Rauf Parfi. Ikki kitob & Ona Turkiston. Videofilm & Abdunabi Boyqo’ziyev. Ko’chalarda to’kilgan umr

Ashampoo_Snap_2017.01.17_18h30m11s_003_.pngБугун устоз Рауф Парфий муножотларини зикр қиларкан, сатрларида мустажо бўлган яна бир ҳикматни англагандаймиз: шоир шуури ва руҳиятида катта бир Иймон дарахти ҳам яшнаб, яшаб ўтган экан. Бу Собир Дарахт томирлари эса тасаввуфона эътиқод маҳзанларидан бот-бот сув ичиб турганлигини англаймиз ва беихтиёр қувониб кетамиз…

Абдунаби БОЙҚЎЗИЕВ
КЎЧАЛАРДА ТЎКИЛГАН УМР
005

Шўро салтанати… Етмишинчи йиллар…

Нашриётлар ҳозиргидай, ҳар қадамда қаторлашиб, оғзини очиб, муаллиф кутиб турмаган. Бор-йўғи беш-олтита эди, холос. Булар ҳам давлат хасмида… Шуларнинг ичида халқимизнинг эрка, ардоқли фарзанди Ғафур Ғулом номи билан аталгани шоирнинг ўзидай атоқли. Ижодкорман деган одам борки, бари янги, энг сара асарларини мана шу нашриётда чоп эттирсам, дейди. Мамлакатнинг барча таниқли қаламкашлари мана шу даргоҳ атрофида парвана. Шоир ва ёзувчилар, моҳир таржимонлар, наширлар ҳам, айнан, Ғафур Ғулом номли Адабиёт ва санъат нашриёти хизматида туришни шараф деб билади.

Асарларини китоб қилмоқ умидида ёки ижод машаққатларидан ҳориб, чарчаган ёзувчи, шоирлар, танқидчию олимлар, ана шу нашриёт ходимлари билан биргаликда чақчақлашиб, тушлик қилиш иштиёқида, шундоққина, бино биқинида жойлашган Маҳмуд мўйловнинг (Худо раҳмат қилсин, яхши одам эди) лағмонхонасига ошиқади. Уларнинг суҳбатига жон қулоғини тутмоқ орзусида юрган биз каби ёш-яланглар ҳам, вақт топди дегунча, шу ёққа қараб оқади.

Қўлига қалам тутган бирон ижодкор йўқки, «Навоий 30″даги олд айвони маҳобатли нақшинкор устунлар билан шарафаланган, барча нашриётларни ўзида жамлаган оқ бинога бир кириш орзуни қилмаган бўлсин.

Бино ичида ўрмалаган қалам аҳлининг тушлик дастурхони ўшанда, асосан, икки хил бўлганлигини йиллар ўтиб, мана энди илғаб турибмиз. Чўнтагида бир-икки сўми бўлганлар, юқорида ёдга олганимиз Маҳмуд мўйлов лағмонхонаси томон шошади. Қурби тушликка етмаган ёки ҳамёни тамом «қуруқ»лар йўлнинг нариги юзида жойлашган “европейский таомлар” ошхонасига қараб манғирди. Адабий жамоатчилик тилида бу ер «Рауф Парфининг ишхонаси» деган ном билан тилга тушганди.

10583830_1476779352569089_2583056834817271919_n.jpgДемак, тушлик ёки ишдан сўнг кетар жафосига тартиладиган риёзатлар баъзан «шоҳона», баъзан эса «парфиёна» тус олар, шоҳонаси энди, ўзингизга маълум, Маҳмуд мўйловнинг чўзма лағмони, бўрсилдоқ обинон ва какра қилиб дамланган доққина кўк чой. Парфиёнаси, шилдирабгина турган карам шўрва. Баъзан эса, бор йўғи бир иккита ликобчада тузланган карам, шўрбодринг ёки помидор, беш олти бўлак бўлка нон… ва яна… давра имкониятига қараб “оқи” ёки “қизили”дан…

Парфиёна дастурхоннинг афзаллиги шунда эдики, чўнтагида ҳемириси йўқлар ҳам у ерга бемалол бош суқиб, «ноз-неъматлар»дан танаввул қилиб, захри-маҳримизга юз грамм-эллик грамм уриб кетавериши мумкин бўларди. Чунки, бугун бўш бўлган чўнтакка эрта-индин нимадир тушиб ҳам қоладику, ахир!

