Nodira Afoqova.» Muhammad (s.a.v.) dedilar…Arba’in» turkumi

034

 Улуғ ижодкор ва донишманд  боболаримиздан энг аввало ўрнак қолади. Мана шундай ўрнакларнинг бири, шак-шубҳасиз, Ислом дини аҳкомларини ўрганмоқ ва билмоқдир. Хусусан, Ҳазрат Навоийнинг тарбиявий манба бўлган ҳадислар шарҳига бағишланган “Арбаъин” асари асрлар мобайнида ана шундай қимматли ўрнаклардан бири бўлиб қолмоқда.
Ҳазрат «Арбаъин»ини тадқиқ  этган Ҳасанхон ва Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид қайд этганларидек: «Арбаъин» «қирқта» дегани бўлиб, истеъмолда қирқта сайланма ҳадисдан иборат ҳадис китобларига айтилади. Ушбу услубда асар яратиш Ислом оламида яхши бир анъанага айланган. Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари асос бўлади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким умматимга дин ишлари борасида қирқта ҳадисни муҳофаза қилиб берса, Аллоҳ уни Қиёмат куни фақиҳ қилиб тирилтиради ва Қиёмат куни мен унга шафоатчи ва гувоҳ бўламан».
Мазкур ҳадиси шарифда айтилган ваъдадан умид қилиб, мусулмон шоирлар ҳам шеърий «Арбаъин»лар ёзишган. Жумладан, буюк олим Абдурраҳмон Жомий раҳматуллоҳи алайҳ форс тилида «Арбаъин» тузиб, унда фазилатли амалларга доир қирқта ҳадисни шеърий тўртликлар билан таржима қилган. Кейинроқ у кишининг хос шогирди, мумтоз шоир Мир Алишер Навоий ҳам устоз йўлидан бориб, ўзининг «Арбаъин» асарини битган.
Алишер Навоийнинг «Арбаъин»ини ўрганар эканмиз, унда асосан Ислом ахлоқига доир ҳадислар жамланганини кўрамиз. Муаллиф унда устози Абдурраҳмон Жомий «Арбаъин»ида келтирилган ҳадисларнинг айримларини олиб, айримлари ўрнига бошқа ҳадисларни танлаган ва аввал ҳар бир ҳадиснинг арабча матнини келтириб, кетидан унинг мазмунини шеърий тўртлик шаклида ифода этган. Бунда ҳадислар сўзма-сўз таржима қилинмай, уларнинг умумий мазмуни акс эттирилган. Зеро, ҳадисларни назмда сўзма-сўз таржима қилишнинг умуман имкони йўқ. Шу боис, муаллиф аввал ҳадиснинг матнини бериб, кетидан унинг умумий мазмунини бадиий услубда баён қилган. Бу айрим уламоларнинг «етарли билимга эга кишилар ҳадисларнинг маъноларини нақл қилишлари мумкин» деган фикрларига асосланган ишдир…»
Бугун истеъдодли  шоира Нодира Афоқованинг  «Арбаъин» (Қирқ ҳадис) анъаналарига эргашиб ёзган туркумини мамнуният билан Сизга тақдим этаман.
Хатолари бўлса, айбларимиз бўлса Аллоҳ кечирсин.

Хуршид Даврон

 

МУҲАММАД (С.А.В) ДЕДИЛАР…
“Арбаъин” туркуми
Нодира АФОҚОВА
045

Бисмиллоҳир роҳманир роҳийм.

Муножот

Борлиқни бор этган, музайян этган,
Ҳидоят йўлини муайян этган,

Инсонлик рутбасин хилқатлар аро
Икки дунё ичра сарбаланд этган

Қудрати бепоён, буюк бўлган Зот,
Барчамизга бирдай, суюк бўлган Зот,

Марҳамат, раҳматга тўлуғ бўлган Зот,
Меҳри қаҳридан-да улуғ бўлган Зот,

Қаршингда йўқдайман ва лекин борман,
Истасанг – азизман, истасанг – хорман,

Сени танидиму, гоҳ унутсам ҳам,
Ҳар лаҳза шафқатинг, меҳрингга зорман.

Гўзал дунёларни кўзимга берган,
Сирни,синоатни сўзимга берган,

Шунчалар қудрату балоғат билан
Ихтиёрни охир ўзимга берган,

Жамъи оламларни бунёд этган Зот,
Истаса – лаҳзада барбод этган Зот,

Шунча кашфи аро кўнглимни маним
Муҳаббат шавқидан обод этган Зот!

