Bahodir Bahrom. She’rlar & Shoir «She’r sehri» teleloyihasida (2018)

0_1684c6_4f0aaded_orig.png   Баҳодир Баҳромнинг шеърлари билан олдин ҳам таништирган эдик. Бугун унинг янги шеърларини тақдим этмоқдамиз.

Баҳодир БАҲРОМ.
ШЕЪРЛАР
045

Баҳодир Баҳром 1990 йил 11 июлда Қашқадарё вилояти Китоб тумани Палангдара қишлоғида туғилган. 2006-2010 йилларда Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетида таҳсил олган. “Қашқадарё”, “Маърифат”, “Маҳалла” газеталарида фаолият юритган. “Энг сулув армон”, “Ўттизинчи февраль” номли шеърий китоблари чоп этилган.

045

КУЗ

Қорайибди юзинг офтобда,bahodir_bahrom-640x400.jpg
Қўлинг ёриб тақдир битмиш сўз.
Ўтирибсан ғамгин шу тобда,
Пахта териб толиқдингми, куз?

Юз кило дард кунлик йўлингда,
Ҳаёт сени эзиб ўтдими?
Шовуллаган баҳор кўнглингдан,
Кўзларингдан гулни ютдими?

Чарсилларди бир вақт чақмоқдай,
Юрагингда ўт олиб орзу.
Очилмасдан қолган чаноқдай
Ўтирибсан. Пахта… Тарозу…

Етар, ғамгин тикилма, эй куз,
Ортиқ эзма юрагимни, бас.
Сен ҳам алвон режаларни туз,
Шаҳарлар кез чиқармасдан сас.

Кез хиёбон, боғларда сайр эт,
Узунтирноқ баҳорларни кўр.
Куз, даладан бир кунгина кет,
Дадил бўлгин, тур, ўрнингдан тур!

… Синиққина куласан она,
Сен онамга ўхшайсан, кузим.
Баҳорга ўч фарзандларингга,
Худо берсин чигитча тўзим.

24.10.2017 йил

***

Мен омад излаган дайди қушмасман,
Саросар кезмасман толе ортидан.
Бутунман, ҳаётман, чала тушмасман,
Минг бутун чиққайдир икки ёртимдан.

Вазифам дард чекиш, ишим шеър ёзиш,
Куйласам ўзимнинг дардим куйладим.
Керакмас мақтовлар, минг тўлиб, озиш,
Куйласам, юракни артиб куйладим.

Бас, энди кетаман кўнгилни олиб,
Кўнгил ололмаслар ичидан узоқ.
Бу йиллар барибир келгайдир ғолиб,
Бу йўллар охири барибир тузоқ.

Тушунинг эй аҳли сўзга мансублар,
Қаламга таянсам зириллар кўксим.
Сизгача етмаган неча мактублар,
Шеърлар жим ўлтирар бурчакда ўксиб.

Шамолдай майинлик истади руҳим,
Елдай эсавериб ҳисларим толди.
Бўронлар учирди менинг бор-йўғим,
Наҳот, фақат энди ўлишим қолди.

17.11.2017 йил

***

Қанча сувлар оқди ўзани бўйлаб,
Юз йилки, чинорлар тўкар салобат.
Гирён бўзлайдирман фалакка бўйлаб,
Қачон мени йўқлаб келасан, омад?

Қарғадай лафзимни тупроққа кўмдим,
Эгилди Алпомиш келбатли қомат.
Юракни чангаллаб, кўзимни юмдим,
Қачон мени йўқлаб келасан, омад?

Лочин тирноқлилар ўтдилар эзиб,
Шукрлар бўлсинки, руҳим саломат.
Юракдан бир туйғу оқяпти сизиб,
Қачон мени йўқлаб келасан, омад?

Умримга муҳаббат шабнамдай қўнди,
Шабнамдай титради дилда садоқат.
Кўнглимда ҳаётга муҳаббат унди,
Қачон мени йўқлаб келасан, омад?

21.11.2017 йил

***

Хира тортди боғларда туман,
Юлдузчалар жимирлар – нимжон.
Янги либос кияр қайтадан,
Ясанади ҳур Ўзбекистон.

Товланади тиллодай ял-ял,
Мавжланади чинор барглари.
Тун ярмидан ўтгани маҳал
Оқизади ойни ариқлари.

Мудранади балиқлар – кумуш,
Қанотини қоқар эриниб.
Сен ҳилолни кўрганмисан туш,
Куздай ғариб боғларда тиниб.

Айланади шундоқ бошимда,
Шамолларда соврилган вақтим.
Бунча ғамгин турма қошимда,
Ойдин тахтим, менинг ой тахтим –

Куз! Кўзлаган манзилинг қаён?
Юрагимда баҳор гуллайди.
Мени хазон асрамас, аён,
Мени тоза гуллар қўллайди.

23.11.2017 йил

МЕНИ ДАРВЕШ ДЕМАНГ

Мени дарвеш деманг,
Девона деманг,
Ёқтирмайман сохта эътиқодларни.
Ёнингизга борсам бегона деманг,
Қизғанманг энг ёруғ илтифотларни.

