Гулчеҳрада азалий мавзуларга қизиқиш кучли, шу боисдан у замонавийлик байроғи остида таъмагирлик билан шеър битишдан қочади. Яратган, Ҳаёт, Севги, Соғинч, Дўст, Юрак, Моҳ, Тун, Изтироб каби умуминсоний ва умумназмий мавзуларга мурожаат қилади, уларни ўз кечинмалари билан тўлдириб, пардозлаб, ҳар бири ҳақида бетакрор фалсафий мушоҳадалар юритади.
Виктор АЛИМАСОВ
“МЕН ҲАЁТНИ СУЙИБ…”
Шоир зоти ёзилган ва ёзилмаган мисралар, топилган ва топилмаган қофиялар ўртасида сарсон яшайди. У, Гарсиа Лорка ибораси билан айтганда, ҳар бир қофияни юрак қаъридан ситиб олгунича қидиради, ҳукмни эса бошқалар чиқаради.
Менга журналист сифатида таниш Гулчеҳра Муродалиеванинг бир шеъридаги “Қорми – тақдиримга муҳрини босди. Шамолми – супурди ортимдан…” мисралари ёдимда муҳрланиб қолди. Қандайдир ҳазинлик, изтироб, соғинч аралаш нидо шеърга яширингандай туюлади.
…Айниқса
Тумандай ўйлар тўзғиса –
Ёлғиз қолсанг ҳамда яланғоч.
Айниқса
Дафъатан дунёдан тўйсанг,
Кўнгил эса – оч…
Айниқса, борлигинг ҳеч ким сезмаса,
Сен эса яшасанг – тоғдай.
Айниқса
Ҳаммаси, ҳаммаси… ўтса –
Куз келса – йигирма еттинчи…
Айниқса, кетганлар қайтиб келмаса…
Ишқ эса…
(…Ўткинчи!..)
Йигирма еттида кўнгил оч бўла туриб, ҳаётдан тўйиш, тоғдай яшашингни ҳеч ким пайқамаслигини туйиш, ҳаммаси, ҳаммаси, шу қаторда ишқ ҳам ўткинчи эканлигини англаш ва улар ҳақида дилни тўлғовчи мисралар битиш!..
Энди юракка тиғдай ботувчи мана бу мисраларга қулоқ тутинг:
Рост Ҳаёт! – Ёлғон Ҳаёт! –
Ортимда қолғон Ҳаёт!..
Кулдуриб ҳам куйдуриб
Домиға олғон Ҳаёт!
Йигирма еттида ҳаётнинг рост ва ёлғондан иборатлигини пайқаш мумкин, лекин уни ортимда қолган ҳаёт дейишга ҳали тил бормайди. Ҳали машаққатлардан ҳузур олиш сўнмаган, ҳали белингдан қувват, кўзларингдан нур кетмаган, ҳали томирларингдан қон уфуриб оқишдан тинмаган. Ҳали эрта, аммо ижодкор учун эмас, айниқса, у ҳақиқий истедодга ошно бўлса.
Кел ёнимга, келгил,
Кела қол…
Ахир сени чорлаяпман мен.
Кел. Бир лаҳза қўлларимдан ол –
Бор оламни унутай тамом…
Кел ёнимга
Бўрон… кела қол!
Тўфонларга айлангил, майли.
Бу дунёдан армонларни ол,
Олгил яна
Мен – бечорани…
Киромийларга эргашиш – киромийликдан дарак (Эпикур). Асло кўр-кўрона тақлид қилиш эмас. Гулчеҳра худди Лермонтовдек, маҳзун ўйлари, ҳазин туйғулари ва соғинч унларини барча шеърларига сингдирган. Лекин уларнинг ибрати ҳам, ибороти ҳам ўзиники.
Соғинч – танҳолик, ёлғизлик синглиси. Нидо, ғам – уларнинг қўли. Ана шу қўлларга таяниб юради соғинч.
Сочларимни сийпама, Ёмғир,
Юзларимни сийлама…
Наҳот менинг ҳеч кимим бўлмаса, Ёмғир –
Сендан ўзга ҳеч кимим?!
Сени узоқ кутишди.
Нафасингни бир умр соғинишди.
Биз нега ўхшашмадик, Ёмғир –
Нега ўхшашмадик?..
Шоира бу шеърини “Танҳолик” деб атаган. У ёмғирга ўхшашни, тўғрироғи эса, ўзини ҳам ёмғирдек бир умр соғиниб кутишларини истайди. “Нега ўхшашмадик?..” – фарёд бўлиб эшитилади.
Шоир қалби – соғинчлардан кўкарган чечак. Балки шунинг учун ҳам “соғинчлардан ўлмаслик – гуноҳ” деб ҳукм чиқаради у. Бунга тўла ҳаққи бор. Баъзан шоира “Шодликлардан йироқман бугун, Соғинч энди ўртамас асло”, деб ўзини ҳам, ўқувчини ҳам ишонтирмоқчи бўлади. Дарвоқе, бе чекиниш ўқувчи иштиёқини оширади. Кейинроқ эса “Яна қайтар асрий мўъжиза, шодлик, соғинч, севги… барчаси”, деб хабар беради. Ана шу асрий мўъжизалар билан ижодкор бахтиёр эканлигини билганидан, уларнинг яна қайтганидан хурсанд бўласан. Бироқ шеърни у:
Ёстиғим нам,
Вужуд – аланга!
