Lev Tolstoy. Baldan so’ng

055   Лев Толстой инсонийлик ғояларига эътиқоди баланд  ёзувчи сифатида кишилар руҳиятидаги зиддиятларни тасвир этибгина қолмай, ўзи ҳам жамият ва кишилар ҳаётидаги бундай зиддият ва майллардан жароҳатланиб яшаган. Ёзувчидаги мураккаб руҳий ҳолат унинг сўнгги асарларидан бири «Балдан сўнг»да ҳам ёрқин акс этган.

ЛЕВ ТОЛСТОЙ
БАЛДАН СЎНГ
Н. Алимуҳаммедов таржимаси
045

     — Сиз, киши ўзи яхши-ёмонни ажрата олмайди, ҳамма гап муҳитда, кишини муҳит хароб қилади, дейсиз. Мек эсам, ҳамма гап тасодифда деб ўйлайман. Мана мен ўзим ҳақимда гапирсам…

Ҳамма иззат-ҳурмат қиладиган Иван Васильевич билан иккимизнинг орамизда кишининг камолга етиши учун энг аввал одамлар яшайдиган муҳитни ўзгартиш кераклиги тўғрисида бўлиб ўтган суҳбатдан сўнг у киши ҳалигидек гап бошлади. Яхши-ёмонни одамнинг ўзи ажратолмайди, деб ҳеч ким айтгани ҳам йўқ, аммо Иван Васильевичда гап вақтида эсига келиб қолган ўз фикрларига ўзи жавоб бериш ва шу фикрлар муносабати билан ўз саргузаштларидан гапириб бериш каби одат бор эди. Аксари ҳикоя айтишга шундай берилиб кетардики, жон-дилидан чиқариб рост сўзлашга қизиқкб кетиб, нима муносабат билан гап бошлаганини ҳам бутунлай унутиб қўярди.

Ҳозир ҳам у ана шу одатни қилди.
— Менинг ўзимга келсангиз… бутун ҳаётим муҳитдан эмас, балки бутунлай бошқа бир нарсадан шу тарзда бўлиб кетди.
— Ннма сабабдан шундай бўлди? — деб сўрадик.
— Бунинг воқеаси узоқ. Буни тушунтирмоқ учун гапириб беришга тўғри келади.
— Жуда соз, гапириб беринг…

Иван Васильевич ўйга толиб, бошини ирғади.

— Шундай,— деб қўйди у.— Бир кеча ёки тўғриророғи, бир эрта бутун ҳаётимни ўзгартириб юборди.
— Хўш, нима воқеа бўлган эди?

— Шундай бўлган эдики, мен ошиқу беқарор бўлиб қолган эдим. Мен жуда кўп марта ошиқ бўлганман, аммо бу сафаргиси қаттиқ эди. Ўтган гаплар. Унинг ҳозир эрга теккан қизлари бор. Бу Б… ҳа, Б… Варенька эди,— Иван Васильевич унинг фамилиясини ҳам айтди.— У эллик ёшида ҳам ажойиб соҳибжамол эди. Аммо ёшлигида, ўн саккиз ёшида ғоятда сулув эди: қадди-қомати келишган, латофатли, савлатли эди. Бошини салгина орқасига ташлаброқ, гўё бошқача юра олмайдигандек доимо ғоз юрарди. Ўзи хипча, ҳатто суяклари туртиб чиққан бўлишига қарамай, гўзаллиги ва қадди-қомати  келишганлигидан, бу юриши ўзига аллақандай бир савлат бахш этар эди. Агар ҳамиша табассум қилиб кулиб турган оғзи ва порлаб турган ажойиб шаҳло кўзлари, бутун ёш вужудидаги дилбарлик бўлмаса, савлати кишини чўчитар эди ҳам.

— Иван Васильевичнинг мақташига қойил-э!
— Қанчалик таърифини қилсам ҳам барибир уни сиз тушунадигандай қилиб таърифлаб беришнинг иложи йўқ. Аммо гап бунда эмас: менинг айтадиган воқеам қирқинчи йилларда бўлиб ўтган. У вақтларда мен ўз провинциямиздаги университетда ўқир эдим. Яхшими- ёмонми, ҳар ҳолда, университетимизда ўша вақтда ҳеч қандай тўгарак ва ҳеч қандай назария деган гаплар йўқ эди, бизлар ёш эдик, ёшларга хос яшардик, ўқиш ва ўйин-кулгидан бошқани билмасдик. Мен жуда қувноқ ва шўх бола эдим, бунинг устига, давлатим ҳам бор эди. Ўйноқи йўрға отим бор эди, қизлар билан минишиб тепаликдан пастга чопишар эдик (у маҳалда коньки расм бўлмагаи эди), ўртоқларим билан кайф-сафо қилар эдик. (У вақтларда шампанскоедан бошқасини ичмас эдик, пулимиз бўлмаса ҳеч нарса ичмас эдик, эндигидек ароқ ичмасдик.) Менинг энг яхши кўрган нарсам базму зиёфат эди. Яхши танца қилар, хунук ҳам эмас эдим.

Ҳамсуҳбат хотинлардан бири унинг гапини бўлиб:
— Ўзингизни шунчалик камситмасангиз ҳам бўлади. Биз сизнинг эски сернақш суратингизни кўрганмиз. Хунук эмас, аксинча, чиройли эдингиз.

— Чиройликка чиройли эдим-а, лекин гап бунда эмас. Гап шундаки, унга ошиқу беқарор бўлиб юрган чоқларимда, масленица байрамининг охирги кунида, губерниямизнинг оқсоқоли — очиқкўнгил, меҳмондўст, кексайиб қолган, бадавлат бир камергернинг уйида зиёфатда бўлдим. Меҳмонларни кутиб олган хотини ҳам эрига ўхшаш очиқкўнгил эди. Хотини жигарранг бахмал кўйлак кийиб, бошини инжу қадалган жияк билан танғнб олган. Елка ва кўкраклари ёшларникига ўхшамаса-да, Елизавета Петровнанинг (1) сурати сингари очиқ, оппоқ момиқдай эди. Базм жуда жойида бўлди: ҳашаматли зал, ўша замондаги ҳаваскор помешчикнинг машҳур музикачи ва ашулачилари келган, дастурхон ясатилган, шампанский дарё бўлиб оқмоқда. Жон-дилим шампанское бўлса-да, лекин ичмадим, чунки май ичмасам ҳам ишқ ўтида маст эдим, лекин беармон танца тушдим, кадрилга ҳам, вальсга ҳам, полькага ҳам тушдим, албатта, мумкин қадар Варенька билан тушишга ҳаракат қилдим. У оқ кўйлак кийган, белида пушти камар, қўлида нозик ва ингичка тирсакларига етар-етмас оқ чарм қўлқоп, оёғида эса оқ атласдан бошмоқ бор эди. Мазурка ўйини бошланганда бадбахт инженер Анисимов уни таклиф этиб, мендан олиб кетди. Ҳалига довур бунинг алами мендан сира чиқмайди. Мен қўлқоп олай деб сартарошхонага кириб, андак кечикиб қолибман. Шундай қилиб, мазуркага у билан тушмасдан, аввал бир оз яхши кўриб юрганим бир немка билаи тушдим. Аммо бу кеча унга камроқ илтифот қилдимми, деб қўрқаман, у билан гаплашмадим, унга қарамадим: кўзимга фақат оқ кўйлакли, қомати келишган, баланд бўйли, юзлари кулдиргичли ва қип-қизарган, ҳусндор, кўзлари ёқимли қиз кўринади, холос. Бир менгина эмас, ҳамма ҳам унга қарарди, ҳамманинг ҳаваси келарди, ҳусни ҳамма хотинларникидан ўткир бўлса ҳам эркагу хотин — ҳамма баравар унга тикилар эди. Ҳавасинг келмасдан иложи ҳам йўқ эди.

