Abdusamad Vohidov. Sarchashmalar

067 Асосий бойлиги шахсий кутубхонаси бўлган бундай хулқи гўзал, ақли тиниқ, тийрак назар одам билан қайси соҳада гаплашманг, у ўзи билганларини сизга дарров ёқимли тарзда айтиб, беғараз маслаҳатини беради, тажриба чашмасидан илинади. Ўзи танг бўлса ҳамки, ночорга боқиб, унинг дардларига дармон бўла олувчи—элга достон қилишга арзигулик бундай сиймо олдидан кетгиси келмайди кишининг.

Абдусамад Воҳидов
САБОҚЛАР САРЧАШМАСИ


ОҲАНРАБО

Уни барча бирдек яхши кўради, ҳурмат қилади. Унга ҳамма талпинади. Унинг тафаккурга ундайдиган, қалбларга умид, ишонч, нур улашадиган суҳбатидан бир баҳраманд бўлган одам “У билан яна дийдорлашсам…” дейди, ҳузуридан кетгиси келмайди. Чунки унинг вужуди яхшилик билан безанган, одамлар қалбига равшанлик улашишга бўлган қизиқиши улуғ ва шундан у жисмига қувват олади.
Билимдан бахтини топиб, китобни севиб, элига зиё сочувчи бундай одам ҳатто ғийбат, фисқу фасодларнинг бағрини ўйиб, ғанимларидан нур кутади, уларни дўстига айлантиради, мардлик йўлини тутади.
Асосий бойлиги шахсий кутубхонаси бўлган бундай хулқи гўзал, ақли тиниқ, тийрак назар одам билан қайси соҳада гаплашманг, у ўзи билганларини сизга дарров ёқимли тарзда айтиб, беғараз маслаҳатини беради, тажриба чашмасидан илинади. Ўзи танг бўлса ҳамки, ночорга боқиб, унинг дардларига дармон бўла олувчи—элга достон қилишга арзигулик бундай сиймо олдидан кетгиси келмайди кишининг.
Дунёда шундай хушмуомала, маънавият хазинаси мўл, хуфтон кўнгилларга чироқ ёқа оладиган инсонлар борлигига шукроналар келтирасиз ва у билан ўзингизда қалбан яқинлик сезасиз. Бундайин қувваи ҳофизаси кенг, дунёқараши ҳаётбахш ишонч билан суғорилган, очиқкўнгил одам олдида ўзингизни қушдек енгил ҳис қиласиз ва беихтиёр ҳавас билан унга яқинроқ бўлишга интиласиз.
Уни тинглаганлар:
— Шу замондаям қомусий билим, эзгуликлар билан зийнатланган ва шуурингизни ёриштириб юборадиган одамлар бор-а?..—деб ҳайратланиши аниқ. Иродаси мустаҳам, ҳамиша бургут-сор каби қалби мунаввар.
Севимли машғулоти китоб мутолааси – ибодат бўлган бу инсоннинг жозиб сиймосидан таралаётган илм ҳиди, тажриба бўйидан вужудингизга ўзгача ҳис-тароват сингади ва сизни оҳанрабодек ўзига тортаверади,тортаверади…
Назаримда, оламни шу оҳанрабо тутиб туради. Шу оҳанрабо бўлмаса, олам уваланиб кетади гўё…

ИЛК САБОҚ

Гўдакнинг илк атак-чечак, тетапоя қадамларидан ота-онаси-ю яқинлари беҳад шод эдилар. Агар у йиқилса югуриб бориб қучиб-опичлаб овутишар, эркалашарди.
Бир куни болакай дарвозадан чиқиб мустақил юришга чоғланди. Бироқ ногаҳон тошга қоқилди ва оғриқнинг зўридан йиғлаб юборди. Бу сафар уни кўтариб овутадиган бирор зот топилмади. Бола анча вақт йиғлади ва меҳрибонлик истаб, атрофга аланглади. Ҳеч бир киши ёрдам бермагач, ниҳоят, йиғидан тўхтади, мишиғи ва кўз ёшларини енгига артиб, овунди. Ва англадики, ёлғизликда, яқинларидан йироқда йиқилиш – меҳрга муҳтожлик ёмон экан, ўзга жойда йиқилганни ҳар ким ҳам эркаламас, суямас экан…

