Zebo Mirzo. Ko‘zlarim ko‘zingda tursin jaranglab…& Men nima uchun yozaman? & Zebo Mirzo «Qaqnus»da she’r o’qiydi

07   Бугун таниқли ўзбек шоираси Зебо Мирзо таваллуд топган кун

Сўзлар ҳам осмондан тушади, агар кўнглингиз осмонга етган бўлса… Ижод бу Илоҳ билан сирлашувдир. Шеър бу тазарру, кўз ёши, муножот ва ҳатто исён ҳам бўлиши мумкин, кўнглидан енгилган инсон учун. Бироқ бу ҳол шу лаҳзада, шу сонияда Илоҳ ва Инсон қалби ўртасидаги ҳол, сир.

Зебо МИРЗО
МЕН НИМА УЧУН ЁЗАМАН?
02

07 «Гулистон» журнали 2014 йил 6-сонида ёзувчиларга «Ижодкорни қўлга қалам ундаган хусус нима?» деган савол билан мурожаат қилган эди. Сайтимизда бу саволга жавоб берган икки таниқли адиб — Назар Эшонқул ва Абдуқаюм Йўлдошев жавобларини эълон қилган эдик. Журналнинг 2015 йил 1-сонида шеърият мухлисларига яхши таниш шоира Зебо Мирзонинг юқоридаги саволга берган жавоблари босилди. Хўш, Зебо Мирзо нима учун шеър ёзади?

02

— Ёзишни билмаганим учун…
Дафъатан шу фикр «ярқ» этиб ўтди. Сўраш шартми, ҳаммаси аёнку! Жавоб савол ичида.

Бироқ нимаси аён? Мени кимдир берган саволлар эмас, ўзимга ўзим берган саволлар кўпрок қийнайди… Эҳтимол, ўша тубсиз саволларга жавоб излаганим боис ёзарман. Эҳтимол, ёзмасликни уддалай олмаганим учун?..

СЎЗ КЕЛАДИ. Сўзлар ҳам осмондан тушади, агар кўнглингиз осмонга етган бўлса… Ижод бу Илоҳ билан сирлашувдир. Шеър бу тазарру, кўз ёши, муножот ва ҳатто исён ҳам бўлиши мумкин, кўнглидан енгилган инсон учун. Бироқ бу ҳол шу лаҳзада, шу сонияда Илоҳ ва Инсон қалби ўртасидаги ҳол, сир. Уни ўзгалар ўқиши шарт эмас!

Бу йўл.. Яратганга йўл. Келиш, қайтиш.. етиш ва яна нималар деб атаманг, бу талпинишнинг руҳи битта — Ёлғизлик.

Бу шундай ҳолатким, бу ҳол ичида Унинг Ўзидан бошқа сиғмайди. «Мен вақт ичида, вақn менинг ичим-да», дейди Боязид Бистомий.

Шу пайтгача мен айтиш муҳим деб билардим. Бугун англадимки, айтмаслик қудрати ундан ҳам кучлироқ экан! Сир — бу Қурбият…

Ҳаллож шоир эди, шу боис у енгилди. Айтолмасликнинг юкини кўтара олмаганидан эмас, шунчаки айтиш завқи, руҳининг ҳайрати, хослик хислати теран донолик сукутидан устун келди.

«Сен Ҳаллож ҳам, Боязид ҳам эмассан, нима учун ёзасан, Зебо?» — деб сўрайман ўзимдан. Билмайман…

Билим, мутолаа, тафаккур, тасаввур, тахайюл, бадиий маҳорат, дид — савия ва услуб… Буларнинг бари ва ҳеч бири…

Илҳом онларисиз, жазбасиз асл асарни ёзиб бўлмайди.

Ҳар бир қалб Илоҳ қаршисида тиз чўкмас, парчаланмас, азоб қояларига парчинланмас ва яна қалбга таяниб юксалмас экан, асл ижод намунасини ярата олмайди. Зеро, Арш қалби иштирок этмаган бирор ҳодисанинг ўзи йўқ…

Бу тўқималар маконсиз ва замонсиз, илдизсиз дарахт каби вақт бўронларига дош бера олмайди… Назм аслида насрдан ўсиб чиқади. Наср дунёсига ғарқ бўлмай туриб, яхши шоир бўлиш қийин. Бу худди Ой ва Уммоннинг бир-бирига муносабати каби муштарак…

Инсон деган буюк хилқатнинг буюклигию ожизлиги, сирлилигию мураккаблигини бирдай қудрат билан очиб беришга қодир Назар Эшонқулнинг шундай асарларини ўқиганимда назмнинг жуда улкан ички ер ости дарёлари бир нафас тўлқинида оқиб ўтаётганини ҳис қиламан… Кенглик ва қисқалик, юксаклик ва теранлик. Истеъдод қирралари бари-бир тасаввур чегараларидан ортиб қолаверади.

