G’aybulla Hojiyev. Xotiralar to’lqini. I. Azizlarim yodi & G’aybulla Hojiyev xotirasiga bag’ishlangan «Eslab» teledasturi

Ashampoo_Snap_2017.01.08_15h42m34s_001_.png   11 май — атоқли ва ардоқли актёр Ғайбулла Хожиев таваллуд топган кун

«Ўзбекистон» нашриёти машҳур театр ва кино актёри, дубляж устаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ғайбулла Ҳожиевнинг «Хотиралар тўлқини» китобини нашр этгани эшитиб, у билан тезроқ танишиш истаги туғилди. Асарни нашрга тайёрлаган ёзувчи Орзиқул Эргаш билан суҳбатимиз асноси маълум бўлдики, актёр аввалдан “Эсдаликлар дафтари” юритаркан. Айни шу “Эсдаликлар” ва кейинчалик унга киритилган янги саҳифалар бугун сизга тақдим этилаётган китоб ҳолига келтирди.
“Эсдаликлар дафтари”даги битиклар сиз, муҳтарам муштарийларимизни бефарқ қолдирмайди ва севимли санъаткорингиз сурату сийратини янада яқиндан билиб олишларингизга ёрдам беради, деган умиддамиз.

Ғайбулла ҲОЖИЕВ
ХОТИРАЛАР ТЎЛҚИНИ
I. АЗИЗЛАРИМ ЁДИ
007

 img092a.jpg  Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист  Ғайбулла Ҳожиев 1956 йилда Бухоройи Шарифда туғилган. 1973-77 йилларда Тошкент давлат Санъат институтида таҳсил олган. 1976 йилда Аброр Ҳидоятов (аввалги «Ёш гвардия») театрида иш бошлаган. 1987 йилдан Ҳамза номидаги ўзбек давлат академик театрида фаолиятини бошлаган. Актёр шоир Азим Суюннинг «Сарбадорлар» асарида Абу Бакир Калавий, Абдулла Ориповнинг «Соҳибқирон» асарида Хожа Аҳмад Яссавий, Абдулла Қодирийнинг Меҳробдан чаён» спектаклида Солиҳ маҳдум, Иброҳим Содиқовнинг «Афандининг беш хотини» спектаклида Афанди, Ҳайитмат Расулнинг «Пири коинот» спектаклида Аҳмад Фарғоний, Шекспирнинг «Қирол Лир» асарида граф Глостер, Александр Косанонинг «Етти фарёд» спектаклида Сабало каби ўнлаб рангбаранг роллар ижро этган. Оғир хасталик туфайли театрдан кетишга мажбур бўлган. Аммо, ижоддан тўхтамай, турли теле ва радио лойиҳаларда иштирок этмоқда.

007

Илк ғалабам…

Эсимда: биринчи синфга ўқишга борганману, унчалик хурсанд эмасман. Сабаби – мен опаларимнинг бошланғичдаги муаллимаси Раҳимахон Мўминова қўлида ўқимоқчи эдим. Бўлмади. Бошқа муаллимга кўнглим илимай, тилар-тиламас мактабга қатнай бошладим. Ихтиёримга қўйиб беришса-ку, ўзим билардим. Индамайгина Раҳима опанинг синфига ўтиб кетардим (Гап шундаки, мен бундан аввал ҳам опаларимга эргашиб мактабга бориб, уларнинг дарсига кириб ўтирардим, Раҳима опа бунга қўйиб берар, ҳатто сени ҳам ҳали ўзим ўқитаман, деб эркалаб қўяр, шунинг учун уларни яхши кўриб қолгандим. Болалик экан-да). Шу кўнгилсизликданми, дарсларда эътиборсиз ўтирадиган, бебошлик қиладиган одатлар чиқардим.

Ва бир кун бунинг учун таъзиримни едим: баджаҳл ўқитувчимиз кўрсаткич таёқчаси билан уч-тўрт ўйинқароқ болага қўшиб мени ҳам жазолади. Ўқитувчимга нисбатан “адоват”да эмасманми, баҳона топилиб, синфни бошимга кўтардим. Мени овутишолмай отамни чақиртиришди. Отам тарафимни олиш ўрнига қўлидаги хивчин билан тушириб қолди. Алам устига алам… овозимни баралла қўйиб йиғлашга, йиғлаб туриб, “мен Мўминовада ўқийман, Мўминовада ўқийман”, дея чирқирашга тушдим.

Бир маҳал десангиз, ичкаридан Мўминова чиқиб келди-да, мени бағрига босди.
– Вой, болажоним-ей, менда ўқимоқчимисан. Майли, майли, сени ўқитганим бўлсин…

У шундай дея бағрига босди-да, ўз синфига бошлаб кетди.
Бу менинг ҳаётимдаги илк исёним ва илк ғалабам эди, десам адашмайман.

Мактаб ҳангомалари

Bolalik.jpgАдабиётни яхши кўрардим, аълога ўқирдим. Математикадан оқсардим, химия, физикаданам шунақа. Биологиядан яхши ўқиганман. Физика ўқитувчимиз биз уч оғайнилар – мени, жўраларим Яҳёев билан Саъдуллаевни доска олдига бирга чиқариб, уччаламизга битта савол берарди, баъзида амаллаб жавоб берардик, баъзида анқайиб тураверардик. Шунда домламиз профессор Ҳожиюф, академик Яҳёюф, кандидат наук Саъдуллаюф – сизларга жавоб, бориб ана шу саволни жавобини топасизлар, деб синфдан чиқариб юборарди. Ваҳобов деган математика ўқитувчимиз бир куни мени алоҳида чақириб сулҳ тузди. Сен – Ғайбулла адабиётдан бешга ўқийсан, драмтўгаракка қатнашасан, биламан, маладес. Лекин менинг предметимдан нўноқсан-да, шунга ачинаман, деди. Битта нарсани келишиб олсак: мен КВН, викторина ўтказаман, сен шуларга бадиий томондан жило берасан. Театрдан кийимлар, гримлар опкеласан, ўзинг рол ўйнайсан. Буни эвазига, мен сени имтиҳонингга минус тўрт қўйиб бераман, хўпми, деди. Хўп дедим. Бир куни уч синфни бирлаштириб, викторина ўтказди. Менга Лобачевскийни ўйнайсан, деди. Расмини кўрсатди. Пушкинга ўхшаб кетадиган қўнғироқ сочли, бакенбард қўйган, зодагонсифат бир одам, 18-асрларда яшаган буюк математик экан. Бунақа кийимларни тополмайман, малим, дедим. Иш тутма, боплаймиз, деди. Уйидан шляпа, макентош келтирди. Қора кўзойнак тақтирди. Доска олдида турибман. Катта синф тирбанд – 120 бола. Ҳаммаси менга анграйиб, ажабланиб қарайди. Ғайби, нима қип турибсан, дейишади енгимдан тортиб. Миқ этмай туравераман ҳайкалдай.
Ваҳобов домла шахдам кириб келди-да, қўлидаги синиқ указка билан столни уриб, ҳаммани тинчитди. Бошқа ўқитувчилар, директор ҳам кириб, доска ёнида терилган стулларга ўтиришди. Мен ҳамон тек қотиб турибман. Ваҳобов томоқ қириб, энди гап бошламоқчи эди, битта бола қўл кўтарди. Нима дейсан? Ғайби ким, домла, у нимага ўтирмаяпти? Ғала-ғовур бошланди. Синиқ указка столни тақиллатиб, ғовурни босди. “Билиб қўйинглар, бу Ғайби эмас, бу буюк математик Лобачевский!” деди домла тантанали қилиб. Ҳамма гур кулиб юборди. Ҳатто қовоқ уюб ўтирган директор ҳам илжайишдан ўзини тиёлмади. Шу-шу мактабни битиргунча лақабим Лобачевский бўлиб қолди.

Бобомнинг ўгитлари

Muhammad Safo maxsum Buxoriy.jpgОна тарафимдан бобомни Муҳаммад Сафо Махсум Бухорий дейишарди. У киши Самарқанд, Бухоро мадрасалари таҳсилини олган, ўзига етгулик донишманд, зукко киши бўлган. Шеър ёзган, лекин шоирлик даъво қилмаган, ўзини гулчин – шеърият бўстонидан гул терувчи мухлис деб билган. Ажабки, шундай зиёли, илмли бобомни, мен эс таниб, оддийгина мактаб қоровули қиёфасида кўрганман. Истиқомат жойи мактабимиз қоровулхонаси – мўъжазгина кулбача эди. Сабабини кейин тушунганман: бу шўро қатағонига боғлиқ ҳолат бўлиб, аксари зиёли одамлар ўзларини саводсиз, оми кўрсатиб, назарногир (назар илмас) касб-корларда ишлашни маъқул кўришган экан.

Бобом қорачадан келган, ихчамгина тана-тўшли, мош-гуруч соқоли калта кузалган, юзида доим нимтабассум, қўллари кўксида, нуроний бир мўйсафид эди (Адабиёт дарсликларида Садриддин Айний домла суратини кўрган бўлсангиз, бобом қуйиб қўйгандай ўша кишига ўхшарди). Бир оёғи хиёл оқсарди. Ҳар эрта саҳар бомдод намозидан сўнг мактаб ҳовлисига чиқиб, қишда қор кураб, йўлаклар очар, ёз бўлса сув сепиб, супуриб-сидириб озода қилиб қўярди.

Кўпинча мени ёнига чақириб олиб, қўлимга кириллда ёзилган китоб тутқазарди-да, “Бачам, шуни ўқиб берсанг”, дерди. Бу мумтоз шоирлар ғазаллари ёки бўлмаса, ана шу ғазаллар ҳақидаги олимларнинг таҳлилий мақолалари бўларди. Бобом ғазалларни кўз юмиб, бош тебратиб эшитар, ғазаллар тўғрисидаги мақолаларга эса диққат билан қулоқ солар, айрим жойларида тўхтатиб, қайтатдан ҳижжалатиб ўқитар, баъзида мақуллаб бош ирғаса, баъзан норози қиёфада “ғалат, ғалат” деб қўярди. Бундан чиқади, бобом нафақат ғазалнавис, балки нозикфаҳм, нуктадон ғазалшунос ҳам бўлган экан-да, ҳозир ўйлаб қарасам. Бобо-набира мулоқоти шу зайлда давом этар, мен китобдан ўқиб бераман, бобом ёддан ўзбекча, форсча ғазаллар айтади, кейин фикримни сўрайди. Ўзимча нималардир дейман, балли, балли дейди-да, кейин турли ҳолвалар, майиз, туршаклар билан сийлайди. Шу тариқа ўзида борини менга ўтказишга ҳаракат қилади…

Бобомнинг хотирамга қаттиқ ўрнашган ўгитларидан бири шу эдики, болам, бир сўм топсангиз ҳам ҳалол топинг. Ҳалол топилган бир сўмингиз минг сўмнинг баракасини беради, дерди. Мен ёш йигит пайтимда давлати беҳисобликдан манманликка берилиб кетган бир бойвачча бўларди. Ўша бойвачча бир куни жўралари билан баҳслашиб, самовар тагига червон пул ёқиб, чой қайнатганини кўрганман. Охир оқибат ўша одам бир тийинга зор бўлиб, ўлиб кетганидан ҳам хабарим бор…

Бобо яна: “ҳаргиз пардадаррон бўлманг. Бировнинг пардасини йиртманг, айбига пириохан, яъни кўйлак (ёпинчиқ) бўлинг”, дерди.

Мабодо ҳузурига келган одам (у кишини йўқлаб келгувчи кўп бўларди) бировни ёмонласа ёки ундан шикоят қилиб қолса, хомуш бўлиб эшитарди-да, кейин беозор кулимсираб эътироз билдирар эди.
“Э, фалончи, сиз бекорга ранжиб юрибсиз, худди кеча эди, ўша фалончи келиб эдилар. Мана шу сизнинг ўрнингизда ўтириб, дуои жонингизни қилиб, обдон олқадилар. Сизнинг хизматингиздан чунон миннатдорки, қўяверасиз…”га ўхшаган гаплар билан суҳбатдоши кўнглидаги гина-кудуратларни тумандек тарқатиб юборарди ва ҳалиги одам бобомнинг ҳузуридан қушдай енгил тортиб чиқиб кетарди. Бошқа бир сафар эса бу одам ҳақидаги шунақа яхши гапларни нариги кишига гапириб, уни ҳам қувнатиб ўтирганини неча марталаб шоҳиди бўлганман.

– Болам, одамлар ўртасига кўприк ташланг, ҳаргиз жарлик пайдо қилманг, – дея насиҳат қилиб ўтирарди раҳматли бобом.

Томтешар болалар ҳимоячиси

Менинг болалик даврларим (ўтган асрнинг эллик-олтмишинчи йиллари)да биз томонларда негадир етим болалар кўп бўлар ва уларнинг аксари мактабда тарбияси оғир ўқувчилар ҳисобланарди. Бир куни шундай ўқувчилардан учтаси мактаб буфети томини тешиб, ичкарига тушибди. Ўғирлашга нарса топилмаганми ёки бундай ниятлари бўлмаганми, улар каттагина идишдаги повидлони ўртага олиб, нонга суртиб еб турган ҳолатда қўлга тушиб қолишади. Тўдабоши Исмоил деган ўқувчи мактабдан ҳайдаладиган, қолган иккитасига ҳайфсан бериладиган бўлади. Шунда, ҳали айтганимдек, мактабимиз қоровули, истиқомат жойлари қоровулхона бўлган бобом ўртага тушади. “Томни ўзим тузатиб бераман, болалар еган нону повидло пулини моянамдан чегириб қоласизлар”, деб томтешар болалар гуноҳини сўраб олади.

Шу воқеадан сўнг Исмоилни ва унга ўхшаган ўн беш-йигирма нафар ўқувчи бола тарбиясини директор билан келишиб, ўз зиммасига олган экан. Амак Махсумнинг (бобомга шундай мурожаат қилишарди) таъсирига берилган бу болалар ҳаммаси кейинчалик ҳаётда ўз ўрнини топиб кетади. Жумладан, Исмоил Ҳусайнов Тошкентда — консерваторияда таҳсил олади. Машҳур созанда (кларнет чолғусида) бўлиб етишади. Бухоро мусиқа билим юртида узоқ йиллар дарс беради. Исмоил ака бобомни ўз отасидай кўриб, ҳар байрамда, хусусан Наврўз ва Ҳайит байрамларида узлуксиз йўқлаб, зиёрат қилиб кетганлари ёдимда.

Қадамжога айланган ҳужралар

Туриб-туриб ажабланаман: бобом бор-йўғи мактаб қоровулхонасида яшарди. Кичиккина бир ҳужра. Лекин кимлар келмасди бу ерга, кимларни, қандайин улкан одамларни сиғдирмаган у ўз бағрига. Қизиқ-да, бобомни зиёрат қилгувчилар орасида довруқли одамлар кўп бўларди. Одатда ҳамма ерда азиз меҳмон сифатида қарши олинадиган, шинам меҳмонхона, таомхоналар билан сийланадиган бундай инсонлар бобомнинг мўъжазгина ҳужрасига бош суқиб ўтишмаса, Бухорога келганлари татимасди. Бошқача айтганда, Бухоронинг ҳеч бир кошонасида Бобомнинг ҳужрасидагидек яйрашмасди (Бу гапда муболаға йўқ, азиз ўқувчим, бундай эътирофларни ўшанда ҳам, кейинчалик ҳам кўп бор ўз қулоғим билан эшитганман). Шуларни ўйлар эканман, жой одамнимас, одам жойни азиз қилади, деган ҳикмат не чоғлиқ топиб айтилганига амин бўламан.

Раҳматли Темур Норов деган бухоролик шоир акамиз бир куни Шариф Нурхонни бошлаб келиб қолди. Бобом билан Шариф Нурхон ҳужра эшигида бир-бирига рўпара бўлишди. Салом-аликдан сўнг Шариф Нурхон турган ерида бобом шаънига шеър айтиб юборди. Бобом ҳам унга жавобан ғазал ўқиди. Шундан бошланди. Бири Машрабдан келса, бири Фузулийдан келади. Бири Навоийдан ўқиса, бошқаси Жомийдан, Ҳофиздан ё Румийдан ўқийди. Лоф эмас, икки соат остонада, тик оёқда турганча мушоира қилишди. (Ҳужра атрофига одам йиғилиб кетди, эркак-аёл ўқитувчилар, ўқувчилар). Ниҳоят Шариф Нурхон тиззалади-да, бобомнинг қўлларини ўпиб, кўзига суртар экан, сиз менинг устозимсиз, деди. Бобом дарҳол унинг қўлларидан тутиб, кўтарди-да, йўқ, тақсиржон, ғалат айтдингиз, сиз менинг устозимсиз, деди…

Бундай ҳаяжонли учрашувларнинг неча-нечасига гувоҳ бўлган қоровулхона-ҳужра кунларнинг бирида бобомга торлик қилиб қолди. Гап шундаки, мактабга Ҳусайнзода деган одам директор бўлиб келади. Бошида шапка, эгнида сталинка кийиб юрадиган қориндор бу кимса биринчи куниёқ бобомга беписандлик қилади. Бобом индамай ҳужрасига қараб йўл олади-да, бир қўлида ариза, бирида янги ёзилган шеър билан чиқиб келади. Бу орада ёши каттароқ ўқитувчилар Ҳусайнзодага танбеҳ бериб, яхши иш қилмадингиз, бу киши ҳаммамизнинг устозимиз эдилар, дейишади. Директор бобомни ўз хонасида қарши олиб, стулга таклиф қилади. Лекин бобом аввал аризани, кейин Завқийнамо битилган сатирик шеърни амалдор қўлига тутқазади-да, индамай чиқиб кетади.

Шундан сўнг бобом Калобот гузари болалар боғчасига ишга ўтди ва энди боғчага кираверишдаги қоровулхона яна қанчадан қанча зиёли аҳлининг навбатдаги қадамжосига айланди.

Тугунча боиси

Бобомнинг Ғуломжон деган дўсти бўларди. Негадир шишаси тўқ яшил рангли кўзойнак тақиб юрар, зиёли, таъби назми тузуккина отахон эди. Лекин, бир қусури бор эдики, қачон бобомнинг олдига келмасин, гапи орасида нохуш бир хабари бўларди: кимдир вафот этган, кимнингдир уйини ўғри урган ёхуд қай бир эр-хотин ажрашганга ўхшаган…

Бир сафар бобом қизиқ иш қилди. Ғуломжон дўсти билан узоқ чақ-чақлашиб ўтирди-да, дўсти хайрлашиб, йўлга отланган маҳали, Ғуломжон бир нафас ўлтира турасиз, деди. Кейин мени ёнига чақириб, қўлимга пул бериб, гузарга чоптирди. Исмат ҳолвагардан ҳалвойи сабуний, лафз ҳалво харид қилдим. Новвойдан тўртта иссиқ нон олиб, зумда изимга қайтдим. Бобом буларнинг ҳаммасини янги белбоққа тугди-да, дўстига тутқазди. Ғуломжон бобо ажабланиб сўради:

– Э, Сафо Махсум, бунинг боиси не?..
– Боиси шулки, мулло Ғуломжон, бугун нохуш хабар келтирмадингиз, шунинг суюнчисига сизга ҳадя, — деди бобом нимтабассум билан.

Ғулом отанинг ҳам шўхлиги тутиб, “э, шундоқ бўлдими, бугунам биттаси бор эди, хотирдан фаромуш бўпти, яхши эсга солдингиз”, деди.

Бобом уни гапиртирмай:
– Худо хайрингизни берсин, бародар, бугун қайтариб кетинг хабарингизни, қайтариб кетинг, – деди.
Икки дўст баралла кулиб юборишди.

Шу воқеани эсласам, бобомнинг бир ўгити ёдимга тушади, киши ҳар доим: “Болам, бирор ерга борсанг, қуруқ бормагин, қўлингда даставез бўлсин – нонми, ширинликми, китобми… ҳеч бўлмаганда бир хушхабаринг бўлсин”, деб насиҳат қилиб турарди.

БОБОМ ВА БУВИМ РИВОЯТИ

Сафо Махсум бобом билан Сиддиқа бувимнинг ҳаётлари чинданам ривоятнамо кечган. Анча-мунча китоб ўқиганман, фильмлар, театр томошаларини кўрганман. Лекин бирортасида бобом-бувимларникига ўхшаш тақдирларни учратмаганман.

Бобом 1893 йил туғилган. Бир ҳафталигида онасидан, уч ойлигида отасидан жудо бўлиб, бувининг қўлида қолади. Ўн ёшларида бувиси ҳам вафот этгач, бобомни тоғасининг аёли, яъни янгаси ўз тарбиясига олади. Бобомнинг тоғаси Аркда – аркони давлат хизматида бўлиб, эрта ўлиб кетган экан. Янгаси у кишини йўқлаб, марсиялар айтиб юраркан. Бундан ташқари жуда кўп ғазалу маталларни бобом ана шу аёлдан эшитиб катта бўлган. Бобом (юқорида айтганимдек) ўн етти йил Самарқанду Бухоро мадрасаларида ўқийди. Қизиллар босқини (1920 й) бошланганда бобом дунёқараши шаклланган йигирма етти ёшли йигит бўлган. Мадраса кўрган бўлса-да, ўз билимини ёшларга етқазадиган, мударрислик, муллолик қиладиган замон бўлмай қолади. Бухоро бутун Туркистон каби эгасиз, бенаво бир аҳволга тушган, жоҳилнинг дови юрган, оқиллар ўзини пана-пастқамга урган талотум бир замонлар экан-да. Нима бўладию бобомга Аркдан чиққан, амир хизматида бўлган, аниқроғи сомсапазлик қилган бир одам йўлиқиб қолади. У қочқинда бўлиб, ўшанда саройга зиғирдаккина алоқаси бор одам, сўроқсиз-истовсиз отиб ташланаверган. Бобом шу кишини ўз уйига яширади. Ундан сомсапазликни ўрганади. Ва кейинчалик қирқ йил давомида Лаби ҳовузда сомсапазлик билан кун кечиради. Бобом пиширган уч бурчак сомса “Самбўсаи Тешавойи”, ўзи эса Махсуми самбўсапаз деган ном билан машҳур бўлган.

Сиддиқа бибим (1906 йилда туғилган) билан турмуш қуриб, икки ўғил, икки қиз кўради. Ҳалимжон, Ҳаётжон, Мунирахон исмли фарзандлари нобуд бўлиб, биргина Музайямахон қизларини – менинг онамни тутиб қолишади. Шу биргина норасида ҳам оғир хасталикка йўлиқади. Шунда бобом уни кўтариб Бухоро кўчаларига чиқиб кетади. Саргардон бўлиб, табибми, азайимхонми излайди. На табиб, на куф-суф қилиб қўядиган домла топилади. Табиблар, муллалар тум-тарақай бўлган – отилган, қамалган, қочиб кетган, яширинган. Ниҳоят бир кекса киши кўзига чалинади. Бобом шунга бориб юкинади. (Унинг аслида кимлигини билган шекилли-да) “Бобожон, шу норасидани онасининг қўлидан олиб чиққанимда тирик эди. Бир нима қилингки, шуни эсон-омон шўрлик волидаси қўлига топширай. Кейин нима бўлса пешонасидан”, дейди. Шунда ҳалиги одам кулади: “Э, махсуми девона, нима деяпсан?! Ҳали сен, худо хоҳласа, бу фарзандингдан эвара ҳам кўрасан. Кўнглинг тўқ бўлсин”, деб бобомни тинчитиб, расм-русумини қилиб жўнатган экан.

Чинданам қизалоқ яшаб кетади.

Энди, бобомнинг шундан кейин уйдан бош олиб чиқиб кетгани масаласига келсам… очиғи, буни тушунмайман, тушунтириб беролмайман. Улар расман ажралишмаган. Ўртада нари-бери гап ҳам бўлмаган. Лекин, бобом уйдан чиқиб кетиб, ҳар ерда яшаб юрган. Ҳали айтганимдай, сомсапазлик қилган, Лаби ҳовузда. Ёши ўтгач мактабда, болалар боғчасида қоровуллик қилган ва бибимга (бувини бизда биби дейишади) узлуксиз қарашиб турган. Айни чоқда бибим ҳам бобомнинг кир-чири, иссиқ-совуғидан бохабар бўлиб турган. Бу ишларга аввал онам Музайямахон, кейинчалик неваралар – Хайрулла акам, Муқаддам, Муҳтарама опаларим, Зулфия синглим ва мен воситачилик қилиб турганмиз. Бу ҳолатнинг асл сабаби бир Худою ва уларнинг ўзига аён. Менинг ҳозирги ноқис фаҳмимча, балки бунга жувонмарг кетган фарзандлар доғи сабаб бўлган бўлиши мумкин. Яна фарзанд кўриб, бу нотанти замонга ем қилишни исташмаганидан, ортиқча жудоликларга тоқатлари қолмаганидан шундай қарорга келган бўлишлари эҳтимол, яна Ўзи билгучидир.

Саксон беш ёшларида хасталаниб, ўзини эплолмай қолгач, бобомни ҳовлимизга кўчириб опкелишди. Уйимиздан одам аримай қолди. Қариндошлар, катта-кичик таниш-билишлар, шогирдлар бирдай хабар олиб туришарди. Эсимда, бир сафар Ғуломжон Ғаниев деган ошналари ташриф буюрди (Бу одам Ўзбекистонда хизмат кўрсатган агроном унвонига эришган эди). Мен ўсмир йигитчаман, нон-чойдан бохабар бўлиб турибман. Бир сафар кирганимда қулоғимга чалинган гапдан ҳушёр тортиб, таққа тўхтаб қолдим ва секингина пойгакка чўкдим. “Ғаниев, энди Ҳайит куни омонатни топширамиз”, деди бобом. “Э, амак Махсум, унақа деманг, – деди Ғуломжон амаки кулгига олиб, – Ҳайит байрам бўлса, ҳамма хандону шодон юрсаю биз қўлимизда рўмолча тутиб, гирён бўламизми, Махсумни бериб қўйдик, деб”. Шунда бобом, ҳа, ундай бўлса, арафа куни экан-да, деди яна бемалол оҳангда. Бобом бу гапни хотиржам айтди, Ғуломжон амаки ҳазил йўсинида қабул қилди. Лекин мен ич-ичимдан зил кетдим. Бобом ҳеч қачон шунчаки, йўлига гапирмас, айтгани тасдиғини топмай қолмасди…

Ўзимдан ўтганини ўзим биламан. Ҳайит яқинлашиб қолган. Илгари бунақа вазиятларда кунлар имилласа, энди аксинча, вақт тезлашиб кетаётгандай эди назаримда. Ҳар бир янги кунни нохушлик билан қарши оламан. Лекин, барибир бир илинж учқуни юрагимнинг алла қаерида милтиллаб туради. Зора, бобом адашган бўлса, зора ўртоғига ҳазиллашган бўлса (ахир, Ғаниев амаки ҳазил қабул қилди-ку бу гапни!).

Йўқ, бобом ҳар галгидек бор гапни айтган экан! Ҳазил қилмаган экан!..

Минг тўққиз юз етмиш бешинчи йил, 5 октябр, якшанба куни эрталаб, Ҳайитдан бир кун аввал, яъни бобом айтган ва мен мислсиз қўрқув билан кутганим (тўғрироғи, кутмаганим) арафа куни… Бобом алаҳсирагандай бўлди. Ҳалимжон деди, бир пас туриб Ҳаётжон деди, Мунирахон деди. Ие, норасида чоғида ўлиб кетган болаларини йўқлаяпти-ку, бобом. Миямда бир ўй чақнади: бўлди, тамом, энди!..

— Муқаддам, қизим! – бобом кўзини очиб, атрофга аланглади. Дарров тушуниб, югуриб ҳовлига чиқдим. Йиғламсираб олганман.
— Опа, сизни бобом чақиряптлар!..

Опам менинг аҳволимни кўриб, анграйиб қолди-да, кейин дарҳол қўлидаги супургисини отиб юбориб, ичкарига югурди. Орқасидан эргашдим.

— Муқаддам, келдингми, қизим. Эсликкина неварамдан ўзим… Болам, сан бориб бибингдан сўра-чи… Мандан розимикан, мандан хафа эмасмикан…
— Нимага унақа дейсиз, бобожон. Сиздан нимага хафа бўладилар?..
— Майли-да, неварам, бир сўраб кўр-чи… Ўз оғзи билан айтсин-чи…

Опам йиғлагудай бўлиб, ҳовлига судралиб чиқди. Мен ҳам эргашдим. Сиддиқа бибим кўзойнак тақиб, ишком тагидаги чорпояда тикиш қилиб ўтирарди. Тикишини дарҳол ёнига қўйди-да, каравотдан тушиб, оёига кавшини илди. Илдию бирдан шаҳди сўниб, чорпоя четига беҳол ўтирди. Чуқур уф тортди. “Биби!” деди опам, нима дейсиз, деган маънода. “Нимага хафа бўлай, қизим… Мингдан минг розиман, – деди бибим, овози титраб кетди. – Бобонгга айт, розилар экан, де, айтгин, болам…” Опам баралла йиғлаб, бобомнинг олдига кириб кетди. Бибим бўлса, бошини сараклатганича, розиман, дадаси, розиман, мингдан минг розиман, деганча чорпояда қолаверди (Ҳозиргача армон қиламиз, мен ҳам, опаларим ҳам: нега бибимизни ичкарига киритмаганмиз, бобом чақиряптилар, демаганмиз. Озгина даъват қилиб юборганимизда-ку, ичкарига кирарди. Бобом билан хайр-хўш қиларди. Ўзича киришга эса шарм-ҳаёси йўл бермаган. Биз эси йўқлардан ийманган. Аксига олиб, катталар – отам, онамлар уйда бўлишмаган). Мен худди туш кўраётгандек эдим. Бир зумда бобомнинг бошида пайдо бўлдим. Опамнинг етказган гапларидан юзлари нурланган бобом, ўзича гапиринди: “Биз энди боғи беҳиштга кетяпмиз. Муҳрга маҳталмиз, муҳрга. Ҳужжат тайёр, муҳр босилса, бас… Бай-бай, бу нонларни қаранг, бўйини қаранг, бай-бай, бирам хушбўйки…” Бир пас жим қолди-да, яна лаблари пичирлади. Секин ўтириб, қулоқ тутдим. Калима қайтаряпти…

УСТОЗЛАР БОБОМ ҲАҚИДА

(Бобом Муҳаммад Сафо Махсум Бухорий ҳақида мен ҳар қанча гапирмайин, ёзмайин, кўнглим тўлмайди. Бобом ижодкор эди. Ижодкор қалб дунёсини Ижодкоргина теран ҳис қила олади. Шу сабабдан, мен бу ўринда ўткир қалам соҳиблари бўлмиш ижодкор устозларимиз ёдномаларини келтириб ўтишни жоиз деб билдим)

Неъмат АМИНОВ
Ўзбекистон халқ ёзувчиси
САФО МАХСУМ

1968 йил. Бухоройи шариф. Эрта куз. Қизалоғим Дилбарни Калобот гузаридаги болалар боғчасида қолдириб ишга ўтаман. Ўшанда вилоят радиоқўмитасида ишлардим. Дарвоза қапталидаги қоровулхонанинг деразаси дўкон пештахтасидек доим очиқ турарди. Ҳар эрталаб йўлакдан ўтаётганимда ичкаридан бир бош кўринарди-ю, кўз илғар-илғамас ўша заҳоти ғойиб бўларди. Ким бўлдийкин? Ҳар гал шундай. Мен ҳам бу ғалати ҳолатга эътибор бермай, қарамасликка ҳаракат қилиб, ўтиб кетардим. Иттифоқо бир куни Дилбарни боғча опасига қолдириб, дарвоза йўлагидан шошилиб чиқаётган эдим, дераза томон овоз келди.
– Ассалому алайкум, тақсир!

Қарадим. Ниҳоят мени неча кунлар ҳайрон қолдирган ўша сирли кишини кўрдим. Мошгуруч соқоллари бир текис кузалган, дудоқлари қалмоқларникидек баланд, дўнг пешонали бир киши илжайиб турарди. “Нега бу киши мени “тақсир” дейди? Қизиқ…” Яқинлашиб салом бердим. Қария дераза оша икки қўлини менга чўзди. Кўришдик. Миқти, думалоқ жуссали киши эди. Эгнида нимча. Қарашларида алоҳида кузатувчанлик, сирли бир ҳайрат ҳукмрон эди.

– Марҳамат қилсинлар! – Аввалдан қуйиб қўйилган бир пиёла чой узатди. Олмасликнинг иложи йўқ. У киши сўзида давом этди. – Сизни мен тонийман, сизни тонимайсиз, тақсир! Радиода гапирасиз-а? Шойиахси гузаридаги оҳангар Усто Аминнинг ўғиллари экансиз. Садриддинжон (Садриддин Салим Бухорий) айтдилар. Мен Салимжоннинг бобоарўслари (аёлининг бобоси) бўламан… Намоздигар қизалоқни олгани келганда, бизни ҳужрага бир кириб ўтсангиз…

Ўша куни ҳужрага кириб ўтдим.

Ҳужрада менга аввалдан таниш Сафо Махсумнинг невара куёвлари Салимжон, у кишининг ихлосмандлари Садриддинхон ва Ғиёсжонлар хизмат қилиб юришарди. Хиёл ўтмасдан кичкина декчадан майизли ош сузилди. Ош ширин, ошдан ҳам суҳбат ширин. Суҳбат ўз-ўзидан шеърга уланиб кетди. Шеърхонлик икки тилда – ўзбек ва форсчада давом этарди.

– Шеър ҳам ёзиб турасизми, тақсир?
– Бародаржон, – дедилар Сафо Махсум бир пас тин олиб, – энди бизни ким деб билсангиз, билинг, ихтиёрингиз. Бировлар бизни Амак Махсум, бировлар Бобо Кайфий дейди, яна бошқа бировлар, э, бир кўкнори-да, деб маломат қилишади. Ўзимга қолса, камина Гулчинман. Шеър бўстонидан гул тераман. Гулдасталаб дўстларга тутаман. Аҳли шуаронинг руҳларини шод қилиб юраман-да. Амак Махсум Ҳофиз, Саъдий, Бедил, Румий, Хўжа Исмат, Навоий, Сабҳо ғазалларидан ўқиб, шарҳлаб берардилар. У кишининг ғайри табиий қуввайи ҳофизаларига таҳсин айтиб, хайрлашар эканмиз, қуйидаги байтни ўқидилар:

Э, дўст, аввал ошнойи макун,
Баъдаз ошнои бевафои макун.

Яъники, масалан:

Э, дўст, аввал ошнолик қилма,
Баъдаз ошнолик бевафолик қилма.

Демакки, шундай экан, бизни ҳолимиздан тез-тез хабар олиб туринг. Ҳа, сиздан яна бир илтимос, яқинда соли нав – Наврўз келади. 21 мартда. Ўша куни қаерда бўлсангиз ҳам , албатта келинг, хосиятини кейин биласиз, – деб қолдилар…

Бир қарашда Амак Махсум жуда камтар ва камгап эдилар. У киши Ҳазрат Баҳовуддиннинг “Кам е, кам де…” ҳикматларига доим амал қилардилар. Кўнгиллари тусаган даврада эса эрталабдан кечгача шеър тилида гаплаша олардилар.

Эсимда ўша куни ҳам бизни аввал эшитмаган бир рубоий билан қарши олдилар.
– Бу рубоийни ман Хожа Исмат Бухорийнинг яқинда бузиб ташланган қабр тошларида ўқиган эдим. Эшитинглар-чи.

Дар ин сарчашмаи кавсар фитат аввал таҳорат кун,
Дароу қабри поки Хожа Исматро зиёрат кун.
Агар ҳосил нагардад мақсуди ҳар ду жаҳони ту
Дан ин саҳро биё у саййиди бечораро ҳақорат кун.