ҚАБРИСТОН ДАВОСИ

У ёмон одамлардан, ноҳақликлардан, ҳафагарчиликлардан – руҳий зарбалардан тўйиб кетганди. Қўли ишга бормас, аламини кимдан олишни билмай эзиларди.
Уйга кирди. Ногоҳ раҳматли ота-онасининг тўрда осиғлиқ суратларига кўзи тушди. Ота-онаси унга тикилиб, нималардир дейишаётгандек туюлди… ва йиғлаб юборди. Сўнг ўзини бироз тутиб олди-да, ювиниб-тараниб қабристонга – ота-она “ҳузур”ига борди. Уларнинг руҳониятларига бағишлаб қуръон тиловат қилди, юзини яна кўз ёшлари ювдилар. Бошқа яқинларининг қабрларини ҳам шундай зиёрат қилиб, уйга қайтди. Ҳовлига кириши билан уйдагилари уни бошқача очиқлик билан қарши олишди. Шу хурсандчилик, шу енгиллик, хуш кайфият оғушида у ишига шўнғиди.
Ҳа, уни қабристон зиёрати даволаган эди.

БОЙЛИК

Моддий бойлик тўплаш ҳеч қачон инсоннинг асосий мақсади бўлмаслиги керак. Ҳақиқий бойлик чўнтакда эмас, балки юракда ва онгда бўлади.

ШУБҲАЛИ  ШУБҲА

Шубҳали хабар, шубҳали одам, шубҳали мол, шубҳали таом, шубҳали иш, шубҳали сафар… Буларнинг бари ножоиздир, шубҳули шубҳа-чи?!

Б И Л И М

Билим – жуда катта имконият бахш этувчи куч. Бу кучга эга бўлган инсон ўзига рўбарў келган ҳар қандай муаммони ҳал қилиш, ечиш йўлларини яхши билади. Фақат билим маърифатсиз инсоннинг қуролига айланмаса, бас. Тафаккур ўғрида эмас, балки тўғрида бўлсин!

ТАРАҚҚИЁТНИНГ УЙҚУСИ

Бу дунёда ўз куч ва имконияти даражасида меҳнат қилмаётган одамлар тўлиб-тошиб ётибди. Шу ётиш давом этаверса, эрта-индин тараққиётнинг ҳам уйқусм келади…

ИНТИЛИШ АСОСИ

Китоб инсонда олижаноб фазилатлар билан биргаликда интилишларни ҳам тарбиялайди. Интилишлар эса онгнинг энг қимматли маҳсулоти. Интилишлар олижаноб онг уйғонганлигини билдиради.

ФАРОСАТ

Одамлардаги фаҳм-фаросат бебаҳо фазилатлардан саналади. Унинг одамда борлигидан кўра йўқлиги дарров сезилади…

ҚЎЛДАГИ ДЎСТ

Кичкина соат қўлингда туриб сени доимо зийраклантиради, бутун вужудингни ҳаракатлантиради, шоширади, энг яқин кишингдек огоҳлантириб боради, вақтида уйғотади… У – чинакам дўст.

ЗЎРАКИЛИК

Тупида қизармаган кўм-кўк помидорни узиб келиб, зўрлаб қизартиришди. Аммо, барибир, у ўзи пишиб етилган помидор таъмини беролмайди.

ФИДОКОРЛИК

Қаламга ҳавасим ва раҳмим келади. У пок ва боқий хизмати учун бошини танасидан жудо айлаб, инсонларга эгилади, вужудидан айрилади.

МОДДИЙ МУҲАББАТ КАСРИ

Мен сени жуда ҳам севардим. Кўз олдимда баҳор қуёшидек товланардинг. Муҳаббатим кун-бакун авжида эди. Орзуларимдек юксакда эдинг. Сен эса мендан ўша куни отамнинг қаерда ишлашини, оладиган маошим миқдорини сўрадинг-у, қалб ҳароратимга совуқ сув сепдинг.

ҚАҲРАМОНЛАР

Миллатим ва давлатим жаҳонга машҳур бўлсин, деб ҳаракатда юрганлар фидокор инсонлардир. Уларни бемалол ўз элу юртининг қаҳрамонлари дейиш мумкин.

