Шеърнинг тузилиши ақлни, рационал тафаккурни чилпарчин қилиб, гўёки буткул янги олам очишга бемаъни уринишда эмас, аксинча, тахайюл кенгликларида ҳам мутаносибликни, фикрлар, туйғулар аро боғланишни маҳкам тутишда намоён бўлади. Эътироф этиш керакки, бундай яхлитлик шоир шуурининг эмас, ғайришуурининг маҳсули – атайлаб, ўйлаб, ҳисоблаб бундай шеър ёзиб бўлмайди. – Шодмонқул Саломнинг ўқувчиларга манзур, эътирофларга ноил шеърларида ана шундай хусусият бор.
АММО ҲАЛИ ЯШАМАДИМ,
ҲОЗИРЛАНДИМ, ЧОҒЛАНДИМ…
Беҳзод Қобулнинг «Ёшлар ижоди: ўзлик,услуб, маҳорат» мақоласидан
Истеъдодли шоир Шодмонқул Саломнинг “Йўқ, ўттизга кирганим йўқ, бўлсам йигирмадаман”, деб бошланувчи шеъридан узиб олинган юқоридаги сатр, назаримда, унинг бутун ижодига тааллуқлидай: қарийб барча шеърларида ҳозирланиш, чоғланиш руҳи, нафаси бор. Нимага ҳозирланади, нимага чоғланади – бу энди бошқа масала, ҳар бир шеърнинг вазну даромадига тан…
Мен Шодмонқул Салом шеърлари ҳақида ўйлаганимда, айрим қофиядош сўзлар ва бир-бирини тақозо этувчи тушунчалар баъзан фожеий, баъзан юмористик мазмун касб қилганча беихтиёр хаёлимдан ўтаверади. Кейин ўша – “кулаётганда”, “бўлаётганда”, “тўлаётганда”, “қолаётганда” тўлиб-тошиб шеър ўқиётган қадрдон шоир сиймоси гавдаланади. Ажабки, унинг шеърий бисотига оҳангдош бу сўзлар реал ҳаётдаги рангпар лаҳзаларига ҳам қай бир жиҳатдан муқобил келади.
Шеърларида ҳам, гурунгларда ҳам фикрни яхлитлашга, гапга нуқта қўйишга шошмайдиган Шодмонқул Салом ана ўша ҳолатни шеърий дастхати, услубига айлантирган, десак, муболаға бўлмас. Унинг шеърларида жумлалар олисдан келади, ўқийверасиз; тарихлар айланади, тақдирлар турланади, ўқийверасиз; ўзликдан, “мен”дан бошланган поэтик тасвир ўзбекка, бизга туташади, ўқийверасиз; ана шундан кейингина, матн якунидагина шеърдаги ягона нуқта (.) қўйилади. Менга баъзан шундай туюладики, Шодмонқул Саломнинг шеърлари бошида, ўртароғида келадиган нуқта аслида ўринсиз, нокерак – гўё улар қандайдир яхлит қуйма; синтактик бўлиниш, айириш, нафас ростлаб ўқиш фикрни бўлади, маромни бузади.
Шодмонқул ака шеърни қачон тугаллашни, асарга сўнгги нуқта қўйишни биладиган шоир. Баъзан гўзал тизмаларни ўқиш асносида авжидан бир парда олдин ёки кейин, самимият, поэтик тасвир сустлашган паллада тугалланган шеърларни илғаб қоласиз. Мана шу ҳолатни шоирнинг ўзи ҳам англаса ва бошлама билан тугалланма фикрни нафис боғлай олса, ана ўша шеърнинг манзил-макони китобжавон эмас, мутаассир қалб бўлади. Юқорида эслаганимиз – “Йўқ, ўттизга кирганим йўқ, бўлсам йигирмадаман”, деб бошланадиган шеърнинг сўнгги мисралари шундай: “Ҳеч ишонманг, сочларимни тунга бўяб олганман, Лек ўттизга кирганим йўқ, балки мингдадир ёшим”. Дастлабки банддаги ўкинч, ҳадик-хавотир беш банддан кейин келадиган якунда қатъий ишончга, келажак орзусига, мискин кайфиятдан фазилат ахтаришга алмашади. Бу мисрани қандай кайфиятда ўқисангиз, шунга монанд хулоса, маънони уқасизки, шоирнинг кўз илғамас сеҳргарлиги, усталиги, кайфият йўлдоши экани мана шундай пайтлари билинади.
