G’aybulla Hojiyev: Biz rol o’ynayapmiz & G’aybulla Hojiyev «Silsila» va «Suratlar so’zlaganda» teledasturida

Ashampoo_Snap_2017.08.11_22h24m47s_001_.png Ҳали тўртта кинода ўйнадими-йўқми чиройли йигит-қизлар телевизорга чиқади-да, «мен яратган образ», деб оғизларини тўлдириб гапиради. Устозларимиз бизга ўргатганларини, хокисорликни ёшларимизга ўргатолмаяпмиз. Образ дегани нима? Образ дея соҳамизнинг пири бўлган устозларимиз — Олим Хўжаев, Шукур Бурҳонов, Наби Раҳимов, Раззоқ Ҳамроев, Ёқуб Аҳмедов, Турғун Азизов, Рихси Иброҳимова ўйнаган ролларини айтишимиз мумкин.

Ғайбулла ҲОЖИЕВ:
«БИЗ РОЛ ЎЙНАЯПМИЗ…»
045

044Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ғайбулла Ҳожиев 1956 йилда Бухоройи Шарифда туғилган. 1973-77 йилларда Тошкент давлат Санъат институтида таҳсил олган. 1976 йилда Аброр Ҳидоятов (аввалги «Ёш гвардия») театрида иш бошлаган. 1987 йилдан Ҳамза номидаги ўзбек давлат академик театрида фаолиятини бошлаган. Актёр шоир Азим Суюннинг «Сарбадорлар» асарида Абу Бакир Калавий, Абдулла Ориповнинг «Соҳибқирон» асарида Хожа Аҳмад Яссавий, Абдулла Қодирийнинг Меҳробдан чаён» спектаклида Солиҳ маҳдум, Иброҳим Содиқовнинг «Афандининг беш хотини» спектаклида Афанди, Ҳайитмат Расулнинг «Пири коинот» спектаклида Аҳмад Фарғоний, Шекспирнинг «Қирол Лир» асарида граф Глостер, Александр Косанонинг «Етти фарёд» спектаклида Сабало каби ўнлаб рангбаранг роллар ижро этган. Оғир хасталик туфайли театрдан кетишга мажбур бўлган. Аммо, ижоддан тўхтамай, турли теле ва радио лойиҳаларда иштирок этмоқда.

045

Гўдакликданоқ қалбимизга, шууримизга иқтидор уруғи сочилган бўлади. Унинг юзага чиқиш-чиқмаслиги атрофини ўраб турган муҳитга боғлиқ. Баъзи инсонлар билан суҳбатлашсангиз: «Созанда бўлмоқчи эдим, учувчи бўлмоқчи эдим, армон бўлиб қолди. Ота-бобомнинг касбини қилдим» — дейишади. Қобилият милтиллаб турган учқунга ўхшайди. Шу истеъдодни фақат меҳнат билан шакллантириб, ўстириб, алангалатиш мумкин. Лекин, қобилият бўлиши шарт, усиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Боболаримиз: «Агар Худо юқтирмаган бўлса, мол бозорида даллол ҳам бўла олмайсан», деб кўп айтишарди.

Ҳозир олтмиш бир ёшдаман. Саҳнада ижро этган ролларим кўп. Дарвоқе, мен ролларим, деб таъкидлаб айтаман. Негаки, баъзи ёш актёрларни кўриб афсусланиб қўяман. Албатта, бу бизнинг, ёши улуғ актёрларнинг айби, деб ўйлайман. Ҳали тўртта кинода ўйнадими-йўқми чиройли йигит-қизлар телевизорга чиқади-да, «мен яратган образ», деб оғизларини тўлдириб гапиради. Устозларимиз бизга ўргатганларини, хокисорликни ёшларимизга ўргатолмаяпмиз. Образ дегани нима? Образ дея соҳамизнинг пири бўлган устозларимиз — Олим Хўжаев, Шукур Бурҳонов, Наби Раҳимов, Раззоқ Ҳамроев, Ёқуб Аҳмедов, Турғун Азизов, Рихси Иброҳимова ўйнаган ролларини айтишимиз мумкин. Биз ҳали образ яратганимиз йўқ. Биз рол ўйнаяпмиз! «Сенга берилган рол ҳали образ эмас, сен буюк санъаткор бўлганингдагина ўзинг образ яратасан. Қоғоздаги ҳали персонаж. Сен уни ўйнасанг, у рол бўлади. Сен образ яратмаяпсан, балки ўша шарт-шароитда ўзингни ўйнаяпсан», — дегим келади уларга.

