Usmon Nosir: Ikki kitob & Shoirga bag’ishlangan maqola va spektakl

Ashampoo_Snap_2017.01.27_15h49m09s_001_.png    1936 йил июль ойининг жазирама куни она юрагини роппа-роса 20 йил куйдирди. «Ўлсанг ўлавер!..» деган сўзлар ўша дамда она юрагига ништардек санчилган эди. Усмон бу даҳшатли сўзларни онасининг қалбини асраб қолиш учун атайлаб айтганини ҳеч ким билмасди, албатта. Она буни кўп йиллар ўтгандан кейин ич-ичидан ҳис этди.

Нодира Рашидова
УСМОН НОСИР: “МЕН ҲАЁТГА
ҚАЙТИШИМ КЕРАК…”

07

Usmon-Nosir-1937.jpg1956 йил сентябрь ойининг охирларида Масодиқова Холамбиби номига хат келди.

«Гражданка Масодиқова Холамбибига!
Сизга шуни маълум қиламанки, ўғлингиз Носиров Усмоннинг иши текшириб чиқилди.
Ўғлингиз асоссиз ҳукм қилинганлиги аниқланди.
Аризангиз ҳамда Носиров Усмоннинг жиноят иши, 1956 йил 3 сентябрь куни ўтказилган текширув материаллари асосида аввалги ҳукмни бекор қилиш ва ўғлингизни батамом оқлаш учун Бош Ҳарбий Прокурор номига (Москва шаҳрига) жўнатилди.
Карор ҳақида Бош Ҳарбий Прокурор сизга маълум қилади.
ТуркВО Прокурорининг ўринбосари, юстиция подполковниги (имзо)
М. ПАСТУШЕНКО»

Холамбибининг кўп йиллар зардобга тўлиб ётган юрагида умид учқуни пайдо бўлди: «У тирик!» Бу учқунни октябрь ойининг бошида Москвадан келган бошқа бир хат яна алангалатди.

«Сизга маълум қиламанки, аризангиз Бош Ҳарбий Прокуратура томонндан ҳал қилинди.
Ўғлингиз Носиров Усмонга тегишли жиноий иш қайта кўриб чиқиш учун Олий Судга жўнатилди.
Натижа Суд томонидан Сизга маълум қилинади.
ГВП бўлимининг Ҳарбий Прокурори, Юстиция подполковниги (Имзо)
ПРОШКО»

«Демак, Усмонхон тирик. Биронта хатда унинг вафоти ҳақида ҳеч қандай гап-сўз йўқ, ахир! Холамбиби бу гапларни товуш чиқариб айтишга қўрқар, гўё бу сўзлар айтилса, умиди барбод бўлиши мумкиндек, шу умид онанинг ҳаётига бир оз бўлса-да, нур олиб киргандек эди.
Бироқ, 1957 йилнинг апрель ойида келган хат… уни қулатди.

«СССР Олий Судининг Ҳарбий коллегиясидан
1956 й. 30 март
СПРАВКА
Ҳибсга олингунга қадар ёзувчи-шоир бўлган Носиров Усмоннинг айбланиш тўғрисидаги жиноий иши СССР Олий Судининг Ҳарбий коллегияси томонидан 1957 йил 21 мартда қайта кўриб чиқилди.
1938 йилнинг 5 октябрида Ҳарбий Коллегия томонидан Носиров Усмонга тегишли иш юзасидаи чиқарилган ҳукм вужудга келган янги вазиятларга кўра, бекор қилинди ва жиноят состави йўқлиги туфайли жиноий ишнинг кўрилиши тўхтатилди.
Носиров У. вафотидан сўнг оқланди.
СССР Олий Суди Ҳарбий коллегияси Судловчи ҳайъатнниг раиси, Юстиция полковниги (Имзо)
КОСТРОМИН.

«Вафотидан сўнг». Оппоқ қоғозга қора сиёҳда ёзилган бу совуқ сўзлар онанинг қалбини бир зумда чил-чил қилдирди.

1937 йилнинг қуюни унинг бағридан бирйўла уч фарзандини: Усмонни, куёви Ўзбекистон Компартияси Марказқўмнинг секретари Нуриддин Ўлмасбоевни, 23 ёшида вафот этган қизи Равзахонни юлиб кетди. Лекин биргина илинж — Усмоннинг тириклигига бўлган ишонч онага дармон, далда эди. Хат бу ишончни ҳам тилка-пора қилди.

Холамбиби ётиб қолди. Ўша йили ёз ойларида бир куни ҳовлига озғиндан келган, новча одам кириб келди. Она уни дарров таниди: бу Усмоннинг дўстларидан бири Иброҳим Назир эди. У Холамбиби билан анча суҳбатлашди. Меҳмон кетганидан сўнг она ўртаниб қолди.
«Усмон оғир дардга мубтало бўлди; унинг совуқ урган қўл-оёқларини кесиб ташлашди, цинга касалидан тишлари тўкилиб кетди… бир бурда нон ейишга зор бўлиб, Магаданда 1952 йили вафот этди…» деб айтди Иброҳим Назир.
Унинг гапларини кейинчалик Тожиҳон Шодиева ҳам тасдиқлади.

Она учун умиднинг охирги учқуни ҳам сўнди. «Усмон йўқ!» Бу хаёл уни чаёндек чақарди.
Ўша суҳбатлардан сўнг ранги янада синиққан, кўрпа-тўшак қилиб ётиб қолган она ҳасратини менга, ёш қизалоққа тўкарди:

«Усмонни олиб кетишганига уч-тўрт ойча бўлган эди. Тоғанг қамоқхонадан хат чиқариб, Иброҳим Назир ва Мадамин Давронларда пальто билан этиги борлигини айтиб, шу нарсаларни етказишни сўрабди. Мен аянг (Роҳатхон) билан қўшни қиз Дилбарни Арпапоя маҳалласига юбордим. Мадамин Давроннинг синглиси уларни қаршилаб олибди-да, Иброҳимнинг эшигини тақиллатиб қизлар келганлигини айтибди. Шунда Иброҳим эшикни қия очиб туриб: «Мен халқ душманнинг синглиси билан гаплашмайман!» деб пальтони итқитибди ва шошиб эшигини беркитиб олибди. Роҳатой уйга йиғлаб-йиғлаб қайтди. Эртаси куни Мадаминнинг синглиси бизникига келиб, Иброҳимни кечаси олиб кетишганлигини айтди. Мана, Иброҳим ҳам эсон-омон қайтибди. Тоғанг эса йўқ…»

Ўша кезларда Холамбибига Ўзбекистон Ёзувчилар союзидан у ерда 1957 йил 2 июлда бўлиб ўтган мажлиснинг қароридан кўчирма олиб келишди. Унда Усмон Носирни Ёзувчилар союзи аъзолигига тиклаш ва унинг онаси Масодиқова Холамбибига 6 минг (янги пул билан 600) сўм маблағ ажратиб берилиши тўғрисидаги масалалар кўрилган эди.

Кўп ўтмай Холамбибининг қўлига пул келтириб беришди. Ҳайкалдек қотиб ўтирган она қўлидаги бир даста пулга қараб йиғлаб юборди. Чунки…

Усмон ҳеч ёлғиз юрмасди. Уйга ҳам ҳеч қачон ёлғиз кириб келмасди; ёнида ҳамиша дўстлари, ўртоқлари бўларди. Кунларнинг бирида у беш-олтита ўртоқларини меҳмонга олиб келади. Она ўчоқ бошида овқат тайёрлаш билан овора бўлади… Бир пайт Усмон ташқарига чиқиб, онасига қўшнидан қарз олиб бўлса-да, дўстларига сигарета топиб келтиришни илтимос қилади. Яқинда Қўқондан кўчиб келган Носир ота ҳали ишга жойлашмагани сабабли. оилада етишмовчилик бўлса ҳам, Холамбиби қўни-қўшнилардан биронта нарса сўрагани тортинарди. Она ўғлига аҳволни тушунтиради. Шунда Усмон: «Ая, ҳеч уялма, қарз узиладиган нарса. Ҳали вақт келадики, менинг ўлигим ҳам сени боқади!» дейди. Ўша куни бу воқеадан воқиф бўлган Носир ота Холамбибининг қўлидаги биттагина узугини бир халта сигаретага алмаштириб, Усмоннинг ўртоқларига киритиб юборган экан. Шуларни эслаб она юраги вайрон бўлди.

«Бу пулларни энди нима қиламан?!» деб менга тикилиб қолган бувимнинг ёш тўла кўзлари ҳамон дилимни ўртайди.

