Farrux Jabborov. Almisoqdan qolgan qo’rquv

Ashampoo_Snap_2018.01.11_22h06m47s_004_.png  …мутеларми, манқуртларми ёки худди суюқликдек турли шаклга кирадиган олчоқлару енгилнинг устидан, оғирнинг остидан юрадиган “қочоқ”ларми? Ҳарҳолда, айтганидан қайтмайдиган ўр, эътиқодда собит гажирларга тоби-тоқатимиз йўқлиги аниқ.

Фаррух Жабборов
АЛМИСОҚДАН ҚОЛГАН ҚЎРҚУВ
07

farrux-jabbor.jpgФаррух Жабборов 1985 йили Жиззах тумани Шариллоқ қишлоғида туғилган. 2007-йили Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факултетининг бакалавриатурасини, 2012-йили Ўзбекистон миллий университети журналистика факултетининг магистратурасини тамомлаган.2006-йили “Ҳуррият” газетасида иш бошлаган. Ҳозирда “Маърифат”-“Учител Узбекистана” газеталари таҳририятида хизмат қилади.“Мен қайтиб келаман” (Тоғай Мурод замондошлари хотирасида) китоби, “Олтин кўприк” ёш ижодкорлар тўпламини нашрга тайёрлашда иштирок этган.

07

БИЗГА КИМЛАР КЕРАК?

…мутеларми, манқуртларми ёки худди суюқликдек турли шаклга кирадиган олчоқлару енгилнинг устидан, оғирнинг остидан юрадиган “қочоқ”ларми? Ҳарҳолда, айтганидан қайтмайдиган ўр, эътиқодда собит гажирларга тоби-тоқатимиз йўқлиги аниқ.

Адашмасам, император Биринчи Пётр эди шекилли, қайсидир университетга қадам ранжида қилар бўлибди. У билан учрашувга намунали талабалар сараланибди. Ёшлик – бебошлик, дейдилар, бебошлардан бирови густоҳлик қилиб, оқподшо билан гап талашиб қолибди. Ўз оти қолиб, жаҳл отига минган император университет раҳбариятига қарата: “Бизга ақлли талабалар эмас, интизомли талабалар керак!” деган экан. Шундай қилиб, ҳар кимнинг ўз қаричи бор: яхши талаба деганда, биров тартибу одоб меъёрларига ўлгудай амал қиладиган, бошқа биров эса ўз сўзи, ўз юзига эга талабани тушунади.

Тўғри, ҳеч бир жамият муносабатларни тартибга солувчи меъёрларсиз яшай олмайди. Аммо шуниси ҳам аниқки, олға юрмаган ортда қолади, жамият бардавомлиги янгиланишларга боғлиқ. Янгилик қилишга эса ўта интизомлилар эмас, жони ичига сиғмайдиган “бузғунчи”лар журъат топади. Чунки бунёдкорлик ҳам… бузишдан бошланади, аслида.

Устабузармонлик барча болаларга хос. Қизиқади-да, нега радио гапиради, ичида кимдир борми? Нега соат чиқиллайди?.. Буюк кашфиётлар ана шундай саволлардан бошланади. Олдинига радио бузилади-ю, қайта тузалмайди, кейин-кейин бир-икки сочиб-терилгач, булбулдек сайрай кетади. Тақиқлар эса боланинг шаштини битта-битта синдириб боради. Шу боис йигирмадан ҳатлаган ўсмирларнинг аксари етмишни уриб қўйгандек мулоҳазакор, ёшлик жўшқинлигидан маҳрум бўлиб қолади ёки эртадан умиди йўқ истеъмолчига айланади. Ўзи шунақа: дастлаб болаларга гапиришни ўргатган катталар кейин бутун умр сукут сақлашни уқтиради. Кейин нима бўлади? Кейин… “оч қорним – тинч қулоғим” шиори асосида яшай бошлаймиз. Шу тарзда руҳи синган мутелару дунёни сув босса тўпиғига келмайдиган беғамлар тарбияланади…
Бизга шундайлар керакми?! Биламан, бу саволга “йўқ” деб жавоб берасиз. Лекин амалда-чи? Фикр, сўз ва амални бир қилиб яшашни чидаганга чиқарган, ахир!

