavallo, Siddiqiy va Sidqiy, So‘fizoda va Hamza, Ibrat, Miskin, Kamiy kabi qator o‘sha davr shoirlari amaliyotida ham kuzatamiz. Ular uchun millatning ahvoli ulug‘ bir mushoira va munozara uchun mavzu bo‘lgan edi.

Ravnaqni ko‘zlagan milliy tanqid ruhi shular ijodida rosmana harakat tusini oldi va kuchlandi.

Fitrat asr boshlaridagi Buxoro ahvolini va Buxoro vositasida butun Turkiston va butun millatning ahvolini xorijlik ulamo shaxsning nigohi bilan kuzatdi, bu ahvol va bu ishlarga uning aqli bilan baho berdi. Hind sayyohi va farang ulamosi garchi Buxoroga yot odamlar, lekin unga do‘st odamlar: ularning har bir so‘zlari, harakatlarida shu muqaddas yurtni sevishlari, uni e’zozlashlari, uning buyuk tarixi va merosiy qadriyatlarini benihoya yuksak anglashlari sezilib turadi. Ular millat va uning asr boshidagi ahvol-ruhiyasi haqida o‘zlarini biroz chetga tortib turib fikrlaganday bo‘ladilar. Shu chetga tortib turib fikrlashlarida yorqin bir xolisliklari ko‘zga tashlanadi. Xolis odamda muxabbat yoki nafrat bo‘lmaydi. Ammo farang sayyohining ham, hind sayyoxining ham xolisligi zamirida ulkan, teran, samimiy muhabbat va dard ko‘lkalanib yotgani aniq bilinib turadi.

Fitrat nega o‘z ilk munozaraviy asarlariga boshqa mamlakatlar odamlarini qatnashchi — qahramon qilib oldi? Buxoro va millat ishlarini chet, xolis odamning fikr-qarashi orqali baholash va ular to‘g‘risida xolis xulosa chiqarishni ko‘zlagandir. Chekkadan kelgan odam mabodo u nazar sohibi bo‘lsa, albatta hamma narsalarni barcha o‘tkir qirralari bilan ko‘radi va bu ishlarni jahon ma’rifati nuqtai nazaridan baholaydi. Albatta, Fitrat buni ham nazarda tutgan. Shu bilan birga u boshqa juda muhim bir narsani ham ko‘zlagan: Buxoro vositasida butun Turkiston ishlarini u yevropacha adabiy-badiiy tahlildan o‘tkazishni mo‘ljallagan. Binobarin, «Hind sayyohi» ham «Munozara» ham Turon zaminida, o‘zbek adabiyotida yevropacha tahlil usuli qo‘llangan, analitik fikrning qudratli to‘lqinlari ilk namoyon etilgan asarlardir. Bu asarlarni o‘qishga muyassar bo‘lgan odam albatta avvalo, Yevropa sayyohlarining Sharq haqidagi asarlarini va qolaversa, Stendal va Geyne kabi daho adiblarning sayohatnomalarini darrov xotirasiga keltiradi. Men xususan, ayniqsa, Stendalning Fransiya bo‘ylab sayohatlari haqida yozgan go‘zal kitobini «Hind sayyohi» munosabati bilan esladim va ular o‘rtasida — qarashlarda, baholashlarda, mamlakatga yaxshilik va baxt sog‘inishlarda, taraqqiyot yo‘llarini izlashlarda ajib bir o‘xshashliklar ko‘rdim. Men bu yerda Fitratni buyuk fransuz romannavisi bilan tenglamoqchi emasman. Men fakat ularning millat g‘amida, taraqkiyotni sog‘inib qayg‘urishlari, vatanparvarlik kayfiyatlari, tanqid o‘tining kuchliligi bir maqomda ekanligini va millatparvarlik har qanday mamlakatda xam bir xil mavqe va ko‘rinishlarga ega ekanligini andak bo‘lsa-da ta’kidlab o‘tmoqchiman, xolos.

Yevropacha adabiy-badiiy tahlil usuli Fitratga butun Turkiston voqeligini ochiq-oshkora, bo‘yamay, bo‘rttirmay, soxta vatanparvarlikka berilmay ko‘rsatib o‘tish imkonini yaratadi.

Tarixiy manbalardan ma’lumki, asr boshlariga kelib, millatning ijtimoiy va maishiy hayotida tanazzul va turg‘unlik so‘ng nuqtasiga yetgan edi.

Turg‘unlik va tanazzulning ichki va tashki sabablari ko‘p va murakkab. Lekin tashqi sabablardan ko‘ra ham ichki sabablar jiddiyroq.

Ichki asosiy sabablardan biri — milliy bexabarlik edi. Xalqning ko‘pchilik qismi dunyo ishlaridan, boshqa mamlakatlar va xalqlarning hayoti, turmush darajasidan, o‘z haq-huquklaridan, ular uchun kurashdan xabardor emas edi.

Rost, Turonda temir yo‘llar qurilgan, mustamlakachilik ruhidagi gazetalar va Turkiston to‘plamlari vaqti-bevaqt chiqib turar, chekkalardan xam isloh ruhidagi gazeta-jurnallar kelib turar, birok, xalq ularni bilmas, o‘qimas, eng yomoni, bilishni istamas edi.