БАХТ

Бахт инсонга ўз-ўзидан келмайди. Унга эришиш учун бир қанча “бахтсизлик”ларни бошдан кечириш даркор.

МАҚСАД

Ўз олдига улуғ мақсадларни қўя оладиган одамгина журъат ва жасорат билан бор кучини ишга сола олади. Мақсадсиз ҳаракатнинг охири – фожеа …

ТЎҒРИ ЙЎЛ

Яқинроқ ва қисқа деб қинғир йўллардан юргандан кўра, тошбақақадам билан бўлса ҳам тўғри йўлдан юрган одам манзилига ёруғ юз билан етади.

ХАВФ- ХАТАР

Хавф-хатардан қўрқмаганлар уни ўзларидан чўчита оладилар. Хавф-хатарни шундай қўрқитингки, у сизни ҳурмат қилсин.

БАДАЛ

Унутманг! Улкан гуноҳлар бадали қон билан тўланади!

СЕВГИ

Севги буюк қувонч бахш этиб, фидокорлик ҳам талаб қилади. Севги азоблардан бениҳоя лаззатланиш демакдир. Севги оламча йўқотишлар эвазига гўзал само юлдузларини қувонч-ла қучиб юришдир.

ЧУМОЛИ

Қишда ҳаётим фаровон бўлсин, деб чумоли ёз бўйи тинмай меҳнат қилади – емиш-дон йиғади. Унинг ақл бовар қилмас заҳматкашлигини кўриб ҳайратланамиз. Ватанпарварлик, оилапарварлик, меҳнатсеварликни улардан ўргансак арзийди, деймиз-у, аммо баъзан ниначи йўлини тутамиз…

ДАВО

Киши қалбидаги ғаму андуҳлар, сиқилишлару эзилишлар… каби хасталикларни ҳақиқий дўстнинг маслаҳати-ю доно устознинг ўгитлари билан даволаш мумкин.

БОҚИЙЛИК

Инсон боласи ҳеч ўлмайдигандек оқилона яшай олсагина буюк ишларни амалга ошириши мумкин. Ва, албатта, у шу буюк ишлари билан ўлмайди ҳам!

ТЕЖАМКОРЛИК

Инсоннинг тежамкорлиги жамиятнинг ва оиланинг тўкинлигига, қут-баракага ботишига хизмат қилади. Ахир, тежамкорлик айримлар айтганидек хасислик ё пастлик эмас, аксинча, фазилат ва иқтидордан дарак беради! Зеро, тежамкорлик тўкинликка бошловчи энг ҳалол йўлдир!

ПАРАДОКС

Қанчадан-қанча қувончли воқеликлар борки, улар мусибату азоб-уқубатлардан кейин келади! Ва қанчадан-қанча нишини тиқувчи “ари”лар борки, билиб-билмай шифо бағишлайди, қалдироқли “жала”лар борки, ҳаётимизни баҳордек яшнатиб юборадилар!

ВАЗИФА

Баъзан инсон ўзига юклатилган асосий вазифани бажаришдан бош тортади. Тангри томонидан берилган яшаш вазифасини адо этиш – энг буюк шарафдир.

ТАНБЕҲ

Тўкиндини тупроқ тагига ташланг. Токи тоза, тирик табиат тўлғонмасин – тинчсизланмасин.табиатни тоза тутишга тутинган тарбияли танни ТАНГРИмиз тақдирлайди.

ЎЧАКИШИШ

Нодонлар билан ўчакишганлар ҳам улардан кам эмас…

ТЎЛОВ

Ақллилар бу ҳаётда ЯШАШ ҳақини тўлаш кераклигини билишади ва бунга доимо амал қилишади…

СЎРОҚ

Бу дунёда ёмон одамлар кўпайиб кетаётганидан ранжиймиз. Лекин виждонимиздан сўраб кўрайлик-чи, бизга яхшилик қилганларнинг бариси ҳам биздан яхшилик кўрганмикан?!.

