Abdulla Oripov. She’rlar & Ibrohim G’afurov. Abdulla Oripov siymosi

0_1459c1_6e5ebe13_orig.png     Мангу ҳаёт унинг йўқлигини билдирмайди: тириклар барча давраларда, Ўзбекистоннинг ҳар қарич тупроғида, қаерда майсалар унган бўлса, қаерда ҳатто тошлар, саҳролар, сарбаланд тоғлар, дарёлару жилғалар ҳаёт номини айтиб гуллаётган бўлса, ўша ерларда Абдулла Орипов эсланади, шеърлари айтилади, умри жовидони нақллари сўйланади, қалблардан унинг жарангос сўзлари тошади.

АБДУЛЛА ОРИПОВ СИЙМОСИ
Иброҳим ҒАФУРОВ
Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби
04

Мана икки йил ҳам бўлаётир: орамизда Абдулла Орипов йўқ.

Мангу ҳаёт унинг йўқлигини билдирмайди: тириклар барча давраларда, Ўзбекистоннинг ҳар қарич тупроғида, қаерда майсалар унган бўлса, қаерда ҳатто тошлар, саҳролар, сарбаланд тоғлар, дарёлару жилғалар ҳаёт номини айтиб гуллаётган бўлса, ўша ерларда Абдулла Орипов эсланади, шеърлари айтилади, умри жовидони нақллари сўйланади, қалблардан унинг жарангос сўзлари тошади.

05Тошқин ўзбек дарёси эди-да Абдулла Орипов. Ғалаёнли, туғёнли ўзбек денгизи эди-да Абдулла Орипов! Руҳ абадий деб мана шунга айтадилар!

Ўтган ёз бўйи, куз чоғлари дўстим, биродарим, зукко адабиётчи Дониёр Бегимқулов тақдим қилиб келтирган Абдулла Орипов асарларининг саккизинчи жилдини мутолаа қилдим. Бу кўк муқовали китобга улуғ шоирнинг 2013 — 2016 йилларда дунё юзини кўрган — шеърлари жамланган. Афсуски, бу сарбаланд томни шоирнинг ўзи кўролмади.

Аммо сал аввалроқ, 2015 йилда «Ўзбекистон» нашриёти шоирнинг 2015 йилда битган шеърларини «Эверест ва уммон» деган ном остида туҳфа қилганди. Бу китобни ўқиб, Абдулла Орипов шеърияти тамомила янги чўққиларни эгаллаганини, шеъриятнинг дунё миқёсига мавзуларига кўра ҳам, уларнинг талқинига кўра ҳам чиққанини, янги бадиият чегараларига етиб боргани, қалб шу янги бадиият марафонларини эгаллаш учун тамомила ва охиригача — то сўнгги учқунигача ёнганини кўрган, ижодкор феномени қудрати қанчалар бўлишидан лол қолган, ларзага тушган эдик.

«Эверест ва уммон»ни Абдулланинг ўзи кўрди. Ўзи солган сарҳадлари уфқлар оша кетган масаррат боғига кирди. Бу китобида Абдулла Орипов дунёни чуқур тушунган ориф бир зот сингари киноя, истеҳзо, пичинг, ишора каби шеърият усулларидан одам ва дунёнинг шу замондаги фалсафасини яратди.

Балки, бу ҳажв дунёси жуда аччиқдир ва баъзан жуда ҳазм қилиш оғирдир, аммо шу осон бўлмаган оламнинг ҳар бир фикрловчи инсон бошидан кечириб турган фалсафасидир. Биз ҳали бу ўзига хос янги шеърият оламининг ички моҳияти ва йўналишига, маъно ва мақсадларига етарлича кириб боролган, шоир орзу қилганча унинг шеърлари сир-синоатлари билан ошно бўлолган, уни кашф қилолган эмасмиз. Буни рўй-рост тан олмоқ керак. Ўқиб ҳайратимизни ичимизга солиб кетаверганмиз, ҳар ҳолда.

Олам ишларининг барча-барча қирраларида зиддият, зиддият, зиддият кўрди: кўрдигина эмас, туйди, хаста юрак билан эмас, ўртанган, изтироб-ларда куйган юрак билан туйди. Абдулланинг шоир юраги хасталикни асло тан олмади, хасталикка бўйин бермади, унинг зарбалари остида увол бўлиб, тирқираб кетмади.

Жуда кучли юрак эди Абдулланинг шоир юраги! Ҳаётининг охирги йилларида ¬дунёнинг энг сарбаланд чўққиси Эверест — Жомолунгма ҳақида, дунёнинг энг ҳудудсиз баҳри муҳити Атлантика ҳақида шеърий сатр¬ларда ўйга ботиши бежиз эмасди: ўзбек шоири буларни ўзи кўрди, ўзи беқиёс туйғулари билан ҳис қилди. Абдулланинг илк шеърлариёқ изтироблар ва зиддиятларга бегона эмасди. Булар инсонга туғилишданоқ, ҳатто она қурсоғиданоқ фикрловчи инсонга хос: улар табиат ва коинотдан инсонга ато этилмиш.

Мана, ҳозир «НАСА» фазо суратларидан одамзодга маълум бўлаётир: Юпитердан тортиб Марсгача ва Қуёш атрофидаги барча Ер-Заминдан тортиб сайёраларда ҳаёт қайнаб ётади: уларда бир зум бўлсин сукуту сукунат йўқ! Коинот тинимсиз яратилиш жараёни ва жараён қийноқларида!

Мана шу коинотдан келаётган қийноқларни адабиёт зиддият ва изтироб шиддатларида ифодалайди, тасвирлайди. Адабий санъатларда бунга қадим замонлар, Ватвот замонларидан бери тазод деб ном берилган.

Навоийнинг «Басе, иссиғ-совуғ кўрдим замонда, Басе, аччиғ-чучук топтим жаҳонда» шу тазодни кўриб, Навоийни олам рўпарасида замонни қандай билганини тасаввур қилиш мумкин. Чексиз олам зиддиятлари фақат ичкари-ташқари, яқин-йироқ каби минглаб сўзлардагина эмас, балки фикрлаш тарзида, айниқса, шоирона фикрлаш тарзида олам ҳақиқатларининг мўъжизаларини дунёга образлар воситасида келтиради.

