Aziz Nesin. Xo‘ja Nasriddinning ikki hayoti & Afandi latifalari

Ashampoo_Snap_2017.06.03_18h33m56s_001_.png    Кулдирувчи унсур нима? Бу ҳақда ва умуман ҳажвия ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил қилиш учун биз ҳажвнинг кўплаб турларидан бири — халқ ҳажвиёти ҳақида тўхталмоқчимиз. Бунга намуна сифатида Насриддин Хўжа латифаларини олишни лозим кўрдик.

Азиз НЕСИН
ХЎЖА НАСРИДДИННИНГ
ИККИ ҲАЁТИ
09

aziz-nesin5.jpgОғир эҳтиёж туфайли Шарқий Онадўлидан Истанбулга кўчиб борган тариқатчи Абдул Азизнинг ўғли Азиз Несиннинг асл исми Нусратдир. У сиёсий мавзуларда ҳажвий фельетон ва ҳикоялар ёза бошлаганида шу тахаллусни танлаган эди. Туркияда ва бошқа мамлакатларда у шу ном билан машҳур бўлиб кетди. Бир неча роман, пьесалар, мемуар, кўплаб ҳикоялар муаллифи бўлган Азиз Несиннинг Туркияда элликдан зиёд китоби босилди. Чет элларда ҳам кўплаб асарлари нашр этилди. Унинг ҳажвий ҳикоялари бир неча бор мукофотларга сазовор бўлган.
Азиз Несиннинг “Хўжа Насриддин ҳақида тадқиқот» мақоласининг эътиборингизга ҳавола қилаётган ушбу қисми катта асардан бир парча холос. Яқин Шарқ ўлкалари халқларининг муштарак доно қаҳрамони бўлган Мулла Насриддин ва унинг латифалари ҳақида тадқиқот ишлари олиб бораётганлар ҳамда кенг ўқувчилар оммаси учун бу асар фойдадан ҳоли бўлмаса керак.

09

afandi.jpgШу кунга қадар кўплаб ёзувчи ва мутафаккир файласуфлар ҳажвияга таъриф бериш борасида турлича фикр билдиришган. Бундай фикр ва мулоҳазалар тадқиқ қилинса, уларнинг кўпчилиги бир-бирига зид эканлигини кўриш мумкин. Хуллас, ҳажвиянинг нима эканлиги ҳақида қатъий бир тўхтамга келингани йўқ.

Ҳажвия сингари ижтимоий мавҳум нарса ҳақидагина эмас, балки кўплаб аниқ мавҳумлар ҳақида ҳам муайян фикрга келингани йўқ. Масалан, “Қадаҳ” тушунчасини олайлик. Бу сўзни айтганимиз заҳоти барчамиз айни бир нарсани ўйласак ҳам, аслида у  тасаввуримизда турли ҳолатда жонланади. Чунки қадаҳнинг бир қанча тури ва шакли мавжуд: шиша қадаҳ, биллур қадаҳ, чинни ёки сопол қадаҳ, дастали, дастасиз, узун ва калта қадаҳ.. Демак, қадаҳ сўзини талаффуз қилган одам ушбу ашёнинг ўнларча хилидан қайси бирини назарда тутгану, биз қандай қадаҳни назарда тутаяпмиз — айнан бир хил эмас. Қадаҳ сўзини ишлатган одам ва уни эшитган киши фақат бир масалада — унинг қайси мақсадда ишлатилиши борасидагина муштарак тасаввурга эга бўлади.

Шу тариқа муайян ва кўп ишлатиладиган шундай мавҳум бир нарса ҳақида ҳамма қатъий ва айни тасаввурга эга бўлмаган ҳолда ҳажвия сингари жамиятларга, синфларга, шунингдек, бошқа кўплаб омилларга боғлиқ бўлган мажҳул атама хусусида узил-кесил тушунчага эга бўлиш янада қийин. Ҳажвияга жуда хилма-хил таърифлар берилганининг боиси ҳам шунда. Чунки ҳар бир шахс ҳажвияга ўз тушунчасига ва тасаввурига кўра баҳо беради.

Ҳажвиянинг турлича бўлиши алоҳида-алоҳида жамиятларда, турли шароитларда майдонга келиши ва айни жамиятда бошқа-бошқа синфларга хос эканлиги натижасидир. Турмуш тарзи бир-бирига ўхшаш ва яқин бўлган жамиятларга мансуб халқлар бир-бирининг ҳажвиясини ниҳоятда осон тушунганлари ҳолда, ораларида ўхшашлик ва яқинлик бўлмаган ўлкаларнинг халқлари бир- бирининг ҳажвиясига бегона бўлиб қолверадилар. Лекин ҳажвияда асл зиддият синфлар ўртасидаги қарама- қаршиликдан туғилади. Айни миллатлар бўлган бошқа-бошқа синфларнинг ҳажвияси бир-биридан фарқ қилади. Бунинг аксича, турли миллат кишиларининг айни синфига мансуб ҳажвлар бир-бирига яқин бўлади.

Хўжа Насриддин ҳажвиясининг умумий аҳамиятга эга эканлиги ўхшаш  шароитлар таъсирида бўлган халқнинг муштарак туйғу ва тушунчаларини ифодалаши туфайлидир. Мана шундай бошқа-бошқа турларга, ўзаро фарқларга эга бўлган ҳажвияда мавжуд умумий моҳият — унинг кулдирувчи унсурга молик эканлигидир. Қайси миллатга, қайси синфга мансублигидан қатъий назар, ҳажвиянинг асосий хусусияти кулдиришдир. Шунинг учун ҳам унда кулдирувчи унсурлар бўлиши вожибдир.

Кулдирувчи унсур нима? Бу ҳақда ва умуман ҳажвия ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил қилиш учун биз ҳажвнинг кўплаб турларидан бири — халқ ҳажвиёти ҳақида тўхталмоқчимиз. Бунга намуна сифатида Насриддин Хўжа латифаларини олишни лозим кўрдик.

Ҳажвия намуналарини тадқиқ қиларканмиз, буларда энг аввало иккита катта фарқни кўрамиз. Роҳат-фароғатда яшаётган жамият билан оғир аҳволда турмуш кечираётган жамият ҳажвиёти орасида фарқ бўлгани сингари, айни жамиятда яшаётган оғир аҳволдаги кишилар билан озчиликни ташкил қилувчи фаровон одамлар орасида ҳам катта фарқ бор. Мавзуимиз Насриддин Хўжа латифалари бўлгани учун, биз бир неча намунани мисол келтириш орқали шу фарқ нимадан иборат эканини кўрсатмоқчимиз.

Кенг тарқалган қуйидаги латифаларга эътибор беринг: Бир боланинг онаси ҳамиша унинг ўнг юзидан, отаси эса чап юзидан ўпгани учун бола ўнг бетни “ойимнинг юзи”, сўл томонини “отамнинг юзи” дер экан. Бир куни уларникига меҳмонга келган киши боланинг ўнг бетидан ўпган. Бола ҳовлиқиб меҳмонлар ўтирган хонага кириб:

— Ота, — деди, — мана бу амаки ойимнинг юзидан ўпди.

Бошқа бир мисол: “Бир киши ёнидагилардан сўрабди: — Кўлингизда битта дурбин, битта искак ва гугурт қутиси бўлса, шулар ёрдамида шерни овлай оласизми?

— Албатта, — дебди иккинчиси. — Дурбиннинг тескари томони билан шерга қарайман. У кичкина бўлиб қолади. Шунда уни искак билан ушлаб гугурт қутисига жойлайман”.

Энди бўлса Насриддин Хўжа латифаларидан иккита мисол келтирамиз.:

1. Насриддин Хўжа болаларга ёнғоқ улашаётиб: Сизларга гул улуш берайми, ёки худо улуши? — деб  сўрабди.Болалар “худо улуши” дейишибди бир овоздан. Шунда Хўжа баъзиларга бир ҳовуч, баъзи бировларга тўрт-бештадан ёнғоқ беради. Айримларига эса ҳеч нарса бермайди ва “худо улуши” шундай бўлади, деб тушунтиради. — Кўряпсизларми, бекнинг ўн сурув қўйи бор, хўжанинг оғил тўла моли — Муҳаммаднинг битта сигири, Аҳмаднинг ёлғизгина эчкиси бор. Валининг эса ҳеч вақоси йўқ”.

2. Хўжа Насриддин бозорга олиб борган куркаси учун беш танга сўраган эди, харидор ҳайрон бўлди: — Нима деяпсан, курка ҳам беш танга турадими.

Хўжа нарироқда сотилаётган тўти қушни кўрсатибди: — Нега ҳайрон бўласан, ана муштдай қушни ўн тангага сотишяпти-ку. Шунча катта курка нега беш танга турмасин?

— Шундайку-я, — депти харидор, — ахир у қуш гапиришиниям ҳисобга олинг-да.

Хўжа бўлса: менинг куркам эса ўйнайди, — дебди.

Намуна тариқасида келтирган ушбу мисоллар битта вазифани бажаради: ҳаммаси кулдиради. Лекин улар орасида муҳим фарқ борлигини сезиш қийин эмас. Бу фарқ нимадан иборат? Олдинги икки латифа бир қадар сунъий, ҳақиқий ҳаётга алоқаси бўлмаган, фақат “кулдириш учун кулиш” моҳиятига молик ҳажвиялардир. Бунинг акси ўлароқ кейинги латифаларда ҳаёт ҳақиқати ўз аксини топган. Улар кишини кулдириш билан бир қаторда ўйлатади ҳам. Аввалги икки латифа фаровон ҳаёт кечираётган аҳолининг, жамиятда озчиликни ташкил қилувчи тўданинг кулишига бўлган эҳтиёжини қондиради. Булар ҳаёт зиддиятининг маҳсули эмас. Кейинги латифалар эса одамлар орасидаги кураш ва зидциятлардан вужудга келган. Бу кураш ва зиддиятлар эзилган, топталган, ўзгаларнинг роҳати учун ишлашга мажбур одамларнинг ҳаётий кучини ифодалаш учун тўқилган латифалардир. Бундай асарлар сирасига Хўжа Насриддин латифаларини, “Дон Кихот”ни, Аристафан комедияларини, Айсирос ҳикояларини, афсонавий халқ қаҳрамонлари ҳақидаги латифа ва ҳикояларни киритиш мумкин.

Ҳажвиянинг шу умумий фарқини ва икки йирик турини кўрганимиздан сўнг, чалкашликларга йўл қўймаслик учун уларга аниқ таъриф беришдан  воз кечиб, Хўжа Насриддин латифалари ҳам дахлдор бўлган халқ ҳажвиётининг баъзи хусусиятларини таъкидламоқчимиз.

