Аввалига ҳеч нима эшитмадим, кейин эса аҳмоққа ўхшаб уларга қулоқ тутдим. Собиқ курсдошларим бундан ўн йил олдин бизга дарс берган профессор Обидов ҳақида хотира китоб ёзиш тўғрисида маслаҳатлашишарди…
Жавлон ЖОВЛИЕВ
ХОТИРА КИТОБЛАР
Жавлон Жовлиев (Жовлиев Жавлонбек Ортиқович) – 1991 йил Қашқадарё вилояти, Қамаши тумани, Ғиштли қишлоғида туғилган. 2010–2014 йилларда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг «Санъатшунослик журналистикаси» йўналишида таҳсил олган. 2015 йилдан бошлаб Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти “Санъатшунослик ва маданиятшунослик” кафедраси, “Санъат назарияси ва тарихи” (Саҳна ва экран драматургияси) йўналиши магистранти. Ҳозирги кунда ўқиш билан биргаликда, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг «Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси» нашриётида муҳаррир сифатида фаолият олиб бормоқда. “Ёшлик”, “Театр”, “Инфолиб” журналларида, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Ҳуррият”, “Тошкент оқшоми” ва бошқа матбуот нашрларида ижодий ишлари ва мақолалари чоп этилган. Жовлиев Жавлон бугунги кунда ижодий ишлари билан биргаликда “Мустақиллик йилларида саҳнада акс этган мутафаккир зиёлилари образи” (Ўзбек Миллий Академик драма театр мисолида) мавзусида илмий иш устида ишламоқда.
Аввалига ҳеч нима эшитмадим, кейин эса аҳмоққа ўхшаб уларга қулоқ тутдим. Собиқ курсдошларим бундан ўн йил олдин бизга дарс берган профессор Обидов ҳақида хотира китоб ёзиш тўғрисида маслаҳатлашишарди.
Бир шаҳарда яшаганимиз учун доим мана шундай йиғилишларда жам бўлиб турардик. Уларнинг деярли барчаси катта савдогарга айланган, фақат мен соҳада қолиб, адади мингтага ҳам етмайдиган, ёзганимни ўзимизнинг мусаҳҳиҳдан бошқа синчиклаб ўқимайдиган газетада ишлар ва шу орқали бир амаллаб кун ўтказардим. Чунки бизнесга хушим йўқ, журналистикани ташлаб бошқа иш бошлашга эса журъат топилмасди. Шунинг учун хотира китоб ёзишдек “шарафли” вазифани менинг елкамга илиб қўйишди. Бунинг устига, ҳаммаси маст эди, бизнинг жамиятда эса, ҳар доим ширакайфларнинг омади чопади. Сени сўкса “Маст-да, индама!”, сени урса “Ичган-да, шунга ҳам тенг бўлиб уришасанми!”, “Мастлик ростлик, айтди-қўйди-да!”, “Хотинини ҳайдаб юборибди, ичганда нималар бўлмайди, мастлик қурсин!”, “Одам уриб юборибди, ўлсин, нима деймиз, ичкилик қурисин!” шу каби бемаъни оқловларимиз бор. Йигитчилик қачон бу занғар билан тарозига қўйилиб тенглашганини билмайман-у, лекин ўша куни менга нисбатан адолатсизлик бўлгани аниқ.
Аллақачон ароқ заводининг эгасига айланган курсдошим, шу ернинг ўзидаёқ ҳисоб рақамимга китоб учун кетадиган харажат пулини ошиғи билан ўтказиб берди. Шундай пайтда йўқ деб бўладими?! Ваъда, ваъда… Арслон изидан, эркак сўзидан қайтмайди… Китоб ёзиш керакми, ёзамиз…
Зиёфатдан қайтяпман-у хаёлимда ўша «хотира китоб». Бугунги кунда ким учундир хотира китоби ёзиш учун отнинг калласидек юракнинг ўзи камлик қилади. Унга каттагина пул ҳам керак. Ноширлар хотира китобини кўришлари билан, бурунларини жийириб, ёнидаги дуч келган нарсага кўзларини олиб қочади. Компьютерга термилади, телефонини титади. Нима қилса, сизнинг кўзларингизга қарамаса. Чунки бундай китоблар кўпайиб, ўқувчининг бадига урган. Кераксиз, йиртиқ пулига ҳам сотиб олгиси келмайди. Чунки ҳамма хотира сотишга уста, бугунги замона ҳақида эса гапириб оби-ҳаводан нарига ўтилмайди ёки ҳамма нарсани келаси замонга юклаб қўйишади. Ахир, келгуси авлодга ҳам нималарнидир ўйлаши, хотирлаши керак-ку! Хотиралар замондан замонга юкланиб шу тахлит хотира китоблар ёзилаверади.
Мен эса сохта, кўпикка ўхшаш хотиралардан жирканардим. Шундай китоблар билан марҳумни тарихга муҳрлаш бадали тўлангандай хаёл қилинарди. Тағин порани китобнинг орасига солиб беришларига қандай чидаш мумкин?! Бундай китобларда кўпинча марҳум эдиал шахсга айланар, ойу қуёш унинг зиё нури олдида хижолат эди. У эсланмас, мадҳ этиларди. Ҳар қандай мадҳда эса сунийлик, расмиятчилик бор. Марҳумнинг ҳаммага керак бўлган хатолари (айниқса ёшларга), эзгуликка интилган юраги (агар шундай юрак унинг кўксида урган бўлса) мақтовлар билан кўмилиб, қорайиб кўринмай кетарди. Яқинларимизни кафандан сўнг варақларга кўмишга уринамиз, аслида, бундай китоблар тарихда қолдиришдан кўра, унда-бунда қолган изларини ҳам ўчиришга хизмат қилади. Биз ҳам худди шу “шараф”ни давом эттириб, хотира китоб билан домламизни тарихга тиқиб қўйишни (мозий сандиғининг калити қўлимизда деб ишонардик) ва ўзимизга ҳам тарихнинг бир бурчагидан жой ҳозирлашни ният қилгандик.
Ниҳоят, шу каби мантиқсиз тасаллилар билан ўзимни авраб ишга киришдим. Эртаси куни ишхонамга борарканман, ҳамхонам мени хотира ҳақида ўйлаб келаётганимни билгандай, жойимга ўтиргунимча таъқиб нигоҳлар билан кузатиб турди. Балки кечаси билан ухламай чиққаним учун кўзларим шишиб кетганмикан? Эй, нима бўлса бўлар. Унга эътибор бермай, хона деразани катта қилиб очиб қўйдим. Ташқарида оч пашшалар шуни кутиб турган экан, жон ҳайбатда ичкарига ёпирилиб киришди. Ҳамхонам билан зўрға пашшаларни ҳайдаб, деразани ёпиб олдик. Лекин хона кузнинг тоза ҳавосига тўйиб олди…
Ҳамхонамнинг давом этаётган ғалати қарашларига парво ҳам қилмай, пайпоқ ишлаб чиқаришни бошлаган собиқ прокурор тўғрисидаги чала мақоламни ҳам бир чекка суриб курс раҳбаримиз, профессор Обидовни эслашга ҳаракат қилдим. Хотира китоби ёзишдан олдин, маълум бир хотира бўлиши керак-ку, ахир!
Эслаганим бизларни койиганарида юзларидаги ажинлар қуюқлашиб, кўзлари қисилиб кетиши-ю, бир нарсани тушунтирганда ғалати тарзда бармоқларини туташтириб, худди ҳаво шари осмонга кўтарилганидай қўлларини баландлатиб кетишлари бўлди. Яна… У ҳақдаги “улкан” хотирам бор-йўғи шуми?! Қойил, китоб ёзиш учун оламшумул воқеа, катта манба! Нақадар хароб аҳволдаман-а?!
