Ўзбек адабиёти тарихида шоираларнинг фаолияти Жаҳонотин Увайсийдан бошланади, дейиш мумкин. Чунки Увайсийгача ўзбек шоираларининг асарлари адабиётимиз тарихида қайд этилмаган. Шарқ шоираси Зебунисо эса форс ва араб тиллари да ижод қилган.
Барно Исакова
УВАЙСИЙ
Уч мақола
УВАЙС ҚАРАНИЙ ВА УВАЙСИЙ
Ўзбек адабиёти тарихида шоираларнинг фаолияти Жаҳонотин Увайсийдан бошланади, дейиш мумкин. Чунки Увайсийгача ўзбек шоираларининг асарлари адабиётимиз тарихида қайд этилмаган. Шарқ шоираси Зебунисо эса форс ва араб тиллари да ижод қилган.
Қўқон адабий муҳитида бир гуруҳ шоираларга устозлик қилган Жаҳонотин Увайсий ўзбек мумтоз адабиёти тараққиётига ўзининг муҳим ва беназир мақоми билан юксак ҳисса қўшди. Аёллар тасаввуфи тушунчасини янги поғонага олиб чиқди. Бадиий жиҳатдан пишиқ, гўзал шеърияти нафақат шоиралар учун, балки шоирлар учун ҳам маҳорат мактаби сифатида хизмат қилиб келмоқда. Унинг шахсиятида жасур, фидоий ва ҳақгўй шооирларга хос ахлоқий руҳий сифатлар устунлик қилади. “Увайсий шеъриятининг ғоявий бадиий қудрати ва кўлами билан қадим юнон шоираси Сапфо, француз шоираси Маргарита Наварли, Шарқ шеъриятининг маликаси Зебунисолар қаторидаги санъаткор. Унинг поэзияси дунё бадиий тафаккурида содир бўлган ўзига хос ва характерли ижодий ҳодисалардан эди”, деб ёзади адабиётшунос олим Иброҳим Ҳаққулов ([1].
Марғилонда Увайсий «Жаҳон отин» номи билан ҳурмат топганлиги ва машҳур бўлганлиги маълум. Халқ орасида хат-саводли ва диний илмлардан пухта хабардор бўлган аёллар «отин» ёки «отинча» дейилган. Лекин отин билан у танлаган «Увайсий» тахаллуси моҳиятан тўғри келмайди: отинлик болаларни ўқитиш бўлса, увайсийлик руҳоний тарбия олиш демакдир. Жаҳонотиннинг бундай тахаллус танлаши қаранлик ошиқ Увайс Қараний номи билан боғлиқ, дейишга бир қатор асослар бор.
Увайсийлик тарихига мурожаат қилинса, ҳазрати Вайсал Қаранийнинг Аллоҳ Расулига боғлаган пок муҳаббати намоён бўлади: «Увайс ҳазратлари чинакам ишққа мубтало бўлган эдилар. Аллоҳ Росулининг нурли жамолини кўришни орзу қилиб Ямандан нур ўлкаси Мадинага келади, аммо охират муждасини кўролмай, ортга қайтади. Аллоҳ Расули (унга) муборак ҳирқаларини ҳадя қиладилар” [2].
Ҳазрат Увайс Қараний Аллоҳ Расулини ботин кўзи билан кўрган. Шунинг учун «Аллоҳнинг Пайғамбари айтган: Увайс Қараний эҳсон ва меҳрибонлиги билан тобеъинларнинг яхшисидир” [3]. Увайсийликнинг асл моҳияти эса, зоҳирда ҳеч бир пирга эҳтиёж сезмай, худди Увайс Қараний сингари Пайғамбар(САВ) руҳидан тарбия топишликдадир. Бу тўғрида Абдураҳмон Жомий шундай дейди: “Фаридиддин Аттор айтадиларки, авлиёлардан шундай бир тоифалар бор, уларга увайсий дейилади. Кўпгина улуғ шайхлар сўфийлик йўлига киришдан олдин худди шундай шарафга муяссар бўлишган» [4]. Шайх Абулқосим Гургоний, Шайх Нажмиддин Кубро, Шайх Абусаид Абулхайр, Шайх Абулҳасан Харақоний сингари буюк зотлар шулар жумласидандир.
Демак, шоиранинг Увайсий, дея тахаллус танлаши бежиз бўлмаган. «…Бу тоифадин зоҳир юзидин пири маълум бўлмаса ва машойихдин бирининг руҳи они тарбият қилғон бўлса, они Увайсий дерлар». – деб ёзади Алишер Навоий [5].
Адабиётшунос Султонмурод Олим Увайсийни «Қадим машойихларимиздан бирининг руҳи келиб тарбия қилгандир» [6], — деб тахмин қилади ва шоиранинг руҳий ҳолати ифодаланган қуйидаги байтини мисол келтиради:
Вайсий бериёзат деб саҳл этма, эй ориф,
Ишқ аро ниҳон дарди бедаво Увайсийман.
Шоира Увайс Қаранийга ҳавас қилган бўлиши мумкин. Филология фанлари номзоди Эргаш Очилов шундай ёзади: «Бошқа бир ғазалида эса Увайсий Қараний ўзининг ҳамномини тарбият қилса не ажаб, дейди. Бу бизни балки шоира шу буюк зотнинг руҳидан тарбия топиб, унинг шарафига Увайсий тахаллусини олмаганмикан, деган тахминга олиб келади, бу масалага кейинги тадқиқотлар ойдинлик киритади:
Сўзни ваҳм этмай дегил, ҳозир билиб соҳибқирон,
Тарбият қилса, нетонг, ҳамномига Вайс ул Қаран” [7].
Шоира ўзи таъкидлаганидек, ҳамноми Увайс Қараний ҳазратлари бўлиши мумкин. Сабаби, биргина юқоридаги байтда эмас, балки қуйидаги қатор мисраларда ҳам ўз ҳамномини шоира тилга олади. Ғойибона ошиқликнинг олий намунасидан хабар топган шоира бир ғазалида ҳам худди ҳамномим сингари раҳматингдан умидворман, деб ёзади:
Умидим тўла раҳматингдин, илоҳ,
Ки ҳамном Вайс ул Қарандур манго [8].
Бошқа ғазалида эса ҳамномининг юксак мақомидан умидвор бўлишдан истиҳола айлаб:
Йўқтурур Вайсийда ким Вайсий мақомидин умид,
Ёр кўйини ити бўлсам мени афгор, кош [9].
“Вайсий мақоми” – Ҳақ Росулининг муборак ҳирқасига эга бўлиш, унинг муҳаббатини қозонишдир. Бундан ташқари, Аллоҳга тобе бўлганларнинг энг яхшиси-Увайс Қараний Ҳазратлари шарофати ила икки кабила миқдорида кишилар жаннатга киритилиши Ҳадиси Шарифда қайд этилган бўлиб, бу чиндан ҳам жуда олий мақомдир. Увайсий бундай мақомнинг такрорланмаслигини билгани ҳолда, “Ёр кўйининг ити” бўлсам ҳам кошки эди, дейди. Бу байт замирида Аллоҳнинг нурли жамолини кўришга муяссар бўлсам, деган истак ётади. Шу истакка етишмоқ мақсадида худди ҳамноми сингари йиғидан ўзини тўхтатмайди, яъни ошиқлар одатда умрларини йиғи билан ўтказадилар:
Увайсий, йиғламакдин манъ бўлмоклик на боисдур,
Жафоу жаврингни тортиб ўшал Вайс ул Қаран йиглар [10].
Ориф қалби кечинмаларининг ички ифодасини тасвирлар экан, шоира қайта қайта ўз ҳамномига нисбат бераверади. Аллоҳ Росули ишқида хонумонидан ажраган, фақат унинг висолига етишиш ҳаёли билан ёниб яшаган, бироқ бир даврда яшаб, саҳобийлардан бири бўлиши имконияти бор замонда тобеъинлар қаторида қолган ошиқ – Вайс ул-Қаран Увайсий ижодига катта таъсир ўтказган:
Демагил Вайсийни сен ул Вайсийи бехонумон,
Фаҳм қилгил ҳасратим, ҳоли дигаргун ўргулай [11].
