Nodir Jonuzoq. Hayot guli & Nodir Jonuzoq «Hayot va xayol yo‘llarida» teledasturida & Sizni sevar edim. She’rlar to’plami (2006)

07 “Дунё катта қишлоқ бўлиб қолди” деган гапни кўп бор эшитганмиз-у, аммо унинг моҳиятидаги ҳақиқатни ҳеч қачон ҳозиргидек теран ва бор салмоғи билан ҳис қилмаганмиз, десам, фикримга қўшилсангиз керак. Дунёнинг у четида содир бўлган фавқулодда ҳодиса қисқа фурсатда Ернинг бошқа бурчида яшаётган одамлар ҳаётига ҳам таъсир қиладиган бўлиб қолди.

Нодир Жонузоқ
ҲАЁТ ГУЛИН ТИРИК САҚЛАГАН СЕНСАН…


02“Дунё катта қишлоқ бўлиб қолди” деган гапни кўп бор эшитганмиз-у, аммо унинг моҳиятидаги ҳақиқатни ҳеч қачон ҳозиргидек теран ва бор салмоғи билан ҳис қилмаганмиз, десам, фикримга қўшилсангиз керак. Дунёнинг у четида содир бўлган фавқулодда ҳодиса қисқа фурсатда Ернинг бошқа бурчида яшаётган одамлар ҳаётига ҳам таъсир қиладиган бўлиб қолди.
Яқиндагина, Хитойда янги вирус чиқибди, деган хабарни эшитганимизда гўё унинг бизга алоқаси йўқдек хотиржам қабул қилган эдик. Фақат биз эмас, энг ривожланган давлатлар аҳолиси ҳам ғафлатда қолди – бедаво вирус деярли бутун дунёни қоплаб олди. Минг афсуски, у бизнинг диёримизга ҳам кириб келди.
Бугун юртимизда коронавирусга қарши давлат миқёсида бор имкониятлар ишга солиниб, керакли чоралар кўриляпти. Масъул шахслар, фидойи мутахассисларимиз халқимизнинг соғлиғини сақлаш йўлида кечаю кундуз тиним билмаяптилар. Одамларимиздан эса сўралаётган ўтинч битта – “Уйда қолинг!”
Коронавирус балосига қарши ҳар ким ўз касбидан келиб чиқиб курашаётган бир паллада, табиийки, ижодкор қалби бефарқ, лоқайд қараб туролмайди. Айниқса, бу дард билан касалланган юртдошларимизнинг сони кун сайин ошиб бораётган бир пайтда шоир ёки ёзувчи ўз қуроли – Сўз билан эл дардига малҳам бўлгиси, одамларни ҳушёрликка чақиргиси келади. Менинг сўнгги кунларда ёзган бир туркум шеърларимни ҳам шу маънода қабул қилишингизни сўрайман.
Туркумни яхши ният, ёруғ ишонч билан “Ҳаёт гули” деб номладим. Эҳтимол, бу туркум ҳали ниҳоясига етмагандир, балки яна янги шеърлар қўшилар ёки жанр нуқтаи назаридан кўламлироқ асарга айланар – билмайман. Лекин ҳозирги ҳиссиётларимни кечиктирмасдан эътиборингизга ҳавола этишни мақбул кўрдим. Мабодо бу туркумга кирадиган янги шеърларни ҳам ўқишни истасангиз, Telegram ижтимоий тармоғидаги ижодий саҳифамни (t.me/nodir_jonuzoq) кузатиб боришингиз мумкин.
Мавзуга доир бошқа сўзларимнинг ҳаммаси – “Ҳаёт гули”га кирган шеърларимда. Бирорта шеър ёки мисра қалбингизга чироқ ёқса, қалбингизни гарду ғуборлардан поклашга хизмат қилса – бахтиёрман.
Илоҳим, соғ бўлинг. Яратгандан бутун халқимизга сиҳат-саломатлик сўраб қоламан….

ҲАЁТ ГУЛИ
Tуркум


Нодир Жонузоқ 1976 йил 14 мартда Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида туғилди. Самарқанд Давлат университетининг ўзбек филологияси факультетида таҳсил олди (1993–1998). “Томчилар” номли илк китоби Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти томонидан “Истеъдод” (1997) рукнида чоп этилди. Шундан сўнг унинг “Сизни севар эдим” (2006), “Меҳрибоним” (2008) номли шеърий тўпламлари, “Ўн етти лаҳза”, “Нилуфар”, “Синиқ ой” каби бир қатор достонлари дунёга келди.
Меҳнат фаолиятини “Туркистон”, “Республика” газеталарида бошлаган. Шундан сўнг Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида муҳаррир, студия бош муҳаррири, муҳарририят бош муҳаррири, “Маданият ва маърифат” телеканали директор ўринбосари (1999–2015),2015 йилдан Ўзбекистон ёшларининг адабий-ижтимоий нашри – “Ёшлик” журнали бош муҳаррири лавозимида фаолият юритди.Бугун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари бўлиб хизмат қилмоқда.


1.Коранавирус

Қадим маданият ўчоғи Чинда
Урчиди чидамли ва сирли вирус.
Саноқли ҳафталар, кунлар ичида
Дунёни забт этди –
Олди мудҳиш тус.

На миллат танлади,
На танлади дин,
Тарқалди қитъалар, уммонлар оша.
Юртлар дарвозасин ёпди –
Карантин:
Чекланди оммавий ўйин-томоша.

