Ижодий фаолиятининг самарали қисмини икки буюк адиб Хорхе Луис Борхес ва Хулио Кортасар асарларини ўзбек китобхонига яқинлаштиришга йўналтирган Шарифжон Аҳмедовнинг янги таржимасини тақдим этамиз. Шарифжонга ҳам таржимачилик, ҳам ҳикоячилик ишларига муваффақиятлар тилаб қоламиз.
Хулио КОРТАСАР
ТИЛЛА БАЛИҚЧАЛАР (UN PEQUEÑO PARAÍSO)
Шарифжон Аҳмедов таржимаси
Хулио Кортасар (исп. Julio Cortázar; асл исми: Хулес Флоренсио Корта́сар) 1914 йилнинг 20 августида Брюсселда Аргентина савдо ваколатхонаси ходимининг оиласида туғилди. Болалик ва ёшлиги Буэнос-Айрес шаҳрида ўтган. Буэнос-Айрес университетини молиявий танқислик туфайли тугатолмаган Хулио 7 йил давомида қишлоқ ўқитувчиси бўлиб ишлашга мажбур бўлди. 1944 йилдан Мендоса университетида, 1946 йилдан Китоб палатасида ишлади. 1951 йили адабиёт бўйича степендияга сазовор бўлган Кортасар Европага йўл олади ва ўшандан бошлаб қолган бутун умри Парижда ўтди.
«Аргентинанинг биринчи рақамли адиби» — ХХ асрнинг 60-70 йиллари жаҳоннинг нуфузли танқидчилари машҳур ёзувчи Хулио Кортасарга шундай таъриф берган эдилар. Бу баҳо ҳозир ҳам ўз қимматини йўқотгани йўқ. Ёзувчининг «Имтиҳон», «Ютуқ» каби романлари, «Таъқибчи», «Мануелнинг китоби» каби қиссалари, «Бошқа бир осмон», «Жанубий шоссе», «Автобус», «Иблис сўлаги», «Истило қилинган уй» каби ҳикоялари жаҳон адабиётига муносиб улуш бўлиб қўшилди.
Хушбахтлик шамойиллари турличадир, шундай экан, шавкатли генерал Орангу идора қилаётган юрт фуқаролари қон томирларида тилла балиқчалар суза бошлаган кундан эътиборан ўзларини бахтиёр санашларидан ҳайратланишга ҳожат йўқ.
Нафсиламбри, балиқчалар соф олтиндан эмас, балки атиги тиллоранг бўлсалар-да, сиз ҳам уларни ўз қон томирларингизда туйиш истагига мубтало бўлишингиз учун балиқчаларнинг шўх-шодон жилва қилишларини бир бора кўришингиз кифоядир. Омади чопган аллақайси табиатшунос уларни илк дафъа кашф этиб, қулай шароитда жадал кўпая олишларини аниқлагач, ҳукумат ушбу тадбир истиқболларини дарҳол англаб етди. Мутахассисларга Z-8 номи билан маълум бўлган балиқнинг ҳажми шу қадар кичикки, бу кичикликни тасаввур қилиш учун жуссаси жимитдек чивинга баробар бир товуқни кўз олдимизга келтира олсак, балиқча ҳам айнан шу парранда қадардир. Шу боис ҳам ўн саккизга тўлган фуқаролар қон айланиш тизимига бу жониворларни киритиш асло мушкуллик туғдирмайди.
Балоғатга етган ёшлар махсус тиббиёт муассасаси остонасига қадам қўяжак кунларини шу тариқа орзиқиб кутишади, фурсат етгач эса барча хеш-ақраболар билан бирга муқаддас ушбу маросимда ҳозир бўлишади. Ҳадемай бахт-саодат билан сийланажак мижознинг қон томирига аввал найча уланади, найча доривор суюқлик тўлатилган шиша идишга бириктирилади, сўнгроқ эса йигирма дона тиллоранг мўъжиза айнан шу суюқликка киритилади. Муолажа давом этар экан, улуғ неъмат ила сийланмиш йигитча ва ё қизалоқ ҳамда издиҳомга йиғилган барча қавму қариндошлар балиқчаларнинг шиша идиш ичра жавлон уришларини мароқланиб томоша қила олишади. Аммо томоша узоққа чўзилмайди, баайни аллақандай ноаён хатар туфайли ҳаракатсиз тош қота бошлаган балиқчалар сўнгги бор жилоланиб, қон томирлари ичра бирин-кетин ғойиб бўлишади. Ярим соат ўтар-ўтмас зарур миқдордаги тилла балиқчалар соҳибига айланган фуқаро эришилмиш бахту саодатини муносиб нишонлаш иштиёқи билан муассасани тарк этади.