Увайсийнинг ижодига ва ҳаётига назар солсак, унинг бева, мазлуми сиёҳбахт, гариб, бекаслигидан хабар топамиз.
Дедилар ушбу мазмун доимо Вайсий Қарандек шоҳ,
Бу сўз изҳорига Вайсий ғариби беватан боис [12].
У доим Вайс ул-Қаранга ҳавас билан қараган, тахаллусини унинг номи билан боғлаган, дейишимизга юқорида келтирилган мисоллар ва шоиранинг “ҳамномим” деган иқрори етарли асос бўла олади.
Демак, шоира тахаллус танлашда Ҳазрат Увайс Қаранийга нисбат беради. Унинг Аллоҳга, унинг Росулига бўлган чексиз муҳаббатини қадрлайди. “Вайсий Қарандек шоҳ”га издошлик қилишни, номдош қаторида Аллоҳ марҳаматидан, Росулининг шафоатидан баҳраманд бўлишни орзу қилади. Шу орзу йўлида яшайди, ижод қилади. Ижодининг асосий қисмини Ишқи Илоҳийга бағишлайди.
- [1] Ҳаққулов И. Увайсий шеърияти. –Тошкент: 1982.3‑бет.
[2] Мустафо Нажотий Бурсали. Ҳазрати Увайс Қараний. -Тошкент. 2007. З-б.
[3] Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. -Тошкент. 2001. 23-бет
[4] Жомий. А. Нафаҳот ул-унс. -Теҳрон. 1382(ҳ.ш), 16-бет.
[5] Алишер Навоий. Насойим ул-муҳаббат. -Тошкент. 2001. 23-бет
[6] С. Олим, Ишқ, Ошиқ, Маъшуқ. -Тошкент. 1996. 69-бет
[7] Очилов Э. Увайсий нега Увайсий? Ишонч. 2004 йил, 22 бет.
[8] Увайсий. Кўнгил гулзори. -Тошкент. 1983. 158-бет
[9] Увайсий. Девон. — Тошкент. 1959, 140-бет
[10] Увайсий. Девон. — Тошкент. 1959, 107-бет
[11] Увайсий. Девон. — Тошкент. 1959, 263-бет
[12] Увайсий. Девон. — Тошкент. 1959, 89-бет
УВАЙСИЙ ОШИҚ
Мамлакат мустақилликка эришгандан кейин ҳар соҳада бўлгани каби адабий танқидда ҳам янгича кўз қарашлар пайдо бўлди.Асарлар янги концепция асосида ўрганилиши анъанага айланди. Шунингдек, Увайсий ижодига ҳам янгича баҳо берила бошлади. Адабиётшунос олим Н.Жумахўжа ҳам Увайсийнинг тасаввуф йўлига кириб, дунё ва замон дардларидан таскин тасалли топганлиги ҳақида шундай ёзади: «Мана шу байтлар Увайсий тасаввуфнинг ашаддий талабгорига айланганини тасдиқлайди:
Фақр боргоҳига қўйса гар қадам ҳар ким,
Бош агар керак бўлса, жонфидо Увайсийман” [13]
Фақрликни орзу қилган кўнгул ориф кўнглидир. Ҳақ ошиғи учун бошни фидо қилиш мушкул иш эмас. Унда малоллик туйғуси йўқ. Шоира «Жонфидо Увайсийман», деб ўзининг тахаллусигагина эмас, балки, Увайс Қаранийдан мерос қолган ошиқлик ҳолатини ҳам акс эттирган ушбу байтда.
Яна бир адабиётшуносимиз И. Адизова Увайсий шеъриятининг бош мавзуси Ишқ эканлигини таъкидлайди: «Инсоният оламдан истаган ва излагай мақсади, ҳақиқат йўли Аллоҳ эканлигини эътироф
этади. Шу мутлақ собитлик сари юз буришни олий мартаба, деб билади” [14]
Увайсий ўзини «меҳнату аламларга мубтало», «қайда дард эли бўлса ошно» шоира сифатида танитади. Адабиётимиз тарихида Увайсийгача бундай шоира бўлмаган. Унинг шахсиятида жасур, фидоий ва ҳақгўй шоирларга хос аҳлоқий руҳий сифатлар устунлик қилади. Аёллар тасаввуфи тушунчасини янги поғонага олиб чиқди. Бадиий жиҳатдан пишиқ, гўзал шеърияти нафақат шоиралар учун, балки шоирлар учун ҳам маҳорат мактаби сифатида хизмат қилиб келмоқда.
«Увайсийга қадар бирон ўзбек шоири ўз севгилисини эркалаб, унинг юзини гулзорга ва унда очилиб турган раънога қиёслаб ғазал битмаган», — деб ёзади профессор А. Ҳайитметов [15].
Увайсий шеъриятида руҳоний завқнинг турли кўринишлари мавжудлиги сабаби ҳам унинг увайсийлигидадир. Унинг кўнгил оламида бу завқнинг жозибаси ҳам, таъсири ҳам ниҳоятда кучлидир.
Шу билан бир қаторда шоира руҳоний ва илоҳий ҳис туйғуларини маъшуқа тимсоли орқали ҳам гавдалантириб берган. Тасаввуф тарихида Ҳақ ишқида куйиб-ёнган Робия Адавия каби сўфий ва
орифа аёллар кўп бўлган. Баъзи бир шеърларида Увайсий ана ўша аёлларга ҳамдард, ҳамнафас бўлиб кўринади. Унингча Маъшуқи Азалнинг жинси бўлмагани каби Ҳақ ошиғининг ҳам қайси тоифадан эканлиги аҳамиятсиз. Увайсий – Ошиқ. Ошиқ аҳлига эса Ёр томонидан келтирилган барча азобу уқубатлар, озорлар ҳам хушдир. Ошиқ дегани ҳеч нарсани малол олмайди, аксинча ўша ситамларга сабр қилишнинг ўзи ҳам бир ибодатдир:
Ошиқ элига ёрининг озори -ибодат,
Маъшуқ элига нутқи шакарбори – ибодат.
Бундай ҳолат ва кайфиятлар шоирани ҳол илми, яъни тасаввуфнинг мартаба, мақомларини билиш ҳамда эгаллашга ундайди. Ёр томонидан етказилган озорларнинг малол келмаслиги ҳам юқорида айтилган руҳоний завқ туфайлидир. Маъшуқ элига эса ошиғининг шакардек нутқи хуш ёқади.
Афсус қилиб оҳи саҳаргоҳи қил, эй дил,
Хушроғ ҳамадин бўлса дилафгори ибодат.
Ғазалнинг кейинги байтида шоира ибодатнинг эрта тонгдан бошланишига ишора қилади. Аллоҳга бандасининг бомдод намози вақтидаги оҳлари ҳаммасидан хушроғ бўлишини таъкидламоқчи, бизнингча. Чунки ибодатнинг олий шакли, афсус надоматлар билан билиб билмай қилган гуноҳларига истиғфор айлаш айнан саҳаргоҳда амалга ошади.
Ул булбули шўрида ютар қон кеча кундуз,
Тонг отқуча шеван эсар гулзори ибодат.
Булбул гулнинг ишқида ҳаёли паришон бўлиб, кечаю кундуз қон ютиб, тонг отгунча айлаган нола, фиғонлари ҳам, мунгли қўшиғи ҳам ибодатдир.
Жонон юзини кўргали доим жадал эттим,
Топқонда кўзим манъ этон ағёри ибодат.
Жонон юзини кўрмоқчи бўлиб жадал кетаётган ошиқ эндигина мақсадига етай деганида, ккўришга тўсқинлик қилган ағёри билан курашиш ўзи ҳам бир ибодатдир. Яъни, ағёр ¬– нафс, у билан муттасил кураш олиб бориш, нафсига жиҳод қилиш ҳам ибодат.