Ёзувчи – ахлоқсиз одам, деган эди америкалик машҳур адиб Уильям Фолкнер. Истеъдодларни омма ҳар доим телбага чиқарган. Чунки улар жамиятнинг турли тартибу чекловларига кўнавермайди-да. Одамзод эса ҳаммани ўзига ўхшатгиси келади, сал бошқачароқларни қабул қилолмайди: сиғдирмайди, ишдан ҳайдайди, ажратиб қўяди. Аммо, асли, тараққиёт чархини ана шундай телбалар ҳаракатлантириб келаётибди. Биз – ўртамиёналар эса бу ҳақиқатни тан олгимиз келмайди. “Халқ даҳоси” иборасини такрорлаб дилга таскин берамиз гўё. Бу билан халқнинг, демакки, уюшиб, тўдалашиб яшаётган ўзимизнинг кучимиз, салоҳиятимизни бўрттириб кўрсатмоқчи бўламиз. Масалан, кетмонни ким кашф этган? Халқ! Нон ёпишни-чи? Халқ! Нима, уч-тўрт миллионлик халқ бир жойга ўтирволиб, ўйлаб топганми? Йўқ, азизим, боғ дарахтлардан иборат. Халқ даҳосини ҳам кўпчилик хушламайдиган “телба”лар яратади.

Ёшлардан кўп нарса кутилади, негаки, улар жамиятни янгиловчи ҳужайралардир. Лекин ўриндиққа мустаҳкам ўрнашиб олиб, отилиб чиққан ҳар бир навқиронни кўкрагига тепиб қулатаверсак…

Бизга кимлар керак ўзи? Қаноти қайрилганларми, руҳи синганларми? Йўқ, хато қилиш эркинлигини ўз ичига олмаган эркинлик – бир тийинга қиммат эркинлик. Ўз “телба” фарзандларининг эркаликларини кўтарган халқ яшовчандир!

ЭСКИ СТРАТЕГИЯ

Жуда қадимий бир эртак бор: арслон, буқа ва тулки ҳақида. Бақувват мугузи ва ўткир тишларига ишонган ўрмон зўраборларини ожизгина тулки мавҳ этади. Эски стратегияни ишга солиб, рақибларни бир-бирига қайраб қўяди, холос.

Шу эртакни айтиб бериб, болалардан сўрайман: “Сизлар эртакдаги қайси ҳайвонга ўхшашни истайсизлар?”. “Арслонга!”, “Буқага!” дея чуғурлай бошлайди улар…

Ўйланиб қоламан: ул замонлар ўтиб кетмадимикан?! Ҳозир билакка эмас, билимга ишонадиган давр келди-ёв. Эҳтимол, ҳаётда арслонга айлангунча тулкилик қилиб туриш керакдир?! Эҳтимол, ҳаётда буқалик гаштини узоқроқ суриш учун тулкилик қилиб юриш керакдир?! Эҳтимол…

Ҳаммани ҳайратлантираман: тулки бўлгим келяпти! Энг аввал асл тулкилар кулади устимдан! Чунки тулки ҳеч қачон тулки бўлгиси келмайди. Чунки ҳеч қачон тулкиликни эплолмаганлар тулки бўлгиси келади. Чунки…

Хаёлларим чалкашиб кетади: ким арслону ким буқаю ким тулки… – билиб бўлмайди. Ҳаёт сценарийсида роллар палапартиш тақсимланган: тулкилик қилиб арслону буқа мақомини эгаллаволганлар қанча?! Буни уддалай олмаган мугуздору ўткиртиш лар эса…

Бўлди, бас, аниқ қарорга келаман: яшасин тулкилар! Келди тулкилар замони! Бизнинг замон! Ур-рей!!! Одатда, болалар шундай қичқиради.

СОВУНКЎПИК

Замондошларимизга “Биринчи космонавт ким бўлган?” деб сўранг, ҳамма дарҳол “Юрий Гагарин!” деб жавоб беради, дея ёзғириб ёзади бир ватандошимиз. Бирдан сергак тортасиз. Бунинг иддаосига қараганда, Гагариндан олдин биздан бирор ким космосга учган кўринади! Ҳар нарсанинг сохтаси чиқаётган бир замонда яшаяпмиз, балки Юрий Гагарин ҳам сохтадир? Йўқ! Ёзғирувчи сўзида давом этиб, “Форобий, Берунийларга замондош Исмоил Жавҳарий номли аждодимизнинг ўзи ясаган қанотлар билан парвоз қилган”и ҳақида маълумот беради ва эски тузум даврида тарихимизнинг бундай ёруғ лавҳалари чеклаб ўтилганига ўзича сабаб қидиради: “халқимизнинг миллий ғурури кучайишидан чўчиб, балки Юрий Гагариннинг шуҳратига соя солиши мумкин, деган ўйга бориб”, Шайхзоданинг “Жавҳарий фарзандим самога учганди” деган мисраси босилишига рухсат берилмаган.