Диққатроқ разм солинса, мамлакат фуқаролари ташқи воқелик таъсиридан кўра, ўз тасаввурлари фаолияти туфайли бахтлироқ эканлари маълум бўлади. Қон томирларига киритиб бўлинган балиқчаларни ортиқ кўриб бўлмаса-да, аммо уларнинг қиёфалари хаёл ва тасаввурларда муқаррар. Ана, уларнинг шўх-шодон бир галаси вена ва артериянинг адоқсиз шажараси бўйлаб муттасил сузишда давом этаётир. Бахт-саодат нурлари чарақлаган кундузлари ҳориган фуқаролар, оқшом чоғи масрур уйқуга кетаркан, юмуқ қабоқлар ичра дам-бадам ёниб-ўчаётган учқунлар, қонли дарё ва жилғаларнинг алвон манзарасида айрича порлаб кетаётган жилвалар – аслида айнан ўша митти жониворлар эканига асло шубҳа қилмаслар. Йигирма дона тилла балиқча вужудларда паноҳ топишлари ҳамон муттасил тарзда урчий бошлаши ҳақидаги ўй эса қалбларни яна ҳам тўлқинлантириб юборади. Тасаввур лаззати барчасидан устун — ана, беҳисоб йилтироқ галалар вужуднинг пана-пастқам барча туйнукларини тобора ишғол этиб бораётир — улар бош чаноғи ичра сайр этиб, бармоқ учларига қадар етиб боради, сағал ўтмай эса, бир вақтнинг ўзида, оёқлар артерияси ва юрак томон йўналган кўктомирларда пайдо бўлишади. Тилла балиқчаларнинг юрак ҳавзаси аро кечиб ўтишларини хаёл қилиш онлари ҳадя этажак қувончларни эса таърифлашга тил ожиз. Уларнинг яйраб-ўйнашлари ва ўзаро мулоқот қилишлари учун айни муддао бўлган тепаликлар, кўлча-ю тезоқар сойлар бу ҳавзада истаганча топилади, ва албаттаки, балиқчалар айни шу маҳобатли ва тирбанд ёбонда хушлашиб, ишқий эҳтирослар ичра ўзаро тақдир ришталарини боғлайдилар. Бир-бирига кўнгил қўйган йигит-қизлар ўз юракларида қўним топган балиқлар ҳам айни шу тобда жуфтларини топганларига ишонадилар. Айрим тана аъзоларида қитиққа ўхшаш сезгиларнинг пайдо бўлиши эса тилла балиқчаларнинг худди ўша жойда ўзаро жуфтлашишлари сифатида изоҳланади. Ташқи ҳаёт тўлқинларининг ичкиси билан батамом мувофиқ келиши – ҳамоҳанглик ила зийнатланган бундан ортиқ бахтни тасаввур этиб бўларми, ахир?
Гоҳи замон айрим балиқчаларнинг умри адоғига етиши саодатли ушбу манзарага соя солиб туради. Бу каби кулфат содир бўлгач, томирлардаги қон оқими ихтиёрига топширилган балиқчанинг жонсиз жасади, охир-оқибат, артериядан венага ва ёки венадан бошқа томирларга ўтиш йўлини тўсиб қўяди. Бундай кўргуликка йўлиққан фуқаронинг нафас олиши оғирлашиб, кўз олди қоронғулашади. Шундай ҳолларда уйда махсус сақланадиган ампуладан томирларга дарҳол зардоб юборилади. Ўлик жонивор дори таъсирида қонга сўрилиб кетади ва тез ўтмай қон айланиши ҳам ўз изига тушади. Тилла балиқчалар тез кўпайишлари ва шунга мувофиқ тарзда уларнинг ўлим даражаси ҳам ортиб боришини ҳисобга олган ҳолда, фуқароларга ойига кўпи билан учтадан ампула ишлатиш рухсат этилган.
