Muhammad Sharif. Ikki hikoya: Ertakning yarmi & Qushlar bayrami

09    Илкис тепамизга келиб бизни кузатиб турган қизни кўриб биз анграйиб қолдик. Бундай ажабтовур кийинган, ёқимтой қизни умримда биринчи маротаба кўриб туришим эди. Оппоқ кўйлак, оппоқ фартук, оппоқ пайпоқ кийган, ҳатто тим қора сочларига-да оппоқ лента тақилган, шу туришида у боғимиздаги печакгулларга қўниб ўйнайдиган оқ капалакдан сира фарқ қилмасди. У бир афт-ангоримизга, бир қушларга ажабланиб қарар, қўнғир кўзларида самимий учқун йилтираб, биздан бегонасирамаётгани сезилиб турарди…

Муҳаммад Шариф
ИККИ ҲИКОЯ

03

Адиб ва журналист Муҳаммад Шариф 1968 йил Наманган вилояти, Косонсой туманининг Гўримирон қишлоғида туғилган. 1988-1993 йиллари Тошкент давлат университетининг журналистика факултетида таҳсил олган. Турли йилларда «Ҳаёт ва иқтисод», «Ўзбекистон табиати», «Ватан» нашрларида, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф-муҳит дастурида фаолият юритган. Ҳозирги пайтда Франциянинг «Франц-Пресс» ахборот агентлигида хизмат қилади. Бир қанча мақола ва ҳикоялари миллий ва хориж матбуотида чоп этилган.

035

ЭРТАКНИНГ ЯРМИ

Тун ярим, дил ярим…
Яримлаб қолган тамакини чуқур тортасан, паға-паға кўкимтир тутун бурқсиб чиқади. Паришон дуд оғушида қаршингдаги Қиз ғойиб бўлгандек, руҳинг енгил тортгандек бўлади.
Тутун тарқалгач, Қизнинг кўз узмай турганини кўрасан.

Хона аччиқ тутунга тўлиб кетади. Қизнинг кўзлари ачишиб, намланади, бироқ бу азоблар ҳеч нарса эмас дегандек, интизор боқади. Қиз остонада ҳукминғни кутиб турган чўридек, сенинг бир оғиз сўзингга маҳтал. Сен устиворлигингдан, ҳукмфармолигингдан ҳузур қилиб, мийиғингда куласан. Куласану юрагингни кўринмас бир қўл шафқатсиз ғижимлайди. «Оҳ, Унинг эшигида бир умр қул бўлиб ўтишга ҳам рози бўлардим»-— ичингдан аламли нидо чиқади.

— Нега куляпсиз?— сўрайди Қиз.
— Ўзим шундай,— дейсан сен.
— Менинг устимдан куляпсизми?—дейди у гуноҳкор овозда.
— Йўқ, ўзимнинг устимдан куляпман.

Сенинг рост гапингга Қиз ўзини ишонгандек қилиб кўрсатади, ишонолмаганйни яширади.

Тун яримлаб қолган, бахт ҳам…

Ташқаридан шамолнинг увиллаши эшитилади. Бу сас деразанинг тирқишидан эмас, сенинг бўм-бўш, ҳувиллаган қалбингдан келаётгандек, қаён қочишни билмай қоласан. — Тиззангизга бош қўйсам майлими?—сўрайсан Қиздан. Сен учун жонидан ҳам кечишга тайёр турган қиздан шуни ҳам сўраб ўтириш ҳақоратдек туюлади унинг учун. Қизнинг тиззасига бош қўйиб, кўзларингни юмасан. Қиз нозик ва ҳароратсиз туюлган бармоқлари билан сочингни силаганида, бу дунёда бахтсизлик не эканини англаб етасан. Қиз ҳаловатингни бузиб қўйишдан чўчиб, оҳиста сўрайди:

— Айтмайсизми?
— Нимани?
— Бир гап айтаман, дегандингиз.
— Келганингиздан буён неча гаплар айтдим, шулардан биттасидир-да.
— Йўқ… Айтинг.
— Нимани айтай?
— Нега бошқа қизларнинг эмас, менинг тиззамга бош қўйяпсиз, шуки айтинг. Хоҳласангиз…
— Чунки…— «Сен ўзинг келдинг» дея олмайсан, гапингнинг қолганини ютиб юборасан. Қизнинг энтикиб, майин титраб кетганини ҳис қиласан.— Билмадим, эҳтимол шуни хоҳлагандирман.
— Нега хоҳладингиз, шуни айтинг,— дадиллашади Қиз.
— Билмадим…

Қиз муштоқлик билан сендан сўз кутади. Йўқ, ўзингни алдай олмайсан, Қизни ҳам, Бу сўз дунёда ягона бир қизга аталган эди, афсус… Тун ярим, армон ҳам…
— Эртак айтиб берайми?— сўрайсан Қиздан. Қиз недандир умидвор бўлиб сергакланади. Яна битта тамаки тутатасан.

— Бор экану йўқ экан, оч экану тўқ экан, бир йигит бўлган экан. Олгану олдирмаган, енггану енгилмаган, ўзгану тўзимаган, хуллас, йигит бўлиб ҳали сазаси ўлмаган экан. Билагида кучи, юрагида ўти жўш урган йигит баногоҳ Қуёшга ошиқу беқарор бўлибди. Йўталсам осмон гулдирайди, қоқилсам ер қалдирайди, наҳот шу Қуёшга етиша олмасам, дебди йигит. Йигит Қуёшни мўлжаллаб сопқон отибди. Отибди-ю, ўқи Қуёшга эмас, Ойга тушибди. Энди йигит қўлида Ой, ғуссага ботганича Қуёшга қараб бўзлар эмиш.

Алқисса, қуёшга қараб сопқон отсанг, ойга тушармиш. Сен узоқ сукут сақлайсан.
— Шу холосми?— ажабланиб сўрайди Қиз.
— Шу холос,— хўрсинасан сен.
— Кейин-чи, йигит нима қилибди?

