Oygul Suyundiqova. She’rlar & Oydin Hojiyeva. Oygulning ko’ngil vatani.

01117 сентябрь — шоира ва таржимон Ойгул Суюндиқова таваллуд топган кун.

     Ҳар бир шоира ижоди ҳақида ўйлаганда ҳаёлга ҳар хил сифатлар келади. Баъзиларини «жўшқин», баъзиларини «ҳаёлчан», бошқаларини эса «ўйчан» дея таърифлаймиз. Шоира Ойгул Суюндиқова шеъриятини кузатиб, «майин», «дилбар» деган сўзлар ҳаёлимдан ўтди.

Ойдин Ҳожиева
Ўзбекистон халқ шоири

ОЙГУЛНИНГ КЎНГИЛ ВАТАНИ
007

Ҳар бир шоира ижоди ҳақида ўйлаганда ҳаёлга ҳар хил сифатлар келади. Баъзиларини «жўшқин», баъзиларини «ҳаёлчан», бошқаларини эса «ўйчан» дея таърифлаймиз.
Шоира Ойгул Суюндиқова шеъриятини кузатиб, «майин», «дилбар» деган сўзлар ҳаёлимдан ўтди. Ойгул сўзларни ўз майлига қўйиб беради, оҳиста таърифларга олиб киради.

Соғинчдан оёғинг учига қадар
Силаганда ойнинг совуқ нурлари
Қалбингдан ўчади ҳар қандай қадар,
Сен кетиб қоласан кенгликлар сари.

Ҳаётнинг турфа хил қирғоғидаги
Камалак туйғулар сени сийлашар.
Замин ва фалакнинг қучоғидаги
Табиий нарсалар илоҳийлашар.

Шоирани майин, дилбар туйғуларга бошлагувчи, назаримда, табиат. Шеърларида «Қуёш табассуми-шеърий саодат», «Дарахтлар кемадир, ўрмон денгиздай» бўлиб кўринади. Шоира бу ҳаётда юриб турган лаҳжалардан табиат лаҳжасини жуда яхши тушунадиганга ўхшайди. Шунинг учун фикрини ўқувчига етказувчи образлар ой, уфқ, юлдузлар, чечак, шамол… Ойгул бу образлардан зерикмайди, улар билан қайта-қайта сирлашаверади, қайта-қайта уларни шеърларига етаклаб кираверади. Меҳри, ихлоси самимий бўлгани учун бу такрорлар ҳар гал ўзгача туйғулар бахш этади.
Ойгул Суюндиқованинг самарқандлик экани, бу довруғлик шаҳар унга тегишлилиги, улуғ зотлардан тортиб гиёҳигача фахрланиши сезилади.

Мадад беринг, бибим, йўллар энг бахтли
Йиллар қанотида армондан қайтсин.
Мадад беринг, бибим, ишқнинг номидан
Руҳимда ёришган шеър тонги отсин!

Ойгул Суюндиқова
ШЕЪРЛАР
007

1_html_287839e2.jpg Ўзига хос овозга эга дилбар шоира Ойгул Суюндиқова 1957 йил 17 сентябрда Самарқанд вилояти Пайариқ туманида ўқитувчи оиласида туғилди. Шу тумандаги Орзу Маҳмудов номли 1-ўрта мактабни тугатиб, Тошкент маданий-оқартув техникуми кутубхонашунослик бўлимини имтиёзли диплом билан, сўнгра Москвадаги М. Горький номли Адабиёт институтини мувафаққиятли тугаллади. Пайариқ туманида қишлоқ мактабларида ўн йилдан ошиқ давр мобайнида ўқитувчилик қилди. Ёш ижодкорлар анжуманлари, ижодкор ўқитувчилар анжуманлари, илмий конференциялар қатнашчиси. Иш фаолиятини «Саодат» (бўлим муҳаррири), «Соғлом авлод учун»(бўлим муҳаррири, бош муҳаррир ўринбосари), «Ўзбекистон аграр фани хабарномаси» журнали бўлим муҳаррири, ЎзМТДП бош мутахассис ва Ғафур Ғулом номидаги нашриёт- матбаа ижодиёт уйи муҳаррири, «Соғлом авлод» газетасида бўлим бошлиғи,»Ғунча» журналида катта муҳаррир бўлиб лавозимларида фаолият юритди.
1974 йилдан буён туман, вилоят ва республика матбуотида мунтазам қатнашиб келмоқда. Шеърий тўпламлари- «Ёшлик баёзи -80» — Тошкент 1980; «Уфқлар ёнганда»(1986); «Умр куйлари»(1986); «Эътиқод» (1990); «Муборак дамлар». – Тошкент, 1997; «Пайариқ оҳанглари».- Самарқанд, 2007; «Мен туғилган юрт» (2007); ХХ аср жаҳон адабиёти»( таржималар) 2009; «Мулланафас» (таржималар) 2010 йилларда чоп этилган. «Жаҳон адабиёти» журнали ва бошқа даврий нашрларда таржималари, шеърлари чоп этилиб келинмоқда.
Шоира ва таржимон Ойгул Суюндикова 1989 йилдан буён Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасининг аъзоси.