Сен томон эгилсам – улуғвор бўлгум,
Юкунсам – қушмисол сабукбор бўлгум.

Йўқ эдим – бор бўлдим, тағин йўқ бўлиб,
Азму қудратингдан тағин бор бўлгум!

Ўзинг Раҳмонсану, Ўзинг Қаҳҳорсан,
Имтиҳон айла-ю, нораво этма.

Югурдим, адашдим… Ўзинг Ғаффорсан,
Бир куни васлингдан мосуво этма!

Ташаккур

Башарнинг доҳийси Сизсиз, Муҳаммад,
Тарбият қомуси Сизсиз, Муҳаммад.

Биз-ку биз, Ҳазрати Одам Атонинг,
Дунёнинг боиси Сизсиз, Муҳаммад.

Сиз очган эшикдан кирсак дунёга
Юзимиз нур бўлар, изларимиз – гул.

Шукримиз аввало Қодир Худога,
Сизни яратгани учун ташаккур.

1. Иймоннинг япроқлари – ҳаё, меваси –илмдир

Дедилар: Дил мулки – чаман ё боғдир,
Унда иймон ўсар – мисли оғочдир.
Ҳаё япроқлари, илм меваси
Бирла безатмассан – ул яланғочдир.

2. Яхшиликка калит, ёмонликка қулф бўл

Яхшиликка калит бўлгил, дедилар,
Яхшилик эшиги очилур ҳар чоғ.
Қулф бўлсанг, дедилар, ёмонликка гар
Ёмонлик эшиги ёпилур андоқ!

3. “Замонни сўкманглар”

Бошдан гоҳ тўрт фасл кечар бир они,
Бир даминг – нусратдир, бир даминг – оҳдир.
Ҳарна бўлганда ҳам сўкманг замонни,
Дедилар, нечунким, замон – Аллоҳдир.

4. Ёмонликни қайтармоқ шарт

Ёмонликни қайтар қўл билан, дерлар,
Имкони бўлмаса – тил билан, дерлар.
Таҳлика остида қолса ҳаётинг,
Қарши тур, ҳеч йўқса, дил билан дерлар.

5. Олимнинг обид(ибодат қилувчи)дан устунлиги

Олиму обидким – қайси устунроқ,
Қай бири Аллоҳга кўпроқ ёққуси?
Дедилар: қарагил, ўн тўрт кунлик ой
Бирла юлдузлардир бунинг таққоси.

6. Мазлумнинг дуосидан эҳтиёт шарт

Мазлумнинг дуоси бўлгай ижобат
Гуноҳкор, кофир ё фожир бўлса ҳам.
Зулм этмоқликдан сақлан, дедилар,
Ҳақ ва мазлум аро тўсиқ йўқ, зотан.

7. Гуноҳдан қайтармаганлар ҳам жазога лойиқ

Дедилар: “Кимлардир ботса гуноҳга
Кимлардир қайтармай қараб турса жим,
Барчаси мустаҳиқ бўлгай жазога”.
Ўрмонга ўт кетган кабидур, Раббим!

8. Аллоҳ сабр қилгувчининг гуноҳ-савоб дафтарини очмай туриб жаннатга ноил этиши

Жаннат орзуласанг, дедилар, сабр эт
Хасталик, мусибат етишган кунда.
Номаи аъмолинг рўзи қиёмат
Аллоҳ ҳаё қилар очмоққа шунда.

9. Яна сабрнинг фойдаси ҳақида

Фасли хазон эди. Дедилар: Боқинг,
Дарахт япроқлари тўкилар дув-дув.
Ҳар не кўргуликка сабр этганнинг
Гуноҳлари айни шундоқ тўкилур.

10. Ота-онани рози қилмаган киши

Дедилар: қай фарзанд ота-онасин
Рози қилмас эса билсин баякбор:
Улар ҳатто зулм этган бўлса ҳам
Хор бўлсин, хор бўлсин ўшал фарзанд, хор!

11. Дин йўлидаги жангдан афзал амал ҳақида

Сўрдилар: Яхшилик йўлида жангдан
Кимдир ул – улуғроқ амали, алҳол?
Дедиларки: тунда усти очилган
Фарзандига кўрпа ёпган ҳар аёл.