Ташланаман унинг бағрига…
деб тугатади. Ҳамдардлик аралаш бир ҳис уйғонади қалбингда. Унинг нималигини дарров тополмайсан. Бунинг учун шеърдан озгина узоқлашиш зарур. Худди мозаикани бутунича илғаш учун масофа керак бўлганидек. Ўйларингни ўз ўтмишингга кўчириб, улар ўкинчга айланган севинч, насиб бўлмаган севги, ушалмаган орзу, риёкор тақдирлигини пайқаб, шоирнинг бахти – унинг бахтсизлигида, деган иборани ночор такрорлайсан…
Яна бир шеърида Гулчеҳра “Ҳаммаси ўткинчи. Ҳаммаси ўтар… Бир кун тарк этганда яшашнинг ғами, Сенинг юзларингда соғинчми қотар, Менинг юрагимга ботгани каби”, деб ёзади. Юрагига ботган соғинч баъзан “киприклар остида музлайди”,”дилни ўртаб оқади”, ёки “Сени қучиб соғиндим, Ҳаёт, Сени суйиб йиғладим, Ҳаёт!” каби ўқувчини ҳам ҳайратга, ҳам ҳасратга солувчи хитобга айланади. Бетакрор қиёслашлар соғинчга ички нидони сингдириб, сеҳрли олам яратади, ақл мантиқ измидан чиқиб нафис ва дардчил туйғулар кетидан эргашади. Қаердадир тўхтагинг, қаердадир эътироз билдириб, ҳатто мисраларни ўзингники қилгинг келади, лекин улар сени ўзиники қилганини пайқайсан. Мисралар сенинг измингдамас, сен уларнинг измидасан. Бу шеърият ва истеъдод мўъжизасидир!
Гулчеҳра қисқа мисралар тузади. Шеърлари ҳам узун эмас. Энг узуни ярим бет. Баъзан менга шоира шеър эмас, афоризмлар тўқишга аҳд қилгандай туюлади. Қиёслашлари лўнда, фикрлари файласуфона. Деярли ҳар сатрда учровчи тиниш белгилари, айниқса, уч нуқталар келинчак юзидаги ниқобдай, мисраларни серҳаё ва сермаъно қилади. Ҳатто пўртанадай отилишга шай туйғулар ҳам ўзини тийиб, уч нуқталар ичига яширинади. Натижада уч нуқталар ҳар кимнинг ўз иқтидорига яраша фикр айтишига жой қолдиради.
Ҳаёт…
Йўқ! Шошма!..
Тутгил лабларингни –
Мени жазола…
Деярли ҳар бир шеърда шундай.
Гулчеҳранинг фикрлари қотган қоидалардан, қофиябозликдан йироқ. Ҳатто шоира бу қоидаларни атайин бузишини кузатамиз. У, мен шундай, истасангиз шу, деяётгандай. Қофия бузилади, лекин моҳият ютади.
Бўтакўзнинг сокин термулишида
Бир ҳасрат бор эди – ишққа мунтазир!
Унинг ҳар кўзида қайғу гулларда,
Менинг ҳар кунимда йиғларди туйғу…
Илк китоб илк севгидай. Илк севги покиза ва сирли ҳисларга чўлғайди, энг тоза ва ардоқли йўлларга ошно этади. Кўп ҳолларда эса айрилиқ азобини, бедиллик жафосини тотасан, натижада шоирнинг ўкинчли “толеимда сен бўлмадинг, бахтли муҳаббат” сўзларини беихтиёр такрорлайсан. Қайси бири қимматли – севги сафосими ёки севги жафоси? Тўғри, сафосиз жафосини билмайсан, жафосиз – сафосини. Бироқ негадир жафокаш сатрлар кўпроқ ҳамдардлик уйғотади. Ўзига ҳамфикр этади. Айниқса, шеъриятда. Ҳатто шоирани унутасан. Муаллифи, гўёки сен. Гўёки, ойнинг шарпаси сени ташлаб кетаётгандай, бугунларинг масъуд тунларингдай, лабларинг беумид илтижо билан “севгим, кетма, қол, бағримда қол”, деб ёлвораётгандай. Бу сирнинг ибтидосини қидирасан. Тополмайсан, топишинг ҳам даргумон. Яна мисралар ёрдамга келади.
Ёшлигим беролмам сенга, дўстгинам, –
Куйгун умр ўтар борини олиб!
Бироқ
Дарча, булут,
Ёмғирдан ивиган сўқмоқ
Ишқ бўлиб ёндирар ортимда қолиб!..
Бошқа жойда шоира ёзади: “Ишқ – Онамдир, Ишқ – боламдир, Ишқ – Худойим!.. Бир даҳрийга бундан ортиқ нидо қайда?” Ёки:
Дилдан кишанларни парчинлайверар
Асрлар қаъридан ўтган бу ҳужум:
Муҳаббат – юракнинг туғилишидир;
Муҳаббат – дунёга ташланган ҳукм!..