Соч-соқолим Мажнун сувратин берса,
Лайлидай солланинг, Лайлидай жўшинг!
Ҳижронга чек қўйинг бир он, ҳеч қурса,
Умримиз йўлларин бир лаҳза қўшинг.

Кўнглим боғларида унса турфа гул,
Сиз улар қошида жилмайинг, кулсин –
Гулзорларим ўзин унутиб буткул,
Сизга талпинишсин, бағрингиз тўлсин.

Ҳаёт иборатмас қаҳқаҳалардан,
Баъзида баҳор ҳам қишдай келмишдир.
Ярми ҳақ дунёга қилманг ҳеч зарда,
Қолган ярми эса эски миш-мишдир.

Висол денг, ниятда бордир хосият,
Васли йўқ муҳаббат оловмас, ўтмас.
Висол денг, ўйланг бир бу башарият,
Лайли ва Мажнунни нечун унутмас.

Мени дарвеш деманг,
Девона деманг,
Ошиқлик рутбаси жинниликмасдир.
Ошиқлик рутбаси чин инсон демак,
Ошиқлар илоҳий туйғудан мастдир!

12.12.2017 йил

***

Етар, шунча ичимга ютдим,
Тўрт фаслим ҳам, қара, қиш она.
Музликлардан тайриниб ўтдим,
Йўқдир ҳануз гулдан нишона.

Ўтиб кетди қаршимдан ўн йил,
Оғу ичдим, шаробга қўшиб.
Ўн йил бўлди, кулолмайди дил,
Яшолмайман ўн йилки, жўшиб.

Олислардан ёғду сочар бахт,
Умрим жодир қатим нурида.
Ҳануз қалбим ҳижронга пойтахт,
Висол фақат тасаввуримда.

Қачонгача кўз ёшдай тўлиб,
Кипригингдан сирғаламан мен?
Юрагимни беш қўллаб юлиб,
Мажақласам оларманми тин?

Қачонгача юзга табассум
Сувратини ўтарман чизиб?
Яшасайдим бир лаҳза, бир зум,
Ипга бахтни мунчоқдай тизиб.

Суянганим Тангридир фақат,
Ишонганим ғам тўла қўшиқ.
Топганим бир аччиқ муҳаббат,
Асраганим кўнглимдаги ишқ.

Ишқ сўзида эсмайди беҳишт,
Ишқ сўзида ловуллайди чўғ.
Кулгулари жарангламас ҳеч,
Ишқда нечун бахтиёрлик йўқ?

27.12.2017 йил

***

Қалбимдаги олов совқотди,
Оташ олар дилдираб, сўниб.
Нигоҳларинг мени уйғотди,
Асир тушма, уйқуга кўниб.

Учрашамиз, яқиндир дийдор,
Ҳис этмаймиз вақтнинг оққанин.
Мен ёнингга қайтаман бир кун,
Қалб оловим мангу ёққани.

06.01.2018 йил

ТУМАН

Кўп судралди чўлоқ бўридай,
Жим ухлади бағрида шамол.
Чақалоқнинг тасаввуридай
Бир ёруғлик бермади тусмол.

Дилдиради. Совуқда қолди,
Очилмади унга ҳеч эшик.
Ичкарида, сандал ёнида
Уввос солиб йиғлади бешик.

Мўралади деразадан у,
Очилмади парда қасдма-қасд.
Ачиндими, эздими қайғу,
Елкасига кўтарди дарахт…

Кўрди. Бешик тебранди аста,
Алла айта бошлади сукут.
Туман кетди ердан бир пасда,
Тарк айлади осммонни булут!

13.01.2018 йил

ҲАЛОЛЛИК ҲАҚИДА СУҲБАТ

– Қўлим тоза, худога шукур,
Ота, ҳали руҳим ҳам тетик.
– Бу хислатинг яхшику, болам,
Бироқ нечун бошгинанг эгик?

– Меҳрим баланд тупроққа ота,
Шу тупроқда мўътабар битик.
– Тупроқдан ранг олмоқ яхшию,
Бироқ нечун бошгинанг эгик?

– Ёшман бироз. Бордир андиша,
Ҳаётга ҳеч боқолмайман тик.
– Андиша ёр бўлсин ҳамиша,
Бироқ нечун бошгинанг эгик.

– Ота, руҳим тетик чиндан ҳам,
Юрагимга хосдир ҳалоллик.
Балки шундан менга ҳамроҳ ғам,
Балки шундан бу бошим эгик.

– …

15.01.2018 йил

ИЗҲОРИ ДИЛ

Руҳим каби жимирлайди тиниқ сувлар,
Юрагимдай айқиради дайролари.
Тоғу-тошда парвоз этиб елни қувлар,
Қизларимдай маъсумгина жайронлари.
Тоғлар кечиб, тоғ бағрида тоғдай юрдим,
Мунисларим кўзларида сени кўрдим.

Қир-адирга макон асли Палангдара,
Баҳорлар маст қучиб яшил елканини.
Варрак тутиб чопар эдик қирга қараб,
Кўрай дея турналарнинг келганини.
Қирдан боқсам кўринарди гўзал бир жой,
Ва унда қад ростлаган бир баланд сарой.