Нима қилишимни билмай, гарангсиб қолдим. Алам қиларлиси, домланинг бирон сўзини эслолмасдим. Йўқ, домла ёмон дарс ўтгани учун эмас, (у бор вужудини бериб ишларди)шунчаки хотирам ҳавас қиларли эмас. Бу сифатсиз, чала, узуқ-юлуқ хотирам билан қандай хотира китоб ёзишимга ҳайронман.
Профессор Обидов бизга икки йил курс раҳбари бўлганди. Аммо учинчи курс бошида тўсатдан миясига қон қуйилиб, олти ой касалхонада ётди. Биз ҳам олти ой домлани кутдик. Айниқса, барча фанда фаол, сўзамол, “меҳрибон” данак кўзли қизларимиз ҳар ҳафта бориб домланинг ҳолидан хабар олиб турди. Аммо сал ўтмай қари домламизни даволашдан фойда йўқ деб, уйга жавоб бериб юборишганини эшитдик. Фаол қизларимиз бу пайт янги курс раҳбаримизнинг соғлиги билан овора эди. Кўпчилик бошқа йўналишларга ўқишини кўчириб кетди. Курсимиз файзсиз, ўқитувчиларнинг карвон саройига айланиб қолди. Ўқишни тугатаётганимизда ҳам ҳеч ким домлани хотирламаган, биров унинг учун аламли ёш тўкмаган эди. Шундан кейин ўн йил ўтиб “Қизил олма” кафесида профессорни ёд олганимиз ғалати эмасми?!
Мен шу орада хотира китоблари билан танишиб чиқиш учун Миллий кутубхонага бордим. Буюртма беришим билан, олдимда бир дунё китобларни қалаштириб ташлашди. Бунча кўп бўлмаса бу хотира китоблар… Ўқир эканман, уларнинг бир-бирига эгизаклардек ўхшашини кўриб ҳайрон қолдим. Муаллифлар ҳар хил, аммо фикрлар бир хил, масхарабозларнинг турли кийимдаги, аммо бир хил мазмундаги томошасини эслатади. Барчасида бир хил ҳасратлар, бир хил кўз ёшлар… Лекин улар орасида шунақанги таъсирли, самимий ёдномалар ҳам бор эдики, ўқиб ўртаниб кетасан, кўзингга ёш келади. Хотирланётган инсонни кўргинг, унинг ҳаёти билан яқиндан танишгинг келади. Қолганлари эса сохта, қатордан қолмаслик, шу китобдан ҳам “азиз” фамилиясини бебаҳра қилмаслик учун қораланган “чиройли” сўзлар эди, холос.
Қаерда китоб ўқишдан тўхтаб ухлашга ётиб қолганимни билмайман. Кутубхоначи қиз мени туртиб уйғотганида, бирор сония қай нуқтада эканлигимни аниқ эслолмай гарангсиб турдим, кейин ўзимга келиб, уялганимдан кутубхонадан чиқиб кетдим.
Шундай қилиб бир ҳафта бош қотириб, курс раҳбарим ҳақидаги хотира китобининг режасини тузиб олдим. Унга кўра биринчи навбатда профессор нақ қирқ йил ишлаган университетдаги ҳамкасбларидан мақола ундиришим керак эди. Уларнинг кўпи ҳозир академик бўлиб, элга анча танилиб қолган.
Уларга телефон қилиб, профессорнинг номини айтишим билан бирор сония улардан ҳеч қандай сас эшитилмай қоларди. Улар ё эслаб сукутга чўмар, ё хотира-ю виждон сарҳадларидан айтилган ном эгасини ахтарардилар. Кейин бирдан гап тушиб кетишарди. Аммо кўпчиликнинг гапи деярли бир хил:
– Ҳа, ҳа, жуда яхши инсон эди. Жуда меҳнаткаш, жафокаш, – бир-икки сония нима дейишни билмай, ёки сифат тополмай каловланиб қолишарди. – Бирга ишлаганмиз, кейин… Ҳа, сафарларга етаклашиб борганмиз, бир куни.. – шундан сўнг ёзиб бўлмайдиган шахсий хотираларига ўтиб кетишарди. Ҳатто айримлари профессорни танқид ҳам қиларди. Аммо бизнинг хотира китобларда марҳумни танқид қилиш у ёқда турсин, унинг буюк инсонлигига шубҳа қилиш ҳам мумкин эмас. Анъана шунақа, тасдиқланмаган қоидалар шунақа… “Тарихга киритаман деяпсан-у, танқид ҳам қиласанми, аҳмоқ! Ахир, тарих даҳолар қўналғаси-ку!” Тўғрида, улар сафига бирор камчилиги бор одамни қўшиб бўладими? Шундай қилиб бу кулгули қоидаларни хотира ёзмишларга ҳам қайта-қайта эслатиб турдим. “Қаҳрамонимизни танқид қилиб қўйманг, бу китоб қандайдир илмий кенгашга аъзо бўлиш учун эмас, тарихга кириш учун ёзилмоқда”. “Ҳа, ундай бўлса майли”, дейишади фақат ва фақат илмий кенгаш учун тақриз ёки хотира ёзиш ҳадисини олган қари академиклар. Чунки хотира ва тақриздан ташқари ҳар қандай нарса бошга бало бўлиши мумкин. Хотира ёзиб инсонлигини, илмий тақриз ёзиб эса академик эканлигини билдириб турсанг бўлди-да, сенга яна нима керак?!
Айримлар савол беради: “Қанча ёзай, неча бет бўлсин, шрифт қандай? Қўлда ёзсам ҳам бўладими?”
Уфф! Бу хотира сўзлари бўлса, шунда ҳам чеклов бўладими? Ҳеч бўлмаса хотира борасида эркинроқ бўл, шу бора озод бўл! Бу марҳум бўлса, билганингни қил деб, юборгим келади.
“Бизда ҳеч қанақа чеклов йўқ”, десам ғалати бўлиб қотиб қолишарди. Аммо айримларнинг ҳали ёзмаслигидан олдин, нималарни қоралашларини тасаввур қилиб, ғашинг келади, кўнглинг айнийди.
Эҳ, Худойим қандай ишга йўлиқдим-а?
Қанча қистамай домла ҳақида кўпчилик ёзолмади. Дунёда нима кўп баҳона! Ҳозирги одамларимиз жуда инжиқ, калондимоғ. Ўзини ой кўради. Кимдир бирдан ёзиб беришини айтса, кимдир шахсий архивимни титиб кўрай, дейди. Архивим жуда бой деб қўйсангиз ҳам бўларди, акажон! Бутун умр қилган ишининг элга зиғирча фойдаси йўғ-у, архивмиш!
Айримларнинг ёзмагани учун раҳмат. Тузатгунингча, бошқа бир китобни ёзиб тугатсанг бўлади.
Ишларим тезлашиш учун бир ишончли йўл тутдим. Хотираларни нақт пулга сотиб оладиган бўлим. Ҳар бир хотира учун пул тайин қилдим. Марҳамат, устозингми, дўстингми Обидовни хотирла, қуруқ қолмайсан, мўмай даромадли бўласан!
Бир пайтлар қаламкаш бўлишни орзу қилган савдогар дўстларим эса хотира китоби учун пулни аяшмади. Шундагина ишимиз ривожланиб, китобимиз қалинлашиб борди. Кимдир 50 бет ёзса, кимдир 2 қоғозни ҳам зўрға амаллаб берди. Худди спорт мусобақаси ҳақида лавҳа тайёрлагандек хотира хабар, хотира репортаж, хотира суҳбат ёзганлар ҳам бўлди. Домланинг таржима ҳолини ёзиб берганларнинг эса, саноғидан ҳам адашиб кетдим! Хуллас, хотира китобини чиқараман, деб ўзим хотирага айланиб кетишимга оз қолди.
Бундан ташқари, устоз ҳақида ёзишга шайдо бўлиб қолганлар ҳам пайдо бўлди. Домла билан бирга ишлаган кафедра мудиридан хотира сўзларини ундириб чиқаётганимда ортимда ўрта ёшлардаги иккита аёл чопиб келди. Худди баҳо ололмай юрган талабаларнинг бечора нигоҳлари-ла сўз бошлашди:
– Хотира йиғиб юрган сизми? Илтимос, бизни ҳам китобингизга қўшинг?