Millat ishi uchun hamisha kuygan, qayg‘urgan va doim ma’rifatparvarlik g‘oyalari bilan yurgan Munavvar Qori Abdurashid o‘g‘li 1906 yildayoq «Taraqqiy» gazetasida chiqqan «Bizni jaholat — jahli murakkab» degan achchiq maqolasida ana shunday umumiy xabarsizlik haqida yozib, qadim «Qobusnoma» donoligiga jo‘r bo‘lib, alam bilan: «… bilmaslar, bilmaganlarini ham bilmaslar», deb yozgan edi.

Yevropa taraqqiyotiga juda shiddatli tus bergan va jahonda mustamlakachilikning yangi urchug‘ini yasab bergan porox (borut) hali Turon xalqlari va ulamolari ongida o‘zgarish yasab ulgurmagan edi. Yevropada Sharqdan olib ketilgan porox olamni ag‘dar-to‘ntar qilib tashlagan, u Turonga biqinibgina kirib kelgan bo‘lsa- da, lekin mohiyatini anglab yetilmagan, undan faqat bosqinchilar ustalik bilan foydalanar, undan foydalanolmaganlarni o‘zlariga tobe etar, Alloh tomonidan shu xalqning umrguzarligi uchun ajratilgan boyliklarni talab ketardilar.

Tarixning va taraqqiyotning yana bir alamli o‘yinlarini qarangkim, o‘n yettinchi asrdan e’tiboran Yevropa poroxni qanchalar orqada qolgan xalqlar boshlarida o‘ynatgan bo‘lsa, XX asrning yarmiga kelib Yevropa va undan so‘ng Amerika atomni kashf etib, yadro vaximalari bilan yer yuzini titratib keladilar. Bilmadik-ki, kelayotgan asrlarda odamlarni qirg‘in va qaram qiladigan yana nimalar ixtiro qilib topilar ekan.

Men xabarsizlikni mutlaq fojia deb atamoqchi bo‘laman. Bu bir yangi topilgan gap emas.

Lekin kun tartibidan tushgan ham emas. Xabarsizlik… «Munozara»da farang olimi Buxoroning eng ilg‘or kishisi, ya’ni ahvoldan xabardor bo‘lishi kerak bo‘lgan kishidan «Buxoroning aholi nufusi qancha?» — deb so‘rasa, ulamomiz nima deydi deng: «Birodar! Men bir ishlik odam edim. Buxoro ko‘chalarida yurib, odamlarning adadini sanaganim yo‘q…»

Ya’ni u o‘z yurtining qancha xalqi borligi haqida o‘ylab ham ko‘rmagan, bu bilan mutlaqo qiziqib ham ko‘rmagan, ehtimol buni hatto xayoliga xam keltirmagan… Uning gapidagi zarda ohangini sezyapsizmi? Bu — hamma bilmaslarga xos bo‘lgan zarda! Hamma bilmaslar bilmasligini yashiradigan ibtidoiy parda. Unda yana «Buxoro ulamosi» degan soxta g‘urur ham bor. Zardaning bir chekkasi shu g‘ururdan. Ikkinchi chekkasi bu g‘ururni qanday bo‘lmasin saqlash kerak: shuning uchun u bolalarcha: «Men ish bilan band edim», deydi. Lekin qanday ish bilan? U ish bilan band bo‘lsa, Buxoroda qancha aholi yashashligini bilmasligi, bu bilan qiziqmasligi kerakmi?

Farang yana so‘raydi: «Sizlar, Buxoro ulamosi, xo‘b arabiydon emishsiz…» Lekin tez orada mudarris qaltirab qoladi. U yigirma yetti yil arabcha o‘qib, «arabiydon» bo‘lgan esa-da, lekin farang bilan ikki og‘iz arab tilida so‘zlasholmaydi. Farang esa arabchani uch yil o‘qib mukammal o‘rganib olgan. Farang bilan muloqotda mudarris har bir nuktada o‘z xabarsizligini ko‘rsatadi. U har holda mudarris, o‘z mamlakatining ziyoli odami, farangdan «Bu og‘ir dardlarga chora nima?» deb so‘raydi. Farang odamlarga tez manfaat yetkazadigan va ajoyib natijalari tezda-tezda yuzaga chiqadigan milliy maktablar ochish zarurligini aytadi. Mudarrisimiz esa yangi milliy maktablardan o‘tdan qo‘rqqandek qo‘rqadi. Farangning yangi maktablar, yangi tahsil usullari, islohparvarlik haqidagi fikrlarini Buxoro hayotiga to‘ppa-to‘g‘ri diversiya deb qabul qiladi.

Xabarsizlik o‘zi bunday qarasa, beozorgina, turmush kechirish, non yeyishga hech bir xalal bermaydigan bir narsa bo‘lib tuyuladi. Ko‘plar buni shunday deb ham tushunadilar. Lekin aslida-chi?

Aslida xabarsizlikdan:

Xalqning hayotga qiziqish doirasining mutlaqo torayib ketganligi — hayotdan kuzatilgan va kuzatiladigan manfaatlarning yo‘q darajaga yoxud o‘ta jaydari bir holga tushib qolganligi — xalq o‘zini xalq deb his qilmay qo‘yganligi — qavm darajasida o‘ralashib yashashga ko‘nikkanligi yirik madaniy qatlamlar taxlagan, o‘z ichidan daho olimlarni va adiblarni yetishtirgan, chinakam ulug‘ tarix va davlatchilik an’analarini yaratgan xalq — o‘z o‘tmishidan faxrlanishni unutganligi — xalqning nufusi unchalik katta bo‘lmasa-da, lekin bir o‘ziga birvarakay uchta xonlik vujudga keltirganligi —bu xonliklar o‘rtasida nizolar hech to‘xtamasligi —bular hammasi xabarsizlik oqibatlaridir.