Истол тўрида, албатта, қушдай бўлиб, бутун дунё пақир шоирларининг пири комили – устоз Рауф Парфий – кунда шунда.

Эслатганимиздай, парфиёна дастурхонга ҳар ким баҳоли қудрат хисса қўшади. Тўғри, парфиёна истолнинг ҳам чеҳраси очилиб, нариги лағмонхонаникидай, чарақлаб кетган кунлар ҳам бўлиб туради. Бироқ, бу ойда-йилда бир ёки икки бор содир бўладиган тансиқ ходиса. Парфиёна истолни шоҳона тус олдиришга қодир бирон саҳий одам топилса, шундай бўлади. Ана энди ўша “жаноб”нинг исми, таърифи тилларимизда достон бўлиб, олис-олис вилоятларгача садо беришларини кўринг…

Рауф Парфий ҳам, аслида, ҳаммага ўҳшаб оддий одам эди. Бўлганда ҳам, ўлардай оддий. Демак у ҳам қаердадир меҳнат қилиши, оила тебратиши, ҳеч бўлмаса, қорин ғами учун қимирлаши лозим. Бироқ, унинг меҳнатига харидор валламат қани! “Р.Ф. ни ишга олган раҳбар ўзига балолар сотиб олармиш”, “Китобини чоп этганнинг шўрига шўрвалар тўкилиб қолармиш.” Эмиш, эмиш ва яна эмишлар…

Бундан шундай хулоса чиқадики, замонасининг буюк шоири Рауф Парфий ўзига ҳомий ва халаскор бўлиши мумкин бўлган ихлосманд дўст-ёр биродарларига яқинроқ бўлиш учун ҳам мана шундай ошхоналардан бирида «ишхона очиб” ўтиришга мажбур эди!..

Ўшанда, каминага ҳам омад кулиб, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётининг ишлаб-чиқариш бўлимига чоп эттирувчи чопар югурдак (выпускающий) бўлиб ишга жойлашиб олгандим. Бу вазифа қишлоқдан келган, даранг-дароз, лаллайгина бир бола учун анчайин юқори мартаба, тўғрироғи, лавозим эди деб айтса ҳам бўлаверарди.

Иш ўринлари учун рақобат ўша замонларда ҳам кучли экан. Зиммамиздаги юмушни бажаришда хатога йўл қўйсак, эртасига кўчада қолишимиз ҳеч гап эмас. Кўчада қолиш, тайинки, қишлоққа қайтиш. Кенг пахта далаларида ашулани ванг қўйиб, умрни кетмонга бахшида этиш, дегани. Ашула айтиб қолмаслик учун эса ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи, анчайин қаттиққўл, шу билан бирга ниҳоятда ҳушрўй ва шижоатли аёл – Саломат Маликовна Азимованинг ўтидан кириб, кулидан чиқиб, жонни жабборга бериб ишлаш талаб этилади. Гапнинг очиғи, биз югурдаклар (адашмасам, беш-олти киши эдик) нашриёт раҳбари, ёзувчи Ҳамид Ғулом домладан ҳам кўра, Саломат опадан кўпроқ ҳайиқар эдик. Бир ўртоғимиз опанинг ҳузурига кира туриб, довдираб қолиб, Саломат опа дейиш ўрнига “Саломат ака”, деб юборганини эсласам, ҳалиям кулгим қистайди…

Эҳ, бу ажойиб опанинг қўлида кимлар ишлаб кетмади, дейсиз. Чўлпон Эргаш, Азим Суюн, Муҳаммад Солиҳ, Турсун Али, Исмоил Маҳмуд, Тўра Нормат сингари таниқли шоирлар,  яна биз исмини унутган ўнлаб қаламкашлар Саломат опанинг қозонидан қайнаб чиққан. Ана шу “чопар”лар рўйхатида Рауф Парфийдай буюк хокисор шоир номи ҳам борлигини бугун кўпчилик билмаса керак.