– Албатта! Ўзи “хотира” етмай турибди. Обидов сизларга дарс берганми?
– Йўқ!
– Бирга ишлаганмисиз?
– Йўқ…
– Қандай танийсиз бўлмаса? – ажабланиб сўрадим улардан.
– Профессор ҳақида Миллий энциклопедияда кафтдай ёзув бор экан, шунни кенгайтириб ёзамиз-да. Ростини айтсам, бугун ўқитувчилар учун шунчалик юклама кўпки, уларга улгуриш жуда қийин. Йиллик режа деган балолар бор. Шунинг учун бизнинг “хотира”ларимизни китобга қўшиб юборинг. Ҳисобот учун китобга киришимиз жуда муҳим. Бўлмаса, ойлигимизни кесиб ташлашади. Ижарага турамиз. Биз бечораларга раҳмингиз келсин, илтимос!
Бир ҳафта ўтиб уларнинг ўзлари уйимга нақ йигирма варақли хотирадан кўчган дил сўзларини кўтариб келди. Ўқиб кўриб, тўғриси, йиғлаб юбордим… Ўзлари умрида кўрмаган домла ҳақида шунчалик берилиб ёзишибдики, ўқиган одам, булар домланинг ноқонуний туғилган қизлари бўлса керак, деб ўйлаши аниқ.
Айрим одамлар ёзган нарсасига эмас, номининг бирон жойда чиқишига ишқибоз. Тарих учун! Тарих камбағалнинг кўчиши, деб ўйлашадими, нима бало… Масалан, улар қиш пайти “Моҳир кончилар” сайтининг мухбирлари лайлак қор ҳақида мақола қидиришётганини эшитиб қолишса, тезда қоп-қора кўмир билан оппоқ лайлак қорни эгизак тушунчага айлантириб (истеъдодни қаранг) ҳаммадан биринчи бўлиб мақола жўнатишади. Худди шундай профессорни миллат қаҳрамони, юз йилда бир марта келадиган шахс, дея баҳолаб хотира ёзиб юборганлар ҳам бўлди. Айримлар эса профессорни шундай одатий қолиплар бўйича ошириб-тоширишгандики, ўқиб ҳайрон қоласан! Гоҳ пайт эса йиғлайсан. Эссизгина, тирик бўлганида, яна озгина яшаганида ўзбек илм-фани жаҳонга чиқар экан, деб куюнасан. У яна бироз яшаганда университетда ёмон талабани кундуз куни чироқни ёқиб ҳам топиб бўлмаскан! Миллат ёшларидаги барча иллатларни йўқотишни домла биларкан-у, уни амалиётга қўллашга бир чимдим умр етмабди. Эҳ, бевақт ўлим!
Шундай қилиб китобда энг кўп учраган жумлалар: “Домлани яна бир кўрсам армоним йўқ”, “Домла ўзидан катта мерос қолдирди”,“Биз ҳар куни ўрганамиз, ҳар куни домлани дуо қиламиз, ҳар байрамда қабрларини тавоф қиламиз”, “Агар тирик бўлганида бугун ўзбек илм-фанни ютуқларини, зафарларини тасаввур қилиш ҳам қийин бўларди”, “Начора, ўлим ҳақ”, “Шафқатсиз ўлим уни орамиздан олиб кетди”, “Ҳар тонг эслайман”, “Профессор жуда меҳмондўст, аммо орамизда эни у йўқ”, “Раҳматли жуда чойхўр эди” каби хотираномалар.
Бу гап-сўзлар билан ҳозирги ўқувчиларни ишонтириш қийин. Аммо нима ҳам қилайлик. Айримлар бадиий тус беришга уста бўлиб, профессорни эрта қуриган чинорга менгзагандилар. Баъзилар эса сўзларини юнон файласуфнинг ақлли фикри билан бошлаб, яна шу файласуфнинг гаплари билан тугатишарди. Профессор умуман эсланмаган хотираларни эса киритмадим! Шу борада инсоф қилдим, лекин!
Энг охири шу китобнинг ташаббускорлари бўлмиш савдогар курсдошларимнинг хотираларини олишга эришдим. Ўзиям улардан фикр олгунимча она сутим оғзимга келди. Баҳонаси кўп! Аммо ёзганларини ўқир эканман, тўғрисини айтганда, ўзим йиққан тўрт юз бетлик хотира китобни оппоқ қоғозларга ўралган ахлат эканлигини англаб қолдим. Ўзимдан жирканиб кетдим. Қурмағур бизнесменлар, бир вақтдаги олов дамларни эслаб жуда самимий хотиралар ёзишибди. Эҳ-эҳ…
Пул борми, китоб тайёр! Ҳозирги ноширларнинг қўшиғига ўйнайдиган пайт келди. Каттагина пул эвазига, икки ҳафта ўтар-ўтмас қалин муқовали, юзига кулиб турган домланинг осмонга сингиб кетаётган суръати туширилган хотира китоб тайёр бўлди. Илк нусхасини қўлимга олганимда, тўққиз ой бола кўтариб, азобланиб туққан она каби танамда ғалати қалтироқ турди, ҳаяжон босиб гапиролмай қолдим. Ҳатто кўзларимга ёш келди. Кейин курсдошлар билан янги хотира китобини “ювдик”. Фақат бошқа кафеда. Яна бир китобга ваъда бериб қўйишдан қўрқдим! Лекин ўша жойда бу хотира китобнинг тақдимотини кенг ва тантанавор ўтказиш таклифи кўтарилди. Хотира китоби тақдимоти учун беш юлдузли меҳмонхона танланди. Барча хотира сотганлар чақириладиган бўлди. Албатта, бу менга жуда хуш ёқди.
Китоб тақдимотига саноқли кунлар қолганда домланинг оила аъзоларидан бирини чақириш фикри қаердандир миямга келиб қолди. Шундагина катта хатога йўл қўйганимни англаб қолдим ва бундан қўрқиб кетдим. Хотира китобини тайёрлашга тайёрлабмиз-у, профессорнинг оиласини хабардор қилишни унутибмиз. Қовун тушириш деганлари шу бўлса керак.
Юрагимни қўрқув, ҳадиксираш тутиб кетди. Ахир кимнингдир отаси ёки бобоси ҳақида китоб ёзиб (гап хотира китоб ҳақида кетяпти), оиласини бехабар қолдириш, бунинг устига тақдимотга саноқли кун қолгандагина чақириш уларни ҳақорат қилишга тенг эмасми?! Бизда ҳам бир-икки қоғоз хотира топиларди, деб қолса нима қиламан? Шу пайтгача ёзилган хотира китобларда, албатта, марҳумнинг бирор яқинига сўзи бериларди. Мен эса Обидов оиласини эсламабман ҳам!
Домланинг уйини минг машаққат билан топиб (ҳар туғилган кунда уйига бориб, оят-у калима ўқиб қайтамиз, дея хотира сотган шогирдлар аслида устознинг қайси уйда яшаганини ҳам билишмас экан) борганимда юрагим ҳадикдан қаттиқ тебранарди. Бола-чақаси ғирт ўзбек бўлса-ку, хўп хўп… Бир иложини қилиб тушунтирсанг бўлади. Агар бошқа миллат вакили бўлиб чиқса, кўр томошани… Судга беришдан ҳам тап тортмайди… Мустамлака даврида кўпгина олимларимиз маҳаллий сулувларни қўйиб, ўзга миллат аёлларига уйланиб, қора халққа “бағри кенглик” борасида намуна кўрсатишганини ўйлаб баттар қўрқиб кетдим. Нима бўлса бўлар, деб занг босган темир эшикни тақиллатиб кўрдим. Ичкаридан ҳеч қандай сас эшитилмасди. Ҳеч ким йўқ экан, деган ўй дадиллик бериб, виждоним сўроғидан қутилиш учун яна бир икки эшик қоқишга журъат топдим. Ҳеч кими йўқ уйнинг дарвозасини тепишдан осони борми?!