Ҳамма тозаликка берди бирдан зўр,
Гўё бошлангандай тиббий инқилоб:
Кимдир остонага сепмоқда хлор,
Кимдир тақаяпти уч қават ниқоб.

Дорихоналарнинг савдоси қизғин,
Тансиқ матоҳ бўлди ҳатто исириқ.
Уйларига қамаб ўғлию қизин,
Юргандай катталар бироз қисиниб.

Хуллас, шаҳар ҳушёр
Қишлоқлар сергак,
Тўсмоққа шай турар ўлат йўлини.
“Қўлингни ювдингми?” – олгайдир тергаб,
Саломга чўзаркан дўст ҳам қўлини.

Тўғри тадбир –
Мен ҳам ёқлайман буни,
Ҳар кимса ўзини қилсин эҳтиёт:
Майлига, ёнида юрсин совуни,
Ювинсин – тегиниб кетса етти ёт.

Шаксиз, бу иллатни қилгаймиз биз даф,
Шаксиз, чекинади бу юзсиз вабо:
Меҳрибон Худойим турмагай қараб,
Одамзод закоси топгайдир даво.

Фақат…
Юрагимда қўзғолар оғриқ,
Зарбини сездирса безавол вирус.
У боис танамга татимас соғлиқ,
Унга кор қилгайдир на олов, на муз.

Кимдир “Ҳасад” дейди унинг отини,
Оппоқ туйғуларга келтирар қирон.
Қирқиб оққушларнинг пок қанотини,
Қузғунлар пинжида сақлаб ётар жон.

“Кибр” деб атар бу балони кимдир,
Ғўддайган касларнинг димоғида у –
Дилларга пуллардан илашган кирдир
Ё баланд курсидан юққувчи оғу.

“Ёлғонман” –
Жилпанглаб айтар исмини,
Минг йиллик ишончни кетгай ўлдириб.
Тўғри йўлдан топиб бўлмас изини,
Ўчгай, дилларга пуч ёнғоқ тўлдириб.

Қора ёрлиқдаги унвони бор –
“Нафс”,
Сездирмай юқар-у, тортар домига.
Кимки бу қуйқага келолмаса бас,
Кўмилгай тоабад зиллат комига.

Юз бошли аждарга ўхшайди қаттол,
Турфа қиёфада қилгай у хуруж.
Не-не кўнгилларда тизилиб қатор,
Не-не юракларда урчийди ғуж-ғуж.

Халойиқ,
Не учун турибсиз лоқайд?
Нега ёпмайсиз дил чегарасини?
Келажак авлодни ўйланг лоақал –
Невара, эвара, чеварангизни.

Уларга юқмасин сиздан зарра гард,
Покиза ҳислари саломат бўлсин.
Соғлом имон билан яшасин жўмард,
Тоза ном қолдирсин –
Чин омад кулсин!

Демакким,
Кўзи кир касларни қувинг,
Шайтон кимсаларга ўралашманг кўп.
Кўнгил остонасин хлорлаб ювинг,
Дилга ниқоб тақинг –
Кирмасин микроб.

Қўлингизни беринг –
Ўйим йўқ қия,
Саволим ноўрин бўлса гар, айтинг:
Қилганмисиз дилни дезинфекция?!
Қалбингизда қачон бўлгай карантин?!

2. Ваҳима

Қизиқ одамлар бор:
Иши – ваҳима,
Оғиздан қулоққа қараб чопади.
Харидор ахтариб оҳу-воҳига,
Содда кимсаларни излаб топади.

Мабодо кўрса ҳам бирор ёмон туш,
Таъбирин қиёмат қойимга йўяр:
“Ё ер қимирлайди, ё бўлар уруш…” –
Аҳвол чатоқ, дея, бош чайқаб қўяр.

Сиз янги ой ёки Зуҳрога боқиб,
Самовий ҳусндан завқланган маҳал –
У дер: “Метеорит келар улоқиб…
Заминга урилса – тақдиримиз ҳал!”

Ўзи-ку кўрмаган харитани ҳам,
Халқаро аҳволни қилар қизғин шарҳ:
“Нефт қиймати ўйнаб турибди шу дам,
Демак, қон босими каби ошар нарх…”

Не бадбин хаёллар келар ўйига,
Шуури – хавотир ва ҳадик кони.
Яхшиям, бой эмас… Йўқса, уйига
Кўчириб келарди бутун дўконни.

Хуллас, иши оғир –
Кун бўйи қоп-қоп
Ваҳима уруғин дилма-дил ташиш.
Кимдир кулиб қўяр, кимдир дейди лоф,
Кимнингдир кўксида нишлайди ташвиш.

Мен-чи, на куламан,
На чекаман ғам,
Не қилай, англайман унинг ҳолини.
Талабгор, ишқибоз борки унга ҳам –
Осон ўтказмоқда элга молини.

Биродар,
Уйингиз буғдойга тўлсин,
Бозор-ўчар қилиб ҳеч қачон толманг.
Лекин олганингиз фақат файз бўлсин,
Текинга бўлса ҳам ваҳима олманг!

3. Синов

Одамзод бошига келган кўп синов,
Турфа имтиҳонга солмиш чархи дун.
Барин қарши олган –
Тақдирдан сийлов,
Курашган гоҳ мағрур, гоҳо бағри хун.