Яна бир шеърни кўриб чиқайлик. У “Сирқирайди суягим, тилим қонар сўзлардан”, деб бошланади. Дастлабки сўзданоқ шеърда драма туғилди, энди шоир сизнинг кайфиятингизга йўлбошчи, сарбон – эргашасиз, ўқийсиз. Шоир кейинги сатрларда жамият билан қалбнинг муносабати ва мувозанатини элакдан ўтказа бошлайди. “Мангу тавоф этмоққа бардош”, “қорайган бир кўнгилга қуёш”, “ҳамдард, ҳамроз ё рақиб – элдош” бўлолмаслик ҳисси билан қоврилаётган лирик қаҳрамон якунда шундай хулосага келади: “Бир саркаш тулпордаман, ювош бўлолмаяпман”.
Аввало сатрда асосий маъно ташийдиган уч сўзнинг таъми, моҳияти ёқимли, чинакам шоирона – “Саркаш”, “Тулпор”, “Ювош”. Эътиборли жиҳати, бу сўзлар бир вақтнинг ўзида асл маъносида ҳам, кўчма маъносида ҳам истифода этилмоқда. Бундан ташқари, тулпорнинг эмас, тулпордаги моҳирнинг ювош бўлолмаслиги сатрга янада жозиба бағишлайди.
Шодмонқул Саломнинг бошқа шеърларида ҳам ана шундай таранглик, узвийликни кўришимиз мумкин. У “Онамга” шеъри аввалида “Тонгу шомнинг орасинда”, дея сўз айтади. Кейин яхлит бир монолог бошланади ва сўнгги ўн уч сатрни ўқиш асносида туйғулар бир маромда кўтарилиб, юксаклаб, авж пардаларга чоғишиб боради. Охиридаги сатрда “Мен онамни соғинганман”, деган оддийгина жумла билан шеър тугайди. Йўқ, шошманг, оддийгина жумла дедикми? Энди уни биринчи сатр билан кетма-кет ўқинг-чи? Маъно сал каттарди, юксалди, шундайми? Ана энди орадаги ўн уч сатр билан қўшиб бир нафасда ўқисангиз, сўнгсўзнинг жозибаси, унга юкланган мазмуннинг қамрови ортишини тасаввур қилиб кўринг. Шундай қилиб, шоиримиз жуда оддий усулда ўқувчи тафаккурини чархлайди. Лекин ана ўша “оддий” дея таъриф берилган усул, сўз йўли катта ижодий меҳнат ва истеъдод қувватининг ҳосиласидир.
Демак, шеърнинг тузилиши ақлни, рационал тафаккурни чилпарчин қилиб, гўёки буткул янги олам очишга бемаъни уринишда эмас, аксинча, тахайюл кенгликларида ҳам мутаносибликни, фикрлар, туйғулар аро боғланишни маҳкам тутишда намоён бўлади. Эътироф этиш керакки, бундай яхлитлик шоир шуурининг эмас, ғайришуурининг маҳсули – атайлаб, ўйлаб, ҳисоблаб бундай шеър ёзиб бўлмайди. – Шодмонқул Саломнинг ўқувчиларга манзур, эътирофларга ноил шеърларида ана шундай хусусият бор.
