Ҳикоя қаҳрамони Гулсара ўз омадсизлигини истеъдодига, кенгроқ маънода, Адабиётга хиёнат қилганида деб билади: арзимас чойчақа эвазига бойвачча бир ўқувчисининг номидан шеърлар ёзиб беради. Уни машҳур қилиб юборади, ундан “шоир” ясайди.
Орзиқул ЭРГАШ
МУҲАББАТГА СУЯНМОҚ БАХТИ…
Шоҳрух Саидовнинг “Қўшни”сини ўқиб…
Орзиқул Эргаш 1953 йил 14 январда Самарқанд яқинидаги Дархон қишлоғида туғилган. Самарқанд Давлат университетини тамомлаган (1975). «Тўй», «Дунёнинг бир чеккаси», «Болалигим кўчаларида», «Шоҳсанам», «Дархон қиссалари», «Сенинг бу дунёда борлигинг») каби қисса ва ҳикоялар китоблари нашр этилган. Бир неча асарлари асосида телевизион фильмлар суратга олинган. Узоқ йиллар Ўзбекистон Миллий телерадиокомпания тизимидаги телерадиоканалларда ишлаган, бугун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида фаолият юритмоқда.
Ҳикоя яхши таассурот қолдирди.
Одам боласи борки, муайян бир иқтидор, қобилият билан дунёга келади. Кимки Яратган ато қилган иқтидор, истеъдодни қадрласа, уни такомилига етказса, энг муҳими, унга хиёнат қилмаса, барака топади. Ҳикоя қаҳрамони Гулсара ўз омадсизлигини истеъдодига, кенгроқ маънода, Адабиётга хиёнат қилганида деб билади: арзимас чойчақа эвазига бойвачча бир ўқувчисининг номидан шеърлар ёзиб беради. Уни машҳур қилиб юборади, ундан “шоир” ясайди. Ўзи эса йўлини йўқотади. Бундай тақдир кишини сергак торттиради…
Муаллиф мақсадига эришган, айтар гапини айта олган. Ҳикояда “… жарангдор овози қулоғимни ширин қитиқлади”, “ҳайратим юзимга тепди”… каби топилмалар кўп. Айни пайтда “ҳожатхона ваннахонанинг ичида”, “Ошхонага етгач, билдимки, оёқ ости жуда расво, ивирсиб ётибди”, “… оёқ ости ҳалиям расвои радди”, “эгнидаги гул-гул кўйлаги” каби маромига етмаган жумлалар ҳам етарлича.
Лекин менда асосий эътироз уйғотган томони – Гулсара (кўримсизгина бўлса-да) маънан бой, адабиётни теран тушунадиган аёл. Лекин у яшаб турган хона мунча “ивирсиган”, “расвои радди”?! Ахир, бу мантиққа зид-ку! Қолаверса, у бола тарбиясида қаттиқ турадиган, фидойи аёл, ўғлини бозорга – пулга ўргатмоқчи эмас. Лекин якка-ёлғиз ўғлини иркит муҳитга кўниктириб қўйишини ўйламайдими? Камбағаллик айб эмас, аммо ивирсиқлик бир пайтлар муаллима, шоира бўлган аёлга “ёпишмаяпти”.
Ҳикоя аввалида аёлнинг тасвири батафсил келади: юзидаги қатор-қатор бўйнигача тушган ажинлар, пахтани эслатадиган сочлар, нозик ва озғин қўллар, юзи чўзинчоқ, иякнинг бўртиб чиққани, қулоғида катта зирак осилиб тургани, кўзлари бироз чўккан, буғдойранг, қирра бурун. Лаблари қуруқшаб турибди… Шунча таърифдан кейин бирпас ўтмай яна дейди: “Чамаси, у ердан бир ярим метр баландроқ эди”. Бўй биринчи галда кўзга ташланмайдими?.. Менимча, аёлнинг портретига оид белгиларни ҳикоя давомида сочиб юборган маъқул эди. Ваҳоланки, кейинчалик пахтадай сочлар, чуқур ботган кўзлар, қирра бурун, нозик қўллар, қуруқшаган лаблар унутилади.
Муаллифнинг келгуси ишларида омад тилайман.
Шоҳрух Саидов
ҚЎШНИ
Шоҳрух Саидов 1991 йили туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетини тамомлаган.
Квартирага эртароқ келдим. Хонага кириб, пальто, сўнг костюм-шим, бўйинбоғимни ечдим-да, уй кийимларимни кийиб, ошхонага ўтдим. Газга товани қўйиб, ёғни қиздириб, тухум пиширишга тараддудланиб тургандим, эшик тақиллади. Бориб очдим. Бир аёл. Эгнидаги гул-гул кўйлаги баданига алланечук ёпишиб турибди. Усти жиққа ҳўл. Юзидаги қатор-қатор ажин бўйнигача чўзилган. Рўмолнинг остидан кўринган сочлари пахтани эслатиб юборади. Қуёшда кўп юрганидан бўлса керак, бошидаги рўмол оқаринқираган. Қўллари нозик ва озғин. Юзи чўзинчоқ. Ияклари бўртиб чиққан. Қулоғида катта зирак осилиб турибди. Кўзлари бироз чўккан. Буғдойранг. Қиррабурун. Лаблари қуруқшаган… Эшикни кенг¬роқ очиб, салом бердим ҳайратимни яширишга уриниб.
– Безовта қилдим, узр, оға, – деди у ҳам салом бераркан, кўзларини мендан олиб қочиб.
– Йўқ, йўқ. Нега, марҳамат, киринг! – дедим (охирги сўзим: “киринг” деганимдан ўзим хижолат тортдим). – Нима хизмат?
– Анови хонага кўчиб келган янги қўшнингизман, – деди у, биз турган ердан бир неча эшик нарироқдаги кенг очиб қўйилган, оққа бўялган темир эшикка имо қилиб. – Ошхонадан сув тортмай қолди. Уриндим, лекин бўлмади. Сантехник чақирай десам… – дея хижолатомуз оёғининг учи билан ер чизди.
Мен аёлга тикилиб қарадим. Чамаси, у ердан бир ярим метр баландроқ эди.
– Албатта, албатта! – дедим шошиб. Сўнг “мен ҳозир” дегандек, ошхона томон юрдим ва газни ўчириб, эшикни қулфлаб, аёл билан унинг хонадонига юрдик. Ичкарига ундан сўнг кирдим. Бир қарашда билганим: бир хонали квартира, ошхона билан ваннаси бор – улар ёнма-ён, ҳожатхона ваннахонанинг ичида. Бир-икки қадам ичкари босишим ҳамоно иссиқ, димиққан ҳаво билан ғалати ҳид димоғимга урилди: жуда ўткир ва кўнгилни кўтарар даражада – балчиқ ҳиди! Тоза ҳаво деярли йўқ. Ошхонага етгач, билдимки, оёқ ости жуда расво, ивирсиб ётибди. Бироқ мен ҳеч нарсага эътибор бермай ишга киришдим. Хайрият, тиқилиб қолган алланималарни уй соҳибаси берган сим билан қувурдан тезда олиб ташладим. Ошхонадаги раковина атрофи чиқиндилар билан тўлди. Оёқ ости ҳалиям расвою радди…
– Мана, бўлди! – қаддимни ростлаб, аёлга қараб жилмайдим.