Тўсатдан эшик очилиб, боқилган новвосдай семиз бир хотин пайдо бўлди. У менга азалий душманга қарагандай қовоғини уйиб қарар, афти-ангори, ранг-тусидан ўзбек аёлларига ўхшамасди. Эгнидаги либос на ички, на тунги, на уй кийимига ўхшар, ҳаммасининг вазифаси аралашиб кетган қандайдир мато эди. Аёлнинг тез-тез, ҳансираб нафас олишидан ярим очиқ кўкраклари ўйнар, гавдаси тор йўлакни тўлдирарди.
– Нима керак сенга?
Мен бу саволга аниқ жавобим йўқлиги учун эмас, унга қайси тилда жавоб беришни билмай бир дам гапиролмай қолдим.
– Нима керак сенга? Электр пулини аллақачон тўлаганман. Анави, Актамга? Нима, у мени лақиллатиб кетдими? – бирдан ўзбекча гапира кетди хотин.
– Йўқ, йўқ… Биз китоб ёзгандик – довдираб қолганимдан ўзбек тилида ҳам равон фикримни тушунтириб беролмасдим. Хоним эса мени ноқонуний пул ундиришга келган электрик деб, жирканиб қараб турарди.
– Биз хотира китобини тайёрлагандик – дедим ниҳоят.
– Қандай китоб? Нималар деяпсан, кап-катта эркак? Китоб оладиган аҳмоқ эмасман? Бошқа иш қилсанг ўласанми? Кутубхонам тўла китоб, аҳмоқлар! – у шартта орқасига бурилиб кетмоқчи бўлди. Бир амаллаб тўхтатиб қолдим.
– Тўхтанг-тўхтанг, биз домла ҳақида китоб ёзгандик, фан доктори, профессор Обидов ҳақида, танийсизми?!
Унинг бирдан нигоҳи ўзгарди. Менга бошдан оёқ қараб чиқди. Катта кўкраклари ҳамон тез-тез кўтарилиб тушарди.
– У ҳақида китоб ёздингларми?
– Ҳа, бунинг учун сиздан минг бора узр сўрайман, хотира китобини, аввало сизнинг латиф ва самимий сўзларингиз билан бошлашимиз керак эди… Худо хоҳласа, келаси сафар, нималар деяпман ўзи! Кейинги китобларда, демоқчийдим, бу хатойимизни тузатамиз… Шунинг учун узр сўрайман… Мана бу китоб сизга…
– Ман нима қиламан буни? Биздан бунинг учун бир сўм ҳам ололмайсан! – у китобнинг юзига ҳам қарамай қўллари билан нари итарди.
– Пул керак эмас, текинга. Шунчаки профессордан эсталик сизга. Кейин сизни тақдимотга таклиф қилмоқчийдик. У ерда… ҳам китоб тарқатамиз… – негадир сўзларим энди тили чиққан болакай каби чалкаш-чулкаш, овозим эса борган сайин ингичкалашиб кетаётгандай эди.
– Ичкарига кир…
– Раҳмат! – дедим бироз тетикланиб. Кейин у астойдил уйга бошлаётганини кўриб, жон ҳолатда қаршилик қилдим. – Эй, йўқ-йўқ, мен кетаман…
– Кирсанг-чи! – деди у дадиллик билан. – Китобни ўзига берасан!
– А?!
Бутун танам музлаб кетди. Унинг нима деганини тўлиқ ҳазм қилолмадим. Хотин эса мени қўллари билан имлаб ичкарига чорларди, тошдай қотиб туравердим. Охири бақирди: “Тезроқ бўл, ахир!” Хонага киришим билан ғалати, қўланса ҳиддан кўнглим айниди. Шу пайт оёқларим остидаги мушукни кўриб, қўрққанимдан уни эшик томонга тепиб учириб юбордим. Яхшиям бу қилиғимни уй эгаси кўрмади. Мушук ҳам тепкига урганган шекелли, миқ этмай думини музатгичга ишқалаб нари кетди.
Ё, Худойим, ичкари хонага киришим билан даҳшатдан қулаб тушишимга оз қолди. Бир пайтлар оқ рангда бўлган исқирт ётоқда бир бурда бўлиб профессор Обидов қўлидаги қип-қизил олмани ютақиб кавшаганча ётарди. Юзининг ярми бужмайган, қийшайган, сийрак сочлари эса пардай оппоқ эди.
Қозиқдай қотиб қолгандим. У билан нима ҳақда гаплашганимизни ҳам эслолмайман. Аммо миямда орқамга яширишга уринаётган ёстиқдай катта, тошдай оғир хотира китоби чарх уриб айланарди. Оҳ, унинг йигирма минг тарқалган нусхалари-чи?
Нима бўлади энди йигирма мингта сохта хотирага!
Тақдимот-чи, муаллифлар-чи, тарих-чи, бечора тарих?!
Эҳ, айтгандим-а, кўнглим чопмаяпти деб. Ҳамма-ҳаммасини: сохта хотира сотган олимларни ҳам, унутиш касалига чалинган жамиятимизни ҳам, тирик одам ҳақида хотира китоби ёзган лаънати қўлларимни ҳам кўришга кўзим, отишга ўқим йўқ! Наҳот хотира борасида ҳам шунчалар аҳмоқман, шошқалоқ, оқибатсизман…
Аммо, нега фақат мен айбдор бўлишим керак! Ўз хотирасини сотганлар-чи, улар бегуноҳми? Сиз-чи? Ахир сиз ҳам профессорнинг тирик ё ўликлигини билмасдингиз-ку… Наҳот, хотираларимиз шунчалар тор, хор ва забун бўлса?!
Китобни бир амаллаб яширишим ёки ўқдай отилиб чиқиб кетишим мумкин эди. Бошида шундай қилмоқчи бўлдим, аммо қочиб қаерга ҳам борардим, ахир йўлда мени ҳар тарафга тарқаб кетган минглаб ёлғонга тўла хотира китоблар кутиб турарди.
Йигит киши фақат айтган гапига ҳам эмас, ёзганига ҳам жавоб бериш керак. Шунинг учун, нима бўлса бўлар, профессорга ўзи ҳақидаги хотира китобини тирик ўқиш имкониятини яратиб бердим. Ахир ҳар замонда ҳам бундай бахт камдан кам одамларга насиб этади!
Унинг чалажон, қоқсуяк қўллари қалтираб, синиқ, хира кўзлари китобга еб қўйгудай бўлиб ёпишиб, танаси эса “хотира китоб”га сингиб бораётган бир пайтда, нимагадир биринчи марта қилган ишимдан мамнун бўлдим. Ҳа-ҳа, севина бошладим. Ахир, шунча қилинган меҳнат бесамар кетмабди. Бу хотира китобни дунёда фақат бир кишигина шундай даҳшатли иштиёқ билан ўқиши мумкин эди, у ҳам бўлса хотирланётган одамнинг ўзи. Хотира китоблари фақат мана шундай тасодиф туфайли тирик чиққан “қаҳрамонлар”гагина керак, аслида! Аммо бошимда бу китобнинг ҳали йигирма мингта нусхаси бор. Шунча сохта хотирани нима қиламан? Кимга ўқитаман, кимга керак бунча ёлғон хотира, кимга..?
