Shahriyor Shavkat. Yangi she’rlar

37    Шаҳриёр Шавкат бугунги шеъриятимиз майдонига кириб келган ёш ижодкорларнинг бири. Бугунги саҳифамизда унинг янги шеърлари билан танишинг.

Шаҳриёр ШАВКАТ
ЯНГИ ШЕЪРЛАР
022

* * *
Хафасан…032
Синдириб майин нигоҳни,
Осмонга қадайсан дағаллик билан.
Бўйнимга илгин-у барча гуноҳни,
Сийлаб тур шу тотлиғ гўзаллик билан!

Хафасан.
Ўпкамга тиқилиб қолар
Заҳароб мастликдан унган нафасим.
Шодумарг фикратим кофур тус олар,
Ҳавасим келади сенга, ҳавасим!

Хафасан!
Хафасан!
Сендаги ғашлик
Бағоят ҳузурли, ғоятда форам.
Биз оғир сукутлар ичра курашдик,
Курашдик гоҳи шод, гоҳи ложарам.

Энг юксак қоядай баногоҳ нураб,
Англадинг озорнинг муқаддаслигин.
Хафасан –
бахтлисан!
Ва сенга қараб,
Ғашимни келтирар хафамаслигим…

* * *
Бир ҳарир замҳарир кезар юракда,
Исинмоқ истарам кўзларинг ичра.
Вассасиз қарлуғоч бўлсам керакда,
Юрибман саморанг борлиққа сачраб.

Бир ситам истарам андуҳи тотлиғ,
Ложувард изтироб чўлғаса буткул.
Андалиб гуноҳлар айласа қуллуғ,
Алданиб-алданиб гул ўлса кўнгул.

Бир ҳазин муаззин товуши чорлаб,
Дунёга келганим рост бўлса агар,
Хуфтонда эриган ялдои қорлар
Либоси кўнглумга мос бўлса агар,
Нечук сув кўксинда тураман чанқаб,
Нечук ўт бағринда музлайман ахир?
Нечук оч умидга умримни тираб,
Бетаъма шахсимдан топаман таҳқир?!

Бир ҳоли зардоли соясини бер,
Кўзларинг тафтин ҳам унутма, қумрим,
Руҳимни элписин ҳайёмона шеър
Ва мангу туйилсин шу лаҳза умрим…

* * *
Ҳали сиз гулларни ўпганингиз йўқ,
Бир малак сочини ҳидламадингиз.
Дарёлар бўйида чопганингиз йўқ,
Ярим ой кўксини бутламадингиз.
Ғозларни қучоқлаб йиғламоқни ҳам
Очиғи, хаёлга келтирмагансиз.
Товонни қитиқлаб турганда кўклам,
Ўпкани ҳавога тўлдирмагансиз.
Адирда энтикиб чопмоқ қаёқда,
Каштадор ўтовда қимиз симирмоқ,
Қаёқда узанги илиб оёққа,
Туркона қирларда қирғий қидирмоқ?!
Ҳали сиз дунёга келганингиз йўқ,
Ҳали сиз гўдаксиз
ва ёки ҳолсиз,
пастқам бир кулбада бешон, беҳуқуқ,
алаҳсираб ётган мудроқи чолсиз!
Уйғонинг, биродар, уйғонинг энди,
Қисирлатиб ташланг умуртқаларни,
Қиличдай йигитлик мағрибга эниб
кетганда,
бир тутам умр қоларми?!

* * *
Қуюндек айланур идишда қаҳво…
Шаҳарнинг кўзига қўна бошлар чанг.
Дераза ортида қуюқ можаро –
Борадир кун ва тун ўртасида жанг…

Мен сени ўйлайман, ғизолим!

Кирадир жанггоҳга ой қўшинлари,
Қаролиғ урилур шашти нужумга.
Чақмоқдек зулумот кўксини ёриб,
Башашвор булутлар ўтар ҳужумга!

Мен сени ўйлайман, ғизолим!

Ўжар тун сулҳга кўнмайди чоғи,
Кунчиқар томонга йўллайди жосус.
Илиниб қоладир ойнинг ўроғи
Тиллоранг зардоли шохига туйқус…

Мен сени ўйлайман, ғизолим!

Кўзимдан жилмайди мунис қиёфанг,
Барибир хулосам узлатга котиб.
Барибир тинмайди бу муқаддас жанг,
Барибир зардоли остида ёти-иб,
Мен сени ўйлайман, ғизолим!

* * *
Ўтар ўз бахтининг баҳридан
Жавонда “Навоий”, “Қошғарий”.
…Бир қаро сабуҳнинг бағрида
Ўларман –
Саннайди
Сочларинг…
Йиғилур ғариб-у ғуробо,
Руҳимни елпийди муаззин.
Бурчакда йиғлайсан, дилрабо,
Тулавзо,
Бесадо
Ва ҳазин…
Фаришта –
(либоси банорас)
Ёнимдан жилмайиб ўтар жим.
Кимдир ваъз ўқийди басма-бас,
Бу не сас?
Топилмас
Мутаржим…

Бир дунё
Дунёни қолдириб,
Кетарман. Демангиз ортиқ сўз!
Мозорим бошида ўлтириб,
Қатра нур
Йиғлаюр
Шафақтус…

Гапимни кўтармай юрганлар
Танимни кўтаргай елкада.
Бир қайта ўқилур шеърларим
Гилослар гуллаган ўлкада…

Ўларман.
Саннайди
Сочларинг!..

* * *
Тулпорим сувлади,
Узоқ сувлади…
Кўзини атрофга ташламади ҳам.
Синмади
сувдаги
сурати,
Ютиниб-ютиниб, пишнамади ҳам.
Мен ҳалал бермадим хаёлларига,
Тоғларни кузатди,
яшил тепани…
Чимдиб ҳам кўрмади боя олдига
Ўриб келтирганим – барра бедани.
Қизнинг кипригидек киприкларини,
Қизнинг сочларидек ёлларини ҳам
Оҳиста силкитди.
Кейин эриниб
Ташлади киборлар сингари қадам.
Очиғи,
жонивор мендан са-ал хафа,
Қадалиб турибди кўнглига тикан.
Кўпкари боргандик
Томоша учун,
У бир қўл човаман деб ўйлаб экан…

Тулпорим сувлади,
Узо-оқ сувлади…

* * *
Солланар шотутнинг барглари,
Шаҳарнинг уйқуси буғланар.
Кишварим,
Савсарим,
Қайсарим,
Елкамни келтирдим –
Йиғлама!..

Банорас булутлар бир сипо,
Томчилар ҳавода тиғланар.
Шундоғам фусусим беҳисоб,
Елкамни келтирдим –
Йиғлама!..

Хаёлнинг сочлари
сарсари
шамолнинг шавқида доғланар.
Эй манинг кўзёши кавсарим,
Елкамни келтирдим –
Йиғлама!..

Адирда апрелнинг найсони
Тақмоқда сабуҳий сирғалар…
Шабнамим,
Ғизолим,
Шаъбоним,
Елкамни келтирдим –
Йиғлама!..

* * *
Қададим осмонга ойни тугмадек,
Ечилиб кетмасин туннинг либоси.
Руҳ ила ҳаловат ичра ухладик,
Ёрнинг сочларини юракка босиб.
Тингладик шафтоли гуллари мисол
Майин тушларимиз мусиқасини.
Кўксимда нима бор, қарлуғоч, ғизол
Ва ё зуҳуротнинг мусичасими?!
Билмадим.
Билганим – илиди қўйним.
Бу кеча не фусус, не ҳузур насиб?
Бунда бор дунёни унутиб қўйдим,
Йўқолиб қолгунча туннинг тугмаси…

* * *
Мен ошиқ эмасман
ва ёки шоир,
Дейишим ҳам қийин “расо инсонман”.
Бир дам ўзингизни ўрганмоқ учун
Сизга юборилган парча имконман.
Куласиз.
Ранжийсиз.
Туясиз таҳқир.
Мен чидаб бераман бари-барига.
Ҳамма ҳавас билан қарайди ахир
Умрида кўрмаган ҳаво шарига.
Баъзан буғланади тафаккур баҳси,
Ечимлар жангларнинг ҳомиласидир.
Эҳтимол севги ҳам севгимас асли
Ҳиссий хоҳишларнинг ҳосиласидир…
Мен ошиқ эмасман
Ва ёки шоир,
Ўрганиб юрибман дунёни, холос.
Менга тақдим этар бир олам фикр,
Бир қадар зиддият,
Қатра эҳтирос.
Феълим шу –
Барчанинг завқига ҳоким
Бўлмоқ илинжида айтмоқ қўшиқлар,
Аммо бир панд берса менга бирор ким,
Унга ёпилади барча эшиклар!
Поёнсиз бўшлиқда адашар идрок,
Обрў деб руҳингни қийнамоқ нечун?!
Менга ҳамроҳ керак фикр-у зикри пок
Энг тоза туркулар куйламоқ учун!

* * *
Бир ёнда истило, бир томонда жанг,
Бир ёнда дасиса, бир ёнда ғулув.
Дунёни музлаткич ичида сақланг –
Айнияпти у…
Истибдод қўл солмиш пок хазинага,
Турар биров тўқим, биров тўн қовиб.
Дунёни ўтказинг иссиқхонага,
Ҳамма бир-биридан бормоқда совиб…
Чуқурроқ тортинг-да тамакингизни
Тутунга тўлдириб ташланг ҳавони,
Дунё “жонимиздан бездирди” бизни,
Хуллас сиз бир ёқли қилинг
дунёни…

* * *
Кўзимни юмарман –
Миноралардан
Қулайди биллурдек тасаввурларим.
Идроким чайқалиб нафас оларкан
Силайди қуёшнинг асов нурларин.
Қўлимни ёзарман –
Худойим менинг!
Туз билан қоришган шаккарга қуллуғ,
Юборган дардларинг мулойим сенинг,
Тишимни синдирган жавдарга қуллуғ!
Тилимни тиярман –
Қанча машаққат
Ридосин ёпинмиш сукунат иши?!
Айниқса, фармонда бўлмаса шафқат,
Айниқса, ҳаммасин англаган киши
жим турса,
жим юрса,
оғзида талқон!
Кетмасми бошларнинг калласи ғовлаб?!
Ҳайқиргинг келади: Ёлғон!
Бу ёлғон!
Қултой жандасида юрибди ёвлар!
…Юзимни тўсаман –
Қизийди елкам,
Устма-уст қамчининг чарсиллашлари…
Қанисан ғужури ўзидан улкан
Буюк боболарнинг барсин лашкари?!
Ўзимни осаман
Сукунатимга,
Кўмарман,
Очилиб қолар жасадим.
Мендан аввал ўлиб кетган инимга
Ҳасадим келади,
Фақат ҳасадим!

* * *
Сув остида сўзлар балиқлар,
Масала бор,
Ечим қизиқмас.
О, уларнинг чўнг овозлари
юқорига чиққанда чиқмас.
Юқорида –
хусусий ҳаво
Ва эркин сўз бўлар барида.
Ҳаво тўлиб қолармикан ё
Ўпкаларига?

Ҳа-я, ўпка!
йўқ-ку уларда,
Ҳақлари ҳам ўпкаламоққа.
Гарчи қуёш сув тагида ҳам
ўт-ўланга ўт қаламоқда.
Масалан сен,
гапирмоқчисан,
Йўқ, умуман сўзонғич учун
Фарқи нима сув ости, усти…
Остин-устун бўлмасми очун?!

Сув тубига!
Янаям чуқур
Кириб бор-ей, қўрқув лашкари.
Фақат шунда ҳуқуқинг бўлур
Гунглик билан гурунглашгани.

* * *
Фақат баҳор ҳақида куйла,
Сени ғиппа бўғганида куз!
Ўтирмагил ўзингни ўйлаб,
Кўзларида кўзингни юргиз!
Юрагингда чопсин йўрғалар,
Кураш илми – руҳингга мактаб.
Қўшиқ айтгил қора қарғалар
Ичра оққуш кўркини мақтаб!
Баралла айт!
Кўнгил – илоҳанг
Симирмасин кечалар уйқи.
Сачраб турсин кўзингдан оҳанг,
Исёнингдан изтироб юқи.
Қолипни буз –
Барига рухсат!
Гар томоғинг қонаса, чида!
Эрк ҳақида сўз очмоқ – уят
“Тўққиз бўғин”, “бармоқ” ичида.
Бардош зарур
Ва кенг хулоса,
Сўнгра кибр бандини ечгин.
Ўпкангга сўз тиқилиб қолса,
Ёрдам бера олмайди ҳеч ким!

* * *
Бизга буткул бошқа ранг керак,
Бошқа сезим, бошқача идрок.
Ярақласин онгда гулдурак,
Янгиласин дунёни атрок!

Сачраб кетсин борлиққа турку,
Мусиқорлар учганда туйқус,
Навоийдан териб татаббуь,
Учиб ўтсин Ҳумо ва Қақнус!

Керак эмас баайни мозий
Нафасида инграйдиган най.
Бизга зарур Чўлпон овози
Жадидчилик замонларидай!

Сўз янграсин қатъий ва ҳалол,
Жарангласин сози илвасин!
Ғоя эса “Миллий истиқлол”
Китобидан кўчирилмасин!

Чиқсин элнинг юкин елкада
Ортмоқлашга қодир йигитлар,
Барс бўкириб юрган ўлкада
Ғингшимасин ялоқчи итлар!

Бунинг учун бошқа шашт керак,
Бошқа сезим, бошқача идрок.
Ярақласин онгда гулдурак,
Янгиласин дунёни атрок.

* * *
Новвотдек ёшлигим бормоқда эриб
Замҳарир нигоҳлар исканжасида.
Шаҳарманд ўпкамни февралга бериб,
Куйларман баҳорга вазмин қасида…
Бир гўзал кутмоқда
Шаҳрисабзда,
Тўн қовиб, йўқотиб ангишвоналар…
Ғалати кемтик бор пойтахтимизда –
Баҳорда қилинмас “Дарвешона”лар.
Бунда жўраларим
ва жазманларим
Қишлоқи қалбимни ҳис этармиди?
Тутантириқ бўлса бор ёзганларим,
Кимнингдир кўнглини иситармиди?
Илдиз отармиди юрагимда бахт,
Манман тўдалардан қутулсам тамом?
Кетсам бир ёни сув,
бир ёни дарахт,
Ялпизлар яйраган дарёлар томон!
Кетсам шеър қайнаган давралардан ҳам,
Руҳимни, жисмимни ямласа узлат,
Ярми одамтус-у
ярми муттаҳам
бўлган издиҳомда юрибман музлаб…

Замҳарир нигоҳлар исканжасида
Шаҳарманд ўпкамни февралга бериб,
Куйларман баҳорга вазмин қасида:
“Новвотдек ёшлигим бормоқда эриб…”

* * *
Ўқувчи зерикиб қай бир дарсидан,
Танаффус сўзини талаффуз этар.
Мактабнинг сершовқин деразасидан
Учирма қилинди қоғоз кабутар…

Унда хаёллар бор, унда ҳадик бор,
Мактуби бор балки бирортасининг.
Титроғини мужассам саҳнага илк бор
Чиқаётган балет раққосасининг.
Оҳиста тебранар қоғоз кабутар,
Бағрига битилган ўлчовми, бирлик?
Эҳтимол чизилган рангсиз булутлар,
Эҳтимол туроқсиз шеърга асирлик?!.
Балки тақриз этиб бир норасида
Умумий тенглик ё ҳуқуқ илмини
Ёзгандир Африка саваннасида
Устига сув пуркаб турган филними?..
Ярадор қўл билан Ғарбий бўлмани
Душмандан асраган аскарга савол,
Ньютон бошига тушган олмани
Судга топширишни ёзган эҳтимол?
Ва ёки Ватанни қоғозда “севиб”,
Овози чиқмаган жанобларга хат?
Товуқдай бош билан мансабни қувиб,
Томошабин йиққан жаллобларга хат?
Билмадим, қизишдим гап орасида,
Билганим – келажак натижа кутар.
Ҳозирча мактабнинг деразасидан
Учирма қилинди қоғоз кабутар…

* * *
У шеърин ўқирди минбарда,
Мен эса айтардим ростини:
“Виждон йўқ шоирда, виждон йўқ,
Шеър – ҳаёт завқининг аксидир!”