Ёлғонга ем бўлиб емрилганда Рост,
Оламни қопламиш тўфоний андуҳ –
Покиза жонларни айламиш халос
Нажот кемасини ясаб закий Нуҳ.

Вулқонлар отилиб,
Ёлқинлар сачраб,
Кипригу қошларни босганда ҳам кул,
Тиниқ нигоҳидан қолмаган ажраб –
Тўғри йўлни топган аждодлар,
Шукур.

Иблис фитнасига учиб сарсари,
Улуслар тиш қайраб, очса ҳам уруш –
Сўнгги дам юкинган ҳақ маслак сари,
Чекинган васваса, шайтоний хуруж.

Чингизхон қўшини каби беомон
Оламни босмиш кўп вабою ўлат,
Тоза эътиқодни қилганлар қалқон –
Ғолиб чиққан қўли, қалби пок элат.

Ҳар қандай мушкулот, шубҳасиз, синов,
Ҳар қандай офат ҳам имтиҳон, бешак.
Миллат аҳил бўлса – йўл беради ғов,
Тийнати соф элни ўзи асрар Ҳақ.

Халқим,
Не талошлар силсиласида
Ўз шаънингни ҳалол поклаган элсан.
Тўфони, ёнғини, зилзиласида
Ҳаёт гулин тирик сақлаган сенсан.

Яшил боғларингга келтириб қирон,
Шахдингни шимса ҳам шум очарчилик –
Худога зид қадам қўймадинг бир он,
Билдинг:
Дил тўқ бўлса – тўлгайдир илик.

Омон бўлгин доим,
Қолгил мукаррам,
Букилмас иймонинг мангу эш бўлсин.
Энг қалтис, энг қийин синовларда ҳам
Юзинг ёруғ бўлсин –
Баҳонг “беш” бўлсин!

4. Нажот

Ер узра эврилмиш не-не даврлар,
Тожу тахт талашиб ҳаёт ва мамот.
Қирилиб кетди бор динозаврлар,
Қирилиб кетди-ку жамики мамонт.

Лекин одам тирик –
Қурбу қудратда
Ваҳший маҳлуқлардан гарчи кўп ожиз.
Ғафлат тузоғида қолмай мудраб ва
Ақлига суяниб йўл топди ёлғиз.

Тилагинг яшашми?!
Ҳирсингдан кечиб,
Нажот ҳалқасига дарҳол узат қўл.
Динозавр, мамонт терисин ечиб,
Одам бўл, одам бўл, яна одам бўл!

5. Карантин

Замин касал бўлди,
Ҳа, оғир касал,
Инсон боласидан юқди оғир дард.
Ўзин асрамоғи керак энди сал,
Одамлардан холи сақланмоғи шарт.

То икки оёқли жонзотлар эзган
Мазлум кўксидаги яралар битсин.
Очкўзлик, залолат зарбидан безган
Кўнглида йиғилган йиринглар йитсин.

Тин олсин “Одамзод – оқил болам” деб
Бошига кўтарган муштипар Она.
Оқибат, кўзлари кўкарган мушт еб,
Ўпкаси сил бўлган, кўнгли – ғамхона.

Боёқиш…
Борини қўшқўллаб тутди,
Еб-ичиб, устига қусди-ку одам.
Бурчи не, ҳаттоки қарзин унутди –
Ўзини самога хожа билган дам.

Ер чўкди.
Изиллаб излади чора,
Зорланиб дардини айлади баён:
“Ҳолимни англаса одамзод зора,
Муқаррар офатни кўролса аён…”

“Зилзила” дедилар –
Асли ваража
Босган чоғ Заминни тутмиш қалтироқ.
Иситмаси чиқиб – милён даража,
Босриқса, кулдилар: “Момоқалдироқ”.

“Вулқон” деганлари (оловли, қуюқ)
Бўғзидан отилган лахта қон эди.
Ким “Торнадо” деди,
Ким деди “Қуюн” –
У чиқолмай ётган аччиқ жон эди.

Оламни босган сув “Сел” эмас,
Замин
Кўзидан силқиган томчи ёш, холос.
Афсус, тушунмади одам Ер ғамин,
Афсус, бўлолмади балодан халос.

Ва Ер касал бўлди,
Ҳа, оғир касал,
Инсон боласидан юқди оғир дард.
Ўзин асрамоғи керак энди сал,
Одамлардан узоқ сақланмоғи шарт.

Майли, “Чилла” десин,
Майли – “Карантин”,
Дам олар бедаво дастлардан холи.
Беором асрда олиб аранг тин,
Зораки ўнгланса пича аҳволи…

Саволлар кўпайди…
Инсон, жавоб бер!
Нобуд бўлмай десанг, даво топгил, бас:
Одам тузалмаса – тузалмайди Ер,
Замин тузалмаса – Одам тузалмас!

6. Фидойи

Дунёда касал кўп…
Яна кам эмас
Соғ одамни касал қилгувчи каслар.
Луқмони ҳакимлик даъвосидан маст,
Ўзлари давога муҳтож –
Билмаслар.

Яхшиям Сиз борсиз,
Эй, мунаввар зот,
Қалби либосидай покиза сиймо.
Иймон ва илмни билган қўш қанот –
Бир эмас, юз эмас, минг-минглаб Сино!

Халойиқ уйига қамалиб ёппа,
Балодан ҳазар, деб чекинган чоғи –
Сиз бутун халқ учун бўлиб мудофаа,
Манзил айладингиз офат ўчоғин.

