Ziyo Sadr. Sharifjon maxdumning shaxsiy kutubxonasi (01)

002

      XIX аср охири – XX аср бошида Бухорода яшаб, Ўрта Осиё маданий-маърифий ҳаётига улкан ҳисса қўшган адиб, шоир ва олим ҳамда хушнавис хаттот Муҳаммад Шарифжон махдум садр Бухорий – Зиё (Зиё Садр)нинг ўз шахсий кутубхонаси тавсифига оид мазкур тўплам қимматли манба бўлиши билан баробар жуда кўп асарлар ва уларнинг муаллифлари, уларни кўчирган хаттотлар билан боғлиқ ғаройиб ҳодисалар ҳақида ҳикоя қилади.

031

    XIX аср охири – XX аср бошида Бухорода яшаб, Ўрта Осиё маданий-маърифий ҳаётига улкан ҳисса қўшган адиб, шоир ва олим ҳамда хушнавис хаттот Муҳаммад Шарифжон махдум садр Бухорий – Зиё (Зиё Садр) ўзидан турли мавзулардаги илмий, бадиий асарлар ёдгор қолдирган зиёли ватандошимиз саналади. Шарифжон махдум ўша давр анъанасига кўра асарларини форс-тожик тилида яратган. Аммо афсуски, унинг ҳаёт йўли ва бой адабий, тарихий мероси кам ўрганилган, устига-устак бор-йўғи икки-учта асаригина форс-тожик тилида нашр этилган, холос.

Зиё Садрнинг ўз шахсий кутубхонаси тавсифига оид ушбу китоби эса олим ва таржимон Исмоил Бекжонов томонидан ўзбекчага таржима қилиниб, буюк аллома меросидан илк намуна сифатида ўқувчилар диққатига тақдим этилмоқда.

Асарда Зиё Садрнинг бебаҳо бойлик саналган нодир қўлёзма китобларни келгуси авлодга етказиш мақсадида амалга оширган жонкуярлик ишлари ва ўзбек, араб, форс мутафаккирлари яратиб кетган бу қадимий мерос намуналарининг тавсифи ҳамда бу ноёб асарларни кўчирган хушнавис хаттотлар ҳаёти ва фаолиятига доир қимматли маълумотлар ҳавола қилинган.

Фактик маълумотларга бой бу асар китобат санъати тарихи билан қизиққан мутахассислар ва адабиётшунос, тарихчи олимлар қатори барча китобхонларга мўлжалланган.

ШАРИФЖОН МАХДУМ САДР БУХОРИЙ – ЗИЁ САДР
ШАРИФЖОН МАХДУМНИНГ ШАХСИЙ КУТУБХОНАСИ
031

Форсчадан таржима ҳамда кириш сўзи ва изоҳлар муаллифи Исмоил Бекжонов
Масъул муҳаррир: Афтондил Эркинов, филология фанлари доктори
Тақризчилр: Неъмат Полвонов, тарих фанлари номзоди, доцент

КИРИШ

09Ватанимиз ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаёти тарихида давлат арбоби, маърифатпарвар зиёли, олим, адиб, шоир ва хушнавис хаттот сифатида ўчмас из қолдирган Муҳаммад Шарифжон махдум садр-Зиё исми дунё илмий доираларида, жумладан, ўзбек манбашунос олимлари орасида яхши маълум бўлса-да, бу алломанинг ҳаёти ва ижоди кенг ўзбек китобхонлари оммасига ҳалигача таништирилмаган.

Шарифжон махдумнинг ажойиб фазилатларидан яна бири шуким, китобсевар бу маърифатпарвар инсон қадимий нодир қўлёзма китобларни ўз маблағи эвазага сотиб олиб, ана шу бебаҳо хазинани авлодларга беғараз равишда ёдгор қолдирган. Айни пайтда ЎзФАШИ қўлёзмалар хазинасида бус-бутун сақланаётган араб, форс, ўзбек тилларида битилган мазкур китоблардан бутун жаҳон илм аҳли манба сифатида фойдаланмоқда, китобат санъатининг бу гўзал намуналари юртимизда ота-боболаримиз илм-маърифат, жумладан, ақл чироғи саналган китоб яратиш ишига нечоғлик жиддийлик ва меҳр-муҳаббат билан муносабатда бўлганини кўз-кўз қилмоқда.

Шарифжон махдум садр – Зиё 1865 йил 24 февралида Бухоро амирлигига қарашли Зиёуддин туманида давлат томонидан қозилик мансабида турган Домла Абдишукур бин Абдирасул оиласида дунёга келган. Исми туғилган жойига нисбатан “Зиёуддин” ва туғилган шариф рамазон ойи назарда тутилиб “Муҳаммад Шариф” деб аталган. Кейинчалик, яъни Шарифжон ўқимишли зиёли бўлиб етишгач, бу исм ёнига наслу насабига кўра “махдум” ва моҳир хаттотлиги ва мансаби сабабли “мирзо”, Бухоро давлатида эришган яна бир лавозими бўйича “садр” ва “қози” нисбалари ҳамда шеърда қўллаган адабий тахаллуси бўлмиш “Зиё” сўзи қўшилиб, ҳужжат, адабий асар ва халқ тилида “Мирзо Муҳаммад Шариф”, “Муҳаммад Шариф махдум”, “қози Шарифжон”, “Муҳаммад Шарифжон махдум садр – Зиё” тарзида тилга олинган. Шарифжон махдум ўз муҳрига “Қози мирзо Муҳаммад Шариф Судур” сўзларини ўйдириб ёзган, Бухоро ҳукмдори амир Олимхон эса бир ҳужжатда унинг номини “Қози мирзо Муҳаммад Шариф садр” шаклида қайд этган экан. Кейинчалик садрлик лавозими ва шеърдаги тахаллуси сабаб бўлиб, Шарифжон махдум “Садр Зиё” номи билан танилган. Шўро даври ҳужжатларида эса аллома номи “Шариф Шукуров” шаклида расмийлаштирилган.

Шарифжон махдумнинг ҳунармандлар оиласидан чиққан отаси Домла Абдишукур ўз даврининг зиёли ва маърифатпарвар кишиси бўлиб, шеърда “Оят” тахаллусини қўллаган. Домла Абдишукур кўп йиллар Бухоро амирлигига қарашли ерларда қозилик ва Бухорода қозикалонлик мансабида турган. Оят 1887 йили Бухорода рўй берган ялпи вабо касалига йўлиқиб, кичик ёшдаги қизи ва синглиси ҳамда қариндош-туққанларидан яна 33 нафари билан бир пайтда вафот этган.

Дастлабки илмни отаси қошида олиб, сўнг турли илмларни Бухоронинг бир нечта мадрасаларида таниқли устозлардан пухта ўзлаштирган Шарифжон махдум 26 ёшида етуклик гувоҳномасига эга бўлгач, амир Абдулаҳад (1885 – 1910) давлати ишларига жалб этилиб, 1893 йил 9 майида Хайробод туманига қози этиб тайинланган ва то 1920 йилда рўй берган Бухоро инқилобигача Пешку, Воғонзи, Ғиждувон, Янгиқўрғон, Чаҳоржўй, Қарши, Шаҳрисабз каби туманларда ана шу мансабдаги ишини давом эттирган. 1917 йил 27 мартида амир Олимхон уни маърифатпарвар вазир Мирзо Насруллоҳ Қўшбеги тавсиясига биноан Бухоро шаҳри қозикалони қилиб ҳам тайинлаган. Чунки бу пайтда Россияда февраль тўнтариши рўй берган ва давлат тузуми ўзгарган бўлиб, амир ўша йил апрель ойида мажбур ҳолатда чиқарган манифестга кўра халққа бир нечта эркинликлар беришни ваъда қилиб, Шарифжон махдум сингари ҳурфикрли зиёлиларни ҳукумати таркибига киритганди. Аммо Зиё Садр жадидларга хайрихоҳ бўлгани сабабли икки юзламачи амир ва унга тарафдор жоҳиллар тазъйиқига учрайди. Амир Олимхон жоҳиллар талабига кўра Насруллоҳ Қўшбегини ишдан бўшатиб, Зиё Садрни Қаршига қози қилиб юборади. Сал ўтиб эса амир Олимхон янгича қарашдаги “ёш бухороликлар” ташкилотига аъзо зиёлиларни қариндош-уруғлари билан бирга, жумладан, собиқ вазир Насруллоҳ Қўшбегини ҳам яқинлари билан бирга ўлим жазосига ҳукм этади. Бу пайтда Қаршида турган Зиё Садр ҳам бир неча кундан сўнг оиласи билан ҳибсга олинади ва мол-мулки мусодара қилиниб, кутубхонасининг бир қисми ва асарлари қўлёзмалари ёндириб юборилади. Сал ўтиб у озод этилади ва Шаҳрисабзга қози этиб тайинланади, бироқ доим кузатув остида бўлади.

Зиё Садр Бухорода рўй берган шўро инқилоби (1920 йил 2 сентябри)дан кейин Бухоро Халқ Жумҳуриятининг Вақф ишлари бошқармаси хизматчиси, шариат бошқармаси раиси ўринбосари ва Ибн Сино номли кутубхона ходими каби вазифаларда туради. 1923 – 1924 йилларда эса ишсиз қоларкан, ижод ва йўқолган асарларини қайти тиклаш билан шуғулланади.

Шарифжон махдум садр 1932 йил апрелида илгари амирликда вазир бўлган Мирзо Низомиддин Урганжийнинг НКВД қамоқхонага айлантирган уйида вафот этган ва Бухородаги Шайх Жалол дарвозасига яқин Хожа Исмат Бухорий қабристонига (шўролар даврида бу қабристон бузиб ташланган) дафн этилган.

Шарифжон махдум икки марта турмуш қурган бўлиб, биринчи оиласидан Зариф исмли ўғли 1980 йилда ўзи бир умр яшаган Ғиждувонда вафот этган ва ҳозирги кунда мазкур Зариф Шукурийнинг Бухоро, Ғиждувон, Навоий ва Тошкент шаҳарларида яшамоқдалар. Зиё Садр иккинчи турмушидан олти нафар фарзанд кўрган. Ҳозир улардан фақат Тожикистонда яшаётган адабиётшунос академик олим Муҳаммаджон Шукуров ҳаётдир.

Зиё Садр ҳаёти ва ижоди асосан унинг ўз асарларида баён этилган бўлиб, бироқ бу асарлардан айримлари, юқорида кўрганимздек, ўша давр ҳодисалари оқибатида – амир Олимхон давридаги мансаб ўзгариши натижасида рўй берган дарбадарлик ва ҳурфикрли зиёлиларга нисбатан юзага келган бадбинлик қарашлари, шунингдек, шўролар инқилобидан кейинги сиёсий тазъйиқ, яъни ҳибсга олиниб, асарларининг мусодара қилиниши натижасида нобуд бўлган.

Шу сабабли Зиё Садр ҳақида маълумот берган замондош дўстлари Шаръийнинг “Тазкират уш-шуаро”, Қори Раҳматуллоҳ Возиҳнинг “Туҳфат ул-аҳбоб фи тазкират ал-асҳоб” (Тошкент: 1914), Афзал Пирмастийнинг “Афзал ут-тазкор фи зикр аш-шуаро ва-л-ашъор” (Тошкент: 1918), Абдийнинг “Тазкират уш-шуарои мутаахирини Бухоро”, Неъматуллоҳ Муҳтарамнинг “Тазкират уш-шуаро”, Садриддин Айнийнинг “Тарихи амирони манғитияйи Бухоро” (Тошкент: 1923), “Намунаи адабиёти тожик” (Москва: 1926) асарлари муҳим манба саналади. Бироқ бизгача қўлёзма ҳолида ёки босма (араб алифбосида, форсча) шаклида етиб келган бу асарларнинг ҳеч бири ўзбекчага таржима қилинган эмас. Профессор Шодмон Воҳидов ёзшича, Зиё Садрнинг тарих, география, шаҳарсозлик, табиатшунослик, боғдорчилик, Бухоро мадрасалари тарихи ва адабиётшунослик, хаттотлик соҳасига оид яратган асарлари сони 75 тага етади. Айниқса унинг алоҳида мавзулардан иборат бешта асарни ўз ичига олган “Наводири Зиёия” китобида муаллиф таржимаи ҳоли; салжуқийлар, темурийлар, шайбонийлар, аштархонийлар, манғит ҳукмдорлари давлатида фаолият кўрсатган машҳур вазирлар (Ибн Сино, Абу Наср Форобий, Ҳасан Маймандий, Низомулмулк, Алишер Навоий ва ҳакозолар.); Бухоро инқилоби (1920) сабаблари; замондош мансабдорлар ва шоирлар ҳаётига оид қизиқарли ҳикоялар; ўша даврнинг 23 нафар сарой шоирлари ҳақидаги маълумотлар ўрин олган.

Ҳозирги замон тожик олимларидан Р. Ҳодизода, Саҳобиддин Сиддиқий, М. Шакурий ва эронлик олим С. А. Мўжоний ва ўзбек олимлари У. Ҳамроев, Ш. Эсонова, А. Жуманазаров, Тахмина Воҳидова ҳамда рус, инглиз, француз тилларида Зиё Садр ҳаёти ва ижоди ҳақида муҳим маълумотлар ҳавола этган Ш. Воҳидов, Б. Бобожонов, А. Мўъминов, А. Эркинов, З. Чориев, Э. Ахунжонов, М. Саиджонов, Д. Янгибоева сингари олимлар ҳам бу соҳага ўз ҳиссаларини қўшдилар.

Моҳир хаттот А. Муродов эса Зиё Садрнинг “Тазкираи хаттотон” асарига эргашиб ва унинг хаттотлик тарихига оид асарларидан муҳим манба сифатида фойдаланиб “Ўрта Осиё хаттотлик санъати тарихидан” (Тошкент: Фан, 1971) китобини яратди.

Аммо шу пайтгача Шарифжон махдумнинг улкан меросидан фақат бир нечта асаригина Тожикистон ва Эронда (араб алифбосида) нашр этилди, холос.

Ўзбекистонлик олимлардан Ш. Воҳидов, З. Чориев ҳам Зиё Садр қаламига мансуб “Асоми ал-кутуби китобхонаи хусусии Шарифжон махдум” (Шарифжон махдумнинг шахсий кутубхонаси китоблари номлари) асари устида олиб борган тадқиқотининг русча нашрида Зиё Садр шахсий кутубхонасига мансуб бўлиб, ҳозирда эса ЎзФАШИ қўлёзма ва босма асарлар фондида сақланаётган мазкур китоблар бўйича бу олимлар тузган жадвал ва Зиё Садрнинг мазкур “Асоми ал-кутуб” асарининг форсча матни ҳавола этилди.

Шарифжон махдумнинг илмий меросини тўла ўрганиш ва айрим асарларини ўзбек тилида нашр этиш олимларимиз олдида турган навбатдаги вазифалардан биридир. Айни чоғда шуни эслатиб ўтиш лозимки, Зиё Садрнинг Эронда нашр этилган “Рузномаи Садр Зиё” (Зиё Садрнинг кундалиги) китобига алломанинг ўғли академик Муҳаммаджон Шукуров томонидан кириш сўзи сифатида ёзилган “Садр Зиё ва унинг “Рузнома” асари” мақоласини ўзбек тилида чоп этиш ниятимиз борлиги учун бу ерда Шарифжон махдум таржимаи ҳолига муфассал тўхталмадик.

Қолаверса, келажакда Зиё Садрнинг ватанимиз тарихига оид асарларидан айримларини ўзбекчага таржима қилиш асносида ҳам тағин мазкур мавзуга тўхталиб ўтишимиз эҳтимолдан холи эмас. Баъзи бир маълумотларни эса ушбу рисолага ёзган изоҳларимизда айтиб ўтдик.

Эътиборингизга ҳавола этилаётган асар қадимий қўлёзма китобларнинг шунчаки рўйхати ёки муаллифга замондош котиблар фаолияти ҳақидаги маълумотнома бўлиб қолмай, балки у узоқ ўтмишдаги китобат санъати ва айрим тарихий воқеалар ҳамда Зиё Садр яшаган даврдаги ижтимоий-сиёсий, маданий ҳаётда қатнашган зиёлилар тақдири ҳақида ҳам фактик маълумотлар берувчи манба саналади. Зиё Садр бу китобида инсон омилини биринчи ўринда тутиб, асарда номи зикр этилган айрим шахслар ахлқидаги ярамас жиҳатлар ёки баъзиларининг олийжаноблик хислатларини кўрсатиб ўтишни лозим топаркан ва ибрат тариқасида мавзуга оид шеърий қитъаларни мисол келтириб ўтаркан, ўқувчига бу орқали панду насиҳат ҳам беришга интилган. Шу сабабли асарда одобнома оҳанглари янграб, бу каби маълумотлар киши онгига ҳар жиҳатдан таъсир қилади.

Ушбу асар яратилган сана тўғрисида яна айтиш лозимки, муаллифнинг айрим хабарларидан англанишича, китобга Зиё Садрнинг 1920 йилдан олдин яратилган “Тазкират ал-хаттотон” маълумотлари ҳам киритилган ҳолда 1923 йилда ёзилган.

Зиё Садрнинг китобсеварлик хислати борасида ўйлаганимиз чоғи қуйидаги фикрлар хаёлимизни сира тарк этмайди: китобсевар Зиё Садр деярлик барча қўлёзма китобларни ўз пулига, яъни олтин, кумуш сарфлаб сотиб олган. Ёки чет элга кетишга мажбур бўлган Мир Сиддиқ-Ҳашмат сингари шаҳзодага ҳам ўз таъсирини ўтказиб, унинг китоб хазинасидаги қимматбаҳо қўлёзма асарларни ҳам қўлга киритганича, уларнинг ўз юртимизда сақланиб қолишига улкан ҳисса қўшган. Зиё Садр бу қўлёзма асарларнинг барчасини Бухоро кутубхонасига беминнат топширган ва Зиё Садр каби зиёли хислатида мавжуд ҳиммат ва саховат шарофатидан мазкур улкан маънавий, моддий бойликнинг бариси ЎзФА ШИ хазинасида бус-бутун сақланмоқда. Гоҳида одам ўйга толасан – ахир Зиё Садр ўша китоблар сотиб олинишига сарфланган олтин, кумуш пулларни ўз эҳтиёжи учун ишлатса ёки мазкур китобларнинг айримларини сотиб, авлодларига моддий мерос сифатида қолдирса бўлар эди-ку?

Шу фикрлар қатори яна хаёлимиздан кечади: Йўқ, биз авлодлар фахр этишига ўта лойиқ бу жонкуяр инсон учун миллий қадриятларимизни авайлаб-асраш асосий ўринда турган. Зиё Садрнинг ушбу асарини ўқир экансиз, Улуғбек Мирзо яратган ва бизгача ягона нусхада етиб келган “Зижи Гурагоний” асари қўлёзмасининг Зиё Садр ҳиммати ва беминнат хизмати туфайли авлодлар учун омон сақланиб қолганидан Худога чексиз шукрлар ва Зиё Садр ҳазратларига минг-минг раҳматлар айтамиз. Ҳозирги кунда дунё қўлёзмалари хазиналарида Ҳасанхожа Нисорий (1512 – 1598) қаламига мансуб “Музаккири аҳбоб” асарининг ўндан ортиқ қўлёзма нусхалари мавжуд бўлиб, улардан бештаси ЎзФАШИ хазинасида сақланади. Бу ноёб қўлёзмаларнинг 4282 рақамли нусхаси Нисорий қўли билан 1588 йилда китобат қилинган. Бу нусханинг бир нечта варағига Зиё Садр ўз фикрларини ёзиб қўйган. Демак, бу қўлёзма ҳам Зиё Садрнинг шахсий кутубхонасида сақланган. Мир Сиддиқ-Ҳашмат ўзининг “Тазкират уш-шуаро” ва “Номайи хусравон” тазкираларини яратишда Мутрибий Самарқандий (туғ.1556) қаламига мансуб “Тазкират уш-шуаро” (1605) асаридан фойдаланган ва бу ҳақида ўзи аниқ хабар берган. Ўша асарнинг Мутрибий ўз қўли билан ёзган ва ўша давр ҳукмдори Вали Муҳаммадхонга топширган қўлёзма нусхаси ҳозир дунёда ягона саналиб, у ҳам ЎзФАШИ хазинасида сақланади. Қўлингиздаги асарда Зиё Садр XVI асрда яшаган Қози Содиқ Ҳалвоий Самарқандийга оид хабарни Мутрибий тазкирасидан олганини қайд этади. Демак, Ҳашматнинг Мутрибий “Тазкират уш-шуаро”сидан манба сифатида фойдалангани далили ва Зиё Садрнинг мазкур қайдидан маълум бўлишича, Мутрибийнинг бизгача ягона нусхада етиб келиб, ҳозир ЎзФАШИ қўлёзмалар хазинасида сақланувчи “Тазкират уш-шуаро” асари дастлаб Мир Сиддиқ тўра-Ҳашмат кутубхонасида сақланган, 1920 йилда эса бу тўра Афғонистонга кетар экан, уни Зиё Садрга қолдирган.