Xabarsizlik shularga ko‘ra tanazzul va turg‘unlikning onasidir.

Fitratning har ikkala munozara asaridan shunday xulosa kelib chiqadi. Fitrat ikki xorijiy musofir vositasida xabarsizlikning dahshatli kartinalari bilan olamni tanishtiradi.

Bizga qolsa, xabarsizlik xalqning butun kuch-quvvatini o‘lik holga keltirgan, uning ixtiro, kashfiyot quvvalarini so‘ndirgan, harakat maydonini eng kichik nuqtagacha toraytirib kelgan ashaddiy og‘ir ijtimoiy hodisalardan biridir.

Xabarsizlik qurtlari millat daraxtining g‘oyatda mustaxkam tanasini ichdan yemirib, chiritib, uni hayot imoratini qurishga yaroqsiz holga keltirgan illat edi.

Keyingi uch yuz yil mobaynida Turonda kashfiyotchilik va ixtirochilik ruhining so‘nganligi, hech bir narsada ular yuzaga chiqmaganligini nima bilan izohlasa bo‘ladi?

Fitrat bu ikki asarida xuddi ana shu xabarsizlik fojialarini har gomonlama — barchasini hayot realliklari asosida keskin tahlil qiladi.

Turon madaniyati o‘n yettinchi asrdan keyin ketma-ket tanazzullar ichida qolib, xalq ijtimoiy-madaniy, salohiy jihatdan bolalik xolatiga tushib qolgan edi.

Madaniy, ijtimoiy, iqtisodiy bolalik davri barcha millatlar, barcha xalqlar va mamlakatlarda bo‘lib o‘tgan. Uni boshdan kechirmagan xalqlar yo‘q. Turonda ham u qariyb uch yuz yil davom etdi.

Xabarsizlik va bolalik… men ijtimoiy bolalikni nazarda tutyapman. Ular bir-birlariga juda yaqin va doim bir-birlarini yetaklab yuradilar. Xabarsizlik va bolalikning o‘z psixologiyasi mavjud.

Fitratning munozaralarida ijtimoiy bolalik kasaliga chalinishning belgilari, zuhur holatlari juda kuchli namoyon etilgan…

Fitrat millat fikri va qarashlarining ma’lum bir nuqtalar va ma’lum bir chegaralar ichida to‘xtab, qotib qolganiga alohida e’tibor beradi. Hind sayyohi ham, farang ham Buxoro ulamolarini haqiqatni anglamoq uchun baxsga tortadilar. Lekin bahs o‘sha fikr qotgan nuqtaga taqalib, darxol to‘xtaydi. Mullalar zardalanadilar, achchiqlanadilar, so‘kinadilar: bularning bari farangning yoki hind sayyohining ilgari surayotgan fikrlari, so‘rayotganlariga jo‘yali bir javob topilmasligi, dalillarning — ishonchli dalillarning ulamolar qo‘lida yo‘qligi bilan izohlanadi. «Munozara»da mudarris yangi usuldagi maktablar yaramaydi, chunki ular bolalarni kofir qiladi, deb shu fikrida qimirlamay turadi. Farang olimi yolvorib so‘raydi-ki, axir, taqsir, nega, tushuntirib bering? Nihoyat mudarris uzoq paysalga solgach, bolalar bu yangi maktablarda kursilarda o‘tiradilar, shuning uchun kofir bo‘ladilar, deydi: «Kursida o‘lturmak ovrupolilarning ishidir. Shuning uchun bolalarimiz agar kursida o‘ltursalar, kofir bo‘lurlar». Yangi usuldagi maktablarga qarshi buxorolik mudarrisning dalili shunday. Bolalik holatiga tushib qolgan odamning dalili. Bu hind sayyohining hovuz borasidagi mulla bilan savol-javobini eslatadi. Hind sayyohi: hovuzning suvidan ichib bo‘lmaydi, chunki u odam chayindilari, yuvindilar, turli iflosliklar bilan bulg‘angan, desa, buxorolik mulla: bu gapdan maqsadingiz nima? Suv ichmanglar demoqchimisiz? — deb o‘dag‘aylaydi. Lekin mag‘zavalar bilan to‘lib-toshgan suvni ichish koni ziyon ekanligini xayoliga ham keltirmaydi. Bu haqda mulla bo‘la turib o‘ylab ham ko‘rmagan, barcha bola xayolli kishilar kabi: suv yetti dumalasa, toza bo‘ladi, deb ishonadi.

Lekin hind sayyohi bunday mullalargagina emas, Buxoro zaminida razolatlardan ichi o‘t bo‘lib yonayotgan, «dono, hamiyatli, zukko, mutafakkir yoshlar» ham yetishib chiqayotganiga e’tibor beradi. Shunday yuragi sha’m yoshlardan biri bilan do‘stlashadi, uning ko‘magida millat hayoti ichiga chuqurroq kiradi.

