Bayram Ali. Kuz Yomg’irlari

045    Таҳририятимизга яқиндагина ишга олинган бу серғайрат йигитча ҳатто бош муҳарир Кибриё опадек талабчан ва жиззаки аёлга-да маъқул келди. Бу ҳам бўлса унинг ўта тиришқоқлиги сабабидан, қолаверса, қалами ҳам дуруст чиқди. Фақат унинг биттагина чакки одати бор экан. Буни биз кеч куз, ёмғирлар мавсуми бошланганда билдик…

Байрам АЛИ
КУЗ ЁМҒИРЛАРИ
045

Жафарсодиқ!

Таҳририятимизга яқиндагина ишга олинган бу серғайрат йигитча ҳатто бош муҳарир Кибриё опадек талабчан ва жиззаки аёлга-да маъқул келди. Бу ҳам бўлса унинг ўта тиришқоқлиги сабабидан, қолаверса, қалами ҳам дуруст чиқди. Фақат унинг биттагина чакки одати бор экан. Буни биз кеч куз, ёмғирлар мавсуми бошланганда билдик…

Ҳафтадан кейин журналимизнинг навбатдаги сонини босмага топширамиз, бизда эса ҳамон камчиликлар! Муҳарирдан эшитгичимизни эшитгач биз – тўртала ижодий ходим нафасимизни ютиб ўз вазифаларимизни бажариб ўтирган эдик, хонамиз эшиги зарда билан очилди ва Кибриё опа қайтадан кўриниш берди.

– Ҳалиям келмадими?! – деди олдин бино деразасига “чирсиллаб” урилаётган ёмғирга, кейин бизга ўта жиддий нигоҳларини қадаб.

– Ҳалиям…
– Йўқ… – айтдик, галма-галдан.

Гап Жафарисодиқ ҳақида кетаётган бўлса-да, тўрталамизда ҳам унғайсизланиш пайдо бўлди. Бошқани билмадим-ку, ҳатто мен ёмғир ёғса ишга кечикадиган ҳамкасбимни ичимда сўкиб ҳам қўйдим. Ахир бу биринчиси бўлмаса…

– Ўзининг телефони бўлмаса, балки яқин қўшниларида телефон бордир?! – тағин сўради Кибриё опа.

– Билмадим… Кампирникида ижарага тураман, деганди, – мужмалландим, ўтирганлар ичида ёши каттаси бўлганимдан жавоб беришга зарурат сезиб, – Кейин… Кўчада юрган бўлиши ҳам мумкин. Шоирлиги бор…

Кибриё опа бир соатча вақтнинг ичида беш марта кириб биздан уни сўради. Ниҳоят эшигимиз олтинчи марта очилганида биз юрагимиз увишиб ўша ёққа тикилган эдик, Жафарсодиқнинг ўзини кўрдик.

– Қону зардоб қилдинг-ку одамни, шунақаям масъулиятсизлик бўладими! – деб энг аввал мен заҳримни сочдим.

Жафарсодиқ эса ўзига ҳечам ярашмайдиган кенг кўкиш ёмғирпўшини ечиб илгичга илар экан, масрурдан масрур илжайди:
– Ёмғирни кўрмайсизми, ака… Бунақада ишлаб бўладими?

– Мана, ҳамма ишлаяпти-ку! – ўшқириб берди, ёши таҳминан Жафарсодиқ билан тенг бўлган, айни пайтда негадир ўрнидан туриб олган ҳамкасабамиз Лобархон.

Жафарсодиқ ҳеч биримизнинг таънали ўқирайишлармизу, зардалармизни назарга илмай одатий шўхчан ҳаракти ила попкасидан бир таҳлам қоғоз чиқарди:
– Мен уйимда ҳам вақтни бекор ўтказган эмасман. Ишонмайсизларми, мана!

– Аммо белгиланган шартномада, ўртоқ Раимов, – хонага кириб келганини ҳеч ким сезмай қолган Кибриё опа гапни кесди , – уйингизда эмас, ҳафтасига олти кун куни бўйи шу бинода ўтириб ишлашингиз қайд этилган!