Олисларга боқар эди Темур бўлиб,
Асрларнинг ҳайратига бағри тўлиб,
Қалдирғочлар келар эди ўша ёқдан,
Қўшиқ айтиб, алёр айтиб, ўйнаб-кулиб.
Бу наволар дилга сингди ўқтин-ўқтин,
Қалдирғочлар баётида сени уқдим.

Қўл ушлашиб чопар эдим шамол билан,
Улғайдим мен фақат эзгу хаёл билан.
Тақдир йўлим бурди бир кун пойтахт томон,
Дуо қолди меҳрибон бир аёл билан.
Тушларимда онам билан сирлашаман,
Мен руҳ бўлиб вужудинг-ла бирлашаман.

Қора нондай ширин эди қаро кунлар,
Нону-ош деб ота бағри яро кунлар,
Битта нонга икта китоб қўшиб келган,
Ўйга малҳам, орзуларга оро кунлар.
Падаримнинг хам бўлмасин азиз боши,
Юрагида порлаб турсин эл қуёши.

Ёлғизланиб қолгани йўқ, ҳув, Оқсарой,
Ҳар қадамда бунёд тилла равоқ сарой.
Келажакка одимлайди қўл ушлашиб,
Неча йилки, бизга ҳамроҳ қуёшу-ой.
Юлдузлар ҳам рақсга тушар айтсам ўлан,
Мен бағрингда тенглашаман само билан.

18.01.2018 йил

НАСАФНИ АТАЙЛИК ЎЗ НОМИ БИЛАН

Мингтепани атайлик ўз номи билан.
Муҳаммад Юсуф

Неча минг баҳорлар гул тақиб ўтди,
Қировда қирилди неча ўт-ўлан.
Бугун юрагимни бир фиғон тутди,
Насафни атайлик ўз номи билан.

Улуғ авлиёлар макони бу юрт,
Илму маърифатнинг аркони бу юрт,
Дину-диёнатнинг айвони бу юрт,
Насафни атайлик ўз номи билан.

Қўнғироқлар чалиб ўтди карвонлар,
Ҳинду Ажам томон ўтди карвонлар,
Оламга нур сочди неча давронлар –
Насафни атайлик ўз номи билан.

Саҳро оралаган авлиёмикан,
Насафий изига тўтиёмикан,
Руҳига санчилиб кетмасми тикан,
Насафни атайлик ўз номи билан.

Етар, истакка кўп қарши, дедик биз,
Маъносин билмасдан Қарши, дедик биз.
Назарга илмасдан Қарши, дедик биз,
Насафни атайлик ўз номи билан.

Илиқ еллар олиб келди истиқлол,
Баланд уйлар солиб келди истиқлол.
Тарихий саодат, тарихий иқбол –
Насафни атайлик ўз номи билан.

Улуғ авлиёлар руҳи бўлсин шод,
Илму маърифатдан чиқариб қанот,
Улғайсин Насафий нафасли авлод,
Насафни атайлик ўз номи билан.

23.01.2018 йил

КУЗАТИШ

Диққатин олмади совуқ шамоллар,
Оромин бузмади аёзнинг саси.
Сузиб бораётир гўзал хаёлдай,
Буғланиб, буғланиб ойнинг нафаси.

Хира бўшлиқ аро бир шода юлдуз,
Коинот тўшига урар ўзларин.
Шундоқ рўпарамда ойдан ойдин юз,
Юлдуздай чарақлаб турар кўзлари.

Диққатин олмайди совуқ шамоллар,
Оромин бузмайди шаҳар шовқини.
Жилмайиб турибди гўзал хаёлдай,
Шундай ёнгинамда ишқнинг ёлқини.

Менми, суви қочган қўнимсиз япроқ,
Титраниб-титраниб учиб бораман.
Хаёлимда, хаёл қор каби оппоқ,
Ишқнинг ёлқинини қучиб бораман.

У-чи, у кетишга кўрар тадорик,
Ўйини банд этмиш олис манзиллар.
Мен эдим бу йўлнинг танҳо сардори,
Наҳот, ўч олдими бешавқат йиллар?!

Қимтинар қўлларим. Бармоқларимдан
Сизилиб чиқади юрагим – қон, қон!
Бир илинж йўлладим бармоқларимдан
Худди атиргулдай муаттар, инон!

– Қол, – дейман.
– Йўқ, – дейди.
Лаънати такси!..
Олов туйғуларим қолар бепаноҳ.
– Юр, гулим, бу макон ҳаётнинг акси,
Муҳаббат қасримас автотураргоҳ!

… Кетиб бораётиб энг гўзал тақдир,
Юзидан ўпдиму унсиз бўзладим:
– Қол, кетма, йўлингдан адашма,
Ахир,
Кўксим осмонида қолди кўзларинг!

26.01.2018 йил

СЕН КЕТАМАН ДЕДИНГ

Сен кетаман дединг. Қалқди руҳу-тан
Оташ юрагимнинг ларзаларидан.
Севгилим, севгини теран англайсан,
Висолнинг энг сўнгги лаҳзаларида!

Қўлингдан тутаман. Нигоҳинг – умид,
Тилингда кетмоғу, дилингда қолмоқ.
Жоним, хаёлимда ёлғиз тараддуд –
Олов оғушингга сингмоқ, йўқолмоқ!

