Usmon Azim: Endi so‘zga sig‘mas bizlarning suhbat…

Ashampoo_Snap_2017.02.18_00h39m59s_001_.png    Шундай шоирлар борки, у элининг юзини ёруғ, номини улуғ қилади. Уларнинг ижодини кўтариб дунёга бўйлаган халқнинг бўйи осмон бўлади. Боиси улар фақат қалбида борини ёзади, бошқани эмас. Қалбнинг эса миллати бўлмайди. Ўзбекистон ҳалқ шоири Усмон Азим «Дунё ва одам ҳақида ёз»адиган, «Худо кўнглига солганини ёз»адиган ижодкор. Шоир билан шеър ва сўз қадри ҳақида гурунглашдик.

ЭНДИ СЎЗГА СИҒМАС БИЗЛАРНИНГ СУҲБАТ
Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим билан суҳбат
09

00679.jpgУсмон Азим 1950 йил 13 августда Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида таваллуд топган. Ўзбекистон халқ шоири (2000). Грузиянинг Маяковский номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган (1982). «Дўстлик» ордени соҳиби (1998). ТошДУнинг журналистика факультетини тугатган (1972). Илк китоби — «Инсонни тушуниш» (1979). «Ҳолат» (1979), «Оқибат» (1980), «Кўзгу» (1983), «Сурат парчалари» (1985), «Дарс» (1985), «Иккинчи апрель» (1987), «Бахшиёна» (1989), «Ғаройиб аждарҳо» (1990), «Уйғониш азоби» (1991), «Ғусса» (1994), «Узун тун» (1994), «Сайланма» (1995), «Куз» (2001) каби шеърий ва «Жоду» (2003) ва бошқа бир қатор насрий тўпламлари нашр этилган. Драмалар ҳам ёзган («Бир қадам йўл». 1997; «Алпомишнинг кайтиши», 1998 ва бошқа). «Алишер Навоий» киноқиссаси (1990), «Алпомиш» кинодостони (1997), «Севги» (1998, шу номли ҳикоя асосида) ва 2 серияли «Алпомиш» (2000) фильмларининг сценарийсига муаллифлик қилган. Поль Элюар, Ояр Вациетис, Ҳусни Доғларжа, Андрей Вознесенский, Юстинас Марцинкявичюс ва бошқа таниқли шоирларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

09

— Усмон ака, аввал ҳам, ҳозир ҳам, бундан кейин ҳам адабиёт — адаб, яъни одоб фани бўлиб қолаверади. Эҳтимол, шу боисдан шеъриятга эҳтиёж сезилар. Тўғри, бугун тарбия воситалари кўп. Лекин инсон камолатида адабиётнинг ўрни бўлак. Келинг, суҳбатимизни шеърият ва қалб тарбиясидан бошласак.

— Инсоният ҳамиша яхшилик ва ёмонликни, эзгулик ва ёвузликни, ҳалол ва ҳаромни фарқлаб яшашга ҳаракат қилган. Одам дунёга келиб, эс-ҳушини таний бошлаган пайтдан – оиладан бошланадиган тарбия натижасида одоб-ахлоқнинг онгу шуурга сингиб кетган – ёзилмаган қоидалари асосида яшай бошлайди. Аммо бу қоидаларнинг шайтоний кимсалар ва уларга эргашишга мойиллар ҳамиша бузишга ҳаракат қилганлар. Шу сабабдан бу қадриятларни одамларга бот-бот эслатиб туриш зарурияти туғилган. Оқибатда, бу қоидалар азалдан «насиҳатнома»лар ёхуд дидактик асарлар сифатида намоён бўлган. Жумладан, бу қабилдаги асарлар шеърий тарзда ҳам ёзилган (Зотан, шеърий оҳанг матн билан юрак орасидаги масофани қисқартиради, хотирада маҳкам қолади. Халқ мақолларини ва топишмоқларнинг шеърий ифодасини эсланг). Бу шеъриятнинг одамлар турмуш тарзига, ҳаёт йўсинларига «амалий ёрдамидир», яъни унинг «одоб фани» сифатида кўринишидир. Аммо шеърият тушунчасининг қамрови бу тушунчадан ниҳоятда кенг, теран ва юксакдир. У жўнлик ва бир қарашда кўзга ташланадиган «ақллилик»дан ниҳоятда баланд. У дунёга сиғмас дард, тошқинланган туйғу, ҳақиқатнинг ва ҳаётнинг маъносини англаш йўлида алангаланган юрак – бир сўз билан айтганда, инсон руҳиятининг безовта тасвиридир. Шеърият шу қадар нозик ва ўзгача туйғулар мантиғига асосланадики, унинг моҳиятини тушунтирмоқ ҳалигача удда этилмаган. Не-не нуктадон олимлар шеърни санъатнинг тушунтириб бўлмайдиган соҳаси эканлигини айтиб ўтишади. Шеъриятнинг, сиз айтанингиз, қалб тарбиясидаги ўрни эса беқиёсдир. У руҳи юксак ва қалби озода зотларни тарбиялайди. Бу зотлар инсон ва инсонлар яратган дунёнинг номукаммаллигини ва торлигини ҳамиша англаб туради. Илоҳий илҳомга йўғрилган шеърият руҳу фикрат, дарду туйғунинг ҳақиқий қиёфасини яратади; Парвардигор яратган оламнинг мукаммаллиги ва гўзаллигидан ҳайратга тушади. Бу юксаклик ва озодаликнинг жонсарак ҳаракатидан яралган бир тола ёғду эса фалакка – Парвардигор сари интилади. Сезиб турибсиз, энди гап «ёр» деб Парвардигор ишқида куйган Алишер Навоийдек бемисл шоирларнинг шеъриятига етиб келди…

— Яхши шеърлар ҳар доим ҳам туғилавермайди…

— Бизда яхши шеърлар ёзадиган шоирлар ҳамиша бўлган. Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидовлардан бошлаб эса, шоирлар ижодида яхши шеърлар фоизи ниҳоятда ортди. Кечагина яшаб ўтган Шавкат Раҳмоннинг шеърларини эсланг. У ниҳоятда баланд шеърлардан иборат мерос қолдирди. Яхши шеър ёзиш, албатта, қийин. Иқтидорли китобхонга манзур бўларли шеър ёзиш учун эса истеъдоддан бошқа жуда кўп сифатлар — бу касбнинг сиру синоатларини чуқур ўқиб-ўрганиш, юқори интеллект, безовта феълу атвор, узлуксиз илҳом қамровида яшашни удда этиш, меҳнаткашлик… ва яна кўпдан-кўп фазилатлар керак. Бунинг устига, ижод қилиш учун шароит ҳам зарур. Бироқ ҳозирги ноширлар адибу шоирлар меҳнатини қадрлашни ўрганмаганлар. «Бадиий асар осмондан тушади», деб ўйласалар керак. Бундай касофат қарашлар туфайли кўп ижодкорларимиз меҳнатига яраша тақдирланмаяптилар.

— Турли хизмат вазифалари, сафарлар, тадбирлар боис ижодкор хоҳлаган пайти ёзув столига яқин келолмайди. Унинг зиммасида эса ёзиш масъулияти турибди. Сизнингча, ижодкор олдидаги масъулият нима?