Аслида ёзувчи — мусаввир.
Инсон руҳиятининг мусаввири.

Шеър тили эса рамзлар, тимсоллар тили. Худди туш каби, тасвирий санъат каби… Образлилик, маъжоз — шеърнинг юраги… Инсон ақли етиб бормаган жойга ижодкор ўз руҳи билан етиб боради. Шу боис, тилга келган айрим мисраларни баъзан ақл билан изохkаб беролмайсиз.

Шеър менинг ягона мақсадим эмас… Аммо шеър — менга берилган дардларни Сўзда яшаб ўтмоқ имкони… «Ижод инсонни комилликка элтади…» деганди мен севган адиб… Мен эса унинг қудратини кўргим келади…

Ижодий сафарларда катта адиблар, ёш шоирлар билан турли вилоятларда бўлиб, кўпчилик орасида шеър ўқишга тўғри келади.

Баъзан Ишқ, муҳаббат, Ватан ҳақида гуриллатиб шеър ўқиётган шоирларга ҳавасим келади. Бу ҳолатда шеър ўқиш мен учун жуда қийин. Китобимни варақлаб бирон-бир шеър тополмайман.

Бироқ шеър ёзиш эҳтиёжи заруриятга айланган дамларда келган Сўзлар шу лаҳза учун менга энг гўзал нажотдир. Шеър бу руҳиятнинг ҳурриятидир… Мен эса учишни истайман… Айниқса, тушларимда…

Шермурод СУБҲОН ёзиб олди
Манба: «Гулистон» журнали, 2015/01

Зебо МИРЗО
КЎЗЛАРИМ КЎЗИНГДА
ТУРСИН ЖАРАНГЛАБ…
07

   Зебо Мирзаева 1964 йил 15 декабрда Қашқадарё вилояти, Китоб туманининг Бештерак қишлоғида туғилган. ТошДУнинг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган (1987). «Тун маликаси», «Ажр», «Нур кукунлари»,»Ишқ» ва яна бир неча шеърий тўпламлари нашр этилган.

02

* * *

Менинг ота юртим Қашқадарёда,04
Онамдай муқаддас келар саҳарлар.
Буюк Ипак йўли ўтган саҳрода
Эртакдай кўкка бўй чўзар шаҳарлар!

Мовий Шаҳрисабз, жаннатий кентим,
Шариф шаҳарларнинг шарафи сенсан
Илдизингни излаб борсам бетиним,
Неча минг асарлар қаърига тенгсан.

Бу кўҳна дунёнинг қалбига тенгсан!
Ўтган, ўтаётган ҳар онинг азиз.
Рум ё Чин тожидан авлороқдир шаън,
Коинот тоқида сен қолдирган из.

Самоват қўлида олтин косадек
Гир айлана тоғлар салтанатида;
Мағрур чўққиларнинг кифтида туриб,
Бир сирни ўқийман кўнгил қатида…

Сен – яширин сирсан,
Сен – яширин дур!
Сени билмаганлар юрт қалбин билмас!
Токи яшар экан чўққилар мағрур,
Маҳв этмоқ бўлганлар ҳеч яқин келмас!

Тарих қиличини суғуриб кўр-чи,
Воқиф бўлсанг агар илоҳий сирдан!
Не учун Жаҳонгир яралди экан,
Бутун бир мамлакат бошланган ердан?

Тангри нафасидан покланганмикан,
Азиз-авлиёлар бош қўйган тупроқ?
Юракдан юракка узалганмикан
Нури Муҳаммаддан порлаган чироқ?

Гумбази Саййидон пештоқида лавҳ,
Шамсиддин Кулолнинг ҳужрасида нур?
Доруссаодату Доруттиловат
Балки дониш пирлар кулоҳи эрур?