ВАЙСАҚИ

Кўп гапирадиган вайсақи гуноҳларини оширади, душманларини кўпайтиради, соғлиғини камайтиради, дўстларини йўқотади…

19 Asosiy boyligi shaxsiy kutubxonasi bo’lgan bunday xulqi go’zal, aqli tiniq, tiyrak nazar odam bilan qaysi sohada gaplashmang, u o’zi bilganlarini sizga darrov yoqimli tarzda aytib, beg’araz maslahatini beradi, tajriba chashmasidan ilinadi. O’zi tang bo’lsa hamki, nochorga boqib, uning dardlariga darmon bo’la oluvchi—elga doston qilishga arzigulik bunday siymo oldidan ketgisi kelmaydi kishining.

Abdusamad Vohidov
SABOQLAR SARCHASHMASI


OHANRABO

Uni barcha birdek yaxshi ko’radi, hurmat qiladi. Unga hamma talpinadi. Uning tafakkurga undaydigan, qalblarga umid, ishonch, nur ulashadigan suhbatidan bir bahramand bo’lgan odam “U bilan yana diydorlashsam…” deydi, huzuridan ketgisi kelmaydi. Chunki uning vujudi yaxshilik bilan bezangan, odamlar qalbiga ravshanlik ulashishga bo’lgan qiziqishi ulug’ va shundan u jismiga quvvat oladi.
Bilimdan baxtini topib, kitobni sevib, eliga ziyo sochuvchi bunday odam hatto g’iybat, fisqu fasodlarning bag’rini o’yib, g’animlaridan nur kutadi, ularni do’stiga aylantiradi, mardlik yo’lini tutadi.
Asosiy boyligi shaxsiy kutubxonasi bo’lgan bunday xulqi go’zal, aqli tiniq, tiyrak nazar odam bilan qaysi sohada gaplashmang, u o’zi bilganlarini sizga darrov yoqimli tarzda aytib, beg’araz maslahatini beradi, tajriba chashmasidan ilinadi. O’zi tang bo’lsa hamki, nochorga boqib, uning dardlariga darmon bo’la oluvchi—elga doston qilishga arzigulik bunday siymo oldidan ketgisi kelmaydi kishining.
Dunyoda shunday xushmuomala, ma’naviyat xazinasi mo’l, xufton ko’ngillarga chiroq yoqa oladigan insonlar borligiga shukronalar keltirasiz va u bilan o’zingizda qalban yaqinlik sezasiz. Bundayin quvvai hofizasi keng, dunyoqarashi hayotbaxsh ishonch bilan sug’orilgan, ochiqko’ngil odam oldida o’zingizni qushdek yengil his qilasiz va beixtiyor havas bilan unga yaqinroq bo’lishga intilasiz.
Uni tinglaganlar:
— Shu zamondayam qomusiy bilim, ezguliklar bilan ziynatlangan va shuuringizni yorishtirib yuboradigan odamlar bor-a?..—deb hayratlanishi aniq. Irodasi mustaham, hamisha burgut-sor kabi qalbi munavvar.
Sevimli mashg’uloti kitob mutolaasi – ibodat bo’lgan bu insonning jozib siymosidan taralayotgan ilm hidi, tajriba bo’yidan vujudingizga o’zgacha his-tarovat singadi va sizni ohanrabodek o’ziga tortaveradi,tortaveradi…
Nazarimda, olamni shu ohanrabo tutib turadi. Shu ohanrabo bo’lmasa, olam uvalanib ketadi go’yo…

ILK SABOQ

Go’dakning ilk atak-chechak, tetapoya qadamlaridan ota-onasi-yu yaqinlari behad shod edilar. Agar u yiqilsa yugurib borib quchib-opichlab ovutishar, erkalashardi.
Bir kuni bolakay darvozadan chiqib mustaqil yurishga chog’landi. Biroq nogahon toshga qoqildi va og’riqning zo’ridan yig’lab yubordi. Bu safar uni ko’tarib ovutadigan biror zot topilmadi. Bola ancha vaqt yig’ladi va mehribonlik istab, atrofga alangladi. Hech bir kishi yordam bermagach, nihoyat, yig’idan to’xtadi, mishig’i va ko’z yoshlarini yengiga artib, ovundi. Va angladiki, yolg’izlikda, yaqinlaridan yiroqda yiqilish – mehrga muhtojlik yomon ekan, o’zga joyda yiqilganni har kim ham erkalamas, suyamas ekan…