Менга насиб этган барча ролларимни ёқтираман. Чунки ҳаммасида ҳам меҳнат қилганман. Вақтимни, умримни сарфлаганман. Лекин 1994 йили Абдулла Қодирийнинг «Меҳробдан чаён» асаридаги ижро этган Солиҳ Махдум ролим ҳаммасидан ўзгача. 1995 йили «Тошкент баҳори» деб номланган театрлар фестивалида шу ролим «Энг яхши эркак роли» номинацияси бўйича ғолиб деб топилган. Бу мен учун катта омад, катта бахт эди. Бу ролимни улуғ устозим, ҳамшаҳрим Олим Хўжаев руҳи покларига бағишлагандим. Чунки ушбу ролни кинода илк бора устозим ижро этган. Спектаклда ижро этиш эса менга насиб қилди. Айрим китобхонлар асарни ўқиганидан сўнг Солиҳ Махдумни зиқна, хасис, бахил, деб ўйлайди. Бу нотўғри фикр. Чунки бу рол менга берилганидан сўнг кутубхоналарга, архивларгабориб эски манбаларни варақлаб чиқдим. Бизга тарихдан маълумки, Бухоро ҳукмдори Амир Насруллохон Қўқонга келиб Нодирабегимни қатл эттириб, вайронага айлантириб кетади. Бу пайтда Солиҳ Махдумнинг падари бузруквори Нодирабегимнинг саройида Мирза боши бўлган. Шу сабаб оила тўкин-сочинликда яшаган. Бу фожиалардан сўнг камбағаллик ва фақирликка мубтало бўлади. Шунда саккиз ёшли Солиҳ Махдум оилани боқишга мажбур бўлади. Ҳар бир топилган нарсанинг қадрига етадиган, тежамкор бўлиб улғаяди. У зинҳор зиқна бўлмаган, балки тежамкор, ишнинг кўзини биладиган тадбиркор инсон бўлган. Ушбу ролни ижро этганимда раҳматли устозимиз, театршунос Тошпўлат Турсунов: «Ғайбуллохоннинг бу ролида зиёли оилада тарбия топгани, илм олгани сезилиб турибди», деганди.

Доим иш билан, ижод билан тиним билмай юрган одам нафақага чиқиб уйда ўтириб қолса, вақти мўл бўлар экан. Шундай пайтларда ҳаётимдаги кўп воқеаларни кино лентасидай кўз олдимдан ўтказаман ва Яратган Эгамга қайта-қайта шукроналар айтаман. Менга насиб этган — театрда, дубляжда, радиода ижро этган ролларим, Одил Ёқубовнинг «Улуғбек хазинаси»да Улуғбекни, Имом Бухорий, Яссавийни, Ҳофиз Шерозийни ижро этганимдан бахтиёрман. Ҳар қандай актёр орзу қиладиган ролларни ижро этдим. Айниқса, бетоб бўлиб қолганимдан кейин ҳам кинода ўн саккизта фильмда ўйнадим. Овозимни йўқотган бўлсам-да, биринчи фильмимга устозим, Ўзбекистон Халқ артисти Обид Юнусов овоз берди. Кейингиларига Ўзбекистон халқ артисти Элёр Носиров, Маҳмуд Исмоиловлар овоз беришди.

Умрим давомида шу нарсага амин бўлдимки, тўғрисўзлик энг мақбул иш, аммо энг машаққатлиси ҳам. Тўғрисўз бўлсанг, ҳаммани ўзингга ўхшаган тўғри, деб билар экансан. Натижада жуда кўп панд еб, емаган сомсангга ҳам пул тўлашга мажбур бўласан. Тўғрисўз инсонларни ҳамма вақт ҳам яхши кўраверишмас экан. Энди шижоат билан ижод қилаётган қирқ етти ёшимда инсульт бўлдим… Бундан сира нолимайман. Устоз актёрларимиз Аброр ака ҳам, Лутфулла Саъдуллаев ҳам, Обид Жалилов ҳам инсульт, инфарк бўлишган. Биз энди саҳнанинг бир чангимиз.