«Дарҳақиқат, йигит энди нима қилади?», ўйлайсан эртакни қандай давом эттиришни билмай. Ва ниҳоят…
— Қолганини кейин айтаман,— дейсан оғриниб, Яримлаб қолган тамакини кулдонда узоқ эзғилайсан. Тун зада, кўнгил зада…

ҚУШЛАР БАЙРАМИ

Болалигимизнинг байрамлари кўп бўларди. Лекин улар орасида биз учун энг қувончлиси Қушлар байрами куни эди. Ўша куни каллаи саҳарлаб мактаб дарвозаси олдида йиғилардик. Биров даканг, биров ўзи бир қаричу думи ўн қарич япон хўрозини, яна биров чипор товуғини қўлтиқлаб келар, отасининг сайроқи беданаси ёки каклигини ўғирлаб келганлар кечқурун орқасига ҳўл гаврон шивиллаб тушганида ўйнаб-кулгани бурнидан чиқишини хаёлига-да келтирмай, ўз қушларини мақтаб, ўртоқларига гап бермасди. Каптарларни айтмайсизми?! Тождор дейсизми, пайпоқдор дейсизми, бўқоқ каптарми, ҳамма туридан бор. Туни билан ухламай томма-том чопиб, чумчуқ, олақанот, зағизғон – дуч келган қушни тутиб келаверганларнинг саноғига етмайсиз. Ҳеч иложини топмагани бобоси кунчивоқда мудраб ўтириб тутиб берган мусичага бўёқ чаплаб чиққан.

Болаларнинг қий-чуви, паррандаларнинг чуғур-чуғури айни авжига чиққанида усти очиқ, орқасидаги суянчиқлари қийшайган мошин баайни урушдан чиқиб келаётгандек “пўр-пўрлаб” етиб келарди. Дарвозанинг ёнига келгач тутунқувуридан “пақ-қ!” товуш чиқариб ўтакамизни ёрар, сўнг жони узилган товуқдек “ғийқ” этиб уни ўчарди-қоларди. Ҳайдовчининг ёнидан бўйни ва оёқлари узунлигидан туяқуш цингари лўкиллаб одимлайдиган зоология домламиз тушиб, аллақачон мошинга тармаша бошлаган болаларни қайтариш учун беҳуда бақириб-чақирарди. Шунда хўроз ва товуқ кўтариб келганларнинг шўрига шўрва тўкиларди. Чунки, домла улар орасидан икки ё учтасини, ўзининг айтишича, хислатлисини танлаб оларди. Домламиз парранданинг хислатини қандай аниқлайди, буниси менга қоронғу, аммо биз мошинга чиққач ортимиздан кўзларида ёш, мўлтираб қолаётган тенгқурларимни кўриб ичим ачирди.

Мошин катта йўлга тушиб, ғизиллаганча шаҳар томон елганида бор қайғу-алам унут бўларди. Ўрнимиздан туриб атрофни томоша қилиб кетгимиз, йўл четида кўриниб қолган одамларга бақириб-чақиргимиз келар, лекин ҳайдовчидан чўчирдик. Эргаш тўпалон деб ном чиқарган бу одам хўп аломат ҳайдовчи эди-да! Бизни пахта теримига олиб кетаётганида мошин чамбарагини оёғи билан бошқариб, ўзи кабинадан орқа кузовга яқин белигача чиқиб, “ўтириб кет” дея туриб олганларга важоҳат қилар ва қайтиб жойига кириб оларди. Бу вақт ичида мошин йўналишини бир энлик ҳам ўзгартирмасди, десам ишонаверинг.

Шундай қилиб, бизни шаҳарнинг ичидаги энг кўркам боққа олиб боришарди, чамамда. Эҳ-ҳе, бундаги томошани… Боғнинг ўртасидаги мармар тарошлаб ётқизилган йўл кафтдек текис ва силлиқ, бордию игна тушиб кетса, қўшнимиз Шарофат момо кўзойнагини қидиргунча игнани топиб олади. Ана ўша йўлнинг икки четида тумонат ўқувчи йиғилган. Бошлари узра болалар ва қушларнинг дўстлиги ҳақида битилган алвон шиорлар ҳилпиллаб турибди. Синфимиздаги энг аълочи Баҳром ҳам бу шиорларни кечгача зўрға ўқиб тугатса керак. Кўргазмага қўйилган нарсалар ичида турли парранда-чурранданинг сувратию ичига сомон тиқилган тулупидан тортиб, жонлисигача бор. Қушларга ясалган инларнинг бежиримлигини кўриб ҳеч қурса бир олашақшақ бўлиб туғилмаганига одам ачиниб кетади. Ғала-ғовур, тўс-тўполон авжида. Ҳакамларнинг келишига ҳали вақт бор шекилли, домлалар ҳув четда хўроз уриштиришни томоша қилиш билан банд. Биз эса Анвар икковимиз Бўрибой бўяган мусича қумрига ўхшаганми йўқми, муҳокама қилардик.

“Қулқунтойнинг худди ўзгинасия,”- дерди Анвар.
“Ўзингсан қулқунтой. Қулқунтой бўлиши учун бунга яна бир қулоч тумшуқ керак,” дердим Анварнинг ўхшатишидан жиғибийрон бўлиб.

“Бир қулоч тумшуқни ҳозироқ қаердан топамиз?” капалаги учди Бўрибойнинг. “Келинглар, яхшиси буни зарғалдоқ деб кўрсатамиз”.
“Ҳа ўл-а, агар бунинг кўкқарға полапонидан бошқасига ўхшаса, турган жойимда тил тортмай ўлай”.

Илкис тепамизга келиб бизни кузатиб турган қизни кўриб биз анграйиб қолдик. Бундай ажабтовур кийинган, ёқимтой қизни умримда биринчи маротаба кўриб туришим эди. Оппоқ кўйлак, оппоқ фартук, оппоқ пайпоқ кийган, ҳатто тим қора сочларига-да оппоқ лента тақилган, шу туришида у боғимиздаги печакгулларга қўниб ўйнайдиган оқ капалакдан сира фарқ қилмасди. У бир афт-ангоримизга, бир қушларга ажабланиб қарар, қўнғир кўзларида самимий учқун йилтираб, биздан бегонасирамаётгани сезилиб турарди. Қўққис шу пайтгача қўйнимда тинч ётган қарқуноқ типирчилаб қолди. Кўйлагим тугмасини ечиб, қушни чиқарганимда қиз “вуй-й, бунча чиройли!” дея қувонч билан чапак чалиб юборди. Сўнг…

“Майлими бир ушлаб кўрсам, чўқимайдими?” деб сўради.

У қарқуноқни ҳадик билан қўлига олиб бошини силамоқчи бўлганида қуш учиб унинг елкасига қўниб олди. Ана энди қуш унинг оппоқ кўйлагига чакса қилса расво бўламан, деган хавотирда қарқуноқни ушламоқчи бўлиб қўл чўздим.
“Йўқ, йўқ, тураверсин, вой мунча зўр-а?!” қиқирлаб куларди бу қиз.