Аввало, халқ ҳажвиёти ва халққа мансуб бўлмаган ҳажв хусусида тўхталайлик. Халқ ҳажвиётининг муҳим хусусияти шундаки, у яшаш учун курашда мазлум кишиларнинг устунликка эришиш йўлида фойдаланадиган қуролидир. Жамиятдаги ҳоким синфлар устунликни моддий жиҳатдан қўлга киритганлар. Эзилувчилар эса ҳоким синфга қарши курашиш учун ҳажвдан қурол сифатида фойдаланадилар. Бундай ҳажвия сиёсий ва ижтимоий нуқтаи назардан кучсизларнинг кучлиларга қарши ишлатувчи қуролидир.

Ҳажвиянинг муҳим хусусияти унинг маълум макон ва замонда бўлишидир. Халқ ҳажвиёти пайдо бўлган даврига, маконга, замон ва жой шароитига боғлиқ бўлади. Ҳажвия жамиятда юз бераётган ҳодисалар бағрида пайдо бўлади. Шу ҳодисани акс эттириб, ўзи ҳам такомиллашиб боради. Ҳукмрон синфларнинг фақат “кулдириш учун кулиш” ҳажвида эса даврни, жамиятни акс эттириш хусусияти ё сира йўқ, ёхуд ниҳоятда оз миқдордадир.

Хўжа Насриддиннинг баъзи латифаларидаги каби халқ ҳажвиясининг айрим намуналарида ҳам замон ва макон уйгунлигининг бузилиш ҳолатини учратиш мумкин. Лекин уларда ҳам макон ва замоннинг муайян бирлигини кўрса бўлади. Чунки бундай латифаларнинг ўзида биз уни яратган одамлар яшаган давр ва жамиятга доир бирор мақсад мавжудлигини кўрамиз. Бундай ҳажвия хоҳ Аристафаннинг комедиялари сингари ёзма тарзда, хоҳ Хўжа Насриддиннинг латифалари сингари оғзаки шаклда бўлсин, уни яратган жамият аҳволини акс эттирувчи, ўша даврни тасвирловчи энг яхши асарлардир. Сиракуза ҳукмдори Дионисос Афлотундан Афинанинг қонунларини қайси китобдан ўрганган маъқул, деб сўраганида, буюк файласуф унга Аристафан комедияларини ўқишни маслаҳат берганди. Биз ҳам Туркияда XIII аср Салжуқийлар даври ила танишмоқчи бўлганларга Хўжа Насриддин латифаларини ўрганишни тавсия қиламиз.

Халқ ҳажвиясидаги яна бир муҳим хусусият унинг ўлмаслиги,  абадий яшашидир. Бу ҳажвия яратилган замон ва макон шароитига боғлиқ бўлади. Лекин уларнинг хусусиятларини ва вазиятини акс эттириш билан кифоялана олмайди. Агар шундай бўлсайди, бундай ҳажвлар асрлар оша яшай олмас ва бизгача етиб келолмасди. Ҳажвия муайян даврдаги ва жамиятдаги одамларнинг курашидан умумбашарий, буюк ва теран маъно, хулосалар чиқаргани учун абадий ҳаёт касб этади. Бунга мисол тариқасида Хўжа Насриддин билан Амир Темур ўртасида юз берган бир ҳодисага оид машҳур латифани келтириш мумкин. Амир Темур ишғол қилинган Оқшаҳарга келтирган бир фил томорқаларга, боғ-роғларга катта зиён етказа бошлайди. Ноилож қолган халқ Хўжа Насриддин ҳузурига келади: “Хўжа, аҳвол оғир, бирор чора топинг”, “Қани, мен билан юринглар, — деди Хўжа, — биргалашиб Амир Темурга тушунтирайлик, филни бу ердан олиб кетишни илтимос қилайлик”. Хўжа олдинда, бошқалар орқасидан йўлга тушишди. Йўл-йўлакай Амир Темурдан қўрқиб, баъзилар тўдадан ажралиб қолишар, баъзилар яширинча жуфтакни ростларди. Хўжа Амир Темур ҳузурига етиб келди. Соҳибқирон ундан мақсадини сўраганда Хўжа: “Сизнинг ўша филингиз…” — дея сўз бошларкан, ҳамроҳларидан мадад кутиб мундоқ орқасига қараса, ҳеч ким йўқ. У “филингиз…” — деб сўз бошлагани учун давом этади: “… бир ўзи жуда ҳам зерикаяпти-да. Илтимос қиламиз, унга шерик бўлиш учун битта урғочи фил келтиртиринг. Ҳамшаҳарларим мени сизнинг ҳузурингизга шу истак билан юборишди..”

Бу латифа XIII аср Салжуқийлар ҳокимияти даврини ва ижтимоий ҳаётини акс эттириш билан бирга ўша замон одамлари ва жамиятидаги қўрқоқлик, иккиюзламалик ва риёкорлик каби инсон табиатига хос нуқсонларини намойиш этади. Шу сабабдан латифа унутилмайди. Хўжа Насриддин билан Амир Темурнинг замондош бўлмаганликлари ушбу латифанинг Хўжа Насриддинга мансуб бўлишига ва ўша даврни акс эттиришига монелик қилмайди. Кундалик ҳодисалар таъсирида миллий заминда вужудга келган бу латифаларда инсон табиатининг узлуксиз давом этадиган нуқсон ва  камчиликлари ҳажв қилингани учун улар абадий яшайди ва умумий қиймат касб этади.

Ҳажвиянинг яна бир хусусияти ҳақида: кучли бир одам ожиз кишини урганида у ўзини ҳимоя қилолмай қочади. Борди-ю қочиб қутулмаса, ўзини ҳамоя қилиш учун бошқа йўл тутади: тош отади, сўкинади, лаънатлайди, бақириб-чақира бошлайди. Бу ҳам кифоя қилмаса, душманни аврашга киришиб, ҳам жаҳлидан туширади ҳамда ундан “ўч олган” бўлади.

Биз халқ ҳажвиётининг баъзи хусусиятлари ҳақида шахсий мулоҳазамизни билдирдик. Кўриниб турибдики, халқ ўзини эзувчиларга қарши ҳамиша бош кўтаришга, турли йўллар билан норозилигини намойиш қилишга жон куйдиради. Аммо бош кўтарганда, исён қилганда янгидан эзилса, у халос бўлиш йўлини ҳоким синфга қарши ҳажв воситасида курашдан топади.

Халққа истилочи ва мустабид кучлар ёки улар билан ҳамкорликда иш кўрувчи ҳукмрон доиралар ҳам зулм қиларди. Хўжа Насриддин яшаган XIII асрда Туркия халқининг аҳволи айнан шундай эди. Худди шу асрда Салжуқийлар давлати ерлари мўгуллар томонидан босиб олинган, Салжуқий ҳукмдорлар, беклар ва амалдорлар эса ўз манфаатлари учун мўғуллар билан биргаликда халққа қарши иш юритишган. Шундай бир шароитда халқ золимларга қарши кураш учун ҳажвияга мурожаат қилади. Шу восита ёрдамида душмандан ўч олади.

Мағлубиятнинг бундай ҳажвиёти айни пайтда қўрқув туфайли тутилган эди. Анча-мунча ташаббуслардан, тажрибалардан кейин энди бош кўтаришга, исён қилишга жасорати етмаган одамлар эзувчиларни чалғита бошлайдилар. Маълумки, эзилувчи синф хоҳ миллий амалдорларга, хоҳ босқинчи зулмкорларга қарши бош кўтарса, ҳажвга унчалик эҳтиёж қолмайди. Бордию у душмандан енгилиб хор-зор яшай бошласа, ҳажв қуролини яна қўлга олади. Шундай муҳитда ҳажвнинг ёйилиши учун кенг шароит вужудга келади.

Бундай ҳажв қўрқувнинг маҳсули бўлгани учун муваффақиятлидир. Чунки қўрқув ҳам энг кучли туйгулардандир. Ёзилмаган ёки санъаткор эмас, оддий халқ ижодининг маҳсули бўлган оғзаки ҳажв — кулгининг қўрқувдан  туғилиши диққатни янада кўпроқ жалб қилади. Халқ шундай вазиятларда афсонавий қаҳрамонлар яратади. Ўзи тўқиган ҳажвий интиқом туйғуларини ана шу афсонавий қаҳрамонларга боғлаб, уларнинг тилидан гапириш орқали қўрқоқлиги туфайли орттирган «гуноҳини ювишга ҳаракат қилади. Бунинг энг яхши намунасини  яна Хўжа Насриддинда кўришимиз мумкин.

Халқ ўзи яшаётган даврдаги ҳукмрон кучларни ва амалдорларни ҳажв қилмоқчи ёхуд улар устидан кулмоқчи бўлса, ё вазиятга ҳамоҳанг бирор Хўжа Насриддин латифасини тўқир ёки манбадан олинган латифани афанди номига боғлаб Хўжа Насриддин ҳикоясидай тақдим қиларди. Бу латифаларнинг борган сари бойиб боришига сабаб ҳам шунда. Биз Усмонийлар ҳукмронлиги даврида болгар халқи яратган Хитар Петар (Айёр Пётр. ХДК изоҳи)  исмли афсонавий бир қаҳрамонни эслашни лозим топдик. Ҳукмрон кучларга қарши очиқ кураш олиб боролмаган болгарлар Усмонийлар ҳокимиятига қарши тўқиган барча ҳажвий латифаларни Петарнинг номидан гапириб, ўзларига уни қалқон қилишарди. Аммо ҳамиша ва ҳамма жойда ҳам бундай қаҳрамонлар етишавермасди.