Ҳеч қандай изоҳ, ҳеч қандай талқин улар ўрнини босолмайди. Шеърга – шеърнинг ўзи ўлчов, ўзи – мақтов.
Гулчеҳра шеърларида ҳар бир сатрнинг, ҳар бир сўзнинг ўз ўрни бор. Улардан истаганингизни олишингиз мумкин. “Мен ҳаётни суйиб…” – дея шоира сатрни тугатади. Ҳаётни севмаслик мумкинми? Шоира кейинги сатрда “Туғилдим” деб ундов қўяди. “Мен ҳаётни суйиб… Туғилдим!” Ҳаётни севиб туғилиш мумкинми? Нега бўлмаса, одам дунёга йиғлаб келади? Йўқ, шоира ҳаётнинг – рост ҳаёт, ёлғон ҳаёт, ҳатто қаттол ҳаётлигига қарамай, уни севишини айтмоқчи. Оддийгина сўзлар мантиқий фикрлашни рад этиб, сермаъно мисраларга айланади. Эшитинг: “Мен ҳаётни суйиб… Туғилдим! Денгиз, сендан олдим юракни… Қумларингга ботдим. Йўғрилдим. Қумлар – шўрли таним. – Ватаним. Қуёш, бунча бағрим доғлама: Сен оловсан – сен маргсан – тенгсиз! Нетай сени чорлаб тўймади Юрагимда ғарқ бўлган денгиз…” Мана, шеърият сеҳри!
Гулчеҳрада азалий мавзуларга қизиқиш кучли, шу боисдан у замонавийлик байроғи остида таъмагирлик билан шеър битишдан қочади. Яратган, Ҳаёт, Севги, Соғинч, Дўст, Юрак, Моҳ, Тун, Изтироб каби умуминсоний ва умумназмий мавзуларга мурожаат қилади, уларни ўз кечинмалари билан тўлдириб, пардозлаб, ҳар бири ҳақида бетакрор фалсафий мушоҳадалар юритади. Фалсафа шеъриятдан туғилган, дейишади. Фалсафа шеъриятга йўғрилган ҳам. Айниқса, Шарқда. Гулчеҳранинг шеърлари ҳам бунга ишончли мисол.
Тўғрисини айтсам, Гулчеҳранинг шеърлари менда ҳавас уйғотди, таланти – ҳасад. Дўстона маънода, албатта. Нега мен ёзмадим уларни? Ахир, мен ҳам айтишим мумкин эди-ку? Лекин айтмадим, нега? Шоира жавоб беради: “…Ўтаётган ўктам кунларда бир лаҳза бор – менга аталган”. Демак, Гулчеҳра ана шу лаҳзани топган, мен эса тополмадим. Гулчеҳра ана шу лаҳзада ўзини, ўзи айтгандай, малика эканини сезган, мен эса у лаҳзанинг итоаткор қули бўлиб қолаверганман…
Шеърлар – шоиранинг кўпдан бери қатра-қатралаб йиғилган, юрагига сиғмас куйлари! Улар – шоиранинг дилига тўпланган “армонидай улуғ нафиса”лари! Улар шоиранинг чеккан чексиз изтироблари туфайли “бўғзидан юракка қайтган сўзлари!” Улар келар-да кетар ойнинг шарпаси эмас, балки ҳаётнинг мураккаб ва серқайғу сўқмоқларида тортган оҳлар шарпаси. Улар – ҳаётга, муҳаббатга ташналик! Шунинг учун ҳам у руҳий изтироблари ва дардчил ўйларини енгиб: “Мен ҳаётга ҳали тўймадим”, деб ўзига тасалли беради. Шеъриятга эса ўз ихтиёринг билан кириш бору, чиқиш йўқ. Демак, куйлар, Гулчеҳранинг Ҳаёт ва Муҳаббат ҳақидаги куйлари ҳали олдинда, дегим келади…
1997
Гулчеҳра МУРОДАЛИЕВА
“БУ КУН МЕН СЕНДАН-ДА ҚЎРҚМАСМЕН!..”
* * *
Ёғилмаган ёмғирларим бор.
Қорларим бор – тўколмаганим…
Мен жоним деб, жонимга босдим
Тўйиб-тўйиб… тўёлмаганим –
Сени қучиб
Соғиндим, Ҳаёт!
Сенинг учун қонлар тўкмадим.
Яшадим-ку, йиртмайин ёқа!
Аммо
Ойнинг маъюс бағрида
Бу тун ишқдан дил пора-пора.
Сени суйиб
Йиғладим… Ҳаёт!..
* * *
Менинг борлигимни Сиз билмадингиз,
Сизнинг йўқлигингиз билмадим мен ҳам…
…Дафъатан ой каби равшанлашди тун,
дафъатан… бўғзимга қадалди бир Ғам.
Неки бор қадрини топади бир кун, –
Неки бор – бир куни бўлади қойим:
Сизнинг қабрингизда болангиз йиғлар,
Меникида эса…
Худойим!..
МЕҲР
Кетди қорлар, кетди ёмғир,
кетди гулу лолалар…
Бу кўнгилни суйди энди
Сизга етмас волалар.