“Навоий 30”нинг машҳур зинапояларидан учиб-қўниб, чиқиб-тушиб юрган кезларимиз. Опадан топшириқни олиб, зувиллаб (бу ҳам опанинг суйган ибораси бўлиб, топшириқни айтгач, «Қани, зувилланг!» деб қўярдилар) пастга тушиб кетаётсам, зинадан оқсоқланиб Рауф ака кўтариляпти. Ўнг пути оқ мато билан боғланган. Туфлисини оёғининг остига латта билан танғиб олибди. Салом бериб, ҳол-аҳвол сўрайман:

– Нима бўлди, Рауф ака?

– Кўргилик, жигар, кўргилик. Эртаметан турсам, шу қурғур ўнг путим йиринг бойлабди. Тўплига сиғмайди. Уриндим, бефойда. Патинкани оғзини очиб туриб, мўлжаллаб, ана бўлмасам деб бир тиққан эдим, порт этиб путимдан потас, кўзимдан олов чиқди. Энди мени Рауф ака демайсиз…

– Ҳа, ким деймиз, бўлмаса?..

– Бугундан бошлаб мен Рауф Парфий эмас, Равил Парчагин бўламан, билдизми? Катталардан гап эшитиб қомайлик, деб ишга келяппиз.

На кулишни, на ҳамдард бўлишни билмай, ҳайрон эдим. Биламан, Рауф ака нашриётдан икки-уч ҳафта илгари “редактор”ликдан бўшатиб юборилган. Қаёққа, қайси каттадан гап эшитмаслик учун, қанақа ишга келаётгани унинг бир ўзигагина аён эди. Кулишган бўлдик. Мен босмахонага зувилладим, у киши юқорига. Кета туриб хаёлимдан «ишдан бўшатилган бўлса ҳам нашриётдан кўнгил узолмаяпти, бечора «, деган фикр ўтди.

Мана, бу ёлғон дунёнинг ишлари-ю вазифалари Рауф акадан ҳам, бошқа каттаконлардан ҳам қолиб кетди…

Мен ғофил банда ўша кунги ҳазил газагини кўп йиллар ўтиб англадим. Буюк шоир менга ҳазил қилмаган, аксинча, дилида мадда боғлаб ётган қанақадир дардни изҳор этмоқчи бўлган экан. Сиёсати террорга асосланган ҳокимият дўмбирасини чалувчи казо-казо адибу удаболар бошидаги шапкасини олиб салом берадиган асар қаҳрамони Павел Корчагин номини ҳазил-мазак қилиш… Ҳар ким ҳам журъат этавермайдиган иш эди, ўшанда. Корчагин синггари қаҳрамонлар ҳаёти бутун-бутун халқлар, миллатлар тақдирига фожиона таъсир ўтказаётган ўта зарарли уйдирма эканлигини илғатиш умидида шундай гапларни ўйлаб топган эканми раҳматлик, дейман…

Биз эса… Эҳ, биз эса… Пойтахтда Саломат опаларнинг назаридан қолмайлик деб чопиб-чопқиллаб, туғилиб ўсган қишлоғимизга борганимизда эса катта амалдорлардай гердайиб, лоппиллаб юришларимиздан қувониб умрни ўтказибмиз. Эссиз!..

Рауф ака энди билсак, барча синиқ, дардчил шоирларнинг султони экан.

У биз билган кўплаб машҳуру обид ижодкорлардан фарқли ўлароқ обод дастурхонлардан четроқда яшади. Умри кўча-кўйларда тўкилиб ўтди, десак ҳам бўлар. Камхаржлик, кўпинча оч наҳор қолишлар, унга нисбатан оддий инсоний эътиборсизлик, нописандликлар, юпун-яланг юришлар шоирнинг бусиз ҳам нимжон вужудини кемирди ва охир-оқибат ўз ишини қилди…

«Кўчаларда итдек санғидим,
Ғингшидим ўтган-кетганга,
Боғлаб олинг итингизни.»