– Ҳа, мен-н… Кечиринг, балки охиргиси бўлар, – хижолатга тушиб дудуқланди Жафарсодиқ, аммо юзларидан сурбетона табассуми ўчмади.

– А?! “Балки”!?.. – Кибриё опанинг овози ғазабдан қалтираб кетди, – Хонамга боринг!!! – деди, сўнг жаҳл билан эшик сари йўналар экан.

Жафарисодиқ муҳариримизнинг хонасидан қайтиб ўз ўрнига ўтирганда юзи аламдан қизариб кетган, бизга ҳеч нарсани билдирмасликка тиришиб зўр бериб жилмайишга уринишларидан эса кўзлари ҳам бироз ёшинқираб кўринарди. Шундан тўрталамизнинг ҳам қайтадан таъна-дашном ёғдиришга ҳаддимиз сиғмади. Аммо у туфайли бошлиқдан гап эшитавериш жонимизга теккан эмасми, кун бўйи унга ёйилиб гап қўшмадик.

Кейинги кунлари иш вақтимиз кўнгилсизликлардан холи ўтди. Бироқ, орадан уч кун ўтиб аҳл ижодий жамоамиз ишхонамизга вақтдан илгарироқ етиб келар эканмиз, қолганларни ҳам мен каби журналимизнинг янги сони қандай чиқиши эмас, Жафарсодиқнинг ишга кечикиш кечикмаслиги кўпроқ қизиқтирган бўлса керак, дея ўйлайман. Шундай! Чунки бугун ҳам ёмғир ёғарди. Ахир унинг ёмғирли кунларда ишга кечикиши одат тусига айланган, буни эса ҳаммамиз яхши биламиз-ку! Келиб ишни бошлаб юбордик, кўзларимиз тез-тез соатни текшириб қўяди. Мана, кутилганидек ниҳоят иш соатидан уч дақиқа ўта бошлади, Жафарсодиқ… йўқ!

– Юзсиз экан! – ҳаммамиз ичимизда ўйлаб турган гапни биринчи бўлиб Лобархон айтди.
– Тўғри, – тасдиқлади бошқа ҳамкасбимиз, – Бетамиз экан! Ахир кесакмидингки, ёмғирда эриб кетасан!

– Бу масъулиятсизни эшшак десанг, эшаклар хафа бўлади, – тутақдим мен ҳам, – Одам дегани бунчалик бўлмас ахир!
– Менимча, бу унинг шунчаки ҳазили, – пўнғиллади, одатда беҳуда гапириш у ёқда турсин, эснашга эринадиган мусаҳиҳимиз. – Ишга кечикишларига ёмғирнинг дахли йўқ. Йўқса шунча гап кор бўларди…

Муҳокамамизнинг айни палласида етиб келган Кибриё опа, саломимизни жавобсиз қолдирганча остонада туриб қолди.

– Келмадими?! – сўради асабий. Ҳали иш бошланганига кўп бўлмаган бўлса-да, Кибриё опанинг бу қадар ғазабланиши боисини ҳаммамиз тушунган эдик. У бир пас қотиб тургач:
– Айтинг, келиши билан хонамга чиқсин! – деб чиқиб кетди.

Опанинг ғазаби бизни йигитчанинг “паттаси тайин бўлганов” деган шубҳа ва гумонларга солиб қўйди.

– Эссиз, оз фурсатда менда унга нисбатан сал-пал ҳурмат туғилгандай бўлувди-я, – бошини сарак-сарак қилди Лобархон.
– Умуман олганда… Шу масъулиятсизлигини айтмаса ёмон йигит эмасди, – унга ён берган бўлди бошқа жамоадош. – Ёмон ишлайди ҳам деёлмайман.

Қисқа вақт бирга ишлаганимиз ҳурмати менинг ҳам Жафарсиддиқнинг шаънига бирор яхши гап айтгим келиб кетди…

Ёмғир тингач орадан бир, бир ярим соат вақт ўтиб одатдатдагидай илжайганча йигитча кириб келганида, негадир ҳаммамиз унга нафрат билан эмас, шафқат нигоҳлари билан қарадик.