Айрилиқ – бешавқат! Айрилиқ – жаллод!
Мен эса тирилиб толмайман, гулим,
Бизни кафтларида кўтарар ҳаёт.
Пойимга бош уриб йиғлайди ўлим –

Чунки мен ошиқман, яшайман мангу!
Қўлларингдан тутиб, кўзингга боқиб,
Сўрасанг ҳар куни ишқ тутаману
Суронлар соламан кўксингни ёқиб.

Сен кетаман дединг. Санчилди бу сўз
Асрлар бағрини йиртган ўқ каби.
Юрагимда жодир ахир, эй, гулюз,
Мажнуннинг матлаби, Фарҳод матлаби.

Айрилиқ… йўқ, йўқ! Бир висол бор фақат,
Яшашга арзирли – муҳаббат, тамом!
Маъсум туйғуларга келмасин қаҳат,
Покиза ҳисларга кўрсат эҳтиром!

Қоламан дегин, бас!
Тебрансин замин
Оташ юрагимнинг ларзаларидан.
Не учун англаймиз севгининг таъмин,
Висолнинг энг сўнгги лаҳзаларида?!

26.01.2018 йил

НИЯТ

Оқармоқда бошимдаги тун,
Келар тонгга андоза керак.
Манглайимда, дўстлар, бус-бутун –
Сўнмас қуёш порласа керак!

29.01.2018 йил

ИЗОҲ

Ўттизимдан ўтмадим, лекин,
Сочимга оқ оралаяпти.
Тақдиримни шукур, худойим,
Оппоқ рангда қоралаяпти.

Ўтиб борар синовли йиллар,
Юрагимдан изладим бахтни.
Кунлар бўлди, чўнтагим қуруқ,
Яёв кезиб чиқдим пойтахтни.

Орзу келди шеърдай қуйилиб,
Умидларга банди бир одам –
Дуо қилди ҳар кун куйиниб,
Катта шоир бўл, дея отам!

Ҳали ёшман, шукур, имкон бор
Падаримнинг умиди учун,
Тунлар ёниб шеър битмай нега,
Шеър ёзмасам, яшамоқ нечун?

Ижарама-ижара юрдим,
Санай десам бармоқлар камдир.
Кўтаради елкаларида,
Ҳаёт асли икки акамдир.

Менчи, мен бир бедов, жиловим
Яратганнинг қўлида фақат.
Боғлаб турар мени заминга,
Заминдан ҳам улкан муҳаббат!

Ўттизингда берсин, дер тўзим,
Жилмайганча кўнгли вайронам.
Бошимдаги оппоқ дард сўзин,
Ҳар кун ўқир пайпаслаб онам.

29.01.2018 йил

***

Мен соғиниб ўтказаман кун,
Мен соғиниб ором излайман.
Келарми деб ҳушбўй ифоринг,
Деразада… гулни ислайман.

Сокин оқшом қилар ҳиргойи,
Юрагимга сузиб кирар куй:
– Ишқ –ўт, ўзинг оловга урма,
Суйсанг ёниб, бир умрга суй!

Мен оташга урдим ўзимни,
Билсанг, ёнмоқ қанчалар шараф!
Элтар мени бир кун ёнингга,
Шу тўрт томон, тўрттала тараф.

Туяжакмиз висол лаззатин,
Бир-бировдан бағримиз тўлиб.
Қолажакмиз бор инсон зотин,
Юрагида афсона бўлиб.

Чин ихлосда жўшар мангулик,
Деразадан гул кетмас тушиб.
Сенга оғир ботмасми, гулим,
Яшамоқлик оловни қучиб?

29.01.2018 йил

ИЛҲОМБАХШ ТУЙҒУ

I

Енголмайди соғинчни сукут,
Чегараси йўқдир наъранинг!
Ўркачларин чўқийди бургут
Тоғларини Палангдаранинг.

Кенглик қилар самодан қанот,
Озодликнинг панжаси ўткир.
Ўйланаман шу бургут, наҳот,
Мағрурликка берганми туртки?

II

Енголмайди болакай руҳин,
Шамолларнинг чапдаст хаёли.
Илҳом бўлиб сингади сим-сим,
Тунлар ойнинг тилларанг ёли.

Тинглаб тўймас дарё мавжларин,
Бу дарёлар – тоғларга тилмоч.
Балиқчалар ўйнар авжланиб,
Юлдузлардан кийиб олиб тож.

III

Ухлаб ётар чўққида бургут,
Балки кирар тушига оҳу.

IV

Теракзорда тебранар сукут,
Булбул тинмай чекмоқда ёҳу!

V

Туннинг юзи борар қизариб,
Бургут кўкда арқон тўқийди.
Лой супада – офтобрўяда –
Бола ҳамон китоб ўқийди.

Ҳалал берманг, бола барибир
Ўз ҳаётин яшаб ўтмоқчи.
Булбул каби куйлаб, бир умр
Бургут каби парвоз этмоқчи.

16.02.2018 йил

Bahodir Bahromning she’rlari bilan oldin ham tanishtirgan edik. Bugun uning yangi she’rlarini taqdim etmoqdamiz.

