Shukur Xolmirzayev. Arpali qishlogʻida. Hikoya

05
Арпали қишлоғи сойнинг бўйида. Сойнинг нариги бетида бир замонлар теваракдаги супалари одам билан гавжум бўлган ҳовуз бор. Ҳовуз лабларида ўсган гужум, буталар ҳозир уни ўраб-чирмаб ташлаган. Дарахт шоҳларига ҳар хил қушлар ин қўйган. Ҳовузни ўраган пастак девор ортидаги тош кўчадан қачон ўтсангиз, чангалзордан қушлар чуғурини эшитасиз; ҳовузнинг у тарафидаги супада оқ туғи ўнгиб кетган танҳо қабр кўриниб туради. Қишлокда хонадонлар кўп эмас, беш-олтита. Ҳаммасининг ҳам соҳиби — подачилар, чўпонлар, йилқичилар. Шунинг учун бу қишлоқни «подачи қишлоқ» деб ҳам юритишади. Шу сабабдан қишлоқ уйларида ҳам, тор кўчалари, боғ-чорбоғида ҳам, ҳатто одамларнинг кийинишию туриш-турмушида ҳам уларнинг касб-корлари муҳри босилган. Сойнинг ўртасидан икки тегирмон сув оқиб ётади, ёзнинг жазирама кунларида у қуриб ҳам қолади.
Арпалининг одамлари — ўзбекнинг тўғиз уруғидан. Маълумки, бу элат бир қадар қайсар ва бетакаллуф бўлади; уларнинг ғам-ташвиш, севги саргузаштлари ҳам ўзларига хосдир.

075
Шукур Холмирзаев
АРПАЛИ ҚИШЛОҒИДА

Ой Барчиним, ёр-ёр,
Гул Барчиним, ёр-ёр,
Ултонтозга теккунча
Ўл Барчиним, ёр-ёр.
«АЛПОМИШ» ДОСТОНИДАН

Арпали қишлоғи сойнинг бўйида. Сойнинг нариги бетида бир замонлар теваракдаги супалари одам билан гавжум бўлган ҳовуз бор. Ҳовуз лабларида ўсган гужум, буталар ҳозир уни ўраб-чирмаб ташлаган. Дарахт шоҳларига ҳар хил қушлар ин қўйган. Ҳовузни ўраган пастак девор ортидаги тош кўчадан қачон ўтсангиз, чангалзордан қушлар чуғурини эшитасиз; ҳовузнинг у тарафидаги супада оқ туғи ўнгиб кетган танҳо қабр кўриниб туради. Қишлокда хонадонлар кўп эмас, беш-олтита. Ҳаммасининг ҳам соҳиби — подачилар, чўпонлар, йилқичилар. Шунинг учун бу қишлоқни «подачи қишлоқ» деб ҳам юритишади. Шу сабабдан қишлоқ уйларида ҳам, тор кўчалари, боғ-чорбоғида ҳам, ҳатто одамларнинг кийинишию туриш-турмушида ҳам уларнинг касб-корлари муҳри босилган. Сойнинг ўртасидан икки тегирмон сув оқиб ётади, ёзнинг жазирама кунларида у қуриб ҳам қолади.
Арпалининг одамлари — ўзбекнинг тўғиз уруғидан. Маълумки, бу элат бир қадар қайсар ва бетакаллуф бўлади; уларнинг ғам-ташвиш, севги саргузаштлари ҳам ўзларига хосдир.

* * *

Абрай подачининг ўғли Абдурасул институтга киролмай, қишлоққа қайтиб келди. У отаси сингари баланд бўйли, кенг яғринли; отда кўп юргани учун оёғини кериб ташлайди, овда кўп бўлганидан фикрини қўл ҳаракати билан ҳам тушунтириб гапиради.
Абдурасул уч кун уйда бўлди. Уни кўргани олис-яқиндан қариндош-уруғ, ёр-биродарлари келишди. Тўртинчи кун уй меҳмондан холи бўлиб, йигит зерикди ва иштонини липпа уриб, сойга тушди. У болаликда ёки Тошкент сафари олдидан қолдирган аллақандай нарсаларини топадигандек, сойда узоқ кезди-изғиди.
Сойнинг бериги бетига ўтиб, Хўжаназар отанинг қабрига қаради. Уни чакалакзор орасидан зўрға кўриб: «Ў, хароб бўпти-ку», деб қўйди. Сўнг тор кўчадан районга қатнаб ўқиган чоғлари — бу мозорот ёнидан ўтаётганда оёғи учида юрганларини эслади. Ҳозир сесканмагани учунми, ичида мамнун бўлиб, яна сув бўйига қайтди. Сувнинг кечувига етиб, харсангтошга ўтирди ва аллақандай аланглаган кўз билан атрофни томоша қила бошлади.
Шунда орқа томондан қадам товушларини эшитди. Бурилиб қараб, Бодомгулни кўрди. Абдурасул Бодомгул билан бир синфда ўқиган, ёшликда иккаласи «бешиккертти» бўлган, лекин у қизга бепарво қарар, ўқишга кирсам, ўша ёқлик биттасига уйланаман деб юрар эди. «Тошкентдан кўнгли қолгани» учунми, бу умиди барбод бўлиб, ҳозир Бодомгул кўзига ўт бўлиб кўринди. Дарҳақиқат, қиз тўлишган — қарғашойи кенг кўйлаги ҳам унинг етилган сумбатини кўздан яширолмас эди. Оёғида учи қайрилган шиппак, бошида афғоний дурра. «Бу нима қилаётган экан ҳозир?» деб ўйлади Абдурасул ва секин ўрнидан туриб жилмайди: — Салом бердик, Бодомой!
Қиз йигитга қараб қувнаб кулди:
— Алик олдик, Расулбой!
Абдурасул Бодом билан ҳеч қачон қўл бериб кўришмаган эди, шаҳарнинг таъсири — «маданиятли бўлганини» ҳозир кўрсатгиси келдими, қўлини чўзиб, унга пешвоз юрди. Шунда оёғига чағир тош қадалиб, ҳаккалаб қолди, лекин ўзини дардга бардошли эканини кўрсатгиси келдими, яна тап этказиб, оёғини ерга қўйди.
Қиз ҳам унга қўлини берди.
Абдурасул Бодомгулнинг биққи-бўлиқ бармоқдарини ўз кафтида сезмади гўё, лекин унинг жуссаси ўзидан бир қадам нарида бўлса ҳам, уни чуқур ҳис қилди.
— Қани, нима қилиб юрибсиз?
Бодомгул чарслик билан жавоб берди:
— Бунинг ташвиши сизга тушиб қолгани йўқ, Расулбой! Қани, ўзингиз нима иш қилиб юрибсиз бу ерда? Ўқишдан ҳам гуппа йиқилиб келибсиз деб эшитдим.
— Э-э, Бодомой! — деди Абдурасул синиқ жилмайиб. — Подачининг ўғли институтга кирмайдиган замон бўпти. Ишонинг!.. Подачи бўлсанг бўпсан-да, деб «икки»ни босди. Чопонни елкага ташлаб, ҳайдай-бердик буёққа.
— Ажаб бўпти! — деб кулди Бодом. — Вақтида ўқинг эди, сандирақлаб, ов деб, кўпкари деб юрмасдан. Айб ўзингизда.
— Энди, айб биздами, бошқадами, ўтган иш ўтди.
— Хўш, нима касб қиласиз энди?
— Ҳозирча бекорчилик…
— Подачи бўлинг! Қўй боқинг… Нимаси ёмон?
— Э, сиз ҳам гапирасиз-да.
— Отдан тушсангиз ҳам эгардан тушманг.
— Бодом.. -Ҳа.
— Ёшликда бизни.. бешиккертти қип қўйишган-а?
— Эсимда йўқ, — деб кулди қиз.
— Эсингизда бо-ор, — деди йигит. — Тўғри, унда кичкина эдик. Леки шундай иш бўлган-да!
— Бўлган бўлса, нима қипти энди?
— Нима қипти дейсиз… Мана, ёшимиз ҳам бир жойга бориб қолди…
Бодом унга ўткир тикилди:
— Расулбой, тушингизни манави сувга айтинг, тузукми? Мени… бошқа деганим бор… — Шундай деб қиз йўлига кетди.
Абдурасул унинг ортидан кўз узмай турарди.
— Ҳай, Бодом! — қичқирди у.
Қиз сув юзасига чиқиб турган тошлардан юриб, нариги соҳилга ўтгач қаради.
— Бодом, мени хафа қилма.
— Хафа қилсам, қўлингдан нима келади? — деди қиз.
— Қўлимданми… сени олиш келади. Сен… закунний қаллиғимсан.
— Бекорларни айтибсан! — қиз кетиб қолди.