Абдулланинг кейинги давр шеърларида зиддиятли фикрлаш ўзининг юксак ҳаётий чўққиларига кўтарилди. Шоир зиддиятли фикрлашнинг баъзан жуда гўзал меъёрлари, мутаносибликларини, уйғунликларини топди, баъзан меъёрлардан, мутаносибликлардан муболаға билан ошди.

Зиддиятли фикрлашнинг бир қудрати шундаки, у одамнинг эсида муҳрланиб қолади, одамга жуда кучли таъсир қилади ва унда ғалаён қўзғайди. Баъзан меъёр бузилганда, ўқувчи «Ий-е, бу ҳақиқат эмас-ку!

Бу бошқача-ку! Бунга ишониш қийин!» — дейди.

Абдулланинг шоирона қудрати ифодаланган, 2015-йилда ёзилган «Янги аср манзараси» деган шеърига мурожаат этайлик:

Ҳамма бир-бирига боқар шукуҳсиз,
Теграсин кўрмайди, юмуқдир кўзи.
Улкан яйловдаги қалбсиз ва руҳсиз,
Тўдадан иборат гўё ер юзи…

Бу шоирни чулғаб олган оний бир ҳаяжон, оний бир туйғунинг ифодасими? Шеър ижодида, шеър яратилишида онийлик — оний кайфият — бир зумда шоир қалбини чулғаб олиб, унинг устидан ҳукмронлик қиладиган кайфиятнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс!

Шоир ер юзида эндиликда алам ва забунлик саси ҳукмрон бўлиб қолди ва ундан энди омонлик йўқ, деб хулоса чиқаради.
Айниқса, Шомда, Афғонда, Яманда юз бераётган даҳшатли хунрезликлар, вайронагарчиликларни кўриб, мушоҳада қилиб,

Черков қўнғироғин жаранги тинмас,
ҳар тонг минорадан таралар азон.
Уларнинг борлиги лекин билинмас,
Бепоён яйловда кезади инсон,

деган хулосага келади. Эҳтимол, бу фикрга баъзилар қўшилмаслиги мумкин. Лекин бепоён яйлов манзараси, ҳамма-ҳамманинг ялпи тарзда бир-бирига шукуҳсиз боқиши — булар охир замон манзараларими, ҳозирги замон одамлари шундай сезадиларми?

Буларни ҳозирги замоннинг ҳақиқати деб биладиларми?

Ёки бу шоирнинг фақат оний — биз индивидуал деймиз, — кайфияти ва ўша ондаги ўртанишлари, чексиз изтироблари натижасими? Атомлар, ракеталар, янгидан янги ваҳшат қурол-яроғлари инсоният бошига солаётган мислсиз қутқуми? Гар бу ўша қутқу бўлса, шоир уни апокалипсис манзарасидай таъсирли ҳақиқати билан ифодалаб беролган.

Мирзо Улуғбекнинг тарих китобида юрт тарихига фожиалар бостириб кириб келаётганини улуғ олим ва улуғ шоир муаррих каби ифодалаб, «Ваҳм чумчуқлари чирқиллади», дейди. Абдулла Ориповнинг кейинги давр икки салмоқли китобда жамланган шеъриятининг мундарижаси ва мавзу йўналишларида мана шу изтиробли, ўта зиддиятли ҳол ҳоким эканини кузатиш мумкин…

Шоир яна ёзади: «Асрлар қаъридан келган бир сасдир: Умримда ҳеч қачон ҳақ бўлмаганман»…

Қаранг, улуғ шоир «ҳақ бўлган эмасман», деб бир ҳақиқатини ифодаламоқда ва ушбу ҳақиқатнинг тагида фаросатли ўқувчи шоирнинг инсоний кечинмаларида ҳақлигини англамоқда. Мана булар ҳаммаси том маънода шоирона фикрлаш тазодлари — умуминсониятга хос зиддиятлардир.

Абдулла Ориповнинг кейинги йиллар шеъриятига ер юзидаги инсониятни қаттиқ чирмаб олган, бениҳоя чуқур томир отиб бораётган зиддиятларнинг натижаси, ҳосиласи деб қарамоқ жоиз.

Шоир наздида ер юзи инсоф ва виждон тинимсиз, аммо секин фарёд чекаётган майдон — поёнсиз яйловга айлана бормоқда. Шундай шароитда ўзини гоҳо овози юракларни ўртаган танҳо қушга менгзайди ва ўз ҳаётига қиёс қилади:

«Ўша қушдек яшадим чўчиб,
Сизни хавфдан айладим огоҳ,
Кетолмадим кўкка ҳам учиб,
Тополмадим ерда ҳам паноҳ».

Бу каби дардли сўзлар, танқид учқунлари чарсиллаган фикрларни шоир 91-йилдаги бир суҳбатида: «Мен учун энг муҳими, шеъриятим халқим учун яшаб қоладими, йўқми, гап шунда.

Изтироб юрагимда эримас тош бўлиб қолди», деб айтган эди. У рўй-рост очиқдан-очиқ айтган, кўп ишоралар қилган ва очиқ гапларида ҳам, ишораларида ҳам улуғ шоирлик башоратлари мужассам эди. Хондамир «Макорим ул-ахлоқ» китобида «Ёзувчилик иши чексиз олижаноблик намунасидир», дейди.

Абдулла Ориповнинг ижоди, шеърияти мана шундай эзгулик ва олижанобликлар туғёнларидан бино бўлган эди. Халқимиз унинг безовта руҳини бу — ўлмас ижод руҳи деб алқагай ва озодликка, огоҳликка чақирган руҳ деб танигай!

Манба: “Ишонч” газетасидан. 2018 йил, март.

Абдулла Орипов
ШEЪРЛАР
04

САЛОМ–АЛИК

Умримдан минг марта розиман, бироқ
Гоҳида кўксимни ортиқ керибман.
Ёшлик – ғўрлик экан, англамай, кўпроқ
Катта шайтонларга салом берибман.

Вақтнинг тезлигига ҳайрон қоламан
Ва кулиб қарайман бунинг барига.
Энди ёшим улуғ, алик оламан
Кичик шайтонларнинг саломларига.

09.03.2015

ҚЎРИҚЧИ ИТ

Орзу қилган экан бойвачча йигит,
Уй қурди, ақчани сарф этди талай.
Уйни қўриқларди, лекин чўлоқ ит,
Бўйнигача қўтир, бир кўзи ғилай.
Шундоқ иморатни қурдингми, Одам,
Топиб қўй-да энди, лойиқ итни ҳам.