– Ай-й, бу ортиқча бош оғриғи бўлди-да, – аёл шошиб қолди. – Сизга катта раҳмат! – “раҳмат”ни у шундай самимият билан айтдики, этим жимирлаб, жарангдор овози қулоғимни ширин қитиқлади.
– Арзимайди-е! – дедим-да, қўлларимни ювиш учун ваннахонага кирдим. Қўлимни наридан-бери чайган бўлиб “Бошқа хизмат бўлмаса, менга рухсат”, дея кетишга чоғлангандим, аёл бир пиёла чойга таклиф қилди. Олдинига, рости, иккиландим, аниқроғи, ҳайратим ошди. Ҳар ҳолда, бегона аёл, мен – кап-катта эркак, ҳайҳотдай уй, иккимиз ёлғиз чақчақлашиб ўтирсак тўғри бўлмас. Уй соҳибаси ҳам буни англади чоғи, бироз тек турди-да, кейин дадиллашиб, гўё аҳд қилгандек таклифидан воз кечмади. Гарчи бу кутилмаган таклиф бўлса-да, сезардимки, ўзим ҳам ич-ичимдан бу аёл билан гурунглашишга рози бўлиб тургандим. Шунинг учун ичимда “Охири бахайр бўлсин-да”, дея таклифга майл билдирдим. Яккаю ягона хонага кира туриб оёғимдаги шиппагимни ечишга чоғлангандим, соҳиба бунга рухсат бермади. Хонага киргач, ён-атрофга кўз қиримни ташладим: бир хонали квартира бўлса ҳам, жуда кенг экан – зални эслатади. Аммо бу ерни шинам деб бўлмасди. Гилам ҳам йўқ. Полнинг ўзи. Фақат у-бу ерга қоп ёриб солинган, холос. Қарама-қарши қилиб жойлаштирилган иккита каравот. Нариги бурчакдаги каравотнинг устига саноқли кўрпа, кўрпача ва ёстиқ йиғиб, устига адёл ташланган. Деворнинг ҳар-ҳар жойида чивин-пашшалардан қолган доғлар бор. Лампочкали кабель шифтдан осилиб, сал қийшайиброқ қараб турибди. Аёл лампочкани қўли билан бураб ўчириш учун ўзига қулай қилиб, бўйига мослаб олган бўлса керак. Хона ўртасида икки кишилик стол-стул.
Хотин қўли билан стулни кўрсатиб, ўзи ошхона томон юрди. Мен дафъатан чиқарилган ҳукмга бўйсунувчи “маҳбус”дек кўрсатилган жойга бориб чўк тушдим. Тахтадан ясалган курси жудаям нозик экан, ўтиришим билан оғриниб ғижирлади. Ортиқча ҳаракат қилинса, тамом – ундан ажраб қолиш мумкин. Шунинг учун омонатгина, оғирлигимни оёқларимга ташлаб ўтиришга уриндим. Стулга жойлашиб, яна хонага назар ташларканман, атрофим тоза ва озода эканлигига амин бўлгандим.
– Сиз нима иш қиласиз? – ошхона томондан хотиннинг овози келди.
– Археологман!
Нимадир деб кулди хотин. Мен унинг кулганини эшитдим, холос. “О, зўр-ку!” деган бўлса керак.
Сўнг яна хонадаги ҳар бир деталга син солиб қарашни бошладим. Киргандаёқ деворда осилган суратга эътибор бермаган эканман, ҳозир ўша томонга ўгирилиб, суратни томоша қилдим: унда узун, қора сочини битта қилиб, елкасидан ташлаб олган ёш келинчак асосий планда кўринади, унинг кифтидан тутган, қалин мўйловли киши – эркакнинг жингалак, дағал сочи елкасига тушиб турибди, сочу мўйлови ўзига хўп ярашган; аёл атлас кўйлакда; эркак ёқали плаш кийган; икковининг ҳам лабларида табассум; уларнинг ўртасида думалоқ юз, қўнғир сочли, чамаси, уч ёшлардаги қизалоқ – атлас кўйлакчада – майин, ширин жилмайиб, момиқ, дўмбоқ қўлчаларини менга томон қоқиб турибди.
– Археологман денг! – аёлнинг овози кузатувларимга нуқта қўйди.
– Шундай-шундай, – дедим шошиб.
– Мен эса Қўйлиқ бозорида газсув сотаман, аравачада.
– Газсув?! – ҳайратланиб, овоз келган томонга қарадим, у кўринмади.
– Тирикчилик, оға, – деди у. Шунда сездимки, хотин мен ўтирган стул олдига деярли келиб қолган эди. Қўлида темир чойнак ва четлари учган жуфт пиёла. Газ устида кўп турганидан бўлса керак, чойнак қорайган. Аёл қўлидагиларни стол устига қўйди ва менга қарама-қарши стулга чўкди…
– Бу хонада ёш йигитлар турар эди, – дея у узатган пиёлани олдим.
– Ҳмм. Бўлса бордир, – деди у бепарво. Кейин: – Очиғи, бу жойни топгунча бўларимча бўлдим, – дея табассум қилди. – Бу ердан мактабга яқин экан. Ўғлим мактабни тугатсин, бошқа квартира қидираман. Бу йил саккизни тамомлайди у.
Мен унинг гапидан лол эдим. Ҳайратим юзимга тепди, чоғи, аёл табассум билан бошини сарак-сарак қилиб қўйди-да:
– Кўп қарига ўхшатганмидингиз, а? – деди (аммо ҳали ҳам кулиб турарди).
– Ҳа, йўғ-э, – жилмайишга уриндим, – фақат, сиз…
– Яқинда қирқ иккига тўламан.
– Лекин… Очиғи… – каловланиб қолдим нима деяримни билмай.
У менга шунақа дегандек елка қисди. Кейин жуда ҳориб қолгандек, бошини бироз эгди ва пешонасини тириштирди.
– Уйдан чиқиб кетганимга кўп бўлди, – аёл кўкрагини тўлдириб нафас олиб чиқарди. Кейин аллақандай ачинарли тумшайиб олди. – Турмушим ҳам бузилган, – у кўзларини ерга тикди. – Хўжайин яна хотин олгиси келиб қолди. Олди ҳам. Шунда мен ота уйимга қайтдим… – деб чойнакка қаттиқ тикилди.
Негадир мен тим тортдим. Йўқ, йўқ, эри билан ажрашгани учун эмас. Шунчаки… Лекин унга ич-ичимдан таскин беришни истардим ҳам. Аммо тилимга бирор-бир арзигулик сўз келмаётган эди. Нима қилишни билмай, тимирскиландим. Сўнг хаёлимга келган ўй тилимга-да кўчди:
– Демак, ўғлингиз мактабда ўқир экан-да?