backwards1.pngЭнди Хўжанинг яшаган муҳити ва даври ҳақида тўхталсак. Шу кунгача тўпланган ва ишончли маълумотларга қараганда, Хўжа Насридцин 1208-1284 йилларда яшаган ва умрини Марказий Онадўлидаги Оқшаҳар кентида ўтказган тарихий шахсдир. Ҳақиқатан ҳам тарихий шахс бўлган бу одам кейинроқ халқ томонидан анча тўлдирилган латифаларда комил зако соҳибига айлантирилган эди. У яшаган даврдан кейин ўтган асрлар давомида халқ томонидан яратилган Хўжа Насриддиннинг ижтимоий шахсияти билан XIII асрда яшаган Хўжа Насриддин ўртасида ўхшашлик, яқинлик бўлмаганда эди, барча латифалар унинг номидан гапирилмасди. Хўжа Насриддин айрим халқлар яратган латифаларнинг афсонавий қаҳрамонлари сингари тамомила халқ ижодининг маҳсули бўлган хаёлий шахс эмас. Чунки у дунёда яшаб ўтганини тасдиқлайдиган далиллар оз бўлса ҳам мавжуд. Ана шу далилларга кўра, Хўжа Насриддин тарихий шахс, кейинчалик у халқ орасидаги кенг тарқалган Хўжа Насриддин,  Мулла Насриддин, Насриддин Афанди номлари билан аталган афсонавий халқ қаҳрамони ҳақидаги латифаларнинг мояси, хамиртуришидир. Аммо ижтимоий шахс сифатида шуҳрат қозонган Хўжа Насриддин тарихий Хўжа Насриддин шахсиятидан анча устун ва эътиборлидир. Биз бугунги кунда латифалари билан яшаётган Хўжа Насриддин деганда тарихий шахс бўлган Хўжа Насриддиндан ҳам кўпроқ ижтимоий шахс Хўжа Насриддинни тушунамиз. Бу тарихий шахснинг яратилишига яқин бир ўхшашлик борлиги учун Бертран Расселнинг Ҳомерга ва унинг асарларига доир мулоҳазасига эътиборни қаратмоқчимиз. Рассел шундай ёзади: “Ҳомерга алоқадор бўлган барча маълумотлар ва мулоҳазалар фақат тахминларга асосланади. Аммо кўпчилик томонидан қабул қилинган хулосага кўра, Ҳомер якка- ёлғиз санъаткор эмас, балки шоирлар гуруҳидан иборатдир. Шу ақидага ишонувчиларга кўра, “Илиада” ва “Одиссея”ни ана шу шоирлар гуруҳи икки-уч аср мобайнида ёзишган. Бунинг акси ўлароқ, Ҳомер достонларининг тахминан XIII асрда ёзиб тугатилгани ҳақидаги ғояни илгари сурувчилар ҳам бор. Ҳомер юнон Кичик Осиёси атрофидаги оролларда етишган комил бир шахс эди. Унинг достонлари эса кечи билан VI асрда ҳозирги шаклига келганди”. Хўжа Насриддин латифалари ва бу латифалар ҳикоя қилган ижтимоий шахснинг ўзаро алоқаси билан Ҳомер достонларининг асрлар давомида яратилиши орасида катта ўхшашлик бор.

Хўжа Насриддин Салжуқийларнинг маданий ва сиёсий юксалиш даврида туғилган, болалиги ва ёшлигини халқнинг нисбати масъуд даврида ўтказганди. Лекин мўғуллар Шарқдан зулм ва фалокат сели каби оқиб келиб ҳаммаёқни хонавайрон қилган пайтда яшаганди. Мўғул истилоси натижасида иқтисодий жиҳатдан камбағаллашган, ижтимоий жиҳатдан чўккан, сиёсий тазйиқлар натижасида ҳар томонлама чириган бир муҳитда мўғуллар томонидан мағлуб қилинган халқнинг амалга ошириб бўлмайдиган исёнкор орзуларини ҳажв йўли билан ифодаланган ва шу тариқа халқнинг бундай оғир шароитда яшай олишини, юрагини бўшатиб, овунишини таъмин этган Хўжа Насриддин ҳам тарихий бир шахс ҳамда рамзий бир образ эди.

Бу ҳажвия Салжуқийлар давлатининг заифлашуви ва йиқилиши шароитида чириган ва ёвузликлар авж олган муҳитдан кўкариб чиққан эди. Шу ўринда бир нарсани ойдинлаштириш керак. Шу даражада чириган бир жамиятда ҳажвия қандай пайдо бўлиши мумкин? Бунинг жавоби осон. Ахир ҳажвия халқнинг яшаш иқтидорини, унинг мағлуб бўлгани ҳолда эзувчиларга қарши бошқа йўллар билан олиб бораётган курашини акс эттирмайдими? Биз жамиятнинг чиришини шахснинг инқирози сифатида тушунмаймиз. Чунки шахс мосуво бўлса, у бутунлай маҳв бўлади. Ундан энди таъсирли ҳаракат кутиш қийин. Ҳолбуки, “жамият чириган” деганда — бу кўпчиликнинг чириганини, лекин унинг замирида келажакда бўй кўрсатадиган янги кучлар яшаётганини ҳам тушунмоқ керак. Салжуқийлар тизими ичдан чириган бўлса ҳам, бу жамият ҳали бутунлай инқирозга учрамаган эди. Маълумки, ана шу муқаррар таназзулдан кейин мазкур давлатнинг чекка ўлкаларида янги кучлар пайдо бўлди, уларнинг ёрдами билан халқ ўзини ҳимоя қилишга отланди ва тарихда яшаб қолди. Шундай бир даврда ҳажв яратишга қодир кучларни ҳаёт саҳнасидан суриб ташлаш мумкин эмасди. Ҳажв ижодкорлари ўша пайтда гарчи бош кўтаришга кучлари етмагани учун енгилишган бўлса-да, келажакда бу ишни амалга ошириш билан яшаганлар. Халқ ўша пайт баъзи ҳаракатларни бошлаган, мўғулларга, улар билан тил топишиб яшаётган султон ва бекларга қарши бир неча бор исён кўтарган бўлса ҳам бирор натижа чиқаролмаганди. Зеро, биз Салжуқийлар ҳокимияти ичдан чириганини англар эканмиз, бу чирик жамиятда ҳажв вужудга келтира оладиган аксил кучлар борлигини ҳам кўрамиз.

Хўжа Насриддин Салжуқийлар давлатига Алауддин Қайқубод I (1219- 1236), Ғиёсиддин Кайхисров II (1236- 1246) ва Алауддин II (1249-1257) сингари ҳукмдорлар бошчилик қилган даврда яшади. Умрининг асосий қисми эса мамлакатнинг энг ғала-ғовур, энг ҳаяжонли йилларига тўғри келди. Бу ҳукмдорлар ҳокимият тепасида турган даврлар орасида ҳам анчагина фарқ бор эди. Бу эса Хўжа Насриддин ҳаётига, унинг дунёқарашига ўз таъсирини кўрсатмай қолмади.

Алауддин Қайқубод I даври Салжуқийлар ҳукмронлигининг энг масъуд дамлари ҳисобланади. Лекин бу давр тепасида қора булутлар уймалаша бошлади. Мўғуллар даҳшатли сел мисоли Шарқдан Ғарбга бостириб келардилар. Узоқни кўра билган Алауддин Қайқубод юртини қўриқлаш учун Кўнё, Қайсари ва Сивас шаҳарларида қалъа ва тўсиқлар тиклаган эди. Айни пайтда у мазкур шаҳарларда мадрасалар, касалхоналар барпо эттирганди. Кучли душманга қаршилик кўрсатиш мақсадида у Жалолиддин Хоразмшоҳ билан иттифоқ тузишни таклиф қилди. Хоразмшоҳ бу тадбирни аҳамиятсиз қолдирди. Натижада 1230 йилда мўғуллар билан жангда оғир мағлубиятга учради. Алауддин Қайқубод ўлкаси ва халқини мудофаа қилиш фикридан қайтди ва мўғул хони Ўқтой нўён билан сулҳ тузишга муваффақ бўлди. Шу тариқа у мамлакатни мўғул босқинидан асраб қолди. Шу боисдан халқ уни севиб “Улуғ Қайқубод” деб атай бошлади.

Лекин бундай масъуд дамлар узоқ чўзилмади. 1237 йили Қайқубод вафот этди. Ҳокимият тепасига унинг ўғли Кайхусрав II келди. У жуда иродасиз ва бўш одам эди. Давлатнинг олдинги иқтисодий, молиявий ва ҳарбий кучи ҳали сақланиб турган бўлса ҳам, мамлакатда тижоратнинг кенгайиши туфайли анча-мунча бойлик тўплаган янги бир табақа майдонга келганди. Бу табақа борган сари халқдан ажралиб, кайфи сафо ботқоғига ботиб борарди. Исрофгарчилик ҳаддан ташқари кучайганди. Мўғулларнинг шарқдаги ҳужумларига эътибор бермай қўйилди. Ундан келадиган тахликага парво қилишмади. Мўғуллар босиб олган жойлардан қочиб, Онадўлига тўпланган туркманлар ниҳоят 1242 йилда Бобо Исҳоқ бошчилигида Кайхусрав II га қарши исён кўтардилар. Давлат қўшинлари Бобо Исҳоқ исёнини жуда қийинчилик билан катта қурбонлар эвазига бостирдилар. Мамлакатнинг ижтимоий асослари емирила бошлади. Арзирумни ишғол қилган мўғуллар Онадўлининг марказига қараб силжидилар. 1243 йили улар Салжуқийларнинг 80 минг кишилик қўшинини пароканда қилдилар. Кайхусрав яқин одамлари билан Аланияга қочиб ўтиб,  Истанбулда яшириниш йўлларини қидира бошлади. Мўғуллар жиддий қаршиликка учрамай Сивасни ишғол қилдилар. Барча эркакларни қириб ташлаб, аёллар ва болаларни асир қилиб, ҳайдаб кетдилар.

Мўғул босқини туфайли халқ даҳшатга тушиб, ғарбга қараб қоча бошлади. Бутун мамлакат харобага айланганди. Салжуқийлар давлати эса емирилди. 1246 йилда Кайхусравнинг ўлимидан кейин Онадўлининг аҳволи янада оғирлашди. Энди майда феодаллар ва беклар ўзаро уруш олиб боришарди. Бу эса мўғуллар истилосини осонлаштирди. 1256 йили мўғуллар Кўнёни ишғол қилиб Ғиёсиддиннинг зиндондаги ўғли Рукниддин Қилич Арслон IV ни тахтга ўтқаздилар. Лекин мамлакатнинг асл ҳокими мўғуллар эдилар. Улар хоҳлаган одамни тахтга чиқариб, хоҳлаган пайтларида ҳайдар эдилар. Онадўли мўғулларнинг бир музофотига айланиб қолди. Рукниддин қизи Салжухотунни мўғул лашкарбошиси Элхонга берганди. Бу ҳодиса халқни қаттиқ ғазаблантирди. Мусулмон бир подшоҳ қизини бутпараст мўғулга бериши халққа оғир ботганди. Лекин мўғуллар зулмининг оғирлиги, ўлимлар, зиндонга ташлашлар уларга овозларини кўтариш имконини бермасди. Бундай аҳвол мамлакатда иқтисодий, ижтимоий ва ахлоқий парокандаликни авж олдириб юборганди.