Яъники, масалан, ўзбекчага таржимаси, ана бундай:

Бу кавсар сифат сарчашмага келишдан аввал таҳорат қил
Киргину Хожа Исмат қабри покини зиёрат қил.
Икки жаҳоннинг муроди ҳосил бўлмаса гар,
Бу саҳрога қайтгину саййиди бечорани ҳақорат қил.

Даврадагилар қойил, дея бош чайқадилар. Шундан кейин Амак Махсум зангли соатни бураб стол устига қўярканлар:

– Ана энди муножотхонлик қиламиз. Сизлар жимгина тинглаб ўтирсаларингиз кифоя, – дедилар. Сўнг кўзларини юмиб олиб, Жалолиддин Румий “Маснавий”сидан ўқишга киришдилар. Маснавий оҳанглари ҳужра бўйлаб янгради. Даврадагиларнинг айримлари дам-бадам хўрсинишар, ора-орада “Ё Оллоҳ”, “Ё Парвардигор” деб қўйишарди. Мисраларга яширинган муножот даврадагиларнинг юракларига бир олам ғулув соларди.

Маснавий ўқилар, соат миллари тинимсиз илгариларди. Икки соатлардан кейин бировлар ўтирган ерида чарчаб инграй бошлади. Амак Махсум худди маст булбулдек чаҳ-чаҳлаб, мисраларни ёдаки қалаштириб ташлардилар. Энди овозлари сал бўғиқ эшитила бошлади. Ҳамон муножот янграб, руҳларни жунбушга келтирар, қалбларни охират сирларидан воқиф қиларди гўё. Шу ҳолда яна ярим соатча муножот ўқилди. Кимдир оғир хўрсиниб:

– Оҳ… бўлди-е, юрагим эзилиб кетди, деди. Амак Махсум бу хўрсиниш ва инграшларни эшитмас, ҳамон берилиб муножот қиларди. Ниҳоят ҳалиги киши соатнинг занг милини олдинга сурди. Баланд жиринглаш эшитилиб, Амак Махсум беихтиёр ҳушёр тортиб, тўхтаб қолдилар.

Даврадагилар уст-устига олқишлаб, отахоннинг қуввайи ҳофизаларига таҳсин ва тасаннолар айта бошладилар.
– Икки ярим соат бўлди, – деди кимдир.

Яна биров:
– Амак, сир бўлмаса неча соат муножот ўқий оласиз? – деди.

Амак Махсум ўша бўғиқ овозда жавоб бердилар.

– Ёшликда, таъбидил давра бўлса, оғзимдан кўпик кетиб, йиқилиб қолгунимча маснавий ўқирдим. Энди у даврлар ўтди, бародар…

… Онадан етти ойлик туғилган эканман, – дея гап бошлагандилар бошқа бир сафар Амак Махсум бизнинг қистовимиз билан. – Неданошинний. Беш кечамда отамнинг телпакларида кўзим очилиб биринчи марта “инга” деб овоз чиқарибман. Еттинчи кун волидам қазо қилган эканлар. Яъни камина ҳафтак (онадан етти кунлик қолган гўдак) бўлибман. Етти кунлик етимчани боқиш бибимни маҳрларига тушибди. У киши ҳар кун бозордан ярим қадоқ илиқ оби наввот олдириб келиб, аралаштириб, докага тугиб, сийна ўрнида менга тутарканлар. Шундай қилиб, то уч ёшгача иликхўрлик қилган эканмиз.

Э, бародар, ана қарабсизки, ўша ҳафтакча гўдак икки кам саксонга кириб қолибмиз. Бу бошдан не савдолар ўтмади. Ўн етти йил мадрасанинг шўр тупроғини яладик. Умримиз қўрқув ва ҳадикда ўтди. Кейин китобу тасбеҳни йиғиштириб, самбўсапазлик (сомсапазлик) қилдик. Ёмон кўрганим мутаассиблик. Дунёни мутаассиб бузади. Хайриятамки, шу шеър бор экан. Бамисоли ҳаводек шеър билан тирикмиз. Умрнинг ўтганини ҳам билмай қоларкан киши. Парвардигор умр берса бандаси яшайвераркан-да. Яна мен сизга айтсам, узоқ умр кўришнинг энг катта бир сири бор. Бу сирни ҳамма билади-ю, лекин унга амал қилмайдилар. Узоқ умр кўриш учун уч нарсага афсусланиб, пушаймон қилиб юрмаслик керак. Буни мардум зап топиб айтган: сўнгги пушаймон – ўзингга душман. Аввало, айтилган сўзга пушаймон қилмаслик керак. Чунки, айтилган сўз – отилган ўқ. Отилган ўқни милтиққа қайта жойлаб бўлмаганидек, айтилган сўзни ҳам қайтиб оғизга солиб бўлмайди. Шунинг учун аввал ўйлаб, кейин сўзлаш лозим.

Соний қилинган ишга нега шу ишни қилдим, дея пушаймон бўлиб, ўз-ўзингни қийнаб юрмаслик даркор. Ўша ишни қилмасдан аввал, етти ўлчаб бир кесиш керак. Қилинган иш қилиб бўлинди. Энди ўша хатони такрорламаслик ҳаракатини қил.

Баъд ўлган одамга кўп куйиб, ёнмаслик керак. Тўғри, бу анча мушкул. Лекин, ёшми, қарими, охири бир кун ўлади. Тирик жон борки, бошида ўлим бор. Ўлганга ачиниб, қанчалик куйиб, ёнсанг, қайғурсанг, ўз ўлимингни шунча тезлаштирасан. Шунинг учун ўлган кишига ачингандан кўра, тирикларнинг, яхшиси, тирикликнинг қадрига етиш тузукроқ.

1969 йил 21 март тонг отари ҳамон эсимда. Амак Махсум ҳужралари эшигида одам гавжум. Менга кўзлари тушиши билан яйраб кетдилар. Бошдан оёқ оппоқ кийимда, соқоллари чиройли таралган, бошларида яп-янги чуст дўппи. Бетлари ялтираб турибди. Хонадан хуш бўй таралади. Иккита стол бир-бирига тақаб қўйилиб, оппоқ дастурхон ёзилган. Дастурхон ниҳоятда дид билан безатилган. Ўртада қадимий мис баркаш. Унда сабза ранг буғдой майсаси.Бир ширинликнинг ўзидан йигирма бир хил. Кунжут ҳолва, пашмак ҳолва, ҳолвайи кўфта, ҳалвойи бодом, ранго-ранг қандолатлар, мураббою шиннилар узум шинниси, тут шинниси, қовун шинниси… кўк сомсалар, қовурилган кўк чучвара, пиёзли патирлар, тешавойи самбўсалар, қилтиқсиз қовурма балиқлар. Хитойи чинни косаларда “ҳафт салом”ли (Қуръоний оят ёзувлари аралаштирилган) шарбатлар. Катта бир тоғорада ҳар хил рангга бўялган тухум чошланган. Ингичка, буюртма шамлар порлаб турибди. Косаларда туршак шарбати (ғўлиноб), алоҳида тақсимчаларда обинабот қўйилган. Киши бошига мўъжаз идишларда сумалак ва ҳалиса тортилди. Хонага мучал ёшидаги оппоқ кийинган ўғил ва қиз болалар тўп-тўп бўлиб кириб, ҳафт саломдан етти қултумдан ҳўплаб, атрофга қараб етти марта таъзим билан салом бериб, дуо кутиб туришди. Булар Амак Махсум ва дўстларининг неваралари. У киши болаларни дуо қилиб ҳар қайси болага дастурхондаги ширинликлардан улашди. Дастурхон тузашда “етти” рақамига алоҳида урғу берилганга ўхшарди.

(Амак Махсумнинг неваралари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ғайбулла Ҳожиевнинг айтишича, Наврўз дастурхонига у киши йил бўйи тайёргарлик кўрар эканлар. Масаллиқларнинг қиммат-қимматидан олиб, ўзларига таниш амирнинг рикоби (хос) ҳолвапазига ёки қандолатчига буюртма берарканлар).

Шундан сўнг ёши улуғлар дастурхон атрофига тизилишди. Ҳамма бир-бирига шакаргуфторлик қилади.

Шу кун мен Амак Махсумнинг зиёратларида Ўзбекистон ва Тожикистоннинг манаман деган зиёлиларини кўрган эдим. Булар – Бухоро тарихининг билимдони “Акамулло” Ҳамрошоев, Республикада хизмат кўрсатган ўқитувчи Ҳусайн Ёқубов, машҳур пиллачи, агроном Саломжон Ғаниев, Ўзбекистон халқ ҳофизи Муше Бобохонов, Бухоро фидойиси, машҳур археолог, князь Сергей Николаевич Юреньев (уни бухороликлар “Бобокалон” дейишарди), Тожикистон халқ артисти, бадиий сўз устаси Маҳмуджон Воҳидов, машҳур тарихчи, “Кашкўли Салимий” китобининг муаллифи Мирзо Салимбекнинг ўғиллари Қорижон Роғиб, Қори Ҳасан, Иноят Махсум ва яна ўнлаб кишиларни учратганман. Улар хонадон соҳибидан дуо олиб, Наврўз дастурхонидан оғиз ширин қилиб, ҳужрани янги меҳмонларга бўшатиб беришарди.

Саломжон Ғаниев:
– Бай-бай, тасанно-тасанно, – деди қойил қолиб, – Амак Махсумнинг дастурхонлари мунча тўкин, мунча файзиёб…

Амак Махсум ҳам:
– Мен учун муҳими, дийдор тўкин бўлсин, – дедилар камтаринлик билан, ҳар соли навда бир марта бўлсаям дўстлар дийдорига тўйсам дейман. Афсуски, таомдан тўйиш бор-у, дўстлар дийдоридан тўйиш йўқ экан.

Амак Махсум давраларида турли дин ва миллат вакиллари бўларди. Уларнинг айримлари бир-бирларининг тилларига тушунмасаларда, негадир узоқ суҳбатлар давомида сира зерикишмасди. Гўё уларни шеър, ғазал, донишмандликнинг кўринмас ришталари боғлаб турарди…

1975 йил 5 октябрь, ҳайит арафасида, якшанба куни у кишини Бухорои шариф сўнгги йўлга кузатиб қўйди.

Яна Наврўз келди. Сафо Махсумдек дилкаш, донишманд, фидойи инсонларни соғиниб…

Оллоҳ у кишини раҳмат қилган бўлсин!..

Садриддин Салим БУХОРИЙ
БУХОРОДА БИР БЕНАЗИР ШОИР БОР ЭДИ…

Bobo.jpgБухорода бир ажиб, беназир шоир бор эди, бироқ, умрида битта ҳам шеърини чоп эттирмаганди. У зоти шариф Сафо Махсумдир. Сафо Махсум Бухоро шаҳридаги Хожа Порсо гузарида истиқомат қиларди. Сафо Махсум умрида бирор жойда бир мисра ҳам шеърини чиқартирмаган. У шуҳратдан ҳазар қиларди. Унинг бутун вужуди шеър эди гўё. Сафо Махсум дунёвий ва ухровий шеърларни соатлаб, кунлаб ёддан айта оларди. Ҳазрат Жалолиддин Румийдан тортиб Навоийгача, Ҳазрат Навоийдан Садриддин Айнийгача ўтган шоирлар шеърларини ёддан айтиб, уларнинг маъноларини шарҳлаб берарди.

Сафо Махсум варақчаларда араб имлосида ўз шеърларини ёзиб қўяр ва у мисралар ёдланиб, қалбига жо бўлгандан сўнг, варақчаларни ёқиб ташларди. Ҳозиржавобликда, ширингуфторликда, дарёдилликда унга тенг келадиган киши Бухорода йўқ эди.

Сафо Махсум боши гавдасига нисбатан катта бўлиб, кичик гавдага катта бош қизиқ туюларди. Унинг қирра бурни, бежирим соқол-мўйлови, ўткир кўзлари ўзига ярашарди. Ўз кулбасини ҳар куни икки марта супурар, ҳаддан ташқари озода юрарди. Сандал устида албатта соат, гул, дафтару қалам, тақсимчада ҳолва, чойнагу пиёла турарди. Сафо бобо ўз яқинларига тайинлаб: “Бу кулбага кираётганда очиқ чеҳра билан, хушхабар билан киринг!” – дерди.

У нохуш хабар тарқатиб юрувчилар, ҳаётдан нолийдиган, ношукур одамларни ёмон кўрарди. Ундай кимсалар суҳбатидан қочарди. Унинг асосий шиори Пайғамбаримиз (с.а.в) нинг: “Аҳмоқдан қочинг!” ҳадислари эди. Сафо Махсумдан шундай ривоятни эшитганман. Қадимда бир ношукур эр-хотин яшаган экан. Хотини туққани ҳақида эрига доя кампир хушхабар етказиб: “Муборак бўлсин, сизларга Худо эгизак фарзандлар ато этди!” дебди ҳаяжон билан. “Ий-е, нега энди Худо бошқаларга биттадан фарзанд беради-ю, биздай қашшоқларга иккитадан бераркан, қани адолат?!” – дебди эр норози бўлиб. Шу пайт доя кампир шумхабар етказибди: “Эгизакларнинг елкалари бир-бирига ёпишиб қолган экан, ногирон экан!” Хотин фарёд чекибди: “Вой, дод! Ҳаммага гулдай ўғил берадиган Худо нега биздай камбағалга ногирон ўғил бераркан, шу ҳам адолатдан-ми?!”

Хуллас, ногирон Ҳасан-Ҳусанлар улғайибди. Лекин улар ҳам ота-оналари каби ношукур бўлиб ўсишибди.

Кунларнинг бирида кўпкари бўлиши ҳақида жарчи хабар берибди. Ҳасан-Ҳусанни ҳам аравага юклаб, томошага оборишибди. Кўнгли ярим ногиронларнинг кўнгли ёзилсин, хурсанд бўлишсин, дейишибди-да. Кўпкари айни қизиган пайтда олатасир билан келаётган уюрдан бир от ўзини тўхтатолмай, Ҳасанни туртиб кетибди. Ҳасан шу заҳоти жон таслим қилибди. Ҳасанни кўмамиз десалар, Ҳусан тирик. Кўммаймиз десалар, ўлик сасий бошлабди. Оқсоқоллар бир қарорга келишиб, ўлик Ҳасан билан тирик Ҳусанни аравага юклаб, кимсасиз саҳрога элтиб ташлабдилар. Ҳусан йиғлай-йиғлай елкасида сасиётган Ҳасанни кўтариб, боши оққан томонга кетибди. Ҳаётдан умидини узган, озиқ-овқати тугаган Ҳусаннинг кўзи бир чашмага тушибди. Росаям чанқаган эмасми, чашма сувидан қониб-қониб ичибди ва умрида биринчи марта сидқидилдан “Худога шукур!” дебди. Узоқдан келган бир овоз, Ҳусанга: “Чашманинг ичига кириб чўмил!” дебди. Ҳусан чашмада чўмилибди ва ҳайратдан қотиб қолибди. Чунки димоғидаги сассиқ ҳид йўқолган ва елкасидаги юк – ўликдан ҳам қутилган экан.

Бир борагина шукур қилганнинг шарофатидан Ҳусан барча ғам, барча азоб, барча дардлардан бир йўла қутилиб, дунёга қайта келгандай навқирон, гўзал йигитга айланибди…

Сафо Махсум Уста Аминбобо, Шариф Нурхон, аллома Салимбек Салимийнинг ўғиллари Қорижон ва Бухоро шаҳридаги машҳур Гулобод гузарида истиқомат қилувчи Ғуломжон танбур, шунингдек, Ғуломжон Ғаниев, қори Абдураҳмонлар билан ҳамсуҳбат эди. Сафо Махсум дерди:”Дунёда мукофот ва жазодан ҳеч ким қочиб қутилолмас. Бухородаги Бўйрабофон гузарида бир ҳолвапаз бобо яшарди. Иттифоқо, бир куни шом пайти ҳолвапаз бобонинг уйи ёнидан ўтиб кетаётганимда, бобони дарвозаси ёнидаги супачада йиғлаб ўтиргани гувоҳ бўлдим. Маълум бўлишича, бетавфиқ ўғил маст бўлиб, ўз отасинибир мушт урган экан.

Йиллар ўтди. Ҳолвапаз бобо вафот этди. Ўғил эса уйланди. Ўнта ўғил кўрди. Ота қариганда ўнг қўли билан ўнг оёғи фалаж бўлди. Ўғиллари эса, бири пияниста, бири банги, бири қиморбоз бўлиб, ҳар куни ўғиллар отани бир муштдан урадиган бўлишди. Ҳар гал ота фарёд чекканида кўз олдимда ҳолвапаз бобонинг йиғлаб ўтирган ҳолати намоён бўлади. Қулоғимга эса бобонинг йиғлаб ўтирган ҳолати намоён бўлади. Қулоғимга эса бобонинг қарғиши эшитилади… Буни қарангки, ўз падари бузрукворини бир мушт ургани учун ҳар ку ўн муштдан “мукофот” оляпти.

Йиллар ўтди, ота ҳам қазо қилди. Лекин ўғилларининг ҳаммаси жувонмарг бўлди. Ҳолвапаз бобо ҳовлисининг чироғи ўчди. Оқпадарнинг чироғи ўчади, деганлари шу бўлса керак!”

Сафо Махсумдан сўрадилар:”Тақсир, нега Бухородаги мадраса гумбазлари, дарвозахоналари, пештоқлари баланд, маҳобатли-ю, лекин мадраса ҳужралари эшиклари пастак? Бунинг қандай ҳикмати бор?”
Сафо Махсум деди: “Бир кун хорижлик кеккайган сайёҳ мадрасанинг ҳужрасига кираман деб, бошини эшик тўсини, яъни болодарисига чунонам уриб олдики, кўзларидан ўт чиқди, чамаси. Бир неча муддат бошини чангаллаб ўтириб қолди. Сўнг… Сўнг аста-секин таъзим қилиб, эгилиб, ҳужрага кирди.

Донишманд боболаримиз кеккайган, такаббур кишиларни мана қандай жазолаган. Ҳужра эшигини паст бўлишида ҳикмат шуки: “Эй инсон фарзанди! Камтарин бўл, ичкарига эгилиб кир. Бошинг осмонга етган бўлса ҳам бу илм даргоҳида кибр, манманликка берилма!

Мана шу ҳужраларга таъзим қилиб кирганларнинг юксак даражаларга эришганига эътибор бер. Улар муҳаддисларнинг султони, авлиёларнинг султони бўлди, бутун дунё табибларининг султони бўлди!”
Сафо Махсум қоғозга қараб шеър ўқийдиганларни нимча шоир (нотугал шоир) дерди. У шеърни тушунадиганларни авлиё деб биларди.

У шўролар ғоясини денгиз юзидаги кўпиклар каби пуч эканлигини билар, шу боис қизил гапларга, қизил шиорларга эътибор бермасди. У невараларини, шогирдларини, суҳбатдошларини келажак замонга, Мустақиллик замонига тайёрлаб ўтди…

Бутун умри давомида бир мисра ҳам шеър чоп қилмай ўтган шоир бор эди Бухорода. Унинг номи Муҳаммад Сафо Махсум Бухорий эди.

БОБОМНИНГ РИВОЯТЛАРИ

Алломани қойил қолдирган болакай

Афлотуннинг олдига оталар ўз фарзандларини шогирдликка опкелишаркан. Шунга устозлик қилинг, зора сиздай алломаи замон бўлиб етишса, дейишаркан. Афлотун ҳеч кимга йўқ демас экан-да, фақат синов мақсадида болага кичик бир хизмат буюраркан. Бўтам, мана шу кўзани олинг-да, ҳовли ортидаги ҳовуздан сув келтиринг, деркан. Бола хўп деганча югуриб кетаркан-да, бир пас ўтиб, кўзасиз, сувсиз сўппайиб қайтаркан. Бунинг сирини ҳеч ким билмас экан. Бир куни воқеа бошқача кечибди: отаси билан келган болакай кўзани кўтариб чиқиб кетибди-да, ҳаяллаб қопти. Кейин кўзани бўш кўтариб қайтибди. Ҳа, бўтам, нима бўлди, дебди Афлотун. Устозжон, дебди бола, ҳовузингиз сув макруҳ бўлибди, шу боис сув келтирмадим, дебди. Йўғе, нега макруҳ бўлади, дебди Афлотун. Бир жондор сувда бежон ётибди, дебди бола. Қани, кўрайлик-чи, қанақа жондор экан, деб Афлотун ташқарига чиқибди-да, боланинг фаҳму фаросатига қойил қопти. Гап шунда эканки, бир қарашда ҳовузда кўм-кўк бўлиб жимирлаб турган нарса сув эмас, шиша экан. Сув оламан деган бола нари-берисига қарамай шоша-пиша кўзани ҳовузга соларкан-да, уни синдириб қўяркан. Бу бола эса шошмабди, кўза солишдан аввал қўли билан пайпаслаб кўрибди. Қараса, аҳвол шунақа. Кейин бир бўлак гувала опти-да, шиша устига тўрт оёқли, узун қулоқли эшакними, бошқа нарсаними шаклини чизибди-да, ҳовуз суви макруҳ экан, деб қайтиб борган экан. Ўз фаҳму фаросати билан Афлотунни қойил қолдирган бола кейинчалик Арасту деган алломаи замон бўлиб етишган экан.

Ер талашган қўшнилар

Аҳил яшаб келган икки қўшни орасига мушук оралабди. Бола-чақаси бўй кўрсатиб, уларга иморат кўтармоқчи бўлишибди. Шу пайтгача, икки дала ўртасида тўсиқ йўқ экан. Девор урмоқчи бўпти биттаси. Иккинчиси қараса, назарида унинг еридан анча қисми девор нарёғида қоп кетадиган. Униси у депти, буниси бу депти. Ўртага хотинлари тушибди. Жанжал, тортишув зўрайгандан зўрайиб бораверибди. Шу пайт кўчадан бир фаришта суврат бир қария ўтиб қопти. Нима гап, нима тўполон, депти. Қўшнилар бир-бирига гал бермай, воқеани баён қила кетибди. Қария қараса, баҳс ниҳоя билмайди. Тўхтанглар, тўхтанглар, барака топгурлар, дебди. Бу ер кимники аслида, дебди. Меники, дебди биттаси. Йўқ меники, дебди иккинчиси. Бўпти, ҳозир аниқлаймиз, дебди донишманд чол. Ва секин чўккалабди-да, ерга қулоқ тутибди. Қўшнилар анграйиб қараб тураверибди. Чол, ҳа, деганча бош ирғабди-да, қаддини ростлабди. Қўшнилар ҳар иккиси ҳам ўз талабини тасдиғини кутиб, чолга қулоқ тутишибди. Чол уларга қараб, сиз ер меники, дейсиз, сиз меники дейсиз. Ер бўлса бошқача гап қиляпти. Қанақа гап, дебди қўшнилар бараварига. Ер айтаяптики, буларнинг даъвоси бекор. Буларнинг иккиси аслида меники. Эрта бир кун иккисини ҳам ўз бағримга оламан, деяпти. Қўшнилар коса тагидаги ним косани туйқусдан фаҳмлаб қолишибди-да, чолга раҳмат айтишиб, бир-бирларига қўл ташлаб, яраш-яраш қилишган экан.
***

БОБОМНИНГ ШЕЪРЛАРИ
(Бобом раҳматли бирор сатр шеърини эълон қилдирмаган, бунга уринмаган ҳам. Сабаби, ўзини шоир эмас, ҳали айтганимдек, шоирлар мухлиси, шеърият боғининг гулчини деб билганидан шундай қилган. Мен бўлсам, бу ўринда шунга журъат этяпман. Дафтар тўла ғазалларидан айрим намуналарни сизга илиняпман. Ўзингиз баҳо беринг, Муҳаммад Сафо Бухорий фақат мухлису гулчин бўлганми, ёки…)

Сенсиз, э, оромижоним, менда роҳат қайдадур,
Фурқатингда бир даме истироҳат қайдадур.

Лаҳза-лаҳза кўрмасам гулдек юзигни эй нигор,
Бошда ҳушу дилда сабру танда роҳат қайдадур.

Талъати зебо билан гулшан сари қилсанг хиром,
Ой юзингнинг олдида гулда назокат қайдадур.

Олмадинг биздин хабар, бир йўли эй оромижон,
Эй паривашлар моҳи лутфу иноят қайдадур.

Дилраболар кўп ва лекин дилраболик бобида,
Сан каби бир дилбари соҳиб малоҳат қайдадур.

***

Гаштам аз кирдори даврон хастаю зору ғамин,
Кулфату ранжу ғаму дарду алам шуд дар камин,
Ҳаст болинам зи хоку пахлуям ба болои замин,
Бар қади хам гашта гардидас аҳволам чунин,
Ин нидо омад ба гўшам эй ғариби дил ҳазин,
Ғам махўр, эй хаста номи ў бувад ҳаққул мубин.

Эй рафиқон, ин чи дарду ин чи шоми мотам аст,
Шому ҳижронам фироқу рўзи ман дарду ғам аст,
Мисли ман ғамгин набошад, ҳар ки дар ин олам аст,
Ҳар шаб фарёд ояд ин нидо субҳи дам аст,
Ғам махўр, эй махсуми афтодаю зору ҳазин,
Ту бахўби донки номи ў бувад ҳаққул мубин.

Ҳолати танги маро ҳар кас ки дид дар жаҳон,
Ашк жори мекунад раҳме намояд бегумон,
Қиссаҳои дардноки ман ажаб шуд достон,
Бар чунин ҳоли ғариби шуд нидо аз осмон,
Ту бахўби донки номи ў бувад ҳаққул мубин.

Охир аз абнойи гардун масканам шуд жойи танг,
Мезанам зи ин ғусса ҳар шаб, бар сару бар сина санг,
Бо чунин дили шикаста бо жафои пойи ланг,
То бакай бошам азизон дар даруни гўри танг,
Ғам махўр, эй махсуми афтодаю зору ҳазин,
Ту ба хўби донки номи ў бувад ҳаққул мубин.

***

Шеър оҳанги дил асту нағмаи руҳи башар,
Бар навои дил жаҳонро ошиқи шайдо кунам.

Ин жаҳон бошад китобу ишқ сар то пои ў,
Охир ин алфоси дилкашро ба ту маъно кунам.

Ҳар гужо ҳусн аст шоир мекунад он жо мақом,
Ҳар гужо ишқ аст он жо ошиён барпо кунам.

Шоире газ осмоне шеърҳои хештан,
Шеърҳо дар торами ин гумбази мино кунам.

Ганжа-ганжа мефишонам чун сароям маснави,
Бўи жоми медиҳам гар жом пур саҳбо кунам.

Гаҳ бангу бода гўям, гаҳ зоҳид, гаҳ ринд,
Гаҳ сухан аз сўзи Мажнун, гаҳ аз Лайло кунам.

Нур пошам барқсон, чун лаб кушоям дар ғазал,
Лаъл резам абросо чун сухан иншо кунам.

Домани арбоби маъниро кунам пур аз гуҳар,
Чун тапиш он тапи дарё бори гавҳарзо кунам.

Аз паришон кокули дилдор агар созам рақам,
Гулшани ашъорро пур сумбулу гўё кунам.

Вар зи васфи чашми масти ёр гўям шаммае,
Бўстони шеърро пур наргизу шаҳло кунам.

Боду чашми тар набинам дар жамоли коинот,
Чашми дилро дар фурўғи маънавий бино кунам.

***

Саломе мефирсам ман ба дилдор,
Ки ғайраз ту надорам дигаре ёр.

Саломе назди жонон мефирсам,
Саломе хуштар азо жон мефирсам.

Саломе мефирсам ба жамолат,
Саломе дигаре бо хатту холат.

Саломе бо ду чашмони сиёҳат,
Саломе бо ду абрўи камонат.

Саломе бо даҳони пистаи ту,
Саломе бо забони рустаи ту,

Саломе мефирсад ошиқи зор,
Ба он маҳбуби барнойи ситамгор.

ХАБАРКАШ

Хандон лаби пўсда даҳон аст хабаркаш,
Ширин сухани заҳр забон аст хабаркаш,
Озори дили хурду калон аст хабаркаш,
Бо ҳар дили софе ба гумон аст хабаркаш.

Аз хона ба хона, зи идора ба идора,
Чун тортанак тор танонд чанд қатора,
Гап бурда гап орад кунад фитна манора,
Сад шуд барангезату истат ба канора,
Ошубгари байни касон аст хабаркаш.

Жуз фитнау иғво ў магар кор надорад,
Ин бешараф аз бешарафи ор надорад,
Парвои сари кўчаю бозор надорад,
Андеша зи ағёри ғами ёр надорад,
Ҳар жо ки рави бо ту равон аст хабаркаш.

Жангонда касонро кунад аз гўша тамошо,
Бар дасти писар дода гиребони падарро,
Аз хешу табору зану шў, ёру шиносо,
Ҳастанд басе мурда жудо зинда жудоҳо,
Бар оши ҳама заҳр чакон аст хабаркаш.

Иблис барин ҳозиру тайёр магазвор,
Гаҳ аз паси дар ояду гаҳ аз паси девор,
Нону намакат хўрда кунад хони ту мурдор,
Жамияти мо пок зи олудаги безор,
Ронетки ифлосу зиён аст хабаркаш.

Дар даври озодий ин хислати пўсида раво нест,
Дар баъзи касон аз чунин кор ибо нест,
Ин чунин касанро бо чунин доира жо нест,
Жуз фош намудан роҳи тадбир ба мо нест,
Кайҳостки мардуди замон аст хабаркаш.

ПОРАХЎР

Ҳарза гўю лаққию устози шайтон порахўр,
Ҳам-чу афи заҳр дори зери дандон порахўр.

Мезани хезак ба мисли гурбои қассоб ту,
Якта тин бини шави он сў шитобон порахўр.

Токи лаъл ояд ба дасту ҳам наранжад табъи ёр,
Мешави ҳар дам ба ҳар ранге намоён порахўр.

Кошки пур мешуд аз хоки лаҳат чашмони ту,
Беҳтар аз онки шави дар гўр пинҳон порахўр.

Жураҳат қаллобу дузду ҳасти ту найранг боз,
Аз чи виждонро фурўшу бар жиғирдон порахўр.
Пул парасти мекуни, дар кўча масти мекуни,
Дар амал рубоҳию дар шакл инсон порахўр.

Ҳарчи афтад ба кафат месози онро обу лой,
Ҳам чу гурги гушна метози ҳаросон порахўр.

Мезани аз чашм сурма, аз даҳон ҳатто сақич,
Боз бо даъво бигири аз гиребон порахўр.

Ҳамчу хоре дар миёни ин гулистон гаштайи,
Мурданат беҳ дур шав аз байни моён порахўр.

***

Замон аҳлиға ишқу ёр деб розинг айлама равшан,
Кўзинг ёғин едирсанг дўст, аммо бермасанг душман.

Йўлидан тош агар олсанг, урар бошингга бир кун тош,
Очар айбингни гар бўлсанг ани айбига пироҳан.

Ичидур кинаю нафратга пур, зоҳирдадур хомуш,
Қародур дуд бирлан қайси уйда бўлмаса равзан.

Нафас борича қилдим сайр, ҳафтоду ду миллатни,
Ҳаммаси муддаидур, кўрмадим ўздек фано бўлган.

ОТА-ОНАМ ҲИКОЯТИ

Ота томондан бобомни Мулла Ҳожи Йўлдошбой ўғли дейишган. Бобом Ҳажга бормаган, отаси Мулло Йўлдошбой Ҳаждан қайтган куни дунёга келгани учун исмини Мулла Ҳожи деб қўйишган экан. Мулла Ҳожи бобом 1873 йил туғилган. Бухородан ўн икки чақиримча наридаги Навметан деган қишлоқда яшаган, беш ўғил, икки қизи бўлган. Отамнинг эслашича, уларнинг даласида саксон тўрт туп ўрик дарахти бўларкан. Шунданам билиш мумкин, уларнинг каттагина боғи, экинзор ерлари, шунга яраша от-улов, мол-ҳол, мойжувозлари бўлган. Қизил босқиндан сўнг бобом аввалига уч ой қамоқда ўтирган, кейин мол-мулки тортиб олиниб, қишлоқдан бадарға қилинган. Етти бола билан шаҳарга келиб, ижарада яшаган. Ўғиллари билан одамлар хизматини қилиб, ҳатто кечалари ҳожатхона тозалаб тирикчилик ўтказган. Аёллари – Юсуфбой қизи Адолатхон бибимиз бўлса қўни-қўшнилар кир-чирини ювган, ҳовлисини супурган, болаларига қараган. Ниҳоят Хожаи Порсо маҳалласидан уй-жой сотиб олишиб, муқим бўлишган. Бу орада бир йўла уч ўғил армияга олиниб, фин урушига жўнатилган. Шунда ҳам бобомни тинчитишмаган, рўзғор корига яраб турган биргина отини ҳам тортиб олишган. Кетма-кет йўқотишлар, зарбалар натижасида бобом руҳий хасталикка йўлиқиб, дунёдан ўтган.

Айтмоқчи, бобомнинг Раҳматбой деган укаси урушдан аввалроқ, ҳали қишлоқдалик пайтларида, Қумработ чўлига кириб кетиб, қайтмаган экан. У киши паҳлавон келбат, чапани, чўрткесар, айни чоқда завқи баланд бир йигит бўлган дейишади. Жиянларидан, айниқса Неъматжонни (менинг отамни) яхши кўраркан. Елкасига бешотарни осганча, тўрт-беш ёшлардаги жиянини олдига ўтқазиб, қишлоқ кўчаларида, Қумработ қумликларида отда сайр қилдирар, шунақа пайтларда кўпинча “Равшани рухсорига ду чашми оҳулар билан, жабри кўпу меҳри оз бебоку ҳиндулар билан…” деб “Бебокча”ни баланд овозда айтиб юраркан (Отамнинг “Бебокча”ни яхши кўриши, кўзда жиққа ёш билан хиргойи қилиб юришлари сабабини мен бу гаплардан хабар топганимдан кейин тушунганман). Елкасига милтиқ осиб юрганидан, ўйлашимча, қандайдир халқ қасоскорлари гуруҳига алоқаси бўлган, чамаси… Бундай дейишимга сабаб, большевиклар кучаяверганидан сўнг Раҳматбой бир кун отига миниб, Қумработ ичига кириб кетган экан. Шу кетишда Афғонистонга ўтиб кетганми, бошқами… ҳеч ким билмайди.

У кишидан бир ўғил, бир қиз қолган. Ўғлини уста Жума дейишарди, қизининг исми Муяссархон бўлган. Уста Жумани яхши эслайман, баланд бўйли, қорувли одам эди. Бухорода бунақа одамни “куланги” дейишади. Тана-тўшига мос феъли кенг эди, секин, салмоқлаб гапирарди. Мен ёш боламан, нимагадир “ҳа, мутавали” деб қўярди эркалаб. Жуда баракали, миришкор боғбон эди. Қўй-қўзи, мол-ҳолни яхши кўрарди. Бир кун бозордан совлиқ сотиб олса, ҳафта ўтиб ҳалиги қўй қўзилабди, эгиз туғибди. Қўзичоқлар бири-биридан чиройли, қўнғироқ юнги ялтираб тураркан. Буни кўрган қўни-қўшнилар, уста Жума, буларни тез сўйинг, жуда зўр телпакбоп қоракўл чиқади, дейишибди. Жума бобо, йўқ, йўқ, бўлмайди, деб бош ирғабди. Сизлар кўрмаяпсизлар, мен кўриб турибман, мана бу жимжимадор ёзувлар Қуръоний каломлар, деган экан қўзичоқларнинг юнгига ишора қилиб. Ростданам шунақа ёзувлар бўлганми, билмадиму, лекин жуда раҳмдил, шафқатли бир одам эди-да. Уни Уста Жума дейишларининг сабаби косиблик ҳунари ҳам бўлиб, маҳси тикарди.