ЎзФА Шарқшунослик институнинг дунё олимларига кўз-кўз қилиб кўрсатадиган яна бир фахри – Амир Хусрав Деҳлавий (1253 – 1325) “Хамса”сининг буюк мутафаккир Ҳофиз Шерозий (1331 – 1390) томонидан кўчириб ёзилган нусхаси. Бу табаррук қўлёзма нусха ҳам Зиё Садрнинг ҳиммати билан сақланиб қолган бўлиб, Зиё Садр уни олийжаноб инсон сифатида жуда катта бир ҳиммат кўрсатиш туфайли қўлга киритган – ёш Зиё қўлёзма эгасини рози қилиш мақсадида унинг уч нафар етимча ўғил невараларини боқиб асраш ва ўқимишли кишилар қилиб тарбиялашни ўз зиммасига олади. Қаранг, Зиё Садрнинг ана шу янглиғ китобсеварлиги натижасида бир қўлёзма асар шарофатидан бу етимчалар Домла Абдишукур қози оиласида унинг фарзанди Зиё Садр қатори ўсиб-улғайиб, уччаласи ҳам ўқимишли олим ва қози, амалдор бўлиб етишадилар. (Бу ҳақида ушбу китобда ҳикоя қилинган.)

Хўш, Зиё Садр ўз замондошлари ва келгуси авлод учун шу қадар яхшилик қилиб кетган ва модомики, айни пайтда ана шу каби моддий, маънавий меросга эга чиқиб турган эканмиз, миннатдорлик ўрнида Зиё Садр хотираси учун нима иш қила олдик? Ақалли ўша ҳиммати юксак инсондан ёдгорлик сифатида унинг бирон асарини ўзбек китобхонига етказдикми? Жамоатчилик ва тегишли илмий марказлар нима сабабдан сукут сақлашмоқда? Ахир, яқиндагина Ўзбекистон Республикаси президенти И. А. Каримов қўлёзма меросни ўрганиш аҳамияти борасида яна бир карра эслатиб, бу ишда давлат ҳам моддий ва маънавий қўлловни дариғ тутмаслигини бутун дунёга эълон қилдилар-ку!

Миннат бўлмасин-у, ушбу асарни шарқ қўлёзмалари ихлосманди эканим сабабли беғараз таржима қилиб, шарқ қўлёзмаларини ўрганувчи мутахассисларнинг маънавий раҳнамоси саналган Муҳаммад Шарифжон Махдум садр – Зиёнинг ёғдули хотирасига бағишладим.

Ушбу таржимамиз Ш. Воҳидов, З.Чориевлар томонидан тайёрланган форсча матн асосида таржима қилинди. .

Исмоил БЕКЖОНОВ, филология фанлари номзоди.

03

Бисмиллоҳ-ил-Алиму-л-Ҳаким

Аммо баъд: Уламолар устози, фақиҳлар устоди, қозилар қозиси, Бухоро қозикалони домла Абдишукур садрнинг ўғли Зиё тахаллусли қози Мирзо Муҳаммад Шариф садр шундай дейди. Кичик ёшимдан ва талабалик вақтимдан ҳар борадаги китобларни йиғишга тўла саъй-ҳаракат қилдим. Аниқроғи, қачондир бировнинг қўлида бирор китоб кўриб қолгудек бўлсам ёки қаердадир дилга ёқар китоб борлигини эшитсам, тиришқоқлигим ва эринмасдан изланишим туфайли имкони борича ўша китобларни қўлга киритардим. Баъзида бирон-бир мумтоз китобни ишларни ўнгловчи Тангри инояти ва кўмагида текин қўлга киритсам, гоҳида эгасининг қадр билувчилиги орқасида пул кучи билан ўзимники қилиб олардим. Мабодо уларни бир неча танга ё тиллога сотиб олгудек бўлсам “жонсиз жисм бериб, жон сотиб олдим” дея қандай арзон-гаровга олганим баробарида Худога шукрлар айтардим. Шу йўсин ҳар хил аср ва замонанинг машҳур котиблари ва давроннинг мислсиз хаттотлари хатига мансуб мумтоз китоблар ва тенгсиз асарлар ушбу ҳеч нарса билмас каминангиз кутубхонасидан жой олди.

Замонанинг сустлиги, котибларнинг ноёблиги ва хаттотларнинг йўқлиги сабабли ушбу кунларимизда ўтган аср, кечган замонларнинг машҳур котиблари номи бутунлай кўринмай қолди ва исмлари унутилди. Бирор котибни билувчи ёки ёзувини танувчи, уларнинг хушхатлиги қадрига етувчи бирон киши топилмаяпти. Бу каби бефарқлик ва лоқайдлик кун сайин ортиб, борган сари, аксинча, мазкур ҳолнинг яна ҳам авж олаётгани мушоҳада этилмоқда. Ана ўша муҳтарам котиблар номини тирилтирмоқ ва буюк ўринбосарлар номини бошқаларга билдирмоқ илинжида ўз шахсий кутубхонамдаги китобларни ушбу тариқа номма-ном тилга олмоққа ихтиёр этилди. Аллоҳ мададкор бўлсин.

Қори Аҳмад Бухорий қалами билан битилган Каломи шариф. Қори Аҳмад мағфиратли Саййид Амир Музаффар Баҳодирхон ва унинг бахтиёр ўғли Саййид Амир Абдулаҳад Баҳодирхоннинг файзга қоришиқли замонаси котиблари ва хушнавислари машҳурларидан эди. Мазкур қори хаттотлик ва хушнавислик соҳасида ўз асри котибларининг бошлиғи ва замон хушхатларининг сараси бўлиб, мазкур даврнинг бу соҳадаги етук устози ва замоннинг мумтози саналмиш ва қуйироқда номини тилга олмоқчи бўлганимиз Мир Убайддан бўлак ҳеч ким ҳуснихатликнинг бу сингари қоидаларни билиш ва тўғри-тиниқ ёзиш бобида ул мартабага етишмаган эди.

Котиблик соҳасида ҳам ўхшаши йўқ эди. Камбағаллик ва йўқсиллик натижасида гоҳи пайтлари айрим ҳокимлар идорасида мирзолик ва нависандалик юмушларини ҳам бажарарди.

Китобат ишлари бобида кўчириб ёзганлари сони 400 жилддан зиёддир.

Юмшоқ табиатли, ҳаким сифатли, ҳалол-ҳаромдан тийинувчи парҳезкор одам бўлиб, Амир Абдулаҳад Баҳодирхоннинг саодат аломатли замонида раҳмат қабтолига етишди. Унга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин.

Қори Аҳмад Бухорий хати билан ёзилган яна бир Каломи шариф нусхаси. У ўн саккиз варақдан иборат бўлиб, хаттот уни мазкур султонларнинг хос надими бўлган Абдураҳим махдум табиб буюртмасига биноан ўта диққат ва жуда чиройли равишда китобат қилган. Хаттот бу қўлёзма нусхани яратишда ҳатто қуйидагича машаққатли йўл тутган: бирон саҳифада кутилмаганда бирор нуқта тушиб қолса ёки ноўрин ёзилиб қолгудек бўлса, уларни ўчириш йўли билан тўғрилаб ўтирмасдан, балки ўша варақни йиртиб олиб, ўрнига тўғри ёзилганини қўйган. Шу сабабли китобнинг бошидан то охиригача қайта қалам текизиб тўғриланган жойни учратмайсиз.

Гўзаллиги ва хушрўйлиги жиҳатдан ҳеч тенги йўқ. Ҳеч муболағасиз дилларга жон, балки ундан ҳам яхшироқ.

Биринчи нусхаси саккиз варақ бўлиб, унинг шу кундаги баҳоси 30.000 (ўттиз минг) танга туради.

Умуман ўн саккиз варақли бу қўлёзма бутунича 50.000 (эллик минг) танга баҳога чақилади.

Яна бир ўн саккиз варақли Каломи шариф. Бу нусха эса Муҳаммад Қули Туркмон томонидан битилган. Ул машҳур котиб Мир Убайднинг шогирди бўлиб, Саййид Субҳонқулихон ва Абулфайзхон нинг саодат қоришиқли замонасидаги машҳур хаттотлар ва таниқли котиблар жумласидан саналади. Гарчи Муҳаммад Қули Туркмон билан устози Мир Убайд хати орасида озгина тафовут бўлса-да, хат соҳасида маҳорати камроқ айримлар буни пайқай олмай “қай бириники экан” дея иккиланиб қоладилар.

Ҳар ҳолда қўлимиздаги бу китоб ўта малоҳатли бўлиб, гўзалликда тенги йўқ ҳисобланади. Бухоронинг Қуръон нусхаларини битувчи хаттотлари ва тажвид билувчи мутахассислари устози бўлмиш домла Абдураҳим Қурро бу китобнинг ўта яхшилиги борасидаги таърифларни ҳаддан ошириб “уни Мир Убайд ўзининг умри охирларида ёзган” дея қаттиқ туриб ҳам олдилар. Барча нарсани билгувчи ёлғиз Аллоҳдир.

Ушбу кунларда бу Қуръони карим нусхасининг нархи 40 000 (қирқ минг) тангадир.

Яна бир Каломи шариф. Котиблар устози, олам аро тан олинган беқиёс ҳуснихат эгаси Ёқут Мустаъсимий хати билан битилган нусха.
Ёқутнинг шариф исми Жамолиддиндир. Аббосий халифаларидан ўттиз саккизинчиси ва мусулмонларнинг энг сўнгги халифаси саналган Мустаъсим Биллоҳнинг мамлукларидан бири бўлган. Бу халифа чингизий Хулокухон томонидан маҳв этилиб, унга қарши фитнани эса мазкур халифа салтанатининг тадбирсиз вазири Ибн Алқама уюштирган ва чингизийларни бу ишга ундаган. Натижада халифалик шу зайл якун топган. Шайх Саъдий Шерозий Аббосий Мустаъсим марсиясида деган:

Осмонро ҳақ буд гар хун биборад бар замин,
Бар заволи малик Мустаъсим амир ул-мўъминин.
Эй Муҳаммад гар қиёмат мебарори сар зи хок,
Сар барор ва ин қиёмат дар миёни халқ бин.

Мазмуни:

Осмон ҳақли эди гар қон ёғдирса,
Малик Мустаъсим давлати заволига очиб аза.
Эй Муҳаммад, қиёматда кўтарсанг ердан бош,
Кўрарсан халқ қўптирган бу қиёматни.

Ёқут хатда Ибн Буобнинг шогирди бўлган. У эса Биллиҳ Аббосийнинг қудратли вазири Ибн Муқланинг шогирди экан. Ибн Муқла сулс хатининг олти турини ихтиро қилган: муҳаққиқ, тавқиъ, руқоъ, таълиқ, насх, райҳон. Ибн Муқла буларнинг барини уйқуда чоғи амирулмўъминин Алидан – Аллоҳ юзини карамли қилсин – ўрганган экан.

Амир Темур Гурагон замонида Хожа Мир Али Табризий насх ва таълиқ хатини бир-бирига қўшиб, яна бир кўринишли хат ихтиро қилган ва уни “настаълиқ” деб атаган.

Асл мақсадимиздан узоқлашиб кетдик. Келинг, яхшиси, хаттот Ёқут ҳикоясига қайтайлик. Ёқут халифа Мустаъсим учун кўчирган нусхадаги “насруво” ояти каримасининг битта “вов” ҳарфини атайлаб тушириб қолдирибди. Аслида унинг ёзувидаги бу хато сира ҳам сезилмас бир ҳолатда бўлган экан. Халифа Мустаъсим ўқиш асносида буни пайқаб, Ёқутга хатони тўғрилаб қўйишни буюрибди. Ёқут: — Эй халифа! “Менинг ёзганларимни тўғрилашга ҳеч ҳам эҳтиёж туғилмайди” деган ўйда бўлиб, шу сабабли ёзганларимга иккинчи марта қалам текизмаслик борасида онт ичгандим. Эндиликда, тасодифдан биттагина хато ўтган экан, бу нарса учун қасамимни бузиб, азму қароримни ўзгартира олмаймен. Худога шукр халифанинг хизматида менга ўхшаш, ҳатто, мендан ҳам яхшироқ хаттотлар жуда кўп. Ҳазратим ўшалардан биронтасига буюрсалар, балки бу ип тугуни ечилиб қолар, — дебди.

Халифа бу янглиғ гапни эшитиб, кўнгли оғринибди ва Ёқутни зиндонга жўнатиб, бошқа хаттотларни саройга чақиришларини буюрибди. Бағдодни ахтариб, тўрт юз нафар хаттот топибдилар ва барчасини довруқли халифанинг Кайвон қадарли юксак саройига келтирибдилар. Аммо улардан ҳеч қайсиниси “вов” ҳарфини ёзишга майл ва журъат этмабди. Халифа Мустаъсим қон тўкишга жуда ўч ҳукмдор эди. Дарғазаб бўлиб, улар устидан ўлим ҳукмини чиқаришга шайланибди. Буни сезган хаттотлар ноилож қолиб, муҳлат сўрашибди. Бу тўрт юз нафар хаттот ўз ичидан энг моҳир тўрт нафарини танлабдилар. Сайланган тўрт нафар хаттот қирқ кун давомида машқ қилишдан ўзга нарсага қўл урмай, мазкур муддатдан сўнг улардан уч нафари ҳам бу ишни уддалай олмаслигини бўйнига олишибди ва ёлғиз бир кишини тавсия этишибди.

Ўша хаттот халифа томонидан “вов” ҳарфини ёзиб қўйиш ишига тайинланибди-ю, бироқ у ҳам бунга журъати етмаслигини халифа Мустаъсимга арз қилиб “вов” ҳарфини дастлаб ҳарир қоғозга битсам ва атрофини қирқиб олиб, ёзиш керак жой устига ёпиштириб кўрсатсам, агар бу ёзувим халифанинг кўнгилларига ёқса, шундан сўнг варақ узра ёзишга рухсат олсам. Йўқса., масалани очиқ қолдирсам.” дебди.

Барчаси бу фикрни маъқуллаб, таҳсин айтишибди. Шу тариқа ҳалиги бир нафар хаттотни эртаси куни билан “вов”ни ёзишга қўйиб, ниҳоят ёзган “вов”ларидан энг яхши ва чиройли чиққан биттасини ҳарир қоғоздан қирқиб олиб, ёзиш керак бўлган жой устига қўйишибди. Аммо унинг шунча чиройли “вов” ҳарфи Ёқут ҳарфлари тизмаси орасида худди ёқут ва маржон шодасига терилган лой кўзмунчоққа ўхшаб, фарқи яққол билиниб қолибди. Ночор бу ишни тўхтатибдилар. Лекин бир йил давомида Ёқут шу зайл зиндонда қолиб кетибди.

Ривоят этувчининг айтишича, шу муддат мобайнида шафелар ўртага тушиб, Ёқутнинг гуноҳини сўрайверишибди ва халифадан уни “вов”ни ёзиб қўйиш шарти билан озод этишини илтижо қилиб, тутқунликдан чиқариб олишибди. Ёқут қутулгач, халифа унга тағин “вов” ҳарфини ёзиб қўйишни буюрибди. Ёқут “Эй халифа, хизматкорлик бошқа нарса, санъаткорлик ўзга нарса, менинг хизмат ҳақимни тайин қилсалар, йўқса бу ишдан мени маъзур тутсалар” дебди. Халифа баҳо чиқарувчиларга “вов”нинг нархини аниқлаб беришни буюрибди. Замон хаттотлари ва нарх белгилашга уста мутахассислар унинг баҳосини бир харвор олтин, бошқача қилиб айтганда юз минг динорга чақишибди. Саодат бахшишли халифа ўша арзимаган бир харвор пулни олиб чиқиб, Ёқутга топширишга буйруқ берибди. Доно санъаткор Ёқутга бир харвор олтинни топширганидан сўнг хаттот ундан бир дона динор пулни олиб, шу ерда турган дарвишга бахшида қилибди-да дебди: — Эй халифа, бу барча гап ва ишлардан эътиборсиз бу банданинг мақсади фақат Аллоҳнинг ердаги ўринбосари Мустаъсим Биллоҳнинг кундан-кун ривож топаётган давлати сояси остида мендек осий бандага шоҳона ва валинеъматлик тарбияти туфайли етишган фазилат ва санъатнинг қадр-қийматини билдирмоқ ва эл аро эълон қилмоқ эди. Бўлмаса, менга дунёвий матоҳлар ва халифа даргоҳидаги нарсалардан ўзгасига биронта эҳтиёж бормиди, — дея хазиначи томон юзланибди ва бир харвор олтинни кўтариб, хазинага элтиб қўйишини айтибди. Шуларни айтгач, шу тикка турган ҳолича “вов”ни ўз ўрнига битиб қўйибди.

Ёқут қуръони ҳозир бу ўлкада мавжуд эмас. Унинг тақдирини ҳеч ким билмайди. Нархини ҳам бирон кимса тўғри баҳолаб бера олмайди. Шариф ҳарамлар ва Истанбулда дур ва ёқутни унинг қийматига баробар кўрмайдилар. Лаъл ва зумрад билан нархини ўлчашни амри маҳол биладилар. Чунончи, соҳиби ҳунар доно Усто Исоқул Тўқсоба заргар ислом ҳажи сафарига отланган вақтида Ёқут қуръонидан бир нусхасини қўлга киритиб, муқовасига жавоҳирдан безак берган ва мунаввара Мадинада ул сарварнинг мунаввар қабрининг муаттар равзасига туҳфа қилиб, шундан кўп иззат ва чексиз ҳурмат топганди.

Энди яна Ёқут ҳикоясига қайтсак, мўғуллар халифа Мустаъсимни қўлга тушириб, ўта аянчли бир суратда қатл этадилар ва Бағдод аҳолисини ёппасига қирғин қилишга тушадилар.

Қуръон ёзишга ўта иштиёқли Ёқут бу ғала-ғовурдан ўзини чеккага оларкан, қочиб бир минора устига чиқиб, хат ёзиш машқини давом эттириш ўйида бўлади. Ёнида қалам ва довот йўқлигидан эса ўз аъзои баданидан бир ерини яралаб, қон оқизади. Сўнг бармоғини ўша қонли жойига текизиб, қонли бармоғи воситасида эгнидаги оппоқ кўйлагига Қуръон оятларини битиб ўтиради. Ўша чоғи гўл бир мўғул минорага чиқиб қолиб, хушнавис хаттотни шаҳидлик иззатига етказади.

Бу қуръоннинг нархини унинг битта “вов”ига қўйилган нархдан қиёслаб билиш мумкин. Камина унинг тавсифида “Ёқут ва маржондек” деган сўздан бўлак яна нимани айта оларди. Бу каломи шариф нусхасининг нархи ва баҳоси борасида озгина дирҳамдан ўзга нимани тилга оламан.

Яна бир Каломи шариф. Ёқутнинг шогирдларидан бири қўли билан битилган.

Ёқутнинг мўътабар шогирдлари олти нафар бўлишган. Биринчиси “Шайхзода Суҳравардий” лақаби билан танилган Шайх Аҳмаддир. Иккинчиси Арғун Кобулий, учинчиси мавлоно Юсуфшоҳ Машҳадий. Тўртинчиси мулло Муборакшоҳ Зарринқалам, бешинчиси Саййид Ҳайдар, олтинчиси Мир Яҳёдир.