Шабрўз висолингни тилаб, дилбари нозик,
Ҳажрингда кўнгил кўзгуси зангори ибодат.
Маъшуқасининг васлини тилаб кечаю кундуз ҳижрон азобига бардош бермоқ, кўнгул кўзгусини тозалайди. Ўша тозаланиш жараёни, зангор кўринишга келиши, дилбари нозикка мослашиши, Ёр йўлида чекилган риёзатлар натижаси…. барча барчаси ибодатдир. Шоира лирик қаҳрамоннинг аҳволини байтма байт ифодалар экан, Ёрнинг сифатларини ҳам биргаликда таърифлаб кетади: “дилбари нозик”, “сарви равон” каби.
Гар раҳм қилиб сарви равон ўтса ажаб йўқ,
Мендек неча расвосиға рафтори ибодат.
Бу байтда ошиқ ўзининг ҳолатидан келиб чиқиб, Маъшуқаси раҳматидан умидвор бўлади. Ахир шунча чекилган азоблар эвазига ўшал сарви равони бечора ошиқ билан муомала қилиб қолар. Лекин кейинги байт ёрнинг бераҳмлигини кўрсатади, яъни висолга етишмаган ошиқнинг бағри қон бўлди, кўзларидан сочилган бағир қонидан далада қизил лолалар очилди:
Бағрим қонидин сочти кўзум, бўлди зироат,
Лола демагилким дили хунбори ибодат.
Бу лолаларнинг ранги ошиқ дилининг қонидан яралиб, ҳижрон азобининг нақадар оғирлигини ифодалайди. Бас, шундай машаққатлардан кейин ҳам ошиқ ортга чекинмайди, ноумид бўлмайди:
Уммид тутиб раҳматидин йиғлар эдим ман,
Бир қатраи ашким – дури шаҳвори ибодат.
Ҳар бир тўккан томчи кўз ёши, маъшуқасининг васлидан умидворлигини билдиради. Тинимсиз йиғи, оҳу воҳлар бир кун келиб ёрнинг раҳматига сазовор бўлиши мумкин. Ошиқ биладики, бу кўз ёшларнинг тўкилиши ўзи ҳам бир ибодатдир. Ким қандай ошиқ бўлади, қай тарзда маъшуқа васлига етади, қайси амали билан унга маъқул бўлади, ҳеч ким билмайди. Биладигани, ҳар ким имкони борича ибодат қилади, бу эса бировнинг тоат даражаси устидан кулмасликка ундайди:
Вайсийнинг букун тоатидин айлама шиква,
Маъшуқ сифатин ёзмаги, гуфтори-ибодат [16].
“Увайсийнинг бу кунги қилаётган ибодатидан шикоят айлама, Маъшуқи Азалнинг сифатларини бирма бир баён этиш, ёзиш ва айтиб юришнинг ўзи ҳам катта ибодатдир” деб таъкидлайди шоира ғазал мақтаъсида. Ўша завқ шавқ билан Ёр сифатларини айтиш, ёзиш Ошиқнинг тоқат даражасини белгилайди.
Шоира ижодининг бир қисмини увайсийлик руҳидаги шеърлари ташкил этади:
Истадим мен ончунон бедорлиғ тоғида деб,
То неча фахм айладим — меърож уйқудир менга [17].
Уйқуда меърожни кўриш руҳоний муносабатнинг ифодаси бўлиб, увайсийликнинг яна бир моҳияти очилади. Бедорлик – ошиқлар учун одатий ҳолат. Ёри васлини истаган ориф қалбидаги истак эса унинг тушида ҳосил бўлади. Меърож – бу юқорига кўтарилиш, яъни висолга етишмоқ, демакдир.
Шоиранинг қайси машойих руҳидан тарбия топганлиги тўғрисида савол туғилиши табиий, албатта. Бу саволга унинг ўз шеърларидан жавоб топиш мумкин:
Шукрилиллаҳ, бошима санчдим гулеким хорсиз,
Бўлмади мундоғ муяссар Хожаи Аҳрорсиз.
Бу фикр шоиранинг хорсиз (тиконсиз) гулни топиши Хожа Аҳрор валий орқали юзага келган, дейишга асос беради. Одатда руҳоний муносабат ва мулоқотлар кўпинча тушда кечади. Увайсийда ҳам шундай бўлган:
Ҳақ муяссар этди менга бул кеча ул моҳни,
Сўрдилар аҳволимни изҳорсиз, гуфторсиз.
Кўрмадим мундоғ жаҳонда муҳтасиби нармдил,
Мойил этди Ҳақ йўлига бегарон, озорсиз.
Демак, шоирани ҳақ йўлига чорлаган, маънавий ҳаётида янгилик бошлаган зот Хожа Аҳрор валий бўлган:
Манзули куйи ҳалойиқ бандидан озодмен,
То тариқи Хожаи Ахрора ошиқ бўлмишам [18].
Ўзи кўрмаган, учрашмаган бирор валий, муршид ёки пири комилнинг руҳониятидан файз олиш, уни тушида кўриш Увайсийга
насиб этган.
Увайсий замондошлари орасида шаклан гўзал, мазмунан теран, бадиий баркамол шеърлари билан ўз истеъдодини ва маҳоратини намоён кила олган. У ҳақли равишда ўз замонасидаги халқ
эътирофига сазовор бўлган, ўз даври шоираларининг етакчиси даражасидаги ижодкор эди. Унинг ижоди анъанавий мавзуларни ишлаш, уларнинг янги қирраларини очиш ва бойитишда бир поғона
юқори туради. Бу ўз даврида ҳам, ундан кейин ҳам эътироф этилган.
- [13] Жумахўжа Н. Ки булбул нола, афғон айламакни мендин ўрганди. Мулоқот. 1999, № 2
[14] Адизова И. Дардсизлар захмидан беморман. Ўзбекистон санъати. 1997, №7.
[15] Ҳайитметов А. Жаҳонотин Увайсий лирикаси. Шарқ юлдузи. 1982, № 12, 161-бет
[16] Увайсий. Девон. -Тошкент. 1963, 26-бет.
[17] Увайсий. Девон. -Тошкент. 1959, 64-бет.
[18] Увайсий. Девон. -Тошкент. 1963, 68-бет.
УВАЙСИЙ ШЕЪРИЯТИДА ФАҚРУ ФАНО
Мумтоз адабиёт намояндалари фақру фано образини етарли даражада ёритганлар. Увайсий ғазалларида фано ҳақиқатининг ифодаси ўзига хос хусусиятга эгадир. Тасаввуф истилоҳига кўра, фақрлик биз тушунган маънодаги камбағаллик, бечоралик эмас, балки Аллоҳ олдидаги ғариблик, ожизликдир. Ушбу қарашга кўра, “фақир шундай кишики, у фақат Ҳақ маърифатига етишга муҳтож бўлади, холос” [19]. Фано эса тариқатнинг тўртинчи мақоми бўлиб “тарки дунё қилиб, ҳаётга қўл силташ эмас, балки олами ботинни поклашдир” [20]. Айни пайтда, “Шу мартабада комиллик рутбасини қозониш ҳам”- деб ёзади адабиётшунос олим Нажмиддин Комилов [21]. Фано йўқлик оламининг ифодалари ҳам увайсийлик ҳисобланади. Шоира бу ифодаларни тасаввуфий талқинлар билан асослаган ҳолда ижодий баркамолликка эришган. Увайсий ғазалларида тариқатнинг талаб ва қоидаларига мос талқинлар, қайдлар кўп учрайди. Инсоннинг комиллик даражасига етишликдаги қийинчиликлар ифодаси шоира шеъриятида қуйидаги каби ўз аксини топади:
Фано мардумларини сирридин ҳеч кимса йўқ огоҳ,
Қабиҳ гуфтор мардумдин кўнгул доғ ўлди, доғ ўлди.