Қарқуноқ узун думини силкитиб “қих-х, қих-х” сайраб қўйганида қиз шўрликнинг кўзлари қувончдан пориллаб кетди. Унинг кумуш қўнғироқдек ёқимли овози, ширин жилмайиши менга дақиқа сайин қадрдон бўлиб бораётганди. Биз танишиб ҳам олдик. Унинг исмини сўраётганимда овозим қалтираб, юзим оловдек ёнганидан ерга қараб олдим ва кўзим яғири чиққан енгимга тушиб, дарров қўлларимни ортимга яширдим.

“Бизнинг мактабда ҳам қушлар кўп, фақат ҳаммаси қафасда яшайди. Менга эса ёввойи, эркин учиб юрадиган қушлар ёқади, уларни росаям яхши кўраман, сен-чи?”
“Мен ҳам!” дедим ҳаяжоним ҳамон тўхтамай. “Мен ҳам…мен ҳам” ортимдан қичқирди Анвар билан Бўрибой.

Мен қизни қойил қолдириш учун антиқа паррандалар борки, барини қишлоғимиз теракларига қўндира бошладим. Анвар билан Бўрибой унутганимларни эслатиб турди. Агар гапимизга биров ишонса, Африка табиати ҳам ҳеч гап эмас эканда, дейиши тайин эди.

Бироқ Бўрибой туяқушлар ҳам бор, деб чатоқ қилди. Қиз ёлғон гапираётганимизни сезиб қолди чамамда, шашти тушди. Лекин қишлоғимизда ҳамма биладиган Баҳор лофчининг тўқигани – пахтага дори сепаётган самолётнинг қанотини бургут қандай қилиб тепиб синдирганини айтиб берганимда, унинг аввалги қувноқлиги қайтди. Табиийки, энди йиртқич қушлар ҳақида гапириб берарканман, ҳали амалга ошмаган орзумни ҳам қўшиб кетдим:

“Менда қўлга ўргатилган куйка ҳам бор,” дедим киприк қоқмай ёлғон гапириб.
“Ростданми, нима у куйка?” сўради қиз.
“Қирғийдан кичикроқ, лекин унга ўхшаш пўпанг эмас, лочинга ўхшаш эпчил,” дедим.
“Менга кўрсатасанми!?”

Дафъатан, “келишяпти” деган ҳайқириқлар янграб қолди ва домлалар болаларни бир сафга тиза бошлади.
“Вой, мен боришим керак, сен…сен…”
“Янаги байрамга келасанми?”
“Ўша қушни олиб келасанми? Сени албатта қидириб келаман,” у шундай дея қарқуноқни авайлаб ушлаб менга узатди. Қушни олаётиб бехос унинг пахтадек юмшоқ қўлига тегиб кетдим. Қиз дув қизарди, кейин ортига ўгирилмай, чопқиллаб кетди. Чамаси, мен маст эдим. Ўртоқларим қарқуноғимни учиб кетганини айтганида ўзимга келдим. Ҳа, ҳали қўлга тўла ўрганмаган қарқуноғим учиб кетибди.

Капалак ҳам учиб кетди… Кўрикдан сўнг боғнинг шундай тўс-тўполони чиқиб кетдики, мен у қизни бошқа учратмадим.

Яна янги байрамларни кутиб мактабга қатнай бошладик. Орада ғўза яганаси, чопиқ, пахта терими чиқиб, синфхоналардан безиган пайтимизда жонимизга ора кирарди. Шунга қарамай капалакмонанд шаҳарлик қиз сира кўз олдимдан кетмасди. Умри эгатларда пахтага ишлов бериш, сой бўйида мол боқиш, кўчаларда ёқавайрон муштлашиш билан ўтадиган бир бола фаришта янглиғ оппоқ либосга бурканган шаҳарлик қиз билан танишиб қолади-ю, буни унутиб бўлар эканми!?

Деразадан қувалашиб учиб ўтаётган капалакларни кўриб қолсам ичимда бир нима энтикиб кетар, ҳеч кимга сездирмай кулиб қўярдим-да, юзимни партага босиб ширин хаёлларга берилардим. Шундай кезларда домла қўлидаги бўр билан тушириб қоларди. Мен иккига бўлиниб кетган бўрни домлага бераётганимда айбимга пушаймон бўлгандек кўзим ер чизар, лекин уриб қолса қочишга улгуриш учун қўлига қия қараш қилиб турардим. Ҳайтовур, домла “мулла” бўлиб турганимни кўриб индамай дарсини давом эттирарди. Аста жойимга бориб ўтирар эканман, дарсга қулоқ солиш қаёқда, хаёл қурғур яна олиб қочаверади. Бу кезлар фақат менда эмас, бутун синфимизда ғалати ўзгаришлар юз бераётганди.

Бир куни домлалардан бири байрам муносабати қизлар ўғил болаларга ёзган табрик қоғозини топиб олибди. Қизларни синфдан ташқарига чиқариб юборган гумбаздек домла чап қўлини иягига тираб, ўнг қўлининг кўрсаткич бармоғини қулоғига тиқиб, ҳузур билан ковлаштирди, сўнг гурсиллатиб столга мушт солди.

“Ўғирлик тухумдан бошланади, ановинақа…” домла табрик қоғозини қўлига олиб, аллақаёққа маъноли ишора қилди. “Ўшанақа ишлар мановинақа хатлар ёзишдан бошланади. Эшит!!! Олим, нега бўйнингни чўзиб Низомни қулоғига пичирлайсан?”

Домла табрик қоғозини йиртиб, деразадан ташқарига улоқтирди. Биз ерга қараб жим қолдик. Бироқ назаримда, ҳамма ер остидан бир-бирига қараб, “домла нимани ҳам тушунарди” дегандек бўларди.

Яна бир куни синфдош қизлардан бири онасидан “шаҳло кўз қандай бўлади?” деб сўрабди. Қизининг қўққис саволидан ҳуши бошидан ҳуркак қушдек учган онаси қизини зимдан кузатиб юриб, китоби орасидан ичига қуритилган бинафша (биология дарси учун гербарий сифатида қилинган бўлса керак) солинган мактуб топиб олган. Ана ўша мактубда “шаҳло кўзларингга бир боқишга зор…” дейилган экан. Қизнинг онаси мактубни кўтариб, тўппа-тўғри директорнинг хонасига кириб келибди. Директор дарров мажлис чақириб, муаллимларни койий кетган. Жисмоний тарбия домласи бизнинг синф раҳбаримиз эди. У мажлисга ҳаммадан охирида кириб келган ва ёнидаги домладан нима воқеа юз берганини сўраб билгач, хуноб бўлиб “оббо, аҳмоқ фалончи, ҳалигача шаҳло кўз билан писта кўзнинг фарқига бормабдими-а” деб юборган-у, ёниб турган оловга мой сепган. Шикоят қилиб келган аёл “нега мени қизимни писта кўз дейсан” деб синф раҳбаримизнинг ёқасига ёпишган. Шундан сўнг кунора бўладиган ота-оналар ва синф мажлисларини кўрсангиз эди…бироқ баҳорги сув тошқинини тўсиб бўлар эканми!?