Хуллас, мазуркага у билан тушмадим, аммо ҳақиқатда эса бошқа ўйинларнинг ҳаммасига у билан тушдим. У ҳам уялиб-нетиб турмасдан, залдан ўтиб тўғри менииг олдимга келарди, мен ҳам унинг таклиф қилишини кутиб ўтирмай, сакраб ўрнимдан турардим, шунда у ҳушёрлик қилганим учун кулимсираб ташаккур изҳор қиларди. Бизларни бир-биримнизга тақдим қилганларида у менинг кўнглимдагини била олмай, қўлини менга эмас, бошқага узатиб, нафис елкаларини қисар ва ачинганини ҳамда менга тасалли бермоқчи эканини изҳор қилмоқчи бўлиб жилмайиб қўярди. Мазуркага тушиб айланганимизда мен уни анчагача пириллатиб айлантириб кетсам, у нафасини ростлаёлмай ҳарсиллаб қоларди-да, жилмайиб, менга «Епсоге» (2), дерди. Мен эсам борган сари чирпирак бўлиб ўз танамни ҳам сезмай қолардим.

Меҳмонлардан бири:
— Жуда ҳам сезмай қолмагандирсиз, ўз белингизнигина эмас, балки унинг белини ҳам қучганингизда хўп яхши сезган чиқарсиз, деб ўйлайман,— деб сўз қотиб қўйди.

Иван Васильевич бирданига қизариб кетиб, зарда билан айтди:—Сизлар, эндиги ёшлар шундай қиласизлар. Сизлар бадандан бошқасини билмайсизлар. Визнинг замонамизда бундай эмас эди. Шайдо бўлган сарим, мен унинг танасини камроқ ўйлайдиган бўлиб қолдим. Сизлар оёкларни, тўпиқларни ва яна аллақаерларнигина биласиз, сиз яхши кўриб қолган хотинингизни ечинтирасиз, менинг учун эса Аlрhоnse Кагг (3) айтгандек,— кўп яхш ёзувчи эди-да,— маҳбубамнинг эгнида доим бронза рангли кийимлар бўларди. Бизлар ечинтириш у ёқда турсин, балки Нуҳнинг номусли ўғлидек авратини бекитишга ҳаракат қилар эдик. Гапириб ҳам нима қилдим, барибир тушунмайсизлар…

Ичимиздан кимдир:
— Унинг гапига қулоқ солманг, Хўш, сўнгра нима бўлди?— деди.
— Шундай қилиб, кўпроқ у билан танца тушиб вақтнинг ўтганини ҳам билмасдим. Музикачилар чарчаганликдан, билсангиз, базм охирида бўладигандек, зўр бериб мазурка куйига чалмоқдалар. Меҳмонхонада карта ўйнаб ўтирган кексалар ҳам кечки овқатни қилишга чиқдилар, хизматкорлар ҳам у-бу ташиб югуриб-елиб қолдилар. Соат иккидан ошган: ғанимат дамлардан фойдаланпб қолмоқ керак. Мен уни яна топиб олдим, назаримда зални юз марта айланиб чиқдик да. Уни жойига обориб ўтқазиб қўярканман:

— Овқатдан сўнг кадрилга тушамиз-а?— дедим.
— Башарти мени «илиб» кетмасалар, албатта тушамиз,— деди у ҳам кулимсираб.
— Ҳеч кимни йўлатмайман,— дедим мен.
— Елпиғични беринг, ахир,— деди у.

Арзонгина оқ елпиғични унга узаткб:
— Бергим келмаяпти,— дедим.
— Беришга қизғансангиз мана сизга,—деди-да, елпиғичдан бир пат юлиб олиб менга берди.

Мен патни олдим. Аммо хурсандлигим ва ташаккуримни қараш билангина билдира олдим, холос. Шу дамда мен хурсанд ва мамнун бўлиш бир ёқда турсин, ҳимматим ошган, ўзимда йўқ эдим. Ўзимни ёмонликни сира билмайдиган, фақат яхшилик қиладиган аллақандай самовий бир вужуд деб фаҳмлардим. Патни қўлқопим ичига яшириб қўйдим, уни ташлаб кетишга мадорим етмай, ёнида туриб қолдим. У уй бекаси ва бошқа хонимлар билан эшик олдида турган баланд бўйли, қомати келишган, елкасида заррин попуклари бор полковник отаси томонга қўллари билан ишорат қилиб:

— Анов ёққа қаранг, дадамни танца қил, деб сўраяптилар,— деди. Шу вақт бошини инжу жияк билан танғиган, елкалари Елизаветаникига ўхшаш беканинг:
— Варенька, бу ёққа келинг,— деган овозини эшитиб қолдик.

Варенька эшик олдига келди, унинг кетидан мен ҳам бордим.
— Мa chère (4), отангизга айтинг, сиз билан танца тушсинлар,— деди-да, сўнгра полковникка қараб.— Қани, Пётр Владиславич, марҳамат қилинг,— деди бека.

044Вареньканинг дадаси чиройлин, узун бўйли, басавлат ва тетик бир чол эди. Юзи оч қизил, à la Nicolas I (5) оппоқ, хушмўйлов, оппоқ бакенбарди мўйловигача туташиб келган, чаккасидаги сочлари олдинга қаратиб таралган. Чақнаб тургаи кўзлари билан лаблари худди қизиникига ўхшаб майин кулиб турарди. Жуссаси келишган, ҳарбий кишиларникидек кўтарилиб турган кенг кўкрагида бир-иккита нишон. Яғрини кенг, оёқлари узун ва тўғри. Бу киши Николай замонасида машқ кўрган эски сипоҳларга ўхшаш аскар бошлиғи эди.

Биз эшик олдига келганимизда полковник, танца тушиш эсимдан чиқиб кетган, деб кўнмасдаи туриб эди, аммо ҳар қалай, қўлини чап томонга ташлаб кичкина қиличчасини қинидан суғуриб олиб, ёнидаги ёшгина мулозимига берди-да, ўнг қўлидаги чарм қўлқопни таранг қилиб тортаркан, кулимсираб, «Қоидасиии ўрнига қўймоқ керак», деди ва қизининг қўлидан ушлаб, сал қайириб музика мақомини кутиб турди.

Мазурка куйи бошланиши билан бир оёғини шахдам тепиб, иккинчи оёғини эса ёнига ташлаб, танца тушиб кетди. Унинг баланд, савлатли гавдаси гоҳо секин ва равон сузиб, гоҳо оёқларини бир-бирига уриштириб, ер тепиниб зални айлана бошлади. Вареньканинг хушқомати унинг олдида гириллаб айланар, унинг мўъжаз оппоқ ва майин оёқлари дам катта, дам майда қадам ташлаб, елдек учарди. Залдагиларнинг ҳаммаси иккаласининг ҳар бир ҳаракатини томоша қилиб турарди. Хусусаи, мен завқланганимдан ҳайрон бўлиб томоша қилдим. Айниқса отасининг бетлик этиги,— яхши укуфа этик, лекин учи чўзинчоқ мода этик эмас, балки учи тўмтоқ, ўкчаси паст эски замон этиги, менга жуда ёқди. Афтидан, уни батальондаги этикдўз тиккан бўлса керак. «Арзанда қизини ясантирмоқ ва тўй-томошаларга бирга олиб юрмоқ учун мода этик киймасдан, балки хонакисини кияр экан»,— деб ўйловдим мен, аммо тўмтоқ учли этиги менга жуда ёқди. Унинг бир маҳаллари жуда яхши танца қилганлиги кўриниб турибди, аммо энди эса вазминлашиб қолган, чаққонлик билан қилмоқчи бўлган чиройли, илдам ҳаракатларига энди оёқлари қовушмай турарди. Лекин шундай бўлса ҳам у икки марта жуда яхши айланиб чиқди. Оёқларини жуда эпчиллик билан икки ёққа кериб ташлаб, сўнгра яна жуфтлаштириб, гарчи сал қўполлик билан бўлса ҳам бир тиззаси билан чўккалаб ўтиргач, қиз эса отасига илашиб қолган кўйлаги этагини ростлаб, майин жилмайиб, унинг атрофидан айланиб чиққач, ҳамма бараварига қарсак уриб юборди. Отаси бир оз қийналиброқ ўрнидан турди-да, қизининг бошидан мулойим ва ёқимли қучоқлаб пешонасидан ўпгач, мен билан танпа тушар, деган хаёл билан уни олдимга олиб келди. Шунда мен, бу кишининг жуфти мен эмас, дедим.