* * *

Арпали қишлоғининг давоми сой чиқиб келаётган дарадан ичкарига ҳам ўтади, дара юз қадамлар чўзилиб соҳиллари ёйилиб кетади, сой эса олисдаги арчали тоғ этагигача боради. Сой бўйида бир-иккита яланглик бор, шунда ҳам беш-тўрт оила туради. Бири — Бодомгуллар хонадони. Қизнинг отаси дала қоровули. Тур деса турадиган, юр деса юрадиган тўриқ оти бор. Шуни миниб дала айланади. У киши Абрай подачи билан эски ошна. Бодомгулнинг онаси бундан беш йил бурун кўз юмган…
Бодомгул сой ёқалаб ялангликка етгач, ўтовлари томон бурилди.
Бу вақтда Абдурасул ҳам мол қийи, таппаси эзғиланиб ётган тор кўчадан андак чўлоқланиб кетиб борарди. Чорбоғлари деворига етиб, кемтикдан ошиб ўтди. Йўнғичқапоя пуштасидан юриб, айвонларига чиқиб борди.
Абрай ака шипда осилган лампочкани тескари бу-раб, чиқаролмай қийналар эди.
— Муни тилига тушунасанми, улим? Манави каттаконини қўйиб қўй, рўшан бўп турсин! — деди.
Абдурасул лампочкани қўйиб, уйга кирди. Унинг авзойидан хафаликни сезган ота ҳам эргашди. Абдурасул қуроқ кўрпачага ўтириб, чордана қурди. Абрай ака чакмонини ечиб, пойгакка чўкка тушди.
— Ҳа, Расулбой?
— Ота… мени уйлаб қўйинг…
Ота унга зеҳн солиб тикилди-да, секин туриб, эшикдан қаради, бақирди:
— Ҳай, энаси! Берман ке!
Майрам опа, бошидаги пўтаси эшик тепасига тегмасин учун ҳам бўлиб, ичкарига кирди.
— Улингдан гап сўра, нима деяпти бу? Майрам опа эри ёнига чўнқайиб, ўғлига тикилди:
— Расулжон?
— Сўра, сўра, — қистади ота.
— Сўраяпман-ку. Расул?..
— Мени уйлаб қўйинглар деяпти улинг! — тушунтирди ота.
Майрам опа мийиғида илжайиб, кигизга ёпишган гуруч донасини олиб ташлади, ўғлига меҳр билан боқиб:
— Шундайми, болам? — деди.
— Шу… бизни кичкиналикда… — мижғовланди Абдурасул.
Она эрига суяниб ўтириб олди-да, қўлларини силтаб кенг енгини тирсагига туширди.
— Чол, қўлингизди кўтаринг, овмин денг! — деди.
— Энди… — чайналди Абрай ака.
Абрай ака Хўжаназар отанинг мозоридан файз кетиб, ҳовуз бўйи ўрмонга айланиб қолганидан бери урфу одат йўриқларида ўйлаб фикр айтадиган бўлганди.
— Кўтаринг қўлни! — қизишди Майрам опа. — Бодомгул буники бўлмай, кимники бўлади. У кутиб ётибди-ку буни!
— Йўғ-а? — деди подачи ичдан мамнун бўлиб.
— Ҳа. Раҳматли энаси ўлмасдан бурун кунора шунинг гапини қилгич эди. Шералибой ҳам бир-икки марта менга қуда деб қўйди.
— Овмин бўлмасам, — деди Абрай ака. Майрам опа фотиҳа ўқиб, ирғиб турди:
— Мен эртан-мертан уларнинг юртига бораман.
— Мен ҳам катта-кичик билан маслаҳат қилай бўлмасам.