Ватанга ҳийлакор ёв суқилган дам
Жангга отлангандай довюрак аскар,
Сизнинг журъатингиз эмас асло кам,
Жилмайдингиз: “Элнинг дуоси асрар… ”

Эй, нажот ташувчи фаришта хилқат,
Илҳақ термилади Сизга ҳар бемор.
“Оҳ” деса, жонингиз чиққудай диққат,
Ҳаёт сарҳадида турибсиз бедор.

Шикаста қалб билан бир тану бир жон,
Неки касаллик бор – бўлиб кўрдингиз.
Гоҳ чора топдингиз, гоҳо йўқ имкон,
Минг бора тирилиб-ўлиб кўрдингиз.

Хаста томирларга фақат эм эмас,
Меҳрингиз элтгайдир сеҳрли игна.
Ором нима, балки эсларсиз элас,
Ва лекин ҳеч кимга қилмассиз гина.

Қисмат бу…
Англаб ё англамагансиз,
Сиз туғилган куни Қуёш бўлган шод.
Касбингизни шундоқ танламагансиз –
Сизни танлагандир асли Тиббиёт!

Сиз борсиз – ғуборлар арийди буткул,
Сиз борсиз – йўқолар жамики гардлар:
Кўзга кўринмаган зарралар тугул,
Кўзга кўринган, тож талашган дардлар.

Дунё покланади,
Қуёшдан ато:
Шуълага тўлажак баланд-пастлар ҳам.
Ҳамма соғаяди, тузалар ҳатто
Соғ одамни касал қилган каслар ҳам.

Ҳавас қилгай улар сизга барибир,
Умрингиз узаймиш – туйинг бахт тотин:
Битта умр нима?!
Яшайсиз бир-бир
Сиз сақлаб қолган бор инсон ҳаётин!

7. Толе

Тўғри…
Яшаяпмиз хабар асрида,
Лек қора туйнукка тикилманг кўпам.
Қайғули янгилик кўп-ку… Аслида
Атрофда баҳордир, атрофда кўклам.

Бежо олатасир, ур-сурни кўриб,
Кўнглингиз тубига қуйқа чўккан чоғ –
Чиқинг, ҳовлингизда гуллаган ўрик,
Меҳрини тутмоқда сизга бир қучоқ.

Қирувчи учоқлар ваҳми шу онда
Қайдадир самога ёзганда қулоч –
Қаранг, айвонингиз четига тонгда
Уй солиб,
Тўй қилар бир жуфт қалдирғоч.

Эҳтимол, қай тоғда отилиб вулқон,
Биқирлаб, элларни қилмишдир ҳалак.
Боқинг, ёнингизда осиб дошқозон,
Қўшнингиз қайнатар сизга сумалак.

Қай юртда тошқинлар, селлар қутуриб,
Халойиқ бошига отар харсангтош –
Кўринг, бойчечакни кўзига суриб,
Онангиз кўзидан сизар томчи ёш.

Ҳа, гоҳо авж олар ўжар касаллик,
Олимлар безовта излайди даво.
Ўзингизни асранг…
Кенг бўлинг сал лек,
Деразани очинг – киргай хуш ҳаво.

Янги келинчакдай сепини кўклам
Мақтаниб, теграга қилганда кўз-кўз,
Тул қолган одамдай чекаяпсиз ғам,
Раҳмингиз келмасми ўзингизга, Дўст?!

Қорамсир хабарлар – мудҳиш панжара,
Чорасиз хаёлот – даҳшатли зиндон.
Ўзни озод қилинг – инсонсиз сара,
Эргашинг гул сочган Наврўз изидан.

Толе шу,
Тонг бўлинг – чекинсин зулмат,
Тунда қуюқ тортар ҳатто томчи доғ.
Кулфат кўп…
Ва лекин энг оғир кулфат –
Баҳорни пайқамай ўтказиб қўймоқ!

8. Наврўз

Тонг отди –
Худонинг тансиқ бир куни,
Уч юз олтмиш беш кун ичра ёруғ рўз.
Коинот энтикиб кутганди уни,
Чунки бу – Янги кун,
Чунки бу – Наврўз!

Атак-чечак қилган гўдак тилидан
Сут тишига тегиб, тўкилди илк сўз –
Акси садо берди Олам дилида,
Чунки бу – Янги кун,
Чунки бу – Наврўз!

Шерлар орасида юрган бўзйигит
Кийиклар ичидан топди нозик дўст.
Ва боши айланди – маст қилди хуш ҳид,
Чунки бу – Янги кун,
Чунки бу – Наврўз!

Қирга чопиб чиқди чаққон чучмома,
Бинафша…
Табиат – моҳир гиламдўз.
Қизлик қўшиғини эслади момо,
Чунки бу – Янги кун,
Чунки бу – Наврўз!

Қирқ кун ўсал ётган хаста ногаҳон
Жилмайиб, дераза сари солди кўз.
Заиф томирларда боз мавжланди жон,
Чунки бу – Янги кун,
Чунки бу – Наврўз!

Кошки шеърим шифо бўлса шу дамда,
Кимхоб топилмаса, ярайди-ку бўз.
Жилғадан уммон ҳам олгайдир далда,
Чунки бу – Янги кун,
Чунки бу – Наврўз!