Мен эса тушларимда фақат оқ капалакларни кўрардим. Ҳа дегунча бўлмай, қиш ўтиб баҳор ҳам келди. Эртага қушлар байрами деган куни мен теримга сиғмай қувонардим. Мактаб устахонаси гавжум, ким қушларга ин ясаётган, ким деворий газета чиқараётган, ким қамишдан паррандаларнинг расмини солаётган. Бу кеча қушларга ҳам, болаларга ҳам уйқу ҳаром, туни билан томма-том чопади. Айниқса, Маҳкам бувага қийин. Унинг эски чордоғи ва томига ғўзапоя босилган оғилхонасида қушларнинг ини ғиж-ғиж. У бугун нарвонини оғилхона ичига яширади, узун ҳўл новдадан гаврон тайёрлаб остонасига қўяди, ўзи эса тонг отгунча қуш уйқуда ётади. Акрам беданавоз эртага саҳарда, балки бугун кечқуруноқ ўғлини сомонхонага қамаб қўяди. Чунки ўтган йилги байрамда унинг энг зўр сайроқи беданаси қаттиқ чўчиган экан, ҳалигача чурқ этмаган. Мен эса кечқурун ўртоқларим билан каптаржарга боришга тайёргарлик кўраман.

Келишилган вақтда Анвар билан Бўрибой чақириб келди. Биргалишб Салимнинг уйига бордик. Салим нон кавшаб чиқар экан, ҳавонинг авзойига қараб олиб, овозига сирли тус берди:
“Болалар, негадир оёғим тортмаяпти, боя чап қошим ҳам роса учувди. Келинглар, бормайлик.”
“Ирим-сиримларга кампирлар ишонади. Сенлар бормасанг ўзим ҳам кетавераман,” дедим бошқалар ҳам айниб қолишидан чўчиб. Анварнинг ори тез келади, Салимга ўшқириб берди.

Каптаржарга қишлоғимиздаги энг узун теракнинг ҳам бўйи етмайди. Бу ер ҳақиқий қушлар бозори. Ҳозир март ойи, қирғий, куйкалар тухум босадиган давр. Қирғий жарда яшамайди, лекин куйка дарахтми, жардаги ковакми, танлаб ўтирмай ин қураверади. Болалар жарнинг тепасига чиқишди, мен пастда қолдим. Қўлим билан ишора қилгач, улар гурсиллатиб ер тепа бошлади. Юзлаб коваклардан қушлар гуриллаб учиб чиқди, охирида куйка кўринди. У чиққан тешикни мен зўрға илғаб қололдим. Тепада болалар ҳам қийқирди:

“Кўролдингми, қаердан чиқди?”

“Чапроққа юр, яна, ҳа яна озгина юр,” мен пастдан туриб уларга мўлжал бердим, улар керакли жойга белги қўйиб пастга тушишди. Биз қоронғу тушишини кутиб, арқонларни бир-бирига улай бошладик. Қушларнинг чуғур-чуғури қулоқларни қоматга келтирди.

Тез орада кўршапалаклар учиб, биз тепага кўтарилдик. Болалар арқонни белларига боғлаб, оёқларини ерга тираб ўтириб олишди. Мен ё бисмилло, деб арқонга осилиб пастга тушавердим. Жарнинг лабидан беш қулоч тушганда куйканинг инига етдим. Ковакка қўл суққанимда ичкарида куйка потиллаб қолди. Ҳеч тутқич бермайди, жонивор. Қўлимни суғурсам, бармоқларимни тилиб, қонатиб ташлабди. Бошимдаги дўппини олиб, уни шу билан тутмоқчи бўлдим. Илкис қулоғимга “чирт” этган товуш эшитилди. Қўлимга чиппа ёпишган арқоннинг айрим жойлари мол пешобидан чириб улгурган экан. Чап қўлимдаги дўппини ирғитиб, арқоннинг юқорироқ, чиримаган жойидан ушламоқчи бўлдим-у, лекин улгурмадим, чинқирганча пастга қараб учдим. Кўзимни очганимда тупроққа беланган ҳолда ётар, оғзимда кесак таъми, аъзойи баданим, айниқса, ўнг оёғимнинг тўпиғи зирқиратиб оғрирди. Ҳай-ҳайлашиб етиб келган болалар атрофимда гирдикапалак, ранги пахтадек оқариб кетган Салим тинмасдан “айтмадимми, кўнглим сезганди” деб бидирларди. Оғриқдан кўра унинг шу гаплари менга кўпроқ алам қиларди. Лекин тилимнинг учида турган гапни Анвар айтиб юборди.
“Ҳе, сени кўнглингга….”

Уларнинг ялиниб-ёлворишига қарамай, велосипедимни бир оёқлаб ўзим миниб кетдим. Уйга етиб келгунча ғарқ терга ботиб, иситмам кўтарилиб кетди.

Ўнг оёғим тўпиғидан чиққан экан. Эртасига қушлар байрамига бора олмадим. Келаси йили ҳам бормадим. Суяксурар кампир оёғимни қийшиқ солган экан, чўлоқланиб юрганимдан кўнглим ўксирди.
Байрам куни каптаржарга бордим. Қуёш ботиб, замҳарир шаббода тургунича жарнинг лабида ўтириб, қушлар галасининг ҳавода чарх уришини томоша қилдим. Лекин капалак монанд қизнинг чеҳраси кўз олдимдан кетмасди. Уни “сени албатта қидириб келаман,” деб айтган гапи қулоғим остида жарангларди. Кейин, у қиз сени аллақачон унутиб юборган-ку, деб ўзимнинг устимдан кулар, юзимни кўм-кўк майсаларга босиб тўйиб-тўйиб йиғлагим келарди…

Бошим узра эса қушлар фиғон кўтарарди, гўё “сен қидириб бор” дегандек.

Ҳикоя 1994 йили “Ватан” газетасида эълон қилинган.

034

Muhammad Sharif
IKKI HIKOYA

03

09Adib va jurnalist Muhammad Sharif 1968 yil Namangan viloyati, Kosonsoy tumanining Go’rimiron qishlog’ida tug’ilgan. 1988-1993 yillari Toshkent davlat universitetining jurnalistika fakultetida tahsil olgan. Turli yillarda «Hayot va iqtisod», «O’zbekiston tabiati», «Vatan» nashrlarida, O’zbekiston Milliy axborot agentligida, Birlashgan Millatlar Tashkilotining Atrof-muhit dasturida faoliyat yuritgan. Hozirgi paytda Frantsiyaning «Frants-Press» axborot agentligida xizmat qiladi. Bir qancha maqola va hikoyalari milliy va xorij matbuotida chop etilgan.