– Ассаломууу алайкуум… – чўзиб салом берди ҳеч нарсадан бехабар Жафарсодиқ. Беўхшов ёмғирпўшини ечиб, иларкан, қўлидаги қоғозларни кўрсатди. – Кечикдим, аммо ишонинг, вақтни бекор сарфлаганим йўқ! Лобархон, буларни териб бераоласизми?

Лобархон унга жавобан:
– Жафарсодиқ, нега уйингиздан ярим соат эртароқ чиқмайсиз, ёки нега шуларни ишхонага келиб ёза қолмайсиз – деди койишга ҳам, хайрихоҳликка ҳам ўхшамаган хафсаласиз бир овозда. Сўнгра:
– Олдин Опанинг хонасига ўтаркансиз, – дея қўшиб қўйди.

Биз воқеанинг қандай якун топишини кутиб беҳаловат турганимизда ўз ўрнига қайтган Жафарсодиқнинг аҳволини кўриб наинки холис ҳамкасблари, балки бирор душмани ҳам ачиниб кетиши тайин эди. Чунки Жафарсодиқнинг ҳамишаги сурбет табассумидан асар ҳам қолмаган, юзини ўзига мутлақо хос бўлмаган маъюслик эгаллагандики, бу ҳаммамизга ғайритабиий туйилди. Ҳа, у бутанлай бошқа одамга айланиб қолгандай эди назаримизда. Бор умидидан айрилиб ор ва номуси янчиб ташланган бир мискин ҳолатда жойига чўкар экан, бизга ҳеч нарса демай қўлидаги қоғозларни компютеръда тера бошлади.

Одатда унга кўмаклашиб турадиган Лобархон туриб ёнига борди:
– Беринг, ўзим териб берай.
– Йўқ, раҳмат, – рад этди Жафарсодиқ. – Ўзим…

Хиёл ўтиб унинг бошлиқдан охирги марта огоҳлантириш олгани ҳаммамизга маълум бўлди.

Ўша куни ҳеч биримизнинг гапимиз бир-биримизникига қовушмай дилхун ўтган иш кунимизнинг якуни хайрли кечди. Анчайин кечикиб қолган маошларимизни ундиришга мувафақ бўлдик.

Аммо эртасига… Аммо эртасига таҳририятимизнинг ҳар бир ходими ростакамига “ғалати” дея эътироф этса арзийдиган воқеа содир бўлди. Ноябръ ёмғири кекса чинорларнинг сўнгги баргларини савалаётган эрта тонгда ишжойимизга биринчилардан бўлиб кириб борсам, не кўз билан кўрайки, Жафарсодиқ ўз ўрнида ишлаб ўтирган экан.

– Ассаломууу алайкуум. Кечикмаганимга ажабланаётган бўлсангиз кераг-а? – айтди у хайрон турган менга қараб илжаяркан. Сўнг мамнун алфозда стулга ястаниб, оёқларини олдинга чўзди ва:
– Энди ҳеч қачон кечикмайман, – деди сирлидан сирли қилиб, айни пайтда комил ишонч ила. Бир неча бор шундай керишган тақлид оёқларини йиғиб узатгач, ғайрат билан ишида давом этди.

Мен беихтиёр Жафарсодиқнинг стол тагидан кўриниб турган яп-янги туфлисига қарар эканман, кечагина оёғида бўлган усти ва ён тамонлари идраб қолган эски оёқ буйими “лоп” этиб хаёлимга келди…

051

Bayram ALI
KUZ YOMG’IRLARI
045

Jafarsodiq!

Tahririyatimizga yaqindagina ishga olingan bu serg’ayrat yigitcha hatto bosh muharir Kibriyo opadek talabchan va jizzaki ayolga-da ma’qul keldi. Bu ham bo’lsa uning o’ta tirishqoqligi sababidan, qolaversa, qalami ham durust chiqdi. Faqat uning bittagina chakki odati bor ekan. Buni biz kech kuz, yomg’irlar mavsumi boshlanganda bildik…

Haftadan keyin jurnalimizning navbatdagi sonini bosmaga topshiramiz, bizda esa hamon kamchiliklar! Muharirdan eshitgichimizni eshitgach biz – to’rtala ijodiy xodim nafasimizni yutib o’z vazifalarimizni bajarib o’tirgan edik, xonamiz eshigi zarda bilan ochildi va Kibriyo opa qaytadan ko’rinish berdi.