Уста Жуманинг бир одати бор эдики, азада йиғламасди. 1968 йил Аҳмад тоғам машинасида ҳалокатга учраб, 38 ёшида нобуд бўлди. Жума бобо “Э, мен катта эдим, кетиш навбати меники эди-ку!” деб бошини сараклатиб қўйган экан. Шундан ўн йил ўтиб, отам қазо қилди. Жума бобо дарвозамиз олдидаги каравотга келиб ўтирди-да, оғир хўрсинди. Мени ёнига имлаб, оҳиста бағрига босди. Ҳеч нарса демади. Шунда кимдир келиб, Жума ака, бандалик экан-да, деганди, Жума бобо оҳиста бош ирғаб қўйди-да: “Биз қолиб, Неъматилло кетганини қаранг, ёш нарса”, деганди уф тортиб.

Жума бобонинг тўрт фарзанди бор эди. Тўнғичи Гулнора аммам эди. Кейингиси Жўра амаким мактаб директори бўлиб ишлади. Ҳозир пенсияда, 2015 йил Ҳажга бориб келди. Ҳасанбой деган ўғли савдода, менинг тенгдошим, Муроджон ўғли қўли ширин пазанда, элнинг маъракаларида ош дамлайди. Жўра амакимдан отаси Жума бобонинг бир гапини эшитганман. У киши айтарканки, ўзингдан кичик одам ўтса, йиғламагин, майит безовта бўлади. Ўзимдан катта одамни йиғлатдим-а, безовта қилдим-а, дейди. Шунинг учун мени дилим йиғлайдию сиртимга чиқармайман, деган экан.

Раҳматбойнинг иккинчи фарзанди Муяссархон аммамга келсам… Яқинда Ҳабибулла, Ғафур деган икки қариндошимиздан хабар топдик. Улар Муяссар аммамнинг ўғиллари бўлиб, Термизда яшашар экан. Мулла Ҳожи бобом ўлиб, ўғиллари урушга кетиб, Муяссар аммам вафот этиб, катта хонадон пароканда бўлгач, ҳали суяги қотиб улгурмаган икки гўдак – Ҳабибулла билан Ғафур Болалар уйига тушиб, Термизга бориб қолишади. 2014 йил ёзда Ҳабибулла акам Бухорога келди. Ёши саксон бешда, худди отамнинг ўзи-кўзи. Ўн бир фарзанди бор экан, қурилишда ишлаб, нишонлар олибди, ҳатто Шароф Рашидовнинг ўзи у кишига “Волга” машинасининг калитини топширган экан. Акаси – Ғафур амаким бўлса, бир-икки йилча муқаддам ўтибди. Мени танишаркан, Ҳабибулла акам бир набирасининг исмини Ғайбулла деб қўйибди.

Энди отамга келсам, исми Мулла Ҳожи ўғли Неъматжон. Фин урушида, немислар билан бўлган урушда қатнашган. Днепр бўйида яраланиб, оёғида осколка билан қайтган. Отам боғбон эди. Сафо Махсум бобом қоровуллик қилган мактабда боғбонлик қилиб, каттагина боғ яратганди. Ҳали юқорида айтганимдек, бобом мактабнинг янги директори Ҳусайнзода билан муросаси келишмай ишдан кетган куни отам ҳам ишдан бўшаганди. Бобом шундан кейин болалар боғчасига қоровул бўлиб ишга ўтди. Отамни эса Болалар уйига ишга таклиф этишди. Тошкентдан борган Марьям Ёқубовна деган Болалар уйининг раҳбари (у шифокор ҳам эди) отамни чақириб, Неъмат ака, бўлиб ўтган гаплардан хабарим бор. Сиз бизга ўтинг, дебди. Уч гектар еримиз бор, қандай ёрдам керак бўлса, берамиз, сиз шу ерни бизга боғ қилиб берасиз, дебди. Отам енг шимариб, ишга киришди. Чакалакзор, бутазор бўлиб ётган ерни булдозер солиб текислатди. Олти туп эски дарахтдан бошқа ҳамма дов-дарахтни кестирди. Эски дарахтлар деганим – иккитадан сада, чилонжийда ва ёнғоқни асраб қолди, булар камида юз йиллик дарахтлар, ота-боболаримизни кўришган, улар табаррук деди. Қисқаси, икки-уч йил нари-берисида Болалар уйининг янги боғи пайдо бўлиб, олди мевага кира бошлади. Боғда йўқ меванинг ўзи йўқ эди. Узумнинг ўн-ўн беш тури ёз аввалидан кеч кузгача бирин-кетин пишиб ётарди. Битта-ярим одам , э, Неъмат акаей, қўлингиз гул-да, қўлингиз баракали-да, дея мақтай бошлаши билан, йўқ, йўқ, дея бош ирғарди. Булар ҳаммаси Худодан, Худо беряпти, анови дилшикасталарнинг ризқи бу, дерди Болалар уйининг етимларини назарда тутиб.

Боғ жуда шинам, баҳаво жойга айланди. Эсимда бор, бобом Сафо Бухорий ҳам ўз улфатлари билан йилига икки-уч бора шу боғда йиғин ўтказиб турарди. Бу йиғинларда мен кимларни кўрмадим, дейсиз! Ўтган аср бошларида Пайрав Сулаймоний деган машҳур шоир ўтган. Шу инсоннинг жиянлари Саъдулла, Абдулла Саиджоновлар, амирнинг хос ҳофизи Левича Бобохоновнинг ўғли Муше Бобохонов, Мирзо Салимбек (“Кашкули Салимий” китобининг муаллифи) деган машҳур тарихчининг ўғли Қорижон Роғиб, машҳур адиб Жалол Икромий, Ойбек домлани ўз қуввайи ҳофизаси билан ҳайратга солган Шариф Нурхон… булар барчаси бобомнинг ҳаммаслак, ҳамнафас тенгқурлари, дўстлари эди. Давранинг энг ёш қатнашчилари устозларимиз Неъмат Аминов, Садриддин Салим Бухорийлар бўлиб, улар аҳли донишларга хизмат қилиш асносида дилкаш, диловар суҳбатлар, шеърхонлик, ашулахонликлардан тўйиб-тўйиб баҳраманд бўлишарди… Ўша даврлар ҳам ғанимат экан, бобомдан дунё ўтгач, ҳаммаси барҳам топди.

Талабаман. Иккинчи курсни битказиб, Бухорога келганман. Отам иккимиз боғ ўртасидаги чорси каравотда гап-сўзсиз ўтирибмиз. Бир маҳал отам, э, деганча бир хўрсиниб қўйди-да, бир замонлар бу ерлар қанақанги файзли эди-я, деди. Ҳаммасини бобонгиз ўзи билан олиб кетди… Қизиғи, мен ҳам шу нарсани ўйлаб тургандим. Бир пайтлардаги оташин маснавийхонлигу байтбараклар, дилбар суҳбатлар гувоҳи бўлган сўлим боғдан файз кетган, ҳатто манави улкан каравот ҳам алланечук мунғайиб, кичрайиб қолгандек кўринарди кўзимга…

Отам дарахтлар билан гаплашарди

Ҳа, муболаға қилмаяпман, отам ростданам дарахтлар билан тиллаша оларди. Баъзи жойларда кўрамиз, дарахтларга сим боғлашади, ҳар хил ёзувли тахта-лавҳаларни мих билан қоқиб ташлашади. Отам шу нарсани ёмон кўрарди. Қаерда кўриб қолса дарҳол болғача ва омбир билан ҳалиги симларни қирқиб, тахтачаларни қўпориб ташларди. Булар қанақа одамлар ўзи, жони бор-ку буларнинг ҳам, жони оғрийди-ку, дерди жаҳли чиқиб. Бир сафар Тошкентдан борсам, боғда қуриган дарахт шохларини арралаб, сипта-сиптасини ажратиб оляпти. Осколкалик оёғи оғрияпти, шекилли, қийналиб ўтириб-туряпти. Нима қиляпсиз, дедим. Войиш(ишком)га ажратяпман, деди. Овора бўп нима қиласиз, ота, дедим. Қаранг, қанча труба, арматура ётибди. Шулардан фойдалансангиз бўлмайдими?! Отам кулимсираб қўйди-да, офтобда ётган трубалар олдига бошлаб борди мени. Қани туфлингизни ечинг-чи, деди. Ҳайрон бўлиб тургандим, ечинг, ечинг, деди. Пайпоғингизни ҳам ечинг. Энди чиқинг бунга. Ҳа, куйдими?! Куяди-да, офтобда қизиб ётибди. Токнинг ҳам бадани куяди, униям жони бор, болам. Фақат тили йўқ, айтолмайди. Ана шунақа, болам…

Боғ оралаб юрган отамни кўз олдимга келтирсам, доим “Солдат отаси” фильмидаги грузин чол – Махарашвили ёдимга тушади. Отам, буларнинг тили йўқ, деса ҳам, назаримда боғдаги ҳамма нарса билан гаплашарди. Уларнинг тилини тушунарди, овозини эшитарди.

Рақамланган арава

Шу ўринда (гарчи бир оз ўринсиз бўлса-да) бир воқеани эслаб ўтгим келди. От-аравамиз бор эди. Рўзғор юмушларига, боғ ишларига яраб турарди. Замонни қарангки, (Ўзи кечирсин, замон айбдор эмас, албатта) шу от-арава сабабли отамни газетага чиқаришибди. Нима эмиш, Болалар уйида боғбонлик қиладиган Немат Ҳожиевнинг шахсий от-араваси бор. У аравада юк ташиб, қўшимча даромад топади, дейишибди. Қарашса, аҳвол жиддий. От-улов қўлдан кетадиган. Барака топгур, Марям Ёқубовна (афсуски, фамилиялари ёдимда қолмабди) дарҳол раддия ёзиб, бу от-арава шахсий эмас, у Болалар уйининг мулки, деб ҳужжатлаштириб, ҳатто ДАН идорасидан 101- рақам ҳам ҳам олиб берган экан. Нима дейсиз, кулгили, а? Аммо, у замонларда…

Отам бизни санъатга ошно этган

Ota.jpgОилада беш фарзанд бўлганмиз: икки опам – Муқаддам, Муҳтарама, акам – Хайрулла, мен ва синглим – Зулфия. Фарзандларнинг каттаси қиз бўлганлигиям яхши экан. Чунки, ҳаёни, ибони, одобни опалар ўргатади. Улардан ибрат оласиз-да. Отам бизни меҳнатда чиниқтирган. Меҳнаткаш қилиб тарбиялаган. Айни чоқда, ўзи билиб-билмай, санъатга ҳам ҳавасманд қилган.

Отам бир куни “Урал-57” русумли радиоприёмник кўтариб кеп қолди. Уйимизда байрам бўлиб кетди. Комилжон Отаниёзов, Маъмуржон Узоқов, Фахриддин Умаров, Жуманазар Бекжонов, Таваккал Қодировлар пластинкаларини ҳам опкепти. Шундан кейин ҳар куни белгиланган бир вақтда оилавий концерт эшитадиган бўлганмиз. Биз – ака-ука, опа-сингилларга топширилган турли вазифа-юмушлар бажариб бўлингач, отам қилган ишларимизни бир кўздан кечириб чиқарди-да, кейин ҳаммамизни радиоприёмник ёнига ўтқазиб қўйиб, пластинка (дадам “қарта” дерди) қўйиб берарди.

Радиода ҳар пайшанба куни “Мақом кечаси” бериларди. Сафо Махсум бобом отамга атайин 240 сўм бериб, магнитофон олдирганлар. Ва отам ҳар галги “Мақом кечаси”ни канда қилмай магнит тасмасига ёзиб боргани ҳам эсимда….

Кейинчалик маҳалламизнинг яккам-дуккам хонадонларида телевизорлар пайдо бўлди. Кўпчилик ёши катталар эсласа керак буни – ўша дастлабки пайтларда қишлоқнинг болалари кеч бўлдими, телевизорли уйларни танда олишарди. Ҳар ким ўзига яқин, ҳадди сиққанникига борарди, албатта. Биз акам иккимиз ҳам ўшаларнинг биттаси эдик. Дадам бизни қайтариб, койиб турарди. Унақа қилманглар, фалончи амакинг ишдан чарчаб келади, кайфияти бўлмаслиги мумкин, дерди. Биз, бўпти, бугун чиқайлик, яхши кино бор-да, эртадан бормаймиз, деб ёлворардик. Қаёқда! Эртаси яна бугунам борайлик, дадажон, кейин бас… деб мўлтираб турардик. Охири бўлмади, отам раҳматли Ромитандан бориб телевизор кўтариб келди. “Старт – 3” русумли эди, сира эсимдан чиқмайди. Ана шу “Старт-3” экрани орқали мен илк марта Бухородан “ташқарига чиққанман”. Тошкентни кўрганман, бошқа шаҳарларни… дунёнинг кенглигидан ҳайратга тушганман.

Отамнинг бир одати бўларди: телевизорга ким чиқса, у академикми, санъаткорми, шоирми, оддий деҳқонми … агар “ассалому алайкум, муҳтарам томошабинлар”, деб гап бошласа, отам “ўғлим, бу яхши одам экан, буни кўриш керак” деб, охиригача ўтирар, кимки салом бермаса, “э, саломи йўқда маъни бўлармиди”, деб чиқиб кетарди.

Онам ёпган нонлар ва…

Ona.jpgОнам Музайямахон ниҳоятда саришта уй бекаси бўлган. Рўзғор ташвиши, болалар тарбиясидан ортиб, отамга кўмаклашиш мақсадида нон ҳам ёпарди. Эрталаб уч-тўртда туриб, хамир қорарди. Опаларим ёрдам берарди, биз ака-ука нонни опчиқиб сотардик. Кунжутли нонлар эди. Сотгандаям мелисалардан қочиб-писиб сотардик. “Нетрудовой доход”, “спекулянт” деган гаплар бўларди. Кузмин деган ўрис мелиса бор эди, яхши одам эди. Баъзида бир кун-икки кун олдин шипшиб қўярди, “Синок, завтра будьте осторожно, комиссия придёт” дерди. Шунга қараб, эҳтиётимизни қилардик.

Нон ҳақида гап кетаркан, бу воқеалардан олдинроқдаги манзаралар кўз ўнгимда жонланади. Олтмишиничи йиллар бошида нон тортилиб қолди. Дўконлар олдида кети кўринмас навбатлар пайдо бўлди. Акам иккимиз тонг қоронғусида нон дўконга чиқиб кетамиз. Одам бошига биттадан нон берилади. Мен 7-8 ёшли болакай навбатда тик турганча ухлаб қолавераман. Битта манзара сира кўз олдимдан кетмайди: Ичкарида новвойлар терга тушиб нон ёпяпти. Ташқарида – новвойхона пештахтаси тепасида катта плакат. Плакатда космонавтлар Юрий Гагарин, Герман Титов, Валентина Терешкова ва Николаевлар, ўртада Никита Хрушчев: ҳаммасининг кўкраги тўла орден, юзларида ғолибона табассум, қўллари баланд кўтарилган. Пастда эса… жинкўча бўйлаб чўзилиб кетган турнақатор одамлар сафи… Одамлар сабр-тоқат ва ҳадигу хавотир билан ўз навбатини кутади. Онда-сонда бир сават юпқа-юпқа нон чиқади-да, пештахтага қўйилади. Ҳар бир сават чиқиши навбат олдидан ўн-ўн бештача одамни камайтиради. Навбати яқинлашганлар кейинги сават чиқишини илҳақ кута бошлайди… Плакатдаги қорни тўқ кимсалар эса тепада турганча, биз – “бахтиёр совет фуқаролари”ни қутлаб, қўл силкиб туришарди…

Сабоқ

Бу ибратомуз ҳангомани раҳматли отам кула-кула сўзлаб берганди. Ҳали айтганимдай, отам фин уруши, немис урушларида қатнашиб, қайта-қайта яраланиб, қайта-қайта тузалиб, ниҳоят урушни охирлатиб қишлоғига қайтган, фойдага қолган умри шукронасига ҳаммага яхшилик соғингувчи, яхшилик қилишга интилгувчи шокир бир зот эди.

У киши уйланиб, уч-тўрт йилдан сўнг ота уйидан кўчиб чиқадиган бўлади-да, шаҳарнинг қишлоғимизга яқинроқ бир мавзеидан иморат жойи ўлчатиб олади.

“Белги қозиқлар билан иҳоталанган иморатим жойини виқорла айланиб чиқдим-да, кейин битта кетмон топиб, “бисмилло” деб ишга киришмоқчи, ўйдим-чуқурларни текислаб қўймоқчи бўлдим, – деб эслайди отам кулимсираб. – Ғайратланиб таниш эшикни тақиллатдим. Ичкаридан ота қадрдоним Бобо Содиқий (Содиқ бобога шунақа мурожаат қилишарди) йўғон овозда йўталиб-йўталиб чиқиб келди. Басавлат, оппоқ соқолли, қарашларидан одам ҳуркади…”

Отам Бобо Содиқий билан қўшқўллаб кўришади.

– Келинг-да, писар, – дейди қария салом-аликни қисқа қилиб. – Ҳамсоя бўляпсиз экан деб эшитамиз-у, ўзингизни кўрмаймиз…
– Энди кунда-шундамиз, бобо, – дейди отам илжайиб, – фақат жонингизга тегиб кетмасак бўлди…

Ҳазилни иқи суймайдиган Бобо Содиқийнинг қовоғи уюлади. Отам дарҳол ҳушёр тортади-да, муддаога кўчади.

– Бобо, кетмонингизни бериб турсангиз.
– Кетмон?
– Ҳа, кетмон керак эди, ўйдим-чуқурларни текисламоқчи эдим. Кейин…

Содиқ Бобо отамнинг гапини охиригача эшитмай, ичкарига кириб кетади-да, андак ҳаяллаб, лаълидай келадиган, оғир бир кетмонни кўтариб чиқади.

– Мулло Неъмат, мана кетмон…
– Э, Раҳмат, Бобо Содиқий, зўр экан ўзиям… Бир-икки кунда қайтиб бераман… – деб отам кетмонга қўл узатади. Лекин, қўли ҳавода қолади. Бобо Содиқий кетмонни беришга ошиқмайди…
– Мана, кетмон, кўрдингизми, бор экан-а? Лекин, сизга кетмон йўқ, хафа бўлмайсиз… – дейди-да, отамни эшикда қолдириб, орқасига қайтади.

Умрида бу қадар иззаю мулзам бўлмаган отам қизариб-бўзариб, уйига қайтиб келади-да, онамни ёнига чақиради.
– Дафтар-қалам олиб кел. Бу ерга ўтир-да, ёз, – дейди.

Шу куни қўлида онам ёзиб берган рўйхат билан бозорга кетган отам иккита кетмон, иккита белкурак, яна болта, теша, арра, пойтеша, қўйингки, рўзғорга, иморат қурилишига нимаики керак бўлса, ҳаммасидан бир жуфтдан харид қилади-да, кейин уста сақлаб, иморатни бошлайди.

Ёз охирларида иморат битади. Кўчиб киришади. Одатга кўра маҳалла-кўй қарияларини чорлаб, худойи қилишади. Бобо Содиқий ҳам келади. Ошу об, дуои фотиҳадан кейин чоллардан орқада қолган Бобо Содиқий отамнинг ёнига келиб, тирсагидан тутади.
– Мулло Неъмат, биламан, сиз мандан хафасиз. Лекин хафалигингиз нодуруст, – дейди салмоқлаб. – Агар ман ўшанда раъйингизни қайтармасам эди, эҳтимолки, иморатингиз бу йил битмай қоларди. Биласиз, раҳматли Мулла Ҳожи энг яқин қадрдоним бўлган. Шундай одамохун, ҳамиятли қадрдонимнинг ўғли иморат солишга бел боғлаган бўлсаю, кетмон тиланиб юрса айб бўлади-да. Кетмон берсам, эртага пойтеша сўраб чиқардингиз. Ана шунақа ёмон хислат феълингизга ўрнашиб қоларди. Бу эса Мулла Ҳожининг номига ярашмайдиган иш бўларди, писар. Мана кўриб турибман: ҳовлида ҳамма нарса бадастир. Ҳатто офтобагача иккитадан олиб қўйибсиз. Асбоб-анжомлар ҳаммаси топ-тоза, мойланган, ялтираб турибди. Барака топинг, писарим, ориятли экансиз, мани хурсанд қилдингиз…

–Шу-шу бўлди-ю, Бобо Содиқийни худди отамдай яхши кўриб қолганман, – деганди отам ўйчан тортиб. – Уч-тўрт ой аразлаб, жаҳл қилиб юрганларим бир бўлди-ю, ўша кунги насиҳати бир бўлганди. Кўзимни очганди…

Ўйлаб қарасам, улуғ бир ёшга кириб дунёдан ўтган Бобо Содиқийнинг бир пайтлар отамни изза қилгани отам орқали ўтиб менга ҳам таъсир этгани, сабоқ бўлгани шубҳасиз, деб ўйлайман…

Онамнинг дуоси

Халқимизнинг миллий – диний қадриятларига айланиб кетган бир яхши одатимиз бор. Бирор каттароқ иш бошламоқчи бўлсак, оиламиз улуғлари – бобо, момоларимиз, ота – онамиз, касбимиз усталаридан дуо, оқ фотиҳа оламиз ва албатта, “Бисмилло…” деб ишга киришамиз. Бу нарса одамга куч беради, ишонч беради, айни чоқда кишида масъулият ҳиссини уйғотади.

1998 йил драматург Ҳайитмат Расулнинг “Пири коинот” асарини тайёрладик. Режиссёр Валижон Умаров саҳналаштирди. Мен бош ролда – аллома Аҳмад Фарғоний ролидаман.

25 октябрда режиссёр айтдики, эртага прогон – спектаклни тўлиқ ҳолда кўриб оламиз. Агар тайёр бўлган бўлса, кейинги ҳафта арбоблар кўригига ҳавола этамиз, деди. Шу куни кечқурун онам билан қўнғироқлашдим. Фотиҳаларини сўрадим. Онам хурсанд бўлди. “Болам, катта бўлиб қолибсан, қара, Аҳмад Яссавийни ўйнадинг. Фарғонийни ўйнаяпсан. Сендан миннатдорман, сени ўша улуғларимиз қўллайди, иншооллоҳ… Мен эрталаб гузарга чиқиб, Хожа Порсога (кўчамиздаги авлиё мақбараси) чироқ ёқаман. Бухоролик авлиёларга, устозинг Азизжонга (Азизжон Маҳмудов – Бухоро театрининг марҳум режиссёри), Олим Хўжага (Халқ артисти О. Хўжаев), ота – боболарингга Қуръон бағишлайман, – деди. Кейин бир нафаслик тин олишдан сўнг: – Телефон қилганинг яхши бўлди, сенга айтадиган гапим бор эди… Болам, сендан хурсандман, сендан розиман. Илойим, ўнвонинг (онам шундай дерди) бундан ҳам баланд бўлсин. Ўғил, қизингни орзу-ҳавасини кўр, тўйларини қил. Мартабанг улуғ бўлсин. Шу гапларни айтмоқчи эдим – да”, – дея билинар-билинмас хўрсиниб қўйди.

Эртаси кун прогон яхши ўтди. Премьера куни белгиланди.

Кейинги кун эрталаб Бухородан қўнғироқ бўлиб турибди: Онангизнинг тоблари қочиб қолди, келинг…

Шу заҳоти директоримиз Ёқуб Аҳмедов билан боғландим. Кабинетимга келгин, деди. Бордим. Олдимда туриб, Бухорога қўнғироқ қилди.

– Ая қалай?.. – деди қисқа салом-аликдан сўнг. Кейин индамай эшитди-да, трубкани қўйди. Ва менга деярли қарамай, “қўрқма, шунчаки шамоллаш экан, майли бориб кел, ҳозир чипта буюртирамиз”, деди. Бу гаплар эрталабки тўққиз яримларда бўляпти. Аэропортга қўнғироқ қилган эди, самолётлар кетиб бўлибди, кечки чорак кам бешда рейс бор экан. Иккита чипта буюртирди, ўзимга, ўғлимга.

Самолётда кетяпман, тинимсиз илтижо қиламан: Худойим, онамга шифо бер, яна тўрт – беш йилгина умр бер. Онажонимга хизмат қилолмадим, озроққина имкон бер. Хизматини қилай, армон бўлиб қолмасин… – дейман. Кўзларим дам бадам ёшланиб кетади. Ўғлим ажабланиб қарайди. “Нима бўлди, дада?” – дейди. “Ҳеч нарса, ўзим шундай”, – дейман уни тинчитиб. Самолётдан машинага ўтирдим ҳам ўзимда эмасман. Уйимгача бўлган юз қадамлик пиёда йўлим унмайди. Оёғим орқага кетаётгандай. Шукр, онамни тирик кўрдим. Мени таниди, пичирлаб дуо қилди. Кейин…

Тошкентга беш кундан кейин қайтдим. Юрагим бўм-бўш, ичим ҳувиллаб қолган. “Пири коинот”нинг премьерасини ўтказишимиз керак, етмиш бетлик сценарийдан бир жумла ҳам эсимда қолмагандай.
Эртага премьера деган кун кечаси иккигача креслода ўтириб сценарий ўқидим, ўтирган еримда ухлаб қолибман. Соат олтиларда елкамга биров туртгандай чўчиб уйғониб кетдим. Ва нари-бери ювинган бўлиб, қўлимда рўзғор халтасини кўтарганча ихтиёрсиз равишда Олой бозорига қараб йўл олдим. Дастлаб ўн бешталар нон олдим. Яна картошка, сабзи-пиёз деган нарсалар харид қилдим. Катта хўроз олдим-да, театрга кетдим. Комил Насриддинов деган чапдаст акамизга харидларимни топшириб, битта шўрва қилиб, қариялар дуосини олиб беринг, марҳум устозларимиз, кейин онамнинг руҳларига Қуръон бағишланг, деб илтимос қилдим. Гримхонадаман. Соқол-мўйлов ёпиштиряпман, салла ўраяпману бўм-бўшман, хаёлимда ҳеч нарса йўқ. Бир маҳал мўъжиза рўй берди: бундан ўн кунча муқаддам онамга қўнғироқ қилганим, уларнинг фотиҳасини олганим ёдимга тушди. Миямда бир фикр чақнади. “Таваккул Ўзига! Бугун ўйнаган ролимни Онамнинг руҳи покларига бағишлайман!” – дедим-да, юзимга фотиҳа тортиб ўрнимдан турдим…

Зал тўла одам, ўтирадиган жой йўқ. Санъат институти, Маданият институти талабалари ўқитувчилари билан келишган. Яна казо – казо меҳмонлар.

“Бисмилло…” деб саҳнага қадам қўйганимдан ҳамма нарса ўзгарди. Қандайдир илоҳий куч қанотимдан кўтарди. Саҳнага оёғим тегмайди. Сўзлар қуюлиб келади. Қарсаклар, олқишлар тинмайди. Биринчи акт – бир соат ўн минут қандай ўтганини билмайман. Танаффус пайтида Яйра опа (Ўзбекистон халқ артисти Я.Абдуллаева) олдимга чиқиб келди. Кўзлари қизарган. “Сан … (эркалаб сўкинди) нима қиляпсан? Юракларни эзиб юбординг – ку! Сал орқароқ тур, мен Фарғонийга бир таъзим қилай!” – деди. Бундан ортиқ мақтов борми!..

Кейинги акт ҳам шундай ўтди. Ёшлигида она юртидан илм истаб чиқиб кетган Аҳмад Фарғоний буюк астроном, математик, географ бўлиб танилгач, кунлардан бир кун кечаси юлдузларга тикилиб, юлдузлар сиймосида онасини кўриб, у билан ғойибона суҳбатлашиши, кўз ёш тўкишлари саҳнаси айниқса ҳаяжонли кечди. “Онажон…” деб бўзлаганимда, ўз онам – бундан ўнг кунгина муқаддам тупроққа топширган онаизорим кўз олдимда турди. Телефондаги сўнгги овозлари, “сендан розиман” деган сўзлари қулоғим остида жаранглаб турди…

Томоша тугагач, ҳеч ким зални тарк этмади. Муҳокама бошланди. Биринчи бўлиб сўз олган домламиз Муҳсин Қодиров гапларидан ёдимда қолганлари: “Бу саҳнада улуғлар ролини ижро этиш машаққат. Чунки, Шукур Бурҳонов Мирзо Улуғбекни, Олим Хўжаев Алишер Навоийни қойил мақом қилиб яратиб қўйган эди. Бу қолипдан чиқиб кетиш осонмас, истайдими, йўқми, ҳар қандай актёр шу йўлдан бориши аниқ. Бироқ, Ғайбулла бошқа йўлни танлабди. У алломани хокисор қилиб яратибди. Жуда тўғри қилибди. Олим хокисор бўлади “… ва ҳоказо. Тошпўлат Турсунов домламиз, раҳматли, сўз олди. “Мен анчадан бери йағламаган (у киши шундай дерди) эдим. Бугун йағладим…” деди.

Шу ўринда дилимдаги бир гапимни айтиб кетсам: театршунос деган бир инсонлар борки, уларнинг хизматини ҳамиша ҳам қадрлайвермаймиз. Маълумки, спектакль жамоа меҳнати билан юзага чиқади. Ҳар кимга ўз қилган иши яхши кўринади, камчиликларини, ёки яхши топилмаларини янада кучайтириши мумкин бўлган нозик қирраларни пайқамаслиги мумкин. Айтмоқчиманки, тайёр маҳсулотга четдан холис назар баҳоси керак бўлади. Тўғри, томошабин одил ҳакам. Бироқ, томошабингача бўлган жараёнда мутахассис таҳлили лозим, яъни театршунос кўриги зарур. Ўз шахсий тажрибамдан келиб чиқиб айтаманки, нуктадон театршунос фикри, агар у инобатга олинса, спектакль фақат ютади. Мен саҳнада озми-кўпми натижага эришган бўлсам, режиссёрлар, устозларим билан бир қаторда театримиз билимдонларининг ҳам жуда катта ёрдами текканини миннатдорлик билан эътироф этаман. Ҳали тилга олганим Муҳсин Қодиров, Тошпўлат Турсуновлар, Мамажон Раҳмонов, Тоҳир Исломов, Ҳамидулла Акбаров, Сотимхон Турсунбоев, Шаҳноза Мамажонова ва яна қанча заҳматкаш олимларимиз ўз таҳлилий чиқишлари, одилона муносабатлари билан ўзбек театри ривожига жуда катта ҳисса қўшдилар.

Яна премьера муҳокамасига қайтсам…

Домламиз Лола Хўжаева (Ўзбекистон халқ артисти) саҳнага чиқиб, қўлини пешонасига соябон қилиб мени излади. (Мен орқа ўриндиқлардан бирида ўтирардим) “Қаердасан, Ғайбулла? Мен сени бир ачомлаб қўяй…” деб ҳаммани кулдирди. Мен бўлсам гўё туш кўраётгандек бир ҳолатда эдим. Зал ўртасидаги йўлакдан отахон санъаткоримиз Зикр Муҳаммаджонов чиқиш эшиги томон келаркан, менга кўзи тушиб тўхтади. Кейин: “Ғайбулла, сени Онангнинг арвоҳи қўллади, укам!” деди-да, чиқиб кетди.

Хуллас, спектакл яхши қабул қилинди. Шундан кейин у етмиш – саксон марталар қўйилди. Лекин, мен ўз ролимдан ўша биринчи галдагидек қониқиш ололмадим. Ҳар ҳолда менга шундай туюлади. Азиз дуогўйим – муштипар Онажоним ҳақида ўйларканман, беихтиёр устоз Садриддин Салим Бухорий сатрлари ёдимга тушади:

Ҳар кимарса йўқолса, афсона бўлиб қолар,
Афсоналар қўйнига сен ҳам кетдингми, она?

Ҳар кимарса йўқолса, бегона бўлиб қолар,
Бегоналик қўйнига сен ҳам кетдингми, она?

Шамол силар бошимни, ёмғир тўкар ёшимни,
Шамолу ёмғир бўлиб ташриф этдингми, она?
Армон бўлмас дегандинг мен Ҳаққа етган замон
Ёки ўзинг айтгандай Ҳаққа етдингми, она?

Отамнинг армони

Отам урушдан оёқларида осколка билан қайтганлар дедим. Бир сантиметрча бўлган ўша темир парчаси йиллар ўтиб, занглаб қонга аралашган ва жигарни ишдан чиқарган экан. Ва отам ётиб қолганди. Ўшанда мен институтни тамомлаш арафасида, давлат имтиҳонларини топшириб юрган пайтларим бўлган. Отам мени чалғимасин деб, то имтиҳонларимни топшириб бўлгунимга қадар хабар қилдирмаган. Муқаддам опам тиббиёт ҳамшираси эди. Институтга қўйишга чоғлари келмай, тиббиёт техникумида ўқитишган эди. Мактабни аълога битириб, техникумда ҳам пешқадам талабалардан бўлган тиришқоқ, меҳнатсевар опам, вилоят марказий касалхонасида бош ҳамширалик даражасига ҳам кўтарилган эди. Отам чўпдай озиб кетганлар. Буни кўриб, опам йиғлабди, ўшанда 29 ёшларда бўлса-да, отанинг олдида ёш боладай ҳис қилади одам ўзини. Қизининг изиллаб йиғлаганини кўриб, отам юпатибди. “Қизим, нега йиғлайсан, унақа қилма-я, айб бўлади?” “Ота, қандай паҳлавон эдингиз-а!” “Эй, қизим-а, қанчалик озсам, шунча яхши. Эртага ўтсам, кўтарганларга малол келмайди, болам. Тобутим қабрга қараб қушдай учади. Болам, йиғлама, мани армоним йўқ. Э, қанчадан норғул жўраларим жанг майдонида қолиб кетди. Танклар тагида эзғиланиб кетганлари қанча бўлди. Ҳаммасини ўз кўзим билан кўрдим. Ман бўлсам, қайтиб келдим. Сизлар пешонамда бор экансизлар, шукур. Мана сани, уканг Хайруллони фарзандларини кўрдим. Ғайбулло уканг ўқишни битиряпти. Худо хоҳласа, энди изим йўқолмайди. Фақат бир армоним бор, қизим. Шуни айтмасам хотиржам кетолмайман, дебди. Шу… болам, сен 48-йил туғилгансан. Онангни тўлғоқ тутганда қўшни маҳалладан доя опкелдик. Мен ҳовлининг бир чеккасида ўтирибман. Бир пайт ичкаридан чақалоқ йиғиси эшитилди. Ўрнимдан чопиб туриб кетдим. Лекин ичкарига киришим мумкин эмас. Доя кампир бир маҳаллар чиқди-да, Неъматжон, муборак бўлсин, ота бўлдингиз, деди. Мен бўлсам, ҳовлиқиб, “ўғилми?” дебман-да. Чунки, ман нодон, биринчи фарзандим ўғил бўлсин, деб юриб эдим-да, болам. Доя кампир, “йўқ, Неъматжон, қиз, ҳолва, ҳолва”, деди. Мен бўлсам, “Эвоҳ!” деб юборибман! Ана шу битта гапим хато бўлган. Ношукурчилик бўлган-да, Ўзи кечирсин. Сан қиз бўлсангам, юз ўғилни хизматини қилдинг манга. Қизим, яна бир армоним, сени институтда ўқитолмадим. Қўлим қисқалик қилди. Бўлмаса, катта дўхтир бўп кетадиган уқувинг бор эди. Ўқишингни медал билан тамомладинг. Шундан юрагим эзилади-да, болам… Ўша туғилганингда қилган ношукурчилигимдан ҳалигача тилим куяди. Шу гаплар ўзим билан кетмасин, деб айтаяпман-да, деган экан.

