Javlon Yaxshiboyev. She’rlar

Ashampoo_Snap_2017.09.27_14h25m36s_001_.png    Жавлоннинг шеърлари билан танишар эканман, куни-кеча бошқа бир ёш шоир тўпламига ёзган сўзбошимдаги мана бу сўзларни эсладим: Шеър қоидаларини эгаллаш, уларни билиш шоирлик эмас. Шеърда ташбеҳу аллитератсиясиларни қўллай билиш ҳам шоирлик эмас. Шоирлик ана ўша шеър қоидалари, ташбеҳу аллитератсияларга тоза нафас бера олишдадир…
Айни шу  фикримдан  келиб чиқсак, сизга  тақдим этилаётган шеърлар ҳали машаққатли ижод йўли бошида турган ёш шоирнинг изланишларини мужассам этади. Бу шеърларда ҳали хом сатрлар, мукаммалликдан узоқ тимсоллар, меъёрига етмаган оҳанглар мавжуд. Айримлари тугамаган шеърдай, шеър парчаларидай таассурот қолдиради. Аммо, уларда   изланишга бўлган майл, тажриба қилиш истаги ҳам намоён. Айни шу жиҳатлари билан улар менинг диққатимни тортди.

Мен ёш шоир дўстимга шеърий тафаккури доирасини янада кенграйтиришни, тажрибалар қилишдан, янгича оҳанглар излашдан қўрқмасликни тилаб қоламан. 

Хуршид Даврон
Ўзбекистон халқ шоири

Жавлон ЯХШИБОЕВ
ШЕЪРЛАР
044

Жавлон  Яхшибоев  1995 йилнинг 22 мартида Қашқадарё вил. Чироқчи туманининг Шўрбозор қишлоғида туғилган. Ҳозирда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 4 босқичида таҳсил  олмоқда. Ижодий ишлари мамлакат газета-журналларида ва интернетдаги адабиёт сайтларида эълон қилинган.

044

* * *

Ёзолмайин икки жумла сўз,18193301_1904492006494616_1513361481987784315_o.jpg
Бармоқлардан сирғалар бармоқ…
Юрак ютиб, ташлолмасдан кўз,
Қийин, ҳатто, сен томон бормоқ.

Афсун  ўқир  кўзингдаги ғам,
Сеҳрланиб тил келмас сўзга.
Қўй, қарама, қарамай мен ҳам,
Ошкор бўлмас дилдаги кўзга.

Сукутларда яшаймиз фақат,
Сукутларда  айбу исматим.
Юрагимда  битттагина хат —
Сенинг исминг — менинг қисматим.

* * *

Сен қалам ёзолмас битта шеър бўлсанг,
Сенда аён бўлса ҳажру  аламлар.
Суратинг чизмоққа тополмасдан ранг,
Қоғозим устида синса қаламлар.

Бир шеър бўлсангки, сиёҳ етмаган —
Сен-ла барҳам топса тунги бедорлик,
Юрагимда  яра бўлсанг  битмаган,
Ҳайқирсам, телбавор этиб дилторлик.

Деразамни чертса синган қаламлар,
Сўзсиз  қоғозларим учса  хонамда —
Учсаю, асрлик ғаму аламлар,
Ўзим ёлғиз  қолсам фақат танамда…

* * *

Тун жилмаяр.
Ичкари хира.
Кун парчаси қизарар шифтда.
Деразадан боқиб Ташқари,
Уфқни излар тонгга ошуфта…

11.11.2016

* * *

Қия эшик ортидан мўралаб маҳзун,
Хонани кузатар Остона…
Ичкари ухлайди  ғафлатда беун,
Бурчда каловланар соат — девона.

Эшик ним очилар — уйғонмоқда Кун.
(Кўчадан ўтади тонгги илк қадам.)
Остона ҳатламай узундан-узун
Тушларида ҳаёт кечирар одам…

17.11.2016

* * *

Тонгнинг кўзларида ўйнади шудринг,
Чаманзор ичра зор куйлади булбул.
Сўнгги бўсасини этолмай тортиқ
Капалакни қучиб йиғлайди бир гул..