12. “Гоҳ-гоҳ зиёрат қилу, дўстликни орттир!”

Дўсту ҳабиб топмак мумкину, қандоқ
Ниҳолдан баркамол чинор етилар?
“Бир-бирни зиёрат қилингиз гоҳ-гоҳ,
Дўстлик улғаяжак шундан”, дедилар.

13. Бировнинг молига кўз тикмаган киши – энг бойдир

Кимнинг моли – дарё, кимники – сойдир,
Кимга дулдул насиб, кимга-чи – тойдир.
Ўзганинг молига кўз тикмаганлар –
Дедилар: ҳаммадан ўшал кас бойдир.

14. Чин бойлик – нафсга муҳтож бўлмасликда

Бойлигу давлатдан сўз кетди яна,
Гарчанд бу дунё-ку орзу-ҳаваслик,
Дедилар: чин бойлик – ғаюр нафсингга
Муҳтож бўлмасликдир, муҳтож бўлмаслик.

15. Бегона аёлга тикилган нигоҳ – иблиснинг ўқидир

Аёл – асли Ҳақнинг мўъжизасидир,
Бировнинг хасмига боқмагил аммо.
Дедилар: Покиза нигоҳларингни
Иблиснинг ўқига эвурма асло!

16. Тижоратда ҳалоллик ва шерикка хиёнат қилмасликнинг мукофоти

Дедиларки: Ризқинг гар тижоратдан,
Ҳалолсан, йироқсан ҳам хиёнатдан,
Набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар мисли
Маҳшар балосидан сен саломатсан.

17. Бозор ҳақида

Гар тижорат аҳли ўзғиру бойдир,
Қўл чўзса, узгани – юлдуздир, ойдир.
“Ҳақни зикр этиб тур, дедилар, чунки
Бозор – иблис туғин тикажак жойдир”.

18. Меҳр-муҳаббатни изҳор қилиб туриш лозимлиги

“Муҳаббатингизни,- дедилар, — тез-тез
Изҳор қилиб туринг, кўпайсин меҳр”.
Бундайин изҳорга қандоқ ташнамиз,
Севилмак – энг ичкин эҳтиёж, ахир!

19. Яхшиликни қалби қаттиқ кимсалардан кутмаслик

Биз-ку яхшиликка зормиз эрта-кеч,
Балки, бирор ҳолдан зада эдилар.
Шунданми, “Умматим, яхшиликни ҳеч
Қалби қаттиқлардан кутманг”, дедилар.

20. Аллоҳ сахийларни яхши кўради

Дедилар: Сахийлик касбингиз бўлсин,
Яратганнинг ўзи сахийдир, зотан.
Валийлар, ғанийлар, шоҳлар қанча-ю
Ва лекин биттадир, биттадир Ҳотам.

21. Бошқаларни менсимаслик жаннатдан маҳрум этади

Зарра кибр бўлса кимнинг қалбида
Дедилар, жаннатга кирмагай зинҳор.
Ахир, барчамиз тенг – барчамиз банда,
Бир далада ўсган буғдойлар мисол.

22. Ҳаромдан – ҳазар

Дедилар: Каъбага турсанг юзма-юз,
Ёлворсанг, “ё Раббим!” дея ўртаниб,
Дуоларинг қабул бўлмагай ҳаргиз
Ҳаромдан бўлса гар еган, кийганинг.

23. Насиҳат

Сўрдилар: “Муҳаммад, насиҳат айтинг”.
“Ғазабланма” – жавоб мухтасар бўлди.
“Насиҳат, насиҳат” сўрдилар, тағин
“Ғазабланма” такрор-мукаррар бўлди.

24. Сенга ёмонлик қилган кишини ҳам кечириш мумкин

Айтайми, дедилар, энг шарофатли,
Энг устуни кимдир одамлар аро:
Улким, жазолашга етар қудрати,
Ёмонлик қилганни кечиргай аммо.

25. Ҳеч кимга озор етказма

Ул кишиким, элга етмагай озор
На қўлидан ва на тилидан зинҳор –
Дедилар: Ҳақиқий мусулмон шулдир.
Қанчалар осондай ва лекин душвор!

26. Ақчага қул бўлмаслик ҳақида

Исони сотдилар ўттиз тангага.
Кимлар ҳам ақчага сиғинди магар
Билсинким: “Динорга ва ё дирҳамга
Қул бўлган касларга лаънат”, деганлар.