QABRISTON DAVOSI

U yomon odamlardan, nohaqliklardan, hafagarchiliklardan – ruhiy zarbalardan to’yib ketgandi. Qo’li ishga bormas, alamini kimdan olishni bilmay ezilardi.
Uyga kirdi. Nogoh rahmatli ota-onasining to’rda osig’liq suratlariga ko’zi tushdi. Ota-onasi unga tikilib, nimalardir deyishayotgandek tuyuldi… va yig’lab yubordi. So’ng o’zini biroz tutib oldi-da, yuvinib-taranib qabristonga – ota-ona “huzur”iga bordi. Ularning ruhoniyatlariga bag’ishlab qur’on tilovat qildi, yuzini yana ko’z yoshlari yuvdilar. Boshqa yaqinlarining qabrlarini ham shunday ziyorat qilib, uyga qaytdi. Hovliga kirishi bilan uydagilari uni boshqacha ochiqlik bilan qarshi olishdi. Shu xursandchilik, shu yengillik, xush kayfiyat og’ushida u ishiga sho’ng’idi.
Ha, uni qabriston ziyorati davolagan edi.

BOYLIK

Moddiy boylik to’plash hech qachon insonning asosiy maqsadi bo’lmasligi kerak. Haqiqiy boylik cho’ntakda emas, balki yurakda va ongda bo’ladi.

ShUBHALI ShUBHA

Shubhali xabar, shubhali odam, shubhali mol, shubhali taom, shubhali ish, shubhali safar… Bularning bari nojoizdir, shubhuli shubha-chi?!

B I L I M

Bilim – juda katta imkoniyat baxsh etuvchi kuch. Bu kuchga ega bo’lgan inson o’ziga ro’baro’ kelgan har qanday muammoni hal qilish, yechish yo’llarini yaxshi biladi. Faqat bilim ma’rifatsiz insonning quroliga aylanmasa, bas. Tafakkur o’g’rida emas, balki to’g’rida bo’lsin!

TARAQQIYoTNING UYQUSI

Bu dunyoda o’z kuch va imkoniyati darajasida mehnat qilmayotgan odamlar to’lib-toshib yotibdi. Shu yotish davom etaversa, erta-indin taraqqiyotning ham uyqusm keladi…

INTILISh ASOSI

Kitob insonda olijanob fazilatlar bilan birgalikda intilishlarni ham tarbiyalaydi. Intilishlar esa ongning eng qimmatli mahsuloti. Intilishlar olijanob ong uyg’onganligini bildiradi.

FAROSAT

Odamlardagi fahm-farosat bebaho fazilatlardan sanaladi. Uning odamda borligidan ko’ra yo’qligi darrov seziladi…

QO’LDAGI DO’ST

Kichkina soat qo’lingda turib seni doimo ziyraklantiradi, butun vujudingni harakatlantiradi, shoshiradi, eng yaqin kishingdek ogohlantirib boradi, vaqtida uyg’otadi… U – chinakam do’st.

ZO’RAKILIK

Tupida qizarmagan ko’m-ko’k pomidorni uzib kelib, zo’rlab qizartirishdi. Ammo, baribir, u o’zi pishib yetilgan pomidor ta’mini berolmaydi.

FIDOKORLIK

Qalamga havasim va rahmim keladi. U pok va boqiy xizmati uchun boshini tanasidan judo aylab, insonlarga egiladi, vujudidan ayriladi.

MODDIY MUHABBAT KASRI

Men seni juda ham sevardim. Ko’z oldimda bahor quyoshidek tovlanarding. Muhabbatim kun-bakun avjida edi. Orzularimdek yuksakda eding. Sen esa mendan o’sha kuni otamning qayerda ishlashini, oladigan maoshim miqdorini so’rading-u, qalb haroratimga sovuq suv sepding.

QAHRAMONLAR

Millatim va davlatim jahonga mashhur bo’lsin, deb harakatda yurganlar fidokor insonlardir. Ularni bemalol o’z elu yurtining qahramonlari deyish mumkin.