– Ҳа, ҳализамон келади ўзиям, – дея бошини кўтариб менга қаради. Мен унинг ҳориб, киртайиб қолган кўзларини кўрдим. Кўз қорачиқлари негадир оқарган, ҳам қизаринқираган эди. – Қизим ҳам бор. У қишлоқда.
– Қизингиз… – деб елка оша девордаги суратга бир қараб олдим.
– Турмушга чиққан у, – аёл ҳам ўша расмга термилди. – Эгизак набираларим ҳам бор. Ҳасан-Ҳусан!
– Жуда бахтли экансиз.
– Бўлмасам-чи! Жудаям бахтлиман! – дея чойнакни кўтариб, пиёламга чой қуйди. “Раҳмат” дегандай бош ирғадим. Сўнг иккимиз ҳам жим қолдик. Гўё энди гурунглашгани бошқа гап қолмагандек. Бирдан кетиш керак деган фикр миямга урилди. Аммо аёл фикримни кўзимдан уққандек сўзлай бошлади (ҳарқалай, кетишимни истамаётганди):
– Қизимни, набираларимни соғинаман, – у пиёла четини қўли билан силади, – онамниям кўрмаганимга йиллар бўпкетди. Қизим билан-ку телефонлашиб турамиз. Аммо онам… – аёл стулни орқага суриб, ўрнидан турди ва ваннахона томон чайқалиб юриб кетди. Сездимки, унинг кўзлари ёшланган эди. Ваннахонадан хотиржам чиқиб келиб, яна жойига ўтирди. Кўзларининг ичи ҳали ҳам қонталаш. Яноқлари ҳам бироз қизарган. Лекин у бу одатий ҳолдек, гапнинг келган жйидан давом эта бошлади. Мен унинг жарангдор овози ҳам юзи каби хира тортиб қолганини сездим.
– Эрим билан ажрашганимдан кейин акаларим менга қарамай қўйди, – деди у. Елкалари кўтарилиб тушди. – Лекин уларни айблаш йўқ. Биламан, ҳар кимнинг ўз ташвиши бор, – у маъюс жилмайди. – Қизимни турмушга узатгач, ўғлимни олиб ризқимни Ўзинг бер, деб шу ерларга келдим. Ўғлим ўқимишли одам бўлиши керак-да… Биламан, биламан. Унинг ақли киряпти. Баъзан манам сиз билан бозорга чиқсам, кўпроқ пул топсак бўлмайдими, дейди. Қўймайман. Агар хўп десам, ўзингиз айтинг, нима бўлади?! Калласи бузилади. Пулга қизиқиб кетмайдими? Кетади! Шунга қаршиман-да… – гапини тўхтатиб, тек қотди. Сўнг тўсатдан шеър ўқиди. Ёддан:
– Бу гаплар бор эди Марксдан аввал,
Яъни, қорни очу ва қорни тўқлар.
Майли, юмшатайин ташбеҳни сал-пал,
Имкони борлару имкони йўқлар…
– Шоир мен учун ёзгандек шу шеърни… – деди у синиқ табассум билан. – Буни ким ёзган, биласизми? – кўзларини қисиб синовчан тикилди, кейин елка қисганимни кўриб, ўзи жавоб берди: – Абдулла Орипов. Герой шоир! “Имкон” деган шеъри. Сиқилсам, ўқийман, – Аёл пиёлани лабига олиб бориб чой симирди. – Қандайдир таскин беради одамга. Бу кунлар ҳам ўтар-да, дейман.
– Ўтмай қаерга ҳам борарди?! – дея унга синчковроқ разм солдим: у ҳамон ўйчан кўзини пиёлага тикиб турарди. Билдимки, шу дамда кимлардир ҳақида чуқур ўйга берилган эди. – Мен ҳам адабиётга қизиқаман, ақини сўраса¬нгиз. Ҳатто бир нималар қоралаб юраман.
Шунда унинг менга қия қараб, қошини кўтариб қўйганини кўрдим. Кейин жўнгина қараб:
– Лекин ҳозирги шеърнинг авторини билмадингиз! – деди ҳафсаласи пир бўлгандек.
– Бир шеърни билмаслик, бу адабиётга қизиқмаслик дегани эмас-ку, тўғрими? Қолаверса, мен назмгамас, насрга қизиқаман.
У кинояли кулиб қўйди-да, ҳали ҳам ўша ўйчанлиги билан бош ирғади:
– Бу ҳам тўғри. Ҳикоячимисиз ё роман ёзасизми?!
– Ҳа, йўғ-а, мен археологман. Шунчаки, ўзимча қоғоз қоралайман баъзан… Лекин шеър ҳам ўқиб тураман. Аммо сиз ўқиган бу шеърга негадир дуч келмабман.
– Бу янги шеъри шоирнинг, ўзимам яқинда топиб ёд олдим. Ёқди-да, ёқди…
– Гап шунда-да, – дедим.
– Ўзи сизга айтсам, педагогман, – деди аёл. – Адабиётдан мактабда дарс берганман. Эй, бунга анча бўлди. Қишлоқда шундай эдик, – у янада шошиб гапирарди, гўё тўхтаса гапини унутиб қўядигандек. – Тўртта акам бор. Бари бир столнинг эгаси. Оилада ҳаммамиз олий маълумотли бўлганмиз-да! Акаларим мени яхши кўришарди. Еру кўкка ишонишмасди мени…
– Қандай яхши!
– Ҳа, шундай, – назаримда, унинг овозида йиғи бор эди. У оила мавзусидан яна адабиётга қайтди. – Адабиётнинг бағри кенг. Билсангиз, у ҳаммага қучоқ очади. Фақат унга хиёнат қилмасангиз бас… Хиёнатчини хушламайди-да. Суйиш керак.
– Мен ҳаваскорман. Адабиётнинг ичига шўнғиш ниятимам йўқ, – дедим бироз зарда қилиб. – Агар шундай қилсам, танлаган касбим-чи?! Унга ҳам хиёнат қилган бўламан, манимча…
У кулди. Гўё унинг чеҳрасидаги кулгичлари беркиниб турганди-ю, дафъатан ҳозир юзага қалқиб чиқмоқда эди. Мен аёлга жуда қаттиқ тикилиб қолган эканман. У бироз хижолат бўлаётганини сездим. Кейин кўзимни ундан олиб, шифтга қарадим ва чакки ўтиб, сарғимтур тус олганини кўрдим. Бу орада хотин қўлларини столга тираб ўрнидан секин турди-да, симли каравот қошига етиб, унинг остидаги ола сумкани ўнг қўли билан тортиб олди. Очди. Сумкадан нимадир излашга тушди. Қидирган нарсасини топиб олган боладек яйраб-яшнаб кетди. Кейин шахдам қадам босиб, олдимга келди.
– Сизга мендан совға! – дея муқовасидан гулчамбар таққан қиз жилмайиб қараб турган китобни узатди. Китобни олдим: “Шукур Холмирзаев, Ўн саккизга кирмаган ким бор”.
– Ў-ў, раҳмат! Ёмонам хурсанд бўлдим лекин! – дедим китобни варақларканман қувончим ичимга сиғмай (ахир анчадан бери шу китобни бир ўқийин, деб юргандим-да, акаси).