Бу Қуръон нусхаси ўша шогирдлаидан бири томонидан кўчирилган. Аммо ҳеч нарса билмас камина, нотавон роқим унинг ўша шогирдларидан қай бирининг хатига мансублигини аниқ билмайди. Чунки уларнинг ёзганлари бизнинг диёримизга етиб келмаган ва назаримизга етишмаган. Уларнинг анқо қушидек ноёб номлари маълум эса-да, бироқ қўлёзмаларидан бирон нишон йўқ. Шу жиҳатдан бу қўлёзма нусханинг нархини белгилашдан тийинишга мажбурмиз.

Шайх Шарафиддин Аби Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Саид ал-Даллосий суммил ал-Бусирийнинг Қасидаи бурда китоби. Бусирий ҳижрий 694 йил да вафот этган.

Қўлёзма китоб олам аро аср ягонаси, даҳр ичра тенгсиз мумтоз, мишкин қаламли, жоду рақамли, хаттотлар тан берган ва хуснихат соҳасида барчадан пешқадамликда машҳур Мир Убайд хати билан битилган. Ул жаноблари мавлоно Ҳалвоийнинг шогирди эрур. Шогирд бўлганида ҳам гоҳида ўз устозини ҳайратга солган ажиб бир шогирддир! Ёқут ва Ибн Муқла тарзидаги сулс услубида хат битувчи устози йўсинини тарк этиб, ўзига хос ёқимли, гўзал тарзни ихтиро этган. Ҳозир унинг бу ёзиш равиши Бухорода ҳаммага маълум бўлиб, барчага манзурдир. Бу услубдаги маъқул, таҳсинга лойиқ йўналишни етуклик даражасига етказиб, “ўзим якка-ю ягонаман” ноқорасини чаларкан ер юзининг яқин-йироқ ўлкалари аҳли, турк ва тожик халқи тилидан “омано ва садиқно” овози жаранглаб, энг юксак ва энг қуйи нуқталаргача етдики, шу сабабли замоннинг барча котиблари ва давроннинг бари хаттотлари Ибн Муқла ва Ёқут услубидан юз ўгириб, Мир Убайд йўсинини дилу жондан қабул қилдилар. Мир Убайд шу йўналиш асосчиси ва ўша равиш ёйгувчиси бўлди.

Илгариги усулни камол даражасига етказган энг сўнгги хаттот мавлоно Ҳалвоий эди. Иккинчи йўналишни таҳсин ва гўзаллик мақомига олиб чиққан биринчи санъаткор Мир Убайд бўлди. Ислом пайдо бўлиши бошидан то ушбу кунларимизгача хаттотлик соҳасида уч нафар асосчи юзага келган. Энг биринчиси ал-Қоҳир Биллоҳ Аббосийнинг вазири Ибн Муқла, иккинчиси “Мир Али Возеъ” лақабини олган Мир Али Табризий. Учинчиси Мир Убайд бўлиб, у соҳибқирон амир Убайдуллоҳ Баҳодирхон бин Саййид Субҳонқулихон нинг файзга қоришиқ замонида уч нафар соҳиби тадбир Мирнинг учта тенгсиз ҳунар соҳасида яратган ажиб ихтиро ҳодисалари иштирокчисидан бири эди. Бу уч нафар Мир ва уч ҳунар ихтироси ҳам аслида хаттотлик ва китобат санъатига мансуб бўлиб, ўша уч нафар соҳиби ҳунар биргаликда ўз ишларига киришганлар.

Биринчиси Мир Иброҳим бўлиб, бу Мир ипак қоғозини ихтиро қилган. Иккинчиси Мир Убайд котиб бўлиб, ул қоғозга хат битувчилик вазифасини зиммага олган. Учинчиси Мир Шафеъ бўлиб, наққошлик, лаввоҳлик, жадвалкашлик бобида ҳеч бир асрда унга тенги бўлгани ҳақида ҳеч ким бирон хабар билмайди. У ўз иши билан Мир Убайднинг ёзганларига зийнат бағишларди.
Бухоро ва унга қарашли ерларда Мир Убайддан кейин фаолият кўрсатган хаттотларнинг барчаси тўғридан-тўғри ёки билвосита Мир Убайднинг шогирдлари ҳисобланадилар. Ҳар бири Мир Убайд яратган усулда ёзадилар. Бу йўналишни Қори Аҳмад котиб Бухорий камолот ҳаддига етказди. Абдуллоҳбек котиб Яккабоғий устозидан ҳам ўтказиб юборди. Ушбу китобимизда тез орада унинг зикри ҳам баён майдонига киритилади.

Мир Убайднинг ёзганлари жуда кам. У битган битта Каломи шариф нусхаси Бухоро давлатининг хазинасида турибди. Яна бири фазилат нишонли, камолот аёнли ва “Ҳашмат” тахаллусли тўра бўлмиш Саййид Мир Сиддиқ тўранинг тасарруфидадир.

Бу тўрамиз мағфират маконли Амир Музаффар Баҳодирхоннинг азиз ўғли бўлиб, бу саодатли тўра ўттиз икки йил тутқунлик ва банд асирлигида турган, ўша муддат мобайнида замонасида расм бўлган барча илму ҳунар ва фазилатларни ҳеч кимдан таълим олмасдан туриб, фақат ўз тиришқоқлиги орқасида ўзлаштирган.

Айниқса, нужум, хаттотлик соҳаси ва олий даражалиги барчага маълум ҳандаса фанини ўзида мавжуд фазлу камол туфайли ўрганиб, яхши китоблар ва ҳуснихатда битилган қўлёзма асарлар йиғиш борасида ҳам олтин пулларни аямай сарф қилган. Бу қўлёзма китобларнинг кўп қисми ноёб асарлар бўлиб, ул ягонаи фарзона тўранинг кутубхонасидан жой олган.

Шу тариқа Мир Убайд кўчириб ёзган бир дона Каломи шариф нусхасига эгалик саодати ҳам қўлга кирди. Ушбу камтарин камина Зиё Садр бу “мулкдан бахтиёр” эса-да, бир кун келиб уни қўлдан чиқариш ўйида доим қийналади: Во ҳасрато ки мебарам ин орзу ба хок (Воҳ дариғким, бу армонни ўзим билан тупроққа олиб кетармен).

Бу ноёб дур саналган қўлёзма ҳеч қачон ҳеч бир сабаб билан сотувга қўйилмагани ва қўйилмажаги учун унинг нархи борасида бирон нарса дейишим қийин.

Далоил ал-хайрот. Шайх Аби Убайдуллоҳ Муҳаммад бин Сулаймон ибн Аби Бакр ал-Жузулий ал-Семноний ал-Шариф ул-Ҳаниф (вафоти ҳижрий 854 сана да) таълиф қилган “Далоил ал-хайрот” асарининг бу нусхаси Абдуллоҳ бек Котиб хати билан битилган қўлёзмадир. Ул зот Яккабоғ вилоятининг Бухоро султонлари тасрруфидан илгариги даврларида мустақил равишда ҳукм юргизган қадимий мирлар ва хонзодалар авлодидан саналади. Бухоро волийси Саййид Амир Музаффар Баҳодирхон у ерларни истило қилгач, ўша ўлканинг бугунги ҳокими бўлмиш Абдураҳмонбекни укаси мазкур Абдуллоҳбек билан бирга Бухорога келтираркан, шаҳарга кириб келиши заҳоти Абдураҳмонбекни укаси Абдуллоҳбек Котибнинг кўзи олдида ўлимга буюради-ю лекин Абдуллоҳбекни ҳали болакайлиги ва хушсуратликда ўта соҳибжамоллиги учун раҳм қилиб, миршабхонага қамаб қўяди. Шу зайл саодатга уланган бу бечора ўн йил тутқунлик панжасида асирликда туради. Бироқ мазкур тутқунлиги чоғи Яздоний кўмак ва иноят, раббоний мадад ва ҳидоят орқасида ҳеч кимдан таълим олмасдан туриб, озгина диққат-этибор туфайли хушнавислик ва хаттотлик бобида ўзидан олдин ўтган барча хаттот ва котиблар номи устига унутилиш чизиғини тортиш даражасига етишади. Бу соҳада ўзига тенг келувчи кишини кўрмайди. “Бу Аллоҳнинг фазлидур ва уни хоҳлаган кишисига беради.” Худои таолонинг ҳукми аввал шу бўлдики, уни мартаба тепасидан тутқунлик қудуғига ташлади., сўнг ул тутқунликдан бу каби иззат ва давлат авжига кўтарди. Хуллас, хат-ёзув яратилиши вақтидан то шу кунгача қалам аҳли ва ёзув-чизув арбобидан ҳеч бири хушхатлик соҳасида бу юксак даража ва хаттотлик мартабасида бу янглиғ катта йўлга етишмаган ва бундан кейин ҳам етишмаяжак. “Бешойиба дар боби китобий Мир Али хонем равост, Дар важҳи Қуръоний аз Мир Убайд беҳтар донем ҳам бажост. (Мазмуни: Китобат бобида Мир Алидек десак шаксиз раводир, Қуръоний ҳуснда Мир Убайддан яхшироқ билсак бажодир.)

Абдуллоҳбек Котиб ўн йил Чаҳоржўй шаҳридаги бадарғаликдан кейин, ул подшоҳ вафот этгач, Саййид Амир Абдулаҳад Баҳодурхоннинг файз асарли замонида эски қоидага биноан янги хусравнинг тахтга чиқиш муносабати билан бериладиган умумий авф бўйича бошқа гуноҳкорлар қатори озод этилди ва бироз вақт Кайвон юлдузига етгувчи сарой теграсида подшоҳона узанги хизматига мушарраф бўлди.
Аммо кўп ўтмай ул тенгсиз санъаткор киши шоҳона ғазабга дучор бўлиб, султонлик зиндонида ранжу азоб тортди. Бу гал узоқ муддатли ҳибс ва қамоққа ҳукм этилгани оқибатида “унутилиш ва эсдан чиқарилиш” рўй бериб, подшоҳ ва бошқа кишилар хотирасидан унутилиб, ҳеч бир кимсадан ёрдам бериш ва ўртага тушиб, гуноҳини сўраш каби гаплар вужудга келмади. Бу воқеа юзасидан чуқур ҳасратга ботган ва мунг тортган ушбу сатрлар қораловчиси ўша кезлари кичик ёшда бўлганим учун бу каби катталар ишининг уддасидан чиқа олмасдим. Бу нарса фақат ушбу сатрлар роқимининг отаси вафот этган кунлари амалга ошди. Яъни мажид отам раҳмат қабтолига етишиб, таъзия маросимлари тугагач, ушбу кунларимизда расм бўлган одатга кўра Аллоҳнинг ердаги сояси бизлардан ҳол-аҳвол сўрагани эвазига бисотимдаги бирон нарсани беришим лозим бўлиб, улардан бири азиз жонимдан ҳам ортиқроқ кўрадиганим қўлёзма саналмиш Абдуллоҳ Котиб қалами билан китобат қилинган “Далоили хайрот” китоби эди. Не қилай, ул бечорани қутқариш умидида бу каби жонимдан кўнгил узганча, мазкур “Далоил”ни бошқа қимматбаҳо совғаларга қўшимча қилиб, ўз тортиқнома хатимда ўзга буюмлар рўйхати қатори қуйидагича ёзув битдим: Абдуллоҳ Котиб хати билан китобат қилинган бир дона “Далоили хайрот”.

Ба хоб руйи ту дидам, мурод хоҳам ёфт,
Чаро ки жони наку дар фанои фол накуст.

Мазмуни:

Тушда сенинг юзинг кўрдим, муродимга етажакмен,
Чунки яхши жон сенинг йўқлигингда яхши фолдир.

Хонга хат битганим ҳам шу бўлди, ул бечоранинг қутулгани ҳам шу бўлди. Ул нотавон ҳаққида шу қадар эҳсон қилган эканман, меҳрибон Худои таоло шунинг эвазида ушбу “Далоил”ни кутмаган еримдан осон ва текин етказди. Йўқса бунинг ҳеч имкони йўқ эди. Негаки, ул тенгсиз санъаткор балоларга мубталолик ва азобларга дучорлик сабабли нечалаб битиклар яратиш имконига муяссар бўлмай қоларди.
Абдуллоҳбек Котиб ўз умри давомида уч нусха Каломи шариф қўлёзмасини китобат қилди. Шулардан биттаси Бухоро давлати хазинасида сақланади. Иккинчиси фазилат нишонли тўра Саййид Мир Сиддиқ-Ҳашматнинг қўлида.

Абдуллоҳбек хусравоний буйруққа кўра Чаҳоржўй шаҳрида сургунда турганида ул вилоят ҳокимлиги ул мажид тўрага топшириб қўйилганди. Шу сабабли ул камол аҳли қадрини билувчи шоҳзода неча бир меҳрибонлик ва пул сарфлаш йўли билан анча вақт ичида ул Қуръонни ёздириб олган.

Учинчисини Остонақул Қўшбеги ҳийла-найранг воситасида қўлга киритган.

Абдуллоҳ Котиб фурсат оралаб ва айри-айри вақтларда “Далоил”дан икки-уч нусха битган. Яна айрим дўстлар ва ёронлар илтимоси ҳамда баъзи бир ҳукумат эгалари буюртмасига биноан зарурат бўлгани сабабли “Салот”дан битта нусха ёки битта “Ҳадис”ни китобат қилган. Чунки ўта қаноатли киши бўлган. Бирон нарса ишлаш илинжида бўлмаган. Бўлганида кўп нарса ёзармиди.

Катта бойликка эга ҳукумат бошлиқлари шу сабабдан бундай бебаҳо санъат асарларини қўлга киритганларидан ифтихорга тўлиб, боши баландлик қилиб юрган эдилар.

Қийинчиликлар тортгани ва кўп азоб-уқубат чеккани натижасида ул ягона дурдона нашавандлик дардига мубтало бўлиб, ўта камтарлик ва ҳафсаласизлик билан умр кечирарди. Кейинчалик ҳазрат зуллижалол (Аллоҳ)нинг неъматлар дастурхонидан не пул ва мол ул мақтов хислатлига етиб турган эса, ҳеч бирини бекорга сарфламасдан ва йўқотмасдан бола-чақаси таъминоти учун ишлатадиган бўлди.

Аммо доимий йўқсиллик ва чўнтак бўм-бўшлигига қарамай, эҳтиёжсизлик қоидаси ва ҳиммати баландлик юзасидан ўткинчи дунёнинг бўлмағур матоҳларига қиё боқиш сира ҳам кўнглига келмасди. Жуда орасталик ва лоқайдлик билан вақтини тун-кун фароғат ва хуррамликда кечиради. Улуғ ва шариф кишиларнинг ўтириш ва йиғинига кириб қолса, барчалари ўта рағбат билан эъзоз-ҳурмати учун бош эгардилар ҳамда кўнгли розилигини юқори даражада топишга тиришиб, ташрифини эътибор сармояси, кириб келишини фахр воситаси деб билардилар.

Шу тариқа эллик йил ҳаёт кечириб, ҳижрий 1332 йил да мирохўрлик ва закотчилик хизматкорлиги мансабида турганича Бухоро шаҳрида дунёдан ўтди.

Бу “Далоил”нинг баҳоси ўн минг танга.

Беш сура Салот ва Шифо. Ҳар иккаласи мазкур Абдуллоҳбек Котибнинг хати билан битилган.

Далоили хайрот ва Ҳизб ун-наср ва Ҳизб ул-баҳр бир жилдда. Қори Мир Файз Котиб Бухорийнинг укаси Қори Мир Раҳмат Котиб хати билан китобат қилинган. Уларнинг ҳар иккаласи ҳам Абдуллоҳбек Котибнинг эътиборли шогирдларидан. Қори Мир Файз Котибнинг хушхатлиги укасиникидан кучлироқдир. Ёзувининг ўхшашлиги устозига жуда яқин. Бир неча вақт Саййид Амир Олим Баҳодирхоннинг марҳамати билан фахрлар уйи Бухоронинг мактаблари Нозирлиги билан сарафрозлик топди. Ҳозир бу мансабдан туширилган. Аммо шахс сифатида барча халққа ёққан зот. Китобий хат бобида ҳам қўли узун. Бу икки ака-уканинг ёзганлари кам сонли. Қачон бу ҳунарни амалга киритиб, давом эттирсалар, ҳеч шубҳасиз таниқли котиблар ва замон хаттотлари жумласидан бўлишарди.

Бир неча вақт Бухоро шаҳрида ва унга қарашли ерларда Ўрусиянинг кириб келиши натижасида чоп ва литография китоблари тарқалиб, шу жиҳатдан хаттотларнинг бозори касод, бу каби санъатларга аҳолининг эътиқоди айниб, котиблар, хаттотлар жадвалкаш, лаввоҳлардан оз фурсат ичида асар ҳам қолмаган даражага етди. Бу сингари санъатлар назардан қолиб, соҳа аҳлидан ҳар бири бошқа ҳунармандчилик кетидан кетиб, ўзга ишларни ихтиёр этдилар. Шу тариқа Бухорода тайёрланадиган китоблар сони кундан-кунга камайиб борди.

Устига-устак бошқа мамлакатларнинг санъатни тушунадиган тадбиркор савдогарлари Бухорои шариф шаҳри сари йўл топиб, олтин-зар зўри билан мўътабар қўлёзмалардан кўпига эга чиқдилар. Шу сабабдан кўплаб мумтоз китоблар ва гўзал қўлёзма нусхалар Бухородан ташқарига ташиб кетилиб, узоқ ўлкаларда қўлма-қўл бўлди.

Шунингдек, Гургон бой-боёнидан ва толиб илм туркманлардан бир нечтаси илм ўрганиш мақсадида олтин тўла халталарни қўлтиқлаганича неча бир гердайиш ва дабдаба билан Бухорога кириб келдилар. Улардан кўпи фақат китоб савдосига муккасидан кетган учарлар бўлиб, аямай олтин, кумуш сочганларича нуқул мўътабар китобларни сотиб олиб, орқага қарамай бадар кетишди. Чунончи мадрасаларнинг ҳужралари, айниқса Бухоронинг машҳур мадрасаси саналмиш Кўкалдош мадрасаси ҳужраларини гарчи шариат қонуни бўйича ҳеч ҳам олиб-сотиш мумкин бўлмаса-да, дастлаб ўша бозорчилар томонидан муомалага тушиб, нархи ошиб борди.

Шу билан бир қаторда ўша кезлари илм ва санъатдан сигир ва эшак каби бутунлай бехабар, ҳатто улардан ҳам баттар бўлмиш Турска ва Қозон шаҳарлари аҳолиси Улуғ тангри инояти билан ғафлат уйқусидан уйғониб ва ялқовлик мастлигидан ҳушёр тортиб, тўп-тўп ва гуруҳ-гуруҳ бўлиб фахрлар уйи Бухорога келиб, илму фазлу камол касб этмоқ йўлида оғир қийинчилик ва ўта жаҳду жадалликка машғул бўлиб, “илм ўрганиш учун тириш” ҳадиси мазмунича ҳар бири насиб қилинган миқдорда илм оламидан баҳра олдилар ва саводсиз ҳолатда келиб, олим даражасига кўтарилиб кетдилар. Ғафлат ичра келиб, комил суратда қайтдилар. Бу тоифа орасида ҳам бойлар ва ўзига тўқлар кўп бўлиб, улар ҳам кўпроқ гўзал қўлёзма нусхалар ва ҳуснихатда битилган китобларни ўзлаштирган илмлари устига-устак қилиб, тилло тарозуси билан ўлчаб олдилар ва ўз диёрларига элтдилар. Шу сабабли ҳам ушбу кунларда Қароқрим ва Қозон ўлкалари илмия марказларига тўла ва олий диний масканларга эгадир.