25.03.2015

СОҒИНЧ

Сени соғинсинлар,
Сен кўп соғиндинг,
Чора йўқ барибир икки ҳолда ҳам.
Дарёдек тошардинг, кўл каби тиндинг,
Фақат руҳинг қолди сен билан ҳамдам.

Афсус, соғинчнинг ҳам бордир адоғи,
Кейин унутилиш, бари абасдир.
Соғинган одамнинг кўнглида доғи,
Соғинтирганга ҳам осон эмасдир.

28.01.2015

МЕҲР

Негадир ёш бола ва ёки бемор,
Гуноҳ иш қилгандек боқар жавдираб.
Овозингни баланд қилдингми бир бор,
Улар ҳадик ичра қолар довдираб.

Йўқ ахир уларнинг зарра гуноҳи,
Мудрар қалбларида бардош ва сабот.
Фақат меҳрга зор улар нигоҳи,
Кутганлари эса шафқат ва нажот.

25.01.2015 й.

СЎКОНҒИЧ

Бор эди бир сўконғич киши,
Ниҳоятда худбин, дилозор.
Фақатгина сўкишдир иши,
Маҳалла-кўй бўлганди безор.

Охир бир кун уч-тўрт азамат
Сўконғичнинг берди адабин.
Жағин бойлаб юрди у кўп вақт,
Айтолмасди лекин сабабин.

Кимдир деди: – Фалон кўчада
Яшайди бир яримжон одам.
Нафсинг қонар балки ўшанда,
У индамас қанча сўксанг ҳам.

18.01.2015

ШАРҲ

Бу дунёда соддалар бисёр,
Ўтмишда ҳам учраган анча.
Бири дейди: – Иқтидоринг бор,
Шунинг учун бергансан қанча?

Бошқаси дер: – Ақлинг зўр чиндан,
Гапни гапга роса уладинг.
Жон оғайни, яширма мендан,
Бунинг учун қанча тўладинг?

Дейман, йўқдир уларнинг нархи,
Улар – ҳаёт, улар – зарурат.
Лекин бордир озгина шарҳи:
Текин эрур нодонлик фақат.

15.01.2015

ТЎДА

Минг йиллардан буён жами ҳайвонлар,
Бўрилар, шоқоллар, шерлар, арслонлар.

Тўда-тўда бўлиб яшаб келишган,
Бирга ов қилишган, бирга ейишган.

Тўданинг босқини даҳшат жуда ҳам,
Мамонтни йиқитган бир тўда одам.

Агарда қўзиса тўданинг феъли,
Унга тенг келолмас сойларнинг сели.

Хос унга ёвузлик, шафқатсизликлар,
Қорни тўқ бўлса-да, тоқатсизликлар.

Ирсият сўзини айтишмас бекор,
Барчаси то ҳануз йўқолмаган, бор.

Би ҳисни яшириб ахир нетаман,
Тўдани кўрганда қўрқиб кетаман.

06.01.2015 й

М А Д А Д

Яшин урган дарахт,
Ярадор бўри,
Қояга урилиб,
Йиқилган бургут.
Танида бор бўлса
Ҳаётнинг нури,
Тангрим, сен уларни
Айлама унут.

Ёвузга куч бериб,
Золимни қўллаш
Эҳтимол Иблиснинг
Азалий касби.
Ночору ожизга
Мададни йўллаш
Яратган Эгамга
Хос эрур асли.

Бутун бўлолмадим,
Жоним ҳам ярим,
Лекин тўлиқ сездим
Тириклик сасин.
Беозор дўстларим-
Чумолиларим,
Гурс-гурс қадам ташланг,
Тангри қўллансин.

ОДАМ ВА ТУЛПОР

Кўнгли бу дунёдан совиган одам
Касалга чалинган тулпорга ўхшар.
Одам қиё боқмас сийму зарга ҳам,
Тулпор арпасига ташламас назар.

Ундайин одамга икки дунё бир,
Чайла ва қасрнинг фарқи йўқдир, бас.
Ундайин тулпор ҳам ҳамиша дилгир,
Пойгаларга зарра рағбати бўлмас.

Э С Л А Ш

Отам билан бирга отга мингашиб,
Китоб довонидан ошгандик бир вақт.
Қараб бўлмас эди пастга энгашиб,
Бир қадам нарида жарлик– ҳалокат.
Қандай ўтган эдик у йўлдан омон?
Эсласам, энтикиб кетаман ҳамон.

Тун эди, шаҳардан қишлоққа қараб,
Катта акам билан тушардик қирдан.
Тўртта бўри бизни олганди ўраб,
Уфқда тўрт отлиқ кўринди бирдан.
Биз улар туфайли қолгандик омон,
Эсласам, энтикиб кетаман ҳамон.

Кездим, ер юзини саёҳат қилдим,
Ортга қайтар бўлдим кемада бир кун.
Денгиз нималигин ўшанда билдим,
Балойи азимдай қутурди тўлқин.
Кемамиз тўфондан чиқди-ку омон,
Эсласам, энтикиб кетаман ҳамон.

Нима ҳам қилардим, иссиқ жон экан,
Мусофир юртларда чалиндим дардга.
Тириклик аслида имтиҳон экан,
Ахир зор бўлдим-ку мен ҳам мададга.
Кунимдан бор экан, тузалдим омон,
Эсласам, энтикиб кетаман ҳамон.

Бугун насиб этди салобатли ёш,
Шукрона айтаман барчаси учун.
Лекин нокаслар ҳам бўлдилар йўлдош,
Умримни эговлаб едилар бутун.
Не бахтким, баридан ўтолдим омон,
Эсласам, энтикиб кетаман ҳамон.

ПАРҲЕЗ

Бир бемор касали қўзиб турган кез,
Дўхтирга борганди, буюрди парҳез.

Деди:
— Камайтиринг ёғлиқ кабобни,
Конякнинг ўрнига тортинг гулобни.

Бедана шўрвадан оз-оздан ичинг,
Сомса ва нориндан тамом воз кечинг.