– Ўқимаган бўлсангиз кераг-а?
– Тўғриси, асар ҳақида кўп эшитувдим.
– Ичида зўр-зўр ҳикоялариям бор.
– Ўқиб бўлгач…
– Қайтаришингиз шартмас, – деди у стулга бориб ўтираркан.
– Айтганча, эрингиздан алимент оласизми? – томдан тараша ташладим мен. Китобни столга қўя туриб, ҳали “Эрим билан ажрашганман”, дегани тўсатдан эсимга келиб қолди.
– Алимент?! – чеҳрасида кинояли истеҳзо пайдо бўлди аёлнинг. – Ҳай-ҳай демасам, у мендан пул талаб қилади-ку!..
– Лекин сиз ҳали вояга етмаган болани тарбия қиляпсиз, қонуний ҳақингиз бор-ку!
– Бор бўлса бордир. Аммо менга керакмас унинг пули! – деди аёл тишларининг орасидан гапириб (шу асно уни ўлжасини қизғонган она бўрига ўхшатдим хаёлимда).
Китобни қайта қўлимга олиб, мундарижасини кўздан кечирдим.
– Холмирзаевнинг “Бодом қишда гуллади” ҳикоясини ўқиганман, – дедим гапни бошқа ёққа буриш учун. – Ўшаям бор экан. Зўр ҳикоя!
– Ў-ў, уни неччи марталаб ўқиганман, ўзимам билмайман, – деди у энди ўзига келиб.– Реал чиққан.
Аёлнинг туси яна паришонлашди:
– Адабиётга хиёнат қилганман. Уни қадрламаганман…
– Қандай хиёнат?..
Аёл лом-мим демади, шунчаки “қўяверинг” дегандай қўл силтади. Мен унинг юзига тикилдим. Аммо чеҳраси… ҳеч бир маъно уқиб бўлмасди.
Бу хонадонга кирганимда димоғимга урилган ёқимсиз ҳид ҳамон уйда кезиниб юрган эса-да, бурним мослашиб қолди, шекилли, сезилмай кетди.
Мен стулдан қўзғалдим. Йўлкага етгач, ортимга ўгирилдим:
– Китоб учун яна бир бор раҳмат, – сал эгилиб таъзим қилган бўлдим. Кейин бирдан шошиб гапирдим (гўё аёлни қайта кўролмайдигандек эдим): – Совғага кимдан эканлигини ёзиб бермайсизми?!
Аёл табассум қилди. Яшириниб олган кулгичлари яна ўзини намоён этди-ю, тезда ғойиб бўлди. Хонага шахдам юриб кириб, ручка олиб чиқди. Кейин китобни олиб, тик турганча узоқ ёзди. Мен орада:
– Мени қарздор қилдингиз, – дедим жимликни бузиб. – Совға борасида дейман.
У, ниҳоят, бошини кўтарди-да, китобни менга узатаркан, яйраб кулди:
– Жуда катта иш қилмадим-ку!
– Қарз қиёматга қолмайди! – дея китобни ҳавода ўйнатиб қўйдим. – Албатта, қайтараман. Тем боле, аёл кишидан қарздор бўлиш… жентельменга ярашмайди…
Ўз квартирам сари юрдим. Коридорда кета туриб, ортимдан “шарқ” этган овозни эшитдим: қирқ иккинчи хонадон соҳибаси эшигига калит солганди. Хонамга кириб, ошхонага ўтдим – товадаги ёғ совиб қолибди, икки тухум шу бўйи турибди. “Ким ҳам тегарди унга”. Кўрпачага ўзимни ташладим-да, китобни очиб, биринчи бетидаги қўшни хотиннинг ёзиб берган гапларини ўқишга тутиндим: “Адабиётни ўйинчоқ билманг. У – абадиятга элтувчи йўл. Бир пайтлар чиройли шеърлар ёзардим. Ўз йўлимни топгандим. Кейин бир бойвачча ўқувчимнинг мукофоту машҳурлик учун қилган ҳаракатларига кўмаклашдим. Унга қанча шеърлар ёзиб бердим. Пулни аямасди. Мендан кетгунча, эгасига етгунча қабилидаги қораламаларимдан у хурсанд бўларди. Ўқувчим мукофот ҳам олди, институтга кирди, машҳур бўлди… Лекин мен ўша эски – ўзим изланиб-изланиб топган ўз йўлимни йўқотиб қўйдим. Адабиёт мендан ана шундай ўч олди… Агар адабиётга қизиқсангиз, сидқидилдан ёзишга киришинг! Бўлмаса, ўзингизни ҳам, бошқаларни ҳам алдаманг! Бу китоб муаллифи – адабиётнинг чин фидойиси. Фидойиликни унутманг, деб археолог оғамга Гулсара Мирзаевадан”.
Китобни ёпиб, кўрпа четига қўйдим-да, қўлларимни бошим остида чалиштирганча ёлғизгина чироқ осилиб турган оппоқ шифтга узоқ термилиб ётдим. Хаёлларимнинг учини тополмай чалғидим-чалғидим. Кейин бир қарорга келдим-у, “Ўт оч”, командаси берилган аскардай сакраб ўрнимдан туриб, хонтахта устидаги тагига аллақандай катта китоб – Стендалнинг “Қизил ва қора”си бўлса керак – қўйилган ноутбукимни олдим. Компьютерни кавлаштириб-кавлаштириб, шу пайтгача ёзган ва ўзимча улкан адабий монумент дея ҳисоблаб юрган барча ҳикояларимни – эҳтимол, ҳикоя сўзини қўштирноқ ичида берганим дурустдир – хуллас, ўшаларнинг барисини ўчириб ташладим. Нега? Билмадим. Балки, шунчаки қизиқишгина адабиётга дахл қилиш учун, ёзувчилик даъвоси учун етарли эмаслигини тушунгандирман. Балки, адабиёт улкан жасорат талаб қилиши-ю, мен бу қадар жасур эмаслигимни пайқадимми… Билмадим. Ишқилиб, шунақа қилиб қўйдим, акаси!
Манба: «Ёшлик» журнали, 2017 йил 6-сон
Hikoya qahramoni Gulsara o‘z omadsizligini iste’dodiga, kengroq ma’noda, Adabiyotga xiyonat qilganida deb biladi: arzimas choychaqa evaziga boyvachcha bir o‘quvchisining nomidan she’rlar yozib beradi. Uni mashhur qilib yuboradi, undan “shoir” yasaydi.
Orziqul ERGASH
MUHABBATGA SUYANMOQ BAXTI…
Shohrux Saidovning “Qo‘shni”sini o‘qib…
Orziqul Ergash 1953 yil 14 yanvarda Samarqand yaqinidagi Darxon qishlog‘ida tug‘ilgan. Samarqand Davlat universitetini tamomlagan (1975). «To‘y», «Dunyoning bir chekkasi», «Bolaligim ko‘chalarida», «Shohsanam», «Darxon qissalari», «Sening bu dunyoda borliging») kabi qissa va hikoyalar kitoblari nashr etilgan. Bir necha asarlari asosida televizion filmlar suratga olingan. Uzoq yillar O‘zbekiston Milliy teleradiokompaniya tizimidagi teleradiokanallarda ishlagan, bugun O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasida faoliyat yuritmoqda.