BAXT

Baxt insonga o’z-o’zidan kelmaydi. Unga erishish uchun bir qancha “baxtsizlik”larni boshdan kechirish darkor.

MAQSAD

O’z oldiga ulug’ maqsadlarni qo’ya oladigan odamgina jur’at va jasorat bilan bor kuchini ishga sola oladi. Maqsadsiz harakatning oxiri – fojea …

TO’G’RI YO’L

Yaqinroq va qisqa deb qing’ir yo’llardan yurgandan ko’ra, toshbaqaqadam bilan bo’lsa ham to’g’ri yo’ldan yurgan odam manziliga yorug’ yuz bilan yetadi.

XAVF- XATAR

Xavf-xatardan qo’rqmaganlar uni o’zlaridan cho’chita oladilar. Xavf-xatarni shunday qo’rqitingki, u sizni hurmat qilsin.

BADAL

Unutmang! Ulkan gunohlar badali qon bilan to’lanadi!

SEVGI

Sevgi buyuk quvonch baxsh etib, fidokorlik ham talab qiladi. Sevgi azoblardan benihoya lazzatlanish demakdir. Sevgi olamcha yo’qotishlar evaziga go’zal samo yulduzlarini quvonch-la quchib yurishdir.

ChUMOLI

Qishda hayotim farovon bo’lsin, deb chumoli yoz bo’yi tinmay mehnat qiladi – yemish-don yig’adi. Uning aql bovar qilmas zahmatkashligini ko’rib hayratlanamiz. Vatanparvarlik, oilaparvarlik, mehnatsevarlikni ulardan o’rgansak arziydi, deymiz-u, ammo ba’zan ninachi yo’lini tutamiz…

DAVO

Kishi qalbidagi g’amu anduhlar, siqilishlaru ezilishlar… kabi xastaliklarni haqiqiy do’stning maslahati-yu dono ustozning o’gitlari bilan davolash mumkin.

BOQIYLIK

Inson bolasi hech o’lmaydigandek oqilona yashay olsagina buyuk ishlarni amalga oshirishi mumkin. Va, albatta, u shu buyuk ishlari bilan o’lmaydi ham!

TEJAMKORLIK

Insonning tejamkorligi jamiyatning va oilaning to’kinligiga, qut-barakaga botishiga xizmat qiladi. Axir, tejamkorlik ayrimlar aytganidek xasislik yo pastlik emas, aksincha, fazilat va iqtidordan darak beradi! Zero, tejamkorlik to’kinlikka boshlovchi eng halol yo’ldir!

PARADOKS

Qanchadan-qancha quvonchli voqeliklar borki, ular musibatu azob-uqubatlardan keyin keladi! Va qanchadan-qancha nishini tiquvchi “ari”lar borki, bilib-bilmay shifo bag’ishlaydi, qaldiroqli “jala”lar borki, hayotimizni bahordek yashnatib yuboradilar!

VAZIFA

Ba’zan inson o’ziga yuklatilgan asosiy vazifani bajarishdan bosh tortadi. Tangri tomonidan berilgan yashash vazifasini ado etish – eng buyuk sharafdir.

TANBEH

To’kindini tuproq tagiga tashlang. Toki toza, tirik tabiat to’lg’onmasin – tinchsizlanmasin.tabiatni toza tutishga tutingan tarbiyali tanni TANGRImiz taqdirlaydi.

O’ChAKIShISh

Nodonlar bilan o’chakishganlar ham ulardan kam emas…

TO’LOV

Aqllilar bu hayotda YaShASh haqini to’lash kerakligini bilishadi va bunga doimo amal qilishadi…

SO’ROQ

Bu dunyoda yomon odamlar ko’payib ketayotganidan ranjiymiz. Lekin vijdonimizdan so’rab ko’raylik-chi, bizga yaxshilik qilganlarning barisi ham bizdan yaxshilik ko’rganmikan?!.

VAYSAQI

Ko’p gapiradigan vaysaqi gunohlarini oshiradi, dushmanlarini ko’paytiradi, sog’lig’ini kamaytiradi, do’stlarini yo’qotadi…

067

(Tashriflar: umumiy 114, bugungi 1)

Izoh qoldiring