Хўжа Насриддин ҳаётининг жўшқин даври ана шу алғов-далғов пайтга тўғри келди. Халққа хос қудратли ҳажв ҳам айни шу даврда яратилди. У халқни эзувчи ички ва ташқи душманни нишонга оларди. Бу ҳажвни “ботқоқликда етишган заҳарли чечак” деб аташ айни муддао. Аммо бу заҳар — таркибида халқнинг дардларига дармон бўлгувчи, унга умид бахш этувчи оғу бор эди. У халқнинг дард-аламини енгиллаштирар, ҳукмрон синфга қарши курашида мадад берарди.

Умидсизликнинг, чорасизликнинг ва қутулиш йўлини тополмасликнинг оғир юки туфайли ғам босган сўлғин юзларида аччиқ кулги ҳосил қиларди бу ҳажв. Қуллар марҳаматсиз хўжайинларининг зулмига барҳам  бериш учун тўқиган ҳазил ва киноя тўла ҳикоялар воситасида аччиқ-аччиқ кулишарди. Улар фақат шу йўл билан яшаш кучини кўрсата олардилар. Байрон: ”Қайси бир кадарли ва ғамгин нарсага кулсам, бунинг сабаби йиғлай олмаганимдир”, — деган эди. Бундай кулгида аччиқ ва оғир фикрлар бўлади. Хўжа Насриддин ҳажвияси айнан шундай шароитда яратилган эди. Унинг латифаларининг кўпи айнан аччиқ-аччиқ кулдириб, кишини ўйлашга мажбур қилган ҳажвиянинг энг гўзал намуналаридир. Нозим Ҳикмат “Қутулиш достони” номли машҳур асарида халқ аҳволидан гапираркан: “У Хўжа Насриддин каби йиғлар, мисли Зиҳни Байбуртлидек (1) куларди”, — деб ёзган эди.

Шу тариқа у яратилган пайти нуқтаи назаридан Хўжа Насриддинни кулувчи эмас, йиғловчи одам тимсоли қилиб кўрсатганда ҳақ эди. Нозим ҳикмат халқнинг бу латифалар билан йиғлаш эвазига кулганини таърифлаганди.

Хўжа Насриддин латифаларини муҳим жиҳати шундаки, айни чоғда халқ орасидаги нуқсонларни, чиркин жамият одамларининг қўрқоқлигини, икки юзламачилигини, сохтакорлигини танқид қилганди. Биз Хўжа Насриддин деганда айни замонда турк халқининг ўзини тушунишимиз керак. Бу латифалар билан у турк халқи ўз- ўзига танбеҳ берганини, ўз нуқсонлари устидан кулганини кўрсатади.

Гёте: “Ўз устидан кулишни эплай олмаган, ўз нуқсонларини кўра олмаганлар комил инсон бўла олмайди”, деганди. Турк халқи ҳам юз йиллар давомида яратилган Хўжа Насриддиннинг ижтимоий шахсиятида бир томондан эзувчилар, иккинчи томондан ўз устидан ҳам кулади. Юртининг бундай аҳволга тушишида ўзининг ҳам масъул эканини кўради. Бу Хўжа Насриддин ҳажвиясининг энг аҳамиятли жиҳати эди. Ўз-ўзини танқид аҳвол-руҳиятига молик бўлмаган ҳажв бадбинлик руҳидан халос бўла олмайди. Хўжа Насриддин ҳажвияси эса “қора ҳажв” бўлиши билан бирга  ўта некбин ҳамдир.

Хўжа Насриддин латифаларининг халқ орасида кенг ёйилишига бошқа сабаб ҳам бор. У мўғул босқинчилари даврида Ўрта ва Яқин Шарқда кенг ёйилган тариқатчилик ва тасаввуф эди. Диний йўл бўлган тариқатчилик ва тасаввуф билан Хўжа Насриддин латифалари орасида қандай алоқа, қанақа муносабат бўлиши мумкин? Бир қарашда ҳеч қандай. Лекин аслида муносабат ва фарқ бор эди.

Мўғуллар истилосига учраган бошқа мамлакатларда бўлгани сингари Онадўлида ҳам бошланган жиддий ижтимоий инқироз даврида муҳим бир масала кўндаланг турар эди. Истило даврида Туркия зиёлилари халқнинг кураш усулларидан бутунлай бошқа бир йўл танлашганди. Босқин пайтининг даҳшатли кунларида зиёлилар ҳам оддий халқ сингари овозини чиқаролмасди. Айни чоғда халқдан фарқли ўлароқ қутулиш йўлини билмаган бу табақа худодан умид қилишарди. У пайтлар Тангрига сиғиниш ҳам ўзгача аҳамият касб этганди. Тасаввуфчилар эътирофича, инсон ҳаётидаги ва жамиятдаги ҳар қандай яхшилик ва ёмонлик шахсийдир. Ҳаётда мавжуд бўлган барча ашёлар ва уларнинг турли шакл ва ҳажмлари, табиат ва инсон, яъни бутун борлиқ — Тангрининг бошқача кўринишидир. Ҳар қандай ашё ва барча ҳодисалар худога боғланса, гуноҳкорлар бўлмайди. Оллоҳнинг зуҳури бўлган одамлар бутун мавжудотнинг энг шарафли унсуридир. Зулм қилгувчи Оллоҳдир, зулмга дучор бўлгувчи ҳам ўзи, яъни бошқа кўринишдаги зуҳури инсондир. Инсон Оллоҳни ўзида ва бошқа жойда ҳис қилиш шуурини фақат “ишқ” ва “идрок” билан бажара олади. Бу шундай “маънавий олам” эдики, инсон буни кашф қилиш босқичига етганда барча яхшилик ва ёмонлик кучларига бош бўлган ул “буюк сир”ни очиб, саодатга эришган ҳисобланади. Шунда у Оллоҳнинг бошқа бир шаклига айланади. ХП-ХШ асрларда Шарқда кенг ёйилган тасаввуф  фалсафасининг асосий моҳияти шундан иборат эди.

Ўша давр зиёлилари ихлос қўйган тасаввуф мўғул истилоси юзага келтирган зулм ва тушкунлик қаршисида ҳеч қандай халос бўлиш йўли топа олмаганлар курашга кучлари етмаганлар мурожаат қилган ягона йўл эди. Аслида эса бу ҳалиги одамларнинг муайян ҳодисалардан ўзларини четга олиш демак эди. Курашдан ўзини четга олиш эса улар учун қутилиш ҳисобланарди. Тасаввуф йўлини тутганлар узлатга чекиниб, муайян ва моддий оламдан кўз юмишга уринадилар. Шу билан бирга тасаввуф истилочиларига қарши кураш ҳаракатдаги муваффақиятсизликлар натижаси ҳам эди. Бундай муваффақиятсизлик эса одамларда тасаввуф доирасига сиғмайдиган қўрқув туғдирганди. Тасаввуф ҳам ана шу қўрқувнинг маҳсули эди ва унинг соясида ёйилиб, ўзига тарафдорлар тўпларди. Бунинг устига ушбу қўрқув курашга отланиб, муваффақият қозона олмаганлар орасида кўпроқ бўлгани учун тасаввуф ҳам ўшалар орасида кўпроқ тарқаларди.

Бу даврда Хўжа Насриддиннинг замондоши бўлган кўплаб таниқли тасаввуфчилар етишганди.. Булар орасида адабий ижоди билан дунёга машҳур Мавлоно Жалолиддин Румий ва Юнус Эмрони эслаш жоиздир.

Мавлононинг кўпроқ форс, озроқ туркча ёзилган шеърлари, Эмронинг халқ тилида содда битилган асарлари тасаввуфнинг ёйилишида катта ўрин тутарди. Тасаввуф кенг халқ оммаси орасида ҳам ўзига кўплаб тарафдорлар тўплаганди. Шунга қарамай, асосий халқ оммаси зулмга, истилога ва у вужудга келтирган парокандаликка қарши кураш учун ёлғиз тасаввуфдан мадад олиш билангина кифояланмасди. Курашнинг бошқа воситаларидан ҳам фойдаланарди. Ҳажвия ана шундай восита эди. Ҳажв кураш тиғини эзувчиларга қаратган ва қутулиш воситаси бўлган эди. Худди шундай ҳажвия Хўжа Насриддиннинг ижтимоий шахсиятида марказлашганди.

Тасаввуф эзувчилар билан кураш учун қўлланилса ҳам, уларга қарши асосий қурол бўлолмасди. Ҳолбуки, ҳажв зулмкорларга қарши халқ курашининг ўткир қуроли эди. Шу ҳам тасодиф эмаски, ўрта асрларда Яқин Шарқ адабиёти ва маданиятининг асосий бешикларидан бири бўлган Туркияда уйғонишнинг тамал тошлари икки хил санъат намунаси ташкил қиларди. Буларнинг биттаси бадбинлик аҳволи руҳиясига ва ҳиссиётига асосланган санъат асарлари, яъни тасаввуф адабиёти, иккинчиси эса некбинлик аҳволи руҳияси заминида яратилган умидбахш санъат асарлари эдики, унинг олдинги марраларида халқ ҳажвиёти ҳамда унинг буюк намояндаси Хўжа Насриддин турарди. Шу нуқтаи назардан Насриддинни халқ файласуф сифатида танирди. Хўжа Насриддин эса ижтимоий бир шахс сифатида кенг халқ оммасининг муштарак ижодий маҳсули эди.

* ХУШ-ХIХ асрларда яшаган турк шоири.

Файзи Шоҳисмоил таржимаси

Манба: «Жаҳон адабиёти» журнали,1998/2

14230527782019.20d09dd0b0d181d180d0b5d0b4d0b4d0b8d0bd.jpegKuldiruvchi unsur nima? Bu haqda va umuman hajviya haqida to‘liq tasavvur hosil qilish uchun biz hajvning ko‘plab turlaridan biri — xalq hajviyoti haqida to‘xtalmoqchimiz. Bunga namuna sifatida Nasriddin Xo‘ja latifalarini olishni lozim ko‘rdik.