У ёқимли жилмайиб туриб қиличчасини қинига соларкан:
— Майли, ҳечқиси йўқ, энди сиз тушиб кўринг,— деди.

Шишадан тушган бир томчи кетидан ичидагининг ҳаммаси шариллаб тўкилиб кетганидек, менинг кўнглимда ҳам Варенькага бўлган муҳаббат қалбимдаги пинҳона ошиқлик иқтидорини ечиб юборди. Шу чоқ мен бутун дунёга муҳаббат қўйдим. Инжу жияк танғиган бекани, унинг Елизаветаники сингари кўкрагини ҳам суйиб қолдим, унинг эрини ҳам, хизматкорларини ҳам, ҳатто мендан ранжиган инженер Анисимовни ҳам суйиб қолдим. Хонаки этик кийгав, қизига ўхшаб мулойим кулган отасидан эса шу он қандайдир майин завқ олар эдим.

Мазурка тугади, мезбонлар меҳмонларни кечки овқатга таклиф қилдилар, аммо полковник Б. эртага вақтлик туришим керак, деб хайрлашиб чиқиб кетди. Мен қизни ҳам олиб чиқиб кетар, деб қўрқиб тургандим, лекин қизча онаси билан қолди.

Кечки овқатдан сўнг, ваъдалашган кадрилимизга тушдик, бахтиёрлигимнинг поёни йўқдай кўринса-да, бахтим борган сари очилаётгандай бўлар зди. Бизлар муҳаббатдан сира оғиз очмадик. Мени севадими, йўқми деб ўзимдан ҳам, ундан ҳам сўрамадим. Ўзимнинг уни севганим кифоя эди. Мен бирон воқеа бўлиб, бахтимни қора қилмасайди, деб хавотир олардим, холос.

Уйимга қайтиб келгач, ечиниб ухламоқчи бўлдим, лекин кўзларга сира уйқу келмади. Қўлимда елпиғичдан юлиб олинган пат билан қўлқопи қолган эди: жўнаб кетаётганида мен аввал онасини, сўнгра эса, ўзини аравага ўтқазаётганимда қўлқопини менга берган эди. Мен бу нарсаларга қараб кўзимни юммасдан хаёлимда уни кўрардим. Гоҳо икки йигитдан бирини танлаб менинг ниятимни билмоқчи бўлиб ўйланиб турган чоғи кўзимга кўринарди ва «Мағрурликми? Ҳали шундайми!»,— деган товушлари қулоғимга киради. Қувониб қўлини менга узатган чоғи, кечки овқат устида гоҳо шампанское қадаҳини лабларига теккизиб, меҳрибон кўзлари билан менга ер остидан қараб турган чоғлари кўзимга кўринар эди. Лекин кўпроқ отаси билаи танцага тушган чоғи, отасининг олдида хиромон юриши, ўзига ҳам, отасига ҳам маҳлиё бўлиб томоша қилиб турганларга виқор билан қараб турган чоғлари кўз ўнгимдан кетмасди. Шунда мен иозик ва майин бир хаёл билан ота-болани беихтиёр бир тан, бир жон деб ҳис қилардим.

У вақтда марҳум акам билан бирга турардик. Акам киборлар суҳбатини ёмон кўрар ва базмларга бормас, номзодлик имтиҳонига тайёрланаётганлигидан тинч умр кечирмоқда эди. Акам уйқуда эди. Мен унинг ёстиққа мукка тушган ва ярмиси жун одеялга бурканган бошига қараб жуда ачиндим. Қўнглимдаги хурсандлигимни, мендаги бахтиёрликни сезмаганлигига, менга ҳамдамлашмаганлигига ачиндим. Хизматкоримиз крепостной Петруша қўлида шам билан мени кутиб олди. Кийимимни ечиб қўймоқчи бўлган эди, мен унга ижозат бериб, чиқариб юбордим. Уйқудан шишган юз-кўзлари, пахмайган сочларини кўриб кўнглим бузилиб кетди. Товуш чиқармай, деб оёқ учида юриб ўз хонамга кириб, тўшакка ётдим, Йўқ, мен ҳаддан ташқари бахтиёр бўлганлигимдан ухлаёлмадим. Бунинг устига, уйнинг печкаси ёқилган экам, уй жуда исиб кетди, Мундиримни ечмасдан, аста юриб даҳлизга чиқдимда, шинелимни кийиб, ташқари эшикни очиб, кўчага чиқиб кетдим.

Зиёфатдан соат бешга яқин кетган эдим. Уйимга келиб бирпас ўтиргунимча яна бир соат вақт ўтди. Шундай қнлиб, кўчага чиққанимда кун ёришиб қолган эди. Ҳаво ҳам байрам ҳавоси, ҳамма ёқни туман босган. Қорга ёмғир аралашиб, кўчалар шилта бўлган, барча томлардан томчи чакиллайди. У маҳалда Б. лар шаҳарнинг бир чеккасида туришар эди. Ялангликнинг бир томони сайилгоҳ, бир томонида қизлар мактаби бор эди.

Мен хилват тор кўчамиздан юриб бориб, катта кўчага чиқдим. Кўчада менга пиёдалар, ерга тегиб бораётган чанага ўтин ортган аравакашлар учрай бошлади. Сирланган дўға остида ҳўл бошларини солинтириб, салмоқлаб бораёгган отлардан тортиб, бошига чипта ёпиниб, арава ёнида катта этикда шалоплаб кетаётган аравакашлар, тумап ичида баланд бўлиб кўринган уйлар ҳам менга жуда ёқимли ва маънодор бўлиб кўринар эди.

Уларнинг уйлари олдидаги ялангликка чиққач, ялангликнинг охиридаги сайилгоҳ томонда қандайдир улкан қора бир нарсани кўрдим, шу пайт қулоғимга най (флейта) билан ноғора овози эшитилди. Юрагим ҳамон хониш қилмоқда, қулоғимга гоҳо мазурка куйи киради. Лекин бу аллақандай раҳмсиз, нохуш музика овози эди.

«Нима бўлса экан!»—деб ўйладим ва ялангликнинг ўртасига тушган сирғанчиқ йўлдан овоз келган томонга қараб юрдим. Юз қадамча юргач, туман орасидан қора кийинган бир талай одамни кўрдим. Солдатларга ўхшайди. Машқ қилаётгандирлар,— деб ўйладим. Мой босган нимча пўстин устидан фартук тутган ва олдимда бир нима кўтариб келаётган темирчи икковимиз уларга яқин келдик. Қора мундир кийган соддатлар икки саф бўлиб, милтиқларини ёнларига қилиб, икки ёқда қимирламай турибдилар. Буларнинг орқасида ноғорачилар билан найчилар ҳамон ўша ёқимсиз ва хунук машқларини чалмоқдалар.