Балки шу пирларнинг ҳовучларида
Нур бўлиб очилган самовий эшик?
Шу сабаб ҳурликнинг туғи бўлгандир,
Тегина бегим Моҳ тебратган бешик?

Адолат шамшири тушиб самодан
Қаттол қиронларнинг бузди чархини.
Коинот тоқида балки шу инсон
Тузди янги дунё ва Эрк тарҳини!

Не-не асл кўшклар кўкда порлагай,
Ҳиндда ё Хитода кўз очиб чирой.
Тегина бегим Моҳ бўлиб чорлагай
Шаҳри Кеш бағрида улуғ Оқсарой!

Регистон пойида ғичирлаган қум,
Асрий тошлар ёди келтирган изни…
“Бибихоним” узра чарх урган қушлар
Кошинлар қошида қолдирган сўзни…

Улуғбек чўққилар устида туриб,
Эшитган юлдузлар тиловатларин,
Сарчашма қоялар бағрига кўмиб,
Сақлар Али Қушчи китобатларин…

Ҳазрати Ёсинни зикр этиб ётган
Бунда ўсган ҳар гул, гиёҳни, тошни.
Оятал Курсининг наҳрига ботган
Оқсув пойига бош қўйган қуёшни…

Хожа Имганакий шивирларини,
Жаҳонгир руҳидек ўтли шитобни…
Осмон харитасин бағрига босиб,
Коинот китобин очган Китобни!

Мироқи узумин лабидаги бол,
Башир сувларига чўмилган Ойни,
Варганза анорин юзларидай ол
Қалбимнинг Ватани бўлган чиройни!

Ҳеч кимда кўрмасдан севаман, нетай,
Ҳеч кимга алишмай, бўлдим қурбони!
Ўлсам ҳам ўларман бағримга босиб,
Ҳеч кимга бермасман сендай маъвони!

Эй менинг қалбимнинг жаннати, Ватан,
Кўзим қароғига айланган юртим.
Ҳисор тоғларида наъра тортган шер
Шиддатида эркнинг яловин кўрдим.

Руҳимда уйғонди аждодлар руҳи,
Томирда кўпирди Темурий қоним!
“Сен кимсан?” сўрадинг, “Мен сенингдирман!”
Эй қалбим онаси Ўзбекистоним!

Ҳисор тоғларидан учган турналар
Ҳимолай чўққисин ошиб қайтади.
Ҳазрати Султондан бошланган сувлар
Дарё ўзанидан тошиб қайтадир.

Кумуш булоқларни ўпган гиёҳлар
Эшитса исмингга бўлади хумор.
Туғдона гулидан тўкилган дона
Олтин бешикларга бўлади тумор!

Нега сенга қайтмай ҳар тонг, ҳар саҳар?
Ахир бир он бўлсин кетган эмасман!
Сени соғинаман бағрингда туриб,
Ҳали юрагингга етган эмасман…

Менинг ота юртим Қашқадарёда
Осмонни кўтариб ўсади тоғлар…
Онам пок руҳидек мовий маъвода
“Алҳамду…” ўқийди гуллар, гиёҳлар…

Ҳеч кимга ўхшатмай севдим мен уни,
Ҳеч кимга алишмай бўлдим қурбони.
Сев мени!
Оловли
вулқонни ютгандай замин,
Кўтаргани каби жаннатни осмон,
Қовжираб кутгандай томчини саҳро,
Сақлагани каби сиррини уммон!..

Сўнгги нафасдаги…
бир ютум ҳаво…
Ҳаёт каби азиз, қадрли жондай!
Ўлса хиёнатдай,
қолса – бахтсизлик,
Кетса – бирга кетадиган имондай;

Руҳлар оламида бирга туғилиб,
Бирга ўладиган ёлғиз ёр каби,
Осса ўзин осиб,
бироқ ўзгага
Ўзини бермаган баланд дор каби!..

Ҳеч кимга ҳеч нарса демасдан,
бориб
Ғаюрлар бошига ёғилган тошдай,
Қаҳратон қишларни
бепарво ёриб,
Яшринган ғоримга кирган қуёшдай!..

Бу ғаним тошларга аччиқма-аччиқ,
Қисмат йўлларига қарама-қарши,
Худонинг қошидан келган
Нур янглиғ,
Кўтариб келгандай муҳаббат Аршин!..