* * *

Югураман.
Қадамларим тобора оғир,
Тобора заминга ботади товон.
Кун ботар.
Тонг яна.
Яна Тун сағир…

Кунлар қадамимни бошлар қай томон?..

1.11.2016

АНТИҚА

Хилват кўнгил — музей…
Уни безаб турар хил-хил атиқа.
Асрлардан ошган хотира ҳамон
Тирик Севги каби турар антиқа.

12.11.2016

* * *

Ҳасрат юрагимда бедор қоровул,
Қалбим эшигида бўрон турсайди.
Кошки, уйғонса-ю минг йиллик довул,
Ишқимни гуллатиб, кўзинг кулсайди.

Ҳар ёққа сочилса андармон ифор,
Ҳайт десанг, сўзингдан жон бўлса пайдо.
Заминга чиқсаю, тошларни ёриб,
Кўксимда кўкарса зимистон  дунё…

Уч кундирки…

Уч кундирки, мен ўзимдамас,
Уч кундирки, хилват кошонам,
Уч кундирки, ёмғир тўхтамас,
Зирқирайди дарддан пешонам…

Уч кундирки, тонгим отмайди,
Хаёлимда ухлайди хаёл…
Уч кундирки,  шамим  ёнмайди,
Тушларимни безар бир аёл…

Юрагимни ховучлаб бир кун,
Тушларимда қўлига тутдим.
Бирорта сўз демасдан,  беун
Ундан жавоб, битта сўз кутдим.

Уч кундирки, қароғим йўлда,
Тушларимни кезаман ёлғиз.
Уч кундирки, юрагим дўлда
Музламоқда совуқда ҳолсиз.

Уч кундирки, исмингни айтиб,
Уйғонаман ғижим хонамда.
Тушларимга кирмагин қайтиб,
Яшай қолгин майли ноламда…

Уч кундирки, ёзмаяпман шеър…

Мен ҳақимда

Менким, жунуннамо, содда бир касман,
Ёмғирни қўмсаган мажолсиз хасман,

Гоҳида осмонни келади қучгим,
Кўнглимда нелигин билмайди ҳеч ким…

Ёмғир  томчисига айлансам дейман,
Тарновда маржондек товлансам дейман,

Гоҳи дарёларни келади ичгим,
Томчининг қадрини билмайди ҳеч ким…

Баҳорни кўрмаган Қишдекман гўё,
Теграмда аёзу, кўкламлар рўё,

Куз, Ёзларданда келади кечгим,
Музнинг гуллаганин билмайди ҳеч ким…

Қоғозга ботади юраксиз сўзим,
Жазира ҳислардан қақраган кўзим,

Қоғоздан сўз каби келади ўчгим,
Менинг сўз эканим билмайди ҳеч ким…

* * *

Тор келди жунунваш ҳисларга кўксим,
Қон қайнаб отилди нилийранг  кўкка…
Ҳол сўраб ортимдан боқма, эй дўстим,
Мени ўзим тутдим олисдан ўққа.

Ойнаванд кўнгиллар кўзгуйим бўлиб,
Кўзимга дарз кетган кўнгиллар ботди…
Осмонга туташган оловранг ҳисдан
Куюк сўзларим ҳам тош бўлиб қотди.

. . .

Худди, ширин тушдек ўтган умримга
Суқланиб қарайман йиллар оралаб,
Излайман кимнидир, қаерлардандир,
Бобомнинг пинжидан пинҳон мўралаб…

Қарайман атрофга, нақадар файзсиз.
Хонада, ҳаттоки, соат чиқ этмас.
Мунгли жимлик узра ой порлаб сассиз
Нурини  сочару, аммо миқ этмас.

Бурчакда липпиллар қора мойчироқ,
У, гўё сўзларди мозийдан менга:
“Улкан орзулару, улкан режалар,
Барчаси сенгадир, барчаси сенга…”

* * *

Олислардан мени чорлама, эй ёр,
Тубсиз жарликдаман қўлинг етмайди.
Эшиклар ёпилган, қуриган мадор,
Манзилга бормоққа йўлим етмайди…

Ҳижрон  улоқтирди олисга мени,
Қалбинг остонаси менга энди ёт.
Менсизлик қийнайди, ҳатто ўзимни,
Сен энди менимни ўзим томон от!