Холамбибининг аҳволи тобора оғирлаша борди. 85 ёшлик Носир ота ҳамон давлат ишида бўлиб, Сирдарёдаги қамиш заводида директорлик қиларди, Тошкентга бир ҳафтада бир марта келиб кетарди. Мен хаста бувимнинг ёнида кўпроқ бўлишга ҳаракат қилардим. Уни ҳеч ёлғиз қолдиргим келмасди. Унинг ўша кезларда юрагидан отилиб чиққан аламлари, ҳасратлари қалбимга ўрнашиб қолган…

1936 йилнинг баҳори. Усмон Тошкентдан Қўқонга келиб Носир отага ўзининг дўсти Нуриддин Ўлмасбоевга катта синглиси Равзахонни турмушга бериш нияти борлигини айтади. Ота розилик беради. Тўйни ўтказиб Усмон Равзахонни Тошкентга кўчириб келади. Бир оз вақт ўтгач, Усмон Қўқондан бутун оиласини Тошкентга кўчириб келиш ниятида яна Қўқонга бориб: «Энди ҳаммамиз бир жойда бўлайлик», деб отасини кўндиради. 1937 йилнинг баҳорида Усмон оила аъзоларини Тошкентга, Чақар маҳалласидаги бир қариндошиникига олиб келади. Икки ойлар дўсти Нодирбек топган шу маҳалладаги Йўлдош қассоб деган кишининг уйида ижарада турадилар. Носир ота ҳовли ахтариш билан шуғулланади.

Шу кезларда Усмон бир куни уйга маст бўлиб қайтди. Уни ўртоқлари — артист Муҳсин Ҳамидов билан шоир Юсуфжон Ҳамдам олиб келишган эди. Усмон онасига: «Бугун мени ёзувчиликдан ўчиришди,— деб айтди.— Нимагалигини ўзим ҳам билмайман». Она шўрлик ўғли миллатчиликда айбланиб, Ёзувчилар союзида «иши» муҳокама бўлганини билмасди. Усмонга раҳбарлардан бири: «Айбингни бўйнингга ол, кейин гуноҳинг енгиллашади. Мен сенинг тарафингни олиб, оқлаб чиқаман. Эгилган бошни қилич кесмайди, ахир!» деб авраганини ўз қулоғи билан эшитган киши ҳозир ҳаёт, лекин илтимосига кўра, унинг исми-шарифини келтирмадик… Усмон унга ишонди. Ўша мажлисда Усмонни роса талайдилар…

Шундай қилиб, энди 24 баҳорни қаршилаган шоирнинг қанотини синдирадилар. Дарвоқе, мажлис охирида «айбланувчи»нинг ўзига, шоир Усмон Носирга сўз берилади. У ҳалиги раҳбар «айтганини» қилиб, айбини бўйнига олади. Лекин қайси айбини?! Ўзи ҳам билмасди… Ўша «маслаҳатчи» дик этиб ўрнидан турадию: «Ана, кўрдингизми, у айбини бўйнига оляпти! Унга орамизда ўрин йўқ. Союздан ўчирилсин деганлар қўл кўтарсин!» дейди…

Бу эртакка ўхшайди. Ўшанда Усмон зоғлар орасида қолган булбулга ўхшарди.
Бир неча кундан кейин Усмон Носирнинг уйига эрталаб бир киши кириб келди. Ўзини НКВД ходими ўртоқ Мансуров деб таништирди. У китоб-қоғозларни тинтув қилди. Узоқ тинтув қилди. Усмон деразанинг тепа тоқисига икки қўлини тираганча индамай турарди. Ногаҳон эшикдан йиғлаб кириб келаётган синглиси Равзахонга кўзи тушади. «Синглингиз ўлсин, ака! Мени нима учун бу ерларга олиб келгандингиз, акажон…» деб бўзлар эди у.
«Розочка… Розочка, йиғлама, синглим!» дейди жовдираб Усмон ва синглисини бағрига босади. Пешонасидан ўпади. Равзахон акасининг бағрида ҳушидан кетади. Усмонга хонадан чиқишга рухсат йўқлиги учун Равзахонни унинг қўлидан олиб ҳовлининг нариги бетидаги уйга киритадилар. Тинтув тугагач, Мансуров Усмонни олдига солиб ташқарига чиқади. Усмон ҳовлида турган отаси ва Қўқондан улардан хабар олгани келган амакиси Ибоджон билан қучоқлашиб хайрлашади, сингилларининг пешонасидан ўпади. Қўшни хонада ҳамон ҳушидан кетиб ётган синглиси Равзахонга кўз қирини ташлайди-да, Мансуров кетидан кўча эшик томон юради. Изидан: «Усмонжон, болам, аянг ўлсин!.. Бизни ўзинг кимларга ташлаб кетяпсан?!» деб фарёд қилаётган онаси томон қайрилиб: «Ўлсанг ўлавер!..» деб чиқиб кетади. Онанинг фарёди бўғзида қолади… Шунчалар «бемеҳр» ўғлининг кетидан чиқиш ё чиқмаслигини билмай жойида тахта қотади. Биров шу зум унинг юрагини муздай сувга ботириб олгандай бўлади. Кўзидан селдай оқиб келаётган ёши бир зумда қурийди. Онанинг кўз ўнгида Усмон сиймоси қўлидаги оппоқ кепкасини ғижимлаган кўйи бир умр муҳрланиб қолди…

1936 йил июль ойининг жазирама куни она юрагини роппа-роса 20 йил куйдирди. «Ўлсанг ўлавер!..» деган сўзлар ўша дамда она юрагига ништардек санчилган эди. Усмон бу даҳшатли сўзларни онасининг қалбини асраб қолиш учун атайлаб айтганини ҳеч ким билмасди, албатта. Она буни кўп йиллар ўтгандан кейин ич-ичидан ҳис этди.

Усмоннинг изи ўчди… У билан бирга оила ҳаётидан шодлигу бахтиёрлик, тинчлик кетди. Фақатгина бир нарса қолди — ўзаро аҳиллик, ўзаро тотувлик.

Оила ниҳоятда оғир аҳволда яшай бошлади. Носир отага «халқ душмани»нинг отаси бўлгани учун ҳеч қаерда иш йўқ, қизлари Роҳатхон, Инобатхонларга ҳатто мактабларнинг эшиклари берк, Равзахон яна ота-онаси хонадонига қайтган. Унинг турмуш ўртоғи Нуриддин Ўлмасбоев Акмал Икромовнинг сафдоши сифатида қамалган. Носир отага: «Усмон сизга ўгай ўғил, ундан ариза орқали воз кечинг. Сиз инқилоб учун кўп хизмат қилган одамсиз. Ҳукумат сизни қўллаб-қувватлайди, иш беради», деб маслаҳат берувчилар кўп бўлди. Лекин Носир ота ўғлининг номини сотмади, унинг бегуноҳлигига умрининг охиригача ишонди. Ўғли билан, унинг ҳалоллиги билан ҳамиша фахрланди. Ҳатто ўша оғир йилларда ҳам Усмоннинг номини ҳимоя қилди. Оила эса оч-наҳор яшар эди. Носир ота қизлари билан Тошкент қамоқхонасига бот-бот озиқ-овқат, кийим-кечак киритиб туриши керак эди. Бири Усмонга ва яна бири куёви Нуриддин Ўлмасбоевга. Ана шундай оғир кунларда она уйдаги жамики қоғоз-китобларни йиғиб қопга солади-да, пистафурушга топширади. Бу қоғозлар Усмон Носировнинг ҳали газета, журнал, китоб саҳифаларини кўришга улгурмаган қўлёзмалари эди…

Икки йил муқаддам, 1935 йилда ёзилган «Нил ва Рим» шеърида Усмон Носир шундай деган эди:

Ўлим яхши, одам агар шундай хор бўлса!
Бир парча нон нима ўзи! Шунга зор бўлса!

Биз ночорлик ва қўрқувни ҳозир унчалик ҳис этолмаймиз. Лекин ўша пайтларда одамларни ғафлат чирмаб олган эди.

1944 йилнинг март ойида Фаррух Аҳмадий исмли киши (у сургундан қайтгач, Муқимий номидаги музикали драма театрида қоровул бўлиб ишлаган) Усмоннинг Сибирдан ёзган хатини синглиси Роҳатхонга етказади. Хатда: «Синглим Роҳатхон! Эшитдим, Ўткир Рашид билан турмуш қилибсизлар. Жуда хурсанд бўлдим (бу никоҳ Усмон Носирнинг васияти эди — Н. Р.). Бахтли бўлинглар. Тошкентга, Ёзувчилар союзига «В. И. Ленин», «Шаҳло» деган поэмаларимни юбордим. Наҳотки, бутун Ўзбекистонда мени бу ерлардан олиб кетадиган биронта дўст, ёру биродар топилмаса?.. Тошкентга борсам, умрим қамоқда ўтса ҳам майли эди… Союзга аям илтимос билан борсин. Менинг гуноҳим йўқ. Жоним синглим, хатни ўқигач ёқиб юбор!» дейилган эди.