007

* * *

Гўзал ҳислар, пок туйғу билан
Нурафшон тун бағрига кирдим.
Олам ётар маст уйқу билан,
Мен табиат билан ўй сурдим.

Чўғдай ёнар бахмал осмонда
Чаман-чаман сочилган юлдуз.
Ой самода олмос камондай
Ёғду сочиб турибди ёлғиз.

Сув тагида ярқирар тошлар,
Ялтирайди олтин ранг япроқ.
Бирдан шеърга айлана бошлар
Юрагимни тўлдирган титроқ.

* * *
Синглим Замирага

Сенгадир баҳорнинг эрка шамоли,
Сенгадир бу дунё кўҳна эртаги.
Сенгадир ирмоқнинг буюк ҳаёли,
Сенгадир тоғларнинг яшил этаги.

Баҳор деб энтиккан шу замин, шу кўк,
Сенгадир, жон синглим, ҳа, фақат сенга.
Баҳордан ҳам гўзал, баҳордан суюк,
Бир шодон нигоҳинг етади менга.

* * *

Она қалби айланади ёш гўдакка шодхуррам,
Шу гўдакдай оқ қўшиқлар куйлаб қолар бу дунё.
Она қалби айланади ямяшил япроқларга,
Япроқлардай эзгу ўйлар ўйлаб қолар бу дунё.

Она қалби айланади оқаётган дарёга,
Шу дарёдай жўшқинжўшқин ҳис билан тошар дунё.
Она қалби айланади кулиб боққан қуёшга,
Шу қуёшнинг қудратига ишониб яшар дунё.

БУЛБУЛИМ

Эргаш Жуманбулбул ўғлига

Она халқим тилагидан туғилдингми, булбулим,
Наволарнинг юрагидан туғилдингми, булбулим.

Замонлардан замонларга ўтди меҳринг, булбулим,
Бемеҳрлар юрагини тилди қаҳринг, булбулим

Рўйи замин энтикканча тинглар сени, булбулим,
Туйғуларим интиҳосиз, йўқдир тини, булбулим.

Ўйларингни она юртинг меҳри олди, булбулим,
Босиб ўтган йўлларингда қўшиқ қолди, булбулим.

Она юртим тилагидан туғилдингми, булбулим,
Унга жуда керагингдан туғилдингми, булбулим…

* * *

Қўшиқлар бесабаб туғилмас…
Бесабаб туғилмаган каби бардошлар,
Бесабаб тўкилмаган каби кўз ёшлар.
Бесабаб силкинмаган каби тоғутошлар,
Бесабаб кесилмаган каби мард бошлар…

Қўшиқлар бесабаб туғилмас…
Бесабаб лолалар бағри қон бўлмас,
Бесабаб дилларга ҳаяжон тўлмас.
Бесабаб дарёлар тўлиб тўлғонмас,
Бесабаб оналар саҳар уйғонмас…

Қўшиқлар бесабаб туғилмас…
Бесабаб кечалар ой билан тўлмас,
Бесабаб кундузлар қуёшла кулмас.
Бесабаб юракни чертмайди бир ҳис-
Бесабаб Ватанни демас буюк сўз!

* * *

Қалбимдаги садоларнинг ранги бордир бегумон,
Она диёр қучоғига алвон гуллар тўлдирай.
Бу гулларни ҳидласа гар, мен ишонч билан айтай,
Ҳар бир юрак алвон рангли қўшиқ куйлар беармон.

Тонгдан ҳам оқ қўшиқларни куйлагим келар хуррам,
Она диёр қучоғига оппоқ гуллар тўлдирай.
Бу гулларни ҳидласа гар, мен ишонч билан айтай,
Оқ бўлади ҳар бир дилни айтар ҳар бир сўзи ҳам.

