Dadaxon Muhammadiyev. She’rlar

Ashampoo_Snap_2017.10.09_18h01m19s_004_.png   Дадахон Муҳаммадиев шеърларини кутубхонамизга истеъдодли ёзувчи укам Жавлон Жовлиев тавсия қилган. Уларни ўқиб ҳам ёш шоир шеърларига, ҳам Жавлоннинг бадиий дидига баҳо беришингиз мумкин.

Дадахон МУҲАММАДИЕВ
ШЕЪРЛАР
05

   Дадахон  Муҳаммадиев 1989 йил Самарқанд вилояти Пахтачи туманида туғилган. Навоий Давлат Педагогика институти ҳамда Ўзбекистон Миллий Университетининг журналистика факультетини битирган. Республика ёш ижодкорларининг Зомин семинари иштирокчиси. “Китоб дунёси” газетасида ишлайди. Шеърлари республика матбуотида, жумладан, «Ёшлик» журналида ёритилган.

05

КЕЧИККАН ЙЎЛОВЧИ

Поезд кетиб бўлди. Энди қайтамиз.dadaxon_muhammadiy.jpg
Кечиккан йўловчи, не кечар ҳолинг?
Битта чиптачию бир қоровулдан
Бошқа ҳеч кимсага келмас малолинг.

Кечиккан йўловчи, кел, мен билан юр,
Иккиланяпсанми қайтишга ахир?
Бир шунга қўл силтаб кетолмаяпсан,
Поезд – тақдир эмас, пешонанг – тақдир.

Йўловчи, кўнглингдан нималар кечди?
Ҳар мусофир – меҳмон, бизнинг ақида.
Қўшиқлар айтамиз, шеърлар айтамиз,
Кечикиш ҳақида, кечиш ҳақида…

Кўнглингдан ўтганин мен ҳам сезганман,
Зулматдан гўёки қочиб панага.
Мен ҳам кетмасликка баҳона излаб,
Бир ўзим қолганман чиптахонада.

Қаерга кетяпман – исмсиз манзил,
Чиптага ёзиб ҳам бўлмайдиган жой.
Кечикканинг, балки, фожеамасдир,
Сен ҳам бебахтмассан қолиб, ҳойнаҳой…

Кечиккан йўловчи, нимани кутдинг,
Бир маъсум боладек кулиб, жовдираб?..
Бир шарпа сезгандек сесканасан дам,
Бир жуфт нигоҳ излар кўнглинг қалтираб…

Поезд кетиб бўлди. Энди қайтамиз.
Кел, энди, дўстимми, инимми, оғам…
Ҳеч ким кузатгани келмади, тушун,
Атай поездига кечиккан одам!..

АЛПОМИШНИНГ СИНГЛИСИГА

Тоғлар йўлин тоғ тўсди,
Муштга айланди қулоч.
Айвонингни қор босди,
Аканг қани, Қалдирғоч?

Бир мунглиғ овоз ўтди,
Чалинмаган соз ўтди,
Баҳор ўтди, ёз ўтди,
Аканг қани, Қалдирғоч?

Полвонинг даврага сол,
Полвонман деб юрганлар.
Суюнчига жоним ол,
Алп ўғлини кўрганлар.

Мардлар йиғилган майдон,
Мардини кутади эл.
Чоҳдан чиқар полвонга,
Қирқ полвонинг бошлаб кел.

Қалдирғоч, эл омондир,
Номини айтиб келсанг.
Юрт сўраб келганларга
Акам қайтади, десанг.

Эшикда осиқ турар
Алп отининг тақаси.
Ёт элларда қолмайди
Мард сингилнинг акаси?

Кўнгилга ор солдими –
Ёт элда оқарган соч.
Кураш сенга қолдими,
Аканг қани, Қалдирғоч?

Ботир зоти ўлмайди!
Элга меҳри сўлмайди,
Сўлса – ботир бўлмайди,
Аканг қани, Қалдирғоч?

Етти йил – етти минг йил,
Алпсиз ўтади даврон.
Боботоғда занг босган
Тўқсон ботмонли камон.

Эрта тоғни титратар
Эр йигит туғилади.
Ватанни Ватан дея
Асровчи эр бўлади.

Аммо титроқ йўқ бугун,
Тоғлар ҳорғин ўй сурар.
Олисларда бир алп бор,
Тулпорларни туш кўрар.

Олис-олис йўлларда,
Бирда тўқ-у бирда оч.
Ёв алқаган қўлларда,
Аканг қани, Қалдирғоч?

Бу Ватанга шон керак,
Жон бергувчи жон керак.
Элга қаҳрамон керак,
Аканг қани, Қалдирғоч!?.

УЗОҚ ЙИЛЛАРДАН КЕЙИН…

Сизга

Энди бу ерлардан кетиб бўлмайди,
Поездлар орқага юрмайди қайтиб.
Сизни алдашибди: севги ўлмайди,
Фақат пойимизда юради дайдиб.

Энди бу ерлардан ишқ тополмайсиз,
Ёмғирлар ёмғирдай қувнатмас кўзни.
Чанглардан қочасиз, нафас олмайсиз,
Шаҳар шовқинидан йўқотиб ўзни.

Рақамлар устига қурилар умр,
Тараққиётлардан ўтиб борамиз.
Шубҳалар, алдовлар ўтади бир-бир,
Бир-бир барисини сотиб борамиз.

Энди бу ерлардан кетиб бўлмайди,
Поездда жой йўқдир кўнгли йўқларга.
“Сиз”ни “сенсираймиз”, кўнгил тўлмайди,
Виждон томонлардан келган ўқларга.

“Энди бу ерлар…” деб кў-ў-ўп йил нетаман,
Бир кун ДУНЁси ҳам тегади жонга.
Қишлоққа кетар кун келса – айтаман –
Чирмашиб оламиз сўнгги вагонга…

ҒИЖИМЛАНГАН ҚОҒОЗДАГИЛАР…

Тўрт девор –
Бир-бирига яқинлашиб келяпти,
Ҳозир ютиб юборади сени.
Худди чап кўксинг гирдидаги ўша нимадир –
Ғижимлаб, эзғилаб, эзиб юбораётгандай…

Кейин тўрт девор қолиб…
Оёғинг ости билан шифт сўроққа тута бошлайди:
Кейин сен ҳаммасини айтиб берасан –
Худди тушида гапириб чиқадиган одамдай…
Кейин рўпарангда бир гўзал пайдо бўлади –
Сенинг борингни билиб олганидан мамнун.
Балки шунинг учун ҳам ўзини сендай устун тутади,
Лекин барибир у – гўзал!
Аёл зотидан!..
Ана шунақа…

Ўша гўзални олдида тан олганиг нима эди ўзи?
Ёзғиз қолганингда уни ўзинг ҳам тан ололмайсан, ахир…
Ожизлик нима ўзи?
Туйғуларингни тилингда жиловлаб туролмаганингми,
Ҳисларингни севганинг олдида тўкиб сочишми,
Ёки унинг олдида «сенсизлик…» дея тан олишми,
Ёки «Ожизлик»нинг аслида нима эканини билмаслигингми?