Китоб — актёр ҳаётининг мазмуни. Тарихни, адабиётни, адабиётимиз тарихини билмай туриб қандай актёр бўлиш мумкин? Баъзи актёрларни кузатсангиз ҳаммаси жойида, паузаларни жойида беради, нуқта-вергулни ҳам ўрнида ишлатади. Ҳатто урғуларни ишлатиши ҳам аъло даражада… Аммо ижродан юрагингиз жиз этмайди, илимайди, музлаб тураверади… Чунки унинг ўзида юрак йўқ, дард йўқ… Бундай актёрларни биз «каридорний актёр» деймиз. Актёр асар ўқимаса, китобни варақламаса ижро этган роли орқали халқнинг қалбига кириб боролмайди. Солиҳ Махдум ролини ўйнаб устозларимизнинг тилига тушишимга асосий сабаб ҳам китоб мутолааси эди. Кутубхоналарга бориб, изланиб қаҳрамонимнинг ҳаёти билан танишиб чиққанман. Асар ичига кириб кетиб ўша замонда яшаганман. Афсус, баъзи ёш актёрларимиз фақатгина қўлига берилган сценарийни ёдлаб олишяпти, холос. Ўзларидаги Худо берган ҳуснга маҳлиё бўлиб, чекланиб қолишяпти. Ўйнаган ролларида соҳталик аломатлари сезилиб қоляпти…

Китоб мутолааси қалбимизга нур бахш этади. Ички гўзаллик ва чуқур билимгина актёрни буюк актёр даражасига олиб чиқади. Негаки, ўйнаган ролларида таъсир кучаяди, томошабин қалбининг тўридаги қоронғу жойларини ўзининг маънавият нури ила ёритади, муҳаббатига сазовор бўлади.

Жамолиддин АБДУЛЛАЕВ ёзиб олди

Яна шу мавзуда мутолаа қилинг:
Ғайбулла Ҳожиев. Хотиралар тўлқини. I. Азизларим ёди & Ғайбулла Ҳожиев «Парвоз завқи’ телелойиҳасида (2013)
Ғайбулла Ҳожиев. Хотиралар тўлқини. II.Театр — қисматим & Ғайбулла Ҳожиев Хуршид Давроннинг «Алғул» телеспектаклида
Ғайбулла Ҳожиев. Хотиралар тўлқини. III. Хасталик ҳам ҳикмат ёхуд ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё
Муҳаммад Сафо Махсум Бухорий ҳақида & Ғайбулла Ҳожиев «Уйга қайтиб» телелойиҳасида
Ғайбулла Ҳожиев «Усмон Носир» спектаклида

Hali to‘rtta kinoda o‘ynadimi-yo‘qmi chiroyli yigit-qizlar televizorga chiqadi-da, “men yaratgan obraz”, deb og‘izlarini to‘ldirib gapiradi. Ustozlarimiz bizga o‘rgatganlarini, xokisorlikni yoshlarimizga o‘rgatolmayapmiz. Obraz degani nima? Obraz deya sohamizning piri bo‘lgan ustozlarimiz — Olim Xo‘jayev, Shukur Burhonov, Nabi Rahimov, Razzoq Hamroyev, Yoqub Ahmedov, Turg‘un Azizov, Rixsi Ibrohimova o‘ynagan rollarini aytishimiz mumkin.

G‘aybulla HOJIYEV:
«BIZ ROL O‘YNAYAPMIZ…»
045

O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan artist G‘aybulla Hojiyev 1956 yilda Buxoroyi Sharifda tug‘ilgan. 1973-77 yillarda Toshkent davlat San’at institutida tahsil olgan. 1976 yilda Abror Hidoyatov (avvalgi «Yosh gvardiya») teatrida ish boshlagan. 1987 yildan Hamza nomidagi o‘zbek davlat akademik teatrida faoliyatini boshlagan. Aktyor shoir Azim Suyunning «Sarbadorlar» asarida Abu Bakir Kalaviy, Abdulla Oripovning «Sohibqiron» asarida Xoja Ahmad Yassaviy, Abdulla Qodiriyning Mehrobdan chayon» spektaklida Solih mahdum, Ibrohim Sodiqovning «Afandining besh xotini» spektaklida Afandi, Hayitmat Rasulning «Piri koinot» spektaklida Ahmad Farg‘oniy, Shekspirning «Qirol Lir» asarida graf Gloster, Aleksandr Kosanoning «Yetti faryod» spektaklida Sabalo kabi o‘nlab rangbarang rollar ijro etgan. Og‘ir xastalik tufayli teatrdan ketishga majbur bo‘lgan. Ammo, ijoddan to‘xtamay, turli tele va radio loyihalarda ishtirok etmoqda.