Бемор тушиб қолди ғалати ҳолга,
Сўнгра изоҳ берди ушбу аҳволга:

— Дўхтиржон, кўнгилни қилаберинг тўқ,
Бундай таомларни кўрганим ҳам йўқ.

МАҚТАНИШ

Одам зоти билса экан мақтанишни ҳам,
Лекин ҳазм қилолмадим бир ҳолатни ҳеч:
Уни ёмон демасдан бирорта одам,
“Яхшиман”, деб дод солар эртадан то кеч.

ИФТИХОР

Мен уни кўрганман, дер эди биров,
Ёнида турганман, дер эди биров.
Каттакон мажлисда ҳеч аямасдан
Мен уни урганман, дер эди биров.

ТАКЛИФНОМА

Сўкар, дунё деган бир ғамхонани,
Киборларни сўкар ғазабга тўлиб.
Ва лекин тўй қилса, “Таклифнома”ни
Ўшаларга элтар биринчи бўлиб.

МАРТАБА

Икки одам гаплашарди Аркнинг олдида,
Бўяб, бежаб, кўпиртириб ҳар бир каломни.
Бири дерди:
— Мангу қолар авлод қалбида,
Бош жаллоднинг ўзи сўйган менинг бобомни.

Иккинчиси сўз бошлайди:
— Менинг бобом ҳам,
Обрў топган амирликда — ўша замонда.
Ҳурматини келтиришган ҳатто сўнгги дам,
Осишганлар оддий эмас, ипак арқонда!..

УНУТИШ

Унут баҳорларни, қишларни унут,
Унут осмонларнинг зангор кўйлагин.
Юлдузларни унут, қушларни унут,
Уларни кўрмадим дея ўйлагин.

Дунёда жамики мавжуд нарсани,
Яралмаган дегин, йўқ деб бил, эркам.
Ҳайратга солурсан шунда барчани,
Шунда унутарсан балки мени ҳам

16.08.2014

ТЎЙЛАР

Тўйга айтган эди азиз бир дўстим,
Дўконни айланиб, совға ҳам олдим.
Бордим, тўйхонада йўқ эди ҳеч ким,
Янглишиб келибман мен бир кун олдин.

Яна бир оғайним, ўз-ўзига тўқ,
Тўй қилишни кутди, кутди ичикиб.
Борсам, тантанадан зарра нишон йўқ,
Ахир, мен келибман бир кун кечикиб.

Ҳаёт шукронага мутлоқ муносиб,
Тириклик ўзидир олий мукофот.
Ҳар кимга бахт-иқбол айласин насиб,
Уйсизга уй берсин, беморга нажот.

Тўйнинг-ку узрини айтмоқлик осон,
Қутловнинг эшиги ҳамиша очиқ.
Лек дилингни қийнар бошқа бир армон,
Қайда у — насибанг, сенга ярашиқ.

Ёнма-ён юраркан севинч билан ғам,
Бир ҳолни тушунмай, ҳайронман, аммо
Дунёни неъматим дегандинг, Эгам,
Эрта келдимми мен, кечикдимми ё?

16.09.2014

ДЎСТЛАР ВА РАҚИБЛАР

Ёшлик йилларимни эслайман секин,
Гоҳида тинибман, гоҳида қайнаб.
Турфа сатрларни битибман, лекин
Бир сўз ҳам ёзмабман қаламни қийнаб.

Ўрни келганида кечдим дарёдан,
Битта ўзим қолдим гирдобда гоҳо.
Куч олдим дўстларим берган ҳирмондан,
Тортди оёғимдан рақиблар аммо.

Агар тоғ аталса у шонли равоқ,
Олтин зинасига қўйдим бир кун бош.
Дўстларим қутловга қўл чўзди, бироқ
Рақиблар тепадан отиб турди тош.

Равон йўл йўқ экан, ҳар ён сўқмоқдир,
Йўлбарс ҳам юрмаган чигал бу ўрмон.
Дўстлар-ку юлдуздек сенга маёқдир,
Рақиблар билдирмай қўярлар қопқон.

Бу ёруғ дунёда йўл юриб албат,
Охири тўхтайсан, паймонанг тўлиб.
Ўша кун дўстларга бермасдан навбат,
Рақиблар сўз айтар биринчи бўлиб.

Инсонга кўргилик азалдан ўтган,
Доимо виждонга келтирганлар шак.
Худойим ургану пайғамбар туртган
Рақибнинг устози — Иблисдир бешак.

29.01.2015 йил

ТЎРТЛИКЛАР

Тўртликлар

Ночорнинг устидан кулма ҳеч қачон,
Билмасдан камситма, бойвачча ўғлон.
Топган ақчасига нон олгайдир у,
Кекса онасига ё дори-дармон.

***
Дунёда тириклик эмасдир осон,
Худкашлик эса-чи, ёмондан ёмон.
Фақат Яратганнинг исмин такрор эт,
Бошқа чора йўқдир, йўқ ўзга имкон.

***
Сени кўрай дедим – тонгларим отди,
Оразинг ёришиб, тунни йўқотди.
Лекин қора сочинг юзингга тушгач,
Яна тун бошланди, қуёш ҳам ботди.

***
Ташна қултум сувни орзу этгайдир,
Олтин пиёлани ахир нетгайдир?!
Беморга мол-дунё ваъда айлама,
Бир оғиз ширин сўз унга, етгайдир.

***
Мағизни пўчоққа қарши қўяр у,
Оловни ўчоққа қарши қўяр у.
Иккиси то абад бирлашмасин, деб
Ўртоқни ўртоққа қарши қўяр у.

***
Дунёда учрайди шундайлар, билсанг,
Алиф ҳам чиқмайди қорнини тилсанг.
Ҳаммани ўзига ўхшатади у,
– Қанча олдинг, – дейди, яхшилик қилсанг.

Mangu hayot uning yo‘qligini bildirmaydi: tiriklar barcha davralarda, O‘zbekistonning har qarich tuprog‘ida, qayerda maysalar ungan bo‘lsa, qayerda hatto toshlar, sahrolar, sarbaland tog‘lar, daryolaru jilg‘alar hayot nomini aytib gullayotgan bo‘lsa, o‘sha yerlarda Abdulla Oripov eslanadi, she’rlari aytiladi, umri jovidoni naqllari so‘ylanadi, qalblardan uning jarangos so‘zlari toshadi.