Aziz NЕSIN
XO‘JA NASRIDDINNING
IKKI HAYOTI
09

aziz-nesin1.jpgOg‘ir ehtiyoj tufayli Sharqiy Onado‘lidan Istanbulga ko‘chib borgan tariqatchi Abdul Azizning o‘g‘li Aziz Nesinning asl ismi Nusratdir. U siyosiy mavzularda hajviy felyeton va hikoyalar yoza boshlaganida shu taxallusni tanlagan edi. Turkiyada va boshqa mamlakatlarda u shu nom bilan mashhur bo‘lib ketdi. Bir necha roman, pyesalar, memuar, ko‘plab hikoyalar muallifi bo‘lgan Aziz Nesinning Turkiyada ellikdan ziyod kitobi bosildi. Chet ellarda ham ko‘plab asarlari nashr etildi. Uning hajviy hikoyalari bir necha bor mukofotlarga sazovor bo‘lgan.
Aziz Nesinning “Xo‘ja Nasriddin haqida tadqiqot» maqolasining e’tiboringizga havola qilayotgan ushbu qismi katta asardan bir parcha xolos. Yaqin Sharq o‘lkalari xalqlarining mushtarak dono qahramoni bo‘lgan Mulla Nasriddin va uning latifalari haqida tadqiqot ishlari olib borayotganlar hamda keng o‘quvchilar ommasi uchun bu asar foydadan holi bo‘lmasa kerak.

09

12629351_nasr_eddin_hodja2.jpgShu kunga qadar ko‘plab yozuvchi va mutafakkir faylasuflar hajviyaga ta’rif berish borasida turlicha fikr bildirishgan. Bunday fikr va mulohazalar tadqiq qilinsa, ularning ko‘pchiligi bir-biriga zid ekanligini ko‘rish mumkin. Xullas, hajviyaning nima ekanligi haqida qat’iy bir to‘xtamga kelingani yo‘q.

Hajviya singari ijtimoiy mavhum narsa haqidagina emas, balki ko‘plab aniq mavhumlar haqida ham muayyan fikrga kelingani yo‘q. Masalan, “Qadah” tushunchasini olaylik. Bu so‘zni aytganimiz zahoti barchamiz ayni bir narsani o‘ylasak ham, aslida u tasavvurimizda turli holatda jonlanadi. Chunki qadahning bir qancha turi va shakli mavjud: shisha qadah, billur qadah, chinni yoki sopol qadah, dastali, dastasiz, uzun va kalta qadah.. Demak, qadah so‘zini talaffuz qilgan odam ushbu ashyoning o‘nlarcha xilidan qaysi birini nazarda tutganu, biz qanday qadahni nazarda tutayapmiz — aynan bir xil emas. Qadah so‘zini ishlatgan odam va uni eshitgan kishi faqat bir masalada — uning qaysi maqsadda ishlatilishi borasidagina mushtarak tasavvurga ega bo‘ladi.

Shu tariqa muayyan va ko‘p ishlatiladigan shunday mavhum bir narsa haqida hamma qat’iy va ayni tasavvurga ega bo‘lmagan holda hajviya singari jamiyatlarga, sinflarga, shuningdek, boshqa ko‘plab omillarga bog‘liq bo‘lgan majhul atama xususida uzil-kesil tushunchaga ega bo‘lish yanada qiyin. Hajviyaga juda xilma-xil ta’riflar berilganining boisi ham shunda. Chunki har bir shaxs hajviyaga o‘z tushunchasiga va tasavvuriga ko‘ra baho beradi.

Hajviyaning turlicha bo‘lishi alohida-alohida jamiyatlarda, turli sharoitlarda maydonga kelishi va ayni jamiyatda boshqa-boshqa sinflarga xos ekanligi natijasidir. Turmush tarzi bir-biriga o‘xshash va yaqin bo‘lgan jamiyatlarga mansub xalqlar bir-birining hajviyasini nihoyatda oson tushunganlari holda, oralarida o‘xshashlik va yaqinlik bo‘lmagan o‘lkalarning xalqlari bir- birining hajviyasiga begona bo‘lib qolveradilar. Lekin hajviyada asl ziddiyat sinflar o‘rtasidagi qarama- qarshilikdan tug‘iladi. Ayni millatlar bo‘lgan boshqa-boshqa sinflarning hajviyasi bir-biridan farq qiladi. Buning aksicha, turli millat kishilarining ayni sinfiga mansub hajvlar bir-biriga yaqin bo‘ladi.

Xo‘ja Nasriddin hajviyasining umumiy ahamiyatga ega ekanligi o‘xshash sharoitlar ta’sirida bo‘lgan xalqning mushtarak tuyg‘u va tushunchalarini ifodalashi tufaylidir. Mana shunday boshqa-boshqa turlarga, o‘zaro farqlarga ega bo‘lgan hajviyada mavjud umumiy mohiyat — uning kuldiruvchi unsurga molik ekanligidir. Qaysi millatga, qaysi sinfga mansubligidan qat’iy nazar, hajviyaning asosiy xususiyati kuldirishdir. Shuning uchun ham unda kuldiruvchi unsurlar bo‘lishi vojibdir.

Kuldiruvchi unsur nima? Bu haqda va umuman hajviya haqida to‘liq tasavvur hosil qilish uchun biz hajvning ko‘plab turlaridan biri — xalq hajviyoti haqida to‘xtalmoqchimiz. Bunga namuna sifatida Nasriddin Xo‘ja latifalarini olishni lozim ko‘rdik.

Hajviya namunalarini tadqiq qilarkanmiz, bularda eng avvalo ikkita katta farqni ko‘ramiz. Rohat-farog‘atda yashayotgan jamiyat bilan og‘ir ahvolda turmush kechirayotgan jamiyat hajviyoti orasida farq bo‘lgani singari, ayni jamiyatda yashayotgan og‘ir ahvoldagi kishilar bilan ozchilikni tashkil qiluvchi farovon odamlar orasida ham katta farq bor. Mavzuimiz Nasriddin Xo‘ja latifalari bo‘lgani uchun, biz bir necha namunani misol keltirish orqali shu farq nimadan iborat ekanini ko‘rsatmoqchimiz.

Keng tarqalgan quyidagi latifalarga e’tibor bering: Bir bolaning onasi hamisha uning o‘ng yuzidan, otasi esa chap yuzidan o‘pgani uchun bola o‘ng betni “oyimning yuzi”, so‘l tomonini “otamning yuzi” der ekan. Bir kuni ularnikiga mehmonga kelgan kishi bolaning o‘ng betidan o‘pgan. Bola hovliqib mehmonlar o‘tirgan xonaga kirib:

— Ota, — dedi, — mana bu amaki oyimning yuzidan o‘pdi.

Boshqa bir misol: “Bir kishi yonidagilardan so‘rabdi: — Ko‘lingizda bitta durbin, bitta iskak va gugurt qutisi bo‘lsa, shular yordamida sherni ovlay olasizmi?

— Albatta, — debdi ikkinchisi. — Durbinning teskari tomoni bilan sherga qarayman. U kichkina bo‘lib qoladi. Shunda uni iskak bilan ushlab gugurt qutisiga joylayman”.

Endi bo‘lsa Nasriddin Xo‘ja latifalaridan ikkita misol keltiramiz.:

1. Nasriddin Xo‘ja bolalarga yong‘oq ulashayotib: Sizlarga gul ulush beraymi, yoki xudo ulushi? — deb so‘rabdi.Bolalar “xudo ulushi” deyishibdi bir ovozdan. Shunda Xo‘ja ba’zilarga bir hovuch, ba’zi birovlarga to‘rt-beshtadan yong‘oq beradi. Ayrimlariga esa hech narsa bermaydi va “xudo ulushi” shunday bo‘ladi, deb tushuntiradi. — Ko‘ryapsizlarmi, bekning o‘n suruv qo‘yi bor, xo‘janing og‘il to‘la moli — Muhammadning bitta sigiri, Ahmadning yolg‘izgina echkisi bor. Valining esa hech vaqosi yo‘q”.

2. Xo‘ja Nasriddin bozorga olib borgan kurkasi uchun besh tanga so‘ragan edi, xaridor hayron bo‘ldi: — Nima deyapsan, kurka ham besh tanga turadimi.

Xo‘ja nariroqda sotilayotgan to‘ti qushni ko‘rsatibdi: — Nega hayron bo‘lasan, ana mushtday qushni o‘n tangaga sotishyapti-ku. Shuncha katta kurka nega besh tanga turmasin?

— Shundayku-ya, — depti xaridor, — axir u qush gapirishiniyam hisobga oling-da.

Xo‘ja bo‘lsa: mening kurkam esa o‘ynaydi, — debdi.

003.gifNamuna tariqasida keltirgan ushbu misollar bitta vazifani bajaradi: hammasi kuldiradi. Lekin ular orasida muhim farq borligini sezish qiyin emas. Bu farq nimadan iborat? Oldingi ikki latifa bir qadar sun’iy, haqiqiy hayotga aloqasi bo‘lmagan, faqat “kuldirish uchun kulish” mohiyatiga molik hajviyalardir. Buning aksi o‘laroq keyingi latifalarda hayot haqiqati o‘z aksini topgan. Ular kishini kuldirish bilan bir qatorda o‘ylatadi ham. Avvalgi ikki latifa farovon hayot kechirayotgan aholining, jamiyatda ozchilikni tashkil qiluvchi to‘daning kulishiga bo‘lgan ehtiyojini qondiradi. Bular hayot ziddiyatining mahsuli emas. Keyingi latifalar esa odamlar orasidagi kurash va zidsiyatlardan vujudga kelgan. Bu kurash va ziddiyatlar ezilgan, toptalgan, o‘zgalarning rohati uchun ishlashga majbur odamlarning hayotiy kuchini ifodalash uchun to‘qilgan latifalardir. Bunday asarlar sirasiga Xo‘ja Nasriddin latifalarini, “Don Kixot”ni, Aristafan komediyalarini, Aysiros hikoyalarini, afsonaviy xalq qahramonlari haqidagi latifa va hikoyalarni kiritish mumkin.

Hajviyaning shu umumiy farqini va ikki yirik turini ko‘rganimizdan so‘ng, chalkashliklarga yo‘l qo‘ymaslik uchun ularga aniq ta’rif berishdan voz kechib, Xo‘ja Nasriddin latifalari ham daxldor bo‘lgan xalq hajviyotining ba’zi xususiyatlarini ta’kidlamoqchimiz.

Avvalo, xalq hajviyoti va xalqqa mansub bo‘lmagan hajv xususida to‘xtalaylik. Xalq hajviyotining muhim xususiyati shundaki, u yashash uchun kurashda mazlum kishilarning ustunlikka erishish yo‘lida foydalanadigan qurolidir. Jamiyatdagi hokim sinflar ustunlikni moddiy jihatdan qo‘lga kiritganlar. Eziluvchilar esa hokim sinfga qarshi kurashish uchun hajvdan qurol sifatida foydalanadilar. Bunday hajviya siyosiy va ijtimoiy nuqtai nazardan kuchsizlarning kuchlilarga qarshi ishlatuvchi qurolidir.