Ҳар бир ампула баҳосини йигирма доллардан белгилаган генерал Орангу ҳукумати шу йўл билан мамлакат ғазнасига йил давомида бир неча миллионлик даромад келтириш режасини ҳам ишлаб чиққан. Турфа рутбали хорижий кузатувчилар ушбу тадбир аҳоли учун оғир жафо эканини айтиб, айюҳаннос солаётган бўлсалар-да, фуқаролар буни мутлақо хотиржам қарши олишади — ҳар бир ампула ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмас саодат онларига яна қайта ошно этар экан, бунинг ҳаққини тўлаб қўйиш ҳам адолатдан эмасми, ахир? Қўли юпқа оилалар ҳақида гапириладиган бўлса, зарур миқдордаги ампулалар харид қилишлари учун ҳукумат бундайларга ҳеч иккиланмасдан қарз ҳавола қилади, лекин тўғри, энг сўнггида ҳисоб-китоб қилинар экан, дорилар икки баробар қимматга тушгани маълум бўлади. Борди-ю мана шундай қулай шароитларга қарамасдан ҳам яна кимдир ампуласиз қолса, борган сари гуллаб-яшнаётган чайқов бозорига бемалол ва беҳадик мурожаат қилиши мумкин. Фуқаролар эҳтиёжларини англаб, уларга ғамхўрлик қилишни эзгу амал деб билган ҳукумат халқ манфаати ва (шунга ҳам ота гўри қозихонами?) бир неча ўрдабоши фаровонлиги ҳаққи бундай бозорлар ишлаб туришига бағрикенглик билан йўл қўйиб бергандир.
Ҳар бир фуқаронинг хос тилла балиқчалари бор экан ва улуғ келажакнинг ҳув анави уфқларида бирин-кетин бўй кўрсатаётган янги авлодларнинг барча издиҳомлари албатта ўз балиқчаларига соҳиб чиқишлари маълум экан, дилларни хуфтон қилажак қашшоқлик ҳақида сўз айтмоққа, ахир энди не ҳожат? Бири бошқасидан хушхандон сайл ва базмлар, рақсларда чаппар уражак бахтиёр давралар, нағмаи алёрлари ҳеч адо бўлмас зиёфатлар бизни муштоқ кутмоқда эмасми, ахир?
1979
Ijodiy faoliyatining samarali qismini ikki buyuk adib Xorxe Luis Borxes va Xulio Kortasar asarlarini o’zbek kitobxoniga yaqinlashtirishga yo’naltirgan Sharifjon Ahmedovning yangi tarjimasini taqdim etamiz. Sharifjonga ham tarjimachilik, ham hikoyachilik ishlariga muvaffaqiyatlar tilab qolamiz.
Xulio KORTASAR
TILLA BALIQCHALAR (UN PEQUENO PARAISO)
Sharifjon Ahmedov tarjimasi
Xulio Kortasar (isp. Julio Cortazar; asl ismi: Xules Florensio Korta?sar) 1914 yilning 20 avgustida Bryusselda Argentina savdo vakolatxonasi xodimining oilasida tug’ildi. Bolalik va yoshligi Buenos-Ayres shahrida o’tgan. Buenos-Ayres universitetini moliyaviy tanqislik tufayli tugatolmagan Xulio 7 yil davomida qishloq o’qituvchisi bo’lib ishlashga majbur bo’ldi. 1944 yildan Mendosa universitetida, 1946 yildan Kitob palatasida ishladi. 1951 yili adabiyot bo’yicha stependiyaga sazovor bo’lgan Kortasar Yevropaga yo’l oladi va o’shandan boshlab qolgan butun umri Parijda o’tdi.
«Argentinaning birinchi raqamli adibi» — XX asrning 60-70 yillari jahonning nufuzli tanqidchilari mashhur yozuvchi Xulio Kortasarga shunday ta’rif bergan edilar. Bu baho hozir ham o’z qimmatini yo’qotgani yo’q. Yozuvchining «Imtihon», «Yutuq» kabi romanlari, «Ta’qibchi», «Manuelning kitobi» kabi qissalari, «Boshqa bir osmon», «Janubiy shosse», «Avtobus», «Iblis so’lagi», «Istilo qilingan uy» kabi hikoyalari jahon adabiyotiga munosib ulush bo’lib qo’shildi.
Xushbaxtlik shamoyillari turlichadir, shunday ekan, shavkatli general Orangu idora qilayotgan yurt fuqarolari qon tomirlarida tilla baliqchalar suza boshlagan kundan e’tiboran o’zlarini baxtiyor sanashlaridan hayratlanishga hojat yo’q.