Ватандошимизнинг “Биринчи космонавт Гагарин эмас, Жавҳарий!” дея дағдаға қилиши менга ғалати туюлди. Ҳар не эви билан, ахир! Тўғри, ҳар бир инсон миллий ғурурдан мосуво бўлмаслиги керак, лекин, ҳарҳолда, нўхат тарвуздан катта дейдиган даражада жинни бўлмайди-да одам! Ясама қанотлар ёрдамида учишга уринган киши сониясига 7-11 км тезликда ҳаракатланадиган космик кемада коинотга парвоз қилган фазогирнинг шуҳратига соя солиши мумкинми? Қолаверса, қанот ясаб самога учган ака-ука Дедал ва Икар ҳақида қадимги юнон афсонаси-да бор. Бу борада ҳам биз биринчи эмаслигимизни унутмайлик! Майли, у бир афсона бўлақолсин. Бироқ Жавҳарий парвозини Гагарин шуҳрати билан эмас, Леонардо да Винчининг учиш қурилмасини ихтиро этиши билан солиштириш мантиққа яқинроқ, назаримда. Шу даъвони илмий исботлаб, жаҳон афкор оммасига тан олдиришдан келадиган шуҳрат ҳам етади бизга, аслида. Ахир, Европа пайғамбар даражасида улуғлайдиган Да Винчидан тўрт-беш аср олдин қўлбола қанотда парвоз қилиш ҳам чакана иш эмас…

Ҳа, бизнинг дунёга даъвомиз кўп. Жаҳон илм-фанида Ернинг ўз ўқи атрофида айланишини Галилей, Ер қуёш атрофида айланишини Коперник кашф қилган деган қараш ҳукмрон. Аслида, улардан 4-5 аср олдин Беруний забт этганди бу чўққиларни. Ернинг нариги тарафида қуруқлик (Америка материги) борлигини ҳам фаразан айтган у. Неча асрлардан буён дунё халқлари кўр-кўрона ишониб келаётган илмий ёлғонларни фош этувчи, халқимизнинг инсоният цивилизациясидаги ўрнини бир неча поғона юксакка кўтарувчи далиллар оз эмас. Жаҳон аҳлига Буюк мўғуллар эмас, Бобурийлар империяси эканини сингдириш учунгина ўзбек зиёлилари озмунча заҳмат чекиши керакми ҳали. Шундай бўлатуриб, эшитган одамнинг кулгисини қистатадиган даъвою иддаолар билан башарият олдига совундек кўпириб чиқсак… Бу бир пайтлар Маъмун академияси, Мирзо Улуғбек илмий мактаби сингари илм-фан ўчоқларини яратиб, инсоният тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган алломаларнинг ворисларига ярашадими?

ЁЛҒОН ТАСАЛЛИГА ИШОНИБ…

Учинчи қаватда ўтирибман. Бинонинг орқа ҳовли томони бор бўйича ойнаванд. Ташқаридан қараган одам қора ойнада ўзини, осмонни, дарахтларни, фавворани, бетон тўшамани кўради – неча бор ўтганда эътибор қилганман бунга. Ичкаридан қараган одамга эса барчаси кафтдек намоён, фақат ўзининг аксидан бошқа. Орқа ҳовлида ора-сира пайдо бўладиган одамларни кузатаман: аксари ўз дардида қайгадир шошилади; қаерда юрибди, оёғининг тагида нима бор – асфальтми, бетонми, атрофида нима бор – гулми, тиканми, барига бефарқ ўтаверади. Хаёли банд, лекин хатти-ҳаракати рисоладагидек. Баъзан эса шундайлар ҳам учраб қолади: у ёқ-бу ёғига аланглайди-да, ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, бир қилиқсийди, бир қилиқсийди; ё йўл-йўлакай керишади, ё рақсдагидай муқом қилиб қўяди, ё… Хуллас, ҳеч бири ўзининг кузатилувчи эканини, қаердадир кузатувчи борлигини пайқамайди. Боя айтдим-ку, қора ойнага қараса, ўзини ва ён-верини кўради, ичкари эса кўринмайди…