27. Туганмас бойлик

Акас япроғини чайнар эдилар,
Шилиниб кетарди оғиз-лаблари.
Қаноат – туганмас бойлик, дедилар.
Шудир бандаликнинг оддий шартлари.

28. Ғийбат ва бўҳтон

Кимда бир нуқсон бор, айтсанг – ғийбатдир,
Бўлмаганин айтсанг – бўҳтон, туҳматдир.
Шошма бир инсонни бадном этгали,
Дедилар: Булардан эҳтиёт шартдир.

29. Ёлғончининг жойи – дўзахдир

Ёлғоннинг ҳидидан – рисолат шулким –
Фаришталар қочар эмишлар гуррас.
Уч карра вайл бўлсин, дедилар, чунким
Ёлғончилар менинг умматим эмас.

30. Мол-дунё ва иззат-шарафга ҳирс қўйма

Ҳирс қўйсанг, дедилар, айлагай ғорат
Иззату шарафу дунёнинг моли.
Икки оч бўрига топширсалар, айт,
На бўлар, на бўлар поданинг ҳоли?

31. Кўчмас мулк ҳақида

Еру сув соҳиби бўлмоққа зинҳор
Жаҳду жадал этманг, дедилар бир гал.
Нечунким, одамзод қалбида бу ҳол
Дунёга рағбатни зиёда қилгай.

32. Кимни севсангиз…

Ҳатто Муҳаммадни суйди-ку Аллоҳ,
Ҳаёт тилсимидир муҳаббат, шаксиз.
Бақо дунёсида, дедилар, илло
Маҳбубингиз ила бирга бўлгайсиз.

33. Деҳқончилик-зироат шарофати

Дедилар: Зироат қилсанг, ложарам,
Наф кўрса, есалар – садақадир ул.
Йиртқичу қуш еса, ўғирланса ҳам
То қиёмат қадар – садақадир ул.

34. Мўмин саналмагай

Майпараст, ўғри ҳам зинокор, билгил,
Мўмин саналмагай тамом, дедилар.
Зўравонлик ила кимсанинг молин
Олса тортиб, бул-да ҳаром, дедилар.

35. Ёвлашмоқни ёмон кўрардилар

Халқлар, салтанатлар ёвлашар бадар…
Тариқча бўлса ҳам ёқмасди бу ҳол:
Аразлашган икки касни, дедилар,
Ёлғон гапирсанг ҳам, яраштир дарҳол!

36. Қарзни гўзал ўташ ҳақида

Ҳаёт-да, улар ҳам бўлдилар қарздор.
Қайтардилар танлаб туянинг зўрин.
Одамнинг афзали, — дедилар, — филҳол
Қарзларини гўзал ўтаган мўмин.

37. Солиҳа аёл – дунёнинг ҳузури

Дунёдан юз бурма – Ҳақдан атодир,
Дунёнинг ҳаммаси ҳузур-матоъдир.
Энг яхшиси эса дунё матоъин
Солиҳа аёлдир, дедилар охир.

38. “Менга аёллар ва хушбўй нарсалар маҳбуб қилинди”

Уларга не марғуб – Ҳаққа марғубдир,
Фаромушхотирга эслат, биродар:
Дедилар: Дунёда менга маҳбубдир,
Хушбўй нимарсалар ҳамда аёллар.

39. Ўлдиринг!

Ўлдиринг, дедилар, иккисин ҳам бот!
Ким улар – набий ҳам айлаган ҳазар?
Лут қавмин амалин қўллаган бадкор –
Ҳаддини билмаган манфур! Алҳазар!

40. Огоҳ бўл!

Огоҳ бўл! Вужудда бордир парча гўшт,
Дедилар, солиҳсан, солиҳдир ул то,
Бузуқ бўлса, бузуқ бўлар бор вужуд.
Ўшал парча – қалбдир! Огоҳ бўл, огоҳ!

Хотима

Мафтун айламаган ул китоб кимни?
Ёпгим келмаяпти, ўқувчим, аммо
“Кимки одамларга қирқ ҳадисимни
Етказса…” деганлар.
Демакки, тамом!

13 октябрь – 16 ноябрь
2015 йил.