Тан олиб айтмоқ лозимки, ул саодатмандлар Русия давлати томонидан мағлуб этилган ва қарам бўлишига қарамай, ушбу айёмда ойдин дин қоидаларини бажариш ва амалларини амалга ошириб, ҳазрат пайғамбарнинг – Аллоҳнинг саловоти бўлсин – айтганларини шу қадар мустаҳкам ва ўз жой-жойида адо этадиларки, ундан ортиғини тасаввур қилиш қийиндир. Мана уч юз эллик йилдан бери христиан давлати улар устидан ҳукмронлик ва фармон берувчилик қилиб келишига қарамай, улар тутган Муҳаммадийлик қасри пойдеворига ҳеч қандай путур етмай ва Аҳмадий дини асослари ҳеч бир вазиятда сустлик топмай, аксинча, Русия босиб олган даврдан бери жаҳолат пахтасини ўз қулоқларидан олиб ташладилар ва лоқайдлик либосини ўз эгнларидан итқитиб ташлаб, ўз ишлари тадорики ва тараққиёти ўй-фикрига киришдилар. Илм ва амал бобида энг юксак чўққиларга эришиб, ўз давлат ва миллатига юксалиш ва ривожланиш нурлари билан зийнат бердилар.

Хуллас ана шу кишиларнинг китобга иштиёқмандлиги сабабли Бухоро шаҳрида ҳар хил соҳалар бўйича жуда кўп миқдорда мавжуд бўлган ноёб китоблар бора-бора Анқонинг қўлга кирмас уруғига айланиб, ўта нодир бўлиб қолди. Айтиш мумкинки, бу аср ва замонда Бухоро шаҳрининг уч жойидан бошқа ерида ўша илгари олиб-сотилиб турилган дурдек китоблардан биронтаси учрамайди.

Мазкур уч жойдан биринчиси ҳозирда фохира Бухоронинг қози-юл-қуззоти мансабида турган мулло Бурҳониддин садрнинг кутубхонаси бўлиб, бу бойликни у отасидан мерос сифатида текин қўлга киритган.

Иккинчиси ҳидоят ва саодатга рафиқ, соҳиби тавфиқ Ҳашмат тахаллусли Саййид Мир Сиддиқ Тўранинг кутубхонаси бўлиб, бу шоҳзода ўз кутубхонасидаги ноёб қўлёзма нусхаларни кўп машаққат ва зиёда саъй-ҳаракатлар билан қўлга киритиш бахтига муяссар бўлган.

Учинчиси бу камина Зиё Садрнинг кутубхонасидаги китоблар бўлиб, ҳар бири дур-гавҳар қутисининг ўзи саналган ул китобларни неча бир жигар қони ва олтин-кумушлар сарфлаб қўлга киритганмен ва синалар сандиқимга жойлаганмен.

Қози Байзовий тафсири. Биринчи дафтар. Қадимги хаттотлардан бирининг ўта даражада хушхатлик билан сира хатосиз кўчирган нусхаси.

Бу тафсирнинг баҳоси икки минг танга.

Мишкоти шариф. Ноёб китоб. Қуръоний хати билан ипак қоғозга битилган бу қадимий китоб ҳеч хатосиз кўчирилган бўлиб, у мавлоно Масжидий раҳматуллоҳ ибн мулло Мансур ал-Бадахшоний хати билан китобат қилинган. Ул зот Амир Шоҳмурод Маъсум Ғозий нинг файзга тўла замонасининг уламоси бошлиғи бўлганлар.

Шунингдек, бу асарни мавлоно Шариф алайҳурраҳма ўз устози мавлоно Қосим алайҳурраҳма ҳузурида бошидан охиригача ўқиб чиқиб, имтиҳондан ўтган. Ҳазрат устоз алайҳурраҳма эса шогирдининг мазкур имтиҳондан ўтганини қайд этаркан, уни мавлоно Шариф алаҳурраҳмага ҳадис илмини ўқитиши мумкинлиги бўйича ёзиб берган “Ижозатнома”га қўшимча равишда битган. Мазкур муқаддимадан сўнг ушбу номсиз роқим бу олий баёнли китоб таърифида “дурдек ноёб” деган сўздан ўзга нимани ҳам ёза оларди.
Ҳозирги нархи йигирма минг танга.

Ҳидояйи шариф нинг иккита жилди. Шайхулислом Бурҳониддин Али ибн Абубакр ибн Абдулжалил ал-Марғиноний ал-Ҳанафий (вафоти ҳижрий 593 сана ) асари. Мулло Сиддиқжон Котиб Бухорий хати билан ёзилган.

Шу гап машҳурким, Амири Саид лақабли Амир Ҳайдар Баҳодирхоннинг файзга тўла замонида Бухорои шариф шаҳрида Сиддиқжон исмли икки нафар забардаст котиб фаолият кўрсатган экан. Биттасини Сиддиқжон Иштихоний Куйкий ва яна бирини Сиддиқжон Куфрий деб аташаркан. Бу икки нафар котиб бир-биридан яхши бўлиб, хаттотлик бобида тоқ, хушхатлик соҳасида машҳури оламу офоқ эканлар.

Аммо ушбу “Ҳидояйи шариф”ни кўчириб ёзган Сиддиқжон котибнинг лақаби Куфрий бўлган. Отасининг исми Содиқжон экан. Яшаш жойи ва асл ватани Кўйи Дарахт гузари экани учун Сиддиқжонни “Кўйи Дарахтий” нисбаси билан ҳам аташган.

Хуллас Куфрий ўз асрининг мўътабар котиби бўлиб, китобат соҳасида ўзига хос тарз ва махсус йўналишга эгаки, ёзганлари малоҳатда етук ва ниҳоятда ажиб-ғарибдир. Илгари бу янглиғ тарзда ҳеч ким хат битмаган. Демак бу йўналиш унинг хос ихтироси саналиб, шу сабабли бу тарзни “Сиддиқжон услуби” дейдилар. Мазкур йўналиш бўйича хат битувчилар Сиддиқжонни ўз устози ҳисоблайдилар.
Хуллас, Сиддиқжон китобат соҳасида қўли баланд саналиб, тўғри ёзишликда бармоқ билан санарлик хаттотлар қаторида туради. Кеча-ю кундуз беш вақт намоз ҳамда уйқу ва овқатланиш онларидан ташқари бирор вақтини бекор ўтказмай, дунёвий ишларга берилмай, тамоми умрини китобат соҳасига сарф қилган. Шу тариқа ҳар соҳа ва турли фанларга доир беш юз дона китобни ўзининг гўзал хати билан кўчириб ёзган. Шулар жумласидан бири ушбу олий баёнли Ҳидояйи шарифнинг иккита дафтари нусхалари бўлиб, хаттот уни “Баҳодир” лақабли тенги йўқ амир, яъни Саййид Амир Насруллоҳ нинг тахтга чиқиши бошларида Бақохожа Садрнинг топшириғи билан ўта диққат ва зийнатли тарзда ёзиб, қўлёзма ҳошиясида “Кифоя” асарини ҳам тўла ҳолда китобат қилган.

Бу қўлёзмани ёзиш юзасидан буюртма берган Бақохожа Садр ўша кезларда фохира Бухоро шаҳрининг муҳтасиблик мансабига мансуб турган бўлиб, у Бухорои Шарифнинг қози-юл қуззоти қози Абулҳасанхожанинг азиз фарзандидир.

Бу қўлёзманинг ёзиб тугалланиш санаси бўйича бир таърих битилган бўлиб, у жуда гўзал бир тарзда яратилган.

Таърих қитъаси:

Ин нусха ки назди аҳли маъни аст,
Мавсуф ба ҳусни бениҳоя.
Аз пири хирад суол кардам:
Таҳрир че дорад ин Ҳидоя.
Таърих рақам намуда гуфто:
Таҳрири Ҳидояаш Кифоя.

Мазмуни:

Маъни аҳли наздида бу китоб,
“Чексиз ҳуснли” деб мақталган.
Ақл пиридан айладим савол.
“Бу Ҳидоя ёзилиши бобида,
Ёзғувчиси қай санани битган?”
Деди: ёзган “Ҳидоя”си “Кифоя”.

Бу дилга ёқар қўлёзма нусха ниҳоятда гўзаллиги билан бирга ҳеч бир хатосиз ва тўғри ҳам кўчирилган. Бу даража жонга монанд, ҳатто жондан ҳам яхшироқ тарздаги бу янглиғ ҳуснихатли китоб эндиликда сира битилмаса керак-ов. Бу шариф нусха ҳам меросий саналади.
Бугунги кундаги баҳоси йигирма минг танга.

Яна Ҳидоянинг иккита дафтари. Икки хил хатда битилган. Қадимий ва жуда тўғри ёзилган нусха. Бўлак-бўлак устозлар томонидан китобат қилинган. Асар сўзлари тўғри ёзилган. Ул айри-айри нусхаларнинг иккинчи дафтари таниқли котиб мулло Ҳамдам Бухорий хати билан ёзилган. Худои таоло хоҳласа, ул зотнинг шарҳи ҳоли зикри ўз ўрнида баён этилажак.
Бу қўлёзма нусха ташқи ҳуснда унчалик бўлмаса-да, лекин пухталик юзасидан дилга қувонч бағишлаш даражасида китобат қилинган.
Нархи тўрт минг танга.

Мулло Али Қорининг “Шарҳи мухтасар ил-Виқоя ” номли асари. Нур устига нурлиги шуким, асар мазкур мулло Али Қори алайҳурраҳманинг мутабаррик хати билан кўчирилган. Бу асарнинг яратилиши ва китобат қилиниши машҳур фозиллардан саналмиш мулло Али Қори томонидан муҳтарам Каъбаи муаззама ҳарами ичида юзага келган. Чунончи бу иш ул олий баёнли китоб хотимасида ул саодатманд жанобнинг мишкин рақамли қалами билан аниқ тарзда ёзилиб, бу нарса ўқувчига маълум қилиниб қўйилибди. Худога шукр, бу асар бизнинг мулкимиз бўларкан, баҳоси бобида не дердик.

Мулло Абдулалининг “Шарҳи мухтасар ил-Виқоя” асари. Машҳур котиб шайх Боязид Бастомийнинг муборак хати билан кўчириб ёзилган. Жуда гўзал алфоз ва раъно тарзда мумтоз қуръоний хати билан ипак қоғозига асл олтин суви югуртирилган ҳолда сира хатосиз битилган қўлёзма. Мазкур хаттот бу олий баёнли китобни кўчириб ёзишда ўта шавқ ва тўлиқ завқ билан иш тутган.

Камтарин каминангиз Мулло Абдулалининг “Шарҳи мухтасар”идан бир хил тарҳ ва бир хил усулдаги учта нусхани кўрганман. Ўшалардан бир нусхасигина ушбу ҳақир қулингизнинг қўлга киритган мулки саналади. Яна бу китоблардан бир нечтасини замондошлар қўлида кўрдим. Уларнинг барчаси бир хил қоғоз, бир хил қалам ва бир хил жадвалда юзага чиққан эди. Маълум бўлмоқдаки, мулло Абдулали ўта забардаст котиб бўлган ва кўплаб китоблар кўчириб ёзганга ўхшайди.
Бу қўлёзма нусханинг нархи беш минг танга.

Мурқот. Шарҳи Мишкот. Соҳиб Мурқот алайҳурраҳманинг табаррук хати билан кўчирилган қўлёзма нусха. Чунончи хотимада бу маънони очиқ равишда ёзиб қўйганлар.

Шарҳи Танвир ал-абсор. Таниқли котиб ва фозил сифатли хаттот, ҳурматга сазовор мулло Абдураҳим хати билан ёзилган. Китобат усули ва хушхатлик соҳасида тенги йўқ котиб. Бу китоб ўта дилга ёқар ва жуда чиройли бўлиб, яна Худо билади-ю, унга ўхшаши бўлмаса керак.
Нархи ўн минг танга.

Жоме ар-румуз , Шарҳи мухтасар ул-Виқоя. Машҳур котиб мулло Абдуллоҳ Балхий хати билан битилган.

Амири саид, яъни Амир Ҳайдар Баҳодирхоннинг саодат аломатли замонида ҳуснихат соҳасида бири-биридан яхшироқ икки нафар донгдор ака-ука котиблар бўлишган. Каттасининг исми мулло Абдуллоҳ экан. Кичкинасини мулло Раҳматуллоҳ – Мавлавий Жалий дейишаркан. Бу икки олий зотли оғо-инилар шаҳарлар онаси Балхдан фохира Бухорога келиб, Мавлавий Соқий Балхий алайҳурраҳманинг усулига эргашиб, бу борада бошқалардан човгон тўпини олиб қочишган. Тақлидни ҳақиқатга айлантиришган. Бу фанда замон ягонаси ва даврон дурдонасига айланганлар. Бора-бора иш санъат аҳлининг ғамхўри Саййид Амир Ҳайдарнинг ул икки нафар оғо-инига Арки Олийда ўз ёнидан жой бериш даражасига етиб, ишлаш жойи ва маош, ойлик тайинланган. Амир уларнинг еб-ичиш, кийим-кечак ва бошқа истакларини бажаришни ўз зиммасига олиб, барча дунёвий эҳтиёжлар ташвишидан қутултирган. Шу туфайли бу ака-укалар ўзи сингарилар ва яқинларига қараганда кўп устунликка эришиб, роҳат ва фароғат билан ул қутлуғ келажакли хусравнинг китобат соҳасидаги хизматига машғул бўлганлар.

Ушбу “Жоме ар-румуз” китоби ул ягона котибнинг шоҳлик буйруғига биноан Олий Аркда ўта гўзал бир суратда китобат қилиб, ул саодат аломатли хусрав иштирокидаги замоннинг бир нечта олимлари ва давроннинг зукко фозилларининг ўта диққат билан текшируви остида обдон тўғриланган ва тузатилган ҳолатда яратган китобидир. Шу туфайли унинг бошидан-охиригача биронта хато ва ноқис ўрин кўзга ташланмайди. Афтидан Мавлавий Абдуллоҳ Балхийнинг зотидаги илмия қуввати мавлоно Жалийдан кўпроқ бўлган. Чунки ул жанобнинг ёзганларини тузатиш ва ислоҳ этишга эҳтиёж камроқ сезилади. Баъзида бизга нотаниш ва ноаниқ тушунчаларни ойдинлаштирувчи ҳамда фойда берувчи таъбирлар, антиқа изоҳларни ишлатганки, бу нарса ўз ўрнида комил бир устознинг ўқувчига ёрдами ва манфаатли таълими каби туюлади. Хуллас бу олий баёнли китоб ноёб дуру гавҳардир.
Нархи йигирма минг танга.

Мутаввал. Бу китоб Саъдиддин ат-Тафтазоний томонидан мўътабар олим Саккокий Хоразмийнинг Талхиси Мифтоҳ асарига ёзилган шарҳ бўлиб, ноёб қўлёзма китобдир.
Бу олий хатли нусханинг нархи олти минг танга.

Фавоиди Боқия. Муаллиф хати билан ёзилган. Муаллифнинг исми эса Шоҳ Ҳусайн бин Султон Юсуф. Асар беназир вазир Муҳаммад Боқий Дўрмон учун таълиф қилингани сабабли “Фавоиди Боқия” деб номланган. Бу ҳиммати учун унга то қиёмат кунигача Аллоҳнинг раҳмати бўлсин.

Амир Хусрав Деҳлавийнинг Хамса асари. Бу беназир амир наътида мавлоно Абдураҳмон Жомий алайҳурраҳма ўта гўзал олқиш байти ёзганлар. Амир Хусрав Деҳлави ҳижрий сана бўйича 920 йил да вафот этган. Асар жуда гўзал даражада китобат қилинган. Қўлёзма саҳифалари ҳошиясида мавлавий Жомийнинг Хамса асари ёзилган. Асл матн ва ҳошиядаги ёзувда биронта хато нуқта кўзга ташланмайди. Қўлёзма Пир Ҳусайн бин Пир Ҳасан ул-Котиб аш-Шерозий хати билан китобат қилинган. Котибга офаринлар ва руҳига Ҳақ раҳмати бўлсин.
Нархи йигирма минг танга.

Низомий Ганжавийнинг Хамса асари. Муаллифнинг тўлиқ номи Шайх Жамолиддин Юсуф бин ал-Ганжавий. Вафоти ҳижрий 596 йил да рўй берган. Қўлёзма Мир Саййид Муҳаммад ал-Котиб томонидан Боқийхожа Жўйборий топшириғига биноан кўчирилган.
Нархи ўн беш минг танга.

Мавлавий Жомийнинг Субҳат ил-аброр асари. Жавоҳир рақамли зарринқалам котиб, яъни замон ягонаси ва даврон нодири, жаҳон котибларининг бошлиғи, ўз даври хаттотларининг қаймоғи, олам хушнависларининг пешқадами, бани Одам хушхатларининг қибласи, мумтоз хаттотлар устози, хушнавислар аълоси, чаққон қўлли хаттотлар тан берган, нозик рақамли қалам эгаси, санъаткор котиб, моҳир сўзамол, қалам иқлимининг ҳокими, хат ўлкасининг амири, ойдин китобат соҳаси асосчиси Мавлоно Мир Али Котиб Фатҳободий хати билан битилган. Ул зотнинг етуклиги васфини тил билан баён этиш ёки мақтовини бармоқлар орқали ёзиб етказиш осон иш бўлмай, бу ўринда ундан тийинишга мажбур ҳолда сўз оти жиловини тавсиф тарафдан оддий баён сари бурмоқчиман. Мавлоно Мир Али Фатҳободий нисбаси билан танилган бухоролик бу зот донг таратган ва эътибор эгаси бўлмиш хаттот мавлоно Зайниддин Маҳмуднинг шогирдидир. Ул киши эса, мишкин қаламли, Уторид рақамли, барчадан устунликда иккинчи котиб мавлоно Султон Али Машҳадийнинг ўқувчисидир. Мавлоно Султон Али Машҳадий бу бобда осмондаги қуёшдек порлаган мавлоно Азҳардан таълим олган. Мавлоно Азҳар хат соҳасида ном таратган котиб, жоду ёзувли мўътабар хаттот мавлоно Жаъфардан тарбият топган эди. Мазкур мавлоно бўлса ҳуснихат машқини сеҳр қоришиқли ва мўъжиза рақамли хаттот, қалам аҳлининг меҳрибон отаси, олам хаттотлари устозининг устози, настаълиқ қонун-қоидаси ихтирочиси, хушрақамлик майдонининг сардори, қалам иқлими Мисрининг азизи, билимлар соҳиби Хожа Мир Али Табризийнинг шогирдидир. Ул олийжаноб Амир Темур Гурагон замонасида яшаб, настаълиқ қонунлари асосчиси бўлган. Шу жиҳатдан узоқ ва яқиндагилар ҳамда турку тожиклар тилида Мир Али номи билан машҳур ва мазкур бўлган. Султон Али Машҳадий Хожа Али Табризий ҳаққида демиш:

Насху таълиқ агар хафий ва жалий аст,
Возеъуласли хожа Мир Али аст.

Мазмуни:

Насху таълиқ гар яширин ё очиқдир,
Ихтирочиси хожа Мир Али эрур.

Мана бу байтлар ҳам Султон Али Машҳадийга мансуб бўлиб, ўзининг ул хожадан башорат топгани борасидадир:

Дар жавоний ба хат буд майлам,
Ишқи хат ронд аз мужжаи милам…
Банда Султон Али ғуломи Али аст.
Шуҳрати хатти у зи номи Али аст.

Мазмуни:

Ёшликда майлим хат сари эди,
Хат ишқи киприк қорасин ҳайдади.
Банда Султон Али Алининг қулидир,
Унинг хати шуҳрати Али номидандир.

Мавлоно Мир Али Котиб Фатҳободийнинг ҳам шогирдлари кўпдир. Ҳозир ҳар бири бу соҳада ном чиқарган ва эътибор топган. Улардан энг етуги масъуд толе соҳиби Хожа Маҳмуд Сиёвушоний бўлиб, кўплаб ёзганларида исмини “Устоз” шаклида битган. Айрим хаттотлар айтишича, унинг хафий усулда ёзган хати Мир Али Котибникидан яхшироқ экан. Мир Али Фатҳободийнинг ўзи ҳам буни тан олиб ёзган:

Хожа Маҳмуд он ки якчанде,
Буд шогирди ин фақири ҳақир.
Баҳри таълими у дилам хун шуд,
То хатташ ёфт сурати таҳрир.
Дар ҳаққи у нарафта тақсире,
Лек у ҳам мекунад тақсир.
Ҳар че худ менависад аз бад, нек,
Ҳамаро мекуад ба номи фақир.