— Ёзиш масъулияти шоирнинг ўз истеъдоди олдидаги жавобгарлигидир. Ўз истеъдодига масъулиятсиз қараган ижодкорнинг иқтидори тўлиқ очилмайди. Ижодга масъулиятсизлик — ижодкорга истеъдод тортиқ этган Қодир эгамнинг олдида беқиёс гуноҳдир. Ахир, шеър керак бўлмаганда, Оллоҳ шоирларни дунёга келтирармиди? Эҳтимол, шеър ҳам худди нон каби заруриятдир? Эҳтимол, шеърият инсонга инсонлигини эслатиб туриш учун берилган мукофотдир? Эҳтимол, шеър бу — сўз, фикрат ва оҳанг мутаносиблиги – бозор дунёда кўнгил борлигини ҳам одамларга аён этадиган бир мўъжизадир? Шундай мўъжизани яратадиган шахс – шоир ижодий тартибни ҳар қандай шароитда ҳам ўринлатмоғи лозим. Зотан, шоирдан тадбирлар эмас, шеърлар қолади. Бу жабҳада давлату халқ ишини ҳам, ижодни ҳам бағоят ўринлатган ҳазрат Алишер Навоийдан ўрнак олсак ярашади. Яна қайтариб айтаман, ижодий тартиб жуда зарур.

— Сизнинг шеърларингизни ўқиганимизда жаҳон шеъриятидан қолишмаслигига гувоҳ бўламиз.

— Бу лутфингиз учун катта раҳмат. Аммо Навоийдек шоири бор адабиётда ижод қилишнинг ҳам ўзига ярашиқ, юқорида айтганимиздай, масъулияти бор.

— Ижод майдонида доим ички ижодий «мусобақа» бўлган…

— Бу мусобақада доим истеъдодли одамлар ютиб чиққанига гувоҳ бўлганман.

— Аммо ижодий биродарлик, бир-бирини қўллаб-қувватлаш ҳақида ҳам кўп эшитганмиз.

— Худога шукур, бундай эзгу фазилатлар адабиётимиз намояндаларини қон-қонига сингиб кетган. Масалан, менинг ўзимни қўллаб-қувватлаган ижодкор акаларимни, биродарларимни, укаларимни санаб адо қилолмайман. Бу қўллаб-қувватлашлар ижод қилишимга қанот берган. Адабиётда бундай эзгу биродарлик, елкадошлик ҳамиша барқарор. Биргина ҳазрат Алишер Навоийнинг фаолиятини эсланг. Бу улуғ зот қанчадан-қанча шоиру олим, фузалою уламоларга ҳомийлик қилган, кўнглини кўтарган, фаолиятлари учун шароит яратган. Абдулла Қаҳҳор атрофида ҳам истеъдодли укалари уймалашган. Зотан, Абдулла Қаҳҳор — забардаст адиб ва ҳақиқий адабиёт учун курашган буюк шахс — ука ҳамкасбларини қўлидан келганича қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилган. Эндигина адабиётга кириб келаётган Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидовларнинг шеърларидан ҳикояларига эпиграф олган (бу иш далда беришнинг ва муҳофаза этишнинг энг назокатли ва ниҳоятда ўринли кўриниши); бошловчи адиблар — Шукур Холмирзаеву Ўткир Ҳошимовларга хат ёзиб, кўнглини кўтарган. Тўлепберген Қаипбергеновнинг илк қиссасини ўқиб, ўзи таржима қилишга тушган. Яна бир мисол: Ўткир Ҳошимовнинг «Баҳор қайтмайди» асаридаги «Кетмакдаман» радифли ғазал Абдулла Орипов қаламига тегишли. Абдулла ака ижодкор дўстига ҳадя этган бу шеърни кейин бирор-бир жойда ўз номлари билан эълон қилдирмаганлар. Шукур Холмирзаевнинг «Қилкўприк» романидаги «Куйди жоним» деб машҳур қўшиқ бўлган шеър ҳам аслида шоир укаларидан бирининг қаламига мансуб… Бу тарзда бир-бирига ҳимо бериш, минг шукурки, адабиётимизда одатий ҳол. Бирор истеъдодли одам камситилганда, «урилганда», ёхуд ҳужумкор истеъдодсизлик беҳаёларча оқни қора деб турганда, мардона сўзни айтиш ҳам катта истеъдодларимиздан қолган меросдир. Энг муҳими, ҳалол яшаб, озод руҳ билан ёзиш урфи ҳар бир катта истеъдоднинг ўзидан кейин келадиганларига қолдирган энг туб асос васиятидир. Ҳақиқий адабиёт, аслида, ўқувчига кўнгил ҳурлигини бахш этадиган ёруғлик – инсонга инсонлигини эслатиб турадиган Оллоҳнинг неъматидир.

— Умрида бирор бадиий асарни охиригача ўқимай туриб, умргузаронлик қилаётганлар бор. Аммо ўқиган, китоб кўрган одамни халқимиз ҳамиша бошига кўтарган. Китобхонлик халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Боболаримиз, момоларимизнинг чироқ ёруғида тонгга қадар мутолаа билан шуғулланганини сиз ҳам бир суҳбатингизда айтиб ўтгансиз.