16 — 24.03.2020

“Dunyo katta qishloq bo’lib qoldi” degan gapni ko’p bor eshitganmiz-u, ammo uning mohiyatidagi haqiqatni hech qachon hozirgidek teran va bor salmog’i bilan his qilmaganmiz, desam, fikrimga qo’shilsangiz kerak. Dunyoning u chetida sodir bo’lgan favqulodda hodisa qisqa fursatda Yerning boshqa burchida yashayotgan odamlar hayotiga ham ta’sir qiladigan bo’lib qoldi.

Nodir Jonuzoq
HAYOT GULIN TIRIK SAQLAGAN SENSAN…


01“Dunyo katta qishloq bo’lib qoldi” degan gapni ko’p bor eshitganmiz-u, ammo uning mohiyatidagi haqiqatni hech qachon hozirgidek teran va bor salmog’i bilan his qilmaganmiz, desam, fikrimga qo’shilsangiz kerak. Dunyoning u chetida sodir bo’lgan favqulodda hodisa qisqa fursatda Yerning boshqa burchida yashayotgan odamlar hayotiga ham ta’sir qiladigan bo’lib qoldi.
Yaqindagina, Xitoyda yangi virus chiqibdi, degan xabarni eshitganimizda go’yo uning bizga aloqasi yo’qdek xotirjam qabul qilgan edik. Faqat biz emas, eng rivojlangan davlatlar aholisi ham g’aflatda qoldi – bedavo virus deyarli butun dunyoni qoplab oldi. Ming afsuski, u bizning diyorimizga ham kirib keldi.
Bugun yurtimizda koronavirusga qarshi davlat miqyosida bor imkoniyatlar ishga solinib, kerakli choralar ko’rilyapti. Mas’ul shaxslar, fidoyi mutaxassislarimiz xalqimizning sog’lig’ini saqlash yo’lida kechayu kunduz tinim bilmayaptilar. Odamlarimizdan esa so’ralayotgan o’tinch bitta – “Uyda qoling!”
Koronavirus balosiga qarshi har kim o’z kasbidan kelib chiqib kurashayotgan bir pallada, tabiiyki, ijodkor qalbi befarq, loqayd qarab turolmaydi. Ayniqsa, bu dard bilan kasallangan yurtdoshlarimizning soni kun sayin oshib borayotgan bir paytda shoir yoki yozuvchi o’z quroli – So’z bilan el dardiga malham bo’lgisi, odamlarni hushyorlikka chaqirgisi keladi. Mening so’nggi kunlarda yozgan bir turkum she’rlarimni ham shu ma’noda qabul qilishingizni so’rayman.
Turkumni yaxshi niyat, yorug’ ishonch bilan “Hayot guli” deb nomladim. Ehtimol, bu turkum hali nihoyasiga yetmagandir, balki yana yangi she’rlar qo’shilar yoki janr nuqtai nazaridan ko’lamliroq asarga aylanar – bilmayman. Lekin hozirgi hissiyotlarimni kechiktirmasdan e’tiboringizga havola etishni maqbul ko’rdim. Mabodo bu turkumga kiradigan yangi she’rlarni ham o’qishni istasangiz, Telegram ijtimoiy tarmog’idagi ijodiy sahifamni (t.me/nodir_jonuzoq) kuzatib borishingiz mumkin.
Mavzuga doir boshqa so’zlarimning hammasi – “Hayot guli”ga kirgan she’rlarimda. Birorta she’r yoki misra qalbingizga chiroq yoqsa, qalbingizni gardu g’uborlardan poklashga xizmat qilsa – baxtiyorman.
Ilohim, sog’ bo’ling. Yaratgandan butun xalqimizga sihat-salomatlik so’rab qolaman….

HAYOT GULI
Turkum


Nodir Jonuzoq 1976 yil 14 martda Samarqand viloyatining Bulung’ur tumanida tug’ildi. Samarqand Davlat universitetining o’zbek filologiyasi fakulьtetida tahsil oldi (1993–1998). “Tomchilar” nomli ilk kitobi G’afur G’ulom nomidagi adabiyot va san’at nashriyoti tomonidan “Iste’dod” (1997) ruknida chop etildi. Shundan so’ng uning “Sizni sevar edim” (2006), “Mehribonim” (2008) nomli she’riy to’plamlari, “O’n yetti lahza”, “Nilufar”, “Siniq oy” kabi bir qator dostonlari dunyoga keldi.
Mehnat faoliyatini “Turkiston”, “Respublika” gazetalarida boshlagan. Shundan so’ng O’zbekiston Milliy teleradiokompaniyasida muharrir, studiya bosh muharriri, muharririyat bosh muharriri, “Madaniyat va ma’rifat” telekanali direktor o’rinbosari (1999–2015),2015 yildan O’zbekiston yoshlarining adabiy-ijtimoiy nashri – “Yoshlik” jurnali bosh muharriri lavozimida faoliyat yuritdi.Bugun O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasi raisining birinchi o’rinbosari bo’lib xizmat qilmoqda.


1.Koranavirus

Qadim madaniyat o’chog’i Chinda
Urchidi chidamli va sirli virus.
Sanoqli haftalar, kunlar ichida
Dunyoni zabt etdi –
Oldi mudhish tus.

Na millat tanladi,
Na tanladi din,
Tarqaldi qit’alar, ummonlar osha.
Yurtlar darvozasin yopdi –
Karantin:
Cheklandi ommaviy o’yin-tomosha.