Мазмуни:

Бир неча вақт бу фақири ҳақирнинг
Шогирди бўлган ул хожа Маҳмудни
Ўқитаман деб бағрим қон бўлганди.
Хати таҳрир суратини топсин деб, унинг
Ҳаққида ҳеч қўли калталик қилмадим.
Лекин у ҳам айлар хато, камчилик,
Яхши-ю ёмондан нениким ёзса агар,
Барчасини менинг номимга урар.

Мир Али Котиб Фатҳободий ўта диққат билан ёзиладиган хушхатликда овозасини олам аро таратган ва бари хаттотлар буни тан олиши билан бирга жуда тез ёзувчи котиб ҳам эди. Бир куни дўстларидан бири ул олий жанобдан Муфрадот ёзиб беришни илтимос қилибди. Шу заҳоти қаламни қўлга олиб, жуда шошилинч равишда Алифдан то йигирма уч сархатлик алифбони бир зумда ёзиб берибди. Буни қарангки, ўшанда биринчи сархатнинг “бо” ҳарфи тагидаги нуқта сиёҳи қуримасдан туриб, Муфрадотни тамомлаган экан. Бу иш ул яхши номли зотга хос хислат бўлган.

Мир Али Котиб Бухорои шарифнинг Фатҳобод мавзесидан бўлиб, “Шайхи олам” лақаби билан танилган ҳазрат қутб ил-ақтоб шайх Сайфиддин Бохарзийнинг Аллоҳ сирларини муқаддас тутсин муридларидандир.

Бу донгдор, олий зотли котиб шайбоний Абдулазизхон бин Убайдуллоҳхон замонасида яшаб, олтмиш уч йил давомида хайрли ишлар ва яхши ном билан умр ўтказган. Ҳазрат Шайх ул-олам вафоти таърихи ул бузруквор мақбарасининг кириш эшиги устида бир рубоий орқали битилган бўлиб, ҳозир ҳам мавжуддир. Бу таърих ул котибнинг гавҳар ёғдирувчи таъби меваси бўлиб, анбар тароватли хати ҳам мазкур нодира ишли хаттот қаламига тааллуқлидир. Котиблар бошлиғи саналган. Мир Али Котиб Фатҳободий ҳижрий 951 йили оламдан ўтган ва ҳазрат бузруквор Шайхи олам мақбарасининг шарқий рўпарасида дафн этилган. Унга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин. Айрим фозиллар бу вафот санасига бағишлаб таърихлар айтишган.

Он фахри фазоил, сари арбоби ҳунарро,
Дар воқеа дидам ба атвори сутуда.
Гуфтам ки: торихи вафоти ту че гуям?
Гуфто ки: бигу Мир Али фавт намуда.
Мазмуни:
Ул фазллар фахри, ҳунар аҳли бошлиғини,
Тушда кўрдим мақтовли атвори билан бирга.
Дедим: вафотинг санасини не дейин?
Деди: дегилким, Мир Али фавт қилди.

Ул жанобнинг бошқа шогирдлари таржимаи ҳолини, Худо хоҳласа, китобнинг ўз ўрнида, битта-битта баён қиламан.

Хожа Ҳофиз Шерозий нинг “Девон”и. Мишкин рақамли, Ёқут хислатли, қалам иқлимининг подшоҳи, хушрақамлик биносининг устуни, устунлик шаҳарларининг қуёши, қалам арбоби манзумасининг шоҳбайти, хушнавислик олами хаттотлари мамлакатининг жумлатилмулки, жаҳон котиблари мумтози, замон хаттотлари устози, хат ўлкасининг ҳукмрони мавлоно Ҳусайн Кашмирий хати билан ёзилган. Ул зот машҳур хаттот Мир Имоднинг устози бўлган.

Ниҳоятда гўзал китобат қилинган китобдир. Бу қўлёзма китоб малоҳати ва назокати васфи бобида ҳар қандай фасоҳатли тил ожизлик қилади. Анбар сириштли бу нусха катта бир бахтли давлат бўлиб, ушбу рисола бу янглиғ марҳамат шукронасини адо этишга қодир эмас, қалам тилининг бу олий ато мадҳида узр сўрашдан бошқа чораси йўқ. Ҳар бир ҳарфидан яна бир ҳарф жамол кўрсатади, ҳар бир ҳарфи аксидан бир қувонч нури сочилади. Ҳар бир хати бўлак тарзда ақлу ҳушни олади. Тонг маҳали чарақлаб чиққан қуёшким, кўзни қамаштиради.

Хаттотнинг ўткир зеҳни туфайли шеър маъноларининг ҳеч бирига путур етмаган ҳолда тўғри китобат қилинган.

Охунд Шайх томонидан “Шарҳи Мулло” бўйича яратилган асар. Бу машҳур асар мазкур олий насабли, қутблар қутби, восиллар қаймоғи, Ҳақ йўли раҳбарларининг устози, чуқур илмли олимларнинг энг олими, сўфийлар султони, ақлия илмининг маъдани, раббоний лутфларга етишган, субҳоний иноятларга эришган ва “Охунд Шайх Бухорий” номи билан танилган мавлавий Иноятуллоҳ хати билан битилган. Мазкур мавлоно замон қутби, замон толиблари ва олимлари бошлиғи, соликлар ва мухлислар етакчиси, сўфийлар ва тақводорлар саййиди Мавлавий Шариф Ҳусайний Алавий нинг етук шогирдлари жумласидандир. Ул зот Субҳонқулихон аштархоний замонида шуҳрат байроғини айланувчи фалак узра етказган эдилар.

Мазкур Охунд Иноятуллоҳ шайх ўзига қарашли Деҳи Шайх мавзесидан бўладилар. Кўплаб асарлар ёзганлар. Абулфайзхон аштархонийга замондошдир.

Силсилат уз-заҳаб. Сеҳр баёнли ва ширин забонли фозил Ҳожи Баҳромнинг табаррук хати билан ёзилган. Хожа Баҳром “Шабистон” номли асар муаллифидир. Бу асар маънолари латиф иборалар билан яратилган. Жумлалари яхши алпозда бир-бирига уланган. Васфи таърифга сиғмайди. “Мавлоно Шариф Ҳусайний Алавий бу мутабаррик нусхани мазкур Ҳожи Баҳром хизматида ўрганган ва ўқиб чиққанлар. Шундан сўнг олий баёнли китобни Ҳожи мазкур мавлонога туҳфа қилган.” Бу гаплар ушбу шарифа қўлёзма нусханинг биринчи саҳифасида мавлавий Шарифнинг анбар исли рақами билан очиқ-ойдин ёзилиб ва маълум қилиниб турибди. Аллоҳи таолонинг неъматларига шукрким, у тенгсиз бир дур-гавҳардир.

Жоме ар-румуз. Олий насабли олим ва фозил қози Мулло Муҳаммад Салим хати билан битилган. Ул зот Бухоро шаҳрининг машҳур ва эътиборли фақиҳи бўлиб, Амир Ҳайдар Баҳодирхон замонида бир нечта туманларнинг қозиси сифатида фаолият кўрсатган.

Мадраса қуриш бахтига эришиб, ҳозир ул мадраса “Қози Салим мадрасаси” номи билан танилган.

Ушбу табаррук қўлёзма нусха ул саодатманднинг хат ва ёзуви бўлиб, олимлиги туфайли асар маъно ва иборатларини яхши тушунганидан аниқ ва равшан ҳолда кўчирган. Асардаги рамз маънолари денгизини гўёки кўзага жойлаган. Бунинг учун эса хаттотда илмий қудрат бўлиши керак. Унинг бу иши таҳсинга сазоворлиги жиҳатидан ул хаттот узра минг-минг раҳмат ёғилсин. Бу мутабаррик қўлёзма китоб чиндан ҳам беминнат ҳужжат ва беминнат муаллимдир. Қўлимда борлигига шукр.

Яна бир Жоме ар-румуз. Машҳур котиб, нодир хаттот, сўз санъатида таниқли фозил ва жаҳон котиблари ва даврон хаттотлари устози Муҳаммад Сиддиқ Иштихоний Кўйкий хати билан китобат қилинган. Юқорида зикр этганимиздек, саид амир, яъни амир Ҳайдар Баҳодирхон даврида икки нафар машҳур котиб ўтган – Кўйи Дарахтий нисбали Сиддиқжон Куфрий ва Сиддиқжон Иштихоний-Кўйкий.

Сиддиқжон Куфрий-Кўйи Дарахтийнинг зикри юқоридаги “Ҳидояйи” шарифнинг икки дафтари бобида айтиб ўтилди.

Сиддиқжон Иштихоний Кўйкий ҳақида гапирсак, ул котиб ҳам ниҳоят даражада хушнавис хаттот саналиб, бу соҳада кундуз куни осмоннинг қоқ ўртасида порлаб турган қуёшдек машҳурлик байроғини ҳилпиратган. Бошқа хаттотлар уни устоз ўрнида билишган. Неча марталаб китобат чоғи кўзини рўмол билан бойлаб, ёзилажак сўзларни айтиб туришган. Ул аср ва даврон нодири ўша кўзи боғлиқ ҳолда битта бетни ўта тезликда қоралаб, чиройли хатида биронта нуқтани тушириб қолдирмаган. Мистар чизиғидан қилча ҳам ташқари чиқмаган. Бу ғайри табиий қудрат фақат унг хос бўлган. Лекин афсуски, шунча фазилат ва билимга қарамасдан, савдоий ва бирор жойда тек ўтирмайдиган киши бўлгани сабабли ёзганлари бир хил ранг ва йўналишда эмас. Масалан, биронта китоб ёзилиши керак бўлса, унинг бир нечта жузв ини қайсидир кишининг ҳужрасида ўша ҳужра эгасининг қалами ва сиёҳи билан ёзган. Бошқа бир жузвини яна бир кишининг ҳовлисида ўша ҳовли эгасининг қалам ва сиёҳи воситасида китобат қилган ва ҳакозо. Лекин қайси қаламда ёзмасин ва қайси рангда битмасин, барчаси чиройли чиққан ва бариси ҳушни ўғирловчи бўлиб, фавқулодда ягонадир. Устозлар устози, замон алломаси Охунд мулло Ҳасан алайҳурраҳма вар-ризвон ул хаттотлар бошлиғини охундлик замони ва Кўкалтош мадрасасида дарс бериб юрган пайтлари мазкур мадрасанинг ҳужраларидан биттасига қамаб қўйиб, бир нечта кишини қўриқлаб туриш ишига буюрган ва фариза ишларини адо этишдан ташқари ҳеч бир иш баҳонасида ташқари чиқишига йўл қўймасликларини тайинлаб, ушбу “Жоме ар-румуз”ни ўрнидан ҳеч қўзғалмасдан битиб тугаллаш топшириғини берган. Ул бечора яқинларидан устун устознинг марҳамати ва таклифидан онги қочиб, маҳбусликда қафасдаги булбул каби бир хил қалам ва сиёҳ билан бир хил қоғозда ушбу “Жоме ар-румуз”ни ўта чиройли бир шаклда ёзиб, ҳазрат устоз дастидан қутулибди. Бу мумтоз нусха тугангач, ўзининг ҳазрат устози топшириғи билан бир нечта бошқа билимли шогирдлар ҳамроҳлигида ёзганларини диққат ва ўткир назар воситасида тўғрилаб, хатоларини тузатган ва буни қўлимиздаги қўлёзма нусха охирида ёзиб қўйган. Ёзилишича, улардан кейин эса ҳазрат Охунд Ҳасан алайҳурраҳма текширувни ниҳоясига етказганлар. Барча мавлонолар мавлоси [Охунд Ҳасан]– сирлари муқаддас бўлсин – бутун умри давомида бу ҳикояни айтиб юрар ва сўнг “мендан кейин бу каби ноёб китоб қай бир одамнинг қўлига тушаркан” дея куюнардилар. “Во ҳасрато, бу орзуни ўзим билан тупроққа олиб кетарман” дея жону дилдан бу олий баёнли китобни авайлаб-асраб юрардилар.
Бу ожиз роқим олий зотли отам ҳаётидан сўнг узлатда яшаб юрар эканман, бир куни Қори Акрам исмли киши кириб келиб, қўлимга битта китоб тутқазди. Очиб кўрсам, Сиддиқ Иштихоний қалами билан китобат қилинган “Жомеъ ур-румуз” асари қўлёзмаси.

Шунда мавлои мағфурий айтиб юрувчи ҳикоя эсимга тушиб “Аллоҳи акбар” деб юбордим ва дарҳол китоб хотимасига назар ташлаб, ҳазрат Охунд алайҳурраҳманинг муҳрини кўрдим. Эҳтиёжсиз Аллоҳи таолога шукрона келтирдим: Жумоди чанд додам, жон харидам, Бано мезад, ажаб арзон харидам (Мазмуни: Бир неча жонсиз нарсага жон сотиб олдим, Қарангки, яна ажаб арзон сотиб олдим) — дея арзимас бир неча танга бериб, эгасини рози қилдим ва ул гавҳар қутисини юрагим сандиғига жойладим.

Ҳар жиҳатдан тенгсиз ва ўхшаши йўқ бебаҳо қўлёзма. Бир хил қалам, ранг ва қоғозда ёзилган бу қўлёзманинг олам аро ягона котиби уни фозиллар султони, уламонинг ҳужжати “Амири саид” лақаби билан танилган Саййид Амир Ҳайдар Баҳодирхон – гўри нурга тўлсин – буйруғига биноан Бухоро Аркида ўтириб, бир хил тарз ва усулда ўта чиройли йўсинда таҳсин ва офаринга сазовор равишда китобат қилган. Аммо ташқи безакдан холидир. Амири саид топшириғи билан бу олий жаноб ва халифа манзиллик учун китобат қилинган барча қўлёзмалар шундай яратилган. Буни бошқа ўринда ҳам айтиб ўтган эдим: Асл нозанинлар пардоз берувчилар безакидан холидир, Маъно ҳуснига ўша рангин маъноларнинг ўзи зийнатдир.
Бу ноёб қўлёзманинг нархи ўн беш минг танга.

Ақоид. Бу ҳам ул машҳур фозил Муҳаммад Сиддиқ Иштихонийнинг хати билан битилган.
Нархи беш минг танга.

Қонунчаи тиб. Бу қўлёзма ҳам ул нодира ишли, Уторид шиорли хаттот Муҳаммад Сиддиқ Иштихоний томонидан китобат қилинган.
Нархи беш минг танга.

Дастур ил-иложи тиб. Ўта гўзал тарздаги хати ипак қоғозига битилган. Жадвали тоза тилло суви билан чизилган. Табобат фанининг билимдони бўлмиш хоқон Саййид Субҳонқулихоннинг топшириғи билан соҳиби эътибор котиб Боқий Муҳаммад бин Бобо Аҳмад Соважий томонидан китобат қилинган.
Бу қўлёзма нусханинг нархи ўн минг танга.

Шифо ил-алили тиб ҳам “Дастур ил-иложи тиб” сингари турли-туман ташқи ва ички зийнат билан безанган. Шубҳасиз равишда тенги йўқ қўлёзма нусхадир. Бу нусха ҳам ҳозиқ табиб Саййид Субҳонқулихон буюртмаси асосида китобат қилинган бўлиши керак. Чунки бошқа подшоҳлар томонидан бу янглиғ гўзаллик асбоблари ишлатилган ва ҳушни ўғирлаш даражасида безатилган китоб тайёрлатиш кам ҳолларда рўй берган. Тағин Аллоҳ билади. Китобат бобида тан олинган ва ҳуснихат соҳасида шуҳрат топган Муҳаммад ал-Обивардийнинг хати билан битилган.
Унинг нархи ҳам ўн минг танга.

Тибби Юсуфий. Қўлёзма асар ҳам жуда дилга ёқар ва тенги йўқ тарзда китобат қилинган.
Нархи беш минг танга.

Тибб ун-наби ва Барр ус-соата ҳамда бир нечта Тиб рисолалари. Хати бағоят даражада чиройли ва жонга озуқ берувчи.
Баҳоси беш минг танга.

Мажмуаи расоили ҳукамо. Гўзал битилган китоб ва тенгсиз ёзилган қўлёзма нусха. Эски донишмандлардан бири ҳакимларнинг рисолаларини бир ерга йиғиб, тўплам тартиб берган бўлиб, бу асарлар жон ва руҳнинг ўзгинасидир. Котиби чуқур билимли олим эканидан бу барча рисолалар маъносини етук суратда тушуниб, таҳрир қайдига киритган. Хати жуда покиза. Бошидан-охиригача бирор чалкаш сўз ёзилишига йўл қўйилмаган. Котибнинг зотий билимига офарин, ўткир зеҳнига таҳсин.
Китобнинг нархи ўн минг танга.

Салоти Масъудий. Таниқли фозил, шариат шиор, тўла шуҳрат эгаси Қози Мирзо Ҳидоятуллоҳнинг муборак хати билан китобат қилинган. Мирзо Ҳидоятуллоҳ каминанинг она томондан бобосининг инисидир. Аларнинг исми эса қози Мирзо Кароматуллоҳ мавлавий бўлади – Аллоҳ сирларини муқаддас тутсин.

Мазкур Мирзо Ҳидоятуллоҳ шуҳрат топган қозилар жумласидан ва хаттотларнинг энг мумтози зумрасидан бўлиб, шу сабабли Амир Ҳайдар Баҳодирхон гоҳида осмон ҳашаматли саройнинг иншонавислик вазифаси ва баъзида қозилик ҳукмини чиқарувчилик мансабига тайинлаб турганлар.
Қўлёзманинг нархи ўн беш минг танга.

Нигористон. Муаллифи мавлоно Мўъйин Жувайний. Бу ҳам она томондан бувам Мирзо Кароматуллоҳ мавлавийнинг укаси Мирзо Ҳидоятуллоҳ қозии марҳумнинг табаррук хати билан китобат қилинган. Бағоят чиройли ва тенгсиз даражада гўзал битилган қўлёзма.
Нархи ўн икки минг танга.

Ахлоқи Муҳсиний. Бу ҳам Мирзо Ҳидоятуллоҳ махдум қозии марҳумнинг табаррук хати билан ёзилган.
Баҳоси тўрт минг танга.

Яна бир Ахлоқи Муҳсиний асари нусхаси. Жуда чиройли қўлёзма. Эски котиблардан биттаси томонидан ипак қоғозига рақам қилинган, жадвали асл тиллодан чизилган ноёб ва олий қўлёзма китоб.
Баҳоси етти минг танга.

Туроб Али. Шарҳи қози. Хатирчилик мударрис Умар махдумнинг муборак хати билан китобат қилинган. Юқорида ул котиб ҳоли баёнини зикр қилиб ўтгандик. Каминанинг буюртмаси билан китобат қилганди. Бу ҳам Туроб Алининг таърифга ва тавсифга эҳтиёжсиз ёзганларидан саналади.
Баҳоси ўн минг танга.

Шарҳи Фароиз. Мир саййид Шариф асари. Замон алломаси, даврон Афлотуни, олимларнинг Абу Али Синоси, муҳаққиқлар султони ҳазрат мавлоно Мир саййид Шариф қозининг ўз хати билан ёзилган. Бу зот васфида айтиш мумкинки “Агар Фахр Розий замонасида бўлганида, ундан фахр этиб, илмидан рози бўларди. Саъдиддин Тафтазоний ва Шариф Журжоний кабилар хизматига жондан чокарлик этарди. Абу Али Сино унинг тибдаги йўриғидан баҳраманд бўларди.”

Бу олий баёнли китоб ул қози жаноблари томонидан тасниф этилиш ва ёзилиш шарафини топган. Ва бу шариф қўлёзма бошдан-охиригача ул саодатдан холи эмас. У шаксиз Аллоҳи таолодан етган бир туҳфадир. Меросий мулк бўлган ва тасарруфимда турган бу бебаҳо дур, тенгсиз гавҳар учун Худога чексиз шукрлар.