Дафъатан қўрқиб кетаман. Ҳеч ким кўрмаяпти деган ёлғон тасаллига инониб қилган қилғилиқларимдан тортиб миямда ғужғон ўйнаётган яхши-ёмон хаёлларимгача, шаръий-ношаръий майлларимгача… бари-бари Илоҳий Назарга заррабиндагидек намоён-ку! Бўйламасига ҳам, энламасига ҳам – 360 градусдан кузатилаяпман-ку! Таш-ташимга довур, ич-ичимга довур…

Ушбу сатрларни битар эканман, қалбимни тафтиш этаман: менга билдирилган ҳақиқатни ўзгаларга етказиш нияти кучлими ё шу битиклар воситасида бандаларининг олқишидан умидворликми?.. Тавба, ҳатто охирги иқроримда ҳам “мен”, “Мен”, “МЕН”… кучли-я?!

Ё сўфий боболарим!
Ё сўфий боболарим!
Ё сўфий боболарим!

Сиз нафс билан олишувда қанчалар кучли бўлгансиз? Сиз алмисоқдан қолган қўрқув олдида қанчалар ожиз бўлгансиз? Шу ожизлигингиз “мен”га қарши жангда куч берганми?!

Ожизлигимни англаганим сари кучайиб бораман. Кучимга ишонганим сари ожизланиб қоламан.

Ўзимга келаман, Ўзига бораман.

Шу икки орада овораман…

Манба: «Тафаккур» журнали, 2017

1486424105_0x0ss-85 (1).jpg…mutelarmi, manqurtlarmi yoki xuddi suyuqlikdek turli shaklga kiradigan olchoqlaru yengilning ustidan, og‘irning ostidan yuradigan “qochoq”larmi? Harholda, aytganidan qaytmaydigan o‘r, e’tiqodda sobit gajirlarga tobi-toqatimiz yo‘qligi aniq.

Farrux Jabborov
ALMISOQDAN QOLGAN QO‘RQUV
07

26229582_1935656439818620_3555175627671891454_n.jpg Farrux Jabborov 1985 yili Jizzax tumani Sharilloq qishlog’ida tug’ilgan. 2007-yili O’zbekiston davlat jahon tillari universiteti xalqaro jurnalistika fakultetining bakalavriaturasini, 2012-yili O’zbekiston milliy universiteti jurnalistika fakultetining magistraturasini tamomlagan.2006-yili “Hurriyat” gazetasida ish boshlagan. Hozirda “Ma’rifat”-“Uchitel Uzbekistana” gazetalari tahririyatida xizmat qiladi.“Men qaytib kelaman” (Tog’ay Murod zamondoshlari xotirasida) kitobi, “Oltin ko’prik” yosh ijodkorlar to’plamini nashrga tayyorlashda ishtirok etgan.

07

BIZGA KIMLAR KЕRAK?

original.jpg…mutelarmi, manqurtlarmi yoki xuddi suyuqlikdek turli shaklga kiradigan olchoqlaru yengilning ustidan, og‘irning ostidan yuradigan “qochoq”larmi? Harholda, aytganidan qaytmaydigan o‘r, e’tiqodda sobit gajirlarga tobi-toqatimiz yo‘qligi aniq.

Adashmasam, imperator Birinchi Pyotr edi shekilli, qaysidir universitetga qadam ranjida qilar bo‘libdi. U bilan uchrashuvga namunali talabalar saralanibdi. Yoshlik – beboshlik, deydilar, beboshlardan birovi gustohlik qilib, oqpodsho bilan gap talashib qolibdi. O‘z oti qolib, jahl otiga mingan imperator universitet rahbariyatiga qarata: “Bizga aqlli talabalar emas, intizomli talabalar kerak!” degan ekan. Shunday qilib, har kimning o‘z qarichi bor: yaxshi talaba deganda, birov tartibu odob me’yorlariga o‘lguday amal qiladigan, boshqa birov esa o‘z so‘zi, o‘z yuziga ega talabani tushunadi.