Hamma tozalikka berdi birdan zo’r,
Go’yo boshlanganday tibbiy inqilob:
Kimdir ostonaga sepmoqda xlor,
Kimdir taqayapti uch qavat niqob.

Dorixonalarning savdosi qizg’in,
Tansiq matoh bo’ldi hatto isiriq.
Uylariga qamab o’g’liyu qizin,
Yurganday kattalar biroz qisinib.

Xullas, shahar hushyor
Qishloqlar sergak,
To’smoqqa shay turar o’lat yo’lini.
“Qo’lingni yuvdingmi?” – olgaydir tergab,
Salomga cho’zarkan do’st ham qo’lini.

To’g’ri tadbir –
Men ham yoqlayman buni,
Har kimsa o’zini qilsin ehtiyot:
Mayliga, yonida yursin sovuni,
Yuvinsin – teginib ketsa yetti yot.

Shaksiz, bu illatni qilgaymiz biz daf,
Shaksiz, chekinadi bu yuzsiz vabo:
Mehribon Xudoyim turmagay qarab,
Odamzod zakosi topgaydir davo.

Faqat…
Yuragimda qo’zg’olar og’riq,
Zarbini sezdirsa bezavol virus.
U bois tanamga tatimas sog’liq,
Unga kor qilgaydir na olov, na muz.

Kimdir “Hasad” deydi uning otini,
Oppoq tuyg’ularga keltirar qiron.
Qirqib oqqushlarning pok qanotini,
Quzg’unlar pinjida saqlab yotar jon.

“Kibr” deb atar bu baloni kimdir,
G’o’ddaygan kaslarning dimog’ida u –
Dillarga pullardan ilashgan kirdir
Yo baland kursidan yuqquvchi og’u.

“Yolg’onman” –
Jilpanglab aytar ismini,
Ming yillik ishonchni ketgay o’ldirib.
To’g’ri yo’ldan topib bo’lmas izini,
O’chgay, dillarga puch yong’oq to’ldirib.

Qora yorliqdagi unvoni bor –
“Nafs”,
Sezdirmay yuqar-u, tortar domiga.
Kimki bu quyqaga kelolmasa bas,
Ko’milgay toabad zillat komiga.

Yuz boshli ajdarga o’xshaydi qattol,
Turfa qiyofada qilgay u xuruj.
Ne-ne ko’ngillarda tizilib qator,
Ne-ne yuraklarda urchiydi g’uj-g’uj.

Xaloyiq,
Ne uchun turibsiz loqayd?
Nega yopmaysiz dil chegarasini?
Kelajak avlodni o’ylang loaqal –
Nevara, evara, chevarangizni.

Ularga yuqmasin sizdan zarra gard,
Pokiza hislari salomat bo’lsin.
Sog’lom imon bilan yashasin jo’mard,
Toza nom qoldirsin –
Chin omad kulsin!

Demakkim,
Ko’zi kir kaslarni quving,
Shayton kimsalarga o’ralashmang ko’p.
Ko’ngil ostonasin xlorlab yuving,
Dilga niqob taqing –
Kirmasin mikrob.

Qo’lingizni bering –
O’yim yo’q qiya,
Savolim noo’rin bo’lsa gar, ayting:
Qilganmisiz dilni dezinfektsiya?!
Qalbingizda qachon bo’lgay karantin?!

2. Vahima

Qiziq odamlar bor:
Ishi – vahima,
Og’izdan quloqqa qarab chopadi.
Xaridor axtarib ohu-vohiga,
Sodda kimsalarni izlab topadi.

Mabodo ko’rsa ham biror yomon tush,
Ta’birin qiyomat qoyimga yo’yar:
“Yo yer qimirlaydi, yo bo’lar urush…” –
Ahvol chatoq, deya, bosh chayqab qo’yar.

Siz yangi oy yoki Zuhroga boqib,
Samoviy husndan zavqlangan mahal –
U der: “Meteorit kelar uloqib…
Zaminga urilsa – taqdirimiz hal!”

O’zi-ku ko’rmagan xaritani ham,
Xalqaro ahvolni qilar qizg’in sharh:
“Neft qiymati o’ynab turibdi shu dam,
Demak, qon bosimi kabi oshar narx…”

Ne badbin xayollar kelar o’yiga,
Shuuri – xavotir va hadik koni.
Yaxshiyam, boy emas… Yo’qsa, uyiga
Ko’chirib kelardi butun do’konni.

Xullas, ishi og’ir –
Kun bo’yi qop-qop
Vahima urug’in dilma-dil tashish.
Kimdir kulib qo’yar, kimdir deydi lof,
Kimningdir ko’ksida nishlaydi tashvish.

Men-chi, na kulaman,
Na chekaman g’am,
Ne qilay, anglayman uning holini.
Talabgor, ishqiboz borki unga ham –
Oson o’tkazmoqda elga molini.

Birodar,
Uyingiz bug’doyga to’lsin,
Bozor-o’char qilib hech qachon tolmang.
Lekin olganingiz faqat fayz bo’lsin,
Tekinga bo’lsa ham vahima olmang!

3. Sinov

Odamzod boshiga kelgan ko’p sinov,
Turfa imtihonga solmish charxi dun.
Barin qarshi olgan –
Taqdirdan siylov,
Kurashgan goh mag’rur, goho bag’ri xun.

Yolg’onga yem bo’lib yemrilganda Rost,
Olamni qoplamish to’foniy anduh –
Pokiza jonlarni aylamish xalos
Najot kemasini yasab zakiy Nuh.