035

ERTAKNING YARMI

Tun yarim, dil yarim…
Yarimlab qolgan tamakini chuqur tortasan, pag‘a-pag‘a ko‘kimtir tutun burqsib chiqadi. Parishon dud og‘ushida qarshingdagi Qiz g‘oyib bo‘lgandek, ruhing yengil tortgandek bo‘ladi.
Tutun tarqalgach, Qizning ko‘z uzmay turganini ko‘rasan.
Xona achchiq tutunga to‘lib ketadi. Qizning ko‘zlari achishib, namlanadi, biroq bu azoblar hech narsa emas degandek, intizor boqadi. Qiz ostonada hukming‘ni kutib turgan cho‘ridek, sening bir og‘iz so‘zingga mahtal. Sen ustivorligingdan, hukmfarmoligingdan huzur qilib, miyig‘ingda kulasan. Kulasanu yuragingni ko‘rinmas bir qo‘l shafqatsiz g‘ijimlaydi. «Oh, Uning eshigida bir umr qul bo‘lib o‘tishga ham rozi bo‘lardim»-— ichingdan alamli nido chiqadi.
— Nega kulyapsiz?— so‘raydi Qiz.
— O’zim shunday,— deysan sen.
— Mening ustimdan kulyapsizmi?—deydi u gunohkor ovozda.
— Yo‘q, o‘zimning ustimdan kulyapman.
Sening rost gapingga Qiz o‘zini ishongandek qilib ko‘rsatadi, ishonolmaganyni yashiradi.
Tun yarimlab qolgan, baxt ham…
Tashqaridan shamolning uvillashi eshitiladi. Bu sas derazaning tirqishidan emas, sening bo‘m-bo‘sh, huvillagan qalbingdan kelayotgandek, qayon qochishni bilmay qolasan. — Tizzangizga bosh qo‘ysam maylimi?—so‘raysan Qizdan. Sen uchun jonidan ham kechishga tayyor turgan qizdan shuni ham so‘rab o‘tirish haqoratdek tuyuladi uning uchun. Qizning tizzasiga bosh qo‘yib, ko‘zlaringni yumasan. Qiz nozik va haroratsiz tuyulgan barmoqlari bilan sochingni silaganida, bu dunyoda baxtsizlik ne ekanini anglab yetasan. Qiz halovatingni buzib qo‘yishdan cho‘chib, ohista so‘raydi:
— Aytmaysizmi?
— Nimani?
— Bir gap aytaman, degandingiz.
— Kelganingizdan buyon necha gaplar aytdim, shulardan bittasidir-da.
— Yo‘q… Ayting.
— Nimani aytay?
— Nega boshqa qizlarning emas, mening tizzamga bosh qo‘yyapsiz, shuki ayting. Xohlasangiz…
— Chunki…— «Sen o‘zing kelding» deya olmaysan, gapingning qolganini yutib yuborasan. Qizning entikib, mayin titrab ketganini his qilasan.— Bilmadim, ehtimol shuni xohlagandirman.
— Nega xohladingiz, shuni ayting,— dadillashadi Qiz.
— Bilmadim…
Qiz mushtoqlik bilan sendan so‘z kutadi. Yo‘q, o‘zingni alday olmaysan, Qizni ham, Bu so‘z dunyoda yagona bir qizga atalgan edi, afsus… Tun yarim, armon ham…
— Ertak aytib beraymi?— so‘raysan Qizdan. Qiz nedandir umidvor bo‘lib sergaklanadi. Yana bitta tamaki tutatasan.
— Bor ekanu yo‘q ekan, och ekanu to‘q ekan, bir yigit bo‘lgan ekan. Olganu oldirmagan, yengganu yengilmagan, o‘zganu to‘zimagan, xullas, yigit bo‘lib hali sazasi o‘lmagan ekan. Bilagida kuchi, yuragida o‘ti jo‘sh urgan yigit banogoh Quyoshga oshiqu beqaror bo‘libdi. Yo‘talsam osmon guldiraydi, qoqilsam yer qaldiraydi, nahot shu Quyoshga yetisha olmasam, debdi yigit. Yigit Quyoshni mo‘ljallab sopqon otibdi. Otibdi-yu, o‘qi Quyoshga emas, Oyga tushibdi. Endi yigit qo‘lida Oy, g‘ussaga botganicha Quyoshga qarab bo‘zlar emish.
Alqissa, quyoshga qarab sopqon otsang, oyga tusharmish. Sen uzoq sukut saqlaysan.
— Shu xolosmi?— ajablanib so‘raydi Qiz.
— Shu xolos,— xo‘rsinasan sen.
— Keyin-chi, yigit nima qilibdi?
«Darhaqiqat, yigit endi nima qiladi?», o‘ylaysan ertakni qanday davom ettirishni bilmay. Va nihoyat…
— Qolganini keyin aytaman,— deysan og‘rinib, Yarimlab qolgan tamakini kuldonda uzoq ezg‘ilaysan. Tun zada, ko‘ngil zada…

«Sharq yulduzi» jurnali, 1992 yil 7-son.