— Китобнинг пайдо бўлиши — инсониятнинг энг буюк ихтироси. Инсоният китоб пайдо бўлишини ниҳоятда орзиқиб – бесабрликда кутган. Аждодларимиз бу бесабрликда тошларга ҳам битиклар ёзганидан хабарингиз бор. Бир бобомиз бу тош битиклар орқали келажак авлод билан суҳбат қурмоқчи бўлган! «Мен шундай азобда тўзғиган элимни қайта яратдим”, деб баёни ҳол этган! О, бизнинг боболаримиз!.. Китоб яралгандан сўнг эса инсониятда мангуликка даъвогар хотира пайдо бўлди. Илгари шамолларга совурилган умрлар, воқеалар, дарду ҳасратлар, ҳис-туйғулар ва орзу-армонлар силсиласи қоғозга тушгач, боқийлик касб эта бошлади. Ақл ва кўнгил сув ичадиган маънавий чашмалар дунёга келди. Китоб Оллоҳнинг бандаларига берган беадад инъоми – илм, адабиёт, маърифат ва маънавият жам бўлган бир аккумуляторки, инсоният минг турфа йўлларда ундан қувват олади. Олдинга интилаётган безовта руҳ, кашф этиш йўлида ҳолсирашлар китобда жамланган илм ва руҳдан қаноатлансагина, унинг парвози шиддатли кечади. Китобга ошнолик жамиятнинг ривожланишига ҳисса қўшадиган шахсларни дунёга келтиради. Улар туфайли истиқбол тезроқ бугунга айланади – мукаммалроқ, одамларнинг турмуши ва кўнглини яйратадиган тарзда амалга ошади. Бундай одамлар бизда ҳамиша бўлган. Мустақиллик келмасдан бурун Сурхондарёнинг Ангорида Абдумурод Лапасов деган одам раҳбарлик қилган. Ўзбек қадриятлари ерга урилаётган бир пайтда шу одам шаҳардаги рўпарама-рўпара қурилган икки янги бинонинг бирига «Алпомиш», бирига «Ойбарчин» деб ном қўйиб, порлатиб ёздириб қўйди. Уларнинг ёнидаги шаҳарлараро бекатни эса «Бойчибор» деб, атади. «Ўзбеклар иши» гуриллаб турган пайтда бу раҳбарнинг катта жасорати эди. Ўша пайтлар Сурхондарёга бир борганимизда, у кишининг уйига маърифатпарвар олимимиз Шуҳрат Ризаев билан бирга меҳмон бўлдик. Катта бир туманнинг раҳбари адабиётдан сўз очиб, иккаламизни ҳам лол қолдириб ўтирди. Саволлари ҳам антиқа эди. Масалан, «Рауф Парфи ҳақида фалончи фалон журналда бундай, фалон газетада фалончи ундай, деган. Энди қайси бири тўғрироқ?». Асл касби зоотехник бўлган Абдумурод ака адабий журналу газеталарни бир олим каби синчиклаб ўқиганидан ўшанда ҳайрон қолганмиз. «Сурхондарёнгизда ажиб одамлар бор-а!», деган Шуҳратжон завқланиб. Мен эса ичимда шундай ажиб одамлар яшайдиган Сурхондарё учун фахрланиб ўтирганман. Абдумурод ака Мустақиллик даврида ҳам Сурхондарёда кўп йиллар раҳбарлик лавозимида ишладилар. Мен у кишидан норози бўлган одамни учратмадим Аксинча, бу одамдан гап кетса, барчанинг юзи ёришганига гувоҳ бўлдим. Абдумурод ака, ўша сиз айтганингиз, чироқ ёруғида, тонг отгунча китоб ўқиган; бахшиларни эшитиб, маст бўлган ота-боболаримизнинг фарзанди, меросхўри. Мен ҳам чироқ атрофида китоб мутолаа этганларнинг авлодиман. Болалигимдаги бундай китобхонликлар ҳақида шеърхонларга кўп гурунг берганим учун гапни қисқа қиламан. Аммо бир гапни таъкидлаб айтишга тўғри келади: китоб ўқийдиган одамлар миллатни миллат қиладиган шахслардир. Чунки улар кўриб турган дунёларидан бошқа дунёлар борлигини билиб яшайдилар. Оламни кенг тасаввур этадилар. Дунёнинг олдида турган муаммоларни теран кўрадилар… Албатта, китобдан бегона одамлар ҳам бор. Улар ўзларининг кунларини ўзлари кўриб яшасалар, ҳа, майли, аммо, дейлик, бирор жойга бошлиқ бўлсалар, одамларнинг шўри шу. Бежиз Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев китоб ҳақида, унинг ҳаётимиздаги ўрни тўғрисида қайта-қайта гапираётганлари йўқ. Масалан, кадрлар танлашдаги қийинчилик ҳақида сўзлаганларида, китобхонлик туфайли пайдо бўладиган етуклик баъзиларда етишмаслигини кўзда тутаётган бўлсалар ҳам, ажаб эмас. Чинакам ўқимишли кишининг эса касби-коридай саъй-ҳаракати ҳам нурланиб туради.

— Сизни шоир қилган китобларга тўхталиб ўтсангиз.

— Бу саволга ҳам кўп жавоб берганман. «Алпомиш»у «Ўтган кунлар»нинг тақдиримдаги роли ҳақида ҳам суҳбатларда айтганман. Энди ҳавасманд бир-икки китоб ўқигани билан ёзувчи бўлиб қолмаслиги ҳақида гапирсам дейман. Ўқиб-ўрганишнинг чеки йўқ. Мутолаа бир умрликдир. Ҳар бир истеъдодли асар ҳавасмандни профессионаллик сари бошлаб боради. Буюк адибларнинг истеъдоди сингган сатрлардаги маҳоратдан нималардир сенга ҳам ўтади. Кўнглинг ўсади. Юксак интеллект пайдо бўлади. Руҳнинг парвози ҳормас тус олади. Илҳомнинг мағзи тўқ бўлади. Шу сабаб, ёзишга ихлоси бор одам халқ ижодидан тортиб мумтоз адабиётимизни, замонавий ва жаҳон адабиётини чуқур ўзлаштириши лозим… Ҳа, айтгандай, ҳозир жуда кўп – юзлаб китобларни яхши кўраман.

— «Мен шоирлигимдан уяламан», деган экан таниқли ижодкорлардан бири. Балки сўзни арзон баҳога сотаётганлар, баландпарвоз гаплардан нарига ўтолмаётганларнинг касридир бу?

— Азалдан адабиётда ҳақиқий ижодкорлардан тортиб, ҳаваскорликдан нарига ўтолмайдиганлар баҳолу қудрат ижод қилишган. Мен ҳалол – ўзига яраша ижод қиладиганларнинг барчасини жуда ҳурмат қиламан. Чунки улар бу – тоза кўнгилли одамлар – адабиётимизнинг толмас тарғиботчиларидир. Бундай одамлар мамлакатимизнинг ҳар бир минтақасида, туманларида, овулу қишлоқларида топилади. Энг муҳими, улар туфайли жойларда адабиёт чироғи ўчмай, ёниб туради. Қайсидир чет қишлоқда бир болакай илк сатрларни ёза бошлаганини тасаввур қилинг. У бола шеърларини кимга олиб келади? Ўша – адабиётни ҳалол яхши кўрадиган зотга! У зот далдаю маслаҳатлари билан бу боланинг кўнглида милтирай бошлаган оловга куч беради. Эҳтимол, ўша бола пайти келиб, бир даҳо шоирга айланар. Тўғрими? Мен ҳам болалигимда адабиётни эъзозлайдиган ўша устозлардан кўп нарса олганман ва уларни ҳамиша ҳурмат билан эслайман.

  Ана энди «сўзни арзон баҳога сотаётган» савдогарлар ҳақида гаплашсак бўлади. Уларнинг аксарияти шоу-бизнеснинг ёғлиқ биқинига каналарга ўхшаб ёпишиб олишган. Шоу-бизнесдаги ўткинчи қўшиқчиларнинг дидсизлиги уларга жуда қулай келди. Шеърни тушунмаганларни авраш жуда осонда! Натижада, уларга ўзларини шоир деб кўрсата олган бир тийинга ҳам арзимайдиган бу қаллоблар студияларни ҳам, радио ва телевидениени ҳам тамом забт этишди. Ўша жойда ўтирган масъул ходимлардан бирортаси «бу шеър эмаску», деган гапни айтишга журъат қилолмади. Чунки ё ўзларининг тишлари шеърга ўтмайди, ё бу бозор ишда бирор «савдо»лари бор. Бу товламачилар мамлакат бўйлаб таралаётган нодон қўшиқлари туфайли ўзларига ўхшаган «мухлис»лар ҳам топишди. Катта-катта концерт заллари уларга эшикларини ланг очиб бергандан сўнг яна нима бўлади? Бу ҳам етмагандай, улар қатор-қатор китобларини чоп эттириб, китоб дўконларини тўлдириб ташлашди. Бу чиқинди китобларни сотиб оладиганлар ҳам чиқиб қолди. Бу ҳодисага «ҳа, энди бир кун йўқ бўлиб кетади», деб кулиб ҳам қараш мумкин. Аммо уларнинг бўйнида «чироқ ёруғида» «Ўткан кунлар»ни ўқиган халқимизнинг дидини бузишдек жуда катта гуноҳ турганини англасак, бу қадар бепарво бўлмаслигимиз лозим. Ахир, шеър нималигини билмайдиган қўшиқчию ҳаваскордан ҳам паст қаламкаш қандай қилиб бутун мамлакатни забт этиши мумкин? Биз – юқорида ҳам, пастда ҳам — маънавияту маърифатдан кўп гапирамиз. Ҳар бир сўзимизда ҳазрат Навоийни муборак исмларини келтирамиз. Аммо мудраб ўтириб, халқимизнинг дидини бузаётган бу истеъдодсиз ишбилармонларга бемалол ҳаракат қилишларига катта йўл очиб бердик. Уларнинг зиёни адабиёт учун ниҳоятда катта.