 

034

    Ulug’ ijodkor va donishmand bobolarimizdan eng avvalo o’rnak qoladi. Mana shunday o’rnaklarning biri, shak-shubhasiz, Islom dini ahkomlarini o’rganmoq va bilmoqdir. Xususan, Hazrat Navoiyning tarbiyaviy manba bo’lgan hadislar sharhiga bag’ishlangan “Arba’in” asari asrlar mobaynida ana shunday qimmatli o’rnaklardan biri bo’lib qolmoqda.
Islom dini asoslari bilimdoni Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf (rahimahulloh) qayd etganlaridek: «Arba’in» «qirqta» degani bo’lib, iste’molda qirqta saylanma hadisdan iborat hadis kitoblariga aytiladi. Ushbu uslubda asar yaratish Islom olamida yaxshi bir an’anaga aylangan. Bunga Nabiy sollallohu alayhi vasallamning quyidagi hadislari asos bo’ladi: «Rasululloh sollallohu alayhi vasallam dedilar: «Kim ummatimga din ishlari borasida qirqta hadisni muhofaza qilib bersa, Alloh uni Qiyomat kuni faqih qilib tiriltiradi va Qiyomat kuni men unga shafoatchi va guvoh bo’laman».
Mazkur hadisi sharifda aytilgan va’dadan umid qilib, musulmon shoirlar ham she’riy «Arba’in»lar yozishgan. Jumladan, buyuk olim Abdurrahmon Jomiy rahmatullohi alayh fors tilida «Arba’in» tuzib, unda fazilatli amallarga doir qirqta hadisni she’riy to’rtliklar bilan tarjima qilgan. Keyinroq u kishining xos shogirdi, mumtoz shoir Mir Alisher Navoiy ham ustoz yo’lidan borib, o’zining «Arba’in» asarini bitgan.
Alisher Navoiyning «Arba’in»ini o’rganar ekanmiz, unda asosan Islom axloqiga doir hadislar jamlanganini ko’ramiz. Muallif unda ustozi Abdurrahmon Jomiy «Arba’in»ida keltirilgan hadislarning ayrimlarini olib, ayrimlari o’rniga boshqa hadislarni tanlagan va avval har bir hadisning arabcha matnini keltirib, ketidan uning mazmunini she’riy to’rtlik shaklida ifoda etgan. Bunda hadislar so’zma-so’z tarjima qilinmay, ularning umumiy mazmuni aks ettirilgan. Zero, hadislarni nazmda so’zma-so’z tarjima qilishning umuman imkoni yo’q. Shu bois, muallif avval hadisning matnini berib, ketidan uning umumiy mazmunini badiiy uslubda bayon qilgan. Bu ayrim ulamolarning «yetarli bilimga ega kishilar hadislarning ma’nolarini naql qilishlari mumkin» degan fikrlariga asoslangan ishdir…»
Bugun iste’dodli shoira Nodira Afoqovaning «Arba’in» (Qirq hadis) an’analariga ergashib yozgan turkumini mamnuniyat bilan Sizga taqdim etaman.
Xatolari bo’lsa, ayblarimiz bo’lsa Alloh kechirsin.

Xurshid Davron

MUHAMMAD (S.A.V) DEDILAR…
“Arba’in” turkumi
Nodira AFOQOVA
045

Bismillohir rohmanir rohiym.

Munojot

Borliqni bor etgan, muzayyan etgan,
Hidoyat yo’lini muayyan etgan,

Insonlik rutbasin xilqatlar aro
Ikki dunyo ichra sarbaland etgan

Qudrati bepoyon, buyuk bo’lgan Zot,
Barchamizga birday, suyuk bo’lgan Zot,

Marhamat, rahmatga to’lug’ bo’lgan Zot,
Mehri qahridan-da ulug’ bo’lgan Zot,

Qarshingda yo’qdayman va lekin borman,
Istasang – azizman, istasang – xorman,

Seni tanidimu, goh unutsam ham,
Har lahza shafqating, mehringga zorman.

Go’zal dunyolarni ko’zimga bergan,
Sirni,sinoatni so’zimga bergan,

Shunchalar qudratu balog’at bilan
Ixtiyorni oxir o’zimga bergan,

Jam’i olamlarni bunyod etgan Zot,
Istasa – lahzada barbod etgan Zot,

Shuncha kashfi aro ko’nglimni manim
Muhabbat shavqidan obod etgan Zot!

Sen tomon egilsam – ulug’vor bo’lgum,
Yukunsam – qushmisol sabukbor bo’lgum.