045

Go‘daklikdanoq qalbimizga, shuurimizga iqtidor urug‘i sochilgan bo‘ladi. Uning yuzaga chiqish-chiqmasligi atrofini o‘rab turgan muhitga bog‘liq. Ba’zi insonlar bilan suhbatlashsangiz: “Sozanda bo‘lmoqchi edim, uchuvchi bo‘lmoqchi edim, armon bo‘lib qoldi. Ota-bobomning kasbini qildim” — deyishadi. Qobiliyat miltillab turgan uchqunga o‘xshaydi. Shu iste’dodni faqat mehnat bilan shakllantirib, o‘stirib, alangalatish mumkin. Lekin, qobiliyat bo‘lishi shart, usiz hech narsaga erishib bo‘lmaydi. Bobolarimiz: “Agar Xudo yuqtirmagan bo‘lsa, mol bozorida dallol ham bo‘la olmaysan”, deb ko‘p aytishardi.

Hozir oltmish bir yoshdaman. Sahnada ijro etgan rollarim ko‘p. Darvoqe, men rollarim, deb ta’kidlab aytaman. Negaki, ba’zi yosh aktyorlarni ko‘rib afsuslanib qo‘yaman. Albatta, bu bizning, yoshi ulug‘ aktyorlarning aybi, deb o‘ylayman. Hali to‘rtta kinoda o‘ynadimi-yo‘qmi chiroyli yigit-qizlar televizorga chiqadi-da, “men yaratgan obraz”, deb og‘izlarini to‘ldirib gapiradi. Ustozlarimiz bizga o‘rgatganlarini, xokisorlikni yoshlarimizga o‘rgatolmayapmiz. Obraz degani nima? Obraz deya sohamizning piri bo‘lgan ustozlarimiz — Olim Xo‘jayev, Shukur Burhonov, Nabi Rahimov, Razzoq Hamroyev, Yoqub Ahmedov, Turg‘un Azizov, Rixsi Ibrohimova o‘ynagan rollarini aytishimiz mumkin. Biz hali obraz yaratganimiz yo‘q. Biz rol o‘ynayapmiz! “Senga berilgan rol hali obraz emas, sen buyuk san’atkor bo‘lganingdagina o‘zing obraz yaratasan. Qog‘ozdagi hali personaj. Sen uni o‘ynasang, u rol bo‘ladi. Sen obraz yaratmayapsan, balki o‘sha shart-sharoitda o‘zingni o‘ynayapsan”, — degim keladi ularga.

08

Menga nasib etgan barcha rollarimni yoqtiraman. Chunki hammasida ham mehnat qilganman. Vaqtimni, umrimni sarflaganman. Lekin 1994 yili Abdulla Qodiriyning “Mehrobdan chayon” asaridagi ijro etgan Solih Maxdum rolim hammasidan o‘zgacha. 1995 yili “Toshkent bahori” deb nomlangan teatrlar festivalida shu rolim “Eng yaxshi erkak roli” nominatsiyasi bo‘yicha g‘olib deb topilgan. Bu men uchun katta omad, katta baxt edi. Bu rolimni ulug‘ ustozim, hamshahrim Olim Xo‘jayev ruhi poklariga bag‘ishlagandim. Chunki ushbu rolni kinoda ilk bora ustozim ijro etgan. Spektaklda ijro etish esa menga nasib qildi. Ayrim kitobxonlar asarni o‘qiganidan so‘ng Solih Maxdumni ziqna, xasis, baxil, deb o‘ylaydi. Bu noto‘g‘ri fikr. Chunki bu rol menga berilganidan so‘ng kutubxonalarga, arxivlargaborib eski manbalarni varaqlab chiqdim. Bizga tarixdan ma’lumki, Buxoro hukmdori Amir Nasrulloxon Qo‘qonga kelib Nodirabegimni qatl ettirib, vayronaga aylantirib ketadi. Bu paytda Solih Maxdumning padari buzrukvori Nodirabegimning saroyida Mirza boshi bo‘lgan. Shu sabab oila to‘kin-sochinlikda yashagan. Bu fojialardan so‘ng kambag‘allik va faqirlikka mubtalo bo‘ladi. Shunda sakkiz yoshli Solih Maxdum oilani boqishga majbur bo‘ladi. Har bir topilgan narsaning qadriga yetadigan, tejamkor bo‘lib ulg‘ayadi. U zinhor ziqna bo‘lmagan, balki tejamkor, ishning ko‘zini biladigan tadbirkor inson bo‘lgan. Ushbu rolni ijro etganimda rahmatli ustozimiz, teatrshunos Toshpo‘lat Tursunov: “G‘aybulloxonning bu rolida ziyoli oilada tarbiya topgani, ilm olgani sezilib turibdi”, degandi.