ABDULLA ORIPOV SIYMOSI
Ibrohim G‘AFUROV
O‘zbekiston Respublikasi san’at arbobi
04

Mana ikki yil ham bo‘layotir: oramizda Abdulla Oripov yo‘q.

Mangu hayot uning yo‘qligini bildirmaydi: tiriklar barcha davralarda, O‘zbekistonning har qarich tuprog‘ida, qayerda maysalar ungan bo‘lsa, qayerda hatto toshlar, sahrolar, sarbaland tog‘lar, daryolaru jilg‘alar hayot nomini aytib gullayotgan bo‘lsa, o‘sha yerlarda Abdulla Oripov eslanadi, she’rlari aytiladi, umri jovidoni naqllari so‘ylanadi, qalblardan uning jarangos so‘zlari toshadi.

04Toshqin o‘zbek daryosi edi-da Abdulla Oripov. G‘alayonli, tug‘yonli o‘zbek dengizi edi-da Abdulla Oripov! Ruh abadiy deb mana shunga aytadilar!

O‘tgan yoz bo‘yi, kuz chog‘lari do‘stim, birodarim, zukko adabiyotchi Doniyor Begimqulov taqdim qilib keltirgan Abdulla Oripov asarlarining sakkizinchi jildini mutolaa qildim. Bu ko‘k muqovali kitobga ulug‘ shoirning 2013 — 2016 yillarda dunyo yuzini ko‘rgan — she’rlari jamlangan. Afsuski, bu sarbaland tomni shoirning o‘zi ko‘rolmadi.

Ammo sal avvalroq, 2015 yilda “O‘zbekiston” nashriyoti shoirning 2015 yilda bitgan she’rlarini “Everest va ummon” degan nom ostida tuhfa qilgandi. Bu kitobni o‘qib, Abdulla Oripov she’riyati tamomila yangi cho‘qqilarni egallaganini, she’riyatning dunyo miqyosiga mavzulariga ko‘ra ham, ularning talqiniga ko‘ra ham chiqqanini, yangi badiiyat chegaralariga yetib borgani, qalb shu yangi badiiyat marafonlarini egallash uchun tamomila va oxirigacha — to so‘nggi uchqunigacha yonganini ko‘rgan, ijodkor fenomeni qudrati qanchalar bo‘lishidan lol qolgan, larzaga tushgan edik.

“Everest va ummon”ni Abdullaning o‘zi ko‘rdi. O‘zi solgan sarhadlari ufqlar osha ketgan masarrat bog‘iga kirdi. Bu kitobida Abdulla Oripov dunyoni chuqur tushungan orif bir zot singari kinoya, istehzo, piching, ishora kabi she’riyat usullaridan odam va dunyoning shu zamondagi falsafasini yaratdi.

Balki, bu hajv dunyosi juda achchiqdir va ba’zan juda hazm qilish og‘irdir, ammo shu oson bo‘lmagan olamning har bir fikrlovchi inson boshidan kechirib turgan falsafasidir. Biz hali bu o‘ziga xos yangi she’riyat olamining ichki mohiyati va yo‘nalishiga, ma’no va maqsadlariga yetarlicha kirib borolgan, shoir orzu qilgancha uning she’rlari sir-sinoatlari bilan oshno bo‘lolgan, uni kashf qilolgan emasmiz. Buni ro‘y-rost tan olmoq kerak. O‘qib hayratimizni ichimizga solib ketaverganmiz, har holda.

Olam ishlarining barcha-barcha qirralarida ziddiyat, ziddiyat, ziddiyat ko‘rdi: ko‘rdigina emas, tuydi, xasta yurak bilan emas, o‘rtangan, iztirob-larda kuygan yurak bilan tuydi. Abdullaning shoir yuragi xastalikni aslo tan olmadi, xastalikka bo‘yin bermadi, uning zarbalari ostida uvol bo‘lib, tirqirab ketmadi.

Juda kuchli yurak edi Abdullaning shoir yuragi! Hayotining oxirgi yillarida ¬dunyoning eng sarbaland cho‘qqisi Everest — Jomolungma haqida, dunyoning eng hududsiz bahri muhiti Atlantika haqida she’riy satr¬larda o‘yga botishi bejiz emasdi: o‘zbek shoiri bularni o‘zi ko‘rdi, o‘zi beqiyos tuyg‘ulari bilan his qildi. Abdullaning ilk she’rlariyoq iztiroblar va ziddiyatlarga begona emasdi. Bular insonga tug‘ilishdanoq, hatto ona qursog‘idanoq fikrlovchi insonga xos: ular tabiat va koinotdan insonga ato etilmish.

Mana, hozir “NASA” fazo suratlaridan odamzodga ma’lum bo‘layotir: Yupiterdan tortib Marsgacha va Quyosh atrofidagi barcha Yer-Zamindan tortib sayyoralarda hayot qaynab yotadi: ularda bir zum bo‘lsin sukutu sukunat yo‘q! Koinot tinimsiz yaratilish jarayoni va jarayon qiynoqlarida!

Mana shu koinotdan kelayotgan qiynoqlarni adabiyot ziddiyat va iztirob shiddatlarida ifodalaydi, tasvirlaydi. Adabiy san’atlarda bunga qadim zamonlar, Vatvot zamonlaridan beri tazod deb nom berilgan.

Navoiyning “Base, issig‘-sovug‘ ko‘rdim zamonda, Base, achchig‘-chuchuk toptim jahonda” shu tazodni ko‘rib, Navoiyni olam ro‘parasida zamonni qanday bilganini tasavvur qilish mumkin. Cheksiz olam ziddiyatlari faqat ichkari-tashqari, yaqin-yiroq kabi minglab so‘zlardagina emas, balki fikrlash tarzida, ayniqsa, shoirona fikrlash tarzida olam haqiqatlarining mo‘jizalarini dunyoga obrazlar vositasida keltiradi.

Abdullaning keyingi davr she’rlarida ziddiyatli fikrlash o‘zining yuksak hayotiy cho‘qqilariga ko‘tarildi. Shoir ziddiyatli fikrlashning ba’zan juda go‘zal me’yorlari, mutanosibliklarini, uyg‘unliklarini topdi, ba’zan me’yorlardan, mutanosibliklardan mubolag‘a bilan oshdi.