Сев мени!
Мен сени севганим каби!
Кўзларим кўзингда турсин жаранглаб…
Руҳингга туташсин
Исмим гулхани,
Шундай ёнки, ҳеч ким тутолмасин лаб!

Қаҳримда,
зулмимда,
борим-йўғимда
Шу қадар севгинки, сўрмасдан: “Нега?”
Наинки – бу дунём,
у дунёмда ҳам,
Сендан ўзга инсон бўлмасин эга!..
Сев мени!..

* * *

Яқинлашар юракка баҳор,
Кунлар яқин келади бахтга.
Саҳарларда айта бошлайсан,
Сирларингни оппоқ дарахтга.

Сўрамайсан ҳеч кимдан узр,
Ўпаётиб гулу майсани!
Бошинг узра тўкиб ўтар нур
Гўзал Мартнинг абри найсони.

Булбул ғазал айтар арузда,
Гоҳ сарбастда,
Йўқ бунда чеклам.
Урф бўлгандай шарқона тусда
Миллийлашиб боради кўклам.

Айланади ошиққа – не бор,
Бугун ҳар сўз ишққа доирдай.
Масрур ўтар кўчадан Баҳор
Энг зўр шеърин ёзган шоирдай.

Ҳеч кимсага келмайди малол;
Япроқларга лабингни босиб,
Севса бўлар энди бемалол
Кечалари ақлдан озиб!..

Сен юз бурган
Сен юз бурган ҳазин кечада
Юзинчи бор барг тўкди чинор.
Бардошларим синган кўчада,
Севгим, ахир, сенга нима бор?

Осмон,
осмон,
бечора осмон,
Тунда йиғлаб тўкди дардларин.
Унутилди ўтган ишқсимон
Дарахтларнинг юпун барглари…

Ёнди, ўчди, сўнгги чироқ ҳам,
Деразага тикилган хиёл,
Сирларини тунларга айтди,
Ёмғирларда ивиган Аёл…

…Юзларингга юзим босгали
Кўнглим эди – энг чиройли тахт.
Сен чиқмадинг…
хабар олмадинг…
Эшигингдан йиғлаб қайтди Бахт…

* * *

СИЗНИ ЖОНДАН СЕВГАН ЭДИ У,
Севган эди ҳаддан ташқари.
Боқмадингиз бирор марта ҳам,
Қолиб кетди бахтлардан нари.

Қолиб кетди Тангри қўлида
Ва ҳеч кимга бермади қайтиб.
Зулматларнинг олис йўлида
Ўтди ойдин қўшиқлар айтиб…

Ёлғизликнинг маъюс қаърида
Аталганди у Сизга ахир.
Ўша Турна Аёл бағрида
Очиларди дунё кутган сир!

Бермадингиз унга бир имкон,
Ё бир назар, ё сокин сурур.
Ғоратларнинг комида бежон,
Мангуликка сўнди ўша Нур!

Аммо тағин тушларингизда
Излаяпсиз не учун, ё-ҳу!
…Чақирасиз энди бир умр,
Қайрилиб ҳам қарамайди У!..

ҒИЛОН

Адирларни оралаб ўтиб,
Чиққан каби гўё осмонга,
Асрларни оралаб ўтиб,
Етиб бормоқ керак Ғилонга.

Бир-бирига суяниб турган –
Уйлар асли банду банд элдир.
Одамлари бир буюк содда,
Ошиқдилу донишманд феълдир.

Бу қишлоққа адашиб келган
Инсон бўлар энг азиз меҳмон.
Том бошига югуриб чиққан
Тандирлари узатади нон.

Чашмалари юрагингизнинг
Ғамларини кетсалар чайиб,
Ҳурлар ювган кўйлагингизни
Офтобрўйга қўйишар ёйиб…

Кечалари Ойсупасида
Нурлар ичиб юлдузлар билан,
Қанотингиз ўса бошлайди
Суҳбатлашиб кундузлар билан…

Қайда эди беҳишт, изламанг,
Минг бир кеча афсонасидан,
Жаннат асли бошланар Ғилон
Тош йўллари остонасидан.

Bugun taniqli o’zbek shoirasi Zebo Mirzo tavallud topgan kun

So‘zlar ham osmondan tushadi, agar ko‘nglingiz osmonga yetgan bo‘lsa… Ijod bu Iloh bilan sirlashuvdir. She’r bu tazarru, ko‘z yoshi, munojot va hatto isyon ham bo‘lishi mumkin, ko‘nglidan yengilgan inson uchun. Biroq bu hol shu lahzada, shu soniyada Iloh va Inson qalbi o‘rtasidagi hol, sir.