Мен сендай шафқат тилаганим йўқ, ахир.
Ахир, тиланганим йўқ!
Мен бори ожизлигимни айтдим, холос…

Яна ўша тўрт девор –
Энди жой-жойида…
Ёзиш яхши-да ўзи…
Кўнглингдагини кимгадир айтгандай бўласан,
Шунда деворлар ҳам жой-жойида туради…

ЭСКИ НОМ

Аввал бу қишлоқнинг номини тортиб олишган,
Кейин қайтадан номлашган ўзларининг исмларини қўшиб…
Гарчи бу қишлоққа умуман ёт бўлсалар-да.
(Ўҳ-ҳўў, қанча йиллар бўлган бунга…)
Кейин эса…
Кейин ўша ном сингиб кетган.
Ундан кейингина қайтариб беришган
Яна ўзининг эски номини.
Нимаям қиларди…
Эски ном вафодор бу қишлоққа,
Эски ном таънасиз, маломатсиз…
Эски ном – эски-да барибир,
Эски ном – қадрдон, эски бўлса ҳам…
Кейин яна бошланди номлаш деган ном.
Бир ажнабий сўз билан қўшиб
Яна ўзларининг номини беришди,
Гарчи бу қишлоқни унутган бўлсалар-да,
Гарчи бу қишлоқ ариғининг суви таъмини билмасалар-да…
(Тарихда қолиш осон экан-да!..)
(Сўкиниш – одобсизлик…)
Бугун яна қайтириб беришди
Ўша эски номни.
Йўқ, янгиси билан бирга қайтаришди,
Токи сингмагунча олмаймиз, дегандек…
Эски номни ҳамма ёзиб қўйди,
Дафтарларга, қоғозларга, дарвозаларга… юракларга…
Токи ҳар куни кўриб туриш учун,
Токи ҳар лаҳзада эслаб туриш учун,
Токи хотиралардан ўчмасин учун,
Ёки…
Эски – аслида эски эмаслиги учун…

КЎНГЛИ ОСМОНДАЙ КЕНГ ЎҚИТУВЧИМГА

Осмоннинг қаҳрини келтирдим,
Воз кечдим осмоннинг бағридан.
Осмонга осмондай гапирдим,
Титради овозим зарбидан.

Қайнашим, титрашим шарт эди,
Келтирдим осмоннинг қаҳрини.
“Ҳой, йигит, йўлингдан қайт”, — деди,
Ва лекин сочмади заҳрини.

Гуноҳим юлдузлар билан тенг,
Бошимни ҳар тошга ураман.
Қаҳрини келтирдим осмоннинг –
Ерда қай юз билан юраман?!.

КУРСДОШ ҚИЗГА

Қайтиб кетаяпман осмонларингдан,
Сенга бир дил қадар дунё қолдириб.
Миллион йиллар аро сақланган сирдан,
Энг сўнгги лаҳзада нажот қидириб…

Орзу аримади, умид кетмади,
Сирларга сочилмоқ бўлмади енгил.
Баралла айтмоққа журъат етмади,
Жимгина кетмоққа кўнмади кўнгил.

Тўрт йил – тўртта фасл ва ё тўрт ҳафта,
Бир зум ўтди-кетди (шундай ўйлайман)
Энди эса фақат соғиниш билан
Журъатсизлигимнинг ҳаққин тўлайман.

Юрак асролмади нигоҳларингни,
Кўзлар алдамади – ётлигин сотди.
Сенга талпинганим – гуноҳларимни,
Гуноҳлигин билиб ўтларга отдим.

Айтилмаган гаплар қолди кўнгилда,
Тилимга кўчмади сўзларим илк бор.
Ўртада чексиз бир чегара бордай,
«Мени сени…» – охирга етмади изҳор…

Лаҳзалар номингга айтарди ўлан,
Йиллар кор қилмади дилга сингишга.
Сен муяссар эдинг бор-йўғинг билан.
Мен муяссар бўлдим ишқни енгишга.

Энди ишқдан тониб, тақдирга кўниб,
Энди ўз-ўзимга тилайман сабр.
Сен – кўксим ичида ёнган сир эдинг,
Мен – сенинг олдингда ҳеч ким барибир…

ТЕМИР ЙЎЛ ВОКЗАЛИДА

Чиптага термулиб ўтирибман жим,
Вокзал ютиб борар, хаёллар – дайди.
Қанийди озгина кечикса поезд,
Мени кузатгани келсанг қанийди…

Навбатчи қиз эълон қилади бирдан
Поезд яқинлашиб келаётганин.
Бечора темирлар қаердан билсин,
Менга нима алам қилаётганин.

Яқинлашиб келар темир излардан,
Журъатимни янчиб тўхтайди поезд.
Умид сўниб борар сония сайин,
Келиши керакдек кимдир ўша кез.

Одамлар ичидан сени излайман,
Уларнинг юзига қарайман бир-бир.
Ахир, кузатгани келсангчи тезроқ,
Поезд бизни кутиб турмайди ахир.

Шартта буриламан вагонга томон,
Борган сари ортга тортади юрак.
Сени кўрмай кетмоқ… Йўқ! Бу мумкинмас,
Фақат тезроқ келгин, кетишим керак!

Поезд – тақдиримни ҳал қилди шу пайт,
“У келмайди” деди умидни узиб.
“Бас, энди кетамиз” деган шаҳд билан
Узун сигнал чалди юракни эзиб.

Ҳаммаси тугади. Билдим – келмайсан,
КЕТИШ қўрқитади сония қадар.
Чиптамни йиртаман… ва келар бирдан:
“Поезд жўнаяпти!” деган хушхабар.