Баҳорим

Зор бўлиб пойингга йиқилганим рост,
Остона ҳатламай қоқилганим рост,
Келгин-ей, тилимда ҳам дилда борим,
Менга тиргак бўлгин фасли Баҳорим…

Сен кетиб, ким эдим, билолмай қолдим,
Ортингда сарғариб туролмай қолдим,
Ортиқ ғурурим йўқ. Яксондир борим,
Менга сергак бўлгин фасли Баҳорим.

1.03. 2017

Эй сен…

Мен ғам дарсларида ғамхона олди,
«Аъло»га тўлган, қара, мана бу манглай.
Мана бу чизиқлар Тақдир имзоси…
Умр дафтаримга ярашган қандай?..

Сен, яхшиси, менга куйлашни ўргат,
Ёнишни ўргатгин, куйишга ўргат…
Икки дунёмга ҳам етсин сабоғинг,
Мени ҳам ўзингдек суйишга ўргат…

Ўтма, йўқ… Қайтмагин ўзга дарсингга,
Уларни айтмоққа етмайди додим…
Барча сабоғингни ўргандим, аммо
Фақат ишқ бобида йўқдир саводим,

…га

Сени ором оғушига олади ҳар тун,
Ҳадсиз изтиробингни аллалайди сўнг.
Ухлайсан. Қалбингга айланар дунё —
Худойим ўнг қилсин, тушларингни ўнг…

13.03.2017

* * *

Тун отмоқда! Осмонни қучиб,
Уйғонмоқда дайди шамоллар.
Ёрилсамми? Шамол бўлсамми?
Қувмасмикан соҳибжамоллар?..

Гул бўлсамми, тонгда бўзариб,
Ёт ифор-ла ўздан тонсамми?
Шом шафақидай қизариб,
Юрагингга кириб, ёнсамми?..

Жоннафасинг бўлсамми танҳо,
Брагингга тиғдай ботсамми?
Титраб-титраб кипригингда ё…
(Шудринг бўлиб, ерда ётсамми?..)

Эслармикан соҳиб жамоллар?..

22.02.2017

Амударё

Ҳисларни ҳовучлаб отяпман сенга,
Ёлғиз бир сиримни сотяпман сенга,
Тинглагин ирмоқлар бўлмасдан айро,
Юрагимдан оққин, эй Амударё…

Мен билан уфққа боқди умидим,
Куйингда мавж бўлиб оқди умидим,
Ахир сен танҳосан, ахир мен танҳо,
Юрагимдан оққин, эй Амударё…

Ўнгимга айланмас оғриқ туш бўлма,
Ҳолимни билмасдан ҳоли хуш бўлма,
Қовжироқ қалбимни қақшатди саҳро,
Юрагимдан оққин, эй Амударё…

Келбати кеккайган ғурурларни қўй,
Соф бўлмаса, сохта сурурларни қўй,
Неки яралибди, ишқдандир пайдо,,
Юрагимдан оққин, эй Амударё…

04.06.2017

ШОДАЛАР
(Таскинлар…)

* * *

Ухласанг кўзингда уйғонар дунё…
Яхшиси ухлама! Агар ухласанг,
Дунё ухлаганда очгин кўзингни…

***

Шунчлар олиссан, шунчалар олис,
Осмон менга сендан яқинроқ…

***

Юлдузи йўқ осмондай сассиз,
Жимгина йиғлайди ёнгинамда Тун…

* * *

Ой сузади. Денгиздир осмон,
Соҳилидан тошар булутлар.

ish17.JPG   Javlonning she’rlari bilan tanishar ekanman, kuni-kecha boshqa bir yosh shoir to‘plamiga yozgan so‘zboshimdagi mana bu so‘zlarni esladim: She’r qoidalarini egallash, ularni bilish shoirlik emas. She’rda tashbehu alliteratsiyasilarni qo‘llay bilish ham shoirlik emas. Shoirlik ana o‘sha she’r qoidalari, tashbehu alliteratsiyalarga toza nafas bera olishdadir…