Шодмонқул САЛОМ
ОЙНИ ОТГА ТАҚА ҚИЛГАН КУНЛАРИМ
Шодмонқул Салом 1980 йил 23 декабрда Сурхондарё вилояти Қумқурғон туманида тугилган. 2003 йилда Термиз Давлат университетининг кимё факультетини тамомлаган. “Туркистон”, “Чағониён”, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати ”газеталари, “Саодат” журналида мухбир, бўлим мудири, “Китоб дунёси” газетасида бош муҳаррир вазифаларида ишлаган. “Юрак иқлими”, “Кўнгил китоби ”, “Борлигини билганлар” шеьрий тўпламлари муаллифи. Муаллифнинг “Сурхонда тўй”, “Сирли Дўрмон”, “Олтин зина”, “Улкан бобо гурунглари” сингари эсселари ҳам бор.
***
Ш. га
Омонмисан, эй ярим кўнгил,
Ўзинг, соянг, товушинг борми?
Кўнгил, кўнгил, жимгина кўнгил,
Ёнингдаман, кўнглимнинг ярми.
Ота кетса чўкар экан тоғ,
Онанг ўтса қурир мангу боғ,
Ой – кўксингга ботиб кетган доғ,
Кўнгил, бошқа иложинг борми?
Тақдир қўлин қайирган, эй гул,
Чаманидан айрилган булбул,
Паришондир – сочларинг сумбул,
Оқ қўнмишми ё қиров, қорми?
Бухородан Тошкантгача йўл,
Ҳар қадамда ёғиб ўтган дўл,
Энди қандай чидарсан, айт, бўл,
Айтарсан-у… ҳожати борми?
***
97*, умрим ўтиб кетди сенда,
97–ҳаётимни олган кема.
Бирга бориб, бирга қайтиб келаяпман.
Сен тўхтама, йўл, тугама… сезиб қолма.
97, бузилма сен, ўзгарма йўл,
Эй, катталар! Ҳар кун иш деб ҳукм қилинг.
Эй, тумовлар, эй таътиллар, тасодифлар,
Йўловчининг ҳаётига раҳм қилинг!
97, қўшиқ айтма, секин юргин,
Билсанг йўлинг – менга ҳар куни Пули Сирот.
Ҳар бир одам бу оламга бир хабардир,
Борлигимни унга айтма, қалбин уйғот.
Уйғот унинг кўзларининг қорасини,
Ғижирлама, шивирлагин жонинг чиққур.
Қиёматгоҳ – қошларининг орасини
Ўтгунингча cену менинг жоним чиқур.
97, манов бекат бунча бахтли,
Бўш бекатдай ҳаётимни тўлдирасан.
Ахир сенда кўзларининг сўзлари бор,
КИМни ўртаб НИМАларни кулдирасан.
Нафаси бор, изларининг излари бор,
97, бир кун мени ўлдирасан.
*97 – автобус рақами
Дил кечаси
О. Тошбoевга
Ойдан келди юрагимга товушлар,
Бўй қизлардек титраб кетди қамишлар.
Бир кечада кул қолдирмай ёндим мен,
Кўнолмадим, ҳеч бўлмади қонишлар.
Қабоғимдан сизгани йўқ ёшлар-ей,
Бойсунтоғдан юмалади тошлар-ей.
Мағрур тоғлар бу дам недан хомушлар,
Зериккандай, ториққандай туришлар.
Болаликни қай газага кўмгандик,
Эсласангиз, бир кўрсатинг, танишлар.
Бир гардини суртай кўзу қошлар-ей,
Бойсунтоғдан юмалади тошлар-ей.
Шом қавариб, тонг бўзарган паллалар
Кўкибийда чайқаларди далалар.
Туғдонанинг шохида бир беланчак,
Соғинч мени уйқу бермай аллалар.
Қайтмайдими шохдан учган қушлар-ей,
Бойсунтоғдан юмалади тошлар-ей.