***

Тор кўнгилни эзар баттар тор хона,
Тўзғиган хаёллар тентирар ҳадсиз.
Хонанинг чангларин артиб қўйиш-чун,
Эшикда ийманиб турар фаррош қиз.

Кўнглим билан бирга мудрайди борлиқ,
Ярим қоронғуга ўрганган кўзлар.
Бир дунё қоғозга кўмилиб борар,
Кўмилиб боради энг ёруғ ҳислар.

Дераза пардаси очилар бирдан,
Хонага бостириб кира бошлар кун.
Ғуборлар ичидан чиқиб келаман,
Фаррош қизга ҳалал бермаслик учун.

Жон кира бошлайди ҳар бир буюмга,
Битта-битта ранглар очилиб борар.
Енгил шамол билан кўтарилган гард
Қуёш нурларининг сочларин тарар.

Уни кузатаман эшикда туриб,
Саккиз йил орқага қайтгим келяпи.
Бўғзимга тиқилиб турар бир ҳадик
Унга ҳаммасини айтгим келяпти.

Аста пичирлайман, эшитмас бироқ,
Вужудни эгаллар бегона бир ҳис.
– Менинг кўнглимни ҳам чангларин артгин,
Юракни тозалаб бергин, фаррош қиз!

ЧЕГАРА

Яна кўчангизга боряпман, мана,
Орадан шунча вақт кетса ҳам ўтиб.
Сизга борар йўлда, светофорнинг
Яшил чироғини турибман кутиб.

Кўришмадик, мана, минг йил бўлибди,
Ҳар бир сонияси – яна миллион йил.
Учиб бораяпман, бир лаҳза қолди,
Светофор чироғи ҳалиям қизил.

Ўша таниш кўча, ҳаммаси таниш,
Ўша қари чинор, ўша арғимчоқ.
Кўзимни юмиб ҳам ўтаман бундан,
Фақат бир лаҳзага иммиллар чироқ.

Энди дийдор яқин, муҳаббат яқин,
Бир лаҳзадан кейин бошланар висол.
Юрагим уришдан тўхтайди ҳозир,
Қани яшил чироқ, бўлгин, ёнақол!..

Ахир бу дамларни кутдим миллон йил,
Ғурурим устимдан кулиб юрибди.
Бугун журъатимни енгдим-у, бироқ,
Ҳамон қизил чироқ ёниб турибди.

***

Мен билмайман, қайдасан ҳозир,
Ёлғизликдан увиллар хона.
Титраяпти коинот, билдим –
Йиғлаяпсан мендан пинҳона.

Юрагимдан ёруғлик ўчган,
Хира чироқ ёнар хонада.
Тўзғиб ётган қоғоз, китоблар,
Ва изларинг бор остонада.

Тўзғиган уй, тўзғиган хаёл,
Остонада қолган кўзларим.
Сенга майли, ҳатто ўзимга
Малол келди сўнгги сўзларим.

Хиралашар чироқ ҳам баттар,
Ёришмайди энди кўнглимиз.
Кутаяпсан жимгина, титраб,
Ўртада ишқ – ўгай синглимиз…

Деворлари қиличдан кескир,
Зинаси йўқ бешинчи қават.
Остонада пойлайди мени,
Ва устимдан кулади журъат.

Сени кўрмай ўтиб кетаман,
Ишқ йиғлайди сенга қўшилиб.
Ва индамай қолаверасан,
Гуноҳларим қадрдон билиб.

Ва биласан, ишқда паноҳ бор,
Ортдаги уй – менинг бор сирим.
Хонтахтада сочилиб ётар,
Суратларинг ҳамда ғурурим…

ЧАҚАЛОҚ

Деразалар синган, дарахтлар эгик,
Шамол ёмғир билан жанг қилар гўё.
Бутун тун занглаган пичоғин олиб
Чап кўксинг устида инграйди дунё.

Борлиқ сурон солар, одамлар мудроқ,
Шамол, ёмғир, юрак ҳаётдан тўйди.
Бирдан…
Бирдан… Олам тин олди. Сўнгра –
Чақалоқ бир инграб, тамшаниб қўйди…

***

Судрашяпти мени қайгадир,
Кўзим боғлиқ қўлларим синган.
Ҳайқиришар тинмай оломон,
Азобимдан баттар суюнган.

Ҳозир мени осишар дорга,
Ундан кейин чуқур қазийди.
Тош отётган манов одамлар
Кимлигимни билса, қанийди.

Ҳа-я, кимман? Ҳеч кимман, асли,
Бир бурчакда ўтяпти умр.
Олий ҳукм ўқишдан аввал,
Гуноҳларим айтилар бир-бир:

Сўрамабман ҳолин онамнинг,
Отам мендан кўп хафа эмиш.
Эй оломон билганларинг – шу,
Билмаганинг ёлғону миш-миш.

Ва яна бир қизни алдабман,
То тонггача кутган экан у.
Эҳ, бечора синглим, ўша пайт
Бошқа қизлар билан эдим-ку.

Салом бермай ўтган эмишман,
Ким-кимларга, инкор қилмайман
Шуми қўйган айбларинг, ахир,
“Калима”мни тўлиқ билмайман.

Ҳаммасини айтиб не қилдим,
Гуноҳларга тўлганман ботиб.
Бир пиёла майнинг нархига
Юборганман дунёни сотиб.

Дорнинг ипин тезроқ торт, жаллод
Гуноҳлардан титраб турар жон.
Олий ҳукм ижро этилар –
Томоғимдан сизиб чиқар қон!..

…Уйғонаман – ҳаммаси тушдир,
Виждонимдек инграйди хонам.
Эшигимдан аста мўралаб,
Нонуштага чақирар онам…

“ЮРАК” НОМЛИ ХОНА

Манов уй эшиги, манави калит,
(Калит шарт ҳам эмас, эшик соб бўлган.)
Киринг, кираверинг бу ўша хона,
Сизга айтгандимку – ҳувиллаб қолган.

Туфлингизни ечманг, пальтонгизни ҳам,
Армон тўзғиган. Куз, хазон бошланган.
Девордан сал нари бўлсангиз яхши,
Ҳижроннинг ранглари чаплаб ташланган.

Мана бу шкафда орзулар – хароб,
Пушаймонлик учун келган ҳаётга.
Бу пардалар эса ишқдан тикилган,
Эскирган, киролмай адабиётга.