Yo’q edim – bor bo’ldim, tag’in yo’q bo’lib,
Azmu qudratingdan tag’in bor bo’lgum!

O’zing Rahmonsanu, O’zing Qahhorsan,
Imtihon ayla-yu, noravo etma.

Yugurdim, adashdim… O’zing G’afforsan,
Bir kuni vaslingdan mosuvo etma!

Tashakkur

Basharning dohiysi Sizsiz, Muhammad,
Tarbiyat qomusi Sizsiz, Muhammad.

Biz-ku biz, Hazrati Odam Atoning,
Dunyoning boisi Sizsiz, Muhammad.

Siz ochgan eshikdan kirsak dunyoga
Yuzimiz nur bo’lar, izlarimiz – gul.

Shukrimiz avvalo Qodir Xudoga,
Sizni yaratgani uchun tashakkur.

1. Iymonning yaproqlari – hayo, mevasi –ilmdir

Dedilar: Dil mulki – chaman yo bog’dir,
Unda iymon o’sar – misli og’ochdir.
Hayo yaproqlari, ilm mevasi
Birla bezatmassan – ul yalang’ochdir.

2. Yaxshilikka kalit, yomonlikka qulf bo’l

Yaxshilikka kalit bo’lgil, dedilar,
Yaxshilik eshigi ochilur har chog’.
Qulf bo’lsang, dedilar, yomonlikka gar
Yomonlik eshigi yopilur andoq!

3. “Zamonni so’kmanglar”

Boshdan goh to’rt fasl kechar bir oni,
Bir daming – nusratdir, bir daming – ohdir.
Harna bo’lganda ham so’kmang zamonni,
Dedilar, nechunkim, zamon – Allohdir.

4. Yomonlikni qaytarmoq shart

Yomonlikni qaytar qo’l bilan, derlar,
Imkoni bo’lmasa – til bilan, derlar.
Tahlika ostida qolsa hayoting,
Qarshi tur, hech yo’qsa, dil bilan derlar.

5. Olimning obid(ibodat qiluvchi)dan ustunligi

Olimu obidkim – qaysi ustunroq,
Qay biri Allohga ko’proq yoqqusi?
Dedilar: qaragil, o’n to’rt kunlik oy
Birla yulduzlardir buning taqqosi.

6. Mazlumning duosidan ehtiyot shart

Mazlumning duosi bo’lgay ijobat
Gunohkor, kofir yo fojir bo’lsa ham.
Zulm etmoqlikdan saqlan, dedilar,
Haq va mazlum aro to’siq yo’q, zotan.

7. Gunohdan qaytarmaganlar ham jazoga loyiq

Dedilar: “Kimlardir botsa gunohga
Kimlardir qaytarmay qarab tursa jim,
Barchasi mustahiq bo’lgay jazoga”.
O’rmonga o’t ketgan kabidur, Rabbim!

8. Alloh sabr qilguvchining gunoh-savob daftarini ochmay turib jannatga noil etishi

Jannat orzulasang, dedilar, sabr et
Xastalik, musibat yetishgan kunda.
Nomai a’moling ro’zi qiyomat
Alloh hayo qilar ochmoqqa shunda.

9. Yana sabrning foydasi haqida

Fasli xazon edi. Dedilar: Boqing,
Daraxt yaproqlari to’kilar duv-duv.
Har ne ko’rgulikka sabr etganning
Gunohlari ayni shundoq to’kilur.

10. Ota-onani rozi qilmagan kishi

Dedilar: qay farzand ota-onasin
Rozi qilmas esa bilsin bayakbor:
Ular hatto zulm etgan bo’lsa ham
Xor bo’lsin, xor bo’lsin o’shal farzand, xor!

11. Din yo’lidagi jangdan afzal amal haqida

So’rdilar: Yaxshilik yo’lida jangdan
Kimdir ul – ulug’roq amali, alhol?
Dedilarki: tunda usti ochilgan
Farzandiga ko’rpa yopgan har ayol.

12. “Goh-goh ziyorat qilu, do’stlikni orttir!”

Do’stu habib topmak mumkinu, qandoq
Niholdan barkamol chinor yetilar?
“Bir-birni ziyorat qilingiz goh-goh,
Do’stlik ulg’ayajak shundan”, dedilar.