Халойиқ! Қайтинг бу хатодан,
Заволдир хаёлий ҳақиқат.
Не бўлса, аввало Худодан,
Бу ёлғон!
Бас, чекманг азият!

Шоир шеър ўқирди минбарда,
Муҳаббат, матонат ҳақида.
Басма-бас байтлари авж парда,
Ҳаловат, ҳақиқат ҳақида!

Тиззамни тупроққа ботирдим,
Бақирдим чўккалаб бардавом.
“Виждон йўқ шоирда, виждон йўқ!”
Йўқ мени тингламас кар авом!

Шеър тамом.
Чалинди чапаклар,
Эгадир ҳар ким бир маънига.
У томон отилди чечаклар,
Таҳсинлар айтилди шаънига.

Мен эсам…
ў, шўрлик мен эсам,
Билардим шоирнинг кимлигин!
Чунки мен мулзам ва муттаҳам,
Ўзимга ёқмасди жимлигим!..

Ҳа, рост! Мен ҳайқирдим барчага,
Лек сўзим етмади ҳеч кимга!
Ҳа, рост мен бақирдим барчага –
Ичимда бақирдим,
ичимда…

МАҒЛУБ КАПИТАН

Уйғондим.
Кўзимга урилди қуёш.
Шўрланган ўпкамда зўриқди нафас.
Тепамда ёт байроқ тебранар ювош,
Билдимки, бу кема меники эмас…
Капитан!
Мен ҳозир қайси бўлмада,
Қайси тоғорада ётибман писиб?!
Бақирдим. Овозим?!.
Йўқ-йўқ, бўлмади!…
Уриндим, қўзғалиш этмади насиб.
“Бургут”ни чорладим.
Келмади. Демак,
Кечаги тўфондан тўқилган қафас.
Билдимки, жамоам – жанггоҳга эмак…
Билдимки, бу кема меники эмас!..
Меники эмасдир энди озодлик,
Меники эмасдир саховат, карам.
Не бўлсин бу фурсат руҳимга шодлик –
Меники эмас-ку капитанлик ҳам?!.
Шу байроқ тикилган кема асоси
Элкамга чилвир-ла боғланмасайди,
Қилич, болталарнинг ҳовурин босиб,
Кетардим ўз кемам томонга қайтиб!..
Ялангтус кўксимга ўралар арқон.
(Мурдани денгизга отарлар, демак…)
Мен ҳозир. Мана, бас!…
Тупураман қон!
Мен ахир кемамга қайтишим керак!

Барибир кемамга қайтишим керак! . .

ВЫЙСОЦКИЙга

Бугун кўп ўйладим Владимирни,
Фикримни ханжардек тортиб кетди ғаш.
Ўйладим,
Дунёга қайтарми энди
У каби бажуръат, эркакча куйлаш?!
Ёрилиб, йиртилиб қароқлар ичра
ҳайқириқ ясарди ҳис дарчалари.
Чақнарди гитара,
дағал гитара!
Сачрарди симлардан муз парчалари!..
Харсангтош устида куйлар эди у,
Булутларга қараб, тоғ каби мағрур,
Абад кўзларидан қўрқарди қўрқув,
Қалбида қатъият,
созида ғурур!
…Ажриқ босиб кетди.
Қурумтомоқлар.
Етимча илтижо, итдек ириллаш…
Қани у арслондек осмонга қадар
дангал наъра тортиб, босиқ хириллаш?!
Қани эй, тулпорда жарлик ёқалаб
ёқасидан олмоқ мулозаматнинг?!
Қани эй, кучингиз етса, амаллаб
томоқ томирларин сиз ҳам қонатинг.
Қонатинг кўзингиз томирларини,
Бўридек ғашининг олчоққа қараб!
Иғвони, нифоқни, жами-барини
Янчиб ташланг!
Недир қўрқмоққа сабаб?!
Бугун кўп тингладим Владимирни,
Унда рост жасорат, ростона тирнаш.
Уқдимки, мардона товуш тасвири,
Таснифи – қатъият, қашқирча кураш!..
Англадим, даҳолик қисмати худди
Катта бир китобдан юлинган қоғоз.
Бутун борлиқ аро кезиб юрибди
Бир лаҳза осмонга сачраган овоз!..

* * *
Эшиги ёпилди осмоннинг…
Урилганча симларга нохуш,
Патирлаб қидирар имконни
Эркинлиги эзғиланган қуш…
Кетаркан қарамай додига
Топталгач ҳалоскор ҳуқуқлар,
Илжаяр симларнинг ортида
Парвозга парвосиз махлуқлар!
Ёз ўтди,
Куз ўтди,
Қиш кирди…
Қўйвормас бу қаттол бедодлик,
Пат сочди, дод сочди, қичқирди:
Озодлик!
Озодлик!
Озодлик!
…Ўҳ, унинг ҳуррият, ҳуқуқга
Қоришиқ маслагин таҳқирлаш,
Руҳини номаълум ҳудудга
Тортқилаб саволга занжирлаш,
Занжирлаш эркпараст вужудин,
Бесабаб қафасга тортмоқлик,
Нечоғлиқ ваҳшийлик бус-бутун,
Нечоғлиқ аҳмоқлик, олчоқлик?! !
Кенгликка санчилган нигоҳин
Кирланган тирноқла йиртмоқлик,
Сайрашга ундовлар гоҳ-гоҳи
Бўғарди бўйнини сиртмоқдек!
…Кун кеча шамолни елпиган
Патлари потирлаб титилди.
Қақшади мадори
Ва қушча
Қанотин ке-энг ёйиб
Йиқилди! . .
(Бу марҳум маҳбусга тикилиб
Турмоқлик лаззатми кишига?!)
Сўнг очиб қўйдилар, бир кулиб,
Қафаснинг
панжара
эшигин…

БАРС

Ёқутдек муаллақ осмон тагидан
Кукундек сочилур қорлар басма-бас…
Паҳлавон чўққилар кекирдагига
Суллонин ботириб бораётир Барс!

Юнглари сидирар кузнинг қорини,
Нафасин тафтидан эрийди харсанг.
Ҳансираб ташлайди панжаларини,
Кўзлари: Тоғларни тешиб юборсанг!

Дейсизки, “Ўлжанинг дардида дастлаб,
Тамшаниб ютинган лахта-лахта қон,
Оҳунинг томоғин хаёлда ростлаб,
Бормоқда ларсиллаб чўққилар томон! ”

Йўқ!
Мутлоқ ташвиши тирикчиликка
Тириклик маъносин алишмаган у!
Бормоқда бошқа бир мақсадда тикка,
Бормоқда, бошқадир иштиёқ, ружу!

Ҳўв-в ўша юксакда, эрк истагида,
Овози тошларга чизганича дарз,
Валломат чўққилар кекирдагига,
Панжасин ботириб, ўкирмоқчи Барс!

Токи демасинлар уни қариган,
Токи билиб қўйсин душман-у қондош!
Оқсоқол тоғларнинг элкаларида
Битта Барс яшайди уларга ёндош! . .

* * *
Дилимда най инграр ғизолий
Товуши вазмин-у нолавор.
Астробод сургуни мисоли
Бир эзғин, бир ҳазин, жолакор…

Туркулар куйламоқ истарам,
Истамам оҳангсиз тонгларни,
Юрагим энг юксак ҳис билан
Куйласа, бу борлиқ тингларми?

Истарам самовий тулпорда
Ҳайқириб чопмоқни, истарам!
Елкамга етганда шунқорлар
Чақмоқни ўпмоқни истарам!

Узилган тасбеҳдек тўкилса,
Мен ўтгач юлдузлар қатори!
Ҳў-ў, десам юксакдан шу фурсат
Чалинса атрокнинг дутори!

Чалинса рубобий эътиқод,
Ситилса ҳазинлик ва ситам!
Кўзимни юмсам-у шу заҳот
Куйласам, куйласам, куйласам!

Туркулар куйламоқ истарам!

* * *
Мен сенга оҳуни келтирдим,
Гулларни келтирдим тупроғи билан.
Шаънингга таҳсинлар билдирдим,
Шеър айтдим меъёрдан кўпроғи билан.

Мен сенга шамолни келтирдим,
Пардаларни елпиб қўйди у.
Қаламни хонангда қолдирим
(Қайтишимга сабаб керак-ку!)

Мен сенга орзулар келтирдим,
Денгизларинг бериб юборди.
Кулгичли юзингни кулдирдим,
Нигоҳим руҳимни суғорди.

Мен сенга ўзимни келтирдим,
Аммо эта олмадим тақдим.
Муюлишда йўқотиб қўйдим,
Кўзларингни кўрганим вақти…

* * *
Кўрдингизми, қайта кўришмоқ
Азобининг кўзёши тотлиғ.
На тазарру, на-да уришмоқ
Завқ бермайди кўнгилга ортиқ.

Кўрдингизми, парвоздан карахт
Бургутларнинг қисмати шундай –
Қанча баланд учганин фақат
Қулаётган вақтда тушунгай!

Кўрдингизми, Худо меҳрибон,
Бизга берди майин айрилиқ,
Сиздан совиб кетмадим ҳамон,
Исботи шу –
Сўзларим илиқ…

Мендан ўтди. Иқрорман. Узр.
Билишимча, юрагингиз ғаш.
Кўрдингизми, нақадар ҳузур
Кимнидир жим қизғониб яшаш?!

* * *
Парвоз этар момақаймоқлар
Шамолларда тебранган кўйи,
Жим ётаман майги ўтлоқда,
Кафтларимга бошимни қўйиб.

Ойдай сокин, қуёш каби тинч
Сезим қоплар юрак қаърини.
Безаётир сувоқранг ўпич
Қашқадарё соҳилларини.

Симираман қуюқ шамолдай
Идрокимга сиғмас туйғуни:
“ Мен дунёни нега ёмонлай?
Ахир Тангрим яратган уни!”

Манов майса, мана бу тоғлар –
Бари-бари менга берилган.
Ҳамон учар момақаймоқлар,
Оёқларим чалиштирилган.

Бир ёнда ўт, бир ёнда пичан –
Ҳал қилади тўриқнинг диди…
Сув тубидан димоғимгача
Сузиб келар балиқнинг ҳиди.

Қўзичоқлар шавқини
Эпкин
Келтиради шуурим тараф.
Мен ё-о-отибман,
юрагим сокин,
Жим-м ётибман Худога қараб!..

Парвоз этар момақаймоқлар…

Ёлғилзик

Шамларни ёқ.
Мактуб – столда.
Мактубни ёқ хижолат қилмай.
Тасвиримни чизиб хаёлда,
Бир лаҳза жилмай…

Мусиқа.
Ярқироқ ғурубдан
Вужудимга ўрмалар фараҳ,
Чайқатиб, чайқалиб турибман –
Қўлимда қадаҳ!..

Бармоқларим ботар пуштиранг
Либосинг чирмашган белингга.
Аввал ерга қарайсан аранг
Ва менга…

Елкамдан сирғалар қўлларинг,
Атрингга лиқ тўлади ўпкам.
Менга қандай жоду йўлладинг –
Ўпганим-ўпган?!

Бутун умр яшашга шошдик,
Киприклардек яқиндир висол.
Бир лаҳзада мангу туташдик –
Шу ҳолингда қол…

* * *
Сен билан бошлаган китобим
Охирига этар лаҳзада.
Тазодга чидайман,
итобим
овозимга олов тақса-да!

Сен билан бошлаган шаробим
Охирига этади зумда.
Қуйганинг майми ё гулобми –
Шунча сафо борми узумда?

Ҳа-а,
биламан, оққушқанотим,
Ким айтарди:
“Мен – абадийман!”
Сен билан бошлаган ҳаётим
Охирига этмаса дейман!

* * *
Белгиланган тақвимда байрам,
Хонанинг бир бурчида гулдон.
Безатилган катта стол ҳам,
Ҳозирланган чекишга кулдон.
Деразалар очиб қўйилган,
Атрланган хона ҳавоси.
Қадаҳларга шароб қуйилган,
Мусиқани кутар маросим.
Шам ёнади. Ишорат кутиб,
Бир кўз юмиб олади чироқ.
Қимтинади тортмада мактуб,
Бир четида тағин лаб бўёқ.
Жавондаги китоблар обдон
Тартибланган байрам баҳона.
Барчаси тахт
ва эрталабдан
Пойабзални кутар остона…
Ким экан у толейи гулгун,
Ким экан у шодлиги бекам?
У ёғига қизиқмоқ нечун?..
Белгиланган тақвимда байрам!

* * *
Юрагимни осаман дорга…
Куй истайман ухлагунча то.
Радиони ёқиб,
деворга
суянаман:
“Бесаме мучо…”
Тораяди кўкрак қафасим,
Ғижимланар ҳисларимгача.
Томоғимда оғрир нафасим:
“Мени яхши кўрардинг кеча!..”
Сочларингни эслайман кейин,
Чуқур нафас оламан туйқус.
Елкамизга суянган қайин,
Япроқ томиб турган тошҳовуз.
Эр – тараша.
Осмон – лойсувоқ.
Эзғиладик келида вақтни.
Бахт ҳақида ўйладик узоқ,
Бахт томирни кесиб қонатди.
Яшаяпмиз
шамолга чўкиб,
Ингранади озурда имдод.
Мен барчани кечираман, хўп,
Кечирсанг бас осуда ҳаёт…

* * *
Бухоронинг кулчаларида
Қуёш таъми сузарми, ажаб?!.
Бухоронинг кўчаларида
сокин борар
Ибодат Ражаб…

Кулоҳий гумбазлар оралаб,
Одимлайди мўьжаз Долонга.
Бозоршабдан ҳол-аҳвол сўраб,
Юзланади Минор томонга.

Узо-оқ қараб қолади унга,
Узоқ қараб қолар Минор ҳам.
Бир-бирини тамом тушунган,
Бир-бирига бермоқчи ёрдам.

Қизаради кўнгли бўш ғуруб,
Ҳозир юрак – симобми, қатрон.
Қизгинасин юпатмоқ бўлиб,
Зирак тутар Тоқи заргарон.

Аммо шоир кўнмайди бунга!
Тиланмайди кимҳоб ўлтириб,
“Мана!”– дейди сайдойи дунга
Ҳовучига ҳаво тўлдириб…

Унга фақат Бухоро керак,
Баҳоуддин руҳи шодлиги.
Бор бойлиги – тўпори юрак
Ва пирларга зурриётлиги.

Лаби Ҳовуз.
Унинг қаърига
Тикилади кекса шотутлар.
Бухоронинг кўчаларига
Қара-аб ўтар порсо булутлар.