Ayni shu fikrimdan kelib chiqsak, sizga taqdim etilayotgan she’rlar hali mashaqqatli ijod yo‘li boshida turgan yosh shoirning izlanishlarini mujassam etadi. Bu she’rlarda hali xom satrlar, mukammallikdan uzoq timsollar, me’yoriga yetmagan ohanglar mavjud. Ayrimlari tugamagan she’rday, she’r parchalariday taassurot qoldiradi. Ammo, ularda izlanishga bo‘lgan mayl, tajriba qilish istagi ham namoyon. Ayni shu jihatlari bilan ular mening diqqatimni tortdi.

Men yosh shoir do‘stimga she’riy tafakkuri doirasini yanada kengraytirishni, tajribalar qilishdan, yangicha ohanglar izlashdan qo‘rqmaslikni tilab qolaman.

Xurshid Davron
O‘zbekiston xalq shoiri

Javlon YAXSHIBOYEV
SHE’RLAR
044

Javlon Yaxshiboyev 1995 yilning 22 martida Qashqadaryo vil. Chiroqchi tumanining Sho‘rbozor qishlog‘ida tug‘ilgan. Hozirda Alisher Navoiy nomidagi Toshkent davlat o‘zbek tili va adabiyoti universitetida 4 bosqichida tahsil olmoqda. Ijodiy ishlari mamlakat gazeta-jurnallarida va internetdagi adabiyot saytlarida e’lon qilingan.

044

* * *

Yozolmayin ikki jumla so‘z,22007346_1979271532349996_1607431645833244203_n.jpg
Barmoqlardan sirg‘alar barmoq…
Yurak yutib, tashlolmasdan ko‘z,
Qiyin, hatto, sen tomon bormoq.

Afsun o‘qir ko‘zingdagi g‘am,
Sehrlanib til kelmas so‘zga.
Qo‘y, qarama, qaramay men ham,
Oshkor bo‘lmas dildagi ko‘zga.

Sukutlarda yashaymiz faqat,
Sukutlarda aybu ismatim.
Yuragimda bitttagina xat —
Sening isming — mening qismatim.

* * *

Sen qalam yozolmas bitta she’r bo‘lsang,
Senda ayon bo‘lsa hajru alamlar.
Surating chizmoqqa topolmasdan rang,
Qog‘ozim ustida sinsa qalamlar.

Bir she’r bo‘lsangki, siyoh yetmagan —
Sen-la barham topsa tungi bedorlik,
Yuragimda yara bo‘lsang bitmagan,
Hayqirsam, telbavor etib diltorlik.

Derazamni chertsa singan qalamlar,
So‘zsiz qog‘ozlarim uchsa xonamda —
Uchsayu, asrlik g‘amu alamlar,
O‘zim yolg‘iz qolsam faqat tanamda…

* * *

Tun jilmayar.
Ichkari xira.
Kun parchasi qizarar shiftda.
Derazadan boqib Tashqari,
Ufqni izlar tongga oshufta…

11.11.2016

* * *

Qiya eshik ortidan mo‘ralab mahzun,
Xonani kuzatar Ostona…
Ichkari uxlaydi g‘aflatda beun,
Burchda kalovlanar soat — devona.

Eshik nim ochilar — uyg‘onmoqda Kun.
(Ko‘chadan o‘tadi tonggi ilk qadam.)
Ostona hatlamay uzundan-uzun
Tushlarida hayot kechirar odam…

17.11.2016

* * *

Tongning ko‘zlarida o‘ynadi shudring,
Chamanzor ichra zor kuyladi bulbul.
So‘nggi bo‘sasini etolmay tortiq
Kapalakni quchib yig‘laydi bir gul..

* * *

Yuguraman.
Qadamlarim tobora og‘ir,
Tobora zaminga botadi tovon.
Kun botar.
Tong yana.
Yana Tun sag‘ir…

Kunlar qadamimni boshlar qay tomon?..