Фано ҳолини кўпчилик англашга қодир эмас. Шунинг учун “Қабиҳ гуфтор мардумлар” – қабоҳат, ифлос гаплар айтувчи, ғийбатчи одамлар “Фано мардумларига” доимо озор етказиб келишган. Шоира худди шу ҳақиқатга эътиборини қаратар экан, ўзининг кўнгли доғ бўлганини таъкидлайди. Демак, унингча фано аҳли ўзини ҳақиқий ишқдан маҳрум кимсалардан узоқ бўлишини ҳам ўйлаши ҳам керак. Аммо шоиранинг уқдиришича, фано “Ҳол илми”дан юзага келади. Иззат –икром талаби эса зоҳирий бир ишдир:
Ки иззат қолдин, ҳол илмидин бўлгай фано ҳосил,
Келан атфол тоши, бу фано аҳлигадур давлат.
Тасаввуфда одамлар икки гуруҳга ажратилади. Бири – қол илми, иккинчиси ҳол илми. Қол аҳли дунёга боғланган, даъво ва оғзаки фикр мулоҳазаларга таяниб кун ўтказувчи кимсалар. Ҳол аҳли эса ишқ ва маъно соҳибларидир. Шоиранинг таъкидлаши бўйича, фано ҳол илмидан ҳосил бўлса, кишининг иззат нафси турли гап сўзлар(қол)дан озор топмайдиган кайфиятга етишади.
Иззатпарастлик, дунёсеварлик ҳиссиётлари фано завқини англай олмайдиганлар кимсалар учун хосдир. Улар ёш болаларга ўхшаб “тош ўйини”дан овунишганки, бундай кимсалардан етган ранжу озорларга алоҳида аҳамият бермасдан, уларни бир “давлат” каби қабул айлаш лозим. Ҳол илмидан фано ҳосил бўлиши ва бу натижа фано аҳли учун давлат эканлиги ўзининг тиниқ ифодасини топган бу байтда.
Дунё ташвишлари билан банд инсоннинг ҳаётида ИШҚ тубдан бурилиш ясайди. Аввал у ҳайрат саҳросида ёлғиз юриб, ўз ҳақиқатини излайди. Ҳайрат эса ишқнинг бир лаҳча чўғидан ҳосил бўлиб, ошиқ қалбини куйдира бошлайди. Энди у бир тутам нур билан олиша бошлайди. Унинг ботинида ўрнашиб ётган кибр, ғурур, ҳасад, кин, адоват, қаҳр, гумроҳлик каби ўнлаб иллатлар ўз давосини топа бошлайди. Бошқа ошиқлар каби унда ҳам малолат туйғуси йўқолиши, мушт берганга таъзим бажо этиш ҳоллари ўша йўқлик оқибатидан юзага келадики, у қаҳрга меҳр билан жавоб бера олади. Ошиқ томонидан етказилган ҳар қандай жабру ситамларни хуш кайфиятда қабул қилгувчи бўлади. Унинг бу мажнунвор кайфияти ўзгаларда таажжуб уйғотади. Ўша ўзгалардан келаётган таҳна, маломат тошларини ҳам у ўзига давлат, дея қабул қилади. Отилаётган бу тошларни (атфол болалар) гўдакларнинг билиб билмай етказган азиятлари каби осонгина кечира олишида ҳам ҳикмат бор. Сабаби, у аллақачонлар ўз ҳақиқатини, ўзлигини топиб улгурган, дили покланган – комил инсон. Шунинг учун “Ломакондан” жой олган фано аҳлига ўзгалар томонидан тинимсиз таъна тошлари отилаверади:
Фанои фақр малбусин танингга айласанг кисват,
Ўшал атфол тоши бирла сен жисмингни равзан тут [22].
Фақру фано масаласини ёритишда шоира кўпроқ “атфол тошига” эътиборни қаратади. Магарам, сен фақру фано либосини танангга кийиб олган бўлсанг, ўшал атфол тоши кийимингни тешикларини беркитишга хизмат қилсин, деб уқдиради шоира юқоридаги байтда. Босқичма босқич юқорига кўтарилиб кетаётган, йўқлик олами сари сайр этишни кўзлаган инсон учун бу дунёда кўрган барча азоб уқубатлари ҳечдир. Чунки фано аҳли асл ҳақиқатни – Маъшуқа васлини кўзлаб кетмоқда. «Фано аҳли» ҳоли ва тақдирига ҳавас шоирани ҳаёт ва турмуш муаммоларидан четлаштира олмаганини ҳам таъкидлаш керак:
Увайсий эмди бу дайри фанода беғам ўлтирма,
Ўтибон муддаолардин ажаб чархи самоъ урсам [23].
“Фано аҳли” учун дунёга ҳавас, ҳаёт ва турмуш муаммолари деган тушунчалар ётдир. Энди у фақат узлатни маъқул кўрувчи, ўз олами ҳақиқатидан доим мағрур ва масрур ҳаёт кечирувчи орифга айланди. Унинг ҳақиқати эса Увайсий шеъриятида бош мавзу ҳисобланган ишқи илоҳийга тааллуқли. Бу дайри фанода ўзини кўрган шоираа бошқа ошиқлар каби малолат туйғусидан фориғ бўлади. Бас, шундай даражага етган ошиқнинг беғам ўтириши яхши эмас, у барча муддаолардан ўтиб, чархи самоъ уради.
Излабон қон йиғласанг ҳам, ўтти вақти фурқати
Фоний оламда гадоу шаҳни меҳмон айламиш [24].
Асл ҳақиқат сирларидан огоҳ орифлар учун ғофил бандаларнинг таънаю маломатлари оғир ботмайди. Чунки ориф билган ҳақиқатни зоҳид билмайди, авом эса умуман гўдак каби дунёни кўришга, фикр юритишга ва уни билишликка имкони йўқ, “ёшлик” қилади. Фоний дунёда шоҳу гадо бирдек меҳмонлиги, яшаш – имконият, унинг ҳар бир дақиқасининг ҳисоби борлиги, ориф қалби кечинмалари шоира томонидан қайта таъкидланади:
Кел, эй зоҳид, топиб бир ёрни олдида жон бергил,
Ки қурбон айламаклик ҳар моҳи тобонадан келмас [25].
Тасаввуфдаги зоҳидлик ва орифлик даражаларини англаб етган шоира мазкур байтда ёр олдида жонни қурбон қилиш кераклигини, бу амал орифлар учун азоб эмаслигини билдиради. Зоҳидлар эса ҳали бундай мақомга етмаган. Жонни ёр йўлида қурбон айлаш «Ҳар моҳи тобонадан келмас»лигини ҳис этган шоира шеърларининг аксариятида ориф қалби кечинмалари уз аксини топади. Ҳолбуки, орифлик ҳам увайсийликдир. Ориф қалби ҳам пинҳона ишқ, ғойибона тарбият завқидан баҳра олади.
Жаҳон отин Увайсий шеъриятининг асосий йўналиши Ишқи Илоҳий билан боғлиқ. Шоира шеърларида увайсийликнинг бошқа шаклларини ҳали кўп кузатиш мумкин.
- [19] Абдуқодиров А. Тасаввуф истилоҳларининг қисқача изоҳли луғати. Хужанд, 1997. 78 бет.
[20] Рафиддинов С. Мажоз ва ҳақиқат. –Тошкент: Фан, 1995. 44 бет.
[21] Комилов Н. Тасаввуф ёхуд комил инсон аҳлоқи. Биринчи китоб. –Тошкент: Ёзувчи, 1996. 26 бет.
[22] Увайсий. Девон. -Тошкент. 1959, 84-бет.
[23] Увайсий. Девон. -Тошкент. 1959, 196-бет.
[24] Увайсий. Девон. -Тошкент. 1959, 139-бет.
[25] Увайсий. Девон. -Тошкент. 1959, 26-бет.