* * *
Соғинганда, Румийни ўқинг,
Хилватгина уйда, жимгина.
Билмам сизга қай бири яқин:
Ахматова ёки Марина…

Соғинганда, Пушкинни ўқинг,
“Йироқ соҳил ва ўзга ҳаёт…”
Турку тинглаб, рўмолча тўқинг,
Овунтирсин сизни хаёлот.
Истасангиз, Лермонтов мана –
“Демон” деган зўр достони бор.
Тамаранинг кўнгли – хазина,
Аммо шўрлик
Иблисга хуштор…

Манзилига этмайди қарғиш,
Ғазабланиш хунук қоида.
Сурат ёқиш, хатларни йиртиш,
Сизга айтсам, бермайди фойда.

Яна шу гап. Байронни ўқинг,
Бобурними
Ва ёки Машраб…
Бир хоинни ўйлашдан кўра,
Туюқларни ёдламоқ шараф!

Фақат ўқинг. Осон йўли шу.
Бир уммонми ёки бир ютум.
Масалан мен. Кўзни юмдим-у,
Бошқаларни шундай унутдим…

* * *
Руҳимиз чирмашиб нури ҳилолга,
Ҳуримиз маҳфилин этса зиёрат,
Йиғласа, ёшидан битса зироат,
Куйласа, куйидан томмаса ғашлик.

Руҳимиз тирмашиб сароб саволга,
Қидирса дунёдан бошқача дунё,
Сидирса сабри-ю аҳдини хулё,
Йиқилган эридан судраса даштлик.

Руҳимиз суяниб қолса хаёлга,
Най берса, куй берса фузул қумоғлик:
“Ёр, сандан узоғлик – жондан узоғлик,
Йўлингда музладим, ёниб оташдек!”

Руҳимиз эврилиб синиқ сополга,
Бор ана, дунёни тўкдим деёлса,
Риндона ридони сўкдим деёлса,
Демакким, тупроққа қайта туташдик…

Руҳимиз чирмашиб нури ҳилолга,
Ҳуримиз маҳфилин этса зиёрат…

* * *
Автобус бу – ям-яшил булут.
Деразаси – музлаган ҳаво.
Тебранганча эснайди сукут,
Осмон эса биллурранг мато.

Уловларга равон йўл тилаб,
Кузатаман атрофни хушҳол.
Тинчиб қолар ғуррасин силаб,
Эманларга урилган шамол…

Одимлайман.
Қишлоқи ғурур
менсимайди расо шаҳарни.
Эслайверар юрагим қурғур
Ҳовлимдаги зардолиларни.

Қулоғимдан тортади наво,
Аланглайман атрофга туйқус.
Най пуфлайди куйфуруш гадо,
Куйи эса ўзидан маъюс.

Асабимни бузар санъатнинг
Йўл четида ечинётгани.
“Асролмасанг, нега яратдинг,
Инсоф қани, эътиқод қани?”

Асабимни ямар санъатнинг
Қўл чўзгани ожизларга ҳам.
Таъзим сенга, инсониятнинг
Нажодкори саналган ситам!

Мени ямлаб юборар садо,
“Шамолман-ку!
Наҳот унутдинг?!”
Хаёлимга зарб берар аммо
Чўнг сигнали
“яшил булутнинг”…

* * *
Илтифотнинг ортиқчаси – қарз.
Қайта-қайта берилмас қайтим.
Биров айбин одамларгамас,
Бир ўзига жилмайиб айтдим.
Дангал гапим –
Баъзида ҳасад
ўрмалади кўзим томирин
aтрофида.
Аммо бирор вақт
Ажратмадим ғазабга ўрин…
Алишмадим тунимни тонгга.
Ўзимники бўлди кибр ҳам.
Лаънат! Агар бирор инсонга
Ғуссами-дард тилаб ўтирсам!
Лаънат бўлсин!
Қачонки, ожиз
кимсаларнинг гапин чайнасам!
Санчилганда сабримга бигиз,
хира тортса мен ичган қасам!
Бир осмон тун
ва бир ҳовуч нур!..
Тан оламан буни, очиғи,
Таранг кураш ичра тобланур
йигитликнинг йилдирим тиғи!
Хўмрайишми?
(Масалан сиздай)
Эплайман-у, кўрмам ўзга эп.
То дийдамдан ғужурим сизмай,
яшашим шарт сизга жилмайиб!
У ёғига…
(Ҳамма ёғига!)
Худо подшо,
Худо меҳрибон!
Балки бошлар тамуғ бағрига,
Балки йўллар жаннатга томон!
Балки бошқа, бизга номаълум,
Макони бор менга аталган?!
Унгачами?
Сизга табассум
Япроқ ёйган кўзим қадалган…
* * *
Оловтўш совутим совимай туриб,
Қайта кирмоқдаман муҳорабага.
Ёлворар ёвзада, қонталаш ғуруб,
Забаржад булутлар тушар орага…
Дунёни кечириб бораётирман,
Бетизгин йилларнинг қонидан кечиб,
Ўв, қайтмас бекларим эгарда турган,
Қўзғалинг, Ватан деб қуюқ онд ичиб!
Яшаманг жўмардлик жомидан айро,
Маст бўлинг музаффар қадаҳлар тутиб.
То улус солмасин дод-у вовайло,
Ётмасин тупроқда изтироб ютиб.
Муқаддас Туроннинг қашқирларисиз!
Ғашининг димиққан тоғларга қараб.
Магар сиз минбар-у, нурдан нарисиз,
У ерда албатта кўппаклар ҳурар.
Писинманг тўралар, отилинг олға,
Сиздаги жасорат яшиндайди-ку?!
Ғанимлар бостириб келганда дарға
Кеманинг остига яшринмайди-ку?!
Ўв, маним бекларим, бекинмоқ нечун,
Нечун эй, тўшларни ботириш эрга?!
Ёқадан олганда келажак бир кун,
Кимларни сўкасиз, кимларни тергаб…
Шаҳид шерикларни икки ён суриб,
Тулпорга юклайсиз ё аробага.
Унгача совутлар совимай туриб,
Қайтинг!
Қайтиб киринг
Муҳорабага!

* * *
Муин БСИСУга
Ишониб югурдим ким нима деса,
Фаҳмимда бари рост,
бари муқаддас,
Мен кўтариб чопган байроқлар эса
Ўзимникимас!..

Бири қизил эди,
Бири зангори,
Бирининг рангини билмайди ҳеч ким.
Тушундим, ўкиндим,
қўзғади орим –
Ва битта-битталаб баридан кечдим!
Аммо қўшинларим олдида кимман,
Ким дейди мени деб жон тикканларим?
Манфурлар манфаат шавқида зимдан
Боққанда, ростмиди ҳадикканларим?!
Ростмиди руҳимнинг эътиқодини
Музаффар байроқлар остига судраб,
Кутганим ғолиблик мукофотини,
Топганим жирканч бир тусдаги қудрат?!
Нималар битилур муқаддимада,
Қай номга тиркалар мендаги зафар?
Наҳотки, йўқ эдим ушбу кемада,
Наҳотки, косамга солинган заҳар?
Йўқ, бунга жимгина чидамоқ мушкул,
Токай ютаётган нафасим ҳаром?!
Манфур байроқларни йиқмоқлик учун,
Мен ўз байроғимни топаман, тамом!

* * *
Сузгил эй,
Мудраган мозийни чайқат,
Элт бизни нажотга, Нуҳнинг кемаси!
Феруздан, Мунисдан, Огаҳийдан айт,
Эй туркий тилимнинг тирик шеваси!

Эй, жўмард боболар тиклаган бино,
Фозиллар силаган нақшинкор сутун,
Паҳлавон Маҳмудлар симирган ҳаво,
Эй, дунё аҳлига мураббий будун,
Ниҳоят, менга ҳам этибдир насиб
Бир тутум тупроғ-у, бир ютум сувинг!
Эй, ҳарир саболар, кўнглимда эсиб,
Изтироб униққан руҳимни ювинг…
Нечук ўртамизда ижтиноб, кадар?!
Хива,
деворингда хомуш ўтирдим.
Ўттиз уч зинадан елкангга қадар
Вазмин борарканман, тасбеҳ ўгирдим…

Ўйласам, яшабмиз фақат гап сотиб,
Аъёнларга ҳуқуқ,
хонларга қуллуқ…
Сал кенгроқ бўлмабмиз, бунинг исботи –
Ҳўв Калта Минорнинг чўгирмаси йўқ!..
…Ва лекин муқаррар сенда салобат,
(Паловга қўшилмас ахир курмаклар…)
Ҳамонам нуроний кўчангда савлат,
Ҳамонам имонда шотутюраклар…

Сузгил эй,
Мудраган мозийни чайқат,
Элт бизни нажотга, Нуҳнинг кемаси!
Феруздан, Мунисдан, Огаҳийдан айт,
Эй туркий тилимнинг тирик шеваси!

* * *
Бир дам ўз-ўзингни зўр шоир дейсан,
Кейин жим қоласан –
Бари ҳавойи.
Хаёлинг бурчида камтарлик билан
Жилмайиб туради Ҳазрат Навоий.
Бир дам ўз-ўзингга жангнома битиб,
Тиришсанг, ёдингга қуйилар масъуд –
Филнинг оёғига кўксини тутиб,
Мардона хўрсинган Паҳлавон Маҳмуд.
Бир дам ўз-ўзингни зўр меъмор санаб,
Номингни буркайсан зеб-у зафарга.
Кейин жим қоласан, бир муддат қараб
Боболар безаган минораларга.
Шу йўсин шахсингга маломат қадаб
Турганда, отилур ичингдан овоз:
“Бир дам ўз-ўзингни зўр шогирд ата,
Авлод бўл, аввало, аждодларга хос!”
“Аммо аждодларнинг (бу бошқа исён)
Бари ҳам фозил-у фаришта эмас.
Ҳамиша топилган маддоҳ-у нодон,
Ҳамиша урчиган иғво-ю ғараз!”
Бижғийди гумонлар дақиқа сари,
На ором, на мадад берар юракка.
Ғижимлаб, отасан –
Ҳақиқатларинг
Беўхшов шеър каби тушар челакка.
Рубобдек чертилур асаб торларинг,
Сўнг нечук бўласан узлатга тобе…
Руҳингни овутар тарафдорларинг:
“Бир дам ўз-ўзингни яхши одам, де…”

12.05.2019
Хива

* * *
Вазият устига йиқилди режа,
Музаффар ашъорлар этилди ғорат.
Фасл бир аксириб олди, натижа:
Кечаги саждалар бугун – ҳақорат!..

Яллолар битганда, қадаҳлар бўшаб,
Фосиқлар югурмиш тусаб таҳорат,
Подшоҳлар ўзгарди, маддоҳлар ўша,
Кечаги саждалар бугун – ҳақорат!..

Ватан – бу чопондир яқоси сарғиш,
Ё қайта бўёққа кирган иморат.
Асосдан кўчмишдир рангларга тафтиш,
Кечаги саждалар бугун – ҳақорат!..

Авомнинг азалий таркиботи жўн –
Ялқовлик бижғиган онгдан иборат.
Қуроққа қўшилар тунов кунги тўн,
Кечаги саждалар бугун – ҳақорат!..

Ҳар йўқсил бўйинга солинган каманд,
Ёвқур нигоҳлардан қочган ҳарорат.
Қачон биз борича тан оламиз, тан?
Кечаги саждалар бугун – ҳақорат!..

Инчунин, подшолик кулоҳи оғир,
Шарт бирда назокат, бирда назорат.
Эртани ўйлаймиз, эртани ахир –
Кечаги саждалар бугун – ҳақорат!..

* * *
Шамширлар тирнамиш қанотимизни,
Бўронлар чорламиш гирдибодига!
Бирга-бир тикканмиз ҳаётимизни,
Бобо Алишернинг ёруғ ёдига!

Бу асов туйғулар тутмасдан асо,
Борурмиз басма-бас, ёвга қасдма-қасд!
Томирда кўпирмиш алқасос ва ё
Бобо Темурбекнинг журъати чапдаст!

Силамиш ханжарлар тамоғимизни,
Ғужурдан топурмиз ютунмоққа куч!
Баҳмалда кўмилиб қолган илдизнинг
Кўрасиз, япроғи ўч бўлади, ўч!

Манфурлар қунишгай талваса ичра,
Чақчайган кўзлари сўнар дақиқа,
Кўрасиз, тупроқдан чиқадир сачраб,
Минг йиллаб интиқом кутган ҳақиқат!

Чиқадир маърифат фидоийлари,
Устидан тупроқни қоқилаб бир кун,
Чиқадир Хайёмнинг рубоийлари,
Дунёни шаробдек ҳўпламоқ учун!

Қарсакдан қаварган мағрур Ватанга
Жилмайиб қўядир муршидларга хос!
Ҳошимни тупуриб ташлар аланга,
Оловни оловдан этгани халос!

Унгача… Ҳали бор озгина фурсат,
Санчилиб ётибдир руҳларга ҳадик,
Биз ҳамон ўйлашга сўраймиз руҳсат,
Биз ҳамон журъатни ўрганолмадик.

Унгача…
Тилига кўзмунчоқ тақиб,
Олчоқлар тобласин куракларини,
Ҳар битта новдасин этганча таъқиб,
Бирма-бир қирқамиз куртакларини!

Келадир! Қон қусиб ётган Ватанга!
Ў! Таранг тортганча ғурур торларин
Маддоҳларга қарши киргани жангга,
Ҳақгўйлик ва мардлик тарафдорлари!

Шамширлар тобламиш овозимизни!
* * *
Бир куни дастёри Қуръон бўламиз,
Бир куни дўст-ёри камрон бўламиз.
Бир куни рафтори шаъбон бўламиз,
Бир куни қалб тори тарлон бўламиз.
Бир куни қашқирлар қайтадир юртга,
Бир куни дашт-қирлар айтадир турку!
Бир куни йўлини хинога буркаб,
Малаклар етаклаб келадир оҳу…
Бир куни жўрлашур рубоб-у танбур,
Бир куни “ёҳу”га дўнажак жимлик.
Бир куни чўғланур совиган тандир,
Бир куни тугайдир фузул етимлик.
Китоблар очилур, ўқилур қайта,
Топилур боболар кишвари қайда,
Банорас тўнлада тунар ғурурлар,
Кўнгилни осмонга йўналтирурлар.
Бир куни имонга қайтадир борлиқ,
Бир куни тўғонга урилур шашвор,
Қипчоғу, барлосу, кенагас, қарлуқ,
Бир тилда, бир элга айтадир ашъор.
Бир куни улуси достон бўламиз,
Бир куни елдирим, сурон бўламиз,
Бир куни ғужури бўрон бўламиз,
Бир куни барчамиз Турон бўламиз!..