Барча ҳаракатлар наф бермади. Бир оз ўтгач, «Ёзувчилар союзига Усмондан пакет келибди. Унда «В. И. Ленин» ва «Шаҳло» поэмалари бор экан», деган хабар тарқалди. Холамбиби ўша йиллари Ёзувчилар союзининг раҳбарларидан бўлмиш кишининг ҳузурига боради. Ўғли Усмон Носирни Тошкентга келтирилиши учун ёрдам беришларини илтимос қилади, ўғлининг ўз қўли билан ёзган поэмаларини кўрмоқчи бўлади. Онага ўғлидан келган хату қўлёзмаларни кўрсатиш у ёқда турсин, «Халқ душманининг онаси билан гаплашиладиган гап йўқ!» деб кабинетдан чиқариб юборишади. Она кўча эшигигача зўрға етиб келиб, остонага беҳол ўтириб қолади. Унинг ёнига юзида киноя аралаш табассум билан Темир Фаттоҳ келиб сўрашади; ўзини гўё авваллари онани ҳеч танимагандай тутади. Холамбибининг даргоҳи Қўқонда ҳам, Тошкентда ҳам Усмоннинг дўстлари учун ҳамиша очиқ эди. Энди эса… Она дили вайрон бўлди. Ўша дамда Холамбиби шу Темир Фаттоҳ, Носир ота Усмондан воз кечган дўстларини бир куни койигани учун, матбуот саҳифасида бу оиладан кейин аламини олажагини билмаган эди. («Совет Ўзбекистони» газетаси, 1967 йил 24 сентябрь).

Бугунги кунда ўша воқеани Холамбибининг қизи Роҳатхон яхши эслайди. Ўшанда у онасининг ёнида эди. Онанинг қалби илк бор фарёд қилади ва биринчи бор нафратга тўлиб, қарғиш ёғдиради…

Орадан кўп ўтмай она Ёзувчилар союзининг раиси Ҳамид Олимжон автомобиль ҳалокатида фожиали вафот этди деган хабарни эшитади ва Усмоннинг қўлёзмалари тақдирини билишдан умидини узади.

* * *

Аждарҳога ўхшаш 1937 йил элнинг кўпгина асл фарзандлари қатори ҳали 25 ёшга тўлмаган Усмон Носирни ҳам ютди. Уни ўзбек халқининг бағридан туҳмат, ҳасад, маломатлар юлиб кетди. Хўш, навқирон, сурур осмонида парвоз қилиб юрган шоир қандай қилиб бирдан «халқ душмани» тамғасини олди?! Ўйлаб ўйга етиш қийин. Ўша даҳшатли, ажал ёғдирган йиллар ва воқеаларнинг гувоҳи бўлган, вақти келса иштирокчисига айланган кишилар бугунги кунда ҳаёт. Ўйлаб ўйга етолмайсан… Ахир ўшаларнинг кўпчилиги майда шахсий манфаатларини кўзлаб халқнинг бойлигига, бисотига чанг солганлар-ку! Халқнинг маънавий дунёсини поймол қилганлар-ку!

Мана шундай ўй-хаёллар менинг хотирамга Уйғуннинг улуғ шоиримиз Ҳамзага бағишланган тўрт мисрасини михлаб қўйди.
Уни ўлдирганлар билмади:

Мумкин эмас уни ўлдирмоқ!
У-чи кўрки бўлиб шеьриятнинг,
Ўтирибди қўр тўкиб тўрда…

Ҳа, фақатгина 24 ёшгача ижод қилган Усмон Носир ҳам бугунги шеъриятимизнинг «тўрида қўр тўкиб ўтирибди». У орадан жуда эрта кетди. Лекин ўзбек халқининг қалбига учқун ташлаб ўтди. Шунинг учун ҳам Усмон Носирни бахтли инсон деб айтиш мумкин. Ҳозир қайси ўзбек шоирининг тўпламини қўлга олманг унда албатта Усмон Носирга бағишланган шеър ўқийсиз. Демак, шоир барҳаёт! Демак, у ўлмаган!

Усмон Носир табиатан жуда хушчақчақ, бағри кенг, қўли очиқ йигит эди. У билан бир суҳбатда бўлган одам албатта дўстлашишга интиларкан. Қавм-қариндошлар ҳам Усмонни жуда ҳурмат қилишарди. У барчага баробар меҳрибон эди.

Нақл қилишларича, Усмоннинг ўгай амакиси Абдураҳмон Масодиқов жуда қаттиққўл бўлиб, унга кўп озор бераркан. Носир ота босмачиларга қарши курашиб юргани учун Қўқонга аҳён-аҳёнда келарди. Агар Усмон уйда бўлмаса, уни кўргани ўша куниёқ интернатга бораркан. Мана шундай кунлардан бирида Намангандан келган Носир ота Холамбибига ош дамлатиб, извошга қизлари Роҳатхон ва Инобатхонларни ўтқазиб, Усмон ўқиётган интернатга боради. Интернатда кўпроқ етим-есирлар ўқир эдилар. Усмон эса бу ерга бошқа сабабга кўра тушади: Носир отанинг укаси Ибоджон Усмонда ёшлигидан китобга, ўқишга бўлган интилишни сезади ва унинг бу хислатини ардоқлайди. Бир куни у мактабга бормай кўчада болалар билан ёнғоқ ўйнаб юрган Усмонни кўриб астойдил ранжийди ва акаси Носир ота билан уни интернатга бериш масаласи юзасидан маслаҳатлашади, интернат унинг тарбиясига ижобий таъсир қилишини айтади… Шундай қилиб, қизлари билан бирга кўргани келган Носир ота Усмонни қоронғи хонада дарс қилаётганини кўриб, юраги ачишади. Шундан сўнг Усмоннинг ўқитувчисидан рухсат сўраб, уни уйига олиб кетмоқчи бўлади. Хуллас, у имкони борича кўнглини кўтаришга ҳаракат қиларди. Аммо унинг акаси Абдураҳмон ака Усмонни кўп койир эди. Балки ўша аламлар оқибатида Усмоннинг қуйидаги сатрлари яратилгандир:

Отам ўлди, мен сарсон бўлдим,
Шум етим, деб сўкдилар мени.
Ажаб кунга мубтало бўлдим,
Кўчаларга қувдилар мени…
Ўша кун дилимда ҳаёт
(Оғир ғамни унутиб бўлмас!)
Тур! — дедилар,— тур, етимча зот!
Иложим йўқ, тураман бирпас.

Кўп йиллар ўтиб, Абдураҳмон ота 1966 йили 101 ёшида вафот этгач, унинг ёстиғи қатидан икки дона сурат чиқади. Бири 1943 йили фронтда ҳалок бўлган ўғли Алижонники, бири эса Усмонники эди…

Яна нақл қилишларича, 1932 йили Усмоннинг амакиси Мансуржон Масодиқов қиз кўради. Ўша кезда Усмон Носир «Норбўта» достони устида ишлаётган экан. Хабарни эшитган Усмон ҳовлига чиқибди-да: «Қизнинг оти Сарвар! Сарвар бўлсин! Агар ўғил бўлганида Норбўта қўярдим!», деган экан ҳаяжонланиб.

Қўқондаги катта ҳовлидан кичкинагина ариқ оқиб ўтарди. Усмон беш-олти ёшлар чамасидаги кенжа синглиси Инобатхонни ариққа — сув оқимига тескари қилиб ўтқазиб қўярканда, ўзи ҳаҳолаб, завқланиб, шимининг почасини тиззасигача қайириб олиб томоша қилишни яхши кўраркан. Синглиси эса «тўғон» бўлиб ариқдаги сувни тошириб юбораркан. Ҳовлини сув босаркан…

Равзахон турмушга узатилган кезлари Усмон Арпапоя маҳалласида Мутахассислар уйида шоир Уйғунга тегишли квартиранинг бир хонасида яшар эди. Қўқондан тўйга келган қариндошларига у шу хонадонда зиёфат беради. Ўша кунни ҳозир ҳам қариндош-уруғлари кўп эслайдилар.

«Ҳеч ёдимдан чиқмайди. Эшикда оқ дока рўмоллар ёпиниб кириб келаётган аёлларни кутиб олаётган Усмонхон биз билан келган отинларга қараб: «Кулбамизга худонинг хотинлари ташриф буюрибдилар, қани, қани, марҳамат!» деб ҳазил-ҳузул қилганини ҳеч унутолмайман», дейди кўзёшини артар экан Ҳошияхон ая (у фронтда ҳалок бўлган Ибоджон тоғамнинг беваси).
Усмон Носир шундай эди.

Мана шундай хотиралар, мана шундай ўй-хаёллар мени ёшлигимдан Усмон Носирнинг изларини ахтаришга ундади. Онгим билан унинг вафот этганлигига ишонсам ҳамки, қалбим бу фожиани ҳеч қабул қилишни истамасди. Назаримда, гўё у тирик ва мен уни албатта топиш имкониятига эгадек туюларди. 1968 йилда Магадан ички ишлар бошқармасига хат ёздим; мен тоғам ҳақида маълумотлару унинг қўлёзмаларини излаётганимни айтдим. У ердан келган жавоб хатда: «Усмон Носиров 1941 йилнинг охирларида Кемерово областига кўчирилган. Унинг кейинги тақдири ҳақида маълумотларга эга эмасмиз», деб ёзилган эди. 1969 йили Кемерово ички ишлар бошқармасидан келган хатдан эса мен Усмон Носиров Маринск шаҳри яқинида 1944 йилгача, яъни вафотигача истиқомат қилганини билдим.