O’zbek adabiyoti tarixida shoiralarning faoliyati Jahonotin Uvaysiydan boshlanadi, deyish mumkin. Chunki Uvaysiygacha o’zbek shoiralarining asarlari adabiyotimiz tarixida qayd etilmagan. Sharq shoirasi Zebuniso esa fors va arab tillari da ijod qilgan.
Barno Isakova
UVAYSIY
Uch maqola
UVAYS QARANIY VA UVAYSIY
O’zbek adabiyoti tarixida shoiralarning faoliyati Jahonotin Uvaysiydan boshlanadi, deyish mumkin. Chunki Uvaysiygacha o’zbek shoiralarining asarlari adabiyotimiz tarixida qayd etilmagan. Sharq shoirasi Zebuniso esa fors va arab tillari da ijod qilgan.
Qo’qon adabiy muhitida bir guruh shoiralarga ustozlik qilgan Jahonotin Uvaysiy o’zbek mumtoz adabiyoti taraqqiyotiga o’zining muhim va benazir maqomi bilan yuksak hissa qo’shdi. Ayollar tasavvufi tushunchasini yangi pog’onaga olib chiqdi. Badiiy jihatdan pishiq, go’zal she’riyati nafaqat shoiralar uchun, balki shoirlar uchun ham mahorat maktabi sifatida xizmat qilib kelmoqda. Uning shaxsiyatida jasur, fidoiy va haqgo’y shooirlarga xos axloqiy ruhiy sifatlar ustunlik qiladi. “Uvaysiy she’riyatining g’oyaviy badiiy qudrati va ko’lami bilan qadim yunon shoirasi Sapfo, frantsuz shoirasi Margarita Navarli, Sharq she’riyatining malikasi Zebunisolar qatoridagi san’atkor. Uning poeziyasi dunyo badiiy tafakkurida sodir bo’lgan o’ziga xos va xarakterli ijodiy hodisalardan edi”, deb yozadi adabiyotshunos olim Ibrohim Haqqulov ([1].
Marg’ilonda Uvaysiy «Jahon otin» nomi bilan hurmat topganligi va mashhur bo’lganligi ma’lum. Xalq orasida xat-savodli va diniy ilmlardan puxta xabardor bo’lgan ayollar «otin» yoki «otincha» deyilgan. Lekin otin bilan u tanlagan «Uvaysiy» taxallusi mohiyatan to’g’ri kelmaydi: otinlik bolalarni o’qitish bo’lsa, uvaysiylik ruhoniy tarbiya olish demakdir. Jahonotinning bunday taxallus tanlashi qaranlik oshiq Uvays Qaraniy nomi bilan bog’liq, deyishga bir qator asoslar bor.
Uvaysiylik tarixiga murojaat qilinsa, hazrati Vaysal Qaraniyning Alloh Rasuliga bog’lagan pok muhabbati namoyon bo’ladi: «Uvays hazratlari chinakam ishqqa mubtalo bo’lgan edilar. Alloh Rosulining nurli jamolini ko’rishni orzu qilib Yamandan nur o’lkasi Madinaga keladi, ammo oxirat mujdasini ko’rolmay, ortga qaytadi. Alloh Rasuli (unga) muborak hirqalarini hadya qiladilar” [2].
Hazrat Uvays Qaraniy Alloh Rasulini botin ko’zi bilan ko’rgan. Shuning uchun «Allohning Payg’ambari aytgan: Uvays Qaraniy ehson va mehribonligi bilan tobe’inlarning yaxshisidir” [3]. Uvaysiylikning asl mohiyati esa, zohirda hech bir pirga ehtiyoj sezmay, xuddi Uvays Qaraniy singari Payg’ambar(SAV) ruhidan tarbiya topishlikdadir. Bu to’g’rida Abdurahmon Jomiy shunday deydi: “Farididdin Attor aytadilarki, avliyolardan shunday bir toifalar bor, ularga uvaysiy deyiladi. Ko’pgina ulug’ shayxlar so’fiylik yo’liga kirishdan oldin xuddi shunday sharafga muyassar bo’lishgan» [4]. Shayx Abulqosim Gurgoniy, Shayx Najmiddin Kubro, Shayx Abusaid Abulxayr, Shayx Abulhasan Xaraqoniy singari buyuk zotlar shular jumlasidandir.
Demak, shoiraning Uvaysiy, deya taxallus tanlashi bejiz bo’lmagan. «…Bu toifadin zohir yuzidin piri ma’lum bo’lmasa va mashoyixdin birining ruhi oni tarbiyat qilg’on bo’lsa, oni Uvaysiy derlar». – deb yozadi Alisher Navoiy [5].
Adabiyotshunos Sultonmurod Olim Uvaysiyni «Qadim mashoyixlarimizdan birining ruhi kelib tarbiya qilgandir» [6], — deb taxmin qiladi va shoiraning ruhiy holati ifodalangan quyidagi baytini misol keltiradi:
Vaysiy beriyozat deb sahl etma, ey orif,
Ishq aro nihon dardi bedavo Uvaysiyman.
Shoira Uvays Qaraniyga havas qilgan bo’lishi mumkin. Filologiya fanlari nomzodi Ergash Ochilov shunday yozadi: «Boshqa bir g’azalida esa Uvaysiy Qaraniy o’zining hamnomini tarbiyat qilsa ne ajab, deydi. Bu bizni balki shoira shu buyuk zotning ruhidan tarbiya topib, uning sharafiga Uvaysiy taxallusini olmaganmikan, degan taxminga olib keladi, bu masalaga keyingi tadqiqotlar oydinlik kiritadi:
So’zni vahm etmay degil, hozir bilib sohibqiron,
Tarbiyat qilsa, netong, hamnomiga Vays ul Qaran” [7].
Shoira o’zi ta’kidlaganidek, hamnomi Uvays Qaraniy hazratlari bo’lishi mumkin. Sababi, birgina yuqoridagi baytda emas, balki quyidagi qator misralarda ham o’z hamnomini shoira tilga oladi. G’oyibona oshiqlikning oliy namunasidan xabar topgan shoira bir g’azalida ham xuddi hamnomim singari rahmatingdan umidvorman, deb yozadi:
Umidim to’la rahmatingdin, iloh,
Ki hamnom Vays ul Qarandur mango [8].
Boshqa g’azalida esa hamnomining yuksak maqomidan umidvor bo’lishdan istihola aylab:
Yo’qturur Vaysiyda kim Vaysiy maqomidin umid,
Yor ko’yini iti bo’lsam meni afgor, kosh [9].
“Vaysiy maqomi” – Haq Rosulining muborak hirqasiga ega bo’lish, uning muhabbatini qozonishdir. Bundan tashqari, Allohga tobe bo’lganlarning eng yaxshisi-Uvays Qaraniy Hazratlari sharofati ila ikki kabila miqdorida kishilar jannatga kiritilishi Hadisi Sharifda qayd etilgan bo’lib, bu chindan ham juda oliy maqomdir. Uvaysiy bunday maqomning takrorlanmasligini bilgani holda, “Yor ko’yining iti” bo’lsam ham koshki edi, deydi. Bu bayt zamirida Allohning nurli jamolini ko’rishga muyassar bo’lsam, degan istak yotadi. Shu istakka yetishmoq maqsadida xuddi hamnomi singari yig’idan o’zini to’xtatmaydi, ya’ni oshiqlar odatda umrlarini yig’i bilan o’tkazadilar:
Uvaysiy, yig’lamakdin man’ bo’lmoklik na boisdur,
Jafou javringni tortib o’shal Vays ul Qaran yiglar [10].
Orif qalbi kechinmalarining ichki ifodasini tasvirlar ekan, shoira qayta qayta o’z hamnomiga nisbat beraveradi. Alloh Rosuli ishqida xonumonidan ajragan, faqat uning visoliga yetishish hayoli bilan yonib yashagan, biroq bir davrda yashab, sahobiylardan biri bo’lishi imkoniyati bor zamonda tobe’inlar qatorida qolgan oshiq – Vays ul-Qaran Uvaysiy ijodiga katta ta’sir o’tkazgan:
Demagil Vaysiyni sen ul Vaysiyi bexonumon,
Fahm qilgil hasratim, holi digargun o’rgulay [11].