Hind sayyohi o‘zini mushohada etuvchi, tanqid qiluvchi, tahlil etuvchigina emas, balki yaxshigina islohotchi sifatida ham namoyon etadi. U turli chirkinliklarni tanqid qilibgina qolmay, ularni isloh qilish yo‘llarini ham ko‘rsatadi. Uning ko‘rsatgan yo‘llariga har doim ham qo‘shilib bo‘lmasa-da, lekin o‘z davri uchun ular har qalay ancha ilg‘or edi. Chirkinliklardan, asriy razolatlardan qutulish imkonini ochardi. Hind sayyohi millatning islohi uchun uch narsa zarur deb biladi: «bir johil millatning olim bo‘lishi uchun uch narsa zarurdir: pul, madrasa, sa’yu amal…» U «Buxoroda bu uch narsa ham mavjud. Ularni tuzatish oson. To‘la ishonch bilan aytaman-ki, bir odil, to‘g‘ri fikrlovchi amir va tadbirkor, Xudodan qo‘rqadigan vazir bo‘lsa, bu ishlarning barchasini isloh etsa bo‘ladi», degan ishonch bildiradi.

Millatlar va mamlakatlar takdirida ma’rifatli, millatparvar podshohlarning xizmatlari albatta bekiyos ahamiyatga ega. Lekin hind mutafakkiri Buxoro va Turon sharoitida bunday odil, ilmpesha, marhamatli va taraqqiyparvar podshohni qayerdan olishni aytmaydi. Yo‘l bor. Ammo yo‘ldan yuruvchi yo‘q. Yo‘l bor. Ammo yo‘ldan boshlovchi yo‘q. Boshi berk ko‘chaga kirgan kishilar. Ularning kayfiyatlari. Qarashlari. Boshi berk ko‘chaga kirib qolgan xalq va mamlakat avval orqaga qaytishi va shu berk ko‘chadan chiqishi kerak. Lekin bunga millatning chamasi, o‘sha paytda majoli qolmagan edi. Shuning uchun millatning xaloskor yoshlaridan biri faryod solib aytadi:

— «Siz bu millat haqida qanchalik iliq fikr aytmang, men bari bir ularni yomon ko‘raman. Siz bu millatga qanchalik umid bilan boqsangiz, men shunchaki umidsizlanaman. Bu shunday millatki, haqini g‘orat etsalar, o‘zi ana shu yag‘mogarlar oyog‘iga bosh qo‘yishni fazilat deb biladi. Fano qudug‘iga boshlari bilan botib tursalarda, o‘zlarining xaloskorlarini kofir deb ataydilar. Ulardan nimani umid qilish mumkin, qaysi kelajakni orzu etish joiz?!».

Achchiq alam, iztirob bilan to‘la bu so‘zlarda millat mazlumligining darajasi aks etadi. Bu so‘zlardan millat o‘z-o‘zini va o‘z haq-huquqlarini himoya qilishga qodir bo‘lmay qolganligi ham anglashiladi. Bular ham bolalikka tushish, bolalikka qaytishning jiddiy fojiali belgilaridandir. Lekin hind sayyohi bunday og‘ir tushkunlik kayfiyatlari millatning boshiga og‘ir talafotlar keltirishi mumkinligidan ogohlantiradi. U tushkunlikka qarshi sabotni qurol qilish zarurligini uqtiradi. «Bir odamning saboti buyuk bir millatni isloh etishga qodir. Isloh etuvchilar toifasi uchun sabotdan bo‘lak asl kurol yo‘q», deydi donishmand sayyoh.

Sabot haqidagi bu so‘zlar o‘sha paytda yoshlar tarbiyasida juda katta ahamiyatga ega edi. Hozir ham uning ahamiyati zarracha pasaygan emas. Shunisi diqqatga sazovorki, millatning taraqqiyoti uchun bel bog‘lagan kishilarning xammalari Behbudiydan tortib Fitratgacha, Avloniydan tortib Tavallogacha, Munavvar Qoridan tortib Cho‘lpongacha sabot tariqini tutdilar. Chin ma’noda sabotni o‘z ijtimoiy kurashlarida qurol qilib oldilar. Yana diqqatga sazovor tomoni shundaki, ular bu sabotdan oxirgi damgacha ayrilmadilar.

Fitrat va Cho‘lpon kabi ijtimoiy taraqqiyparvarlar millatning mohiyatini anglashga, uning psixologiyasi va xarakteri ichiga kirishga va shu yo‘l bilan uni chiritayotgan, faoliyatdan, ixtirochilik va islohchilikdan mahrum qoldirayotgan xususiyatlarni yuzaga tortib chiqarishga kirishdilar. Bu o‘z davri uchun juda katta ahamiyatga ega ish edi. Ulargacha hech kim millatning psixologiyasi va xarakteri ichiga teran ijtimoiy maqsadlarni ko‘zlagan holda kirishni xayoliga keltirmagan edi. Ular shu tariqa millatning asil tabiatiga xos bo‘lmagan faqat zulm va zulmat ichida, zo‘ravonliklar ostida uzoq muddatlarda orttirilgan kayfiyatlar va o‘rganish-odatlarni fahmlab yetdilar va shuning uchun ularni qattiq tanqid ostiga oldilar.

Millat zulm ostida orttirgan kayfiyatlardan biri: xamiyatsizlik, ikkinchisi: g‘ayratsizlik edi.