Кимёйи саодат. Беназир бир китоб, ўхшаши йўқ қўлёзма нусха, қимматли туҳфа ва дилга ёқар ҳадя. Жуда чиройли хат билан кўчирилган.

Яна бир Кимёйи саодат. Бу ҳам шу усулда китобат қилинган ва гўзалликда бир-биридан қолишмайди.

Аммо биринчисининг ташқи чиройи иккинчисидан кўпроқ. Иккинчисининг эса ички безаги биринчисидан зиёдароқ.
Биринчиси таниқли котиб…томонидан китобат қилинган.
Нархи йигирма минг танга.

Иккинчиси Муҳаммад Саййидхожа бин Шоҳсаййидхожа Насафий томонидан Амир Насруллоҳ Баҳодирхон буйруғига биноан кўчириб ёзилган. Бунинг ҳам нархи ўша баҳода. Яъни йигирма минг танга.
Рисолаи истиора. Мулло Асомиддин. Мавлавий Содиқ. Ҳар учта китоб ҳам бир жилд ичига олинган.

“Рисолаи истиора”си котиблар устози, олийжаноб хаттот Қози Абдужаббор Ургутий хати билан ёзилган. Ул жанобнинг таржимаи ҳолини ушбу китобимизда берганмиз.

“Мулло Асомиддин” ва “Мавлавий Содиқ” асарларини соҳиби иқтидор Мулло Аваз Боқий Ургутий кўчириб ёзган. Бу хаттот мазкур Қози Абдужабборнинг шогирди ва қариндошларидан бўлади. Хат таълими ва илмлар таҳсилини ўша жанобдан олган ва хатни ўз устозига эргашиб ёзган. Лекин хати хом ва етуклиги бутун эмас.
Нархи олти минг танга.

Мавлавий Жомий асари саналмиш учта Девон. Жуда чиройли ёзилган ва эъзоз қилишга арзирли қадимий қўлёзма нусхалар.
Учтасининг нархи беш минг танга.

Бобо Соиб [Табризий] . Девон. Тенгсиз қўлёзма ва назокат билан кўчирилган беназир девон. Бошдан-оёқ безак билан ясанган. Хушхатлиги ортиғини тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада гўзал. Лафзий ва маънавий чиройи ўта юксак мартабада. Шаксиз дурлар қутиси, анбар исли хати тароватда тенгсиз. Жон гавҳари десак арзийди, руҳ қуввати десак лойиқдир.
Нархи йигирма минг танга.

Саъдий Куллиёти. Жуда қадимий ва мукаррам қўлёзма нусха. Файзининг нурлари қуёш каби таралган.
Каминанинг қўлида Шероз Ҳофизининг – гўри нурга тўлсин – муборак хати билан ёзилган [Амир Хусравнинг] “Хамса” китоби бор бўлиб, унинг тавсифи ушбу тазкирамда қуйироқда зикр этилажак.

Айтиш керакки, бу файз унвонли “Девон” хатининг ўхшашлиги ул мутабаррик “Хамса”га жуда кўп. Шу сабабли бу “Девон” ҳам ул фазилатли ва валийлик белгили жаноб, яъни Ҳофиз Шерозийнинг хати бўлсамикин? Ёки ҳазрат шайх Саъдий ёзуви билан китобат қилинганмикин?

Ул дин шарафи саналмиш бахтли шаҳид Муслиҳиддин Саъдий Шерозий ҳижрий 736 йилнинг ражаб ойида вафот этган.

Саъдийнинг яна бир Куллиёт Девони. Сўз гавҳарлари билан лиқ тўла бу “Девон” ички ва ташқи зийнатли тарздаги бир қўлёзма нусхадир. Бу дилга ёқар мажмуада тўпланган шеърлар гўзал ҳуснихатда, асл олтин сувли жадваллар ичига олинган ва атрофларига тилло кукунлари сепилган суратда аъло ипак қоғозига битилган. Сарлавҳалари ҳам ўта гўзал ёзилган. Бундай безакли асар яратишга Моний ва Беҳзоддан ўзга киши қодир эмас. Хати Мир Али ва Мир Имоднинг ёзганларидан бўлак бирон хаттот ёза олмаслик даражасида. Бироқ айтиш лозимки, хати юқорида айтганимиз “Бобо Соиб Девон”и қўлёзмасидан қолишади. Лекин бошқа зийнатлари ундан ортиғини тасаввур қилиш мумкин бўлмайдиган даражададир. Котибининг исми каминанинг эсида аниқ қолмаган. Бу каби ҳолнинг сабабини айтадиган бўлсам, ушбу тазкирада номлари кўрсатилётган қўлёзма китобларимнинг бариси Бухородадир. Ушбу “Тазкират ул-хаттотин”нинг қораламаси Қарши шаҳрида қозилигим пайти ёзилган. Мана ўттиз йилдан буён узлуксиз равишда қаноти қайрилган камина тайинланган буйруқ бўйича мазкур шаҳарда қозилик мансаби пойига боғланганмен.

Эслатиш лозимки, шу давр мобайнида бир неча бор қозилик мансабидан туширилиб ва яна ўша ер қозилигига кўтарилиб турдим. Ана шу кезлари мазкур сабабдан икки-уч мартаба Бухорога келиш ва асл ватанимни кўриш шарафига эришсам-да, китобларимни кўздан кечириш имконини топмадим. Яъни ўша озгина фурсат ичида ҳам бу мансаб панжасидан қутула олмай ва озор берувчи бу уқубатли бўйинтириқ қулфларини оча олмай қийналиб, бу нотавон банданинг жони ва руҳу равони саналган ул китобларимдан айролиқ аламида эзилгандим. Ўша пайтлари китобларимдан кўп қисмини мутолаа қилиш баҳридан ҳам маҳрум қолгандим. Қўлёзма китобларимнинг бариси бегона ва узоқ шаҳар ва қишлоқларда, сафарларим чоғи бутунлай хавф-хатар остида бўлиб турди. Мовий фалакнинг бу янглиғ жавру жафоси сабабли китобларим учун қанчалик куюнсам-да, улар номи ва котиблари исмини бирон дафтарга қайд эта олмадим. Энди билиб турибманки, ҳайҳот “мен нима хаёлда бўлганману, фалак не хаёлда”. Ҳозир кўпгина китобларимнинг номи эсимга келмаяпти. Котиблари исми ҳам ғира-шира ёдимга тушади. Шунинг учун жуда аниқ эсимда қолганлари исминигина ёзмоқдаман. Иккиланиб турган котиблар номини эса очиқ қолдираман. Худои таоло ушбу сатрлар қораловчисига бирор осудаликни насиб қилса, китобларимни ўқиш шарафига муяссар этса, ўша очиқ қолган ўринларни тўлдириб ва котиблар исмларини ёзиб қўяжакмен.
Бу ноёб китобнинг нархи ўттиз минг танга.

Саъдийнинг яна бир тўплами. У ҳам яхши қўлёзма нусха ва дилтортар тўплам. Бу қадимий қўлёзма бизга таъзими лозим уламо ва фузалонинг қўлларида турган табаррук мажмуадир.
Нархи беш минг танга.

Нозим маснавийси. Чаққон қўлли, сеҳр рақамли Қаробек хаттотнинг хати билан ёзилган. Бу хаттот шикаста хат турида ёзувчи котибларнинг эътиборли устози бўлган. Шикаста услуби пайдо бўлганидан бери бу йўналишда ҳеч бир киши Қорабек каби моҳир бўлмаган десак янглишмаймиз. Мазкур соҳада пешқадам бўлиб, эл аро донг таратган. Шикаста хат саройидаги устундир.
Нархи беш минг танга.

Ҳотифийнинг “Темурнома” асари. Тенги йўқ китоб, ўхшаши йўқ қўлёзма нусха. Жуда хушхат ёзилган. Ички ва ташқи безакларга ўта бойлиги билан юқорида айтганимиз Бобо Соиб Табризий девони қўлёзмасига ўхшайди. Эслатганимиз Саъдий Шерозий тўпламига тенгдир. Котиби мавлоно Ғиёсиддин Жомий бўлиб, у эл аро ном таратган хаттотдир.
Нархи ўн беш танга.

Маслак ул-мутаққин. Эътиборли котиб ва Ёқут хислатли хаттот Мирзо Исматулоҳ мунший хати билан китобат қилинган. Ул беназир дабирнинг ёзган қитъалари ёш ва кексанинг қўлида ҳуснихатлигига далилдир.

Бу асар қўлёзмасини Саид Амир – гўри нурга тўлсин – буйруғига кўра китобат қилган. Энди шунинг ўзидан ортиқ тавсиф ва таърифига эҳтиёж йўқ.
Нархи ўн беш минг танга.

Мулло Муҳаммад бий Афғоннинг Қасоиди Афғон асари қўлёзмаси. Афғон тахаллусли бу шоир Амири Саид замонида Нурота тумани ҳокими бўлган. Жуда яхши бир қўлёзма.
Нархи уч минг танга.

Ҳидояйи шариф. Иккита дафтар. Таниқли котиб, олий насабли зот, замонасининг эътибор топган хаттоти, тақводор олим, ёмондан тийинувчи парҳезкор, яхши ахлоқли, аъло сифатлар тўплами қози мулло Абдулваҳҳоб махдум хати билан китобат қилинган. Ул зот бир умр нокомлик бурчагида ўта зуҳду тақво билан яшади. Шаръий илмларни ўқитишда танҳо ва сидқу сафода ягона равишда хотиржамлик билан умр кечирди. Дунёвий бойлик ва айшу ҳузур каби касофатлар билан булғанмади, кеча-ю кундуз вақтини яратганга тоат-ибодат ва диний илмларни ўқитиш, шаръий китобларни кўчириб ёзиш билан ўтказди. Хат соҳасида уста бўлиб, ёзганлари ақл-ҳушни ўғирларди. Қуръоний хатида қўли барча котибларникидан устун эди. Хатти шикаста услубида ҳам моҳир ва танҳо бўлиб, Мирзо Бедил ва Нозим асарларини кўчириб ёзарди. Махдумга “Лаби Ҳовуз” аҳолиси мурид бўлиб, умуман, Бухорда барча кишилар ул зотга эътиқод қўлини берган эдилар. Ҳеч бир инсон у эга бўлган камолга етишмаган эди. Шу сабабли аср хоқони Саййид Амир Абдулаҳад Баҳодирхон хусравона ёд этиш орқали бошини осмон қадар кўтариб, Китоб шаҳри қозилигига тайинлади. Дунёнинг барча неъматларидан тийинган ул парҳезкор ноилож ул шаҳарнинг қозилиги мансабини ўз зиммасига олиб, озгина фурсат адолат билан қозилик қилди.
Ёзганлари уч хил йўналишда ҳам кўпдир. Барчаси таҳсинга лойиқ ва шуҳратга сазовор бўлиб, тахминан уч юз адад қўлёзма нусхани ўзидан ёдгор қолдирди. Аллоҳ раҳмат қилсин.
Нархи минг танга.

Маснавии Нозим ҳам мазкур қози китобат қилган қўлёзма нусхалардан саналади.

Муаззам авлиёлар, киром уламолар, муҳтарам амирларнинг мутабаррик ёзишмалари. Улар жумласидан бири олий насабли, қутблар қутби, хосу авом мурожаат этадиган муҳтарам зот ва Жом аҳлининг пешвоси, улуғлар ифтихори, асл лақаби Имодиддин, кунияси Нуриддин, таниқли исми Абдураҳмон бўлмиш Жомий – Аллоҳ сирларини азиз тутсин – ҳазратларининг мактублари саналади. Ул мажид улуғворнинг оталари Аҳмад бин Муҳаммад Даштий. Дашт Исафаҳон туманларидан бирининг номи. Оналари Имом Муҳаммад Шайбоний авлодидан саналади. Отаси Исфаҳондан Жом вилоятининг Харжерд қишлоғига кўчиб келиб, ўша ерда ватан тутганича, оилалик ва бола-чақалик бўлган. Абдураҳмон Жомий ҳазратлари мазкур қишлоқда дунёга келган. Олий зотли отаси томонидан қутблар қутби, ҳазрат ваҳобнинг танлагани, ишқ жоми бодасининг масти, ҳазрат Зинда фил Аҳмад Жомий жанобларига уланади.

Айрим муаллифлар Жомий ҳазратларини Султон Абу Саид Мирзо Гурагоний замонида яшаган деса, бошқа муаллифлар Султон Ҳусайн Мирзо Гурагоннинг бахтли замонида айём ва замон саҳифасига зийнат бағишлаган дейдилар. Саксон бир йил умр кечирдилар. Ёзган китоблари қирқ тўртта асарни ташкил этади. Бу сон абжад ҳисобида “Кос” сўзи ҳарфларига тенг “Жом” сўзи ҳарфларига тўғри келади. Руҳининг булбули ҳижрий 898 йилнинг 18 муҳаррам ойида тан қафасидан учиб чиқиб, Сидрат ил-мунтаҳода мақом тутди.

Шунингдек, маърифат билгувчиси, илоҳий сирлар эгаси, Аллоҳ йўли маслаки солики, валийлик фалакининг қутби, ҳидоят осмонининг қуёши, ҳазрат илоҳ саройи мақбули, асрор ва роз оламининг юксак учувчи лочини, ҳидоят паноҳ, ҳақиқатлардан огоҳ, яхши кишилар саййиди ҳазрат Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор – сирлари муқаддас – қаламига мансуб ёзишмалар. Ул зот ҳазрат мавлоно Ёқуб Чархийдан таълим олганлар. Мазкур мавлоно эса эътиқод қўли билан соҳиби моқомот, олий ҳиммат Хожа Баҳоуддин Нақшбандийнинг этагини тутганлар.

Ул яхшилар қаймоғи, яъни хожа Аҳрорнинг подшоҳлар илтифотига кўпам эътибори бўлмай, “Дунё охират даласидир” мазмуни бўйича ойдин кўнглининг майли кўпроқ деҳқончилик сари экан ва қўлга киритган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини фуқаро ва мискин кишиларга улашиб бераркан.

Ҳазрат Хожа Аҳрор улуғлик ёшига етиб, ҳижрий 895 йил да Самарқанднинг Камонгарон қишлоғида бу ташвишли дунёдан кўчиб, роҳат-фароғат уйи сари кетганлар. Соҳиби тадбир амири кабир Амир Алишер Навоий ул соҳиби кароматнинг вафоти таърихини жуда яхши айтиб, бу санани абжад ҳисобида “Хулди барин” сўзларидан топганлар.

Яна ҳазрат Шоҳ Қосим Анворнинг ёзишмалари. Ул зотнинг исми Мўъиниддин Али бўлиб, Табризнинг Сурхоб қишлоғидан чиққанлар. Уч ёшида пайти яратгувчи эгамнинг олий инояти насими аҳволи манглайи сари эсиб, Худои таоло файзлари боғининг ул янги очилган ғунчасини камол даражасига етказган. Аллоҳдан инган бу ички илм туфайли қол аҳли пешвоси ва ҳол арбоби муқтадоси бўлганлар.

Яна ҳазрат Мир Абдулаввал бин Саййид Муртазонинг ёзишмалари. Ул зот Хожа Аҳрорнинг замондоши ва куёви бўлганлар.

Яна мамлакат олишлик йўлининг йўлбошчиси, подшоҳлик маслаклари солики, салтанат тахтига безак берувчи, халифалик тахтининг ўриндиғини зийнатловчи, эгаллаш илмининг амири, зебу зийнатлик Султон Ҳусайн Мирзо ибн Мансур Мирзо ибн амирзода Бойқаро ибн Умаршайх Мирзо ибн Амир Темур Гўрагоннинг мактублари. Ул султон Абулқосим Бобур Мирзо ибн Бойсунқур Мирзонинг вафотидан сўнг ҳижрий 861 (саккиз юз олтмиш биринчи) йили Хуросон шаҳарларининг онаси саналган Марви Шоҳижаҳон шаҳрида шоҳлик тахтига ўтирди ва у ердан доруссалтана Ҳиротга бориб қарор топди. Шариф вақтини уламо ва фузалонинг кимиё асарли суҳбатида ўтказди. Бу тоифага имкон доирасида, ҳатто ундан ҳам зиёда тарзда меҳрибонлик ва ғамхўрлик кўрсатди. Азим олимлар ва мукаррам фозиллар суҳбати файзидан баҳраманд бўлиб, бу бобда шуҳрат топди ва ном чиқариб, халқ наздида мақбул бўлди. Ўзи ҳам шеърлар битиб, китоблар тасниф қилди. Асарлари жумласдан бири “Мажолис ул-ушшоқ” китобидир. Ҳеч шуҳбасиз бу асар асҳоб ўтириши шамъи ва дўстлар йиғини чироғидир. Ул аъло ҳазратнинг умри 69 йил бўлди. Ўттиз саккиз йил салтанат юргизди. Йигирма йил давомида фалаж касали исканжасида қийналиб, ҳаракат қилишга куч-мадори бўлмай юрди. Бодғис вилоятига қарашли Бобо Илоҳий мавзесида ҳижрий 911 йили қазо фарроши давлати саройини охират дорулмулки томон элтди.

Яна халқ садри ва вазири, Низом ул-мулк вал-миллата вад-дин, мулк ва давлат ҳамда сулонлар ишончи, садрлик мансаби ўриндиғини безовчи, вазирлик мартбасини зийнатловчи амири кабир ва Али сийратлик Мир Алишернинг мактублари.

Ул қилич ва қалам соҳибининг асл ватани … 876 йили садрлик мансаби ва вазирлик маснадига ўтирди. Ул сўз иқлимининг хусрави вазирлик вазифасини жуда маҳорат билан уддалаб, халқ табақаларининг илм олиши, фозилларнинг бемалол ишлаши борасида кўп саъй-ҳаракатлар қилди. Замондошлари бир овоздан таҳсин айтдилар.

Амир кабирнинг “Хамса” асари турку тожик ва узоқ-яқин халқларга маъқул ва юртлар аро машҳур бўлди.

Ул зот ижодига мансуб “Мажолис ун-нафоис” фазл куёвларининг безаги ва камол келинчаклари ҳулласидир. Ҳижрий 906 йили қазо тафтишчиси ҳаёт дафтаридан аларнинг машҳур номини ўчириб, ўлим кундалиги узра ёзиб қўйди. Салтанатлар уйи Ҳиротдаги ўзи қурдирган масжид ёнида дафн этилган. Аларга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин.

Алқисса кўп файзлар хазинаси бўлган ва ғайбия нурлар мажмуаси саналган мазкур тўплам ул номи тилга олинганларнинг шарифа ёзишмалари ва муборак хатлари ва табаррук мактублари йиғмаси бўлиб, ҳар бири муаллифлар томонидан ўз замонасидаги қайсидир бир шахсга юборилган. Ул табаррук хатларни эса ул бахт якунли айёмда илмпарвар Амир (Алишер) топшириғига биноан худди ўша ёзганлари ҳолича бир тўплам саҳифаларига кўчирганлар. Аллоҳга неъматлари учун шарафлар бўлсин. Уларнинг ҳар бири жон жавҳари ва руҳу равонга озиқдир.

Муҳий ил-татамма ва Мулло Аҳмаднинг Ақоидга шарҳи. Ҳар иккала асар ҳам уламонинг устози, фузалонинг мумтози сўфийлар саййиди, тасаввуф олимлари ҳужжати, диний қонунларнинг барчасидан хабардор, ақлий ва нақлий илмларни эгаллаган ҳазрат Мавло отамнинг – Аллоҳнинг раҳмати бўлсин – қаламига мансубдир. Аммо уларнинг тартибга солиниш ва бир ерга йиғилиши Мавло вафотидан сўнг ушбу сатрлар муаллифи томонидан амалга ошди. Чунки ул жанобнинг олий баёнли мазкур асарлари китобларнинг ҳошиясига ёзилган ва бошқа нусхаларига қараганда анча тафовут ва хатоларга эга эди. Ҳатто Мавлонинг бу асарлари бошқа муаллифларга, аксинча ўзгаларнинг асарлари Мавлога нисбат берилганди. Қисқа вақт ичида айнан Мавло ёзганларини улардан ажратиб олиб, бир ерга йиғдим ва тартиб бердим. Бошига хутба ва хотима сўзларини ҳам ёздим. Токим тил захмидан дахлсиз ва даврон парокандалигидан бутун, ўзлаштирувчилар хуружидан омон қолгай. Ўша ҳошиядаги мазкур ёзувларим бўлса, демак бу асарлар отамники, бўлмаса ўзгаларникидир.