* * *
Изтиробранг кўзёшларингиз
Томоғимга томар-у, чил-чил
Синиб кетар!
Сачрайди ожиз
Томчидаги маъсума кўнгил…
Ва ҳаққимга ўқийсиз обдон
Узун-узун тунларда қарғиш.
Қасд оласиз шеър-у китобдан,
Кўзларингиз тағин қизармиш…
Бўғзингизда димланар тамуғ,
Босинқираш босгани-босган.
Тушингизга кираман,
Ёруғ
хона ичра қора либосда…

Бармоқларим қонталаш юзлар
сиртида жим сирғалар-у, сўнг
Бир нафасда қолишар музлаб,
Бир нафасда ижро топар мунг.
Уйғонасиз.
Вужудда титроқ.
Ўлим руҳни турар қитиқлаб.
Ўлолмайсиз!
Ўлиш ҳам гуноҳ!
Ғижимлайсиз ёстиқни,
йиғлаб…
…Дарвоқе, мен…
Нимаси қизиқ?!
Кўзимда ўт, бўғзимда ханжар!
Бир ёнимда ададсиз қўриқ,
Бир ёнимда олов билан жар…

Тушингизга кираман,
Ёруғ
хона ичра қора либосда…

* * *
Ёмғирларга узоқ термулиб,
Пешайвонда ётган болалик.
Синглисига чопонин бериб,
Ўзи совуққотган болалик.
Ярим-яланг, дарё ёқалаб
Ниначилар қувган болалик.
Офтобага ҳар кун эрталаб
Эриниб юз ювган болалик…

Сигир боққан, кўкала чивиб,
Ярим-юлуқ қўшиқлар айтган.
Соясининг ортидан қувиб,
Сўнг соясиз уйига қайтган.
Узангига оёғи этмай,
Қовоғини уйган ўжарлик,
Қашқасининг ёнидан кетмай,
Ўғирлатиб қўйган ўжарлик…

Бир қорача қизнинг устидан
Борар экан даҳанаки жанг,
Синган тишин ерга туфлаган
ва ҳеч кимга айтмаган сатанг…
Бобосининг соқолин санаб,
Музқаймоқлар ундирган шоввоз.
Отасининг дўпписин “тўнаб”,
Чумбулига қўндирган шоввоз.

Болалик бу – қўнғироқ. Кириш!
Партадошнинг ўнғайсиз диди.
Кўйлагингга сиёҳ томдириш
Ва яп-янги китоблар ҳиди…
Кенжа ботир, Гуливер, Герда –
Оқшом олди кутилган эрмак.
Болалик бу – қачон, қаерда
Тугагани номаълум эртак…

* * *
Киприкларинг оғирлашди жим,
Кўтармоққа етмади кучинг.
Юзларингга ботди нигоҳим,
Шунда пайдо бўлди кулгичинг…

Шабнам каби нурга тўйинган,
Юрак зарбим билан ҳамоҳанг,
Битта-битта бармоқларингдан
Томчилади елкамга оҳанг!

Шарҳ-у шакли нимадир кузнинг,
Ноябрда гуллади очун,
Шивирладим, масъума қизнинг
Руҳи бўйлаб югурди афсун!

Эй телбалик ичра топганим,
Эй кўнглида ожиза журъат,
Худо берган ҳисни тотгани
Одамлардан сўрама руҳсат!

Ўз эркимни этгани таҳқир,
Ўзинг айт-чи, биров ҳақлими?
Кулгичингдан олганман ахир,
Сенинг бахтинг бўлиш бахтини!

* * *
Бир тулпор жиловин сўрайди тинмай
Бу тезоб, қизиққон, қашқача руҳим.
Осмонни кузатиб, оғир ютингай
Шамолни соғинган телба шукуҳим.
Бир тулпор жиловин сўрайди баттар,
Қани мард ҳиссимга муносиб рақиб?!
Бир ёнда дарё-ю
Бир томонда жар –
Ортимдан тоғларим этишса таъқиб!
“Ҳаҳ!” десам,
“Ҳайт!” десам,
Қамчини босиб!
Бир асов кишнаса туёғи тошим.
Ўтсам ул сулувнинг йўлларин тўсиб,
Бостириб йўлласам кўнглига қўшин!
Шу асно бепоён кенглик оралаб
Серкашта тикилган ўтовга етсам.
Тун бўлса,
ёр бўлса тишлари садаф,
Бир тортиб, қўйнимда ўғирлаб кетсам!
Кетсам!
Кетаверсам мардона, масрур,
Пурвиқор руҳим-ай, зулфиқор руҳим!
Дастурсиз яшамоқ – феълимга дастур,
Номуқим ғалаён шаштимга муҳим!..
Бир тулпор жиловин сўрайди тинмай
Бу тезоб, қизиққон, қашқача руҳим…

* * *
Этик тозалатдим киборларга мен,
Супурги тутқаздим кибораларга.
Энг кўркам гилам бу – пойимда замин,
Шифтларни тўлдирдим ибораларга.
Мағрур кузатаркан ҳаётни илкис,
Япроқ қисирлатиб ташладим қадам,
Билдимки, ҳеч қисмат ўтмаган текис,
Билдимки, кимса йўқ тортмаган алам.
Донолар ўзича илми улуғвор,
Манглайда томири бўртар гоҳида.
Бир қадар ҳикмат ва ярим кулгу бор
Зўрларнинг зўриқиб яшамоғида.
Бошимга чойшабдек ташлаб қўйилган
Оқшомнинг юлдуздек тирқишларидан
Кузатдим болача қизиқиш билан –
Бахт яшаб юрибди биздан нарида…

* * *
Ҳасратимни элкамга илиб,
Сўрамасдан ҳатто кечирим,
Кетарканман, дединг қайрилиб:
“ Ўзингизни асранг, шоирим!..”
Қарамадим ортимга сира,
Топширилгач ҳижронга жангсиз.
Бу дунёнинг сурати хира,
Бу дунёнинг сийрати рангсиз.
Сен йиғладинг хонада ёлғиз.
Туни билан қилдинг ибодат.
Сенинг дардинг чексиз, ададсиз,
Менинг дардим сендан иборат!..
Кетдим!
Эшик оғир ёпилди,
Янграгандек эттинчи нота…
Ҳамма шеърим ўтда ёқилди,
Унда сен бор – ўткинчи хато!
Овунтирди руҳимни қирғоқ,
Ҳасратимни денгиз опичди.
Соҳилда жим…
Ўйладим узоқ
Биринчи ва сўнгги ўпични…
Чирмашганим шу мантиқ ҳамон
(Гарчи унинг индаллоси пуч):
Виждон бизни алдайди осон,
Виждон бизни чалғитувчи куч.
Ўша кун ҳам шу бўлди мавзу,
Фикратимиз батамом бошқа.
Тингла, дедим, сўнгги гапим бу,
Сен ҳақлисан бахтли яшашга!
Ва дардимни елкамга илиб,
Сўрамасдан ҳатто кечирим,
Кетарканман, дединг қайрилиб:
“Ўзингизни асранг, шоирим!..”

* * *
“Мен бошқани севаман, кечир,
У ҳам гўзал, бамисли лайли,
Гар алдасам, лабини тишлаб,
Қовоғини уйиб қарайди!”
Бу сўзимдан қўрқиб кетди қиз,
Шарт қаради кўзлари кўзгу.
“У ким?”– деди,
Лабини тишлаб,
Қовоғини уйиб олиб У!..

* * *
Қуёш кетганида ғурубга эниб,
Замин дуч келади бошқа савдога:
Бутун Тошкент ухлаб қолганда, сени
Ўғирлаб кетаман
Қашқадарёга!
Ҳуркитиб Сирдарё лайлакларини,
Жиззахда тулпорга тўқнашади тонг!
Самарқанд баҳорий кўйлакларини
силкитар
ва борлиқ ура бошлар бонг!
Ҳў-ў, ундан у ёғи – тупроқ остидан
Самога ўрлаган матонатимдир!
Энг баланд ҳисорий қоя устидан
Кўрганинг – жайдари салтанатимдир!
Мана шу –
Искандар навкарларини
Қиличдан ўтказган ори зада эл!
Мана шу –
Муқанна каби бағрини
Жангларга пешлаган оловзода эл!
Менинг томиримда қайнаётган қон –
Жаҳоннинг ярмини этиб назорат,
Тангри инояти билан бир замон
Муқаддас Туронни қурган жасорат!
…Сени ўғирладим.
Тушун, барини
Қонунга мувофиқ қилгайман мудом.
Дунёнинг энг гўзал санамларини
Кешга келтиришни буюрган бобом.

* * *
Мен кетаман.
Манов столда
Чайналади менинг ғийбатим.
Ким деворга суянган ҳолда,
Ким курсига…
Яна билмадим.
Нолимайман.
Ўтган умр шу.
Ғийбатларга ярайди, холос.
Афсусларга қўймасман ружу,
Хато қилмоқ одамзодга хос.
Ачинмайман.
Барига қуллуғ.
Қамаганман жаҳлимни ичга.
Синмаса бас имоним – улуғ
Руҳимдаги гирдибод ичра..

* * *
Меҳринг билан бўғмагин мени
Орамизга сочма дасиса.
Одам эркин нафас олар, бас,
Бўсалардан ўзини тийса…
Тан оламан, мени доимо
Асраш учун юрак тирнадинг.
Хавотирга солмоқда аммо
Олаётган хавотирларинг.
Кўзлар рақси, вужудлар васфи,
Таркиби жўн (тупроқми, ҳарсанг).
Ахир севги Ватан эмаски
Жонингни ҳам бериб юборсанг…
Ранжисанг-да, шудир хулоса,
Ташбеҳларга жавобим тазод.
Қачон бахтли яшай бошласа
Бахтсизликка чўкар одамзод.

* * *
Ўлим яқин…
Сезаяпман,
Бармоқларимдан
Томар бежон
томчи-томчи қон…
Бирда тўхтаб,
бирда судралиб,
Чиқиб кетар
томоғимдан
жон…
Сўнгги шеърим,
сўнгги хатларим,
Яқинларга мавзу-марсия.
Отамнинг рақамин ахтариб,
Билдиришар чуқур таъзия.
Ҳаёт маҳкам чангаллаб қолар,
Наволарга қоришган исми,
Кийимимни
ўпиб,
қучоқлаб
Йиғлаётган лайлиюз қизни…
Китобларим ранжийди мендан,
Ҳамма каби вақтинча уфлаб,
Жасадимга келиб яқиндан,
Кўрадилар номига нуқтаб.
Ўлим яқин.
Тобора яқин…
Уйда, йўлда, тушларимда ҳам,
Ёнгинамда юрибди секин,
Ёнгинамда,
шундоқ ёнгинам…
Ачинмайман.
Тишланмас лабим,
Фикрим кетган умримдан ўзиб,
Шоир дўстим айтгани каби:
Асл абсурд – ҳаётнинг ўзи…
Ачинмайман.
Ўлим яқин.
Шу.
Мен лойиқ деб сайланмакдаман.
Мен Тангримга бормакдаман-ку,
Мен Ватанга айланмакдаман…

Бирда тўхтаб,
Бирда судралиб,
Чиқиб кетар томоғимдан
жон…

* * *
Ток баргига сачраган
томчилардек кунларим
ғоятда ҳарир!
Балоғатга учраган,
сарвиқомат дилбарим,
ҳилватга чақир!

Қара, кузги даланинг
миришкори жўш уриб,
тинар-у, тўхтар…
Юрагим бу – Ватанинг,
Ватанингга бош қўйиб,
осуда ухла!

Ҳеч нимани ўйлама,
Қонунсизлик бу – қонун!
(оддий-мукаммал)
Борми яна бир нима
ҳадя ҳаётдан устун,
яшашдан афзал?!.

Ақл-у ҳушни йўқотдик!..
Кел бағримга, гавҳарим,
бошингни эгиб.
Чойга тушган новвотдек
Чарсилласин тишларим,
лабингга тегиб!..

* * *
Сен – осмонсан, чашми чарoғон,
Сен – иймонсан, далили иффат.
Сен – исёнсан феъли ноаён,
Сен – инсонсан фариштасифат!
Сенинг руҳинг шаффоф бағоят,
Муҳаббатинг муаззам сенинг.
Сен мутлақо бекамсан, фақат…
Фақат бекам эмассан менинг!..

* * *
Калитларни отдим.
Эшик тутқичи…
Нигоҳимни қўйиб юборди осмон.
Хонамда тентираб, изтироб ичиб,
Тинглайман лайли-ун қўшиқни нолон.
Қўлларим чўнтакда.
Деворда бошим.
Кўзларинг – бир тараф, видо – бир тараф
(Эҳтимол мумкиндир йиғлаворишим
ойнадаги ожиз кимсага қараб ).
Қўшиқ мавжланади ҳушни чайқатиб,
Авжларда сочилиб кетади киши!
Мени бурчаккача этади таъқиб,
(Ўҳ, унинг уз-о-оқдан қараб қўйиши!)
Телбатус қўшиғ-ов!
Қақнусрўй қўшиқ!
Ҳамон тугамади ситилиб ситам!
Ҳамон тугамади изтироб, азоб,
Ҳамон тугамади қарши ҳужум ҳам!
Ҳали аниқ эмас ким нега қодир,
Мен-ку тугатмадим ранжимни сочиб,
Фақат бир хавотир айланаётир –
Мендан аввал қўшиқ…
тугаб қолса-чи?!.

* * *
Пастлаб учар бургутлар
Қанотлари ҳориган.
Бойнинг қўзиси ўтлар
Тулнинг арпазорида.

Қултойни қўй, Ултантоз,
Юрагим ғаш, ичим ғаш.
Ботирларим жувонбоз,
Муллоларим чилимкаш.

Ҳамон ярим-ёртиман,
То эл ичра бор экан
Судхўрликнинг ортидан
Сутда чўмилган бадан.

Аё, ўзбек улусим,
Ўзим бўлай деган халқ,
Аввал ўғлиму қизим
Ундан кейин экан халқ.

Йўқ, жигарим, энди бас,
Қозонингни йиғиштир!
Ҳурлик тўйиб ейишмас,
Йўқсилларга беришдир!

Ҳали-бери буғдой йўқ,
Мудом тариқ эксалар.
Олиб юрар бизни Нуҳ,
Қирилгунча кексалар!..

Пастлаб учар бургутлар
Қанотлари ҳориган.
Бойнинг қўзиси ўтлар
Тулнинг арпазорида.

* * *
Шубҳа билан боқди ҳаммага,
Таҳрирларни таҳқир атади.
Йўқолмасин деди ва ҳатто
Ковушига тугма қадади.

Аммо бир кун…
(билмадим нима)
Ҳар гумонга кетма-кет учраб,
Ковушини йўқотиб қўйди
Тугмаланган ковушлар ичра!

* * *
Гар кишан тақсалар қўлимга бир кун,
Қуёшдан тўсилса ёвқур кўзларим,
Мен битта-битталаб санашим мумкин
Даставвал сотaди қайси дўстларим.
Ва илло қўрқмасман,
Йўлим ҳақми, бас!
Қаро сабуҳларга етади кучим,
“Бир бошга – бир ўлим” – ўлим нақлимас,
Жўмарднинг каломи экани учун.
Қадаҳлар тўқнашиб турибди ҳали,
Нигоҳлар сиртида дўстона босим.
Ҳозирча ихтилоф, нифоқдан нари
Адолиқ топмоқда силлиқ маросим.
Барибир биламан, кимда қайси ўй,
Қай соҳил ишқида сузмоқда кема.
Ай, фузул юрагим,
Қичқириқни қўй,
Бурғулар олдида сибизға нима?!
Ва илло демасман,
Умидингни уз.
Туркулар куйланмас кулиб, ҳиринглаб,
Турондай ватанни уматган улус
Тариқдай овозни турурми тинглаб?!
Эй туркий дўстларим,
Нафаси ёвқур!
Йиғиб қўйилмайди шамолда елкан.
Аввало, Туронга бир юрак зарур,
Юракки, салмоғи Турондан улкан!

29 Shahriyor Shavkat bugungi she’riyatimiz maydoniga kirib kelgan yosh ijodkorlarning biri. Bugungi sahifamizda uning yangi she’rlari bilan tanishing.