Nafsilambri, baliqchalar sof oltindan emas, balki atigi tillorang bo’lsalar-da, siz ham ularni o’z qon tomirlaringizda tuyish istagiga mubtalo bo’lishingiz uchun baliqchalarning sho’x-shodon jilva qilishlarini bir bora ko’rishingiz kifoyadir. Omadi chopgan allaqaysi tabiatshunos ularni ilk daf’a kashf etib, qulay sharoitda jadal ko’paya olishlarini aniqlagach, hukumat ushbu tadbir istiqbollarini darhol anglab yetdi. Mutaxassislarga Z-8 nomi bilan ma’lum bo’lgan baliqning hajmi shu qadar kichikki, bu kichiklikni tasavvur qilish uchun jussasi jimitdek chivinga barobar bir tovuqni ko’z oldimizga keltira olsak, baliqcha ham aynan shu parranda qadardir. Shu bois ham o’n sakkizga to’lgan fuqarolar qon aylanish tizimiga bu jonivorlarni kiritish aslo mushkullik tug’dirmaydi.
Balog’atga yetgan yoshlar maxsus tibbiyot muassasasi ostonasiga qadam qo’yajak kunlarini shu tariqa orziqib kutishadi, fursat yetgach esa barcha xesh-aqrabolar bilan birga muqaddas ushbu marosimda hozir bo’lishadi. Hademay baxt-saodat bilan siylanajak mijozning qon tomiriga avval naycha ulanadi, naycha dorivor suyuqlik to’latilgan shisha idishga biriktiriladi, so’ngroq esa yigirma dona tillorang mo»jiza aynan shu suyuqlikka kiritiladi. Muolaja davom etar ekan, ulug’ ne’mat ila siylanmish yigitcha va yo qizaloq hamda izdihomga yig’ilgan barcha qavmu qarindoshlar baliqchalarning shisha idish ichra javlon urishlarini maroqlanib tomosha qila olishadi. Ammo tomosha uzoqqa cho’zilmaydi, baayni allaqanday noayon xatar tufayli harakatsiz tosh qota boshlagan baliqchalar so’nggi bor jilolanib, qon tomirlari ichra birin-ketin g’oyib bo’lishadi. Yarim soat o’tar-o’tmas zarur miqdordagi tilla baliqchalar sohibiga aylangan fuqaro erishilmish baxtu saodatini munosib nishonlash ishtiyoqi bilan muassasani tark etadi.
Diqqatroq razm solinsa, mamlakat fuqarolari tashqi voqelik ta’siridan ko’ra, o’z tasavvurlari faoliyati tufayli baxtliroq ekanlari ma’lum bo’ladi. Qon tomirlariga kiritib bo’lingan baliqchalarni ortiq ko’rib bo’lmasa-da, ammo ularning qiyofalari xayol va tasavvurlarda muqarrar. Ana, ularning sho’x-shodon bir galasi vena va arteriyaning adoqsiz shajarasi bo’ylab muttasil suzishda davom etayotir. Baxt-saodat nurlari charaqlagan kunduzlari horigan fuqarolar, oqshom chog’i masrur uyquga ketarkan, yumuq qaboqlar ichra dam-badam yonib-o’chayotgan uchqunlar, qonli daryo va jilg’alarning alvon manzarasida ayricha porlab ketayotgan jilvalar – aslida aynan o’sha mitti jonivorlar ekaniga aslo shubha qilmaslar. Yigirma dona tilla baliqcha vujudlarda panoh topishlari hamon muttasil tarzda urchiy boshlashi haqidagi o’y esa qalblarni yana ham to’lqinlantirib yuboradi. Tasavvur lazzati barchasidan ustun — ana, behisob yiltiroq galalar vujudning pana-pastqam barcha tuynuklarini tobora ishg’ol etib borayotir — ular bosh chanog’i ichra sayr etib, barmoq uchlariga qadar yetib boradi, sag’al o’tmay esa, bir vaqtning o’zida, oyoqlar arteriyasi va yurak tomon yo’nalgan ko’ktomirlarda paydo bo’lishadi. Tilla baliqchalarning yurak havzasi aro kechib o’tishlarini xayol qilish onlari hadya etajak quvonchlarni esa ta’riflashga til ojiz. Ularning yayrab-o’ynashlari va o’zaro muloqot qilishlari uchun ayni muddao bo’lgan tepaliklar, ko’lcha-yu tezoqar soylar bu havzada istagancha topiladi, va albattaki, baliqchalar ayni shu mahobatli va tirband yobonda xushlashib, ishqiy ehtiroslar ichra o’zaro taqdir rishtalarini bog’laydilar. Bir-biriga ko’ngil qo’ygan yigit-qizlar o’z yuraklarida qo’nim topgan baliqlar ham ayni shu tobda juftlarini topganlariga ishonadilar. Ayrim tana a’zolarida qitiqqa o’xshash sezgilarning paydo bo’lishi esa tilla baliqchalarning xuddi o’sha joyda o’zaro juftlashishlari sifatida izohlanadi. Tashqi hayot to’lqinlarining ichkisi bilan batamom muvofiq kelishi – hamohanglik ila ziynatlangan bundan ortiq baxtni tasavvur etib bo’larmi, axir?