Мулло Абдулғафур. Ҳошия шарҳи. Борлиги ғанимат ва нодир қўлёзма. Нархи уч минг танга.

Мулло Асомиддиннинг Ҳошияга шарҳи. Олий ва камёб қўлёзма китоб Нархи уч минг танга.

Меърож ул-фаҳум шарҳи Суллам ал-улум. Машҳур котиб ва таниқли хаттот мулло Қиличниёз Лабиобий хати билан китобат қилинган. Ул забардаст, нодира ишли котиб Амир Насруллоҳ Баҳодирхоннинг файзли замонида яшаган хаттот саналади. Хушхатликда донг таратган. Кўчириб ёзган китоблари юзтадан ошади.
Бу қўлёзмасининг нархи беш минг танга.

Қасидаи бурда. Соликлар ва орифлар бошлиғи, Аллоҳ таолонинг каломи ҳофизи қори Абдураҳим ал-Қурро ут-Торобий раҳматуллоҳи алайҳнинг муборак хати билан кўчирилган. Ул зот халифа Саййид Жалолиддин жанобларининг азим ўринбосари ва иззатли асҳобидандир. Йиллар давомида ул халифа жаноблари хизматида умр кечириб, кўп футуҳотлар соҳиби бўлган. Мазкур қори фохира Бухорода қуръон таълими ва ҳадис ҳамда шотабий қироати дарсига машғул бўлган азизлардан биридир. Ҳамиша бу тоифа улуғлари сингари ўзини ошнову бегонадан бекитиқча тутарди. Ҳазрат охунд домла Ҳасан ва Бухоро аълами эшон Султонхожанинг – уларга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин – шогирдларидан эдилар. Ул жанобнинг тасниф қилган асарларидан бири “Ҳужжат ил-воқеъин” китобидир. Яна бирлари “Туҳфаи хоний”, “Шарҳи фиқҳи Кайдоний”, “Шарҳи қасидаи Бонти Саод” бўлиб, тағин ўзгалари китобат қилган “Далоили хайрот”, “Адъия”, “Салот”дир ва Каломи шарифдан саксон тўрт нусха кўчириб ёзганлар. Тақводор бўлиш билан бирга ғайри оддий ҳодисалардан хабардор эдилар.

Саййид Музаффар Баҳодирхоннинг ўғли саййид Носирхон ўзининг “Туҳфат ил-зойирин” номли китобида шундай ёзган: Анча йиллар ул жанобнинг ҳузурида турдим ва ул зотдан содир бўлган ҳайратга солувчи одатдан ташқари ҳодисани кўрдим. Аниқроғи ул зот башоратидан сўнг ўша кечаси сарвари анбиёнинг чеҳраларини мушоҳада этиш давлатига муяссар бўлдим. Қарангки, тонг отгунча бир эмас, икки марта бундай шарафга мушарраф бўлдим ва тонгда пирим хизматига етишгач, мусофаҳа қилиб, табрикладилар.”

Қори Абдураҳим етмиш ёшида ҳижрий 1322 йили Ҳақ раҳматига етишдилар. Талли Беҳиштиёнда халифа Ҳусайн қабтолида мангу ором топганлар.

Мазкур муршид саййид Жалолиддин махдум Саййид Амир Али Ҳамадонийнинг – сирлари муқаддас бўлсин – авлодидан саналади. Ромитан туманидаги Қасри Камол қишлоғида таваллуд топиб, азиз отаси қошида камол касб этганлар ва халифа Ошур Муҳаммад хизматида уни мукаммаллик даражасига етказганлар. Амир Насруллоҳ Баҳодирхон чақириғига биноан Бухоро шаҳрига келиб, ҳидоят паноҳли ҳазрат шайх Ҳабибуллоҳ хонақоҳида истиқомат қилганлар. Ул хонақоҳ ёнидан Хиёбон кўчаси ўтади. Эшоннинг шариф насаби саййид Жалолиддин ибн саййид Мир Олим ибн саййид Амир Закариё бин Амир Неъматуллоҳ ибн саййид Амир Раҳматуллоҳ ибн саййид Амир Баҳодир ибн саййид Амир Аъсо ибн саййид Амир ал-Борий ибн саййид Амир Шодий ибн саййид Амир Ҳожи ибн саййид Амир Юсуф ибн саййид Амир Барака ибн саййид Амир Аҳмад ибн саййид Амир Али Ҳамадоний тарзидадир.

Жалолиддин махдум Бухорога келиб киргач, амир Насруллоҳ Баҳодирхоннинг ихлос ва эътиқоди кундан-кунга ул эшонга нисбатан орта борган. Ўша кезлари амир Насруллоҳ Баҳодир Шаҳрисабз вилоятини забт этишга қарор қилган давр бўлиб, чунки, шу пайтгача унинг жасур лашкар ва чексиз аскари анча тайёргарлик кўриб, бир неча йил давомида ул вилоятга қўшин тортиб келаётган эса-да, ҳалигача Шаҳрисабз фатҳи муяссар бўлмай турганди. Бу гал қуббатилхазро дилкаш Кеш шаҳрини эгаллаш учун юриш қилиш олдидан кечаси саййид Жалолиддин махдумнинг хонақоҳига бориб, ул жанобнинг қўлини ўпиш шарафига мушарраф бўларкан, шундан сўнг муддаосини изҳор этади ва шу борада маънавий кўмак ва ёрдам сўрайди. Бу гапни эшитган махдум марҳамат қилиб, Сиз учун Аллоҳдан Шаҳрисабзни тиладик, қабул ва етишув даражасини топди, аммо шарти шуким, ёмонлик рўй бермагай, дейди. Амир Баҳодирхон бу башоратдан сўнг не чандон гул-гул очилиб, дарҳол Шаҳрисабз сари жўнайди ва салгина ҳамладаёқ Шаҳрисабзни қўлга киритади. Эшондан “Амир Баҳодир” лақабини олади.

Ул жанобнинг вафоти ҳижрий 1286 йили рўй берган. Имом Ҳафзи Кабир нинг – Аллоҳ ундан рози бўлсин – хонақоҳи томонидаги ҳовуз рўпарасида ором топган.

Аларнинг ўғли халифа Алоиддиндир. Олий зотли отасининг ўринбосари, илми ҳол ва қол илмлари мажмуаси. Аларнинг араб тилида ёзган “Ҳужжат ил-соликин” номли китоби бор. Отасидан кейин халқ иршоди ва ҳидояти ўриндиғига ўтирди. Ҳижрий 1298 йили Ҳақ қабтолига етишиб, отаси ёнига қўшилди. Ўша айёмда халифа Жалолиддин эшоннинг иккинчи ўғли бўлмиш “Эшон қози” лақаби билан танилган саййид Султонхожа Хузор шаҳрининг қози-юл қуззоти эди. Укасининг вафоти борасидаги шум ҳодиса хабарини эшитган заҳоти замон султонининг рухсатисиз ва ижозатисиз қозилик либосидан воз кечиб, Бухоро шаҳрига кириб келди ва иршод ва ҳидоят ўриндиғини безовчи бўлди. Аммо маош ва хонақоҳи йўқ эди. Муборак ой етишгач , Меҳтар Ориф масжидида эътикоф ўтириш учун даврон султонидан рухсат сўради. Аммо қилган ҳалиги иши сабабли бу икки султон орасида кудурат рўй берган бўлиб, саййид Амир Музаффар Баҳодирхон дастлаб ижозат бермай “аввал ўзининг кароматини намоён этсин ва шундан сўнггина ул масжидда тоат-ибодатга машғул бўлсин” дея талаб қила бошлади. Аммо амир ўша гапидан сўнг рўза сабабли кундузи уйқуга кетади-ю ўша заҳотиёқ бирдан ўрнидан сакраб туради ва ҳалиги дағдағасидан қайтиб, эътикофга рухсат беради. Бундан ҳам ажаброғи шу бўладики, бу хабар ул муршидга етиб келмасдан олдин муридларига “пардаларни тўғриланг” деб буюрган эдилар. Муридлар эса икки султон орасида қўрқиб ва ҳайрон ҳолатда қолиб турган эдилар. Ўша орада султоннинг зоҳирий ижозати ҳам етиб, шундан сўнг ул офтоб ҳолига дахл қилинмай, Султонхожа авому хос ва барча тоифа халқнинг муршидига айландилар.

Илми ҳол ва қол илмининг тўплами эдилар. Турли хил фанларда ўта маҳоратли бўлганлар. Бир гал замон Шариҳи, даврон Жунайди, асримиз алломаси, замонамиз Анварийси, Сарир Балхий тахаллуси билан танилган, яъни Ғиждувон қозиси Қози мулло Абдулвоҳид садрдан “Мироти хаёл” (Хаёл ойнаси) китобини сўраганлар. Шунда қайсидир бир сабаб билан ҳаяллаш рўй бериб, “Мироти хаёл” китоби етиб келавермагач, иккинчи марта хат ёзиб, унда ушбу байтни изҳор этганлар:

Якдаме ғофил зи “Мироти хаёл”ат нишастам,
Лек тарсам дам занам гирди ғубори ойнаро.

Мазмуни:

Бирор дам “Хаёл ойна”нгдан ғофил ўтирдим, лек қўрқаман
Нафасим билан ойнанг чети чангини арта олмасмен деб.

Эшон Султонхожа муршиднинг вафоти ҳижрий 1319 йили рўй берди. Олий зотли отаси ва катта акаси қабтолида дафн этилган. Аллоҳнинг раҳмати бўлсин.

Халифа Жалолиддин махдумнинг учинчи фарзанди саййид Қамариддин бўладилар. Касира футуҳотлар ва риёзат соҳибидир. Йиллар давомида халқни тўғри йўлга ҳидоят этиш ишига машғул бўлганлар. Ўша ҳижрий 1319 йилда ул зот ҳам марҳум бўлиб, отаси ва ака-укалари ёнига дафн қилинди. Қози қори Сабоҳиддинхоннинг отаси эди. Беназир фозил Мирзо Аъзим Мунший Бўстоний Сомий бу вафот юзасидан бир таърих айтган.

Такмилат ул-ҳавоши. Уламо устози, фузало мумтози, қозилар қозиси мавлоно Шариф Хожа Бухорий алайҳурраҳма ёзган асарлардан бири. Ул жанобнинг фазилат ва камолоти ҳаддан зиёд. Ўн саккиз ёшида ҳол такмили ва дарс китоблари таҳсилини мукаммал қилиб, улуғ отаси хизматида етуклик даражасига эришгач, эътикоф ўтириш ниятида ҳазрат “Хожаи жаҳон” равзасига борган ва “Эшон пир” номи билан танилган Халифа Муҳаммад Амин Даҳбедийнинг нурли назарига манзур бўлган. Ўша равзада камолотнинг аъло даражасига эришиб, сўнг ул ҳазратнинг саодатли қабтолида Даҳбед қишлоғига борган ва тарбиятлар топгач, аларнинг ижозати билан Бухорога келган.

Амир Насруллоҳ Баҳодирхон олий зотли отаси давлати айёмида ул жаноб, яъни Шариф Хожа Бухорийнинг диния дарслари марказига бориб, наҳв, ақоиддан таълим олган. Бухоро салтанати тахтига чиққандан кейин эса, фохира Бухоронинг қози-юл қуззотлик мансабини мавлавийлик ва охундлик ва Қулбобо Кўкалтош мадрасаси дарсларини олиб боришлиги устига қўшиб бериб, ўзи қатори олимлар орасида сарафроз этган. Ул зот вафоти рўй берган ҳижрий 1261 йил га қадар шу мансабларда тураркан, ҳақ ўлим тақозосича олий зотли отаси ҳамда “Эшон устоз” лақаби билан танилган бобоси Ҳодихожа шайхулислом ёнига восил бўлди.

Рисолаи исботи вожиб. Мавлоно Шариф [ал-Ҳусайний] алайҳурраҳма қаламига мансуб асар бўлиб, ул сирлари муқаддас жанобнинг шариф хати билан китобат қилинган. Ул жанобнинг таваллуди ҳижрий 946 йил и рўй берган. Ота томонидан олий насаби ҳазрат Имом Муҳаммад Ҳанафияга бориб уланади. Она тарафдан амир Оқил Кермонийга етишади. Эътиқод-иродат бўйича эса “Ҳазрати Азизон” лақаби билан танилган ҳазрат Олимшайх Азизонга ва ҳазрат шайх Фатҳуллоҳ ва ҳазрат хожа Исмоил ва мавлоно Камолиддин шайхга уланади. Барчаларига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин.

Зоҳирий илмда шогирдлик нисбати Мавлавий Қосим ва мавлоно Юсуф Қорабоғий га етади.

Амир Абдулазизхон бин Надр Муҳаммадхон аштархоний Мавлоно Шариф жанобларига кўп эътиқод қўйган эди.

Ёзган асарлари ичидан “Ҳужжат ил-зокирин” ва “Туҳфат ул-соликин” машҳурдир. Булардан биринчиси Жаҳрия сулуки бўйича яратилган. Иккинчиси Нақшбандиянинг Хафия тариқатида ёзилган. Яна бошқа китоблари ҳам мақтов баёнига муҳтож эмас.

Мавлоно Шарифнинг вафоти ҳижрий 1109 йил и “Хожа Алам расон” гузарида рўй бериб, ўша ерда ором топди. Эндиликда бу ер “Мавлавий Шариф гузари” деб аталади.

Ҳазрат охунд Иноятуллоҳ шайх ул жаноб қўлида ўқиган шогирдларидан бўлади. Барчасини Аллоҳ раҳмат қилсин.

Шарҳи Виқоя. Олимлар саййиди, тақводорлар ҳужжати, улуғлар самараси, азим зотлар меваси, саййидлар набираси, олий насабли соҳиб Мавлоно Абдуллоҳхожа Ҳусайний Алавий жанобларининг табаррук хати билан китобат қилинган. Ул зот мазкур ҳазрат мавлоно Шариф Ҳусайний Алавийнинг тўнғич ва етук ўғли бўлади. Зоҳирий ва маънавий таълимни бузруквор отаси қошида ўзлаштирган. Хаттотлик соҳасида ҳам тенгсиз. Хатни ўта чиройли тарзда битади. Ушбу “Шарҳи Виқоя” ҳам ўша жумладан саналади. Бу саодат қоришиқли қўлёзманинг ташқи ва ички гўзаллиги шарҳ ва баёндан ташқари. Худога шукр бу мулким бебаҳо дур-гавҳардир.

Канз ил-ибод фи шарҳи аврод. Худо берган туҳфа ва шаксиз катта бойлик. Чиройли хати тенгсиз. Аъло навли ипак қоғозига зийнат бахш этиш даражасида битилиб, жадвали асл олтин суви билан ва лавҳи ўта гўзал суратда чизилган. Хаттоти котиблар раиси Муҳаммад Саид. Ул зот пайғамбар сулоласи авлодидан саналмиш мавлоно Асомиддинхожа Ҳусайний Алавий бин мавлоно Абдуллоҳхожа Ҳусайний бин мавлоно Шариф Ҳусайний хонадонидандир. Буларнинг исми юқорида зикр этилганди. Ул валийлик осмони ойи ва соҳиби ҳидоят хожазода ёзувлари муаттар ушбу ҳошияда битилган. Ёзганлари азиз отаси хатига жуда ҳам ўхшашдир.
Бу табаррук китобга эгалигимни катта бахт ва буюк неъмат санайман.
Баҳоси йигирма минг танга.

Мифтоҳ ул-жинон. Хаттоти Муҳаммад Саид Котиб бин Мирзо Муҳаммад ал-Бухорий. Жонга баравар бу китоб кўп жиҳатдан ички ва ташқи нафосатга эга бўлиб, ҳуснихатда тенгсиздир. Жадвал ва қоғози қатори бошқа афзалликлари туфайли ҳалиги “Канз ил-ибод” нусхасидан яхшироқ кўринмоқда. Унинг камина мулки шарофати катта бир саодатдир.
Бу қўлёзма нусханинг нархи ҳам йигирма минг танга.

Маносик ул-ҳаж. Жуда гўзал қўлёзма. Зийнати жилоси тенгсиз. Зикри юқорида айтганимиз “Канз ил-ибод” ва “Мифтоҳ ил-жинон”дан кейин келаётган эса-да, аммо ҳусн жиҳатидан улардан олдин туради. Машҳур хаттот Хандон Котиб хати билан китобат қилинган. Бу қўлёзмани кўрганнинг ақли шошади ва ҳайрати ошади. Бу ҳам фахр этишим даражасидаги мулкий китобларимдан саналади. Қўлёзма ички ва ташқи чиройдан ташқари яна бир шарофатга эга – у байтуллоҳ ва пайғамбар равзаси ичига ҳам кириб чиққан. Чунки Мавло отамнинг мўътабар ходимларидан саналган мулло Миржон исмли бир киши ислом ҳажи шарафига мушарраф бўлганида, бу табаррук қўлёзмани ўзи билан бирга олиб борган ва ушбу саодатга мушарраф этган.
Нархи йигирма минг танга.

Рисолаи қози Тулак. Қози Тулак Надр Муҳаммадхон аштархонийнинг давлати айёмида Балх шаҳрида қозилик мансабида турган. У ҳижрий 1048 йил и вафот этган. Балх шаҳрида дафн қилинган. Жуда гўзал хат билан битилган фойдали рисоладир.
Нархи беш минг танга.

Танбеҳ ил-ғофилин. Беназир мунший ва чаққон қаламли, Ёқут хислатли хаттот Мирзо Шариф Мунший хати билан битилган. Мазкур Мирзо фазилат нишонли, “Амири Саид” лақабли амир Ҳайдар Баҳодирхоннинг хуррам замонида осмон қадарли саройда иншонавислик мансабида турган. Бу шариф қўлёзма нусха ул шоҳ буйруғи бўйича жуда дилга ёқар тарзда китобат қилинган. Беқиёс гўзалликка эга.
Нархи йигирма беш минг танга.

Шарҳи шариат ил-ислом. Ўша юқорида кўрсатиб ўтганимиз “Канз ил-ибод”, “Мифтоҳ ил-жинон” ва “Танбеҳ ил-ғофилин” қўлёзмалари гўзаллигидаги нусха бўлиб, тенги йўқ даражада китобат қилинган. Хати, қоғози ва жадвал тортилиши-ю зийнати жиҳатидан таҳсинга сазовор. Бунақа гўзал қўлёзма китоблар кам яратилади.
Нархи йигирма минг танга.