Bahodir BAHROM.
SHE’RLAR
045

Bahodir Bahrom 1990 yil 11 iyulda Qashqadaryo viloyati Kitob tumani Palangdara qishlog‘ida tug‘ilgan. 2006-2010 yillarda O‘zbekiston Milliy universiteti jurnalistika fakultetida tahsil olgan. “Qashqadaryo”, “Ma’rifat”, “Mahalla” gazetalarida faoliyat yuritgan. “Eng suluv armon”, “O‘ttizinchi fevral” nomli she’riy kitoblari chop etilgan.

045

KUZ

Qorayibdi yuzing oftobda,0_151ce6_41aa5966_orig.jpg
Qo‘ling yorib taqdir bitmish so‘z.
O‘tiribsan g‘amgin shu tobda,
Paxta terib toliqdingmi, kuz?

Yuz kilo dard kunlik yo‘lingda,
Hayot seni ezib o‘tdimi?
Shovullagan bahor ko‘nglingdan,
Ko‘zlaringdan gulni yutdimi?

Charsillardi bir vaqt chaqmoqday,
Yuragingda o‘t olib orzu.
Ochilmasdan qolgan chanoqday
O‘tiribsan. Paxta… Tarozu…

Yetar, g‘amgin tikilma, ey kuz,
Ortiq ezma yuragimni, bas.
Sen ham alvon rejalarni tuz,
Shaharlar kez chiqarmasdan sas.

Kez xiyobon, bog‘larda sayr et,
Uzuntirnoq bahorlarni ko‘r.
Kuz, daladan bir kungina ket,
Dadil bo‘lgin, tur, o‘rningdan tur!

… Siniqqina kulasan ona,
Sen onamga o‘xshaysan, kuzim.
Bahorga o‘ch farzandlaringga,
Xudo bersin chigitcha to‘zim.

24.10.2017 yil

***

Men omad izlagan daydi qushmasman,
Sarosar kezmasman tole ortidan.
Butunman, hayotman, chala tushmasman,
Ming butun chiqqaydir ikki yortimdan.

Vazifam dard chekish, ishim she’r yozish,
Kuylasam o‘zimning dardim kuyladim.
Kerakmas maqtovlar, ming to‘lib, ozish,
Kuylasam, yurakni artib kuyladim.

Bas, endi ketaman ko‘ngilni olib,
Ko‘ngil ololmaslar ichidan uzoq.
Bu yillar baribir kelgaydir g‘olib,
Bu yo‘llar oxiri baribir tuzoq.

Tushuning ey ahli so‘zga mansublar,
Qalamga tayansam zirillar ko‘ksim.
Sizgacha yetmagan necha maktublar,
She’rlar jim o‘ltirar burchakda o‘ksib.

Shamolday mayinlik istadi ruhim,
Yelday esaverib hislarim toldi.
Bo‘ronlar uchirdi mening bor-yo‘g‘im,
Nahot, faqat endi o‘lishim qoldi.

17.11.2017 yil

***

Qancha suvlar oqdi o‘zani bo‘ylab,
Yuz yilki, chinorlar to‘kar salobat.
Giryon bo‘zlaydirman falakka bo‘ylab,
Qachon meni yo‘qlab kelasan, omad?

Qarg‘aday lafzimni tuproqqa ko‘mdim,
Egildi Alpomish kelbatli qomat.
Yurakni changallab, ko‘zimni yumdim,
Qachon meni yo‘qlab kelasan, omad?

Lochin tirnoqlilar o‘tdilar ezib,
Shukrlar bo‘lsinki, ruhim salomat.
Yurakdan bir tuyg‘u oqyapti sizib,
Qachon meni yo‘qlab kelasan, omad?

Umrimga muhabbat shabnamday qo‘ndi,
Shabnamday titradi dilda sadoqat.
Ko‘nglimda hayotga muhabbat undi,
Qachon meni yo‘qlab kelasan, omad?

21.11.2017 yil

***

Xira tortdi bog‘larda tuman,
Yulduzchalar jimirlar – nimjon.
Yangi libos kiyar qaytadan,
Yasanadi hur O‘zbekiston.

Tovlanadi tilloday yal-yal,
Mavjlanadi chinor barglari.
Tun yarmidan o‘tgani mahal
Oqizadi oyni ariqlari.

Mudranadi baliqlar – kumush,
Qanotini qoqar erinib.
Sen hilolni ko‘rganmisan tush,
Kuzday g‘arib bog‘larda tinib.

Aylanadi shundoq boshimda,
Shamollarda sovrilgan vaqtim.
Buncha g‘amgin turma qoshimda,
Oydin taxtim, mening oy taxtim –

Kuz! Ko‘zlagan manziling qayon?
Yuragimda bahor gullaydi.
Meni xazon asramas, ayon,
Meni toza gullar qo‘llaydi.

23.11.2017 yil

MЕNI DARVЕSh DЕMANG

Meni darvesh demang,
Devona demang,
Yoqtirmayman soxta e’tiqodlarni.
Yoningizga borsam begona demang,
Qizg‘anmang eng yorug‘ iltifotlarni.

Soch-soqolim Majnun suvratin bersa,
Layliday sollaning, Layliday jo‘shing!
Hijronga chek qo‘ying bir on, hech qursa,
Umrimiz yo‘llarin bir lahza qo‘shing.