Юрагимда ғулғула пайдо бўлди. Қайси сана тўғри? Қайси бирига ишониш керак? Кимга ишонай? Ўша ерларда қамоқ муддатини ўтаб келган Иброҳим Назир, Тожихон Шодиева ва кўпгина бошқа гувоҳларгами ёки бу хатларгами? Кўп йиллар шу муаммо мени қийнади.
Ва ниҳоят, Ўзбекистон Ёзувчилар союзи раҳбарларининг кўмагида мен Усмон Носирнинг қабрини излаб кетдим. Қабристонни топдим. Кемерово область ички ишлар бошқармаси архивида сақланаётган Носиров Усмонга тегишли «дело»дан Ўзбекистон Ёзувчилар союзи номига берилган справкани олиб келдим:

«Ўзбекистон Ёзувчилар союзи правлениеси секретарининг ёрдамчиси ўртоқ Ҳ. Шайховга
Сизнинг Носиров Усмон ҳақидаги сўроқ хатингиз бўйича шуни маълум қиламанки, Носиров У. Кемерово областининг маҳбуслар учун ажратилган жойларига 1943 йилнинг бошида келтирилган.
У узлуксиз равишда касалхонанинг оғир аҳволдаги касаллар бўлимида бўлган. 1944 йилнинг март ойида вафот этган.
Уни билган ва даволаган медицина ходимлари областда яшамайдилар.
Носиров Усмон 1944 йилда Кемерово область, Маринск районининг Суслово қишлоғидаги қабристонга дафн этилган.
Кемерово области Ички ишлар бошқармасининг бошлиғи (Имзо)
Л. В. ПРОСИН»

Ўша муаммо бирибир муаммолигича қолди: миш-мишлар тўғрими ёки давлат ҳужжатларими?
Юрагимни ҳамон гумон кемирарди. Балки бошқа «Носиров Усмон»дир? Шу сабабдан биз шоира Мукаррама Муродова билан биргаликда Кемерово область Ички ишлар бошқармасининг бошлиғи генерал В. И. Руньшиков билан учрашдик. Унинг ёрдамида яна бир бора архив билан танишдик. Ҳужжатлардаги: «Носиров Усмон, шоир-ёзувчи, 1912 йили Наманганда туғилган», деган ёзувлар гумонимизни тарқатди.

Гумонимиз тарқалди, лекин кўнглимиздаги ғубор барибир тарқалмади. Мени ҳамон битта жумбоқ қийнайди: хўш, Усмон Носир ўлимига айнан кимлар айбдор? Айбдорларнинг номлари бордир, ахир?! Ахир ҳамма фожиаларни «шахсга сиғиниш» деган мавҳум атама остига кўмиб юбориб бўлмайди-ку!

Ўзбекистон ССР Давлат Хавфсизлиги комитетининг раисига, Ўзбекистон ССР Олий судининг раисига Усмон Носир «дело»си билан танишишга рухсат беришларини сўраб қайта-қайта мурожаат этдик. Лекин илтимосларимиз оқибатсиз қолдирилди. Нега?.. Эҳтимол, шоир номини ёмонотлиққа чиқаришга «улуш» қўшган баъзи бир «адабиёт корчалонлари» Усмон Носир «делоси» ошкор этилишига қаршилик қилишаётгандир? Балки улар тарихимиздаги «оқ доғлар» ювилишидан манфаатдор эмасдир?..

«Афлотун менинг дўстим, лекин Ҳақиқат менга қадрлироқдир», деган эди улуғ алломалардан бири. Ўйлаймизки, Усмон Носир «дело»сини архивда сақлаётган ташкилот мутасаддилари ошкоралик насими эсаётган ушбу кунларда мардонаворлик билан Ҳақиқат томон юз бурадилар. Чунки ҳозирги ёшлар, айниқса, адабиётимизнинг кенжа авлоди ҳақиқатни билишлари шарт.

ЭСЛАТМА

Қуйида Усмон Носир қамоқдан И. В. Сталинга йўллаган мактуб эълон қилинмоқда. Мактуб ҳозирча шоирнинг ошкор этилмаган шахсий делосидан олинди.

0 7c0b.jpgВКП(б) МКнинг секретари Иосиф Виссарионович Сталинга шоир Усмон Носирдан
АРИЗА
Мен халқ душманларининг бўҳтонига учрадим.
Душманларнинг миш-мишига қараганда, гўё мен Сизни ҳақорат қилганмишман, пессимистик (тушкунлик) руҳида шеърлар ёзган эмишман. 1937 йили (14 июль куни) ЎзССР НКВД томонидан ҳибсга олиндим. Тергов алдов усулларини қўллаб, менинг тажрибасизлигимдан фойдаланиб ёлғон айбномага мени иқрор этиш йўлини тутди.
1936 йилнинг 5 октябрида мен Ҳарбий коллегиянинг кўчма учлиги олдида менга қўйилган ёлғон айбномани батамом рад этдим. Лекин коллегия Ёзувчилар союзининг собиқ раҳбари томонидан суд бошланиши арафасида бўйнимга қўйилган бошдан-оёқ бўҳтондан иборат кўргазмага асосланиб, барча айбномаларни инкор этишимга қарамай, айблаш учун ҳеч қандай фактик материал бўлмаса ҳам ЎзССР ЖКнинг 67, 64—14 моддалари бўйича камина 10 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Жумладан, мени 5 йил сиёсий ҳуқуқлардан маҳрум этишди.
Бу қарор, бу ҳукм адолатсиздир.
Мен 1912 йили туғилганман, болалар уйида тарбияланганман, ўша ерда ВЛКСМ сафига ўтганман.
Менинг 6 та шеърий тўпламим, 4 та таржима китобим чоп этилган. Пушкин ва Лермонтов ижодий меросидан қилган таржималарим (ўзимнинг асарим сингари) жуда яхши баҳоланган.
Қамоқда ўтган 3 йиллик умрим мобайнида, барча қийинчиликларга қарамай, мен битта шеърий роман, 3 та пьеса ва туркум шеърлар тайёрладим.
Мен ҳали ёшман, ижодий режаларим бисёр.
Менга халқ душманлари туҳмат қилишди!
Мен мутлақо асоссиз, ҳеч бир айбсиз қамоқда ётибман!
Мен ҳаётга қайтишим керак, улуғ Ватаннинг тўла ҳуқуқли граждани бўлишим керак!
Мен Сиздан ёрдам сўрайман.
(имзо) Усмон Носир
1940 йил 20 август
Муддатни ўташ жойимнинг адреси:
Магадан ш. Хабаровск ўлкаси, N° 2 Саноат комбинати

Манба: “Ёшлик” журнали, 1988 йил 9-сон

Нодира Рашидова асари асосида Ўзбек Миллий академик драма театрида режиссор Марат Азимов томонидан саҳналаштирилган «Усмон Носир» спектакли.  Бош ролда Фатҳулла Масудов. Шоирнинг отаси ролида Ғайбулла Ҳожиев.
Nodira Rashidova asari asosida O’zbek Milliy akademik drama teatrida rejissor Marat Azimov tomonidan sahnalashtirilgan «Usmon Nosir» spektakli . Bosh rolda Fathulla Masudov. Shoirning otasi rolida G’aybulla Hojiyev.

Nodira Rashidova
USMON NOSIR: “MEN HAYOTGA QAYTISHIM KERAK…”
07

0 - usmon_nasyr_1990g_2.jpg1956 yil sentyabr oyining oxirlarida Masodiqova Xolambibi nomiga xat keldi.

«Grajdanka Masodiqova Xolambibiga!
Sizga shuni ma’lum qilamanki, o‘g‘lingiz Nosirov Usmonning ishi tekshirib chiqildi.
O‘g‘lingiz asossiz hukm qilinganligi aniqlandi.
Arizangiz hamda Nosirov Usmonning jinoyat ishi, 1956 yil 3 sentyabr kuni o‘tkazilgan tekshiruv materiallari asosida avvalgi hukmni bekor qilish va o‘g‘lingizni batamom oqlash uchun Bosh Harbiy Prokuror nomiga (Moskva shahriga) jo‘natildi.
Karor haqida Bosh Harbiy Prokuror sizga ma’lum qiladi.
TurkVO Prokurorining o‘rinbosari, yustitsiya podpolkovnigi (imzo)
M. PASTUSHENKO»

Xolambibining ko‘p yillar zardobga to‘lib yotgan yuragida umid uchquni paydo bo‘ldi: «U tirik!» Bu uchqunni oktyabr oyining boshida Moskvadan kelgan boshqa bir xat yana alangalatdi.