* * *

Эртаси куни кечки пайт Шералибой қизи билан ўтовда бетма-бет ўтирар, Бодомгул Майрам опанинг бугун келиб кетганини билар, шунинг учун диққат, лекин ўзидан кўнгли тўқ эди. Шералибой «янгилик»ни қизига айтолмай, кўп андиша қилди, ҳамсоя кампирни чақириб, айттиришни ҳам ўйлади. Охири бу фикридан ҳам қайтиб:
— Қизим, мен сенга ота эмас, энаям бўп қолганман, шунинг учун баъзи гапни очиқ айтсам, кўнглингга оғир олма, — деди.
Тўлиб турган Бодомгул ҳам шу тарзда жавоб берди:
— Бўлмасам, ота… мен сизга очиғини айтаман.
— Баракалло! — Шундай деб, ота қизига хавфсираб қаради: — Нима? Эшитдингми? Йўқ… дейсанми?
Қиз қип-қизариб эшикка юзланди.
— Айт, болам, Кўнглингда армон бўлиб қолмасин.
— Ўйлаб қолдим-да, ота, — деди қиз. — Сиз… мен тарафда бўлмасангиз, унда нима бўлади…
Ота бошини эгди.
— Отанг айлансин, ўзбекнинг гапи битта бўлади.
— Ундай бўлса, ота, — қиз отасига қараб олди, — мениям гапим битта.
— Шошма…
— Айтаберайми?
— Айт-чи.
Қиз ўрнидан турди, керагага рўпара бўлди:
— Ота… мен унга тегмайман!
Шералибой қизига анграйиб қараб қолди. Сўнг:
— Йўғ-э, — деди овози титраб. — Бу гапинг бекор гап, болам. Бизнинг лабзимиз бор, жон қизим… Мени шарманда қилиб қўясан… Бир умр улардан қутулмаймиз кейин…
Бодомгул хўрсинди:
— Шу ерга келганда, ота… сиз менга оналик қилолмадингиз. Энам оз бўлсаям раъйимга қарар эди… Майли, икки кун муҳлат беринг бўлмасам.
Ота ўрнидан турди:
— Ўйлаб ол, ўйлаб ол. Лабзидан қайган қавмидан қайтган бўлади, болам.. — деб чиқиб кетди.

* * *

Эртаси кун чошгоҳларда район йўлида юк машинаси дўқиллаб келар, ундан кўтарилган қизғиш чанг йўл ёқасидаги қувраб қолган қўзиқулоқлар устига қўнар эди. Кабинада Эшқувват билан Бодомгул.
Эшқувват ҳам Абдурасуллар билан бир синфда ўқиган, у ҳам Расул каби баланд бўйли, кенг елкали, кизғиш юзли, бодомқовоқ йигит. Бурноғи йил Бодом билан тил топишиб, бир-бирига кўнгил берган… Бодом бешик-кетти бўлганига парво қилмас, Эшқувват эса бир кун эмас-бир кун бу йўриғда гап қўзғалишини сезар эди. Қолаверса у Абдурасул билан тенгқур, бир-бирининг сиридан хабардор, ўқувчилик йиллари бир-бирининг уйига келиб ётиб ҳам кетар эди. Арпалига бир дўнг қолганда, қиз:
— Тўхтатинг, мен пиёда кетаман, — деди.
— Ҳайдайберайлик, бетма-бет гаплашамиз-қўямиз-да, — деди Эшқувват.
— Тоқатим йўқ у билан гаплашгани, — деди қиз.
Эшқувват бош ирғади. Қиз тушиб, кабина эшигини ёпди. Йигит қизга чанг тегмасин учун машинани бир оз масофагача секинлатиб борди-да, сўнг яна суръатни оширди.
У Арпалига етиб, сойнинг кечувидан ўтди. Соҳил ёқалатиб бориб, Абдурасулларнинг чорбоғ девори остида тўхтатди.
Майрам опа айвонда кув пишар эди. У келгучига қизиқиб қараб, ёғли қўлларини артиб тураверди. Эшқувват айвонга чиқиб борди:
— Саломалайкум, хола.
— А-лекум, болам! — опа қўлини енги ичига тортиб, йигит билан кўришди ва уйга қараб: — Расул? — деб қўйди-да, Эшқувватдан гина қилди: — Ҳа, қорангизниям кўрсатмайсиз, Эшқувватбой? Ошначилик мундай бўлмайди-да. Бир кунлик йўлдан одамлар келиб кетишди… Ҳа, насибаси экан, институтга киролмапти…
Абдурасул уйда янги костюмини кийиб кўраётган эди. Чикди. Собиқ синфдошлар қучокдашиб кўришишди.
— Тортинглар. Тортинглар уйга, — деди уй бекаси.
— Анави олчанинг остига бир тўшанчи солинг, уйга қамалиб ўтирамизми, — деди Абдурасул.
Лекин Эшқувват рад этди:
— Хола, мен қайтаман, ишим зарил… Расулбойни бир кўрай деб йўлдан бурилдим.
— Э, аллағайтиб бир кепсиз. Борасиз-да, болам.