Ko‘nglim bog‘larida unsa turfa gul,
Siz ular qoshida jilmaying, kulsin –
Gulzorlarim o‘zin unutib butkul,
Sizga talpinishsin, bag‘ringiz to‘lsin.

Hayot iboratmas qahqahalardan,
Ba’zida bahor ham qishday kelmishdir.
Yarmi haq dunyoga qilmang hech zarda,
Qolgan yarmi esa eski mish-mishdir.

Visol deng, niyatda bordir xosiyat,
Vasli yo‘q muhabbat olovmas, o‘tmas.
Visol deng, o‘ylang bir bu bashariyat,
Layli va Majnunni nechun unutmas.

Meni darvesh demang,
Devona demang,
Oshiqlik rutbasi jinnilikmasdir.
Oshiqlik rutbasi chin inson demak,
Oshiqlar ilohiy tuyg‘udan mastdir!

12.12.2017 yil

***

Yetar, shuncha ichimga yutdim,
To‘rt faslim ham, qara, qish ona.
Muzliklardan tayrinib o‘tdim,
Yo‘qdir hanuz guldan nishona.

O‘tib ketdi qarshimdan o‘n yil,
Og‘u ichdim, sharobga qo‘shib.
O‘n yil bo‘ldi, kulolmaydi dil,
Yasholmayman o‘n yilki, jo‘shib.

Olislardan yog‘du sochar baxt,
Umrim jodir qatim nurida.
Hanuz qalbim hijronga poytaxt,
Visol faqat tasavvurimda.

Qachongacha ko‘z yoshday to‘lib,
Kiprigingdan sirg‘alaman men?
Yuragimni besh qo‘llab yulib,
Majaqlasam olarmanmi tin?

Qachongacha yuzga tabassum
Suvratini o‘tarman chizib?
Yashasaydim bir lahza, bir zum,
Ipga baxtni munchoqday tizib.

Suyanganim Tangridir faqat,
Ishonganim g‘am to‘la qo‘shiq.
Topganim bir achchiq muhabbat,
Asraganim ko‘nglimdagi ishq.

Ishq so‘zida esmaydi behisht,
Ishq so‘zida lovullaydi cho‘g‘.
Kulgulari jaranglamas hech,
Ishqda nechun baxtiyorlik yo‘q?

27.12.2017 yil

***

Qalbimdagi olov sovqotdi,
Otash olar dildirab, so‘nib.
Nigohlaring meni uyg‘otdi,
Asir tushma, uyquga ko‘nib.

Uchrashamiz, yaqindir diydor,
His etmaymiz vaqtning oqqanin.
Men yoningga qaytaman bir kun,
Qalb olovim mangu yoqqani.

06.01.2018 yil

TUMAN

Ko‘p sudraldi cho‘loq bo‘riday,
Jim uxladi bag‘rida shamol.
Chaqaloqning tasavvuriday
Bir yorug‘lik bermadi tusmol.

Dildiradi. Sovuqda qoldi,
Ochilmadi unga hech eshik.
Ichkarida, sandal yonida
Uvvos solib yig‘ladi beshik.

Mo‘raladi derazadan u,
Ochilmadi parda qasdma-qasd.
Achindimi, ezdimi qayg‘u,
Yelkasiga ko‘tardi daraxt…

Ko‘rdi. Beshik tebrandi asta,
Alla ayta boshladi sukut.
Tuman ketdi yerdan bir pasda,
Tark ayladi osmmonni bulut!

13.01.2018 yil

HALOLLIK HAQIDA SUHBAT

– Qo‘lim toza, xudoga shukur,
Ota, hali ruhim ham tetik.
– Bu xislating yaxshiku, bolam,
Biroq nechun boshginang egik?

– Mehrim baland tuproqqa ota,
Shu tuproqda mo‘tabar bitik.
– Tuproqdan rang olmoq yaxshiyu,
Biroq nechun boshginang egik?

– Yoshman biroz. Bordir andisha,
Hayotga hech boqolmayman tik.
– Andisha yor bo‘lsin hamisha,
Biroq nechun boshginang egik.

– Ota, ruhim tetik chindan ham,
Yuragimga xosdir halollik.
Balki shundan menga hamroh g‘am,
Balki shundan bu boshim egik.

– …

15.01.2018 yil

IZHORI DIL

Ruhim kabi jimirlaydi tiniq suvlar,
Yuragimday ayqiradi dayrolari.
Tog‘u-toshda parvoz etib yelni quvlar,
Qizlarimday ma’sumgina jayronlari.
Tog‘lar kechib, tog‘ bag‘rida tog‘day yurdim,
Munislarim ko‘zlarida seni ko‘rdim.

Qir-adirga makon asli Palangdara,
Bahorlar mast quchib yashil yelkanini.
Varrak tutib chopar edik qirga qarab,
Ko‘ray deya turnalarning kelganini.
Qirdan boqsam ko‘rinardi go‘zal bir joy,
Va unda qad rostlagan bir baland saroy.