Shahriyor SHAVKAT
YANGI SHE’RLAR
021

Shahriyor Shavkat 1998 yilda Shahrisabz shahrida tug’ilgan. Shahrisabz akademik litseyini bitirgan (2013-2016), Shahrisabz «Yoshlar» kinoteatring «dyublyaj» bo’limida(2016), Respublika yosh ijodkorlar kengashida (2018-2019) ishlagan. Hozirda «Sharq yulduzi»ning sahifalovchi-dizayneri.
Shahriyor Shavkat «O’zbekiston bahori-2019» ijod festivali g’olibi, «Dunyo yosh turkiy yozarlar birligi» a’zosi.

* * *
Xafasan…
Sindirib mayin nigohni,
Osmonga qadaysan dag’allik bilan.
Bo’ynimga ilgin-u barcha gunohni,
Siylab tur shu totlig’ go’zallik bilan!

Xafasan.
O’pkamga tiqilib qolar
Zaharob mastlikdan ungan nafasim.
Shodumarg fikratim kofur tus olar,
Havasim keladi senga, havasim!

Xafasan!
Xafasan!
Sendagi g’ashlik
Bag’oyat huzurli, g’oyatda foram.
Biz og’ir sukutlar ichra kurashdik,
Kurashdik gohi shod, gohi lojaram.

Eng yuksak qoyaday banogoh nurab,
Anglading ozorning muqaddasligin.
Xafasan –
baxtlisan!
Va senga qarab,
G’ashimni keltirar xafamasligim…

* * *
Bir harir zamharir kezar yurakda,
Isinmoq istaram ko’zlaring ichra.
Vassasiz qarlug’och bo’lsam kerakda,
Yuribman samorang borliqqa sachrab.

Bir sitam istaram anduhi totlig’,
Lojuvard iztirob cho’lg’asa butkul.
Andalib gunohlar aylasa qullug’,
Aldanib-aldanib gul o’lsa ko’ngul.

Bir hazin muazzin tovushi chorlab,
Dunyoga kelganim rost bo’lsa agar,
Xuftonda erigan yaldoi qorlar
Libosi ko’nglumga mos bo’lsa agar,
Nechuk suv ko’ksinda turaman chanqab,
Nechuk o’t bag’rinda muzlayman axir?
Nechuk och umidga umrimni tirab,
Beta’ma shaxsimdan topaman tahqir?!

Bir holi zardoli soyasini ber,
Ko’zlaring taftin ham unutma, qumrim,
Ruhimni elpisin hayyomona she’r
Va mangu tuyilsin shu lahza umrim…

* * *
Hali siz gullarni o’pganingiz yo’q,
Bir malak sochini hidlamadingiz.
Daryolar bo’yida chopganingiz yo’q,
Yarim oy ko’ksini butlamadingiz.
G’ozlarni quchoqlab yig’lamoqni ham
Ochig’i, xayolga keltirmagansiz.
Tovonni qitiqlab turganda ko’klam,
O’pkani havoga to’ldirmagansiz.
Adirda entikib chopmoq qayoqda,
Kashtador o’tovda qimiz simirmoq,
Qayoqda uzangi ilib oyoqqa,
Turkona qirlarda qirg’iy qidirmoq?!
Hali siz dunyoga kelganingiz yo’q,
Hali siz go’daksiz
va yoki holsiz,
pastqam bir kulbada beshon, behuquq,
alahsirab yotgan mudroqi cholsiz!
Uyg’oning, birodar, uyg’oning endi,
Qisirlatib tashlang umurtqalarni,
Qilichday yigitlik mag’ribga enib
ketganda,
bir tutam umr qolarmi?!

* * *
Quyundek aylanur idishda qahvo…
Shaharning ko’ziga qo’na boshlar chang.
Deraza ortida quyuq mojaro –
Boradir kun va tun o’rtasida jang…

Men seni o’ylayman, g’izolim!

Kiradir janggohga oy qo’shinlari,
Qarolig’ urilur shashti nujumga.
Chaqmoqdek zulumot ko’ksini yorib,
Bashashvor bulutlar o’tar hujumga!

Men seni o’ylayman, g’izolim!

O’jar tun sulhga ko’nmaydi chog’i,
Kunchiqar tomonga yo’llaydi josus.
Ilinib qoladir oyning o’rog’i
Tillorang zardoli shoxiga tuyqus…

Men seni o’ylayman, g’izolim!

Ko’zimdan jilmaydi munis qiyofang,
Baribir xulosam uzlatga kotib.
Baribir tinmaydi bu muqaddas jang,
Baribir zardoli ostida yoti-ib,
Men seni o’ylayman, g’izolim!

* * *
O’tar o’z baxtining bahridan
Javonda “Navoiy”, “Qoshg’ariy”.
…Bir qaro sabuhning bag’rida
O’larman –
Sannaydi
Sochlaring…
Yig’ilur g’arib-u g’urobo,
Ruhimni yelpiydi muazzin.
Burchakda yig’laysan, dilrabo,
Tulavzo,
Besado
Va hazin…
Farishta –
(libosi banoras)
Yonimdan jilmayib o’tar jim.
Kimdir va’z o’qiydi basma-bas,
Bu ne sas?
Topilmas
Mutarjim…

Bir dunyo
Dunyoni qoldirib,
Ketarman. Demangiz ortiq so’z!
Mozorim boshida o’ltirib,
Qatra nur
Yig’layur
Shafaqtus…

Gapimni ko’tarmay yurganlar
Tanimni ko’targay yelkada.
Bir qayta o’qilur she’rlarim
Giloslar gullagan o’lkada…

O’larman.
Sannaydi
Sochlaring!..

* * *
Tulporim suvladi,
Uzoq suvladi…
Ko’zini atrofga tashlamadi ham.
Sinmadi
suvdagi
surati,
Yutinib-yutinib, pishnamadi ham.
Men halal bermadim xayollariga,
Tog’larni kuzatdi,
yashil tepani…
Chimdib ham ko’rmadi boya oldiga
O’rib keltirganim – barra bedani.
Qizning kiprigidek kipriklarini,
Qizning sochlaridek yollarini ham
Ohista silkitdi.
Keyin erinib
Tashladi kiborlar singari qadam.
Ochig’i,
jonivor mendan sa-al xafa,
Qadalib turibdi ko’ngliga tikan.
Ko’pkari borgandik
Tomosha uchun,
U bir qo’l chovaman deb o’ylab ekan…

Tulporim suvladi,
Uzo-oq suvladi…

* * *
Sollanar shotutning barglari,
Shaharning uyqusi bug’lanar.
Kishvarim,
Savsarim,
Qaysarim,
Yelkamni keltirdim –
Yig’lama!..

Banoras bulutlar bir sipo,
Tomchilar havoda tig’lanar.
Shundog’am fususim behisob,
Yelkamni keltirdim –
Yig’lama!..

Xayolning sochlari
sarsari
shamolning shavqida dog’lanar.
Ey maning ko’zyoshi kavsarim,
Yelkamni keltirdim –
Yig’lama!..

Adirda aprelning naysoni
Taqmoqda sabuhiy sirg’alar…
Shabnamim,
G’izolim,
Sha’bonim,
Yelkamni keltirdim –
Yig’lama!..

* * *
Qadadim osmonga oyni tugmadek,
Yechilib ketmasin tunning libosi.
Ruh ila halovat ichra uxladik,
Yorning sochlarini yurakka bosib.
Tingladik shaftoli gullari misol
Mayin tushlarimiz musiqasini.
Ko’ksimda nima bor, qarlug’och, g’izol
Va yo zuhurotning musichasimi?!
Bilmadim.
Bilganim – ilidi qo’ynim.
Bu kecha ne fusus, ne huzur nasib?
Bunda bor dunyoni unutib qo’ydim,
Yo’qolib qolguncha tunning tugmasi…

* * *
Men oshiq emasman
va yoki shoir,
Deyishim ham qiyin “raso insonman”.
Bir dam o’zingizni o’rganmoq uchun
Sizga yuborilgan parcha imkonman.
Kulasiz.
Ranjiysiz.
Tuyasiz tahqir.
Men chidab beraman bari-bariga.
Hamma havas bilan qaraydi axir
Umrida ko’rmagan havo shariga.
Ba’zan bug’lanadi tafakkur bahsi,
Yechimlar janglarning homilasidir.
Ehtimol sevgi ham sevgimas asli
Hissiy xohishlarning hosilasidir…
Men oshiq emasman
Va yoki shoir,
O’rganib yuribman dunyoni, xolos.
Menga taqdim etar bir olam fikr,
Bir qadar ziddiyat,
Qatra ehtiros.
Fe’lim shu –
Barchaning zavqiga hokim
Bo’lmoq ilinjida aytmoq qo’shiqlar,
Ammo bir pand bersa menga biror kim,
Unga yopiladi barcha eshiklar!
Poyonsiz bo’shliqda adashar idrok,
Obro’ deb ruhingni qiynamoq nechun?!
Menga hamroh kerak fikr-u zikri pok
Eng toza turkular kuylamoq uchun!

* * *
Bir yonda istilo, bir tomonda jang,
Bir yonda dasisa, bir yonda g’uluv.
Dunyoni muzlatkich ichida saqlang –
Ayniyapti u…
Istibdod qo’l solmish pok xazinaga,
Turar birov to’qim, birov to’n qovib.
Dunyoni o’tkazing issiqxonaga,
Hamma bir-biridan bormoqda sovib…
Chuqurroq torting-da tamakingizni
Tutunga to’ldirib tashlang havoni,
Dunyo “jonimizdan bezdirdi” bizni,
Xullas siz bir yoqli qiling
dunyoni…

* * *
Ko’zimni yumarman –
Minoralardan
Qulaydi billurdek tasavvurlarim.
Idrokim chayqalib nafas olarkan
Silaydi quyoshning asov nurlarin.
Qo’limni yozarman –
Xudoyim mening!
Tuz bilan qorishgan shakkarga qullug’,
Yuborgan dardlaring muloyim sening,
Tishimni sindirgan javdarga qullug’!
Tilimni tiyarman –
Qancha mashaqqat
Ridosin yopinmish sukunat ishi?!
Ayniqsa, farmonda bo’lmasa shafqat,
Ayniqsa, hammasin anglagan kishi
jim tursa,
jim yursa,
og’zida talqon!
Ketmasmi boshlarning kallasi g’ovlab?!
Hayqirging keladi: Yolg’on!
Bu yolg’on!
Qultoy jandasida yuribdi yovlar!
…Yuzimni to’saman –
Qiziydi yelkam,
Ustma-ust qamchining charsillashlari…
Qanisan g’ujuri o’zidan ulkan
Buyuk bobolarning barsin lashkari?!
O’zimni osaman
Sukunatimga,
Ko’marman,
Ochilib qolar jasadim.
Mendan avval o’lib ketgan inimga
Hasadim keladi,
Faqat hasadim!

* * *
Suv ostida so’zlar baliqlar,
Masala bor,
Yechim qiziqmas.
O, ularning cho’ng ovozlari
yuqoriga chiqqanda chiqmas.
Yuqorida –
xususiy havo
Va erkin so’z bo’lar barida.
Havo to’lib qolarmikan yo
O’pkalariga?

Ha-ya, o’pka!
yo’q-ku ularda,
Haqlari ham o’pkalamoqqa.
Garchi quyosh suv tagida ham
o’t-o’langa o’t qalamoqda.
Masalan sen,
gapirmoqchisan,
Yo’q, umuman so’zong’ich uchun
Farqi nima suv osti, usti…
Ostin-ustun bo’lmasmi ochun?!

Suv tubiga!
Yanayam chuqur
Kirib bor-ey, qo’rquv lashkari.
Faqat shunda huquqing bo’lur
Gunglik bilan gurunglashgani.

* * *
Faqat bahor haqida kuyla,
Seni g’ippa bo’g’ganida kuz!
O’tirmagil o’zingni o’ylab,
Ko’zlarida ko’zingni yurgiz!
Yuragingda chopsin yo’rg’alar,
Kurash ilmi – ruhingga maktab.
Qo’shiq aytgil qora qarg’alar
Ichra oqqush ko’rkini maqtab!
Baralla ayt!
Ko’ngil – ilohang
Simirmasin kechalar uyqi.
Sachrab tursin ko’zingdan ohang,
Isyoningdan iztirob yuqi.
Qolipni buz –
Bariga ruxsat!
Gar tomog’ing qonasa, chida!
Erk haqida so’z ochmoq – uyat
“To’qqiz bo’g’in”, “barmoq” ichida.
Bardosh zarur
Va keng xulosa,
So’ngra kibr bandini yechgin.
O’pkangga so’z tiqilib qolsa,
Yordam bera olmaydi hech kim!

* * *
Bizga butkul boshqa rang kerak,
Boshqa sezim, boshqacha idrok.
Yaraqlasin ongda guldurak,
Yangilasin dunyoni atrok!

Sachrab ketsin borliqqa turku,
Musiqorlar uchganda tuyqus,
Navoiydan terib tatabbuь,
Uchib o’tsin Humo va Qaqnus!

Kerak emas baayni moziy
Nafasida ingraydigan nay.
Bizga zarur Cho’lpon ovozi
Jadidchilik zamonlariday!

So’z yangrasin qat’iy va halol,
Jaranglasin sozi ilvasin!
G’oya esa “Milliy istiqlol”
Kitobidan ko’chirilmasin!

Chiqsin elning yukin yelkada
Ortmoqlashga qodir yigitlar,
Bars bo’kirib yurgan o’lkada
G’ingshimasin yaloqchi itlar!

Buning uchun boshqa shasht kerak,
Boshqa sezim, boshqacha idrok.
Yaraqlasin ongda guldurak,
Yangilasin dunyoni atrok.

* * *
Novvotdek yoshligim bormoqda erib
Zamharir nigohlar iskanjasida.
Shaharmand o’pkamni fevralga berib,
Kuylarman bahorga vazmin qasida…
Bir go’zal kutmoqda
Shahrisabzda,
To’n qovib, yo’qotib angishvonalar…
G’alati kemtik bor poytaxtimizda –
Bahorda qilinmas “Darveshona”lar.
Bunda jo’ralarim
va jazmanlarim
Qishloqi qalbimni his etarmidi?
Tutantiriq bo’lsa bor yozganlarim,
Kimningdir ko’nglini isitarmidi?
Ildiz otarmidi yuragimda baxt,
Manman to’dalardan qutulsam tamom?
Ketsam bir yoni suv,
bir yoni daraxt,
Yalpizlar yayragan daryolar tomon!
Ketsam she’r qaynagan davralardan ham,
Ruhimni, jismimni yamlasa uzlat,
Yarmi odamtus-u
yarmi muttaham
bo’lgan izdihomda yuribman muzlab…

Zamharir nigohlar iskanjasida
Shaharmand o’pkamni fevralga berib,
Kuylarman bahorga vazmin qasida:
“Novvotdek yoshligim bormoqda erib…”

* * *
O’quvchi zerikib qay bir darsidan,
Tanaffus so’zini talaffuz etar.
Maktabning sershovqin derazasidan
Uchirma qilindi qog’oz kabutar…

Unda xayollar bor, unda hadik bor,
Maktubi bor balki birortasining.
Titrog’ini mujassam sahnaga ilk bor
Chiqayotgan balet raqqosasining.
Ohista tebranar qog’oz kabutar,
Bag’riga bitilgan o’lchovmi, birlik?
Ehtimol chizilgan rangsiz bulutlar,
Ehtimol turoqsiz she’rga asirlik?!.
Balki taqriz etib bir norasida
Umumiy tenglik yo huquq ilmini
Yozgandir Afrika savannasida
Ustiga suv purkab turgan filnimi?..
Yarador qo’l bilan G’arbiy bo’lmani
Dushmandan asragan askarga savol,
Nьyuton boshiga tushgan olmani
Sudga topshirishni yozgan ehtimol?
Va yoki Vatanni qog’ozda “sevib”,
Ovozi chiqmagan janoblarga xat?
Tovuqday bosh bilan mansabni quvib,
Tomoshabin yiqqan jalloblarga xat?
Bilmadim, qizishdim gap orasida,
Bilganim – kelajak natija kutar.
Hozircha maktabning derazasidan
Uchirma qilindi qog’oz kabutar…

* * *
U she’rin o’qirdi minbarda,
Men esa aytardim rostini:
“Vijdon yo’q shoirda, vijdon yo’q,
She’r – hayot zavqining aksidir!”