ШАМОЛ

1

Шамол, келсанг, мен бўлмасам,
Чиқиб кет олис қирларга.
Сўнг иккимиз ёруғ олам
Аро тўлгаймиз нурларга.

Эй, кўзлари афсунгар тун,
Тополмасанг мени излаб.
Ичингга боқ, ичингга дўн,
Ўз – ўзингга мендан сўзла…

Кўнглимдан сув ичган дарё,
Юлдузларга ичир мени.
Руҳим ойдай қолса танҳо,
Менсиз оқсанг, кечир мени…

Кел, бошингни силайин тош,
Сен-ку армон юкли дийдам.
Сендан сўраб келдим бардош –
Қайда онам, қайда отам!…

Мен ҳам сенингман, эй, туфроқ,
Сен ҳам менингсан то абад.
Нечун кўз ёш, нечун фироқ,
Икки дунём бўлса обод!…

2

Олис саҳарларда сочилаётган
Ёки кун ботишнинг ҳашамларида,
Кафтимда гул бўлиб очилаётган
Орзулари дилбар хуш дамларимда
Шамолларга кўминг қайғуларимни…

Қайтмас йилларимнинг армонлари бу –
Гоҳо кенг дунёга сиғмай кетаман.
Шунда кўзларимга қўнмайди уйқу,
Хаёл охирига қачон етаман?
Шамолларга кўминг қайғуларимни…

Гарчанд юрак оғрир, гарчанд сочлар оқ,
Гарчанд – ёшлик олис, болалик – олис.
Уларнинг олови ўчмайди бироқ,
Улар – юрагимдан айро тушмас ҳис.
Шамолларга кўминг қайғуларимни…

Қайтинг қучоғимга соҳир саҳарлар,
Айтинг юлдузларга дуоларимни.
Қорлар эриб битди – баҳор хабарлар,
Ташлаб кетгим келмас дунёларимни,
Шамолларга кўминг қайғуларимни!…

3

Қанча қийин, қанчалик оғир,
Тошдан қаттиқ, елкаси яғир,
Меваси ғўр, таъмлари тахир,
Кимдир билар, кимдир учун сир
Бўлмасин бу чарх урган хаёл,
Мени қўйиб юборма, шамол.

Гоҳо топдим, гоҳ топмай қадр,
Экдим кўнгил тубига сабр.
Гулларимни сувлар оқизди,
Баргларида шудринглар сизди.
Менга ҳадеб бермагин савол,
Мени қўйиб юборма, шамол.

Ой ва қуёш йўлида ҳижрон,
Қачон ерга етар бу осмон?
Нечун мени сийладинг армон,
Айланади чархпалак ҳамон,
Мени қўйиб юборма, шамол.

Болалигим кўчаларини,
Гул ёшлигим кечаларини
Қўмсаб борсам соғинчли онлар,
Йўлга чиқсам қуёшли тонглар,
Кутиб олар отам эккан тол,
Мени қўйиб юборма, шамол.

Шу ҳовлида, ота уйимда,
Онам айтган соғинч куйида,
Райҳонларда ҳиди онамнинг,
Боғда руҳи кезар отамнинг
Қабрлари узра қаддим дол,
Мени қўйиб юборма, шамол.

Тун – гавҳарим, юлдузли мунчоқ,
Ясаб берди табиат шундоқ.
Тун – бўйнимда, қўлимда, чарчоқ
Билмай йўллар ошдим. Нурли, оқ
Жилмаяди субҳидам ял-ял,
Мени қўйиб юборма, шамол.

Учир, кўрсат дунёларингни,
Замин – фалак зиёларини.
ўамлар унут, кўз ёшлар унут
Каби парча – парчадир булут.
Қушдай жоним этмагин увол,
Мени қўйиб юборма, шамол.

Саҳар чоғи соҳир хаёлга –
Айланаман сендай шамолга.
Шунда тиним билмайди умр,
Юрагимни тарк этмас сурур.
Сенга асло келмасман малол,
Мени қўйиб юборма, шамол!

* * *

Унутиб… Унутиб…
Унутолмадим
Болаликнинг олис
хаёлларини.
Дераза ортида, ариқ бўйида
Отам эккан бўйи баланд
толларни.

Кутиб… Кутиб…
Кутиб толмадим
Болалик дўстларим,
дугоналарим.

Сиз ҳам мени бир зум
эсладингизми,
Хотирамдан ўчмас
ягоналарим…

Битиб… Битиб…
Битиб толмадим
Бу толлар сояси кимни  қучади?
Гўё отам кулиб кузатиб турар,
Кўзларида – кузги
барглар учади.