* * *

Майрам опа уларга олча тагига жой қилди. Кўрпачаларни тўшаб, лўлаболишларни қўйди.
— Ёнбошланглар. Энаси айлансин шундай жўралардан! — опа қайтиб кетди.
Йигитлар ўтириб, таомилга кўра фотиҳа ўқиган бўлишди. Бир муддат уёқ-буёқдан гаплашишди…
— Хўжаназарбобо хароб бўпти-да.
— Зиёратчиларнинг ҳам эсидан чиқиб кетди.
— Йўнғичқа ўроққа кеп қопти-ку?
— Уч-тўрт кун дам олай, ошна. Иш қочиб кетмас… Айтмоқчи, отам мени уйлаб қўймоқчи. Йўқ десам ҳам кўнмаяпти, — деб қолди Абдурасул.
— Кимга? — сўради Эшқувват.
— Ҳей, Бодом бор-ку. Бодом? Ўзимизнинг синфдош! Бизга бешиккертти бўлган-да вақтида, биласан-ку, энди муҳлат етди, бошларингни қовуштириб қўяйлик дейишяпти булар.. Сен нима дейсан?
— Ўзингнинг хушинг қалай?
— Хушим энди… Бодом ўлгур ҳам бўпти-да, сухсурдай қиз бўпти. Эшқувват, шунинг биров билан гапи бор деб эшитдим, шу ростми?
— Билмайман.
— Э, қўй, биласан!..
— Билсам… айтсам, хафа бўлмайсанми?
— Нимага хафа бўламан. Лекин…
— Энди, ошна, ўзингдан қолар гап йўқ, ҳаммамиз ҳам мактаб кўрган, ўқиганмиз… оз бўлсаям. Тўғрими? Эскича урфу одатлар бизга кўп ҳам тўғри келмайди энди.
— Тўғри-ю, лабз бор-да орада! — деди Абдурасул.
— Лабзидан қайтган номард! Лекин лабз деб, бировни жувонмарг қилиш ҳам инсофдан эмас-да?
— Гапингнинг тагида гап борга ўхшайди. Ким билан юради? Тағин ўзинг юргич бўлиб чиқма?
— Рост, — деди Эшқувват, — пешона экан… Хафа бўлма, сенга насиб қилгани ҳам бор, албатта…
— Ў, шунда хатога кетдинг, ошна! Гап пешонада бўлса, у туғилган замониёқ менинг пешонамга битган…
— Бу гапинг келишмайди, Расул. Биз ёшликдан жўрамиз, орамизга совуқчилик тушмасин. Бир уруғданмиз… алоқаларимиз бузилмасин. Мен сени қўрқитмоқчи эмасман. Бу замонда биров-бировдан қўрқмайди. Фақат айтиб қўяяпман…
— Нима, ундан кеч дейсанми? -Ҳа.
— Агар… йўқ десам-чи?
— Йўқ десанг, алоқаларимиз бузилиб кетади-да.
— Нима қиласан? Обқочиб кетасанми? Ёки… райкомларга хабар берасанми?
— Ошна, қўлимдан келган ишни қиламан-да. Бодомнинг ўзиям тек турмас.
— Ўзи билан келишдик де?
— Келишмасак ҳам бу бўларли гап.
— Бошқа сўзинг йўқми?
— Йўқ… Ўзингдан гапир, нима бўлди, ўқишга кириш қийинми шунчалик?
Абдурасул ўрнидан турди:
— Ошна, бўлмаса йўлингдан қолма! — деди. — Иккинчидан, сен ўзинг ҳам номард бола экансан. Шуни менга атаб қўйганларини билар эдинг. Билиб туриб, номарднинг ишини қипсан… Мен ҳаракат қиламан яна. Ололмасам, унда бизни юз кўрмас бўлиб кетди деб юрабер!
— Уни… менча яхши кўрмайсан-ку? Уям сени яхши кўрмайди.
Абдурасул олча шохини синдириб олди.
— Тур, мен кигизни шипираман!

* * *

Майрам опа Эшқувватнинг вақтли турганини кўриб, қолишга кўп ундади. Сўнг: «Ошнангиз ҳам айтгандир. Яқинда тўйи бўлади. Машинангиз билан келиб, бир хизмат қиласиз-да, улим! Расулбой ҳам вақти келганда қайтарар», деб қолди. Эшқувват: «Хола, биз хизматдан қочмаймиз. Лекин Абдурасул билан бир тузук-тўрали гаплашиб олинг», деб кетди.
Абдурасул онасининг саволларига жавоб бермади.

* * *

У Бодомгулни сойдан сув олаёттан ерида топди. Қиз сувга тўла сатилини ўт устига қўйиб, юлғун бутоғини ўйнаб турган Абдурасулга қаради.
— Бодом.. менинг Эшқувватдан нимам кам? — сўради у ниҳоят.
— Сени Эшқувватдан кам жойинг йўқдир, — деди қиз. — Лекин ортиқ жойинг бўлгандаям, Расул, мен уни деганман! Шунинг учун ўзингни торт… инсофга кел. Биласанми, баримиз бир элат боласимиз… Оталаримиз бир-бири билан эскитдан ошна. Мозоримиз бир, кўчамиз бир. Сен бизларни ажратиб юборма. Ўйлаб кўр. Сенгаям сочини тараб ўтирган бир қиз чиқар ахир? Кўрган кўзинг мен бўлиб қолдимми… Авваллари парвоям қилмас эдинг.
— Энди… яхши кўриб қолган бўлсам-чи?
— Унда кечикибсан, Расул. Энди вақт ўтди. Танангга ўйлаб кўр, жанжал чиқмасин орада. Эшқувватнинг одатини биласан. Мен икки бошдан қайтмайман ўз гапимдан. Отамга раҳмим келади…
— Мени ўйламаяпсан, мен ҳам уларга айтиб қўйдим, — деди Абдурасул.
— Гапингни қайтиб ол!
— Йў-ўқ, бу менга ўтиришмайди, Бодом.
— Бўлмасам, қўлингдан келган ёмонликни қил, Расул. Лекин мендан ҳам яхшилик кутма.
Бодомгул сатилларини кўтариб, ҳамон шудринг кетмаган ўтзорга оралади. Абдурасул бутоқни сувга ташлаб, қирғоқ ёқалаб изига қайтди.
Шу куни Абдурасул кечгача даранинг ўркачида милтиқ ушлаб, чумчуқ отиб ўтирди. Кейин уйига бориб, тўшак солиб ётди. Оқшом ота-она унинг атрофини ўраб, гап сўрашди.
— Лабзи йўқ экан уларнинг, ота, — деди ўғил оқибат.
Ота-она ҳайрон… Бир маҳал иккаласи ҳам айвонга чиқишди. Майрам опа супа лабида чўнқайиб, Хўжаназар отанинг мозорига қараганча хўп дуойибад қилди. Абрай ака бўлса, Шералибойни қидириб кетди.
Уни хирмондан топди:
— Нима гап ўзи?
Шералибой елкасини қисди. Сўнг подачидан унинг ўғли айтган гапларни эшитиб, ўйланиб қолди ва:
— Ошна, мен ҳам қизнинг кўнглига қарамасам бўлмас экан. Мени гапида туруми йўқ десанг ҳам майли, — деди.

* * *

Орадан бир ой мудлат ўтиб, Эшқувватлар уйидан Бодомгуллар юртига совчи келди. Шералибой қизини беришга рози бўлди. Ҳафта ўтиб, тўй бошланди. Тўйга айтгани Шералибойнинг ўзи отланиб, Абрай подачининг уйига борди. Бироқ, эски ошнаси унга қайрилиб ҳам қарамади. Майрам опа эса, ўғлининг билагидан тортиб, уйга кириб кетди. Тўй дабдаба, расм-русми билан ўтди.
Тўйдан қайтган тўйхўрлар тўйхонадаги сир савдони муҳокама қилиб кетишар, улар бу замонда лабзга эҳтиёт бўлиш қийин экани, шунинг учун бу йўриғда зинҳор ўйлаб-чўйлаб иш тутиш кераклиги ҳақида сўзлашарди.
Абдурасул тўй кечаси сойда кезиб, қудалардан «қайсисининг отига шикаст берсам, қайсисининг эшагини ёриб ташласам», деб кўп ўйлади. Охири қўл силтаб, районга тушиб кетди.