Қумработнинг қовуни

1977 йилнинг июнь ойлари эди. Битирув имтиҳонларини топшириб бўлдим-да, марказий телеграфга бориб, Бухорога қўнғироқ қилдим. Уйимизда телефон йўқ эди, қўшниларга қўнғироқ қилиб, онамни чақириб беринг, дедим. Чақириб келишди. “Онажон, мени табрикланг, имтиҳоним тугади”, дедим. “Ҳаммаси тугадими, бачам?”. ”Ҳаммаси тугади”. “Қачон Бухорога келасан?” “Ўн кундан кейин битирув кечаси бўлади. Шуни ўтказиб, борсамми, деб турибман…” “Бачам, унгача сен бир келиб кетсанг. Отангни анчадан бери мазаси йўқ. Имтиҳонидан чалғимасин, деб сенга хабар беришимизга унамагандилар…”

Аэропортга борсам, билет йўқ. Эртаси кун эрталаб биринчи рейс билан учдим.

Отам ниҳоятда озиб кетган. Шу аҳволдаям, болам келди, энди туриб кетаман, деди. Ростданам, анча тетикланиб қолди. Мен кеча- кундуз ёнидан жилмайман. Дўхтирлар хулосасини эшитганман: оёқдаги осколка қоннинг таркибини бузган, жигар шикастланган. Бу ёғи яқин… Юзларига термулиб ич-ичимдан эзиламан: ўғли ўқишни битириб, ҳали бир кун ишламасидан, томоша залида яйраб ўтириб, бирорта ролини кўрмасдан кетадиган бўлдиларми-а?!

Эсимни танибманки, отамнинг қўлида кетмон кўрганман. Токқайчи, ўроқ, паншаха кўрганман. Томорқамизда ҳаммадан бурун картошка, сабзи, пиёз етилиб турарди. Саратон аввалидан кеч кузгача дастурхонимиздан отам етиштирган узум канда бўлмасди. Қовун-тарвузни-ку, қўяверинг. Шуларни эслаб ўтирсам, дил ёриб қолди. “Шу… Ғайбулложон, Навметанни қовуни топилармикин…”

Ўйланиб қолдим. Бозордан ҳар куни сархил меваю ҳандалаклар келтирамиз, қайрилиб қарамайди. Навметаннинг қовуни ҳали бери бозорга чиқмайди. Нима бўлса-да, таваккал қилиб, Навметанга (отам туғилган қишлоққа) бормоқчи бўлдим. Йўлда бировнинг маслаҳати билан фикрим ўзгариб, Навметаннинг тепаси, уч чақиримча наридаги Қумработга қараб кетдим. Абдусаттор деган бригадирга учрадим. Отамни таниркан. Жиндай ширакайф экан, отамнинг аҳволини эшитиб, йиғлади. Кейин полиз бошига бошлаб борди. “Битта қовуним бор, лекин узишга ўн кун ҳаяли бор-да, деди. Хай, акам учун узаман”, деди. Полизни оралаб кетди-да, катта бир қовунни кўтариб чиқди. Ма, акамга олиб бор, фақат узишга ўн кун бор эди, деди қовунни тарс-тарс шапатилаб.

Отам “бисмилло” деб қовунни олди-да, аввал ҳидлади. Бай-бай, дея бошини сараклатди. Кейин чап қўлида тутганча, ўнг қўли билан тарс-тарс шапатилаб кўрди-да, менга қаради. Ғайбулловой, эшитяпсанми, нима деяпти, деди. Илжайиб елка қисдим. Ўн кун ҳаялим бор, деяпти. Шу қовундан қирқиб бердим, ярим тилик еди-да. Э, барака топ, ўғлим. Раҳмат, деди. Ота есангиз-чи! Едим, ҳузур қилдимей, болам. Мана бу қовун Қумработнинг қовуни. Қумработга дуо кетган. Мен, болам, полизда ўсганман. Отам Мулло Ҳожи бир қовунлар экардиларки, кечаси чайлада ётсам, тарс-турс ёрилгани ҳов бир чақиримдан ҳам эшитилиб турарди…

Муҳтарама опамнинг тўйларида

1977 йил июл ойининг 14 ларида тўй қилдик. Иккинчи опам Муҳтарамани узатдик. Аслида тўй кузга мўлжалланган эди, дўхтирлар шоширибди, аканинг нарёғи яқин қолган, тезлаштиринглар, дейишибди. Тўй ҳовлида бўляпти. Отам ичкарида, каравотда ётганча деразадан кузатиб турибди. Ўзини тетик тутиб, таниш-билишлар билан бош ирғаб, саломлашган бўлади. Атайин хонага кириб келган яқин қадрдонлари билан чақчақлашади, кейин тезгина уларни ҳовлига – базмга чиқариб юборади. Мен хизмат қилиб юрибману дам бадам дераза томонга кўз ташлаб қўяман. Бир сафар кўзларимиз учрашганда отам мени имлагандай бўлди. Олдига учиб бордим. Лаббай, отажон! Болам, микрафонни олсангиз-да, битта Олимхоннинг (Олим Хўжаев демоқчилар) ҳалиги… Тушундим, ота, Навоий монологини айтаяпсиз. Ҳа, балли, ўшани айтиб берсангиз… Айтдим. Машшоқлар мусиқа чалиб туришди. Мен “Куй, ғазал… оҳ, қайтадан тирнар ярамни…” деб, монолог бошладим. Тўйхона сув қуйгандек сукутга чўмиб эшитди. Айтаяпману отамнинг жиққа ёшга тўлган кўзларини туюб турибман. Бечорагина отамни бир пайтлар Олим Хўжаевнинг ана шу монологини яхши кўришларидан фойдаланиб, мен ҳам ана шундай монологлар айтувчи актёр бўламан деб, розилиғини олгандим. Мана энди, ўқишим битди. Эрта-индин саҳнага чиқаман, деб турибман. Лекин, отажоним сафар ҳозирлигини кўриб турибди…
Микрофонни санъаткорларга топшириб, бир чеккага чиқиб турибману, отам томонга қарай олмайман. Бўлмади, қарадим. Қарасам, падари бузрукворим юзлари нурланганча жилмайиб турибди. Миннатдор бош ирғади ва дуога қўл очди. Шунда ишонасизми, мўъжиза рўй берди. Аввалига даврада ўтирган бир неча ёши катталар, кейин бутун тўйхона аҳли отам томонга ўгирилиб, қўлларини дуога кўтаришди…

Тоза тийнатли инсонлар фарзанди

Отамни тупроққа топшириб, юрагим ҳувиллаб, Тошкентга қайтганман. Театрнинг (Ёш гвардия” т-ри) янги мавсуми бошланган. Эндигина иш бошлаган ёш актёр бўлсам ҳам дастлабки кунлардаги жўшқинлигим йўқ. Руҳсизман. Қандайдир яқин дилкаш, ҳамдардга эҳтиёж сезаман. Шундай кунларнинг бирида гримхонада бир қизга кўзим тушди. Юрагим ниманидир сезди шекилли, бир ҳапқириб олди. Нозиккина, оппоқ юзли, қош-кўзи қоп-қора, паст ва майин овозда гапирувчи, хотиржамгина қиёфали бу қиз биринчи кунданоқ тинчимни ўғирлади. Ва ўша куниёқ спектаклдан кейин апил-тапил ташқарига чиқдим-да, йўлини пойладим. Бахтимга ёлғиз ўзи чиқди. Хадрадаги бекатгача суҳбатлашиб кетдик. Исми Насиба экан, Янгиободда тураркан.

Ишонасизми, ўшанда нари борса ўн-ўн беш дақиқа суҳбатлашдик. Ва шунинг ўзидаёқ овози ҳам, боқишлари ҳам мулойим, осуда табиатли бу қиздан нимадир юқтирдим. Алланечук хотиржам тортдим. Одамларга, ҳаётга бўлган ишончим, қизиқишим қайта жонлангандай бўлди. Биласиз, кузда тез қоронғу тушади. Спектакл тугагунча алламаҳал бўлиб қолади. Аввалига Насибани Хадра бекатигача кузатиб юрдим. Бир гал автобус анча ҳаяллаб келди, қизни ёлғиз ўзини жўнатишни истамай, бирга кетдим. Янгиободда тушиб, эшигигача кузатиб бордим. Бу эса одатга айланди. Кейин мен ҳарбий хизматга кетдим. Хат ёзишиб турдик. Қисқаси, тақдирда битилган экан, 1979 йил 29 сентябрда Тошкентда, 6 октябрда эса Бухорода тўйимиз бўлиб ўтди (Тўйимизга боғлиқ айрим тафсилотларни китобнинг бир ўрнида келтириб ўтган эдим). Бир неча кун ўтиб Тошкентга қайтдик. Бошпанамиз “Ёш ижодкорлар уйи” деб аталадиган ётоқхонанинг саккизинчи қаватида эди. Бироқ, қайнотам бу ерда туришимизга унамади. Янгиободдаги ҳовлисига кўчириб кетди. Катта ҳовли, қизларни чиқарганмиз. То ўзларингга бир ватан насиб этгунча (уйни ватан дейиш удуми бор-ку халқимизда) шу ерда бемалол яшайверасизлар деди…

Қайнотам Бахтиёр Раҳматов, асли қашқадарёлик, болалиги уруш йилларига тўғри келиб, кўп машаққатлар чеккан бўлса-да, одамохун, хушчақчақ, улфатчилик, ўйин-кулгуни яхши кўрадиган, бағри кенг бир инсон эди. Бахтиёр аканинг отаси Раҳматжон Жўраев урушда, онаси оғир касалликдан вафот этади. Эндигина ўн тўрт ёшга кирган бола Ҳикмат, Назокат деган сингиллари билан етим қолади. Сингиллар етимхонага олиб кетилади. Бахтиёрни ҳам уч марта Тошкентга Болалар уйига жўнатишади, аммо у ҳар сафар иложини қилиб, Қашқадарёга қочиб кетаверади. Тўртинчи маротабасида эса уни Болалар уйигамас, Чкалов заводига ишга жойлаштиришади. Ва шундан кейингина ўжар болакай ишга қизиқиб кетиб, Тошкентда яшаб қолади.

Қашқадарёдан қайнотам билан бирга туғилиб ўсган ҳамқишлоқлари тез-тез келиб турарди. Мен уларни кўрсам худди раҳматли отамни кўргандай бўлардим. Одмигина кийинган, белбоғига ғилофдор пичоқ тақиб юрадиган, чапанисифат, хушчақчақ деҳқон одамлар эди. Уларни кўриб қайнотам ҳам яйраб кетар, дарров ўчоқда ош дамлашарди, сўрида ёнбошлаганча болалик саргузаштларидан гурунглашиб, тонг оттиришарди. Табиатан жуда хушчачақ қайнотам меҳмонлари жўнаб кетиши билан хомуш тортиб қоларди, бир неча кунгача ўзига келолмай юрарди. Бир баҳонаи сабаб билан гапириб қолганди бир сафар. Қиш эди, ҳамма ёқ қор билан қопланган, жўралар тўпланишиб далага чиқиб кетдик. Картошкапояга. Қор тагидан ер тимдалаб картошка изладик. Бировимиз битта, бировимиз тўрт-бешта топдик. Айримларимиз тополмадик ҳам. Кейин ўчоқ ясаб, қозонда қовуриб емоқчи бўлдик. Энди мой керак. Мой эса отлиқда ҳам йўқ. Кейин нима қилдик денг, тракторга ишлатиладиган техник мойга-автолга қовуриб еганмиз. Жонимиз темирдан эканми, мана яшаб юрибмиз, болам, деганди. Ҳозир ўйлаб қарасам, бу инсонлар очлик, етимлик, иложсизлик бағрида вояга етишган, ва улар нафақат тенгқур дўстлар, балки жондош-қондош ака-укаларга айланиб кетишган экан-да.

Бир кун қайнотам: Ғайбуллажон, сиз ош дамлашни биласизми, деб сўраб қолди. Йўқ, дедим. Э, яхшимас, деди. Оилада қозон-тавоқ аёлнинг иши, лекин ошни эркак дамлаши керак, бунинг хосияти бошқа, деди. Кейин ўргатиб турди, мен ош дамладим. Мана шундан бу ёғига уйда ош дамланадиган бўлса, Насибахонга дам бераман-да, ўзим ошхонага йўл оламан.

Бахтиёр ака қишлоқ боласи эмасми, миришкор эди, ерни яхши кўрарди. Заводдаги ишидан келдими, коржома кийиб, томорқага кирарди. Гулчилик билан шуғулланарди. Айниқса нафақага чиққач, бу ишга қаттиқ киришиб кетди. Ёқуб ака деган бир тадбиркор оғайнисииинг маслаҳати ва ёрдами билан гул савдосини ҳам йўлга қўйди. Ойда бир-икки марта Россия томонларга қатнайдиган бўлди. Албатта, у замонларда бунақа ишлар осонмасди. Ҳаммаси аэропорт хизматчилари билан норасмий шартнома асосида ҳал қилинарди. Шунга алоқадор бир ҳангомани сўзлаб берсам.

Бир сафар мен қайнотам ва шеригини кузатгани аэропортга чиқдим. Улар нима биландир ушланиб қолган пайтида мен вақтдан унумли фойдаланмоқчи бўлдим. Уларнинг йўл чипталари менда эди, чипталарни кўрсатиб, гуллар жойланган картон қутиларни ҳеч бир муаммосиз юкхонага ўтказиб юбордим. Юклар рақамлари ёзилган корешокни қайнотамга тутқазсам, ҳайратга тушди. “Э, шунақами, мен ҳар сафар биттасига уч юз сўм тутқазиб, ўтказтирардим, осон экан-ку!” деди қувониб. Ўша кунги уддабурролигимдан руҳланиб қайтдиму, иккинчи сафар қовун туширишимга озгина қолди. Орадан йигирма кунлар ўтиб, яна мен кузатишга чиқдим. Яна ўша кунги ҳолат. Самолёт юкхонасига гул қутиларини бериб юбордим. Пассажирлар кўпайганидан бир йўналишга, яъни Нижний Тагилга иккита рейс қўйилган экан. Мен бундан бехабар биринчи рейсдаги самолёт юкхонасига қутиларни бериб юборибман. Бир пайт қайнотам типирчилаб қолди. Югуриб подвалдан икки барваста одамни бошлаб чиқди. Улар бўлса, ҳа, Бахтиёр ака, пулни эканом қилмоқчи бўпсиз-да, деб тихирлик қилган бўлишди-да, улушларини олишгач, дарҳол ишга киришишди. Қутиларни қайтариб олиб чиқиб, кейинги самолёт юкхонасига жойлашди. Мен бўлсам изза тортганча бир чеккада серрайиб турибман, денг.

Шундан кейин қайнотам, энди Ғайбуллажон, мени кузатадиган бўлсангиз, юкларга ишингиз бўлмасин. Бўлмаса, булар мени аэропортга яқинлатмай қўйишади, деганди ҳазиллашиб.

1983 йил октябр охирлари эди. Мен театр билан Қозонда гастролда эдим. Шароф Рашидов тўсатдан вафот этди. Буни эшитган қайнотам роса йиғлабди. Эртаси кун эса, негадир сафарга отланиб қопти, чамамда Тошкентга сиғмай қолган-да. “Хозяйка, дебди хотинига, иккимиз бир айланиб келайлик, сенга бир Масковларни кўрсатай”, депти. Божаларим кейинги кун эрталаб, чол-кампирни поездга чиқаришибди. Икки кун поездда юриб, бир станцияда тўхташгач, қайнотам тушибди-да, бир буханка, битта батон нон олибди. Кейин юриб кетаётган поездга югуриб етиб олиб, осилиб чиқибди-да, купеда хавотирланиб ўтирган хотинига кулимсираганча нонларни тутқазибди. Кейин йиқилибди… Ўз оёғи билан поездга чиққан қайнотам орадан бир ҳафта нари-берисида рух тобутда Тошкентга қайтиб келди. Дафн маросимида тумонат одам йиғилди. Завод ишчилари, маҳалла-кўй аҳли. Кейин ҳам анчагача уйимиздан одам оёғи узилмади. Бир кун эшик тақиллаб қолди. Чиқсам, қайнотамнинг болаликдаги ўша беш нафар оғайниси. “Ўғлим, бир шум хабар эшитдик, шу ростми”, деди биттаси. Бош ирғадим. “Э, аттанг, аттанг”, дея ичкарига киришди. Дуои фотиҳа қилишди. Кейин қўзғалишди. Овқат тайёр, бир пас ўтиринглар, дедик унашмади. Йўқ, бошқа сафар, худо хоҳласа, эндиги сафар Бахтиёрнинг неваралари тўйларига келайлик , дея бизларни дуо қилиб, кўзлари жиққа-жиққа ёшга тўлганча чиқиб кетишди.

Бахтиёр аканинг икки синглисига келсам: ака-сингиллар 1942-йилда бир-бирларини йўқотишган. Бахтиёр ака улғайиб, ўзини тутиб олгач, уларни тинимсиз сўраб-суриштиради ва ниҳоят, орадан роса ўттиз олти йилдан кейин дараги чиқади. Қизлар, яъни Насибанинг Ҳикмат, Назокат исмли аммалари тақдир тақозоси билан Марғилонга бориб қолишган, ўша ерда вояга етиб, уйлик-жойлик бўлиб кетишган экан. Аммаларни Насибанинг тўйида ҳам, кейин ҳам бир неча марта кўрдим. Ҳозир эса уларнинг фарзандлари дам бадам йўқлаб туришади.

Энди қайнонам ҳақида гапирсам. Исми Ғифат эди. Унинг ҳам ҳаёти енгил кечмаган. Отаси Сафо бобо қатағон қурбони бўлган, қамалган, қамоқдан чиқиб келиб тезгина вафот этган. Қайнонамнинг онаси, яъни момоқайнонамни кўрганман, исми биби Фотима эди. Бева ҳолида беш фарзандни оёққа қўйган бу жафокаш аёл худди менинг Сиддиқа бибим каби жуда оқила, дуогўй онахон эдилар…
Айтмоқчиманки, мен жуфти ҳалолим Насибадан шу чоққача фақат яхшилик, меҳр-оқибат кўриб келаётган эканман, бу ҳаммаси унинг палаги тозалигидан, бу норасо дунёнинг барча жабру жафоларини кўриб ҳам ўзлигини йўқотмаган, сабр-тоқатли, тоза тийнатли инсонлар зурёди эканлигидан деб биламан.

Маҳалламиз момолари

Энди маҳалламиздаги момолар ҳақида… Ҳа, уларни эсламасам бўлмайди. Уларсиз болалигим “қиссаси” чала-ярим бўп қолади-ку. Э, муштипаргина момоларим-ей, моможонларим-ей! Бир чеккадан эслашга уриниб кўрай-чи… Биби Адиз деган момомиз бўларди. Адиз ўртоғимнинг бувиси, айланиб-ўргилиб гапирар, бетийиқ ўртоғимни излаб юрган куни эди. Янгапошшо, Холапошшо, Ойтити, Оймалика деганлари бўларди. Қизиқ, уларнинг асл исмини биз болалар (балки, катталар ҳам) билмасдик. Ҳа, яна бир онахон бўларди, эсласам, куламан, дилим равшан тортади. Шу десангиз, неваралари жуда кўп эди. Эркин, Аваз, Азим, Анвар ва яна бир қанча… ҳаммаси шумтакалар. Дераза синдирган, дарахт шохини қайирган, қуш уясини бузган, мушук, кучукни қийнаган, жўралари билан ёқалашган. Бибижониси бўлса, ҳақми, ноҳақми, уларнинг ёнини олиб, мудом одамлар билан жанжаллашиб юргани юрган эди. Шу боисдан, биласизми, нима дейишарди у кишини… Биби Война дейишарди. Урушни, жанжални бибиси дейишарди. Худо раҳмат қилган бўлсин, набираларини ҳаддан ортиқ яхши кўрарди-да, нима қилсин шўрликкина!..

Яна Тўта пошшо деган онахон ҳам бўларди. Ёши саксонлардан ўтган. Биласиз, пахта терими даврида “Ҳамма пахта фронтига!” деган шиор ўртага ташланарди. Ёшми, кексами, эркакми, аёлми, ўқувчими, талабами – қараб ўтирмай теримга жалб қилинарди. Ўшанақа талотум кунларнинг бирида Тўта пошшонинг эшигини тақиллатиб участка нозири келади. Нозир бу онахонни кексалиги, ҳассада юришини яхши билади, лекин пахта сиёсати нозик, буйруқни бажармаса бўлмайди. “Тўта пошшо, пахтага чиқинг!” депти нозир томдан тараша тушгандай қилиб. Онахон бўлса, бу таклифни бажонидил қабул қилиб: “Балам, жоним билан чиқаман, сиз айтасизу, о ман чиқмайманми, балажон. Фақат битта илтимос, мелиса балам, манга учта бўз бала берасиз. Ман замбилга ўтираман, иккитаси замбилни кўтариб, жўякда обюради. Учинчи бўз балангиз фартукни ёнимда ушлаб туради. Ман пахтани териб, фартукка ташлайвераман-да”, деган экан. Қаранг-да, онахоннинг зукколигини. Нозирни койиб бермади. Ақлинг, фаросатинг борми, демади. Лекин, ҳазиломуз йўсинда шундай бопладики, нозир яхшигина сабоқ олди бундан.

Яхши эслайман, момоларимиз бири-биридан қўли ширин пазанда эди. Ошу овқатдан ташқари, ҳар хил пишириқлар, ҳолваю ширинликларни ким ўзарига мазали қилиб тайёрлашарди. Биргина мураббонинг ўзидан неча хилини санаб беришим мумкинки, ҳалигача уларнинг мазасини тамшаниб эслайман. Биттаси, масалан, анжирдан, бошқаси қизил ёки сариқ сабзидан тайёрларди мураббони. Яна бири олчадан, беҳидан ёки бўлмаса, наъматак гулидан қиларди. Кейин момолар бир-бирига, ҳозирги тилда айтганда бартер қилишарди, мурабболарини алмашишарди… Кейин уларни ўзаро йиғинлари, тўю маъракаларни гуллатишларини айтмайсизми. Бухороча лапарлар, маврикалар… Занг бойлашлар. Аёллар зардўзи кийимлар кийиб, оёқларига занг (қўнғироқчалар) тақиб, дойра чалиб, шунақа ажабтовур рақсларга тушишардики, қўяверасиз. Биз болалар томларга, дарахтларга чиқиб олиб томоша қилардик…

Энди Биби Алам деган момомиз ҳақида… Ўша даврларда кўчаларимизга шўровий номлар қўйиб ташланганди. Бизнинг кўчамиз Индустриалний, унинг орқа томондагиси Калинин деб аталарди. (Худога шукур, бугун уларнинг яна азалий номлари ўзига қайтди. Бири Хожаи Порсо, иккинчиси Пойи Остона бўлди). 1920-йилги қизил босқиндан сўнг бизнинг гузаримизга ёндош Пойи Остонадаги катта бир бойнинг ҳовлиси мусодара қилиниб, кўзи ожизларга артель қилиб берилган экан. Кўзи ожизлар пояндоз-шолчалар тўқишарди. Кўрпа қавишарди, ип йигиришарди… Цех бошлиқлари эса кўзи очиқлардан бўлиб, уларнинг ишларини кузатиб туришарди.

Ҳар замон-ҳар замонда ёши тўқсонларни қоралаган, мункайиб қолган бир онахон қўлида асо билан гузарда пайдо бўларди-да, албатта шу артелга кирарди. Кирарди-да, ҳамма хоналарга бирма бир бош суқиб чиқарди, кейин ҳовлининг бир чеккасига бориб ўтирарди. Артелдагилар уни яхши кўрар, ҳурматини қилиб, дарров олдига чой, қанд-қурс қўйишар, тушлик пайтига тўғри келиб қолган бўлса, бир идишга овқатдан солиб беришарди. Онахон деярли гапирмас, гирд айлана ҳовлидаги дов-дарахтларга, деразаларга маъюс кўз тикиб ўтира-ўтира кейин секин сирғалиб чиқиб кетарди… Кейинчалик билишимча, бу онахон бир замонлар шу хонадонга келин бўлиб тушган, умид билан бола-чақа ўстирган экан. Бу онахоннинг исмини Биби Алам дейишаркан. Фикри ожизимча, унинг бутун тақдири, фожиаси ана шу биргина Алам сўзи тагида яширинган. Қани энди ёзувчи бўлсаму, мен бу Аламнинг моҳиятини очиб беролсам…

Ана шу муштипар бибижон билан қисматдош яна бир онахонимиз бор эдики, уни ёши катталар Они Самаджон (Самаднинг онаси), ёшроқлар, биз тенггилар Биби Самаджон дейишарди. Онахоннинг Самаджон деган ўғли бўлган экан, урушгача фельдшер бўлиб ишлаган, ҳали уйланишга улгурмасидан урушга олиниб, дараксиз кетган экан. Биби Самаджон бизга қўшни ҳовлида турарди. Отам бибидан хабар олиб туришимиз учун ўрта девордан дарича очтириб қўйган эди. Паранжи-чачвонда юрар, фақат бизнинг оиламиздаги эркаклардан қочмасди. Қизиқ бир воқеа: кампирнинг жиянлари уни ёлғиз қолдирмаслик учун, ҳовлига бир эр-хотин дўхтирларни ижарага қўйиб қўйишади. Улар бир куни “Рекорд” телевизори сотиб олишади-да, онахонни ҳам томошага таклиф қилишади. Кампир келиб ўтиргач, телевизорни ёқишади. Бир маҳал экранда диктор (раҳматли Ўктам Жобиров) пайдо бўлиб, гапира бошлайди. Онахонимиз бўлса, “э, бу номаҳрам мардак нега манга қараёпти” деб, юзини яшириб чиқиб кетади. Ҳарчанд тушунтиришмасин, қайтиб хонага кирмайди.

1979 йил армиядан қайтдим. Одамлар оёғи тингач, бибидан хабар олгани даричадан ўтдим. Ғира-шира қоронғу, юлдузлар кўрина бошлаган. Биби мени бағрига босди. Кейин погонларимни силаб, қош-кўзларига суртиб, тавоб қилди. Кейин осмонга, юлдузларга қараб нола қилиб юборса бўладими!.. “Тоқатим тоқ бўлди-ку! Кутавериб чарчаб кетдим-ку! Энди келсинлар, келсинлар энди! Мана ҳамма келаёпти-ку! Келсинлар энди!..” Азойи баданим музлаб кетдиёв ўзиям. Ҳалигача ўша нола қулоғим остида жаранглаб туради: Келсинлар! Келсинлар энди!..

Яна икки йилча яшадилар чамамда онахон. Жуда оғирлашиб қолганидан сўнг маҳалла катталари маслаҳатлашиб, Намоз ака деган кишини кампирнинг олдига киритишибди. Мана Самаджон ўғлингиз келди, дейишибди. Мен келдим, онажон, мен Самаджонман, дебди Намоз ака ҳам. Кўзлари хира тортиб қолган Биби Самаджон ҳалиги одамнинг юз-кўзларини бир-икки сийпалабди-да, гапиришга ҳам чоғи келмай, жимиб қолибди. Аёлларнинг айтишича, онахоннинг бир эски махсиси ичидан моғорлаб кетган тахлам-тахлам пуллар чиқибди. Орасида 1961 йилдан олдинги эски пуллар ҳам бор экан. Муштипар онаизор ўғлининг тўйига ният қилиб, ўша арзимасгина нафақа пулларини ҳам ўзига ишлатмай, махсига тиқиб, асраб келган экан-да!..

Устозларимдан бири

Бобом Муҳаммад Сафо Бухорийни йўқловчилар орасида ижодга, адабиётга, санъатга, илму маърифатга алоқадор кишилар кўп бўларди. Шулардан биттаси, кейинчалик таниқли шоир, олим, таржимон, немис тили ўқитувчиси бўлиб етишган Садриддин Салим Бухорий эди. Садриддин аканинг жуда ёшлигидан – ҳали мактаб ўқувчиси эканлик пайтларидан бобомни тез-тез йўқлаб келгани, худди катта одамлардек, босиқ, вазминлик билан, ниҳоятда одоб сақлаб, унинг суҳбатларини тинглаб ўтирганларига кўп гувоҳ бўлганман. Бобомнинг ҳам унга меҳри бўлакча эди. Доим акам иккимизга: Хайрулло, Ғайбулло, ана шу Садриддин акангни этагини тутинглар, унинг одобидан ибрат олинглар, деб уқдириб ўтирарди.

1969 йил эди, чамаси. Ҳазрат Навоийнинг 525 йиллик юбилейлари ўтказилди. Мана шу юбилей олдидан ўтказилган тадбирлардан бири республика ёшлари ўртасидаги вилоятлараро телевизион мусобақа эди. Бухоро билан қайси бир вилоят ёшлари ўртасидаги мусобақада Садриддин ака ҳаммани қойил қолдирди: Ҳазрат Алишер Навоийнинг бир ғазалини 12 тилда – ўзбек, тожик, озарбайжон,турк каби тиллардан ташқари немис, инглиз, испан, француз тилларида ёддан айтиб берди. Шунда ҳайъат раиси устоз Ҳамид Сулаймонов Садриддин акани хурсандчилик билан тилга олиб, унинг чиқиши алоҳида бал билан тақдирланганини айтганди. Садриддин акани албатта ўшанда бобом ҳам кўрган, ўзида йўқ қувонган ва бизга яна таъкидлаб: Ана кўрдингиз, илм, одоб кишини не чоғлиқ улуғлайди. Мулло Садриддиндан қолманглар, деганлари кечагидай эсимда.

Sadriddin aka bilan.jpg    Садриддин Салим Бухорийни мен ўзимга маънавий устоз мақомида кўраман. Ҳозир ҳам қай бир йиғинда қатнашмай, қўлимда доим Садриддин аканинг китоби бўлади, қандай мавзуда гапирмай ўз сўзимни у кишининг шеърлари билан асослайман.

Садриддин ака одамларга ғамхўр, бағрикенг бир инсон эди. Оғир хасталикдан яқинда бош кўтарган пайтларим Бухорога бордим. Шунда у кишининг мени йўқламаган куни бўлмади. Йўқлаганда ҳам албатта бирор ерга таклиф қилар, бирга бориб келишга ундарди. У бу билан мени чалғитишга, кўнглимни ёзишга уринарди. Бир куни мени Мир Араб мадрасасини тугатган, қай бир мачитга имомлик қилаётган йигитнинг уйига олиб борди. Билсам, 30 ёшлардан ўтинқираган имом Ҳаж зиёратидан қайтган экан. Бордик, устозни ҳурмат билан давра тўрига ўтқазишди. Мен ёнларидаман. Ҳожи йигит бошдан оёқ оппоқ либосда, Садриддин аканинг нариги ёнбошида ўтирарди. Аввалига устоз яхши кайфиятда ҳалиги ҳожи билан гурунглашиб ўтирди. Кейин бирдан феъли ўзгариб, кетамизга тушиб қолди. Чиқдик. Йўлда кетаётибди, юзи тунд. Гапиргиси келмайди. Сўрашга мажбур бўлдим. “Э, – деди қўл силтаб, – тақсиржон, бу нима деган гап? Ҳажга бориб келдим деб ўғил тўрда ўтирса, ота чой ташиб юрса. Бекор кепмиз. Ундан кўра китоб ўқисак, Лошага бориб, Темур акани зиёрат қилсак, савоб бўларди. Юз марта ҳажга бориб келсаям, бу хизмат қилиши керак эди. Отасини, падари бузрукворини тўрда ўтқизиб қўйиши керак эди, ана бу ярашиқли иш бўларди… Ким айтади буни мадраса кўрган, деб?! Кейин билсам, меҳмонларга чой ташиб турган қария Садриддин аканинг кўзига иссиқ кўринибди-да, секин имомдан сўрабди: Ҳожи ака, отангиз кўринмайдилар, дебди. Ана-ку, дебди имом чойнак кўтариб кирган қарияга қараб. Э, тақсир, дебди бу сафар Ҳожи дейишга оғзи бормай, мен бу отахонни хизматкорингизми, деб ўйлабман. Ҳай-ҳай-ҳай, дебди бош ирғаб, кейин суҳбатни чала қолдириб, оминга қўл кўтарибди. Садриддин ака ана шунақа ҳушёр, тиксўз, адолатпеша инсон эди раҳматли…

Яна шу мавзу давоми кутубхонамизда:
G’aybulla Hojiyev. Xotiralar to’lqini. II.Teatr — qismatim
G’aybulla Hojiyev. Xotiralar to’lqini. III. Xastalik ham hikmat yoxud hikmat izlaganga hikmatdir dunyo

11 may — atoqli va ardoqli aktyor G‘aybulla Xojiyev tavallud topgan kun 

Kuni-kecha “O‘zbekiston” nashriyoti mashhur teatr va kino aktyori, dublyaj ustasi, O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan artist G‘aybulla Hojiyevning “Xotiralar to‘lqini” kitobini nashr etgani eshitib, u bilan tezroq tanishish istagi tug‘ildi. Asarni nashrga tayyorlagan yozuvchi Orziqul Ergash bilan suhbatimiz asnosi ma’lum bo‘ldiki, aktyor avvaldan “Esdaliklar daftari” yuritarkan. Ayni shu “Esdaliklar” va keyinchalik unga kiritilgan yangi sahifalar bugun sizga taqdim etilayotgan kitob holiga keltirdi.
“ Esdaliklar daftari”dagi bitiklar siz, muhtaram mushtariylarimizni befarq qoldirmaydi va sevimli san’atkoringiz suratu siyratini yanada yaqindan bilib olishlaringizga yordam beradi, degan umiddamiz.

G‘aybulla HOJIYEV
XOTIRALAR TO‘LQINI
AZIZLARIM YODI
007

O‘zbekiston Respublikasida xizmat ko‘rsatgan artist G‘aybulla Hojiyev 1956 yilda Buxoroyi Sharifda tug‘ilgan. 1973-77 yillarda Toshkent davlat San’at institutida tahsil olgan. 1976 yilda Abror Hidoyatov (avvalgi “Yosh gvardiya”) teatrida ish boshlagan. 1987 yildan Hamza nomidagi o‘zbek davlat akademik teatrida faoliyatini boshlagan. Aktyor shoir Azim Suyunning “Sarbadorlar” asarida Abu Bakir Kalaviy, Abdulla Oripovning “Sohibqiron” asarida Xoja Ahmad Yassaviy, Abdulla Qodiriyning Mehrobdan chayon“ spektaklida Solih mahdum, Ibrohim Sodiqovning ”Afandining besh xotini“ spektaklida Afandi, Hayitmat Rasulning ”Piri koinot“ spektaklida Ahmad Farg‘oniy, Shekspirning ”Qirol Lir“ asarida graf Gloster, Aleksandr Kosanoning ”Yetti faryod» spektaklida Sabalo kabi o‘nlab rangbarang rollar ijro etgan. Og‘ir xastalik tufayli teatrdan ketishga majbur bo‘lgan. Ammo, ijoddan to‘xtamay, turli tele va radio loyihalarda ishtirok etmoqda.

007

Ilk g‘alabam…

Esimda: birinchi sinfga o‘qishga borganmanu, unchalik xursand emasman. Sababi – men opalarimning boshlang‘ichdagi muallimasi Rahimaxon Mo‘minova qo‘lida o‘qimoqchi edim. Bo‘lmadi. Boshqa muallimga ko‘nglim ilimay, tilar-tilamas maktabga qatnay boshladim. Ixtiyorimga qo‘yib berishsa-ku, o‘zim bilardim. Indamaygina Rahima opaning sinfiga o‘tib ketardim (Gap shundaki, men bundan avval ham opalarimga ergashib maktabga borib, ularning darsiga kirib o‘tirardim, Rahima opa bunga qo‘yib berar, hatto seni ham hali o‘zim o‘qitaman, deb erkalab qo‘yar, shuning uchun ularni yaxshi ko‘rib qolgandim. Bolalik ekan-da). Shu ko‘ngilsizlikdanmi, darslarda e’tiborsiz o‘tiradigan, beboshlik qiladigan odatlar chiqardim.