QUSHLAR BAYRAMI

Bolaligimizning bayramlari ko‘p bo‘lardi. Lekin ular orasida biz uchun eng quvonchlisi Qushlar bayrami kuni edi. O‘sha kuni kallai saharlab maktab darvozasi oldida yig‘ilardik. Birov dakang, birov o‘zi bir qarichu dumi o‘n qarich yapon xo‘rozini, yana birov chipor tovug‘ini qo‘ltiqlab kelar, otasining sayroqi bedanasi yoki kakligini o‘g‘irlab kelganlar kechqurun orqasiga ho‘l gavron shivillab tushganida o‘ynab-kulgani burnidan chiqishini xayoliga-da keltirmay, o‘z qushlarini maqtab, o‘rtoqlariga gap bermasdi. Kaptarlarni aytmaysizmi?! Tojdor deysizmi, paypoqdor deysizmi, bo‘qoq kaptarmi, hamma turidan bor. Tuni bilan uxlamay tomma-tom chopib, chumchuq, olaqanot, zag‘izg‘on – duch kelgan qushni tutib kelaverganlarning sanog‘iga yetmaysiz. Hech ilojini topmagani bobosi kunchivoqda mudrab o‘tirib tutib bergan musichaga bo‘yoq chaplab chiqqan.
Bolalarning qiy-chuvi, parrandalarning chug‘ur-chug‘uri ayni avjiga chiqqanida usti ochiq, orqasidagi suyanchiqlari qiyshaygan moshin baayni urushdan chiqib kelayotgandek “po‘r-po‘rlab” yetib kelardi. Darvozaning yoniga kelgach tutunquvuridan “paq-q!” tovush chiqarib o‘takamizni yorar, so‘ng joni uzilgan tovuqdek “g‘iyq” etib uni o‘chardi-qolardi. Haydovchining yonidan bo‘yni va oyoqlari uzunligidan tuyaqush singari lo‘killab odimlaydigan zoologiya domlamiz tushib, allaqachon moshinga tarmasha boshlagan bolalarni qaytarish uchun behuda baqirib-chaqirardi. Shunda xo‘roz va tovuq ko‘tarib kelganlarning sho‘riga sho‘rva to‘kilardi. Chunki, domla ular orasidan ikki yo uchtasini, o‘zining aytishicha, xislatlisini tanlab olardi. Domlamiz parrandaning xislatini qanday aniqlaydi, bunisi menga qorong‘u, ammo biz moshinga chiqqach ortimizdan ko‘zlarida yosh, mo‘ltirab qolayotgan tengqurlarimni ko‘rib ichim achirdi.
Moshin katta yo‘lga tushib, g‘izillagancha shahar tomon yelganida bor qayg‘u-alam unut bo‘lardi. O‘rnimizdan turib atrofni tomosha qilib ketgimiz, yo‘l chetida ko‘rinib qolgan odamlarga baqirib-chaqirgimiz kelar, lekin haydovchidan cho‘chirdik. Ergash to‘palon deb nom chiqargan bu odam xo‘p alomat haydovchi edi-da! Bizni paxta terimiga olib ketayotganida moshin chambaragini oyog‘i bilan boshqarib, o‘zi kabinadan orqa kuzovga yaqin beligacha chiqib, “o‘tirib ket” deya turib olganlarga vajohat qilar va qaytib joyiga kirib olardi. Bu vaqt ichida moshin yo‘nalishini bir enlik ham o‘zgartirmasdi, desam ishonavering.
Shunday qilib, bizni shaharning ichidagi eng ko‘rkam boqqa olib borishardi, chamamda. Eh-he, bundagi tomoshani… Bog‘ning o‘rtasidagi marmar taroshlab yotqizilgan yo‘l kaftdek tekis va silliq, bordiyu igna tushib ketsa, qo‘shnimiz Sharofat momo ko‘zoynagini qidirguncha ignani topib oladi. Ana o‘sha yo‘lning ikki chetida tumonat o‘quvchi yig‘ilgan. Boshlari uzra bolalar va qushlarning do‘stligi haqida bitilgan alvon shiorlar hilpillab turibdi. Sinfimizdagi eng a’lochi Bahrom ham bu shiorlarni kechgacha zo‘rg‘a o‘qib tugatsa kerak. Ko‘rgazmaga qo‘yilgan narsalar ichida turli parranda-churrandaning suvratiyu ichiga somon tiqilgan tulupidan tortib, jonlisigacha bor. Qushlarga yasalgan inlarning bejirimligini ko‘rib hech qursa bir olashaqshaq bo‘lib tug‘ilmaganiga odam achinib ketadi. G‘ala-g‘ovur, to‘s-to‘polon avjida. Hakamlarning kelishiga hali vaqt bor shekilli, domlalar huv chetda xo‘roz urishtirishni tomosha qilish bilan band. Biz esa Anvar ikkovimiz Bo‘riboy bo‘yagan musicha qumriga o‘xshaganmi yo‘qmi, muhokama qilardik.
“Qulquntoyning xuddi o‘zginasiya,”- derdi Anvar.
“O‘zingsan qulquntoy. Qulquntoy bo‘lishi uchun bunga yana bir quloch tumshuq kerak,” derdim Anvarning o‘xshatishidan jig‘ibiyron bo‘lib.
“Bir quloch tumshuqni hoziroq qaerdan topamiz?” kapalagi uchdi Bo‘riboyning. “Kelinglar, yaxshisi buni zarg‘aldoq deb ko‘rsatamiz”.
“Ha o‘l-a, agar buning ko‘kqarg‘a polaponidan boshqasiga o‘xshasa, turgan joyimda til tortmay o‘lay”.
Ilkis tepamizga kelib bizni kuzatib turgan qizni ko‘rib biz angrayib qoldik. Bunday ajabtovur kiyingan, yoqimtoy qizni umrimda birinchi marotaba ko‘rib turishim edi. Oppoq ko‘ylak, oppoq fartuk, oppoq paypoq kiygan, hatto tim qora sochlariga-da oppoq lenta taqilgan, shu turishida u bog‘imizdagi pechakgullarga qo‘nib o‘ynaydigan oq kapalakdan sira farq qilmasdi. U bir aft-angorimizga, bir qushlarga ajablanib qarar, qo‘ng‘ir ko‘zlarida samimiy uchqun yiltirab, bizdan begonasiramayotgani sezilib turardi. Qo‘qqis shu paytgacha qo‘ynimda tinch yotgan qarqunoq tipirchilab qoldi. Ko‘ylagim tugmasini yechib, qushni chiqarganimda qiz “vuy-y, buncha chiroyli!” deya quvonch bilan chapak chalib yubordi. So‘ng…
“Maylimi bir ushlab ko‘rsam, cho‘qimaydimi?” deb so‘radi.
U qarqunoqni hadik bilan qo‘liga olib boshini silamoqchi bo‘lganida qush uchib uning yelkasiga qo‘nib oldi. Ana endi qush uning oppoq ko‘ylagiga chaksa qilsa rasvo bo‘laman, degan xavotirda qarqunoqni ushlamoqchi bo‘lib qo‘l cho‘zdim.