«Sizga ma’lum qilamanki, arizangiz Bosh Harbiy Prokuratura tomonndan hal qilindi.
O‘g‘lingiz Nosirov Usmonga tegishli jinoiy ish qayta ko‘rib chiqish uchun Oliy Sudga jo‘natildi.
Natija Sud tomonidan Sizga ma’lum qilinadi.
GVP bo‘limining Harbiy Prokurori, Yustitsiya podpolkovnigi (Imzo)
PROSHKO».

«Demak, Usmonxon tirik. Bironta xatda uning vafoti haqida hech qanday gap-so‘z yo‘q, axir! Xolambibi bu gaplarni tovush chiqarib aytishga qo‘rqar, go‘yo bu so‘zlar aytilsa, umidi barbod bo‘lishi mumkindek, shu umid onaning hayotiga bir oz bo‘lsa-da, nur olib kirgandek edi.
Biroq, 1957 yilning aprel oyida kelgan xat… uni qulatdi.

«SSSR Oliy Sudining Harbiy kollegiyasidan
1956 y. 30 mart
SPRAVKA
Hibsga olingunga qadar yozuvchi-shoir bo‘lgan Nosirov Usmonning ayblanish to‘g‘risidagi jinoiy ishi SSSR Oliy SudiningHarbiy kollegiyasi tomonidan 1957 yil 21 martda qayta ko‘rib chiqildi.
1938 yilning 5 oktyabrida Harbiy Kollegiya tomonidan Nosirov Usmonga tegishli ish yuzasidai chiqarilgan hukm vujudga kelgan yangi vaziyatlarga ko‘ra, bekor qilindi va jinoyat sostavi yo‘qligi tufayli jinoiy ishning ko‘rilishi to‘xtatildi.
Nosirov U. vafotidan so‘ng oqlandi.
SSSR Oliy Sudi Harbiy kollegiyasi Sudlovchi hay’atnnig raisi, Yustitsiya polkovnigi (Imzo)«

«Vafotidan so‘ng». Oppoq qog‘ozga qora siyohda yozilgan bu sovuq so‘zlar onaning qalbini bir zumda chil-chil qildirdi.

1937 yilning quyuni uning bag‘ridan biryo‘la uch farzandini: Usmonni, kuyovi O‘zbekiston Kompartiyasi Markazqo‘mning sekretari Nuriddin O‘lmasboevni, 23 yoshida vafot etgan qizi Ravzaxonni yulib ketdi. Lekin birgina ilinj — Usmonning tirikligiga bo‘lgan ishonch onaga darmon, dalda edi. Xat bu ishonchni ham tilka-pora qildi.
Xolambibi yotib qoldi. O‘sha yili yoz oylarida bir kuni hovliga ozg‘indan kelgan, novcha odam kirib keldi. Ona uni darrov tanidi: bu Usmonning do‘stlaridan biri Ibrohim Nazir edi. U Xolambibi bilan ancha suhbatlashdi. Mehmon ketganidan so‘ng ona o‘rtanib qoldi.

«Usmon og‘ir dardga mubtalo bo‘ldi; uning sovuq urgan qo‘l-oyoqlarini kesib tashlashdi, tsinga kasalidan tishlari to‘kilib ketdi… bir burda non yeyishga zor bo‘lib, Magadanda 1952 yili vafot etdi…» deb aytdi Ibrohim Nazir.
Uning gaplarini keyinchalik Tojihon Shodieva ham tasdiqladi.

Ona uchun umidning oxirgi uchquni ham so‘ndi. «Usmon yo‘q!» Bu xayol uni chayondek chaqardi.
O‘sha suhbatlardan so‘ng rangi yanada siniqqan, ko‘rpa-to‘shak qilib yotib qolgan ona hasratini menga, yosh qizaloqqa to‘kardi:
«Usmonni olib ketishganiga uch-to‘rt oycha bo‘lgan edi. Tog‘ang qamoqxonadan xat chiqarib, Ibrohim Nazir va Madamin Davronlarda palto bilan etigi borligini aytib, shu narsalarni yetkazishni so‘rabdi. Men ayang (Rohatxon) bilan qo‘shni qiz Dilbarni Arpapoya mahallasiga yubordim. Madamin Davronning singlisi ularni qarshilab olibdi-da, Ibrohimning eshigini taqillatib qizlar kelganligini aytibdi. Shunda Ibrohim eshikni qiya ochib turib: «Men xalq dushmanning singlisi bilan gaplashmayman!» deb paltoni itqitibdi va shoshib eshigini berkitib olibdi. Rohatoy uyga yig‘lab-yig‘lab qaytdi. Ertasi kuni Madaminning singlisi biznikiga kelib, Ibrohimni kechasi olib ketishganligini aytdi. Mana, Ibrohim ham eson-omon qaytibdi. Tog‘ang esa yo‘q…»

O‘sha kezlarda Xolambibiga O‘zbekiston Yozuvchilar soyuzidan u yerda 1957 yil 2 iyulda bo‘lib o‘tgan majlisning qaroridan ko‘chirma olib kelishdi. Unda Usmon Nosirni Yozuvchilar soyuzi a’zoligiga tiklash va uning onasi Masodiqova Xolambibiga 6 ming (yangi pul bilan 600) so‘m mablag‘ ajratib berilishi to‘g‘risidagi masalalar ko‘rilgan edi.

Ko‘p o‘tmay Xolambibining qo‘liga pul keltirib berishdi. Haykaldek qotib o‘tirgan ona qo‘lidagi bir dasta pulga qarab yig‘lab yubordi. Chunki…
Usmon hech yolg‘iz yurmasdi. Uyga ham hech qachon yolg‘iz kirib kelmasdi; yonida hamisha do‘stlari, o‘rtoqlari bo‘lardi. Kunlarning birida u besh-oltita o‘rtoqlarini mehmonga olib keladi. Ona o‘choq boshida ovqat tayyorlash bilan ovora bo‘ladi… Bir payt Usmon tashqariga chiqib, onasiga qo‘shnidan qarz olib bo‘lsa-da, do‘stlariga sigareta topib keltirishni iltimos qiladi. Yaqinda Qo‘qondan ko‘chib kelgan Nosir ota hali ishga joylashmagani sababli. oilada yetishmovchilik bo‘lsa ham, Xolambibi qo‘ni-qo‘shnilardan bironta narsa so‘ragani tortinardi. Ona o‘g‘liga ahvolni tushuntiradi. Shunda Usmon: «Aya, hech uyalma, qarz uziladigan narsa. Hali vaqt keladiki, mening o‘ligim ham seni boqadi!» deydi. O‘sha kuni bu voqeadan voqif bo‘lgan Nosir ota Xolambibining qo‘lidagi bittagina uzugini bir xalta sigaretaga almashtirib, Usmonning o‘rtoqlariga kiritib yuborgan ekan. Shularni eslab ona yuragi vayron bo‘ldi.
«Bu pullarni endi nima qilaman?!» deb menga tikilib qolgan buvimning yosh to‘la ko‘zlari hamon dilimni o‘rtaydi.

Xolambibining ahvoli tobora og‘irlasha bordi. 85 yoshlik Nosir ota hamon davlat ishida bo‘lib, Sirdaryodagi qamish zavodida direktorlik qilardi, Toshkentga bir haftada bir marta kelib ketardi. Men xasta buvimning yonida ko‘proq bo‘lishga harakat qilardim. Uni hech yolg‘iz qoldirgim kelmasdi. Uning o‘sha kezlarda yuragidan otilib chiqqan alamlari, hasratlari qalbimga o‘rnashib qolgan…

1936 yilning bahori. Usmon Toshkentdan Qo‘qonga kelib Nosir otaga o‘zining do‘sti Nuriddin O‘lmasboevga katta singlisi Ravzaxonni turmushga berish niyati borligini aytadi. Ota rozilik beradi. To‘yni o‘tkazib Usmon Ravzaxonni Toshkentga ko‘chirib keladi. Bir oz vaqt o‘tgach, Usmon Qo‘qondan butun oilasini Toshkentga ko‘chirib kelish niyatida yana Qo‘qonga borib: «Endi hammamiz bir joyda bo‘laylik», deb otasini ko‘ndiradi. 1937 yilning bahorida Usmon oila a’zolarini Toshkentga, Chaqar mahallasidagi bir qarindoshinikiga olib keladi. Ikki oylar do‘sti Nodirbek topgan shu mahalladagi Yo‘ldosh qassob degan kishining uyida ijarada turadilar. Nosir ota hovli axtarish bilan shug‘ullanadi. Shu kezlarda Usmon bir kuni uyga mast bo‘lib qaytdi. Uni o‘rtoqlari — artist Muhsin Hamidov bilan shoir Yusufjon Hamdam olib kelishgan edi. Usmon onasiga: «Bugun meni yozuvchilikdan o‘chirishdi,— deb aytdi.— Nimagaligini o‘zim ham bilmayman». Ona sho‘rlik o‘g‘li millatchilikda ayblanib, Yozuvchilar soyuzida «ishi» muhokama bo‘lganini bilmasdi. Usmonga rahbarlardan biri: «Aybingni bo‘yningga ol, keyin gunohing yengillashadi. Men sening tarafingni olib, oqlab chiqaman. Egilgan boshni qilich kesmaydi, axir!» deb avraganini o‘z qulog‘i bilan eshitgan kishi hozir hayot, lekin iltimosiga ko‘ra, uning ismi-sharifini keltirmadik… Usmon unga ishondi. O‘sha majlisda Usmonni rosa talaydilar…
Shunday qilib, endi 24 bahorni qarshilagan shoirning qanotini sindiradilar. Darvoqe, majlis oxirida «ayblanuvchi»ning o‘ziga, shoir Usmon Nosirga so‘z beriladi. U haligi rahbar «aytganini» qilib, aybini bo‘yniga oladi. Lekin qaysi aybini?! O‘zi ham bilmasdi… O‘sha «maslahatchi» dik etib o‘rnidan turadiyu: «Ana, ko‘rdingizmi, u aybini bo‘yniga olyapti! Unga oramizda o‘rin yo‘q. Soyuzdan o‘chirilsin deganlar qo‘l ko‘tarsin!» deydi… Bu ertakka o‘xshaydi. O‘shanda Usmon zog‘lar orasida qolgan bulbulga o‘xshardi.