Ҳа, у ўзини кўпинча кўчада қолган…дек ҳис қилар ва бу аҳволидан ўзи ҳам бешафқат кула оларди ҳам. Вужуди, соғликлари кўча-кўйларда исроф бўлаётганини сезсада, ўз ҳолидан ҳеч қачон нолимади. Синмади. Уни мудом «…таъқиб қилди шоир деган ном». «Чиқмаган шеърига садақа олди…» Бироқ «Асло тарк этмади қурмағур илҳом». «Ундан неки ўтди. Худога солди…»
Ҳа, шоир деган ном уни бешафқат таъқиб қилди, азобу изтиробларга гирифтор этди:

Қирқ йил шеър ёздим. Эй воҳ бўлмади,
Роса йигирма йил елдим, югурдим.
Аммо топилмади бирор мард ношир.
Ҳаёт жоми тўлди. Кўнгил тўлмади.

Бир куни… Бир киши… Бу гапимни сизга қандай изҳор этсам экан!..

…“Рауф ака вафот этибди. Шоир Чоршаъм Рўзиевнинг ховлисидан чиқариларкан…”.

Биласизми, бир дўстнинг оғзидан чиққан бу шум хабар шууримга етгунча, гўё, лўғит музга аланди ва ичимда аъзои баданимни музлатиб кезинаётганини баралла сезиб турдим. Ҳа, яшаб-яшаб “кўнгли тўлмаган” шоирнинг оҳир “ҳаёт жоми тўлган”. Оллонинг омонатига ҳиёнат қилмай, Ўзига топширгани ҳам рост эди… Идора ишларини йиғиштириб, дўстимиз Чоршаъмжоннинг Лабзакдаги кулбаси томон ошиқдик…

Бугун устоз Рауф Парфий муножотларини зикр қиларкан, сатрларида мустажо бўлган яна бир ҳикматни англагандаймиз: шоир шуури ва руҳиятида катта бир Иймон дарахти ҳам яшнаб, яшаб ўтган экан. Бу Собир Дарахт томирлари эса тасаввуфона эътиқод маҳзанларидан бот-бот сув ичиб турганлигини англаймиз ва беихтиёр қувониб кетамиз… Бу кашфиётимиз энди бизни шоирнинг илгари унча англаб етмаганимиз янада сирли, янада юксак руҳоний оламларига элтувчи йўлларга ҳам етакласа ажаб эмас…

2010

Abdunabi BOYQO‘ZIYEV
KO‘CHALARDA TO‘KILGAN UMR
005

Sho‘ro saltanati… Yetmishinchi yillar…

Nashriyotlar hozirgiday, har qadamda qatorlashib, og‘zini ochib, muallif kutib turmagan. Bor-yo‘g‘i besh-oltita edi, xolos. Bular ham davlat xasmida… Shularning ichida xalqimizning erka, ardoqli farzandi G‘afur G‘ulom nomi bilan atalgani shoirning o‘ziday atoqli. Ijodkorman degan odam borki, bari yangi, eng sara asarlarini mana shu nashriyotda chop ettirsam, deydi. Mamlakatning barcha taniqli qalamkashlari mana shu dargoh atrofida parvana. Shoir va yozuvchilar, mohir tarjimonlar, nashirlar ham, aynan, G‘afur G‘ulom nomli Adabiyot va san’at nashriyoti xizmatida turishni sharaf deb biladi.

Asarlarini kitob qilmoq umidida yoki ijod mashaqqatlaridan horib, charchagan yozuvchi, shoirlar, tanqidchiyu olimlar, ana shu nashriyot xodimlari bilan birgalikda chaqchaqlashib, tushlik qilish ishtiyoqida, shundoqqina, bino biqinida joylashgan Mahmud mo‘ylovning (Xudo rahmat qilsin, yaxshi odam edi) lag‘monxonasiga oshiqadi. Ularning suhbatiga jon qulog‘ini tutmoq orzusida yurgan biz kabi yosh-yalanglar ham, vaqt topdi deguncha, shu yoqqa qarab oqadi.

Qo‘liga qalam tutgan biron ijodkor yo‘qki, “Navoiy 30”dagi old ayvoni mahobatli naqshinkor ustunlar bilan sharafalangan, barcha nashriyotlarni o‘zida jamlagan oq binoga bir kirish orzuni qilmagan bo‘lsin.