Hajviyaning muhim xususiyati uning ma’lum makon va zamonda bo‘lishidir. Xalq hajviyoti paydo bo‘lgan davriga, makonga, zamon va joy sharoitiga bog‘liq bo‘ladi. Hajviya jamiyatda yuz berayotgan hodisalar bag‘rida paydo bo‘ladi. Shu hodisani aks ettirib, o‘zi ham takomillashib boradi. Hukmron sinflarning faqat “kuldirish uchun kulish” hajvida esa davrni, jamiyatni aks ettirish xususiyati yo sira yo‘q, yoxud nihoyatda oz miqdordadir.

Xo‘ja Nasriddinning ba’zi latifalaridagi kabi xalq hajviyasining ayrim namunalarida ham zamon va makon uygunligining buzilish holatini uchratish mumkin. Lekin ularda ham makon va zamonning muayyan birligini ko‘rsa bo‘ladi. Chunki bunday latifalarning o‘zida biz uni yaratgan odamlar yashagan davr va jamiyatga doir biror maqsad mavjudligini ko‘ramiz. Bunday hajviya xoh Aristafanning komediyalari singari yozma tarzda, xoh Xo‘ja Nasriddinning latifalari singari og‘zaki shaklda bo‘lsin, uni yaratgan jamiyat ahvolini aks ettiruvchi, o‘sha davrni tasvirlovchi eng yaxshi asarlardir. Sirakuza hukmdori Dionisos Aflotundan Afinaning qonunlarini qaysi kitobdan o‘rgangan ma’qul, deb so‘raganida, buyuk faylasuf unga Aristafan komediyalarini o‘qishni maslahat bergandi. Biz ham Turkiyada XIII asr Saljuqiylar davri ila tanishmoqchi bo‘lganlarga Xo‘ja Nasriddin latifalarini o‘rganishni tavsiya qilamiz.

Xalq hajviyasidagi yana bir muhim xususiyat uning o‘lmasligi, abadiy yashashidir. Bu hajviya yaratilgan zamon va makon sharoitiga bog‘liq bo‘ladi. Lekin ularning xususiyatlarini va vaziyatini aks ettirish bilan kifoyalana olmaydi. Agar shunday bo‘lsaydi, bunday hajvlar asrlar osha yashay olmas va bizgacha yetib kelolmasdi. Hajviya muayyan davrdagi va jamiyatdagi odamlarning kurashidan umumbashariy, buyuk va teran ma’no, xulosalar chiqargani uchun abadiy hayot kasb etadi. Bunga misol tariqasida Xo‘ja Nasriddin bilan Amir Temur o‘rtasida yuz bergan bir hodisaga oid mashhur latifani keltirish mumkin. Amir Temur ishg‘ol qilingan Oqshaharga keltirgan bir fil tomorqalarga, bog‘-rog‘larga katta ziyon yetkaza boshlaydi. Noiloj qolgan xalq Xo‘ja Nasriddin huzuriga keladi: “Xo‘ja, ahvol og‘ir, biror chora toping”, “Qani, men bilan yuringlar, — dedi Xo‘ja, — birgalashib Amir Temurga tushuntiraylik, filni bu yerdan olib ketishni iltimos qilaylik”. Xo‘ja oldinda, boshqalar orqasidan yo‘lga tushishdi. Yo‘l-yo‘lakay Amir Temurdan qo‘rqib, ba’zilar to‘dadan ajralib qolishar, ba’zilar yashirincha juftakni rostlardi. Xo‘ja Amir Temur huzuriga yetib keldi. Sohibqiron undan maqsadini so‘raganda Xo‘ja: “Sizning o‘sha filingiz…” — deya so‘z boshlarkan, hamrohlaridan madad kutib mundoq orqasiga qarasa, hech kim yo‘q. U “filingiz…” — deb so‘z boshlagani uchun davom etadi: “… bir o‘zi juda ham zerikayapti-da. Iltimos qilamiz, unga sherik bo‘lish uchun bitta urg‘ochi fil keltirtiring. Hamshaharlarim meni sizning huzuringizga shu istak bilan yuborishdi..”

Bu latifa XIII asr Saljuqiylar hokimiyati davrini va ijtimoiy hayotini aks ettirish bilan birga o‘sha zamon odamlari va jamiyatidagi qo‘rqoqlik, ikkiyuzlamalik va riyokorlik kabi inson tabiatiga xos nuqsonlarini namoyish etadi. Shu sababdan latifa unutilmaydi. Xo‘ja Nasriddin bilan Amir Temurning zamondosh bo‘lmaganliklari ushbu latifaning Xo‘ja Nasriddinga mansub bo‘lishiga va o‘sha davrni aks ettirishiga monelik qilmaydi. Kundalik hodisalar ta’sirida milliy zaminda vujudga kelgan bu latifalarda inson tabiatining uzluksiz davom etadigan nuqson va kamchiliklari hajv qilingani uchun ular abadiy yashaydi va umumiy qiymat kasb etadi.

Hajviyaning yana bir xususiyati haqida: kuchli bir odam ojiz kishini urganida u o‘zini himoya qilolmay qochadi. Bordi-yu qochib qutulmasa, o‘zini hamoya qilish uchun boshqa yo‘l tutadi: tosh otadi, so‘kinadi, la’natlaydi, baqirib-chaqira boshlaydi. Bu ham kifoya qilmasa, dushmanni avrashga kirishib, ham jahlidan tushiradi hamda undan “o‘ch olgan” bo‘ladi.

Biz xalq hajviyotining ba’zi xususiyatlari haqida shaxsiy mulohazamizni bildirdik. Ko‘rinib turibdiki, xalq o‘zini ezuvchilarga qarshi hamisha bosh ko‘tarishga, turli yo‘llar bilan noroziligini namoyish qilishga jon kuydiradi. Ammo bosh ko‘targanda, isyon qilganda yangidan ezilsa, u xalos bo‘lish yo‘lini hokim sinfga qarshi hajv vositasida kurashdan topadi.

Xalqqa istilochi va mustabid kuchlar yoki ular bilan hamkorlikda ish ko‘ruvchi hukmron doiralar ham zulm qilardi. Xo‘ja Nasriddin yashagan XIII asrda Turkiya xalqining ahvoli aynan shunday edi. Xuddi shu asrda Saljuqiylar davlati yerlari mo‘gullar tomonidan bosib olingan, Saljuqiy hukmdorlar, beklar va amaldorlar esa o‘z manfaatlari uchun mo‘g‘ullar bilan birgalikda xalqqa qarshi ish yuritishgan. Shunday bir sharoitda xalq zolimlarga qarshi kurash uchun hajviyaga murojaat qiladi. Shu vosita yordamida dushmandan o‘ch oladi.

Mag‘lubiyatning bunday hajviyoti ayni paytda qo‘rquv tufayli tutilgan edi. Ancha-muncha tashabbuslardan, tajribalardan keyin endi bosh ko‘tarishga, isyon qilishga jasorati yetmagan odamlar ezuvchilarni chalg‘ita boshlaydilar. Ma’lumki, eziluvchi sinf xoh milliy amaldorlarga, xoh bosqinchi zulmkorlarga qarshi bosh ko‘tarsa, hajvga unchalik ehtiyoj qolmaydi. Bordiyu u dushmandan yengilib xor-zor yashay boshlasa, hajv qurolini yana qo‘lga oladi. Shunday muhitda hajvning yoyilishi uchun keng sharoit vujudga keladi.

Bunday hajv qo‘rquvning mahsuli bo‘lgani uchun muvaffaqiyatlidir. Chunki qo‘rquv ham eng kuchli tuygulardandir. Yozilmagan yoki san’atkor emas, oddiy xalq ijodining mahsuli bo‘lgan og‘zaki hajv — kulgining qo‘rquvdan tug‘ilishi diqqatni yanada ko‘proq jalb qiladi. Xalq shunday vaziyatlarda afsonaviy qahramonlar yaratadi. O‘zi to‘qigan hajviy intiqom tuyg‘ularini ana shu afsonaviy qahramonlarga bog‘lab, ularning tilidan gapirish orqali qo‘rqoqligi tufayli orttirgan «gunohini yuvishga harakat qiladi. Buning eng yaxshi namunasini yana Xo‘ja Nasriddinda ko‘rishimiz mumkin.

Xalq o‘zi yashayotgan davrdagi hukmron kuchlarni va amaldorlarni hajv qilmoqchi yoxud ular ustidan kulmoqchi bo‘lsa, yo vaziyatga hamohang biror Xo‘ja Nasriddin latifasini to‘qir yoki manbadan olingan latifani afandi nomiga bog‘lab Xo‘ja Nasriddin hikoyasiday taqdim qilardi. Bu latifalarning borgan sari boyib borishiga sabab ham shunda. Biz Usmoniylar hukmronligi davrida bolgar xalqi yaratgan Xitar Petar (Ayyor Pyotr. XDK izohi) ismli afsonaviy bir qahramonni eslashni lozim topdik. Hukmron kuchlarga qarshi ochiq kurash olib borolmagan bolgarlar Usmoniylar hokimiyatiga qarshi to‘qigan barcha hajviy latifalarni Petarning nomidan gapirib, o‘zlariga uni qalqon qilishardi. Ammo hamisha va hamma joyda ham bunday qahramonlar yetishavermasdi.