Дараларда озод, қулун кунларим,
Ойни отга тақа қилган тунларим
Қани? Айтинг, тушунтиринг, юпатинг,
Оғаларим, жўралар, иниларим.
Тақаланган отман – хомуш бошлар-ей,
Кўкрагимда гурсиллайди тошлар-ей.
Алпнинг ҳидин олиб бўзлар Бойчибор,
Бир отчалик кўнглинг йўқми эй, шунқор?
Дунёсини бир киссамга жойлайман,
Юрагимда менинг шундай шавқим бор.
Қўмсаб туринг дилни, дунёдошлар-ей,
Бойсунтоғдан юмалади тошлар-ей.
***
Кетаяпсиз, мен ҳам кетяпман,
Ўртамиздан ўтолмас сабо.
Зулфингизни хаёлдай эшар
Мартнинг кўксин тўлдирган ҳаво.
Кетаяпсиз, мен ҳам кетяпман,
Жон борича кўкарар яшил.
Дарахтларнинг учлари билан
Шивирлашиб қувонар фасл.
Сиз фаслга кирасиз, фасл
Кириб келар оламга ёниб.
Қалдирғочдай вижирлар тошлар
Йўл четига қушлардай қўниб.
“Эй, Гул, қайдан ва қандай қилиб
Бунча латиф, бунча сирлисиз?”
Сўралмасдан ўлар саволлар,
Ҳам қуёшли, ҳам ёмғирлисиз.
Бундай озод, ихтиёрлисиз,
Бундай титраб оласиз нафас.
Бармоғингиз бир қўшиқ бошлар,
Бармоқларим эслаб қололмас.
Вужудимга чопар бир шовқин,
Туйғу селдай кўпирар қонда.
Кўкрагимга Тангри осган қулф,
Калитлари сизда экан-да.
Бундай боқманг, нигоҳларингиз
Ҳаётимни бесас қамчилар.
Елкангизга қўнмоқлик учун
Кўкдан тушмай турар томчилар.
Кетаяпсиз, мен ҳам кетяпман,
Шамол эрка, кўзлар беқарор.
Кўнгил каби тозарган йўлда
Иккаламиз. Муҳаббат. Баҳор.
Манба: «Ёшлик» журнали веб-саҳифаси
AMMO HALI YASHAMADIM,
HOZIRLANDIM, CHOG’LANDIM…
Behzod Qobulning «Yoshlar ijodi: o’zlik,uslub, mahorat» maqolasidan
Iste’dodli shoir Shodmonqul Salomning “Yo’q, o’ttizga kirganim yo’q, bo’lsam yigirmadaman”, deb boshlanuvchi she’ridan uzib olingan yuqoridagi satr, nazarimda, uning butun ijodiga taalluqliday: qariyb barcha she’rlarida hozirlanish, chog’lanish ruhi, nafasi bor. Nimaga hozirlanadi, nimaga chog’lanadi – bu endi boshqa masala, har bir she’rning vaznu daromadiga tan…
Men Shodmonqul Salom she’rlari haqida o’ylaganimda, ayrim qofiyadosh so’zlar va bir-birini taqozo etuvchi tushunchalar ba’zan fojeiy, ba’zan yumoristik mazmun kasb qilgancha beixtiyor xayolimdan o’taveradi. Keyin o’sha – “kulayotganda”, “bo’layotganda”, “to’layotganda”, “qolayotganda” to’lib-toshib she’r o’qiyotgan qadrdon shoir siymosi gavdalanadi. Ajabki, uning she’riy bisotiga ohangdosh bu so’zlar real hayotdagi rangpar lahzalariga ham qay bir jihatdan muqobil keladi.