1973

075
Shukur Xolmirzayev
ARPALI QISHLOG’IDA

Oy Barchinim, yor-yor,
Gul Barchinim, yor-yor,
Ultontozga tekkuncha
O’l Barchinim, yor-yor.

«Alpomish» dostonidan

Arpali qishlogʻi soyning boʻyida. Soyning narigi betida bir zamonlar tevarakdagi supalari odam bilan gavjum boʻlgan hovuz bor. Hovuz lablarida oʻsgan gujum, butalar hozir uni oʻrab-chirmab tashlagan. Daraxt shohlariga har xil qushlar in qoʻygan. Hovuzni oʻragan pastak devor ortidagi tosh koʻchadan qachon oʻtsangiz, changalzordan qushlar chugʻurini eshitasiz; hovuzning u tarafidagi supada oq tugʻi oʻngib ketgan tanho qabr koʻrinib turadi. Qishlokda xonadonlar koʻp emas, besh-oltita. Hammasining ham sohibi — podachilar, choʻponlar, yilqichilar. Shuning uchun bu qishloqni «podachi qishloq» deb ham yuritishadi. Shu sababdan qishloq uylarida ham, tor koʻchalari, bogʻ-chorbogʻida ham, hatto odamlarning kiyinishiyu turish-turmushida ham ularning kasb-korlari muhri bosilgan. Soyning oʻrtasidan ikki tegirmon suv oqib yotadi, yozning jazirama kunlarida u qurib ham qoladi.

Arpalining odamlari — oʻzbekning toʻgʻiz urugʻidan. Ma’lumki, bu elat bir qadar qaysar va betakalluf boʻladi; ularning gʻam-tashvish, sevgi sarguzashtlari ham oʻzlariga xosdir.

* * *

Abray podachining oʻgʻli Abdurasul institutga kirolmay, qishloqqa qaytib keldi. U otasi singari baland boʻyli, keng yagʻrinli; otda koʻp yurgani uchun oyogʻini kerib tashlaydi, ovda koʻp boʻlganidan fikrini qoʻl harakati bilan ham tushuntirib gapiradi.

Abdurasul uch kun uyda boʻldi. Uni koʻrgani olis-yaqindan qarindosh-urugʻ, yor-birodarlari kelishdi. Toʻrtinchi kun uy mehmondan xoli boʻlib, yigit zerikdi va ishtonini lippa urib, soyga tushdi. U bolalikda yoki Toshkent safari oldidan qoldirgan allaqanday narsalarini topadigandek, soyda uzoq kezdi-izgʻidi.

Soyning berigi betiga oʻtib, Xoʻjanazar otaning qabriga qaradi. Uni chakalakzor orasidan zoʻrgʻa koʻrib: «O’, xarob boʻpti-ku», deb qoʻydi. Soʻng tor koʻchadan rayonga qatnab oʻqigan chogʻlari — bu mozorot yonidan oʻtayotganda oyogʻi uchida yurganlarini esladi. Hozir seskanmagani uchunmi, ichida mamnun boʻlib, yana suv boʻyiga qaytdi. Suvning kechuviga yetib, xarsangtoshga oʻtirdi va allaqanday alanglagan koʻz bilan atrofni tomosha qila boshladi.

Shunda orqa tomondan qadam tovushlarini eshitdi. Burilib qarab, Bodomgulni koʻrdi. Abdurasul Bodomgul bilan bir sinfda oʻqigan, yoshlikda ikkalasi «beshikkertti» boʻlgan, lekin u qizga beparvo qarar, oʻqishga kirsam, oʻsha yoqlik bittasiga uylanaman deb yurar edi. «Toshkentdan koʻngli qolgani» uchunmi, bu umidi barbod boʻlib, hozir Bodomgul koʻziga oʻt boʻlib koʻrindi. Darhaqiqat, qiz toʻlishgan — qargʻashoyi keng koʻylagi ham uning yetilgan sumbatini koʻzdan yashirolmas edi. Oyogʻida uchi qayrilgan shippak, boshida afgʻoniy durra. «Bu nima qilayotgan ekan hozir?» deb oʻyladi Abdurasul va sekin oʻrnidan turib jilmaydi: — Salom berdik, Bodomoy!

Qiz yigitga qarab quvnab kuldi:
— Alik oldik, Rasulboy!

Abdurasul Bodom bilan hech qachon qoʻl berib koʻrishmagan edi, shaharning ta’siri — «madaniyatli boʻlganini» hozir koʻrsatgisi keldimi, qoʻlini choʻzib, unga peshvoz yurdi. Shunda oyogʻiga chagʻir tosh qadalib, hakkalab qoldi, lekin oʻzini dardga bardoshli ekanini koʻrsatgisi keldimi, yana tap etkazib, oyogʻini yerga qoʻydi.

Qiz ham unga qoʻlini berdi.

Abdurasul Bodomgulning biqqi-boʻliq barmokdarini oʻz kaftida sezmadi goʻyo, lekin uning jussasi oʻzidan bir qadam narida boʻlsa ham, uni chuqur his qildi.
— Qani, nima qilib yuribsiz?

Bodomgul charslik bilan javob berdi:
— Buning tashvishi sizga tushib qolgani yoʻq, Rasulboy! Qani, oʻzingiz nima ish qilib yuribsiz bu yerda? O’qishdan ham guppa yiqilib kelibsiz deb eshitdim.
— E-e, Bodomoy! — dedi Abdurasul siniq jilmayib. — Podachining oʻgʻli institutga kirmaydigan zamon boʻpti. Ishoning!.. Podachi boʻlsang boʻpsan-da, deb «ikki»ni bosdi. Choponni yelkaga tashlab, hayday-berdik buyoqqa.
— Ajab boʻpti! — deb kuldi Bodom. — Vaqtida oʻqing edi, sandiraqlab, ov deb, koʻpkari deb yurmasdan. Ayb oʻzingizda.
— Endi, ayb bizdami, boshqadami, oʻtgan ish oʻtdi.
— Xoʻsh, nima kasb qilasiz endi?
— Hozircha bekorchilik…
— Podachi boʻling! Qoʻy boqing… Nimasi yomon?
— E, siz ham gapirasiz-da.
— Otdan tushsangiz ham egardan tushmang.
— Bodom.. -Ha.
— Yoshlikda bizni.. beshikkertti qip qoʻyishgan-a?
— Esimda yoʻq, — deb kuldi qiz.
— Esingizda bo-or, — dedi yigit. — Toʻgʻri, unda kichkina edik. Leki shunday ish boʻlgan-da!
— Boʻlgan boʻlsa, nima qipti endi?
— Nima qipti deysiz… Mana, yoshimiz ham bir joyga borib qoldi…

Bodom unga oʻtkir tikildi:
— Rasulboy, tushingizni manavi suvga ayting, tuzukmi? Meni… boshqa deganim bor… — Shunday deb qiz yoʻliga ketdi.