Ijtimoiy taraqqiyot uchun kurashga bel bog‘laganlar shu ikki narsaga qarshi va shu ikki narsadan hosil bo‘lgan boshqa ilmsizlik, jaholat, qiziqishlarning o‘lishi kabi xususiyatlarga bir yoqadan bosh chiqarib jang olib bordilar.

Bularning bariga sababchi bo‘lib yuqorida aytib o‘tganimizdek, xabarsizlik kasali yotardi. Yevropa xabarsizlikka qarshi qudratli qurollarni allaqachon topgan — shuning uchun tez o‘sish-o‘zgarish, farovonlik tonish yo‘liga chiqib olgan edi.

Yuqorida donishmand sayyohning ma’rifatli va g‘ayratli amir bo‘lsa, barcha islohlar yuzaga chiqadi, degan fikri bilan tanishgan edik. Lekin Yevropa bir qurolni o‘ylab topdi-ki, u har qanday ma’rifatli amirdan ham qudratliroq va ta’sirchanroq bo‘lib chiqdi. Men gazetani nazarda tutyapman. Turonda yoppasiga xabarsizlikka qarshi jangni eng muvaffaqiyatli suratda olib borgan narsa rostdan xam gazeta, bosma kitob va jurnallar bo‘ldi. Taraqqiyparvarlarimiz gazeta millatning qiyofasini shakllantiradigan tengsiz murabbiy ekanligini tez anglab yetdilar. Asr boshlarida Turonda savodxon odamlar o‘rtasida gazegaga qiziqish behad ajib tus oldi. Ular gazetani millatni chin isloh etishga qodir kuch deb tushunib yetdilar. Shuning uchun xam millatparvarlik g‘oyalarining kuchayishi, yoyilishi asosan, gazetalar bilan va ayniqsa, oltinchi yilda chiqqan ikki «Taraqqiy» gazetasi bilan chambarchas bog‘liqdir.

«Taraqqiy»ni varaqlasak, Fitrat o‘ninchi yillar arafasida va undan keyin ilgari surgan g‘oyalar va olib borgan tanqid — millatni tanqid — asosan ilk bora shu «Tarakkiy» saxifalarida, oltinchi yilda maydonga tashlanganligini kuzatamiz.

«Taraqqiy»ning kudratimi yoki zamonning sirli bir kuchlari chorladimi, asr boshlaridan e’tiboran eng yaxshi o‘zbek ziyolilarining xammalari safarga otlandilar. Isxoqxonni olasizmi, So‘fizodani olasizmi, Fitratni olasizmi, Behbudiyni olasizmi, hamma-hammalari dunyo mamlakatlarini ko‘rishga, axvolni bilishga, yo‘l-yo‘riq o‘rganishga otlandilar. O‘z millatini o‘zga millatlar bilan qiyoslay va oradagi farklarni anglay, faxmlay boshladilar. Choralar izladilar.

Bu jihatdan Ivan Geyer muharrirligida chiqqan «Taraqqiy (O‘rta Osiyoning umrguzarligi gazeti)»ning 1906 yil fevral, 8-sonidan e’tiboran bosilgan Munavvar Qorining «Nikoh to‘g‘risida» degan maqolasi katta qiziqish uyg‘otadi. Munavvar Qori unda chamasi Turonda ilk marotaba maishiy bir mavzu bahonasida jiddiy ijtimoiy masalalarni ko‘tarib chiqadi. Millatning ijtimoiy hayoti manzaralarini chizadi. Eng muhimi, millat va mamlakat tanazzulining tarixiy sabablarini kidiradi. U chunonchi shunday so‘zlarni yozadi:

«Ammo bul zamondin yuz yildin ziyodaroq muqaddam zamondin boshlab, ohista-ohista millat devorining har tarafig‘a raxnalar paydo bo‘ldi. Munga sabab ulamo va ulamolarimizni o‘z nafslarini rioyasida xarakat qilmoqlari bo‘ldi. Podshox va xonlarimiz bo‘lsa, millatg‘a kilg‘on xizmatlari tanho xotun olmoq va kuchuk urishtirmoq-u bag‘ayrat va haqqoniyat dindor kishilarni badarg‘a qilmok va tutub o‘ldirmoq bo‘ldi. Millat nima va shariat nima — bilmadilar va karamadilar. Shuning uchun millat devorining raxnalari tobora ziyoda bo‘ldi. Bo‘zaxo‘rlik, kimorbozlik, bachavozlik, bazm kilmoq va yallachi o‘ynatmoq, erkakni xotun qilmok va xotunni erkak qilmoq, zino qilmoq, shikoyat qilmoq va bir-birlarini haqorat qilmoq, xususan, og‘izga haqorat qilmoqkim, kufri sarihdir va shularg‘a o‘xshash harom amallar o‘rtalarida chunon shoyi’ bo‘ldi-ki, haromlig‘i hech kimning dilidan xutur qilmadi.