Сарғайган суратлар: бари хушчақчақ –
Душман шод, дўстларнинг кўзи ўйилган.
Ҳасратларим эса дастурхон қилиб,
Хонтахта устига тўшаб қўйилган.

Чойнакда совиган чой бўлса керак,
Олинг, (агар музлаб қолмаган бўлса.)
Бир пас ўтирсангиз, ҳаммасидан ҳам
Дераза чиройли кўринар кўзга.

Деразадан нари – хотира, армон,
Деразадан нари – жавобсиз изҳор…
Фақат деразадан қараманг пастга,
Деразадан пастда улкан жарлик бор.

* * *

Кетдим.
Кетганимни билмади ҳеч ким,
Тилим айланмади видо айтмоққа.
Бақирдим, йиғладим, кулдим ва охир
Синиқ қалам билан тўкилдим оққа.

Кутдим.
Ўзим билмай – нимани, кимни,
Бирдан бахт бошимга қўнадигандай.
Кетдим.
Буни ҳеч ким билмади, рости,
Худди яна қайтиб келадигандай.

…ТОНИШ

Кузда куртак очган боғ бўлиб кетдим,
Тоғга дўқ урдим-у тоғ бўлиб кетдим,
Ишқдан бемор эдим, соғ бўлиб кетдим,
Энди ишққа ташна ўтаман чоғи…

Телба руҳман, бироқ танга қайтаман,
Ақлман – вужудга, жонга қайтаман,
Муҳаббатдан тониб, бир сўз айтаман:
Кўнгилда зарра ҳам қолмасин доғи.

Кўзингда бир томчи ёш кўрган палла,
Чап кўксимда парча тош турган палла,
Ғурурим пойингга бош урган пала,
Ишқнинг сўнганини сездим ҳам гоҳи…

ЁМҒИР ОСТИДА…

Қийналади офтобни кутиб,
Ёмғирларда ивиган шаҳар…
Усмон Азим

Бу кеча осмоннинг бардоши синди,
Ёмғирдан эзилиб уйғонди шаҳар.
Тун бўйи дардимни янгилаб, энди –
Ўзимга ўзимни эслатди саҳар.

Ёмғирпўш тагида мунғайиб, ҳориб,
Ва яна севгини кўкларда тутдим.
Ошкор тан олмоқни бўйнимга олиб,
Ўзимни ва кейин… уни унутдим.

Унутдим – жонланиб бораверди у,
Ўпкам тўлаверди, кўнгил тўлмади.
Эсламаслик оғир, унутиш – қайғу,
Ёмғирни баҳона қилиб бўлмади.

Оёғим остида хазон чамандек,
Ҳавони симирдим ҳазин, оғир, нам,
Мен билан кетишни истамагандек –
Ғурурни пеш қилиб қолмадим мен ҳам.

Кейин юракларим ёнди барқ уриб,
Кейин осмонимни елларга бердим.
Кейин ғуруримни бир четга суриб,
Боримни ўзим ҳам боримча кўрдим.

Тентираб, довдираб, томчилар бўлдим,
Ўйин тушиб бердим жилға-сойига.
Боримни бахшида этиб… йиқилдим,
Ёмғир сиймо бўлиб келган пойига.

Йўқ-йўқ, йиқилмадим, ерларга чўкдим –
Қўлларим лойларга беланди бир пас.
Гўё унинг қўлин энтикиб ўпдим,
Гўё муз устида учган каби маст.

Маст эдим, рўёлар бағрига сингдим,
Сўнгги илинж билан ёлғиз қолгани.
Хаёллардан олдин сен томон елдим,
Тонгги тушларингга кириб боргани.

Кечикдим… Кечикдим чорасиз дарддай,
Чорасиз изҳорлар қошингга етди.
Бемаврид келган бир севинчли хатдай
«Севаман» деган сўз хорланиб кетди…

Осмон кўз ёшларин сидириб олди,
Ёмғир ҳам тўхтади ариган ғамдай.
Қисматнинг лаҳзалик қадрини билдим,
Қайтадан дунёга келган одамдай.

Кўлмакда шалвираб ётган барг бўлиб,
Осмонни унутдим, ерни унутдим.
Ёмғирга, ҳижронга таъналар қилиб,
Миллион йиллик бахтнинг… баҳридан ўтдим!..

***

Мен кўнглингни ололмай сарсон,
Сен кўп нарса сўрамадинг – рост.
Асли кўнглинг тўлмаган жойдан
Фожеалар ясадинг, холос.

Кўнгил тўлмас, тўлмайди бағир,
Лаҳзаларга бердим умримни.
Кетаман деб айтдим-ку, ахир,
Узиб олай аввал кўнглимни.

***
Ўхшатишга ўхшаймиз ўзи,
Ҳар нарсадан топамиз маъни.
Юборамиз оламни бузиб
Кўнглимизга чуқур киргани.

Ғалатими дунёни ахир
Бошқа-бошқа томондан кўрсак?
Нима қипти бир қўлда капгир —
Чўмич билан ош сузиб турсак?

ҲАЁТ

Йўлларимни бунча тўсмасанг,
Бир эмаску мен билан йўлинг.
Мен энг баланд тоғни кўзласам,
Пойига ҳам етмади қўлинг.

Шунча осон ўлдими қадр,
Ўралашиб қолдинг мен билан.
Қоидани бузяпсан, ахир
Курашсангчи тенг-тенгинг билан.

Энди сенга ёт ҳам бўлдимми,
Устозликдан тондингми наҳот?!
Ҳар томонга отиб, умримни
Чалкаштириб юбординг, Ҳаёт!..

РЕАЛЛИК

Яшашни истадим ўлмайдигандай,
Чидадим сабрим ҳеч тўлмайдигандай.
Кулсам – чин кўнгилдан кулдим. Йиғласам –
Йиғладим ҳеч қачон кулмайдигандай.

Чин кўнгилдан кимнинг кўнглини олдим,
Ҳеч кимга ёлғон сўз айтмайдигандай.
Қаерга борсам ҳам боримча бордим,
Кетсам ҳам ҳеч қачон қайтмадигандай.

 0 09.jpg   Dadaxon Muhammadiyev she’rlarini kutubxonamizga iste’dodli yozuvchi ukam  Javlon Jovliyev tavsiya qilgan. Ularni o‘qib ham yosh shoir she’rlariga, ham Javlonning badiiy didiga baho berishingiz mumkin.