Xaloyiq! Qayting bu xatodan,
Zavoldir xayoliy haqiqat.
Ne bo’lsa, avvalo Xudodan,
Bu yolg’on!
Bas, chekmang aziyat!

Shoir she’r o’qirdi minbarda,
Muhabbat, matonat haqida.
Basma-bas baytlari avj parda,
Halovat, haqiqat haqida!

Tizzamni tuproqqa botirdim,
Baqirdim cho’kkalab bardavom.
“Vijdon yo’q shoirda, vijdon yo’q!”
Yo’q meni tinglamas kar avom!

She’r tamom.
Chalindi chapaklar,
Egadir har kim bir ma’niga.
U tomon otildi chechaklar,
Tahsinlar aytildi sha’niga.

Men esam…
o’, sho’rlik men esam,
Bilardim shoirning kimligin!
Chunki men mulzam va muttaham,
O’zimga yoqmasdi jimligim!..

Ha, rost! Men hayqirdim barchaga,
Lek so’zim yetmadi hech kimga!
Ha, rost men baqirdim barchaga –
Ichimda baqirdim,
ichimda…

MAG’LUB KAPITAN

Uyg’ondim.
Ko’zimga urildi quyosh.
Sho’rlangan o’pkamda zo’riqdi nafas.
Tepamda yot bayroq tebranar yuvosh,
Bildimki, bu kema meniki emas…
Kapitan!
Men hozir qaysi bo’lmada,
Qaysi tog’orada yotibman pisib?!
Baqirdim. Ovozim?!.
Yo’q-yo’q, bo’lmadi!…
Urindim, qo’zg’alish etmadi nasib.
“Burgut”ni chorladim.
Kelmadi. Demak,
Kechagi to’fondan to’qilgan qafas.
Bildimki, jamoam – janggohga emak…
Bildimki, bu kema meniki emas!..
Meniki emasdir endi ozodlik,
Meniki emasdir saxovat, karam.
Ne bo’lsin bu fursat ruhimga shodlik –
Meniki emas-ku kapitanlik ham?!.
Shu bayroq tikilgan kema asosi
Elkamga chilvir-la bog’lanmasaydi,
Qilich, boltalarning hovurin bosib,
Ketardim o’z kemam tomonga qaytib!..
Yalangtus ko’ksimga o’ralar arqon.
(Murdani dengizga otarlar, demak…)
Men hozir. Mana, bas!…
Tupuraman qon!
Men axir kemamga qaytishim kerak!

Baribir kemamga qaytishim kerak! . .

VЫYSOTSKIYga

Bugun ko’p o’yladim Vladimirni,
Fikrimni xanjardek tortib ketdi g’ash.
O’yladim,
Dunyoga qaytarmi endi
U kabi bajur’at, erkakcha kuylash?!
Yorilib, yirtilib qaroqlar ichra
hayqiriq yasardi his darchalari.
Chaqnardi gitara,
dag’al gitara!
Sachrardi simlardan muz parchalari!..
Xarsangtosh ustida kuylar edi u,
Bulutlarga qarab, tog’ kabi mag’rur,
Abad ko’zlaridan qo’rqardi qo’rquv,
Qalbida qat’iyat,
sozida g’urur!
…Ajriq bosib ketdi.
Qurumtomoqlar.
Yetimcha iltijo, itdek irillash…
Qani u arslondek osmonga qadar
dangal na’ra tortib, bosiq xirillash?!
Qani ey, tulporda jarlik yoqalab
yoqasidan olmoq mulozamatning?!
Qani ey, kuchingiz yetsa, amallab
tomoq tomirlarin siz ham qonating.
Qonating ko’zingiz tomirlarini,
Bo’ridek g’ashining olchoqqa qarab!
Ig’voni, nifoqni, jami-barini
Yanchib tashlang!
Nedir qo’rqmoqqa sabab?!
Bugun ko’p tingladim Vladimirni,
Unda rost jasorat, rostona tirnash.
Uqdimki, mardona tovush tasviri,
Tasnifi – qat’iyat, qashqircha kurash!..
Angladim, daholik qismati xuddi
Katta bir kitobdan yulingan qog’oz.
Butun borliq aro kezib yuribdi
Bir lahza osmonga sachragan ovoz!..

* * *
Eshigi yopildi osmonning…
Urilgancha simlarga noxush,
Patirlab qidirar imkonni
Erkinligi ezg’ilangan qush…
Ketarkan qaramay dodiga
Toptalgach haloskor huquqlar,
Iljayar simlarning ortida
Parvozga parvosiz maxluqlar!
Yoz o’tdi,
Kuz o’tdi,
Qish kirdi…
Qo’yvormas bu qattol bedodlik,
Pat sochdi, dod sochdi, qichqirdi:
Ozodlik!
Ozodlik!
Ozodlik!
…O’h, uning hurriyat, huquqga
Qorishiq maslagin tahqirlash,
Ruhini noma’lum hududga
Tortqilab savolga zanjirlash,
Zanjirlash erkparast vujudin,
Besabab qafasga tortmoqlik,
Nechog’liq vahshiylik bus-butun,
Nechog’liq ahmoqlik, olchoqlik?! !
Kenglikka sanchilgan nigohin
Kirlangan tirnoqla yirtmoqlik,
Sayrashga undovlar goh-gohi
Bo’g’ardi bo’ynini sirtmoqdek!
…Kun kecha shamolni yelpigan
Patlari potirlab titildi.
Qaqshadi madori
Va qushcha
Qanotin ke-eng yoyib
Yiqildi! . .
(Bu marhum mahbusga tikilib
Turmoqlik lazzatmi kishiga?!)
So’ng ochib qo’ydilar, bir kulib,
Qafasning
panjara
eshigin…

BARS

Yoqutdek muallaq osmon tagidan
Kukundek sochilur qorlar basma-bas…
Pahlavon cho’qqilar kekirdagiga
Sullonin botirib borayotir Bars!

Yunglari sidirar kuzning qorini,
Nafasin taftidan eriydi xarsang.
Hansirab tashlaydi panjalarini,
Ko’zlari: Tog’larni teshib yuborsang!

Deysizki, “O’ljaning dardida dastlab,
Tamshanib yutingan laxta-laxta qon,
Ohuning tomog’in xayolda rostlab,
Bormoqda larsillab cho’qqilar tomon! ”

Yo’q!
Mutloq tashvishi tirikchilikka
Tiriklik ma’nosin alishmagan u!
Bormoqda boshqa bir maqsadda tikka,
Bormoqda, boshqadir ishtiyoq, ruju!

Ho’v-v o’sha yuksakda, erk istagida,
Ovozi toshlarga chizganicha darz,
Vallomat cho’qqilar kekirdagiga,
Panjasin botirib, o’kirmoqchi Bars!

Toki demasinlar uni qarigan,
Toki bilib qo’ysin dushman-u qondosh!
Oqsoqol tog’larning elkalarida
Bitta Bars yashaydi ularga yondosh! . .

* * *
Dilimda nay ingrar g’izoliy
Tovushi vazmin-u nolavor.
Astrobod surguni misoli
Bir ezg’in, bir hazin, jolakor…

Turkular kuylamoq istaram,
Istamam ohangsiz tonglarni,
Yuragim eng yuksak his bilan
Kuylasa, bu borliq tinglarmi?

Istaram samoviy tulporda
Hayqirib chopmoqni, istaram!
Yelkamga yetganda shunqorlar
Chaqmoqni o’pmoqni istaram!

Uzilgan tasbehdek to’kilsa,
Men o’tgach yulduzlar qatori!
Ho’-o’, desam yuksakdan shu fursat
Chalinsa atrokning dutori!

Chalinsa rubobiy e’tiqod,
Sitilsa hazinlik va sitam!
Ko’zimni yumsam-u shu zahot
Kuylasam, kuylasam, kuylasam!

Turkular kuylamoq istaram!

* * *
Men senga ohuni keltirdim,
Gullarni keltirdim tuprog’i bilan.
Sha’ningga tahsinlar bildirdim,
She’r aytdim me’yordan ko’prog’i bilan.

Men senga shamolni keltirdim,
Pardalarni yelpib qo’ydi u.
Qalamni xonangda qoldirim
(Qaytishimga sabab kerak-ku!)

Men senga orzular keltirdim,
Dengizlaring berib yubordi.
Kulgichli yuzingni kuldirdim,
Nigohim ruhimni sug’ordi.

Men senga o’zimni keltirdim,
Ammo eta olmadim taqdim.
Muyulishda yo’qotib qo’ydim,
Ko’zlaringni ko’rganim vaqti…

* * *
Ko’rdingizmi, qayta ko’rishmoq
Azobining ko’zyoshi totlig’.
Na tazarru, na-da urishmoq
Zavq bermaydi ko’ngilga ortiq.

Ko’rdingizmi, parvozdan karaxt
Burgutlarning qismati shunday –
Qancha baland uchganin faqat
Qulayotgan vaqtda tushungay!

Ko’rdingizmi, Xudo mehribon,
Bizga berdi mayin ayriliq,
Sizdan sovib ketmadim hamon,
Isboti shu –
So’zlarim iliq…

Mendan o’tdi. Iqrorman. Uzr.
Bilishimcha, yuragingiz g’ash.
Ko’rdingizmi, naqadar huzur
Kimnidir jim qizg’onib yashash?!

* * *
Parvoz etar momaqaymoqlar
Shamollarda tebrangan ko’yi,
Jim yotaman maygi o’tloqda,
Kaftlarimga boshimni qo’yib.

Oyday sokin, quyosh kabi tinch
Sezim qoplar yurak qa’rini.
Bezayotir suvoqrang o’pich
Qashqadaryo sohillarini.

Simiraman quyuq shamolday
Idrokimga sig’mas tuyg’uni:
“ Men dunyoni nega yomonlay?
Axir Tangrim yaratgan uni!”

Manov maysa, mana bu tog’lar –
Bari-bari menga berilgan.
Hamon uchar momaqaymoqlar,
Oyoqlarim chalishtirilgan.

Bir yonda o’t, bir yonda pichan –
Hal qiladi to’riqning didi…
Suv tubidan dimog’imgacha
Suzib kelar baliqning hidi.

Qo’zichoqlar shavqini
Epkin
Keltiradi shuurim taraf.
Men yo-o-otibman,
yuragim sokin,
Jim-m yotibman Xudoga qarab!..

Parvoz etar momaqaymoqlar…

Yolg’ilzik

Shamlarni yoq.
Maktub – stolda.
Maktubni yoq xijolat qilmay.
Tasvirimni chizib xayolda,
Bir lahza jilmay…

Musiqa.
Yarqiroq g’urubdan
Vujudimga o’rmalar farah,
Chayqatib, chayqalib turibman –
Qo’limda qadah!..

Barmoqlarim botar pushtirang
Libosing chirmashgan belingga.
Avval yerga qaraysan arang
Va menga…

Yelkamdan sirg’alar qo’llaring,
Atringga liq to’ladi o’pkam.
Menga qanday jodu yo’llading –
O’pganim-o’pgan?!

Butun umr yashashga shoshdik,
Kipriklardek yaqindir visol.
Bir lahzada mangu tutashdik –
Shu holingda qol…

* * *
Sen bilan boshlagan kitobim
Oxiriga etar lahzada.
Tazodga chidayman,
itobim
ovozimga olov taqsa-da!

Sen bilan boshlagan sharobim
Oxiriga etadi zumda.
Quyganing maymi yo gulobmi –
Shuncha safo bormi uzumda?

Ha-a,
bilaman, oqqushqanotim,
Kim aytardi:
“Men – abadiyman!”
Sen bilan boshlagan hayotim
Oxiriga etmasa deyman!

* * *
Belgilangan taqvimda bayram,
Xonaning bir burchida guldon.
Bezatilgan katta stol ham,
Hozirlangan chekishga kuldon.
Derazalar ochib qo’yilgan,
Atrlangan xona havosi.
Qadahlarga sharob quyilgan,
Musiqani kutar marosim.
Sham yonadi. Ishorat kutib,
Bir ko’z yumib oladi chiroq.
Qimtinadi tortmada maktub,
Bir chetida tag’in lab bo’yoq.
Javondagi kitoblar obdon
Tartiblangan bayram bahona.
Barchasi taxt
va ertalabdan
Poyabzalni kutar ostona…
Kim ekan u toleyi gulgun,
Kim ekan u shodligi bekam?
U yog’iga qiziqmoq nechun?..
Belgilangan taqvimda bayram!

* * *
Yuragimni osaman dorga…
Kuy istayman uxlaguncha to.
Radioni yoqib,
devorga
suyanaman:
“Besame mucho…”
Torayadi ko’krak qafasim,
G’ijimlanar hislarimgacha.
Tomog’imda og’rir nafasim:
“Meni yaxshi ko’rarding kecha!..”
Sochlaringni eslayman keyin,
Chuqur nafas olaman tuyqus.
Yelkamizga suyangan qayin,
Yaproq tomib turgan toshhovuz.
Er – tarasha.
Osmon – loysuvoq.
Ezg’iladik kelida vaqtni.
Baxt haqida o’yladik uzoq,
Baxt tomirni kesib qonatdi.
Yashayapmiz
shamolga cho’kib,
Ingranadi ozurda imdod.
Men barchani kechiraman, xo’p,
Kechirsang bas osuda hayot…

* * *
Buxoroning kulchalarida
Quyosh ta’mi suzarmi, ajab?!.
Buxoroning ko’chalarida
sokin borar
Ibodat Rajab…

Kulohiy gumbazlar oralab,
Odimlaydi mo’ьjaz Dolonga.
Bozorshabdan hol-ahvol so’rab,
Yuzlanadi Minor tomonga.

Uzo-oq qarab qoladi unga,
Uzoq qarab qolar Minor ham.
Bir-birini tamom tushungan,
Bir-biriga bermoqchi yordam.

Qizaradi ko’ngli bo’sh g’urub,
Hozir yurak – simobmi, qatron.
Qizginasin yupatmoq bo’lib,
Zirak tutar Toqi zargaron.

Ammo shoir ko’nmaydi bunga!
Tilanmaydi kimhob o’ltirib,
“Mana!”– deydi saydoyi dunga
Hovuchiga havo to’ldirib…

Unga faqat Buxoro kerak,
Bahouddin ruhi shodligi.
Bor boyligi – to’pori yurak
Va pirlarga zurriyotligi.

Labi Hovuz.
Uning qa’riga
Tikiladi keksa shotutlar.
Buxoroning ko’chalariga
Qara-ab o’tar porso bulutlar.