Abdurasul uning ortidan koʻz uzmay turardi.
— Hay, Bodom! — qichqirdi u.

Qiz suv yuzasiga chiqib turgan toshlardan yurib, narigi sohilga oʻtgach qaradi.
— Bodom, meni xafa qilma.
— Xafa qilsam, qoʻlingdan nima keladi? — dedi qiz.
— Qoʻlimdanmi… seni olish keladi. Sen… zakunniy qalligʻimsan.
— Bekorlarni aytibsan! — qiz ketib qoldi.

* * *

Arpali qishlogʻining davomi soy chiqib kelayotgan daradan ichkariga ham oʻtadi, dara yuz qadamlar choʻzilib sohillari yoyilib ketadi, soy esa olisdagi archali togʻ etagigacha boradi. Soy boʻyida bir-ikkita yalanglik bor, shunda ham besh-toʻrt oila turadi. Biri — Bodomgullar xonadoni. Qizning otasi dala qorovuli. Tur desa turadigan, yur desa yuradigan toʻriq oti bor. Shuni minib dala aylanadi. U kishi Abray podachi bilan eski oshna. Bodomgulning onasi bundan besh yil burun koʻz yumgan…

Bodomgul soy yoqalab yalanglikka yetgach, oʻtovlari tomon burildi.

Bu vaqtda Abdurasul ham mol qiyi, tappasi ezgʻilanib yotgan tor koʻchadan andak choʻloqlanib ketib borardi. Chorbogʻlari devoriga yetib, kemtikdan oshib oʻtdi. Yoʻngʻichqapoya pushtasidan yurib, ayvonlariga chiqib bordi.

Abray aka shipda osilgan lampochkani teskari bu-rab, chiqarolmay qiynalar edi.
— Muni tiliga tushunasanmi, ulim? Manavi kattakonini qoʻyib qoʻy, roʻshan boʻp tursin! — dedi.

Abdurasul lampochkani qoʻyib, uyga kirdi. Uning avzoyidan xafalikni sezgan ota ham ergashdi. Abdurasul quroq koʻrpachaga oʻtirib, chordana qurdi. Abray aka chakmonini yechib, poygakka choʻkka tushdi.
— Ha, Rasulboy?
— Ota… meni uylab qoʻying…

Ota unga zehn solib tikildi-da, sekin turib, eshikdan qaradi, baqirdi:
— Hay, enasi! Berman ke!

Mayram opa, boshidagi poʻtasi eshik tepasiga tegmasin uchun ham boʻlib, ichkariga kirdi.
— Ulingdan gap soʻra, nima deyapti bu? Mayram opa eri yoniga choʻnqayib, oʻgʻliga tikildi:
— Rasuljon?
— Soʻra, soʻra, — qistadi ota.
— Soʻrayapman-ku. Rasul?..
— Meni uylab qoʻyinglar deyapti uling! — tushuntirdi ota.

Mayram opa miyigʻida iljayib, kigizga yopishgan guruch donasini olib tashladi, oʻgʻliga mehr bilan boqib:
— Shundaymi, bolam? — dedi.
— Shu… bizni kichkinalikda… — mijgʻovlandi Abdurasul.

Ona eriga suyanib oʻtirib oldi-da, qoʻllarini siltab keng yengini tirsagiga tushirdi.
— Chol, qoʻlingizdi koʻtaring, ovmin deng! — dedi.
— Endi… — chaynaldi Abray aka.

Abray aka Xoʻjanazar otaning mozoridan fayz ketib, hovuz boʻyi oʻrmonga aylanib qolganidan beri urfu odat yoʻriqlarida oʻylab fikr aytadigan boʻlgandi.
— Koʻtaring qoʻlni! — qizishdi Mayram opa. — Bodomgul buniki boʻlmay, kimniki boʻladi. U kutib yotibdi-ku buni!
— Yoʻgʻ-a? — dedi podachi ichdan mamnun boʻlib.
— Ha. Rahmatli enasi oʻlmasdan burun kunora shuning gapini qilgich edi. Sheraliboy ham bir-ikki marta menga quda deb qoʻydi.
— Ovmin boʻlmasam, — dedi Abray aka. Mayram opa fotiha oʻqib, irgʻib turdi:
— Men ertan-mertan ularning yurtiga boraman.
— Men ham katta-kichik bilan maslahat qilay boʻlmasam.

* * *

Ertasi kuni kechki payt Sheraliboy qizi bilan oʻtovda betma-bet oʻtirar, Bodomgul Mayram opaning bugun kelib ketganini bilar, shuning uchun diqqat, lekin oʻzidan koʻngli toʻq edi. Sheraliboy «yangilik»ni qiziga aytolmay, koʻp andisha qildi, hamsoya kampirni chaqirib, ayttirishni ham oʻyladi. Oxiri bu fikridan ham qaytib:
— Qizim, men senga ota emas, enayam boʻp qolganman, shuning uchun ba’zi gapni ochiq aytsam, koʻnglingga ogʻir olma, — dedi.

Toʻlib turgan Bodomgul ham shu tarzda javob berdi:
— Boʻlmasam, ota… men sizga ochigʻini aytaman.
— Barakallo! — Shunday deb, ota qiziga xavfsirab qaradi: — Nima? Eshitdingmi? Yoʻq… deysanmi?

Qiz qip-qizarib eshikka yuzlandi.
— Ayt, bolam, Koʻnglingda armon boʻlib qolmasin.
— O’ylab qoldim-da, ota, — dedi qiz. — Siz… men tarafda boʻlmasangiz, unda nima boʻladi…

Ota boshini egdi.
— Otang aylansin, oʻzbekning gapi bitta boʻladi.
— Unday boʻlsa, ota, — qiz otasiga qarab oldi, — meniyam gapim bitta.
— Shoshma…
— Aytaberaymi?
— Ayt-chi.