1.11.2016

ANTIQA

Xilvat ko‘ngil — muzey…
Uni bezab turar xil-xil atiqa.
Asrlardan oshgan xotira hamon
Tirik Sevgi kabi turar antiqa.

12.11.2016

* * *

Hasrat yuragimda bedor qorovul,
Qalbim eshigida bo‘ron tursaydi.
Koshki, uyg‘onsa-yu ming yillik dovul,
Ishqimni gullatib, ko‘zing kulsaydi.

Har yoqqa sochilsa andarmon ifor,
Hayt desang, so‘zingdan jon bo‘lsa paydo.
Zaminga chiqsayu, toshlarni yorib,
Ko‘ksimda ko‘karsa zimiston dunyo…

Uch kundirki…

Uch kundirki, men o‘zimdamas,
Uch kundirki, xilvat koshonam,
Uch kundirki, yomg‘ir to‘xtamas,
Zirqiraydi darddan peshonam…

Uch kundirki, tongim otmaydi,
Xayolimda uxlaydi xayol…
Uch kundirki, shamim yonmaydi,
Tushlarimni bezar bir ayol…

Yuragimni xovuchlab bir kun,
Tushlarimda qo‘liga tutdim.
Birorta so‘z demasdan, beun
Undan javob, bitta so‘z kutdim.

Uch kundirki, qarog‘im yo‘lda,
Tushlarimni kezaman yolg‘iz.
Uch kundirki, yuragim do‘lda
Muzlamoqda sovuqda holsiz.

Uch kundirki, ismingni aytib,
Uyg‘onaman g‘ijim xonamda.
Tushlarimga kirmagin qaytib,
Yashay qolgin mayli nolamda…

Uch kundirki, yozmayapman she’r…

Men haqimda

Menkim, jununnamo, sodda bir kasman,
Yomg‘irni qo‘msagan majolsiz xasman,

Gohida osmonni keladi quchgim,
Ko‘nglimda neligin bilmaydi hech kim…

Yomg‘ir  tomchisiga aylansam deyman,
Tarnovda marjondek tovlansam deyman,

Gohi daryolarni keladi ichgim,
Tomchining qadrini bilmaydi hech kim…

Bahorni ko‘rmagan Qishdekman go‘yo,
Tegramda ayozu, ko‘klamlar ro‘yo,

Kuz, Yozlardanda keladi kechgim,
Muzning gullaganin bilmaydi hech kim…

Qog‘ozga botadi yuraksiz so‘zim,
Jazira hislardan qaqragan ko‘zim,

Qog‘ozdan so‘z kabi keladi o‘chgim,
Mening so‘z ekanim bilmaydi hech kim…

* * *

Tor keldi jununvash hislarga ko‘ksim,
Qon qaynab otildi niliyrang ko‘kka…
Hol so‘rab ortimdan boqma, ey do‘stim,
Meni o‘zim tutdim olisdan o‘qqa.

Oynavand ko‘ngillar ko‘zguyim bo‘lib,
Ko‘zimga darz ketgan ko‘ngillar botdi…
Osmonga tutashgan olovrang hisdan
Kuyuk so‘zlarim ham tosh bo‘lib qotdi.

. . .

Xuddi, shirin tushdek o‘tgan umrimga
Suqlanib qarayman yillar oralab,
Izlayman kimnidir, qayerlardandir,
Bobomning pinjidan pinhon mo‘ralab…

Qarayman atrofga, naqadar fayzsiz.
Xonada, hattoki, soat chiq etmas.
Mungli jimlik uzra oy porlab sassiz
Nurini socharu, ammo miq etmas.

Burchakda lippillar qora moychiroq,
U, go‘yo so‘zlardi moziydan menga:
“Ulkan orzularu, ulkan rejalar,
Barchasi sengadir, barchasi senga…”

* * *

Olislardan meni chorlama, ey yor,
Tubsiz jarlikdaman qo‘ling yetmaydi.
Eshiklar yopilgan, qurigan mador,
Manzilga bormoqqa yo‘lim yetmaydi…

Hijron uloqtirdi olisga meni,
Qalbing ostonasi menga endi yot.
Mensizlik qiynaydi, hatto o‘zimni,
Sen endi menimni o‘zim tomon ot!