Uvaysiyning ijodiga va hayotiga nazar solsak, uning beva, mazlumi siyohbaxt, garib, bekasligidan xabar topamiz.
Dedilar ushbu mazmun doimo Vaysiy Qarandek shoh,
Bu so’z izhoriga Vaysiy g’aribi bevatan bois [12].
U doim Vays ul-Qaranga havas bilan qaragan, taxallusini uning nomi bilan bog’lagan, deyishimizga yuqorida keltirilgan misollar va shoiraning “hamnomim” degan iqrori yetarli asos bo’la oladi.
Demak, shoira taxallus tanlashda Hazrat Uvays Qaraniyga nisbat beradi. Uning Allohga, uning Rosuliga bo’lgan cheksiz muhabbatini qadrlaydi. “Vaysiy Qarandek shoh”ga izdoshlik qilishni, nomdosh qatorida Alloh marhamatidan, Rosulining shafoatidan bahramand bo’lishni orzu qiladi. Shu orzu yo’lida yashaydi, ijod qiladi. Ijodining asosiy qismini Ishqi Ilohiyga bag’ishlaydi.
- [1] Haqqulov I. Uvaysiy she’riyati. –Toshkent: 1982.3‑bet.
[2] Mustafo Najotiy Bursali. Hazrati Uvays Qaraniy. -Toshkent. 2007. Z-b.
[3] Alisher Navoiy. Nasoyim ul-muhabbat. -Toshkent. 2001. 23-bet
[4] Jomiy. A. Nafahot ul-uns. -Tehron. 1382(h.sh), 16-bet.
[5] Alisher Navoiy. Nasoyim ul-muhabbat. -Toshkent. 2001. 23-bet
[6] S. Olim, Ishq, Oshiq, Ma’shuq. -Toshkent. 1996. 69-bet
[7] Ochilov E. Uvaysiy nega Uvaysiy? Ishonch. 2004 yil, 22 bet.
[8] Uvaysiy. Ko’ngil gulzori. -Toshkent. 1983. 158-bet
[9] Uvaysiy. Devon. — Toshkent. 1959, 140-bet
[10] Uvaysiy. Devon. — Toshkent. 1959, 107-bet
[11] Uvaysiy. Devon. — Toshkent. 1959, 263-bet
[12] Uvaysiy. Devon. — Toshkent. 1959, 89-bet
UVAYSIY OSHIQ
Mamlakat mustaqillikka erishgandan keyin har sohada bo’lgani kabi adabiy tanqidda ham yangicha ko’z qarashlar paydo bo’ldi.Asarlar yangi kontseptsiya asosida o’rganilishi an’anaga aylandi. Shuningdek, Uvaysiy ijodiga ham yangicha baho berila boshladi. Adabiyotshunos olim N.Jumaxo’ja ham Uvaysiyning tasavvuf yo’liga kirib, dunyo va zamon dardlaridan taskin tasalli topganligi haqida shunday yozadi: «Mana shu baytlar Uvaysiy tasavvufning ashaddiy talabgoriga aylanganini tasdiqlaydi:
Faqr borgohiga qo’ysa gar qadam har kim,
Bosh agar kerak bo’lsa, jonfido Uvaysiyman” [13]
Faqrlikni orzu qilgan ko’ngul orif ko’nglidir. Haq oshig’i uchun boshni fido qilish mushkul ish emas. Unda malollik tuyg’usi yo’q. Shoira «Jonfido Uvaysiyman», deb o’zining taxallusigagina emas, balki, Uvays Qaraniydan meros qolgan oshiqlik holatini ham aks ettirgan ushbu baytda.
Yana bir adabiyotshunosimiz I. Adizova Uvaysiy she’riyatining bosh mavzusi Ishq ekanligini ta’kidlaydi: «Insoniyat olamdan istagan va izlagay maqsadi, haqiqat yo’li Alloh ekanligini e’tirof
etadi. Shu mutlaq sobitlik sari yuz burishni oliy martaba, deb biladi” [14]
Uvaysiy o’zini «mehnatu alamlarga mubtalo», «qayda dard eli bo’lsa oshno» shoira sifatida tanitadi. Adabiyotimiz tarixida Uvaysiygacha bunday shoira bo’lmagan. Uning shaxsiyatida jasur, fidoiy va haqgo’y shoirlarga xos ahloqiy ruhiy sifatlar ustunlik qiladi. Ayollar tasavvufi tushunchasini yangi pog’onaga olib chiqdi. Badiiy jihatdan pishiq, go’zal she’riyati nafaqat shoiralar uchun, balki shoirlar uchun ham mahorat maktabi sifatida xizmat qilib kelmoqda.
«Uvaysiyga qadar biron o’zbek shoiri o’z sevgilisini erkalab, uning yuzini gulzorga va unda ochilib turgan ra’noga qiyoslab g’azal bitmagan», — deb yozadi professor A. Hayitmetov [15].
Uvaysiy she’riyatida ruhoniy zavqning turli ko’rinishlari mavjudligi sababi ham uning uvaysiyligidadir. Uning ko’ngil olamida bu zavqning jozibasi ham, ta’siri ham nihoyatda kuchlidir.
Shu bilan bir qatorda shoira ruhoniy va ilohiy his tuyg’ularini ma’shuqa timsoli orqali ham gavdalantirib bergan. Tasavvuf tarixida Haq ishqida kuyib-yongan Robiya Adaviya kabi so’fiy va
orifa ayollar ko’p bo’lgan. Ba’zi bir she’rlarida Uvaysiy ana o’sha ayollarga hamdard, hamnafas bo’lib ko’rinadi. Uningcha Ma’shuqi Azalning jinsi bo’lmagani kabi Haq oshig’ining ham qaysi toifadan ekanligi ahamiyatsiz. Uvaysiy – Oshiq. Oshiq ahliga esa Yor tomonidan keltirilgan barcha azobu uqubatlar, ozorlar ham xushdir. Oshiq degani hech narsani malol olmaydi, aksincha o’sha sitamlarga sabr qilishning o’zi ham bir ibodatdir:
Oshiq eliga yorining ozori -ibodat,
Ma’shuq eliga nutqi shakarbori – ibodat.
Bunday holat va kayfiyatlar shoirani hol ilmi, ya’ni tasavvufning martaba, maqomlarini bilish hamda egallashga undaydi. Yor tomonidan yetkazilgan ozorlarning malol kelmasligi ham yuqorida aytilgan ruhoniy zavq tufaylidir. Ma’shuq eliga esa oshig’ining shakardek nutqi xush yoqadi.
Afsus qilib ohi sahargohi qil, ey dil,
Xushrog’ hamadin bo’lsa dilafgori ibodat.
G’azalning keyingi baytida shoira ibodatning erta tongdan boshlanishiga ishora qiladi. Allohga bandasining bomdod namozi vaqtidagi ohlari hammasidan xushrog’ bo’lishini ta’kidlamoqchi, bizningcha. Chunki ibodatning oliy shakli, afsus nadomatlar bilan bilib bilmay qilgan gunohlariga istig’for aylash aynan sahargohda amalga oshadi.
Ul bulbuli sho’rida yutar qon kecha kunduz,
Tong otqucha shevan esar gulzori ibodat.
Bulbul gulning ishqida hayoli parishon bo’lib, kechayu kunduz qon yutib, tong otguncha aylagan nola, fig’onlari ham, mungli qo’shig’i ham ibodatdir.
Jonon yuzini ko’rgali doim jadal ettim,
Topqonda ko’zim man’ eton ag’yori ibodat.
Jonon yuzini ko’rmoqchi bo’lib jadal ketayotgan oshiq endigina maqsadiga yetay deganida, kko’rishga to’sqinlik qilgan ag’yori bilan kurashish o’zi ham bir ibodatdir. Ya’ni, ag’yor ¬– nafs, u bilan muttasil kurash olib borish, nafsiga jihod qilish ham ibodat.