Bino ichida o‘rmalagan qalam ahlining tushlik dasturxoni o‘shanda, asosan, ikki xil bo‘lganligini yillar o‘tib, mana endi ilg‘ab turibmiz. Cho‘ntagida bir-ikki so‘mi bo‘lganlar, yuqorida yodga olganimiz Mahmud mo‘ylov lag‘monxonasi tomon shoshadi. Qurbi tushlikka yetmagan yoki hamyoni tamom “quruq”lar yo‘lning narigi yuzida joylashgan “yevropeyskiy taomlar” oshxonasiga qarab mang‘irdi. Adabiy jamoatchilik tilida bu yer “Rauf Parfining ishxonasi” degan nom bilan tilga tushgandi.

7232_n.jpgDemak, tushlik yoki ishdan so‘ng ketar jafosiga tartiladigan riyozatlar ba’zan “shohona”, ba’zan esa “parfiyona” tus olar, shohonasi endi, o‘zingizga ma’lum, Mahmud mo‘ylovning cho‘zma lag‘moni, bo‘rsildoq obinon va kakra qilib damlangan doqqina ko‘k choy. Parfiyonasi, shildirabgina turgan karam sho‘rva. Ba’zan esa, bor yo‘g‘i bir ikkita likobchada tuzlangan karam, sho‘rbodring yoki pomidor, besh olti bo‘lak bo‘lka non… va yana… davra imkoniyatiga qarab “oqi” yoki “qizili”dan…

Parfiyona dasturxonning afzalligi shunda ediki, cho‘ntagida hemirisi yo‘qlar ham u yerga bemalol bosh suqib, “noz-ne’matlar”dan tanavvul qilib, zaxri-mahrimizga yuz gramm-ellik gramm urib ketaverishi mumkin bo‘lardi. Chunki, bugun bo‘sh bo‘lgan cho‘ntakka erta-indin nimadir tushib ham qoladiku, axir!

Istol to‘rida, albatta, qushday bo‘lib, butun dunyo paqir shoirlarining piri komili – ustoz Rauf Parfiy – kunda shunda.

Eslatganimizday, parfiyona dasturxonga har kim baholi qudrat xissa qo‘shadi. To‘g‘ri, parfiyona istolning ham chehrasi ochilib, narigi lag‘monxonanikiday, charaqlab ketgan kunlar ham bo‘lib turadi. Biroq, bu oyda-yilda bir yoki ikki bor sodir bo‘ladigan tansiq xodisa. Parfiyona istolni shohona tus oldirishga qodir biron sahiy odam topilsa, shunday bo‘ladi. Ana endi o‘sha “janob”ning ismi, ta’rifi tillarimizda doston bo‘lib, olis-olis viloyatlargacha sado berishlarini ko‘ring…

Rauf Parfiy ham, aslida, hammaga o‘hshab oddiy odam edi. Bo‘lganda ham, o‘larday oddiy. Demak u ham qayerdadir mehnat qilishi, oila tebratishi, hech bo‘lmasa, qorin g‘ami uchun qimirlashi lozim. Biroq, uning mehnatiga haridor vallamat qani! “R.F. ni ishga olgan rahbar o‘ziga balolar sotib olarmish.” “Kitobini chop etgan nashirning sho‘riga sho‘rvalar to‘kilib qolarmish.” Emish, emish va yana emishlar…

Bundan shunday xulosa chiqadiki, zamonasining buyuk shoiri Rauf Parfiy o‘ziga xomiy va xalaskor bo‘lishi mumkin bo‘lgan ixlosmand do‘st-yor birodarlariga yaqinroq bo‘lish uchun ham mana shunday oshxonalardan birida «ishxona ochib” o‘tirishga majbur edi!..

O‘shanda, kaminaga ham omad kulib, G‘afur G‘ulom nomidagi Adabiyot va san’at nashriyotining ishlab-chiqarish bo‘limiga chop ettiruvchi chopar yugurdak (vыpuskayuщiy) bo‘lib ishga joylashib olgandim. Bu vazifa qishloqdan kelgan, darang-daroz, lallaygina bir bola uchun anchayin yuqori martaba, to‘g‘rirog‘i, lavozim edi deb aytsa ham bo‘laverardi.