* * *
Sog’inganda, Rumiyni o’qing,
Xilvatgina uyda, jimgina.
Bilmam sizga qay biri yaqin:
Axmatova yoki Marina…

Sog’inganda, Pushkinni o’qing,
“Yiroq sohil va o’zga hayot…”
Turku tinglab, ro’molcha to’qing,
Ovuntirsin sizni xayolot.
Istasangiz, Lermontov mana –
“Demon” degan zo’r dostoni bor.
Tamaraning ko’ngli – xazina,
Ammo sho’rlik
Iblisga xushtor…

Manziliga etmaydi qarg’ish,
G’azablanish xunuk qoida.
Surat yoqish, xatlarni yirtish,
Sizga aytsam, bermaydi foyda.

Yana shu gap. Bayronni o’qing,
Boburnimi
Va yoki Mashrab…
Bir xoinni o’ylashdan ko’ra,
Tuyuqlarni yodlamoq sharaf!

Faqat o’qing. Oson yo’li shu.
Bir ummonmi yoki bir yutum.
Masalan men. Ko’zni yumdim-u,
Boshqalarni shunday unutdim…

* * *
Ruhimiz chirmashib nuri hilolga,
Hurimiz mahfilin etsa ziyorat,
Yig’lasa, yoshidan bitsa ziroat,
Kuylasa, kuyidan tommasa g’ashlik.

Ruhimiz tirmashib sarob savolga,
Qidirsa dunyodan boshqacha dunyo,
Sidirsa sabri-yu ahdini xulyo,
Yiqilgan eridan sudrasa dashtlik.

Ruhimiz suyanib qolsa xayolga,
Nay bersa, kuy bersa fuzul qumog’lik:
“Yor, sandan uzog’lik – jondan uzog’lik,
Yo’lingda muzladim, yonib otashdek!”

Ruhimiz evrilib siniq sopolga,
Bor ana, dunyoni to’kdim deyolsa,
Rindona ridoni so’kdim deyolsa,
Demakkim, tuproqqa qayta tutashdik…

Ruhimiz chirmashib nuri hilolga,
Hurimiz mahfilin etsa ziyorat…

* * *
Avtobus bu – yam-yashil bulut.
Derazasi – muzlagan havo.
Tebrangancha esnaydi sukut,
Osmon esa billurrang mato.

Ulovlarga ravon yo’l tilab,
Kuzataman atrofni xushhol.
Tinchib qolar g’urrasin silab,
Emanlarga urilgan shamol…

Odimlayman.
Qishloqi g’urur
mensimaydi raso shaharni.
Eslayverar yuragim qurg’ur
Hovlimdagi zardolilarni.

Qulog’imdan tortadi navo,
Alanglayman atrofga tuyqus.
Nay puflaydi kuyfurush gado,
Kuyi esa o’zidan ma’yus.

Asabimni buzar san’atning
Yo’l chetida yechinyotgani.
“Asrolmasang, nega yaratding,
Insof qani, e’tiqod qani?”

Asabimni yamar san’atning
Qo’l cho’zgani ojizlarga ham.
Ta’zim senga, insoniyatning
Najodkori sanalgan sitam!

Meni yamlab yuborar sado,
“Shamolman-ku!
Nahot unutding?!”
Xayolimga zarb berar ammo
Cho’ng signali
“yashil bulutning”…

* * *
Iltifotning ortiqchasi – qarz.
Qayta-qayta berilmas qaytim.
Birov aybin odamlargamas,
Bir o’ziga jilmayib aytdim.
Dangal gapim –
Ba’zida hasad
o’rmaladi ko’zim tomirin
atrofida.
Ammo biror vaqt
Ajratmadim g’azabga o’rin…
Alishmadim tunimni tongga.
O’zimniki bo’ldi kibr ham.
La’nat! Agar biror insonga
G’ussami-dard tilab o’tirsam!
La’nat bo’lsin!
Qachonki, ojiz
kimsalarning gapin chaynasam!
Sanchilganda sabrimga bigiz,
xira tortsa men ichgan qasam!
Bir osmon tun
va bir hovuch nur!..
Tan olaman buni, ochig’i,
Tarang kurash ichra toblanur
yigitlikning yildirim tig’i!
Xo’mrayishmi?
(Masalan sizday)
Eplayman-u, ko’rmam o’zga ep.
To diydamdan g’ujurim sizmay,
yashashim shart sizga jilmayib!
U yog’iga…
(Hamma yog’iga!)
Xudo podsho,
Xudo mehribon!
Balki boshlar tamug’ bag’riga,
Balki yo’llar jannatga tomon!
Balki boshqa, bizga noma’lum,
Makoni bor menga atalgan?!
Ungachami?
Sizga tabassum
Yaproq yoygan ko’zim qadalgan…
* * *
Olovto’sh sovutim sovimay turib,
Qayta kirmoqdaman muhorabaga.
Yolvorar yovzada, qontalash g’urub,
Zabarjad bulutlar tushar oraga…
Dunyoni kechirib borayotirman,
Betizgin yillarning qonidan kechib,
O’v, qaytmas beklarim egarda turgan,
Qo’zg’aling, Vatan deb quyuq ond ichib!
Yashamang jo’mardlik jomidan ayro,
Mast bo’ling muzaffar qadahlar tutib.
To ulus solmasin dod-u vovaylo,
Yotmasin tuproqda iztirob yutib.
Muqaddas Turonning qashqirlarisiz!
G’ashining dimiqqan tog’larga qarab.
Magar siz minbar-u, nurdan narisiz,
U yerda albatta ko’ppaklar hurar.
Pisinmang to’ralar, otiling olg’a,
Sizdagi jasorat yashindaydi-ku?!
G’animlar bostirib kelganda darg’a
Kemaning ostiga yashrinmaydi-ku?!
O’v, manim beklarim, bekinmoq nechun,
Nechun ey, to’shlarni botirish erga?!
Yoqadan olganda kelajak bir kun,
Kimlarni so’kasiz, kimlarni tergab…
Shahid sheriklarni ikki yon surib,
Tulporga yuklaysiz yo arobaga.
Ungacha sovutlar sovimay turib,
Qayting!
Qaytib kiring
Muhorabaga!

* * *
Muin BSISUga
Ishonib yugurdim kim nima desa,
Fahmimda bari rost,
bari muqaddas,
Men ko’tarib chopgan bayroqlar esa
O’zimnikimas!..

Biri qizil edi,
Biri zangori,
Birining rangini bilmaydi hech kim.
Tushundim, o’kindim,
qo’zg’adi orim –
Va bitta-bittalab baridan kechdim!
Ammo qo’shinlarim oldida kimman,
Kim deydi meni deb jon tikkanlarim?
Manfurlar manfaat shavqida zimdan
Boqqanda, rostmidi hadikkanlarim?!
Rostmidi ruhimning e’tiqodini
Muzaffar bayroqlar ostiga sudrab,
Kutganim g’oliblik mukofotini,
Topganim jirkanch bir tusdagi qudrat?!
Nimalar bitilur muqaddimada,
Qay nomga tirkalar mendagi zafar?
Nahotki, yo’q edim ushbu kemada,
Nahotki, kosamga solingan zahar?
Yo’q, bunga jimgina chidamoq mushkul,
Tokay yutayotgan nafasim harom?!
Manfur bayroqlarni yiqmoqlik uchun,
Men o’z bayrog’imni topaman, tamom!

* * *
Suzgil ey,
Mudragan moziyni chayqat,
Elt bizni najotga, Nuhning kemasi!
Feruzdan, Munisdan, Ogahiydan ayt,
Ey turkiy tilimning tirik shevasi!

Ey, jo’mard bobolar tiklagan bino,
Fozillar silagan naqshinkor sutun,
Pahlavon Mahmudlar simirgan havo,
Ey, dunyo ahliga murabbiy budun,
Nihoyat, menga ham etibdir nasib
Bir tutum tuprog’-u, bir yutum suving!
Ey, harir sabolar, ko’nglimda esib,
Iztirob uniqqan ruhimni yuving…
Nechuk o’rtamizda ijtinob, kadar?!
Xiva,
devoringda xomush o’tirdim.
O’ttiz uch zinadan yelkangga qadar
Vazmin borarkanman, tasbeh o’girdim…

O’ylasam, yashabmiz faqat gap sotib,
A’yonlarga huquq,
xonlarga qulluq…
Sal kengroq bo’lmabmiz, buning isboti –
Ho’v Kalta Minorning cho’girmasi yo’q!..
…Va lekin muqarrar senda salobat,
(Palovga qo’shilmas axir kurmaklar…)
Hamonam nuroniy ko’changda savlat,
Hamonam imonda shotutyuraklar…

Suzgil ey,
Mudragan moziyni chayqat,
Elt bizni najotga, Nuhning kemasi!
Feruzdan, Munisdan, Ogahiydan ayt,
Ey turkiy tilimning tirik shevasi!

* * *
Bir dam o’z-o’zingni zo’r shoir deysan,
Keyin jim qolasan –
Bari havoyi.
Xayoling burchida kamtarlik bilan
Jilmayib turadi Hazrat Navoiy.
Bir dam o’z-o’zingga jangnoma bitib,
Tirishsang, yodingga quyilar mas’ud –
Filning oyog’iga ko’ksini tutib,
Mardona xo’rsingan Pahlavon Mahmud.
Bir dam o’z-o’zingni zo’r me’mor sanab,
Nomingni burkaysan zeb-u zafarga.
Keyin jim qolasan, bir muddat qarab
Bobolar bezagan minoralarga.
Shu yo’sin shaxsingga malomat qadab
Turganda, otilur ichingdan ovoz:
“Bir dam o’z-o’zingni zo’r shogird ata,
Avlod bo’l, avvalo, ajdodlarga xos!”
“Ammo ajdodlarning (bu boshqa isyon)
Bari ham fozil-u farishta emas.
Hamisha topilgan maddoh-u nodon,
Hamisha urchigan ig’vo-yu g’araz!”
Bijg’iydi gumonlar daqiqa sari,
Na orom, na madad berar yurakka.
G’ijimlab, otasan –
Haqiqatlaring
Beo’xshov she’r kabi tushar chelakka.
Rubobdek chertilur asab torlaring,
So’ng nechuk bo’lasan uzlatga tobe…
Ruhingni ovutar tarafdorlaring:
“Bir dam o’z-o’zingni yaxshi odam, de…”

12.05.2019
Xiva

* * *
Vaziyat ustiga yiqildi reja,
Muzaffar ash’orlar etildi g’orat.
Fasl bir aksirib oldi, natija:
Kechagi sajdalar bugun – haqorat!..

Yallolar bitganda, qadahlar bo’shab,
Fosiqlar yugurmish tusab tahorat,
Podshohlar o’zgardi, maddohlar o’sha,
Kechagi sajdalar bugun – haqorat!..

Vatan – bu chopondir yaqosi sarg’ish,
Yo qayta bo’yoqqa kirgan imorat.
Asosdan ko’chmishdir ranglarga taftish,
Kechagi sajdalar bugun – haqorat!..

Avomning azaliy tarkiboti jo’n –
Yalqovlik bijg’igan ongdan iborat.
Quroqqa qo’shilar tunov kungi to’n,
Kechagi sajdalar bugun – haqorat!..

Har yo’qsil bo’yinga solingan kamand,
Yovqur nigohlardan qochgan harorat.
Qachon biz boricha tan olamiz, tan?
Kechagi sajdalar bugun – haqorat!..

Inchunin, podsholik kulohi og’ir,
Shart birda nazokat, birda nazorat.
Ertani o’ylaymiz, ertani axir –
Kechagi sajdalar bugun – haqorat!..

* * *
Shamshirlar tirnamish qanotimizni,
Bo’ronlar chorlamish girdibodiga!
Birga-bir tikkanmiz hayotimizni,
Bobo Alisherning yorug’ yodiga!

Bu asov tuyg’ular tutmasdan aso,
Borurmiz basma-bas, yovga qasdma-qasd!
Tomirda ko’pirmish alqasos va yo
Bobo Temurbekning jur’ati chapdast!

Silamish xanjarlar tamog’imizni,
G’ujurdan topurmiz yutunmoqqa kuch!
Bahmalda ko’milib qolgan ildizning
Ko’rasiz, yaprog’i o’ch bo’ladi, o’ch!

Manfurlar qunishgay talvasa ichra,
Chaqchaygan ko’zlari so’nar daqiqa,
Ko’rasiz, tuproqdan chiqadir sachrab,
Ming yillab intiqom kutgan haqiqat!

Chiqadir ma’rifat fidoiylari,
Ustidan tuproqni qoqilab bir kun,
Chiqadir Xayyomning ruboiylari,
Dunyoni sharobdek ho’plamoq uchun!

Qarsakdan qavargan mag’rur Vatanga
Jilmayib qo’yadir murshidlarga xos!
Hoshimni tupurib tashlar alanga,
Olovni olovdan etgani xalos!

Ungacha… Hali bor ozgina fursat,
Sanchilib yotibdir ruhlarga hadik,
Biz hamon o’ylashga so’raymiz ruhsat,
Biz hamon jur’atni o’rganolmadik.

Ungacha…
Tiliga ko’zmunchoq taqib,
Olchoqlar toblasin kuraklarini,
Har bitta novdasin etgancha ta’qib,
Birma-bir qirqamiz kurtaklarini!

Keladir! Qon qusib yotgan Vatanga!
O’! Tarang tortgancha g’urur torlarin
Maddohlarga qarshi kirgani jangga,
Haqgo’ylik va mardlik tarafdorlari!

Shamshirlar toblamish ovozimizni!
* * *
Bir kuni dastyori Qur’on bo’lamiz,
Bir kuni do’st-yori kamron bo’lamiz.
Bir kuni raftori sha’bon bo’lamiz,
Bir kuni qalb tori tarlon bo’lamiz.
Bir kuni qashqirlar qaytadir yurtga,
Bir kuni dasht-qirlar aytadir turku!
Bir kuni yo’lini xinoga burkab,
Malaklar yetaklab keladir ohu…
Bir kuni jo’rlashur rubob-u tanbur,
Bir kuni “yohu”ga do’najak jimlik.
Bir kuni cho’g’lanur sovigan tandir,
Bir kuni tugaydir fuzul yetimlik.
Kitoblar ochilur, o’qilur qayta,
Topilur bobolar kishvari qayda,
Banoras to’nlada tunar g’ururlar,
Ko’ngilni osmonga yo’naltirurlar.
Bir kuni imonga qaytadir borliq,
Bir kuni to’g’onga urilur shashvor,
Qipchog’u, barlosu, kenagas, qarluq,
Bir tilda, bir elga aytadir ash’or.
Bir kuni ulusi doston bo’lamiz,
Bir kuni yeldirim, suron bo’lamiz,
Bir kuni g’ujuri bo’ron bo’lamiz,
Bir kuni barchamiz Turon bo’lamiz!..