Энди хушомадгўйлар хусусида. Уларнинг орасида истеъдодли одамлар ҳам бор. Аммо адибнинг қадри фақат ва фақат қай даражада ёзаётганлари билан ўлчанишини, адабиётнинг вазифаси нимадан иборат эканлигини баъзан унутиб қўймоқдалар. Улар мартаба – унвону мукофотларга етишнинг осон йўлларини топиб олдилар. Айниқса, Ватан мавзусини «савдо»га олиб чиқиш ниҳоятда бепарда бир тус олаяптиким, бу энди кечириб бўлмайдиган ҳолдир. Омон бўлгур чаласавод қўшиқчиларимиздан баъзилари менга ҳам Ватан ҳақида шеър ёзиб беришни илтимос қилган пайтлари бўлди. Бу мавзуга нима учун қизиқиб қолганларини суриштирганимда, «мен ҳам бир унвон олсам…» деган жавобни эшитганман. Кўнглим вайрон бўлган. Булар қанақа одамлар? Уятлари йўқ. Андишанинг кўчасидан ўтишмаган. «Ака, мен Ватанни яхши кўраман» деса, олам гулистон эдику! Мана, каттаю кичик Ватанни бунёд этиш – янада кўркам, янада кучли, янада ҳур ва озод кўриш ишқида ёниб юрган пайтда бу алдаркўсалар нималар билан шуғулланиб юришибди! Адабий хушомад, ялтоқланиш — феодал замонлардан қолиб кетган сарқит. Ундан тезроқ қутулишимиз лозим. Ватанни, элу юрт дардини фақат тоза кўнгил билан ёзмоқ (ёки ижро этмоқ) зарур. Мен ҳам Ватан ҳақида — Истиқлолдан аввал ҳам, кейин ҳам — энг кўп ёзган қаламкашлардан бириман. Айтишларича, ёмон ёзмаганман. Аммо бирор сатримга манфаат сояси тушмаган. Аксинча, шўролар даврида бошимдан нималар ўтмади дейсиз! Мустақилликдан кейин ҳам Ватан ҳақида кўп ёздим. Буни англашингиз учун «Тонг отган тарафларда» драмамни ўқиб кўришингизнинг ўзи кифоя… Ватанни яхши кўрган бир қаламкаш сифатида айтаманки, у хушомадни эмас, самимиятни, ҳалолликни яхши кўради.

— Ҳаётнинг аввали ҳам, охири ҳам Сўз дейишади. Шоир Сўзининг қадри ҳақида нима дейсиз?

— Тангри таолонинг «Ярал» деган нидосидан сўнг олам бунёд бўлган экан. Шу сабабдан, сўз фақат алоқа воситаси эмас. Унинг илоҳий бир ибтидоси ҳам борким, бу сифати учун ҳам сўз билан муомала қиладиган касб эгалари уни жуда эъзозлаб, қадрлаб – юрагу илҳом завқи билан ўлчаб ишлатмоқлари зарур. Сиз айтаётган, сўз масъулияти ўшанда пайдо бўлади. Чунки шеърда маълум сатрнинг маълум жойида унга мос фақат биттагина сўзни қўйиш мумкин бўлади. У сўзни топиб, ўрнига қўйилганда, сўзлар (оҳангу қалб шавқига қўшилиб) ўзаро аниқ мутаносиблик — сеҳр кашф этади-да, шеърга айлана боради. Шеърхон қалбини жунбушга келтирадиган алоҳида бир гўзаллик, алоҳида бир ҳақиқат — юқорида айтганимдай, ҳеч ким тушунтириб беролмайдиган, аммо юрак билан ҳис этиладиган санъат мўъжизаси пайдо бўлади. Бу мўъжизани яратиш эса фақат худо берган – чинакам шоирларга насиб этади. Шеър — Оллоҳнинг мўъжизаси — сўз билан истеъдод илҳоми учрашган жойдагина содир бўлади. Яна бир мулоҳаза: Сўз ёлғонни, носамимийликни, эринчоқликни, беписандликни, беилҳом ижодни, шуҳратпарастликни, қаллобликни ёқтирмайди. Сўзга бу тарзда муносабатда бўладиганлар эса Адабиётда из қолдирмасдан, йўқлик қаърига сингиб кетадилар.

— Устоз шоир сифатида ёшларнинг ижодини кузатиб борасиз. Бугунги ёзилган асарлардан кўнглингиз тўладими? Қандай маслаҳатларингиз бор?

— Адабиётда яхшигина шеър ёзаётганлар, назаримда, анчагина. Негадир уларнинг сафида қизларимиз кўпроқ. Маслаҳатим эса оддийгина: худо берган истеъдодни хор қилманг.

— Охирги пайтларда камнамо кўринаяпсиз? Нималар ёзаяпсиз?

— Ўтган йили ёмон ишламадим. Анчагина шеърлар ёздим; Амир Темурга бағишланган «Адолат фасли» деган тарихий драмани битирдим; Молъернинг «Тартюф» деган шеърий драмасини таржима қилдим; бир неча китобга тартиб бердим, насрда ҳам нималардир ёзган бўлдим. «Шарқ юлдузи» эса мен учун жуда муҳим бўлган бир ҳикоямни эълон қилди. Яна нима? Ҳа, «Сайланма»ларимни биринчи жилди босмадан чиқди. Шу кунларда «Еру Осмон орасида» драмасининг ва анчадан буён ёзилаётган «Сўнгсўзлар» китобининг охирига етай деб уриняпман.

Ситора ТОЖИДДИНОВА суҳбатлашди
Манба: «Ҳуррият» газетаси, 15.02.2017

5_n.jpgShunday shoirlar borki, u elining yuzini yorug‘, nomini ulug‘ qiladi. Ularning ijodini ko‘tarib dunyoga bo‘ylagan xalqning bo‘yi osmon bo‘ladi. Boisi ular faqat qalbida borini yozadi, boshqani emas. Qalbning esa millati bo‘lmaydi. O‘zbekiston halq shoiri Usmon Azim «Dunyo va odam haqida yoz»adigan, «Xudo ko‘ngliga solganini yoz»adigan ijodkor. Shoir bilan she’r va so‘z qadri haqida gurunglashdik.