Ish o‘rinlari uchun raqobat o‘sha zamonlarda ham kuchli ekan. Zimmamizdagi yumushni bajarishda xatoga yo‘l qo‘ysak, ertasiga ko‘chada qolishimiz hech gap emas. Ko‘chada qolish, tayinki, qishloqqa qaytish. Keng paxta dalalarida ashulani vang qo‘yib, umrni ketmonga baxshida etish, degani. Ashula aytib qolmaslik uchun esa ishlab chiqarish bo‘limi boshlig‘i, anchayin qattiqqo‘l, shu bilan birga nihoyatda hushro‘y va shijoatli ayol – Salomat Malikovna Azimovaning o‘tidan kirib, kulidan chiqib, jonni jabborga berib ishlash talab etiladi. Gapning ochig‘i, biz yugurdaklar (adashmasam, besh-olti kishi edik) nashriyot rahbari, yozuvchi Hamid G‘ulom domladan ham ko‘ra, Salomat opadan ko‘proq hayiqar edik. Bir o‘rtog‘imiz opaning huzuriga kira turib, dovdirab qolib, Salomat opa deyish o‘rniga “Salomat aka”, deb yuborganini eslasam, haliyam kulgim qistaydi…

Eh, bu ajoyib opaning qo‘lida kimlar ishlab ketmadi, deysiz. Cho‘lpon Ergash, Azim Suyun, Muhammad Solih, Tursun Ali, Ismoil Mahmud, To‘ra Normat singari taniqli shoirlar,  yana biz ismini unutgan o‘nlab qalamkashlar Salomat opaning qozonidan qaynab chiqqan. Ana shu “chopar”lar ro‘yxatida Rauf Parfiyday buyuk xokisor shoir nomi ham borligini bugun ko‘pchilik bilmasa kerak.

“Navoiy 30”ning mashhur zinapoyalaridan uchib-qo‘nib, chiqib-tushib yurgan kezlarimiz. Opadan topshiriqni olib, zuvillab (bu ham opaning suygan iborasi bo‘lib, topshiriqni aytgach, “Qani, zuvillang!” deb qo‘yardilar) pastga tushib ketayotsam, zinadan oqsoqlanib Rauf aka ko‘tarilyapti. O‘ng puti oq mato bilan bog‘langan. Tuflisini oyog‘ining ostiga latta bilan tang‘ib olibdi. Salom berib, hol-ahvol so‘rayman:

– Nima bo‘ldi, Rauf aka?

– Ko‘rgilik, jigar, ko‘rgilik. Ertametan tursam, shu qurg‘ur o‘ng putim yiring boylabdi. To‘pliga sig‘maydi. Urindim, befoyda. Patinkani og‘zini ochib turib, mo‘ljallab, ana bo‘lmasam deb bir tiqqan edim, port etib putimdan potas, ko‘zimdan olov chiqdi. Endi meni Rauf aka demaysiz…

– Ha, kim deymiz, bo‘lmasa?..

– Bugundan boshlab men Rauf Parfiy emas, Ravil Parchagin bo‘laman, bildizmi? Kattalardan gap eshitib qomaylik, deb ishga kelyappiz.

Na kulishni, na hamdard bo‘lishni bilmay, hayron edim. Bilaman, Rauf aka nashriyotdan ikki-uch xafta ilgari “redaktor”likdan bo‘shatib yuborilgan. Qayoqqa, qaysi kattadan gap eshitmaslik uchun, qanaqa ishga kelayotgani uning bir o‘zigagina ayon edi. Kulishgan bo‘ldik. Men bosmaxonaga zuvilladim, u kishi yuqoriga. Keta turib xayolimdan “ishdan bo‘shatilgan bo‘lsa ham nashriyotdan ko‘ngil uzolmayapti, bechora ”, degan fikr o‘tdi.

Mana, bu yolg‘on dunyoning ishlari-yu vazifalari Rauf akadan ham, boshqa kattakonlardan ham qolib ketdi…

Men g‘ofil banda o‘sha kungi hazil gazagini ko‘p yillar o‘tib angladim. Buyuk shoir menga hazil qilmagan, aksincha, dilida madda bog‘lab yotgan qanaqadir dardni izhor etmoqchi bo‘lgan ekan. Siyosati terrorga asoslangan hokimiyat do‘mbirasini chaluvchi kazo-kazo adibu udabolar boshidagi shapkasini olib salom beradigan asar qahramoni Pavel Korchagin nomini hazil-mazak qilish… Har kim ham jur’at etavermaydigan ish edi, o‘shanda. Korchagin singgari qahramonlar hayoti butun-butun xalqlar, millatlar taqdiriga fojiona ta’sir o‘tkazayotgan o‘ta zararli uydirma ekanligini ilg‘atish umidida shunday gaplarni o‘ylab topgan ekanmi rahmatlik, deyman…