Zebo MIRZO
MEN NIMA UCHUN YOZAMAN?
02

 Zebo  Mirzaeva 1964 yil 15 dekabrda Qashqadaryo viloyati, Kitob tumanining Beshterak qishlog’ida tug’ilgan. ToshDUning o’zbek filologiyasi fakul`tetini tamomlagan (1987). «Tun malikasi», «Ajr», «Nur kukunlari»,»Ishq» va yana bir necha she’riy to’plamlari nashr etilgan.

02

— Yozishni bilmaganim uchun…
Daf’atan shu fikr «yarq» etib o’tdi. So’rash shartmi, hammasi ayonku! Javob savol ichida.

Biroq nimasi ayon? Meni kimdir bergan savollar emas, o’zimga o’zim bergan savollar ko’prok qiynaydi… Ehtimol, o’sha tubsiz savollarga javob izlaganim bois yozarman. Ehtimol, yozmaslikni uddalay olmaganim uchun?..

SO’Z KELADI. So’zlar ham osmondan tushadi, agar ko’nglingiz osmonga yetgan bo’lsa… Ijod bu Iloh bilan sirlashuvdir. She’r bu tazarru, ko’z yoshi, munojot va hatto isyon ham bo’lishi mumkin, ko’nglidan yengilgan inson uchun. Biroq bu hol shu lahzada, shu soniyada Iloh va Inson qalbi o’rtasidagi hol, sir. Uni o’zgalar o’qishi shart emas!

Bu yo’l.. Yaratganga yo’l. Kelish, qaytish.. yetish va yana nimalar deb atamang, bu talpinishning ruhi bitta
— Yolg’izlik.

Bu shunday holatkim, bu hol ichida Uning O’zidan boshqa sig’maydi. «Men vaqt ichida, vaqn mening ichim-da», deydi Boyazid Bistomiy.

Shu paytgacha men aytish muhim deb bilardim. Bugun angladimki, aytmaslik qudrati undan ham kuchliroq ekan! Sir — bu Qurbiyat…

Halloj shoir edi, shu bois u yengildi. Aytolmaslikning yukini ko’tara olmaganidan emas, shunchaki aytish zavqi, ruhining hayrati, xoslik xislati teran donolik sukutidan ustun keldi.

«Sen Halloj ham, Boyazid ham emassan, nima uchun yozasan, Zebo?» — deb so’rayman o’zimdan. Bilmayman…

Bilim, mutolaa, tafakkur, tasavvur, taxayyul, badiiy mahorat, did — saviya va uslub… Bularning bari va hech biri…

Ilhom onlarisiz, jazbasiz asl asarni yozib bo’lmaydi.

Har bir qalb Iloh qarshisida tiz cho’kmas, parchalanmas, azob qoyalariga parchinlanmas va yana qalbga tayanib yuksalmas ekan, asl ijod namunasini yarata olmaydi. Zero, Arsh qalbi ishtirok etmagan biror hodisaning o’zi yo’q…

Bu to’qimalar makonsiz va zamonsiz, ildizsiz daraxt kabi vaqt bo’ronlariga dosh bera olmaydi… Nazm aslida nasrdan o’sib chiqadi. Nasr dunyosiga g’arq bo’lmay turib, yaxshi shoir bo’lish qiyin. Bu xuddi Oy va Ummonning bir-biriga munosabati kabi mushtarak…

Inson degan buyuk xilqatning buyukligiyu ojizligi, sirliligiyu murakkabligini birday qudrat bilan ochib berishga qodir Nazar Eshonqulning shunday asarlarini o’qiganimda nazmning juda ulkan ichki yer osti daryolari bir nafas to’lqinida oqib o’tayotganini his qilaman… Kenglik va qisqalik, yuksaklik va teranlik. Iste’dod qirralari bari-bir tasavvur chegaralaridan ortib qolaveradi.

Aslida yozuvchi — musavvir.
Inson ruhiyatining musavviri.