Shabro’z visolingni tilab, dilbari nozik,
Hajringda ko’ngil ko’zgusi zangori ibodat.
Ma’shuqasining vaslini tilab kechayu kunduz hijron azobiga bardosh bermoq, ko’ngul ko’zgusini tozalaydi. O’sha tozalanish jarayoni, zangor ko’rinishga kelishi, dilbari nozikka moslashishi, Yor yo’lida chekilgan riyozatlar natijasi…. barcha barchasi ibodatdir. Shoira lirik qahramonning ahvolini baytma bayt ifodalar ekan, Yorning sifatlarini ham birgalikda ta’riflab ketadi: “dilbari nozik”, “sarvi ravon” kabi.
Gar rahm qilib sarvi ravon o’tsa ajab yo’q,
Mendek necha rasvosig’a raftori ibodat.
Bu baytda oshiq o’zining holatidan kelib chiqib, Ma’shuqasi rahmatidan umidvor bo’ladi. Axir shuncha chekilgan azoblar evaziga o’shal sarvi ravoni bechora oshiq bilan muomala qilib qolar. Lekin keyingi bayt yorning berahmligini ko’rsatadi, ya’ni visolga yetishmagan oshiqning bag’ri qon bo’ldi, ko’zlaridan sochilgan bag’ir qonidan dalada qizil lolalar ochildi:
Bag’rim qonidin sochti ko’zum, bo’ldi ziroat,
Lola demagilkim dili xunbori ibodat.
Bu lolalarning rangi oshiq dilining qonidan yaralib, hijron azobining naqadar og’irligini ifodalaydi. Bas, shunday mashaqqatlardan keyin ham oshiq ortga chekinmaydi, noumid bo’lmaydi:
Ummid tutib rahmatidin yig’lar edim man,
Bir qatrai ashkim – duri shahvori ibodat.
Har bir to’kkan tomchi ko’z yoshi, ma’shuqasining vaslidan umidvorligini bildiradi. Tinimsiz yig’i, ohu vohlar bir kun kelib yorning rahmatiga sazovor bo’lishi mumkin. Oshiq biladiki, bu ko’z yoshlarning to’kilishi o’zi ham bir ibodatdir. Kim qanday oshiq bo’ladi, qay tarzda ma’shuqa vasliga yetadi, qaysi amali bilan unga ma’qul bo’ladi, hech kim bilmaydi. Biladigani, har kim imkoni boricha ibodat qiladi, bu esa birovning toat darajasi ustidan kulmaslikka undaydi:
Vaysiyning bukun toatidin aylama shikva,
Ma’shuq sifatin yozmagi, guftori-ibodat [16].
“Uvaysiyning bu kungi qilayotgan ibodatidan shikoyat aylama, Ma’shuqi Azalning sifatlarini birma bir bayon etish, yozish va aytib yurishning o’zi ham katta ibodatdir” deb ta’kidlaydi shoira g’azal maqta’sida. O’sha zavq shavq bilan Yor sifatlarini aytish, yozish Oshiqning toqat darajasini belgilaydi.
Shoira ijodining bir qismini uvaysiylik ruhidagi she’rlari tashkil etadi:
Istadim men onchunon bedorlig’ tog’ida deb,
To necha faxm ayladim — me’roj uyqudir menga [17].
Uyquda me’rojni ko’rish ruhoniy munosabatning ifodasi bo’lib, uvaysiylikning yana bir mohiyati ochiladi. Bedorlik – oshiqlar uchun odatiy holat. Yori vaslini istagan orif qalbidagi istak esa uning tushida hosil bo’ladi. Me’roj – bu yuqoriga ko’tarilish, ya’ni visolga yetishmoq, demakdir.
Shoiraning qaysi mashoyix ruhidan tarbiya topganligi to’g’risida savol tug’ilishi tabiiy, albatta. Bu savolga uning o’z she’rlaridan javob topish mumkin:
Shukrilillah, boshima sanchdim gulekim xorsiz,
Bo’lmadi mundog’ muyassar Xojai Ahrorsiz.
Bu fikr shoiraning xorsiz (tikonsiz) gulni topishi Xoja Ahror valiy orqali yuzaga kelgan, deyishga asos beradi. Odatda ruhoniy munosabat va muloqotlar ko’pincha tushda kechadi. Uvaysiyda ham shunday bo’lgan:
Haq muyassar etdi menga bul kecha ul mohni,
So’rdilar ahvolimni izhorsiz, guftorsiz.
Ko’rmadim mundog’ jahonda muhtasibi narmdil,
Moyil etdi Haq yo’liga begaron, ozorsiz.
Demak, shoirani haq yo’liga chorlagan, ma’naviy hayotida yangilik boshlagan zot Xoja Ahror valiy bo’lgan:
Manzuli kuyi haloyiq bandidan ozodmen,
To tariqi Xojai Axrora oshiq bo’lmisham [18].
O’zi ko’rmagan, uchrashmagan biror valiy, murshid yoki piri komilning ruhoniyatidan fayz olish, uni tushida ko’rish Uvaysiyga
nasib etgan.
Uvaysiy zamondoshlari orasida shaklan go’zal, mazmunan teran, badiiy barkamol she’rlari bilan o’z iste’dodini va mahoratini namoyon kila olgan. U haqli ravishda o’z zamonasidagi xalq
e’tirofiga sazovor bo’lgan, o’z davri shoiralarining yetakchisi darajasidagi ijodkor edi. Uning ijodi an’anaviy mavzularni ishlash, ularning yangi qirralarini ochish va boyitishda bir pog’ona
yuqori turadi. Bu o’z davrida ham, undan keyin ham e’tirof etilgan.
- [13] Jumaxo’ja N. Ki bulbul nola, afg’on aylamakni mendin o’rgandi. Muloqot. 1999, № 2
[14] Adizova I. Dardsizlar zaxmidan bemorman. O’zbekiston san’ati. 1997, №7.
[15] Hayitmetov A. Jahonotin Uvaysiy lirikasi. Sharq yulduzi. 1982, № 12, 161-bet
[16] Uvaysiy. Devon. -Toshkent. 1963, 26-bet.
[17] Uvaysiy. Devon. -Toshkent. 1959, 64-bet.
[18] Uvaysiy. Devon. -Toshkent. 1963, 68-bet.
UVAYSIY SHE’RIYATIDA FAQRU FANO
Mumtoz adabiyot namoyandalari faqru fano obrazini yetarli darajada yoritganlar. Uvaysiy g’azallarida fano haqiqatining ifodasi o’ziga xos xususiyatga egadir. Tasavvuf istilohiga ko’ra, faqrlik biz tushungan ma’nodagi kambag’allik, bechoralik emas, balki Alloh oldidagi g’ariblik, ojizlikdir. Ushbu qarashga ko’ra, “faqir shunday kishiki, u faqat Haq ma’rifatiga yetishga muhtoj bo’ladi, xolos” [19]. Fano esa tariqatning to’rtinchi maqomi bo’lib “tarki dunyo qilib, hayotga qo’l siltash emas, balki olami botinni poklashdir” [20]. Ayni paytda, “Shu martabada komillik rutbasini qozonish ham”- deb yozadi adabiyotshunos olim Najmiddin Komilov [21]. Fano yo’qlik olamining ifodalari ham uvaysiylik hisoblanadi. Shoira bu ifodalarni tasavvufiy talqinlar bilan asoslagan holda ijodiy barkamollikka erishgan. Uvaysiy g’azallarida tariqatning talab va qoidalariga mos talqinlar, qaydlar ko’p uchraydi. Insonning komillik darajasiga yetishlikdagi qiyinchiliklar ifodasi shoira she’riyatida quyidagi kabi o’z aksini topadi:
Fano mardumlarini sirridin hech kimsa yo’q ogoh,
Qabih guftor mardumdin ko’ngul dog’ o’ldi, dog’ o’ldi.