Bir necha kundan keyin Usmon Nosirning uyiga ertalab bir kishi kirib keldi. O‘zini NKVD xodimi o‘rtoq Mansurov deb tanishtirdi. U kitob-qog‘ozlarni tintuv qildi. Uzoq tintuv qildi. Usmon derazaning tepa toqisiga ikki qo‘lini tiragancha indamay turardi. Nogahon eshikdan yig‘lab kirib kelayotgan singlisi Ravzaxonga ko‘zi tushadi. «Singlingiz o‘lsin, aka! Meni nima uchun bu yerlarga olib kelgandingiz, akajon…» deb bo‘zlar edi u. «Rozochka… Rozochka, yig‘lama, singlim!» deydi jovdirab Usmon va singlisini bag‘riga bosadi. Peshonasidan o‘padi. Ravzaxon akasining bag‘rida hushidan ketadi. Usmonga xonadan chiqishga ruxsat yo‘qligi uchun Ravzaxonni uning qo‘lidan olib hovlining narigi betidagi uyga kiritadilar. Tintuv tugagach, Mansurov Usmonni oldiga solib tashqariga chiqadi. Usmon hovlida turgan otasi va Qo‘qondan ulardan xabar olgani kelgan amakisi Ibodjon bilan quchoqlashib xayrlashadi, singillarining peshonasidan o‘padi. Qo‘shni xonada hamon hushidan ketib yotgan singlisi Ravzaxonga ko‘z qirini tashlaydi-da, Mansurov ketidan ko‘cha eshik tomon yuradi. Izidan: «Usmonjon, bolam, ayang o‘lsin!.. Bizni o‘zing kimlarga tashlab ketyapsan?!» deb faryod qilayotgan onasi tomon qayrilib: «O‘lsang o‘laver!..» deb chiqib ketadi. Onaning faryodi bo‘g‘zida qoladi… Shunchalar «bemehr» o‘g‘lining ketidan chiqish yo chiqmasligini bilmay joyida taxta qotadi. Birov shu zum uning yuragini muzday suvga botirib olganday bo‘ladi. Ko‘zidan selday oqib kelayotgan yoshi bir zumda quriydi. Onaning ko‘z o‘ngida Usmon siymosi qo‘lidagi oppoq kepkasini g‘ijimlagan ko‘yi bir umr muhrlanib qoldi…

1936 yil iyul oyining jazirama kuni ona yuragini roppa-rosa 20 yil kuydirdi. «O‘lsang o‘laver!..» degan so‘zlar o‘sha damda ona yuragiga nishtardek sanchilgan edi. Usmon bu dahshatli so‘zlarni onasining qalbini asrab qolish uchun ataylab aytganini hech kim bilmasdi, albatta. Ona buni ko‘p yillar o‘tgandan keyin ich-ichidan his etdi.

Usmonning izi o‘chdi… U bilan birga oila hayotidan shodligu baxtiyorlik, tinchlik ketdi. Faqatgina bir narsa qoldi — o‘zaro ahillik, o‘zaro totuvlik.

Oila nihoyatda og‘ir ahvolda yashay boshladi. Nosir otaga «xalq dushmani»ning otasi bo‘lgani uchun hech qaerda ish yo‘q, qizlari Rohatxon, Inobatxonlarga hatto maktablarning eshiklari berk, Ravzaxon yana ota-onasi xonadoniga qaytgan. Uning turmush o‘rtog‘i Nuriddin O‘lmasboev Akmal Ikromovning safdoshi sifatida qamalgan. Nosir otaga: «Usmon sizga o‘gay o‘g‘il, undan ariza orqali voz keching. Siz inqilob uchun ko‘p xizmat qilgan odamsiz. Hukumat sizni qo‘llab-quvvatlaydi, ish beradi», deb maslahat beruvchilar ko‘p bo‘ldi. Lekin Nosir ota o‘g‘lining nomini sotmadi, uning begunohligiga umrining oxirigacha ishondi. O‘g‘li bilan, uning halolligi bilan hamisha faxrlandi. Hatto o‘sha og‘ir yillarda ham Usmonning nomini himoya qildi. Oila esa och-nahor yashar edi. Nosir ota qizlari bilan Toshkent qamoqxonasiga bot-bot oziq-ovqat, kiyim-kechak kiritib turishi kerak edi. Biri Usmonga va yana biri kuyovi Nuriddin O‘lmasboevga. Ana shunday og‘ir kunlarda ona uydagi jamiki qog‘oz-kitoblarni yig‘ib qopga soladi-da, pistafurushga topshiradi. Bu qog‘ozlar Usmon Nosirovning hali gazeta, jurnal, kitob sahifalarini ko‘rishga ulgurmagan qo‘lyozmalari edi… Ikki yil muqaddam, 1935 yilda yozilgan «Nil va Rim» she’rida Usmon Nosir shunday degan edi:

O‘lim yaxshi, odam agar shunday xor bo‘lsa!
Bir parcha non nima o‘zi! Shunga zor bo‘lsa!

Biz nochorlik va qo‘rquvni hozir unchalik his etolmaymiz. Lekin o‘sha paytlarda odamlarni g‘aflat chirmab olgan edi.

1944 yilning mart oyida Farrux Ahmadiy ismli kishi (u surgundan qaytgach, Muqimiy nomidagi muzikali drama teatrida qorovul bo‘lib ishlagan) Usmonning Sibirdan yozgan xatini singlisi Rohatxonga yetkazadi. Xatda: «Singlim Rohatxon! Eshitdim, O‘tkir Rashid bilan turmush qilibsizlar. Juda xursand bo‘ldim (bu nikoh Usmon Nosirning vasiyati edi — N. R.). Baxtli bo‘linglar. Toshkentga, Yozuvchilar soyuziga «V. I. Lenin», «Shahlo» degan poemalarimni yubordim. Nahotki, butun O‘zbekistonda meni bu yerlardan olib ketadigan bironta do‘st, yoru birodar topilmasa?.. Toshkentga borsam, umrim qamoqda o‘tsa ham mayli edi… Soyuzga ayam iltimos bilan borsin. Mening gunohim yo‘q. Jonim singlim, xatni o‘qigach yoqib yubor!» deyilgan edi.

Barcha harakatlar naf bermadi. Bir oz o‘tgach, «Yozuvchilar soyuziga Usmondan paket kelibdi. Unda «V. I. Lenin» va «Shahlo» poemalari bor ekan», degan xabar tarqaldi. Xolambibi o‘sha yillari Yozuvchilar soyuzining rahbarlaridan bo‘lmish kishining huzuriga boradi. O‘g‘li Usmon Nosirni Toshkentga keltirilishi uchun yordam berishlarini iltimos qiladi, o‘g‘lining o‘z qo‘li bilan yozgan poemalarini ko‘rmoqchi bo‘ladi. Onaga o‘g‘lidan kelgan xatu qo‘lyozmalarni ko‘rsatish u yoqda tursin, «Xalq dushmanining onasi bilan gaplashiladigan gap yo‘q!» deb kabinetdan chiqarib yuborishadi. Ona ko‘cha eshigigacha zo‘rg‘a yetib kelib, ostonaga behol o‘tirib qoladi. Uning yoniga yuzida kinoya aralash tabassum bilan Temir Fattoh kelib so‘rashadi; o‘zini go‘yo avvallari onani hech tanimaganday tutadi. Xolambibining dargohi Qo‘qonda ham, Toshkentda ham Usmonning do‘stlari uchun hamisha ochiq edi. Endi esa… Ona dili vayron bo‘ldi. O‘sha damda Xolambibi shu Temir Fattoh, Nosir ota Usmondan voz kechgan do‘stlarini bir kuni koyigani uchun, matbuot sahifasida bu oiladan keyin alamini olajagini bilmagan edi. («Sovet O‘zbekistoni» gazetasi, 1967 yil 24 sentyabr).