13. Birovning moliga ko’z tikmagan kishi – eng boydir

Kimning moli – daryo, kimniki – soydir,
Kimga duldul nasib, kimga-chi – toydir.
O’zganing moliga ko’z tikmaganlar –
Dedilar: hammadan o’shal kas boydir.

14. Chin boylik – nafsga muhtoj bo’lmaslikda

Boyligu davlatdan so’z ketdi yana,
Garchand bu dunyo-ku orzu-havaslik,
Dedilar: chin boylik – g’ayur nafsingga
Muhtoj bo’lmaslikdir, muhtoj bo’lmaslik.

15. Begona ayolga tikilgan nigoh – iblisning o’qidir

Ayol – asli Haqning mo»jizasidir,
Birovning xasmiga boqmagil ammo.
Dedilar: Pokiza nigohlaringni
Iblisning o’qiga evurma aslo!

16. Tijoratda halollik va sherikka xiyonat qilmaslikning mukofoti

Dedilarki: Rizqing gar tijoratdan,
Halolsan, yiroqsan ham xiyonatdan,
Nabiylar, siddiqlar, shahidlar misli
Mahshar balosidan sen salomatsan.

17. Bozor haqida

Gar tijorat ahli o’zg’iru boydir,
Qo’l cho’zsa, uzgani – yulduzdir, oydir.
“Haqni zikr etib tur, dedilar, chunki
Bozor – iblis tug’in tikajak joydir”.

18. Mehr-muhabbatni izhor qilib turish lozimligi

“Muhabbatingizni,- dedilar, — tez-tez
Izhor qilib turing, ko’paysin mehr”.
Bundayin izhorga qandoq tashnamiz,
Sevilmak – eng ichkin ehtiyoj, axir!

19. Yaxshilikni qalbi qattiq kimsalardan kutmaslik

Biz-ku yaxshilikka zormiz erta-kech,
Balki, biror holdan zada edilar.
Shundanmi, “Ummatim, yaxshilikni hech
Qalbi qattiqlardan kutmang”, dedilar.

20. Alloh saxiylarni yaxshi ko’radi

Dedilar: Saxiylik kasbingiz bo’lsin,
Yaratganning o’zi saxiydir, zotan.
Valiylar, g’aniylar, shohlar qancha-yu
Va lekin bittadir, bittadir Hotam.

21. Boshqalarni mensimaslik jannatdan mahrum etadi

Zarra kibr bo’lsa kimning qalbida
Dedilar, jannatga kirmagay zinhor.
Axir, barchamiz teng – barchamiz banda,
Bir dalada o’sgan bug’doylar misol.

22. Haromdan – hazar

Dedilar: Ka’baga tursang yuzma-yuz,
Yolvorsang, “yo Rabbim!” deya o’rtanib,
Duolaring qabul bo’lmagay hargiz
Haromdan bo’lsa gar yegan, kiyganing.

23. Nasihat

So’rdilar: “Muhammad, nasihat ayting”.
“G’azablanma” – javob muxtasar bo’ldi.
“Nasihat, nasihat” so’rdilar, tag’in
“G’azablanma” takror-mukarrar bo’ldi.

24. Senga yomonlik qilgan kishini ham kechirish mumkin

Aytaymi, dedilar, eng sharofatli,
Eng ustuni kimdir odamlar aro:
Ulkim, jazolashga yetar qudrati,
Yomonlik qilganni kechirgay ammo.

25. Hech kimga ozor yetkazma

Ul kishikim, elga yetmagay ozor
Na qo’lidan va na tilidan zinhor –
Dedilar: Haqiqiy musulmon shuldir.
Qanchalar osonday va lekin dushvor!

26. Aqchaga qul bo’lmaslik haqida

Isoni sotdilar o’ttiz tangaga.
Kimlar ham aqchaga sig’indi magar
Bilsinkim: “Dinorga va yo dirhamga
Qul bo’lgan kaslarga la’nat”, deganlar.

27. Tuganmas boylik

Akas yaprog’ini chaynar edilar,
Shilinib ketardi og’iz-lablari.
Qanoat – tuganmas boylik, dedilar.
Shudir bandalikning oddiy shartlari.

28. G’iybat va bo’hton

Kimda bir nuqson bor, aytsang – g’iybatdir,
Bo’lmaganin aytsang – bo’hton, tuhmatdir.
Shoshma bir insonni badnom etgali,
Dedilar: Bulardan ehtiyot shartdir.