2018
Avvaliga hech nima eshitmadim, keyin esa ahmoqqa oʻxshab ularga quloq tutdim. Sobiq kursdoshlarim bundan oʻn yil oldin bizga dars bergan professor Obidov haqida xotira kitob yozish toʻgʻrisida maslahatlashishardi…
Javlon JOVLIYEV
XOTIRA KITOBLAR
Javlon Jovliyev (Jovliyev Javlonbek Ortiqovich) – 1991 yil Qashqadaryo viloyati, Qamashi tumani, Gʻishtli qishlogʻida tugʻilgan. 2010–2014 yillarda Oʻzbekiston davlat sanʼat va madaniyat institutining “Sanʼatshunoslik jurnalistikasi” yoʻnalishida tahsil olgan. 2015 yildan boshlab Oʻzbekiston davlat sanʼat va madaniyat instituti “Sanʼatshunoslik va madaniyatshunoslik” kafedrasi, “Sanʼat nazariyasi va tarixi” (Sahna va ekran dramaturgiyasi) yoʻnalishi magistranti. Hozirgi kunda oʻqish bilan birgalikda, Alisher Navoiy nomidagi Oʻzbekiston Milliy kutubxonasining “Alisher Navoiy nomidagi Oʻzbekiston Milliy kutubxonasi” nashriyotida muharrir sifatida faoliyat olib bormoqda. “Yoshlik”, “Teatr”, “Infolib” jurnallarida, “Oʻzbekiston adabiyoti va sanʼati”, “Hurriyat”, “Toshkent oqshomi” va boshqa matbuot nashrlarida ijodiy ishlari va maqolalari chop etilgan. Jovliyev Javlon bugungi kunda ijodiy ishlari bilan birgalikda “Mustaqillik yillarida sahnada aks etgan mutafakkir ziyolilari obrazi” (Oʻzbek Milliy Akademik drama teatr misolida) mavzusida ilmiy ish ustida ishlamoqda.
Avvaliga hech nima eshitmadim, keyin esa ahmoqqa oʻxshab ularga quloq tutdim. Sobiq kursdoshlarim bundan oʻn yil oldin bizga dars bergan professor Obidov haqida xotira kitob yozish toʻgʻrisida maslahatlashishardi.
Bir shaharda yashaganimiz uchun doim mana shunday yigʻilishlarda jam boʻlib turardik. Ularning deyarli barchasi katta savdogarga aylangan, faqat men sohada qolib, adadi mingtaga ham yetmaydigan, yozganimni oʻzimizning musahhihdan boshqa sinchiklab oʻqimaydigan gazetada ishlar va shu orqali bir amallab kun oʻtkazardim. Chunki biznesga xushim yoʻq, jurnalistikani tashlab boshqa ish boshlashga esa jurʼat topilmasdi. Shuning uchun xotira kitob yozishdek “sharafli” vazifani mening yelkamga ilib qoʻyishdi. Buning ustiga, hammasi mast edi, bizning jamiyatda esa, har doim shirakayflarning omadi chopadi. Seni soʻksa “Mast-da, indama!”, seni ursa “Ichgan-da, shunga ham teng boʻlib urishasanmi!”, “Mastlik rostlik, aytdi-qoʻydi-da!”, “Xotinini haydab yuboribdi, ichganda nimalar boʻlmaydi, mastlik qursin!”, “Odam urib yuboribdi, oʻlsin, nima deymiz, ichkilik qurisin!” shu kabi bemaʼni oqlovlarimiz bor. Yigitchilik qachon bu zangʻar bilan taroziga qoʻyilib tenglashganini bilmayman-u, lekin oʻsha kuni menga nisbatan adolatsizlik boʻlgani aniq.
Allaqachon aroq zavodining egasiga aylangan kursdoshim, shu yerning oʻzidayoq hisob raqamimga kitob uchun ketadigan xarajat pulini oshigʻi bilan oʻtkazib berdi. Shunday paytda yoʻq deb boʻladimi?! Vaʼda, vaʼda… Arslon izidan, erkak soʻzidan qaytmaydi… Kitob yozish kerakmi, yozamiz…
Ziyofatdan qaytyapman-u xayolimda oʻsha “xotira kitob”. Bugungi kunda kim uchundir xotira kitobi yozish uchun otning kallasidek yurakning oʻzi kamlik qiladi. Unga kattagina pul ham kerak. Noshirlar xotira kitobini koʻrishlari bilan, burunlarini jiyirib, yonidagi duch kelgan narsaga koʻzlarini olib qochadi. Kompyuterga termiladi, telefonini titadi. Nima qilsa, sizning koʻzlaringizga qaramasa. Chunki bunday kitoblar koʻpayib, oʻquvchining badiga urgan. Keraksiz, yirtiq puliga ham sotib olgisi kelmaydi. Chunki hamma xotira sotishga usta, bugungi zamona haqida esa gapirib obi-havodan nariga oʻtilmaydi yoki hamma narsani kelasi zamonga yuklab qoʻyishadi. Axir, kelgusi avlodga ham nimalarnidir oʻylashi, xotirlashi kerak-ku! Xotiralar zamondan zamonga yuklanib shu taxlit xotira kitoblar yozilaveradi.
Men esa soxta, koʻpikka oʻxshash xotiralardan jirkanardim. Shunday kitoblar bilan marhumni tarixga muhrlash badali toʻlanganday xayol qilinardi. Tagʻin porani kitobning orasiga solib berishlariga qanday chidash mumkin?! Bunday kitoblarda koʻpincha marhum edial shaxsga aylanar, oyu quyosh uning ziyo nuri oldida xijolat edi. U eslanmas, madh etilardi. Har qanday madhda esa suniylik, rasmiyatchilik bor. Marhumning hammaga kerak boʻlgan xatolari (ayniqsa yoshlarga), ezgulikka intilgan yuragi (agar shunday yurak uning koʻksida urgan boʻlsa) maqtovlar bilan koʻmilib, qorayib koʻrinmay ketardi. Yaqinlarimizni kafandan soʻng varaqlarga koʻmishga urinamiz, aslida, bunday kitoblar tarixda qoldirishdan koʻra, unda-bunda qolgan izlarini ham oʻchirishga xizmat qiladi. Biz ham xuddi shu “sharaf”ni davom ettirib, xotira kitob bilan domlamizni tarixga tiqib qoʻyishni (moziy sandigʻining kaliti qoʻlimizda deb ishonardik) va oʻzimizga ham tarixning bir burchagidan joy hozirlashni niyat qilgandik.
Nihoyat, shu kabi mantiqsiz tasallilar bilan oʻzimni avrab ishga kirishdim. Ertasi kuni ishxonamga borarkanman, hamxonam meni xotira haqida oʻylab kelayotganimni bilganday, joyimga oʻtirgunimcha taʼqib nigohlar bilan kuzatib turdi. Balki kechasi bilan uxlamay chiqqanim uchun koʻzlarim shishib ketganmikan? Ey, nima boʻlsa boʻlar. Unga eʼtibor bermay, xona derazani katta qilib ochib qoʻydim. Tashqarida och pashshalar shuni kutib turgan ekan, jon haybatda ichkariga yopirilib kirishdi. Hamxonam bilan zoʻrgʻa pashshalarni haydab, derazani yopib oldik. Lekin xona kuzning toza havosiga toʻyib oldi…
Hamxonamning davom etayotgan gʻalati qarashlariga parvo ham qilmay, paypoq ishlab chiqarishni boshlagan sobiq prokuror toʻgʻrisidagi chala maqolamni ham bir chekka surib kurs rahbarimiz, professor Obidovni eslashga harakat qildim. Xotira kitobi yozishdan oldin, maʼlum bir xotira boʻlishi kerak-ku, axir!
Eslaganim bizlarni koyiganarida yuzlaridagi ajinlar quyuqlashib, koʻzlari qisilib ketishi-yu, bir narsani tushuntirganda gʻalati tarzda barmoqlarini tutashtirib, xuddi havo shari osmonga koʻtarilganiday qoʻllarini balandlatib ketishlari boʻldi. Yana… U haqdagi “ulkan” xotiram bor-yoʻgʻi shumi?! Qoyil, kitob yozish uchun olamshumul voqea, katta manba! Naqadar xarob ahvoldaman-a?!