Ёнимга келиб тўхтаган темирчидан:
— Улар нима қилаётирлар?—деб сўрадим. Темирчи кўзларини сафнинг охиридан узмай:
— Қочгани учун бир татарни сазойи қиляптилар,— деди.

Мен ҳам темирчи қараган томонга қараб саф орасида менга яқинлашиб келаётган аллақандай даҳшатли бир нарсани кўрдим. Менга томон келаётган нарса белигача қип-яланғоч ва уни етаклаб келаётган икки солдатнинг милтиқларига боғланган бир кимса экан.  Унинг ёнида шинель ва шапка кийган узун бўйли ҳарбий бир одам келарди. Бу кишининг қиёфаси танишдек кўринди. Сазойи қилинган бечора эриган қорни шилп-шилп босиб, ҳар икки тарафдан тушган калтак зарбидан гандираклаб, менга қараб келмоқда. У калтак зарбидан ўзини орқага ташласа, уни миятиққа боғлаб етаклаб келаётган унтер-сфицерлар олдинга итарардилар, олдинга ташланса, йиқилгани қўймасдан орқага тортар эдилар. Узун бўйли, ҳарбий киши кейинда қолмасдан гурс-гурс қадам ташлаб бормоқда. Қизил юзли, оқ мўйловли ва оқ бакенбардли бу одам унинг отаси эди.

055Ҳар калтак тушганда сазойи қилинган татар гўё ҳайрон бўлгандек, азобдан қийналиб буришган юзини калтак тушган томонга бурар ва оппоқ тишларини ғижирлатар, ҳадеб бир нарсалар деб ғўлдирар эди. Унинг нима деяётганини яқин келганидагина пайқадим. У гапирмас, балки пиқиллаб йиғлаб: «Оғалар, раҳм қилинглар,  оғалар, раҳмингиз келсин», дерди. Аммо оғалар раҳм қилмасдилар, сазойи қилинган менинг рўпарамга келганда қаршимда турган солдат олдинга шаҳдам қадам ташлаб чиқиб, калтакни шиғиллатиб татарнинг орқасига шундай солдики, татар олдинга мункиб кетди, лекин унтер-офнцерлар уни ушлаб қолдилар. Сўнгра шундай калтак ҳар тарафдан туша берди… Ёнда кетаётган полковник гоҳ оёғи остига, гоҳ сазойи қилинганга қараб, лунжларини шишириб пишиллаб бормоқда. Сазойи мен турган жойдан ўтиб кетганидан кейин, сафлар орасидан унинг елкасига кўзим тушиб қолди. Бу аллақандай ола-була, ҳўл, қип-қизил ғайри табиий бир нарса эди. Бунинг одам танаси эканлигига ишонмадим.

Ёнимда турган темирчи:
— Ё, парвардигор1—деб юборди.

Улар биздан узоқлашиб кетди, Букчайиб, гандираклаб кетаётган одамнинг устига ҳамон икки томондан калтак ёғилмоқда. Ноғора билан най ҳали ҳам машқ қилишини қўйгани йўқ, баланд бўйли, гердайган полковник ҳамон сазойи қилинганнинг ёнида бормоқда. Полковник бирдан тўхтаб, солдатлардан бирининг олдига яқин келди, шунда унинг:
— Ҳа, ҳа, ҳали аяб урадиган сенми?— деган ғазабли сўзлари қулоғимга кирди.

Паст бўйли, қути ўчган, дармонсиз солдат татарнинг кўкариб кетган орқасига секинроқ калтак ургани учун қўлқоп кийган бақувват қўли билан унинг юзига тарсаки туширганини ўз кўзим билан кўрдим.

Полковник:
— Бошқа таёқ келтиринг!— деб бақирди-да, атрофига аланглаб менга кўзи тушиб қолди. Мени танимагандек бўлиб, даҳшат ва ғазаб билан хўмрайиб, дарров юзини меидан тескари ўгирди. Мен эсам, жуда уят бир иш қилиб қўйгандай, ўсал бўлиб, нима қиларимни билмай, ерга қарадим-да, тезроқ уйга қайтдим. Йўл-йўлакай қулоғимга гоҳо ноғоранинг тарақлаган овози, найнинг чийиллаган товуши эшитилгандек бўлар эди, гоҳо: «Оғалар, раҳм қилинглар!» деган сўзлар эшитилиб, гоҳо эса полковникнинг: «Ҳа, ҳа, ҳали аяб урадиган сенми?! — деб ғазаб билан бақирган сўзлари қулоғим остида шанғиллар эди. Юрагим эзилиб, шундай ғаш бўлдики, юролмай бир неча марта тўхтаб қолдим. Назаримда бу манзарадан кўнгилга ўрнашган даҳшатлар ҳали замон мени йўқ қилиб юборадиганга ўхшарди. Уйимга қандай етиб бориб, тўшакка қандай чўзилганимни ҳам билмайман. Бироқ кўзимни юмишим билан, кўрганларим кўз олдимга келиб, эшитган гапларим қулоғим тагида жаранглаб, сакраб ўрнимдан турдим.

Полковник тўғрисида мен: «У мен билмаган бир нарсани биладиганга ўхшайди,— деб ўйладим.— Агар у билганни мен ҳам билсам, у нарсани тушунган бўлар эдим, кўрганларим эса мени бунчалик қийнамаган бўлар эди». Аммо мен ҳар қанча ўйламайин, полковникнинг билганларини билолмадим, ошнамникига бориб, хўп ичишиб, маст бўлиб кечқурунгина андак   ухладим.

Хўш, сизлар нима деб ўйлайсизлар, кўрган воқеасини ярамас бир иш деб ҳукм қилгандир, деб ўйлайсизми? Ҳеч ундай эмас. «Модомики, бу иш шунчалик ишонч билан қилиниб, ҳамма уни зарур деб топар экан, бас, улар мен билмаган бир сирни билсалар керак — деб ўйлаб, бу сирни билишга уриндим. Аммо қанчалик уринмайин, кейин ҳам ҳеч била олмадим. Буни билмай туриб истагим бўлган ҳарбий хизматга киролмас эдим, балки ҳарбий хизматгина эмас, ҳатто ҳеч қанақа хизматга киролмадим, мана энди ҳеч нарсага ярамаслигимни кўриб турибсиз.

— Қўйсангиз-чи, яраш-ярамаслигингизни биламиз,— деди ҳамсуҳбатларимиздан бири,— яхшиси, агар сиз бўлмасангиз қанча одам ҳеч нарсага ярамай қоларди, шуни айтинг,— деди.

Иван Васильевич бу гапдан қаттиқ хафа бўлиб:
— Бу гаплар бориб турган аҳмоқлик,—- деди.
— Хўш, ошиқлик масаласи нима бўлди?— деб сўрадик.

— Муҳаббатми? Муҳаббат шу кундаи бошлаб сусая бошлади. Маъшуқам ҳар вақтдагидек илжайиб хаёлга чўмган чоқларида, ялангликдаги полковник дарров ёдимга тушиб аллақандай бўлиб кетардим, у билан камдан-кам учрашадиган бўлиб қолдим. Муҳаббат ҳам шундай қилиб барҳам топди. Ана шунақа гаплар бўлади, одамнинг бутун ҳаёти ҳам шунақа қилиб ўзгариб бошқа йўлга тушиб кетади. Сиз дейсизки…— деди-да, шу билан гапини тамом қилди (Таржима матни «Хуршид Даврон кутубхонаси» томонидан жуъий таҳрир билан тайёрланган).

Ясная Поляна,
1903 йил, 20 август.

  1. Малика Елизавета Петровна
    2.  Тағин (французча).
    3. Альфонс  Карр — француз ёзувчиси.
    4.  Азизим (французча).
    5.  Николай I никига ўхшаш (французча).