Dadaxon MUHAMMADIYEV
SHE’RLAR
05

   Dadaxon Muhammadiyev 1989 yil Samarqand viloyati Paxtachi tumanida tug‘ilgan. Navoiy Davlat Pedagogika instituti hamda O‘zbekiston Milliy Universitetining jurnalistika fakultetini bitirgan. Respublika yosh ijodkorlarining Zomin seminari ishtirokchisi. “Kitob dunyosi” gazetasida ishlaydi. She’rlari respublika matbuotida, jumladan, “Yoshlik” jurnalida yoritilgan.

05

KЕCHIKKAN YO‘LOVCHI

Poyezd ketib bo‘ldi. Endi qaytamiz.photo_2017-10-03_23-53-08.jpg
Kechikkan yo‘lovchi, ne kechar holing?
Bitta chiptachiyu bir qorovuldan
Boshqa hech kimsaga kelmas maloling.

Kechikkan yo‘lovchi, kel, men bilan yur,
Ikkilanyapsanmi qaytishga axir?
Bir shunga qo‘l siltab ketolmayapsan,
Poyezd – taqdir emas, peshonang – taqdir.

Yo‘lovchi, ko‘nglingdan nimalar kechdi?
Har musofir – mehmon, bizning aqida.
Qo‘shiqlar aytamiz, she’rlar aytamiz,
Kechikish haqida, kechish haqida…

Ko‘nglingdan o‘tganin men ham sezganman,
Zulmatdan go‘yoki qochib panaga.
Men ham ketmaslikka bahona izlab,
Bir o‘zim qolganman chiptaxonada.

Qayerga ketyapman – ismsiz manzil,
Chiptaga yozib ham bo‘lmaydigan joy.
Kechikkaning, balki, fojeamasdir,
Sen ham bebaxtmassan qolib, hoynahoy…

Kechikkan yo‘lovchi, nimani kutding,
Bir ma’sum boladek kulib, jovdirab?..
Bir sharpa sezgandek seskanasan dam,
Bir juft nigoh izlar ko‘ngling qaltirab…

Poyezd ketib bo‘ldi. Endi qaytamiz.
Kel, endi, do‘stimmi, inimmi, og‘am…
Hech kim kuzatgani kelmadi, tushun,
Atay poyezdiga kechikkan odam!..

ALPOMISHNING SINGLISIGA

Tog‘lar yo‘lin tog‘ to‘sdi,
Mushtga aylandi quloch.
Ayvoningni qor bosdi,
Akang qani, Qaldirg‘och?

Bir munglig‘ ovoz o‘tdi,
Chalinmagan soz o‘tdi,
Bahor o‘tdi, yoz o‘tdi,
Akang qani, Qaldirg‘och?

Polvoning davraga sol,
Polvonman deb yurganlar.
Suyunchiga jonim ol,
Alp o‘g‘lini ko‘rganlar.

Mardlar yig‘ilgan maydon,
Mardini kutadi el.
Chohdan chiqar polvonga,
Qirq polvoning boshlab kel.

Qaldirg‘och, el omondir,
Nomini aytib kelsang.
Yurt so‘rab kelganlarga
Akam qaytadi, desang.

Eshikda osiq turar
Alp otining taqasi.
Yot ellarda qolmaydi
Mard singilning akasi?

Ko‘ngilga or soldimi –
Yot elda oqargan soch.
Kurash senga qoldimi,
Akang qani, Qaldirg‘och?

Botir zoti o‘lmaydi!
Elga mehri so‘lmaydi,
So‘lsa – botir bo‘lmaydi,
Akang qani, Qaldirg‘och?

Yetti yil – yetti ming yil,
Alpsiz o‘tadi davron.
Bobotog‘da zang bosgan
To‘qson botmonli kamon.

Erta tog‘ni titratar
Er yigit tug‘iladi.
Vatanni Vatan deya
Asrovchi er bo‘ladi.

Ammo titroq yo‘q bugun,
Tog‘lar horg‘in o‘y surar.
Olislarda bir alp bor,
Tulporlarni tush ko‘rar.

Olis-olis yo‘llarda,
Birda to‘q-u birda och.
Yov alqagan qo‘llarda,
Akang qani, Qaldirg‘och?

Bu Vatanga shon kerak,
Jon berguvchi jon kerak.
Elga qahramon kerak,
Akang qani, Qaldirg‘och!?.

UZOQ YILLARDAN KЕYIN…

Sizga

Endi bu yerlardan ketib bo‘lmaydi,
Poyezdlar orqaga yurmaydi qaytib.
Sizni aldashibdi: sevgi o‘lmaydi,
Faqat poyimizda yuradi daydib.

Endi bu yerlardan ishq topolmaysiz,
Yomg‘irlar yomg‘irday quvnatmas ko‘zni.
Changlardan qochasiz, nafas olmaysiz,
Shahar shovqinidan yo‘qotib o‘zni.

Raqamlar ustiga qurilar umr,
Taraqqiyotlardan o‘tib boramiz.
Shubhalar, aldovlar o‘tadi bir-bir,
Bir-bir barisini sotib boramiz.

Endi bu yerlardan ketib bo‘lmaydi,
Poyezdda joy yo‘qdir ko‘ngli yo‘qlarga.
“Siz”ni “sensiraymiz”, ko‘ngil to‘lmaydi,
Vijdon tomonlardan kelgan o‘qlarga.

“Endi bu yerlar…” deb ko‘-o‘-o‘p yil netaman,
Bir kun DUNYOsi ham tegadi jonga.
Qishloqqa ketar kun kelsa – aytaman –
Chirmashib olamiz so‘nggi vagonga…

G‘IJIMLANGAN QOG‘OZDAGILAR…

To‘rt devor –
Bir-biriga yaqinlashib kelyapti,
Hozir yutib yuboradi seni.
Xuddi chap ko‘ksing girdidagi o‘sha nimadir –
G‘ijimlab, ezg‘ilab, ezib yuborayotganday…

Keyin to‘rt devor qolib…
Oyog‘ing osti bilan shift so‘roqqa tuta boshlaydi:
Keyin sen hammasini aytib berasan –
Xuddi tushida gapirib chiqadigan odamday…
Keyin ro‘parangda bir go‘zal paydo bo‘ladi –
Sening boringni bilib olganidan mamnun.
Balki shuning uchun ham o‘zini senday ustun tutadi,
Lekin baribir u – go‘zal!
Ayol zotidan!..
Ana shunaqa…

O‘sha go‘zalni oldida tan olganig nima edi o‘zi?
Yozg‘iz qolganingda uni o‘zing ham tan ololmaysan, axir…
Ojizlik nima o‘zi?
Tuyg‘ularingni tilingda jilovlab turolmaganingmi,
Hislaringni sevganing oldida to‘kib sochishmi,
Yoki uning oldida «sensizlik…» deya tan olishmi,
Yoki «Ojizlik»ning aslida nima ekanini bilmasligingmi?