– Haliyam kelmadimi?! – dedi oldin bino derazasiga “chirsillab” urilayotgan yomg’irga, keyin bizga o’ta jiddiy nigohlarini qadab.

– Haliyam…
– Yo’q… – aytdik, galma-galdan.

Gap Jafarisodiq haqida ketayotgan bo’lsa-da, to’rtalamizda ham ung’aysizlanish paydo bo’ldi. Boshqani bilmadim-ku, hatto men yomg’ir yog’sa ishga kechikadigan hamkasbimni ichimda so’kib ham qo’ydim. Axir bu birinchisi bo’lmasa…

– O’zining telefoni bo’lmasa, balki yaqin qo’shnilarida telefon bordir?! – tag’in so’radi Kibriyo opa.

– Bilmadim… Kampirnikida ijaraga turaman, degandi, – mujmallandim, o’tirganlar ichida yoshi kattasi bo’lganimdan javob berishga zarurat sezib, – Keyin… Ko’chada yurgan bo’lishi ham mumkin. Shoirligi bor…

Kibriyo opa bir soatcha vaqtning ichida besh marta kirib bizdan uni so’radi. Nihoyat eshigimiz oltinchi marta ochilganida biz yuragimiz uvishib o’sha yoqqa tikilgan edik, Jafarsodiqning o’zini ko’rdik.

– Qonu zardob qilding-ku odamni, shunaqayam mas’uliyatsizlik bo’ladimi! – deb eng avval men zahrimni sochdim.

Jafarsodiq esa o’ziga hecham yarashmaydigan keng ko’kish yomg’irpo’shini yechib ilgichga ilar ekan, masrurdan masrur iljaydi:
– Yomg’irni ko’rmaysizmi, aka… Bunaqada ishlab bo’ladimi?

– Mana, hamma ishlayapti-ku! – o’shqirib berdi, yoshi tahminan Jafarsodiq bilan teng bo’lgan, ayni paytda negadir o’rnidan turib olgan hamkasabamiz Lobarxon.

Jafarsodiq hech birimizning ta’nali o’qirayishlarmizu, zardalarmizni nazarga ilmay odatiy sho’xchan harakti ila popkasidan bir tahlam qog’oz chiqardi:
– Men uyimda ham vaqtni bekor o’tkazgan emasman. Ishonmaysizlarmi, mana!

– Ammo belgilangan shartnomada, o’rtoq Raimov, – xonaga kirib kelganini hech kim sezmay qolgan Kibriyo opa gapni kesdi , – uyingizda emas, haftasiga olti kun kuni bo’yi shu binoda o’tirib ishlashingiz qayd etilgan!

– Ha, men-n… Kechiring, balki oxirgisi bo’lar, – xijolatga tushib duduqlandi Jafarsodiq, ammo yuzlaridan surbetona tabassumi o’chmadi.

– A?! “Balki”!?.. – Kibriyo opaning ovozi g’azabdan qaltirab ketdi, – Xonamga boring!!! – dedi, so’ng jahl bilan eshik sari yo’nalar ekan.

Jafarisodiq muharirimizning xonasidan qaytib o’z o’rniga o’tirganda yuzi alamdan qizarib ketgan, bizga hech narsani bildirmaslikka tirishib zo’r berib jilmayishga urinishlaridan esa ko’zlari ham biroz yoshinqirab ko’rinardi. Shundan to’rtalamizning ham qaytadan ta’na-dashnom yog’dirishga haddimiz sig’madi. Ammo u tufayli boshliqdan gap eshitaverish jonimizga tekkan emasmi, kun bo’yi unga yoyilib gap qo’shmadik.

Keyingi kunlari ish vaqtimiz ko’ngilsizliklardan xoli o’tdi. Biroq, oradan uch kun o’tib ahl ijodiy jamoamiz ishxonamizga vaqtdan ilgariroq yetib kelar ekanmiz, qolganlarni ham men kabi jurnalimizning yangi soni qanday chiqishi emas, Jafarsodiqning ishga kechikish kechikmasligi ko’proq qiziqtirgan bo’lsa kerak, deya o’ylayman. Shunday! Chunki bugun ham yomg’ir yog’ardi. Axir uning yomg’irli kunlarda ishga kechikishi odat tusiga aylangan, buni esa hammamiz yaxshi bilamiz-ku! Kelib ishni boshlab yubordik, ko’zlarimiz tez-tez soatni tekshirib qo’yadi. Mana, kutilganidek nihoyat ish soatidan uch daqiqa o’ta boshladi, Jafarsodiq… yo’q!