…Ўтди хазон, ўтди хазон! –
ўтди хазон Сиз томон,
У ғамларни менга беринг, –
эзмасинлар нолалар…
* * *
Фаришталар берди таскин, –
битта жонни ўтга солдик…
Даҳрнинг минг озорини
дилга олдик,
Оҳки, олдик!..
Кетдик ишққа зор, – қайтмадик.
Ё кўнгилни бир айтмадик.
Ғаним – дўстми, дўст – ғанимми
охир билдик ё билмадик.
Энди ўздан тортажакмиз:
Бу дунёдан ортажакмиз…
Бир дилники туфроқ билдик,
Эҳ! – туфроққа қайтажакмиз!..
* * *
Меҳрни-ку дўст еди,
Кўнгилни ҳам… ноошно…
Бефараҳ тунларимда
Тўкилгани – ой – танҳо.
“Бағри куюгим” дема,
Ишқ – яхшидир. Ишқ – ёмон!..
Субҳ-ла қонли изимга
Қорлар ёғар – покдомон.
…Бу оламда ҳақ бўлмас,
Барчаси – рўё. Рўё!
Мен Ишқ дея жон бердим,
Энди…
Кечир, – Худоё!..
* * *
Келаётган ўктам кунларда
Ҳар лаҳза бор менсиз ўтмаган, –
Лаҳзаларга мен мангу қулман,
У кунларга абадий ҳаммол!..
Ўтаётган ўктам кунларда
Бир лаҳза бор – менга аталган.
У лаҳзада мен – маликаман,
У лаҳзада олам менга қул!..
ТУШУНЧА
Очиқ турган бу қўл – менингдир,
Тишлаб ўтманг шафқатингизни.
Тўлмаётган кўнгил – менингдир, –
Ташлаб кетманг нафратингизни!..
Қон ҳаётнинг дилгир, мосуво
Қўшиғида ҳордим, чарчадим…
…Олмасангиз олманг бу Ишқни –
Қўлда юрак, – Кундан парчадир!
* * *
Кетар куним фасли ёбондир.
Келар туним асли қиёмат…
Сенинг мурувватинг на бахту,
Менинг тириклигим на омад.
Товонимни куйдириб ўсган
бир гиёҳдек қолмасман озод,
Агар куним мени суймаса,
Кўролмаса юрагим, – ғамзод.
Ҳасрат куйин бир зум буколмай
Ишқ ростлайди юракда қомат…
…Сенинг тириклигинг бир бахтдир,
Менинг мурувватим – бир омад.
* * *
Балки ёмон, балки жуда ёмон
Кўзни юммоқ – умр сўнггин кўрмай…
Ва Илоҳнинг пешонангга битган
Ҳар сатрига шак келтирмоқ, – кўнмай!
Умр оздир. Бу бир умр оздир
Ҳаётингга бермоқ учун Ҳаёт!..
Ахир ёмон. Ахир жуда ёмон
Сенсиз яшаш – тирик туриб –
Ўлмай.
* * *
Баайни
мовийранг кўкка термулиб
Денгизни қўмсаган кутган қум – саҳро…
ЁРнинг жамолига интиқ зор дарвиш
йўллари фанодан тушгандек айро
Боғларнинг нафармон бўйида кезиб
шувоққа интилган насимдайин ё
Адашган
довулда қолган қайиқнинг
Паноҳбони – Баҳри азимдай гўё…
Ё туннинг зулумот кечаларини
бағрида ёритган ой нурларидай
Саҳарда дарахтнинг ғунчаларини
қуёшда илитган шох – қўлларидай
Қафасдаги қушдек
Кераксиз тушдек
Даштдаги ёмғирдай –
адоғи йўқдай
Баргрезондек худди
Фасли баҳордек
Бўрондай
Тўзондай
Отилган ўқдай…
Мени адо қилар Муштоқлик фасли…
* * *
О тийиқсиз, сарҳадсиз Уммон –
Ишқ аталмиш ўткинчи Олам!
Жоним сўра, мен чекмасман ғам,
Бугун дилда бир ЁР бор, холос.
Товонимга етмайди ғаним!..
Нигоҳларинг қолар ер қучиб,
Севгим, сендан кетяпман учиб.
Меҳрталаб таним, энди хўш…
Мени чорлар оловдай оғўш:
Ҳақиқий ЁР
Ва боқий Ўлим!..
БУ КУН
Кўксингдан бош олиб кетсам мен.
Қисматнинг сўнггига етсам мен.
Ва ёки Кўнглимни шоҳ айлаб,
ўзимни ё гадо этсам мен?..
Ва сўнг бор очилса бир гулим,
мен уни Илоҳга тутсайдим…
…Бу қандай ёвқараш, эй Ўлим? –
Бу кун мен сендан-да қўрқмасмен!..
Gulchehrada azaliy mavzularga qiziqish kuchli, shu boisdan u zamonaviylik bayrog‘i ostida ta’magirlik bilan she’r bitishdan qochadi. Yaratgan, Hayot, Sevgi, Sog‘inch, Do‘st, Yurak, Moh, Tun, Iztirob kabi umuminsoniy va umumnazmiy mavzularga murojaat qiladi, ularni o‘z kechinmalari bilan to‘ldirib, pardozlab, har biri haqida betakror falsafiy mushohadalar yuritadi.