Lev Tolstoy insoniylik g’oyalariga e’tiqodi baland yozuvchi sifatida kishilar ruhiyatidagi ziddiyatlarni tasvir etibgina qolmay, o’zi ham jamiyat va kishilar hayotidagi bunday ziddiyat va mayllardan jarohatlanib yashagan. Yozuvchidagi murakkab ruhiy holat uning so’nggi asarlaridan biri «Baldan so’ng»da ham yorqin aks etgan.

LEV TOLSTOY
BALDAN SO’NG
N. Alimuhammedov tarjimasi
045

01— Siz, kishi o’zi yaxshi-yomonni ajrata olmaydi, hamma gap muhitda, kishini muhit xarob qiladi, deysiz. Mek esam, hamma gap tasodifda deb o’ylayman. Mana men o’zim haqimda gapirsam…

Hamma izzat-hurmat qiladigan Ivan Vasil`evich bilan ikkimizning oramizda kishining kamolga yetishi uchun eng avval odamlar yashaydigan muhitni o’zgartish kerakligi to’g’risida bo’lib o’tgan suhbatdan so’ng u kishi haligidek gap boshladi. Yaxshi-yomonni odamning o’zi ajratolmaydi, deb hech kim aytgani ham yo’q, ammo Ivan Vasil`evichda gap vaqtida esiga kelib qolgan o’z fikrlariga o’zi javob berish va shu fikrlar munosabati bilan o’z sarguzashtlaridan gapirib berish kabi odat bor edi. Aksari hikoya aytishga shunday berilib ketardiki, jon-dilidan chiqarib rost so’zlashga qiziqkb ketib, nima munosabat bilan gap boshlaganini ham butunlay unutib qo’yardi.

Hozir ham u ana shu odatni qildi.
— Mening o’zimga kelsangiz… butun hayotim muhitdan emas, balki butunlay boshqa bir narsadan shu tarzda bo’lib ketdi.
— Nnma sababdan shunday bo’ldi? — deb so’radik.
— Buning voqeasi uzoq. Buni tushuntirmoq uchun gapirib berishga to’g’ri keladi.
— Juda soz, gapirib bering…

Ivan Vasil`evich o’yga tolib, boshini irg’adi.

— Shunday,— deb qo’ydi u.— Bir kecha yoki to’g’rirorog’i, bir erta butun hayotimni o’zgartirib yubordi.
— Xo’sh, nima voqea bo’lgan edi?

— Shunday bo’lgan ediki, men oshiqu beqaror bo’lib qolgan edim. Men juda ko’p marta oshiq bo’lganman, ammo bu safargisi qattiq edi. O’tgan gaplar. Uning hozir erga tekkan qizlari bor. Bu B… ha, B… Varen`ka edi,— Ivan Vasil`evich uning familiyasini ham aytdi.— U ellik yoshida ham ajoyib sohibjamol edi. Ammo yoshligida, o’n sakkiz yoshida g’oyatda suluv edi: qaddi-qomati kelishgan, latofatli, savlatli edi. Boshini salgina orqasiga tashlabroq, go’yo boshqacha yura olmaydigandek doimo g’oz yurardi. O’zi xipcha, hatto suyaklari turtib chiqqan bo’lishiga qaramay, go’zalligi va qaddi-qomati kelishganligidan, bu yurishi o’ziga allaqanday bir savlat baxsh etar edi. Agar hamisha tabassum qilib kulib turgan og’zi va porlab turgan ajoyib shahlo ko’zlari, butun yosh vujudidagi dilbarlik bo’lmasa, savlati kishini cho’chitar edi ham.

— Ivan Vasil`evichning maqtashiga qoyil-e!
— Qanchalik ta’rifini qilsam ham baribir uni siz tushunadiganday qilib ta’riflab berishning iloji yo’q. Ammo gap bunda emas: mening aytadigan voqeam qirqinchi yillarda bo’lib o’tgan. U vaqtlarda men o’z provintsiyamizdagi universitetda o’qir edim. Yaxshimi- yomonmi, har holda, universitetimizda o’sha vaqtda hech qanday to’garak va hech qanday nazariya degan gaplar yo’q edi, bizlar yosh edik, yoshlarga xos yashardik, o’qish va o’yin-kulgidan boshqani bilmasdik. Men juda quvnoq va sho’x bola edim, buning ustiga, davlatim ham bor edi. O’ynoqi yo’rg’a otim bor edi, qizlar bilan minishib tepalikdan pastga chopishar edik (u mahalda kon`ki rasm bo’lmagai edi), o’rtoqlarim bilan kayf-safo qilar edik. (U vaqtlarda shampanskoedan boshqasini ichmas edik, pulimiz bo’lmasa hech narsa ichmas edik, endigidek aroq ichmasdik.) Mening eng yaxshi ko’rgan narsam bazmu ziyofat edi. Yaxshi tantsa qilar, xunuk ham emas edim.

Hamsuhbat xotinlardan biri uning gapini bo’lib:
— O’zingizni shunchalik kamsitmasangiz ham bo’ladi. Biz sizning eski sernaqsh suratingizni ko’rganmiz. Xunuk emas, aksincha, chiroyli edingiz.

— Chiroylikka chiroyli edim-a, lekin gap bunda emas. Gap shundaki, unga oshiqu beqaror bo’lib yurgan choqlarimda, maslenitsa bayramining oxirgi kunida, guberniyamizning oqsoqoli — ochiqko’ngil, mehmondo’st, keksayib qolgan, badavlat bir kamergerning uyida ziyofatda bo’ldim. Mehmonlarni kutib olgan xotini ham eriga o’xshash ochiqko’ngil edi. Xotini jigarrang baxmal ko’ylak kiyib, boshini inju qadalgan jiyak bilan tang’nb olgan. Yelka va ko’kraklari yoshlarnikiga o’xshamasa-da, Yelizaveta Petrovnaning (1) surati singari ochiq, oppoq momiqday edi. Bazm juda joyida bo’ldi: hashamatli zal, o’sha zamondagi havaskor pomeshchikning mashhur muzikachi va ashulachilari kelgan, dasturxon yasatilgan, shampanskiy daryo bo’lib oqmoqda. Jon-dilim shampanskoe bo’lsa-da, lekin ichmadim, chunki may ichmasam ham ishq o’tida mast edim, lekin bearmon tantsa tushdim, kadrilga ham, val`sga ham, polkaga ham tushdim, albatta, mumkin qadar Varen`ka bilan tushishga harakat qildim. U oq ko’ylak kiygan, belida pushti kamar, qo’lida nozik va ingichka tirsaklariga yetar-yetmas oq charm qo’lqop, oyog’ida esa oq atlasdan boshmoq bor edi. Mazurka o’yini boshlanganda badbaxt injener Anisimov uni taklif etib, mendan olib ketdi. Haliga dovur buning alami mendan sira chiqmaydi. Men qo’lqop olay deb sartaroshxonaga kirib, andak kechikib qolibman. Shunday qilib, mazurkaga u bilan tushmasdan, avval bir oz yaxshi ko’rib yurganim bir nemka bilai tushdim. Ammo bu kecha unga kamroq iltifot qildimmi, deb qo’rqaman, u bilan gaplashmadim, unga qaramadim: ko’zimga faqat oq ko’ylakli, qomati kelishgan, baland bo’yli, yuzlari kuldirgichli va qip-qizargan, husndor, ko’zlari yoqimli qiz ko’rinadi, xolos. Bir mengina emas, hamma ham unga qarardi, hammaning havasi kelardi, husni hamma xotinlarnikidan o’tkir bo’lsa ham erkagu xotin — hamma baravar unga tikilar edi. Havasing kelmasdan iloji ham yo’q edi.