– Yuzsiz ekan! – hammamiz ichimizda o’ylab turgan gapni birinchi bo’lib Lobarxon aytdi.
– To’g’ri, – tasdiqladi boshqa hamkasbimiz, – Betamiz ekan! Axir kesakmidingki, yomg’irda erib ketasan!

– Bu mas’uliyatsizni eshshak desang, eshaklar xafa bo’ladi, – tutaqdim men ham, – Odam degani bunchalik bo’lmas axir!
– Menimcha, bu uning shunchaki hazili, – po’ng’illadi, odatda behuda gapirish u yoqda tursin, esnashga erinadigan musahihimiz. – Ishga kechikishlariga yomg’irning daxli yo’q. Yo’qsa shuncha gap kor bo’lardi…

Muhokamamizning ayni pallasida yetib kelgan Kibriyo opa, salomimizni javobsiz qoldirgancha ostonada turib qoldi.

– Kelmadimi?! – so’radi asabiy. Hali ish boshlanganiga ko’p bo’lmagan bo’lsa-da, Kibriyo opaning bu qadar g’azablanishi boisini hammamiz tushungan edik. U bir pas qotib turgach:
– Ayting, kelishi bilan xonamga chiqsin! – deb chiqib ketdi.

Opaning g’azabi bizni yigitchaning “pattasi tayin bo’lganov” degan shubha va gumonlarga solib qo’ydi.

– Essiz, oz fursatda menda unga nisbatan sal-pal hurmat tug’ilganday bo’luvdi-ya, – boshini sarak-sarak qildi Lobarxon.
– Umuman olganda… Shu mas’uliyatsizligini aytmasa yomon yigit emasdi, – unga yon bergan bo’ldi boshqa jamoadosh. – Yomon ishlaydi ham deyolmayman.

Qisqa vaqt birga ishlaganimiz hurmati mening ham Jafarsiddiqning sha’niga biror yaxshi gap aytgim kelib ketdi…

Yomg’ir tingach oradan bir, bir yarim soat vaqt o’tib odatdatdagiday iljaygancha yigitcha kirib kelganida, negadir hammamiz unga nafrat bilan emas, shafqat nigohlari bilan qaradik.

– Assalomuuu alaykuum… – cho’zib salom berdi hech narsadan bexabar Jafarsodiq. Beo’xshov yomg’irpo’shini yechib, ilarkan, qo’lidagi qog’ozlarni ko’rsatdi. – Kechikdim, ammo ishoning, vaqtni bekor sarflaganim yo’q! Lobarxon, bularni terib beraolasizmi?

Lobarxon unga javoban:
– Jafarsodiq, nega uyingizdan yarim soat ertaroq chiqmaysiz, yoki nega shularni ishxonaga kelib yoza qolmaysiz – dedi koyishga ham, xayrixohlikka ham o’xshamagan xafsalasiz bir ovozda. So’ngra:
– Oldin Opaning xonasiga o’tarkansiz, – deya qo’shib qo’ydi.

Biz voqeaning qanday yakun topishini kutib behalovat turganimizda o’z o’rniga qaytgan Jafarsodiqning ahvolini ko’rib nainki xolis hamkasblari, balki biror dushmani ham achinib ketishi tayin edi. Chunki Jafarsodiqning hamishagi surbet tabassumidan asar ham qolmagan, yuzini o’ziga mutlaqo xos bo’lmagan ma’yuslik egallagandiki, bu hammamizga g’ayritabiiy tuyildi. Ha, u butanlay boshqa odamga aylanib qolganday edi nazarimizda. Bor umididan ayrilib or va nomusi yanchib tashlangan bir miskin holatda joyiga cho’kar ekan, bizga hech narsa demay qo’lidagi qog’ozlarni kompyuter’da tera boshladi.