Vulqonlar otilib,
Yolqinlar sachrab,
Kiprigu qoshlarni bosganda ham kul,
Tiniq nigohidan qolmagan ajrab –
To’g’ri yo’lni topgan ajdodlar,
Shukur.

Iblis fitnasiga uchib sarsari,
Uluslar tish qayrab, ochsa ham urush –
So’nggi dam yukingan haq maslak sari,
Chekingan vasvasa, shaytoniy xuruj.

Chingizxon qo’shini kabi beomon
Olamni bosmish ko’p vaboyu o’lat,
Toza e’tiqodni qilganlar qalqon –
G’olib chiqqan qo’li, qalbi pok elat.

Har qanday mushkulot, shubhasiz, sinov,
Har qanday ofat ham imtihon, beshak.
Millat ahil bo’lsa – yo’l beradi g’ov,
Tiynati sof elni o’zi asrar Haq.

Xalqim,
Ne taloshlar silsilasida
O’z sha’ningni halol poklagan elsan.
To’foni, yong’ini, zilzilasida
Hayot gulin tirik saqlagan sensan.

Yashil bog’laringga keltirib qiron,
Shaxdingni shimsa ham shum ocharchilik –
Xudoga zid qadam qo’ymading bir on,
Bilding:
Dil to’q bo’lsa – to’lgaydir ilik.

Omon bo’lgin doim,
Qolgil mukarram,
Bukilmas iymoning mangu esh bo’lsin.
Eng qaltis, eng qiyin sinovlarda ham
Yuzing yorug’ bo’lsin –
Bahong “besh” bo’lsin!

4. Najot

Yer uzra evrilmish ne-ne davrlar,
Toju taxt talashib hayot va mamot.
Qirilib ketdi bor dinozavrlar,
Qirilib ketdi-ku jamiki mamont.

Lekin odam tirik –
Qurbu qudratda
Vahshiy mahluqlardan garchi ko’p ojiz.
G’aflat tuzog’ida qolmay mudrab va
Aqliga suyanib yo’l topdi yolg’iz.

Tilaging yashashmi?!
Hirsingdan kechib,
Najot halqasiga darhol uzat qo’l.
Dinozavr, mamont terisin yechib,
Odam bo’l, odam bo’l, yana odam bo’l!

5. Karantin

Zamin kasal bo’ldi,
Ha, og’ir kasal,
Inson bolasidan yuqdi og’ir dard.
O’zin asramog’i kerak endi sal,
Odamlardan xoli saqlanmog’i shart.

To ikki oyoqli jonzotlar ezgan
Mazlum ko’ksidagi yaralar bitsin.
Ochko’zlik, zalolat zarbidan bezgan
Ko’nglida yig’ilgan yiringlar yitsin.

Tin olsin “Odamzod – oqil bolam” deb
Boshiga ko’targan mushtipar Ona.
Oqibat, ko’zlari ko’kargan musht yeb,
O’pkasi sil bo’lgan, ko’ngli – g’amxona.

Boyoqish…
Borini qo’shqo’llab tutdi,
Yeb-ichib, ustiga qusdi-ku odam.
Burchi ne, hattoki qarzin unutdi –
O’zini samoga xoja bilgan dam.

Yer cho’kdi.
Izillab izladi chora,
Zorlanib dardini ayladi bayon:
“Holimni anglasa odamzod zora,
Muqarrar ofatni ko’rolsa ayon…”

“Zilzila” dedilar –
Asli varaja
Bosgan chog’ Zaminni tutmish qaltiroq.
Isitmasi chiqib – milyon daraja,
Bosriqsa, kuldilar: “Momoqaldiroq”.

“Vulqon” deganlari (olovli, quyuq)
Bo’g’zidan otilgan laxta qon edi.
Kim “Tornado” dedi,
Kim dedi “Quyun” –
U chiqolmay yotgan achchiq jon edi.

Olamni bosgan suv “Sel” emas,
Zamin
Ko’zidan silqigan tomchi yosh, xolos.
Afsus, tushunmadi odam Yer g’amin,
Afsus, bo’lolmadi balodan xalos.

Va Yer kasal bo’ldi,
Ha, og’ir kasal,
Inson bolasidan yuqdi og’ir dard.
O’zin asramog’i kerak endi sal,
Odamlardan uzoq saqlanmog’i shart.

Mayli, “Chilla” desin,
Mayli – “Karantin”,
Dam olar bedavo dastlardan xoli.
Beorom asrda olib arang tin,
Zoraki o’nglansa picha ahvoli…

Savollar ko’paydi…
Inson, javob ber!
Nobud bo’lmay desang, davo topgil, bas:
Odam tuzalmasa – tuzalmaydi Yer,
Zamin tuzalmasa – Odam tuzalmas!

6. Fidoyi

Dunyoda kasal ko’p…
Yana kam emas
Sog’ odamni kasal qilguvchi kaslar.
Luqmoni hakimlik da’vosidan mast,
O’zlari davoga muhtoj –
Bilmaslar.

Yaxshiyam Siz borsiz,
Ey, munavvar zot,
Qalbi libosiday pokiza siymo.
Iymon va ilmni bilgan qo’sh qanot –
Bir emas, yuz emas, ming-minglab Sino!

Xaloyiq uyiga qamalib yoppa,
Balodan hazar, deb chekingan chog’i –
Siz butun xalq uchun bo’lib mudofaa,
Manzil ayladingiz ofat o’chog’in.