To‘g‘ri, hech bir jamiyat munosabatlarni tartibga soluvchi me’yorlarsiz yashay olmaydi. Ammo shunisi ham aniqki, olg‘a yurmagan ortda qoladi, jamiyat bardavomligi yangilanishlarga bog‘liq. Yangilik qilishga esa o‘ta intizomlilar emas, joni ichiga sig‘maydigan “buzg‘unchi”lar jur’at topadi. Chunki bunyodkorlik ham… buzishdan boshlanadi, aslida.

Ustabuzarmonlik barcha bolalarga xos. Qiziqadi-da, nega radio gapiradi, ichida kimdir bormi? Nega soat chiqillaydi?.. Buyuk kashfiyotlar ana shunday savollardan boshlanadi. Oldiniga radio buziladi-yu, qayta tuzalmaydi, keyin-keyin bir-ikki sochib-terilgach, bulbuldek sayray ketadi. Taqiqlar esa bolaning shashtini bitta-bitta sindirib boradi. Shu bois yigirmadan hatlagan o‘smirlarning aksari yetmishni urib qo‘ygandek mulohazakor, yoshlik jo‘shqinligidan mahrum bo‘lib qoladi yoki ertadan umidi yo‘q iste’molchiga aylanadi. O‘zi shunaqa: dastlab bolalarga gapirishni o‘rgatgan kattalar keyin butun umr sukut saqlashni uqtiradi. Keyin nima bo‘ladi? Keyin… “och qornim – tinch qulog‘im” shiori asosida yashay boshlaymiz. Shu tarzda ruhi singan mutelaru dunyoni suv bossa to‘pig‘iga kelmaydigan beg‘amlar tarbiyalanadi…
Bizga shundaylar kerakmi?! Bilaman, bu savolga “yo‘q” deb javob berasiz. Lekin amalda-chi? Fikr, so‘z va amalni bir qilib yashashni chidaganga chiqargan, axir!

Yozuvchi – axloqsiz odam, degan edi amerikalik mashhur adib Uilyam Folkner. Iste’dodlarni omma har doim telbaga chiqargan. Chunki ular jamiyatning turli tartibu cheklovlariga ko‘navermaydi-da. Odamzod esa hammani o‘ziga o‘xshatgisi keladi, sal boshqacharoqlarni qabul qilolmaydi: sig‘dirmaydi, ishdan haydaydi, ajratib qo‘yadi. Ammo, asli, taraqqiyot charxini ana shunday telbalar harakatlantirib kelayotibdi. Biz – o‘rtamiyonalar esa bu haqiqatni tan olgimiz kelmaydi. “Xalq dahosi” iborasini takrorlab dilga taskin beramiz go‘yo. Bu bilan xalqning, demakki, uyushib, to‘dalashib yashayotgan o‘zimizning kuchimiz, salohiyatimizni bo‘rttirib ko‘rsatmoqchi bo‘lamiz. Masalan, ketmonni kim kashf etgan? Xalq! Non yopishni-chi? Xalq! Nima, uch-to‘rt millionlik xalq bir joyga o‘tirvolib, o‘ylab topganmi? Yo‘q, azizim, bog‘ daraxtlardan iborat. Xalq dahosini ham ko‘pchilik xushlamaydigan “telba”lar yaratadi.

Yoshlardan ko‘p narsa kutiladi, negaki, ular jamiyatni yangilovchi hujayralardir. Lekin o‘rindiqqa mustahkam o‘rnashib olib, otilib chiqqan har bir navqironni ko‘kragiga tepib qulataversak…

Bizga kimlar kerak o‘zi? Qanoti qayrilganlarmi, ruhi singanlarmi? Yo‘q, xato qilish erkinligini o‘z ichiga olmagan erkinlik – bir tiyinga qimmat erkinlik. O‘z “telba” farzandlarining erkaliklarini ko‘targan xalq yashovchandir!

ESKI STRATЕGIYA

Juda qadimiy bir ertak bor: arslon, buqa va tulki haqida. Baquvvat muguzi va o‘tkir tishlariga ishongan o‘rmon zo‘raborlarini ojizgina tulki mavh etadi. Eski strategiyani ishga solib, raqiblarni bir-biriga qayrab qo‘yadi, xolos.