Odatda unga ko’maklashib turadigan Lobarxon turib yoniga bordi:
– Bering, o’zim terib beray.
– Yo’q, rahmat, – rad etdi Jafarsodiq. – O’zim…

Xiyol o’tib uning boshliqdan oxirgi marta ogohlantirish olgani hammamizga ma’lum bo’ldi.

O’sha kuni hech birimizning gapimiz bir-birimiznikiga qovushmay dilxun o’tgan ish kunimizning yakuni xayrli kechdi. Anchayin kechikib qolgan maoshlarimizni undirishga muvaffaq bo’ldik.

Ammo ertasiga… Ammo ertasiga tahririyatimizning har bir xodimi rostakamiga “g’alati” deya e’tirof etsa arziydigan voqea sodir bo’ldi. Noyabr’ yomg’iri keksa chinorlarning so’nggi barglarini savalayotgan erta tongda ishjoyimizga birinchilardan bo’lib kirib borsam, ne ko’z bilan ko’rayki, Jafarsodiq o’z o’rnida ishlab o’tirgan ekan.

– Assalomuuu alaykuum. Kechikmaganimga ajablanayotgan bo’lsangiz kerag-a? – aytdi u xayron turgan menga qarab iljayarkan. So’ng mamnun alfozda stulga yastanib, oyoqlarini oldinga cho’zdi va:
– Endi hech qachon kechikmayman, – dedi sirlidan sirli qilib, ayni paytda komil ishonch ila. Bir necha bor shunday kerishgan taqlid oyoqlarini yig’ib uzatgach, g’ayrat bilan ishida davom etdi.

Men beixtiyor Jafarsodiqning stol tagidan ko’rinib turgan yap-yangi tuflisiga qarar ekanman, kechagina oyog’ida bo’lgan usti va yon tamonlari idrab qolgan eski oyoq buyimi “lop” etib xayolimga keldi…

051

(Tashriflar: umumiy 253, bugungi 1)

6 izoh

  1. Байрам Алининг зўрлиги ҳеч ким кўрмаган энг майда деталларни топиб ҳаётий проблемага айлантириб юборади!Қилни қирқ ёргандай. Кўз тегмасин, сендан умид катта ука.

  2. Ассалому алайкум устоз Ўробой Қобил (танидимми ишқилиб?). Одамни тўлқинлантириб юбордингиз-ку!
    Хурсанд бўлдим устоз, саломат бўлинг илоҳим. Хавотир олманг, сиз каби меҳри ҳам, қаҳри ҳам мўл устозларимиз бор экан «кўзикмайман» 🙂

  3. Bayram Ali sizni ijodingizni o’qib adabiyotimiz hech qachon bo’yin egib qolmasligiga amin bo’laman! Ijidingizni doim kuzatib borishga harakat qilaman va Yaratgandan sizga kuch g’ayrat tilayman! XUDO Sizni yorlaqasin!

  4. Sarlavha hikoya yukiga yengillik qilayotgandek nazarimda bu haqda o’ylab ko’rasiz degan umiddaman. Iltimos , sarlavha ham asaringizga mos kuchli bo’lsin)))

  5. Ассалому алайкум ҳурматли Фазлиддин ака. Бир неча марта ҳикояларимга тагсўз ёзганингизга кўзим тушди, раҳмат, эътибор учун жудаям миннаддорман. Мен-да сизга дунёдаги жами эзгуликларни тилаб қоламан ака.
    Таклифингиз сира эсдан чиқмайди.

  6. Assalomu alaykum. Bayram ali ijodizga omad. Asardagi ko’tarilgan g’oyalardan birini eng muhim deb bilganim (hozirgi kunda davomad va tartib-intizomning qobiliyat va ishchanlikdan ko’ra muhim deb qaralganligi) zamonamizdago o’ta og’riqli nuqta. Bu faqat ishdamas o’quv yurtlarida ham uchraydi. Biror darsga kelmaslik darsni o’zlashtirgan taqdirda ham behurmatlik sanaladi va ta’lim sifatiga sezilarli natijasini ko’rsatadi. Bu o’z navbatida, son boru sifat yo’q degan iboraga to’g’ri keladi

Izoh qoldiring