Viktor ALIMASOV
“MЕN HAYOTNI SUYIB…”
Shoir zoti yozilgan va yozilmagan misralar, topilgan va topilmagan qofiyalar o‘rtasida sarson yashaydi. U, Garsia Lorka iborasi bilan aytganda, har bir qofiyani yurak qa’ridan sitib olgunicha qidiradi, hukmni esa boshqalar chiqaradi.
Menga jurnalist sifatida tanish Gulchehra Murodaliyevaning bir she’ridagi “Qormi – taqdirimga muhrini bosdi. Shamolmi – supurdi ortimdan…” misralari yodimda muhrlanib qoldi. Qandaydir hazinlik, iztirob, sog‘inch aralash nido she’rga yashiringanday tuyuladi.
…Ayniqsa
Tumanday o‘ylar to‘zg‘isa –
Yolg‘iz qolsang hamda yalang‘och.
Ayniqsa
Daf’atan dunyodan to‘ysang,
Ko‘ngil esa – och…
Ayniqsa, borliging hech kim sezmasa,
Sen esa yashasang – tog‘day.
Ayniqsa
Hammasi, hammasi… o‘tsa –
Kuz kelsa – yigirma yettinchi…
Ayniqsa, ketganlar qaytib kelmasa…
Ishq esa…
(…O‘tkinchi!..)
Yigirma yettida ko‘ngil och bo‘la turib, hayotdan to‘yish, tog‘day yashashingni hech kim payqamasligini tuyish, hammasi, hammasi, shu qatorda ishq ham o‘tkinchi ekanligini anglash va ular haqida dilni to‘lg‘ovchi misralar bitish!..
Endi yurakka tig‘day botuvchi mana bu misralarga quloq tuting:
Rost Hayot! – Yolg‘on Hayot! –
Ortimda qolg‘on Hayot!..
Kuldurib ham kuydurib
Domig‘a olg‘on Hayot!
Yigirma yettida hayotning rost va yolg‘ondan iboratligini payqash mumkin, lekin uni ortimda qolgan hayot deyishga hali til bormaydi. Hali mashaqqatlardan huzur olish so‘nmagan, hali belingdan quvvat, ko‘zlaringdan nur ketmagan, hali tomirlaringdan qon ufurib oqishdan tinmagan. Hali erta, ammo ijodkor uchun emas, ayniqsa, u haqiqiy istedodga oshno bo‘lsa.
Kel yonimga, kelgil,
Kela qol…
Axir seni chorlayapman men.
Kel. Bir lahza qo‘llarimdan ol –
Bor olamni unutay tamom…
Kel yonimga
Bo‘ron… kela qol!
To‘fonlarga aylangil, mayli.
Bu dunyodan armonlarni ol,
Olgil yana
Men – bechorani…
Kiromiylarga ergashish – kiromiylikdan darak (Epikur). Aslo ko‘r-ko‘rona taqlid qilish emas. Gulchehra xuddi Lermontovdek, mahzun o‘ylari, hazin tuyg‘ulari va sog‘inch unlarini barcha she’rlariga singdirgan. Lekin ularning ibrati ham, iboroti ham o‘ziniki.
Sog‘inch – tanholik, yolg‘izlik singlisi. Nido, g‘am – ularning qo‘li. Ana shu qo‘llarga tayanib yuradi sog‘inch.
Sochlarimni siypama, Yomg‘ir,
Yuzlarimni siylama…
Nahot mening hech kimim bo‘lmasa, Yomg‘ir –
Sendan o‘zga hech kimim?!
Seni uzoq kutishdi.
Nafasingni bir umr sog‘inishdi.
Biz nega o‘xshashmadik, Yomg‘ir –
Nega o‘xshashmadik?..
Shoira bu she’rini “Tanholik” deb atagan. U yomg‘irga o‘xshashni, to‘g‘rirog‘i esa, o‘zini ham yomg‘irdek bir umr sog‘inib kutishlarini istaydi. “Nega o‘xshashmadik?..” – faryod bo‘lib eshitiladi.
Shoir qalbi – sog‘inchlardan ko‘kargan chechak. Balki shuning uchun ham “sog‘inchlardan o‘lmaslik – gunoh” deb hukm chiqaradi u. Bunga to‘la haqqi bor. Ba’zan shoira “Shodliklardan yiroqman bugun, Sog‘inch endi o‘rtamas aslo”, deb o‘zini ham, o‘quvchini ham ishontirmoqchi bo‘ladi. Darvoqe, be chekinish o‘quvchi ishtiyoqini oshiradi. Keyinroq esa “Yana qaytar asriy mo‘jiza, shodlik, sog‘inch, sevgi… barchasi”, deb xabar beradi. Ana shu asriy mo‘jizalar bilan ijodkor baxtiyor ekanligini bilganidan, ularning yana qaytganidan xursand bo‘lasan. Biroq she’rni u:
Yostig‘im nam,
Vujud – alanga!