Va bir kun buning uchun ta’zirimni yedim: badjahl o‘qituvchimiz ko‘rsatkich tayoqchasi bilan uch-to‘rt o‘yinqaroq bolaga qo‘shib meni ham jazoladi. O‘qituvchimga nisbatan “adovat”da emasmanmi, bahona topilib, sinfni boshimga ko‘tardim. Meni ovutisholmay otamni chaqirtirishdi. Otam tarafimni olish o‘rniga qo‘lidagi xivchin bilan tushirib qoldi. Alam ustiga alam… ovozimni baralla qo‘yib yig‘lashga, yig‘lab turib, “men Mo‘minovada o‘qiyman, Mo‘minovada o‘qiyman”, deya chirqirashga tushdim.

Bir mahal desangiz, ichkaridan Mo‘minova chiqib keldi-da, meni bag‘riga bosdi.
– Voy, bolajonim-yey, menda o‘qimoqchimisan. Mayli, mayli, seni o‘qitganim bo‘lsin…

U shunday deya bag‘riga bosdi-da, o‘z sinfiga boshlab ketdi.
Bu mening hayotimdagi ilk isyonim va ilk g‘alabam edi, desam adashmayman.

Maktab hangomalari

Adabiyotni yaxshi ko‘rardim, a’loga o‘qirdim. Matematikadan oqsardim, ximiya, fizikadanam shunaqa. Biologiyadan yaxshi o‘qiganman. Fizika o‘qituvchimiz biz uch og‘aynilar – meni, jo‘ralarim Yahyoyev bilan Sa’dullayevni doska oldiga birga chiqarib, uchchalamizga bitta savol berardi, ba’zida amallab javob berardik, ba’zida anqayib turaverardik. Shunda domlamiz professor Hojiyuf, akademik Yahyoyuf, kandidat nauk Sa’dullayuf – sizlarga javob, borib ana shu savolni javobini topasizlar, deb sinfdan chiqarib yuborardi. Vahobov degan matematika o‘qituvchimiz bir kuni meni alohida chaqirib sulh tuzdi. Sen – G‘aybulla adabiyotdan beshga o‘qiysan, dramto‘garakka qatnashasan, bilaman, malades. Lekin mening predmetimdan no‘noqsan-da, shunga achinaman, dedi. Bitta narsani kelishib olsak: men KVN, viktorina o‘tkazaman, sen shularga badiiy tomondan jilo berasan. Teatrdan kiyimlar, grimlar opkelasan, o‘zing rol o‘ynaysan. Buni evaziga, men seni imtihoningga minus to‘rt qo‘yib beraman, xo‘pmi, dedi. Xo‘p dedim. Bir kuni uch sinfni birlashtirib, viktorina o‘tkazdi. Menga Lobachevskiyni o‘ynaysan, dedi. Rasmini ko‘rsatdi. Pushkinga o‘xshab ketadigan qo‘ng‘iroq sochli, bakenbard qo‘ygan, zodagonsifat bir odam, 18-asrlarda yashagan buyuk matematik ekan. Bunaqa kiyimlarni topolmayman, malim, dedim. Ish tutma, boplaymiz, dedi. Uyidan shlyapa, makentosh keltirdi. Qora ko‘zoynak taqtirdi. Doska oldida turibman. Katta sinf tirband – 120 bola. Hammasi menga angrayib, ajablanib qaraydi. G‘aybi, nima qip turibsan, deyishadi yengimdan tortib. Miq etmay turaveraman haykalday.

Vahobov domla shaxdam kirib keldi-da, qo‘lidagi siniq ukazka bilan stolni urib, hammani tinchitdi. Boshqa o‘qituvchilar, direktor ham kirib, doska yonida terilgan stullarga o‘tirishdi. Men hamon tek qotib turibman. Vahobov tomoq qirib, endi gap boshlamoqchi edi, bitta bola qo‘l ko‘tardi. Nima deysan? G‘aybi kim, domla, u nimaga o‘tirmayapti? G‘ala-g‘ovur boshlandi. Siniq ukazka stolni taqillatib, g‘ovurni bosdi. “Bilib qo‘yinglar, bu G‘aybi emas, bu buyuk matematik Lobachevskiy!” dedi domla tantanali qilib. Hamma gur kulib yubordi. Hatto qovoq uyub o‘tirgan direktor ham iljayishdan o‘zini tiyolmadi. Shu-shu maktabni bitirguncha laqabim Lobachevskiy bo‘lib qoldi.

Bobomning o‘gitlari

Ona tarafimdan bobomni Muhammad Safo Maxsum Buxoriy deyishardi. U kishi Samarqand, Buxoro madrasalari tahsilini olgan, o‘ziga yetgulik donishmand, zukko kishi bo‘lgan. She’r yozgan, lekin shoirlik da’vo qilmagan, o‘zini gulchin – she’riyat bo‘stonidan gul teruvchi muxlis deb bilgan. Ajabki, shunday ziyoli, ilmli bobomni, men es tanib, oddiygina maktab qorovuli qiyofasida ko‘rganman. Istiqomat joyi maktabimiz qorovulxonasi – mo‘’jazgina kulbacha edi. Sababini keyin tushunganman: bu sho‘ro qatag‘oniga bog‘liq holat bo‘lib, aksari ziyoli odamlar o‘zlarini savodsiz, omi ko‘rsatib, nazarnogir (nazar ilmas) kasb-korlarda ishlashni ma’qul ko‘rishgan ekan.

Bobom qorachadan kelgan, ixchamgina tana-to‘shli, mosh-guruch soqoli kalta kuzalgan, yuzida doim nimtabassum, qo‘llari ko‘ksida, nuroniy bir mo‘ysafid edi (Adabiyot darsliklarida Sadriddin Ayniy domla suratini ko‘rgan bo‘lsangiz, bobom quyib qo‘yganday o‘sha kishiga o‘xshardi). Bir oyog‘i xiyol oqsardi. Har erta sahar bomdod namozidan so‘ng maktab hovlisiga chiqib, qishda qor kurab, yo‘laklar ochar, yoz bo‘lsa suv sepib, supurib-sidirib ozoda qilib qo‘yardi.

Ko‘pincha meni yoniga chaqirib olib, qo‘limga kirillda yozilgan kitob tutqazardi-da, “Bacham, shuni o‘qib bersang”, derdi. Bu mumtoz shoirlar g‘azallari yoki bo‘lmasa, ana shu g‘azallar haqidagi olimlarning tahliliy maqolalari bo‘lardi. Bobom g‘azallarni ko‘z yumib, bosh tebratib eshitar, g‘azallar to‘g‘risidagi maqolalarga esa diqqat bilan quloq solar, ayrim joylarida to‘xtatib, qaytatdan hijjalatib o‘qitar, ba’zida maqullab bosh irg‘asa, ba’zan norozi qiyofada “g‘alat, g‘alat” deb qo‘yardi. Bundan chiqadi, bobom nafaqat g‘azalnavis, balki nozikfahm, nuktadon g‘azalshunos ham bo‘lgan ekan-da, hozir o‘ylab qarasam. Bobo-nabira muloqoti shu zaylda davom etar, men kitobdan o‘qib beraman, bobom yoddan o‘zbekcha, forscha g‘azallar aytadi, keyin fikrimni so‘raydi. O‘zimcha nimalardir deyman, balli, balli deydi-da, keyin turli holvalar, mayiz, turshaklar bilan siylaydi. Shu tariqa o‘zida borini menga o‘tkazishga harakat qiladi…

Bobomning xotiramga qattiq o‘rnashgan o‘gitlaridan biri shu ediki, bolam, bir so‘m topsangiz ham halol toping. Halol topilgan bir so‘mingiz ming so‘mning barakasini beradi, derdi. Men yosh yigit paytimda davlati behisoblikdan manmanlikka berilib ketgan bir boyvachcha bo‘lardi. O‘sha boyvachcha bir kuni jo‘ralari bilan bahslashib, samovar tagiga chervon pul yoqib, choy qaynatganini ko‘rganman. Oxir oqibat o‘sha odam bir tiyinga zor bo‘lib, o‘lib ketganidan ham xabarim bor…

Bobo yana: “hargiz pardadarron bo‘lmang. Birovning pardasini yirtmang, aybiga pirioxan, ya’ni ko‘ylak (yopinchiq) bo‘ling”, derdi.

Mabodo huzuriga kelgan odam (u kishini yo‘qlab kelguvchi ko‘p bo‘lardi) birovni yomonlasa yoki undan shikoyat qilib qolsa, xomush bo‘lib eshitardi-da, keyin beozor kulimsirab e’tiroz bildirar edi.
“E, falonchi, siz bekorga ranjib yuribsiz, xuddi kecha edi, o‘sha falonchi kelib edilar. Mana shu sizning o‘rningizda o‘tirib, duoi joningizni qilib, obdon olqadilar. Sizning xizmatingizdan chunon minnatdorki, qo‘yaverasiz…”ga o‘xshagan gaplar bilan suhbatdoshi ko‘nglidagi gina-kuduratlarni tumandek tarqatib yuborardi va haligi odam bobomning huzuridan qushday yengil tortib chiqib ketardi. Boshqa bir safar esa bu odam haqidagi shunaqa yaxshi gaplarni narigi kishiga gapirib, uni ham quvnatib o‘tirganini necha martalab shohidi bo‘lganman.

– Bolam, odamlar o‘rtasiga ko‘prik tashlang, hargiz jarlik paydo qilmang, – deya nasihat qilib o‘tirardi rahmatli bobom.

Tomteshar bolalar himoyachisi

Mening bolalik davrlarim (o‘tgan asrning ellik-oltmishinchi yillari)da biz tomonlarda negadir yetim bolalar ko‘p bo‘lar va ularning aksari maktabda tarbiyasi og‘ir o‘quvchilar hisoblanardi. Bir kuni shunday o‘quvchilardan uchtasi maktab bufeti tomini teshib, ichkariga tushibdi. O‘g‘irlashga narsa topilmaganmi yoki bunday niyatlari bo‘lmaganmi, ular kattagina idishdagi povidloni o‘rtaga olib, nonga surtib yeb turgan holatda qo‘lga tushib qolishadi. To‘daboshi Ismoil degan o‘quvchi maktabdan haydaladigan, qolgan ikkitasiga hayfsan beriladigan bo‘ladi. Shunda, hali aytganimdek, maktabimiz qorovuli, istiqomat joylari qorovulxona bo‘lgan bobom o‘rtaga tushadi. “Tomni o‘zim tuzatib beraman, bolalar yegan nonu povidlo pulini moyanamdan chegirib qolasizlar”, deb tomteshar bolalar gunohini so‘rab oladi.

Shu voqeadan so‘ng Ismoilni va unga o‘xshagan o‘n besh-yigirma nafar o‘quvchi bola tarbiyasini direktor bilan kelishib, o‘z zimmasiga olgan ekan. Amak Maxsumning (bobomga shunday murojaat qilishardi) ta’siriga berilgan bu bolalar hammasi keyinchalik hayotda o‘z o‘rnini topib ketadi. Jumladan, Ismoil Husaynov Toshkentda — konservatoriyada tahsil oladi. Mashhur sozanda (klarnet cholg‘usida) bo‘lib yetishadi. Buxoro musiqa bilim yurtida uzoq yillar dars beradi. Ismoil aka bobomni o‘z otasiday ko‘rib, har bayramda, xususan Navro‘z va Hayit bayramlarida uzluksiz yo‘qlab, ziyorat qilib ketganlari yodimda.

Qadamjoga aylangan hujralar

Turib-turib ajablanaman: bobom bor-yo‘g‘i maktab qorovulxonasida yashardi. Kichikkina bir hujra. Lekin kimlar kelmasdi bu yerga, kimlarni, qandayin ulkan odamlarni sig‘dirmagan u o‘z bag‘riga. Qiziq-da, bobomni ziyorat qilguvchilar orasida dovruqli odamlar ko‘p bo‘lardi. Odatda hamma yerda aziz mehmon sifatida qarshi olinadigan, shinam mehmonxona, taomxonalar bilan siylanadigan bunday insonlar bobomning mo‘’jazgina hujrasiga bosh suqib o‘tishmasa, Buxoroga kelganlari tatimasdi. Boshqacha aytganda, Buxoroning hech bir koshonasida Bobomning hujrasidagidek yayrashmasdi (Bu gapda mubolag‘a yo‘q, aziz o‘quvchim, bunday e’tiroflarni o‘shanda ham, keyinchalik ham ko‘p bor o‘z qulog‘im bilan eshitganman). Shularni o‘ylar ekanman, joy odamnimas, odam joyni aziz qiladi, degan hikmat ne chog‘liq topib aytilganiga amin bo‘laman.

Rahmatli Temur Norov degan buxorolik shoir akamiz bir kuni Sharif Nurxonni boshlab kelib qoldi. Bobom bilan Sharif Nurxon hujra eshigida bir-biriga ro‘para bo‘lishdi. Salom-alikdan so‘ng Sharif Nurxon turgan yerida bobom sha’niga she’r aytib yubordi. Bobom ham unga javoban g‘azal o‘qidi. Shundan boshlandi. Biri Mashrabdan kelsa, biri Fuzuliydan keladi. Biri Navoiydan o‘qisa, boshqasi Jomiydan, Hofizdan yo Rumiydan o‘qiydi. Lof emas, ikki soat ostonada, tik oyoqda turgancha mushoira qilishdi. (Hujra atrofiga odam yig‘ilib ketdi, erkak-ayol o‘qituvchilar, o‘quvchilar). Nihoyat Sharif Nurxon tizzaladi-da, bobomning qo‘llarini o‘pib, ko‘ziga surtar ekan, siz mening ustozimsiz, dedi. Bobom darhol uning qo‘llaridan tutib, ko‘tardi-da, yo‘q, taqsirjon, g‘alat aytdingiz, siz mening ustozimsiz, dedi…

Bunday hayajonli uchrashuvlarning necha-nechasiga guvoh bo‘lgan qorovulxona-hujra kunlarning birida bobomga torlik qilib qoldi. Gap shundaki, maktabga Husaynzoda degan odam direktor bo‘lib keladi. Boshida shapka, egnida stalinka kiyib yuradigan qorindor bu kimsa birinchi kuniyoq bobomga bepisandlik qiladi. Bobom indamay hujrasiga qarab yo‘l oladi-da, bir qo‘lida ariza, birida yangi yozilgan she’r bilan chiqib keladi. Bu orada yoshi kattaroq o‘qituvchilar Husaynzodaga tanbeh berib, yaxshi ish qilmadingiz, bu kishi hammamizning ustozimiz edilar, deyishadi. Direktor bobomni o‘z xonasida qarshi olib, stulga taklif qiladi. Lekin bobom avval arizani, keyin Zavqiynamo bitilgan satirik she’rni amaldor qo‘liga tutqazadi-da, indamay chiqib ketadi.

Shundan so‘ng bobom Kalobot guzari bolalar bog‘chasiga ishga o‘tdi va endi bog‘chaga kiraverishdagi qorovulxona yana qanchadan qancha ziyoli ahlining navbatdagi qadamjosiga aylandi.

Tuguncha boisi

Bobomning G‘ulomjon degan do‘sti bo‘lardi. Negadir shishasi to‘q yashil rangli ko‘zoynak taqib yurar, ziyoli, ta’bi nazmi tuzukkina otaxon edi. Lekin, bir qusuri bor ediki, qachon bobomning oldiga kelmasin, gapi orasida noxush bir xabari bo‘lardi: kimdir vafot etgan, kimningdir uyini o‘g‘ri urgan yoxud qay bir er-xotin ajrashganga o‘xshagan…

Bir safar bobom qiziq ish qildi. G‘ulomjon do‘sti bilan uzoq chaq-chaqlashib o‘tirdi-da, do‘sti xayrlashib, yo‘lga otlangan mahali, G‘ulomjon bir nafas o‘ltira turasiz, dedi. Keyin meni yoniga chaqirib, qo‘limga pul berib, guzarga choptirdi. Ismat holvagardan halvoyi sabuniy, lafz halvo xarid qildim. Novvoydan to‘rtta issiq non olib, zumda izimga qaytdim. Bobom bularning hammasini yangi belboqqa tugdi-da, do‘stiga tutqazdi. G‘ulomjon bobo ajablanib so‘radi:

– E, Safo Maxsum, buning boisi ne?..
– Boisi shulki, mullo G‘ulomjon, bugun noxush xabar keltirmadingiz, shuning suyunchisiga sizga hadya, — dedi bobom nimtabassum bilan.

G‘ulom otaning ham sho‘xligi tutib, “e, shundoq bo‘ldimi, bugunam bittasi bor edi, xotirdan faromush bo‘pti, yaxshi esga soldingiz”, dedi.

Bobom uni gapirtirmay:
– Xudo xayringizni bersin, barodar, bugun qaytarib keting xabaringizni, qaytarib keting, – dedi.
Ikki do‘st baralla kulib yuborishdi.

Shu voqeani eslasam, bobomning bir o‘giti yodimga tushadi, kishi har doim: “Bolam, biror yerga borsang, quruq bormagin, qo‘lingda dastavez bo‘lsin – nonmi, shirinlikmi, kitobmi… hech bo‘lmaganda bir xushxabaring bo‘lsin”, deb nasihat qilib turardi.

BOBOM VA BUVIM RIVOYATI

Safo Maxsum bobom bilan Siddiqa buvimning hayotlari chindanam rivoyatnamo kechgan. Ancha-muncha kitob o‘qiganman, filmlar, teatr tomoshalarini ko‘rganman. Lekin birortasida bobom-buvimlarnikiga o‘xshash taqdirlarni uchratmaganman.

Bobom 1893 yil tug‘ilgan. Bir haftaligida onasidan, uch oyligida otasidan judo bo‘lib, buvining qo‘lida qoladi. O‘n yoshlarida buvisi ham vafot etgach, bobomni tog‘asining ayoli, ya’ni yangasi o‘z tarbiyasiga oladi. Bobomning tog‘asi Arkda – arkoni davlat xizmatida bo‘lib, erta o‘lib ketgan ekan. Yangasi u kishini yo‘qlab, marsiyalar aytib yurarkan. Bundan tashqari juda ko‘p g‘azalu matallarni bobom ana shu ayoldan eshitib katta bo‘lgan. Bobom (yuqorida aytganimdek) o‘n yetti yil Samarqandu Buxoro madrasalarida o‘qiydi. Qizillar bosqini (1920 y) boshlanganda bobom dunyoqarashi shakllangan yigirma yetti yoshli yigit bo‘lgan. Madrasa ko‘rgan bo‘lsa-da, o‘z bilimini yoshlarga yetqazadigan, mudarrislik, mullolik qiladigan zamon bo‘lmay qoladi. Buxoro butun Turkiston kabi egasiz, benavo bir ahvolga tushgan, johilning dovi yurgan, oqillar o‘zini pana-pastqamga urgan talotum bir zamonlar ekan-da. Nima bo‘ladiyu bobomga Arkdan chiqqan, amir xizmatida bo‘lgan, aniqrog‘i somsapazlik qilgan bir odam yo‘liqib qoladi. U qochqinda bo‘lib, o‘shanda saroyga zig‘irdakkina aloqasi bor odam, so‘roqsiz-istovsiz otib tashlanavergan. Bobom shu kishini o‘z uyiga yashiradi. Undan somsapazlikni o‘rganadi. Va keyinchalik qirq yil davomida Labi hovuzda somsapazlik bilan kun kechiradi. Bobom pishirgan uch burchak somsa “Sambo‘sai Teshavoyi”, o‘zi esa Maxsumi sambo‘sapaz degan nom bilan mashhur bo‘lgan.

Siddiqa bibim (1906 yilda tug‘ilgan) bilan turmush qurib, ikki o‘g‘il, ikki qiz ko‘radi. Halimjon, Hayotjon, Muniraxon ismli farzandlari nobud bo‘lib, birgina Muzayyamaxon qizlarini – mening onamni tutib qolishadi. Shu birgina norasida ham og‘ir xastalikka yo‘liqadi. Shunda bobom uni ko‘tarib Buxoro ko‘chalariga chiqib ketadi. Sargardon bo‘lib, tabibmi, azayimxonmi izlaydi. Na tabib, na kuf-suf qilib qo‘yadigan domla topiladi. Tabiblar, mullalar tum-taraqay bo‘lgan – otilgan, qamalgan, qochib ketgan, yashiringan. Nihoyat bir keksa kishi ko‘ziga chalinadi. Bobom shunga borib yukinadi. (Uning aslida kimligini bilgan shekilli-da) “Bobojon, shu norasidani onasining qo‘lidan olib chiqqanimda tirik edi. Bir nima qilingki, shuni eson-omon sho‘rlik volidasi qo‘liga topshiray. Keyin nima bo‘lsa peshonasidan”, deydi. Shunda haligi odam kuladi: “E, maxsumi devona, nima deyapsan?! Hali sen, xudo xohlasa, bu farzandingdan evara ham ko‘rasan. Ko‘ngling to‘q bo‘lsin”, deb bobomni tinchitib, rasm-rusumini qilib jo‘natgan ekan.

Chindanam qizaloq yashab ketadi.

Endi, bobomning shundan keyin uydan bosh olib chiqib ketgani masalasiga kelsam… ochig‘i, buni tushunmayman, tushuntirib berolmayman. Ular rasman ajralishmagan. O‘rtada nari-beri gap ham bo‘lmagan. Lekin, bobom uydan chiqib ketib, har yerda yashab yurgan. Hali aytganimday, somsapazlik qilgan, Labi hovuzda. Yoshi o‘tgach maktabda, bolalar bog‘chasida qorovullik qilgan va bibimga (buvini bizda bibi deyishadi) uzluksiz qarashib turgan. Ayni choqda bibim ham bobomning kir-chiri, issiq-sovug‘idan boxabar bo‘lib turgan. Bu ishlarga avval onam Muzayyamaxon, keyinchalik nevaralar – Xayrulla akam, Muqaddam, Muhtarama opalarim, Zulfiya singlim va men vositachilik qilib turganmiz. Bu holatning asl sababi bir Xudoyu va ularning o‘ziga ayon. Mening hozirgi noqis fahmimcha, balki bunga juvonmarg ketgan farzandlar dog‘i sabab bo‘lgan bo‘lishi mumkin. Yana farzand ko‘rib, bu notanti zamonga yem qilishni istashmaganidan, ortiqcha judoliklarga toqatlari qolmaganidan shunday qarorga kelgan bo‘lishlari ehtimol, yana O‘zi bilguchidir.

Sakson besh yoshlarida xastalanib, o‘zini eplolmay qolgach, bobomni hovlimizga ko‘chirib opkelishdi. Uyimizdan odam arimay qoldi. Qarindoshlar, katta-kichik tanish-bilishlar, shogirdlar birday xabar olib turishardi. Esimda, bir safar G‘ulomjon G‘aniyev degan oshnalari tashrif buyurdi (Bu odam O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan agronom unvoniga erishgan edi). Men o‘smir yigitchaman, non-choydan boxabar bo‘lib turibman. Bir safar kirganimda qulog‘imga chalingan gapdan hushyor tortib, taqqa to‘xtab qoldim va sekingina poygakka cho‘kdim. “G‘aniyev, endi Hayit kuni omonatni topshiramiz”, dedi bobom. “E, amak Maxsum, unaqa demang, – dedi G‘ulomjon amaki kulgiga olib, – Hayit bayram bo‘lsa, hamma xandonu shodon yursayu biz qo‘limizda ro‘molcha tutib, giryon bo‘lamizmi, Maxsumni berib qo‘ydik, deb”. Shunda bobom, ha, unday bo‘lsa, arafa kuni ekan-da, dedi yana bemalol ohangda. Bobom bu gapni xotirjam aytdi, G‘ulomjon amaki hazil yo‘sinida qabul qildi. Lekin men ich-ichimdan zil ketdim. Bobom hech qachon shunchaki, yo‘liga gapirmas, aytgani tasdig‘ini topmay qolmasdi…

O‘zimdan o‘tganini o‘zim bilaman. Hayit yaqinlashib qolgan. Ilgari bunaqa vaziyatlarda kunlar imillasa, endi aksincha, vaqt tezlashib ketayotganday edi nazarimda. Har bir yangi kunni noxushlik bilan qarshi olaman. Lekin, baribir bir ilinj uchquni yuragimning alla qayerida miltillab turadi. Zora, bobom adashgan bo‘lsa, zora o‘rtog‘iga hazillashgan bo‘lsa (axir, G‘aniyev amaki hazil qabul qildi-ku bu gapni!).

Yo‘q, bobom har galgidek bor gapni aytgan ekan! Hazil qilmagan ekan!..

Ming to‘qqiz yuz yetmish beshinchi yil, 5 oktyabr, yakshanba kuni ertalab, Hayitdan bir kun avval, ya’ni bobom aytgan va men mislsiz qo‘rquv bilan kutganim (to‘g‘rirog‘i, kutmaganim) arafa kuni… Bobom alahsiraganday bo‘ldi. Halimjon dedi, bir pas turib Hayotjon dedi, Muniraxon dedi. Ie, norasida chog‘ida o‘lib ketgan bolalarini yo‘qlayapti-ku, bobom. Miyamda bir o‘y chaqnadi: bo‘ldi, tamom, endi!..

— Muqaddam, qizim! – bobom ko‘zini ochib, atrofga alangladi. Darrov tushunib, yugurib hovliga chiqdim. Yig‘lamsirab olganman.
— Opa, sizni bobom chaqiryaptlar!..

Opam mening ahvolimni ko‘rib, angrayib qoldi-da, keyin darhol qo‘lidagi supurgisini otib yuborib, ichkariga yugurdi. Orqasidan ergashdim.

— Muqaddam, keldingmi, qizim. Eslikkina nevaramdan o‘zim… Bolam, san borib bibingdan so‘ra-chi… Mandan rozimikan, mandan xafa emasmikan…
— Nimaga unaqa deysiz, bobojon. Sizdan nimaga xafa bo‘ladilar?..
— Mayli-da, nevaram, bir so‘rab ko‘r-chi… O‘z og‘zi bilan aytsin-chi…

Opam yig‘laguday bo‘lib, hovliga sudralib chiqdi. Men ham ergashdim. Siddiqa bibim ko‘zoynak taqib, ishkom tagidagi chorpoyada tikish qilib o‘tirardi. Tikishini darhol yoniga qo‘ydi-da, karavotdan tushib, oyoiga kavshini ildi. Ildiyu birdan shahdi so‘nib, chorpoya chetiga behol o‘tirdi. Chuqur uf tortdi. “Bibi!” dedi opam, nima deysiz, degan ma’noda. “Nimaga xafa bo‘lay, qizim… Mingdan ming roziman, – dedi bibim, ovozi titrab ketdi. – Bobongga ayt, rozilar ekan, de, aytgin, bolam…” Opam baralla yig‘lab, bobomning oldiga kirib ketdi. Bibim bo‘lsa, boshini saraklatganicha, roziman, dadasi, roziman, mingdan ming roziman, degancha chorpoyada qolaverdi (Hozirgacha armon qilamiz, men ham, opalarim ham: nega bibimizni ichkariga kiritmaganmiz, bobom chaqiryaptilar, demaganmiz. Ozgina da’vat qilib yuborganimizda-ku, ichkariga kirardi. Bobom bilan xayr-xo‘sh qilardi. O‘zicha kirishga esa sharm-hayosi yo‘l bermagan. Biz esi yo‘qlardan iymangan. Aksiga olib, kattalar – otam, onamlar uyda bo‘lishmagan). Men xuddi tush ko‘rayotgandek edim. Bir zumda bobomning boshida paydo bo‘ldim. Opamning yetkazgan gaplaridan yuzlari nurlangan bobom, o‘zicha gapirindi: “Biz endi bog‘i behishtga ketyapmiz. Muhrga mahtalmiz, muhrga. Hujjat tayyor, muhr bosilsa, bas… Bay-bay, bu nonlarni qarang, bo‘yini qarang, bay-bay, biram xushbo‘yki…” Bir pas jim qoldi-da, yana lablari pichirladi. Sekin o‘tirib, quloq tutdim. Kalima qaytaryapti…

USTOZLAR BOBOM HAQIDA

(Bobom Muhammad Safo Maxsum Buxoriy haqida men har qancha gapirmayin, yozmayin, ko‘nglim to‘lmaydi. Bobom ijodkor edi. Ijodkor qalb dunyosini Ijodkorgina teran his qila oladi. Shu sababdan, men bu o‘rinda o‘tkir qalam sohiblari bo‘lmish ijodkor ustozlarimiz yodnomalarini keltirib o‘tishni joiz deb bildim)

Buxorolik ustozlar.jpgNe’mat AMINOV
O‘zbekiston xalq yozuvchisi
SAFO MAXSUM

   1968 yil. Buxoroyi sharif. Erta kuz. Qizalog‘im Dilbarni Kalobot guzaridagi bolalar bog‘chasida qoldirib ishga o‘taman. O‘shanda viloyat radioqo‘mitasida ishlardim. Darvoza qaptalidagi qorovulxonaning derazasi do‘kon peshtaxtasidek doim ochiq turardi. Har ertalab yo‘lakdan o‘tayotganimda ichkaridan bir bosh ko‘rinardi-yu, ko‘z ilg‘ar-ilg‘amas o‘sha zahoti g‘oyib bo‘lardi. Kim bo‘ldiykin? Har gal shunday. Men ham bu g‘alati holatga e’tibor bermay, qaramaslikka harakat qilib, o‘tib ketardim. Ittifoqo bir kuni Dilbarni bog‘cha opasiga qoldirib, darvoza yo‘lagidan shoshilib chiqayotgan edim, deraza tomon ovoz keldi.

– Assalomu alaykum, taqsir!

Qaradim. Nihoyat meni necha kunlar hayron qoldirgan o‘sha sirli kishini ko‘rdim. Moshguruch soqollari bir tekis kuzalgan, dudoqlari qalmoqlarnikidek baland, do‘ng peshonali bir kishi iljayib turardi. “Nega bu kishi meni “taqsir” deydi? Qiziq…” Yaqinlashib salom berdim. Qariya deraza osha ikki qo‘lini menga cho‘zdi. Ko‘rishdik. Miqti, dumaloq jussali kishi edi. Egnida nimcha. Qarashlarida alohida kuzatuvchanlik, sirli bir hayrat hukmron edi.

– Marhamat qilsinlar! – Avvaldan quyib qo‘yilgan bir piyola choy uzatdi. Olmaslikning iloji yo‘q. U kishi so‘zida davom etdi. – Sizni men toniyman, sizni tonimaysiz, taqsir! Radioda gapirasiz-a? Shoyiaxsi guzaridagi ohangar Usto Aminning o‘g‘illari ekansiz. Sadriddinjon (Sadriddin Salim Buxoriy) aytdilar. Men Salimjonning boboaro‘slari (ayolining bobosi) bo‘laman… Namozdigar qizaloqni olgani kelganda, bizni hujraga bir kirib o‘tsangiz…

O‘sha kuni hujraga kirib o‘tdim.

Hujrada menga avvaldan tanish Safo Maxsumning nevara kuyovlari Salimjon, u kishining ixlosmandlari Sadriddinxon va G‘iyosjonlar xizmat qilib yurishardi. Xiyol o‘tmasdan kichkina dekchadan mayizli osh suzildi. Osh shirin, oshdan ham suhbat shirin. Suhbat o‘z-o‘zidan she’rga ulanib ketdi. She’rxonlik ikki tilda – o‘zbek va forschada davom etardi.

– She’r ham yozib turasizmi, taqsir?
– Barodarjon, – dedilar Safo Maxsum bir pas tin olib, – endi bizni kim deb bilsangiz, biling, ixtiyoringiz. Birovlar bizni Amak Maxsum, birovlar Bobo Kayfiy deydi, yana boshqa birovlar, e, bir ko‘knori-da, deb malomat qilishadi. O‘zimga qolsa, kamina Gulchinman. She’r bo‘stonidan gul teraman. Guldastalab do‘stlarga tutaman. Ahli shuaroning ruhlarini shod qilib yuraman-da. Amak Maxsum Hofiz, Sa’diy, Bedil, Rumiy, Xo‘ja Ismat, Navoiy, Sabho g‘azallaridan o‘qib, sharhlab berardilar. U kishining g‘ayri tabiiy quvvayi hofizalariga tahsin aytib, xayrlashar ekanmiz, quyidagi baytni o‘qidilar:

E, do‘st, avval oshnoyi makun,
Ba’daz oshnoi bevafoi makun.

Ya’niki, masalan:

E, do‘st, avval oshnolik qilma,
Ba’daz oshnolik bevafolik qilma.

Demakki, shunday ekan, bizni holimizdan tez-tez xabar olib turing. Ha, sizdan yana bir iltimos, yaqinda soli nav – Navro‘z keladi. 21 martda. O‘sha kuni qayerda bo‘lsangiz ham , albatta keling, xosiyatini keyin bilasiz, – deb qoldilar…

Bir qarashda Amak Maxsum juda kamtar va kamgap edilar. U kishi Hazrat Bahovuddinning “Kam ye, kam de…” hikmatlariga doim amal qilardilar. Ko‘ngillari tusagan davrada esa ertalabdan kechgacha she’r tilida gaplasha olardilar.

Esimda o‘sha kuni ham bizni avval eshitmagan bir ruboiy bilan qarshi oldilar.
– Bu ruboiyni man Xoja Ismat Buxoriyning yaqinda buzib tashlangan qabr toshlarida o‘qigan edim. Eshitinglar-chi.

Dar in sarchashmai kavsar fitat avval tahorat kun,
Darou qabri poki Xoja Ismatro ziyorat kun.
Agar hosil nagardad maqsudi har du jahoni tu
Dan in sahro biyo u sayyidi bechoraro haqorat kun.

Ya’niki, masalan, o‘zbekchaga tarjimasi, ana bunday:

Bu kavsar sifat sarchashmaga kelishdan avval tahorat qil
Kirginu Xoja Ismat qabri pokini ziyorat qil.
Ikki jahonning murodi hosil bo‘lmasa gar,
Bu sahroga qaytginu sayyidi bechorani haqorat qil.

Davradagilar qoyil, deya bosh chayqadilar. Shundan keyin Amak Maxsum zangli soatni burab stol ustiga qo‘yarkanlar:

– Ana endi munojotxonlik qilamiz. Sizlar jimgina tinglab o‘tirsalaringiz kifoya, – dedilar. So‘ng ko‘zlarini yumib olib, Jaloliddin Rumiy “Masnaviy”sidan o‘qishga kirishdilar. Masnaviy ohanglari hujra bo‘ylab yangradi. Davradagilarning ayrimlari dam-badam xo‘rsinishar, ora-orada “Yo Olloh”, “Yo Parvardigor” deb qo‘yishardi. Misralarga yashiringan munojot davradagilarning yuraklariga bir olam g‘uluv solardi.

Masnaviy o‘qilar, soat millari tinimsiz ilgarilardi. Ikki soatlardan keyin birovlar o‘tirgan yerida charchab ingray boshladi. Amak Maxsum xuddi mast bulbuldek chah-chahlab, misralarni yodaki qalashtirib tashlardilar. Endi ovozlari sal bo‘g‘iq eshitila boshladi. Hamon munojot yangrab, ruhlarni junbushga keltirar, qalblarni oxirat sirlaridan voqif qilardi go‘yo. Shu holda yana yarim soatcha munojot o‘qildi. Kimdir og‘ir xo‘rsinib:

– Oh… bo‘ldi-ye, yuragim ezilib ketdi, dedi. Amak Maxsum bu xo‘rsinish va ingrashlarni eshitmas, hamon berilib munojot qilardi. Nihoyat haligi kishi soatning zang milini oldinga surdi. Baland jiringlash eshitilib, Amak Maxsum beixtiyor hushyor tortib, to‘xtab qoldilar.