Vatanga hiylakor yov suqilgan dam
Jangga otlanganday dovyurak askar,
Sizning jur’atingiz emas aslo kam,
Jilmaydingiz: “Elning duosi asrar… ”

Ey, najot tashuvchi farishta xilqat,
Ilhaq termiladi Sizga har bemor.
“Oh” desa, joningiz chiqquday diqqat,
Hayot sarhadida turibsiz bedor.

Shikasta qalb bilan bir tanu bir jon,
Neki kasallik bor – bo’lib ko’rdingiz.
Goh chora topdingiz, goho yo’q imkon,
Ming bora tirilib-o’lib ko’rdingiz.

Xasta tomirlarga faqat em emas,
Mehringiz eltgaydir sehrli igna.
Orom nima, balki eslarsiz elas,
Va lekin hech kimga qilmassiz gina.

Qismat bu…
Anglab yo anglamagansiz,
Siz tug’ilgan kuni Quyosh bo’lgan shod.
Kasbingizni shundoq tanlamagansiz –
Sizni tanlagandir asli Tibbiyot!

Siz borsiz – g’uborlar ariydi butkul,
Siz borsiz – yo’qolar jamiki gardlar:
Ko’zga ko’rinmagan zarralar tugul,
Ko’zga ko’ringan, toj talashgan dardlar.

Dunyo poklanadi,
Quyoshdan ato:
Shu’laga to’lajak baland-pastlar ham.
Hamma sog’ayadi, tuzalar hatto
Sog’ odamni kasal qilgan kaslar ham.

Havas qilgay ular sizga baribir,
Umringiz uzaymish – tuying baxt totin:
Bitta umr nima?!
Yashaysiz bir-bir
Siz saqlab qolgan bor inson hayotin!

7. Tole

To’g’ri…
Yashayapmiz xabar asrida,
Lek qora tuynukka tikilmang ko’pam.
Qayg’uli yangilik ko’p-ku… Aslida
Atrofda bahordir, atrofda ko’klam.

Bejo olatasir, ur-surni ko’rib,
Ko’nglingiz tubiga quyqa cho’kkan chog’ –
Chiqing, hovlingizda gullagan o’rik,
Mehrini tutmoqda sizga bir quchoq.

Qiruvchi uchoqlar vahmi shu onda
Qaydadir samoga yozganda quloch –
Qarang, ayvoningiz chetiga tongda
Uy solib,
To’y qilar bir juft qaldirg’och.

Ehtimol, qay tog’da otilib vulqon,
Biqirlab, ellarni qilmishdir halak.
Boqing, yoningizda osib doshqozon,
Qo’shningiz qaynatar sizga sumalak.

Qay yurtda toshqinlar, sellar quturib,
Xaloyiq boshiga otar xarsangtosh –
Ko’ring, boychechakni ko’ziga surib,
Onangiz ko’zidan sizar tomchi yosh.

Ha, goho avj olar o’jar kasallik,
Olimlar bezovta izlaydi davo.
O’zingizni asrang…
Keng bo’ling sal lek,
Derazani oching – kirgay xush havo.

Yangi kelinchakday sepini ko’klam
Maqtanib, tegraga qilganda ko’z-ko’z,
Tul qolgan odamday chekayapsiz g’am,
Rahmingiz kelmasmi o’zingizga, Do’st?!

Qoramsir xabarlar – mudhish panjara,
Chorasiz xayolot – dahshatli zindon.
O’zni ozod qiling – insonsiz sara,
Ergashing gul sochgan Navro’z izidan.

Tole shu,
Tong bo’ling – chekinsin zulmat,
Tunda quyuq tortar hatto tomchi dog’.
Kulfat ko’p…
Va lekin eng og’ir kulfat –
Bahorni payqamay o’tkazib qo’ymoq!

8. Navro’z

Tong otdi –
Xudoning tansiq bir kuni,
Uch yuz oltmish besh kun ichra yorug’ ro’z.
Koinot entikib kutgandi uni,
Chunki bu – Yangi kun,
Chunki bu – Navro’z!

Atak-chechak qilgan go’dak tilidan
Sut tishiga tegib, to’kildi ilk so’z –
Aksi sado berdi Olam dilida,
Chunki bu – Yangi kun,
Chunki bu – Navro’z!

Sherlar orasida yurgan bo’zyigit
Kiyiklar ichidan topdi nozik do’st.
Va boshi aylandi – mast qildi xush hid,
Chunki bu – Yangi kun,
Chunki bu – Navro’z!

Qirga chopib chiqdi chaqqon chuchmoma,
Binafsha…
Tabiat – mohir gilamdo’z.
Qizlik qo’shig’ini esladi momo,
Chunki bu – Yangi kun,
Chunki bu – Navro’z!

Qirq kun o’sal yotgan xasta nogahon
Jilmayib, deraza sari soldi ko’z.
Zaif tomirlarda boz mavjlandi jon,
Chunki bu – Yangi kun,
Chunki bu – Navro’z!

Koshki she’rim shifo bo’lsa shu damda,
Kimxob topilmasa, yaraydi-ku bo’z.
Jilg’adan ummon ham olgaydir dalda,
Chunki bu – Yangi kun,
Chunki bu – Navro’z!

16 — 24.03.2020

02

(Tashriflar: umumiy 547, bugungi 1)

Izoh qoldiring