Фатовии Дурр ил-мухтор. Олимлар султони, фозиллар ҳужжати, сўфилар қаймоғи, мутасаввифлар бошлиғи, сулук йўли ҳодийси, ислом фахри, улуғлар ифтихори, фазилат иқлимининг тахтда ўтирувчиси, Бухоро олимлари ва фозилларининг саййидлик ўриндиғи соҳиби нигини, барча катта-кичик тан олувчи раҳматлик Эшон Султонхожа Аълам хати билан ёзилган. Ул жанобнинг улуғвор отаси Мавлавий Абдуллоҳхожа қозикалон ва шайхулислом бўлганлар. Улуғвор бобоси Мавлавий Убайдуллоҳхожа ҳам ота-боболари сингари наслдан-насл, авлоддан-авлод Бухородаги шайхулисломликнинг олий мансабида турганлар. Ҳамиша Қулбобо Кўкалтош мадрасаси охундлиги, шариф шаҳарнинг аъламлиги ва шайхулисломлик мансаби бу таниқли тоифанинг зоти билан зийнат топиб келган. Бу фирқанинг нисбати Жўйбор хожаларига бориб тақалади. Эшон Султонхонхожа аълам Амир Насруллоҳ Баҳодирхон замонида аъламлик ва Масжиди Калонда хатиблик мансабида туриб, Говкушон мадрасасида дарс берганлар. Барча илмларда якто ва тамоми фанларда тенгсиз, хусусан, фатвонависликда қўли устунлик қиларди. Қироат илмида ҳушни олиш даражасидаги товуши ва усули бор эди. Аларнинг аржуманд фарзанди Қозихон махдум садр Бухоро раислиги мансабига мансуб турган. Шеърият соҳасида эса тахаллуси “Журъат” бўлган. Бақохожа шайхулислом мазкур махдумнинг дилбанд ўғли бўладилар. Илгари Бухоронинг барча мансабларида фаолият кўрсатганлар – масалан раислик, муфти аскар, қозикалонлик каби. Эндиликда эса шайхулисломлик билан сарафрозлик топиб, азалий саодат туфайли ислом ҳажини адо этиш давлатига ҳам эришиб, катта ёшга кирганида илоҳий раҳмат қабтолига етишди. Ул олий мақомли зотнинг Орифхожа Садр исмли ўғли бўлиб, ҳозир муфти аскарлик вазифасида турибди. Ҳазрат отам фатво таълимини ул тенгсиз аъламга топширганлар. Барчаларига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин.

Бу китобнинг ҳам менинг мулким экани шукрларга муносибдир.
Нархи ўн олти минг танга.

Фароиз. Насаби улуғ, қутблар қутби, сўфийлар раҳбари ва тақводорлар сарвари Хожа Асомиддин Шайхулислом Самарқандийнинг муборак хати билан китобат қилинган. Ул зот бу табаррук қўлёзмани ўзининг мишкин рақамли қалами билан китобат қилган бўлиб, тез хиромли қаламим бу шайхулислом маҳоратини мадҳ этишдан ожиз қолиб турибди. Бу мулким ҳам бир ноёб дур-гавҳардир.
Шайхулислом. Талвиҳ. Яхши қўлёзма. Нархи беш минг танга.

Харпутий. Шарҳи қасида. Яна бошқа шарҳлар билан бирга бир жилдда китобат қилинган. Махдум Панжшанбагий лақаби билан машҳур котибнинг хати. Ул хаттот ҳазрат Мавлоий отамнинг нависандаларидан бўлиб, тасҳиҳ ва таҳрир қилганлари кўп. Чиройли хатли қўлёзма.
Нархи ўн минг танга.

Мавлавий Ҳасаннинг Ақоидга шарҳи. Бу қўлёзма ўз равишига эга машҳур хаттот Мулло Абдуллоҳ Котиб хати билан китобат қилинган. Қўлёзма ҳошиясида “Қул Аҳмад”нинг китобини тўла ёзган. Мулло Абдуллоҳ Котиб хатининг чиройи бу ерда яна кўпроқ даражада намоён бўлган.
Нархи беш минг танга.

Ақоидга Мавлавий Ҳасаннинг яна бир шарҳи. Таниқли котиб ва хаттотлар бошлиғи Мулло Саййид Аҳмад Бухорий хати билан ёзилган. Бу котибимиз Амир Музаффар Баҳодирхон даврида шуҳрат байроғини ҳилпиратган эди. Хати услуби Ҳамдам Махдум Котибга ўхшайди ва қози мулло Абдулжаббор тарзига ҳам яқинлиги бор. Бухоро шаҳрининг донгдор котибларидан Ҳазрат Мавлоийнинг шогирдларидан. Лекин ул жанобнинг муборак кўнгли ундан бир сабаб ила оғриниб, бунинг аломати намоён бўлди: ёшлик пайти вафот топди.
Жуда яхши қўлёзма, ниҳоятда кўнгилга ёқар.
Нархи ўн минг танга.

Матни ишбоҳ. Мавлоно ибн Нажимнинг – сирлари муқаддас бўлсин – муборак хати билан ёзилган. Бу илми кўп хаттот Имом Темуртошнинг – Аллоҳнинг раҳмати бўлсин – шогирдларидан бўлганлар. Ул жанобнинг асл номи Иброҳим ибн Муҳаммад бин Нажим, лақаби Нажим ал-Мисрий ал-Ҳанафий бўлиб, ҳижрий 970 йил да вафот этганлар.
Матоле ил-мирот. Шарҳи Далоил ил-хайрот. Машҳур котиб мулло Эшонхожа Котиб Бухорий хати билан битилган. Бухоронинг таниқли хаттотларидан.
Нархи ўн минг танга.

Шарҳи ишбоҳ. Чалабий: Шарҳи Виқоя. Ҳар иккала китоб энг гўзал қўлёзмадир. Ҳар иккаласи ҳам бир хил хат ва бир хил равишда бир хил қоғозга битилган. Қирқими ҳам бир хил.. Котиби жаҳон аро машҳур Ҳожи Абдулвоҳид бин шайх Зоҳид Лоҳурий.
Лекин ҳар иккала китоб алоҳида жилдга жойланган. Иккиласи ҳам ёзуви ва гўзаллиги жиҳатидан бир-биридан қилча ҳам фарқ қилмайди. Бири жон бўлса, иккинчиси руҳу равондир. Бу гапларим ҳеч муболағасиз виждонан айтилмоқда.
Ҳар бирининг нархи йигирма минг тангадан.

Қози Муборакшоҳ. Силм шарҳи. Аср ягонаси ва хаттотлар устози Қози мулло Абдужаббор Ургутий хати билан китобат қилинган. Таҳрири Исо махдум муфтига мансуб. Таҳсил айёмида ҳар иккаласи ҳамдарс ва жонажон дўст бўлишган. Дарсларни такмилига етказиш пайти тавсифда улардан қолишмайдиган Иноятуллоҳ махдум судур “иккидан уч яхшидир” масалига кўра учинчи киши бўлиб орага кирибди ва бир кеча-кундузда учови битта “Мухтасар” китобини кўчириб ёзиб битказишибди. Аларга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин.
Ушбу тазкирамнинг бошқа ерида ҳам бу воқеани ёзган эдим, қайтариқ бўлибдига йўйилмасин.
Бу китоб нархи йигирма минг танга.

Шарҳи Фиқҳи акбар. Олимлар олими, фозиллар афзали Қозкалон Таҳти Минорий нисбаси билан танилган мавлоно Иноятуллоҳ Мавлавийнинг муборак хати билан битилган. Ул зот илмлар уйи Бухорои шарифнинг етук уламосидан ва бу латиф шаҳарнинг махдумзодаларидан бўлиб, барча илмларда моҳир эди. Жаннат маконли амир Ҳайдар Баҳодирхоннинг файзли замони уламосининг машҳурларидан саналиб, азим лутфлар кўрган кўйи амир Баҳодирхоннинг устози сифатида бошқаларга қараганда кўп имтиёзга эга экан. Амир Баҳодир лақабли Насруллоҳнинг салтанати айёмида Кўкалтош ва Мир Асадий мадрасасида мударрислик қилган. Кўп рисола ва шарҳлар тасниф этган. Ҳижрий 1273 йили фоний олам билан хайрлашиб, Имом Бакр Ҳомид мозорининг шарқий жануб томонида дафн этилган. Ўша ҳижрий 1273 йили Охунд домла Ҳасан алайҳурраҳма ва ризвон шу шариф мозорда уч таноб оралиқда мазкур қози ёнида ором топганлар. Ул зот ҳазрат Мавлоийнинг устозидирлар.
Нархи етти минг танга.

Мужариботи Ҳожи Солиҳ. Котиблар ажойиби, қалам асҳобининг нодири Мулло Сиддиқжон Иштихоний хати билан китобат қилинган. Бу машҳур котибнинг таржимаи ҳолини бундан олдин ўз ўрнида муфассал ёзган эдик.
Нархи беш минг танга.

Маснавии шариф. Латиф бир қўлёзма бўлиб, мақтови таъриф ва тавсифга сиғмайди. Афзалликлари сони хаёл доирасидан ташқаридир. Безаклари ақлни маҳв этади. Тасвирини ёзай деса қалам тили лол қотади. Олти дафтардан иборат бу тотли маснавий маънолари каби қўлёзмаси ҳам бир гавҳардир. Котиби Муҳаммад Сиддиқ бин Муҳаммад Содиқ исмли забардаст хаттотдир. Қувват ва қудрати “биздан кейин биз яратган ёдгорликларга қарайсизлар” ҳадиси мазмунини ушбу битган қўлёзмаси намоён қилиб турибди. Ички ва ташқи зийнати тенгсиз. Менинг мулким эканининг ўзи бир мўъжиза ва катта бахтдир. Аммо нукта-ҳикмат билувчи ўқувчиларимиз котиби ҳақида янглиш фикрда бўлмасинлар. Муҳаммад Содиқ котиб “Маснавий”нинг бу шариф нусхасини ҳар иккаласи ҳам ўзгача равишда ёзувчи ва машҳур бўлган Сиддиқжон Куфрий Кўйи Дарахтий ва Сиддиқжон Кўйкийга қараганда бошқача тарзда битган.
Нархи ўттиз минг танга.

Бедилнинг Нукот, Девон ва Қасидалари. Котиблар паҳлавони, хаттотлар кучлиси, иншо фанида моҳир Фозил Девона хати билан китобат қилинган. Ул зот бу шарофат белгили диёрнинг машҳур котибларидан бўлган. Бухоро ҳукмдорлари амир Саид Ҳайдар ва амир Насруллоҳ Баҳодирхоннинг файзли замонида шуҳрат байроғини юқори кўтариб, қаландарлик либосида “Мозори Мужаррад Дарвозаси”нинг ташқарисида ёлғиз яшаган ва ўша сабабли Мирзо Абдулқодир Бедилга табиатан эътиқод қўйиб, ҳамиша ул зотнинг асарларини кўчириб ёзиш билан машғул бўлган.

Иттифоқан Амир Саид Ҳайдар замонасида Ҳиндустон ўлкасининг савдогар аҳлидан бири Бухорога келган ва ёнида Мирзо Бедил асарларидан ташкил топган китоб бўлиб, муаллиф, яъни Абдулқодир Бедил қўли билан ёзилган экан. Бироқ бу ёзувлар нуқтасиз ва шикастада битилгани сабабли биронта одам ўқишга қодир бўлмаган. Мазкур амир бу ғаройиб қўлёзмани қўлга киритиш истагига тушган. Лекин ҳинд савдогари ҳеч бир жиҳатдан бу таклифга розилик бермаган. Ўртага шафелар тушса-да, фойда чиқмаган. Шунда амир уни кўчиртириб ёзиш бахтини топишдан ҳам хурсанд бўлажагини билдирган. Аммо бу иш икки йилга чўзилажаги ва китоб эгаси бу муддатгача чидаб тура олмаслиги масаласи юзага чиққан. Бўлмаса, китобни жузвларга бўлиб, ҳар бирини бир хаттотга бериб ёздиришни ҳам айтишган. Ҳиндистонлик савдогар китобни бўлаклашга розилик бермаган. Бухорода тўхтаб туриш муддатини чўзишини илтимос қилиб, уни зўрға қирқ кун қилиб белгилашган. Шу қисқа вақт ичида эса бу янглиғ улкан китобни кўчириб ёзиш оғир ишлиги аён бўлиб, бундан фойда чиқмаслиги барчани қаттиқ ўйга толиқтирган ва бу воқеани подшоҳга арз қилишган. Илмпарвар Амир Кабирнинг иштиёқмандлиги яна ҳам ортиб, бу хизматни қисқа вақт ичида ким уддалай олажаги ва шундай моҳир масъулиятни бўйнига олиши борасида жар чақиришларини буюрган. Шоҳаншоҳлик томонидан минг дона қизил тилло, либос ва бошқа неъматлар берилиши ҳам уқтирилган. Лекин ҳеч бир хаттотдан садо чиқмаган.

Бу пайтда Фозил Девона Мозор дарвозаси ташқарисидаги Гулзор мавзесида экан. Бу паҳлавон тийнатли ва дев симматли, тоғ келбатли ва қутурган фил сифатли девона саройда ҳозир бўлибди ва бу хатарли ишни бўйнига олиб, фармонни бажаришини билдирибди. Саройда тўпланган барча хаттот ва бошқалар кишилар бажарилиши қийин бўлган бу иш борасида паҳлавон билдирган гапдан ҳайрон ва сарсон ҳолатда қолишибди ва буни ул жавонмарднинг телбалиги ва жунунига йўйишибди.

Алқисса, ул мардона фозил ва фарзона оқил халқ ва давлат фотиҳасини олгач, тўпламни қўлтиқлаб, доимий турар жойи бўлмиш файз осорли мозор йўлидаги Гулзор мавзесига қараб йўлга тушибди. Яшайдиган кулбасига келиб, узлуксиз қирқ кун қилинадиган тоат-ибодат, яъни эътикофдан олдин қилинадиган ният сўзларини айтибди.

Қирқ кун ичида ҳеч бир зот ҳужра эшигини очмабди. Ваъдаланган кун етиб келиб, қирқ кунлик муҳлат вақти тугабди. Бу кунни “қани нима бўлар экан” дея нафасини ичига ютганича кутиб ўтирган подшоҳ ва фалак қадарли сарой аҳли ҳамда Бухоро шаҳри халқининг катта-ю кичиги, оқилу девонаси эрта тонг маҳали мозор девори-ю дарвозаси устига чиқиб олиб, девонанинг йўлини пойлашди. Ул Аллоҳ шери эса, ичига улкан ҳажмли иккита китоб солинган хуржинни от устига ортган ҳолда жиловни ушлаб келмоқда эди. Бу ҳолни кўрган халқ орасида ғала-ғовур кўтарилди. Эркагу аёл, узоқ ва яқин ерлар одамлари барчаси девона томон талпиндилар. Том ва йўл, ўтарлик ерлар томошаталаб оломонга тўлиб кетди. Бу ажойиб белгили хабарни адолат ёйгувчи султонга етказганларида, номдор ҳукмдор қалби завқ-шавққа тўлиб, интизорлик билан йўлга термулганича ва қулоғини хушхабар сари динг тутганича паҳлавонни кутиб олишга шошиларкан, ул офоқ нодирининг Тоқ остида турганини кўрди. Қараса, ишни тугаллаб ва барчанинг ақлу ҳушини ўғирлаб буён келмоқда. Бир тўп кишилар “марҳабо” сўзи садосини Сурайёга етказмоқда эдилар. Бир хиллар эса “шоҳ омон бўлсин” сўзларига мутаранним бўлишди. Баъзилар таҳсин айтиб, айримлар “офарин” дея қичқиришарди.

Хуллас шу янглиғ тантана ва бу каби дабдаба ичида ул ягона фозил Олий Аркка кириб келди. Ул жаҳон паҳлавони, хаттотлар байроқдорининг қирқ кун ичида мазкур мажмуадан бир эмас, иккита нусхани ёзув доирасига киритиб, биттасини амирга туҳфа ўрнида, иккинчисини ўзи учун битгани маълум бўлди. Адолатли подшоҳ ул даврон ягонаси, олам дурдонасига бошқа марҳаматлар ва чексиз таҳсину офаринлардан ташқари минг динор, бошдан-оёқ кийим инъом қилди. Шундай нодир қўлёзмани ўз замонасидан ёдгор қолдирган бу фозилнинг мардоналиги ва яхши номи ҳалигача тилларда достон.

Айтиш лозимки, дарвиш табиатли Фозил девона ўша хон берган барча туҳфа ва пулларни Худо йўлида сарф ва харж қилиб, шариф мозор дарвозаси ташқарисида Шотии Шоҳруддаги қаландархона рўпараси ва Гулзорда жойлашган Баланд Якка масжидига вақф мулки қилиб берди.

Ул фарзона котибнинг қабри қаландархона ичидадир. Аллоҳ раҳмати бўлсин.

Бу Бедилдан танланган асарлар сифатида китобат қилинган қўлёзма нусханинг нархи йигирма минг танга.

Шарҳи Матоле. Мир Саййид. Шариф Мирзожон. Муборакшоҳ. Бу мажмуа гўзаллиги таъриф доирасидан ташқари даражада. Зийнатларини таърифлашга сўз топа олмайсиз. Бу ҳам каминанинг мулки бўлиб “ажойиб нарсадир” мазмуни у ҳақида келган кабидир. Унинг менга тегишли эканидан ифтихор қилиб, шукроналик бажо келтираман. Мазкур “Шарҳи матоле”ни ўқишга киришар ва бу муборак қўлёзмага назар ташлар эканмен, кўксим узра нур таралгандек бўлади. Каминаи камтарин ана шу шариф қўлёзма нусха эгаси эканим туфайли қайта ном қозонгандек бўламан. Худога чексиз шукрлар бўлсин.
Нархи қирқ минг танга.

Бу тўплам Мирзо Муҳаммад Шариф мунший бин Мирзо Муҳаммад Бақо хати билан саййид мартабали Хожа Исматуллоҳ бин Шайх Муҳаммал Омон буйруғи бўйича шаҳарлар онаси ва доруссалтана (Балх)да китобат қилинган.

Ҳадиқаи Ҳаким Саноий. Жуда чиройли қўлёзма. Хатининг ўта гўзаллиги уни ёзган котиб қудратидан хабар бериб турибди.
Нархи ўн минг танга.

Мавлавий Содиқ. Шарҳи Мулло. Фозиллар устози мавлоно Содиқ жаноблари фирдавсмонанд Самарқанд шаҳрида туғилиб-ўсганлар. Илмлар эгаллагач, гулга кон Кобул шаҳрига бориб, Ҳаким подшоҳ ибн Ҳумоюн Мирзодан меҳрибонликлар кўриб, у ердан Ҳажга кетганлар. Ҳижрий 904 йили яна асл ватани Самарқандга қайтиб келганлар ва шаҳарга кириб келиши таърихини “хайри мақдам” сўзлари қилиб белгилаган эканлар.

Ўшанда шайбоний Абдуллоҳ Баҳодирхон мавлоно Содиқ Ҳалвоийга Самарқанд шаҳрининг қози-юл қуззотлик мансабини берган. Вафоти ҳижрий 1006 йили рўй бериб, Хожа Абди Дарун мозори ёнида дафн қилинган. Замондоши шоир Мутрибий бу сана таърихини “бигу фахри аҳли дин” сўзларидан топган:

Эй дил, ҳазор ҳайф ки андар сибти хок,
Он кас ки буд хотами афзолро нигин.
Зоташ ки буд жомеи мажмуаи камол,
Бар маснади расули Худо буд жонишин.
Соли вафот у жустам зи Мутрибий,
Дар гиря гашт ва гуфт: Бигу фахри аҳли дин (111)

Мазмуни:

Эй дил, минг ҳайф ки тупроқ қучоғида,
Яхшилар узугига қош бўлган бир зот ётар.
Зоти камол тўпламининг мажмуаси эди,
Худо расули ўриндиғида ўринбосар эди.
Мутрибийдан вафоти йилини сўрадим,
Йиғига тушди-ю деди: Фахри аҳли дин.

Нархи беш минг танга.

Фатовии Баҳр ил-Роиқнинг етти жилди. Етти жилддан иборат дастхат. Барчаси бутунлигича бир хат ва бир қоғозга китобат қилинган. Илгари бундай катта ҳажмли китобнинг бу шаклда бир хил хат билан ёзилганини кўрмагандик ва бошқа шунақа қўлёзма нусха борлигини ҳам ҳеч ким айтиб бераолмайди.

Хатининг гўзаллиги таъриф баёнига сиғмайди. Тенги йўқ. Бундай ноёб ва азиз китоб мулким бўлгани ва тасарруфимда турганига чексиз шукрлар.
Баҳоси ўттиз минг танга.

Баҳр ил-манофе. Гўзал битикли олий китоб.
Нархи ўн минг танга.

Давоми бор

045

(Tashriflar: umumiy 1 662, bugungi 1)

1 izoh

  1. Assalom alaykum muhtaram ustoz.Sizga uz minnatdorchiligimni bildiraman kech bulsada! Mashaqqatlariz va bu buyuk hizmatingiz Alloh tomonidan albatta mukofotlanishini yaratgandan umedvorman

Izoh qoldiring