Ziddiyatli fikrlashning bir qudrati shundaki, u odamning esida muhrlanib qoladi, odamga juda kuchli ta’sir qiladi va unda g‘alayon qo‘zg‘aydi. Ba’zan me’yor buzilganda, o‘quvchi «Iy-ye, bu haqiqat emas-ku!

Bu boshqacha-ku! Bunga ishonish qiyin!» — deydi.

Abdullaning shoirona qudrati ifodalangan, 2015-yilda yozilgan “Yangi asr manzarasi” degan she’riga murojaat etaylik:

Hamma bir-biriga boqar shukuhsiz,
Tegrasin ko‘rmaydi, yumuqdir ko‘zi.
Ulkan yaylovdagi qalbsiz va ruhsiz,
To‘dadan iborat go‘yo yer yuzi…

Bu shoirni chulg‘ab olgan oniy bir hayajon, oniy bir tuyg‘uning ifodasimi? She’r ijodida, she’r yaratilishida oniylik — oniy kayfiyat — bir zumda shoir qalbini chulg‘ab olib, uning ustidan hukmronlik qiladigan kayfiyatning o‘rni va ahamiyati beqiyos!

Shoir yer yuzida endilikda alam va zabunlik sasi hukmron bo‘lib qoldi va undan endi omonlik yo‘q, deb xulosa chiqaradi.
Ayniqsa, Shomda, Afg‘onda, Yamanda yuz berayotgan dahshatli xunrezliklar, vayronagarchiliklarni ko‘rib, mushohada qilib,

Cherkov qo‘ng‘irog‘in jarangi tinmas,
har tong minoradan taralar azon.
Ularning borligi lekin bilinmas,
Bepoyon yaylovda kezadi inson,

degan xulosaga keladi. Ehtimol, bu fikrga ba’zilar qo‘shilmasligi mumkin. Lekin bepoyon yaylov manzarasi, hamma-hammaning yalpi tarzda bir-biriga shukuhsiz boqishi — bular oxir zamon manzaralarimi, hozirgi zamon odamlari shunday sezadilarmi?

Bularni hozirgi zamonning haqiqati deb biladilarmi?

Yoki bu shoirning faqat oniy — biz individual deymiz, — kayfiyati va o‘sha ondagi o‘rtanishlari, cheksiz iztiroblari natijasimi? Atomlar, raketalar, yangidan yangi vahshat qurol-yarog‘lari insoniyat boshiga solayotgan mislsiz qutqumi? Gar bu o‘sha qutqu bo‘lsa, shoir uni apokalipsis manzarasiday ta’sirli haqiqati bilan ifodalab berolgan.

Mirzo Ulug‘bekning tarix kitobida yurt tarixiga fojialar bostirib kirib kelayotganini ulug‘ olim va ulug‘ shoir muarrix kabi ifodalab, “Vahm chumchuqlari chirqilladi”, deydi. Abdulla Oripovning keyingi davr ikki salmoqli kitobda jamlangan she’riyatining mundarijasi va mavzu yo‘nalishlarida mana shu iztirobli, o‘ta ziddiyatli hol hokim ekanini kuzatish mumkin…

Shoir yana yozadi: “Asrlar qa’ridan kelgan bir sasdir: Umrimda hech qachon haq bo‘lmaganman”…

Qarang, ulug‘ shoir “haq bo‘lgan emasman”, deb bir haqiqatini ifodalamoqda va ushbu haqiqatning tagida farosatli o‘quvchi shoirning insoniy kechinmalarida haqligini anglamoqda. Mana bular hammasi tom ma’noda shoirona fikrlash tazodlari — umuminsoniyatga xos ziddiyatlardir.

Abdulla Oripovning keyingi yillar she’riyatiga yer yuzidagi insoniyatni qattiq chirmab olgan, benihoya chuqur tomir otib borayotgan ziddiyatlarning natijasi, hosilasi deb qaramoq joiz.

Shoir nazdida yer yuzi insof va vijdon tinimsiz, ammo sekin faryod chekayotgan maydon — poyonsiz yaylovga aylana bormoqda. Shunday sharoitda o‘zini goho ovozi yuraklarni o‘rtagan tanho qushga mengzaydi va o‘z hayotiga qiyos qiladi:

«O‘sha qushdek yashadim cho‘chib,
Sizni xavfdan ayladim ogoh,
Ketolmadim ko‘kka ham uchib,
Topolmadim yerda ham panoh».

Bu kabi dardli so‘zlar, tanqid uchqunlari charsillagan fikrlarni shoir 91-yildagi bir suhbatida: «Men uchun eng muhimi, she’riyatim xalqim uchun yashab qoladimi, yo‘qmi, gap shunda.

Iztirob yuragimda erimas tosh bo‘lib qoldi», deb aytgan edi. U ro‘y-rost ochiqdan-ochiq aytgan, ko‘p ishoralar qilgan va ochiq gaplarida ham, ishoralarida ham ulug‘ shoirlik bashoratlari mujassam edi. Xondamir “Makorim ul-axloq” kitobida “Yozuvchilik ishi cheksiz olijanoblik namunasidir”, deydi.

Abdulla Oripovning ijodi, she’riyati mana shunday ezgulik va olijanobliklar tug‘yonlaridan bino bo‘lgan edi. Xalqimiz uning bezovta ruhini bu — o‘lmas ijod ruhi deb alqagay va ozodlikka, ogohlikka chaqirgan ruh deb tanigay!

Manba: “Ishonch” gazetasidan. 2018 yil, mart.

Abdulla Oripov
SHE’RLAR
04

SALOM–ALIK

Umrimdan ming marta roziman, biroq
Gohida ko‘ksimni ortiq keribman.
Yoshlik – g‘o‘rlik ekan, anglamay, ko‘proq
Katta shaytonlarga salom beribman.

Vaqtning tezligiga hayron qolaman
Va kulib qarayman buning bariga.
Endi yoshim ulug‘, alik olaman
Kichik shaytonlarning salomlariga.

09.03.2015

QO‘RIQCHI IT

Orzu qilgan ekan boyvachcha yigit,
Uy qurdi, aqchani sarf etdi talay.
Uyni qo‘riqlardi, lekin cho‘loq it,
Bo‘ynigacha qo‘tir, bir ko‘zi g‘ilay.
Shundoq imoratni qurdingmi, Odam,
Topib qo‘y-da endi, loyiq itni ham.