Men senday shafqat tilaganim yo‘q, axir.
Axir, tilanganim yo‘q!
Men bori ojizligimni aytdim, xolos…

Yana o‘sha to‘rt devor –
Endi joy-joyida…
Yozish yaxshi-da o‘zi…
Ko‘nglingdagini kimgadir aytganday bo‘lasan,
Shunda devorlar ham joy-joyida turadi…

ESKI NOM

Avval bu qishloqning nomini tortib olishgan,
Keyin qaytadan nomlashgan o‘zlarining ismlarini qo‘shib…
Garchi bu qishloqqa umuman yot bo‘lsalar-da.
(O‘h-ho‘o‘, qancha yillar bo‘lgan bunga…)
Keyin esa…
Keyin o‘sha nom singib ketgan.
Undan keyingina qaytarib berishgan
Yana o‘zining eski nomini.
Nimayam qilardi…
Eski nom vafodor bu qishloqqa,
Eski nom ta’nasiz, malomatsiz…
Eski nom – eski-da baribir,
Eski nom – qadrdon, eski bo‘lsa ham…
Keyin yana boshlandi nomlash degan nom.
Bir ajnabiy so‘z bilan qo‘shib
Yana o‘zlarining nomini berishdi,
Garchi bu qishloqni unutgan bo‘lsalar-da,
Garchi bu qishloq arig‘ining suvi ta’mini bilmasalar-da…
(Tarixda qolish oson ekan-da!..)
(So‘kinish – odobsizlik…)
Bugun yana qaytirib berishdi
O‘sha eski nomni.
Yo‘q, yangisi bilan birga qaytarishdi,
Toki singmaguncha olmaymiz, degandek…
Eski nomni hamma yozib qo‘ydi,
Daftarlarga, qog‘ozlarga, darvozalarga… yuraklarga…
Toki har kuni ko‘rib turish uchun,
Toki har lahzada eslab turish uchun,
Toki xotiralardan o‘chmasin uchun,
Yoki…
Eski – aslida eski emasligi uchun…

KO‘NGLI OSMONDAY KЕNG O‘QITUVCHIMGA

Osmonning qahrini keltirdim,
Voz kechdim osmonning bag‘ridan.
Osmonga osmonday gapirdim,
Titradi ovozim zarbidan.

Qaynashim, titrashim shart edi,
Keltirdim osmonning qahrini.
“Hoy, yigit, yo‘lingdan qayt”, — dedi,
Va lekin sochmadi zahrini.

Gunohim yulduzlar bilan teng,
Boshimni har toshga uraman.
Qahrini keltirdim osmonning –
Yerda qay yuz bilan yuraman?!.

KURSDOSH QIZGA

Qaytib ketayapman osmonlaringdan,
Senga bir dil qadar dunyo qoldirib.
Million yillar aro saqlangan sirdan,
Eng so‘nggi lahzada najot qidirib…

Orzu arimadi, umid ketmadi,
Sirlarga sochilmoq bo‘lmadi yengil.
Baralla aytmoqqa jur’at yetmadi,
Jimgina ketmoqqa ko‘nmadi ko‘ngil.

To‘rt yil – to‘rtta fasl va yo to‘rt hafta,
Bir zum o‘tdi-ketdi (shunday o‘ylayman)
Endi esa faqat sog‘inish bilan
Jur’atsizligimning haqqin to‘layman.

Yurak asrolmadi nigohlaringni,
Ko‘zlar aldamadi – yotligin sotdi.
Senga talpinganim – gunohlarimni,
Gunohligin bilib o‘tlarga otdim.

Aytilmagan gaplar qoldi ko‘ngilda,
Tilimga ko‘chmadi so‘zlarim ilk bor.
O‘rtada cheksiz bir chegara borday,
«Meni seni…» – oxirga yetmadi izhor…

Lahzalar nomingga aytardi o‘lan,
Yillar kor qilmadi dilga singishga.
Sen muyassar eding bor-yo‘g‘ing bilan.
Men muyassar bo‘ldim ishqni yengishga.

Endi ishqdan tonib, taqdirga ko‘nib,
Endi o‘z-o‘zimga tilayman sabr.
Sen – ko‘ksim ichida yongan sir eding,
Men – sening oldingda hech kim baribir…

TЕMIR YO‘L VOKZALIDA

Chiptaga termulib o‘tiribman jim,
Vokzal yutib borar, xayollar – daydi.
Qaniydi ozgina kechiksa poyezd,
Meni kuzatgani kelsang qaniydi…

Navbatchi qiz e’lon qiladi birdan
Poyezd yaqinlashib kelayotganin.
Bechora temirlar qayerdan bilsin,
Menga nima alam qilayotganin.

Yaqinlashib kelar temir izlardan,
Jur’atimni yanchib to‘xtaydi poyezd.
Umid so‘nib borar soniya sayin,
Kelishi kerakdek kimdir o‘sha kez.

Odamlar ichidan seni izlayman,
Ularning yuziga qarayman bir-bir.
Axir, kuzatgani kelsangchi tezroq,
Poyezd bizni kutib turmaydi axir.

Shartta burilaman vagonga tomon,
Borgan sari ortga tortadi yurak.
Seni ko‘rmay ketmoq… Yo‘q! Bu mumkinmas,
Faqat tezroq kelgin, ketishim kerak!

Poyezd – taqdirimni hal qildi shu payt,
“U kelmaydi” dedi umidni uzib.
“Bas, endi ketamiz” degan shahd bilan
Uzun signal chaldi yurakni ezib.

Hammasi tugadi. Bildim – kelmaysan,
KЕTISH qo‘rqitadi soniya qadar.
Chiptamni yirtaman… va kelar birdan:
“Poyezd jo‘nayapti!” degan xushxabar.

***

Tor ko‘ngilni ezar battar tor xona,
To‘zg‘igan xayollar tentirar hadsiz.
Xonaning changlarin artib qo‘yish-chun,
Eshikda iymanib turar farrosh qiz.