“Yo‘q, yo‘q, turaversin, voy muncha zo‘r-a?!” qiqirlab kulardi bu qiz.
Qarqunoq uzun dumini silkitib “qix-x, qix-x” sayrab qo‘yganida qiz sho‘rlikning ko‘zlari quvonchdan porillab ketdi. Uning kumush qo‘ng‘iroqdek yoqimli ovozi, shirin jilmayishi menga daqiqa sayin qadrdon bo‘lib borayotgandi. Biz tanishib ham oldik. Uning ismini so‘rayotganimda ovozim qaltirab, yuzim olovdek yonganidan yerga qarab oldim va ko‘zim yag‘iri chiqqan yengimga tushib, darrov qo‘llarimni ortimga yashirdim.
“Bizning maktabda ham qushlar ko‘p, faqat hammasi qafasda yashaydi. Menga esa yovvoyi, erkin uchib yuradigan qushlar yoqadi, ularni rosayam yaxshi ko‘raman, sen-chi?”
“Men ham!” dedim hayajonim hamon to‘xtamay. “Men ham…men ham” ortimdan qichqirdi Anvar bilan Bo‘riboy.
Men qizni qoyil qoldirish uchun antiqa parrandalar borki, barini qishlog‘imiz teraklariga qo‘ndira boshladim. Anvar bilan Bo‘riboy unutganimlarni eslatib turdi. Agar gapimizga birov ishonsa, Afrika tabiati ham hech gap emas ekanda, deyishi tayin edi. Biroq Bo‘riboy tuyaqushlar ham bor, deb chatoq qildi. Qiz yolg‘on gapirayotganimizni sezib qoldi chamamda, shashti tushdi. Lekin qishlog‘imizda hamma biladigan Bahor lofchining to‘qigani – paxtaga dori sepayotgan samolyotning qanotini burgut qanday qilib tepib sindirganini aytib berganimda, uning avvalgi quvnoqligi qaytdi. Tabiiyki, endi yirtqich qushlar haqida gapirib berarkanman, hali amalga oshmagan orzumni ham qo‘shib ketdim:
“Menda qo‘lga o‘rgatilgan kuyka ham bor,” dedim kiprik qoqmay yolg‘on gapirib.
“Rostdanmi, nima u kuyka?” so‘radi qiz.
“Qirg‘iydan kichikroq, lekin unga o‘xshash po‘pang emas, lochinga o‘xshash epchil,” dedim.
“Menga ko‘rsatasanmi!?”
Daf’atan, “kelishyapti” degan hayqiriqlar yangrab qoldi va domlalar bolalarni bir safga tiza boshladi.
“Voy, men borishim kerak, sen…sen…”
“Yanagi bayramga kelasanmi?”
“O‘sha qushni olib kelasanmi? Seni albatta qidirib kelaman,” u shunday deya qarqunoqni avaylab ushlab menga uzatdi. Qushni olayotib bexos uning paxtadek yumshoq qo‘liga tegib ketdim. Qiz duv qizardi, keyin ortiga o‘girilmay, chopqillab ketdi. Chamasi, men mast edim. O‘rtoqlarim qarqunog‘imni uchib ketganini aytganida o‘zimga keldim. Ha, hali qo‘lga to‘la o‘rganmagan qarqunog‘im uchib ketibdi.
Kapalak ham uchib ketdi… Ko‘rikdan so‘ng bog‘ning shunday to‘s-to‘poloni chiqib ketdiki, men u qizni boshqa uchratmadim.
Yana yangi bayramlarni kutib maktabga qatnay boshladik. Orada g‘o‘za yaganasi, chopiq, paxta terimi chiqib, sinfxonalardan bezigan paytimizda jonimizga ora kirardi. Shunga qaramay kapalakmonand shaharlik qiz sira ko‘z oldimdan ketmasdi. Umri egatlarda paxtaga ishlov berish, soy bo‘yida mol boqish, ko‘chalarda yoqavayron mushtlashish bilan o‘tadigan bir bola farishta yanglig‘ oppoq libosga burkangan shaharlik qiz bilan tanishib qoladi-yu, buni unutib bo‘lar ekanmi!?
Derazadan quvalashib uchib o‘tayotgan kapalaklarni ko‘rib qolsam ichimda bir nima entikib ketar, hech kimga sezdirmay kulib qo‘yardim-da, yuzimni partaga bosib shirin xayollarga berilardim. Shunday kezlarda domla qo‘lidagi bo‘r bilan tushirib qolardi. Men ikkiga bo‘linib ketgan bo‘rni domlaga berayotganimda aybimga pushaymon bo‘lgandek ko‘zim yer chizar, lekin urib qolsa qochishga ulgurish uchun qo‘liga qiya qarash qilib turardim. Haytovur, domla “mulla” bo‘lib turganimni ko‘rib indamay darsini davom ettirardi. Asta joyimga borib o‘tirar ekanman, darsga quloq solish qayoqda, xayol qurg‘ur yana olib qochaveradi. Bu kezlar faqat menda emas, butun sinfimizda g‘alati o‘zgarishlar yuz berayotgandi.
Bir kuni domlalardan biri bayram munosabati qizlar o‘g‘il bolalarga yozgan tabrik qog‘ozini topib olibdi. Qizlarni sinfdan tashqariga chiqarib yuborgan gumbazdek domla chap qo‘lini iyagiga tirab, o‘ng qo‘lining ko‘rsatkich barmog‘ini qulog‘iga tiqib, huzur bilan kovlashtirdi, so‘ng gursillatib stolga musht soldi.
“O‘g‘irlik tuxumdan boshlanadi, anovinaqa…” domla tabrik qog‘ozini qo‘liga olib, allaqayoqqa ma’noli ishora qildi. “O‘shanaqa ishlar manovinaqa xatlar yozishdan boshlanadi. Eshit!!! Olim, nega bo‘yningni cho‘zib Nizomni qulog‘iga pichirlaysan?”
Domla tabrik qog‘ozini yirtib, derazadan tashqariga uloqtirdi. Biz yerga qarab jim qoldik. Biroq nazarimda, hamma yer ostidan bir-biriga qarab, “domla nimani ham tushunardi” degandek bo‘lardi.
Yana bir kuni sinfdosh qizlardan biri onasidan “shahlo ko‘z qanday bo‘ladi?” deb so‘rabdi. Qizining qo‘qqis savolidan hushi boshidan hurkak qushdek uchgan onasi qizini zimdan kuzatib yurib, kitobi orasidan ichiga quritilgan binafsha (biologiya darsi uchun gerbariy sifatida qilingan bo‘lsa kerak) solingan maktub topib olgan. Ana o‘sha maktubda “shahlo ko‘zlaringga bir boqishga zor…” deyilgan ekan. Qizning onasi maktubni ko‘tarib, to‘ppa-to‘g‘ri direktorning xonasiga kirib kelibdi. Direktor darrov majlis chaqirib, muallimlarni koyiy ketgan. Jismoniy tarbiya domlasi bizning sinf rahbarimiz edi. U majlisga hammadan oxirida kirib kelgan va yonidagi domladan nima voqea yuz berganini so‘rab bilgach, xunob bo‘lib “obbo, ahmoq falonchi, haligacha shahlo ko‘z bilan pista ko‘zning farqiga bormabdimi-a” deb yuborgan-u, yonib turgan olovga moy sepgan. Shikoyat qilib kelgan ayol “nega meni qizimni pista ko‘z deysan” deb sinf rahbarimizning yoqasiga yopishgan. Shundan so‘ng kunora bo‘ladigan ota-onalar va sinf majlislarini ko‘rsangiz edi…biroq bahorgi suv toshqinini to‘sib bo‘lar ekanmi!?