25.03.2015

SOG‘INCH

Seni sog‘insinlar,
Sen ko‘p sog‘inding,
Chora yo‘q baribir ikki holda ham.
Daryodek tosharding, ko‘l kabi tinding,
Faqat ruhing qoldi sen bilan hamdam.

Afsus, sog‘inchning ham bordir adog‘i,
Keyin unutilish, bari abasdir.
Sog‘ingan odamning ko‘nglida dog‘i,
Sog‘intirganga ham oson emasdir.

28.01.2015

MЕHR

Negadir yosh bola va yoki bemor,
Gunoh ish qilgandek boqar javdirab.
Ovozingni baland qildingmi bir bor,
Ular hadik ichra qolar dovdirab.

Yo‘q axir ularning zarra gunohi,
Mudrar qalblarida bardosh va sabot.
Faqat mehrga zor ular nigohi,
Kutganlari esa shafqat va najot.

25.01.2015 y.

SO‘KONG‘ICH

Bor edi bir so‘kong‘ich kishi,
Nihoyatda xudbin, dilozor.
Faqatgina so‘kishdir ishi,
Mahalla-ko‘y bo‘lgandi bezor.

Oxir bir kun uch-to‘rt azamat
So‘kong‘ichning berdi adabin.
Jag‘in boylab yurdi u ko‘p vaqt,
Aytolmasdi lekin sababin.

Kimdir dedi: – Falon ko‘chada
Yashaydi bir yarimjon odam.
Nafsing qonar balki o‘shanda,
U indamas qancha so‘ksang ham.

18.01.2015

SHARH

Bu dunyoda soddalar bisyor,
O‘tmishda ham uchragan ancha.
Biri deydi: – Iqtidoring bor,
Shuning uchun bergansan qancha?

Boshqasi der: – Aqling zo‘r chindan,
Gapni gapga rosa ulading.
Jon og‘ayni, yashirma mendan,
Buning uchun qancha to‘lading?

Deyman, yo‘qdir ularning narxi,
Ular – hayot, ular – zarurat.
Lekin bordir ozgina sharhi:
Tekin erur nodonlik faqat.

15.01.2015

TO‘DA

Ming yillardan buyon jami hayvonlar,
Bo‘rilar, shoqollar, sherlar, arslonlar.

To‘da-to‘da bo‘lib yashab kelishgan,
Birga ov qilishgan, birga yeyishgan.

To‘daning bosqini dahshat juda ham,
Mamontni yiqitgan bir to‘da odam.

Agarda qo‘zisa to‘daning fe’li,
Unga teng kelolmas soylarning seli.

Xos unga yovuzlik, shafqatsizliklar,
Qorni to‘q bo‘lsa-da, toqatsizliklar.

Irsiyat so‘zini aytishmas bekor,
Barchasi to hanuz yo‘qolmagan, bor.

Bi hisni yashirib axir netaman,
To‘dani ko‘rganda qo‘rqib ketaman.

06.01.2015 y

M A D A D

Yashin urgan daraxt,
Yarador bo‘ri,
Qoyaga urilib,
Yiqilgan burgut.
Tanida bor bo‘lsa
Hayotning nuri,
Tangrim, sen ularni
Aylama unut.

Yovuzga kuch berib,
Zolimni qo‘llash
Ehtimol Iblisning
Azaliy kasbi.
Nochoru ojizga
Madadni yo‘llash
Yaratgan Egamga
Xos erur asli.

Butun bo‘lolmadim,
Jonim ham yarim,
Lekin to‘liq sezdim
Tiriklik sasin.
Beozor do‘stlarim-
Chumolilarim,
Gurs-gurs qadam tashlang,
Tangri qo‘llansin.

ODAM VA TULPOR

Ko‘ngli bu dunyodan sovigan odam
Kasalga chalingan tulporga o‘xshar.
Odam qiyo boqmas siymu zarga ham,
Tulpor arpasiga tashlamas nazar.

Undayin odamga ikki dunyo bir,
Chayla va qasrning farqi yo‘qdir, bas.
Undayin tulpor ham hamisha dilgir,
Poygalarga zarra rag‘bati bo‘lmas.

E S L A Sh

Otam bilan birga otga mingashib,
Kitob dovonidan oshgandik bir vaqt.
Qarab bo‘lmas edi pastga engashib,
Bir qadam narida jarlik– halokat.
Qanday o‘tgan edik u yo‘ldan omon?
Eslasam, entikib ketaman hamon.

Tun edi, shahardan qishloqqa qarab,
Katta akam bilan tushardik qirdan.
To‘rtta bo‘ri bizni olgandi o‘rab,
Ufqda to‘rt otliq ko‘rindi birdan.
Biz ular tufayli qolgandik omon,
Eslasam, entikib ketaman hamon.

Kezdim, yer yuzini sayohat qildim,
Ortga qaytar bo‘ldim kemada bir kun.
Dengiz nimaligin o‘shanda bildim,
Baloyi azimday quturdi to‘lqin.
Kemamiz to‘fondan chiqdi-ku omon,
Eslasam, entikib ketaman hamon.

Nima ham qilardim, issiq jon ekan,
Musofir yurtlarda chalindim dardga.
Tiriklik aslida imtihon ekan,
Axir zor bo‘ldim-ku men ham madadga.
Kunimdan bor ekan, tuzaldim omon,
Eslasam, entikib ketaman hamon.

Bugun nasib etdi salobatli yosh,
Shukrona aytaman barchasi uchun.
Lekin nokaslar ham bo‘ldilar yo‘ldosh,
Umrimni egovlab yedilar butun.
Ne baxtkim, baridan o‘toldim omon,
Eslasam, entikib ketaman hamon.

PARHЕZ

Bir bemor kasali qo‘zib turgan kez,
Do‘xtirga borgandi, buyurdi parhez.

Dedi:
— Kamaytiring yog‘liq kabobni,
Konyakning o‘rniga torting gulobni.

Bedana sho‘rvadan oz-ozdan iching,
Somsa va norindan tamom voz keching.

Bemor tushib qoldi g‘alati holga,
So‘ngra izoh berdi ushbu ahvolga:

— Do‘xtirjon, ko‘ngilni qilabering to‘q,
Bunday taomlarni ko‘rganim ham yo‘q.