Endi Xo‘janing yashagan muhiti va davri haqida to‘xtalsak. Shu kungacha to‘plangan va ishonchli ma’lumotlarga qaraganda, Xo‘ja Nasridsin 1208-1284 yillarda yashagan va umrini Markaziy Onado‘lidagi Oqshahar kentida o‘tkazgan tarixiy shaxsdir. Haqiqatan ham tarixiy shaxs bo‘lgan bu odam keyinroq xalq tomonidan ancha to‘ldirilgan latifalarda komil zako sohibiga aylantirilgan edi. U yashagan davrdan keyin o‘tgan asrlar davomida xalq tomonidan yaratilgan Xo‘ja Nasriddinning ijtimoiy shaxsiyati bilan XIII asrda yashagan Xo‘ja Nasriddin o‘rtasida o‘xshashlik, yaqinlik bo‘lmaganda edi, barcha latifalar uning nomidan gapirilmasdi. Xo‘ja Nasriddin ayrim xalqlar yaratgan latifalarning afsonaviy qahramonlari singari tamomila xalq ijodining mahsuli bo‘lgan xayoliy shaxs emas. Chunki u dunyoda yashab o‘tganini tasdiqlaydigan dalillar oz bo‘lsa ham mavjud. Ana shu dalillarga ko‘ra, Xo‘ja Nasriddin tarixiy shaxs, keyinchalik u xalq orasidagi keng tarqalgan Xo‘ja Nasriddin, Mulla Nasriddin, Nasriddin Afandi nomlari bilan atalgan afsonaviy xalq qahramoni haqidagi latifalarning moyasi, xamirturishidir. Ammo ijtimoiy shaxs sifatida shuhrat qozongan Xo‘ja Nasriddin tarixiy Xo‘ja Nasriddin shaxsiyatidan ancha ustun va e’tiborlidir. Biz bugungi kunda latifalari bilan yashayotgan Xo‘ja Nasriddin deganda tarixiy shaxs bo‘lgan Xo‘ja Nasriddindan ham ko‘proq ijtimoiy shaxs Xo‘ja Nasriddinni tushunamiz. Bu tarixiy shaxsning yaratilishiga yaqin bir o‘xshashlik borligi uchun Bertran Rasselning Homerga va uning asarlariga doir mulohazasiga e’tiborni qaratmoqchimiz. Rassel shunday yozadi: “Homerga aloqador bo‘lgan barcha ma’lumotlar va mulohazalar faqat taxminlarga asoslanadi. Ammo ko‘pchilik tomonidan qabul qilingan xulosaga ko‘ra, Homer yakka- yolg‘iz san’atkor emas, balki shoirlar guruhidan iboratdir. Shu aqidaga ishonuvchilarga ko‘ra, “Iliada” va “Odisseya”ni ana shu shoirlar guruhi ikki-uch asr mobaynida yozishgan. Buning aksi o‘laroq, Homer dostonlarining taxminan XIII asrda yozib tugatilgani haqidagi g‘oyani ilgari suruvchilar ham bor. Homer yunon Kichik Osiyosi atrofidagi orollarda yetishgan komil bir shaxs edi. Uning dostonlari esa kechi bilan VI asrda hozirgi shakliga kelgandi”. Xo‘ja Nasriddin latifalari va bu latifalar hikoya qilgan ijtimoiy shaxsning o‘zaro aloqasi bilan Homer dostonlarining asrlar davomida yaratilishi orasida katta o‘xshashlik bor.

Xo‘ja Nasriddin Saljuqiylarning madaniy va siyosiy yuksalish davrida tug‘ilgan, bolaligi va yoshligini xalqning nisbati mas’ud davrida o‘tkazgandi. Lekin mo‘g‘ullar Sharqdan zulm va falokat seli kabi oqib kelib hammayoqni xonavayron qilgan paytda yashagandi. Mo‘g‘ul istilosi natijasida iqtisodiy jihatdan kambag‘allashgan, ijtimoiy jihatdan cho‘kkan, siyosiy tazyiqlar natijasida har tomonlama chirigan bir muhitda mo‘g‘ullar tomonidan mag‘lub qilingan xalqning amalga oshirib bo‘lmaydigan isyonkor orzularini hajv yo‘li bilan ifodalangan va shu tariqa xalqning bunday og‘ir sharoitda yashay olishini, yuragini bo‘shatib, ovunishini ta’min etgan Xo‘ja Nasriddin ham tarixiy bir shaxs hamda ramziy bir obraz edi.

Bu hajviya Saljuqiylar davlatining zaiflashuvi va yiqilishi sharoitida chirigan va yovuzliklar avj olgan muhitdan ko‘karib chiqqan edi. Shu o‘rinda bir narsani oydinlashtirish kerak. Shu darajada chirigan bir jamiyatda hajviya qanday paydo bo‘lishi mumkin? Buning javobi oson. Axir hajviya xalqning yashash iqtidorini, uning mag‘lub bo‘lgani holda ezuvchilarga qarshi boshqa yo‘llar bilan olib borayotgan kurashini aks ettirmaydimi? Biz jamiyatning chirishini shaxsning inqirozi sifatida tushunmaymiz. Chunki shaxs mosuvo bo‘lsa, u butunlay mahv bo‘ladi. Undan endi ta’sirli harakat kutish qiyin. Holbuki, “jamiyat chirigan” deganda — bu ko‘pchilikning chiriganini, lekin uning zamirida kelajakda bo‘y ko‘rsatadigan yangi kuchlar yashayotganini ham tushunmoq kerak. Saljuqiylar tizimi ichdan chirigan bo‘lsa ham, bu jamiyat hali butunlay inqirozga uchramagan edi. Ma’lumki, ana shu muqarrar tanazzuldan keyin mazkur davlatning chekka o‘lkalarida yangi kuchlar paydo bo‘ldi, ularning yordami bilan xalq o‘zini himoya qilishga otlandi va tarixda yashab qoldi. Shunday bir davrda hajv yaratishga qodir kuchlarni hayot sahnasidan surib tashlash mumkin emasdi. Hajv ijodkorlari o‘sha paytda garchi bosh ko‘tarishga kuchlari yetmagani uchun yengilishgan bo‘lsa-da, kelajakda bu ishni amalga oshirish bilan yashaganlar. Xalq o‘sha payt ba’zi harakatlarni boshlagan, mo‘g‘ullarga, ular bilan til topishib yashayotgan sulton va beklarga qarshi bir necha bor isyon ko‘targan bo‘lsa ham biror natija chiqarolmagandi. Zero, biz Saljuqiylar hokimiyati ichdan chiriganini anglar ekanmiz, bu chirik jamiyatda hajv vujudga keltira oladigan aksil kuchlar borligini ham ko‘ramiz.

Xo‘ja Nasriddin Saljuqiylar davlatiga Alauddin Qayqubod I (1219- 1236), G‘iyosiddin Kayxisrov II (1236- 1246) va Alauddin II (1249-1257) singari hukmdorlar boshchilik qilgan davrda yashadi. Umrining asosiy qismi esa mamlakatning eng g‘ala-g‘ovur, eng hayajonli yillariga to‘g‘ri keldi. Bu hukmdorlar hokimiyat tepasida turgan davrlar orasida ham anchagina farq bor edi. Bu esa Xo‘ja Nasriddin hayotiga, uning dunyoqarashiga o‘z ta’sirini ko‘rsatmay qolmadi.

Alauddin Qayqubod I davri Saljuqiylar hukmronligining eng mas’ud damlari hisoblanadi. Lekin bu davr tepasida qora bulutlar uymalasha boshladi. Mo‘g‘ullar dahshatli sel misoli Sharqdan G‘arbga bostirib kelardilar. Uzoqni ko‘ra bilgan Alauddin Qayqubod yurtini qo‘riqlash uchun Ko‘nyo, Qaysari va Sivas shaharlarida qal’a va to‘siqlar tiklagan edi. Ayni paytda u mazkur shaharlarda madrasalar, kasalxonalar barpo ettirgandi. Kuchli dushmanga qarshilik ko‘rsatish maqsadida u Jaloliddin Xorazmshoh bilan ittifoq tuzishni taklif qildi. Xorazmshoh bu tadbirni ahamiyatsiz qoldirdi. Natijada 1230 yilda mo‘g‘ullar bilan jangda og‘ir mag‘lubiyatga uchradi. Alauddin Qayqubod o‘lkasi va xalqini mudofaa qilish fikridan qaytdi va mo‘g‘ul xoni O‘qtoy no‘yon bilan sulh tuzishga muvaffaq bo‘ldi. Shu tariqa u mamlakatni mo‘g‘ul bosqinidan asrab qoldi. Shu boisdan xalq uni sevib “Ulug‘ Qayqubod” deb atay boshladi.

Lekin bunday mas’ud damlar uzoq cho‘zilmadi. 1237 yili Qayqubod vafot etdi. Hokimiyat tepasiga uning o‘g‘li Kayxusrav II keldi. U juda irodasiz va bo‘sh odam edi. Davlatning oldingi iqtisodiy, moliyaviy va harbiy kuchi hali saqlanib turgan bo‘lsa ham, mamlakatda tijoratning kengayishi tufayli ancha-muncha boylik to‘plagan yangi bir tabaqa maydonga kelgandi. Bu tabaqa borgan sari xalqdan ajralib, kayfi safo botqog‘iga botib borardi. Isrofgarchilik haddan tashqari kuchaygandi. Mo‘g‘ullarning sharqdagi hujumlariga e’tibor bermay qo‘yildi. Undan keladigan taxlikaga parvo qilishmadi. Mo‘g‘ullar bosib olgan joylardan qochib, Onado‘liga to‘plangan turkmanlar nihoyat 1242 yilda Bobo Is’hoq boshchiligida Kayxusrav II ga qarshi isyon ko‘tardilar. Davlat qo‘shinlari Bobo Is’hoq isyonini juda qiyinchilik bilan katta qurbonlar evaziga bostirdilar. Mamlakatning ijtimoiy asoslari yemirila boshladi. Arzirumni ishg‘ol qilgan mo‘g‘ullar Onado‘lining markaziga qarab siljidilar. 1243 yili ular Saljuqiylarning 80 ming kishilik qo‘shinini parokanda qildilar. Kayxusrav yaqin odamlari bilan Alaniyaga qochib o‘tib, Istanbulda yashirinish yo‘llarini qidira boshladi. Mo‘g‘ullar jiddiy qarshilikka uchramay Sivasni ishg‘ol qildilar. Barcha erkaklarni qirib tashlab, ayollar va bolalarni asir qilib, haydab ketdilar.

Mo‘g‘ul bosqini tufayli xalq dahshatga tushib, g‘arbga qarab qocha boshladi. Butun mamlakat xarobaga aylangandi. Saljuqiylar davlati esa yemirildi. 1246 yilda Kayxusravning o‘limidan keyin Onado‘lining ahvoli yanada og‘irlashdi. Endi mayda feodallar va beklar o‘zaro urush olib borishardi. Bu esa mo‘g‘ullar istilosini osonlashtirdi. 1256 yili mo‘g‘ullar Ko‘nyoni ishg‘ol qilib G‘iyosiddinning zindondagi o‘g‘li Rukniddin Qilich Arslon IV ni taxtga o‘tqazdilar. Lekin mamlakatning asl hokimi mo‘g‘ullar edilar. Ular xohlagan odamni taxtga chiqarib, xohlagan paytlarida haydar edilar. Onado‘li mo‘g‘ullarning bir muzofotiga aylanib qoldi. Rukniddin qizi Saljuxotunni mo‘g‘ul lashkarboshisi Elxonga bergandi. Bu hodisa xalqni qattiq g‘azablantirdi. Musulmon bir podshoh qizini butparast mo‘g‘ulga berishi xalqqa og‘ir botgandi. Lekin mo‘g‘ullar zulmining og‘irligi, o‘limlar, zindonga tashlashlar ularga ovozlarini ko‘tarish imkonini bermasdi. Bunday ahvol mamlakatda iqtisodiy, ijtimoiy va axloqiy parokandalikni avj oldirib yuborgandi.