Hikoya yaxshi taassurot qoldirdi.
Odam bolasi borki, muayyan bir iqtidor, qobiliyat bilan dunyoga keladi. Kimki Yaratgan ato qilgan iqtidor, iste’dodni qadrlasa, uni takomiliga yetkazsa, eng muhimi, unga xiyonat qilmasa, baraka topadi. Hikoya qahramoni Gulsara o‘z omadsizligini iste’dodiga, kengroq ma’noda, Adabiyotga xiyonat qilganida deb biladi: arzimas choychaqa evaziga boyvachcha bir o‘quvchisining nomidan she’rlar yozib beradi. Uni mashhur qilib yuboradi, undan “shoir” yasaydi. O‘zi esa yo‘lini yo‘qotadi. Bunday taqdir kishini sergak torttiradi…
Muallif maqsadiga erishgan, aytar gapini ayta olgan. Hikoyada “… jarangdor ovozi qulog‘imni shirin qitiqladi”, “hayratim yuzimga tepdi”… kabi topilmalar ko‘p. Ayni paytda “hojatxona vannaxonaning ichida”, “Oshxonaga yetgach, bildimki, oyoq osti juda rasvo, ivirsib yotibdi”, “… oyoq osti haliyam rasvoi raddi”, “egnidagi gul-gul ko‘ylagi” kabi maromiga yetmagan jumlalar ham yetarlicha.
Lekin menda asosiy e’tiroz uyg‘otgan tomoni – Gulsara (ko‘rimsizgina bo‘lsa-da) ma’nan boy, adabiyotni teran tushunadigan ayol. Lekin u yashab turgan xona muncha “ivirsigan”, “rasvoi raddi”?! Axir, bu mantiqqa zid-ku! Qolaversa, u bola tarbiyasida qattiq turadigan, fidoyi ayol, o‘g‘lini bozorga – pulga o‘rgatmoqchi emas. Lekin yakka-yolg‘iz o‘g‘lini irkit muhitga ko‘niktirib qo‘yishini o‘ylamaydimi? Kambag‘allik ayb emas, ammo ivirsiqlik bir paytlar muallima, shoira bo‘lgan ayolga “yopishmayapti”.
Hikoya avvalida ayolning tasviri batafsil keladi: yuzidagi qator-qator bo‘ynigacha tushgan ajinlar, paxtani eslatadigan sochlar, nozik va ozg‘in qo‘llar, yuzi cho‘zinchoq, iyakning bo‘rtib chiqqani, qulog‘ida katta zirak osilib turgani, ko‘zlari biroz cho‘kkan, bug‘doyrang, qirra burun. Lablari quruqshab turibdi… Shuncha ta’rifdan keyin birpas o‘tmay yana deydi: “Chamasi, u yerdan bir yarim metr balandroq edi”. Bo‘y birinchi galda ko‘zga tashlanmaydimi?.. Menimcha, ayolning portretiga oid belgilarni hikoya davomida sochib yuborgan ma’qul edi. Vaholanki, keyinchalik paxtaday sochlar, chuqur botgan ko‘zlar, qirra burun, nozik qo‘llar, quruqshagan lablar unutiladi.
Muallifning kelgusi ishlarida omad tilayman.
Shohrux Saidov
QO‘SHNI
Shohrux Saidov 1991 yili tug‘ilgan. O‘zbekiston davlat jahon tillari universitetining xalqaro jurnalistika fakultetini tamomlagan.
Kvartiraga ertaroq keldim. Xonaga kirib, palto, so‘ng kostyum-shim, bo‘yinbog‘imni yechdim-da, uy kiyimlarimni kiyib, oshxonaga o‘tdim. Gazga tovani qo‘yib, yog‘ni qizdirib, tuxum pishirishga taraddudlanib turgandim, eshik taqilladi. Borib ochdim. Bir ayol. Egnidagi gul-gul ko‘ylagi badaniga allanechuk yopishib turibdi. Usti jiqqa ho‘l. Yuzidagi qator-qator ajin bo‘ynigacha cho‘zilgan. Ro‘molning ostidan ko‘ringan sochlari paxtani eslatib yuboradi. Quyoshda ko‘p yurganidan bo‘lsa kerak, boshidagi ro‘mol oqarinqiragan. Qo‘llari nozik va ozg‘in. Yuzi cho‘zinchoq. Iyaklari bo‘rtib chiqqan. Qulog‘ida katta zirak osilib turibdi. Ko‘zlari biroz cho‘kkan. Bug‘doyrang. Qirraburun. Lablari quruqshagan… Eshikni keng¬roq ochib, salom berdim hayratimni yashirishga urinib.
– Bezovta qildim, uzr, og‘a, – dedi u ham salom berarkan, ko‘zlarini mendan olib qochib.
– Yo‘q, yo‘q. Nega, marhamat, kiring! – dedim (oxirgi so‘zim: “kiring” deganimdan o‘zim xijolat tortdim). – Nima xizmat?
– Anovi xonaga ko‘chib kelgan yangi qo‘shningizman, – dedi u, biz turgan yerdan bir necha eshik nariroqdagi keng ochib qo‘yilgan, oqqa bo‘yalgan temir eshikka imo qilib. – Oshxonadan suv tortmay qoldi. Urindim, lekin bo‘lmadi. Santexnik chaqiray desam… – deya xijolatomuz oyog‘ining uchi bilan yer chizdi.
Men ayolga tikilib qaradim. Chamasi, u yerdan bir yarim metr balandroq edi.
– Albatta, albatta! – dedim shoshib. So‘ng “men hozir” degandek, oshxona tomon yurdim va gazni o‘chirib, eshikni qulflab, ayol bilan uning xonadoniga yurdik. Ichkariga undan so‘ng kirdim. Bir qarashda bilganim: bir xonali kvartira, oshxona bilan vannasi bor – ular yonma-yon, hojatxona vannaxonaning ichida. Bir-ikki qadam ichkari bosishim hamono issiq, dimiqqan havo bilan g‘alati hid dimog‘imga urildi: juda o‘tkir va ko‘ngilni ko‘tarar darajada – balchiq hidi! Toza havo deyarli yo‘q. Oshxonaga yetgach, bildimki, oyoq osti juda rasvo, ivirsib yotibdi. Biroq men hech narsaga e’tibor bermay ishga kirishdim. Xayriyat, tiqilib qolgan allanimalarni uy sohibasi bergan sim bilan quvurdan tezda olib tashladim. Oshxonadagi rakovina atrofi chiqindilar bilan to‘ldi. Oyoq osti haliyam rasvoyu raddi…
– Mana, bo‘ldi! – qaddimni rostlab, ayolga qarab jilmaydim.