She’r tili esa ramzlar, timsollar tili. Xuddi tush kabi, tasviriy san’at kabi… Obrazlilik, ma’joz — she’rning yuragi… Inson aqli yetib bormagan joyga ijodkor o’z ruhi bilan yetib boradi. Shu bois, tilga kelgan ayrim misralarni ba’zan aql bilan izoxkab berolmaysiz.

She’r mening yagona maqsadim emas… Ammo she’r — menga berilgan dardlarni So’zda yashab o’tmoq imkoni… «Ijod insonni komillikka eltadi…» degandi men sevgan adib… Men esa uning qudratini ko’rgim keladi…

Ijodiy safarlarda katta adiblar, yosh shoirlar bilan turli viloyatlarda bo’lib, ko’pchilik orasida she’r o’qishga to’g’ri keladi.

Ba’zan Ishq, muhabbat, Vatan haqida gurillatib she’r o’qiyotgan shoirlarga havasim keladi. Bu holatda she’r o’qish men uchun juda qiyin. Kitobimni varaqlab biron-bir she’r topolmayman.

Biroq she’r yozish ehtiyoji zaruriyatga aylangan damlarda kelgan So’zlar shu lahza uchun menga eng go’zal najotdir. She’r bu ruhiyatning hurriyatidir… Men esa uchishni istayman… Ayniqsa, tushlarimda…

Shermurod SUBHON yozib oldi
Manba: «Guliston» jurnali, 2015/01

Zebo MIRZO
KO‘ZLARIM KO‘ZINGDA
TURSIN JARANGLAB…
07

Zebo Mirzayeva 1964 yil 15 dekabrda Qashqadaryo viloyati, Kitob tumanining Beshterak qishlog‘ida tug‘ilgan. ToshDUning o‘zbek filologiyasi fakultetini tamomlagan (1987). “Tun malikasi”, “Ajr”, “Nur kukunlari”,»Ishq» va yana bir necha she’riy to‘plamlari nashr etilgan.

02

* * *

Mening ota yurtim Qashqadaryoda,01
Onamday muqaddas kelar saharlar.
Buyuk Ipak yo‘li o‘tgan sahroda
Ertakday ko‘kka bo‘y cho‘zar shaharlar!

Moviy Shahrisabz, jannatiy kentim,
Sharif shaharlarning sharafi sensan
Ildizingni izlab borsam betinim,
Necha ming asarlar qa’riga tengsan.

Bu ko‘hna dunyoning qalbiga tengsan!
O‘tgan, o‘tayotgan har oning aziz.
Rum yo Chin tojidan avloroqdir sha’n,
Koinot toqida sen qoldirgan iz.

Samovat qo‘lida oltin kosadek
Gir aylana tog‘lar saltanatida;
Mag‘rur cho‘qqilarning kiftida turib,
Bir sirni o‘qiyman ko‘ngil qatida…

Sen – yashirin sirsan,
Sen – yashirin dur!
Seni bilmaganlar yurt qalbin bilmas!
Toki yashar ekan cho‘qqilar mag‘rur,
Mahv etmoq bo‘lganlar hech yaqin kelmas!

Tarix qilichini sug‘urib ko‘r-chi,
Voqif bo‘lsang agar ilohiy sirdan!
Ne uchun Jahongir yaraldi ekan,
Butun bir mamlakat boshlangan yerdan?

Tangri nafasidan poklanganmikan,
Aziz-avliyolar bosh qo‘ygan tuproq?
Yurakdan yurakka uzalganmikan
Nuri Muhammaddan porlagan chiroq?

Gumbazi Sayyidon peshtoqida lavh,
Shamsiddin Kulolning hujrasida nur?
Dorussaodatu Doruttilovat
Balki donish pirlar kulohi erur?

Balki shu pirlarning hovuchlarida
Nur bo‘lib ochilgan samoviy eshik?
Shu sabab hurlikning tug‘i bo‘lgandir,
Tegina begim Moh tebratgan beshik?

Adolat shamshiri tushib samodan
Qattol qironlarning buzdi charxini.
Koinot toqida balki shu inson
Tuzdi yangi dunyo va Erk tarhini!

Ne-ne asl ko‘shklar ko‘kda porlagay,
Hindda yo Xitoda ko‘z ochib chiroy.
Tegina begim Moh bo‘lib chorlagay
Shahri Kesh bag‘rida ulug‘ Oqsaroy!