Xo‘ja Nasriddin hayotining jo‘shqin davri ana shu alg‘ov-dalg‘ov paytga to‘g‘ri keldi. Xalqqa xos qudratli hajv ham ayni shu davrda yaratildi. U xalqni ezuvchi ichki va tashqi dushmanni nishonga olardi. Bu hajvni “botqoqlikda yetishgan zaharli chechak” deb atash ayni muddao. Ammo bu zahar — tarkibida xalqning dardlariga darmon bo‘lguvchi, unga umid baxsh etuvchi og‘u bor edi. U xalqning dard-alamini yengillashtirar, hukmron sinfga qarshi kurashida madad berardi.

Umidsizlikning, chorasizlikning va qutulish yo‘lini topolmaslikning og‘ir yuki tufayli g‘am bosgan so‘lg‘in yuzlarida achchiq kulgi hosil qilardi bu hajv. Qullar marhamatsiz xo‘jayinlarining zulmiga barham berish uchun to‘qigan hazil va kinoya to‘la hikoyalar vositasida achchiq-achchiq kulishardi. Ular faqat shu yo‘l bilan yashash kuchini ko‘rsata olardilar. Bayron: ”Qaysi bir kadarli va g‘amgin narsaga kulsam, buning sababi yig‘lay olmaganimdir”, — degan edi. Bunday kulgida achchiq va og‘ir fikrlar bo‘ladi. Xo‘ja Nasriddin hajviyasi aynan shunday sharoitda yaratilgan edi. Uning latifalarining ko‘pi aynan achchiq-achchiq kuldirib, kishini o‘ylashga majbur qilgan hajviyaning eng go‘zal namunalaridir. Nozim Hikmat “Qutulish dostoni” nomli mashhur asarida xalq ahvolidan gapirarkan: “U Xo‘ja Nasriddin kabi yig‘lar, misli Zihni Bayburtlidek (1) kulardi”, — deb yozgan edi.

Shu tariqa u yaratilgan payti nuqtai nazaridan Xo‘ja Nasriddinni kuluvchi emas, yig‘lovchi odam timsoli qilib ko‘rsatganda haq edi. Nozim hikmat xalqning bu latifalar bilan yig‘lash evaziga kulganini ta’riflagandi.

Xo‘ja Nasriddin latifalarini muhim jihati shundaki, ayni chog‘da xalq orasidagi nuqsonlarni, chirkin jamiyat odamlarining qo‘rqoqligini, ikki yuzlamachiligini, soxtakorligini tanqid qilgandi. Biz Xo‘ja Nasriddin deganda ayni zamonda turk xalqining o‘zini tushunishimiz kerak. Bu latifalar bilan u turk xalqi o‘z- o‘ziga tanbeh berganini, o‘z nuqsonlari ustidan kulganini ko‘rsatadi.

Gyote: “O‘z ustidan kulishni eplay olmagan, o‘z nuqsonlarini ko‘ra olmaganlar komil inson bo‘la olmaydi”, degandi. Turk xalqi ham yuz yillar davomida yaratilgan Xo‘ja Nasriddinning ijtimoiy shaxsiyatida bir tomondan ezuvchilar, ikkinchi tomondan o‘z ustidan ham kuladi. Yurtining bunday ahvolga tushishida o‘zining ham mas’ul ekanini ko‘radi. Bu Xo‘ja Nasriddin hajviyasining eng ahamiyatli jihati edi. O‘z-o‘zini tanqid ahvol-ruhiyatiga molik bo‘lmagan hajv badbinlik ruhidan xalos bo‘la olmaydi. Xo‘ja Nasriddin hajviyasi esa “qora hajv” bo‘lishi bilan birga o‘ta nekbin hamdir.

Xo‘ja Nasriddin latifalarining xalq orasida keng yoyilishiga boshqa sabab ham bor. U mo‘g‘ul bosqinchilari davrida O‘rta va Yaqin Sharqda keng yoyilgan tariqatchilik va tasavvuf edi. Diniy yo‘l bo‘lgan tariqatchilik va tasavvuf bilan Xo‘ja Nasriddin latifalari orasida qanday aloqa, qanaqa munosabat bo‘lishi mumkin? Bir qarashda hech qanday. Lekin aslida munosabat va farq bor edi.

Mo‘g‘ullar istilosiga uchragan boshqa mamlakatlarda bo‘lgani singari Onado‘lida ham boshlangan jiddiy ijtimoiy inqiroz davrida muhim bir masala ko‘ndalang turar edi. Istilo davrida Turkiya ziyolilari xalqning kurash usullaridan butunlay boshqa bir yo‘l tanlashgandi. Bosqin paytining dahshatli kunlarida ziyolilar ham oddiy xalq singari ovozini chiqarolmasdi. Ayni chog‘da xalqdan farqli o‘laroq qutulish yo‘lini bilmagan bu tabaqa xudodan umid qilishardi. U paytlar Tangriga sig‘inish ham o‘zgacha ahamiyat kasb etgandi. Tasavvufchilar e’tiroficha, inson hayotidagi va jamiyatdagi har qanday yaxshilik va yomonlik shaxsiydir. Hayotda mavjud bo‘lgan barcha ashyolar va ularning turli shakl va hajmlari, tabiat va inson, ya’ni butun borliq — Tangrining boshqacha ko‘rinishidir. Har qanday ashyo va barcha hodisalar xudoga bog‘lansa, gunohkorlar bo‘lmaydi. Ollohning zuhuri bo‘lgan odamlar butun mavjudotning eng sharafli unsuridir. Zulm qilguvchi Ollohdir, zulmga duchor bo‘lguvchi ham o‘zi, ya’ni boshqa ko‘rinishdagi zuhuri insondir. Inson Ollohni o‘zida va boshqa joyda his qilish shuurini faqat “ishq” va “idrok” bilan bajara oladi. Bu shunday “ma’naviy olam” ediki, inson buni kashf qilish bosqichiga yetganda barcha yaxshilik va yomonlik kuchlariga bosh bo‘lgan ul “buyuk sir”ni ochib, saodatga erishgan hisoblanadi. Shunda u Ollohning boshqa bir shakliga aylanadi. XP-XSH asrlarda Sharqda keng yoyilgan tasavvuf falsafasining asosiy mohiyati shundan iborat edi.

O‘sha davr ziyolilari ixlos qo‘ygan tasavvuf mo‘g‘ul istilosi yuzaga keltirgan zulm va tushkunlik qarshisida hech qanday xalos bo‘lish yo‘li topa olmaganlar kurashga kuchlari yetmaganlar murojaat qilgan yagona yo‘l edi. Aslida esa bu haligi odamlarning muayyan hodisalardan o‘zlarini chetga olish demak edi. Kurashdan o‘zini chetga olish esa ular uchun qutilish hisoblanardi. Tasavvuf yo‘lini tutganlar uzlatga chekinib, muayyan va moddiy olamdan ko‘z yumishga urinadilar. Shu bilan birga tasavvuf istilochilariga qarshi kurash harakatdagi muvaffaqiyatsizliklar natijasi ham edi. Bunday muvaffaqiyatsizlik esa odamlarda tasavvuf doirasiga sig‘maydigan qo‘rquv tug‘dirgandi. Tasavvuf ham ana shu qo‘rquvning mahsuli edi va uning soyasida yoyilib, o‘ziga tarafdorlar to‘plardi. Buning ustiga ushbu qo‘rquv kurashga otlanib, muvaffaqiyat qozona olmaganlar orasida ko‘proq bo‘lgani uchun tasavvuf ham o‘shalar orasida ko‘proq tarqalardi.

Bu davrda Xo‘ja Nasriddinning zamondoshi bo‘lgan ko‘plab taniqli tasavvufchilar yetishgandi.. Bular orasida adabiy ijodi bilan dunyoga mashhur Mavlono Jaloliddin Rumiy va Yunus Emroni eslash joizdir.

Mavlononing ko‘proq fors, ozroq turkcha yozilgan she’rlari, Emroning xalq tilida sodda bitilgan asarlari tasavvufning yoyilishida katta o‘rin tutardi. Tasavvuf keng xalq ommasi orasida ham o‘ziga ko‘plab tarafdorlar to‘plagandi. Shunga qaramay, asosiy xalq ommasi zulmga, istiloga va u vujudga keltirgan parokandalikka qarshi kurash uchun yolg‘iz tasavvufdan madad olish bilangina kifoyalanmasdi. Kurashning boshqa vositalaridan ham foydalanardi. Hajviya ana shunday vosita edi. Hajv kurash tig‘ini ezuvchilarga qaratgan va qutulish vositasi bo‘lgan edi. Xuddi shunday hajviya Xo‘ja Nasriddinning ijtimoiy shaxsiyatida markazlashgandi.

Tasavvuf ezuvchilar bilan kurash uchun qo‘llanilsa ham, ularga qarshi asosiy qurol bo‘lolmasdi. Holbuki, hajv zulmkorlarga qarshi xalq kurashining o‘tkir quroli edi. Shu ham tasodif emaski, o‘rta asrlarda Yaqin Sharq adabiyoti va madaniyatining asosiy beshiklaridan biri bo‘lgan Turkiyada uyg‘onishning tamal toshlari ikki xil san’at namunasi tashkil qilardi. Bularning bittasi badbinlik ahvoli ruhiyasiga va hissiyotiga asoslangan san’at asarlari, ya’ni tasavvuf adabiyoti, ikkinchisi esa nekbinlik ahvoli ruhiyasi zaminida yaratilgan umidbaxsh san’at asarlari ediki, uning oldingi marralarida xalq hajviyoti hamda uning buyuk namoyandasi Xo‘ja Nasriddin turardi. Shu nuqtai nazardan Nasriddinni xalq faylasuf sifatida tanirdi. Xo‘ja Nasriddin esa ijtimoiy bir shaxs sifatida keng xalq ommasining mushtarak ijodiy mahsuli edi.

* XUSH-XIX asrlarda yashagan turk shoiri.

Fayzi Shohismoil tarjimasi

Manba: “Jahon adabiyoti” jurnali,1998/2

07

(Tashriflar: umumiy 4 400, bugungi 1)

Izoh qoldiring