Кетиб… Кетиб…
Кета олмадим
Қадрдон кўчамдан,
бетинч шамоллар
Олиб кетса ҳамки, мени кутади
Отамнинг руҳига
айланган толлар.

1_html_m132fc3f0.jpg

Oydin Hojieva
O’zbekiston xalq shoiri

OYGULNING KO’NGIL VATANI
007

Har bir shoira ijodi haqida o’ylaganda hayolga har xil sifatlar keladi. Ba’zilarini «jo’shqin», ba’zilarini «hayolchan», boshqalarini esa «o’ychan» deya ta’riflaymiz.
Shoira Oygul Suyundiqova she’riyatini kuzatib, «mayin», «dilbar» degan so’zlar hayolimdan o’tdi. Oygul so’zlarni o’z mayliga qo’yib beradi, ohista ta’riflarga olib kiradi.

Sog’inchdan oyog’ing uchiga qadar
Silaganda oyning sovuq nurlari
Qalbingdan o’chadi har qanday qadar,
Sen ketib qolasan kengliklar sari.

Hayotning turfa xil qirg’og’idagi
Kamalak tuyg’ular seni siylashar.
Zamin va falakning quchog’idagi
Tabiiy narsalar ilohiylashar.

Shoirani mayin, dilbar tuyg’ularga boshlaguvchi, nazarimda, tabiat. She’rlarida «Quyosh tabassumi-she’riy saodat», «Daraxtlar kemadir, o’rmon dengizday» bo’lib ko’rinadi. Shoira bu hayotda yurib turgan lahjalardan tabiat lahjasini juda yaxshi tushunadiganga o’xshaydi. Shuning uchun fikrini o’quvchiga yetkazuvchi obrazlar oy, ufq, yulduzlar, chechak, shamol… Oygul bu obrazlardan zerikmaydi, ular bilan qayta-qayta sirlashaveradi, qayta-qayta ularni she’rlariga yetaklab kiraveradi. Mehri, ixlosi samimiy bo’lgani uchun bu takrorlar har gal o’zgacha tuyg’ular baxsh etadi.
Oygul Suyundiqovaning samarqandlik ekani, bu dovrug’lik shahar unga tegishliligi, ulug’ zotlardan tortib giyohigacha faxrlanishi seziladi.

Madad bering, bibim, yo’llar eng baxtli
Yillar qanotida armondan qaytsin.
Madad bering, bibim, ishqning nomidan
Ruhimda yorishgan she’r tongi otsin!

Oygul Suyundiqova
SHE’RLAR
007

1 Ойгул Суюндикова.jpg O’ziga xos ovozga ega dilbar shoira Oygul Suyundiqova 1957 yil 17 sentyabrda Samarqand viloyati Payariq tumanida o’qituvchi oilasida tug’ildi. Shu tumandagi Orzu Mahmudov nomli 1-o’rta maktabni tugatib, Toshkent madaniy-oqartuv texnikumi kutubxonashunoslik bo’limini imtiyozli diplom bilan, so’ngra Moskvadagi M. Gor`kiy nomli Adabiyot institutini muvafaqqiyatli tugalladi. Payariq tumanida qishloq maktablarida o’n yildan oshiq davr mobaynida o’qituvchilik qildi. Yosh ijodkorlar anjumanlari, ijodkor o’qituvchilar anjumanlari, ilmiy konferentsiyalar qatnashchisi. Ish faoliyatini «Saodat» (bo’lim muharriri), «Sog’lom avlod uchun»(bo’lim muharriri, bosh muharrir o’rinbosari), «O’zbekiston agrar fani xabarnomasi» jurnali bo’lim muharriri, O’zMTDP bosh mutaxassis va G’afur G’ulom nomidagi nashriyot- matbaa ijodiyot uyi muharriri, «Sog’lom avlod» gazetasida bo’lim boshlig’i,»G’uncha» jurnalida katta muharrir bo’lib lavozimlarida faoliyat yuritdi.
1974 yildan buyon tuman, viloyat va respublika matbuotida muntazam qatnashib kelmoqda. She’riy to’plamlari- «Yoshlik bayozi -80» — Toshkent 1980; «Ufqlar yonganda»(1986); «Umr kuylari»(1986); «E’tiqod» (1990); «Muborak damlar». – Toshkent, 1997; «Payariq ohanglari».- Samarqand, 2007; «Men tug’ilgan yurt» (2007); XX asr jahon adabiyoti»( tarjimalar) 2009; «Mullanafas» (tarjimalar) 2010 yillarda chop etilgan. «Jahon adabiyoti» jurnali va boshqa davriy nashrlarda tarjimalari, she’rlari chop etilib kelinmoqda.
Shoira va tarjimon Oygul Suyundikova 1989 yildan buyon O’zbekiston Yozuvchilar Uyushmasining a’zosi.