MAQTANISH

Odam zoti bilsa ekan maqtanishni ham,
Lekin hazm qilolmadim bir holatni hech:
Uni yomon demasdan birorta odam,
“Yaxshiman”, deb dod solar ertadan to kech.

IFTIXOR

Men uni ko‘rganman, der edi birov,
Yonida turganman, der edi birov.
Kattakon majlisda hech ayamasdan
Men uni urganman, der edi birov.

TAKLIFNOMA

So‘kar, dunyo degan bir g‘amxonani,
Kiborlarni so‘kar g‘azabga to‘lib.
Va lekin to‘y qilsa, “Taklifnoma”ni
O‘shalarga eltar birinchi bo‘lib.

MARTABA

Ikki odam gaplashardi Arkning oldida,
Bo‘yab, bejab, ko‘pirtirib har bir kalomni.
Biri derdi:
— Mangu qolar avlod qalbida,
Bosh jallodning o‘zi so‘ygan mening bobomni.

Ikkinchisi so‘z boshlaydi:
— Mening bobom ham,
Obro‘ topgan amirlikda — o‘sha zamonda.
Hurmatini keltirishgan hatto so‘nggi dam,
Osishganlar oddiy emas, ipak arqonda!..

UNUTISH

Unut bahorlarni, qishlarni unut,
Unut osmonlarning zangor ko‘ylagin.
Yulduzlarni unut, qushlarni unut,
Ularni ko‘rmadim deya o‘ylagin.

Dunyoda jamiki mavjud narsani,
Yaralmagan degin, yo‘q deb bil, erkam.
Hayratga solursan shunda barchani,
Shunda unutarsan balki meni ham

16.08.2014

TO‘YLAR

To‘yga aytgan edi aziz bir do‘stim,
Do‘konni aylanib, sovg‘a ham oldim.
Bordim, to‘yxonada yo‘q edi hech kim,
Yanglishib kelibman men bir kun oldin.

Yana bir og‘aynim, o‘z-o‘ziga to‘q,
To‘y qilishni kutdi, kutdi ichikib.
Borsam, tantanadan zarra nishon yo‘q,
Axir, men kelibman bir kun kechikib.

Hayot shukronaga mutloq munosib,
Tiriklik o‘zidir oliy mukofot.
Har kimga baxt-iqbol aylasin nasib,
Uysizga uy bersin, bemorga najot.

To‘yning-ku uzrini aytmoqlik oson,
Qutlovning eshigi hamisha ochiq.
Lek dilingni qiynar boshqa bir armon,
Qayda u — nasibang, senga yarashiq.

Yonma-yon yurarkan sevinch bilan g‘am,
Bir holni tushunmay, hayronman, ammo
Dunyoni ne’matim deganding, Egam,
Erta keldimmi men, kechikdimmi yo?

16.09.2014

DO‘STLAR VA RAQIBLAR

Yoshlik yillarimni eslayman sekin,
Gohida tinibman, gohida qaynab.
Turfa satrlarni bitibman, lekin
Bir so‘z ham yozmabman qalamni qiynab.

O‘rni kelganida kechdim daryodan,
Bitta o‘zim qoldim girdobda goho.
Kuch oldim do‘stlarim bergan hirmondan,
Tortdi oyog‘imdan raqiblar ammo.

Agar tog‘ atalsa u shonli ravoq,
Oltin zinasiga qo‘ydim bir kun bosh.
Do‘stlarim qutlovga qo‘l cho‘zdi, biroq
Raqiblar tepadan otib turdi tosh.

Ravon yo‘l yo‘q ekan, har yon so‘qmoqdir,
Yo‘lbars ham yurmagan chigal bu o‘rmon.
Do‘stlar-ku yulduzdek senga mayoqdir,
Raqiblar bildirmay qo‘yarlar qopqon.

Bu yorug‘ dunyoda yo‘l yurib albat,
Oxiri to‘xtaysan, paymonang to‘lib.
O‘sha kun do‘stlarga bermasdan navbat,
Raqiblar so‘z aytar birinchi bo‘lib.

Insonga ko‘rgilik azaldan o‘tgan,
Doimo vijdonga keltirganlar shak.
Xudoyim urganu payg‘ambar turtgan
Raqibning ustozi — Iblisdir beshak.

29.01.2015 yil

TO‘RTLIKLAR

To‘rtliklar

Nochorning ustidan kulma hech qachon,
Bilmasdan kamsitma, boyvachcha o‘g‘lon.
Topgan aqchasiga non olgaydir u,
Keksa onasiga yo dori-darmon.

***
Dunyoda tiriklik emasdir oson,
Xudkashlik esa-chi, yomondan yomon.
Faqat Yaratganning ismin takror et,
Boshqa chora yo‘qdir, yo‘q o‘zga imkon.

***
Seni ko‘ray dedim – tonglarim otdi,
Orazing yorishib, tunni yo‘qotdi.
Lekin qora soching yuzingga tushgach,
Yana tun boshlandi, quyosh ham botdi.

***
Tashna qultum suvni orzu etgaydir,
Oltin piyolani axir netgaydir?!
Bemorga mol-dunyo va’da aylama,
Bir og‘iz shirin so‘z unga, yetgaydir.

***
Mag‘izni po‘choqqa qarshi qo‘yar u,
Olovni o‘choqqa qarshi qo‘yar u.
Ikkisi to abad birlashmasin, deb
O‘rtoqni o‘rtoqqa qarshi qo‘yar u.

***
Dunyoda uchraydi shundaylar, bilsang,
Alif ham chiqmaydi qornini tilsang.
Hammani o‘ziga o‘xshatadi u,
– Qancha olding, – deydi, yaxshilik qilsang.

03

(Tashriflar: umumiy 1 774, bugungi 1)

4 izoh

  1. Alloh rozi bo’lsin Sizlardan, aziz ustozlar. Shoirning joylari jannat bo’lsin. Ko’ngil yig’ladi, yayradi…

  2. Шоир жойи жаннат булсин. Ушбу сайтни ташкил килганларга минг бор РАХМАТ. Узбек адабиётини жахонга танитиш йулида чарчамангалар.

  3. Abdullah Oripov Mustaqil O’zbekiston yoshlarining ruhiy tayanchi edi, shoir ijodini tushungan inson hayot mazmuni nimada ekanini anglay oladi

Izoh qoldiring