Qiz oʻrnidan turdi, keragaga roʻpara boʻldi:
— Ota… men unga tegmayman!

Sheraliboy qiziga angrayib qarab qoldi. Soʻng:
— Yoʻgʻ-e, — dedi ovozi titrab. — Bu gaping bekor gap, bolam. Bizning labzimiz bor, jon qizim… Meni sharmanda qilib qoʻyasan… Bir umr ulardan qutulmaymiz keyin…

Bodomgul xoʻrsindi:
— Shu yerga kelganda, ota… siz menga onalik qilolmadingiz. Enam oz boʻlsayam ra’yimga qarar edi… Mayli, ikki kun muhlat bering boʻlmasam.

Ota oʻrnidan turdi:
— O’ylab ol, oʻylab ol. Labzidan qaygan qavmidan qaytgan boʻladi, bolam.. — deb chiqib ketdi.

* * *

Ertasi kun choshgohlarda rayon yoʻlida yuk mashinasi doʻqillab kelar, undan koʻtarilgan qizgʻish chang yoʻl yoqasidagi quvrab qolgan qoʻziquloqlar ustiga qoʻnar edi. Kabinada Eshquvvat bilan Bodomgul.

Eshquvvat ham Abdurasullar bilan bir sinfda oʻqigan, u ham Rasul kabi baland boʻyli, keng yelkali, kizgʻish yuzli, bodomqovoq yigit. Burnogʻi yil Bodom bilan til topishib, bir-biriga koʻngil bergan… Bodom beshik-ketti boʻlganiga parvo qilmas, Eshquvvat esa bir kun emas-bir kun bu yoʻrigʻda gap qoʻzgʻalishini sezar edi. Qolaversa u Abdurasul bilan tengqur, bir-birining siridan xabardor, oʻquvchilik yillari bir-birining uyiga kelib yotib ham ketar edi. Arpaliga bir doʻng qolganda, qiz:
— Toʻxtating, men piyoda ketaman, — dedi.
— Haydayberaylik, betma-bet gaplashamiz-qoʻyamiz-da, — dedi Eshquvvat.
— Toqatim yoʻq u bilan gaplashgani, — dedi qiz.

Eshquvvat bosh irgʻadi. Qiz tushib, kabina eshigini yopdi. Yigit qizga chang tegmasin uchun mashinani bir oz masofagacha sekinlatib bordi-da, soʻng yana sur’atni oshirdi.

U Arpaliga yetib, soyning kechuvidan oʻtdi. Sohil yoqalatib borib, Abdurasullarning chorbogʻ devori ostida toʻxtatdi.

Mayram opa ayvonda kuv pishar edi. U kelguchiga qiziqib qarab, yogʻli qoʻllarini artib turaverdi. Eshquvvat ayvonga chiqib bordi:
— Salomalaykum, xola.
— A-lekum, bolam! — opa qoʻlini yengi ichiga tortib, yigit bilan koʻrishdi va uyga qarab: — Rasul? — deb qoʻydi-da, Eshquvvatdan gina qildi: — Ha, qorangizniyam koʻrsatmaysiz, Eshquvvatboy? Oshnachilik munday boʻlmaydi-da. Bir kunlik yoʻldan odamlar kelib ketishdi… Ha, nasibasi ekan, institutga kirolmapti…

Abdurasul uyda yangi kostyumini kiyib koʻrayotgan edi. Chikdi. Sobiq sinfdoshlar quchokdashib koʻrishishdi.
— Tortinglar. Tortinglar uyga, — dedi uy bekasi.
— Anavi olchaning ostiga bir toʻshanchi soling, uyga qamalib oʻtiramizmi, — dedi Abdurasul.

Lekin Eshquvvat rad etdi:
— Xola, men qaytaman, ishim zaril… Rasulboyni bir koʻray deb yoʻldan burildim.
— E, allagʻaytib bir kepsiz. Borasiz-da, bolam.

* * *

Mayram opa ularga olcha tagiga joy qildi. Koʻrpachalarni toʻshab, loʻlabolishlarni qoʻydi.
— Yonboshlanglar. Enasi aylansin shunday joʻralardan! — opa qaytib ketdi.

Yigitlar oʻtirib, taomilga koʻra fotiha oʻqigan boʻlishdi. Bir muddat uyoq-buyoqdan gaplashishdi…
— Xoʻjanazarbobo xarob boʻpti-da.
— Ziyoratchilarning ham esidan chiqib ketdi.
— Yoʻngʻichqa oʻroqqa kep qopti-ku?
— Uch-toʻrt kun dam olay, oshna. Ish qochib ketmas… Aytmoqchi, otam meni uylab qoʻymoqchi. Yoʻq desam ham koʻnmayapti, — deb qoldi Abdurasul.
— Kimga? — soʻradi Eshquvvat.
— Hey, Bodom bor-ku. Bodom? O’zimizning sinfdosh! Bizga beshikkertti boʻlgan-da vaqtida, bilasan-ku, endi muhlat yetdi, boshlaringni qovushtirib qoʻyaylik deyishyapti bular.. Sen nima deysan?
— O’zingning xushing qalay?
— Xushim endi… Bodom oʻlgur ham boʻpti-da, suxsurday qiz boʻpti. Eshquvvat, shuning birov bilan gapi bor deb eshitdim, shu rostmi?
— Bilmayman.
— E, qoʻy, bilasan!..
— Bilsam… aytsam, xafa boʻlmaysanmi?
— Nimaga xafa boʻlaman. Lekin…
— Endi, oshna, oʻzingdan qolar gap yoʻq, hammamiz ham maktab koʻrgan, oʻqiganmiz… oz boʻlsayam. Toʻgʻrimi? Eskicha urfu odatlar bizga koʻp ham toʻgʻri kelmaydi endi.
— Toʻgʻri-yu, labz bor-da orada! — dedi Abdurasul.
— Labzidan qaytgan nomard! Lekin labz deb, birovni juvonmarg qilish ham insofdan emas-da?
— Gapingning tagida gap borga oʻxshaydi. Kim bilan yuradi? Tagʻin oʻzing yurgich boʻlib chiqma?
— Rost, — dedi Eshquvvat, — peshona ekan… Xafa boʻlma, senga nasib qilgani ham bor, albatta…
— O’, shunda xatoga ketding, oshna! Gap peshonada boʻlsa, u tugʻilgan zamoniyoq mening peshonamga bitgan…
— Bu gaping kelishmaydi, Rasul. Biz yoshlikdan joʻramiz, oramizga sovuqchilik tushmasin. Bir urugʻdanmiz… aloqalarimiz buzilmasin. Men seni qoʻrqitmoqchi emasman. Bu zamonda birov-birovdan qoʻrqmaydi. Faqat aytib qoʻyayapman…
— Nima, undan kech deysanmi? -Ha.
— Agar… yoʻq desam-chi?
— Yoʻq desang, aloqalarimiz buzilib ketadi-da.
— Nima qilasan? Obqochib ketasanmi? Yoki… raykomlarga xabar berasanmi?
— Oshna, qoʻlimdan kelgan ishni qilaman-da. Bodomning oʻziyam tek turmas.
— O’zi bilan kelishdik de?
— Kelishmasak ham bu boʻlarli gap.
— Boshqa soʻzing yoʻqmi?
— Yoʻq… O’zingdan gapir, nima boʻldi, oʻqishga kirish qiyinmi shunchalik?