Shu ertakni aytib berib, bolalardan so‘rayman: “Sizlar ertakdagi qaysi hayvonga o‘xshashni istaysizlar?”. “Arslonga!”, “Buqaga!” deya chug‘urlay boshlaydi ular…

O‘ylanib qolaman: ul zamonlar o‘tib ketmadimikan?! Hozir bilakka emas, bilimga ishonadigan davr keldi-yov. Ehtimol, hayotda arslonga aylanguncha tulkilik qilib turish kerakdir?! Ehtimol, hayotda buqalik gashtini uzoqroq surish uchun tulkilik qilib yurish kerakdir?! Ehtimol…

Hammani hayratlantiraman: tulki bo‘lgim kelyapti! Eng avval asl tulkilar kuladi ustimdan! Chunki tulki hech qachon tulki bo‘lgisi kelmaydi. Chunki hech qachon tulkilikni eplolmaganlar tulki bo‘lgisi keladi. Chunki…

Xayollarim chalkashib ketadi: kim arslonu kim buqayu kim tulki… – bilib bo‘lmaydi. Hayot ssenariysida rollar palapartish taqsimlangan: tulkilik qilib arslonu buqa maqomini egallavolganlar qancha?! Buni uddalay olmagan muguzdoru o‘tkirtish lar esa…

Bo‘ldi, bas, aniq qarorga kelaman: yashasin tulkilar! Keldi tulkilar zamoni! Bizning zamon! Ur-rey!!! Odatda, bolalar shunday qichqiradi.

SOVUNKO‘PIK

Zamondoshlarimizga “Birinchi kosmonavt kim bo‘lgan?” deb so‘rang, hamma darhol “Yuriy Gagarin!” deb javob beradi, deya yozg‘irib yozadi bir vatandoshimiz. Birdan sergak tortasiz. Buning iddaosiga qaraganda, Gagarindan oldin bizdan biror kim kosmosga uchgan ko‘rinadi! Har narsaning soxtasi chiqayotgan bir zamonda yashayapmiz, balki Yuriy Gagarin ham soxtadir? Yo‘q! Yozg‘iruvchi so‘zida davom etib, “Forobiy, Beruniylarga zamondosh Ismoil Javhariy nomli ajdodimizning o‘zi yasagan qanotlar bilan parvoz qilgan”i haqida ma’lumot beradi va eski tuzum davrida tariximizning bunday yorug‘ lavhalari cheklab o‘tilganiga o‘zicha sabab qidiradi: “xalqimizning milliy g‘ururi kuchayishidan cho‘chib, balki Yuriy Gagarinning shuhratiga soya solishi mumkin, degan o‘yga borib”, Shayxzodaning “Javhariy farzandim samoga uchgandi” degan misrasi bosilishiga ruxsat berilmagan.

Vatandoshimizning “Birinchi kosmonavt Gagarin emas, Javhariy!” deya dag‘dag‘a qilishi menga g‘alati tuyuldi. Har ne evi bilan, axir! To‘g‘ri, har bir inson milliy g‘ururdan mosuvo bo‘lmasligi kerak, lekin, harholda, no‘xat tarvuzdan katta deydigan darajada jinni bo‘lmaydi-da odam! Yasama qanotlar yordamida uchishga uringan kishi soniyasiga 7-11 km tezlikda harakatlanadigan kosmik kemada koinotga parvoz qilgan fazogirning shuhratiga soya solishi mumkinmi? Qolaversa, qanot yasab samoga uchgan aka-uka Dedal va Ikar haqida qadimgi yunon afsonasi-da bor. Bu borada ham biz birinchi emasligimizni unutmaylik! Mayli, u bir afsona bo‘laqolsin. Biroq Javhariy parvozini Gagarin shuhrati bilan emas, Leonardo da Vinchining uchish qurilmasini ixtiro etishi bilan solishtirish mantiqqa yaqinroq, nazarimda. Shu da’voni ilmiy isbotlab, jahon afkor ommasiga tan oldirishdan keladigan shuhrat ham yetadi bizga, aslida. Axir, Yevropa payg‘ambar darajasida ulug‘laydigan Da Vinchidan to‘rt-besh asr oldin qo‘lbola qanotda parvoz qilish ham chakana ish emas…