* * *
Iztirobrang ko’zyoshlaringiz
Tomog’imga tomar-u, chil-chil
Sinib ketar!
Sachraydi ojiz
Tomchidagi ma’suma ko’ngil…
Va haqqimga o’qiysiz obdon
Uzun-uzun tunlarda qarg’ish.
Qasd olasiz she’r-u kitobdan,
Ko’zlaringiz tag’in qizarmish…
Bo’g’zingizda dimlanar tamug’,
Bosinqirash bosgani-bosgan.
Tushingizga kiraman,
Yorug’
xona ichra qora libosda…

Barmoqlarim qontalash yuzlar
sirtida jim sirg’alar-u, so’ng
Bir nafasda qolishar muzlab,
Bir nafasda ijro topar mung.
Uyg’onasiz.
Vujudda titroq.
O’lim ruhni turar qitiqlab.
O’lolmaysiz!
O’lish ham gunoh!
G’ijimlaysiz yostiqni,
yig’lab…
…Darvoqe, men…
Nimasi qiziq?!
Ko’zimda o’t, bo’g’zimda xanjar!
Bir yonimda adadsiz qo’riq,
Bir yonimda olov bilan jar…

Tushingizga kiraman,
Yorug’
xona ichra qora libosda…

* * *
Yomg’irlarga uzoq termulib,
Peshayvonda yotgan bolalik.
Singlisiga choponin berib,
O’zi sovuqqotgan bolalik.
Yarim-yalang, daryo yoqalab
Ninachilar quvgan bolalik.
Oftobaga har kun ertalab
Erinib yuz yuvgan bolalik…

Sigir boqqan, ko’kala chivib,
Yarim-yuluq qo’shiqlar aytgan.
Soyasining ortidan quvib,
So’ng soyasiz uyiga qaytgan.
Uzangiga oyog’i etmay,
Qovog’ini uygan o’jarlik,
Qashqasining yonidan ketmay,
O’g’irlatib qo’ygan o’jarlik…

Bir qoracha qizning ustidan
Borar ekan dahanaki jang,
Singan tishin yerga tuflagan
va hech kimga aytmagan satang…
Bobosining soqolin sanab,
Muzqaymoqlar undirgan shovvoz.
Otasining do’ppisin “to’nab”,
Chumbuliga qo’ndirgan shovvoz.

Bolalik bu – qo’ng’iroq. Kirish!
Partadoshning o’ng’aysiz didi.
Ko’ylagingga siyoh tomdirish
Va yap-yangi kitoblar hidi…
Kenja botir, Guliver, Gerda –
Oqshom oldi kutilgan ermak.
Bolalik bu – qachon, qayerda
Tugagani noma’lum ertak…

* * *
Kipriklaring og’irlashdi jim,
Ko’tarmoqqa yetmadi kuching.
Yuzlaringga botdi nigohim,
Shunda paydo bo’ldi kulgiching…

Shabnam kabi nurga to’yingan,
Yurak zarbim bilan hamohang,
Bitta-bitta barmoqlaringdan
Tomchiladi yelkamga ohang!

Sharh-u shakli nimadir kuzning,
Noyabrda gulladi ochun,
Shivirladim, mas’uma qizning
Ruhi bo’ylab yugurdi afsun!

Ey telbalik ichra topganim,
Ey ko’nglida ojiza jur’at,
Xudo bergan hisni totgani
Odamlardan so’rama ruhsat!

O’z erkimni etgani tahqir,
O’zing ayt-chi, birov haqlimi?
Kulgichingdan olganman axir,
Sening baxting bo’lish baxtini!

* * *
Bir tulpor jilovin so’raydi tinmay
Bu tezob, qiziqqon, qashqacha ruhim.
Osmonni kuzatib, og’ir yutingay
Shamolni sog’ingan telba shukuhim.
Bir tulpor jilovin so’raydi battar,
Qani mard hissimga munosib raqib?!
Bir yonda daryo-yu
Bir tomonda jar –
Ortimdan tog’larim etishsa ta’qib!
“Hah!” desam,
“Hayt!” desam,
Qamchini bosib!
Bir asov kishnasa tuyog’i toshim.
O’tsam ul suluvning yo’llarin to’sib,
Bostirib yo’llasam ko’ngliga qo’shin!
Shu asno bepoyon kenglik oralab
Serkashta tikilgan o’tovga yetsam.
Tun bo’lsa,
yor bo’lsa tishlari sadaf,
Bir tortib, qo’ynimda o’g’irlab ketsam!
Ketsam!
Ketaversam mardona, masrur,
Purviqor ruhim-ay, zulfiqor ruhim!
Dastursiz yashamoq – fe’limga dastur,
Nomuqim g’alayon shashtimga muhim!..
Bir tulpor jilovin so’raydi tinmay
Bu tezob, qiziqqon, qashqacha ruhim…

* * *
Etik tozalatdim kiborlarga men,
Supurgi tutqazdim kiboralarga.
Eng ko’rkam gilam bu – poyimda zamin,
Shiftlarni to’ldirdim iboralarga.
Mag’rur kuzatarkan hayotni ilkis,
Yaproq qisirlatib tashladim qadam,
Bildimki, hech qismat o’tmagan tekis,
Bildimki, kimsa yo’q tortmagan alam.
Donolar o’zicha ilmi ulug’vor,
Manglayda tomiri bo’rtar gohida.
Bir qadar hikmat va yarim kulgu bor
Zo’rlarning zo’riqib yashamog’ida.
Boshimga choyshabdek tashlab qo’yilgan
Oqshomning yulduzdek tirqishlaridan
Kuzatdim bolacha qiziqish bilan –
Baxt yashab yuribdi bizdan narida…

* * *
Hasratimni elkamga ilib,
So’ramasdan hatto kechirim,
Ketarkanman, deding qayrilib:
“ O’zingizni asrang, shoirim!..”
Qaramadim ortimga sira,
Topshirilgach hijronga jangsiz.
Bu dunyoning surati xira,
Bu dunyoning siyrati rangsiz.
Sen yig’lading xonada yolg’iz.
Tuni bilan qilding ibodat.
Sening darding cheksiz, adadsiz,
Mening dardim sendan iborat!..
Ketdim!
Eshik og’ir yopildi,
Yangragandek ettinchi nota…
Hamma she’rim o’tda yoqildi,
Unda sen bor – o’tkinchi xato!
Ovuntirdi ruhimni qirg’oq,
Hasratimni dengiz opichdi.
Sohilda jim…
O’yladim uzoq
Birinchi va so’nggi o’pichni…
Chirmashganim shu mantiq hamon
(Garchi uning indallosi puch):
Vijdon bizni aldaydi oson,
Vijdon bizni chalg’ituvchi kuch.
O’sha kun ham shu bo’ldi mavzu,
Fikratimiz batamom boshqa.
Tingla, dedim, so’nggi gapim bu,
Sen haqlisan baxtli yashashga!
Va dardimni yelkamga ilib,
So’ramasdan hatto kechirim,
Ketarkanman, deding qayrilib:
“O’zingizni asrang, shoirim!..”

* * *
“Men boshqani sevaman, kechir,
U ham go’zal, bamisli layli,
Gar aldasam, labini tishlab,
Qovog’ini uyib qaraydi!”
Bu so’zimdan qo’rqib ketdi qiz,
Shart qaradi ko’zlari ko’zgu.
“U kim?”– dedi,
Labini tishlab,
Qovog’ini uyib olib U!..

* * *
Quyosh ketganida g’urubga enib,
Zamin duch keladi boshqa savdoga:
Butun Toshkent uxlab qolganda, seni
O’g’irlab ketaman
Qashqadaryoga!
Hurkitib Sirdaryo laylaklarini,
Jizzaxda tulporga to’qnashadi tong!
Samarqand bahoriy ko’ylaklarini
silkitar
va borliq ura boshlar bong!
Ho’-o’, undan u yog’i – tuproq ostidan
Samoga o’rlagan matonatimdir!
Eng baland hisoriy qoya ustidan
Ko’rganing – jaydari saltanatimdir!
Mana shu –
Iskandar navkarlarini
Qilichdan o’tkazgan ori zada el!
Mana shu –
Muqanna kabi bag’rini
Janglarga peshlagan olovzoda el!
Mening tomirimda qaynayotgan qon –
Jahonning yarmini etib nazorat,
Tangri inoyati bilan bir zamon
Muqaddas Turonni qurgan jasorat!
…Seni o’g’irladim.
Tushun, barini
Qonunga muvofiq qilgayman mudom.
Dunyoning eng go’zal sanamlarini
Keshga keltirishni buyurgan bobom.

* * *
Men ketaman.
Manov stolda
Chaynaladi mening g’iybatim.
Kim devorga suyangan holda,
Kim kursiga…
Yana bilmadim.
Nolimayman.
O’tgan umr shu.
G’iybatlarga yaraydi, xolos.
Afsuslarga qo’ymasman ruju,
Xato qilmoq odamzodga xos.
Achinmayman.
Bariga qullug’.
Qamaganman jahlimni ichga.
Sinmasa bas imonim – ulug’
Ruhimdagi girdibod ichra..

* * *
Mehring bilan bo’g’magin meni
Oramizga sochma dasisa.
Odam erkin nafas olar, bas,
Bo’salardan o’zini tiysa…
Tan olaman, meni doimo
Asrash uchun yurak tirnading.
Xavotirga solmoqda ammo
Olayotgan xavotirlaring.
Ko’zlar raqsi, vujudlar vasfi,
Tarkibi jo’n (tuproqmi, harsang).
Axir sevgi Vatan emaski
Joningni ham berib yuborsang…
Ranjisang-da, shudir xulosa,
Tashbehlarga javobim tazod.
Qachon baxtli yashay boshlasa
Baxtsizlikka cho’kar odamzod.

* * *
O’lim yaqin…
Sezayapman,
Barmoqlarimdan
Tomar bejon
tomchi-tomchi qon…
Birda to’xtab,
birda sudralib,
Chiqib ketar
tomog’imdan
jon…
So’nggi she’rim,
so’nggi xatlarim,
Yaqinlarga mavzu-marsiya.
Otamning raqamin axtarib,
Bildirishar chuqur ta’ziya.
Hayot mahkam changallab qolar,
Navolarga qorishgan ismi,
Kiyimimni
o’pib,
quchoqlab
Yig’layotgan layliyuz qizni…
Kitoblarim ranjiydi mendan,
Hamma kabi vaqtincha uflab,
Jasadimga kelib yaqindan,
Ko’radilar nomiga nuqtab.
O’lim yaqin.
Tobora yaqin…
Uyda, yo’lda, tushlarimda ham,
Yonginamda yuribdi sekin,
Yonginamda,
shundoq yonginam…
Achinmayman.
Tishlanmas labim,
Fikrim ketgan umrimdan o’zib,
Shoir do’stim aytgani kabi:
Asl absurd – hayotning o’zi…
Achinmayman.
O’lim yaqin.
Shu.
Men loyiq deb saylanmakdaman.
Men Tangrimga bormakdaman-ku,
Men Vatanga aylanmakdaman…

Birda to’xtab,
Birda sudralib,
Chiqib ketar tomog’imdan
jon…

* * *
Tok bargiga sachragan
tomchilardek kunlarim
g’oyatda harir!
Balog’atga uchragan,
sarviqomat dilbarim,
hilvatga chaqir!

Qara, kuzgi dalaning
mirishkori jo’sh urib,
tinar-u, to’xtar…
Yuragim bu – Vataning,
Vataningga bosh qo’yib,
osuda uxla!

Hech nimani o’ylama,
Qonunsizlik bu – qonun!
(oddiy-mukammal)
Bormi yana bir nima
hadya hayotdan ustun,
yashashdan afzal?!.

Aql-u hushni yo’qotdik!..
Kel bag’rimga, gavharim,
boshingni egib.
Choyga tushgan novvotdek
Charsillasin tishlarim,
labingga tegib!..

* * *
Sen – osmonsan, chashmi charog’on,
Sen – iymonsan, dalili iffat.
Sen – isyonsan fe’li noayon,
Sen – insonsan farishtasifat!
Sening ruhing shaffof bag’oyat,
Muhabbating muazzam sening.
Sen mutlaqo bekamsan, faqat…
Faqat bekam emassan mening!..

* * *
Kalitlarni otdim.
Eshik tutqichi…
Nigohimni qo’yib yubordi osmon.
Xonamda tentirab, iztirob ichib,
Tinglayman layli-un qo’shiqni nolon.
Qo’llarim cho’ntakda.
Devorda boshim.
Ko’zlaring – bir taraf, vido – bir taraf
(Ehtimol mumkindir yig’lavorishim
oynadagi ojiz kimsaga qarab ).
Qo’shiq mavjlanadi hushni chayqatib,
Avjlarda sochilib ketadi kishi!
Meni burchakkacha etadi ta’qib,
(O’h, uning uz-o-oqdan qarab qo’yishi!)
Telbatus qo’shig’-ov!
Qaqnusro’y qo’shiq!
Hamon tugamadi sitilib sitam!
Hamon tugamadi iztirob, azob,
Hamon tugamadi qarshi hujum ham!
Hali aniq emas kim nega qodir,
Men-ku tugatmadim ranjimni sochib,
Faqat bir xavotir aylanayotir –
Mendan avval qo’shiq…
tugab qolsa-chi?!.

* * *
Pastlab uchar burgutlar
Qanotlari horigan.
Boyning qo’zisi o’tlar
Tulning arpazorida.

Qultoyni qo’y, Ultantoz,
Yuragim g’ash, ichim g’ash.
Botirlarim juvonboz,
Mullolarim chilimkash.

Hamon yarim-yortiman,
To el ichra bor ekan
Sudxo’rlikning ortidan
Sutda cho’milgan badan.

Ayo, o’zbek ulusim,
O’zim bo’lay degan xalq,
Avval o’g’limu qizim
Undan keyin ekan xalq.

Yo’q, jigarim, endi bas,
Qozoningni yig’ishtir!
Hurlik to’yib yeyishmas,
Yo’qsillarga berishdir!

Hali-beri bug’doy yo’q,
Mudom tariq eksalar.
Olib yurar bizni Nuh,
Qirilguncha keksalar!..

Pastlab uchar burgutlar
Qanotlari horigan.
Boyning qo’zisi o’tlar
Tulning arpazorida.

* * *
Shubha bilan boqdi hammaga,
Tahrirlarni tahqir atadi.
Yo’qolmasin dedi va hatto
Kovushiga tugma qadadi.

Ammo bir kun…
(bilmadim nima)
Har gumonga ketma-ket uchrab,
Kovushini yo’qotib qo’ydi
Tugmalangan kovushlar ichra!

* * *
Gar kishan taqsalar qo’limga bir kun,
Quyoshdan to’silsa yovqur ko’zlarim,
Men bitta-bittalab sanashim mumkin
Dastavval sotadi qaysi do’stlarim.
Va illo qo’rqmasman,
Yo’lim haqmi, bas!
Qaro sabuhlarga yetadi kuchim,
“Bir boshga – bir o’lim” – o’lim naqlimas,
Jo’mardning kalomi ekani uchun.
Qadahlar to’qnashib turibdi hali,
Nigohlar sirtida do’stona bosim.
Hozircha ixtilof, nifoqdan nari
Adoliq topmoqda silliq marosim.
Baribir bilaman, kimda qaysi o’y,
Qay sohil ishqida suzmoqda kema.
Ay, fuzul yuragim,
Qichqiriqni qo’y,
Burg’ular oldida sibizg’a nima?!
Va illo demasman,
Umidingni uz.
Turkular kuylanmas kulib, hiringlab,
Turonday vatanni umatgan ulus
Tariqday ovozni tururmi tinglab?!
Ey turkiy do’stlarim,
Nafasi yovqur!
Yig’ib qo’yilmaydi shamolda yelkan.
Avvalo, Turonga bir yurak zarur,
Yurakki, salmog’i Turondan ulkan!

031

(Tashriflar: umumiy 3 928, bugungi 1)

Izoh qoldiring