Nima qilishimni bilmay, garangsib qoldim. Alam qilarlisi, domlaning biron soʻzini eslolmasdim. Yoʻq, domla yomon dars oʻtgani uchun emas, (u bor vujudini berib ishlardi)shunchaki xotiram havas qilarli emas. Bu sifatsiz, chala, uzuq-yuluq xotiram bilan qanday xotira kitob yozishimga hayronman.
Professor Obidov bizga ikki yil kurs rahbari boʻlgandi. Ammo uchinchi kurs boshida toʻsatdan miyasiga qon quyilib, olti oy kasalxonada yotdi. Biz ham olti oy domlani kutdik. Ayniqsa, barcha fanda faol, soʻzamol, “mehribon” danak koʻzli qizlarimiz har hafta borib domlaning holidan xabar olib turdi. Ammo sal oʻtmay qari domlamizni davolashdan foyda yoʻq deb, uyga javob berib yuborishganini eshitdik. Faol qizlarimiz bu payt yangi kurs rahbarimizning sogʻligi bilan ovora edi. Koʻpchilik boshqa yoʻnalishlarga oʻqishini koʻchirib ketdi. Kursimiz fayzsiz, oʻqituvchilarning karvon saroyiga aylanib qoldi. Oʻqishni tugatayotganimizda ham hech kim domlani xotirlamagan, birov uning uchun alamli yosh toʻkmagan edi. Shundan keyin oʻn yil oʻtib “Qizil olma” kafesida professorni yod olganimiz gʻalati emasmi?!
Men shu orada xotira kitoblari bilan tanishib chiqish uchun Milliy kutubxonaga bordim. Buyurtma berishim bilan, oldimda bir dunyo kitoblarni qalashtirib tashlashdi. Buncha koʻp boʻlmasa bu xotira kitoblar… Oʻqir ekanman, ularning bir-biriga egizaklardek oʻxshashini koʻrib hayron qoldim. Mualliflar har xil, ammo fikrlar bir xil, masxarabozlarning turli kiyimdagi, ammo bir xil mazmundagi tomoshasini eslatadi. Barchasida bir xil hasratlar, bir xil koʻz yoshlar… Lekin ular orasida shunaqangi taʼsirli, samimiy yodnomalar ham bor ediki, oʻqib oʻrtanib ketasan, koʻzingga yosh keladi. Xotirlanyotgan insonni koʻrging, uning hayoti bilan yaqindan tanishging keladi. Qolganlari esa soxta, qatordan qolmaslik, shu kitobdan ham “aziz” familiyasini bebahra qilmaslik uchun qoralangan “chiroyli” soʻzlar edi, xolos.
Qayerda kitob oʻqishdan toʻxtab uxlashga yotib qolganimni bilmayman. Kutubxonachi qiz meni turtib uygʻotganida, biror soniya qay nuqtada ekanligimni aniq eslolmay garangsib turdim, keyin oʻzimga kelib, uyalganimdan kutubxonadan chiqib ketdim.
Shunday qilib bir hafta bosh qotirib, kurs rahbarim haqidagi xotira kitobining rejasini tuzib oldim. Unga koʻra birinchi navbatda professor naq qirq yil ishlagan universitetdagi hamkasblaridan maqola undirishim kerak edi. Ularning koʻpi hozir akademik boʻlib, elga ancha tanilib qolgan.
Ularga telefon qilib, professorning nomini aytishim bilan biror soniya ulardan hech qanday sas eshitilmay qolardi. Ular yo eslab sukutga choʻmar, yo xotira-yu vijdon sarhadlaridan aytilgan nom egasini axtarardilar. Keyin birdan gap tushib ketishardi. Ammo koʻpchilikning gapi deyarli bir xil:
– Ha, ha, juda yaxshi inson edi. Juda mehnatkash, jafokash, – bir-ikki soniya nima deyishni bilmay, yoki sifat topolmay kalovlanib qolishardi. – Birga ishlaganmiz, keyin… Ha, safarlarga yetaklashib borganmiz, bir kuni.. – shundan soʻng yozib boʻlmaydigan shaxsiy xotiralariga oʻtib ketishardi. Hatto ayrimlari professorni tanqid ham qilardi. Ammo bizning xotira kitoblarda marhumni tanqid qilish u yoqda tursin, uning buyuk insonligiga shubha qilish ham mumkin emas. Anʼana shunaqa, tasdiqlanmagan qoidalar shunaqa… “Tarixga kiritaman deyapsan-u, tanqid ham qilasanmi, ahmoq! Axir, tarix daholar qoʻnalgʻasi-ku!” Toʻgʻrida, ular safiga biror kamchiligi bor odamni qoʻshib boʻladimi? Shunday qilib bu kulguli qoidalarni xotira yozmishlarga ham qayta-qayta eslatib turdim. “Qahramonimizni tanqid qilib qoʻymang, bu kitob qandaydir ilmiy kengashga aʼzo boʻlish uchun emas, tarixga kirish uchun yozilmoqda”. “Ha, unday boʻlsa mayli”, deyishadi faqat va faqat ilmiy kengash uchun taqriz yoki xotira yozish hadisini olgan qari akademiklar. Chunki xotira va taqrizdan tashqari har qanday narsa boshga balo boʻlishi mumkin. Xotira yozib insonligini, ilmiy taqriz yozib esa akademik ekanligini bildirib tursang boʻldi-da, senga yana nima kerak?!
Ayrimlar savol beradi: “Qancha yozay, necha bet boʻlsin, shrift qanday? Qoʻlda yozsam ham boʻladimi?”
Uff! Bu xotira soʻzlari boʻlsa, shunda ham cheklov boʻladimi? Hech boʻlmasa xotira borasida erkinroq boʻl, shu bora ozod boʻl! Bu marhum boʻlsa, bilganingni qil deb, yuborgim keladi.
“Bizda hech qanaqa cheklov yoʻq”, desam gʻalati boʻlib qotib qolishardi. Ammo ayrimlarning hali yozmasligidan oldin, nimalarni qoralashlarini tasavvur qilib, gʻashing keladi, koʻngling ayniydi.
Eh, Xudoyim qanday ishga yoʻliqdim-a?
Qancha qistamay domla haqida koʻpchilik yozolmadi. Dunyoda nima koʻp bahona! Hozirgi odamlarimiz juda injiq, kalondimogʻ. Oʻzini oy koʻradi. Kimdir birdan yozib berishini aytsa, kimdir shaxsiy arxivimni titib koʻray, deydi. Arxivim juda boy deb qoʻysangiz ham boʻlardi, akajon! Butun umr qilgan ishining elga zigʻircha foydasi yoʻgʻ-u, arxivmish!
Ayrimlarning yozmagani uchun rahmat. Tuzatguningcha, boshqa bir kitobni yozib tugatsang boʻladi.
Ishlarim tezlashish uchun bir ishonchli yoʻl tutdim. Xotiralarni naqt pulga sotib oladigan boʻlim. Har bir xotira uchun pul tayin qildim. Marhamat, ustozingmi, doʻstingmi Obidovni xotirla, quruq qolmaysan, moʻmay daromadli boʻlasan!
Bir paytlar qalamkash boʻlishni orzu qilgan savdogar doʻstlarim esa xotira kitobi uchun pulni ayashmadi. Shundagina ishimiz rivojlanib, kitobimiz qalinlashib bordi. Kimdir 50 bet yozsa, kimdir 2 qogʻozni ham zoʻrgʻa amallab berdi. Xuddi sport musobaqasi haqida lavha tayyorlagandek xotira xabar, xotira reportaj, xotira suhbat yozganlar ham boʻldi. Domlaning tarjima holini yozib berganlarning esa, sanogʻidan ham adashib ketdim! Xullas, xotira kitobini chiqaraman, deb oʻzim xotiraga aylanib ketishimga oz qoldi.