Xullas, mazurkaga u bilan tushmadim, ammo haqiqatda esa boshqa o’yinlarning hammasiga u bilan tushdim. U ham uyalib-netib turmasdan, zaldan o’tib to’g’ri meniig oldimga kelardi, men ham uning taklif qilishini kutib o’tirmay, sakrab o’rnimdan turardim, shunda u hushyorlik qilganim uchun kulimsirab tashakkur izhor qilardi. Bizlarni bir-birimnizga taqdim qilganlarida u mening ko’nglimdagini bila olmay, qo’lini menga emas, boshqaga uzatib, nafis yelkalarini qisar va achinganini hamda menga tasalli bermoqchi ekanini izhor qilmoqchi bo’lib jilmayib qo’yardi. Mazurkaga tushib aylanganimizda men uni anchagacha pirillatib aylantirib ketsam, u nafasini rostlayolmay harsillab qolardi-da, jilmayib, menga «Yepsoge» (2), derdi. Men esam borgan sari chirpirak bo’lib o’z tanamni ham sezmay qolardim.

Mehmonlardan biri:
— Juda ham sezmay qolmagandirsiz, o’z belingiznigina emas, balki uning belini ham quchganingizda xo’p yaxshi sezgan chiqarsiz, deb o’ylayman,— deb so’z qotib qo’ydi.

Ivan Vasil`evich birdaniga qizarib ketib, zarda bilan aytdi:—Sizlar, endigi yoshlar shunday qilasizlar. Sizlar badandan boshqasini bilmaysizlar. Vizning zamonamizda bunday emas edi. Shaydo bo’lgan sarim, men uning tanasini kamroq o’ylaydigan bo’lib qoldim. Sizlar oyoklarni, to’piqlarni va yana allaqaerlarnigina bilasiz, siz yaxshi ko’rib qolgan xotiningizni yechintirasiz, mening uchun esa Alrhonse Kagg (3) aytgandek,— ko’p yaxsh yozuvchi edi-da,— mahbubamning egnida doim bronza rangli kiyimlar bo’lardi. Bizlar yechintirish u yoqda tursin, balki Nuhning nomusli o’g’lidek avratini bekitishga harakat qilar edik. Gapirib ham nima qildim, baribir tushunmaysizlar…

Ichimizdan kimdir:
— Uning gapiga quloq solmang, Xo’sh, so’ngra nima bo’ldi?— dedi.
— Shunday qilib, ko’proq u bilan tantsa tushib vaqtning o’tganini ham bilmasdim. Muzikachilar charchaganlikdan, bilsangiz, bazm oxirida bo’ladigandek, zo’r berib mazurka kuyiga chalmoqdalar. Mehmonxonada karta o’ynab o’tirgan keksalar ham kechki ovqatni qilishga chiqdilar, xizmatkorlar ham u-bu tashib yugurib-yelib qoldilar. Soat ikkidan oshgan: g’animat damlardan foydalanpb qolmoq kerak. Men uni yana topib oldim, nazarimda zalni yuz marta aylanib chiqdik da. Uni joyiga oborib o’tqazib qo’yarkanman:

— Ovqatdan so’ng kadrilga tushamiz-a?— dedim.
— Basharti meni «ilib» ketmasalar, albatta tushamiz,— dedi u ham kulimsirab.
— Hech kimni yo’latmayman,— dedim men.
— Yelpig’ichni bering, axir,— dedi u.

Arzongina oq yelpig’ichni unga uzatkb:
— Bergim kelmayapti,— dedim.
— Berishga qizg’ansangiz mana sizga,—dedi-da, yelpig’ichdan bir pat yulib olib menga berdi.

Men patni oldim. Ammo xursandligim va tashakkurimni qarash bilangina bildira oldim, xolos. Shu damda men xursand va mamnun bo’lish bir yoqda tursin, himmatim oshgan, o’zimda yo’q edim. O’zimni yomonlikni sira bilmaydigan, faqat yaxshilik qiladigan allaqanday samoviy bir vujud deb fahmlardim. Patni qo’lqopim ichiga yashirib qo’ydim, uni tashlab ketishga madorim yetmay, yonida turib qoldim. U uy bekasi va boshqa xonimlar bilan eshik oldida turgan baland bo’yli, qomati kelishgan, yelkasida zarrin popuklari bor polkovnik otasi tomonga qo’llari bilan ishorat qilib:

— Anov yoqqa qarang, dadamni tantsa qil, deb so’rayaptilar,— dedi. Shu vaqt boshini inju jiyak bilan tang’igan, yelkalari Yelizavetanikiga o’xshash bekaning:
— Varen`ka, bu yoqqa keling,— degan ovozini eshitib qoldik.

Varen`ka eshik oldiga keldi, uning ketidan men ham bordim.
— Ma chere (4), otangizga ayting, siz bilan tantsa tushsinlar,— dedi-da, so’ngra polkovnikka qarab.— Qani, Pyotr Vladislavich, marhamat qiling,— dedi beka.

Varen`kaning dadasi chiroylin, uzun bo’yli, basavlat va tetik bir chol edi. Yuzi och qizil, a la Nicolas I (5) oppoq, xushmo’ylov, oppoq bakenbardi mo’ylovigacha tutashib kelgan, chakkasidagi sochlari oldinga qaratib taralgan. Chaqnab turgai ko’zlari bilan lablari xuddi qizinikiga o’xshab mayin kulib turardi. Jussasi kelishgan, harbiy kishilarnikidek ko’tarilib turgan keng ko’kragida bir-ikkita nishon. Yag’rini keng, oyoqlari uzun va to’g’ri. Bu kishi Nikolay zamonasida mashq ko’rgan eski sipohlarga o’xshash askar boshlig’i edi.

Biz eshik oldiga kelganimizda polkovnik, tantsa tushish esimdan chiqib ketgan, deb ko’nmasdai turib edi, ammo har qalay, qo’lini chap tomonga tashlab kichkina qilichchasini qinidan sug’urib olib, yonidagi yoshgina mulozimiga berdi-da, o’ng qo’lidagi charm qo’lqopni tarang qilib tortarkan, kulimsirab, «Qoidasiii o’rniga qo’ymoq kerak», dedi va qizining qo’lidan ushlab, sal qayirib muzika maqomini kutib turdi.

054Mazurka kuyi boshlanishi bilan bir oyog’ini shaxdam tepib, ikkinchi oyog’ini esa yoniga tashlab, tantsa tushib ketdi. Uning baland, savlatli gavdasi goho sekin va ravon suzib, goho oyoqlarini bir-biriga urishtirib, yer tepinib zalni aylana boshladi. Varen`kaning xushqomati uning oldida girillab aylanar, uning mo»jaz oppoq va mayin oyoqlari dam katta, dam mayda qadam tashlab, yeldek uchardi. Zaldagilarning hammasi ikkalasining har bir harakatini tomosha qilib turardi. Xususai, men zavqlanganimdan hayron bo’lib tomosha qildim. Ayniqsa otasining betlik etigi,— yaxshi ukufa etik, lekin uchi cho’zinchoq moda etik emas, balki uchi to’mtoq, o’kchasi past eski zamon etigi, menga juda yoqdi. Aftidan, uni batal`ondagi etikdo’z tikkan bo’lsa kerak. «Arzanda qizini yasantirmoq va to’y-tomoshalarga birga olib yurmoq uchun moda etik kiymasdan, balki xonakisini kiyar ekan»,— deb o’ylovdim men, ammo to’mtoq uchli etigi menga juda yoqdi. Uning bir mahallari juda yaxshi tantsa qilganligi ko’rinib turibdi, ammo endi esa vazminlashib qolgan, chaqqonlik bilan qilmoqchi bo’lgan chiroyli, ildam harakatlariga endi oyoqlari qovushmay turardi. Lekin shunday bo’lsa ham u ikki marta juda yaxshi aylanib chiqdi. Oyoqlarini juda epchillik bilan ikki yoqqa kerib tashlab, so’ngra yana juftlashtirib, garchi sal qo’pollik bilan bo’lsa ham bir tizzasi bilan cho’kkalab o’tirgach, qiz esa otasiga ilashib qolgan ko’ylagi etagini rostlab, mayin jilmayib, uning atrofidan aylanib chiqqach, hamma baravariga qarsak urib yubordi. Otasi bir oz qiynalibroq o’rnidan turdi-da, qizining boshidan muloyim va yoqimli quchoqlab peshonasidan o’pgach, men bilan tanpa tushar, degan xayol bilan uni oldimga olib keldi. Shunda men, bu kishining jufti men emas, dedim.