Tashlanaman uning bag‘riga…
deb tugatadi. Hamdardlik aralash bir his uyg‘onadi qalbingda. Uning nimaligini darrov topolmaysan. Buning uchun she’rdan ozgina uzoqlashish zarur. Xuddi mozaikani butunicha ilg‘ash uchun masofa kerak bo‘lganidek. O‘ylaringni o‘z o‘tmishingga ko‘chirib, ular o‘kinchga aylangan sevinch, nasib bo‘lmagan sevgi, ushalmagan orzu, riyokor taqdirligini payqab, shoirning baxti – uning baxtsizligida, degan iborani nochor takrorlaysan…
Yana bir she’rida Gulchehra “Hammasi o‘tkinchi. Hammasi o‘tar… Bir kun tark etganda yashashning g‘ami, Sening yuzlaringda sog‘inchmi qotar, Mening yuragimga botgani kabi”, deb yozadi. Yuragiga botgan sog‘inch ba’zan “kipriklar ostida muzlaydi”,”dilni o‘rtab oqadi”, yoki “Seni quchib sog‘indim, Hayot, Seni suyib yig‘ladim, Hayot!” kabi o‘quvchini ham hayratga, ham hasratga soluvchi xitobga aylanadi. Betakror qiyoslashlar sog‘inchga ichki nidoni singdirib, sehrli olam yaratadi, aql mantiq izmidan chiqib nafis va dardchil tuyg‘ular ketidan ergashadi. Qayerdadir to‘xtaging, qayerdadir e’tiroz bildirib, hatto misralarni o‘zingniki qilging keladi, lekin ular seni o‘ziniki qilganini payqaysan. Misralar sening izmingdamas, sen ularning izmidasan. Bu she’riyat va iste’dod mo‘jizasidir!
Gulchehra qisqa misralar tuzadi. She’rlari ham uzun emas. Eng uzuni yarim bet. Ba’zan menga shoira she’r emas, aforizmlar to‘qishga ahd qilganday tuyuladi. Qiyoslashlari lo‘nda, fikrlari faylasufona. Deyarli har satrda uchrovchi tinish belgilari, ayniqsa, uch nuqtalar kelinchak yuzidagi niqobday, misralarni serhayo va serma’no qiladi. Hatto po‘rtanaday otilishga shay tuyg‘ular ham o‘zini tiyib, uch nuqtalar ichiga yashirinadi. Natijada uch nuqtalar har kimning o‘z iqtidoriga yarasha fikr aytishiga joy qoldiradi.
Hayot…
Yo‘q! Shoshma!..
Tutgil lablaringni –
Meni jazola…
Deyarli har bir she’rda shunday.
Gulchehraning fikrlari qotgan qoidalardan, qofiyabozlikdan yiroq. Hatto shoira bu qoidalarni atayin buzishini kuzatamiz. U, men shunday, istasangiz shu, deyayotganday. Qofiya buziladi, lekin mohiyat yutadi.
Bo‘tako‘zning sokin termulishida
Bir hasrat bor edi – ishqqa muntazir!
Uning har ko‘zida qayg‘u gullarda,
Mening har kunimda yig‘lardi tuyg‘u…
Ilk kitob ilk sevgiday. Ilk sevgi pokiza va sirli hislarga cho‘lg‘aydi, eng toza va ardoqli yo‘llarga oshno etadi. Ko‘p hollarda esa ayriliq azobini, bedillik jafosini totasan, natijada shoirning o‘kinchli “toleimda sen bo‘lmading, baxtli muhabbat” so‘zlarini beixtiyor takrorlaysan. Qaysi biri qimmatli – sevgi safosimi yoki sevgi jafosi? To‘g‘ri, safosiz jafosini bilmaysan, jafosiz – safosini. Biroq negadir jafokash satrlar ko‘proq hamdardlik uyg‘otadi. O‘ziga hamfikr etadi. Ayniqsa, she’riyatda. Hatto shoirani unutasan. Muallifi, go‘yoki sen. Go‘yoki, oyning sharpasi seni tashlab ketayotganday, bugunlaring mas’ud tunlaringday, lablaring beumid iltijo bilan “sevgim, ketma, qol, bag‘rimda qol”, deb yolvorayotganday. Bu sirning ibtidosini qidirasan. Topolmaysan, topishing ham dargumon. Yana misralar yordamga keladi.
Yoshligim berolmam senga, do‘stginam, –
Kuygun umr o‘tar borini olib!
Biroq
Darcha, bulut,
Yomg‘irdan ivigan so‘qmoq
Ishq bo‘lib yondirar ortimda qolib!..
Boshqa joyda shoira yozadi: “Ishq – Onamdir, Ishq – bolamdir, Ishq – Xudoyim!.. Bir dahriyga bundan ortiq nido qayda?” Yoki:
Dildan kishanlarni parchinlayverar
Asrlar qa’ridan o‘tgan bu hujum:
Muhabbat – yurakning tug‘ilishidir;
Muhabbat – dunyoga tashlangan hukm!..
Hech qanday izoh, hech qanday talqin ular o‘rnini bosolmaydi. She’rga – she’rning o‘zi o‘lchov, o‘zi – maqtov.