Bundan tashqari, ustoz haqida yozishga shaydo boʻlib qolganlar ham paydo boʻldi. Domla bilan birga ishlagan kafedra mudiridan xotira soʻzlarini undirib chiqayotganimda ortimda oʻrta yoshlardagi ikkita ayol chopib keldi. Xuddi baho ololmay yurgan talabalarning bechora nigohlari-la soʻz boshlashdi:
– Xotira yigʻib yurgan sizmi? Iltimos, bizni ham kitobingizga qoʻshing?
– Albatta! Oʻzi “xotira” yetmay turibdi. Obidov sizlarga dars berganmi?
– Yoʻq!
– Birga ishlaganmisiz?
– Yoʻq…
– Qanday taniysiz boʻlmasa? – ajablanib soʻradim ulardan.
– Professor haqida Milliy ensiklopediyada kaftday yozuv bor ekan, shunni kengaytirib yozamiz-da. Rostini aytsam, bugun oʻqituvchilar uchun shunchalik yuklama koʻpki, ularga ulgurish juda qiyin. Yillik reja degan balolar bor. Shuning uchun bizning “xotira”larimizni kitobga qoʻshib yuboring. Hisobot uchun kitobga kirishimiz juda muhim. Boʻlmasa, oyligimizni kesib tashlashadi. Ijaraga turamiz. Biz bechoralarga rahmingiz kelsin, iltimos!
Bir hafta oʻtib ularning oʻzlari uyimga naq yigirma varaqli xotiradan koʻchgan dil soʻzlarini koʻtarib keldi. Oʻqib koʻrib, toʻgʻrisi, yigʻlab yubordim… Oʻzlari umrida koʻrmagan domla haqida shunchalik berilib yozishibdiki, oʻqigan odam, bular domlaning noqonuniy tugʻilgan qizlari boʻlsa kerak, deb oʻylashi aniq.
Ayrim odamlar yozgan narsasiga emas, nomining biron joyda chiqishiga ishqiboz. Tarix uchun! Tarix kambagʻalning koʻchishi, deb oʻylashadimi, nima balo… Masalan, ular qish payti “Mohir konchilar” saytining muxbirlari laylak qor haqida maqola qidirishyotganini eshitib qolishsa, tezda qop-qora koʻmir bilan oppoq laylak qorni egizak tushunchaga aylantirib (isteʼdodni qarang) hammadan birinchi boʻlib maqola joʻnatishadi. Xuddi shunday professorni millat qahramoni, yuz yilda bir marta keladigan shaxs, deya baholab xotira yozib yuborganlar ham boʻldi. Ayrimlar esa professorni shunday odatiy qoliplar boʻyicha oshirib-toshirishgandiki, oʻqib hayron qolasan! Goh payt esa yigʻlaysan. Essizgina, tirik boʻlganida, yana ozgina yashaganida oʻzbek ilm-fani jahonga chiqar ekan, deb kuyunasan. U yana biroz yashaganda universitetda yomon talabani kunduz kuni chiroqni yoqib ham topib boʻlmaskan! Millat yoshlaridagi barcha illatlarni yoʻqotishni domla bilarkan-u, uni amaliyotga qoʻllashga bir chimdim umr yetmabdi. Eh, bevaqt oʻlim!
Shunday qilib kitobda eng koʻp uchragan jumlalar: “Domlani yana bir koʻrsam armonim yoʻq”, “Domla oʻzidan katta meros qoldirdi”,“Biz har kuni oʻrganamiz, har kuni domlani duo qilamiz, har bayramda qabrlarini tavof qilamiz”, “Agar tirik boʻlganida bugun oʻzbek ilm-fanni yutuqlarini, zafarlarini tasavvur qilish ham qiyin boʻlardi”, “Nachora, oʻlim haq”, “Shafqatsiz oʻlim uni oramizdan olib ketdi”, “Har tong eslayman”, “Professor juda mehmondoʻst, ammo oramizda eni u yoʻq”, “Rahmatli juda choyxoʻr edi” kabi xotiranomalar.
Bu gap-soʻzlar bilan hozirgi oʻquvchilarni ishontirish qiyin. Ammo nima ham qilaylik. Ayrimlar badiiy tus berishga usta boʻlib, professorni erta qurigan chinorga mengzagandilar. Baʼzilar esa soʻzlarini yunon faylasufning aqlli fikri bilan boshlab, yana shu faylasufning gaplari bilan tugatishardi. Professor umuman eslanmagan xotiralarni esa kiritmadim! Shu borada insof qildim, lekin!
Eng oxiri shu kitobning tashabbuskorlari boʻlmish savdogar kursdoshlarimning xotiralarini olishga erishdim. Oʻziyam ulardan fikr olgunimcha ona sutim ogʻzimga keldi. Bahonasi koʻp! Ammo yozganlarini oʻqir ekanman, toʻgʻrisini aytganda, oʻzim yiqqan toʻrt yuz betlik xotira kitobni oppoq qogʻozlarga oʻralgan axlat ekanligini anglab qoldim. Oʻzimdan jirkanib ketdim. Qurmagʻur biznesmenlar, bir vaqtdagi olov damlarni eslab juda samimiy xotiralar yozishibdi. Eh-eh…
Pul bormi, kitob tayyor! Hozirgi noshirlarning qoʻshigʻiga oʻynaydigan payt keldi. Kattagina pul evaziga, ikki hafta oʻtar-oʻtmas qalin muqovali, yuziga kulib turgan domlaning osmonga singib ketayotgan surʼati tushirilgan xotira kitob tayyor boʻldi. Ilk nusxasini qoʻlimga olganimda, toʻqqiz oy bola koʻtarib, azoblanib tuqqan ona kabi tanamda gʻalati qaltiroq turdi, hayajon bosib gapirolmay qoldim. Hatto koʻzlarimga yosh keldi. Keyin kursdoshlar bilan yangi xotira kitobini “yuvdik”. Faqat boshqa kafeda. Yana bir kitobga vaʼda berib qoʻyishdan qoʻrqdim! Lekin oʻsha joyda bu xotira kitobning taqdimotini keng va tantanavor oʻtkazish taklifi koʻtarildi. Xotira kitobi taqdimoti uchun besh yulduzli mehmonxona tanlandi. Barcha xotira sotganlar chaqiriladigan boʻldi. Albatta, bu menga juda xush yoqdi.
Kitob taqdimotiga sanoqli kunlar qolganda domlaning oila aʼzolaridan birini chaqirish fikri qayerdandir miyamga kelib qoldi. Shundagina katta xatoga yoʻl qoʻyganimni anglab qoldim va bundan qoʻrqib ketdim. Xotira kitobini tayyorlashga tayyorlabmiz-u, professorning oilasini xabardor qilishni unutibmiz. Qovun tushirish deganlari shu boʻlsa kerak.
Yuragimni qoʻrquv, hadiksirash tutib ketdi. Axir kimningdir otasi yoki bobosi haqida kitob yozib (gap xotira kitob haqida ketyapti), oilasini bexabar qoldirish, buning ustiga taqdimotga sanoqli kun qolgandagina chaqirish ularni haqorat qilishga teng emasmi?! Bizda ham bir-ikki qogʻoz xotira topilardi, deb qolsa nima qilaman? Shu paytgacha yozilgan xotira kitoblarda, albatta, marhumning biror yaqiniga soʻzi berilardi. Men esa Obidov oilasini eslamabman ham!
Domlaning uyini ming mashaqqat bilan topib (har tugʻilgan kunda uyiga borib, oyat-u kalima oʻqib qaytamiz, deya xotira sotgan shogirdlar aslida ustozning qaysi uyda yashaganini ham bilishmas ekan) borganimda yuragim hadikdan qattiq tebranardi. Bola-chaqasi gʻirt oʻzbek boʻlsa-ku, xoʻp xoʻp… Bir ilojini qilib tushuntirsang boʻladi. Agar boshqa millat vakili boʻlib chiqsa, koʻr tomoshani… Sudga berishdan ham tap tortmaydi… Mustamlaka davrida koʻpgina olimlarimiz mahalliy suluvlarni qoʻyib, oʻzga millat ayollariga uylanib, qora xalqqa “bagʻri kenglik” borasida namuna koʻrsatishganini oʻylab battar qoʻrqib ketdim. Nima boʻlsa boʻlar, deb zang bosgan temir eshikni taqillatib koʻrdim. Ichkaridan hech qanday sas eshitilmasdi. Hech kim yoʻq ekan, degan oʻy dadillik berib, vijdonim soʻrogʻidan qutilish uchun yana bir ikki eshik qoqishga jurʼat topdim. Hech kimi yoʻq uyning darvozasini tepishdan osoni bormi?!