ENDI SO‘ZGA SIG‘MAS BIZLARNING SUHBAT
O‘zbekiston xalq shoiri Usmon Azim bilan suhbat
09

004Usmon Azim 1950 yil 13 avgustda Surxondaryo viloyatining Boysun tumanida tavallud topgan. O‘zbekiston xalq shoiri (2000). Gruziyaning Mayakovskiy nomidagi Davlat mukofotiga sazovor bo‘lgan (1982). «Do‘stlik» ordeni sohibi (1998). ToshDUning jurnalistika fakultetini tugatgan (1972). Ilk kitobi — «Insonni tushunish» (1979). «Holat» (1979), «Oqibat» (1980), «Ko‘zgu» (1983), «Surat parchalari» (1985), «Dars» (1985), «Ikkinchi aprel» (1987), «Baxshiyona» (1989), «G‘aroyib ajdarho» (1990), «Uyg‘onish azobi» (1991), «G‘ussa» (1994), «Uzun tun» (1994), «Saylanma» (1995), «Kuz» (2001) kabi she’riy va «Jodu» (2003) va boshqa bir qator nasriy to‘plamlari nashr etilgan. Dramalar ham yozgan («Bir qadam yo‘l». 1997; «Alpomishning kaytishi», 1998 va boshqa). «Alisher Navoiy» kinoqissasi (1990), «Alpomish» kinodostoni (1997), «Sevgi» (1998, shu nomli hikoya asosida) va 2 seriyali «Alpomish» (2000) filmlarining ssenariysiga mualliflik qilgan. Pol Elyuar, Oyar Vatsiyetis, Husni Dog‘larja, Andrey Voznesenskiy, Yustinas Marsinkyavichyus va boshqa taniqli shoirlarning asarlarini o‘zbek tiliga tarjima qilgan.

09

— Usmon aka, avval ham, hozir ham, bundan keyin ham adabiyot — adab, ya’ni odob fani bo‘lib qolaveradi. Ehtimol, shu boisdan she’riyatga ehtiyoj sezilar. To‘g‘ri, bugun tarbiya vositalari ko‘p. Lekin inson kamolatida adabiyotning o‘rni bo‘lak. Keling, suhbatimizni she’riyat va qalb tarbiyasidan boshlasak.

— Insoniyat hamisha yaxshilik va yomonlikni, ezgulik va yovuzlikni, halol va haromni farqlab yashashga harakat qilgan. Odam dunyoga kelib, es-hushini taniy boshlagan paytdan – oiladan boshlanadigan tarbiya natijasida odob-axloqning ongu shuurga singib ketgan – yozilmagan qoidalari asosida yashay boshlaydi. Ammo bu qoidalarning shaytoniy kimsalar va ularga ergashishga moyillar hamisha buzishga harakat qilganlar. Shu sababdan bu qadriyatlarni odamlarga bot-bot eslatib turish zaruriyati tug‘ilgan. Oqibatda, bu qoidalar azaldan «nasihatnoma»lar yoxud didaktik asarlar sifatida namoyon bo‘lgan. Jumladan, bu qabildagi asarlar she’riy tarzda ham yozilgan (Zotan, she’riy ohang matn bilan yurak orasidagi masofani qisqartiradi, xotirada mahkam qoladi. Xalq maqollarini va topishmoqlarning she’riy ifodasini eslang). Bu she’riyatning odamlar turmush tarziga, hayot yo‘sinlariga «amaliy yordamidir», ya’ni uning «odob fani» sifatida ko‘rinishidir. Ammo she’riyat tushunchasining qamrovi bu tushunchadan nihoyatda keng, teran va yuksakdir. U jo‘nlik va bir qarashda ko‘zga tashlanadigan «aqllilik»dan nihoyatda baland. U dunyoga sig‘mas dard, toshqinlangan tuyg‘u, haqiqatning va hayotning ma’nosini anglash yo‘lida alangalangan yurak – bir so‘z bilan aytganda, inson ruhiyatining bezovta tasviridir. She’riyat shu qadar nozik va o‘zgacha tuyg‘ular mantig‘iga asoslanadiki, uning mohiyatini tushuntirmoq haligacha udda etilmagan. Ne-ne nuktadon olimlar she’rni san’atning tushuntirib bo‘lmaydigan sohasi ekanligini aytib o‘tishadi. She’riyatning, siz aytaningiz, qalb tarbiyasidagi o‘rni esa beqiyosdir. U ruhi yuksak va qalbi ozoda zotlarni tarbiyalaydi. Bu zotlar inson va insonlar yaratgan dunyoning nomukammalligini va torligini hamisha anglab turadi. Ilohiy ilhomga yo‘g‘rilgan she’riyat ruhu fikrat, dardu tuyg‘uning haqiqiy qiyofasini yaratadi; Parvardigor yaratgan olamning mukammalligi va go‘zalligidan hayratga tushadi. Bu yuksaklik va ozodalikning jonsarak harakatidan yaralgan bir tola yog‘du esa falakka – Parvardigor sari intiladi. Sezib turibsiz, endi gap «yor» deb Parvardigor ishqida kuygan Alisher Navoiydek bemisl shoirlarning she’riyatiga yetib keldi…

— Yaxshi she’rlar har doim ham tug‘ilavermaydi…

— Bizda yaxshi she’rlar yozadigan shoirlar hamisha bo‘lgan. Abdulla Oripov va Erkin Vohidovlardan boshlab esa, shoirlar ijodida yaxshi she’rlar foizi nihoyatda ortdi. Kechagina yashab o‘tgan Shavkat Rahmonning she’rlarini eslang. U nihoyatda baland she’rlardan iborat meros qoldirdi. Yaxshi she’r yozish, albatta, qiyin. Iqtidorli kitobxonga manzur bo‘larli she’r yozish uchun esa iste’doddan boshqa juda ko‘p sifatlar — bu kasbning siru sinoatlarini chuqur o‘qib-o‘rganish, yuqori intellekt, bezovta fe’lu atvor, uzluksiz ilhom qamrovida yashashni udda etish, mehnatkashlik… va yana ko‘pdan-ko‘p fazilatlar kerak. Buning ustiga, ijod qilish uchun sharoit ham zarur. Biroq hozirgi noshirlar adibu shoirlar mehnatini qadrlashni o‘rganmaganlar. «Badiiy asar osmondan tushadi», deb o‘ylasalar kerak. Bunday kasofat qarashlar tufayli ko‘p ijodkorlarimiz mehnatiga yarasha taqdirlanmayaptilar.

— Turli xizmat vazifalari, safarlar, tadbirlar bois ijodkor xohlagan payti yozuv stoliga yaqin kelolmaydi. Uning zimmasida esa yozish mas’uliyati turibdi. Sizningcha, ijodkor oldidagi mas’uliyat nima?