Bu ishlarni alhol, bizlarni ota-bobomiz rasmlaridur, deb iste’mol qilmakdadurlar…»

Munavvar-Kari-Abdurashitov.jpgMunavvar Qori «Nikoh to‘g‘risida» deb juda beozor sarlavha qo‘yadi-yu, shu sarlavha ostida millat zalolati va tanazzulining tub sabablarini axtaradi. U maqola davomida faxrlanish haqida ham to‘xtaladi. Lekin faxrlanishda xam faxrlanish bor ekan. «Ota-bobomiz rasmlari…» deyish qanchalar yaxshi! Lekin rasmlar deganda o‘ta jaydari va jo‘n narsalarni anglash va ulardan iftixor qilib, og‘izning suvini chiqarib maqtanish ham bir chekkasi milliy tanazzulning, tubanlashuvning ko‘rinishlaridan edi. Bu hakda Munavvar Qori yana shunday yozadi:

«Hattoki ba’zi mo‘ysafidlarimiz bizlar yigitlik vaqtimizda munday ishlarni qilur erduk va munday bazmlarni qilur erduk, bizlarni bachalarimiz munday o‘yunchi erdi, qani ul bachalar, zamona fosid bo‘ldi, yigitlar xotun bo‘ldi deb, o‘tkan zamonlarg‘a faxr va bu zamonlarg‘a afsus va nadomat qilurlar…»

Munavvar Qori 6u noxush psixologik kayfiyatlarni — tanazzul kayfiyatlarini — oltinchi yilda qalamga olgan bo‘lsa, oradan besh-olti yil o‘tib, Fitratning hind sayyohi Buxoro ko‘chalarida dastlab duch kelgan bir manzara haqida shunday hikoya qilgan edi:

«Besh-olti qadam yurganimni bilaman, nimani ko‘rdim deng? Hayhot! Bu sharofatli jannatning yonida jahannam darvozalari ochilibdir. Bu muqaddas mozorning yonida Lut qavmining razolati paydo bo‘libdir! Odamlar choyxonalarning o‘rtasida besh kishilik-o‘n kishilik davra tuzib, davraning o‘rtasida bittadan yosh o‘g‘il bolani o‘tirg‘izishgan. U mas’umlik va uyatchanlik bilan ikki-uch yodlagan baytini aytib berar edi. Atrofdagilarning har biri, xuddi shaytondek, uning atrofini o‘rab olishgan, o‘zlarining shahvat to‘la nigohlarini bechoraga qadagan edilar. Ushbu vahimali va kufrli tomoshadan butun vujudimni titroq bosdi…»

Bunday hollar millat o‘z kuchini qayerga va qanday sarflashni bilmaganda, xaqiqiy ijtimoiy-hayotiy qiziqish va insoniy baland darajali manfaatlarini yo‘qotib qo‘yganda ro‘y beradi. Har qanday millat shu xolga tushishi mumkin: agar u tub xayotiy, insoniy maqsadlarini boy bersa, yitirsa… Boy bermoqning oqibati esa g‘oyatda og‘irdir. Munavvar Qori bundan shunday xulosa chiqaradi: «…oxirulumr, bu af’ol qabihalarimizni sababidan mulk-mamlakatimiz tag‘yir-u tabdil bo‘lub, asir- u, xor-u, zalil bo‘lduk…»

Millat manzaralarini chizishda millatparvar adiblar bir-birlariga hamisha jo‘r bo‘ladilar, bir-birlarining motivlarini davom ettiradilar, ma’lum bir jihatlarini muxim tafsilotlar bilan to‘ldiradilar. Munavvar Qori va Fitratga nisbatan birmuncha yosh Cho‘lpon 14-yilda «Bahor avvallari» deb nomlangan badiasida millat ahvoli ruxiyasiga quyidagi chizgilarni qo‘shadi: Cho‘lpon qahrli qishdan saqlanish uchun qora mehmonxonalarda o‘t yoqib, behuda gaplar bilan vaqtini o‘tkazgan dehqon dalaga chiqish pallasi yetganidan suyunganligini izhor qilib, so‘ng boy mehmonxonalar tasviriga o‘tadi: «Qishda ziynatlik mehmonxonalarda qalin ko‘rpachalar ustida, katta o‘choqlar oldida chiroylik-chiroylik bolalarga kaklik kaboblarni qildurub, o‘zlarining ko‘ngillari tortgan do‘stlarini chaqirub, haligi shirin kaboblardan yeb qish ichi semirib chiqg‘on boylarimiz ham yozdagi sro‘kka pul istab bankaga qarab yuguradilar.

She’r:
Millat g‘ami ham qarz g‘ami esga tusharmi
Ko‘rpa qalin, pishsa kabob, bo‘lsa javonlar…»

Bu ham millat hayotidan bir manzara va Fitrat hamda Munavvar Qori chizgan manzaralarga hamohang, ularni juda muhim jihatdan to‘ldiradi. Boylar va qora mehmonxonalarda o‘t yoqib behuda gaplar bilan qish chiqargan dehqonlar o‘rtasida maishiy dekoratsiyalarda farqlar bo‘lsa-da, lekin bir millatga tegishli hodisa sifatida umumiy jihatlari ham mavjud. Hamma gap shundaki, boylar ham, dehqonlar ham qimmatli vaqtni to‘la- to‘kis boy beryaptilar. Demak, bir chekkasi qimmatli hayotni boy beryaptilar. Birlari qora tutun bosgan uylarda, ikkinchilari kaklik kaboblar jazillashi ustida. Qish chog‘lari ish to‘xtardi. Odamlar faslga qarab ishlardilar. Farovonlik xam shunga yarasha edi. Faslga qarab ishlash umrni chala-yarim o‘tkazish uchungina kifoya qilardi. Nega uzoq qish bekor o‘tirishimiz kerak? — degan oddiy savol bezovta qilmasdi. Cho‘lpon milliy hayotga doir bu noshoyista manzaralarni shunday yakunlaydi: «Mudarrislarimiz qishda tushgan to‘n, choylarni hisoblamoqda, shaharlardagi qop-qora samo‘varlar ochilub, xushyoqmas xalq samo‘varlarga yig‘ilmakdadurlar.