– Ay-y, bu ortiqcha bosh og‘rig‘i bo‘ldi-da, – ayol shoshib qoldi. – Sizga katta rahmat! – “rahmat”ni u shunday samimiyat bilan aytdiki, etim jimirlab, jarangdor ovozi qulog‘imni shirin qitiqladi.
– Arzimaydi-ye! – dedim-da, qo‘llarimni yuvish uchun vannaxonaga kirdim. Qo‘limni naridan-beri chaygan bo‘lib “Boshqa xizmat bo‘lmasa, menga ruxsat”, deya ketishga chog‘langandim, ayol bir piyola choyga taklif qildi. Oldiniga, rosti, ikkilandim, aniqrog‘i, hayratim oshdi. Har holda, begona ayol, men – kap-katta erkak, hayhotday uy, ikkimiz yolg‘iz chaqchaqlashib o‘tirsak to‘g‘ri bo‘lmas. Uy sohibasi ham buni angladi chog‘i, biroz tek turdi-da, keyin dadillashib, go‘yo ahd qilgandek taklifidan voz kechmadi. Garchi bu kutilmagan taklif bo‘lsa-da, sezardimki, o‘zim ham ich-ichimdan bu ayol bilan gurunglashishga rozi bo‘lib turgandim. Shuning uchun ichimda “Oxiri baxayr bo‘lsin-da”, deya taklifga mayl bildirdim. Yakkayu yagona xonaga kira turib oyog‘imdagi shippagimni yechishga chog‘langandim, sohiba bunga ruxsat bermadi. Xonaga kirgach, yon-atrofga ko‘z qirimni tashladim: bir xonali kvartira bo‘lsa ham, juda keng ekan – zalni eslatadi. Ammo bu yerni shinam deb bo‘lmasdi. Gilam ham yo‘q. Polning o‘zi. Faqat u-bu yerga qop yorib solingan, xolos. Qarama-qarshi qilib joylashtirilgan ikkita karavot. Narigi burchakdagi karavotning ustiga sanoqli ko‘rpa, ko‘rpacha va yostiq yig‘ib, ustiga adyol tashlangan. Devorning har-har joyida chivin-pashshalardan qolgan dog‘lar bor. Lampochkali kabel shiftdan osilib, sal qiyshayibroq qarab turibdi. Ayol lampochkani qo‘li bilan burab o‘chirish uchun o‘ziga qulay qilib, bo‘yiga moslab olgan bo‘lsa kerak. Xona o‘rtasida ikki kishilik stol-stul.
Xotin qo‘li bilan stulni ko‘rsatib, o‘zi oshxona tomon yurdi. Men daf’atan chiqarilgan hukmga bo‘ysunuvchi “mahbus”dek ko‘rsatilgan joyga borib cho‘k tushdim. Taxtadan yasalgan kursi judayam nozik ekan, o‘tirishim bilan og‘rinib g‘ijirladi. Ortiqcha harakat qilinsa, tamom – undan ajrab qolish mumkin. Shuning uchun omonatgina, og‘irligimni oyoqlarimga tashlab o‘tirishga urindim. Stulga joylashib, yana xonaga nazar tashlarkanman, atrofim toza va ozoda ekanligiga amin bo‘lgandim.
– Siz nima ish qilasiz? – oshxona tomondan xotinning ovozi keldi.
– Arxeologman!
Nimadir deb kuldi xotin. Men uning kulganini eshitdim, xolos. “O, zo‘r-ku!” degan bo‘lsa kerak.
So‘ng yana xonadagi har bir detalga sin solib qarashni boshladim. Kirgandayoq devorda osilgan suratga e’tibor bermagan ekanman, hozir o‘sha tomonga o‘girilib, suratni tomosha qildim: unda uzun, qora sochini bitta qilib, yelkasidan tashlab olgan yosh kelinchak asosiy planda ko‘rinadi, uning kiftidan tutgan, qalin mo‘ylovli kishi – erkakning jingalak, dag‘al sochi yelkasiga tushib turibdi, sochu mo‘ylovi o‘ziga xo‘p yarashgan; ayol atlas ko‘ylakda; erkak yoqali plash kiygan; ikkovining ham lablarida tabassum; ularning o‘rtasida dumaloq yuz, qo‘ng‘ir sochli, chamasi, uch yoshlardagi qizaloq – atlas ko‘ylakchada – mayin, shirin jilmayib, momiq, do‘mboq qo‘lchalarini menga tomon qoqib turibdi.
– Arxeologman deng! – ayolning ovozi kuzatuvlarimga nuqta qo‘ydi.
– Shunday-shunday, – dedim shoshib.
– Men esa Qo‘yliq bozorida gazsuv sotaman, aravachada.
– Gazsuv?! – hayratlanib, ovoz kelgan tomonga qaradim, u ko‘rinmadi.
– Tirikchilik, og‘a, – dedi u. Shunda sezdimki, xotin men o‘tirgan stul oldiga deyarli kelib qolgan edi. Qo‘lida temir choynak va chetlari uchgan juft piyola. Gaz ustida ko‘p turganidan bo‘lsa kerak, choynak qoraygan. Ayol qo‘lidagilarni stol ustiga qo‘ydi va menga qarama-qarshi stulga cho‘kdi…
– Bu xonada yosh yigitlar turar edi, – deya u uzatgan piyolani oldim.
– Hmm. Bo‘lsa bordir, – dedi u beparvo. Keyin: – Ochig‘i, bu joyni topguncha bo‘larimcha bo‘ldim, – deya tabassum qildi. – Bu yerdan maktabga yaqin ekan. O‘g‘lim maktabni tugatsin, boshqa kvartira qidiraman. Bu yil sakkizni tamomlaydi u.
Men uning gapidan lol edim. Hayratim yuzimga tepdi, chog‘i, ayol tabassum bilan boshini sarak-sarak qilib qo‘ydi-da:
– Ko‘p qariga o‘xshatganmidingiz, a? – dedi (ammo hali ham kulib turardi).
– Ha, yo‘g‘-e, – jilmayishga urindim, – faqat, siz…
– Yaqinda qirq ikkiga to‘laman.
– Lekin… Ochig‘i… – kalovlanib qoldim nima deyarimni bilmay.
U menga shunaqa degandek yelka qisdi. Keyin juda horib qolgandek, boshini biroz egdi va peshonasini tirishtirdi.
– Uydan chiqib ketganimga ko‘p bo‘ldi, – ayol ko‘kragini to‘ldirib nafas olib chiqardi. Keyin allaqanday achinarli tumshayib oldi. – Turmushim ham buzilgan, – u ko‘zlarini yerga tikdi. – Xo‘jayin yana xotin olgisi kelib qoldi. Oldi ham. Shunda men ota uyimga qaytdim… – deb choynakka qattiq tikildi.
Negadir men tim tortdim. Yo‘q, yo‘q, eri bilan ajrashgani uchun emas. Shunchaki… Lekin unga ich-ichimdan taskin berishni istardim ham. Ammo tilimga biror-bir arzigulik so‘z kelmayotgan edi. Nima qilishni bilmay, timirskilandim. So‘ng xayolimga kelgan o‘y tilimga-da ko‘chdi:
– Demak, o‘g‘lingiz maktabda o‘qir ekan-da?