She’rlarida ham, gurunglarda ham fikrni yaxlitlashga, gapga nuqta qo’yishga shoshmaydigan Shodmonqul Salom ana o’sha holatni she’riy dastxati, uslubiga aylantirgan, desak, mubolag’a bo’lmas. Uning she’rlarida jumlalar olisdan keladi, o’qiyverasiz; tarixlar aylanadi, taqdirlar turlanadi, o’qiyverasiz; o’zlikdan, “men”dan boshlangan poetik tasvir o’zbekka, bizga tutashadi, o’qiyverasiz; ana shundan keyingina, matn yakunidagina she’rdagi yagona nuqta (.) qo’yiladi. Menga ba’zan shunday tuyuladiki, Shodmonqul Salomning she’rlari boshida, o’rtarog’ida keladigan nuqta aslida o’rinsiz, nokerak – go’yo ular qandaydir yaxlit quyma; sintaktik bo’linish, ayirish, nafas rostlab o’qish fikrni bo’ladi, maromni buzadi.
Shodmonqul aka she’rni qachon tugallashni, asarga so’nggi nuqta qo’yishni biladigan shoir. Ba’zan go’zal tizmalarni o’qish asnosida avjidan bir parda oldin yoki keyin, samimiyat, poetik tasvir sustlashgan pallada tugallangan she’rlarni ilg’ab qolasiz. Mana shu holatni shoirning o’zi ham anglasa va boshlama bilan tugallanma fikrni nafis bog’lay olsa, ana o’sha she’rning manzil-makoni kitobjavon emas, mutaassir qalb bo’ladi. Yuqorida eslaganimiz – “Yo’q, o’ttizga kirganim yo’q, bo’lsam yigirmadaman”, deb boshlanadigan she’rning so’nggi misralari shunday: “Hech ishonmang, sochlarimni tunga bo’yab olganman, Lek o’ttizga kirganim yo’q, balki mingdadir yoshim”. Dastlabki banddagi o’kinch, hadik-xavotir besh banddan keyin keladigan yakunda qat’iy ishonchga, kelajak orzusiga, miskin kayfiyatdan fazilat axtarishga almashadi. Bu misrani qanday kayfiyatda o’qisangiz, shunga monand xulosa, ma’noni uqasizki, shoirning ko’z ilg’amas sehrgarligi, ustaligi, kayfiyat yo’ldoshi ekani mana shunday paytlari bilinadi.
Yana bir she’rni ko’rib chiqaylik. U “Sirqiraydi suyagim, tilim qonar so’zlardan”, deb boshlanadi. Dastlabki so’zdanoq she’rda drama tug’ildi, endi shoir sizning kayfiyatingizga yo’lboshchi, sarbon – ergashasiz, o’qiysiz. Shoir keyingi satrlarda jamiyat bilan qalbning munosabati va muvozanatini elakdan o’tkaza boshlaydi. “Mangu tavof etmoqqa bardosh”, “qoraygan bir ko’ngilga quyosh”, “hamdard, hamroz yo raqib – eldosh” bo’lolmaslik hissi bilan qovrilayotgan lirik qahramon yakunda shunday xulosaga keladi: “Bir sarkash tulpordaman, yuvosh bo’lolmayapman”.
Avvalo satrda asosiy ma’no tashiydigan uch so’zning ta’mi, mohiyati yoqimli, chinakam shoirona – “Sarkash”, “Tulpor”, “Yuvosh”. E’tiborli jihati, bu so’zlar bir vaqtning o’zida asl ma’nosida ham, ko’chma ma’nosida ham istifoda etilmoqda. Bundan tashqari, tulporning emas, tulpordagi mohirning yuvosh bo’lolmasligi satrga yanada joziba bag’ishlaydi.