Toʻsatdan eshik ochilib, boqilgan novvosday semiz bir xotin paydo boʻldi. U menga azaliy dushmanga qaraganday qovogʻini uyib qarar, afti-angori, rang-tusidan oʻzbek ayollariga oʻxshamasdi. Egnidagi libos na ichki, na tungi, na uy kiyimiga oʻxshar, hammasining vazifasi aralashib ketgan qandaydir mato edi. Ayolning tez-tez, hansirab nafas olishidan yarim ochiq koʻkraklari oʻynar, gavdasi tor yoʻlakni toʻldirardi.
– Nima kerak senga?
Men bu savolga aniq javobim yoʻqligi uchun emas, unga qaysi tilda javob berishni bilmay bir dam gapirolmay qoldim.
– Nima kerak senga? Elektr pulini allaqachon toʻlaganman. Anavi, Aktamga? Nima, u meni laqillatib ketdimi? – birdan oʻzbekcha gapira ketdi xotin.
– Yoʻq, yoʻq… Biz kitob yozgandik – dovdirab qolganimdan oʻzbek tilida ham ravon fikrimni tushuntirib berolmasdim. Xonim esa meni noqonuniy pul undirishga kelgan elektrik deb, jirkanib qarab turardi.
– Biz xotira kitobini tayyorlagandik – dedim nihoyat.
– Qanday kitob? Nimalar deyapsan, kap-katta erkak? Kitob oladigan ahmoq emasman? Boshqa ish qilsang oʻlasanmi? Kutubxonam toʻla kitob, ahmoqlar! – u shartta orqasiga burilib ketmoqchi boʻldi. Bir amallab toʻxtatib qoldim.
– Toʻxtang-toʻxtang, biz domla haqida kitob yozgandik, fan doktori, professor Obidov haqida, taniysizmi?!
Uning birdan nigohi oʻzgardi. Menga boshdan oyoq qarab chiqdi. Katta koʻkraklari hamon tez-tez koʻtarilib tushardi.
– U haqida kitob yozdinglarmi?
– Ha, buning uchun sizdan ming bora uzr soʻrayman, xotira kitobini, avvalo sizning latif va samimiy soʻzlaringiz bilan boshlashimiz kerak edi… Xudo xohlasa, kelasi safar, nimalar deyapman oʻzi! Keyingi kitoblarda, demoqchiydim, bu xatoyimizni tuzatamiz… Shuning uchun uzr soʻrayman… Mana bu kitob sizga…
– Man nima qilaman buni? Bizdan buning uchun bir soʻm ham ololmaysan! – u kitobning yuziga ham qaramay qoʻllari bilan nari itardi.
– Pul kerak emas, tekinga. Shunchaki professordan estalik sizga. Keyin sizni taqdimotga taklif qilmoqchiydik. U yerda… ham kitob tarqatamiz… – negadir soʻzlarim endi tili chiqqan bolakay kabi chalkash-chulkash, ovozim esa borgan sayin ingichkalashib ketayotganday edi.
– Ichkariga kir…
– Rahmat! – dedim biroz tetiklanib. Keyin u astoydil uyga boshlayotganini koʻrib, jon holatda qarshilik qildim. – Ey, yoʻq-yoʻq, men ketaman…
– Kirsang-chi! – dedi u dadillik bilan. – Kitobni oʻziga berasan!
– A?!
Butun tanam muzlab ketdi. Uning nima deganini toʻliq hazm qilolmadim. Xotin esa meni qoʻllari bilan imlab ichkariga chorlardi, toshday qotib turaverdim. Oxiri baqirdi: “Tez roq boʻl, axir!” Xonaga kirishim bilan gʻalati, qoʻlansa hiddan koʻnglim aynidi. Shu payt oyoqlarim ostidagi mushukni koʻrib, qoʻrqqanimdan uni eshik tomonga tepib uchirib yubordim. Yaxshiyam bu qiligʻimni uy egasi koʻrmadi. Mushuk ham tepkiga urgangan shekelli, miq etmay dumini muzatgichga ishqalab nari ketdi.
Yo, Xudoyim, ichkari xonaga kirishim bilan dahshatdan qulab tushishimga oz qoldi. Bir paytlar oq rangda boʻlgan isqirt yotoqda bir burda boʻlib professor Obidov qoʻlidagi qip-qizil olmani yutaqib kavshagancha yotardi. Yuzining yarmi bujmaygan, qiyshaygan, siyrak sochlari esa parday oppoq edi.
Qoziqday qotib qolgandim. U bilan nima haqda gaplashganimizni ham eslolmayman. Ammo miyamda orqamga yashirishga urinayotgan yostiqday katta, toshday ogʻir xotira kitobi charx urib aylanardi. Oh, uning yigirma ming tarqalgan nusxalari-chi?
Nima boʻladi endi yigirma mingta soxta xotiraga!
Taqdimot-chi, mualliflar-chi, tarix-chi, bechora tarix?!
Eh, aytgandim-a, koʻnglim chopmayapti deb. Hamma-hammasini: soxta xotira sotgan olimlarni ham, unutish kasaliga chalingan jamiyatimizni ham, tirik odam haqida xotira kitobi yozgan laʼnati qoʻllarimni ham koʻrishga koʻzim, otishga oʻqim yoʻq! Nahot xotira borasida ham shunchalar ahmoqman, shoshqaloq, oqibatsizman…
Ammo, nega faqat men aybdor boʻlishim kerak! Oʻz xotirasini sotganlar-chi, ular begunohmi? Siz-chi? Axir siz ham professorning tirik yo oʻlikligini bilmasdingiz-ku… Nahot, xotiralarimiz shunchalar tor, xor va zabun boʻlsa?!
Kitobni bir amallab yashirishim yoki oʻqday otilib chiqib ketishim mumkin edi. Boshida shunday qilmoqchi boʻldim, ammo qochib qayerga ham borardim, axir yoʻlda meni har tarafga tarqab ketgan minglab yolgʻonga toʻla xotira kitoblar kutib turardi.
Yigit kishi faqat aytgan gapiga ham emas, yozganiga ham javob berish kerak. Shuning uchun, nima boʻlsa boʻlar, professorga oʻzi haqidagi xotira kitobini tirik oʻqish imkoniyatini yaratib berdim. Axir har zamonda ham bunday baxt kamdan kam odamlarga nasib etadi!
Uning chalajon, qoqsuyak qoʻllari qaltirab, siniq, xira koʻzlari kitobga yeb qoʻyguday boʻlib yopishib, tanasi esa “xotira kitob”ga singib borayotgan bir paytda, nimagadir birinchi marta qilgan ishimdan mamnun boʻldim. Ha-ha, sevina boshladim. Axir, shuncha qilingan mehnat besamar ketmabdi. Bu xotira kitobni dunyoda faqat bir kishigina shunday dahshatli ishtiyoq bilan oʻqishi mumkin edi, u ham boʻlsa xotirlanyotgan odamning oʻzi. Xotira kitoblari faqat mana shunday tasodif tufayli tirik chiqqan “qahramonlar”gagina kerak, aslida! Ammo boshimda bu kitobning hali yigirma mingta nusxasi bor. Shuncha soxta xotirani nima qilaman? Kimga oʻqitaman, kimga kerak buncha yolgʻon xotira, kimga..?
2018