Ko‘nglim bilan birga mudraydi borliq,
Yarim qorong‘uga o‘rgangan ko‘zlar.
Bir dunyo qog‘ozga ko‘milib borar,
Ko‘milib boradi eng yorug‘ hislar.

Deraza pardasi ochilar birdan,
Xonaga bostirib kira boshlar kun.
G‘uborlar ichidan chiqib kelaman,
Farrosh qizga halal bermaslik uchun.

Jon kira boshlaydi har bir buyumga,
Bitta-bitta ranglar ochilib borar.
Yengil shamol bilan ko‘tarilgan gard
Quyosh nurlarining sochlarin tarar.

Uni kuzataman eshikda turib,
Sakkiz yil orqaga qaytgim kelyapi.
Bo‘g‘zimga tiqilib turar bir hadik
Unga hammasini aytgim kelyapti.

Asta pichirlayman, eshitmas biroq,
Vujudni egallar begona bir his.
– Mening ko‘nglimni ham changlarin artgin,
Yurakni tozalab bergin, farrosh qiz!

ChЕGARA

Yana ko‘changizga boryapman, mana,
Oradan shuncha vaqt ketsa ham o‘tib.
Sizga borar yo‘lda, svetoforning
Yashil chirog‘ini turibman kutib.

Ko‘rishmadik, mana, ming yil bo‘libdi,
Har bir soniyasi – yana million yil.
Uchib borayapman, bir lahza qoldi,
Svetofor chirog‘i haliyam qizil.

O‘sha tanish ko‘cha, hammasi tanish,
O‘sha qari chinor, o‘sha arg‘imchoq.
Ko‘zimni yumib ham o‘taman bundan,
Faqat bir lahzaga immillar chiroq.

Endi diydor yaqin, muhabbat yaqin,
Bir lahzadan keyin boshlanar visol.
Yuragim urishdan to‘xtaydi hozir,
Qani yashil chiroq, bo‘lgin, yonaqol!..

Axir bu damlarni kutdim millon yil,
G‘ururim ustimdan kulib yuribdi.
Bugun jur’atimni yengdim-u, biroq,
Hamon qizil chiroq yonib turibdi.

***

Men bilmayman, qaydasan hozir,
Yolg‘izlikdan uvillar xona.
Titrayapti koinot, bildim –
Yig‘layapsan mendan pinhona.

Yuragimdan yorug‘lik o‘chgan,
Xira chiroq yonar xonada.
To‘zg‘ib yotgan qog‘oz, kitoblar,
Va izlaring bor ostonada.

To‘zg‘igan uy, to‘zg‘igan xayol,
Ostonada qolgan ko‘zlarim.
Senga mayli, hatto o‘zimga
Malol keldi so‘nggi so‘zlarim.

Xiralashar chiroq ham battar,
Yorishmaydi endi ko‘nglimiz.
Kutayapsan jimgina, titrab,
O‘rtada ishq – o‘gay singlimiz…

Devorlari qilichdan keskir,
Zinasi yo‘q beshinchi qavat.
Ostonada poylaydi meni,
Va ustimdan kuladi jur’at.

Seni ko‘rmay o‘tib ketaman,
Ishq yig‘laydi senga qo‘shilib.
Va indamay qolaverasan,
Gunohlarim qadrdon bilib.

Va bilasan, ishqda panoh bor,
Ortdagi uy – mening bor sirim.
Xontaxtada sochilib yotar,
Suratlaring hamda g‘ururim…

CHAQALOQ

Derazalar singan, daraxtlar egik,
Shamol yomg‘ir bilan jang qilar go‘yo.
Butun tun zanglagan pichog‘in olib
Chap ko‘ksing ustida ingraydi dunyo.

Borliq suron solar, odamlar mudroq,
Shamol, yomg‘ir, yurak hayotdan to‘ydi.
Birdan…
Birdan… Olam tin oldi. So‘ngra –
Chaqaloq bir ingrab, tamshanib qo‘ydi…

***

Sudrashyapti meni qaygadir,
Ko‘zim bog‘liq qo‘llarim singan.
Hayqirishar tinmay olomon,
Azobimdan battar suyungan.

Hozir meni osishar dorga,
Undan keyin chuqur qaziydi.
Tosh otyotgan manov odamlar
Kimligimni bilsa, qaniydi.

Ha-ya, kimman? Hech kimman, asli,
Bir burchakda o‘tyapti umr.
Oliy hukm o‘qishdan avval,
Gunohlarim aytilar bir-bir:

So‘ramabman holin onamning,
Otam mendan ko‘p xafa emish.
Ey olomon bilganlaring – shu,
Bilmaganing yolg‘onu mish-mish.

Va yana bir qizni aldabman,
To tonggacha kutgan ekan u.
Eh, bechora singlim, o‘sha payt
Boshqa qizlar bilan edim-ku.

Salom bermay o‘tgan emishman,
Kim-kimlarga, inkor qilmayman
Shumi qo‘ygan ayblaring, axir,
“Kalima”mni to‘liq bilmayman.

Hammasini aytib ne qildim,
Gunohlarga to‘lganman botib.
Bir piyola mayning narxiga
Yuborganman dunyoni sotib.

Dorning ipin tezroq tort, jallod
Gunohlardan titrab turar jon.
Oliy hukm ijro etilar –
Tomog‘imdan sizib chiqar qon!..

…Uyg‘onaman – hammasi tushdir,
Vijdonimdek ingraydi xonam.
Eshigimdan asta mo‘ralab,
Nonushtaga chaqirar onam…

“YURAK” NOMLI XONA

Manov uy eshigi, manavi kalit,
(Kalit shart ham emas, eshik sob bo‘lgan.)
Kiring, kiravering bu o‘sha xona,
Sizga aytgandimku – huvillab qolgan.

Tuflingizni yechmang, paltongizni ham,
Armon to‘zg‘igan. Kuz, xazon boshlangan.
Devordan sal nari bo‘lsangiz yaxshi,
Hijronning ranglari chaplab tashlangan.

Mana bu shkafda orzular – xarob,
Pushaymonlik uchun kelgan hayotga.
Bu pardalar esa ishqdan tikilgan,
Eskirgan, kirolmay adabiyotga.