Registon poyida g‘ichirlagan qum,
Asriy toshlar yodi keltirgan izni…
“Bibixonim” uzra charx urgan qushlar
Koshinlar qoshida qoldirgan so‘zni…

Ulug‘bek cho‘qqilar ustida turib,
Eshitgan yulduzlar tilovatlarin,
Sarchashma qoyalar bag‘riga ko‘mib,
Saqlar Ali Qushchi kitobatlarin…

Hazrati Yosinni zikr etib yotgan
Bunda o‘sgan har gul, giyohni, toshni.
Oyatal Kursining nahriga botgan
Oqsuv poyiga bosh qo‘ygan quyoshni…

Xoja Imganakiy shivirlarini,
Jahongir ruhidek o‘tli shitobni…
Osmon xaritasin bag‘riga bosib,
Koinot kitobin ochgan Kitobni!

Miroqi uzumin labidagi bol,
Bashir suvlariga cho‘milgan Oyni,
Varganza anorin yuzlariday ol
Qalbimning Vatani bo‘lgan chiroyni!

Hech kimda ko‘rmasdan sevaman, netay,
Hech kimga alishmay, bo‘ldim qurboni!
O‘lsam ham o‘larman bag‘rimga bosib,
Hech kimga bermasman senday ma’voni!

Ey mening qalbimning jannati, Vatan,
Ko‘zim qarog‘iga aylangan yurtim.
Hisor tog‘larida na’ra tortgan sher
Shiddatida erkning yalovin ko‘rdim.

Ruhimda uyg‘ondi ajdodlar ruhi,
Tomirda ko‘pirdi Temuriy qonim!
“Sen kimsan?” so‘rading, “Men seningdirman!”
Ey qalbim onasi O‘zbekistonim!

Hisor tog‘laridan uchgan turnalar
Himolay cho‘qqisin oshib qaytadi.
Hazrati Sultondan boshlangan suvlar
Daryo o‘zanidan toshib qaytadir.

Kumush buloqlarni o‘pgan giyohlar
Eshitsa ismingga bo‘ladi xumor.
Tug‘dona gulidan to‘kilgan dona
Oltin beshiklarga bo‘ladi tumor!

Nega senga qaytmay har tong, har sahar?
Axir bir on bo‘lsin ketgan emasman!
Seni sog‘inaman bag‘ringda turib,
Hali yuragingga yetgan emasman…

Mening ota yurtim Qashqadaryoda
Osmonni ko‘tarib o‘sadi tog‘lar…
Onam pok ruhidek moviy ma’voda
“Alhamdu…” o‘qiydi gullar, giyohlar…

Hech kimga o‘xshatmay sevdim men uni,
Hech kimga alishmay bo‘ldim qurboni.
Sev meni!
Olovli
vulqonni yutganday zamin,
Ko‘targani kabi jannatni osmon,
Qovjirab kutganday tomchini sahro,
Saqlagani kabi sirrini ummon!..

So‘nggi nafasdagi…
bir yutum havo…
Hayot kabi aziz, qadrli jonday!
O‘lsa xiyonatday,
qolsa – baxtsizlik,
Ketsa – birga ketadigan imonday;

Ruhlar olamida birga tug‘ilib,
Birga o‘ladigan yolg‘iz yor kabi,
Ossa o‘zin osib,
biroq o‘zgaga
O‘zini bermagan baland dor kabi!..

Hech kimga hech narsa demasdan,
borib
G‘ayurlar boshiga yog‘ilgan toshday,
Qahraton qishlarni
beparvo yorib,
Yashringan g‘orimga kirgan quyoshday!..

Bu g‘anim toshlarga achchiqma-achchiq,
Qismat yo‘llariga qarama-qarshi,
Xudoning qoshidan kelgan
Nur yanglig‘,
Ko‘tarib kelganday muhabbat Arshin!..

Sev meni!
Men seni sevganim kabi!
Ko‘zlarim ko‘zingda tursin jaranglab…
Ruhingga tutashsin
Ismim gulxani,
Shunday yonki, hech kim tutolmasin lab!

Qahrimda,
zulmimda,
borim-yo‘g‘imda
Shu qadar sevginki, so‘rmasdan: “Nega?”
Nainki – bu dunyom,
u dunyomda ham,
Sendan o‘zga inson bo‘lmasin ega!..
Sev meni!..

* * *

Yaqinlashar yurakka bahor,
Kunlar yaqin keladi baxtga.
Saharlarda ayta boshlaysan,
Sirlaringni oppoq daraxtga.