– Ha, halizamon keladi o‘ziyam, – deya boshini ko‘tarib menga qaradi. Men uning horib, kirtayib qolgan ko‘zlarini ko‘rdim. Ko‘z qorachiqlari negadir oqargan, ham qizarinqiragan edi. – Qizim ham bor. U qishloqda.
– Qizingiz… – deb yelka osha devordagi suratga bir qarab oldim.
– Turmushga chiqqan u, – ayol ham o‘sha rasmga termildi. – Egizak nabiralarim ham bor. Hasan-Husan!
– Juda baxtli ekansiz.
– Bo‘lmasam-chi! Judayam baxtliman! – deya choynakni ko‘tarib, piyolamga choy quydi. “Rahmat” deganday bosh irg‘adim. So‘ng ikkimiz ham jim qoldik. Go‘yo endi gurunglashgani boshqa gap qolmagandek. Birdan ketish kerak degan fikr miyamga urildi. Ammo ayol fikrimni ko‘zimdan uqqandek so‘zlay boshladi (harqalay, ketishimni istamayotgandi):
– Qizimni, nabiralarimni sog‘inaman, – u piyola chetini qo‘li bilan siladi, – onamniyam ko‘rmaganimga yillar bo‘pketdi. Qizim bilan-ku telefonlashib turamiz. Ammo onam… – ayol stulni orqaga surib, o‘rnidan turdi va vannaxona tomon chayqalib yurib ketdi. Sezdimki, uning ko‘zlari yoshlangan edi. Vannaxonadan xotirjam chiqib kelib, yana joyiga o‘tirdi. Ko‘zlarining ichi hali ham qontalash. Yanoqlari ham biroz qizargan. Lekin u bu odatiy holdek, gapning kelgan jo¬¬yidan davom eta boshladi. Men uning jarangdor ovozi ham yuzi kabi xira tortib qolganini sezdim.
– Erim bilan ajrashganimdan keyin akalarim menga qaramay qo‘ydi, – dedi u. Yelkalari ko‘tarilib tushdi. – Lekin ularni ayblash yo‘q. Bilaman, har kimning o‘z tashvishi bor, – u ma’yus jilmaydi. – Qizimni turmushga uzatgach, o‘g‘limni olib rizqimni O‘zing ber, deb shu yerlarga keldim. O‘g‘lim o‘qimishli odam bo‘lishi kerak-da… Bilaman, bilaman. Uning aqli kiryapti. Ba’zan manam siz bilan bozorga chiqsam, ko‘proq pul topsak bo‘lmaydimi, deydi. Qo‘ymayman. Agar xo‘p desam, o‘zingiz ayting, nima bo‘ladi?! Kallasi buziladi. Pulga qiziqib ketmaydimi? Ketadi! Shunga qarshiman-da… – gapini to‘xtatib, tek qotdi. So‘ng to‘satdan she’r o‘qidi. Yoddan:
– Bu gaplar bor edi Marksdan avval,
Ya’ni, qorni ochu va qorni to‘qlar.
Mayli, yumshatayin tashbehni sal-pal,
Imkoni borlaru imkoni yo‘qlar…
– Shoir men uchun yozgandek shu she’rni… – dedi u siniq tabassum bilan. – Buni kim yozgan, bilasizmi? – ko‘zlarini qisib sinovchan tikildi, keyin yelka qisganimni ko‘rib, o‘zi javob berdi: – Abdulla Oripov. Geroy shoir! “Imkon” degan she’ri. Siqilsam, o‘qiyman, – Ayol piyolani labiga olib borib choy simirdi. – Qandaydir taskin beradi odamga. Bu kunlar ham o‘tar-da, deyman.
– O‘tmay qayerga ham borardi?! – deya unga sinchkovroq razm soldim: u hamon o‘ychan ko‘zini piyolaga tikib turardi. Bildimki, shu damda kimlardir haqida chuqur o‘yga berilgan edi. – Men ham adabiyotga qiziqaman, aqini so‘rasa¬ngiz. Hatto bir nimalar qoralab yuraman.
Shunda uning menga qiya qarab, qoshini ko‘tarib qo‘yganini ko‘rdim. Keyin jo‘ngina qarab:
– Lekin hozirgi she’rning avtorini bilmadingiz! – dedi hafsalasi pir bo‘lgandek.
– Bir she’rni bilmaslik, bu adabiyotga qiziqmaslik degani emas-ku, to‘g‘rimi? Qolaversa, men nazmgamas, nasrga qiziqaman.
U kinoyali kulib qo‘ydi-da, hali ham o‘sha o‘ychanligi bilan bosh irg‘adi:
– Bu ham to‘g‘ri. Hikoyachimisiz yo roman yozasizmi?!
– Ha, yo‘g‘-a, men arxeologman. Shunchaki, o‘zimcha qog‘oz qoralayman ba’zan… Lekin she’r ham o‘qib turaman. Ammo siz o‘qigan bu she’rga negadir duch kelmabman.
– Bu yangi she’ri shoirning, o‘zimam yaqinda topib yod oldim. Yoqdi-da, yoqdi…
– Gap shunda-da, – dedim.
– O‘zi sizga aytsam, pedagogman, – dedi ayol. – Adabiyotdan maktabda dars berganman. Ey, bunga ancha bo‘ldi. Qishloqda shunday edik, – u yanada shoshib gapirardi, go‘yo to‘xtasa gapini unutib qo‘yadigandek. – To‘rtta akam bor. Bari bir stolning egasi. Oilada hammamiz oliy ma’lumotli bo‘lganmiz-da! Akalarim meni yaxshi ko‘rishardi. Yeru ko‘kka ishonishmasdi meni…
– Qanday yaxshi!
– Ha, shunday, – nazarimda, uning ovozida yig‘i bor edi. U oila mavzusidan yana adabiyotga qaytdi. – Adabiyotning bag‘ri keng. Bilsangiz, u hammaga quchoq ochadi. Faqat unga xiyonat qilmasangiz bas… Xiyonatchini xushlamaydi-da. Suyish kerak.
– Men havaskorman. Adabiyotning ichiga sho‘ng‘ish niyatimam yo‘q, – dedim biroz zarda qilib. – Agar shunday qilsam, tanlagan kasbim-chi?! Unga ham xiyonat qilgan bo‘laman, manimcha…
U kuldi. Go‘yo uning chehrasidagi kulgichlari berkinib turgandi-yu, daf’atan hozir yuzaga qalqib chiqmoqda edi. Men ayolga juda qattiq tikilib qolgan ekanman. U biroz xijolat bo‘layotganini sezdim. Keyin ko‘zimni undan olib, shiftga qaradim va chakki o‘tib, sarg‘imtur tus olganini ko‘rdim. Bu orada xotin qo‘llarini stolga tirab o‘rnidan sekin turdi-da, simli karavot qoshiga yetib, uning ostidagi ola sumkani o‘ng qo‘li bilan tortib oldi. Ochdi. Sumkadan nimadir izlashga tushdi. Qidirgan narsasini topib olgan boladek yayrab-yashnab ketdi. Keyin shaxdam qadam bosib, oldimga keldi.