U yoqimli jilmayib turib qilichchasini qiniga solarkan:
— Mayli, hechqisi yo’q, endi siz tushib ko’ring,— dedi.

Shishadan tushgan bir tomchi ketidan ichidagining hammasi sharillab to’kilib ketganidek, mening ko’nglimda ham Varen`kaga bo’lgan muhabbat qalbimdagi pinhona oshiqlik iqtidorini yechib yubordi. Shu choq men butun dunyoga muhabbat qo’ydim. Inju jiyak tang’igan bekani, uning Yelizavetaniki singari ko’kragini ham suyib qoldim, uning erini ham, xizmatkorlarini ham, hatto mendan ranjigan injener Anisimovni ham suyib qoldim. Xonaki etik kiygav, qiziga o’xshab muloyim kulgan otasidan esa shu on qandaydir mayin zavq olar edim.

Mazurka tugadi, mezbonlar mehmonlarni kechki ovqatga taklif qildilar, ammo polkovnik B. ertaga vaqtlik turishim kerak, deb xayrlashib chiqib ketdi. Men qizni ham olib chiqib ketar, deb qo’rqib turgandim, lekin qizcha onasi bilan qoldi.

Kechki ovqatdan so’ng, va’dalashgan kadrilimizga tushdik, baxtiyorligimning poyoni yo’qday ko’rinsa-da, baxtim borgan sari ochilayotganday bo’lar zdi. Bizlar muhabbatdan sira og’iz ochmadik. Meni sevadimi, yo’qmi deb o’zimdan ham, undan ham so’ramadim. O’zimning uni sevganim kifoya edi. Men biron voqea bo’lib, baxtimni qora qilmasaydi, deb xavotir olardim, xolos.

Uyimga qaytib kelgach, yechinib uxlamoqchi bo’ldim, lekin ko’zlarga sira uyqu kelmadi. Qo’limda yelpig’ichdan yulib olingan pat bilan qo’lqopi qolgan edi: jo’nab ketayotganida men avval onasini, so’ngra esa, o’zini aravaga o’tqazayotganimda qo’lqopini menga bergan edi. Men bu narsalarga qarab ko’zimni yummasdan xayolimda uni ko’rardim. Goho ikki yigitdan birini tanlab mening niyatimni bilmoqchi bo’lib o’ylanib turgan chog’i ko’zimga ko’rinardi va «Mag’rurlikmi? Hali shundaymi!»,— degan tovushlari qulog’imga kiradi. Quvonib qo’lini menga uzatgan chog’i, kechki ovqat ustida goho shampanskoe qadahini lablariga tekkizib, mehribon ko’zlari bilan menga yer ostidan qarab turgan chog’lari ko’zimga ko’rinar edi. Lekin ko’proq otasi bilai tantsaga tushgan chog’i, otasining oldida xiromon yurishi, o’ziga ham, otasiga ham mahliyo bo’lib tomosha qilib turganlarga viqor bilan qarab turgan chog’lari ko’z o’ngimdan ketmasdi. Shunda men iozik va mayin bir xayol bilan ota-bolani beixtiyor bir tan, bir jon deb his qilardim.

U vaqtda marhum akam bilan birga turardik. Akam kiborlar suhbatini yomon ko’rar va bazmlarga bormas, nomzodlik imtihoniga tayyorlanayotganligidan tinch umr kechirmoqda edi. Akam uyquda edi. Men uning yostiqqa mukka tushgan va yarmisi jun odeyalga burkangan boshiga qarab juda achindim. Qo’nglimdagi xursandligimni, mendagi baxtiyorlikni sezmaganligiga, menga hamdamlashmaganligiga achindim. Xizmatkorimiz krepostnoy Petrusha qo’lida sham bilan meni kutib oldi. Kiyimimni yechib qo’ymoqchi bo’lgan edi, men unga ijozat berib, chiqarib yubordim. Uyqudan shishgan yuz-ko’zlari, paxmaygan sochlarini ko’rib ko’nglim buzilib ketdi. Tovush chiqarmay, deb oyoq uchida yurib o’z xonamga kirib, to’shakka yotdim, Yo’q, men haddan tashqari baxtiyor bo’lganligimdan uxlayolmadim. Buning ustiga, uyning pechkasi yoqilgan ekam, uy juda isib ketdi, Mundirimni yechmasdan, asta yurib dahlizga chiqdimda, shinelimni kiyib, tashqari eshikni ochib, ko’chaga chiqib ketdim.

Ziyofatdan soat beshga yaqin ketgan edim. Uyimga kelib birpas o’tirgunimcha yana bir soat vaqt o’tdi. Shunday qnlib, ko’chaga chiqqanimda kun yorishib qolgan edi. Havo ham bayram havosi, hamma yoqni tuman bosgan. Qorga yomg’ir aralashib, ko’chalar shilta bo’lgan, barcha tomlardan tomchi chakillaydi. U mahalda B. lar shaharning bir chekkasida turishar edi. Yalanglikning bir tomoni sayilgoh, bir tomonida qizlar maktabi bor edi.

Men xilvat tor ko’chamizdan yurib borib, katta ko’chaga chiqdim. Ko’chada menga piyodalar, yerga tegib borayotgan chanaga o’tin ortgan aravakashlar uchray boshladi. Sirlangan do’g’a ostida ho’l boshlarini solintirib, salmoqlab borayoggan otlardan tortib, boshiga chipta yopinib, arava yonida katta etikda shaloplab ketayotgan aravakashlar, tumap ichida baland bo’lib ko’ringan uylar ham menga juda yoqimli va ma’nodor bo’lib ko’rinar edi.

Ularning uylari oldidagi yalanglikka chiqqach, yalanglikning oxiridagi sayilgoh tomonda qandaydir ulkan qora bir narsani ko’rdim, shu payt qulog’imga nay (fleyta) bilan nog’ora ovozi eshitildi. Yuragim hamon xonish qilmoqda, qulog’imga goho mazurka kuyi kiradi. Lekin bu allaqanday rahmsiz, noxush muzika ovozi edi.

«Nima bo’lsa ekan!»—deb o’yladim va yalanglikning o’rtasiga tushgan sirg’anchiq yo’ldan ovoz kelgan tomonga qarab yurdim. Yuz qadamcha yurgach, tuman orasidan qora kiyingan bir talay odamni ko’rdim. Soldatlarga o’xshaydi. Mashq qilayotgandirlar,— deb o’yladim. Moy bosgan nimcha po’stin ustidan fartuk tutgan va oldimda bir nima ko’tarib kelayotgan temirchi ikkovimiz ularga yaqin keldik. Qora mundir kiygan soddatlar ikki saf bo’lib, miltiqlarini yonlariga qilib, ikki yoqda qimirlamay turibdilar. Bularning orqasida nog’orachilar bilan naychilar hamon o’sha yoqimsiz va xunuk mashqlarini chalmoqdalar.

Yonimga kelib to’xtagan temirchidan:
— Ular nima qilayotirlar?—deb so’radim. Temirchi ko’zlarini safning oxiridan uzmay:
— Qochgani uchun bir tatarni sazoyi qilyaptilar,— dedi.