Davradagilar ust-ustiga olqishlab, otaxonning quvvayi hofizalariga tahsin va tasannolar ayta boshladilar.
– Ikki yarim soat bo‘ldi, – dedi kimdir.

Yana birov:
– Amak, sir bo‘lmasa necha soat munojot o‘qiy olasiz? – dedi.

Amak Maxsum o‘sha bo‘g‘iq ovozda javob berdilar.

– Yoshlikda, ta’bidil davra bo‘lsa, og‘zimdan ko‘pik ketib, yiqilib qolgunimcha masnaviy o‘qirdim. Endi u davrlar o‘tdi, barodar…

… Onadan yetti oylik tug‘ilgan ekanman, – deya gap boshlagandilar boshqa bir safar Amak Maxsum bizning qistovimiz bilan. – Nedanoshinniy. Besh kechamda otamning telpaklarida ko‘zim ochilib birinchi marta “inga” deb ovoz chiqaribman. Yettinchi kun volidam qazo qilgan ekanlar. Ya’ni kamina haftak (onadan yetti kunlik qolgan go‘dak) bo‘libman. Yetti kunlik yetimchani boqish bibimni mahrlariga tushibdi. U kishi har kun bozordan yarim qadoq iliq obi navvot oldirib kelib, aralashtirib, dokaga tugib, siyna o‘rnida menga tutarkanlar. Shunday qilib, to uch yoshgacha ilikxo‘rlik qilgan ekanmiz.

E, barodar, ana qarabsizki, o‘sha haftakcha go‘dak ikki kam saksonga kirib qolibmiz. Bu boshdan ne savdolar o‘tmadi. O‘n yetti yil madrasaning sho‘r tuprog‘ini yaladik. Umrimiz qo‘rquv va hadikda o‘tdi. Keyin kitobu tasbehni yig‘ishtirib, sambo‘sapazlik (somsapazlik) qildik. Yomon ko‘rganim mutaassiblik. Dunyoni mutaassib buzadi. Xayriyatamki, shu she’r bor ekan. Bamisoli havodek she’r bilan tirikmiz. Umrning o‘tganini ham bilmay qolarkan kishi. Parvardigor umr bersa bandasi yashayverarkan-da. Yana men sizga aytsam, uzoq umr ko‘rishning eng katta bir siri bor. Bu sirni hamma biladi-yu, lekin unga amal qilmaydilar. Uzoq umr ko‘rish uchun uch narsaga afsuslanib, pushaymon qilib yurmaslik kerak. Buni mardum zap topib aytgan: so‘nggi pushaymon – o‘zingga dushman. Avvalo, aytilgan so‘zga pushaymon qilmaslik kerak. Chunki, aytilgan so‘z – otilgan o‘q. Otilgan o‘qni miltiqqa qayta joylab bo‘lmaganidek, aytilgan so‘zni ham qaytib og‘izga solib bo‘lmaydi. Shuning uchun avval o‘ylab, keyin so‘zlash lozim.

Soniy qilingan ishga nega shu ishni qildim, deya pushaymon bo‘lib, o‘z-o‘zingni qiynab yurmaslik darkor. O‘sha ishni qilmasdan avval, yetti o‘lchab bir kesish kerak. Qilingan ish qilib bo‘lindi. Endi o‘sha xatoni takrorlamaslik harakatini qil.

Ba’d o‘lgan odamga ko‘p kuyib, yonmaslik kerak. To‘g‘ri, bu ancha mushkul. Lekin, yoshmi, qarimi, oxiri bir kun o‘ladi. Tirik jon borki, boshida o‘lim bor. O‘lganga achinib, qanchalik kuyib, yonsang, qayg‘ursang, o‘z o‘limingni shuncha tezlashtirasan. Shuning uchun o‘lgan kishiga achingandan ko‘ra, tiriklarning, yaxshisi, tiriklikning qadriga yetish tuzukroq.

1969 yil 21 mart tong otari hamon esimda. Amak Maxsum hujralari eshigida odam gavjum. Menga ko‘zlari tushishi bilan yayrab ketdilar. Boshdan oyoq oppoq kiyimda, soqollari chiroyli taralgan, boshlarida yap-yangi chust do‘ppi. Betlari yaltirab turibdi. Xonadan xush bo‘y taraladi. Ikkita stol bir-biriga taqab qo‘yilib, oppoq dasturxon yozilgan. Dasturxon nihoyatda did bilan bezatilgan. O‘rtada qadimiy mis barkash. Unda sabza rang bug‘doy maysasi.Bir shirinlikning o‘zidan yigirma bir xil. Kunjut holva, pashmak holva, holvayi ko‘fta, halvoyi bodom, rango-rang qandolatlar, murabboyu shinnilar uzum shinnisi, tut shinnisi, qovun shinnisi… ko‘k somsalar, qovurilgan ko‘k chuchvara, piyozli patirlar, teshavoyi sambo‘salar, qiltiqsiz qovurma baliqlar. Xitoyi chinni kosalarda “haft salom”li (Qur’oniy oyat yozuvlari aralashtirilgan) sharbatlar. Katta bir tog‘orada har xil rangga bo‘yalgan tuxum choshlangan. Ingichka, buyurtma shamlar porlab turibdi. Kosalarda turshak sharbati (g‘o‘linob), alohida taqsimchalarda obinabot qo‘yilgan. Kishi boshiga mo‘’jaz idishlarda sumalak va halisa tortildi. Xonaga muchal yoshidagi oppoq kiyingan o‘g‘il va qiz bolalar to‘p-to‘p bo‘lib kirib, haft salomdan yetti qultumdan ho‘plab, atrofga qarab yetti marta ta’zim bilan salom berib, duo kutib turishdi. Bular Amak Maxsum va do‘stlarining nevaralari. U kishi bolalarni duo qilib har qaysi bolaga dasturxondagi shirinliklardan ulashdi. Dasturxon tuzashda “yetti” raqamiga alohida urg‘u berilganga o‘xshardi.

(Amak Maxsumning nevaralari, O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan artist G‘aybulla Hojiyevning aytishicha, Navro‘z dasturxoniga u kishi yil bo‘yi tayyorgarlik ko‘rar ekanlar. Masalliqlarning qimmat-qimmatidan olib, o‘zlariga tanish amirning rikobi (xos) holvapaziga yoki qandolatchiga buyurtma berarkanlar).

Shundan so‘ng yoshi ulug‘lar dasturxon atrofiga tizilishdi. Hamma bir-biriga shakarguftorlik qiladi.

Shu kun men Amak Maxsumning ziyoratlarida O‘zbekiston va Tojikistonning manaman degan ziyolilarini ko‘rgan edim. Bular – Buxoro tarixining bilimdoni “Akamullo” Hamroshoyev, Respublikada xizmat ko‘rsatgan o‘qituvchi Husayn Yoqubov, mashhur pillachi, agronom Salomjon G‘aniyev, O‘zbekiston xalq hofizi Mushe Boboxonov, Buxoro fidoyisi, mashhur arxeolog, knyaz Sergey Nikolayevich Yurenyev (uni buxoroliklar “Bobokalon” deyishardi), Tojikiston xalq artisti, badiiy so‘z ustasi Mahmudjon Vohidov, mashhur tarixchi, “Kashko‘li Salimiy” kitobining muallifi Mirzo Salimbekning o‘g‘illari Qorijon Rog‘ib, Qori Hasan, Inoyat Maxsum va yana o‘nlab kishilarni uchratganman. Ular xonadon sohibidan duo olib, Navro‘z dasturxonidan og‘iz shirin qilib, hujrani yangi mehmonlarga bo‘shatib berishardi.

Salomjon G‘aniyev:
– Bay-bay, tasanno-tasanno, – dedi qoyil qolib, – Amak Maxsumning dasturxonlari muncha to‘kin, muncha fayziyob…

Amak Maxsum ham:
– Men uchun muhimi, diydor to‘kin bo‘lsin, – dedilar kamtarinlik bilan, har soli navda bir marta bo‘lsayam do‘stlar diydoriga to‘ysam deyman. Afsuski, taomdan to‘yish bor-u, do‘stlar diydoridan to‘yish yo‘q ekan.

Amak Maxsum davralarida turli din va millat vakillari bo‘lardi. Ularning ayrimlari bir-birlarining tillariga tushunmasalarda, negadir uzoq suhbatlar davomida sira zerikishmasdi. Go‘yo ularni she’r, g‘azal, donishmandlikning ko‘rinmas rishtalari bog‘lab turardi…

1975 yil 5 oktyabr, hayit arafasida, yakshanba kuni u kishini Buxoroi sharif so‘nggi yo‘lga kuzatib qo‘ydi.

Yana Navro‘z keldi. Safo Maxsumdek dilkash, donishmand, fidoyi insonlarni sog‘inib…

Olloh u kishini rahmat qilgan bo‘lsin!..

Sadriddin Salim BUXORIY
BUXORODA BIR BЕNAZIR SHOIR BOR EDI…

Buxoroda bir ajib, benazir shoir bor edi, biroq, umrida bitta ham she’rini chop ettirmagandi. U zoti sharif Safo Maxsumdir. Safo Maxsum Buxoro shahridagi Xoja Porso guzarida istiqomat qilardi. Safo Maxsum umrida biror joyda bir misra ham she’rini chiqartirmagan. U shuhratdan hazar qilardi. Uning butun vujudi she’r edi go‘yo. Safo Maxsum dunyoviy va uxroviy she’rlarni soatlab, kunlab yoddan ayta olardi. Hazrat Jaloliddin Rumiydan tortib Navoiygacha, Hazrat Navoiydan Sadriddin Ayniygacha o‘tgan shoirlar she’rlarini yoddan aytib, ularning ma’nolarini sharhlab berardi.

Safo Maxsum varaqchalarda arab imlosida o‘z she’rlarini yozib qo‘yar va u misralar yodlanib, qalbiga jo bo‘lgandan so‘ng, varaqchalarni yoqib tashlardi. Hozirjavoblikda, shiringuftorlikda, daryodillikda unga teng keladigan kishi Buxoroda yo‘q edi.

Safo Maxsum boshi gavdasiga nisbatan katta bo‘lib, kichik gavdaga katta bosh qiziq tuyulardi. Uning qirra burni, bejirim soqol-mo‘ylovi, o‘tkir ko‘zlari o‘ziga yarashardi. O‘z kulbasini har kuni ikki marta supurar, haddan tashqari ozoda yurardi. Sandal ustida albatta soat, gul, daftaru qalam, taqsimchada holva, choynagu piyola turardi. Safo bobo o‘z yaqinlariga tayinlab: “Bu kulbaga kirayotganda ochiq chehra bilan, xushxabar bilan kiring!” – derdi.

U noxush xabar tarqatib yuruvchilar, hayotdan noliydigan, noshukur odamlarni yomon ko‘rardi. Unday kimsalar suhbatidan qochardi. Uning asosiy shiori Payg‘ambarimiz (s.a.v) ning: “Ahmoqdan qoching!” hadislari edi. Safo Maxsumdan shunday rivoyatni eshitganman. Qadimda bir noshukur er-xotin yashagan ekan. Xotini tuqqani haqida eriga doya kampir xushxabar yetkazib: “Muborak bo‘lsin, sizlarga Xudo egizak farzandlar ato etdi!” debdi hayajon bilan. “Iy-ye, nega endi Xudo boshqalarga bittadan farzand beradi-yu, bizday qashshoqlarga ikkitadan berarkan, qani adolat?!” – debdi er norozi bo‘lib. Shu payt doya kampir shumxabar yetkazibdi: “Egizaklarning yelkalari bir-biriga yopishib qolgan ekan, nogiron ekan!” Xotin faryod chekibdi: “Voy, dod! Hammaga gulday o‘g‘il beradigan Xudo nega bizday kambag‘alga nogiron o‘g‘il berarkan, shu ham adolatdan-mi?!”

Xullas, nogiron Hasan-Husanlar ulg‘ayibdi. Lekin ular ham ota-onalari kabi noshukur bo‘lib o‘sishibdi.

Kunlarning birida ko‘pkari bo‘lishi haqida jarchi xabar beribdi. Hasan-Husanni ham aravaga yuklab, tomoshaga oborishibdi. Ko‘ngli yarim nogironlarning ko‘ngli yozilsin, xursand bo‘lishsin, deyishibdi-da. Ko‘pkari ayni qizigan paytda olatasir bilan kelayotgan uyurdan bir ot o‘zini to‘xtatolmay, Hasanni turtib ketibdi. Hasan shu zahoti jon taslim qilibdi. Hasanni ko‘mamiz desalar, Husan tirik. Ko‘mmaymiz desalar, o‘lik sasiy boshlabdi. Oqsoqollar bir qarorga kelishib, o‘lik Hasan bilan tirik Husanni aravaga yuklab, kimsasiz sahroga eltib tashlabdilar. Husan yig‘lay-yig‘lay yelkasida sasiyotgan Hasanni ko‘tarib, boshi oqqan tomonga ketibdi. Hayotdan umidini uzgan, oziq-ovqati tugagan Husanning ko‘zi bir chashmaga tushibdi. Rosayam chanqagan emasmi, chashma suvidan qonib-qonib ichibdi va umrida birinchi marta sidqidildan “Xudoga shukur!” debdi. Uzoqdan kelgan bir ovoz, Husanga: “Chashmaning ichiga kirib cho‘mil!” debdi. Husan chashmada cho‘milibdi va hayratdan qotib qolibdi. Chunki dimog‘idagi sassiq hid yo‘qolgan va yelkasidagi yuk – o‘likdan ham qutilgan ekan.

Bir boragina shukur qilganning sharofatidan Husan barcha g‘am, barcha azob, barcha dardlardan bir yo‘la qutilib, dunyoga qayta kelganday navqiron, go‘zal yigitga aylanibdi…

Safo Maxsum Usta Aminbobo, Sharif Nurxon, alloma Salimbek Salimiyning o‘g‘illari Qorijon va Buxoro shahridagi mashhur Gulobod guzarida istiqomat qiluvchi G‘ulomjon tanbur, shuningdek, G‘ulomjon G‘aniyev, qori Abdurahmonlar bilan hamsuhbat edi. Safo Maxsum derdi:”Dunyoda mukofot va jazodan hech kim qochib qutilolmas. Buxorodagi Bo‘yrabofon guzarida bir holvapaz bobo yashardi. Ittifoqo, bir kuni shom payti holvapaz boboning uyi yonidan o‘tib ketayotganimda, boboni darvozasi yonidagi supachada yig‘lab o‘tirgani guvoh bo‘ldim. Ma’lum bo‘lishicha, betavfiq o‘g‘il mast bo‘lib, o‘z otasinibir musht urgan ekan.

Yillar o‘tdi. Holvapaz bobo vafot etdi. O‘g‘il esa uylandi. O‘nta o‘g‘il ko‘rdi. Ota qariganda o‘ng qo‘li bilan o‘ng oyog‘i falaj bo‘ldi. O‘g‘illari esa, biri piyanista, biri bangi, biri qimorboz bo‘lib, har kuni o‘g‘illar otani bir mushtdan uradigan bo‘lishdi. Har gal ota faryod chekkanida ko‘z oldimda holvapaz boboning yig‘lab o‘tirgan holati namoyon bo‘ladi. Qulog‘imga esa boboning yig‘lab o‘tirgan holati namoyon bo‘ladi. Qulog‘imga esa boboning qarg‘ishi eshitiladi… Buni qarangki, o‘z padari buzrukvorini bir musht urgani uchun har ku o‘n mushtdan “mukofot” olyapti.

Yillar o‘tdi, ota ham qazo qildi. Lekin o‘g‘illarining hammasi juvonmarg bo‘ldi. Holvapaz bobo hovlisining chirog‘i o‘chdi. Oqpadarning chirog‘i o‘chadi, deganlari shu bo‘lsa kerak!”

Safo Maxsumdan so‘radilar:”Taqsir, nega Buxorodagi madrasa gumbazlari, darvozaxonalari, peshtoqlari baland, mahobatli-yu, lekin madrasa hujralari eshiklari pastak? Buning qanday hikmati bor?”
Safo Maxsum dedi: “Bir kun xorijlik kekkaygan sayyoh madrasaning hujrasiga kiraman deb, boshini eshik to‘sini, ya’ni bolodarisiga chunonam urib oldiki, ko‘zlaridan o‘t chiqdi, chamasi. Bir necha muddat boshini changallab o‘tirib qoldi. So‘ng… So‘ng asta-sekin ta’zim qilib, egilib, hujraga kirdi.

Donishmand bobolarimiz kekkaygan, takabbur kishilarni mana qanday jazolagan. Hujra eshigini past bo‘lishida hikmat shuki: “Ey inson farzandi! Kamtarin bo‘l, ichkariga egilib kir. Boshing osmonga yetgan bo‘lsa ham bu ilm dargohida kibr, manmanlikka berilma!

Mana shu hujralarga ta’zim qilib kirganlarning yuksak darajalarga erishganiga e’tibor ber. Ular muhaddislarning sultoni, avliyolarning sultoni bo‘ldi, butun dunyo tabiblarining sultoni bo‘ldi!”
Safo Maxsum qog‘ozga qarab she’r o‘qiydiganlarni nimcha shoir (notugal shoir) derdi. U she’rni tushunadiganlarni avliyo deb bilardi.

U sho‘rolar g‘oyasini dengiz yuzidagi ko‘piklar kabi puch ekanligini bilar, shu bois qizil gaplarga, qizil shiorlarga e’tibor bermasdi. U nevaralarini, shogirdlarini, suhbatdoshlarini kelajak zamonga, Mustaqillik zamoniga tayyorlab o‘tdi…

Butun umri davomida bir misra ham she’r chop qilmay o‘tgan shoir bor edi Buxoroda. Uning nomi Muhammad Safo Maxsum Buxoriy edi.

img100.jpgBOBOMNING RIVOYATLARI

Allomani qoyil qoldirgan bolakay

Aflotunning oldiga otalar o‘z farzandlarini shogirdlikka opkelisharkan. Shunga ustozlik qiling, zora sizday allomai zamon bo‘lib yetishsa, deyisharkan. Aflotun hech kimga yo‘q demas ekan-da, faqat sinov maqsadida bolaga kichik bir xizmat buyurarkan. Bo‘tam, mana shu ko‘zani oling-da, hovli ortidagi hovuzdan suv keltiring, derkan. Bola xo‘p degancha yugurib ketarkan-da, bir pas o‘tib, ko‘zasiz, suvsiz so‘ppayib qaytarkan. Buning sirini hech kim bilmas ekan. Bir kuni voqea boshqacha kechibdi: otasi bilan kelgan bolakay ko‘zani ko‘tarib chiqib ketibdi-da, hayallab qopti. Keyin ko‘zani bo‘sh ko‘tarib qaytibdi. Ha, bo‘tam, nima bo‘ldi, debdi Aflotun. Ustozjon, debdi bola, hovuzingiz suv makruh bo‘libdi, shu bois suv keltirmadim, debdi. Yo‘g‘ye, nega makruh bo‘ladi, debdi Aflotun. Bir jondor suvda bejon yotibdi, debdi bola. Qani, ko‘raylik-chi, qanaqa jondor ekan, deb Aflotun tashqariga chiqibdi-da, bolaning fahmu farosatiga qoyil qopti. Gap shunda ekanki, bir qarashda hovuzda ko‘m-ko‘k bo‘lib jimirlab turgan narsa suv emas, shisha ekan. Suv olaman degan bola nari-berisiga qaramay shosha-pisha ko‘zani hovuzga solarkan-da, uni sindirib qo‘yarkan. Bu bola esa shoshmabdi, ko‘za solishdan avval qo‘li bilan paypaslab ko‘ribdi. Qarasa, ahvol shunaqa. Keyin bir bo‘lak guvala opti-da, shisha ustiga to‘rt oyoqli, uzun quloqli eshaknimi, boshqa narsanimi shaklini chizibdi-da, hovuz suvi makruh ekan, deb qaytib borgan ekan. O‘z fahmu farosati bilan Aflotunni qoyil qoldirgan bola keyinchalik Arastu degan allomai zamon bo‘lib yetishgan ekan.

Yer talashgan qo‘shnilar

Ahil yashab kelgan ikki qo‘shni orasiga mushuk oralabdi. Bola-chaqasi bo‘y ko‘rsatib, ularga imorat ko‘tarmoqchi bo‘lishibdi. Shu paytgacha, ikki dala o‘rtasida to‘siq yo‘q ekan. Devor urmoqchi bo‘pti bittasi. Ikkinchisi qarasa, nazarida uning yeridan ancha qismi devor naryog‘ida qop ketadigan. Unisi u depti, bunisi bu depti. O‘rtaga xotinlari tushibdi. Janjal, tortishuv zo‘raygandan zo‘rayib boraveribdi. Shu payt ko‘chadan bir farishta suvrat bir qariya o‘tib qopti. Nima gap, nima to‘polon, depti. Qo‘shnilar bir-biriga gal bermay, voqeani bayon qila ketibdi. Qariya qarasa, bahs nihoya bilmaydi. To‘xtanglar, to‘xtanglar, baraka topgurlar, debdi. Bu yer kimniki aslida, debdi. Meniki, debdi bittasi. Yo‘q meniki, debdi ikkinchisi. Bo‘pti, hozir aniqlaymiz, debdi donishmand chol. Va sekin cho‘kkalabdi-da, yerga quloq tutibdi. Qo‘shnilar angrayib qarab turaveribdi. Chol, ha, degancha bosh irg‘abdi-da, qaddini rostlabdi. Qo‘shnilar har ikkisi ham o‘z talabini tasdig‘ini kutib, cholga quloq tutishibdi. Chol ularga qarab, siz yer meniki, deysiz, siz meniki deysiz. Yer bo‘lsa boshqacha gap qilyapti. Qanaqa gap, debdi qo‘shnilar baravariga. Yer aytayaptiki, bularning da’vosi bekor. Bularning ikkisi aslida meniki. Erta bir kun ikkisini ham o‘z bag‘rimga olaman, deyapti. Qo‘shnilar kosa tagidagi nim kosani tuyqusdan fahmlab qolishibdi-da, cholga rahmat aytishib, bir-birlariga qo‘l tashlab, yarash-yarash qilishgan ekan.

BOBOMNING SHE’RLARI
(Bobom rahmatli biror satr she’rini e’lon qildirmagan, bunga urinmagan ham. Sababi, o‘zini shoir emas, hali aytganimdek, shoirlar muxlisi, she’riyat bog‘ining gulchini deb bilganidan shunday qilgan. Men bo‘lsam, bu o‘rinda shunga jur’at etyapman. Daftar to‘la g‘azallaridan ayrim namunalarni sizga ilinyapman. O‘zingiz baho bering, Muhammad Safo Buxoriy faqat muxlisu gulchin bo‘lganmi, yoki…)

Sensiz, e, oromijonim, menda rohat qaydadur,
Furqatingda bir dame istirohat qaydadur.

Lahza-lahza ko‘rmasam guldek yuzigni ey nigor,
Boshda hushu dilda sabru tanda rohat qaydadur.

Tal’ati zebo bilan gulshan sari qilsang xirom,
Oy yuzingning oldida gulda nazokat qaydadur.

Olmading bizdin xabar, bir yo‘li ey oromijon,
Ey parivashlar mohi lutfu inoyat qaydadur.

Dilrabolar ko‘p va lekin dilrabolik bobida,
San kabi bir dilbari sohib malohat qaydadur.

***

Gashtam az kirdori davron xastayu zoru g‘amin,
Kulfatu ranju g‘amu dardu alam shud dar kamin,
Hast bolinam zi xoku paxluyam ba boloi zamin,
Bar qadi xam gashta gardidas ahvolam chunin,
In nido omad ba go‘sham ey g‘aribi dil hazin,
G‘am maxo‘r, ey xasta nomi o‘ buvad haqqul mubin.

Ey rafiqon, in chi dardu in chi shomi motam ast,
Shomu hijronam firoqu ro‘zi man dardu g‘am ast,
Misli man g‘amgin naboshad, har ki dar in olam ast,
Har shab faryod oyad in nido subhi dam ast,
G‘am maxo‘r, ey maxsumi aftodayu zoru hazin,
Tu baxo‘bi donki nomi o‘ buvad haqqul mubin.

Holati tangi maro har kas ki did dar jahon,
Ashk jori mekunad rahme namoyad begumon,
Qissahoi dardnoki man ajab shud doston,
Bar chunin holi g‘aribi shud nido az osmon,
Tu baxo‘bi donki nomi o‘ buvad haqqul mubin.

Oxir az abnoyi gardun maskanam shud joyi tang,
Mezanam zi in g‘ussa har shab, bar saru bar sina sang,
Bo chunin dili shikasta bo jafoi poyi lang,
To bakay bosham azizon dar daruni go‘ri tang,
G‘am maxo‘r, ey maxsumi aftodayu zoru hazin,
Tu ba xo‘bi donki nomi o‘ buvad haqqul mubin.

***

She’r ohangi dil astu nag‘mai ruhi bashar,
Bar navoi dil jahonro oshiqi shaydo kunam.

In jahon boshad kitobu ishq sar to poi o‘,
Oxir in alfosi dilkashro ba tu ma’no kunam.

Har gujo husn ast shoir mekunad on jo maqom,
Har gujo ishq ast on jo oshiyon barpo kunam.

Shoire gaz osmone she’rhoi xeshtan,
She’rho dar torami in gumbazi mino kunam.

Ganja-ganja mefishonam chun saroyam masnavi,
Bo‘i jomi mediham gar jom pur sahbo kunam.

Gah bangu boda go‘yam, gah zohid, gah rind,
Gah suxan az so‘zi Majnun, gah az Laylo kunam.

Nur posham barqson, chun lab kushoyam dar g‘azal,
La’l rezam abroso chun suxan insho kunam.

Domani arbobi ma’niro kunam pur az guhar,
Chun tapish on tapi daryo bori gavharzo kunam.

Az parishon kokuli dildor agar sozam raqam,
Gulshani ash’orro pur sumbulu go‘yo kunam.

Var zi vasfi chashmi masti yor go‘yam shammaye,
Bo‘stoni she’rro pur nargizu shahlo kunam.

Bodu chashmi tar nabinam dar jamoli koinot,
Chashmi dilro dar furo‘g‘i ma’naviy bino kunam.

***

Salome mefirsam man ba dildor,
Ki g‘ayraz tu nadoram digare yor.

Salome nazdi jonon mefirsam,
Salome xushtar azo jon mefirsam.

Salome mefirsam ba jamolat,
Salome digare bo xattu xolat.

Salome bo du chashmoni siyohat,
Salome bo du abro‘i kamonat.

Salome bo dahoni pistai tu,
Salome bo zaboni rustai tu,

Salome mefirsad oshiqi zor,
Ba on mahbubi barnoyi sitamgor.

XABARKASH

Xandon labi po‘sda dahon ast xabarkash,
Shirin suxani zahr zabon ast xabarkash,
Ozori dili xurdu kalon ast xabarkash,
Bo har dili sofe ba gumon ast xabarkash.

Az xona ba xona, zi idora ba idora,
Chun tortanak tor tanond chand qatora,
Gap burda gap orad kunad fitna manora,
Sad shud barangezatu istat ba kanora,
Oshubgari bayni kason ast xabarkash.

Juz fitnau ig‘vo o‘ magar kor nadorad,
In besharaf az besharafi or nadorad,
Parvoi sari ko‘chayu bozor nadorad,
Andesha zi ag‘yori g‘ami yor nadorad,
Har jo ki ravi bo tu ravon ast xabarkash.

Jangonda kasonro kunad az go‘sha tamosho,
Bar dasti pisar doda gireboni padarro,
Az xeshu taboru zanu sho‘, yoru shinoso,
Hastand base murda judo zinda judoho,
Bar oshi hama zahr chakon ast xabarkash.

Iblis barin hoziru tayyor magazvor,
Gah az pasi dar oyadu gah az pasi devor,
Nonu namakat xo‘rda kunad xoni tu murdor,
Jamiyati mo pok zi oludagi bezor,
Ronetki iflosu ziyon ast xabarkash.

Dar davri ozodiy in xislati po‘sida ravo nest,
Dar ba’zi kason az chunin kor ibo nest,
In chunin kasanro bo chunin doira jo nest,
Juz fosh namudan rohi tadbir ba mo nest,
Kayhostki mardudi zamon ast xabarkash.

PORAXO‘R

Harza go‘yu laqqiyu ustozi shayton poraxo‘r,
Ham-chu afi zahr dori zeri dandon poraxo‘r.

Mezani xezak ba misli gurboi qassob tu,
Yakta tin bini shavi on so‘ shitobon poraxo‘r.

Toki la’l oyad ba dastu ham naranjad tab’i yor,
Meshavi har dam ba har range namoyon poraxo‘r.

Koshki pur meshud az xoki lahat chashmoni tu,
Behtar az onki shavi dar go‘r pinhon poraxo‘r.

Jurahat qallobu duzdu hasti tu nayrang boz,
Az chi vijdonro furo‘shu bar jig‘irdon poraxo‘r.
Pul parasti mekuni, dar ko‘cha masti mekuni,
Dar amal rubohiyu dar shakl inson poraxo‘r.

Harchi aftad ba kafat mesozi onro obu loy,
Ham chu gurgi gushna metozi haroson poraxo‘r.

Mezani az chashm surma, az dahon hatto saqich,
Boz bo da’vo bigiri az girebon poraxo‘r.

Hamchu xore dar miyoni in guliston gashtayi,
Murdanat beh dur shav az bayni moyon poraxo‘r.

***

Zamon ahlig‘a ishqu yor deb rozing aylama ravshan,
Ko‘zing yog‘in yedirsang do‘st, ammo bermasang dushman.

Yo‘lidan tosh agar olsang, urar boshingga bir kun tosh,
Ochar aybingni gar bo‘lsang ani aybiga pirohan.

Ichidur kinayu nafratga pur, zohirdadur xomush,
Qarodur dud birlan qaysi uyda bo‘lmasa ravzan.

Nafas boricha qildim sayr, haftodu du millatni,
Hammasi muddaidur, ko‘rmadim o‘zdek fano bo‘lgan.

OTA-ONAM HIKOYATI

Ota tomondan bobomni Mulla Hoji Yo‘ldoshboy o‘g‘li deyishgan. Bobom Hajga bormagan, otasi Mullo Yo‘ldoshboy Hajdan qaytgan kuni dunyoga kelgani uchun ismini Mulla Hoji deb qo‘yishgan ekan. Mulla Hoji bobom 1873 yil tug‘ilgan. Buxorodan o‘n ikki chaqirimcha naridagi Navmetan degan qishloqda yashagan, besh o‘g‘il, ikki qizi bo‘lgan. Otamning eslashicha, ularning dalasida sakson to‘rt tup o‘rik daraxti bo‘larkan. Shundanam bilish mumkin, ularning kattagina bog‘i, ekinzor yerlari, shunga yarasha ot-ulov, mol-hol, moyjuvozlari bo‘lgan. Qizil bosqindan so‘ng bobom avvaliga uch oy qamoqda o‘tirgan, keyin mol-mulki tortib olinib, qishloqdan badarg‘a qilingan. Yetti bola bilan shaharga kelib, ijarada yashagan. O‘g‘illari bilan odamlar xizmatini qilib, hatto kechalari hojatxona tozalab tirikchilik o‘tkazgan. Ayollari – Yusufboy qizi Adolatxon bibimiz bo‘lsa qo‘ni-qo‘shnilar kir-chirini yuvgan, hovlisini supurgan, bolalariga qaragan. Nihoyat Xojai Porso mahallasidan uy-joy sotib olishib, muqim bo‘lishgan. Bu orada bir yo‘la uch o‘g‘il armiyaga olinib, fin urushiga jo‘natilgan. Shunda ham bobomni tinchitishmagan, ro‘zg‘or koriga yarab turgan birgina otini ham tortib olishgan. Ketma-ket yo‘qotishlar, zarbalar natijasida bobom ruhiy xastalikka yo‘liqib, dunyodan o‘tgan.

Aytmoqchi, bobomning Rahmatboy degan ukasi urushdan avvalroq, hali qishloqdalik paytlarida, Qumrabot cho‘liga kirib ketib, qaytmagan ekan. U kishi pahlavon kelbat, chapani, cho‘rtkesar, ayni choqda zavqi baland bir yigit bo‘lgan deyishadi. Jiyanlaridan, ayniqsa Ne’matjonni (mening otamni) yaxshi ko‘rarkan. Yelkasiga beshotarni osgancha, to‘rt-besh yoshlardagi jiyanini oldiga o‘tqazib, qishloq ko‘chalarida, Qumrabot qumliklarida otda sayr qildirar, shunaqa paytlarda ko‘pincha “Ravshani ruxsoriga du chashmi ohular bilan, jabri ko‘pu mehri oz beboku hindular bilan…” deb “Bebokcha”ni baland ovozda aytib yurarkan (Otamning “Bebokcha”ni yaxshi ko‘rishi, ko‘zda jiqqa yosh bilan xirgoyi qilib yurishlari sababini men bu gaplardan xabar topganimdan keyin tushunganman). Yelkasiga miltiq osib yurganidan, o‘ylashimcha, qandaydir xalq qasoskorlari guruhiga aloqasi bo‘lgan, chamasi… Bunday deyishimga sabab, bolsheviklar kuchayaverganidan so‘ng Rahmatboy bir kun otiga minib, Qumrabot ichiga kirib ketgan ekan. Shu ketishda Afg‘onistonga o‘tib ketganmi, boshqami… hech kim bilmaydi.

U kishidan bir o‘g‘il, bir qiz qolgan. O‘g‘lini usta Juma deyishardi, qizining ismi Muyassarxon bo‘lgan. Usta Jumani yaxshi eslayman, baland bo‘yli, qoruvli odam edi. Buxoroda bunaqa odamni “kulangi” deyishadi. Tana-to‘shiga mos fe’li keng edi, sekin, salmoqlab gapirardi. Men yosh bolaman, nimagadir “ha, mutavali” deb qo‘yardi erkalab. Juda barakali, mirishkor bog‘bon edi. Qo‘y-qo‘zi, mol-holni yaxshi ko‘rardi. Bir kun bozordan sovliq sotib olsa, hafta o‘tib haligi qo‘y qo‘zilabdi, egiz tug‘ibdi. Qo‘zichoqlar biri-biridan chiroyli, qo‘ng‘iroq yungi yaltirab turarkan. Buni ko‘rgan qo‘ni-qo‘shnilar, usta Juma, bularni tez so‘ying, juda zo‘r telpakbop qorako‘l chiqadi, deyishibdi. Juma bobo, yo‘q, yo‘q, bo‘lmaydi, deb bosh irg‘abdi. Sizlar ko‘rmayapsizlar, men ko‘rib turibman, mana bu jimjimador yozuvlar Qur’oniy kalomlar, degan ekan qo‘zichoqlarning yungiga ishora qilib. Rostdanam shunaqa yozuvlar bo‘lganmi, bilmadimu, lekin juda rahmdil, shafqatli bir odam edi-da. Uni Usta Juma deyishlarining sababi kosiblik hunari ham bo‘lib, mahsi tikardi.

Usta Jumaning bir odati bor ediki, azada yig‘lamasdi. 1968 yil Ahmad tog‘am mashinasida halokatga uchrab, 38 yoshida nobud bo‘ldi. Juma bobo “E, men katta edim, ketish navbati meniki edi-ku!” deb boshini saraklatib qo‘ygan ekan. Shundan o‘n yil o‘tib, otam qazo qildi. Juma bobo darvozamiz oldidagi karavotga kelib o‘tirdi-da, og‘ir xo‘rsindi. Meni yoniga imlab, ohista bag‘riga bosdi. Hech narsa demadi. Shunda kimdir kelib, Juma aka, bandalik ekan-da, degandi, Juma bobo ohista bosh irg‘ab qo‘ydi-da: “Biz qolib, Ne’matillo ketganini qarang, yosh narsa”, degandi uf tortib.