Doim ish bilan, ijod bilan tinim bilmay yurgan odam nafaqaga chiqib uyda o‘tirib qolsa, vaqti mo‘l bo‘lar ekan. Shunday paytlarda hayotimdagi ko‘p voqealarni kino lentasiday ko‘z oldimdan o‘tkazaman va Yaratgan Egamga qayta-qayta shukronalar aytaman. Menga nasib etgan — teatrda, dublyajda, radioda ijro etgan rollarim, Odil Yoqubovning “Ulug‘bek xazinasi”da Ulug‘bekni, Imom Buxoriy, Yassaviyni, Hofiz Sheroziyni ijro etganimdan baxtiyorman. Har qanday aktyor orzu qiladigan rollarni ijro etdim. Ayniqsa, betob bo‘lib qolganimdan keyin ham kinoda o‘n sakkizta filmda o‘ynadim. Ovozimni yo‘qotgan bo‘lsam-da, birinchi filmimga ustozim, O‘zbekiston Xalq artisti Obid Yunusov ovoz berdi. Keyingilariga O‘zbekiston xalq artisti Elyor Nosirov, Mahmud Ismoilovlar ovoz berishdi.

Umrim davomida shu narsaga amin bo‘ldimki, to‘g‘riso‘zlik eng maqbul ish, ammo eng mashaqqatlisi ham. To‘g‘riso‘z bo‘lsang, hammani o‘zingga o‘xshagan to‘g‘ri, deb bilar ekansan. Natijada juda ko‘p pand yeb, yemagan somsangga ham pul to‘lashga majbur bo‘lasan. To‘g‘riso‘z insonlarni hamma vaqt ham yaxshi ko‘raverishmas ekan. Endi shijoat bilan ijod qilayotgan qirq yetti yoshimda insult bo‘ldim… Bundan sira nolimayman. Ustoz aktyorlarimiz Abror aka ham, Lutfulla Sa’dullayev ham, Obid Jalilov ham insult, infark bo‘lishgan. Biz endi sahnaning bir changimiz.

Kitob — aktyor hayotining mazmuni. Tarixni, adabiyotni, adabiyotimiz tarixini bilmay turib qanday aktyor bo‘lish mumkin? Ba’zi aktyorlarni kuzatsangiz hammasi joyida, pauzalarni joyida beradi, nuqta-vergulni ham o‘rnida ishlatadi. Hatto urg‘ularni ishlatishi ham a’lo darajada… Ammo ijrodan yuragingiz jiz etmaydi, ilimaydi, muzlab turaveradi… Chunki uning o‘zida yurak yo‘q, dard yo‘q… Bunday aktyorlarni biz “karidorniy aktyor” deymiz. Aktyor asar o‘qimasa, kitobni varaqlamasa ijro etgan roli orqali xalqning qalbiga kirib borolmaydi. Solih Maxdum rolini o‘ynab ustozlarimizning tiliga tushishimga asosiy sabab ham kitob mutolaasi edi. Kutubxonalarga borib, izlanib qahramonimning hayoti bilan tanishib chiqqanman. Asar ichiga kirib ketib o‘sha zamonda yashaganman. Afsus, ba’zi yosh aktyorlarimiz faqatgina qo‘liga berilgan ssenariyni yodlab olishyapti, xolos. O‘zlaridagi Xudo bergan husnga mahliyo bo‘lib, cheklanib qolishyapti. O‘ynagan rollarida sohtalik alomatlari sezilib qolyapti… Kitob mutolaasi qalbimizga nur baxsh etadi. Ichki go‘zallik va chuqur bilimgina aktyorni buyuk aktyor darajasiga olib chiqadi. Negaki, o‘ynagan rollarida ta’sir kuchayadi, tomoshabin qalbining to‘ridagi qorong‘u joylarini o‘zining ma’naviyat nuri ila yoritadi, muhabbatiga sazovor bo‘ladi.

Jamoliddin ABDULLAYEV yozib oldi

Yana shu mavzuda mutolaa qiling:

G‘aybulla Hojiyev. Xotiralar to‘lqini. I. Azizlarim yodi & G‘aybulla Hojiyev «Parvoz zavqi’ teleloyihasida (2013)
G‘aybulla Hojiyev. Xotiralar to‘lqini. II.Teatr — qismatim & G‘aybulla Hojiyev Xurshid Davronning «Alg‘ul» telespektaklida
G‘aybulla Hojiyev. Xotiralar to‘lqini. III. Xastalik ham hikmat yoxud hikmat izlaganga hikmatdir dunyo
Muhammad Safo Maxsum Buxoriy haqida & G‘aybulla Hojiyev «Uyga qaytib» teleloyihasida
G‘aybulla Hojiyev «Usmon Nosir» spektaklida

09

(Tashriflar: umumiy 574, bugungi 1)

Izoh qoldiring