Gohi zamon ayrim baliqchalarning umri adog’iga yetishi saodatli ushbu manzaraga soya solib turadi. Bu kabi kulfat sodir bo’lgach, tomirlardagi qon oqimi ixtiyoriga topshirilgan baliqchaning jonsiz jasadi, oxir-oqibat, arteriyadan venaga va yoki venadan boshqa tomirlarga o’tish yo’lini to’sib qo’yadi. Bunday ko’rgulikka yo’liqqan fuqaroning nafas olishi og’irlashib, ko’z oldi qorong’ulashadi. Shunday hollarda uyda maxsus saqlanadigan ampuladan tomirlarga darhol zardob yuboriladi. O’lik jonivor dori ta’sirida qonga so’rilib ketadi va tez o’tmay qon aylanishi ham o’z iziga tushadi. Tilla baliqchalar tez ko’payishlari va shunga muvofiq tarzda ularning o’lim darajasi ham ortib borishini hisobga olgan holda, fuqarolarga oyiga ko’pi bilan uchtadan ampula ishlatish ruxsat etilgan.Har bir ampula bahosini yigirma dollardan belgilagan general Orangu hukumati shu yo’l bilan mamlakat g’aznasiga yil davomida bir necha millionlik daromad keltirish rejasini ham ishlab chiqqan. Turfa rutbali xorijiy kuzatuvchilar ushbu tadbir aholi uchun og’ir jafo ekanini aytib, ayyuhannos solayotgan bo’lsalar-da, fuqarolar buni mutlaqo xotirjam qarshi olishadi — har bir ampula hech narsa bilan qiyoslab bo’lmas saodat onlariga yana qayta oshno etar ekan, buning haqqini to’lab qo’yish ham adolatdan emasmi, axir? Qo’li yupqa oilalar haqida gapiriladigan bo’lsa, zarur miqdordagi ampulalar xarid qilishlari uchun hukumat bundaylarga hech ikkilanmasdan qarz havola qiladi, lekin to’g’ri, eng so’nggida hisob-kitob qilinar ekan, dorilar ikki barobar qimmatga tushgani ma’lum bo’ladi. Bordi-yu mana shunday qulay sharoitlarga qaramasdan ham yana kimdir ampulasiz qolsa, borgan sari gullab-yashnayotgan chayqov bozoriga bemalol va behadik murojaat qilishi mumkin. Fuqarolar ehtiyojlarini anglab, ularga g’amxo’rlik qilishni ezgu amal deb bilgan hukumat xalq manfaati va (shunga ham ota go’ri qozixonami?) bir necha o’rdaboshi farovonligi haqqi bunday bozorlar ishlab turishiga bag’rikenglik bilan yo’l qo’yib bergandir.
Har bir fuqaroning xos tilla baliqchalari bor ekan va ulug’ kelajakning huv anavi ufqlarida birin-ketin bo’y ko’rsatayotgan yangi avlodlarning barcha izdihomlari albatta o’z baliqchalariga sohib chiqishlari ma’lum ekan, dillarni xufton qilajak qashshoqlik haqida so’z aytmoqqa, axir endi ne hojat? Biri boshqasidan xushxandon sayl va bazmlar, raqslarda chappar urajak baxtiyor davralar, nag’mai alyorlari hech ado bo’lmas ziyofatlar bizni mushtoq kutmoqda emasmi, axir?
1979