Olislarga boqar edi Temur bo‘lib,
Asrlarning hayratiga bag‘ri to‘lib,
Qaldirg‘ochlar kelar edi o‘sha yoqdan,
Qo‘shiq aytib, alyor aytib, o‘ynab-kulib.
Bu navolar dilga singdi o‘qtin-o‘qtin,
Qaldirg‘ochlar bayotida seni uqdim.

Qo‘l ushlashib chopar edim shamol bilan,
Ulg‘aydim men faqat ezgu xayol bilan.
Taqdir yo‘lim burdi bir kun poytaxt tomon,
Duo qoldi mehribon bir ayol bilan.
Tushlarimda onam bilan sirlashaman,
Men ruh bo‘lib vujuding-la birlashaman.

Qora nonday shirin edi qaro kunlar,
Nonu-osh deb ota bag‘ri yaro kunlar,
Bitta nonga ikta kitob qo‘shib kelgan,
O‘yga malham, orzularga oro kunlar.
Padarimning xam bo‘lmasin aziz boshi,
Yuragida porlab tursin el quyoshi.

Yolg‘izlanib qolgani yo‘q, huv, Oqsaroy,
Har qadamda bunyod tilla ravoq saroy.
Kelajakka odimlaydi qo‘l ushlashib,
Necha yilki, bizga hamroh quyoshu-oy.
Yulduzlar ham raqsga tushar aytsam o‘lan,
Men bag‘ringda tenglashaman samo bilan.

18.01.2018 yil

NASAFNI ATAYLIK O‘Z NOMI BILAN

Mingtepani ataylik o‘z nomi bilan.
Muhammad Yusuf

Necha ming bahorlar gul taqib o‘tdi,
Qirovda qirildi necha o‘t-o‘lan.
Bugun yuragimni bir fig‘on tutdi,
Nasafni ataylik o‘z nomi bilan.

Ulug‘ avliyolar makoni bu yurt,
Ilmu ma’rifatning arkoni bu yurt,
Dinu-diyonatning ayvoni bu yurt,
Nasafni ataylik o‘z nomi bilan.

Qo‘ng‘iroqlar chalib o‘tdi karvonlar,
Hindu Ajam tomon o‘tdi karvonlar,
Olamga nur sochdi necha davronlar –
Nasafni ataylik o‘z nomi bilan.

Sahro oralagan avliyomikan,
Nasafiy iziga to‘tiyomikan,
Ruhiga sanchilib ketmasmi tikan,
Nasafni ataylik o‘z nomi bilan.

Yetar, istakka ko‘p qarshi, dedik biz,
Ma’nosin bilmasdan Qarshi, dedik biz.
Nazarga ilmasdan Qarshi, dedik biz,
Nasafni ataylik o‘z nomi bilan.

Iliq yellar olib keldi istiqlol,
Baland uylar solib keldi istiqlol.
Tarixiy saodat, tarixiy iqbol –
Nasafni ataylik o‘z nomi bilan.

Ulug‘ avliyolar ruhi bo‘lsin shod,
Ilmu ma’rifatdan chiqarib qanot,
Ulg‘aysin Nasafiy nafasli avlod,
Nasafni ataylik o‘z nomi bilan.

23.01.2018 yil

KUZATISH

Diqqatin olmadi sovuq shamollar,
Oromin buzmadi ayozning sasi.
Suzib borayotir go‘zal xayolday,
Bug‘lanib, bug‘lanib oyning nafasi.

Xira bo‘shliq aro bir shoda yulduz,
Koinot to‘shiga urar o‘zlarin.
Shundoq ro‘paramda oydan oydin yuz,
Yulduzday charaqlab turar ko‘zlari.

Diqqatin olmaydi sovuq shamollar,
Oromin buzmaydi shahar shovqini.
Jilmayib turibdi go‘zal xayolday,
Shunday yonginamda ishqning yolqini.

Menmi, suvi qochgan qo‘nimsiz yaproq,
Titranib-titranib uchib boraman.
Xayolimda, xayol qor kabi oppoq,
Ishqning yolqinini quchib boraman.

U-chi, u ketishga ko‘rar tadorik,
O‘yini band etmish olis manzillar.
Men edim bu yo‘lning tanho sardori,
Nahot, o‘ch oldimi beshavqat yillar?!

Qimtinar qo‘llarim. Barmoqlarimdan
Sizilib chiqadi yuragim – qon, qon!
Bir ilinj yo‘lladim barmoqlarimdan
Xuddi atirgulday muattar, inon!

– Qol, – deyman.
– Yo‘q, – deydi.
La’nati taksi!..
Olov tuyg‘ularim qolar bepanoh.
– Yur, gulim, bu makon hayotning aksi,
Muhabbat qasrimas avtoturargoh!

… Ketib borayotib eng go‘zal taqdir,
Yuzidan o‘pdimu unsiz bo‘zladim:
– Qol, ketma, yo‘lingdan adashma,
Axir,
Ko‘ksim osmonida qoldi ko‘zlaring!

26.01.2018 yil

SЕN KЕTAMAN DЕDING

Sen ketaman deding. Qalqdi ruhu-tan
Otash yuragimning larzalaridan.
Sevgilim, sevgini teran anglaysan,
Visolning eng so‘nggi lahzalarida!