Juma boboning to‘rt farzandi bor edi. To‘ng‘ichi Gulnora ammam edi. Keyingisi Jo‘ra amakim maktab direktori bo‘lib ishladi. Hozir pensiyada, 2015 yil Hajga borib keldi. Hasanboy degan o‘g‘li savdoda, mening tengdoshim, Murodjon o‘g‘li qo‘li shirin pazanda, elning ma’rakalarida osh damlaydi. Jo‘ra amakimdan otasi Juma boboning bir gapini eshitganman. U kishi aytarkanki, o‘zingdan kichik odam o‘tsa, yig‘lamagin, mayit bezovta bo‘ladi. O‘zimdan katta odamni yig‘latdim-a, bezovta qildim-a, deydi. Shuning uchun meni dilim yig‘laydiyu sirtimga chiqarmayman, degan ekan.

Rahmatboyning ikkinchi farzandi Muyassarxon ammamga kelsam… Yaqinda Habibulla, G‘afur degan ikki qarindoshimizdan xabar topdik. Ular Muyassar ammamning o‘g‘illari bo‘lib, Termizda yashashar ekan. Mulla Hoji bobom o‘lib, o‘g‘illari urushga ketib, Muyassar ammam vafot etib, katta xonadon parokanda bo‘lgach, hali suyagi qotib ulgurmagan ikki go‘dak – Habibulla bilan G‘afur Bolalar uyiga tushib, Termizga borib qolishadi. 2014 yil yozda Habibulla akam Buxoroga keldi. Yoshi sakson beshda, xuddi otamning o‘zi-ko‘zi. O‘n bir farzandi bor ekan, qurilishda ishlab, nishonlar olibdi, hatto Sharof Rashidovning o‘zi u kishiga “Volga” mashinasining kalitini topshirgan ekan. Akasi – G‘afur amakim bo‘lsa, bir-ikki yilcha muqaddam o‘tibdi. Meni tanisharkan, Habibulla akam bir nabirasining ismini G‘aybulla deb qo‘yibdi.

Endi otamga kelsam, ismi Mulla Hoji o‘g‘li Ne’matjon. Fin urushida, nemislar bilan bo‘lgan urushda qatnashgan. Dnepr bo‘yida yaralanib, oyog‘ida oskolka bilan qaytgan. Otam bog‘bon edi. Safo Maxsum bobom qorovullik qilgan maktabda bog‘bonlik qilib, kattagina bog‘ yaratgandi. Hali yuqorida aytganimdek, bobom maktabning yangi direktori Husaynzoda bilan murosasi kelishmay ishdan ketgan kuni otam ham ishdan bo‘shagandi. Bobom shundan keyin bolalar bog‘chasiga qorovul bo‘lib ishga o‘tdi. Otamni esa Bolalar uyiga ishga taklif etishdi. Toshkentdan borgan Maryam Yoqubovna degan Bolalar uyining rahbari (u shifokor ham edi) otamni chaqirib, Ne’mat aka, bo‘lib o‘tgan gaplardan xabarim bor. Siz bizga o‘ting, debdi. Uch gektar yerimiz bor, qanday yordam kerak bo‘lsa, beramiz, siz shu yerni bizga bog‘ qilib berasiz, debdi. Otam yeng shimarib, ishga kirishdi. Chakalakzor, butazor bo‘lib yotgan yerni buldozer solib tekislatdi. Olti tup eski daraxtdan boshqa hamma dov-daraxtni kestirdi. Eski daraxtlar deganim – ikkitadan sada, chilonjiyda va yong‘oqni asrab qoldi, bular kamida yuz yillik daraxtlar, ota-bobolarimizni ko‘rishgan, ular tabarruk dedi. Qisqasi, ikki-uch yil nari-berisida Bolalar uyining yangi bog‘i paydo bo‘lib, oldi mevaga kira boshladi. Bog‘da yo‘q mevaning o‘zi yo‘q edi. Uzumning o‘n-o‘n besh turi yoz avvalidan kech kuzgacha birin-ketin pishib yotardi. Bitta-yarim odam , e, Ne’mat akayey, qo‘lingiz gul-da, qo‘lingiz barakali-da, deya maqtay boshlashi bilan, yo‘q, yo‘q, deya bosh irg‘ardi. Bular hammasi Xudodan, Xudo beryapti, anovi dilshikastalarning rizqi bu, derdi Bolalar uyining yetimlarini nazarda tutib.

Bog‘ juda shinam, bahavo joyga aylandi. Esimda bor, bobom Safo Buxoriy ham o‘z ulfatlari bilan yiliga ikki-uch bora shu bog‘da yig‘in o‘tkazib turardi. Bu yig‘inlarda men kimlarni ko‘rmadim, deysiz! O‘tgan asr boshlarida Payrav Sulaymoniy degan mashhur shoir o‘tgan. Shu insonning jiyanlari Sa’dulla, Abdulla Saidjonovlar, amirning xos hofizi Levicha Boboxonovning o‘g‘li Mushe Boboxonov, Mirzo Salimbek (“Kashkuli Salimiy” kitobining muallifi) degan mashhur tarixchining o‘g‘li Qorijon Rog‘ib, mashhur adib Jalol Ikromiy, Oybek domlani o‘z quvvayi hofizasi bilan hayratga solgan Sharif Nurxon… bular barchasi bobomning hammaslak, hamnafas tengqurlari, do‘stlari edi. Davraning eng yosh qatnashchilari ustozlarimiz Ne’mat Aminov, Sadriddin Salim Buxoriylar bo‘lib, ular ahli donishlarga xizmat qilish asnosida dilkash, dilovar suhbatlar, she’rxonlik, ashulaxonliklardan to‘yib-to‘yib bahramand bo‘lishardi… O‘sha davrlar ham g‘animat ekan, bobomdan dunyo o‘tgach, hammasi barham topdi.

Talabaman. Ikkinchi kursni bitkazib, Buxoroga kelganman. Otam ikkimiz bog‘ o‘rtasidagi chorsi karavotda gap-so‘zsiz o‘tiribmiz. Bir mahal otam, e, degancha bir xo‘rsinib qo‘ydi-da, bir zamonlar bu yerlar qanaqangi fayzli edi-ya, dedi. Hammasini bobongiz o‘zi bilan olib ketdi… Qizig‘i, men ham shu narsani o‘ylab turgandim. Bir paytlardagi otashin masnaviyxonligu baytbaraklar, dilbar suhbatlar guvohi bo‘lgan so‘lim bog‘dan fayz ketgan, hatto manavi ulkan karavot ham allanechuk mung‘ayib, kichrayib qolgandek ko‘rinardi ko‘zimga…

Otam daraxtlar bilan gaplashardi

Ha, mubolag‘a qilmayapman, otam rostdanam daraxtlar bilan tillasha olardi. Ba’zi joylarda ko‘ramiz, daraxtlarga sim bog‘lashadi, har xil yozuvli taxta-lavhalarni mix bilan qoqib tashlashadi. Otam shu narsani yomon ko‘rardi. Qayerda ko‘rib qolsa darhol bolg‘acha va ombir bilan haligi simlarni qirqib, taxtachalarni qo‘porib tashlardi. Bular qanaqa odamlar o‘zi, joni bor-ku bularning ham, joni og‘riydi-ku, derdi jahli chiqib. Bir safar Toshkentdan borsam, bog‘da qurigan daraxt shoxlarini arralab, sipta-siptasini ajratib olyapti. Oskolkalik oyog‘i og‘riyapti, shekilli, qiynalib o‘tirib-turyapti. Nima qilyapsiz, dedim. Voyish(ishkom)ga ajratyapman, dedi. Ovora bo‘p nima qilasiz, ota, dedim. Qarang, qancha truba, armatura yotibdi. Shulardan foydalansangiz bo‘lmaydimi?! Otam kulimsirab qo‘ydi-da, oftobda yotgan trubalar oldiga boshlab bordi meni. Qani tuflingizni yeching-chi, dedi. Hayron bo‘lib turgandim, yeching, yeching, dedi. Paypog‘ingizni ham yeching. Endi chiqing bunga. Ha, kuydimi?! Kuyadi-da, oftobda qizib yotibdi. Tokning ham badani kuyadi, uniyam joni bor, bolam. Faqat tili yo‘q, aytolmaydi. Ana shunaqa, bolam…

Bog‘ oralab yurgan otamni ko‘z oldimga keltirsam, doim “Soldat otasi” filmidagi gruzin chol – Maxarashvili yodimga tushadi. Otam, bularning tili yo‘q, desa ham, nazarimda bog‘dagi hamma narsa bilan gaplashardi. Ularning tilini tushunardi, ovozini eshitardi.

Raqamlangan arava

Shu o‘rinda (garchi bir oz o‘rinsiz bo‘lsa-da) bir voqeani eslab o‘tgim keldi. Ot-aravamiz bor edi. Ro‘zg‘or yumushlariga, bog‘ ishlariga yarab turardi. Zamonni qarangki, (O‘zi kechirsin, zamon aybdor emas, albatta) shu ot-arava sababli otamni gazetaga chiqarishibdi. Nima emish, Bolalar uyida bog‘bonlik qiladigan Nemat Hojiyevning shaxsiy ot-aravasi bor. U aravada yuk tashib, qo‘shimcha daromad topadi, deyishibdi. Qarashsa, ahvol jiddiy. Ot-ulov qo‘ldan ketadigan. Baraka topgur, Maryam Yoqubovna (afsuski, familiyalari yodimda qolmabdi) darhol raddiya yozib, bu ot-arava shaxsiy emas, u Bolalar uyining mulki, deb hujjatlashtirib, hatto DAN idorasidan 101- raqam ham ham olib bergan ekan. Nima deysiz, kulgili, a? Ammo, u zamonlarda…

Otam bizni san’atga oshno etgan

Oilada besh farzand bo‘lganmiz: ikki opam – Muqaddam, Muhtarama, akam – Xayrulla, men va singlim – Zulfiya. Farzandlarning kattasi qiz bo‘lganligiyam yaxshi ekan. Chunki, hayoni, iboni, odobni opalar o‘rgatadi. Ulardan ibrat olasiz-da. Otam bizni mehnatda chiniqtirgan. Mehnatkash qilib tarbiyalagan. Ayni choqda, o‘zi bilib-bilmay, san’atga ham havasmand qilgan.

Otam bir kuni “Ural-57” rusumli radiopriyomnik ko‘tarib kep qoldi. Uyimizda bayram bo‘lib ketdi. Komiljon Otaniyozov, Ma’murjon Uzoqov, Faxriddin Umarov, Jumanazar Bekjonov, Tavakkal Qodirovlar plastinkalarini ham opkepti. Shundan keyin har kuni belgilangan bir vaqtda oilaviy konsert eshitadigan bo‘lganmiz. Biz – aka-uka, opa-singillarga topshirilgan turli vazifa-yumushlar bajarib bo‘lingach, otam qilgan ishlarimizni bir ko‘zdan kechirib chiqardi-da, keyin hammamizni radiopriyomnik yoniga o‘tqazib qo‘yib, plastinka (dadam “qarta” derdi) qo‘yib berardi.

Radioda har payshanba kuni “Maqom kechasi” berilardi. Safo Maxsum bobom otamga atayin 240 so‘m berib, magnitofon oldirganlar. Va otam har galgi “Maqom kechasi”ni kanda qilmay magnit tasmasiga yozib borgani ham esimda….

Keyinchalik mahallamizning yakkam-dukkam xonadonlarida televizorlar paydo bo‘ldi. Ko‘pchilik yoshi kattalar eslasa kerak buni – o‘sha dastlabki paytlarda qishloqning bolalari kech bo‘ldimi, televizorli uylarni tanda olishardi. Har kim o‘ziga yaqin, haddi siqqannikiga borardi, albatta. Biz akam ikkimiz ham o‘shalarning bittasi edik. Dadam bizni qaytarib, koyib turardi. Unaqa qilmanglar, falonchi amaking ishdan charchab keladi, kayfiyati bo‘lmasligi mumkin, derdi. Biz, bo‘pti, bugun chiqaylik, yaxshi kino bor-da, ertadan bormaymiz, deb yolvorardik. Qayoqda! Ertasi yana bugunam boraylik, dadajon, keyin bas… deb mo‘ltirab turardik. Oxiri bo‘lmadi, otam rahmatli Romitandan borib televizor ko‘tarib keldi. “Start – 3” rusumli edi, sira esimdan chiqmaydi. Ana shu “Start-3” ekrani orqali men ilk marta Buxorodan “tashqariga chiqqanman”. Toshkentni ko‘rganman, boshqa shaharlarni… dunyoning kengligidan hayratga tushganman.

Otamning bir odati bo‘lardi: televizorga kim chiqsa, u akademikmi, san’atkormi, shoirmi, oddiy dehqonmi … agar “assalomu alaykum, muhtaram tomoshabinlar”, deb gap boshlasa, otam “o‘g‘lim, bu yaxshi odam ekan, buni ko‘rish kerak” deb, oxirigacha o‘tirar, kimki salom bermasa, “e, salomi yo‘qda ma’ni bo‘larmidi”, deb chiqib ketardi.

Onam yopgan nonlar va…

Onam Muzayyamaxon nihoyatda sarishta uy bekasi bo‘lgan. Ro‘zg‘or tashvishi, bolalar tarbiyasidan ortib, otamga ko‘maklashish maqsadida non ham yopardi. Ertalab uch-to‘rtda turib, xamir qorardi. Opalarim yordam berardi, biz aka-uka nonni opchiqib sotardik. Kunjutli nonlar edi. Sotgandayam melisalardan qochib-pisib sotardik. “Netrudovoy doxod”, “spekulyant” degan gaplar bo‘lardi. Kuzmin degan o‘ris melisa bor edi, yaxshi odam edi. Ba’zida bir kun-ikki kun oldin shipshib qo‘yardi, “Sinok, zavtra budte ostorojno, komissiya pridyot” derdi. Shunga qarab, ehtiyotimizni qilardik.

Non haqida gap ketarkan, bu voqealardan oldinroqdagi manzaralar ko‘z o‘ngimda jonlanadi. Oltmishinichi yillar boshida non tortilib qoldi. Do‘konlar oldida keti ko‘rinmas navbatlar paydo bo‘ldi. Akam ikkimiz tong qorong‘usida non do‘konga chiqib ketamiz. Odam boshiga bittadan non beriladi. Men 7-8 yoshli bolakay navbatda tik turgancha uxlab qolaveraman. Bitta manzara sira ko‘z oldimdan ketmaydi: Ichkarida novvoylar terga tushib non yopyapti. Tashqarida – novvoyxona peshtaxtasi tepasida katta plakat. Plakatda kosmonavtlar Yuriy Gagarin, German Titov, Valentina Tereshkova va Nikolayevlar, o‘rtada Nikita Xrushchev: hammasining ko‘kragi to‘la orden, yuzlarida g‘olibona tabassum, qo‘llari baland ko‘tarilgan. Pastda esa… jinko‘cha bo‘ylab cho‘zilib ketgan turnaqator odamlar safi… Odamlar sabr-toqat va hadigu xavotir bilan o‘z navbatini kutadi. Onda-sonda bir savat yupqa-yupqa non chiqadi-da, peshtaxtaga qo‘yiladi. Har bir savat chiqishi navbat oldidan o‘n-o‘n beshtacha odamni kamaytiradi. Navbati yaqinlashganlar keyingi savat chiqishini ilhaq kuta boshlaydi… Plakatdagi qorni to‘q kimsalar esa tepada turgancha, biz – “baxtiyor sovet fuqarolari”ni qutlab, qo‘l silkib turishardi…

Saboq

Bu ibratomuz hangomani rahmatli otam kula-kula so‘zlab bergandi. Hali aytganimday, otam fin urushi, nemis urushlarida qatnashib, qayta-qayta yaralanib, qayta-qayta tuzalib, nihoyat urushni oxirlatib qishlog‘iga qaytgan, foydaga qolgan umri shukronasiga hammaga yaxshilik sog‘inguvchi, yaxshilik qilishga intilguvchi shokir bir zot edi.

U kishi uylanib, uch-to‘rt yildan so‘ng ota uyidan ko‘chib chiqadigan bo‘ladi-da, shaharning qishlog‘imizga yaqinroq bir mavzeidan imorat joyi o‘lchatib oladi.

“Belgi qoziqlar bilan ihotalangan imoratim joyini viqorla aylanib chiqdim-da, keyin bitta ketmon topib, “bismillo” deb ishga kirishmoqchi, o‘ydim-chuqurlarni tekislab qo‘ymoqchi bo‘ldim, – deb eslaydi otam kulimsirab. – G‘ayratlanib tanish eshikni taqillatdim. Ichkaridan ota qadrdonim Bobo Sodiqiy (Sodiq boboga shunaqa murojaat qilishardi) yo‘g‘on ovozda yo‘talib-yo‘talib chiqib keldi. Basavlat, oppoq soqolli, qarashlaridan odam hurkadi…”

Otam Bobo Sodiqiy bilan qo‘shqo‘llab ko‘rishadi.

– Keling-da, pisar, – deydi qariya salom-alikni qisqa qilib. – Hamsoya bo‘lyapsiz ekan deb eshitamiz-u, o‘zingizni ko‘rmaymiz…
– Endi kunda-shundamiz, bobo, – deydi otam iljayib, – faqat joningizga tegib ketmasak bo‘ldi…

Hazilni iqi suymaydigan Bobo Sodiqiyning qovog‘i uyuladi. Otam darhol hushyor tortadi-da, muddaoga ko‘chadi.

– Bobo, ketmoningizni berib tursangiz.
– Ketmon?
– Ha, ketmon kerak edi, o‘ydim-chuqurlarni tekislamoqchi edim. Keyin…

Sodiq Bobo otamning gapini oxirigacha eshitmay, ichkariga kirib ketadi-da, andak hayallab, la’liday keladigan, og‘ir bir ketmonni ko‘tarib chiqadi.

– Mullo Ne’mat, mana ketmon…
– E, Rahmat, Bobo Sodiqiy, zo‘r ekan o‘ziyam… Bir-ikki kunda qaytib beraman… – deb otam ketmonga qo‘l uzatadi. Lekin, qo‘li havoda qoladi. Bobo Sodiqiy ketmonni berishga oshiqmaydi…
– Mana, ketmon, ko‘rdingizmi, bor ekan-a? Lekin, sizga ketmon yo‘q, xafa bo‘lmaysiz… – deydi-da, otamni eshikda qoldirib, orqasiga qaytadi.

Umrida bu qadar izzayu mulzam bo‘lmagan otam qizarib-bo‘zarib, uyiga qaytib keladi-da, onamni yoniga chaqiradi.
– Daftar-qalam olib kel. Bu yerga o‘tir-da, yoz, – deydi.

Shu kuni qo‘lida onam yozib bergan ro‘yxat bilan bozorga ketgan otam ikkita ketmon, ikkita belkurak, yana bolta, tesha, arra, poytesha, qo‘yingki, ro‘zg‘orga, imorat qurilishiga nimaiki kerak bo‘lsa, hammasidan bir juftdan xarid qiladi-da, keyin usta saqlab, imoratni boshlaydi.

Yoz oxirlarida imorat bitadi. Ko‘chib kirishadi. Odatga ko‘ra mahalla-ko‘y qariyalarini chorlab, xudoyi qilishadi. Bobo Sodiqiy ham keladi. Oshu ob, duoi fotihadan keyin chollardan orqada qolgan Bobo Sodiqiy otamning yoniga kelib, tirsagidan tutadi.
– Mullo Ne’mat, bilaman, siz mandan xafasiz. Lekin xafaligingiz nodurust, – deydi salmoqlab. – Agar man o‘shanda ra’yingizni qaytarmasam edi, ehtimolki, imoratingiz bu yil bitmay qolardi. Bilasiz, rahmatli Mulla Hoji eng yaqin qadrdonim bo‘lgan. Shunday odamoxun, hamiyatli qadrdonimning o‘g‘li imorat solishga bel bog‘lagan bo‘lsayu, ketmon tilanib yursa ayb bo‘ladi-da. Ketmon bersam, ertaga poytesha so‘rab chiqardingiz. Ana shunaqa yomon xislat fe’lingizga o‘rnashib qolardi. Bu esa Mulla Hojining nomiga yarashmaydigan ish bo‘lardi, pisar. Mana ko‘rib turibman: hovlida hamma narsa badastir. Hatto oftobagacha ikkitadan olib qo‘yibsiz. Asbob-anjomlar hammasi top-toza, moylangan, yaltirab turibdi. Baraka toping, pisarim, oriyatli ekansiz, mani xursand qildingiz…

–Shu-shu bo‘ldi-yu, Bobo Sodiqiyni xuddi otamday yaxshi ko‘rib qolganman, – degandi otam o‘ychan tortib. – Uch-to‘rt oy arazlab, jahl qilib yurganlarim bir bo‘ldi-yu, o‘sha kungi nasihati bir bo‘lgandi. Ko‘zimni ochgandi…

O‘ylab qarasam, ulug‘ bir yoshga kirib dunyodan o‘tgan Bobo Sodiqiyning bir paytlar otamni izza qilgani otam orqali o‘tib menga ham ta’sir etgani, saboq bo‘lgani shubhasiz, deb o‘ylayman…

Onamning duosi

Xalqimizning milliy – diniy qadriyatlariga aylanib ketgan bir yaxshi odatimiz bor. Biror kattaroq ish boshlamoqchi bo‘lsak, oilamiz ulug‘lari – bobo, momolarimiz, ota – onamiz, kasbimiz ustalaridan duo, oq fotiha olamiz va albatta, “Bismillo…” deb ishga kirishamiz. Bu narsa odamga kuch beradi, ishonch beradi, ayni choqda kishida mas’uliyat hissini uyg‘otadi.

1998 yil dramaturg Hayitmat Rasulning “Piri koinot” asarini tayyorladik. Rejissyor Valijon Umarov sahnalashtirdi. Men bosh rolda – alloma Ahmad Farg‘oniy rolidaman.

25 oktyabrda rejissyor aytdiki, ertaga progon – spektaklni to‘liq holda ko‘rib olamiz. Agar tayyor bo‘lgan bo‘lsa, keyingi hafta arboblar ko‘rigiga havola etamiz, dedi. Shu kuni kechqurun onam bilan qo‘ng‘iroqlashdim. Fotihalarini so‘radim. Onam xursand bo‘ldi. “Bolam, katta bo‘lib qolibsan, qara, Ahmad Yassaviyni o‘ynading. Farg‘oniyni o‘ynayapsan. Sendan minnatdorman, seni o‘sha ulug‘larimiz qo‘llaydi, inshoolloh… Men ertalab guzarga chiqib, Xoja Porsoga (ko‘chamizdagi avliyo maqbarasi) chiroq yoqaman. Buxorolik avliyolarga, ustozing Azizjonga (Azizjon Mahmudov – Buxoro teatrining marhum rejissyori), Olim Xo‘jaga (Xalq artisti O. Xo‘jayev), ota – bobolaringga Qur’on bag‘ishlayman, – dedi. Keyin bir nafaslik tin olishdan so‘ng: – Telefon qilganing yaxshi bo‘ldi, senga aytadigan gapim bor edi… Bolam, sendan xursandman, sendan roziman. Iloyim, o‘nvoning (onam shunday derdi) bundan ham baland bo‘lsin. O‘g‘il, qizingni orzu-havasini ko‘r, to‘ylarini qil. Martabang ulug‘ bo‘lsin. Shu gaplarni aytmoqchi edim – da”, – deya bilinar-bilinmas xo‘rsinib qo‘ydi.

Ertasi kun progon yaxshi o‘tdi. Premyera kuni belgilandi.

Keyingi kun ertalab Buxorodan qo‘ng‘iroq bo‘lib turibdi: Onangizning toblari qochib qoldi, keling…

Shu zahoti direktorimiz Yoqub Ahmedov bilan bog‘landim. Kabinetimga kelgin, dedi. Bordim. Oldimda turib, Buxoroga qo‘ng‘iroq qildi.

– Aya qalay?.. – dedi qisqa salom-alikdan so‘ng. Keyin indamay eshitdi-da, trubkani qo‘ydi. Va menga deyarli qaramay, “qo‘rqma, shunchaki shamollash ekan, mayli borib kel, hozir chipta buyurtiramiz”, dedi. Bu gaplar ertalabki to‘qqiz yarimlarda bo‘lyapti. Aeroportga qo‘ng‘iroq qilgan edi, samolyotlar ketib bo‘libdi, kechki chorak kam beshda reys bor ekan. Ikkita chipta buyurtirdi, o‘zimga, o‘g‘limga.

Samolyotda ketyapman, tinimsiz iltijo qilaman: Xudoyim, onamga shifo ber, yana to‘rt – besh yilgina umr ber. Onajonimga xizmat qilolmadim, ozroqqina imkon ber. Xizmatini qilay, armon bo‘lib qolmasin… – deyman. Ko‘zlarim dam badam yoshlanib ketadi. O‘g‘lim ajablanib qaraydi. “Nima bo‘ldi, dada?” – deydi. “Hech narsa, o‘zim shunday”, – deyman uni tinchitib. Samolyotdan mashinaga o‘tirdim ham o‘zimda emasman. Uyimgacha bo‘lgan yuz qadamlik piyoda yo‘lim unmaydi. Oyog‘im orqaga ketayotganday. Shukr, onamni tirik ko‘rdim. Meni tanidi, pichirlab duo qildi. Keyin…

Toshkentga besh kundan keyin qaytdim. Yuragim bo‘m-bo‘sh, ichim huvillab qolgan. “Piri koinot”ning premyerasini o‘tkazishimiz kerak, yetmish betlik ssenariydan bir jumla ham esimda qolmaganday.
Ertaga premyera degan kun kechasi ikkigacha kresloda o‘tirib ssenariy o‘qidim, o‘tirgan yerimda uxlab qolibman. Soat oltilarda yelkamga birov turtganday cho‘chib uyg‘onib ketdim. Va nari-beri yuvingan bo‘lib, qo‘limda ro‘zg‘or xaltasini ko‘targancha ixtiyorsiz ravishda Oloy bozoriga qarab yo‘l oldim. Dastlab o‘n beshtalar non oldim. Yana kartoshka, sabzi-piyoz degan narsalar xarid qildim. Katta xo‘roz oldim-da, teatrga ketdim. Komil Nasriddinov degan chapdast akamizga xaridlarimni topshirib, bitta sho‘rva qilib, qariyalar duosini olib bering, marhum ustozlarimiz, keyin onamning ruhlariga Qur’on bag‘ishlang, deb iltimos qildim. Grimxonadaman. Soqol-mo‘ylov yopishtiryapman, salla o‘rayapmanu bo‘m-bo‘shman, xayolimda hech narsa yo‘q. Bir mahal mo‘’jiza ro‘y berdi: bundan o‘n kuncha muqaddam onamga qo‘ng‘iroq qilganim, ularning fotihasini olganim yodimga tushdi. Miyamda bir fikr chaqnadi. “Tavakkul O‘ziga! Bugun o‘ynagan rolimni Onamning ruhi poklariga bag‘ishlayman!” – dedim-da, yuzimga fotiha tortib o‘rnimdan turdim…

Zal to‘la odam, o‘tiradigan joy yo‘q. San’at instituti, Madaniyat instituti talabalari o‘qituvchilari bilan kelishgan. Yana kazo – kazo mehmonlar.

“Bismillo…” deb sahnaga qadam qo‘yganimdan hamma narsa o‘zgardi. Qandaydir ilohiy kuch qanotimdan ko‘tardi. Sahnaga oyog‘im tegmaydi. So‘zlar quyulib keladi. Qarsaklar, olqishlar tinmaydi. Birinchi akt – bir soat o‘n minut qanday o‘tganini bilmayman. Tanaffus paytida Yayra opa (O‘zbekiston xalq artisti Ya.Abdullayeva) oldimga chiqib keldi. Ko‘zlari qizargan. “San … (erkalab so‘kindi) nima qilyapsan? Yuraklarni ezib yubording – ku! Sal orqaroq tur, men Farg‘oniyga bir ta’zim qilay!” – dedi. Bundan ortiq maqtov bormi!..

Keyingi akt ham shunday o‘tdi. Yoshligida ona yurtidan ilm istab chiqib ketgan Ahmad Farg‘oniy buyuk astronom, matematik, geograf bo‘lib tanilgach, kunlardan bir kun kechasi yulduzlarga tikilib, yulduzlar siymosida onasini ko‘rib, u bilan g‘oyibona suhbatlashishi, ko‘z yosh to‘kishlari sahnasi ayniqsa hayajonli kechdi. “Onajon…” deb bo‘zlaganimda, o‘z onam – bundan o‘ng kungina muqaddam tuproqqa topshirgan onaizorim ko‘z oldimda turdi. Telefondagi so‘nggi ovozlari, “sendan roziman” degan so‘zlari qulog‘im ostida jaranglab turdi…

Tomosha tugagach, hech kim zalni tark etmadi. Muhokama boshlandi. Birinchi bo‘lib so‘z olgan domlamiz Muhsin Qodirov gaplaridan yodimda qolganlari: “Bu sahnada ulug‘lar rolini ijro etish mashaqqat. Chunki, Shukur Burhonov Mirzo Ulug‘bekni, Olim Xo‘jayev Alisher Navoiyni qoyil maqom qilib yaratib qo‘ygan edi. Bu qolipdan chiqib ketish osonmas, istaydimi, yo‘qmi, har qanday aktyor shu yo‘ldan borishi aniq. Biroq, G‘aybulla boshqa yo‘lni tanlabdi. U allomani xokisor qilib yaratibdi. Juda to‘g‘ri qilibdi. Olim xokisor bo‘ladi “… va hokazo. Toshpo‘lat Tursunov domlamiz, rahmatli, so‘z oldi. “Men anchadan beri yag‘lamagan (u kishi shunday derdi) edim. Bugun yag‘ladim…” dedi.

Shu o‘rinda dilimdagi bir gapimni aytib ketsam: teatrshunos degan bir insonlar borki, ularning xizmatini hamisha ham qadrlayvermaymiz. Ma’lumki, spektakl jamoa mehnati bilan yuzaga chiqadi. Har kimga o‘z qilgan ishi yaxshi ko‘rinadi, kamchiliklarini, yoki yaxshi topilmalarini yanada kuchaytirishi mumkin bo‘lgan nozik qirralarni payqamasligi mumkin. Aytmoqchimanki, tayyor mahsulotga chetdan xolis nazar bahosi kerak bo‘ladi. To‘g‘ri, tomoshabin odil hakam. Biroq, tomoshabingacha bo‘lgan jarayonda mutaxassis tahlili lozim, ya’ni teatrshunos ko‘rigi zarur. O‘z shaxsiy tajribamdan kelib chiqib aytamanki, nuktadon teatrshunos fikri, agar u inobatga olinsa, spektakl faqat yutadi. Men sahnada ozmi-ko‘pmi natijaga erishgan bo‘lsam, rejissyorlar, ustozlarim bilan bir qatorda teatrimiz bilimdonlarining ham juda katta yordami tekkanini minnatdorlik bilan e’tirof etaman. Hali tilga olganim Muhsin Qodirov, Toshpo‘lat Tursunovlar, Mamajon Rahmonov, Tohir Islomov, Hamidulla Akbarov, Sotimxon Tursunboyev, Shahnoza Mamajonova va yana qancha zahmatkash olimlarimiz o‘z tahliliy chiqishlari, odilona munosabatlari bilan o‘zbek teatri rivojiga juda katta hissa qo‘shdilar.

Yana premyera muhokamasiga qaytsam…

Domlamiz Lola Xo‘jayeva (O‘zbekiston xalq artisti) sahnaga chiqib, qo‘lini peshonasiga soyabon qilib meni izladi. (Men orqa o‘rindiqlardan birida o‘tirardim) “Qayerdasan, G‘aybulla? Men seni bir achomlab qo‘yay…” deb hammani kuldirdi. Men bo‘lsam go‘yo tush ko‘rayotgandek bir holatda edim. Zal o‘rtasidagi yo‘lakdan otaxon san’atkorimiz Zikr Muhammadjonov chiqish eshigi tomon kelarkan, menga ko‘zi tushib to‘xtadi. Keyin: “G‘aybulla, seni Onangning arvohi qo‘lladi, ukam!” dedi-da, chiqib ketdi.

Xullas, spektakl yaxshi qabul qilindi. Shundan keyin u yetmish – sakson martalar qo‘yildi. Lekin, men o‘z rolimdan o‘sha birinchi galdagidek qoniqish ololmadim. Har holda menga shunday tuyuladi. Aziz duogo‘yim – mushtipar Onajonim haqida o‘ylarkanman, beixtiyor ustoz Sadriddin Salim Buxoriy satrlari yodimga tushadi:

Har kimarsa yo‘qolsa, afsona bo‘lib qolar,
Afsonalar qo‘yniga sen ham ketdingmi, ona?

Har kimarsa yo‘qolsa, begona bo‘lib qolar,
Begonalik qo‘yniga sen ham ketdingmi, ona?

Shamol silar boshimni, yomg‘ir to‘kar yoshimni,
Shamolu yomg‘ir bo‘lib tashrif etdingmi, ona?
Armon bo‘lmas deganding men Haqqa yetgan zamon
Yoki o‘zing aytganday Haqqa yetdingmi, ona?

Otamning armoni

Otam urushdan oyoqlarida oskolka bilan qaytganlar dedim. Bir santimetrcha bo‘lgan o‘sha temir parchasi yillar o‘tib, zanglab qonga aralashgan va jigarni ishdan chiqargan ekan. Va otam yotib qolgandi. O‘shanda men institutni tamomlash arafasida, davlat imtihonlarini topshirib yurgan paytlarim bo‘lgan. Otam meni chalg‘imasin deb, to imtihonlarimni topshirib bo‘lgunimga qadar xabar qildirmagan. Muqaddam opam tibbiyot hamshirasi edi. Institutga qo‘yishga chog‘lari kelmay, tibbiyot texnikumida o‘qitishgan edi. Maktabni a’loga bitirib, texnikumda ham peshqadam talabalardan bo‘lgan tirishqoq, mehnatsevar opam, viloyat markaziy kasalxonasida bosh hamshiralik darajasiga ham ko‘tarilgan edi. Otam cho‘pday ozib ketganlar. Buni ko‘rib, opam yig‘labdi, o‘shanda 29 yoshlarda bo‘lsa-da, otaning oldida yosh boladay his qiladi odam o‘zini. Qizining izillab yig‘laganini ko‘rib, otam yupatibdi. “Qizim, nega yig‘laysan, unaqa qilma-ya, ayb bo‘ladi?” “Ota, qanday pahlavon edingiz-a!” “Ey, qizim-a, qanchalik ozsam, shuncha yaxshi. Ertaga o‘tsam, ko‘targanlarga malol kelmaydi, bolam. Tobutim qabrga qarab qushday uchadi. Bolam, yig‘lama, mani armonim yo‘q. E, qanchadan norg‘ul jo‘ralarim jang maydonida qolib ketdi. Tanklar tagida ezg‘ilanib ketganlari qancha bo‘ldi. Hammasini o‘z ko‘zim bilan ko‘rdim. Man bo‘lsam, qaytib keldim. Sizlar peshonamda bor ekansizlar, shukur. Mana sani, ukang Xayrulloni farzandlarini ko‘rdim. G‘aybullo ukang o‘qishni bitiryapti. Xudo xohlasa, endi izim yo‘qolmaydi. Faqat bir armonim bor, qizim. Shuni aytmasam xotirjam ketolmayman, debdi. Shu… bolam, sen 48-yil tug‘ilgansan. Onangni to‘lg‘oq tutganda qo‘shni mahalladan doya opkeldik. Men hovlining bir chekkasida o‘tiribman. Bir payt ichkaridan chaqaloq yig‘isi eshitildi. O‘rnimdan chopib turib ketdim. Lekin ichkariga kirishim mumkin emas. Doya kampir bir mahallar chiqdi-da, Ne’matjon, muborak bo‘lsin, ota bo‘ldingiz, dedi. Men bo‘lsam, hovliqib, “o‘g‘ilmi?” debman-da. Chunki, man nodon, birinchi farzandim o‘g‘il bo‘lsin, deb yurib edim-da, bolam. Doya kampir, “yo‘q, Ne’matjon, qiz, holva, holva”, dedi. Men bo‘lsam, “Evoh!” deb yuboribman! Ana shu bitta gapim xato bo‘lgan. Noshukurchilik bo‘lgan-da, O‘zi kechirsin. San qiz bo‘lsangam, yuz o‘g‘ilni xizmatini qilding manga. Qizim, yana bir armonim, seni institutda o‘qitolmadim. Qo‘lim qisqalik qildi. Bo‘lmasa, katta do‘xtir bo‘p ketadigan uquving bor edi. O‘qishingni medal bilan tamomlading. Shundan yuragim eziladi-da, bolam… O‘sha tug‘ilganingda qilgan noshukurchiligimdan haligacha tilim kuyadi. Shu gaplar o‘zim bilan ketmasin, deb aytayapman-da, degan ekan.