She’r:
Iching choy, o‘tirung behuda giybat sotib, ey xalq,
Kelur qish bir vaqt, qolmas sizga bu davr-u davronlar.

Qandaydir favqulodda osuda va o‘ta yalqov manzaralar! Cho‘lpon bu takasaltangliklardan faryod ko‘taradi. Har bir so‘zining orasida: axir shunday ham yashab bo‘ladimi, birodarlar?! — deb iztiroblanib so‘rayotganga o‘xshaydi. Faslga qarab yashash ham nochorlikdan! Milliy qiziqishlarning haddan ortiq kamayib ketganidan! Yuqoridagi Cho‘lpon parchasida «hushyoqmas xalq» degan iboraga e’tibor berdingizmi?

Cho‘lpon ham, Fitrat ham, Munavvar Qori ham, Behbudiy ham o‘z xalqini behad sevadilar, unga, uning ravnaqiga jonlarini fido qilishga har qachon tayyor turadilar. Shu bilan birga, to‘g‘rirog‘i, shuning barobarida xalqning oyog‘i illatlarga chirmashib yotishiga toqat qilolmaydilar. Bu ayovsiz illat zanjirlarini faqat o‘tkir qurol bilangina daf qilish mumkinligiga aqllari yetadi. Shuning uchun tanqidlarida — milliy tanqidlarida shafqatsiz so‘zlarni aytishdan cho‘chib o‘tirmaydilar. Tabibning ko‘ngli bo‘sh bo‘lsa, kasal oyoqqa turmasligini yaxshi his qiladilar. Xalqning umumxos psixologiyasidagi illatni yosh Cho‘lpon «xushyoqmaslik» deb belgilaydi. Chor-nochor turmush kechirayotgan xalq qanday bo‘lsin axir: xushyoqmas bo‘ladi-da! Fitratning munozaralaridan ko‘rdik-ki, mulla va savodxon ulamolar aksar xalq uchun qilinadigan barcha yaxshilik va islohiy hodisalarni kufr deb e’lon qiladilar yoki juda shafqatlari kelganda, bu yaxshiliklarga xalqning nafratini uyg‘otishga harakat etadilar. Xalqning tarixiy bir davrdagi holatini anglatib turadigan bu ta’rifga Cho‘lpon tasodifan kelgan emas. Ilgariroq o‘qishga ketayotgan Muqammadyor to‘lqinlanib, xayolan vatandoshlarga shunday xitob qilgan edi: «Ey, vatandoshlarim! Qachong‘acha 6u g‘aflat? Nimaga buncha xushyoqmassizlar. Axir, sizlar ham odam-ku! Odamlardek harakat qilingizlar… Uyqudan ko‘z ochinglar! Ilm, ma’rifat va hunar izlanglar! Vaqt yetdi, balki o‘tdi!»

Fitratning «Hind sayyohi qissasi»da donishmand sayyoh Qarshida alocha to‘quvchi mohir ustadan, Ovro‘poda o‘z ishlarining o‘n-yigirma, hattoki yuz-ikki yuz yil keyingi rivojini ko‘zda tutadilar, siz ham hunaringizning kelgusi takdirini hech o‘ylaysizmi? — deb so‘raydi. Shunda usta: «Hozir ishimiz yaxshi, o‘n yildan keyin kim tirig-u kim o‘lik», deb javob beradi. Xushyoqmaslikning mohiyatini anglayapsizmi? Agar u millatning hatto eng ilg‘or namoyandalari — mohir hunarmand ustalar psixologiyasiga ham singib ketmaganda, Cho‘lpon ham, Fitrat ham unga alohida e’tibor berib o‘tirmas edilar. Xushyoqmaslik uncha og‘ir kasallik emasday ko‘rinadi. Lekin moxiyatan olib qarang-chi! Xushyoqmaslar oxir-oqibatda kelajaklarini yo‘qotib qo‘yadilar. Ularning nonlarini boshqalar yeydi, boyliklarini boshqalar o‘zlashtiradi, yerlarini boshqalar ekadi, kursilarida boshqalar o‘tiradi, uylarini boshqalar egallaydi. Xushyoqmaslarni hayotdan tobora nari surib chiqaveradilar. Ne’matlardan mahrum etadilar. So‘fizoda bir she’rida azbaroyi kuyib ketganidan aytgan edi:

Musulmonlig‘ agar shul bo‘lsa, mo‘’minlar, paranglanglar.

«Paranglashish» — bu o‘rinda obraz. Bir holatdan ikkinchi holatga o‘tishning belgisi. «Paranglashish» — hayotni boshdan oxir ilm-ma’rifat deb tushunish va shunga ko‘ra harakatlanishdir. Fitrat, Cho‘lpon, Munavvar Qori tasvirlagan hayotda odamlar o‘zlarini go‘yo boshqa, shundan boshqa hayot yo‘qday tutadilar. Ular boshqa hayotlar ham borligini tasavvurga ham keltirmaydilar. Boshqa — nisbatan yuksak darajali hayot borligi anglanmagan edi. Odamlarda bu tushuncha yorishmagan edi.