Qo‘lingdan tutaman. Nigohing – umid,
Tilingda ketmog‘u, dilingda qolmoq.
Jonim, xayolimda yolg‘iz taraddud –
Olov og‘ushingga singmoq, yo‘qolmoq!

Ayriliq – beshavqat! Ayriliq – jallod!
Men esa tirilib tolmayman, gulim,
Bizni kaftlarida ko‘tarar hayot.
Poyimga bosh urib yig‘laydi o‘lim –

Chunki men oshiqman, yashayman mangu!
Qo‘llaringdan tutib, ko‘zingga boqib,
So‘rasang har kuni ishq tutamanu
Suronlar solaman ko‘ksingni yoqib.

Sen ketaman deding. Sanchildi bu so‘z
Asrlar bag‘rini yirtgan o‘q kabi.
Yuragimda jodir axir, ey, gulyuz,
Majnunning matlabi, Farhod matlabi.

Ayriliq… yo‘q, yo‘q! Bir visol bor faqat,
Yashashga arzirli – muhabbat, tamom!
Ma’sum tuyg‘ularga kelmasin qahat,
Pokiza hislarga ko‘rsat ehtirom!

Qolaman degin, bas!
Tebransin zamin
Otash yuragimning larzalaridan.
Ne uchun anglaymiz sevgining ta’min,
Visolning eng so‘nggi lahzalarida?!

26.01.2018 yil

NIYAT

Oqarmoqda boshimdagi tun,
Kelar tongga andoza kerak.
Manglayimda, do‘stlar, bus-butun –
So‘nmas quyosh porlasa kerak!

29.01.2018 yil

IZOH

O‘ttizimdan o‘tmadim, lekin,
Sochimga oq oralayapti.
Taqdirimni shukur, xudoyim,
Oppoq rangda qoralayapti.

O‘tib borar sinovli yillar,
Yuragimdan izladim baxtni.
Kunlar bo‘ldi, cho‘ntagim quruq,
Yayov kezib chiqdim poytaxtni.

Orzu keldi she’rday quyilib,
Umidlarga bandi bir odam –
Duo qildi har kun kuyinib,
Katta shoir bo‘l, deya otam!

Hali yoshman, shukur, imkon bor
Padarimning umidi uchun,
Tunlar yonib she’r bitmay nega,
She’r yozmasam, yashamoq nechun?

Ijarama-ijara yurdim,
Sanay desam barmoqlar kamdir.
Ko‘taradi yelkalarida,
Hayot asli ikki akamdir.

Menchi, men bir bedov, jilovim
Yaratganning qo‘lida faqat.
Bog‘lab turar meni zaminga,
Zamindan ham ulkan muhabbat!

O‘ttizingda bersin, der to‘zim,
Jilmaygancha ko‘ngli vayronam.
Boshimdagi oppoq dard so‘zin,
Har kun o‘qir paypaslab onam.

29.01.2018 yil

***

Men sog‘inib o‘tkazaman kun,
Men sog‘inib orom izlayman.
Kelarmi deb hushbo‘y iforing,
Derazada… gulni islayman.

Sokin oqshom qilar hirgoyi,
Yuragimga suzib kirar kuy:
– Ishq –o‘t, o‘zing olovga urma,
Suysang yonib, bir umrga suy!

Men otashga urdim o‘zimni,
Bilsang, yonmoq qanchalar sharaf!
Eltar meni bir kun yoningga,
Shu to‘rt tomon, to‘rttala taraf.

Tuyajakmiz visol lazzatin,
Bir-birovdan bag‘rimiz to‘lib.
Qolajakmiz bor inson zotin,
Yuragida afsona bo‘lib.

Chin ixlosda jo‘shar mangulik,
Derazadan gul ketmas tushib.
Senga og‘ir botmasmi, gulim,
Yashamoqlik olovni quchib?

29.01.2018 yil

ILHOMBAXSH TUYG‘U

I

Yengolmaydi sog‘inchni sukut,
Chegarasi yo‘qdir na’raning!
O‘rkachlarin cho‘qiydi burgut
Tog‘larini Palangdaraning.

Kenglik qilar samodan qanot,
Ozodlikning panjasi o‘tkir.
O‘ylanaman shu burgut, nahot,
Mag‘rurlikka berganmi turtki?

II

Yengolmaydi bolakay ruhin,
Shamollarning chapdast xayoli.
Ilhom bo‘lib singadi sim-sim,
Tunlar oyning tillarang yoli.

Tinglab to‘ymas daryo mavjlarin,
Bu daryolar – tog‘larga tilmoch.
Baliqchalar o‘ynar avjlanib,
Yulduzlardan kiyib olib toj.

III

Uxlab yotar cho‘qqida burgut,
Balki kirar tushiga ohu.

IV

Terakzorda tebranar sukut,
Bulbul tinmay chekmoqda yohu!

V

Tunning yuzi borar qizarib,
Burgut ko‘kda arqon to‘qiydi.
Loy supada – oftobro‘yada –
Bola hamon kitob o‘qiydi.

Halal bermang, bola baribir
O‘z hayotin yashab o‘tmoqchi.
Bulbul kabi kuylab, bir umr
Burgut kabi parvoz etmoqchi.

16.02.2018 yil

07

(Tashriflar: umumiy 1 170, bugungi 1)

Izoh qoldiring