Biz esa… Eh, biz esa… Poytaxtda Salomat opalarning nazaridan qolmaylik deb chopib-chopqillab, tug‘ilib o‘sgan qishlog‘imizga bоrganimizda esa katta amaldorlarday gerdayib, loppillab yurishlarimizdan quvonib umrni o‘tkazibmiz. Essiz!..

Rauf aka endi bilsak, barcha siniq, dardchil shoirlarning sultoni ekan.

U biz bilgan ko‘plab mashhuru obid ijodkorlardan farqli o‘laroq obod dasturxonlardan chetroqda yashadi. Umri ko‘cha-ko‘ylarda to‘kilib o‘tdi, desak ham bo‘lar. Kamxarjlik, ko‘pincha och nahor qolishlar, unga nisbatan oddiy insoniy e’tiborsizlik, nopisandliklar, yupun-yalang yurishlar shoirning busiz ham nimjon vujudini kemirdi va oxir-oqibat o‘z ishini qildi…

«Ko‘chalarda itdek sang‘idim,
G‘ingshidim o‘tgan-ketganga,
Bog‘lab oling itingizni.»

Ha, u o‘zini ko‘pincha ko‘chada qolgan…dek his qilar va bu ahvolidan o‘zi ham beshafqat kula olardi ham. Vujudi, sog‘liklari ko‘cha-ko‘ylarda isrof bo‘layotganini sezsada, o‘z holidan hech qachon nolimadi. Sinmadi. Uni mudom “…ta’qib qildi shoir degan nom”. “Chiqmagan she’riga sadaqa oldi…” Biroq “Aslo tark etmadi qurmag‘ur ilhom”. “Undan neki o‘tdi. Xudoga soldi…”
Ha, shoir degan nom uni beshafqat ta’qib qildi, azobu iztiroblarga giriftor etdi:

Qirq yil she’r yozdim. Ey voh bo‘lmadi,
Rosa yigirma yil yeldim, yugurdim.
Ammo topilmadi biror mard noshir.
Hayot jomi to‘ldi. Ko‘ngil to‘lmadi.

Bir kuni… Bir kishi… Bu gapimni sizga qanday izhor etsam ekan!..

…“Rauf aka vafot etibdi. Shoir Chorsha’m Ro‘ziyevning xovlisidan chiqarilarkan…”.

Bilasizmi, bir do‘stning og‘zidan chiqqan bu shum xabar shuurimga yetguncha, go‘yo, lo‘g‘it muzga alandi va ichimda a’zoi badanimni muzlatib kezinayotganini baralla sezib turdim. Ha, yashab-yashab “ko‘ngli to‘lmagan” shoirning ohir “hayot jomi to‘lgan”. Olloning omonatiga hiyonat qilmay, O‘ziga topshirgani ham rost edi… Idora ishlarini yig‘ishtirib, do‘stimiz Chorsha’mjonning Labzakdagi kulbasi tomon oshiqdik…

Bugun ustoz Rauf Parfiy munojotlarini zikr qilarkan, satrlarida mustajo bo‘lgan yana bir hikmatni anglagandaymiz: shoir shuuri va ruhiyatida katta bir Iymon daraxti ham yashnab, yashab o‘tgan ekan. Bu Sobir Daraxt tomirlari esa tasavvufona e’tiqod mahzanlaridan bot-bot suv ichib turganligini anglaymiz va beixtiyor quvonib ketamiz… Bu kashfiyotimiz endi bizni shoirning ilgari uncha anglab yetmaganimiz yanada sirli, yanada yuksak ruhoniy olamlariga eltuvchi yo‘llarga ham yetaklasa ajab emas…

2010

Rauf Parfi. Sakina.She’rlar kitobi by Khurshid Davron on Scribd

Rauf Parfi. Sukunat by Khurshid Davron on Scribd

03

(Tashriflar: umumiy 453, bugungi 1)

Izoh qoldiring