Shodmonqul Salomning boshqa she’rlarida ham ana shunday taranglik, uzviylikni ko’rishimiz mumkin. U “Onamga” she’ri avvalida “Tongu shomning orasinda”, deya so’z aytadi. Keyin yaxlit bir monolog boshlanadi va so’nggi o’n uch satrni o’qish asnosida tuyg’ular bir maromda ko’tarilib, yuksaklab, avj pardalarga chog’ishib boradi. Oxiridagi satrda “Men onamni sog’inganman”, degan oddiygina jumla bilan she’r tugaydi. Yo’q, shoshmang, oddiygina jumla dedikmi? Endi uni birinchi satr bilan ketma-ket o’qing-chi? Ma’no sal kattardi, yuksaldi, shundaymi? Ana endi oradagi o’n uch satr bilan qo’shib bir nafasda o’qisangiz, so’ngso’zning jozibasi, unga yuklangan mazmunning qamrovi ortishini tasavvur qilib ko’ring. Shunday qilib, shoirimiz juda oddiy usulda o’quvchi tafakkurini charxlaydi. Lekin ana o’sha “oddiy” deya ta’rif berilgan usul, so’z yo’li katta ijodiy mehnat va iste’dod quvvatining hosilasidir.
Demak, she’rning tuzilishi aqlni, ratsional tafakkurni chilparchin qilib, go’yoki butkul yangi olam ochishga bema’ni urinishda emas, aksincha, taxayyul kengliklarida ham mutanosiblikni, fikrlar, tuyg’ular aro bog’lanishni mahkam tutishda namoyon bo’ladi. E’tirof etish kerakki, bunday yaxlitlik shoir shuurining emas, g’ayrishuurining mahsuli – ataylab, o’ylab, hisoblab bunday she’r yozib bo’lmaydi. – Shodmonqul Salomning o’quvchilarga manzur, e’tiroflarga noil she’rlarida ana shunday xususiyat bor.
Shodmonqul SALOM
OYNI OTGA TAQA QILGAN KUNLARIM
Shodmonqul Salom 1980 yil 23 dekabrda Surxondaryo viloyati Qumqurg’on tumanida tugilgan. 2003 yilda Termiz Davlat universitetining kimyo fakul`tetini tamomlagan. “Turkiston”, “Chag’oniyon”, “O’zbekiston adabiyoti va san’ati ”gazetalari, “Saodat” jurnalida muxbir, bo’lim mudiri, “Kitob dunyosi” gazetasida bosh muharrir vazifalarida ishlagan. “Yurak iqlimi”, “Ko’ngil kitobi ”, “Borligini bilganlar” she`riy to’plamlari muallifi. Muallifning “Surxonda to’y”, “Sirli Do’rmon”, “Oltin zina”, “Ulkan bobo gurunglari” singari esselari ham bor.
***
SH. ga
Omonmisan, ey yarim ko’ngil,
O’zing, soyang, tovushing bormi?
Ko’ngil, ko’ngil, jimgina ko’ngil,
Yoningdaman, ko’nglimning yarmi.
Ota ketsa cho’kar ekan tog’,
Onang o’tsa qurir mangu bog’,
Oy – ko’ksingga botib ketgan dog’,
Ko’ngil, boshqa ilojing bormi?
Taqdir qo’lin qayirgan, ey gul,
Chamanidan ayrilgan bulbul,
Parishondir – sochlaring sumbul,
Oq qo’nmishmi yo qirov, qormi?
Buxorodan Toshkantgacha yo’l,
Har qadamda yog’ib o’tgan do’l,
Endi qanday chidarsan, ayt, bo’l,
Aytarsan-u… hojati bormi?
***
97*, umrim o’tib ketdi senda,
97–hayotimni olgan kema.
Birga borib, birga qaytib kelayapman.
Sen to’xtama, yo’l, tugama… sezib qolma.
97, buzilma sen, o’zgarma yo’l,
Ey, kattalar! Har kun ish deb hukm qiling.
Ey, tumovlar, ey ta’tillar, tasodiflar,
Yo’lovchining hayotiga rahm qiling!
97, qo’shiq aytma, sekin yurgin,
Bilsang yo’ling – menga har kuni Puli Sirot.
Har bir odam bu olamga bir xabardir,
Borligimni unga aytma, qalbin uyg’ot.