Men ham temirchi qaragan tomonga qarab saf orasida menga yaqinlashib kelayotgan allaqanday dahshatli bir narsani ko’rdim. Menga tomon kelayotgan narsa beligacha qip-yalang’och va uni yetaklab kelayotgan ikki soldatning miltiqlariga bog’langan bir kimsa ekan. Uning yonida shinel` va shapka kiygan uzun bo’yli harbiy bir odam kelardi. Bu kishining qiyofasi tanishdek ko’rindi. Sazoyi qilingan bechora erigan qorni shilp-shilp bosib, har ikki tarafdan tushgan kaltak zarbidan gandiraklab, menga qarab kelmoqda. U kaltak zarbidan o’zini orqaga tashlasa, uni miyatiqqa bog’lab yetaklab kelayotgan unter-sfitserlar oldinga itarardilar, oldinga tashlansa, yiqilgani qo’ymasdan orqaga tortar edilar. Uzun bo’yli, harbiy kishi keyinda qolmasdan gurs-gurs qadam tashlab bormoqda. Qizil yuzli, oq mo’ylovli va oq bakenbardli bu odam uning otasi edi.

Har kaltak tushganda sazoyi qilingan tatar go’yo hayron bo’lgandek, azobdan qiynalib burishgan yuzini kaltak tushgan tomonga burar va oppoq tishlarini g’ijirlatar, hadeb bir narsalar deb g’o’ldirar edi. Uning nima deyayotganini yaqin kelganidagina payqadim. U gapirmas, balki piqillab yig’lab: «Og’alar, rahm qilinglar, og’alar, rahmingiz kelsin», derdi. Ammo og’alar rahm qilmasdilar, sazoyi qilingan mening ro’paramga kelganda qarshimda turgan soldat oldinga shahdam qadam tashlab chiqib, kaltakni shig’illatib tatarning orqasiga shunday soldiki, tatar oldinga munkib ketdi, lekin unter-ofntserlar uni ushlab qoldilar. So’ngra shunday kaltak har tarafdan tusha berdi… Yonda ketayotgan polkovnik goh oyog’i ostiga, goh sazoyi qilinganga qarab, lunjlarini shishirib pishillab bormoqda. Sazoyi men turgan joydan o’tib ketganidan keyin, saflar orasidan uning yelkasiga ko’zim tushib qoldi. Bu allaqanday ola-bula, ho’l, qip-qizil g’ayri tabiiy bir narsa edi. Buning odam tanasi ekanligiga ishonmadim.

Yonimda turgan temirchi:
— YO, parvardigor1—deb yubordi.

Ular bizdan uzoqlashib ketdi, Bukchayib, gandiraklab ketayotgan odamning ustiga hamon ikki tomondan kaltak yog’ilmoqda. Nog’ora bilan nay hali ham mashq qilishini qo’ygani yo’q, baland bo’yli, gerdaygan polkovnik hamon sazoyi qilinganning yonida bormoqda. Polkovnik birdan to’xtab, soldatlardan birining oldiga yaqin keldi, shunda uning:
— Ha, ha, hali ayab uradigan senmi?— degan g’azabli so’zlari qulog’imga kirdi.

045Past bo’yli, quti o’chgan, darmonsiz soldat tatarning ko’karib ketgan orqasiga sekinroq kaltak urgani uchun qo’lqop kiygan baquvvat qo’li bilan uning yuziga tarsaki tushirganini o’z ko’zim bilan ko’rdim.

Polkovnik:
— Boshqa tayoq keltiring!— deb baqirdi-da, atrofiga alanglab menga ko’zi tushib qoldi. Meni tanimagandek bo’lib, dahshat va g’azab bilan xo’mrayib, darrov yuzini meidan teskari o’girdi. Men esam, juda uyat bir ish qilib qo’yganday, o’sal bo’lib, nima qilarimni bilmay, yerga qaradim-da, tezroq uyga qaytdim. Yo’l-yo’lakay qulog’imga goho nog’oraning taraqlagan ovozi, nayning chiyillagan tovushi eshitilgandek bo’lar edi, goho: «Og’alar, rahm qilinglar!» degan so’zlar eshitilib, goho esa polkovnikning: «Ha, ha, hali ayab uradigan senmi?! — deb g’azab bilan baqirgan so’zlari qulog’im ostida shang’illar edi. Yuragim ezilib, shunday g’ash bo’ldiki, yurolmay bir necha marta to’xtab qoldim. Nazarimda bu manzaradan ko’ngilga o’rnashgan dahshatlar hali zamon meni yo’q qilib yuboradiganga o’xshardi. Uyimga qanday yetib borib, to’shakka qanday cho’zilganimni ham bilmayman. Biroq ko’zimni yumishim bilan, ko’rganlarim ko’z oldimga kelib, eshitgan gaplarim qulog’im tagida jaranglab, sakrab o’rnimdan turdim.

Polkovnik to’g’risida men: «U men bilmagan bir narsani biladiganga o’xshaydi,— deb o’yladim.— Agar u bilganni men ham bilsam, u narsani tushungan bo’lar edim, ko’rganlarim esa meni bunchalik qiynamagan bo’lar edi». Ammo men har qancha o’ylamayin, polkovnikning bilganlarini bilolmadim, oshnamnikiga borib, xo’p ichishib, mast bo’lib kechqurungina andak uxladim.

Xo’sh, sizlar nima deb o’ylaysizlar, ko’rgan voqeasini yaramas bir ish deb hukm qilgandir, deb o’ylaysizmi? Hech unday emas. «Modomiki, bu ish shunchalik ishonch bilan qilinib, hamma uni zarur deb topar ekan, bas, ular men bilmagan bir sirni bilsalar kerak — deb o’ylab, bu sirni bilishga urindim. Ammo qanchalik urinmayin, keyin ham hech bila olmadim. Buni bilmay turib istagim bo’lgan harbiy xizmatga kirolmas edim, balki harbiy xizmatgina emas, hatto hech qanaqa xizmatga kirolmadim, mana endi hech narsaga yaramasligimni ko’rib turibsiz.

— Qo’ysangiz-chi, yarash-yaramasligingizni bilamiz,— dedi hamsuhbatlarimizdan biri,— yaxshisi, agar siz bo’lmasangiz qancha odam hech narsaga yaramay qolardi, shuni ayting,— dedi.

Ivan Vasil`evich bu gapdan qattiq xafa bo’lib:
— Bu gaplar borib turgan ahmoqlik,—- dedi.
— Xo’sh, oshiqlik masalasi nima bo’ldi?— deb so’radik.

— Muhabbatmi? Muhabbat shu kundai boshlab susaya boshladi. Ma’shuqam har vaqtdagidek iljayib xayolga cho’mgan choqlarida, yalanglikdagi polkovnik darrov yodimga tushib allaqanday bo’lib ketardim, u bilan kamdan-kam uchrashadigan bo’lib qoldim. Muhabbat ham shunday qilib barham topdi. Ana shunaqa gaplar bo’ladi, odamning butun hayoti ham shunaqa qilib o’zgarib boshqa yo’lga tushib ketadi. Siz deysizki…— dedi-da, shu bilan gapini tamom qildi (Tarjima matni «Xurshid Davron kutubxonasi» tomonidan ju’iy tahrir bilan tayyorlangan).

Yasnaya Polyana,
1903 yil, 20 avgust.

  1. Malika Yelizaveta Petrovna
    2. Tag’in (frantsuzcha).
    3. Al`fons Karr — frantsuz yozuvchisi.
    4. Azizim (frantsuzcha).
    5. Nikolay I nikiga o’xshash (frantsuzcha).

045

(Tashriflar: umumiy 5 149, bugungi 1)

Izoh qoldiring