— Yozish mas’uliyati shoirning o‘z iste’dodi oldidagi javobgarligidir. O‘z iste’dodiga mas’uliyatsiz qaragan ijodkorning iqtidori to‘liq ochilmaydi. Ijodga mas’uliyatsizlik — ijodkorga iste’dod tortiq etgan Qodir egamning oldida beqiyos gunohdir. Axir, she’r kerak bo‘lmaganda, Olloh shoirlarni dunyoga keltirarmidi? Ehtimol, she’r ham xuddi non kabi zaruriyatdir? Ehtimol, she’riyat insonga insonligini eslatib turish uchun berilgan mukofotdir? Ehtimol, she’r bu — so‘z, fikrat va ohang mutanosibligi – bozor dunyoda ko‘ngil borligini ham odamlarga ayon etadigan bir mo‘’jizadir? Shunday mo‘’jizani yaratadigan shaxs – shoir ijodiy tartibni har qanday sharoitda ham o‘rinlatmog‘i lozim. Zotan, shoirdan tadbirlar emas, she’rlar qoladi. Bu jabhada davlatu xalq ishini ham, ijodni ham bag‘oyat o‘rinlatgan hazrat Alisher Navoiydan o‘rnak olsak yarashadi. Yana qaytarib aytaman, ijodiy tartib juda zarur.

— Sizning she’rlaringizni o‘qiganimizda jahon she’riyatidan qolishmasligiga guvoh bo‘lamiz.

— Bu lutfingiz uchun katta rahmat. Ammo Navoiydek shoiri bor adabiyotda ijod qilishning ham o‘ziga yarashiq, yuqorida aytganimizday, mas’uliyati bor.

— Ijod maydonida doim ichki ijodiy «musobaqa» bo‘lgan…

— Bu musobaqada doim iste’dodli odamlar yutib chiqqaniga guvoh bo‘lganman.

— Ammo ijodiy birodarlik, bir-birini qo‘llab-quvvatlash haqida ham ko‘p eshitganmiz.

— Xudoga shukur, bunday ezgu fazilatlar adabiyotimiz namoyandalarini qon-qoniga singib ketgan. Masalan, mening o‘zimni qo‘llab-quvvatlagan ijodkor akalarimni, birodarlarimni, ukalarimni sanab ado qilolmayman. Bu qo‘llab-quvvatlashlar ijod qilishimga qanot bergan. Adabiyotda bunday ezgu birodarlik, yelkadoshlik hamisha barqaror. Birgina hazrat Alisher Navoiyning faoliyatini eslang. Bu ulug‘ zot qanchadan-qancha shoiru olim, fuzaloyu ulamolarga homiylik qilgan, ko‘nglini ko‘targan, faoliyatlari uchun sharoit yaratgan. Abdulla Qahhor atrofida ham iste’dodli ukalari uymalashgan. Zotan, Abdulla Qahhor — zabardast adib va haqiqiy adabiyot uchun kurashgan buyuk shaxs — uka hamkasblarini qo‘lidan kelganicha qo‘llab-quvvatlashga harakat qilgan. Endigina adabiyotga kirib kelayotgan Abdulla Oripov va Erkin Vohidovlarning she’rlaridan hikoyalariga epigraf olgan (bu ish dalda berishning va muhofaza etishning eng nazokatli va nihoyatda o‘rinli ko‘rinishi); boshlovchi adiblar — Shukur Xolmirzayevu O‘tkir Hoshimovlarga xat yozib, ko‘nglini ko‘targan. To‘lepbergen Qaipbergenovning ilk qissasini o‘qib, o‘zi tarjima qilishga tushgan. Yana bir misol: O‘tkir Hoshimovning «Bahor qaytmaydi» asaridagi «Ketmakdaman» radifli g‘azal Abdulla Oripov qalamiga tegishli. Abdulla aka ijodkor do‘stiga hadya etgan bu she’rni keyin biror-bir joyda o‘z nomlari bilan e’lon qildirmaganlar. Shukur Xolmirzayevning «Qilko‘prik» romanidagi «Kuydi jonim» deb mashhur qo‘shiq bo‘lgan she’r ham aslida shoir ukalaridan birining qalamiga mansub… Bu tarzda bir-biriga himo berish, ming shukurki, adabiyotimizda odatiy hol. Biror iste’dodli odam kamsitilganda, «urilganda», yoxud hujumkor iste’dodsizlik behayolarcha oqni qora deb turganda, mardona so‘zni aytish ham katta iste’dodlarimizdan qolgan merosdir. Eng muhimi, halol yashab, ozod ruh bilan yozish urfi har bir katta iste’dodning o‘zidan keyin keladiganlariga qoldirgan eng tub asos vasiyatidir. Haqiqiy adabiyot, aslida, o‘quvchiga ko‘ngil hurligini baxsh etadigan yorug‘lik – insonga insonligini eslatib turadigan Ollohning ne’matidir.

— Umrida biror badiiy asarni oxirigacha o‘qimay turib, umrguzaronlik qilayotganlar bor. Ammo o‘qigan, kitob ko‘rgan odamni xalqimiz hamisha boshiga ko‘targan. Kitobxonlik xalqimizning qon-qoniga singib ketgan. Bobolarimiz, momolarimizning chiroq yorug‘ida tongga qadar mutolaa bilan shug‘ullanganini siz ham bir suhbatingizda aytib o‘tgansiz.