Intilishlar so‘ngan edi.

Fitrat, Munavvar Kori, Cho‘lponning milliy tanqidi milliy so‘ngan intilishlarning chirog‘ini qaytadan yoqish maqsadini o‘z oldiga qo‘ydi. Ular o‘z achchiq va alamli milliy tanqidlari vositasida xalqning did-farosatini qaytadan bino qilishni ko‘zladilar. Millatga qarata aytilgan «Paranglanglar!» nidosini ular tom ma’noda tushundilar va tom ma’noda shunga tomon qadam tashladilar.

Ulamo, qozi, mulla, usta… — bular o‘sha davrda millat shonasining ustunlari edilar. Lekin ustunlar umumiy e’tiborsizlik, xushyoqmaslik natijasida yo qiyshayib, yo chirib millatning muqaddas uyini ko‘tarib turishdan ojizlangan edilar.

Falsafa va psixologiyada anglangan zarurat degan ko‘pqirrali tushuncha bor.

Millatning taraqqiyoti faqat malaka, rang-barang salohiyatlar, yuksak iqtidorli intilishlar, kashfiyotchilik, ixtirolar ruhi bilan yashash orqali yuzaga chiqadi. Bularni har qanday millat — uning yoshu kichigi, davlatmand-u o‘rtaxoli anglab yetishi — anglangan zaruratga — o‘z kundalik hayotining taomiliga aylantirishi — o‘z kelajagini ta’min etish bilan barobardir.

Yana bir muhim xulosa shuki, bularni anglab yetib, o‘z turmushining zaruratiga aylantirolgan millat kambag‘al bo‘lmaydi. Uning kambag‘ali boshqalarning eng boyiga teng bo‘ladi.

Muqaddas vahiy kitob xabar beradi: bizning amallarimiz bizga bir umr hamroh bo‘ladi. Dilimiz nimani kasb etgan bo‘lsa, o‘sha bizniki.

Dilimiz farovonlik va munavvarlik kasb etishini qanchalar istagan edilar millatimiz taraqqiyoti va ravnaqining elchilari!

Foydalanilgan adabiyotlar:

Fitrat. Xindistonda bir farangi ila buxoroli bir mudarrisning bir necha masalalar xam usuli jadida xususida qilg‘on munozarasi. Turkiston kutubxonasi. Birinchi jild. 1913 yil. Mutarjim: Xoji Muyin ibn Shukrullo Samarkandiy.
Fitrat. Hind sayyoxining qissasi. «Shark yulduzi» jurnali, 1991 yil, 8-son. Mutarjim: Xasan Kudratullayev. So‘z: O‘zFA muxbir a’zosi Baxtiyor Nazarov.
Fitrat. She’rlar. «O‘zAS», 1987 yil 11 dekabr. Nashrga tayyorlovchi: Naim Karimov.
Cho‘lpon. Asarlar III jildlik. II jild. Toshkent — 1993. Nashrga tayyorlovchi: Dilmurod Kuronov.
So‘fizoda. Taronalar. Toshkent — 1968. To‘plab nashrga tayyorlovchi — To‘lqin Rasulov.

Munavvar Qori. Nikox to‘g‘risida. Risola. «Tarakkiy», 1906 yil, 8-son.

Maqola muallifi: 0_14b19d_6a6c581e_orig.pngIbrohim G‘afurov 1937 yil 27 dekabrda Toshkentda hunarmand oilasida tug‘ildi. 1956-1961 yillarda SAGU (hozirgi O‘zMU) ning filologiya fakultetida o‘qidi. 1961-1982 yillarda Davlat badiiy adabiyot nashriyotida kichik muharrir, tahririyat mudiri, bosh muharrir o‘rinbosari lavozimlarida ishladi.
Ibrohim G‘afurov “Go‘zallikning olmos qirralari” (1964) “Unitilmagan bog‘” (1965), “Joziba” (1970), “Yonar so‘z” (1973), “Yam-yashil daraxt” (1976), “Yurak -alanga” (1980). “Lirikaning yuragi” (1982), “She’riyat — izlanish demak” (1984), “O‘ttiz yil izhori” (1987), “Til erkinligi” (1998) singari adabiy tanqidiy, badia kitoblar muallifi. U «Hayo — xaloskor», «Mangu latofat» va boshqa bir qator badialari va mansuralari jamlangan kitoblari bilan e’tibor qozondi.
Ibrohim G‘afurov jahon adabiyotining yetuk namoyandalari: Doctoyevskiyning “Jinoyat va Jazo”, “Telba”, “Qimorboz” , Mopassanning “Azizim”, Hemingueyning “Alvido, qurol”, “Chol va Dengiz”, Chingiz Aytmatovning “Qiyomat”, “Chingizxonnig oq buluti” Jeyms Joysning «Uliss» kabi asarlarini o‘zbek tiliga tarjima qilgan.
I. G‘ofurov filologiya fanlari nomzodi (1973), O‘zbekiston yoshlari mukofoti (1989) laureati, “Do‘stlik” ordeni sohibi (1995).

09

 

(Tashriflar: umumiy 6 247, bugungi 1)

Izoh qoldiring