Qumrabotning qovuni

1977 yilning iyun oylari edi. Bitiruv imtihonlarini topshirib bo‘ldim-da, markaziy telegrafga borib, Buxoroga qo‘ng‘iroq qildim. Uyimizda telefon yo‘q edi, qo‘shnilarga qo‘ng‘iroq qilib, onamni chaqirib bering, dedim. Chaqirib kelishdi. “Onajon, meni tabriklang, imtihonim tugadi”, dedim. “Hammasi tugadimi, bacham?”. ”Hammasi tugadi”. “Qachon Buxoroga kelasan?” “O‘n kundan keyin bitiruv kechasi bo‘ladi. Shuni o‘tkazib, borsammi, deb turibman…” “Bacham, ungacha sen bir kelib ketsang. Otangni anchadan beri mazasi yo‘q. Imtihonidan chalg‘imasin, deb senga xabar berishimizga unamagandilar…”

Aeroportga borsam, bilet yo‘q. Ertasi kun ertalab birinchi reys bilan uchdim.

Otam nihoyatda ozib ketgan. Shu ahvoldayam, bolam keldi, endi turib ketaman, dedi. Rostdanam, ancha tetiklanib qoldi. Men kecha- kunduz yonidan jilmayman. Do‘xtirlar xulosasini eshitganman: oyoqdagi oskolka qonning tarkibini buzgan, jigar shikastlangan. Bu yog‘i yaqin… Yuzlariga termulib ich-ichimdan ezilaman: o‘g‘li o‘qishni bitirib, hali bir kun ishlamasidan, tomosha zalida yayrab o‘tirib, birorta rolini ko‘rmasdan ketadigan bo‘ldilarmi-a?!

Esimni tanibmanki, otamning qo‘lida ketmon ko‘rganman. Tokqaychi, o‘roq, panshaxa ko‘rganman. Tomorqamizda hammadan burun kartoshka, sabzi, piyoz yetilib turardi. Saraton avvalidan kech kuzgacha dasturxonimizdan otam yetishtirgan uzum kanda bo‘lmasdi. Qovun-tarvuzni-ku, qo‘yavering. Shularni eslab o‘tirsam, dil yorib qoldi. “Shu… G‘aybullojon, Navmetanni qovuni topilarmikin…”

O‘ylanib qoldim. Bozordan har kuni sarxil mevayu handalaklar keltiramiz, qayrilib qaramaydi. Navmetanning qovuni hali beri bozorga chiqmaydi. Nima bo‘lsa-da, tavakkal qilib, Navmetanga (otam tug‘ilgan qishloqqa) bormoqchi bo‘ldim. Yo‘lda birovning maslahati bilan fikrim o‘zgarib, Navmetanning tepasi, uch chaqirimcha naridagi Qumrabotga qarab ketdim. Abdusattor degan brigadirga uchradim. Otamni tanirkan. Jinday shirakayf ekan, otamning ahvolini eshitib, yig‘ladi. Keyin poliz boshiga boshlab bordi. “Bitta qovunim bor, lekin uzishga o‘n kun hayali bor-da, dedi. Xay, akam uchun uzaman”, dedi. Polizni oralab ketdi-da, katta bir qovunni ko‘tarib chiqdi. Ma, akamga olib bor, faqat uzishga o‘n kun bor edi, dedi qovunni tars-tars shapatilab.

Otam “bismillo” deb qovunni oldi-da, avval hidladi. Bay-bay, deya boshini saraklatdi. Keyin chap qo‘lida tutgancha, o‘ng qo‘li bilan tars-tars shapatilab ko‘rdi-da, menga qaradi. G‘aybullovoy, eshityapsanmi, nima deyapti, dedi. Iljayib yelka qisdim. O‘n kun hayalim bor, deyapti. Shu qovundan qirqib berdim, yarim tilik yedi-da. E, baraka top, o‘g‘lim. Rahmat, dedi. Ota yesangiz-chi! Yedim, huzur qildimey, bolam. Mana bu qovun Qumrabotning qovuni. Qumrabotga duo ketgan. Men, bolam, polizda o‘sganman. Otam Mullo Hoji bir qovunlar ekardilarki, kechasi chaylada yotsam, tars-turs yorilgani hov bir chaqirimdan ham eshitilib turardi…

Muhtarama opamning to‘ylarida

1977 yil iyul oyining 14 larida to‘y qildik. Ikkinchi opam Muhtaramani uzatdik. Aslida to‘y kuzga mo‘ljallangan edi, do‘xtirlar shoshiribdi, akaning naryog‘i yaqin qolgan, tezlashtiringlar, deyishibdi. To‘y hovlida bo‘lyapti. Otam ichkarida, karavotda yotgancha derazadan kuzatib turibdi. O‘zini tetik tutib, tanish-bilishlar bilan bosh irg‘ab, salomlashgan bo‘ladi. Atayin xonaga kirib kelgan yaqin qadrdonlari bilan chaqchaqlashadi, keyin tezgina ularni hovliga – bazmga chiqarib yuboradi. Men xizmat qilib yuribmanu dam badam deraza tomonga ko‘z tashlab qo‘yaman. Bir safar ko‘zlarimiz uchrashganda otam meni imlaganday bo‘ldi. Oldiga uchib bordim. Labbay, otajon! Bolam, mikrafonni olsangiz-da, bitta Olimxonning (Olim Xo‘jayev demoqchilar) haligi… Tushundim, ota, Navoiy monologini aytayapsiz. Ha, balli, o‘shani aytib bersangiz… Aytdim. Mashshoqlar musiqa chalib turishdi. Men “Kuy, g‘azal… oh, qaytadan tirnar yaramni…” deb, monolog boshladim. To‘yxona suv quygandek sukutga cho‘mib eshitdi. Aytayapmanu otamning jiqqa yoshga to‘lgan ko‘zlarini tuyub turibman. Bechoragina otamni bir paytlar Olim Xo‘jayevning ana shu monologini yaxshi ko‘rishlaridan foydalanib, men ham ana shunday monologlar aytuvchi aktyor bo‘laman deb, rozilig‘ini olgandim. Mana endi, o‘qishim bitdi. Erta-indin sahnaga chiqaman, deb turibman. Lekin, otajonim safar hozirligini ko‘rib turibdi…
Mikrofonni san’atkorlarga topshirib, bir chekkaga chiqib turibmanu, otam tomonga qaray olmayman. Bo‘lmadi, qaradim. Qarasam, padari buzrukvorim yuzlari nurlangancha jilmayib turibdi. Minnatdor bosh irg‘adi va duoga qo‘l ochdi. Shunda ishonasizmi, mo‘’jiza ro‘y berdi. Avvaliga davrada o‘tirgan bir necha yoshi kattalar, keyin butun to‘yxona ahli otam tomonga o‘girilib, qo‘llarini duoga ko‘tarishdi…

Toza tiynatli insonlar farzandi

Otamni tuproqqa topshirib, yuragim huvillab, Toshkentga qaytganman. Teatrning (Yosh gvardiya” t-ri) yangi mavsumi boshlangan. Endigina ish boshlagan yosh aktyor bo‘lsam ham dastlabki kunlardagi jo‘shqinligim yo‘q. Ruhsizman. Qandaydir yaqin dilkash, hamdardga ehtiyoj sezaman. Shunday kunlarning birida grimxonada bir qizga ko‘zim tushdi. Yuragim nimanidir sezdi shekilli, bir hapqirib oldi. Nozikkina, oppoq yuzli, qosh-ko‘zi qop-qora, past va mayin ovozda gapiruvchi, xotirjamgina qiyofali bu qiz birinchi kundanoq tinchimni o‘g‘irladi. Va o‘sha kuniyoq spektakldan keyin apil-tapil tashqariga chiqdim-da, yo‘lini poyladim. Baxtimga yolg‘iz o‘zi chiqdi. Xadradagi bekatgacha suhbatlashib ketdik. Ismi Nasiba ekan, Yangiobodda turarkan.

Ishonasizmi, o‘shanda nari borsa o‘n-o‘n besh daqiqa suhbatlashdik. Va shuning o‘zidayoq ovozi ham, boqishlari ham muloyim, osuda tabiatli bu qizdan nimadir yuqtirdim. Allanechuk xotirjam tortdim. Odamlarga, hayotga bo‘lgan ishonchim, qiziqishim qayta jonlanganday bo‘ldi. Bilasiz, kuzda tez qorong‘u tushadi. Spektakl tugaguncha allamahal bo‘lib qoladi. Avvaliga Nasibani Xadra bekatigacha kuzatib yurdim. Bir gal avtobus ancha hayallab keldi, qizni yolg‘iz o‘zini jo‘natishni istamay, birga ketdim. Yangiobodda tushib, eshigigacha kuzatib bordim. Bu esa odatga aylandi. Keyin men harbiy xizmatga ketdim. Xat yozishib turdik. Qisqasi, taqdirda bitilgan ekan, 1979 yil 29 sentyabrda Toshkentda, 6 oktyabrda esa Buxoroda to‘yimiz bo‘lib o‘tdi (To‘yimizga bog‘liq ayrim tafsilotlarni kitobning bir o‘rnida keltirib o‘tgan edim). Bir necha kun o‘tib Toshkentga qaytdik. Boshpanamiz “Yosh ijodkorlar uyi” deb ataladigan yotoqxonaning sakkizinchi qavatida edi. Biroq, qaynotam bu yerda turishimizga unamadi. Yangioboddagi hovlisiga ko‘chirib ketdi. Katta hovli, qizlarni chiqarganmiz. To o‘zlaringga bir vatan nasib etguncha (uyni vatan deyish udumi bor-ku xalqimizda) shu yerda bemalol yashayverasizlar dedi…

Qaynotam Baxtiyor Rahmatov, asli qashqadaryolik, bolaligi urush yillariga to‘g‘ri kelib, ko‘p mashaqqatlar chekkan bo‘lsa-da, odamoxun, xushchaqchaq, ulfatchilik, o‘yin-kulguni yaxshi ko‘radigan, bag‘ri keng bir inson edi. Baxtiyor akaning otasi Rahmatjon Jo‘rayev urushda, onasi og‘ir kasallikdan vafot etadi. Endigina o‘n to‘rt yoshga kirgan bola Hikmat, Nazokat degan singillari bilan yetim qoladi. Singillar yetimxonaga olib ketiladi. Baxtiyorni ham uch marta Toshkentga Bolalar uyiga jo‘natishadi, ammo u har safar ilojini qilib, Qashqadaryoga qochib ketaveradi. To‘rtinchi marotabasida esa uni Bolalar uyigamas, Chkalov zavodiga ishga joylashtirishadi. Va shundan keyingina o‘jar bolakay ishga qiziqib ketib, Toshkentda yashab qoladi.

Qashqadaryodan qaynotam bilan birga tug‘ilib o‘sgan hamqishloqlari tez-tez kelib turardi. Men ularni ko‘rsam xuddi rahmatli otamni ko‘rganday bo‘lardim. Odmigina kiyingan, belbog‘iga g‘ilofdor pichoq taqib yuradigan, chapanisifat, xushchaqchaq dehqon odamlar edi. Ularni ko‘rib qaynotam ham yayrab ketar, darrov o‘choqda osh damlashardi, so‘rida yonboshlagancha bolalik sarguzashtlaridan gurunglashib, tong ottirishardi. Tabiatan juda xushchachaq qaynotam mehmonlari jo‘nab ketishi bilan xomush tortib qolardi, bir necha kungacha o‘ziga kelolmay yurardi. Bir bahonai sabab bilan gapirib qolgandi bir safar. Qish edi, hamma yoq qor bilan qoplangan, jo‘ralar to‘planishib dalaga chiqib ketdik. Kartoshkapoyaga. Qor tagidan yer timdalab kartoshka izladik. Birovimiz bitta, birovimiz to‘rt-beshta topdik. Ayrimlarimiz topolmadik ham. Keyin o‘choq yasab, qozonda qovurib yemoqchi bo‘ldik. Endi moy kerak. Moy esa otliqda ham yo‘q. Keyin nima qildik deng, traktorga ishlatiladigan texnik moyga-avtolga qovurib yeganmiz. Jonimiz temirdan ekanmi, mana yashab yuribmiz, bolam, degandi. Hozir o‘ylab qarasam, bu insonlar ochlik, yetimlik, ilojsizlik bag‘rida voyaga yetishgan, va ular nafaqat tengqur do‘stlar, balki jondosh-qondosh aka-ukalarga aylanib ketishgan ekan-da.

Bir kun qaynotam: G‘aybullajon, siz osh damlashni bilasizmi, deb so‘rab qoldi. Yo‘q, dedim. E, yaxshimas, dedi. Oilada qozon-tavoq ayolning ishi, lekin oshni erkak damlashi kerak, buning xosiyati boshqa, dedi. Keyin o‘rgatib turdi, men osh damladim. Mana shundan bu yog‘iga uyda osh damlanadigan bo‘lsa, Nasibaxonga dam beraman-da, o‘zim oshxonaga yo‘l olaman.

Baxtiyor aka qishloq bolasi emasmi, mirishkor edi, yerni yaxshi ko‘rardi. Zavoddagi ishidan keldimi, korjoma kiyib, tomorqaga kirardi. Gulchilik bilan shug‘ullanardi. Ayniqsa nafaqaga chiqqach, bu ishga qattiq kirishib ketdi. Yoqub aka degan bir tadbirkor og‘aynisiiing maslahati va yordami bilan gul savdosini ham yo‘lga qo‘ydi. Oyda bir-ikki marta Rossiya tomonlarga qatnaydigan bo‘ldi. Albatta, u zamonlarda bunaqa ishlar osonmasdi. Hammasi aeroport xizmatchilari bilan norasmiy shartnoma asosida hal qilinardi. Shunga aloqador bir hangomani so‘zlab bersam.

Bir safar men qaynotam va sherigini kuzatgani aeroportga chiqdim. Ular nima bilandir ushlanib qolgan paytida men vaqtdan unumli foydalanmoqchi bo‘ldim. Ularning yo‘l chiptalari menda edi, chiptalarni ko‘rsatib, gullar joylangan karton qutilarni hech bir muammosiz yukxonaga o‘tkazib yubordim. Yuklar raqamlari yozilgan koreshokni qaynotamga tutqazsam, hayratga tushdi. “E, shunaqami, men har safar bittasiga uch yuz so‘m tutqazib, o‘tkaztirardim, oson ekan-ku!” dedi quvonib. O‘sha kungi uddaburroligimdan ruhlanib qaytdimu, ikkinchi safar qovun tushirishimga ozgina qoldi. Oradan yigirma kunlar o‘tib, yana men kuzatishga chiqdim. Yana o‘sha kungi holat. Samolyot yukxonasiga gul qutilarini berib yubordim. Passajirlar ko‘payganidan bir yo‘nalishga, ya’ni Nijniy Tagilga ikkita reys qo‘yilgan ekan. Men bundan bexabar birinchi reysdagi samolyot yukxonasiga qutilarni berib yuboribman. Bir payt qaynotam tipirchilab qoldi. Yugurib podvaldan ikki barvasta odamni boshlab chiqdi. Ular bo‘lsa, ha, Baxtiyor aka, pulni ekanom qilmoqchi bo‘psiz-da, deb tixirlik qilgan bo‘lishdi-da, ulushlarini olishgach, darhol ishga kirishishdi. Qutilarni qaytarib olib chiqib, keyingi samolyot yukxonasiga joylashdi. Men bo‘lsam izza tortgancha bir chekkada serrayib turibman, deng.

Shundan keyin qaynotam, endi G‘aybullajon, meni kuzatadigan bo‘lsangiz, yuklarga ishingiz bo‘lmasin. Bo‘lmasa, bular meni aeroportga yaqinlatmay qo‘yishadi, degandi hazillashib.

1983 yil oktyabr oxirlari edi. Men teatr bilan Qozonda gastrolda edim. Sharof Rashidov to‘satdan vafot etdi. Buni eshitgan qaynotam rosa yig‘labdi. Ertasi kun esa, negadir safarga otlanib qopti, chamamda Toshkentga sig‘may qolgan-da. “Xozyayka, debdi xotiniga, ikkimiz bir aylanib kelaylik, senga bir Maskovlarni ko‘rsatay”, depti. Bojalarim keyingi kun ertalab, chol-kampirni poyezdga chiqarishibdi. Ikki kun poyezdda yurib, bir stansiyada to‘xtashgach, qaynotam tushibdi-da, bir buxanka, bitta baton non olibdi. Keyin yurib ketayotgan poyezdga yugurib yetib olib, osilib chiqibdi-da, kupeda xavotirlanib o‘tirgan xotiniga kulimsiragancha nonlarni tutqazibdi. Keyin yiqilibdi… O‘z oyog‘i bilan poyezdga chiqqan qaynotam oradan bir hafta nari-berisida rux tobutda Toshkentga qaytib keldi. Dafn marosimida tumonat odam yig‘ildi. Zavod ishchilari, mahalla-ko‘y ahli. Keyin ham anchagacha uyimizdan odam oyog‘i uzilmadi. Bir kun eshik taqillab qoldi. Chiqsam, qaynotamning bolalikdagi o‘sha besh nafar og‘aynisi. “O‘g‘lim, bir shum xabar eshitdik, shu rostmi”, dedi bittasi. Bosh irg‘adim. “E, attang, attang”, deya ichkariga kirishdi. Duoi fotiha qilishdi. Keyin qo‘zg‘alishdi. Ovqat tayyor, bir pas o‘tiringlar, dedik unashmadi. Yo‘q, boshqa safar, xudo xohlasa, endigi safar Baxtiyorning nevaralari to‘ylariga kelaylik , deya bizlarni duo qilib, ko‘zlari jiqqa-jiqqa yoshga to‘lgancha chiqib ketishdi.

Baxtiyor akaning ikki singlisiga kelsam: aka-singillar 1942-yilda bir-birlarini yo‘qotishgan. Baxtiyor aka ulg‘ayib, o‘zini tutib olgach, ularni tinimsiz so‘rab-surishtiradi va nihoyat, oradan rosa o‘ttiz olti yildan keyin daragi chiqadi. Qizlar, ya’ni Nasibaning Hikmat, Nazokat ismli ammalari taqdir taqozosi bilan Marg‘ilonga borib qolishgan, o‘sha yerda voyaga yetib, uylik-joylik bo‘lib ketishgan ekan. Ammalarni Nasibaning to‘yida ham, keyin ham bir necha marta ko‘rdim. Hozir esa ularning farzandlari dam badam yo‘qlab turishadi.

Endi qaynonam haqida gapirsam. Ismi G‘ifat edi. Uning ham hayoti yengil kechmagan. Otasi Safo bobo qatag‘on qurboni bo‘lgan, qamalgan, qamoqdan chiqib kelib tezgina vafot etgan. Qaynonamning onasi, ya’ni momoqaynonamni ko‘rganman, ismi bibi Fotima edi. Beva holida besh farzandni oyoqqa qo‘ygan bu jafokash ayol xuddi mening Siddiqa bibim kabi juda oqila, duogo‘y onaxon edilar…
Aytmoqchimanki, men jufti halolim Nasibadan shu choqqacha faqat yaxshilik, mehr-oqibat ko‘rib kelayotgan ekanman, bu hammasi uning palagi tozaligidan, bu noraso dunyoning barcha jabru jafolarini ko‘rib ham o‘zligini yo‘qotmagan, sabr-toqatli, toza tiynatli insonlar zuryodi ekanligidan deb bilaman.

Mahallamiz momolari

Endi mahallamizdagi momolar haqida… Ha, ularni eslamasam bo‘lmaydi. Ularsiz bolaligim “qissasi” chala-yarim bo‘p qoladi-ku. E, mushtipargina momolarim-yey, momojonlarim-yey! Bir chekkadan eslashga urinib ko‘ray-chi… Bibi Adiz degan momomiz bo‘lardi. Adiz o‘rtog‘imning buvisi, aylanib-o‘rgilib gapirar, betiyiq o‘rtog‘imni izlab yurgan kuni edi. Yangaposhsho, Xolaposhsho, Oytiti, Oymalika deganlari bo‘lardi. Qiziq, ularning asl ismini biz bolalar (balki, kattalar ham) bilmasdik. Ha, yana bir onaxon bo‘lardi, eslasam, kulaman, dilim ravshan tortadi. Shu desangiz, nevaralari juda ko‘p edi. Erkin, Avaz, Azim, Anvar va yana bir qancha… hammasi shumtakalar. Deraza sindirgan, daraxt shoxini qayirgan, qush uyasini buzgan, mushuk, kuchukni qiynagan, jo‘ralari bilan yoqalashgan. Bibijonisi bo‘lsa, haqmi, nohaqmi, ularning yonini olib, mudom odamlar bilan janjallashib yurgani yurgan edi. Shu boisdan, bilasizmi, nima deyishardi u kishini… Bibi Voyna deyishardi. Urushni, janjalni bibisi deyishardi. Xudo rahmat qilgan bo‘lsin, nabiralarini haddan ortiq yaxshi ko‘rardi-da, nima qilsin sho‘rlikkina!..

Yana To‘ta poshsho degan onaxon ham bo‘lardi. Yoshi saksonlardan o‘tgan. Bilasiz, paxta terimi davrida “Hamma paxta frontiga!” degan shior o‘rtaga tashlanardi. Yoshmi, keksami, erkakmi, ayolmi, o‘quvchimi, talabami – qarab o‘tirmay terimga jalb qilinardi. O‘shanaqa talotum kunlarning birida To‘ta poshshoning eshigini taqillatib uchastka noziri keladi. Nozir bu onaxonni keksaligi, hassada yurishini yaxshi biladi, lekin paxta siyosati nozik, buyruqni bajarmasa bo‘lmaydi. “To‘ta poshsho, paxtaga chiqing!” depti nozir tomdan tarasha tushganday qilib. Onaxon bo‘lsa, bu taklifni bajonidil qabul qilib: “Balam, jonim bilan chiqaman, siz aytasizu, o man chiqmaymanmi, balajon. Faqat bitta iltimos, melisa balam, manga uchta bo‘z bala berasiz. Man zambilga o‘tiraman, ikkitasi zambilni ko‘tarib, jo‘yakda obyuradi. Uchinchi bo‘z balangiz fartukni yonimda ushlab turadi. Man paxtani terib, fartukka tashlayveraman-da”, degan ekan. Qarang-da, onaxonning zukkoligini. Nozirni koyib bermadi. Aqling, farosating bormi, demadi. Lekin, hazilomuz yo‘sinda shunday bopladiki, nozir yaxshigina saboq oldi bundan.

Yaxshi eslayman, momolarimiz biri-biridan qo‘li shirin pazanda edi. Oshu ovqatdan tashqari, har xil pishiriqlar, holvayu shirinliklarni kim o‘zariga mazali qilib tayyorlashardi. Birgina murabboning o‘zidan necha xilini sanab berishim mumkinki, haligacha ularning mazasini tamshanib eslayman. Bittasi, masalan, anjirdan, boshqasi qizil yoki sariq sabzidan tayyorlardi murabboni. Yana biri olchadan, behidan yoki bo‘lmasa, na’matak gulidan qilardi. Keyin momolar bir-biriga, hozirgi tilda aytganda barter qilishardi, murabbolarini almashishardi… Keyin ularni o‘zaro yig‘inlari, to‘yu ma’rakalarni gullatishlarini aytmaysizmi. Buxorocha laparlar, mavrikalar… Zang boylashlar. Ayollar zardo‘zi kiyimlar kiyib, oyoqlariga zang (qo‘ng‘iroqchalar) taqib, doyra chalib, shunaqa ajabtovur raqslarga tushishardiki, qo‘yaverasiz. Biz bolalar tomlarga, daraxtlarga chiqib olib tomosha qilardik…

Endi Bibi Alam degan momomiz haqida… O‘sha davrlarda ko‘chalarimizga sho‘roviy nomlar qo‘yib tashlangandi. Bizning ko‘chamiz Industrialniy, uning orqa tomondagisi Kalinin deb atalardi. (Xudoga shukur, bugun ularning yana azaliy nomlari o‘ziga qaytdi. Biri Xojai Porso, ikkinchisi Poyi Ostona bo‘ldi). 1920-yilgi qizil bosqindan so‘ng bizning guzarimizga yondosh Poyi Ostonadagi katta bir boyning hovlisi musodara qilinib, ko‘zi ojizlarga artel qilib berilgan ekan. Ko‘zi ojizlar poyandoz-sholchalar to‘qishardi. Ko‘rpa qavishardi, ip yigirishardi… Sex boshliqlari esa ko‘zi ochiqlardan bo‘lib, ularning ishlarini kuzatib turishardi.

Har zamon-har zamonda yoshi to‘qsonlarni qoralagan, munkayib qolgan bir onaxon qo‘lida aso bilan guzarda paydo bo‘lardi-da, albatta shu artelga kirardi. Kirardi-da, hamma xonalarga birma bir bosh suqib chiqardi, keyin hovlining bir chekkasiga borib o‘tirardi. Arteldagilar uni yaxshi ko‘rar, hurmatini qilib, darrov oldiga choy, qand-qurs qo‘yishar, tushlik paytiga to‘g‘ri kelib qolgan bo‘lsa, bir idishga ovqatdan solib berishardi. Onaxon deyarli gapirmas, gird aylana hovlidagi dov-daraxtlarga, derazalarga ma’yus ko‘z tikib o‘tira-o‘tira keyin sekin sirg‘alib chiqib ketardi… Keyinchalik bilishimcha, bu onaxon bir zamonlar shu xonadonga kelin bo‘lib tushgan, umid bilan bola-chaqa o‘stirgan ekan. Bu onaxonning ismini Bibi Alam deyisharkan. Fikri ojizimcha, uning butun taqdiri, fojiasi ana shu birgina Alam so‘zi tagida yashiringan. Qani endi yozuvchi bo‘lsamu, men bu Alamning mohiyatini ochib berolsam…

Ana shu mushtipar bibijon bilan qismatdosh yana bir onaxonimiz bor ediki, uni yoshi kattalar Oni Samadjon (Samadning onasi), yoshroqlar, biz tenggilar Bibi Samadjon deyishardi. Onaxonning Samadjon degan o‘g‘li bo‘lgan ekan, urushgacha feldsher bo‘lib ishlagan, hali uylanishga ulgurmasidan urushga olinib, daraksiz ketgan ekan. Bibi Samadjon bizga qo‘shni hovlida turardi. Otam bibidan xabar olib turishimiz uchun o‘rta devordan daricha ochtirib qo‘ygan edi. Paranji-chachvonda yurar, faqat bizning oilamizdagi erkaklardan qochmasdi. Qiziq bir voqea: kampirning jiyanlari uni yolg‘iz qoldirmaslik uchun, hovliga bir er-xotin do‘xtirlarni ijaraga qo‘yib qo‘yishadi. Ular bir kuni “Rekord” televizori sotib olishadi-da, onaxonni ham tomoshaga taklif qilishadi. Kampir kelib o‘tirgach, televizorni yoqishadi. Bir mahal ekranda diktor (rahmatli O‘ktam Jobirov) paydo bo‘lib, gapira boshlaydi. Onaxonimiz bo‘lsa, “e, bu nomahram mardak nega manga qarayopti” deb, yuzini yashirib chiqib ketadi. Harchand tushuntirishmasin, qaytib xonaga kirmaydi.

1979 yil armiyadan qaytdim. Odamlar oyog‘i tingach, bibidan xabar olgani darichadan o‘tdim. G‘ira-shira qorong‘u, yulduzlar ko‘rina boshlagan. Bibi meni bag‘riga bosdi. Keyin pogonlarimni silab, qosh-ko‘zlariga surtib, tavob qildi. Keyin osmonga, yulduzlarga qarab nola qilib yuborsa bo‘ladimi!.. “Toqatim toq bo‘ldi-ku! Kutaverib charchab ketdim-ku! Endi kelsinlar, kelsinlar endi! Mana hamma kelayopti-ku! Kelsinlar endi!..” Azoyi badanim muzlab ketdiyov o‘ziyam. Haligacha o‘sha nola qulog‘im ostida jaranglab turadi: Kelsinlar! Kelsinlar endi!..

Yana ikki yilcha yashadilar chamamda onaxon. Juda og‘irlashib qolganidan so‘ng mahalla kattalari maslahatlashib, Namoz aka degan kishini kampirning oldiga kiritishibdi. Mana Samadjon o‘g‘lingiz keldi, deyishibdi. Men keldim, onajon, men Samadjonman, debdi Namoz aka ham. Ko‘zlari xira tortib qolgan Bibi Samadjon haligi odamning yuz-ko‘zlarini bir-ikki siypalabdi-da, gapirishga ham chog‘i kelmay, jimib qolibdi. Ayollarning aytishicha, onaxonning bir eski maxsisi ichidan mog‘orlab ketgan taxlam-taxlam pullar chiqibdi. Orasida 1961 yildan oldingi eski pullar ham bor ekan. Mushtipar onaizor o‘g‘lining to‘yiga niyat qilib, o‘sha arzimasgina nafaqa pullarini ham o‘ziga ishlatmay, maxsiga tiqib, asrab kelgan ekan-da!..

Ustozlarimdan biri

Bobom Muhammad Safo Buxoriyni yo‘qlovchilar orasida ijodga, adabiyotga, san’atga, ilmu ma’rifatga aloqador kishilar ko‘p bo‘lardi. Shulardan bittasi, keyinchalik taniqli shoir, olim, tarjimon, nemis tili o‘qituvchisi bo‘lib yetishgan Sadriddin Salim Buxoriy edi. Sadriddin akaning juda yoshligidan – hali maktab o‘quvchisi ekanlik paytlaridan bobomni tez-tez yo‘qlab kelgani, xuddi katta odamlardek, bosiq, vazminlik bilan, nihoyatda odob saqlab, uning suhbatlarini tinglab o‘tirganlariga ko‘p guvoh bo‘lganman. Bobomning ham unga mehri bo‘lakcha edi. Doim akam ikkimizga: Xayrullo, G‘aybullo, ana shu Sadriddin akangni etagini tutinglar, uning odobidan ibrat olinglar, deb uqdirib o‘tirardi.

1969 yil edi, chamasi. Hazrat Navoiyning 525 yillik yubileylari o‘tkazildi. Mana shu yubiley oldidan o‘tkazilgan tadbirlardan biri respublika yoshlari o‘rtasidagi viloyatlararo televizion musobaqa edi. Buxoro bilan qaysi bir viloyat yoshlari o‘rtasidagi musobaqada Sadriddin aka hammani qoyil qoldirdi: Hazrat Alisher Navoiyning bir g‘azalini 12 tilda – o‘zbek, tojik, ozarbayjon,turk kabi tillardan tashqari nemis, ingliz, ispan, fransuz tillarida yoddan aytib berdi. Shunda hay’at raisi ustoz Hamid Sulaymonov Sadriddin akani xursandchilik bilan tilga olib, uning chiqishi alohida bal bilan taqdirlanganini aytgandi. Sadriddin akani albatta o‘shanda bobom ham ko‘rgan, o‘zida yo‘q quvongan va bizga yana ta’kidlab: Ana ko‘rdingiz, ilm, odob kishini ne chog‘liq ulug‘laydi. Mullo Sadriddindan qolmanglar, deganlari kechagiday esimda.

Sadriddin Salim Buxoriyni men o‘zimga ma’naviy ustoz maqomida ko‘raman. Hozir ham qay bir yig‘inda qatnashmay, qo‘limda doim Sadriddin akaning kitobi bo‘ladi, qanday mavzuda gapirmay o‘z so‘zimni u kishining she’rlari bilan asoslayman.

Sadriddin aka odamlarga g‘amxo‘r, bag‘rikeng bir inson edi. Og‘ir xastalikdan yaqinda bosh ko‘targan paytlarim Buxoroga bordim. Shunda u kishining meni yo‘qlamagan kuni bo‘lmadi. Yo‘qlaganda ham albatta biror yerga taklif qilar, birga borib kelishga undardi. U bu bilan meni chalg‘itishga, ko‘nglimni yozishga urinardi. Bir kuni meni Mir Arab madrasasini tugatgan, qay bir machitga imomlik qilayotgan yigitning uyiga olib bordi. Bilsam, 30 yoshlardan o‘tinqiragan imom Haj ziyoratidan qaytgan ekan. Bordik, ustozni hurmat bilan davra to‘riga o‘tqazishdi. Men yonlaridaman. Hoji yigit boshdan oyoq oppoq libosda, Sadriddin akaning narigi yonboshida o‘tirardi. Avvaliga ustoz yaxshi kayfiyatda haligi hoji bilan gurunglashib o‘tirdi. Keyin birdan fe’li o‘zgarib, ketamizga tushib qoldi. Chiqdik. Yo‘lda ketayotibdi, yuzi tund. Gapirgisi kelmaydi. So‘rashga majbur bo‘ldim. “E, – dedi qo‘l siltab, – taqsirjon, bu nima degan gap? Hajga borib keldim deb o‘g‘il to‘rda o‘tirsa, ota choy tashib yursa. Bekor kepmiz. Undan ko‘ra kitob o‘qisak, Loshaga borib, Temur akani ziyorat qilsak, savob bo‘lardi. Yuz marta hajga borib kelsayam, bu xizmat qilishi kerak edi. Otasini, padari buzrukvorini to‘rda o‘tqizib qo‘yishi kerak edi, ana bu yarashiqli ish bo‘lardi… Kim aytadi buni madrasa ko‘rgan, deb?! Keyin bilsam, mehmonlarga choy tashib turgan qariya Sadriddin akaning ko‘ziga issiq ko‘rinibdi-da, sekin imomdan so‘rabdi: Hoji aka, otangiz ko‘rinmaydilar, debdi. Ana-ku, debdi imom choynak ko‘tarib kirgan qariyaga qarab. E, taqsir, debdi bu safar Hoji deyishga og‘zi bormay, men bu otaxonni xizmatkoringizmi, deb o‘ylabman. Hay-hay-hay, debdi bosh irg‘ab, keyin suhbatni chala qoldirib, ominga qo‘l ko‘taribdi. Sadriddin aka ana shunaqa hushyor, tikso‘z, adolatpesha inson edi rahmatli…

Яна шу мавзу давоми кутубхонамизда:
G’aybulla Hojiyev. Xotiralar to’lqini. II.Teatr — qismatim
G’aybulla Hojiyev. Xotiralar to’lqini. III. Xastalik ham hikmat yoxud hikmat izlaganga hikmatdir dunyo

009

(Tashriflar: umumiy 5 331, bugungi 1)

Izoh qoldiring