Gulchehra she’rlarida har bir satrning, har bir so‘zning o‘z o‘rni bor. Ulardan istaganingizni olishingiz mumkin. “Men hayotni suyib…” – deya shoira satrni tugatadi. Hayotni sevmaslik mumkinmi? Shoira keyingi satrda “Tug‘ildim” deb undov qo‘yadi. “Men hayotni suyib… Tug‘ildim!” Hayotni sevib tug‘ilish mumkinmi? Nega bo‘lmasa, odam dunyoga yig‘lab keladi? Yo‘q, shoira hayotning – rost hayot, yolg‘on hayot, hatto qattol hayotligiga qaramay, uni sevishini aytmoqchi. Oddiygina so‘zlar mantiqiy fikrlashni rad etib, serma’no misralarga aylanadi. Eshiting: “Men hayotni suyib… Tug‘ildim! Dengiz, sendan oldim yurakni… Qumlaringga botdim. Yo‘g‘rildim. Qumlar – sho‘rli tanim. – Vatanim. Quyosh, buncha bag‘rim dog‘lama: Sen olovsan – sen margsan – tengsiz! Netay seni chorlab to‘ymadi Yuragimda g‘arq bo‘lgan dengiz…” Mana, she’riyat sehri!
Gulchehrada azaliy mavzularga qiziqish kuchli, shu boisdan u zamonaviylik bayrog‘i ostida ta’magirlik bilan she’r bitishdan qochadi. Yaratgan, Hayot, Sevgi, Sog‘inch, Do‘st, Yurak, Moh, Tun, Iztirob kabi umuminsoniy va umumnazmiy mavzularga murojaat qiladi, ularni o‘z kechinmalari bilan to‘ldirib, pardozlab, har biri haqida betakror falsafiy mushohadalar yuritadi. Falsafa she’riyatdan tug‘ilgan, deyishadi. Falsafa she’riyatga yo‘g‘rilgan ham. Ayniqsa, Sharqda. Gulchehraning she’rlari ham bunga ishonchli misol.
To‘g‘risini aytsam, Gulchehraning she’rlari menda havas uyg‘otdi, talanti – hasad. Do‘stona ma’noda, albatta. Nega men yozmadim ularni? Axir, men ham aytishim mumkin edi-ku? Lekin aytmadim, nega? Shoira javob beradi: “…O‘tayotgan o‘ktam kunlarda bir lahza bor – menga atalgan”. Demak, Gulchehra ana shu lahzani topgan, men esa topolmadim. Gulchehra ana shu lahzada o‘zini, o‘zi aytganday, malika ekanini sezgan, men esa u lahzaning itoatkor quli bo‘lib qolaverganman…
She’rlar – shoiraning ko‘pdan beri qatra-qatralab yig‘ilgan, yuragiga sig‘mas kuylari! Ular – shoiraning diliga to‘plangan “armoniday ulug‘ nafisa”lari! Ular shoiraning chekkan cheksiz iztiroblari tufayli “bo‘g‘zidan yurakka qaytgan so‘zlari!” Ular kelar-da ketar oyning sharpasi emas, balki hayotning murakkab va serqayg‘u so‘qmoqlarida tortgan ohlar sharpasi. Ular – hayotga, muhabbatga tashnalik! Shuning uchun ham u ruhiy iztiroblari va dardchil o‘ylarini yengib: “Men hayotga hali to‘ymadim”, deb o‘ziga tasalli beradi. She’riyatga esa o‘z ixtiyoring bilan kirish boru, chiqish yo‘q. Demak, kuylar, Gulchehraning Hayot va Muhabbat haqidagi kuylari hali oldinda, degim keladi…
1997
Gulchehra MURODALIYEVA
“BU KUN MЕN SЕNDAN-DA QO‘RQMASMЕN!..”
Gulchehra Murodaliyeva Tojikistonning Leninobod (hozirgi Sug‘d) da tug‘ilgan. 1986 yili Toshkent davlat (hozirgi Milliy) universitetining jurnalistika fakultetini tugatgan. She’rlari respublika gazeta va jurnallarida chop etilgan. 1993 yilda “Oy sharpasi”, 2014 yilda “Mushtoqlik fasli” nomli to‘plamlari nashr etilgan.
* * *
Yog‘ilmagan yomg‘irlarim bor.
Qorlarim bor – to‘kolmaganim…
Men jonim deb, jonimga bosdim
To‘yib-to‘yib… to‘yolmaganim –
Seni quchib
Sog‘indim, Hayot!
Sening uchun qonlar to‘kmadim.
Yashadim-ku, yirtmayin yoqa!
Ammo
Oyning ma’yus bag‘rida
Bu tun ishqdan dil pora-pora.
Seni suyib
Yig‘ladim… Hayot!..
* * *
Mening borligimni Siz bilmadingiz,
Sizning yo‘qligingiz bilmadim men ham…
…Daf’atan oy kabi ravshanlashdi tun,
daf’atan… bo‘g‘zimga qadaldi bir G‘am.
Neki bor qadrini topadi bir kun, –
Neki bor – bir kuni bo‘ladi qoyim:
Sizning qabringizda bolangiz yig‘lar,
Menikida esa…
Xudoyim!..
MЕHR
Ketdi qorlar, ketdi yomg‘ir,
ketdi gulu lolalar…
Bu ko‘ngilni suydi endi
Sizga yetmas volalar.