Bahorim

Zor bo‘lib poyingga yiqilganim rost,
Ostona hatlamay qoqilganim rost,
Kelgin-yey, tilimda ham dilda borim,
Menga tirgak bo‘lgin fasli Bahorim…

Sen ketib, kim edim, bilolmay qoldim,
Ortingda sarg‘arib turolmay qoldim,
Ortiq g‘ururim yo‘q. Yaksondir borim,
Menga sergak bo‘lgin fasli Bahorim.

1.03. 2017

Ey sen…

Men g‘am darslarida g‘amxona oldi,
«A’lo»ga to‘lgan, qara, mana bu manglay.
Mana bu chiziqlar Taqdir imzosi…
Umr daftarimga yarashgan qanday?..

Sen, yaxshisi, menga kuylashni o‘rgat,
Yonishni o‘rgatgin, kuyishga o‘rgat…
Ikki dunyomga ham yetsin sabog‘ing,
Meni ham o‘zingdek suyishga o‘rgat…

O‘tma, yo‘q… Qaytmagin o‘zga darsingga,
Ularni aytmoqqa yetmaydi dodim…
Barcha sabog‘ingni o‘rgandim, ammo
Faqat ishq bobida yo‘qdir savodim,

…ga

Seni orom og‘ushiga oladi har tun,
Hadsiz iztirobingni allalaydi so‘ng.
Uxlaysan. Qalbingga aylanar dunyo —
Xudoyim o‘ng qilsin, tushlaringni o‘ng…

13.03.2017

* * *

Tun otmoqda! Osmonni quchib,
Uyg‘onmoqda daydi shamollar.
Yorilsammi? Shamol bo‘lsammi?
Quvmasmikan sohibjamollar?..

Gul bo‘lsammi, tongda bo‘zarib,
Yot ifor-la o‘zdan tonsammi?
Shom shafaqiday qizarib,
Yuragingga kirib, yonsammi?..

Jonnafasing bo‘lsammi tanho,
Bragingga tig‘day botsammi?
Titrab-titrab kiprigingda yo…
(Shudring bo‘lib, yerda yotsammi?..)

Eslarmikan sohib jamollar?..

22.02.2017

Amudaryo

Hislarni hovuchlab otyapman senga,
Yolg‘iz bir sirimni sotyapman senga,
Tinglagin irmoqlar bo‘lmasdan ayro,
Yuragimdan oqqin, ey Amudaryo…

Men bilan ufqqa boqdi umidim,
Kuyingda mavj bo‘lib oqdi umidim,
Axir sen tanhosan, axir men tanho,
Yuragimdan oqqin, ey Amudaryo…

O‘ngimga aylanmas og‘riq tush bo‘lma,
Holimni bilmasdan holi xush bo‘lma,
Qovjiroq qalbimni qaqshatdi sahro,
Yuragimdan oqqin, ey Amudaryo…

Kelbati kekkaygan g‘ururlarni qo‘y,
Sof bo‘lmasa, soxta sururlarni qo‘y,
Neki yaralibdi, ishqdandir paydo,,
Yuragimdan oqqin, ey Amudaryo…

04.06.2017

SHODALAR
(Taskinlar…)

* * *

Uxlasang ko‘zingda uyg‘onar dunyo…
Yaxshisi uxlama! Agar uxlasang,
Dunyo uxlaganda ochgin ko‘zingni…

***

Shunchlar olissan, shunchalar olis,
Osmon menga sendan yaqinroq…

***

Yulduzi yo‘q osmonday sassiz,
Jimgina yig‘laydi yonginamda Tun…

* * *

Oy suzadi. Dengizdir osmon,
Sohilidan toshar bulutlar.

05

(Tashriflar: umumiy 529, bugungi 1)

1 izoh

  1. Жавлоннинг шеърлари менга ёқди. Мен уларда ўзим мангу йўқотган ёшликнинг тароватини туйдим. Ижодда тўхтаманг. Юлдузли онлар, ойлар, йилларда яшаш насиб қилишини тилайман.

Izoh qoldiring