Men esa tushlarimda faqat oq kapalaklarni ko‘rardim. Ha deguncha bo‘lmay, qish o‘tib bahor ham keldi. Ertaga qushlar bayrami degan kuni men terimga sig‘may quvonardim. Maktab ustaxonasi gavjum, kim qushlarga in yasayotgan, kim devoriy gazeta chiqarayotgan, kim qamishdan parrandalarning rasmini solayotgan. Bu kecha qushlarga ham, bolalarga ham uyqu harom, tuni bilan tomma-tom chopadi. Ayniqsa, Mahkam buvaga qiyin. Uning eski chordog‘i va tomiga g‘o‘zapoya bosilgan og‘ilxonasida qushlarning ini g‘ij-g‘ij. U bugun narvonini og‘ilxona ichiga yashiradi, uzun ho‘l novdadan gavron tayyorlab ostonasiga qo‘yadi, o‘zi esa tong otguncha qush uyquda yotadi. Akram bedanavoz ertaga saharda, balki bugun kechqurunoq o‘g‘lini somonxonaga qamab qo‘yadi. Chunki o‘tgan yilgi bayramda uning eng zo‘r sayroqi bedanasi qattiq cho‘chigan ekan, haligacha churq etmagan. Men esa kechqurun o‘rtoqlarim bilan kaptarjarga borishga tayyorgarlik ko‘raman.
Kelishilgan vaqtda Anvar bilan Bo‘riboy chaqirib keldi. Birgalishb Salimning uyiga bordik. Salim non kavshab chiqar ekan, havoning avzoyiga qarab olib, ovoziga sirli tus berdi:
“Bolalar, negadir oyog‘im tortmayapti, boya chap qoshim ham rosa uchuvdi. Kelinglar, bormaylik.”
“Irim-sirimlarga kampirlar ishonadi. Senlar bormasang o‘zim ham ketaveraman,” dedim boshqalar ham aynib qolishidan cho‘chib. Anvarning ori tez keladi, Salimga o‘shqirib berdi.
Kaptarjarga qishlog‘imizdagi eng uzun terakning ham bo‘yi yetmaydi. Bu yer haqiqiy qushlar bozori. Hozir mart oyi, qirg‘iy, kuykalar tuxum bosadigan davr. Qirg‘iy jarda yashamaydi, lekin kuyka daraxtmi, jardagi kovakmi, tanlab o‘tirmay in quraveradi. Bolalar jarning tepasiga chiqishdi, men pastda qoldim. Qo‘lim bilan ishora qilgach, ular gursillatib yer tepa boshladi. Yuzlab kovaklardan qushlar gurillab uchib chiqdi, oxirida kuyka ko‘rindi. U chiqqan teshikni men zo‘rg‘a ilg‘ab qololdim. Tepada bolalar ham qiyqirdi:
“Ko‘roldingmi, qaerdan chiqdi?”
“Chaproqqa yur, yana, ha yana ozgina yur,” men pastdan turib ularga mo‘ljal berdim, ular kerakli joyga belgi qo‘yib pastga tushishdi. Biz qorong‘u tushishini kutib, arqonlarni bir-biriga ulay boshladik. Qushlarning chug‘ur-chug‘uri quloqlarni qomatga keltirdi.
Tez orada ko‘rshapalaklar uchib, biz tepaga ko‘tarildik. Bolalar arqonni bellariga bog‘lab, oyoqlarini yerga tirab o‘tirib olishdi. Men yo bismillo, deb arqonga osilib pastga tushaverdim. Jarning labidan besh quloch tushganda kuykaning iniga yetdim. Kovakka qo‘l suqqanimda ichkarida kuyka potillab qoldi. Hech tutqich bermaydi, jonivor. Qo‘limni sug‘ursam, barmoqlarimni tilib, qonatib tashlabdi. Boshimdagi do‘ppini olib, uni shu bilan tutmoqchi bo‘ldim. Ilkis qulog‘imga “chirt” etgan tovush eshitildi. Qo‘limga chippa yopishgan arqonning ayrim joylari mol peshobidan chirib ulgurgan ekan. Chap qo‘limdagi do‘ppini irg‘itib, arqonning yuqoriroq, chirimagan joyidan ushlamoqchi bo‘ldim-u, lekin ulgurmadim, chinqirgancha pastga qarab uchdim. Ko‘zimni ochganimda tuproqqa belangan holda yotar, og‘zimda kesak ta’mi, a’zoyi badanim, ayniqsa, o‘ng oyog‘imning to‘pig‘i zirqiratib og‘rirdi. Hay-haylashib yetib kelgan bolalar atrofimda girdikapalak, rangi paxtadek oqarib ketgan Salim tinmasdan “aytmadimmi, ko‘nglim sezgandi” deb bidirlardi. Og‘riqdan ko‘ra uning shu gaplari menga ko‘proq alam qilardi. Lekin tilimning uchida turgan gapni Anvar aytib yubordi.
“He, seni ko‘nglingga….”
Ularning yalinib-yolvorishiga qaramay, velosipedimni bir oyoqlab o‘zim minib ketdim. Uyga yetib kelguncha g‘arq terga botib, isitmam ko‘tarilib ketdi.
O‘ng oyog‘im to‘pig‘idan chiqqan ekan. Ertasiga qushlar bayramiga bora olmadim. Kelasi yili ham bormadim. Suyaksurar kampir oyog‘imni qiyshiq solgan ekan, cho‘loqlanib yurganimdan ko‘nglim o‘ksirdi.
Bayram kuni kaptarjarga bordim. Quyosh botib, zamharir shabboda turgunicha jarning labida o‘tirib, qushlar galasining havoda charx urishini tomosha qildim. Lekin kapalak monand qizning chehrasi ko‘z oldimdan ketmasdi. Uni “seni albatta qidirib kelaman,” deb aytgan gapi qulog‘im ostida jaranglardi. Keyin, u qiz seni allaqachon unutib yuborgan-ku, deb o‘zimning ustimdan kular, yuzimni ko‘m-ko‘k maysalarga bosib to‘yib-to‘yib yig‘lagim kelardi…
Boshim uzra esa qushlar fig‘on ko‘tarardi, go‘yo “sen qidirib bor” degandek.

1994 yili “Vatan” gazetasida e’lon qilingan.

034

(Tashriflar: umumiy 429, bugungi 1)

Izoh qoldiring