So‘ramaysan hech kimdan uzr,
O‘payotib gulu maysani!
Boshing uzra to‘kib o‘tar nur
Go‘zal Martning abri naysoni.

Bulbul g‘azal aytar aruzda,
Goh sarbastda,
Yo‘q bunda cheklam.
Urf bo‘lganday sharqona tusda
Milliylashib boradi ko‘klam.

Aylanadi oshiqqa – ne bor,
Bugun har so‘z ishqqa doirday.
Masrur o‘tar ko‘chadan Bahor
Eng zo‘r she’rin yozgan shoirday.

Hech kimsaga kelmaydi malol;
Yaproqlarga labingni bosib,
Sevsa bo‘lar endi bemalol
Kechalari aqldan ozib!..

Sen yuz burgan
Sen yuz burgan hazin kechada
Yuzinchi bor barg to‘kdi chinor.
Bardoshlarim singan ko‘chada,
Sevgim, axir, senga nima bor?

Osmon,
osmon,
bechora osmon,
Tunda yig‘lab to‘kdi dardlarin.
Unutildi o‘tgan ishqsimon
Daraxtlarning yupun barglari…

Yondi, o‘chdi, so‘nggi chiroq ham,
Derazaga tikilgan xiyol,
Sirlarini tunlarga aytdi,
Yomg‘irlarda ivigan Ayol…

…Yuzlaringga yuzim bosgali
Ko‘nglim edi – eng chiroyli taxt.
Sen chiqmading…
xabar olmading…
Eshigingdan yig‘lab qaytdi Baxt…

* * *

SIZNI JONDAN SЕVGAN EDI U,
Sevgan edi haddan tashqari.
Boqmadingiz biror marta ham,
Qolib ketdi baxtlardan nari.

Qolib ketdi Tangri qo‘lida
Va hech kimga bermadi qaytib.
Zulmatlarning olis yo‘lida
O‘tdi oydin qo‘shiqlar aytib…

Yolg‘izlikning ma’yus qa’rida
Atalgandi u Sizga axir.
O‘sha Turna Ayol bag‘rida
Ochilardi dunyo kutgan sir!

Bermadingiz unga bir imkon,
Yo bir nazar, yo sokin surur.
G‘oratlarning komida bejon,
Mangulikka so‘ndi o‘sha Nur!

Ammo tag‘in tushlaringizda
Izlayapsiz ne uchun, yo-hu!
…Chaqirasiz endi bir umr,
Qayrilib ham qaramaydi U!..

G‘ILON

Adirlarni oralab o‘tib,
Chiqqan kabi go‘yo osmonga,
Asrlarni oralab o‘tib,
Yetib bormoq kerak G‘ilonga.

Bir-biriga suyanib turgan –
Uylar asli bandu band eldir.
Odamlari bir buyuk sodda,
Oshiqdilu donishmand fe’ldir.

Bu qishloqqa adashib kelgan
Inson bo‘lar eng aziz mehmon.
Tom boshiga yugurib chiqqan
Tandirlari uzatadi non.

Chashmalari yuragingizning
G‘amlarini ketsalar chayib,
Hurlar yuvgan ko‘ylagingizni
Oftobro‘yga qo‘yishar yoyib…

Kechalari Oysupasida
Nurlar ichib yulduzlar bilan,
Qanotingiz o‘sa boshlaydi
Suhbatlashib kunduzlar bilan…

Qayda edi behisht, izlamang,
Ming bir kecha afsonasidan,
Jannat asli boshlanar G‘ilon
Tosh yo‘llari ostonasidan.

03

(Tashriflar: umumiy 7 504, bugungi 1)

4 izoh

  1. Zebo Mirzoning she’rini ilk marotaba o’qiboq uning muxlisiga aylanganman

  2. Ассалому алайкум Зебо опа яхшимисиз
    Сизни шухратингизни хис киоиб у́зингизни топа олмаётган синглиз Дилфузаман .1989 йил Сам ДУ эсингиздами саёхат килиб Самарканд кезганимиз икки китоблик талаба1990йил Навру́зда Китобда учрашганмиз охирги бор
    Аллохдан сиздек инсон бн яна кайта учраштиришини су́раб колардим
    Ку́ришгунча Аллохга омонатимсиз

Izoh qoldiring