29. Yolg’onchining joyi – do’zaxdir

Yolg’onning hididan – risolat shulkim –
Farishtalar qochar emishlar gurras.
Uch karra vayl bo’lsin, dedilar, chunkim
Yolg’onchilar mening ummatim emas.

30. Mol-dunyo va izzat-sharafga hirs qo’yma

Hirs qo’ysang, dedilar, aylagay g’orat
Izzatu sharafu dunyoning moli.
Ikki och bo’riga topshirsalar, ayt,
Na bo’lar, na bo’lar podaning holi?

31. Ko’chmas mulk haqida

Yeru suv sohibi bo’lmoqqa zinhor
Jahdu jadal etmang, dedilar bir gal.
Nechunkim, odamzod qalbida bu hol
Dunyoga rag’batni ziyoda qilgay.

32. Kimni sevsangiz…

Hatto Muhammadni suydi-ku Alloh,
Hayot tilsimidir muhabbat, shaksiz.
Baqo dunyosida, dedilar, illo
Mahbubingiz ila birga bo’lgaysiz.

33. Dehqonchilik-ziroat sharofati

Dedilar: Ziroat qilsang, lojaram,
Naf ko’rsa, yesalar – sadaqadir ul.
Yirtqichu qush yesa, o’g’irlansa ham
To qiyomat qadar – sadaqadir ul.

34. Mo’min sanalmagay

Mayparast, o’g’ri ham zinokor, bilgil,
Mo’min sanalmagay tamom, dedilar.
Zo’ravonlik ila kimsaning molin
Olsa tortib, bul-da harom, dedilar.

35. Yovlashmoqni yomon ko’rardilar

Xalqlar, saltanatlar yovlashar badar…
Tariqcha bo’lsa ham yoqmasdi bu hol:
Arazlashgan ikki kasni, dedilar,
Yolg’on gapirsang ham, yarashtir darhol!

36. Qarzni go’zal o’tash haqida

Hayot-da, ular ham bo’ldilar qarzdor.
Qaytardilar tanlab tuyaning zo’rin.
Odamning afzali, — dedilar, — filhol
Qarzlarini go’zal o’tagan mo’min.

37. Soliha ayol – dunyoning huzuri

Dunyodan yuz burma – Haqdan atodir,
Dunyoning hammasi huzur-mato’dir.
Eng yaxshisi esa dunyo mato’in
Soliha ayoldir, dedilar oxir.

38. “Menga ayollar va xushbo’y narsalar mahbub qilindi”

Ularga ne marg’ub – Haqqa marg’ubdir,
Faromushxotirga eslat, birodar:
Dedilar: Dunyoda menga mahbubdir,
Xushbo’y nimarsalar hamda ayollar.

39. O’ldiring!

O’ldiring, dedilar, ikkisin ham bot!
Kim ular – nabiy ham aylagan hazar?
Lut qavmin amalin qo’llagan badkor –
Haddini bilmagan manfur! Alhazar!

40. Ogoh bo’l!

Ogoh bo’l! Vujudda bordir parcha go’sht,
Dedilar, solihsan, solihdir ul to,
Buzuq bo’lsa, buzuq bo’lar bor vujud.
O’shal parcha – qalbdir! Ogoh bo’l, ogoh!

Xotima

Maftun aylamagan ul kitob kimni?
Yopgim kelmayapti, o’quvchim, ammo
“Kimki odamlarga qirq hadisimni
Yetkazsa…” deganlar.
Demakki, tamom!

13 oktyabr` – 16 noyabr`
2015 yil.

001

(Tashriflar: umumiy 1 659, bugungi 1)

1 izoh

  1. Туркумни ўқидим-у, дафъатан қандай фикр билдириш мумкинлигини ўйлаб қолдим. Чунки бундай шеърлар ҳақида фақат таассуротнинг ўзига берилган ҳолда мулоҳаза юритиб бўлмайди. Очиғи, туркумни ўқигач, шоира Нодира Афоқова шеърларида тобора ярқираб кўзга ташланаётган теранлик, най навосига ўхшаш нолалар моҳиятини англагандек бўлдим. «Арбаъин» туркуми буюк зотлар асос солган анъанага қўл уриш йўлидаги биринчи тажрибалардан бўлса, ажаб эмас. Азизлар руҳи қўлласин сизни, Нодира опа!

Izoh qoldiring