Sarg‘aygan suratlar: bari xushchaqchaq –
Dushman shod, do‘stlarning ko‘zi o‘yilgan.
Hasratlarim esa dasturxon qilib,
Xontaxta ustiga to‘shab qo‘yilgan.

Choynakda sovigan choy bo‘lsa kerak,
Oling, (agar muzlab qolmagan bo‘lsa.)
Bir pas o‘tirsangiz, hammasidan ham
Deraza chiroyli ko‘rinar ko‘zga.

Derazadan nari – xotira, armon,
Derazadan nari – javobsiz izhor…
Faqat derazadan qaramang pastga,
Derazadan pastda ulkan jarlik bor.

* * *

Ketdim.
Ketganimni bilmadi hech kim,
Tilim aylanmadi vido aytmoqqa.
Baqirdim, yig‘ladim, kuldim va oxir
Siniq qalam bilan to‘kildim oqqa.

Kutdim.
O‘zim bilmay – nimani, kimni,
Birdan baxt boshimga qo‘nadiganday.
Ketdim.
Buni hech kim bilmadi, rosti,
Xuddi yana qaytib keladiganday.

…TONISH

Kuzda kurtak ochgan bog‘ bo‘lib ketdim,
Tog‘ga do‘q urdim-u tog‘ bo‘lib ketdim,
Ishqdan bemor edim, sog‘ bo‘lib ketdim,
Endi ishqqa tashna o‘taman chog‘i…

Telba ruhman, biroq tanga qaytaman,
Aqlman – vujudga, jonga qaytaman,
Muhabbatdan tonib, bir so‘z aytaman:
Ko‘ngilda zarra ham qolmasin dog‘i.

Ko‘zingda bir tomchi yosh ko‘rgan palla,
Chap ko‘ksimda parcha tosh turgan palla,
G‘ururim poyingga bosh urgan pala,
Ishqning so‘nganini sezdim ham gohi…

YOMG‘IR OSTIDA…

Qiynaladi oftobni kutib,
Yomg‘irlarda ivigan shahar...
Usmon Azim

Bu kecha osmonning bardoshi sindi,
Yomg‘irdan ezilib uyg‘ondi shahar.
Tun bo‘yi dardimni yangilab, endi –
O‘zimga o‘zimni eslatdi sahar.

Yomg‘irpo‘sh tagida mung‘ayib, horib,
Va yana sevgini ko‘klarda tutdim.
Oshkor tan olmoqni bo‘ynimga olib,
O‘zimni va keyin… uni unutdim.

Unutdim – jonlanib boraverdi u,
O‘pkam to‘laverdi, ko‘ngil to‘lmadi.
Eslamaslik og‘ir, unutish – qayg‘u,
Yomg‘irni bahona qilib bo‘lmadi.

Oyog‘im ostida xazon chamandek,
Havoni simirdim hazin, og‘ir, nam,
Men bilan ketishni istamagandek –
G‘ururni pesh qilib qolmadim men ham.

Keyin yuraklarim yondi barq urib,
Keyin osmonimni yellarga berdim.
Keyin g‘ururimni bir chetga surib,
Borimni o‘zim ham borimcha ko‘rdim.

Tentirab, dovdirab, tomchilar bo‘ldim,
O‘yin tushib berdim jilg‘a-soyiga.
Borimni baxshida etib… yiqildim,
Yomg‘ir siymo bo‘lib kelgan poyiga.

Yo‘q-yo‘q, yiqilmadim, yerlarga cho‘kdim –
Qo‘llarim loylarga belandi bir pas.
Go‘yo uning qo‘lin entikib o‘pdim,
Go‘yo muz ustida uchgan kabi mast.

Mast edim, ro‘yolar bag‘riga singdim,
So‘nggi ilinj bilan yolg‘iz qolgani.
Xayollardan oldin sen tomon yeldim,
Tonggi tushlaringga kirib borgani.

Kechikdim… Kechikdim chorasiz dardday,
Chorasiz izhorlar qoshingga yetdi.
Bemavrid kelgan bir sevinchli xatday
«Sevaman» degan so‘z xorlanib ketdi…

Osmon ko‘z yoshlarin sidirib oldi,
Yomg‘ir ham to‘xtadi arigan g‘amday.
Qismatning lahzalik qadrini bildim,
Qaytadan dunyoga kelgan odamday.

Ko‘lmakda shalvirab yotgan barg bo‘lib,
Osmonni unutdim, yerni unutdim.
Yomg‘irga, hijronga ta’nalar qilib,
Million yillik baxtning… bahridan o‘tdim!..

***

Men ko‘nglingni ololmay sarson,
Sen ko‘p narsa so‘ramading – rost.
Asli ko‘ngling to‘lmagan joydan
Fojealar yasading, xolos.

Ko‘ngil to‘lmas, to‘lmaydi bag‘ir,
Lahzalarga berdim umrimni.
Ketaman deb aytdim-ku, axir,
Uzib olay avval ko‘nglimni.

***
O‘xshatishga o‘xshaymiz o‘zi,
Har narsadan topamiz ma’ni.
Yuboramiz olamni buzib
Ko‘nglimizga chuqur kirgani.

G‘alatimi dunyoni axir
Boshqa-boshqa tomondan ko‘rsak?
Nima qipti bir qo‘lda kapgir —
Cho‘mich bilan osh suzib tursak?

HAYOT

Yo‘llarimni buncha to‘smasang,
Bir emasku men bilan yo‘ling.
Men eng baland tog‘ni ko‘zlasam,
Poyiga ham yetmadi qo‘ling.

Shuncha oson o‘ldimi qadr,
O‘ralashib qolding men bilan.
Qoidani buzyapsan, axir
Kurashsangchi teng-tenging bilan.

Endi senga yot ham bo‘ldimmi,
Ustozlikdan tondingmi nahot?!
Har tomonga otib, umrimni
Chalkashtirib yubording, Hayot!..

RЕALLIK

Yashashni istadim o‘lmaydiganday,
Chidadim sabrim hech to‘lmaydiganday.
Kulsam – chin ko‘ngildan kuldim. Yig‘lasam –
Yig‘ladim hech qachon kulmaydiganday.

Chin ko‘ngildan kimning ko‘nglini oldim,
Hech kimga yolg‘on so‘z aytmaydiganday.
Qayerga borsam ham borimcha bordim,
Ketsam ham hech qachon qaytmadiganday.

02

(Tashriflar: umumiy 1 276, bugungi 1)

Izoh qoldiring