007

* * *

Go’zal hislar, pok tuyg’u bilan
Nurafshon tun bag’riga kirdim.
Olam yotar mast uyqu bilan,
Men tabiat bilan o’y surdim.

Cho’g’day yonar baxmal osmonda
Chaman-chaman sochilgan yulduz.
Oy samoda olmos kamonday
Yog’du sochib turibdi yolg’iz.

Suv tagida yarqirar toshlar,
Yaltiraydi oltin rang yaproq.
Birdan she’rga aylana boshlar
Yuragimni to’ldirgan titroq.

* * *
Singlim Zamiraga

Sengadir bahorning erka shamoli,
Sengadir bu dunyo ko’hna ertagi.
Sengadir irmoqning buyuk hayoli,
Sengadir tog’larning yashil etagi.

Bahor deb entikkan shu zamin, shu ko’k,
Sengadir, jon singlim, ha, faqat senga.
Bahordan ham go’zal, bahordan suyuk,
Bir shodon nigohing yetadi menga.

* * *

Ona qalbi aylanadi yosh go’dakka shod?xurram,
Shu go’dakday oq qo’shiqlar kuylab qolar bu dunyo.
Ona qalbi aylanadi yam?yashil yaproqlarga,
Yaproqlarday ezgu o’ylar o’ylab qolar bu dunyo.

Ona qalbi aylanadi oqayotgan daryoga,
Shu daryoday jo’shqin?jo’shqin his bilan toshar dunyo.
Ona qalbi aylanadi kulib boqqan quyoshga,
Shu quyoshning qudratiga ishonib yashar dunyo.

BULBULIM

Ergash Jumanbulbul o’g’liga

Ona xalqim tilagidan tug’ildingmi, bulbulim,
Navolarning yuragidan tug’ildingmi, bulbulim.

Zamonlardan zamonlarga o’tdi mehring, bulbulim,
Bemehrlar yuragini tildi qahring, bulbulim

Ro’yi zamin entikkancha tinglar seni, bulbulim,
Tuyg’ularim intihosiz, yo’qdir tini, bulbulim.

O’ylaringni ona yurting mehri oldi, bulbulim,
Bosib o’tgan yo’llaringda qo’shiq qoldi, bulbulim.

Ona yurtim tilagidan tug’ildingmi, bulbulim,
Unga juda keragingdan tug’ildingmi, bulbulim…

* * *

Qo’shiqlar besabab tug’ilmas…
Besabab tug’ilmagan kabi bardoshlar,
Besabab to’kilmagan kabi ko’z yoshlar.
Besabab silkinmagan kabi tog’u?toshlar,
Besabab kesilmagan kabi mard boshlar…

Qo’shiqlar besabab tug’ilmas…
Besabab lolalar bag’ri qon bo’lmas,
Besabab dillarga hayajon to’lmas.
Besabab daryolar to’lib to’lg’onmas,
Besabab onalar sahar uyg’onmas…

Qo’shiqlar besabab tug’ilmas…
Besabab kechalar oy bilan to’lmas,
Besabab kunduzlar quyosh?la kulmas.
Besabab yurakni chertmaydi bir his-
Besabab Vatanni demas buyuk so’z!

* * *

Qalbimdagi sadolarning rangi bordir begumon,
Ona diyor quchog’iga alvon gullar to’ldiray.
Bu gullarni hidlasa gar, men ishonch bilan aytay,
Har bir yurak alvon rangli qo’shiq kuylar bearmon.

Tongdan ham oq qo’shiqlarni kuylagim kelar xurram,
Ona diyor quchog’iga oppoq gullar to’ldiray.
Bu gullarni hidlasa gar, men ishonch bilan aytay,
Oq bo’ladi har bir dilni aytar har bir so’zi ham.

SHAMOL

1

Shamol, kelsang, men bo’lmasam,
Chiqib ket olis qirlarga.
So’ng ikkimiz yorug’ olam
Aro to’lgaymiz nurlarga.