Abdurasul oʻrnidan turdi:
— Oshna, boʻlmasa yoʻlingdan qolma! — dedi. — Ikkinchidan, sen oʻzing ham nomard bola ekansan. Shuni menga atab qoʻyganlarini bilar eding. Bilib turib, nomardning ishini qipsan… Men harakat qilaman yana. Ololmasam, unda bizni yuz koʻrmas boʻlib ketdi deb yuraber!
— Uni… mencha yaxshi koʻrmaysan-ku? Uyam seni yaxshi koʻrmaydi.

Abdurasul olcha shoxini sindirib oldi.
— Tur, men kigizni shipiraman!

* * *

Mayram opa Eshquvvatning vaqtli turganini koʻrib, qolishga koʻp undadi. Soʻng: «Oshnangiz ham aytgandir. Yaqinda toʻyi boʻladi. Mashinangiz bilan kelib, bir xizmat qilasiz-da, ulim! Rasulboy ham vaqti kelganda qaytarar», deb qoldi. Eshquvvat: «Xola, biz xizmatdan qochmaymiz. Lekin Abdurasul bilan bir tuzuk-toʻrali gaplashib oling», deb ketdi.

Abdurasul onasining savollariga javob bermadi.

* * *

U Bodomgulni soydan suv olayottan yerida topdi. Qiz suvga toʻla satilini oʻt ustiga qoʻyib, yulgʻun butogʻini oʻynab turgan Abdurasulga qaradi.
— Bodom.. mening Eshquvvatdan nimam kam? — soʻradi u nihoyat.
— Seni Eshquvvatdan kam joying yoʻqdir, — dedi qiz. — Lekin ortiq joying boʻlgandayam, Rasul, men uni deganman! Shuning uchun oʻzingni tort… insofga kel. Bilasanmi, barimiz bir elat bolasimiz… Otalarimiz bir-biri bilan eskitdan oshna. Mozorimiz bir, koʻchamiz bir. Sen bizlarni ajratib yuborma. O’ylab koʻr. Sengayam sochini tarab oʻtirgan bir qiz chiqar axir? Koʻrgan koʻzing men boʻlib qoldimmi… Avvallari parvoyam qilmas eding.
— Endi… yaxshi koʻrib qolgan boʻlsam-chi?
— Unda kechikibsan, Rasul. Endi vaqt oʻtdi. Tanangga oʻylab koʻr, janjal chiqmasin orada. Eshquvvatning odatini bilasan. Men ikki boshdan qaytmayman oʻz gapimdan. Otamga rahmim keladi…
— Meni oʻylamayapsan, men ham ularga aytib qoʻydim, — dedi Abdurasul.
— Gapingni qaytib ol!
— Yoʻ-oʻq, bu menga oʻtirishmaydi, Bodom.
— Boʻlmasam, qoʻlingdan kelgan yomonlikni qil, Rasul. Lekin mendan ham yaxshilik kutma.

Bodomgul satillarini koʻtarib, hamon shudring ketmagan oʻtzorga oraladi. Abdurasul butoqni suvga tashlab, qirgʻoq yoqalab iziga qaytdi.

Shu kuni Abdurasul kechgacha daraning oʻrkachida miltiq ushlab, chumchuq otib oʻtirdi. Keyin uyiga borib, toʻshak solib yotdi. Oqshom ota-ona uning atrofini oʻrab, gap soʻrashdi.
— Labzi yoʻq ekan ularning, ota, — dedi oʻgʻil oqibat.

Ota-ona hayron… Bir mahal ikkalasi ham ayvonga chiqishdi. Mayram opa supa labida choʻnqayib, Xoʻjanazar otaning mozoriga qaragancha xoʻp duoyibad qildi. Abray aka boʻlsa, Sheraliboyni qidirib ketdi.

Uni xirmondan topdi:
— Nima gap oʻzi?

Sheraliboy yelkasini qisdi. Soʻng podachidan uning oʻgʻli aytgan gaplarni eshitib, oʻylanib qoldi va:
— Oshna, men ham qizning koʻngliga qaramasam boʻlmas ekan. Meni gapida turumi yoʻq desang ham mayli, — dedi.

* * *

Oradan bir oy mudlat oʻtib, Eshquvvatlar uyidan Bodomgullar yurtiga sovchi keldi. Sheraliboy qizini berishga rozi boʻldi. Hafta oʻtib, toʻy boshlandi. Toʻyga aytgani Sheraliboyning oʻzi otlanib, Abray podachining uyiga bordi. Biroq, eski oshnasi unga qayrilib ham qaramadi. Mayram opa esa, oʻgʻlining bilagidan tortib, uyga kirib ketdi. Toʻy dabdaba, rasm-rusmi bilan oʻtdi.

Toʻydan qaytgan toʻyxoʻrlar toʻyxonadagi sir savdoni muhokama qilib ketishar, ular bu zamonda labzga ehtiyot boʻlish qiyin ekani, shuning uchun bu yoʻrigʻda zinhor oʻylab-choʻylab ish tutish kerakligi haqida soʻzlashardi.

Abdurasul toʻy kechasi soyda kezib, qudalardan «qaysisining otiga shikast bersam, qaysisining eshagini yorib tashlasam», deb koʻp oʻyladi. Oxiri qoʻl siltab, rayonga tushib ketdi.

1973

(Tashriflar: umumiy 133, bugungi 1)

Izoh qoldiring