Fano holini ko’pchilik anglashga qodir emas. Shuning uchun “Qabih guftor mardumlar” – qabohat, iflos gaplar aytuvchi, g’iybatchi odamlar “Fano mardumlariga” doimo ozor yetkazib kelishgan. Shoira xuddi shu haqiqatga e’tiborini qaratar ekan, o’zining ko’ngli dog’ bo’lganini ta’kidlaydi. Demak, uningcha fano ahli o’zini haqiqiy ishqdan mahrum kimsalardan uzoq bo’lishini ham o’ylashi ham kerak. Ammo shoiraning uqdirishicha, fano “Hol ilmi”dan yuzaga keladi. Izzat –ikrom talabi esa zohiriy bir ishdir:
Ki izzat qoldin, hol ilmidin bo’lgay fano hosil,
Kelan atfol toshi, bu fano ahligadur davlat.
Tasavvufda odamlar ikki guruhga ajratiladi. Biri – qol ilmi, ikkinchisi hol ilmi. Qol ahli dunyoga bog’langan, da’vo va og’zaki fikr mulohazalarga tayanib kun o’tkazuvchi kimsalar. Hol ahli esa ishq va ma’no sohiblaridir. Shoiraning ta’kidlashi bo’yicha, fano hol ilmidan hosil bo’lsa, kishining izzat nafsi turli gap so’zlar(qol)dan ozor topmaydigan kayfiyatga yetishadi.
Izzatparastlik, dunyosevarlik hissiyotlari fano zavqini anglay olmaydiganlar kimsalar uchun xosdir. Ular yosh bolalarga o’xshab “tosh o’yini”dan ovunishganki, bunday kimsalardan yetgan ranju ozorlarga alohida ahamiyat bermasdan, ularni bir “davlat” kabi qabul aylash lozim. Hol ilmidan fano hosil bo’lishi va bu natija fano ahli uchun davlat ekanligi o’zining tiniq ifodasini topgan bu baytda.
Dunyo tashvishlari bilan band insonning hayotida IShQ tubdan burilish yasaydi. Avval u hayrat sahrosida yolg’iz yurib, o’z haqiqatini izlaydi. Hayrat esa ishqning bir lahcha cho’g’idan hosil bo’lib, oshiq qalbini kuydira boshlaydi. Endi u bir tutam nur bilan olisha boshlaydi. Uning botinida o’rnashib yotgan kibr, g’urur, hasad, kin, adovat, qahr, gumrohlik kabi o’nlab illatlar o’z davosini topa boshlaydi. Boshqa oshiqlar kabi unda ham malolat tuyg’usi yo’qolishi, musht berganga ta’zim bajo etish hollari o’sha yo’qlik oqibatidan yuzaga keladiki, u qahrga mehr bilan javob bera oladi. Oshiq tomonidan yetkazilgan har qanday jabru sitamlarni xush kayfiyatda qabul qilguvchi bo’ladi. Uning bu majnunvor kayfiyati o’zgalarda taajjub uyg’otadi. O’sha o’zgalardan kelayotgan tahna, malomat toshlarini ham u o’ziga davlat, deya qabul qiladi. Otilayotgan bu toshlarni (atfol bolalar) go’daklarning bilib bilmay yetkazgan aziyatlari kabi osongina kechira olishida ham hikmat bor. Sababi, u allaqachonlar o’z haqiqatini, o’zligini topib ulgurgan, dili poklangan – komil inson. Shuning uchun “Lomakondan” joy olgan fano ahliga o’zgalar tomonidan tinimsiz ta’na toshlari otilaveradi:
Fanoi faqr malbusin taningga aylasang kisvat,
O’shal atfol toshi birla sen jismingni ravzan tut [22].
Faqru fano masalasini yoritishda shoira ko’proq “atfol toshiga” e’tiborni qaratadi. Magaram, sen faqru fano libosini tanangga kiyib olgan bo’lsang, o’shal atfol toshi kiyimingni teshiklarini berkitishga xizmat qilsin, deb uqdiradi shoira yuqoridagi baytda. Bosqichma bosqich yuqoriga ko’tarilib ketayotgan, yo’qlik olami sari sayr etishni ko’zlagan inson uchun bu dunyoda ko’rgan barcha azob uqubatlari hechdir. Chunki fano ahli asl haqiqatni – Ma’shuqa vaslini ko’zlab ketmoqda. «Fano ahli» holi va taqdiriga havas shoirani hayot va turmush muammolaridan chetlashtira olmaganini ham ta’kidlash kerak:
Uvaysiy emdi bu dayri fanoda beg’am o’ltirma,
O’tibon muddaolardin ajab charxi samo’ ursam [23].
“Fano ahli” uchun dunyoga havas, hayot va turmush muammolari degan tushunchalar yotdir. Endi u faqat uzlatni ma’qul ko’ruvchi, o’z olami haqiqatidan doim mag’rur va masrur hayot kechiruvchi orifga aylandi. Uning haqiqati esa Uvaysiy she’riyatida bosh mavzu hisoblangan ishqi ilohiyga taalluqli. Bu dayri fanoda o’zini ko’rgan shoiraa boshqa oshiqlar kabi malolat tuyg’usidan forig’ bo’ladi. Bas, shunday darajaga yetgan oshiqning beg’am o’tirishi yaxshi emas, u barcha muddaolardan o’tib, charxi samo’ uradi.
Izlabon qon yig’lasang ham, o’tti vaqti furqati
Foniy olamda gadou shahni mehmon aylamish [24].
Asl haqiqat sirlaridan ogoh oriflar uchun g’ofil bandalarning ta’nayu malomatlari og’ir botmaydi. Chunki orif bilgan haqiqatni zohid bilmaydi, avom esa umuman go’dak kabi dunyoni ko’rishga, fikr yuritishga va uni bilishlikka imkoni yo’q, “yoshlik” qiladi. Foniy dunyoda shohu gado birdek mehmonligi, yashash – imkoniyat, uning har bir daqiqasining hisobi borligi, orif qalbi kechinmalari shoira tomonidan qayta ta’kidlanadi:
Kel, ey zohid, topib bir yorni oldida jon bergil,
Ki qurbon aylamaklik har mohi tobonadan kelmas [25].
Tasavvufdagi zohidlik va oriflik darajalarini anglab yetgan shoira mazkur baytda yor oldida jonni qurbon qilish kerakligini, bu amal oriflar uchun azob emasligini bildiradi. Zohidlar esa hali bunday maqomga yetmagan. Jonni yor yo’lida qurbon aylash «Har mohi tobonadan kelmas»ligini his etgan shoira she’rlarining aksariyatida orif qalbi kechinmalari uz aksini topadi. Holbuki, oriflik ham uvaysiylikdir. Orif qalbi ham pinhona ishq, g’oyibona tarbiyat zavqidan bahra oladi.
Jahon otin Uvaysiy she’riyatining asosiy yo’nalishi Ishqi Ilohiy bilan bog’liq. Shoira she’rlarida uvaysiylikning boshqa shakllarini hali ko’p kuzatish mumkin.
- [19] Abduqodirov A. Tasavvuf istilohlarining qisqacha izohli lug’ati. Xujand, 1997. 78 bet.
[20] Rafiddinov S. Majoz va haqiqat. –Toshkent: Fan, 1995. 44 bet.
[21] Komilov N. Tasavvuf yoxud komil inson ahloqi. Birinchi kitob. –Toshkent: Yozuvchi, 1996. 26 bet.
[22] Uvaysiy. Devon. -Toshkent. 1959, 84-bet.
[23] Uvaysiy. Devon. -Toshkent. 1959, 196-bet.
[24] Uvaysiy. Devon. -Toshkent. 1959, 139-bet.
[25] Uvaysiy. Devon. -Toshkent. 1959, 26-bet.
Макола учун ташаккур. Янгиликлар бор. Кухна мавзу.