Bugungi kunda o‘sha voqeani Xolambibining qizi Rohatxon yaxshi eslaydi. O‘shanda u onasining yonida edi. Onaning qalbi ilk bor faryod qiladi va birinchi bor nafratga to‘lib, qarg‘ish yog‘diradi…

Oradan ko‘p o‘tmay ona Yozuvchilar soyuzining raisi Hamid Olimjon avtomobil halokatida fojiali vafot etdi degan xabarni eshitadi va Usmonning qo‘lyozmalari taqdirini bilishdan umidini uzadi.

* * *

Ajdarhoga o‘xshash 1937 yil elning ko‘pgina asl farzandlari qatori hali 25 yoshga to‘lmagan Usmon Nosirni ham yutdi. Uni o‘zbek xalqining bag‘ridan tuhmat, hasad, malomatlar yulib ketdi. Xo‘sh, navqiron, surur osmonida parvoz qilib yurgan shoir qanday qilib birdan «xalq dushmani» tamg‘asini oldi?! O‘ylab o‘yga yetish qiyin. O‘sha dahshatli, ajal yog‘dirgan yillar va voqealarning guvohi bo‘lgan, vaqti kelsa ishtirokchisiga aylangan kishilar bugungi kunda hayot. O‘ylab o‘yga yetolmaysan… Axir o‘shalarning ko‘pchiligi mayda shaxsiy manfaatlarini ko‘zlab xalqning boyligiga, bisotiga chang solganlar-ku! Xalqning ma’naviy dunyosini poymol qilganlar-ku!
Mana shunday o‘y-xayollar mening xotiramga Uyg‘unning ulug‘ shoirimiz Hamzaga bag‘ishlangan to‘rt misrasini mixlab qo‘ydi.
Uni o‘ldirganlar bilmadi:

Mumkin emas uni o‘ldirmoq!
U-chi ko‘rki bo‘lib sheriyatning,
O‘tiribdi qo‘r to‘kib to‘rda…

Ha, faqatgina 24 yoshgacha ijod qilgan Usmon Nosir ham bugungi she’riyatimizning «to‘rida qo‘r to‘kib o‘tiribdi». U oradan juda erta ketdi. Lekin o‘zbek xalqining qalbiga uchqun tashlab o‘tdi. Shuning uchun ham Usmon Nosirni baxtli inson deb aytish mumkin. Hozir qaysi o‘zbek shoirining to‘plamini qo‘lga olmang unda albatta Usmon Nosirga bag‘ishlangan she’r o‘qiysiz. Demak, shoir barhayot! Demak, u o‘lmagan!
Usmon Nosir tabiatan juda xushchaqchaq, bag‘ri keng, qo‘li ochiq yigit edi. U bilan bir suhbatda bo‘lgan odam albatta do‘stlashishga intilarkan. Qavm-qarindoshlar ham Usmonni juda hurmat qilishardi. U barchaga barobar mehribon edi.

Naql qilishlaricha, Usmonning o‘gay amakisi Abdurahmon Masodiqov juda qattiqqo‘l bo‘lib, unga ko‘p ozor berarkan. Nosir ota bosmachilarga qarshi kurashib yurgani uchun Qo‘qonga ahyon-ahyonda kelardi. Agar Usmon uyda bo‘lmasa, uni ko‘rgani o‘sha kuniyoq internatga borarkan. Mana shunday kunlardan birida Namangandan kelgan Nosir ota Xolambibiga osh damlatib, izvoshga qizlari Rohatxon va Inobatxonlarni o‘tqazib, Usmon o‘qiyotgan internatga boradi. Internatda ko‘proq yetim-esirlar o‘qir edilar. Usmon esa bu yerga boshqa sababga ko‘ra tushadi: Nosir otaning ukasi Ibodjon Usmonda yoshligidan kitobga, o‘qishga bo‘lgan intilishni sezadi va uning bu xislatini ardoqlaydi. Bir kuni u maktabga bormay ko‘chada bolalar bilan yong‘oq o‘ynab yurgan Usmonni ko‘rib astoydil ranjiydi va akasi Nosir ota bilan uni internatga berish masalasi yuzasidan maslahatlashadi, internat uning tarbiyasiga ijobiy ta’sir qilishini aytadi… Shunday qilib, qizlari bilan birga ko‘rgani kelgan Nosir ota Usmonni qorong‘i xonada dars qilayotganini ko‘rib, yuragi achishadi. Shundan so‘ng Usmonning o‘qituvchisidan ruxsat so‘rab, uni uyiga olib ketmoqchi bo‘ladi. Xullas, u imkoni boricha ko‘nglini ko‘tarishga harakat qilardi. Ammo uning akasi Abdurahmon aka Usmonni ko‘p koyir edi. Balki o‘sha alamlar oqibatida Usmonning quyidagi satrlari yaratilgandir:

Otam o‘ldi, men sarson bo‘ldim,
Shum yetim, deb so‘kdilar meni.
Ajab kunga mubtalo bo‘ldim,
Ko‘chalarga quvdilar meni…
O‘sha kun dilimda hayot
(Og‘ir g‘amni unutib bo‘lmas!)
Tur! — dedilar,— tur, yetimcha zot!
Ilojim yo‘q, turaman birpas.

Ko‘p yillar o‘tib, Abdurahmon ota 1966 yili 101 yoshida vafot etgach, uning yostig‘i qatidan ikki dona surat chiqadi. Biri 1943 yili frontda halok bo‘lgan o‘g‘li Alijonniki, biri esa Usmonniki edi…

Yana naql qilishlaricha, 1932 yili Usmonning amakisi Mansurjon Masodiqov qiz ko‘radi. O‘sha kezda Usmon Nosir «Norbo‘ta» dostoni ustida ishlayotgan ekan. Xabarni eshitgan Usmon hovliga chiqibdi-da: «Qizning oti Sarvar! Sarvar bo‘lsin! Agar o‘g‘il bo‘lganida Norbo‘ta qo‘yardim!», degan ekan hayajonlanib.

Qo‘qondagi katta hovlidan kichkinagina ariq oqib o‘tardi. Usmon besh-olti yoshlar chamasidagi kenja singlisi Inobatxonni ariqqa — suv oqimiga teskari qilib o‘tqazib qo‘yarkanda, o‘zi haholab, zavqlanib, shimining pochasini tizzasigacha qayirib olib tomosha qilishni yaxshi ko‘rarkan. Singlisi esa «to‘g‘on» bo‘lib ariqdagi suvni toshirib yuborarkan. Hovlini suv bosarkan…

Ravzaxon turmushga uzatilgan kezlari Usmon Arpapoya mahallasida Mutaxassislar uyida shoir Uyg‘unga tegishli kvartiraning bir xonasida yashar edi. Qo‘qondan to‘yga kelgan qarindoshlariga u shu xonadonda ziyofat beradi. O‘sha kunni hozir ham qarindosh-urug‘lari ko‘p eslaydilar.

«Hech yodimdan chiqmaydi. Eshikda oq doka ro‘mollar yopinib kirib kelayotgan ayollarni kutib olayotgan Usmonxon biz bilan kelgan otinlarga qarab: «Kulbamizga xudoning xotinlari tashrif buyuribdilar, qani, qani, marhamat!» deb hazil-huzul qilganini hech unutolmayman», deydi ko‘zyoshini artar ekan Hoshiyaxon aya (u frontda halok bo‘lgan Ibodjon tog‘amning bevasi).
Usmon Nosir shunday edi.

Mana shunday xotiralar, mana shunday o‘y-xayollar meni yoshligimdan Usmon Nosirning izlarini axtarishga undadi. Ongim bilan uning vafot etganligiga ishonsam hamki, qalbim bu fojiani hech qabul qilishni istamasdi. Nazarimda, go‘yo u tirik va men uni albatta topish imkoniyatiga egadek tuyulardi. 1968 yilda Magadan ichki ishlar boshqarmasiga xat yozdim; men tog‘am haqida ma’lumotlaru uning qo‘lyozmalarini izlayotganimni aytdim. U yerdan kelgan javob xatda: «Usmon Nosirov 1941 yilning oxirlarida Kemerovo oblastiga ko‘chirilgan. Uning keyingi taqdiri haqida ma’lumotlarga ega emasmiz», deb yozilgan edi. 1969 yili Kemerovo ichki ishlar boshqarmasidan kelgan xatdan esa men Usmon Nosirov Marinsk shahri yaqinida 1944 yilgacha, ya’ni vafotigacha istiqomat qilganini bildim. Yuragimda g‘ulg‘ula paydo bo‘ldi. Qaysi sana to‘g‘ri? Qaysi biriga ishonish kerak? Kimga ishonay? O‘sha yerlarda qamoq muddatini o‘tab kelgan Ibrohim Nazir, Tojixon Shodieva va ko‘pgina boshqa guvohlargami yoki bu xatlargami? Ko‘p yillar shu muammo meni qiynadi.
Va nihoyat, O‘zbekiston Yozuvchilar soyuzi rahbarlarining ko‘magida men Usmon Nosirning qabrini izlab ketdim. Qabristonni topdim. Kemerovo oblast ichki ishlar boshqarmasi arxivida saqlanayotgan Nosirov Usmonga tegishli «delo»dan O‘zbekiston Yozuvchilar soyuzi nomiga berilgan spravkani olib keldim:

«O‘zbekiston Yozuvchilar soyuzi pravleniesi sekretarining yordamchisi o‘rtoq H. Shayxovga
Sizning Nosirov Usmon haqidagi so‘roq xatingiz bo‘yicha shuni ma’lum qilamanki, Nosirov U. Kemerovo oblastining mahbuslar uchun ajratilgan joylariga 1943 yilning boshida keltirilgan.
U uzluksiz ravishda kasalxonaning og‘ir ahvoldagi kasallar bo‘limida bo‘lgan. 1944 yilning mart oyida vafot etgan.
Uni bilgan va davolagan meditsina xodimlari oblastda yashamaydilar.
Nosirov Usmon 1944 yilda Kemerovo oblast, Marinsk rayonining Suslovo qishlog‘idagi qabristonga dafn etilgan.
Kemerovo oblasti Ichki ishlar boshqarmasining boshlig‘i (Imzo)
L. V. PROSIN»

O‘sha muammo biribir muammoligicha qoldi: mish-mishlar to‘g‘rimi yoki davlat hujjatlarimi?

Yuragimni hamon gumon kemirardi. Balki boshqa «Nosirov Usmon»dir? Shu sababdan biz shoira Mukarrama Murodova bilan birgalikda Kemerovo oblast Ichki ishlar boshqarmasining boshlig‘i general V. I. Runshikov bilan uchrashdik. Uning yordamida yana bir bora arxiv bilan tanishdik. Hujjatlardagi: «Nosirov Usmon, shoir-yozuvchi, 1912 yili Namanganda tug‘ilgan», degan yozuvlar gumonimizni tarqatdi.

Gumonimiz tarqaldi, lekin ko‘nglimizdagi g‘ubor baribir tarqalmadi. Meni hamon bitta jumboq qiynaydi: xo‘sh, Usmon Nosir o‘limiga aynan kimlar aybdor? Aybdorlarning nomlari bordir, axir?! Axir hamma fojialarni «shaxsga sig‘inish» degan mavhum atama ostiga ko‘mib yuborib bo‘lmaydi-ku!

O‘zbekiston SSR Davlat Xavfsizligi komitetining raisiga, O‘zbekiston SSR Oliy sudining raisiga Usmon Nosir «delo»si bilan tanishishga ruxsat berishlarini so‘rab qayta-qayta murojaat etdik. Lekin iltimoslarimiz oqibatsiz qoldirildi. Nega?.. Ehtimol, shoir nomini yomonotliqqa chiqarishga «ulush» qo‘shgan ba’zi bir «adabiyot korchalonlari» Usmon Nosir «delosi» oshkor etilishiga qarshilik qilishayotgandir? Balki ular tariximizdagi «oq dog‘lar» yuvilishidan manfaatdor emasdir?..

«Aflotun mening do‘stim, lekin Haqiqat menga qadrliroqdir», degan edi ulug‘ allomalardan biri. O‘ylaymizki, Usmon Nosir «delo»sini arxivda saqlayotgan tashkilot mutasaddilari oshkoralik nasimi esayotgan ushbu kunlarda mardonavorlik bilan Haqiqat tomon yuz buradilar. Chunki hozirgi yoshlar, ayniqsa, adabiyotimizning kenja avlodi haqiqatni bilishlari shart.

ESLATMA.

Quyida Usmon Nosir qamoqdan I. V. Stalinga yo‘llagan maktub e’lon qilinmoqda. Maktub hozircha shoirning oshkor etilmagan shaxsiy delosidan olindi.

0 7c0b.jpg«VKP(b) MKning sekretari Iosif Vissarionovich Stalinga shoir Usmon Nosirdan
ARIZA
Men xalq dushmanlarining bo‘htoniga uchradim.
Dushmanlarning mish-mishiga qaraganda, go‘yo men Sizni haqorat qilganmishman, pessimistik (tushkunlik) ruhida she’rlar yozgan emishman. 1937 yili (14 iyul kuni) O‘zSSR NKVD tomonidan hibsga olindim. Tergov aldov usullarini qo‘llab, mening tajribasizligimdan foydalanib yolg‘on aybnomaga meni iqror etish yo‘lini tutdi.
1936 yilning 5 oktyabrida men Harbiy kollegiyaning ko‘chma uchligi oldida menga qo‘yilgan yolg‘on aybnomani batamom rad etdim. Lekin kollegiya Yozuvchilar soyuzining sobiq rahbari tomonidan sud boshlanishi arafasida bo‘ynimga qo‘yilgan boshdan-oyoq bo‘htondan iborat ko‘rgazmaga asoslanib, barcha aybnomalarni inkor etishimga qaramay, ayblash uchun hech qanday faktik material bo‘lmasa ham O‘zSSR JKning 67, 64—14 moddalari bo‘yicha kamina 10 yil qamoq jazosiga hukm qilindi. Jumladan, meni 5 yil siyosiy huquqlardan mahrum etishdi.
Bu qaror, bu hukm adolatsizdir.
Men 1912 yili tug‘ilganman, bolalar uyida tarbiyalanganman, o‘sha yerda VLKSM safiga o‘tganman.
Mening 6 ta she’riy to‘plamim, 4 ta tarjima kitobim chop etilgan. Pushkin va Lermontov ijodiy merosidan qilgan tarjimalarim (o‘zimning asarim singari) juda yaxshi baholangan.
Qamoqda o‘tgan 3 yillik umrim mobaynida, barcha qiyinchiliklarga qaramay, men bitta she’riy roman, 3 ta pesa va turkum she’rlar tayyorladim.
Men hali yoshman, ijodiy rejalarim bisyor.
Menga xalq dushmanlari tuhmat qilishdi!
Men mutlaqo asossiz, hech bir aybsiz qamoqda yotibman!
Men hayotga qaytishim kerak, ulug‘ Vatanning to‘la huquqli grajdani bo‘lishim kerak!
Men Sizdan yordam so‘rayman.
(imzo) Usmon Nosir
1940 yil 20 avgust
Muddatni o‘tash joyimning adresi:
Magadan sh. Xabarovsk o‘lkasi, N° 2 Sanoat kombinati».

Manba: “Yoshlik” jurnali, 1988 yil 9-son

Usmon Nosir. Tanlangan Asarlar by Khurshid Davron on Scribd

Usmon Nosir. Unutmas Meni Bog’Im by Khurshid Davron on Scribd

021

(Tashriflar: umumiy 4 054, bugungi 1)

4 izoh

  1. Хаммасини укиб чикиб йигладим… Усмон Носирдай азобланиб, атрофидаги тухматчилардай ифлослар хозирам бор… эххх Усмон Носир!!!

  2. Ustoz, assalomu alaykum!
    Maqoladan ko’p ma’lumotlarni oldik, biroq shoirni qamatib, uning horlikda, ayanchli o’lim topishiga sababchi bo’lgan isqirt kalamushlarning aynan kimligi hamon sir bo’lib qolgani achinarli.

  3. Maqola va ma’lumotlar uchun katta raxmat.
    Ustoz maqolaniing ikki qismiga izox qoldirsanggiz:
    1.«Usmon og‘ir dardga mubtalo bo‘ldi; uning sovuq urgan qo‘l-oyoqlarini kesib tashlashdi, tsinga kasalidan tishlari to‘kilib ketdi… bir burda non yeyishga zor bo‘lib, Magadanda 1952 yili vafot etdi…» deb aytdi Ibrohim Nazir.
    Uning gaplarini keyinchalik Tojihon Shodieva ham tasdiqladi.

  4. Assalomu alaykum ustoz men Mo’minova Sitora Buxoro viloyatidanman shu yil O’zbekiston san’at va madaniyat instituti kino va televideniya rejissyorligi yo’nalishiga o’qishga kirdim hurmatli ustozimiz Usmon Nosir xotirasiga bag’ishlangan qisqa metrajli film olish niyyatim bor sizning maqolangiz meni qiziqtirgan ancha narsadan xabardor qildi aynan shu maqolani o’qiganimdan keyin maqsadim yanada oydinlashadi.Hurmatli ustozimiz siz bilan suhbatda bo’lib shu mavzuda fikr almashishga ruxsat bersangiz siz bilan suhbatda bo’lib yordamingiz bilan birinchi ijodiy ishimni tayyorlash men uchun yuksak sharaf bo’lardi siz bilan korishishni suhbatda bo’lishni juda xoxlayapman komentariyada telefon nomerimni qoldiraman +99899 117 64 13 xabar kelishini intizorlik bilan kutaman sizdan maslahat olib ish boshlash meni juda xursand qilardi

Izoh qoldiring