Ey, ko’zlari afsungar tun,
Topolmasang meni izlab.
Ichingga boq, ichingga do’n,
O’z – o’zingga mendan so’zla…

Ko’nglimdan suv ichgan daryo,
Yulduzlarga ichir meni.
Ruhim oyday qolsa tanho,
Mensiz oqsang, kechir meni…

Kel, boshingni silayin tosh,
Sen-ku armon yukli diydam.
Sendan so’rab keldim bardosh –
Qayda onam, qayda otam!…

Men ham seningman, ey, tufroq,
Sen ham meningsan to abad.
Nechun ko’z yosh, nechun firoq,
Ikki dunyom bo’lsa obod!…

2

Olis saharlarda sochilayotgan
Yoki kun botishning hashamlarida,
Kaftimda gul bo’lib ochilayotgan
Orzulari dilbar xush damlarimda
Shamollarga ko’ming qayg’ularimni…

Qaytmas yillarimning armonlari bu –
Goho keng dunyoga sig’may ketaman.
Shunda ko’zlarimga qo’nmaydi uyqu,
Xayol oxiriga qachon yetaman?
Shamollarga ko’ming qayg’ularimni…

Garchand yurak og’rir, garchand sochlar oq,
Garchand – yoshlik olis, bolalik – olis.
Ularning olovi o’chmaydi biroq,
Ular – yuragimdan ayro tushmas his.
Shamollarga ko’ming qayg’ularimni…

Qayting quchog’imga sohir saharlar,
Ayting yulduzlarga duolarimni.
Qorlar erib bitdi – bahor xabarlar,
Tashlab ketgim kelmas dunyolarimni,
Shamollarga ko’ming qayg’ularimni!…

3

Qancha qiyin, qanchalik og’ir,
Toshdan qattiq, yelkasi yag’ir,
Mevasi g’o’r, ta’mlari taxir,
Kimdir bilar, kimdir uchun sir
Bo’lmasin bu charx urgan xayol,
Meni qo’yib yuborma, shamol.

Goho topdim, goh topmay qadr,
Ekdim ko’ngil tubiga sabr.
Gullarimni suvlar oqizdi,
Barglarida shudringlar sizdi.
Menga hadeb bermagin savol,
Meni qo’yib yuborma, shamol.

Oy va quyosh yo’lida hijron,
Qachon yerga yetar bu osmon?
Nechun meni siylading armon,
Aylanadi charxpalak hamon,
Meni qo’yib yuborma, shamol.

Bolaligim ko’chalarini,
Gul yoshligim kechalarini
Qo’msab borsam sog’inchli onlar,
Yo’lga chiqsam quyoshli tonglar,
Kutib olar otam ekkan tol,
Meni qo’yib yuborma, shamol.

Shu hovlida, ota uyimda,
Onam aytgan sog’inch kuyida,
Rayhonlarda hidi onamning,
Bog’da ruhi kezar otamning
Qabrlari uzra qaddim dol,
Meni qo’yib yuborma, shamol.

Tun – gavharim, yulduzli munchoq,
Yasab berdi tabiat shundoq.
Tun – bo’ynimda, qo’limda, charchoq
Bilmay yo’llar oshdim. Nurli, oq
Jilmayadi subhidam yal-yal,
Meni qo’yib yuborma, shamol.

Uchir, ko’rsat dunyolaringni,
Zamin – falak ziyolarini.
o’amlar unut, ko’z yoshlar unut
Kabi parcha – parchadir bulut.
Qushday jonim etmagin uvol,
Meni qo’yib yuborma, shamol.

Sahar chog’i sohir xayolga –
Aylanaman senday shamolga.
Shunda tinim bilmaydi umr,
Yuragimni tark etmas surur.
Senga aslo kelmasman malol,
Meni qo’yib yuborma, shamol!

* * *

Unutib… Unutib…
Unutolmadim
Bolalikning olis
xayollarini.
Deraza ortida, ariq bo’yida
Otam ekkan bo’yi baland
tollarni.

Kutib… Kutib…
Kutib tolmadim
Bolalik do’stlarim,
dugonalarim.

Siz ham meni bir zum
esladingizmi,
Xotiramdan o’chmas
yagonalarim…

Bitib… Bitib…
Bitib tolmadim
Bu tollar soyasi kimni quchadi?
Go’yo otam kulib kuzatib turar,
Ko’zlarida – kuzgi
barglar uchadi.

Ketib… Ketib…
Keta olmadim
Qadrdon ko’chamdan,
betinch shamollar
Olib ketsa hamki, meni kutadi
Otamning ruhiga
aylangan tollar.

002

(Tashriflar: umumiy 622, bugungi 1)

Izoh qoldiring