…O‘tdi xazon, o‘tdi xazon! –
o‘tdi xazon Siz tomon,
U g‘amlarni menga bering, –
ezmasinlar nolalar…
* * *
Farishtalar berdi taskin, –
bitta jonni o‘tga soldik…
Dahrning ming ozorini
dilga oldik,
Ohki, oldik!..
Ketdik ishqqa zor, – qaytmadik.
Yo ko‘ngilni bir aytmadik.
G‘anim – do‘stmi, do‘st – g‘animmi
oxir bildik yo bilmadik.
Endi o‘zdan tortajakmiz:
Bu dunyodan ortajakmiz…
Bir dilniki tufroq bildik,
Eh! – tufroqqa qaytajakmiz!..
* * *
Mehrni-ku do‘st yedi,
Ko‘ngilni ham… nooshno…
Befarah tunlarimda
To‘kilgani – oy – tanho.
“Bag‘ri kuyugim” dema,
Ishq – yaxshidir. Ishq – yomon!..
Subh-la qonli izimga
Qorlar yog‘ar – pokdomon.
…Bu olamda haq bo‘lmas,
Barchasi – ro‘yo. Ro‘yo!
Men Ishq deya jon berdim,
Endi…
Kechir, – Xudoyo!..
* * *
Kelayotgan o‘ktam kunlarda
Har lahza bor mensiz o‘tmagan, –
Lahzalarga men mangu qulman,
U kunlarga abadiy hammol!..
O‘tayotgan o‘ktam kunlarda
Bir lahza bor – menga atalgan.
U lahzada men – malikaman,
U lahzada olam menga qul!..
TUSHUNCHA
Ochiq turgan bu qo‘l – meningdir,
Tishlab o‘tmang shafqatingizni.
To‘lmayotgan ko‘ngil – meningdir, –
Tashlab ketmang nafratingizni!..
Qon hayotning dilgir, mosuvo
Qo‘shig‘ida hordim, charchadim…
…Olmasangiz olmang bu Ishqni –
Qo‘lda yurak, – Kundan parchadir!
* * *
Ketar kunim fasli yobondir.
Kelar tunim asli qiyomat…
Sening muruvvating na baxtu,
Mening tirikligim na omad.
Tovonimni kuydirib o‘sgan
bir giyohdek qolmasman ozod,
Agar kunim meni suymasa,
Ko‘rolmasa yuragim, – g‘amzod.
Hasrat kuyin bir zum bukolmay
Ishq rostlaydi yurakda qomat…
…Sening tirikliging bir baxtdir,
Mening muruvvatim – bir omad.
* * *
Balki yomon, balki juda yomon
Ko‘zni yummoq – umr so‘nggin ko‘rmay…
Va Ilohning peshonangga bitgan
Har satriga shak keltirmoq, – ko‘nmay!
Umr ozdir. Bu bir umr ozdir
Hayotingga bermoq uchun Hayot!..
Axir yomon. Axir juda yomon
Sensiz yashash – tirik turib –
O‘lmay.
* * *
Baayni
moviyrang ko‘kka termulib
Dengizni qo‘msagan kutgan qum – sahro…
YORning jamoliga intiq zor darvish
yo‘llari fanodan tushgandek ayro
Bog‘larning nafarmon bo‘yida kezib
shuvoqqa intilgan nasimdayin yo
Adashgan
dovulda qolgan qayiqning
Panohboni – Bahri azimday go‘yo…
Yo tunning zulumot kechalarini
bag‘rida yoritgan oy nurlariday
Saharda daraxtning g‘unchalarini
quyoshda ilitgan shox – qo‘llariday
Qafasdagi qushdek
Keraksiz tushdek
Dashtdagi yomg‘irday –
adog‘i yo‘qday
Bargrezondek xuddi
Fasli bahordek
Bo‘ronday
To‘zonday
Otilgan o‘qday…
Meni ado qilar Mushtoqlik fasli…
* * *
O tiyiqsiz, sarhadsiz Ummon –
Ishq atalmish o‘tkinchi Olam!
Jonim so‘ra, men chekmasman g‘am,
Bugun dilda bir YOR bor, xolos.
Tovonimga yetmaydi g‘anim!..
Nigohlaring qolar yer quchib,
Sevgim, sendan ketyapman uchib.
Mehrtalab tanim, endi xo‘sh…
Meni chorlar olovday og‘o‘sh:
Haqiqiy YOR
Va boqiy O‘lim!..
BU KUN
Ko‘ksingdan bosh olib ketsam men.
Qismatning so‘nggiga yetsam men.
Va yoki Ko‘nglimni shoh aylab,
o‘zimni yo gado etsam men?..
Va so‘ng bor ochilsa bir gulim,
men uni Ilohga tutsaydim…
…Bu qanday yovqarash, ey O‘lim? –
Bu kun men sendan-da qo‘rqmasmen!..
Гулчехра опа шовкинсизлиги Билан менга ёккан хамиша…кушлар мени сувратга олинг,дарахтдаги юрагим Билан…деган сатрларини шивирлаб куяман хар замон…шундай шоираларимиз борлиги накадар яхши…бор булишсин.даьводан,ясама дарвешликдан холи…