— Kitobning paydo bo‘lishi — insoniyatning eng buyuk ixtirosi. Insoniyat kitob paydo bo‘lishini nihoyatda orziqib – besabrlikda kutgan. Ajdodlarimiz bu besabrlikda toshlarga ham bitiklar yozganidan xabaringiz bor. Bir bobomiz bu tosh bitiklar orqali kelajak avlod bilan suhbat qurmoqchi bo‘lgan! «Men shunday azobda to‘zg‘igan elimni qayta yaratdim”, deb bayoni hol etgan! O, bizning bobolarimiz!.. Kitob yaralgandan so‘ng esa insoniyatda mangulikka da’vogar xotira paydo bo‘ldi. Ilgari shamollarga sovurilgan umrlar, voqealar, dardu hasratlar, his-tuyg‘ular va orzu-armonlar silsilasi qog‘ozga tushgach, boqiylik kasb eta boshladi. Aql va ko‘ngil suv ichadigan ma’naviy chashmalar dunyoga keldi. Kitob Ollohning bandalariga bergan beadad in’omi – ilm, adabiyot, ma’rifat va ma’naviyat jam bo‘lgan bir akkumulyatorki, insoniyat ming turfa yo‘llarda undan quvvat oladi. Oldinga intilayotgan bezovta ruh, kashf etish yo‘lida holsirashlar kitobda jamlangan ilm va ruhdan qanoatlansagina, uning parvozi shiddatli kechadi. Kitobga oshnolik jamiyatning rivojlanishiga hissa qo‘shadigan shaxslarni dunyoga keltiradi. Ular tufayli istiqbol tezroq bugunga aylanadi – mukammalroq, odamlarning turmushi va ko‘nglini yayratadigan tarzda amalga oshadi. Bunday odamlar bizda hamisha bo‘lgan. Mustaqillik kelmasdan burun Surxondaryoning Angorida Abdumurod Lapasov degan odam rahbarlik qilgan. O‘zbek qadriyatlari yerga urilayotgan bir paytda shu odam shahardagi ro‘parama-ro‘para qurilgan ikki yangi binoning biriga «Alpomish», biriga «Oybarchin» deb nom qo‘yib, porlatib yozdirib qo‘ydi. Ularning yonidagi shaharlararo bekatni esa «Boychibor» deb, atadi. «O‘zbeklar ishi» gurillab turgan paytda bu rahbarning katta jasorati edi. O‘sha paytlar Surxondaryoga bir borganimizda, u kishining uyiga ma’rifatparvar olimimiz Shuhrat Rizayev bilan birga mehmon bo‘ldik. Katta bir tumanning rahbari adabiyotdan so‘z ochib, ikkalamizni ham lol qoldirib o‘tirdi. Savollari ham antiqa edi. Masalan, «Rauf Parfi haqida falonchi falon jurnalda bunday, falon gazetada falonchi unday, degan. Endi qaysi biri to‘g‘riroq?». Asl kasbi zootexnik bo‘lgan Abdumurod aka adabiy jurnalu gazetalarni bir olim kabi sinchiklab o‘qiganidan o‘shanda hayron qolganmiz. «Surxondaryongizda ajib odamlar bor-a!», degan Shuhratjon zavqlanib. Men esa ichimda shunday ajib odamlar yashaydigan Surxondaryo uchun faxrlanib o‘tirganman. Abdumurod aka Mustaqillik davrida ham Surxondaryoda ko‘p yillar rahbarlik lavozimida ishladilar. Men u kishidan norozi bo‘lgan odamni uchratmadim Aksincha, bu odamdan gap ketsa, barchaning yuzi yorishganiga guvoh bo‘ldim. Abdumurod aka, o‘sha siz aytganingiz, chiroq yorug‘ida, tong otguncha kitob o‘qigan; baxshilarni eshitib, mast bo‘lgan ota-bobolarimizning farzandi, merosxo‘ri. Men ham chiroq atrofida kitob mutolaa etganlarning avlodiman. Bolaligimdagi bunday kitobxonliklar haqida she’rxonlarga ko‘p gurung berganim uchun gapni qisqa qilaman. Ammo bir gapni ta’kidlab aytishga to‘g‘ri keladi: kitob o‘qiydigan odamlar millatni millat qiladigan shaxslardir. Chunki ular ko‘rib turgan dunyolaridan boshqa dunyolar borligini bilib yashaydilar. Olamni keng tasavvur etadilar. Dunyoning oldida turgan muammolarni teran ko‘radilar… Albatta, kitobdan begona odamlar ham bor. Ular o‘zlarining kunlarini o‘zlari ko‘rib yashasalar, ha, mayli, ammo, deylik, biror joyga boshliq bo‘lsalar, odamlarning sho‘ri shu. Bejiz O‘zbekiston Prezidenti Shavkat Mirziyoyev kitob haqida, uning hayotimizdagi o‘rni to‘g‘risida qayta-qayta gapirayotganlari yo‘q. Masalan, kadrlar tanlashdagi qiyinchilik haqida so‘zlaganlarida, kitobxonlik tufayli paydo bo‘ladigan yetuklik ba’zilarda yetishmasligini ko‘zda tutayotgan bo‘lsalar ham, ajab emas. Chinakam o‘qimishli kishining esa kasbi-koriday sa’y-harakati ham nurlanib turadi.

— Sizni shoir qilgan kitoblarga to‘xtalib o‘tsangiz.

— Bu savolga ham ko‘p javob berganman. «Alpomish»u «O‘tgan kunlar»ning taqdirimdagi roli haqida ham suhbatlarda aytganman. Endi havasmand bir-ikki kitob o‘qigani bilan yozuvchi bo‘lib qolmasligi haqida gapirsam deyman. O‘qib-o‘rganishning cheki yo‘q. Mutolaa bir umrlikdir. Har bir iste’dodli asar havasmandni professionallik sari boshlab boradi. Buyuk adiblarning iste’dodi singgan satrlardagi mahoratdan nimalardir senga ham o‘tadi. Ko‘ngling o‘sadi. Yuksak intellekt paydo bo‘ladi. Ruhning parvozi hormas tus oladi. Ilhomning mag‘zi to‘q bo‘ladi. Shu sabab, yozishga ixlosi bor odam xalq ijodidan tortib mumtoz adabiyotimizni, zamonaviy va jahon adabiyotini chuqur o‘zlashtirishi lozim… Ha, aytganday, hozir juda ko‘p – yuzlab kitoblarni yaxshi ko‘raman.

— «Men shoirligimdan uyalaman», degan ekan taniqli ijodkorlardan biri. Balki so‘zni arzon bahoga sotayotganlar, balandparvoz gaplardan nariga o‘tolmayotganlarning kasridir bu?

— Azaldan adabiyotda haqiqiy ijodkorlardan tortib, havaskorlikdan nariga o‘tolmaydiganlar baholu qudrat ijod qilishgan. Men halol – o‘ziga yarasha ijod qiladiganlarning barchasini juda hurmat qilaman. Chunki ular bu – toza ko‘ngilli odamlar – adabiyotimizning tolmas targ‘ibotchilaridir. Bunday odamlar mamlakatimizning har bir mintaqasida, tumanlarida, ovulu qishloqlarida topiladi. Eng muhimi, ular tufayli joylarda adabiyot chirog‘i o‘chmay, yonib turadi. Qaysidir chet qishloqda bir bolakay ilk satrlarni yoza boshlaganini tasavvur qiling. U bola she’rlarini kimga olib keladi? O‘sha – adabiyotni halol yaxshi ko‘radigan zotga! U zot daldayu maslahatlari bilan bu bolaning ko‘nglida miltiray boshlagan olovga kuch beradi. Ehtimol, o‘sha bola payti kelib, bir daho shoirga aylanar. To‘g‘rimi? Men ham bolaligimda adabiyotni e’zozlaydigan o‘sha ustozlardan ko‘p narsa olganman va ularni hamisha hurmat bilan eslayman.