Uyg’ot uning ko’zlarining qorasini,
G’ijirlama, shivirlagin joning chiqqur.
Qiyomatgoh – qoshlarining orasini
O’tguningcha cenu mening jonim chiqur.
97, manov bekat buncha baxtli,
Bo’sh bekatday hayotimni to’ldirasan.
Axir senda ko’zlarining so’zlari bor,
KIMni o’rtab NIMAlarni kuldirasan.
Nafasi bor, izlarining izlari bor,
97, bir kun meni o’ldirasan.
*97 – avtobus raqami
Dil kechasi
O. Toshboevga
Oydan keldi yuragimga tovushlar,
Bo’y qizlardek titrab ketdi qamishlar.
Bir kechada kul qoldirmay yondim men,
Ko’nolmadim, hech bo’lmadi qonishlar.
Qabog’imdan sizgani yo’q yoshlar-yey,
Boysuntog’dan yumaladi toshlar-yey.
Mag’rur tog’lar bu dam nedan xomushlar,
Zerikkanday, toriqqanday turishlar.
Bolalikni qay gazaga ko’mgandik,
Eslasangiz, bir ko’rsating, tanishlar.
Bir gardini surtay ko’zu qoshlar-yey,
Boysuntog’dan yumaladi toshlar-yey.
Shom qavarib, tong bo’zargan pallalar
Ko’kibiyda chayqalardi dalalar.
Tug’donaning shoxida bir belanchak,
Sog’inch meni uyqu bermay allalar.
Qaytmaydimi shoxdan uchgan qushlar-yey,
Boysuntog’dan yumaladi toshlar-yey.
Daralarda ozod, qulun kunlarim,
Oyni otga taqa qilgan tunlarim
Qani? Ayting, tushuntiring, yupating,
Og’alarim, jo’ralar, inilarim.
Taqalangan otman – xomush boshlar-yey,
Ko’kragimda gursillaydi toshlar-yey.
Alpning hidin olib bo’zlar Boychibor,
Bir otchalik ko’ngling yo’qmi ey, shunqor?
Dunyosini bir kissamga joylayman,
Yuragimda mening shunday shavqim bor.
Qo’msab turing dilni, dunyodoshlar-yey,
Boysuntog’dan yumaladi toshlar-yey.
***
Ketayapsiz, men ham ketyapman,
O’rtamizdan o’tolmas sabo.
Zulfingizni xayolday eshar
Martning ko’ksin to’ldirgan havo.
Ketayapsiz, men ham ketyapman,
Jon boricha ko’karar yashil.
Daraxtlarning uchlari bilan
Shivirlashib quvonar fasl.
Siz faslga kirasiz, fasl
Kirib kelar olamga yonib.
Qaldirg’ochday vijirlar toshlar
Yo’l chetiga qushlarday qo’nib.
“Ey, Gul, qaydan va qanday qilib
Buncha latif, buncha sirlisiz?”
So’ralmasdan o’lar savollar,
Ham quyoshli, ham yomg’irlisiz.
Bunday ozod, ixtiyorlisiz,
Bunday titrab olasiz nafas.
Barmog’ingiz bir qo’shiq boshlar,
Barmoqlarim eslab qololmas.
Vujudimga chopar bir shovqin,
Tuyg’u selday ko’pirar qonda.
Ko’kragimga Tangri osgan qulf,
Kalitlari sizda ekan-da.
Bunday boqmang, nigohlaringiz
Hayotimni besas qamchilar.
Yelkangizga qo’nmoqlik uchun
Ko’kdan tushmay turar tomchilar.
Ketayapsiz, men ham ketyapman,
Shamol erka, ko’zlar beqaror.
Ko’ngil kabi tozargan yo’lda
Ikkalamiz. Muhabbat. Bahor.
Manba: «Yoshlik» jurnali veb-sahifasi