– Sizga mendan sovg‘a! – deya muqovasidan gulchambar taqqan qiz jilmayib qarab turgan kitobni uzatdi. Kitobni oldim: “Shukur Xolmirzayev, O‘n sakkizga kirmagan kim bor”.
– O‘-o‘, rahmat! Yomonam xursand bo‘ldim lekin! – dedim kitobni varaqlarkanman quvonchim ichimga sig‘may (axir anchadan beri shu kitobni bir o‘qiyin, deb yurgandim-da, akasi).
– O‘qimagan bo‘lsangiz kerag-a?
– To‘g‘risi, asar haqida ko‘p eshituvdim.
– Ichida zo‘r-zo‘r hikoyalariyam bor.
– O‘qib bo‘lgach…
– Qaytarishingiz shartmas, – dedi u stulga borib o‘tirarkan.
– Aytgancha, eringizdan aliment olasizmi? – tomdan tarasha tashladim men. Kitobni stolga qo‘ya turib, hali “Erim bilan ajrashganman”, degani to‘satdan esimga kelib qoldi.
– Aliment?! – chehrasida kinoyali istehzo paydo bo‘ldi ayolning. – Hay-hay demasam, u mendan pul talab qiladi-ku!..
– Lekin siz hali voyaga yetmagan bolani tarbiya qilyapsiz, qonuniy haqingiz bor-ku!
– Bor bo‘lsa bordir. Ammo menga kerakmas uning puli! – dedi ayol tishlarining orasidan gapirib (shu asno uni o‘ljasini qizg‘ongan ona bo‘riga o‘xshatdim xayolimda).
Kitobni qayta qo‘limga olib, mundarijasini ko‘zdan kechirdim.
– Xolmirzayevning “Bodom qishda gulladi” hikoyasini o‘qiganman, – dedim gapni boshqa yoqqa burish uchun. – O‘shayam bor ekan. Zo‘r hikoya!
– O‘-o‘, uni nechchi martalab o‘qiganman, o‘zimam bilmayman, – dedi u endi o‘ziga kelib.– Real chiqqan.
Ayolning tusi yana parishonlashdi:
– Adabiyotga xiyonat qilganman. Uni qadrlamaganman…
– Qanday xiyonat?..
Ayol lom-mim demadi, shunchaki “qo‘yavering” deganday qo‘l siltadi. Men uning yuziga tikildim. Ammo chehrasi… hech bir ma’no uqib bo‘lmasdi.
Bu xonadonga kirganimda dimog‘imga urilgan yoqimsiz hid hamon uyda kezinib yurgan esa-da, burnim moslashib qoldi, shekilli, sezilmay ketdi.
Men stuldan qo‘zg‘aldim. Yo‘lkaga yetgach, ortimga o‘girildim:
– Kitob uchun yana bir bor rahmat, – sal egilib ta’zim qilgan bo‘ldim. Keyin birdan shoshib gapirdim (go‘yo ayolni qayta ko‘rolmaydigandek edim): – Sovg‘aga kimdan ekanligini yozib bermaysizmi?!
Ayol tabassum qildi. Yashirinib olgan kulgichlari yana o‘zini namoyon etdi-yu, tezda g‘oyib bo‘ldi. Xonaga shaxdam yurib kirib, ruchka olib chiqdi. Keyin kitobni olib, tik turgancha uzoq yozdi. Men orada:
– Meni qarzdor qildingiz, – dedim jimlikni buzib. – Sovg‘a borasida deyman.
U, nihoyat, boshini ko‘tardi-da, kitobni menga uzatarkan, yayrab kuldi:
– Juda katta ish qilmadim-ku!
– Qarz qiyomatga qolmaydi! – deya kitobni havoda o‘ynatib qo‘ydim. – Albatta, qaytaraman. Tem bole, ayol kishidan qarzdor bo‘lish… jentelmenga yarashmaydi…
O‘z kvartiram sari yurdim. Koridorda keta turib, ortimdan “sharq” etgan ovozni eshitdim: qirq ikkinchi xonadon sohibasi eshigiga kalit solgandi. Xonamga kirib, oshxonaga o‘tdim – tovadagi yog‘ sovib qolibdi, ikki tuxum shu bo‘yi turibdi. “Kim ham tegardi unga”. Ko‘rpachaga o‘zimni tashladim-da, kitobni ochib, birinchi betidagi qo‘shni xotinning yozib bergan gaplarini o‘qishga tutindim: “Adabiyotni o‘yinchoq bilmang. U – abadiyatga eltuvchi yo‘l. Bir paytlar chiroyli she’rlar yozardim. O‘z yo‘limni topgandim. Keyin bir boyvachcha o‘quvchimning mukofotu mashhurlik uchun qilgan harakatlariga ko‘maklashdim. Unga qancha she’rlar yozib berdim. Pulni ayamasdi. Mendan ketguncha, egasiga yetguncha qabilidagi qoralamalarimdan u xursand bo‘lardi. O‘quvchim mukofot ham oldi, institutga kirdi, mashhur bo‘ldi… Lekin men o‘sha eski – o‘zim izlanib-izlanib topgan o‘z yo‘limni yo‘qotib qo‘ydim. Adabiyot mendan ana shunday o‘ch oldi… Agar adabiyotga qiziqsangiz, sidqidildan yozishga kirishing! Bo‘lmasa, o‘zingizni ham, boshqalarni ham aldamang! Bu kitob muallifi – adabiyotning chin fidoyisi. Fidoyilikni unutmang, deb arxeolog og‘amga Gulsara Mirzayevadan”.
Kitobni yopib, ko‘rpa chetiga qo‘ydim-da, qo‘llarimni boshim ostida chalishtirgancha yolg‘izgina chiroq osilib turgan oppoq shiftga uzoq termilib yotdim. Xayollarimning uchini topolmay chalg‘idim-chalg‘idim. Keyin bir qarorga keldim-u, “O‘t och”, komandasi berilgan askarday sakrab o‘rnimdan turib, xontaxta ustidagi tagiga allaqanday katta kitob – Stendalning “Qizil va qora”si bo‘lsa kerak – qo‘yilgan noutbukimni oldim. Kompyuterni kavlashtirib-kavlashtirib, shu paytgacha yozgan va o‘zimcha ulkan adabiy monument deya hisoblab yurgan barcha hikoyalarimni – ehtimol, hikoya so‘zini qo‘shtirnoq ichida berganim durustdir – xullas, o‘shalarning barisini o‘chirib tashladim. Nega? Bilmadim. Balki, shunchaki qiziqishgina adabiyotga daxl qilish uchun, yozuvchilik da’vosi uchun yetarli emasligini tushungandirman. Balki, adabiyot ulkan jasorat talab qilishi-yu, men bu qadar jasur emasligimni payqadimmi… Bilmadim. Ishqilib, shunaqa qilib qo‘ydim, akasi!
Manba: “Yoshlik” jurnali, 2017 yil 6-son