Ana endi «so‘zni arzon bahoga sotayotgan» savdogarlar haqida gaplashsak bo‘ladi. Ularning aksariyati shou-biznesning yog‘liq biqiniga kanalarga o‘xshab yopishib olishgan. Shou-biznesdagi o‘tkinchi qo‘shiqchilarning didsizligi ularga juda qulay keldi. She’rni tushunmaganlarni avrash juda osonda! Natijada, ularga o‘zlarini shoir deb ko‘rsata olgan bir tiyinga ham arzimaydigan bu qalloblar studiyalarni ham, radio va televideniyeni ham tamom zabt etishdi. O‘sha joyda o‘tirgan mas’ul xodimlardan birortasi «bu she’r emasku», degan gapni aytishga jur’at qilolmadi. Chunki yo o‘zlarining tishlari she’rga o‘tmaydi, yo bu bozor ishda biror «savdo»lari bor. Bu tovlamachilar mamlakat bo‘ylab taralayotgan nodon qo‘shiqlari tufayli o‘zlariga o‘xshagan «muxlis»lar ham topishdi. Katta-katta konsert zallari ularga eshiklarini lang ochib bergandan so‘ng yana nima bo‘ladi? Bu ham yetmaganday, ular qator-qator kitoblarini chop ettirib, kitob do‘konlarini to‘ldirib tashlashdi. Bu chiqindi kitoblarni sotib oladiganlar ham chiqib qoldi. Bu hodisaga «ha, endi bir kun yo‘q bo‘lib ketadi», deb kulib ham qarash mumkin. Ammo ularning bo‘ynida «chiroq yorug‘ida» «O‘tkan kunlar»ni o‘qigan xalqimizning didini buzishdek juda katta gunoh turganini anglasak, bu qadar beparvo bo‘lmasligimiz lozim. Axir, she’r nimaligini bilmaydigan qo‘shiqchiyu havaskordan ham past qalamkash qanday qilib butun mamlakatni zabt etishi mumkin? Biz – yuqorida ham, pastda ham — ma’naviyatu ma’rifatdan ko‘p gapiramiz. Har bir so‘zimizda hazrat Navoiyni muborak ismlarini keltiramiz. Ammo mudrab o‘tirib, xalqimizning didini buzayotgan bu iste’dodsiz ishbilarmonlarga bemalol harakat qilishlariga katta yo‘l ochib berdik. Ularning ziyoni adabiyot uchun nihoyatda katta.

Endi xushomadgo‘ylar xususida. Ularning orasida iste’dodli odamlar ham bor. Ammo adibning qadri faqat va faqat qay darajada yozayotganlari bilan o‘lchanishini, adabiyotning vazifasi nimadan iborat ekanligini ba’zan unutib qo‘ymoqdalar. Ular martaba – unvonu mukofotlarga yetishning oson yo‘llarini topib oldilar. Ayniqsa, Vatan mavzusini «savdo»ga olib chiqish nihoyatda beparda bir tus olayaptikim, bu endi kechirib bo‘lmaydigan holdir. Omon bo‘lgur chalasavod qo‘shiqchilarimizdan ba’zilari menga ham Vatan haqida she’r yozib berishni iltimos qilgan paytlari bo‘ldi. Bu mavzuga nima uchun qiziqib qolganlarini surishtirganimda, «men ham bir unvon olsam…» degan javobni eshitganman. Ko‘nglim vayron bo‘lgan. Bular qanaqa odamlar? Uyatlari yo‘q. Andishaning ko‘chasidan o‘tishmagan. «Aka, men Vatanni yaxshi ko‘raman» desa, olam guliston ediku! Mana, kattayu kichik Vatanni bunyod etish – yanada ko‘rkam, yanada kuchli, yanada hur va ozod ko‘rish ishqida yonib yurgan paytda bu aldarko‘salar nimalar bilan shug‘ullanib yurishibdi! Adabiy xushomad, yaltoqlanish — feodal zamonlardan qolib ketgan sarqit. Undan tezroq qutulishimiz lozim. Vatanni, elu yurt dardini faqat toza ko‘ngil bilan yozmoq (yoki ijro etmoq) zarur. Men ham Vatan haqida — Istiqloldan avval ham, keyin ham — eng ko‘p yozgan qalamkashlardan biriman. Aytishlaricha, yomon yozmaganman. Ammo biror satrimga manfaat soyasi tushmagan. Aksincha, sho‘rolar davrida boshimdan nimalar o‘tmadi deysiz! Mustaqillikdan keyin ham Vatan haqida ko‘p yozdim. Buni anglashingiz uchun «Tong otgan taraflarda» dramamni o‘qib ko‘rishingizning o‘zi kifoya… Vatanni yaxshi ko‘rgan bir qalamkash sifatida aytamanki, u xushomadni emas, samimiyatni, halollikni yaxshi ko‘radi.

— Hayotning avvali ham, oxiri ham So‘z deyishadi. Shoir So‘zining qadri haqida nima deysiz?

— Tangri taoloning «Yaral» degan nidosidan so‘ng olam bunyod bo‘lgan ekan. Shu sababdan, so‘z faqat aloqa vositasi emas. Uning ilohiy bir ibtidosi ham borkim, bu sifati uchun ham so‘z bilan muomala qiladigan kasb egalari uni juda e’zozlab, qadrlab – yuragu ilhom zavqi bilan o‘lchab ishlatmoqlari zarur. Siz aytayotgan, so‘z mas’uliyati o‘shanda paydo bo‘ladi. Chunki she’rda ma’lum satrning ma’lum joyida unga mos faqat bittagina so‘zni qo‘yish mumkin bo‘ladi. U so‘zni topib, o‘rniga qo‘yilganda, so‘zlar (ohangu qalb shavqiga qo‘shilib) o‘zaro aniq mutanosiblik — sehr kashf etadi-da, she’rga aylana boradi. She’rxon qalbini junbushga keltiradigan alohida bir go‘zallik, alohida bir haqiqat — yuqorida aytganimday, hech kim tushuntirib berolmaydigan, ammo yurak bilan his etiladigan san’at mo‘’jizasi paydo bo‘ladi. Bu mo‘’jizani yaratish esa faqat xudo bergan – chinakam shoirlarga nasib etadi. She’r — Ollohning mo‘’jizasi — so‘z bilan iste’dod ilhomi uchrashgan joydagina sodir bo‘ladi. Yana bir mulohaza: So‘z yolg‘onni, nosamimiylikni, erinchoqlikni, bepisandlikni, beilhom ijodni, shuhratparastlikni, qalloblikni yoqtirmaydi. So‘zga bu tarzda munosabatda bo‘ladiganlar esa Adabiyotda iz qoldirmasdan, yo‘qlik qa’riga singib ketadilar.

— Ustoz shoir sifatida yoshlarning ijodini kuzatib borasiz. Bugungi yozilgan asarlardan ko‘nglingiz to‘ladimi? Qanday maslahatlaringiz bor?

— Adabiyotda yaxshigina she’r yozayotganlar, nazarimda, anchagina. Negadir ularning safida qizlarimiz ko‘proq. Maslahatim esa oddiygina: xudo bergan iste’dodni xor qilmang.

— Oxirgi paytlarda kamnamo ko‘rinayapsiz? Nimalar yozayapsiz?

— O‘tgan yili yomon ishlamadim. Anchagina she’rlar yozdim; Amir Temurga bag‘ishlangan «Adolat fasli» degan tarixiy dramani bitirdim; Molyerning «Tartyuf» degan she’riy dramasini tarjima qildim; bir necha kitobga tartib berdim, nasrda ham nimalardir yozgan bo‘ldim. «Sharq yulduzi» esa men uchun juda muhim bo‘lgan bir hikoyamni e’lon qildi. Yana nima? Ha, «Saylanma»larimni birinchi jildi bosmadan chiqdi. Shu kunlarda «Yeru Osmon orasida» dramasining va anchadan buyon yozilayotgan «So‘ngso‘zlar» kitobining oxiriga yetay deb urinyapman.

Sitora TOJIDDINOVA suhbatlashdi
Manba: «Hurriyat» gazetasi, 15.02.2017

0045

(Tashriflar: umumiy 1 359, bugungi 1)

Izoh qoldiring