Ha, bizning dunyoga da’vomiz ko‘p. Jahon ilm-fanida Yerning o‘z o‘qi atrofida aylanishini Galiley, Yer quyosh atrofida aylanishini Kopernik kashf qilgan degan qarash hukmron. Aslida, ulardan 4-5 asr oldin Beruniy zabt etgandi bu cho‘qqilarni. Yerning narigi tarafida quruqlik (Amerika materigi) borligini ham farazan aytgan u. Necha asrlardan buyon dunyo xalqlari ko‘r-ko‘rona ishonib kelayotgan ilmiy yolg‘onlarni fosh etuvchi, xalqimizning insoniyat sivilizatsiyasidagi o‘rnini bir necha pog‘ona yuksakka ko‘taruvchi dalillar oz emas. Jahon ahliga Buyuk mo‘g‘ullar emas, Boburiylar imperiyasi ekanini singdirish uchungina o‘zbek ziyolilari ozmuncha zahmat chekishi kerakmi hali. Shunday bo‘laturib, eshitgan odamning kulgisini qistatadigan da’voyu iddaolar bilan bashariyat oldiga sovundek ko‘pirib chiqsak… Bu bir paytlar Ma’mun akademiyasi, Mirzo Ulug‘bek ilmiy maktabi singari ilm-fan o‘choqlarini yaratib, insoniyat tamadduniga beqiyos hissa qo‘shgan allomalarning vorislariga yarashadimi?

YOLG‘ON TASALLIGA ISHONIB…

Uchinchi qavatda o‘tiribman. Binoning orqa hovli tomoni bor bo‘yicha oynavand. Tashqaridan qaragan odam qora oynada o‘zini, osmonni, daraxtlarni, favvorani, beton to‘shamani ko‘radi – necha bor o‘tganda e’tibor qilganman bunga. Ichkaridan qaragan odamga esa barchasi kaftdek namoyon, faqat o‘zining aksidan boshqa. Orqa hovlida ora-sira paydo bo‘ladigan odamlarni kuzataman: aksari o‘z dardida qaygadir shoshiladi; qayerda yuribdi, oyog‘ining tagida nima bor – asfaltmi, betonmi, atrofida nima bor – gulmi, tikanmi, bariga befarq o‘taveradi. Xayoli band, lekin xatti-harakati risoladagidek. Ba’zan esa shundaylar ham uchrab qoladi: u yoq-bu yog‘iga alanglaydi-da, hech kim yo‘qligiga ishonch hosil qilgach, bir qiliqsiydi, bir qiliqsiydi; yo yo‘l-yo‘lakay kerishadi, yo raqsdagiday muqom qilib qo‘yadi, yo… Xullas, hech biri o‘zining kuzatiluvchi ekanini, qayerdadir kuzatuvchi borligini payqamaydi. Boya aytdim-ku, qora oynaga qarasa, o‘zini va yon-verini ko‘radi, ichkari esa ko‘rinmaydi…

Daf’atan qo‘rqib ketaman. Hech kim ko‘rmayapti degan yolg‘on tasalliga inonib qilgan qilg‘iliqlarimdan tortib miyamda g‘ujg‘on o‘ynayotgan yaxshi-yomon xayollarimgacha, shar’iy-noshar’iy mayllarimgacha… bari-bari Ilohiy Nazarga zarrabindagidek namoyon-ku! Bo‘ylamasiga ham, enlamasiga ham – 360 gradusdan kuzatilayapman-ku! Tash-tashimga dovur, ich-ichimga dovur…

Ushbu satrlarni bitar ekanman, qalbimni taftish etaman: menga bildirilgan haqiqatni o‘zgalarga yetkazish niyati kuchlimi yo shu bitiklar vositasida bandalarining olqishidan umidvorlikmi?.. Tavba, hatto oxirgi iqrorimda ham “men”, “Men”, “MЕN”… kuchli-ya?!

Yo so‘fiy bobolarim!
Yo so‘fiy bobolarim!
Yo so‘fiy bobolarim!

Siz nafs bilan olishuvda qanchalar kuchli bo‘lgansiz? Siz almisoqdan qolgan qo‘rquv oldida qanchalar ojiz bo‘lgansiz? Shu ojizligingiz “men”ga qarshi jangda kuch berganmi?!

Ojizligimni anglaganim sari kuchayib boraman. Kuchimga ishonganim sari ojizlanib qolaman.

O‘zimga kelaman, O‘ziga boraman.

Shu ikki orada ovoraman…

Manba: “Tafakkur” jurnali, 2017

06

(Tashriflar: umumiy 201, bugungi 1)

Izoh qoldiring